Инжил

Марк баён этган Муқаддас Хушхабар

1. Инжил, яъни Худонинг Ўғли – Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабар шу билан бошланади.
2. Ишаъё пайғамбарнинг китобида ёзилганки: «Мен Сендан аввал элчимни юборарман, У Сенинг олдингда йўл ҳозирлаб юрар.
3. Чўл-биёбонда нидо янграмоқда: Худованд йўлини тайёрлангиз, Равон айлангиз сўқмоқларин! – дея».
4. Бу оят худди Яҳё пайғамбарга тўғри келади. У чўлда пайдо бўлиб, халқни имонга чақира бошлади. «Гуноҳларингиз кечирилиши учун тавба-тазарру қилинглар ва сувга чўмиб имон келтиринглар», – деб эълон қиларди.
5. Шунда бутун Яҳудия юрти бўйлаб яшовчилар ва барча қуддусликлар Яҳёнинг олдига чиқар, гуноҳларига иқрор бўлар ва Яҳёнинг буйруғи билан дарёга чўмиб имон келтирар эдилар.
6. Яҳё туя жунидан кийим кийиб, белига теридан камар боғлаб, чигирткаю ёввойи асал билан овқатланарди.
7. У халққа шундай деб эълон қиларди: «Орқамдан мендан ҳам Қудратлиси келмоқда. Мен энгашиб Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман.
8. Мен сизларни сувгагина чўмдириб юрибман, У эса сизларни Муқаддас Руҳга чўмдиради».
9. Ўша кунлари Исо Жалиланинг Носира шаҳридан келди, Яҳё Уни Ўрдун дарёсига чўмдирди.
10. Исо сувдан чиқиши биланоқ осмон очилиб, Муқаддас Руҳ каптардай учиб Исонинг бошига қўнгани кўрилди.
11. Осмондан эса: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан мамнунман», – деган садо эшитилди.
12. Муқаддас Руҳ Исони дарҳол чўлга ҳайдаб кетди.
13. Исо чўлда қирқ кун бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. У ҳайвонлар билан бирга яшар, фаришталар эса Унга хизмат қилишарди.
14. Яҳё қамаб қўйилгандан сўнг, Исо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди.
15. «Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар!» – деб эълон қилиб юрди.
16. Исо Жалила кўли бўйидан ўтаётиб, кўлга тўр ташлаб ўтирган Симун ва унинг укаси Идрисни кўриб қолди. Улар балиқчи эдилар.
17. Исо уларга: – Менинг кетимдан юринглар, Мен сизларни инсон овчилари қиламан, – деди.
18. Улар эса дарҳол тўрларини ташлаб, Исонинг ортидан юришди.
19. Исо у ердан бир оз нари юргач, Забадий ўғиллари Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтиришган эди.
20. Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар эса оталари Забадийни ишчилар билан қайиқда қолдириб, Исонинг орқасидан юришди.
21. Улар Кафарнаҳум шаҳрига кириб келишди. Жума куни кеч киргач, Исо яҳудий ибодатхонасига бориб, таълим бера бошлади.
22. Халойиқ Исонинг таълимотига ҳайрон қолди. Чунки У одамларга уламолар каби эмас, балки қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди.
23. Ўша ибодатхонада ёмон руҳга чалинган бир одам бор эди. У тўсатдан қичқириб юборди:
24. – Эй носиралик Исо! Бизда нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Азизисан!
25. Бироқ Исо ёмон руҳга дўқ уриб: – Жим бўл ва ундан чиқиб кет! – деди.
26. Ёмон руҳ у одамни ларзага солди-да, овози борича бақириб, унинг вужудидан чиқиб кетди.
27. Ҳаммани ваҳима босди. Ўзаро фикр юритиб: – Бу нима гап? Бу қанақа янги таълимот экан? У ёмон руҳларга ҳам қудрат билан буюради, руҳлар эса Унга бўйсунади! – дейишди.
28. Шундай қилиб, Исо ҳақидаги шов-шув тезда бутун Жалила юртига ёйилиб, ён-атрофга овоза бўлди.
29. Ибодатхонадан чиққан ҳамон Исо Ўзи билан Ёқуб ва Юҳаннони олиб, Симун ва Идриснинг уйига боришди.
30. Симуннинг қайнонаси иситмалаб ётган эди. У ҳақда Исога айтиб қолишди.
31. Исо аёлнинг ёнига бориб, қўлидан ушлаб кўтарди. Шу заҳоти иситма тушди ва аёл хизматга тутинди.
32. Қуёш ботиб, кеч кирган пайтда, барча касаллар ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб кела бошлашди.
33. Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилиб қолди.
34. Исо талай дарду иллатлардан қийналганларни соғайтирди. Кўп жинларни қувиб чиқарди, уларнинг сўзлашига эса имкон бермасди. Чунки жинлар Исонинг Масиҳлигини билар эдилар.
35. Эрталаб Исо жуда барвақт турди ва шаҳардан ташқарига, хилват жойга бориб, ибодат қилди.
36. Симун ва унинг жўралари Исонинг орқасидан боришди.
37. Исони топиб: – Ҳамма Сени излаяпти-ку! – дейишди.
38. Исо уларга: – Яқин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу мақсад учун келганман, – деди.
39. Шундай қилиб, Исо бутун Жалила юртини кезиб чиқиб, маҳаллий ибодатхоналарда воизлик қилар ва жинларни қувиб чиқарар эди.
40. Бир мохов Исога яқинлашиб, Унинг олдида тиз чўкканча ялинди: – Агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан.
41. Исонинг унга раҳми келиб, қўлини узатди ва унга тегизиб: – Истайман, пок бўл! – деб қўйди.
42. Буни айтар-айтмас, у одамнинг моховлиги ариб, пок-покиза бўлиб кетди.
43. Исо эса унга жиддий танбеҳ бериб:
44. – Менга қара! Ҳеч кимга ҳеч нарса айтма, лекин бориб руҳонийга кўрин ва соғайганингни тасдиқлат, бундан далолат бўлиши учун Мусо пайғамбар буюрган қурбонликларни келтириб бер, – деди-да, уни дарҳол жўнатиб юборди.
