АЗИЗ ДЎСТ!
Қўлингизда 2026-йилги
"Инжил сюжетлари" календарининг давоми ёки тўлдирувчиси бўлган қўлланма. Унда Инжилнинг тўлиқ матнлари келтирилган бўлиб, улар ўн икки ойлик календарь бўйича кўрсатилган. Бу матнларда Худонинг табиати ва мақсадлари очиб берилади, инсоний муаммоларнинг сабаблари тушунтирилади, нажотга олиб борувчи йўл кўрсатилади, келажак тақдиримиз истиқболи тасвирланади.
Янги Аҳднинг ҳар бир сюжетини чуқур ва диққат билан ўқиш икки минг йил аввалги воқеалар билан боғланиш, насронийлик қандай пайдо бўлганини билиш ва Худонинг Каломини ўқишнинг унутилмас тажрибасини бошдан кечириш имконини беради.
Сизга, азиз ўқувчи, энг ёрқин ва ёқимли таассуротлар тилаймиз! Шунингдек, агар
Муқаддас Китоб билан танишишни давом эттиришни истасангиз ёки саволларингиз бўлса ва маънавий кўмакка муҳтож бўлсангиз, ушбу буклама ва календарни сизга совға қилган одамга мурожаат қилинг, бу одам, албатта, черков ёки Худонинг Каломини ўрганаётган диндорлар гуруҳи қаерда йиғилишини билади.
АВВАЛО ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИНИ ВА УНИНГ ХАКИКАТИНИ ИЗЛАНГЛАР...
У халойиқни кўриб, тоққа чиқди ва ўтиргач, шогирдлари Унинг олдига келишди. У оғзини очиб, уларга таълим бериб деди: "Руҳан камбағаллар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларники. Қайғурадиганлар бахтлидир, чунки улар таскин топадилар. Мулойимлар бахтлидир, чунки улар ерга эгалик қиладилар. Ҳақиқатга оч ва ташна бўлганлар бахтлидир, чунки улар қондирилади. Раҳмдиллар бахтлидир, чунки уларга раҳм қилинади. Қалби поклар бахтлидир, чунки улар Худони кўрадилар. Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худонинг фарзандлари деб аталадлар. Ҳақиқат йўлида қувғин қилинганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларники. Сизларни ҳақорат қилсалар, таъқиб этсалар ва Мен туфайли ноҳақ туҳмат қилсалар, бахтлисизлар.
Севиниб хурсанд бўлинглар, чунки осмонда мукофотингиз буюкдир. Сизлардан олдин ўтган пайғамбарларни ҳам шундай қувғин қилишган.
Сиз ернинг тузисиз. Агар туз ўз кучини йўқотса, уни нима билан шўр қилиш мумкин? У энди ҳеч нарсага ярамайди, фақат ташқарига улоқтириб, одамлар оёғи остида топташ учунгина ярайди.
Сиз дунёнинг нурисиз. Тоғ тепасида жойлашган шаҳар яширина олмайди. Шунингдек, чироқни ёқиб, уни идиш тагига қўймайдилар, аксинча уни чироқпояга қўядилар ва у уйдаги ҳамма одамларга ёруғлик беради. Худди шундай, одамлар сизнинг эзгу ишларингизни кўриб, Осмондаги Отангизни улуғлашлари учун, нурларингиз одамлар олдида порласин.
Мен Таврот ёки пайғамбарлар сўзларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки амалга оширгани келдим. Сизларга чинини айтайин: осмон ва ер йўқ бўлмагунча, қонуннинг бирорта ҳарфи ёки нуқтаси ҳам ўз кучини йўқотмайди, ҳаммаси бажо келтирилади. Шунинг учун ким бу амрларнинг энг кичигини бузса ва бошқаларга шундай қилишни ўргатса, у Осмон Шоҳлигида энг кичик ҳисобланади. Аммо ким бу амрларга амал қилса ва бошқаларга ҳам шундай қилишни ўргатса, у Осмон Шоҳлигида буюк саналади. Сизларга айтаманки, агар солиҳлигингиз уламолар ва фарзийларникидан ортиқ бўлмаса, Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар. Қадимгиларга: "Қотиллик қилма. Қотиллик қилган ҳар ким ҳукм қилинади", - деб айтилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга айтаманки, ўз биродарига ғазабланаётган ҳар ким ҳукм қилинади. Ким биродарига: "Аҳмоқ", - деса, Олий Кенгаш олдида жавоб беради. Ким: "Тентак", - деса, дўзах ўтига лойиқ бўлади.
