Mishel Larou. Enaga yordamga shoshadi - (1–Qism,1–Bob) Kitob O'zbek tilida
Энага ёрдамга шошади (Мишель Лароу) Ўзбек тилида Аудиокитоб
МУНДАРИЖА
Ташаккурнома
Сўзбоши
Энагадан
I–Қисм. Болаларни тўғри тарбиялаш асослари
1–Боб. Оила бошқарувчиси ким?
2–Боб. Бола тарбиялашнинг муваффақиятли беш тамойили
3–Боб. Ота ва она – якдил жамоа
4–Боб. Интизом – ҳақоратли сўз эмас
5–Боб. Ижобий, амалий ва ақлли бўлинг.
II қисм. Болаларни тарбиялаш жараёнида тез–тез юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий маслаҳатлар
6–Боб . Чақалоқни ухлатамиз
7–Боб. Икки-уч ёшли ва мактабгача ёшдаги болаларда уйқу билан боғлиқ муаммолар
8–Боб. Нонуштага чупа–чупс ва энаганинг бошқа чекловлари
9– боб. «Бу менинг тувагим, истаган вақтимда йиғлашим мумкин!»
10–боб. Шу кундан бошлаб ҳеч қандай жазавага ўрин йўқ
11–Боб. Болага тишлашни йўқотишни ўргатамиз
12–Боб . Сўрғич ҳақида қизғин баҳслар
13–боб. Танаффус олиш вақти келди
14–Боб. Фарзандимнинг нимасидир бошқачами?
15–боб. Болани бошқа одамлар билан бирор нарсани алмаштиришга қандай ўргатиш керак?
16–Боб. Болани тозалик ва тартибга ўргатамиз
17–Боб. Рақобат ёки ҳамкорлик?
18–Боб. “Маҳлуқ”ни бўйсундирамиз
III–қисм. Ота-она қувончлари
19–Боб. Ёш болаларнинг қийин саволлари
20–Боб. Чексиз қизиқувчанлик
21–Боб. «Сен буни уддалайсан!»
22–Боб. Оталар ва оналарга қаратилган далда сўзлар
I ҚИСМ.
ФАРЗАНДЛАРНИ ТЎҒРИ ТАРБИЯЛАШ АСОСЛАРИ
1 БОБ.
ОИЛА БОШҚАРУВЧИСИ КИМ?
Нима учун ҳозирги эркак ва аёллар ота-она бўлишдан қўрқишади? Қачондан бери боланинг ота-онаси бўлиш ўрнига унинг энг яқин дўсти бўлиш урфга айланди? Замонавий жамиятда, кўп ота-оналар асосий, лекин жуда муҳим ҳақиқат ҳақида унутдилар, яъни улар ўз фарзандларига раҳбарлик қилиб ва етакчилик вазифасини олишлари керак. Бундан ташқари, кўпгина болалар ота-оналарининг бундай вазифадан қўрқишларидан фойдаланиб, кичик диктаторларга айланадилар, катталарни ўзларининг ҳар бир инжиқликларини бажаришга ўргатадилар.
Муқаддас Китобда Худо бизга фақат ўзимиз эплашимиз мумкин бўлган вазифаларни ишониб топшириши ва бунинг учун барча зарур нарсаларни бизга бериши ҳақида айтилган (қаранг: 1 Кор. 10:13). Шундай қилиб, ўзингизни номукаммал тарбиячи каби ҳис қилсангиз ҳам, фарзандларингизни катта қилишингиз учун керак бўлган ҳамма нарсани сизга Худо тақдим этган, дея ишонтириб айтаман. Эҳтимол, сиз фақат тўғри таълим бир неча тамойилларини ўрганишингиз ёки болаликда шаклланган нотўғри андазаларни бартараф қилишингиз керакдир. Ана шунда сизнинг ҳаётингизда мўъжиза юз беради: сиз фарзандларингизга керак бўлганидек онага ёки отага айланасиз.
БОЛАНГИЗ БИЛАН ИШОНЧЛИ МУНОСАБАТЛАРНИ ЎРНАТИНГ
Фарзанд кўриш бахтига эришган кўпгина ота-оналар нима қилишни билишади: бебаҳо кичкинтойларини овқатлантириш, уни кийинтириш, йиғлаганда эътибор бериш ва унга севги бағишлаш керак. Кўпчилик янги оналар ва оталар тезлик билан чақалоқни парваришлаш асосларини ўрганишади, улар ҳатто бу асослар жондан азиз фарзандларини келажакда ривожлантириш учун қанчалик муҳим эканлигини англаб етишмайди.
