Джош ва Шон Макдауэлл. ТАРИХ ЙЎНАЛИШИНИ ЎЗГАРТИРГАН ДАЛИЛ -(2-боб) Ўзбек тилида
TARIX YO‘NALIShINI O‘ZGARTIRGAN DALIL (Josh va Shon Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Менинг шахсий саёҳатим
Масиҳийликни рад этмоқчи бўлганимда нималар юз берди?
1-боб
Тирилиш нега бунчалик муҳим?
Дунёнинг ягона умиди
2-боб
Биз тирилиш чиндан ҳам содир бўлганини аниқ билишимиз мумкинми?
Бу ҳақиқатми? Бунга ишонса бўладими?
3-боб
Тирилишнинг далиллари
Ҳақиқатан ҳам Исо ўлган, дафн этилган ва тирилганмиди?
4-боб
Хўш, кейинчи?
2-БОБ
БИЗ ТИРИЛИШ ЧИНДАН ҲАМ СОДИР БЎЛГАНИНИ АНИҚ БИЛИШИМИЗ МУМКИНМИ?
БУ ҲАҚИҚАТМИ? БУНГА ИШОНСА БЎЛАДИМИ?
Исонинг тирилиши ё бўлган ёки бўлмаган. Бу объектив воқелик бўлиб, шу боис бир киши учун ҳақиқат, бошқаси учун ёлғон бўлиши мумкин эмас.
Бу бизга қаердан маълум? Мен (Шон) ўз талабаларим билан қуйидаги тажрибани ўтказдим. Уларнинг олдига ўйин учун шиша шарчалар солинган банкани қўйиб, уларга савол бердим: «Банкада нечта шарча бор?» Уларнинг ҳаммаси чамалаб, турлича жавоб берди: 221, 168 ва ҳоказо. Уларга 188 рақами тўғри эканини айтганимдан сўнг, сўрадим: «Қайси бирингиз тўғри жавобга энг яқин келдингиз?» 168 сони банкадаги шарчалар сонига энг яқин деган қарорга келгач, улар шарчалар сони бу – шахсий дидга боғлиқ бўлмаган объектив далил эканлигини тушунишди ва шунга рози бўлишди.
Кейин мен анвойи печеньелар тўплами жойланган қутини олдим, ҳар бир талабага биттадан бердим ва сўрадим: «Қайси печенье энг ширин?» Худди кутилганидек, улар буни бемаъни савол деб ҳисоблашди, чунки нима ширин, нима ширин эмаслиги тўғрисида ҳар бирининг ўз тушунчаси бор эди. «Мутлақо тўғри, – якун ясадим мен, – ширинлилик у ёки бу одамнинг таъбига қараб белгиланади. Бу объектив далил эмас, балки субъектив фикр ёки шахсий дид масаласи».
Кейин мен сўрадим: «Диний таъкидларни худди банкадаги шиша шарчалар сони каби объектив далил деб ҳисоблаш мумкинми ёки улар – у ёки бу печеньени маъқул кўриш каби шахсий фикр масаласи холосми?» Талабаларнинг аксарияти диний таъкидлар кўпроқ ширинлилик таъби тоифасига киради деган фикрга келишди. Ана шуни рад эта туриб, биз масиҳийликнинг объектив таъкидларини муҳокама қилишга ўтдик. Мен масиҳийлик объектив тарихий далил – Исонинг тирилишига асосланишини кўрсатдим. Шу билан бирга, мен талабаларимга кўп одамлар Исонинг тарихий тирилишини рад этишлари мумкинлигини, бу “сен учун ҳақиқат, аммо мен учун ёлғон” қабилидаги таъкидлардан эмаслигини эслатдим. Дахма учинчи куни ё бўш бўлган ёки банд бўлган – учинчи ҳолат бўлиши мумкин эмас. Кимдир Исо тирилишининг ўзгартирувчи кучини англай олишидан олдин, шахсий таъби билан эмас, балки объектив далил билан иш кўраётганини тушуниб олиши шарт.