Шунинг учун қурбонлик қилаётганда биродарингнинг сендан норози эканини эсласанг, қурбонлигингни қурбонгоҳ олдида қолдириб, аввал бориб
биродаринг билан ярашгин, кейин келиб қурбонингни келтирарсан. Рақибинг билан ҳали йўлда эканингда, тезроқ келишиб ол. Акс ҳолда, рақибинг сени қозига топшириши, қози эса сени зиндонбонга бериб, қамоққа ташлаши мумкин. Сенга ростини айтай: қарзингнинг сўнгги чақасини тўламагунча, у ердан чиқмайсан. Қадимгиларга: "Зино қилма", - деб айтилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга айтаманки, бегона аёлга шаҳват билан қараган ҳар бир киши аллақачон ўз юрагида у билан зино қилган бўлади. Агар ўнг кўзинг сени васвасага солса, уни ўйиб ташла. Бутун тананг дўзахга тушгандан кўра, аъзоларингдан бирининг йўқ бўлгани сен учун фойдалидир. Агар ўнг қўлинг сени васвасага солса, уни чопиб ташла. Бутун тананг дўзахга тушгандан кўра, аъзоларингдан бирининг йўқ бўлгани сен учун фойдалидир.
Яна: "Ким хотинини қўйиб юборса, унга талоқ хати берсин", - деб айтилган. Мен эса сизларга айтаманки, зинога йўл қўйган хотиндан бошқа сабабга кўра хотинини қўйиб юборган одам уни зинога мажбур қилади. Қўйиб юборилган хотинга уйланган одам ҳам зино қилган бўлади. Яна қадимгиларга: "Қасам ичиб, ёлғон гапирма, Эгамизга берган ваъдангни бажар", - деб айтилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга айтаманки, мутлақо қасам ичманглар: на осмон ҳақи, чунки у Худонинг тахтидир; на ер ҳақи, чунки ер Унинг пойандозидир; на Қуддус ҳақи, чунки у буюк Шоҳнинг шаҳридир. Ҳатто ўз бошингиз билан ҳам қасам ичманглар, чунки сочингизнинг битта толасини оқ ёки қора қила олмайсиз. Сизларнинг "ҳа"ингиз "ҳа" бўлсин, "йўқ"ингиз "йўқ" бўлсин. Бундан ортиғи ёмонлик манбаидандир. "Кўзга кўз, тишга тиш", - деб айтилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга айтаманки, сизга ёмонлик қилганга қаршилик кўрсатманглар. Аксинча, кимдир ўнг юзингизга урса, унга чап юзингизни ҳам тутинг. Кимдир сизни судга бериб, кўйлагингизни олмоқчи бўлса, унга тўнингизни ҳам беринг. Кимдир сизни бир чақирим йўл босишга мажбур қилса, у билан икки чақирим юринг.
Сўраганга беринг, қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг. "Яқинингни сев, душманингдан нафратлан", - деб айтилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга айтаманки, душманларингизни севинглар. Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинглар. Сизни хўрлаганлар ва қувғин қилганлар учун
ибодат қилинглар. Шунда осмондаги Отангизнинг фарзандлари бўласизлар. Зеро, У қуёшини яхшилар устига ҳам, ёмонлар устига ҳам чиқаради. Ёмғирни солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради. Агар сизни севганларни севсангиз, бунинг учун қандай мукофот оласиз? Солиқчилар ҳам шундай қилмайдими? Агар фақат биродарларингиз билан саломлашсангиз, бошқалардан нимангиз ортиқ? Мажусийлар ҳам шундай қилмайдими? Шунинг учун осмондаги Отангиз комил бўлгани каби, сизлар ҳам комил бўлинглар.
Одамларга ўзингизни кўрсатиш учун хайр-эҳсон қилманг, акс ҳолда осмондаги Отангиздан мукофот олмайсиз. Хайр-эҳсон қилаётганингизда, мунофиқлар ибодатхоналар ва кўчаларда қилгани каби, одамлар мақташлари учун жар солманг. Сизларга ҳақиқатни айтаман: улар ўз мукофотларини олиб бўлдилар. Сиз эса хайр-эҳсон қилаётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин, токи хайр-эҳсонингиз яширин бўлсин; яширин нарсаларни кўрувчи Отангиз эса сизга ошкора тарзда қайтаради. Ибодат қилаётганингизда, ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб, одамларга кўриниш учун ибодат қилишни ёқтирадиган мунофиқларга ўхшаманг. Сизларга ҳақиқатни айтаман: улар ўз мукофотларини олиб бўлдилар.
Сиз эса ибодат қилаётганингизда, хонангизга кириб, эшигингизни ёпинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин нарсаларни кўрувчи Отангиз сизга ошкора тарзда қайтаради. Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби кўп гапирманг, чунки улар кўп сўзлари билан эшитилишларини ўйлайдилар. Уларга ўхшаманг, чунки Отангиз сўрашингиздан олдин нимага муҳтож эканингизни билади. Сиз шундай ибодат қилинг: "Осмондаги Отамиз! Сенинг исминг муқаддас бўлсин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Сенинг хоҳишинг осмонда бўлгани каби, ерда ҳам бажо келтирилсин. Бугунги кунимиз учун ризқимизни бергин. Бизга қарздор бўлганларга кечирганимиз каби, Сен ҳам бизнинг қарзларимизни кечиргин. Бизни васвасага солма, аксинча ёвузликдан халос эт. Чунки Шоҳлик, қудрат ва шон-шараф то абад Сеникидур. Омин.".