Сиз янги туғилган чақалоққа ғамхўрлик қилаётганингизда – уни овқатлантираётганингизда, кийинтираётганингизда, унинг йиғисига жавоб бераётганингизда ва унга севгингизни тақдим қилаётганингизда, орангизда ишонч муносабатлари ўрнатилади. Сизнинг кичкинтойингиз, сиз унинг эҳтиёжларини қондираётганингизни ва у сизга бутунлай қарамлигини тезда билиб олади. У ҳаётининг биринчи кунидан бошлаб, сизга ишонишни бошлайди ва бу ишонч унга хавфсизлик ҳиссини беради. Буюк забурчи шоҳ Довуд ёзганидек «Онам бағрида Ўзинг мени омон сақлаган эдинг» (Забур 21:10). Болангизга унинг энг долзарб эҳтиёжларини қондириш учун сизга ишониши мумкинлигини кўрсатиб, сиз ота-оналик обрўингизни мустаҳкамлайсиз ва болангизни яхши ва содиқ Худога ишонишига тайёрлайсиз.
Боланинг атрофидаги дунёга бўлган ишончи ва унинг ишонч ҳисси, сизнинг овозингиз ва тана ҳаракатларингизнинг ифодасига боғлиқ. Йиллар давомида, “энг муҳими, нима гап айтилгани эмас, балки қандай айтилгани” деган эски мақол қанчалик тўғри эканлигига ишондим. Сиз болангизга ишонч билан ёндашсангиз, у ўзини хавфсиз ҳис қилади. Ва бола ўзини хавфсиз ҳис қилганда, у хотиржам бўлади.
Агар бирор киши илк маротаба янги туғилган чақалоқни қўлига олганини кўрган бўлсангиз, унинг ҳар бир ҳаракатидаги ташвиш ва ишончсизликни сезгандирсиз. Энди бундай қўлларда чақалоқ қандай бўлишини тасаввур қилинг! Агар унинг ўрнида сиз бўлганингизда сизнинг жавоб ҳаракатингиз қандай бўлар эди? Гўдаклар катталарнинг ташвиши ва зўриқишини сезиб, шунга яраша жавоб бера оладилар. Агар кимдир сизни ўз қўлларида ушлаб нима қилишни билмай турса, бундай ишончсиз одамнинг қўлида узоқ вақт қолишни исташингизга шубҳа қиламан. Бола билан ишончли муносабатларни ўрнатишнинг ишончли усули – уни жисмоний ва ҳиссий зўриқишни бошдан кечирмайдиган тарзда ушлаб туришга ўрганишингиздир. Агар сиз уни қўлингизда тўғри тутсангиз, у тез орада вазиятни назорат қилишингизга ишонади ва нима қилаётганингизни билади. Чақалоқлар уларни маҳкам қучоқлаб туришларини севадилар – бунда улар таниш юрак уришини эшитадилар. Баъзан йиғлаётган чақалоқни тинчлантириш учун уни юмшоқ адёлга ўраб, бағрингизга босиб, унинг бошини юрагингиз олдида бўлиши учун ушлаб бир оз қўлда тебратиш кифоя.
Агар нотаниш болани қўлингизга олсангиз, дастлаб унинг кўзига қарамасликка ҳаракат қилинг: чунки бу унда жуда кучли таассурот қолдириши мумкин. Агар чақалоқ етарлича катта бўлса (тахминан бир ой) ва бошини ушлаб тура олса, уни бир қўл билан қўлтиғининг остидан, бошқа қўлингиз билан тагидан олинг ва қорнингизга босинг, чақалоқнинг юзи сиздан юз ўгирилган ҳолатда бўлсин. Шу вазиятда,у ўзини ишончли ҳис этади ва таниш муҳитини кузатиш ва ўз дунёсини текшириб имкониятига эга бўлади.
(Бу бола онасига тегишли бўлмаган атирингизнинг нотаниш ҳидини хатосиз билади, уни безовта қилмаслик муҳим аҳамиятга эга.)