45. У киши чиқибоқ, рўй берган ҳодиса ҳақида ҳамма ёққа эълон қила бошлади. Натижада Исо энди бирор шаҳарга очиқ киролмайдиган бўлиб қолди. У шаҳардан ташқарида, хилват жойлардагина бўларди. Шунга қарамай, халойиқ ҳар томондан Унинг олдига келар эди.
1. Бир неча кундан кейин Исо яна Кафарнаҳум шаҳрига келди. Унинг уйда эканлиги маълум бўлгач,
2. тезда кўп халойиқ тўпландики, ҳатто эшик олдида ҳам жой қолмади. Исо эса халққа Худонинг сўзини айтарди.
3. Шу орада тўрт киши кўтариб келаётган бир шол одамни Унинг олдига олиб келишди.
4. Халқ кўплигидан Исога яқинлашиш имконини тополмай, улар Исо ўтирган уйнинг томини тешиб туйнук очишди ва шолни тўшаги билан туширишди.
5. Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга: – Болам, гуноҳларинг кечирилди, – деди.
6. Бу ерда баъзи уламолар ўтирган эдилар. Улар ўзларича:
7. «Нега У бундай шаккоклик қиляпти? Гуноҳларни ёлғиз Худодан бошқа ким ҳам кечира олади?» – деб ўйлар эдилар.
8. Исо шу онда уларнинг мулоҳазаларини руҳан пайқаб, уларга деди: – Нега сизлар дилларингизда бундай мулоҳаза қиляпсизлар?
9. Нима осонроқ? Шолга: «Гуноҳларинг кечирилди», деб айтишми, ёки: «Ўрнингдан тур, тўшагингни олиб юр», деб айтишми?
10. Лекин Инсон Ўғлининг ер юзида гуноҳларни кечириш қудрати борлигини ҳам билиб қўйинглар! У шундай деди-да, шолга қараб:
11. – Сенга айтаман, ўрнингдан тур, тўшагингни олу, уйингга кет! – деди.
12. Шол шу ондаёқ ўрнидан туриб кетди-ю, тўшагини кўтариб, ҳамманинг кўз олдида чиқиб кетди. Барча ҳайратга тушди. – Биз ҳеч қачон бундай ҳолни кўрмаган эдик! – деб Худони олқишлар эдилар.
13. Исо яна кўл бўйига чиқди. Тумонат халойиқ Унинг олдига тўпланди. Исо уларга таълим берди.
14. У ердан ўтаётиб, Исо солиқ йиғадиган жойда ўтирган Алфей ўғли Левийни кўриб қолди. – Менинг орқамдан юр! – деди унга Исо. Левий эса ўрнидан туриб, Исонинг орқасидан эргашди.
15. Кейин Исо Левийнинг уйида меҳмон бўлиб ўтирди. Исо ва шогирдларидан бошқа кўп солиқчилар ва ҳар хил гуноҳкор одамлар ҳам еб-ичиб ўтирарди. Булар сингари Исога эргашувчи одамлар кўп эди.
16. Исо солиқчилар ва гуноҳкорлар билан бирга еб-ичиб ўтирганини уламолар ва фарзийлар кўриб, Унинг шогирдларига: – Бу қандай гап? У солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб-ичиб ўтирибди-ку! – дейишди.
17. Исо буни эшитиб, шундай жавоб берди: – Соғлар эмас, беморлар табибга муҳтождир. Мен тақводорларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
18. Яҳёнинг ҳам, фарзийларнинг ҳам шогирдлари рўза тутаётган эдилар. Улар Исонинг ёнига келиб: – Нега Яҳёнинг шогирдлари ва фарзийларнинг шогирдлари рўза тутади-ю, Сенинг шогирдларинг тутмайди? – деб сўрашди.
19. Исо уларга деди: – Куёв даврада бўлган вақтда тўй аҳли рўза тута олармикин? Йўқ, куёв улар билан бирга бўлгунча, рўза тута олмайдилар.
20. Бироқ куёв улардан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.
21. Ҳеч ким янги матодан ямоқ қилиб, эски кийимга солмайди. Акс ҳолда, янги ямоқ эски кийимдан сўкилиб кетади ва йиртиқ баттар ёмон бўлади.
22. Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Акс ҳолда, янги шароб мешни йиртади, шароб тўкилади ва меш ҳам нобуд бўлади. Илло, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор.
23. Бир шанба куни Исо ғалла даласидан ўтаётган эди. Унинг шогирдлари йўл-йўлакай бошоқларни уза бошлашди.
24. Буни кўрган фарзийлар Исога: – Қара, нега улар дам олиш кунида тақиқланган ишни қилишяпти? – дейишди.
25. Исо уларга деди: – Наҳотки сизлар Довуд билан ҳамроҳлари оч қолиб муҳтож бўлганда нималар қилишганини ҳеч қачон ўқимаган бўлсангиз?
26. Довуд олий руҳоний Авиатар замонида Худонинг уйига кириб, фақат руҳонийларгина ейиши мумкин бўлган бахшида нонларни еб, ҳамроҳларига ҳам берган эди.
27. Кейин Исо давом этди: – Инсон дам олиш куни учун эмас, балки дам олиш куни инсон учун яратилган.
28. Бинобарин, Инсон Ўғли дам олиш кунининг ҳам ҳокимидир.
1. Исо яна ибодатхонага кирди. У ерда қўли шол бир одам бор эди.
2. У бу одамни дам олиш кунида ҳам соғайтирармикан, деб Исони зимдан кузатиб туришди.
3. Исо қўли шол одамга: – Ўртага чиқ! – деди.
4. Сўнг халойиқдан сўради: – Дам олиш кунида яхшилик қилиш лозимми ёки ёмонлик? Жонни халос қилиш керакми, ёки ҳалок? Улар эса индамади.
5. Исо одамларнинг бундай бағри тошлигидан қайғуриб, атрофга ғазаб билан қараганча, у одамга: – Қўлингни узат! – деди. У одам қўлини узатиши биланоқ, тузалиб кетди.
6. Фарзийлар эса дарров ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш чорасини топмоқ учун Ҳиродчилар билан тил бириктиришди.