Агар сиз одамларнинг гуноҳларини кечирсангиз, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. Аммо одамларнинг гуноҳларини кечирмасангиз, Отангиз ҳам сизнинг гуноҳларингизни кечирмайди. Рўза тутаётганингизда, мунофиқлар каби қовоқ-тумшуғингизни осилтириб юрманг. Улар одамларга рўзадор бўлиб кўриниш учун юзларини хунук қилиб кўрсатадилар. Сизларга ҳақиқатни айтаман: улар ўз мукофотларини олиб бўлдилар. Сиз эса рўза тутаётганингизда, бошингизга мой суртиб, юзингизни ювинг. Шунда одамларга эмас, балки яширин бўлган Отангизга рўзадор бўлиб кўринасиз. Яширин нарсаларни кўрувчи Отангиз сизга ошкора тарзда қайтаради.
Ўзингизга ер юзида бойлик тўпламанг. У ерда куя ва занг еб битиради, ўғрилар ўмариб кетади. Аксинча, ўзингизга осмонда бойлик тўпланг. У ерда на куя, на занг еб битиради, на ўғрилар ўмариб кетади. Чунки бойлигингиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади. Тананинг чироғи - кўздир. Агар кўзингиз соғ бўлса, бутун танангиз ёруғ бўлади. Агар кўзингиз хира бўлса, бутун танангиз қоронғи бўлади. Агар ичингизда бўлган нур зулмат бўлса, зулмат қанчалар қоронғи бўлади! Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қила олмайди. Ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига боғланиб, бошқасини менсимайдиган бўлади. Сиз ҳам Худога, ҳам бойликка хизмат қила олмайсиз.
Шунинг учун сизларга айтаман: ҳаётингиз учун нима ейишингиз, нима ичишингиз ҳақида, танингиз учун нима кийишингиз ҳақида ташвиш қилманг. Ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми? Осмондаги қушларга қаранг: улар на экади, на ўради, на омборларга ғамлаб қўяди. Шундай бўлса-да, осмондаги Отангиз уларни боқади. Сиз улардан кўра қадрлироқ эмасми? Қайси бирингиз ташвишланиб, умрингизга бир соат қўша оласиз? Кийим ҳақида нима учун ташвишланасиз? Даладаги нилуфарларга эътибор беринг, улар қандай ўсади: меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Шундай бўлса-да, сизларга айтаманки, ҳатто Сулаймон ҳам ўзининг бутун дабдабаси билан буларнинг биронтасидек кийинмаган эди. Агар Худо бугун бор бўлиб, эртага ўчоққа ташланадиган дала ўтини шундай кийинтирса, сизларни ундан-да ортиқроқ кийинтирмайдими, эй имони сустлар!
Шундай экан, "Нима еймиз?", "Нима ичамиз?" ёки "Нима киямиз?" деб ташвишланманг. Буларнинг барчасини мажусийлар қидиради. Осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади. Аввало Худонинг Шоҳлигини ва Унинг адолатини изланг. Шунда буларнинг барчаси сизга қўшимча қилиб берилади. Шунинг учун эртанги кун учун ташвишланманг. Эртанги кун ўз ташвиши билан келади. Ҳар куннинг ташвиши ўзи учун етарли.
Ҳукм қилманглар, токи ўзингиз ҳам ҳукм қилинманглар, чунки қандай ҳукм чиқарсангиз, шундай ҳукм оласиз; қандай ўлчов билан ўлчасангиз, сизга ҳам шундай ўлчов билан ўлчанади. Нега биродарингиз кўзидаги майда чўпни кўрасиз-у, ўз кўзингиздаги ходани сезмайсиз? Ёки қандай қилиб биродарингизга:
"Қўй, кўзингдаги чўпни олиб ташлайин" дейсиз, ваҳоланки ўз кўзингизда хода бор? Эй мунофиқ! Аввал ўз кўзингдаги ходани олиб ташла, шунда биродарингиз кўзидаги чўпни қандай олиб ташлашни аниқ кўрасан.
Муқаддас нарсаларни итларга берманглар ва марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанглар, улар уни оёқлари билан топтаб, сизларга қараб ғажиб ташламасинлар. Сўранглар - сизларга берилади; изланглар - топасизлар; тақиллатинглар - сизларга очилади. Чунки ҳар бир сўровчи олади, изловчи топади ва тақиллатувчига эшик очилади. Орангизда шундай одам борми, ўғли нон сўраса, унга тош берса? Ёки балиқ сўраса, илон берса? Агар сизлар ёвуз бўла туриб, фарзандларингизга яхши ҳадъялар беришни билсангиз, Самовий Отангиз ундан сўраётганларга қанчалик кўп яхшилик қилади.
Шунинг учун одамлар сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг, чунки қонун ва пайғамбарларнинг айтгани шудир. Тор дарвозадан киринглар, чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл ҳам кенг, кўпчилик шу йўлдан боради. Ҳаётга олиб борадиган дарвоза тор, йўл ҳам тор, уни топувчилар оз. Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар сизнинг олдингизга қўй кийимида келади, аммо ичида йиртқич бўрилардир. Уларни мевалари орқали таниб оласиз. Тиканзордан узум ёки янтоқдан анжир териб бўладими?