Баъзан янги туғилган чақалоқлар жуда чарчайдилар, кейин улар, “Мени бу ердан олиб кетинглар”, дегандай йиғлайдилар. Вақт ўтиши билан болангизнинг йиғисидаги фарқларни ўрганасиз. Йиғлаш сабаби чарчоқ бўлса, хира нур остида уни қўлингизда аста-секин юқорига ва пастга, чап ва ўнгга тебратиш кифоя. Бола одатда оҳиста ритмик ҳаракатларни яхши кўради, уни тебратиб, “А–а–а, менинг кичкинтойим” деганингизни яхши кўради.
Бола билан ишончли муносабатларни ўрнатишнинг яна бир яхши усули– бу бирор нарсадан безовта бўлганида уни юпатишдир. Одатда қорнида “дам” ҳаво билан қийналган чақалоқни, уни орқаси билан ётқизиб қўйиб ва айлана ҳаракатда қоринчасини силаганингизда ёки оёқчаларини олиб, «велосипед» қилганингизда тинчланади. Бироқ, «ичак санчиғи» билан чақалоққа ташхис қўйишга шошилманг. Албатта, уларнинг айримларида баъзан жуда аниқ аломатлар пайдо бўлади, аммо чарчоқ ва умумий асабийлашишдан токи қаттиқ қорин оғриғигача бўлган барча аломатларни санчиқ деб атай бошлашдилар. Ишончим комилки, деярли ҳар бир бола ўзини катталар ҳимоясида ҳис қилса, тинчланади. Бунинг учун сиз болани қўлингизга олишингиз кифоя.
Сизнинг майин ва меҳрли сўзларингиз, ёқимли тегинишларингиз хавфсизлик муҳитини яратади, боланинг ишончини уйғотади ва бу сизнинг ишончли муносабатингизга замин яратади. Агар бола хотиржам бўлиб, ота-онасининг ҳимоясини ҳис қилса, уларга бўйсуниши табиий. Агар ота-она гўдаклигидан бошлаб, боланинг барча ҳаётий эҳтиёжларини қондирса, нима учун келажакда ҳам шундай бўлишига шубҳа қилиш керак? (Албатта, болангиз юришни ўргана бошлагач, у сиз ўрнатган қоидаларни бузишга ҳаракат қилади. Кўпинча биринчи улғайиш даври деб аталадиган бу пайтда болалар номаъқулчилик қиладилар. Аммо улар тўполон бошлаганларида , сиз аслида гўдаклиги учун уларни яхши кўришингизни биладилар. Шунингдек, сиз уларни ҳимоя қилиш ягона мақсадида нималарнидир чеклашингизни ёки «йўқ» деб айтишингизни биладилар.)
Оила институти яратилиши замирида катта тафаккур жамланган. Болангиз ривожланишининг ҳар бир босқичи ғиштга ўхшайди. Гўдаклик даврида болалар ота-оналарига ишонч ҳиссини ривожлантирадилар, у мактабгача даврда ва катта ёшда мустаҳкамланади; ота-оналарининг ғамхўрлигини сезган болалар эса улғайганларида, ҳеч шубҳасиз, ўзларининг ишонч туйғуларини яхши ва меҳрибон Самовий Отага бағишлайдилар.
ЎЗИНГИЗ УЧУН ҚУЛАЙ БЎЛГАН
КУНДАЛИК ТАРТИБ ЎРНАТИНГ
Ҳар бир ота-она чақалоқ туғилганидан кейин уйдаги ҳаёт бутунлай ўзгариб кетиши мумкинлигини билади. Сиз тўсатдан бутунлай ҳимоясиз жонзот учун масъулият юкини кўтарасиз, шунингдек, энди сурункали равишда уйқуга тўймайсиз. Сизнинг эски ҳаётингиз бўлмагандай, сизнинг яхши ўйлаб тузилган кундалик ҳаётингиз олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеаларга бой бўлади...
Ва кундан–кун аҳвол тобора ёмонлашади.
Хўш, сиз қандай ота-она бўласиз? Сиз ота-онангиз сизни тарбиялагани каби, ўз болангизни тарбия қила оласизми? Ёки бола ўстиришнинг ўзингизга хос йўлини тутасизми?