7. Исо шогирдлари билан кўл томон жўнади. Жалила ва Яҳудиядан чиққан катта бир оломон Унга эргашарди.
8. Қуддус ва Идумеядан, Ўрдун нарёғидаги юртлардан, шунингдек, Тир ва Сидўн соҳилларидан келган тумонат халойиқ Исонинг қилаётган ишларини эшитиб, Унинг олдида тирбанд бўлиб қолган эди.
9. Исо одам кўплигидан сиқилиб қолмай, деб шогирдларига қайиқ тайёрлаб қўйишни айтди.
10. Чунки кўплар шифо топаётган эди ва ҳамма дардлилар қўл тегизиш илинжида Исо томон ёпирилар эдилар.
11. Ёмон руҳлар эса Исони кўрган пайтда Унинг олдига йиқилиб: «Сен Худонинг Ўғлисан», – деб бақириб юборишарди.
12. Аммо Исо Ўзини ошкор қилиб қўймасликлари учун руҳларни қаттиқ танбеҳлаб қўярди.
13. Шундан сўнг Исо тоққа чиқиб, шогирдларидан Ўзи истаганларини ёнига чақирди. Улар келгач,
14. Исо доим Ўзи билан бирга бўлиш учун қуйидаги ўн икки шогирдини тайинлади:
15. Исо уларни воизлик қилишга, касалларни соғайтириш ва жинларни қувиб чиқаришга юбормоқчи бўлиб, куч-қудрат эгаси қилди.
16. унга Бутрус деб лақаб қўйган Симун,
17. Бани-рагаш, яъни «Момақалдироқ ўғиллари» деб лақаб қўйган Забадий ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно,
18. яна Идрис, Филип, Бартолмей, Матто, Тўма, Алфей ўғли Ёқуб, Таддей, ватанпарвар Симун
19. ва Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.
20. Шундан сўнг уйга келдилар. Яна шунчалик кўп халойиқ тўпланган эдики, ҳатто нон ейишга вақтлари бўлмади.
21. Исонинг яқинлари буни эшитиб, – У ақлдан озиб қолибди, – деб олиб келишга бордилар.
22. Қуддусдан келган уламолар эса: – Уни шайтон урган, У инс-жинсларнинг бошлиғи шайтон кучи билангина жинларни қувиб чиқаряпти, – дейишди.
23. Шунда Исо уларни ёнига чақириб, масал билан сўзлай бошлади: – Қандай қилиб шайтон шайтонни қувиб чиқара олади?
24. Агар бир подшоҳлик ўз ичидан бўлиниб кетса, у подшоҳлик туролмайди.
25. Бир хонадон ўз ичидан бўлиниб кетса, у хонадон туролмайди.
26. Агарда шайтон ўз-ўзига қарши чиқиб бўлинган бўлса, у тура олмайди, балки унинг куни битади.
27. Ҳеч ким уйнинг эгаси бўлган кучли кишини аввал боғлаб қўймасдан туриб, унинг уйига кириб, мол-дунёсини ўғирлаб кетолмайди. Фақат шундай қилибгина уйни талаш мумкин.
28. Сизларга чинини айтайин: одам болаларининг қилган барча гуноҳлари ва айтган барча куфрликлари кечирилади.
29. Лекин ким Муқаддас Руҳни куфр этса, абадий кечирилмайди, у абадий жазога маҳкум бўлади.
30. Исо бу сўзни, «Уни жин урибди», – деганлари сабабли айтди.
31. Исонинг онаси билан укалари келиб қолишди. Ўзлари уйнинг ташқарисида кутиб туриб, Исони чақириб келиш учун одам юборишди.
32. Исонинг атрофида халойиқ тирбанд эди. Улар Унга: – Мана, онанг, укаларинг ва сингилларинг ташқарида кутиб, Сени сўраяптилар, – дейишди.
33. Исо уларга жавобан: – Менинг онам ва укаларим ким? – деди.
34. Сўнгра атрофида ўтирганларга назар солиб деди: – Мана, Менинг онам ва укаларим!
35. Кимда-ким Худонинг иродасини бажо келтирса, у Менинг укам, синглим, онам бўлади.
1. Исо яна кўл бўйида таълим беришни бошлади. Олдига бир талай одам йиғилиб қолгач, Исо кўлдаги қайиққа тушиб ўтирди. Бутун халойиқ эса кўл қирғоғида, қуруқликда қолди.
2. Исо масал орқали халққа кўп насиҳатлар қилди. Ўз таълимотида шундай деди:
3. «Қулоқ солинглар! Уруғ сепувчи уруғ сепгани чиқибди.
4. Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар йўл ёқасига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
5. Баъзи донлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ чуқур бўлмаганидан, уруғлар тез кўкариб чиқибди.
6. Бироқ қуёш чиққач, сўлиб, илдизи бўлмагани учун қуриб кетибди.
7. Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди ва улар ҳосил бермабди.
8. Яна бошқа уруғлар эса яхши ерга тушибди ва униб-ўсиб, ўттиз, олтмиш ва ҳатто юз баробар кўп ҳосил берибди».
9. Кейин Исо уларга: «Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!» – деди.
10. Халқ кетиб, Исо ёлғиз қолгач, У билан юрувчилар ва ўн икки шогирди бояги масал ҳақида алоҳида сўрадилар.
11. Исо уларга деди: «Худо Шоҳлигининг сири сизларга насиб этган. Ташқаридагиларга эса ҳамма нарса масаллар билан уқтирилади.
12. Шундай қилиб, уларга қаратилган бу оят бажо келмоқда: „Улар қараб туриб, кўрмаслар, Эшитиб туриб, англамаслар. Акс ҳолда тавба-тазарру қилур Ва гуноҳларидан фориғ бўлур эдилар“».
13. «Бу масални тушунмаяпсизларми? – деди уларга Исо. – Ундай бўлса, барча масалларни ҳам қандай қилиб тушунасизлар?
14. Мана, уруғ сепувчининг сепгани – Худонинг каломидир.
15. Йўл ёқасига тушган уруғ шундай одамларни билдиради: уларнинг юрагига илоҳий калом сепилади. Бироқ улар эшитган ҳамон шайтон келиб, қалбларига сепилган каломни ўғирлаб кетади.