Шу сингари, ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди. Яхши мева бермайдиган ҳар қандай дарахт кесилади ва оловга ташланади. Демак, уларни меваларидан билиб оласиз. Менга: "Эй Раббим! Эй Раббим!" деганларнинг ҳаммаси ҳам Самовий Шоҳликка кирмайди, фақат Самовий Отамнинг иродасини бажарувчиларгина киради. Ўша кунда кўпчилик Менга: "Эй Раббим! Эй Раббим! Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувмадикми? Сенинг номинг билан кўп мўъжизалар кўрсатмадикми?" дейди. Шунда Мен уларга очиқ айтаман: "Мен сизларни ҳеч қачон билмаганман. Йўқолинглар олдимдан, эй қонунбузарлар!"
Шунинг учун, Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қиладиган ҳар бир киши уйини қоя устига қурган оқил одамга ўхшайди. Ёмғир қуйиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйга урилди. Лекин уй қуламади, чунки унинг пойдевори қояга қурилган эди. Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилмайдиган ҳар бир киши эса уйини қум устига қурган нодон одамга ўхшайди. Ёмғир қуйиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйга урилди ва уй қулаб тушди. Унинг қулаши даҳшатли бўлди. Исо бу сўзларни айтиб тугатгач, халойиқ Унинг таълимотидан ҳайратга тушди. Чунки У уларга уламолар ва фарзийлар каби эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берарди.
Ҳаётингизда энг кўп нимани излайсиз? Сиз учун энг катта қадрият нима? Таълим, обрўли касб, муваффақият, шуҳрат, бойлик, ҳокимият ёки бошқа дунёвий неъматларми? Аммо буларнинг барчаси ўткинчи-ку! Ўткинчи нарсаларга бутун умрни бағишлаш керакми? Сиз нимани танлаган бўлардингиз: қабр билан тугайдиган хаёлий дунёвий муваффақиятними ёки Худо билан шу ерда ва бу дунёдан ташқарида бахтли абадий ҳаётними? Исо Масиҳ бизни "аввало Худонинг Шоҳлигини излашга" чақириб, бунинг эвазига биз ҳақиқатан муҳтож бўлган ҳамма нарсани беришга ваъда қилган.
МЕНИНГ ЯҚИНИМ КИМ?
Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири туриб, Унга савол берди: — Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун мен нима қилишим керак? Исо: — Тавротда бу тўғрида нима ёзилган? Сиз нима деб тушунасиз? — деб сўради. У киши шундай жавоб берди: — У ерда ёзилганки: Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”, яна: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” Исо унга: — Тўғри жавоб бердингиз. Сиз ҳам шундай қилинг, ана шунда яшайсиз! — деди. Аммо у одам ўзини оқламоқчи бўлиб, Исодан: — Менинг яқиним ким? — деб сўради.
Исо шундай жавоб берди: — Бир одам Қуддусдан Ерихога бораётган экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, калтаклаб, чалажон қилиб ташлаб кетибдилар. Тасодифни қарангки, ўша йўлдан бир руҳоний кетаётган экан. У ҳалиги одамни кўрибди–ю, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди. Ўша жойдан ўтиб кетаётган леви ҳам худди шундай қилибди. У ярадор одамни кўриб, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди. Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди. Унинг ёнига келиб, яраларига зайтун мойи, шароб суриб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди–да, меҳмонхонага олиб келиб, уни парвариш қилибди. Эртаси куни икки кумуш танга чиқарибди–да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қаранг, агар бундан ортиқ харажат қилсангиз, қайтишимда сизга тўлайман”, дебди. Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади? Тафсирчи: — Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди. — Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! — деди унга Исо.
Раҳмдил самарияликка ўхшаш бўлиш учун ўзингизда қандай хислатларни тарбиялашингиз керак? Нима учун бошига кулфат тушган одамга бошқа миллат ва маданият вакили ёрдам берди-ю, биринчи навбатда ёрдам бериши керак бўлганлар ёнидан ўтиб кетишди? Кимни ўз яқини деб ҳисоблаш мумкин? Шошилинч ёрдамга муҳтож бўлганлар ҳар доим топилади. Агар биз бундай одамларга эътибор қаратиб, уларга ёрдам берсак, Худо буни сезади ва рағбатлантиради. Шундай қилиб биз Худонинг асосий амрларини бажарамиз.
ОТА! УЛАРНИ КЕЧИР...
Пилат бош руҳонийлар, йўлбошчилар ва халқни чақириб, уларга деди: — Сизлар бу Одамни халқни йўлдан оздиришда айблаб, олдимга олиб келдингизлар. Мен Уни сизларнинг олдингизда текшириб кўрдим. Аммо сизлар Унга қўйган айблардан биронтасини мен топмадим. Ҳирод ҳам ҳеч нима тополмагани учун Уни бизнинг олдимизга қайтариб юборди. Хуллас, бу Одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган. Шунинг учун мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман. Халойиқ эса бир оғиздан: — Унга ўлим! Бизга Бараббасни озод қилинг! — деб бақира кетишди. Бараббас шаҳарда юз берган исёнда иштирок этиб, қотиллик қилган, шунинг учун зиндонга ташланган эди. Пилат Исони озод қилмоқчи бўлиб, оломонга яна мурожаат этди. Аммо оломон: — Хочга михлансин! Хочга михлансин! — деб шовқин кўтарди. Пилат учинчи марта уларга айтди: — Нимага? У нима ёмонлик қилди, ахир?! Мен Унда ўлимга лойиқ бирор айб топганим йўқ. Шундай экан, мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман! Бироқ оломон овози борича: — Исо хочга михлансин! — деб бақириб, талаб қилаверди.