Янги туғилган чақалоқни парвариш қилишнинг бир қанча назариялари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: боланинг биринчи талаби билан унинг эҳтиёжларини жадвал бўйича қондириш ёки болага йиғлаб олишига имкон бериш. (Ушбу ёндашувларнинг ҳар бирини 6–бобида батафсил муҳокама қиламиз.) Шахсан, мен чақалоқни жуда ҳам талтайтириб юбориш керак эмас деб ҳисоблайман, шунингдек, мен аниқ бир жадвал билан яшайдиган кичкинтойлар – энг хотиржам ва баҳузур чақалоқлар деб биламан. Ва энг баҳузур оналар – чақалоғининг кун жадвалига риоя қилиб яшайдиганлардир!
Мен билган энг яхши кун жадвали бу қуйидаги кетма–кетликда тузилган жадвалдир: чақалоқни уйғотиш, уни озиқлантириш, кийимини ўзгартириш, уйқу, яна уйғотиш, уни озиқлантириш, кийимини ўзгартириш, уйқу. Гўдак ҳаётининг дастлабки босқичида асосий нарса ҳаракатларнинг муайян вақти эмас, балки уларнинг кетма–кетлигидир. Бошқача қилиб айтганда, болани кундузи соат иккида овқатлантириш шарт эмас, уни ўйғонгандан кейин овқатлантириш жуда муҳим. Муайян ҳаракатлар кетма–кетлиги чақалоққа кейин нима бўлишини билиш имконини беради. Бундан ташқари, сиз нима қилмоқчи эканлигингизни унга айтинг. Бу ҳам ўрталарингизда ишончли муносабатларни бошлаш учун яхши восита. Бола унга нима деяётганингизни тушунмаслиги мумкин бўлса–да, у сизнинг овозингизни эшитишни ва сиз билан мулоқот қилишингизни яхши кўради.
Қуйидаги бобларда, кундалик тартиб қанчалик муҳим эканлиги ва болангиз улғайиши билан қандай ўзгартирилиши кераклиги ҳақидаги масалага тўхталамиз. Ҳозирча ўзингизни бўш қўйинг ва ўз қобилиятингиз ҳақидаги шубҳаларни тарқатинг.
ЭМАКЛАЙДИГАН ЁШДАГИ БОЛАЛАРГА ХОНАДОНДА КИМ БОШҚАРУВЧИ ЭКАНЛИГИНИ АНГЛАТИНГ
Айнан бола юра бошлаган даврда, уйни ким бошқараётганини кўрсатиш жуда муҳимдир. Мен одамларнинг «даҳшатли икки яшар болалар» ва «маккор уч яшар болалар» ҳақидаги гапларини эшитганимда, доимо безовта бўлардим. Болалар на даҳшатли, на ҳийлакор–маккор бўлиши мумкин, гарчи баъзида уларнинг хатти-ҳаракати шундай кўриниши мумкин.
Ота-оналар учун менинг энг муҳим маслаҳатимдан бири шуки, боланинг туғилган пайтидан бошлаб интизом зарур, деб ҳисобланади. Интизом – моҳиятан «тарбия бўлиб, унинг мақсади ахлоқий ёки ақлий такомиллашувни, феъл–атворнинг муайян хислатини ёки ҳаракат турини ривожлантиришдир». Агар шундай бўлса (4–бобда муҳокама қилинадигандек), фарзандларимиз эҳтиёжларини қондирган ҳолда бизга боғлиқ эканликларига ўргатиб, уларни интизомга ўргатган бўламиз.
Биринчи марта нимадир (нима бўлса ҳам) қилиб, сиз ўрнак бўлиш тартибини ўрнатасиз. Ва мабодо уйингизда кичкина “золим” ҳукмдор пайдо бўлишини истамасангиз, энг муҳим қоидани эслаб қолинг: изчиллик кўрсатинг. Агар бирор масалада ноҳақ бўлсангиз ҳам, барибир изчил бўлинг.
Масалан, мен энага сифатида ўз фаолиятимни бошлаганимда, болалар машина ичига ўйинчоқ олишмайди, деб туриб олдим, негаки улар ўриндиқларда уёқдан бу ёққа ўтаётганларида бу ўйинчоқларни излаш ёки машина ҳайдаб кетаётганимда бошимга шу ўйинчоқлар билан тушириб қолишларини истамадим. Болалар машинага ўйинчоқни олиш мумкин эмаслигини доимо билишар ва бу борада асло баҳслашмас, қоидани хотираларида мустаҳкам тутган ҳолда инжиқлик қилишмасди: машинада ўйинчоқ кеча йўқ эди, бугун ва эртага ҳам бўлмайди.