Исо ўликдан тирилдими ёки йўқми, деган саволга тўғри жавобни қидиришга қандай киришиш лозим? Танқидий фикрловчи тарихчи инсон шоҳидларнинг гувоҳлиги ишончлилигини текшириб кўради, хочга михланиши натижасида Исо ўлгани далилига ишонч ҳосил қилади, дафн маросимлари материалларини ўрганиб чиқади ва бўшаб қолган дахма ҳақидаги ҳамда учинчи куни Исони тирик кўришгани тўғрисидаги хабарларнинг ростлигига ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг ҳодисанинг эҳтимол тутилган барча муқобил изоҳларини кўриб чиқиш маънога эга бўларди. Қизиқарли, тўғрими? Ундай бўлса, йўлимизда давом этамиз, чунки ушбу рисоланинг қолган қисмида биз айнан шу билан машғул бўламиз.
Мўъжизалар ҳақидаги ҳикоялар далилнинг ишончлилигини шубҳа остига қўядими?
Бироқ, авваламбор, биз тирилишнинг далилларини очиқ ўрганишдан олдин, мўъжизалар рўй бериши мумкин ёки мумкин эмаслигини кўриб чиқишимиз керак. Агар мўъжизалар иложсиз бўлса, у ҳолда тирилиш ҳам мумкин бўлмасди ва биз бўлиб ўтган ҳодисаларни тушунтиришга хизмат қилиши мумкин бўлган қандайдир бошқа табиий сабабларни ахтаришимиз лозим бўларди. Лекин, мўъжизалар ҳам содир бўлиши мумкин-ку, деган хулосага келсак, унда аввалдан хато фикрлаб ўтирмай, кейинги далиллар учун очиқчасига йўл тутамиз.
Тадқиқотимиз давомида Янги Аҳд тадқиқотчиси доктор Крэйг Бломберг кўрсатган иккита муҳим мулоҳазани инобатга олиш ўринли бўларди:
Гап мўъжизалар ҳақидаги ҳикояларнинг ростлигига бориб тақалганда, ҳатто энг жўшқин тақводор одам ҳам скептик билан баҳам кўриши зарур бўлган қандайдир интуитив туйғу бор. Бунинг устига, ҳатто мўъжизалар эҳтимолига рози бўладиган одам ҳам барибир қандайдир ғайритабиий ҳодисалар ҳақидаги ҳар бир ғалати қиссага ишонишга шошилавермайди1.
Бошқача қилиб айтганда, ҳар гал табиатнинг биз учун одатий бўлган қонунларига зид келадиган бирор воқеа ҳақида эшитганимизда, биз уни ишонқирамай қабул қиламиз. Шунинг учун биз эшитганларимизни табиат қандай ҳаракат қилиши билан таққослаймиз. Чунки ҳеч ким аҳмоқ бўлиб қолишни истамайди. Табиатда ҳамма нарса олдиндан айтиб бериш мумкин бўлган ҳолда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ рўй бериши бизга маълум.
Лекин шу билан бирга, мўъжизалар эҳтимолини фақат улар биз учун одатий бўлган доираларга сиғмагани учунгина рад этиб, бундай ҳодиса ҳақидаги гувоҳликларга олдиндан хато бўлган фикр билан муносабатда бўлмаслигимиз лозим. Авваламбор далиллар синчиклаб ўрганиб чиқилмасдан, тадқиқотнинг натижаси қандай бўлиши ҳақида қарор чиқариш шунчаки ноилмийлик бўларди. Кўргазмали қурол сифатида қуйидаги воқеани кўриб чиқамиз. 18-асрнинг охирида Ғарб дунёси биринчи марта ўрдакбурун деган ҳайвон билан танишди. Австралиянинг бу жайдари ҳайвони қуён ўлчамидаги тана ҳажмига эга бўлиб, бутунлай жун қоплаган ва панжалари пардалидир. Бироқ у тухум қўяди – яъни ўрмалаб юрадиган ҳайвонлар каби кўпаяди! Ўрдакбуруннинг терисини биринчи марта Европага олиб келишганида, бу янгилик оммавий таажжубни келтириб чиқарди. Бу нима – сут эмизувчими ёки судралиб юрувчими? Ўрдакбурун шунчалик ёввойи мавжудот бўлиб чиқдики – ҳамма томоша қилиши учун қўйилган теридек яққол кўриниб турган далилга, шунингдек, ўрдакбурунни шахсан кўрган кишиларнинг ҳикояларига қарамай, – аксарият лондонликлар бу бутун воқеага худди алдамчиликка қарагандек қарашди.