16. Тошлоққа тушган уруғ эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитар-эшитмас, севинч билан қабул қилаверадилар.
17. Лекин улар илдизи йўқ беқарор одамлардир. Сўнгра калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, тезда васвасага тушиб қоладилар.
18. Яна бошқалар тиканзорга тушган уруққа ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитади-ю,
19. лекин бу дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига суқилиб кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади.
20. Яхши тупроққа тушган уруғ бўлса, каломни эшитиб, қалбига жо қилган одамларни билдиради. Улар гоҳ ўттиз, гоҳ олтмиш, гоҳ юз баробар кўп самара берадилар».
21. Исо уларга яна деди: «Шамни олиб келиб, идишнинг ёки чорпоянинг тагига қўядими? Аксинча, шамдонга қўймайдими?
22. Худди шу сингари, ошкора бўлмайдиган ҳеч қандай сир йўқ, сиртга чиқмайдиган ҳеч яширин нарса йўқ.
23. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!»
24. Кейин уларга яна деди: «Эшитаётганларингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз қандай ўлчов билан ўлчасангиз, худди шундай ўлчов билан сизга ҳам ўлчаб берилади. Сиз, тинглаётганларга эса қўшиб ҳам берилади.
25. Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бор бўлгани ҳам тортиб олинади».
26. Исо яна деди: «Худонинг Шоҳлиги ерга уруғ сепган одамга ўхшайди.
27. Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Уруғнинг қандай униб-ўсаётганидан у бехабар.
28. Ер ўз-ўзидан аввал кўкатни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни ундиради.
29. Ҳосил пишгач, йиғим-терим вақти келди, деб дарҳол ўроқ солади».
30. Исо яна деди: «Худо Шоҳлигини нимага ўхшатайлик? Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?
31. Мана, Худонинг Шоҳлиги бир хантал донига ўхшайди: у ерга сепилганда, ер юзидаги барча уруғлардан кичик бўлади.
32. Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. У улкан шохлар чиқарадики, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қурадилар».
33. Шундай қилиб, Исо халқнинг эшитиш имконига қараб, бу сингари кўпгина масаллар орқали Худо каломини ўргатар эди.
34. Масалсиз уларга гапирмас эди. Шогирдлари билан танҳо қолганда эса, уларга ҳаммасини очиқ тушунтирар эди.
35. Ўша куни кечқурун Исо шогирдларига: – Нариги қирғоққа сузиб ўтайлик, – деди.
36. Улар халойиқни жўнатиб, Исони ўтирган қайиғида олиб кетишди. Исонинг кетидан бошқа қайиқлар ҳам сузиб келди.
37. Шу орада кўлда кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиқни тебратиб юборди, қайиқ сувга тўла бошлади.
38. Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди. Шогирдлар Исони уйғотиб: – Устоз, биз ҳалок бўляпмиз! Парво қилмайсанми? – дейишди.
39. Шунда Исо туриб, шамолга дўқ урди ва кўлга: – Жим бўл, бас қил! – деб қўйди. Шу онда шамол тинди ва чуқур сукунат бўлди.
40. Исо шогирдларига: – Нега бундай қўрқоқсизлар? Қандай қилиб ҳалигача ишончингиз йўқ? – деди.
41. Улар эса жуда қўрқиб, бир-бирига: – Бу қанақа кишики, шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунса? – дейишди.
1. Кўлнинг нариги қирғоғидаги Гадара юртига етиб келишди.
2. Исо қайиқдан тушиши биланоқ, ёвуз руҳга чалинган бир одам қабрлар орасидан чиқиб, Уни қаршилади.
3. Турар жойи қабристон бўлган бу одамни ҳеч ким ҳатто занжир билан ҳам боғлай олмас эди.
4. Кўп мартаба уни кишану занжирлар билан боғлаган бўлсалар-да, аммо у занжирларни узиб, кишанларни ҳам синдириб ташлар эди. Уни тийиш учун ҳеч кимнинг кучи етмас эди.
5. Доимо, кечаю кундуз қабрларда, тоғларда бақириб юрар, ўзини тошларга уриб жароҳатлар эди.
6. У Исони узоқдан кўриб, югуриб келди-да, Унга таъзим қилиб,
7. овози борича бақирди: – Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мен билан нима ишинг бор? Худо ҳақи Сенга ёлвораман, мени қийнама!
8. Чунки Исо унга: «Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!» – деб буюрган эди.
9. Исо ундан сўради: – Исминг нима? – Исмим Тумонат, чунки бизлар кўпчиликмиз, – жавоб берди у.
10. Ўзларини бу юртдан ташқарига ҳайдаб чиқармаслигини Исодан кўп ёлвориб сўради.
11. Ўша тоғнинг ён бағрида катта тўнғиз подаси ўтлаб юрган эди.
12. Ҳамма руҳлар Исога ёлвориб: – Бизни шу тўнғизларга юборгин, уларга кирайлик, – дейишди.
13. Исо уларга рухсат берди. Ёвуз руҳлар эса шу заҳоти у одамдан чиқиб, тўнғизларга кириб олишди. Икки мингга яқин тўнғиз подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, ғарқ бўлди.
14. Шунда тўнғиз боқувчилар тўрт томонга тўзиб, шаҳар ва қишлоқларда бу бўлиб ўтган ҳодисани гапириб беришди. Аҳоли эса буни кўргани бориб,
15. Исонинг олдига йиғилишди. Илгари тумонат жин қамраган одамни кийинган ва ақли расо ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди.
16. Воқеани кўрганлар эса ҳалиги одам жиндан қандай қутулгани ва тўнғизлар билан нима рўй бергани ҳақида халққа сўзлаб беришди.
17. Шунда ерли халқ Исодан ўз юртлари чегарасидан чиқиб кетишни илтимос қилди.
18. Исо қайиққа тушди. Жиндан қутулган одам Исога эргашиш учун рухсат сўради.
19. Лекин Исо розилик бермади. – Ўз уйингга бор, Раббинг сенга нималар қилганини, қандай раҳм-шафқат кўрсатганини ўз яқинларингга гапириб бер, – деди унга.