Ўтмишга назар ташлаб, шуни тушундим: агар болаларга машина ичига ўйинчоқ олишларига рухсат берганимда бу уларни масъулиятли бўлишларига ўргатиши мумкин эди (шунингдек, жанжалдан тўхтатиб қоларди!). Гарчи бу кейинчалик бекор қилинган қоидалардан бири бўлса ҳам, мен болалардан ҳали кичкина бўлган пайтларида ҳам бу қоидалар бажарилишини изчил талаб қилганман, бу эса мен учун қоидадан кўра муҳимроқ эди. Фарзандларингизга ўйинчоқларни машинада олиб юришга рухсат берилмаганлиги масаласида психотерапия курсидан ўтишларига ҳожат йўқдир, бироқ сиздаги қатъиятсизлик туфайли бир кун келиб улар руҳшуносга мурожаат қилишлари мумкин.
Шунинг учун уйингизда «Фақат ошхонада овқатланамиз» деган қоида мавжуд бўлса, болангизга илк бора ошхонадан ташқарида кечки овқатни ейишига рухсат берсангиз, у бу қоиданинг дахлсизлигига шубҳа билан қарайди. Тушунарлики, меҳмонхонада овқатланиш жиноят эмас, баъзи оилалар бошқаларига нисбатан бу масалада кўпроқ мойилдирлар. Гап шундаки, сизнинг қоидаларингиз ва кундалик ишларингиз қандай бўлмасин, уларга амал қилиш керак. (Агар сиз ўрнатган қоидаларнинг баъзилари оилангизга номақбул бўлиб қолганини англасангиз, ўз мавқингизни йўқотмаган ҳолда «фикрингизни ўзгартиришингиз» мумкин бўлган йўлни топинг. Бу ҳақда 2–бобда батафсил мулоҳаза юритилади)
НИМА ДЕБ ЎЙЛАЁТГАНИНГИЗНИ АЙТИНГ ВА БЕРГАН ВАЪДАНГИЗНИ БАЖАРИНГ
Болангизга берган ваъдангизни доимо бажаришингиз жуда муҳимдир. Масалан, қизингиз ресторанда ўзини ёмон тутади ва сиз унга: «Агар яна шундай қилсанг, биз бу ердан кетамиз», деб айтдингиз, лекин у яна шундай қилди ва сиз ҳеч қаерга кетмадингиз, демак, қизингизга сўзларингизнинг аҳамиятсиз эканлигини ўргатяпсиз. Агар ўз ваъдангизни бажаришга тайёр бўлсангизгина, фарзандингизга «биз кетамиз» деб айтинг. Бу, ҳаттоки тушлик таомини тановвул қилмасдан ва ҳамма оч бўлса-да, ҳақиқатдан ҳам сиз ресторанни тарк этасиз деган маънони англатади. (Официантдан тушлигингизни идишга солиб беришини илтимос қилинг, сиз уни кейинчалик хотиржам муҳитда ейишингиз мумкин.) Биринчи мартасидаёқ сўзингизни бажармаганингизда, фарзандингизга ўз мавқеингизга шубҳа қилиши учун асос берасиз. Бунга кафолат беришим мумкин. Сиз ўз сўзингизни бажармаётганингизни фарзандингиз англаши учун шунга ўхшаш биттагина вазият етарли бўлади.
Болалар ҳаракатини олдиндан айтиш қийин. Сиз ҳеч қачон улар кейинги сафар қайси беқарорлигингиз орқали сизни қўлга олишларини билмайсиз.
Фраклин П.Джонс
Тарбияланувчимдан бири уч ёшга тўлганида, унга орасида бир жуфт пластмасса омбир ҳам бўлган ўйинчоқлар тўпламини сотиб олишди. Болакай у билан бир куни дўстининг бурнини оғритиб чимчилади! Мен огоҳлантирдим: “Фақат бирор нарса қурилаётганда ёки таъмирланаётганда омбирни олиш керак. Агар омбирлар билан яна кимнидир чимчилаб олсанг, мен уларни ахлатга ташлайман”. Ишонаверинг, бола тағин шу қилиғини такрорлади! Мен (болага яна уларни қайтариб бериш васвасаси ўзимда бўлмаслиги учун) омбирни иккига бўлиб, ахлат челагига ташладим. Бола узоқ ва ҳасрат чекиб йиғлади. Мен ўзимни жуда ёмон энага каби ҳис қилдим, лекин билардим: бошқалар хавфсизлиги масаласига келганда, мен ушбу таҳдидни амалга оширмасам, бола менинг сўзларим амалга ошишига шубҳалана бошларди.