Фақат бўғоз урғочи ўрдакбурун отиб ўлдирилиб, барча кўришни ихтиёр қилган бу ҳайвон Лондонга юборилганидан кейингина, одамлар ўрдакбурун ҳақидаги ҳикоялар ҳақиқат эканлигига аста-секин ишонишди. Лекин ўшанга қадар буюк мутафаккирларнинг кўпчилиги ўрдакбурун мавжудлигини тан олишмади, бошқалари эса унинг жисмоний тузилиши ноёблиги ҳақидаги таъкидларни шубҳа остига олишди. Масиҳий ваъзхони Росс Клиффорднинг сўзларига қараганда, муаммо “бу далил баъзи одамларнинг бизнинг дунёмиз қандай яшаётгани ҳақидаги тушунчаларига тўғри келмаслигида бўлиб, шунинг учун бу одамлар ўрдакбурунни инкор қилишди ва гарчи барча далиллар йиғиндиси тескарисини айтиб турган бўлсада, ўзларининг инкор қилувчи ҳукмини чиқаришди”2.
Одамларнинг ўрдакбурун билан бўлган воқеага муносабати кўпчилик тирилишга нисбатан қандай муносабатда бўлаётганига жуда ўхшайди. Аксарият одамлар шунчаки тирилишнинг далилларини эътиборга олишни хоҳламайди, чунки бундай ҳодиса уларнинг назаридаги дунё манзарасига тўғри келмайди. Бундай муносабат нарсаларга объектив қарашга лаёқатсизликни фош қилиши турган гап, бу эса далилларни кўриб чиқишда олдиндан хато фикрда бўлиш соғлом ақлдан устун келишига имкон беради.
Авваламбор ҳар томонлама тадқиқ этиш ўрнига, мўъжизалар бўлиши мумкин эмас, – ёки ҳатто мўъжизалар онда-сонда бўлиб туради – деб хулоса чиқариш ўрнига, биз мўъжизалар бўлиши ёки бўлиши мумкин эмаслигини тан оладиган бетараф нуқтаи назарда бўлишимиз лозим. Шундагина биз гувоҳликларни объектив ўрганишимиз ва улар бизни қаерга бошлашини кўришимиз мумкин.
Крэйг Бломберг фан қонунларининг асосланганини ҳимоя қиладиганларнинг ҳам, мўъжизалар мавжудлигини ҳимоя қиладиганларнинг ҳам нуқтаи назарини тушунтириб беради:
Физиканинг бутун ҳайратомуз тараққиётига қарамай, ҳали ҳеч ким бир нарсани исботлаб бера олмаган: агар Худо бор бўлса – У яҳудийлар томонидан ҳам, масиҳийлар томонидан ҳам анъанавий тушунилса, у ҳолда нима учун Худо вақти-вақти билан қолган бошқа барча ҳолатларда табиатнинг ўзгармас қонунлари кучини тўхтатиб қўя олмайди ёки уларни буза олмайди. Физика фани, кўринишидан, ҳозирги вақтда худди илгари бир неча авлодларда бўлгани каби, Худо борлиги эҳтимолига кўп жиҳатдан тайёрдек3.