Ниҳоят уларнинг бақир–чақирлари устун келди. Пилат уларнинг талабини бажаришга қарор қилди. Оломоннинг истагига кўра, исёнда иштирок этиб, қотиллик қилгани учун зиндонга ташланган одамни Пилат озод қилди, Исони эса оломоннинг ихтиёрига топширди. Рим аскарлари Исони олиб кетдилар. Улар кетаётганларида, Шимўн деган бир одамни учратиб қолдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, даладан шаҳарга қайтиб келаётган экан. Аскарлар унинг елкасига хочни ортиб, Исонинг кетидан боришга мажбур қилдилар. Бир талай оломон Исонинг ортидан эргашиб келаётган эди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор эди. Аёллар кўксига уриб, Исо учун фарёд қилардилар. Исо аёлларга қараб деди: — Мен учун йиғламанглар, эй Қуддус қизлари! Ўзларингиз учун, фарзандларингиз учун йиғланглар. Шундай кунлар келадики: “Туғмаган, бола эмизмаган, бепушт аёллар бахтлидир”, деб айтишади. Ўшанда одамлар тоғларга: “Устимизга қуланглар!” дея бақиришади. Қирларга: “Бизни босиб қолинглар!” деб ёлворишади. Кўкариб турган дарахтга шундай қилсалар, қуриган дарахтни нима қилар эканлар?! Исо билан бирга икки жиноятчини ҳам қатл қилишга олиб кетаётган эдилар. Бош суяги деган жойга етиб келганларидан сўнг, аскарлар Исони хочга михладилар. Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам михладилар, уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди. Исо: — Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар, — деди. Аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини бўлишиб олдилар. Оломон қараб турарди. Яҳудий йўлбошчилари эса Исонинг устидан кулиб, шундай дердилар: — У бошқаларни қутқарарди. Агар У Худо танлаган Масиҳ бўлса, энди Ўзини қутқариб кўрсин–чи! — дейишарди. Аскарлар ҳам Исони масхараладилар. Улар Исога арзон шароб ичиргани яқинлашиб, шундай дедилар: — Агар Сен яҳудийларнинг Шоҳи бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи! Исонинг бош томонида: “Бу яҳудийларнинг Шоҳидир” деган ёзув бор эди.
Хочга михланган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб деди: — Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?! Иккинчи жиноятчи эса бу шеригига таъна қилди: — Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам шу Одам каби жазога маҳкум бўлгансан–ку! Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ. Кейин деди: — Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг! Исо унга деди: — Сенга чинини айтайин, бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан.
Сизни ранжитган ва азоб берганларни кечира оласизми? Обрўйингизга ёки ҳаётингизга таҳдид солаётган хавфга эътибор бермасликка тайёр бўлган бирор нарса борми? Исони ҳукм қилиш нафақат сиёсий ва диний масхарабозлик, балки даҳшатли жиноятга айланди. Исо бунга инсонларга бўлган муҳаббати ва ҳар бир кишини қутқариш истаги туфайли йўл қўйди.
У ТИРИЛДИ!
Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди. Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди. Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди. Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар. Фаришта аёлларга деди: — Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар. У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди. Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди. Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар.
Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб: — Салом! — деди. Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар. Исо уларга деди: — Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар. Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар. Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб, шундай дедилар: — Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар. Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз. Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган. Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар. Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”
Исо даҳшатли қатл қилинганидан кейин тирилганига ишона оласизми? Кимга кўпроқ ишонасиз: бунинг иложи йўқ деяётганларгами ёки унинг тирилишига гувоҳ бўлганларгами? Икки минг йилдан бери тасвирланган воқеаларнинг ҳақиқийлиги ҳақида баҳслар давом этмоқда. Бироқ, бутун дунё бўйлаб миллиардлаб насронийлар, Муқаддас Китобнинг ўзгармаслиги ва ундаги башоратларнинг амалга ошиши Исонинг тирилганлигини тасдиқловчи далиллардир. Бу фактлар билан нима қиласиз? Исо олий ва мутлақ ҳокимиятга эга, унинг таълимоти ҳақиқат, талаблари эса бажарилиши шарт. Хушхабарга ишонинг - Исо ҳақиқатан ҳам тирилди!
МЕҲРИБОН ЧОПОН
Исо деди: “Сизларга чинини айтайин: ким қўй қўрасига эшикдан кирмай, бошқа йўлдан ошиб тушса, у ўғри ва босқинчидир. Эшикдан кирган одам эса қўйларнинг чўпонидир. Қоровул унга эшикни очиб беради. Қўйлар унинг овозига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб, ташқарига олиб чиқади. У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини биладилар. Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг овозини танимай, ундан қочадилар.” Исо бу матални айтиб берганда, тингловчилар У нима демоқчи эканлигини тушунмадилар. Шу сабабдан Исо яна деди: “Сизларга чинини айтай: Мен қўйлар учун эшикман. Мендан олдин келганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман. Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади.