Ўтмишга назар ташлаб, мен шуни тан олмоқчиман: ўйинчоқ омбирни ташлаб юборишга тўғри келишини асло тахмин қилмагандим. Эҳтимол, «мен уларни кечқурунгача сендан олиб қўяман», дейишим яхшироқ бўларди. Лекин ушбу сўзнинг устидан чиқишим ўшандаги азобларим ва тўкилган кўз ёшларимга арзийди. Тез орада тарбияланувчим мактабга борди. Энди бу воқеани ҳаммага айтиб берар экан, у кейинги туғилган кунида янги ўйинчоқ омбирларни қабул қилиб олгани, аммо аллақачон бу воситанинг қўлланиш мақсадини билгани боис, кимнидир хафа қилиш мақсадида уни қайтиб қўлига олмаганидан фахрланади.
Бу болалар менинг бир сўзли одам эканлигимни аниқ биладилар, бу жазо ёки мукофот бўлишидан қатъий назар, мен доимо ўз ваъдамда тураман. Бу бизнинг бир-биримизга ишончли муносабатларимизнинг асоси бўлади ва болаларга ишонч ҳиссини беради.
Барча болалар катталар уларга қандай муомала қилсалар, ўзларини шундай тутадилар.
Номаълум муаллиф
БОЛАДАН ИМКОНСИЗ НАРСАНИ СЎРАМАНГ
Агар болангиз итоаткор бўлишини кутсангиз, унга ўзига хос талаблар қўйинг. Агар сизнинг талабларингиз аниқ бўлмаса, бола уларни қандай бажаради? Сиз ўғлингизга айтишингиз мумкин: “Яхши бола бўл”. Лекин бу нимани англатади? У бундай талабни қандай бажаришни билмайди. Бунинг ўрнига сиз унга айтасиз: “Мени диққат билан тинглашингни ва сўраганимни бажаришингни истайман. Ҳозир сен билан болалар майдончасига борамиз, биз у ерни тарк этаётганимизда сен жазавага тушишни бошламаслигингни истайман”. Ҳамма нарса жуда аниқ.
Болага оқилона, ёшига мос талаблар қўйиш жуда муҳим. Уч ёшли боладан самолётда жимгина китоб ўқиб ўтиришини талаб қилолмайсиз. Бундан кўра учишдан олдин унинг сумкасига иложи борича кўпроқ ўйинчоқлар ва ширинликларни солиб, унга шундай деганингиз маъқул: «Энди биз самолётда учамиз. Агар сен камида беш дақиқа давомида олдингдаги ўриндиқни орқадан тепмай ўтирсанг, онанг сумкасидан сен учун қизиқарли нарсаларни чиқаради».
Сиз, албатта, болангиз учун нима яхшилигини биласиз. Баъзан боладаги инжиқликларнинг олдини олиш учун у билан келишиш осонроқ бўлади («Ҳа, сен истаганингча болалар майдончасида бўламиз»), лекин бола бу ерда ким асосий бошқарувчи эканини тушунмайди. Агар сиз Худо томонидан берилган ота-она донолигининг яширин овозига қулоқ солсангиз, болангиз қачон чарчашини, қачон дам олиш учун уйга бориши кераклигини яхши биласиз, албатта. Бундай ҳолда, нега унинг чарчаб, жаҳли қўзишини болалар майдончасида кутиб туриш керак экан? Болангизнинг ўйинни давом эттираверишига изн беришингиз унинг тўсатдан жаҳлини чиқариб юборади, бироқ ҳеч қандай йўл билан тўсқинлик қилолмайди.
Ва агарда кичкинтой қачондир сизга ғазаб билан ўшқирса, “сен бу ерда бошлиқ эмассан!” деб бақирса, ҳайрон бўлманг. Унга хотиржамлик билан эътироз билдириб, катта ёшли инсон сифатида жавобгар эканлигингизни ва вақти келиб у ҳам ота-она бўлиб, масъул бўлишини тушунтиринг.