Доктор Норман Гейслер буни қуйидагича шарҳлайди:
Мўъжизаларга ишониш илмий методологиянинг яхлитлигини бузмайди, фақат унинг умумҳукмронлигини бузади, холос. Мўъжизаларга ишониш аслида фан ҳар қандай воқеани ҳам табиий ҳодиса сифатида тушунтиришга қодир эмаслиги, балки фақат мунтазам, такрорланиб турувчи ёки олдиндан айтиш мумкин бўлган воқеаларнигина тушунтиришга қодирлигини айтади4.
Агар фақат биз Худо мавжуд эмас деган фикрга йўл қўйсакгина, мўъжизалар рўй беришининг иложи бўлмайди. Аммо даҳрийликда бунинг учун рад этиб бўлмайдиган ҳеч қандай далиллар йўқлиги боис, нафақат Худо дунёнинг ишларига бевосита аралашиш мумкинлигига, балки У шундай қилганининг шоҳидликларини кўриб чиқишга ҳам тайёр туришимиз зарур.
Тарихнинг тасдиғи
Бўш дахма, кафанлар, қабр оғзидан сурилган тош ва Исонинг намоён бўлиши бу – ё шунчаки хаёлот ёки воқелик. Тегишлича, ўша биринчи Фисиҳда аслида нима бўлганини аниқлаш учун тарихий тадқиқот зарур бўлади.
Исонинг ўлими ва тирилиши гувоҳликларини бетарафлик билан, олдиндан хато фикрга бормай ва объектив ҳолда кўриб чиқиш зарур. Гарчи бизда бу масалага нисбатан шаклланган ўз хулосаларимиз бўлсада, улар тадқиқотнинг боришига таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз шарт. Гувоҳликлар ўзи учун жавоб бера қолсин. Тарихчи Рональд Сайдер ёзади:
«Биз ўзимиз бевосита иштирокчиси бўлмаган ҳар бир тахмин қилинаётган ҳодисага нисбатан ишончли гувоҳликларни талаб қилишга ҳақлимиз, аммо фақат ўзимизнинг чекланган тажрибамизга таянибгина воқелик ҳақида мулоҳаза юритмаслигимиз шарт. Биз носиралик Исо тирилгани фойдасига ишончли далилларга эгамиз, деб тахмин қила оламан»5.
Биз бу ерда аниқламоқчи бўлаётган нарса, бу – Битикларнинг тарихий ишончлилиги ва аниқлигидир. Гарчи ўқувчи ўзи учун Битиклар илоҳий илҳомга эга деб хулоса қилиши мумкин бўлсада, Исонинг ҳаёти, ўлими ва тирилишини тарихий ҳодиса сифатида тадқиқ этиш учун бундай хулоса зарур бўлмайди.
Исонинг тирилиши тарихдаги ҳар қандай воқеага нисбатан қўлланадиган ўша мезонларга мувофиқ тадқиқ этилиши керак. Илк Жамоат (Черков)нинг ишончи мавжуд дунёдаги ишончли ҳодисаларга шоҳид бўлган одамларнинг гувоҳликларига асосланган эди. Мисол учун Хушхабарчи Луқо шундай деб ёзади:
Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпларнинг ташаббуслари маълумдир. Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин... бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим, токи сиз берилган маълумотларнинг жуда асосли эканини билингиз (Луқо. 1:1–4).
Луқо тарихий далилларни баён қилиш ниятида бўлган.