20. Шунда у киши бориб, Ўнкент вилоятида Исо ўзига нималар қилганини тарғиб қила бошлади. Ҳамма ҳам ҳайратга тушди.
21. Исо кўлнинг бериги бўйига сузиб ўтиб, қирғоқда турарди. Унинг олдига яна кўп халойиқ тўпланди.
22. Яҳудий жамоа бошларидан Яир исмли бир киши келиб қолди. У Исони кўриб, Унинг оёқларига ўзини ташлади-да:
23. – Қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингни тегизгин, у соғайиб тирик қолсин, – деб ялиниб-ёлворди.
24. Исо у билан кетди. Унинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни сиқиб қўяр эди.
25. У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди.
26. У кўп табиблардан кўп қийналиб, бутун мол-мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аксинча, аҳволи янада оғирлашиб кетган эди.
27. Аёл Исо ҳақида эшитдию, халойиқ ўртасида орқа томондан Унга яқинлашиб, кийимига қўл тегизди.
28. У ўзича: «Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман», – деб ўйлаган эди.
29. У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди.
30. Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини пайқади. У атрофидаги халойиққа кўз югуртириб: – Менинг кийимимга ким тегди? – деди.
31. Шогирдлари Унга: – Халойиқ Сени сиқиб турганлигини кўряпсан-ку ва тағин кийимимга ким тегди, деб сўраяпсанми? – дейишди.
32. Лекин Исо буни қилган аёлни кўриш учун атрофга қарар эди.
33. Аёл ўзига нима бўлганини билиб, қўрқиб ва қалтираб келди, Исонинг оёқларига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди.
34. Исо унга: – Қизим, ишончинг сени қутқарди. Эсон-омон бориб, дардингдан фориғ бўлгил, – деди.
35. Исо шундай деб турган ҳам эдики, жамоабошининг уйидан одамлар келиб унга: – Қизингиз ўлди, нега яна Устозни овора қиляпсиз? – дедилар.
36. Исо бу сўзларни эшитиб, жамоабошига: – Қўрқма, фақат ишонгин, – деди.
37. Исо ҳеч кимнинг эргашишига йўл қўймай, фақат Бутрус, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб кетди.
38. Жамоабошининг уйига етганларида, йиғи ва дод-фарёд тўла бир қий-чувга дуч келишди.
39. Исо ичкарига кириб: – Нега қайғуряпсизлар, нега йиғлаяпсизлар? Қизча ўлган эмас, у ухлаб ётибди, – деди.
40. Улар эса Унинг устидан кулишди. Исо ҳаммани ташқарига чиқариб юборди, қизчанинг ота-онаси ва шогирдларини олиб қолди ва қизча ётган хонага кирди.
41. Қизчанинг қўлидан ушлаб унга: – Талифа қуми! – деди. Бу сўзнинг таржимаси: «Қизим, сенга айтаман: ўрнингдан тур!» демакдир.
42. Ўн икки яшар қизалоқ шу онда ўрнидан туриб, юра бошлади. Буни кўрганларнинг ақли шошди.
43. Исо: – Буни ҳеч ким билмасин, – деб уларга қатъий буюрди ва қизчага овқат беришларини айтди.
1. Исо у ердан жўнаб, Ўз юртига борди. Шогирдлари ҳам Унинг орқасидан эргашиб келишди.
2. Шанба куни бўлгач, Исо ибодатхонада таълим бера бошлади. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги ҳайратга тушиб: – Булар Унга қаердан насиб бўлган экан? Унга бундай доноликни ким берди? Қандай қилиб Унинг қўли орқали бунақа мўъжизалар содир бўляпти?
3. Марямнинг ўғли, Ёқуб, Юсуф, Яҳудо ва Симуннинг акаси дурадгор Исо бу эмасми? Унинг сингиллари ҳам мана шу ерда, ўз орамизда турибди-ку! – дейишди. Ва ғашланиб, Исони рад қилишди.
4. Исо уларга: – Пайғамбар ўз ватанидан, ўз қариндош-уруғлари ва уйидан бошқа ерда эътиборсиз қолмас, – деди.
5. Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза яратолмади. Фақатгина бир мунча беморларга қўл тегизиб, уларни соғайтирди.
6. Уларнинг имонсизлигига ажабланди. Шундан сўнг Исо атрофдаги қишлоқларда кезиб таълим берарди.
7. Ўн икки шогирдини ёнига чақириб, иккита-иккитадан қилиб жўнатмоқчи бўлди. Уларга ёвуз руҳлар устидан ҳокимлик қилиш учун қудрат берди.
8. Уларга буюриб: «Йўл учун ёлғиз ҳассадан бошқа ҳеч нарса – тўрва ҳам, нон ҳам, камарларингга мис чақа ҳам олманглар,
9. балки оддийгина чориқ кийиб, икки сидра кийим эса кийманглар», – деди.
10. Исо яна деди: «Агар бирон жойда бирон уйга кирсангизлар, у ердан чиқишингизгача ўша уйда қолинглар.
11. Агар бирон жой одамлари сизни қабул қилмаса ва сизга қулоқ солмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздан чангни қоқиб кетинглар. [Сизларга чинини айтайин, қиёмат кунида у шаҳардан кўра Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳоли енгилроқ бўлади.]»
12. Шунда шогирдлар йўлга тушиб, халқни тавба қилишга ундаб юришди.
13. Кўп жинларни қувиб чиқаришди ва кўп касалларга ёғ суртиб уларни соғайтиришди.
14. Исонинг номи эл оғзига тушиб қолган эди. Подшоҳ Ҳироднинг қулоғига ҳам миш-мишлар етганда, у: – Яҳё пайғамбар тирилиб келибди. Шунинг учун бу Киши орқали бундай ажойиботлар содир бўлмоқда, – деди.
15. Бошқалар эса Уни Илёс пайғамбар деб ҳисобласа, яна бошқалар Уни қадимги пайғамбарлар қаторида бир пайғамбар дердилар.
16. Ҳирод буларни эшитиб: – Бу мен бошини кесган Яҳёдан бошқаси эмас. У қайта тирилиб келган, – деб қаттиқ турди.
17. Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйлангани сабабли Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди.