Болага сизнинг ўрнингизга қарорлар қабул қилиши учун рухсат берган вақтингиздан бошлаб, у ўзини хавфсизликда ҳис этмай қўяди. Агар у эндигина юришни ўрганишни бошланган бўлса, демак, сиз шу пайтга қадар унинг учун ҳамма нарсани ўзингиз ҳал қилгансиз. У фақат ишонч билан сизнинг ғамхўрлигингизни қабул қилиб, ўзининг ҳаётдаги бу нуқтасига бахтли ва соғлом етиб келди. Аммо боланинг бир неча сантиметр ўсиб, қисқа жумлаларни бир-бирига қўшиб, гаплаша бошлагани (уларнинг кўпчилиги «йўқ» сўзини ўз ичига олган) бутун оилани бошқариши мумкин дегани эмас. Ушбу китобни ўқиб чиқиб, болангизга сиз учун тўғри келадиган, мақбул вариантларни танлаш ҳуқуқи каби баъзи ҳуқуқларни беришни ўрганасиз. Ҳар йили сиз болага бир оз эркинлик бериб боришингиз мумкин, лекин ҳеч бир севувчи ота-она мактабгача ёшдаги болаига машина калитлари бериб, унда сайр қилишига изн бермайди.
Боланинг сизга боғлиқлик туйғуси қўрқувга эмас, балки ҳурмат ва мулойимликка асослансин.
Теренций
ҚАЙСИ ТАРБИЯ УСУЛИ ЯХШИРОҚ?
Тарбиянинг қайси усули энг самарали эканлиги ҳақида бир қанча фикрлар мавжуд. Болалар руҳшуноси Диана Баумринд учта усулни ажратиб кўрсатади: биринчиси ҳукмронликка, иккинчиси ҳамма нарсага рухсат беришга, учинчиси эса ҳурмат-эътиборга асосланади. Қайси бири сиз учун энг муносиб?
Ҳукмронликка асосланган усулни танлаган ота-оналар, болалардан итоаткорликни талаб қиладилар ва одатда уларнинг авлодлари одамови ҳамда қўрқоқ бўлиб ўсадилар. Ҳукмрон ота-оналар ҳаддан ташқари тажовузкор, шунинг учун уларнинг фарзандлари дилгирлик кайфиятига мос бўлиб, етарли даражада мақсадга эга эмаслар.
Ҳамма нарсага рухсат беришни амалиёт қилган ота-оналар, ўз фарзандларини ҳар қандай чекловлардан озод қиладилар ва ўзларини бошқаришга рухсат берадилар. Бундай оилаларда ота-она уйида тартиб-интизом йўқлиги туфайли зўравон, ўзбошимча ва қизиққон болалар вояга етади ва улар жамиятда ажралиб қоладилар.
Ота-оналар фарзандларини ҳурмат-эътиборга асосланган усулда тарбиялашса, “ўз фарзандларининг ҳаракатларини бошқаришга, муҳокамани рағбатлантиришга ҳаракат қилишади, аммо фарзандлар қулоқ солишмаса, улар устидан қаттиқ назорат қилишлари лозим. Одатда, бундай ота-оналар ўз фарзандларининг эҳтиёжлари ва манфаатларининг ўзига хослигини англаб, ортиқча қаттиққўллик қилмайдилар, лекин хатти-ҳаракатлар қоидасини белгилаб қўядилар. Бундай оилаларнинг фарзандлари жамият ҳаётига мослашувчандирлар; улар ўзларини назорат қила оладиган, ўзларига ишонган, мустақил ва киришимли бўладилар”.1
Бошқача қилиб айтганда, дунёдаги энг бахтли ва хотиржам болалар – бу болаларга бўлган севгининг фаол намоён бўлиши тамойилларига амал қилинган ҳолда ота-она нуфузига таяниб севги билан тарбияланган болалардир.
Менинг ўз уйимда қандай қилиб энг муҳим бўлишим мумкинлиги ҳақидаги хаёлларим кескин ва урфдан қолгандек туюлиши мумкинлигини биламан, аммо болалар тарбияси – бу бир ёқлама масала эмас. Бироқ ёдингизда бўлсин, яхши ота-она бўлиш учун мукаммал шахс бўлишингиз шарт эмас. Сиз ҳамма нарсани мутлақо тўғри қилишингизга ҳожат йўқ. Ҳар бир инсон хато қилади, ҳатто кечалари ота-оналарга нисбатан хотиржам ухлаши ва боладан холи бўлиш унинг ота-онасига қараганда ҳиссий жиҳатдан осонроқ кечадиган биз энагалар ҳам хатоликларга йўл қўямиз. Мана шу охирги жиҳат гўдакка нима фойдали эканлигини тушунишга ёрдам беради.