Гувоҳларнинг ҳикоялари
Масиҳ ҳақида Янги Аҳддаги гувоҳликлар ишончга сазоворлигининг сабабларидан бири улар шоҳидларнинг ўзи томонидан ёки шоҳидларнинг сўзидан ёзиб олинганлигидан иборат. Тарихчи доктор Луис Готтсчок ўзининг дастлабки манба аниқлигини тадқиқ этиш ҳақидаги асарида қуйидагиларни ёзган: «Ростини гапиришга қодирлик кўпинча гувоҳнинг ҳодисага яқинлигига боғлиқ бўлади. Бу ерда яқинлик ҳам географик маънода, ҳам хронологик маънода тушунилади»6. Янги Аҳд муаллифлари кимдандир эшитганларини шунчаки қайта сўзлаб беришмаган, балки ўзлари шахсан тадқиқ этган, кўп ҳолларда ўз кўзлари билан кўрган ҳодисаларни хабар қилишган:
- Бутруснинг иккинчи мактубида (1:16) шундай дейилади: «Биз Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрат билан келиши ҳақида сизларга маълумот берганимизда, уйдирма афсоналарни гапириб келмадик. Унинг салобатини ўз кўзимиз билан кўрганмиз (курсив бизники. – Ж. ва Ш. М.).
- Юҳаннонинг биринчи мактуби (1:1) бизга шуни хабар қилади “Азалдан бор бўлган Ҳаёт Каломи борасида биз эшитиб томоша қилган, кўзларимиз кўрган, қўлларимиз сезганини сизларга маълум қилмоқдамиз”.
- Луқо Исо “азоб чекиб ўлгандан кейин, қирқ кун мобайнида ҳаворийларига зоҳир бўлиб... кўп ишонарли исботлар билан Ўзини барҳаёт қилиб кўрсатар эди” деб ёзади (Ҳав. 1:3).
- Ҳаворийлар фаолияти китобида (2:32) ҳаворий Бутруснинг гувоҳлиги келтирилган: «Ана бу Исони Худо тирилтириб қўйди, биз ҳаммамиз эса бунинг гувоҳларимиз» (курсив бизники. – Ж. ва Ш. М.).
- Юҳанно баён этган Хушхабар қуйидагиларни айтади: «Ана шу шогирд бу ишларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, сиз ишонишингиз учун уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз.» (Юҳ. 19:35).
Гарчи ўша гувоҳларга тажовуз қилишсада, уларни калтаклашиб, ҳибсга олишсада, баъзиларини эътиқоди учун ҳатто ўлдиришсада, шундан кейин ҳам гувоҳлик қилишда давом этарканлар, ҳаворийлар тирилган Масиҳга бўлган ишончга воз кечишдан бош тортганлар. Ҳаворийлар фаолияти китобининг дастлабки боблари яққол кўрсатишича, ҳаворийлар Масиҳнинг тирилганини қувғинлар ичра эълон қилдилар. Улар Исонинг ўликдан тирилганига ишонлари комил бўлиб, ўз ихтиёрлари билан ҳаётларини хавф остига қўйишган. Масалан, тирилиш ҳақида омма олдида ваъз қилганлик учун диний етакчилар ҳаворийларга тажовуз қилишди, кейин эса уларни қамоққа ташлашди. Шунга қарамай, Бутрус ва Юҳанно бундай жавоб беришди: “Ўзларингиз қарор қилинглар, Худодан кўра кўпроқ сизларга қулоқ солишимиз Худо олдида тўғри бўладими? Биз кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз” (Ҳав. 4:19–20).
Ҳаворийлардан кимдир ўз имонидан кечгани ҳақида ҳеч қандай гувоҳликлар йўқ. Улардан баъзилари азобли ўлимни қабул қилгани бизга муқаррар маълум7. Гарчи бу тирилиш ҳақиқатан ҳам содир бўлганини тасдиқламасада, ҳаворийлар бунга ҳақиқатан ишонганини яққол кўрсатади. Улар эса ёлғончи эмасдилар8.
Гувоҳликлардаги фарқланишлар уларнинг тарихий ишончлилигини шубҳа остига қўядими?