18. Чунки Яҳё Ҳиродга: «Укангнинг хотинини олиш сен учун раво эмас», – деб юрган эди.
19. Ҳиродиянинг ўзи Яҳёдан аччиқланиб, уни ўлдирмоқчи бўлган, аммо бу ниятига ета олмаётган эди.
20. Ҳирод эса Яҳёнинг солиҳ ва муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзларини мароқ билан тинглар ва кўп ишларни унинг маслаҳати билан қиларди.
21. Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан ўз мансабдорлари, мингбошилари ва Жалила юртининг оғаларига зиёфат берди.
22. Ҳиродиянинг қизи кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Подшоҳ қизга: – Нима истасанг, тила, мен сенга бераман, – деди.
23. Унга ҳатто қасам ичиб: – Мендан нима сўрасанг, бераман, подшоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, – деди.
24. Қиз чиқиб онасидан сўради: – Нимани сўрай? – Яҳё пайғамбарнинг бошини сўра! – деди онаси.
25. Қиз шу онда подшоҳ ҳузурига югуриб бориб: – Менга ҳозироқ лаганда Яҳё пайғамбарнинг бошини олиб беришингизни сўрайман, – деди.
26. Подшоҳ жуда хафа бўлди. Лекин қасам ичганлиги туфайли ва меҳмонлар хотири учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади.
27. У шу ондаёқ жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди.
28. Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди ва лаганга солиб, қизга олиб берди; қиз эса онасига топширди.
29. Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди.
30. Ҳаворийлар Исонинг ҳузурига тўпланиб, қандай ишлар қилишганини, халққа нималар ўргатишганини бирма-бир айтиб бердилар.
31. Исо уларга: – Келинглар, бир ўзимиз бирон хилват жойга борайлик, бир оз дам олинглар, – деди. Чунки келиб-кетувчилар кўплигидан уларнинг овқат ейишга ҳам вақти йўқ эди.
32. Исо билан шогирдлари алоҳида қайиққа тушиб, хилват жойга жўнаб кетишди.
33. Лекин халқ уларнинг кетаётганини кўрди, кўпчилик таниб қолди. Шунда ҳамма шаҳарлардан пиёда йўлга тушишди, Исо билан шогирдлари бораётган жойга югуриб бориб, улардан олдин етиб келишди.
34. Исо қайиқдан чиққанда, шунча халойиқни кўриб, уларга ачинди. Чунки улар чўпонсиз қўйларга ўхшарди. Исо уларга кўп нарсаларни ўргатарди.
35. Анча вақт ўтгандан сўнг, шогирдлар Исонинг ёнига келиб: – Бу ер ёвон экан, энди вақт кеч бўлиб қолди.
36. Халқни қўйиб юбор, атрофдаги қишлоқ ва овулларга бориб ўзларига нон сотиб олишсин, ейдиган ҳеч нарсалари йўқ, – дейишди.
37. Исо уларга жавобан: – Сизлар уларга овқат беринглар! – деди. – Наҳотки биз икки юз кумуш тангага нон сотиб олиб келиб, халққа едирсак? – деб сўрашди Ундан.
38. Исо деди: – Қанча нонларингиз бор? Бориб кўринглар. Улар билиб келгач: – Бешта нон, иккита балиқ бор экан, – дейишди.
39. Исо халойиқни тўп-тўп қилиб яшил ўт устида ўтқазишни шогирдларига буюрди.
40. Халқ юзтадан ва элликтадан тўда-тўда бўлиб ўтирди.
41. Исо бешта нон билан иккита балиқни олди ва осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун шогирдларига берди. Иккита балиқни ҳам ҳаммага тақсимлаб берди.
42. Уларнинг ҳаммалари еб тўйди.
43. Сўнг ортиб қолган нон бурдалари ва балиқларни териб олишди, тўла ўн икки сават чиқди.
44. Нон еганлар беш мингга яқин эркак эди.
45. Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, нариги томондаги Байтсайда шаҳрига сузиб ўтишга мажбур қилди. Унгача Ўзи одамларга рухсат берадиган бўлди.
46. Халқни жўнатиб юборганидан кейин, Исо ибодат қилиш учун тоққа чиқди.
47. Кеч киргач, қайиқ кўлнинг ўртасида эди, Исо эса ёлғиз Ўзи қуруқликда эди.
48. Шамол шогирдларга қарши эсар эди. Исо улар қайиқни ҳайдашга қийналаётганини кўрди. Субҳидам чоғи Исо кўл устида юрганча шогирдлари томон келди-да, ёнларидан ўтгудай бўлди.
49. Шогирдлар эса кўл юзида юрган Исони кўриб, аллақандай шарпа деб ўйлаб, қичқириб юборишди.
50. Ҳаммаси ҳам Уни кўриб, юраклари орқасига тортиб кетди. Аммо Исо ўша заҳоти гапга кириб: – Дадил бўлинглар! Бу Мен, қўрқманглар! – деди.
51. Исо шогирдлари ёнига, қайиққа тушиши билан шамол тинди. Шогирдлар ҳаддан ташқари таажжубланиб, лол бўлиб қолишди.
52. Улар нон билан бўлган мўъжизадан ҳам ибрат олмаган эдилар, ақллари етмас эди.
53. Кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет қирғоғига келиб тўхтадилар.
54. Қайиқдан чиқишлари биланоқ халқ Исони таниб қолди.
55. Тезда бутун ўша юртга хабар елиб борди. Исонинг қаердалигини эшитганлар эса ўз касалларини тўшакда кўтариб бориб, Исони қидириб топгунча юртни айланадиган бўлишди.
56. Исо қаерга бормасин – қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами – одамлар касалларни очиқ майдонларга қўяр, ақалли кийимининг бир чеккасига тегиш учун Ундан илтимос қилишарди. Унга қўл тегизганлар эса шифо топарди.
1. Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим уламолар Исонинг ёнига тўпландилар.
2. Улар Исо шогирдларининг баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари билан нон еяётганларини кўриб, таъна қилдилар.
3. Сабабки, фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота-боболарининг урф-одатини сақлаб, қўлларини яхшилаб ювмай ҳеч овқат емайдилар.
4. Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, коса, товоқ, қозон, курси ювиш билан боғлиқ кўпгина удумларга риоя қиладилар.
5. Шундай қилиб, фарзийлар ва уламолар Исодан: – Сенинг шогирдларинг нега ота-боболар урф-одатини сақламайдилар? Нима учун ювилмаган қўллари билан нон ейишади? – деб сўрадилар.
6. Исо уларга шундай жавоб берди: – Ишаъё пайғамбарнинг каромати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади, мана унинг китобида Худо нима деган: «Бу халқ Мени ҳурматлар тилида, Лекин дили эса Мендан узоқдур.
7. Улар Менга беҳудага ўқир санолар, Инсонлар амру таълимин фарз деб».
8. [Сизлар-ку қозон-товоқ чайиш билан боғлиқ ва бошқа яна кўп удумларга риоя қилиб,] Худонинг амрини ташлайсиз-у, инсонлар урф-одатини эса пеш қиласизлар.
9. Яна уларга деди: – Сиз ўз урф-одатларингизни деб Худонинг амрларини бир четга йиғиштириб қўйишни боплайсиз-да!
10. Мусо пайғамбар айтган эди: «Ота-онангни ҳурмат қил», ва «Ота-онасини ҳақорат қилган мутлақо ўлдирилсин».
11. Аммо сизлар: Агар ким ота ёки онасига: Менинг сенга ёрдамим қурбон, яъни Худога бағишланган, – деса,
12. у ота ёки онасига бирон яхшилик қилмаса ҳам бўлади, дейсизлар.
13. Шу билан сиз ўзларингиз ўрнатган урф-одатларингизни деб Худонинг каломини бекор қиласизлар. Ва шунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар.
14. Кейин Исо бутун халқни ёнига чақириб, деди: – Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солиб, мияга жойланг!
15. Сиртдан инсон ичига кирадиган ҳеч нарса инсонни ҳаром қила олмайди. Аксинча, инсон ичидан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.
16. [Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!]
17. Исо халойиқ орасидан чиқиб уйга кирди, шогирдлари Ундан бояги масал ҳақида сўрадилар.
18. У уларга деди: – Сизлар ҳам шунчалик бефаҳммисизлар? Сиртдан инсоннинг ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини англамайсизларми?
19. Бу нарсалар инсоннинг қалбига эмас, қорнига киради ва керак жойдан чиқиб кетади. Шу билан Исо ҳар қандай озиқ-овқатларни ҳалоллади.
20. У яна деди: – Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади.
21. Чунки ичдан, яъни инсон қалбидан ёмон фикрлар, фаҳшу зино, қотиллик,
22. ўғрилик, тамагирлик, бадниятлик, маккорлик, нафсга берилганлик, ғайирлик, куфр, манманлик ва нодонлик чиқади.
23. Ана шу ёмонликларнинг ҳаммаси инсоннинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади.
24. Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидўн тарафларига келди. Бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди, лекин яширина олмади.
25. Қизалоғини ёвуз руҳ чалган бир аёл Исо ҳақида эшитиб қолди-да, тез келиб Унинг оёғига йиқилди.
26. Бу аёл Суриянинг Финикия музофотида туғилган бўлиб, яҳудий эмас эди. Қизидан жинни қувиб чиқаришни Исодан илтимос қилди.
27. Бироқ Исо унга: – Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас, – деди.
28. Аёл: – Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам болалар дастурхонидан тўкилган ушоқларни териб ейди-ку, – деб жавоб берди.
29. Исо унга: – Бор, мана шу гапинг учун қизингдан жин чиқиб кетди, – деди.
30. Аёл бориб уйига келганда, қизини жиндан қутулиб, тўшакда ётган ҳолда кўрди.
31. Исо Тир ва Сидўн чегарасидан жўнаб, Ўнкент вилоятидан ўтиб, яна Жалила кўли бўйига келди.
32. Исонинг олдига бир кар-соқовни келтириб, унга қўл тегизишини сўрашди.
33. Исо у одамни халойиқ орасидан олиб чиқиб бир четга тортди-да, бармоқларини унинг қулоқларига тиқиб қўйди ва тупуриб тилига тегизди.
34. Кейин осмонга қараб, чуқур хўрсинди-да, унга: – Эффатаҳ! – деди. Бу сўзнинг таржимаси «Очил!» демакдир.
35. Шу онда у одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди, равонгина гапира бошлади.
36. Исо у ердагиларга, буни ҳеч кимга айтманглар, деб буюрди. Бироқ У одамларга қанча ман этса ҳам, улар янада кўпроқ ошкор этишарди.
37. Улар ҳаддан ташқари тонг қолиб: «У ҳамма нарсани яхши қилади, карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қилади», – дейишарди.
1. Ўша кунларда яна кўпдан-кўп одам йиғилган эди. Ейиш учун ҳеч нарсалари қолмаганда, Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:
2. – Халққа ачиняпман. Уч кундан бери Менинг олдимда туришибди ва ейдиган ҳеч нарсалари йўқ.
3. Агар уларни уйларига овқат бермай жўнатиб юборсам, йўлда ҳолдан тоядилар, чунки баъзилари олис ерлардан келишган.
4. Шогирдлари бунга жавобан: – Уларни тўйдириш учун бу саҳрода ким қаердан нон топа оларди? – дейишди.
5. – Қанча нонларингиз бор? – сўради Исо. – Еттита, – деди шогирдлар.
6. Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди. Еттита нонни олиб, шукрона дуосини ўқиб синдирди ва тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.
7. Уларда бир оз балиқ ҳам бор эди. Исо дуо ўқиб, буларни ҳам тарқатишни буюрди.
8. Халқ еб тўйди. Ортиб қолган бурдаларни теришганда, етти сават чиқди.
9. У ерда тўрт мингга яқин одам бор эди. Исо халойиққа жавоб берди
10. ва тезда шогирдлари билан қайиққа тушиб, Далманута юртига сузиб ўтди.
11. Фарзийлар Исонинг олдига бориб, У билан баҳслаша бошладилар. Уни синаб кўриш мақсадида кўкдан далил кўрсатишини сўрадилар.