Исо чўпон ва қўйлар мисолида бизга бўлган муносабатини тушунтиряпти. Меҳрибон ва ғамхўр Чўпонга ҳаётингизни ишонишга тайёрмисиз? Агар шундай бўлса, қулоқ солинг, Исо шахсан сизга мурожаат қилмоқда. Исога эргашинг, У сизни ҳимоя қилади ва қўллаб-қувватлайди.
БОЛАЛАРДЕК БЎЛИНГ...
Шу пайт шогирдлар Исонинг олдига келиб: “Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади?” — деб сўрадилар. Исо ёнига бир болани чақирди, уни ўрталарида турғизиб, деди: “Сизларга чинини айтайин: агар сизлар ўзгармасангиз ва болалардай бўлмасангиз, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар. Агар ўзингизни мана шу бола сингари, паст тутсангиз, Осмон Шоҳлигида энг каттаси бўласиз. Ким шундай бир болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига чўктирилгани ўзи учун яхшироқ бўлар эди. Одамларни йўлдан оздирадиган васвасалар дастидан бу дунёнинг ҳолига вой! Васвасалар албатта келади, лекин васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой! Агар йўлдан озишингга қўлинг ёки оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташлаб, улоқтириб юбор. Икки қўл ёки икки оёқ билан абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир. Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юбор. Икки кўзинг билан дўзах оловига тушгандан кўра, бир кўзинг билан абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир. Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар. Сизларга шуни айтай: самода уларнинг фаришталари доимо самовий Отамнинг жамолини кўриб туради.
Болалар фақат ўсиб, ривожланаётган бўлса-да, Худо билан муносабатларимизда улардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Болалар ишонувчан, кечира оладиган ва ён берадиган, эшитганларига самимий ишонадиган бўлишади. Худо биздан ҳам шундай муносабатларни кутади. Самовий Отамизнинг иродасига болалар каби итоаткор бўлишимиз учун нималар қилишимиз керак?
ТOВБА ҚИЛГАН ГУНОҲКОР ҲАҚИДАГИ ҚУВОНЧ
Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. Уларнинг кичиги отасига: — Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди. Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди. Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. Борини исроф қилгандан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди. У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди. Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан. Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди: — Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман. Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.” Йигит отаси олдига равона бўлибди.
Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди. Кейин ўғли отасига айтибди: —
Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Отаси эса хизматкорларига буюрибди: — Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар. Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик.
Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди. Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар. Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди. Хизматкорлардан бирини чақириб: — Нима гап? — деб сўрабди. — Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор. Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. Аммо у отасига шундай жавоб берибди: — Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз. Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз! Отаси унга шундай жавоб берибди: — Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”
Адашган ўғил ҳақидаги масал - бу биз билан Худо ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги ҳикоядир. Кимдир кенжа ўғилдек маънавий меросни исроф қилиб, умидсизлик ва чорасизлик гирдобига чўкади. Кимдир эса ўзидан бошқа ҳеч кимни севмаган ҳолда Парвардигорнинг марҳаматини излайди. Аммо Худо меҳрибон отадек "ўзига келган" ва Унинг марҳаматини излаган ҳар бир кишидан қувонади. Парвардигор доимо пешвоз чиқишга ва кечирим учун бағрини очишга тайёр. Бутун умр ўз қоидаларимиз ва тушунчаларимиз асосида яшаганимизни англаб, Самовий Отамиз ҳузурига қайтишга тайёрмизми?
СЕНИНГ ИМОНИНГ СЕНИ ҚУТҚАРДИ…
У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У кўп табиблар муолажасидан анча қийналиб, бутун мол–мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аҳволи баттар ёмонлашиб борарди. Аёл Исо ҳақида эшитди–ю, халойиқ орасида Исонинг орқасидан келиб, кийимига қўл теккизди. У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди. У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди. Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини сезди. У орқасига ўгирилиб халойиқдан: — Кийимимга ким тегди? — деб сўради.
Шогирдлари Унга: — Сизни халойиқ қисиб турганлигини кўриб турибсиз–ку! Нимага яна: “Менга ким тегди?” деб сўраяпсиз? — дейишди. Лекин Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қарар эди. Аёл ўзида қандай ўзгариш бўлганини билиб, титраб–қўрқиб келди, Исонинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди. Исо унга деди: —
Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор, дардингдан халос бўлгин.
Ҳаётингизда сизни қувонч ва фаровонликдан маҳрум қиладиган енгиб бўлмас муаммо борми? Уни ўзингиз мустақил ҳал қила олишингизга умидингиз борми? Агар йўқ бўлса, Исога мурожаат қилинг! Касал аёлнинг соғайиш учун қилган барча уринишлари натижасиз тугади, ҳамма йўллар синаб кўрилди, фақат битта имконият қолган эди ва у тўғри бўлиб чиқди! Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Аёлнинг шифо топишига нима сабаб бўлди? Уни даволаганидан сўнг, нега Исо уни нажот топганини айтди? Исонинг ҳаётингизни ўзгартира олишига самимий ишонч билан қараб, ундан нажот сўрашга тайёрмисиз?