Бир кун шундай вақт келадики, сиз болангизга ўзингизнинг заиф томонингизни очиб, муваффақиятсизликларингизни тан оласиз ва у ҳар қандай инсоний хусусиятлар сиз учун бегона эмаслигини билиб олади. Тарбиянинг якуний мақсади, бир куни сизнинг болангиз улғайиб, сизнинг энг яқин дўстингиз бўлишидир. Мен кўп оналар ва оталар ҳайратланиб, ўз фарзандлари улғайишгач, улар учун яхши дўст бўлганлигини билганларида, қанчалик ажабланганликларини айтишганини эшитдим. Ўша кун келади. Лекин тез орада эмас. Ва менга ишонинг: агар болангиз мактабгача ёшда бўлса, бу кун ҳали келмаган.
Болангиз ҳаётининг эрта босқичида унинг хатти-ҳаракатларини аниқ ва равшан асосларда белгилаб қўйганингиз афзал. Бу ёшда ноаниқлик қанча кам бўлса, шунча яхши. Сиз – хўжайин, болангиз эса – бўйсунувчи. Ҳозирча унинг энг яхши дўсти ёки қиз дўсти бўлишга ҳаракат қилманг.
Бошлиқ роли сизни бироз қўрқитадими? Кейин сиз хўжайин ролини ўйнашга мажбур бўлганингизда (бунга тайёрлигингиздан қатъий назар) ўтиш босқичлари ҳақида ўйлаб кўринг ва кўчма маънода айтганда, ўзингизга жуда катта бўлган пойафзал кийишингиз керак бўлади. Сиз нима қилдингиз? Ҳойнаҳой, бу ролни ўйнашга рози бўлдингиз ва кейин токи қўлингиздан бирор нарса келмагунга қадар, албатта, бу ролни муваффақиятли бажараётганингиздек кўрсатиш учун ҳаракат қилдингиз. Шунинг учун, ёш авлод назарида талабчан, аммо меҳрибон – нуфузли бир шахсни тасаввур қилинг. Балки бу Мери Поппинсдир? Мария вон Tpаппми? Хоним Даутфейрми? Токи ролга тўлиқ киришмагунингизча, худди бу шахслардан бирининг ўрнида бўлиб қолгандек, етакчи ролини ўйнайверинг.
Ва Худо сизни бу йўлда мустаҳкамлаши учун ибодат қилинг, ибодат қилинг, ибодат қилинг. Агар сиз ўзингизни табиий тутсангиз ва баъзан бу каби ибодат қилсангиз жуда яхши бўлади: «Раббим, мен ҳар бир нарса учун масъул бўлишдан чарчадим. Бугун ўзимни кичкина қизчадек ҳис қиляпман. Сен менинг ҳаётимда ва оиламда энг асосийсан. Менга куч–қувват бер, менга донолик ва жасоратни ўргатгин, токи фарзандларим менинг ўзимда ва болаларга нисбатан тарбиямда Сени кўра олсинлар».
Битта яхши ибрат мингта ваъздан яхшироқ эканини билиб, яна бир бор болалар майдончасига ташриф буюрайлик – бу сафар ўзини дадил ҳис қиладиган ва катта ёшли инсон сифатида болага босим ўтказмайдиган, аммо ҳамдардлик билдириб, қатъий турадиган она билан бирга бўламиз. Кўрайликчи, бу она қизининг ишончини қозониш учун, унга севгисини билдириш учун ўз мавқеини мустаҳкамлаган ҳолда, болани тушунишга ўргатишда энаганинг қандай маслаҳатларидан фойдаланганини пайқай олармикансиз.
Книга на Узбекском языке: Няня спешит на помощь (Мишель Лароу)
Почему стоит купить книгу Мишель Лароу «Няня снова спешит на помощь»?
Трудно уложить ребенка спать? Не знаете, как вести себя, клогда он закатывает истерики или отказывается от еды? Не отчаивайтесь — НЯНЯ СПЕШИТ НА ПОМОЩЬ!
Делясь своим богатым опытом работы с детьми, автор подсказывает читателям, как справляться с проблемами, чаще всего возникающими при воспитании маленьких детей. С христианских позиций Лароу раскрывает основопологающие истины, благодаря которым мамы, папы и дети смогут получать больше радости от общения друг с другом.