Балки, биз Муқаддас Китобдан топадиган, Масиҳнинг тирилгани ҳақидаги баёнларнинг ишончлилигига қарши бўлган, энг кўп тарқалган эътирозлардан бири, бу – уларнинг бири бошқасига зид келиши ва шу боис ишонса бўладиган тарихий гувоҳликлар эмаслиги ҳақидаги таъкиддир. Мисол учун, тўртта Хушхабар бизга Марям тирилган Исони кўрган биринчи киши бўлганини айтади, айни пайтда Коринфликларга Биринчи мактубда (15:5) илк гувоҳ Бутрус бўлгани айтилган. Хушхабарчи Марк Исога атир суртиш учун қабрга борган аёллар “қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ кийимли бир йигитни” кўрганини айтади» (Марк. 16:5). Хушхабарчи Матто фариштанинг кийими “қор каби оппоқ” бўлганини ёзади (Мат. 28:3), ҳаворий Луқода эса: «…бирдан олдиларида ялтироқ кийим кийган икки зот” пайдо бўлганини ўқиймиз (Луқо. 24:4). Ахир, бу хабар беришлар бир-бирига зид бўлиб, шу билан ўзларининг ишончлилигини шубҳа остига қўймаяптими?
Йўқ. Таъкидлар фарқ қилиши мумкин, лекин шунга қарамай, бир-бирига зид эмас. Балки бу фарқларнинг ҳар бири чин эканини тушунтирувчи изоҳлар бор бўлиши мумкин. Тегишлича, исбот қилиш юки таъкидлар ҳал қилиб бўлмайдиган даражада бир-бирига зид деб ўйлаётганларнинг зиммасидадир.
Гарчи тўртта Хушхабарда ҳақиқатан ҳам қийин жойлар бор бўлсада, олимлар бу – асл қарама-қаршилик деган хулосага келишга шошилмасликлари зарур. Ҳозирги вақтда олимларнинг аксарияти Хушхабар жанри, бу – ҳаётни қадимги юнон-римча тасвирлаш деган фикрга қўшиладилар. Бу жанр муаллифларга одамлар одатда кундалик мулоқотда воқеаларни баён қилишда қўллайдиган шунга ўхшаш мослашувчанлигини намойиш қилишга имкон беради. Мисол учун, Луқо “телескоплаштириш” деб номланган усулни қўллайди, унда турли хил тарихларни оддийлаштириш учун вақт қисқартирилади. Хусусан, у тирилиш вақти, тирилган Масиҳнинг намоён бўлиш вақти ва Унинг арши аълога кўтарилишини шундай қисқартирадики, худди бу ҳодисалар Фисиҳ якшанбасида содир бўлгандек таассурот уйғотиши мумкин. Лекин Юҳанно баён этган Хушхабар бу воқеалар бир кунда бўлмаганини кўрсатади. Бу зиддиятми? Йўқ. Аксинча, Хушхабарчи Луқо фойдаланган бундай “қисқартириш” ҳаётни юнон-римча тасвирлашдаги оддий стилистик усул эди. Бундай фарқланишни зиддиятли деб аташ – жанр қонунларини билмаслик бўлиб, умуман Хушхабарларнинг ишончлилигини шубҳа остига қўймайди.
Янги Аҳднинг марҳум тадқиқотчиси Жон Уэнем ўзининг “Фисиҳ жумбоқлари” китобида Масиҳнинг тирилиши билан боғлиқ бўлган воқеаларни уйғунлаштиришни талаб қилади. У Хушхабар матнларини синчиклаб тадқиқ этиш асосида шундай хулосага келган:
Хушхабар муаллифлари ростгўй ва яхши одамлар бўлганига менда шубҳа йўқ эди… бироқ мен ҳамма баён қилишлар ҳар бир тафсилотигача аниқ деб ҳисоблаш тарафдори эмасдим. Ҳақиқатан ҳам ўзимнинг илк тадқиқотларимда гўёки бу зиддиятларни ҳал қилиб бўлмайди, деган таассуротда эдим…
Ўқишим мумкин бўлган ҳамма нарсани ўқиб бўлгач ва юнонча матнни ўрганиб чиқарканман, жумбоқнинг кўп қисмлари биргаликда йиғилишини аниқладим. Энди тирилиш ҳақидаги бу қиссалар ҳодисаларни аниқ ва қарам бўлмаган ҳолда анча таъсирчан намойиш қиладигандек туюлмоқда, чунки юзаки ўрганганда, улар бир-бирига жуда зид бўлиб туюлади, лекин чуқурроқ қараб чиқилганда, барча тафсилотлар аста-секин ўз ўрнига тушади9.