ИЛОҲИЙ КАЛОМ - ҲАЁТ НОНИДИР
... Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди. Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди. Шунда иблис келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин! Исо унга жавобан деди: — Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.” Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку: “У Сен тўғрингда фаришталарига амр беради, Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея, Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.” Иблисга Исо деди: — “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган. Сўнг Исони иблис баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб, деди: — Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман. Шунда Исо деди: — Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”, деб ёзилган–ку! Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.
Муқаддас Китобга қандай муносабатдасиз? Уни Худонинг Каломи деб ишонасизми? Исо алайҳиссалом бу ҳақда оддий нондан ҳам муҳимроқ бўлган руҳий озиқ сифатида гапирган. Синовларга бардошли бўлиш учун Худонинг Каломини билиш, унга амал қилиш ва уни бажариш зарур. Ҳеч бўлмаса бир марта дунёда шунча ёвузлик мавжуд бўлса-да, нега Худо ҳеч нарса қилмаяпти, деб ўйлаб кўрганмисиз? Яратувчини синаб кўришга, уни ғайритабиий ҳаракатларга ундашга уринганмисиз? Агар шундай бўлса, эҳтиёт бўлинг. Исо Худони васвасага солиш керак эмаслигини, Унинг меҳрибонлиги, муқаддаслиги ва адолатига шубҳа қилмаслик лозимлигини аниқ айтган. Қайси бирини танлаган бўлардингиз: дунёнинг барча бойликларига эга бўлиб, руҳингизни ҳалок қилишними ёки ҳаётингизни Худога бўйсундириб, Унинг ҳузурида кечирим ва абадийликка эришишними? Исо ўз танловини аниқ кўрсатган. Сиз-чи, қандай йўл тутасиз?
ЮҚОРИДАН ТУҒИЛИШИНГИЗ КЕРАК
Яҳудий йўлбошчиларидан Никодим исмли бир одам бор эди, у фарзийлар мазҳабида эди. Бу одам бир куни кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди: — Устоз, Сиз Худодан келган бир муаллим эканлигингизни биз биламиз. Агар Худо Сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизали аломатларни қила олмас эдингиз. Исо унга шундай жавоб берди: —
Сизга чинини айтай: қайтадан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигини кўролмайди. — Кекса одам туғила олармиди?! У онасининг қорнига қайта кириб, яна туғила олмайди–ку! — деди Никодим. Исо шундай жавоб берди: — Сизга чинини айтай: сувдан ва Руҳдан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигига киролмайди. Одам жисмонан ота–онадан туғилади, руҳан эса Муқаддас Руҳдан туғилади. “Сизлар қайтадан туғилишингиз керак” деганимга таажжубланманг. Руҳ худди шамолга ўхшайди. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасиз–у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсиз. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади. — Бу қандай бўлиши мумкин? — деб сўради Никодим. Исо унга шундай жавоб берди: — Сиз Исроилнинг устозисиз–ку! Наҳотки шуни билмасангиз?! Сизга чинини айтай: биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз.
Лекин сизлар бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар. Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар? Осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас. Мусо саҳрода бронза илонни ходага маҳкамлаб, қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак. Шу тариқа имонга келган ҳар бир киши У орқали абадий ҳаётга эга бўлади. Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди. Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғлига ишонмади.
Исо Никодим билан суҳбатда инсоний тасаввурлар ва кўринадиган дунё чегараларидан ташқаридаги мавзуни кўтаради. Маълум бўлишича, инсон яна бир бор, аммо бу сафар руҳан қайта туғилиши керак экан. Бундай туғилиш фақат Илоҳий иштирок билан содир бўлади, акс ҳолда инсон руҳининг ҳалокати хавфи туғилади. Инсоннинг руҳан туғилиши учун Худо бизнинг дунёмизга Исони юборган. Айнан У орқали биз Худонинг дунёсига, яъни Унинг Шоҳлигига киришимиз мумкин. Сиз Худонинг Руҳидан туғилганмисиз? Сизда Худо Ўз Ўғли Исо Масиҳ орқали инъом этган ҳаёт борми?
ЮҚОРИГА КЎТАРИЛГАН ЯНА ҚАЙТАДИ
Ҳаворийлар 1:1-11
… Эй Теофилус, биринчи китобимда мен сизга Исо бошидан то осмонга кўтарилгунга қадар қилган ҳамма ишлари ва ўргатган таълимоти тўғрисида ёзган эдим. У осмонга кўтарилишдан олдин, Муқаддас Руҳ кучи орқали Ўзи танлаган ҳаворийларга кўрсатмалар берган эди. Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, бир қанча ишончли далиллар орқали ҳаворийларга тирилганини кўрсатди. Қирқ кун давомида уларга зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди. Исо Ўз ҳаворийлари билан дастурхон атрофида ўтирар экан, уларга шундай амр берди: “Қуддусдан кетиб қолманглар, осмондаги Отамнинг берган ваъдаси бажо бўлишини кутинглар. Бу ваъда ҳақида олдин ҳам сизларга айтган эдим. Яҳё одамларни сувга чўмдирар эди, сизлар эса яқин кунларда Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.” Ҳаворийлар бирга йиғилганларида, Исодан шундай деб сўрадилар: — Раббимиз, Исроил шоҳлигини тиклайдиган вақтингиз келмадими? Исо уларга шундай жавоб берди: — Вақт ва даврларни Отам Ўз ҳокимияти орқали ўрнатган, буларни билиш сизнинг ишингиз эмас. Аммо Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудия ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар. Исо шу гапларни айтгандан кейин, ҳаворийларнинг кўзи олдида осмонга кўтарилди. Булут Исони ҳаворийларнинг кўзларидан яширди. Исо кўтарилиб кетгандан кейин ҳам ҳаворийлар кўзларини узмай осмонга қараб турардилар. Шу пайт бирдан оқ кийим кийган икки одам уларнинг олдида пайдо бўлди. — Эй Жалилаликлар! — деди улар. — Нимага осмонга қараб турибсизлар? Исо осмонга кўтарилганини ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. У осмонга қандай кўтарилган бўлса, худди шундай қайтиб келади.
Исо Масиҳ бир кун ер юзига қайтиб келиб, Ўз издошларини самовий юртга олиб кетишини тушунасизми? Барча масиҳийлар Исо Масиҳнинг жамоати, Муқаддас Руҳдан қайта туғилганлар гуруҳидир. Сиз Масиҳ жамоатининг аъзосимисиз? Исонинг иккинчи келишини кутаяпсизми? У сизни Ўзи билан бирга оладими? Бунинг учун имон билан тавба қилиб Исога илтижо қилиш, руҳий қайта туғилишни бошдан кечириш, Муқаддас Руҳга тўлиш ва Масиҳ келгунига қадар Унинг шогирди бўлиб қолиш зарур.
ДУНЁ ХАЛОСКОРИНИНГ ТУҒИЛИШИ
Ўша кунларда Қайсар Август: “Бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин”, деган фармон чиқарди. Бу илк аҳоли рўйхати бўлиб, Сурияда Квириниюс ҳоким бўлган пайтда ўтказилди. Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига борди. Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрига йўл олди. Бу шаҳар Довуд шаҳри эди. Юсуф Довуд хонадонидан, унинг наслидан эди. Юсуф рўйхатдан ўтгани Марямни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марям Юсуфга унаштирилган бўлиб, фарзанд кутаётган эди. Улар ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой–куни тўлди. У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.
Байтлаҳм яқинида чўпонлар бор эди. Улар тунда яйловдаги сурувини қўриқлаш учун далада ётиб қолган эдилар. Уларнинг қаршисида Эгамизнинг бир фариштаси пайдо бўлди, Эгамизнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ёритиб юборди. Чўпонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар.
Аммо фаришта уларга шундай деди: — Қўрқманглар! Мен сизларга Хушхабар олиб келдим. Бу хабар ҳаммага буюк қувонч келтиради. Бугун Довуд шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У Масиҳдир, бизнинг Раббимиздир. Мана, сизларга Унинг белгиси: охурда ётган, йўргакланган Чақалоқни топасизлар. Бирдан фариштанинг ёнида само лашкари бўлмиш сон–саноқсиз фаришталар пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: “Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин, Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!” Фаришталар осмонга кўтарилиб кетгандан кейин, чўпонлар бир–бирига дедилар: — Қани, Байтлаҳмга борайлик! Эгамиз бизга айтган воқеа юз берганини кўрайлик! Улар шоша–пиша бордилар, Марям, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни кўрдилар. Улар Чақалоқни кўриб, фаришта бу Чақалоқ тўғрисида нималар айтганини гапириб бердилар. Чўпонларнинг гапини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайратга тушди. Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Чўпонлар қайтиб кетаётиб, Худони улуғлаб, Унга ҳамду санолар айтдилар. Чунки эшитган ва кўрганларининг ҳаммаси худди фаришта айтгандай содир бўлганди.
Икки минг йиллик бизни Мавлуд воқеаларидан ажратиб турса-да, дунёнинг Нажоткорининг туғилгани ҳақидаги хабар ҳамон ҳамма ёққа тарқалиб, янграб турибди. Ўша пайтдагидек, бугун ҳам ҳар бир инсон имон билан нигоҳини Байтлаҳм нажот юлдузи порлаётган томонга қарата олади. Бугун ҳам, худди бир вақтлар чўпонлар сингари, Хушхабарни эшитиб, чақалоқнинг ҳузурига бориш ва Унинг оёқлари остида нажот топиш мумкин. Исонинг туғилиши ҳақидаги ҳикоя сизда қандай ўй-фикрлар ва ҳис-туйғуларни уйғотади? Бу воқеа ҳаётингизга қандай таъсир кўрсатади? Исо сизнинг қалбингизда туғилиш учун жой топа оладими? Худонинг бизга кўрсатган меҳрибонлиги ва самовий инъоми - Нажоткор Исонинг дунёга келиши учун миннатдормисиз?