Мавжуд бўлган фарқларга қарамай, тирилиш ҳақидаги ҳикояларни янада синчиклаб таҳлил қилиш уларнинг яширин умумийлигини кўрсатади. Файласуф Стивен Дэвис таъкидлайди:
Тафсилотлардаги фарқларга қарамай, тўртала хушхабарчи биз асос бўлувчи далиллар деб айтишимиз мумкин бўлган далиллар тарафдоридир. Уларнинг ҳаммаси ҳафтанинг биринчи куни тонг чоғи орасида магдалалик Марям ҳам бўлган қандайдир аёллар қабрга боргани; уни бўш кўргани; фаришта ёки фаришталарни кўргани; уларга Исо тириклиги айтилгани ёки бошқача бир тарзда маълум бўлгани ҳақидаги таъкидда якдилдирлар. Хушхабарчи Юҳанно ва бу “синоптиклар”нинг* камида биттаси орасида қуйидаги бандларнинг ҳар бири бўйича ҳайратомуз якдиллик бор: аёллар ўзлари топган хабар ҳақида Бутрус ва/ёки бошқа шогирдларни хабардор қилишди, Бутрус қабрга борди ва унинг бўш эканини кўрди, тирилган Исо аёллар олдида намоён бўлди ва У уларга шогирдлари учун насиҳат берди10.
* Яъни Матто, Марк ва Луқо, дастлабки уч Хушхабар муаллифларини ҳам синоптик (юнонча синоптикос, айнан “бирга кузатувчи” сўзидан) деб аташади, чунки улар кўп жиҳатдан бир-бирини такрорлайдилар, мазмунан ва стилистик жиҳатдан бошқалардан фарқ қилувчи Юҳанно баён этган Хушхабар ҳақида бундай деб бўлмайди. – Тарж. изоҳи.
Гувоҳликлардаги яққол фарқланишлар уларнинг ишончлилигига далил бўла оладими?
Ҳуқуқшунослар, файласуфлар, тарихчилар, журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар бу аниқ фарқлар Хушхабарлар ишончлилигининг аҳамиятини камайтириш ўрнига, аслида уни тасдиқлашини аниқлашган. Н.Т.Райт Хушхабарлар матнларидаги мос тушмаслик ва ҳодисаларни тасвирлашдаги қандайдир “шошилишлар” фақат уларнинг қимматини оширишини таъкидлайди. «Шоҳиднинг гувоҳлиги, – дейди у, – айнан шундай кўринишда бўлиши ва жаранглаши зарур»11.
Доктор Пол Майер “тирилиш ҳақидаги ҳикоялардаги турлича кўринишлар, уларнинг бир хиллигини бузиш ўрнига, аслида, тасдиқлайди” деган хулосага келади. Бу фарқлар ўз ибтидосини бу фарқларни туғдириш учун шубҳасиз содир бўлиши зарур бўлган ҳодисалардан олган бир нечта ўзаро боғлиқ бўлмаган анъаналар мавжуд бўлганини тасдиқлайди»12.
Энди эса, келинг, ўша биринчи Фисиҳда нималар бўлганини тушунмоқчи бўлсак, изоҳ беришимиз зарур бўлган гувоҳликлардан баъзиларига назар ташлайлик.
Книга на Узбекском языке: - Факт изменивший ход истории (Джош и Шон Макдауэлл)