12. Лекин Исо чуқур хўрсинди: – Нега бу авлод далилни талаб қиляпти? Сизларга айтиб қўяй, бу авлодга ҳеч қандай далил кўрсатилмайди!
13. Шундай деди-ю, уларни қолдириб, яна қайиққа тушди ва нариги қирғоққа сузиб ўтди.
14. Шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутибдилар. Қайиқда биттагина нондан бошқа нарса йўқ эди.
15. Шу орада Исо шогирдларини огоҳлантириб: – Менга қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар! – деди.
16. Улар ўзларича: «Буни нон олмаганимиз учун айтди, чоғи», – деб фикр юритишди.
17. Исо буни билиб қолиб, уларга деди: – Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб қайғуряпсизлар? Ҳали ҳам тушунмаяпсизларми, англамаяпсизларми? Ҳали ҳам юрагингиз сўқирми?
18. Наҳотки кўзларингиз бўлиб, кўрмайсизлар, қулоқларингиз бўлиб, эшитмайсизлар? Эсингизда йўқми?
19. Мен бешта нонни синдириб, беш минг кишига бўлиб берганимда, сизлар нон бурдаларидан неча сават териб олдинглар? – Ўн икки сават, – деди улар.
20. – Мен еттита нонни синдириб, тўрт минг кишига бўлиб берганимда, бурдаларидан неча сават териб олдинглар? – Етти сават, – дейишди.
21. – Ҳали ҳам англамадингларми? – деди уларга Исо.
22. Исо Байтсайда қишлоғига келди. Унинг олдига бир кўрни олиб келиб, унга қўл тегизишини сўрашди.
23. Исо кўрнинг қўлидан ушлаб, қишлоқ ташқарисига олиб чиқди. Кўзларига тупуриб, қўлларини унинг бошига қўйди-да: – Бирон нарса кўряпсанми? – деб сўради.
24. Кўр бошини кўтариб: – Одамларни кўряпман, лекин улар менга юраётган дарахтлардай туюлмоқдалар, – деди.
25. Шундан кейин Исо қўлларини яна кўрнинг кўзларига тегизиб, унга бир қарашни буюрди. У кўзларини очиб қараса, соғайиб қолган, ҳамма нарсани аниқ кўраётган эди.
26. Исо уни уйига жўнатаркан: – Қишлоққа кирма, [қишлоқда ҳеч кимга буни айтма,] – деди.
27. Исо ўз шогирдлари билан Филип Кесариясига мансуб қишлоқларга кетди. Йўлда У шогирдларидан: – Одамлар Мени ким деб ҳисоблайдилар? – деб сўради.
28. Шогирдлар деди: – Баъзилари Яҳё пайғамбар деб, бошқалари Илёс пайғамбар деб, яна бирлари эса ўтган пайғамбарлардан бири деб ҳисоблайдилар.
29. Исо улардан сўради: – Сизлар-чи, Мени ким деб ҳисоблайсизлар? Бутрус Унга жавоб бериб: – Сен Масиҳсан, – деди.
30. Бундан сўнг Исо, Мен ҳақимда ҳеч кимга гапирманглар, деб шогирдларига қатъий буюрди.
31. Инсон Ўғли кўп азоб чекиши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уламолар томонидан рад қилиниб, ўлдирилиши, учинчи куни эса қайта тирилиши керак, деб Исо шогирдларига уқтира бошлади.
32. Бу ҳақда очиқдан-очиқ гапирар эди. Шунда Бутрус Исони четга тортиб, фикридан айнитишга ҳаракат қилди.
33. Лекин Исо ўгирилиб шогирдларини кўрди-да, Бутрусга таъна қилди: – Йўқол кўзимдан, шайтон! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан, – деди.
34. Шундан сўнг Исо халқ билан шогирдларини олдига чақириб деди: – Кимда-ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин.
35. Ким жонини аямоқчи бўлса, жонини йўқотади. Ким Мен ва Инжил учун жонини берса, жонини қутқаради.
36. Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса-ю, ўз жонига зарар келтирса, бундан унга нима фойда?
37. Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топиб бераркан?
38. Кимки бу вафосизу гуноҳкор насл орасида Мендан ва Менинг сўзларимдан уялар экан, Инсон Ўғли ҳам муқаддас фаришталар билан бирга Отасининг улуғворлигида келганда, ундан уялади.
1. Исо уларга яна деди: – Сизларга чинини айтайин, бу ерда турганлардан баъзилари борки, улар Худо Шоҳлиги қудрат билан келишини кўрмагунча, ўлим кўрмайдилар.
2. Орадан олти кун ўтгач, Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони алоҳида баланд бир тоққа олиб чиқди. У ерда, уларнинг кўзи олдида Исонинг қиёфаси ўзгариб кетди.
3. Унинг кийимлари ярқираб, қордай оппоқ тусга кирдики, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи бундай оқартира олмас эди.
4. Тўсатдан шогирдларга Илёс билан Мусо пайғамбарлар кўринди. Улар Исо билан суҳбатлашаётган эдилар.
5. Шунда Бутрус Исога: – Устоз! Бизлар учун бу ерда бўлиш жуда ёқяпти. Учта чайла ясайлик, бириси Сенга, бириси Мусога, бириси Илёсга, – деди.
6. Лекин у нима дейишини билмас эди, уларни жуда ваҳима босган эди.
7. Шу пайтда бир булут пайдо бўлиб, уларга соя солди. Булут ичидан: – Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Унга қулоқ солинглар! – деган садо келди.
8. Бирданига шогирдлар атрофларига қараб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни ёнларида кўришмади.
9. Тоғдан тушаётганларида Исо уларга: – Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингни ҳеч кимга айтманглар, – деб буюрди.
10. Улар эса бу сўзни дилига тугиб олиб, ўлиб тирилиш ўзи нима экан, деб ўзаро фикрлашар эдилар.
11. Исодан сўрадилар: – Нега уламолар, қиёматдан олдин Илёс пайғамбар келиши керак, деб айтадилар?
12. Исо уларга жавобан деди: – Тўғри, аввало Илёс пайғамбар келиб, ҳамма нарсани йўлга қўяди. Хўш, қандай қилиб Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва хўрланиши керак, деган оятлар ҳам бор?
13. Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келди ва, у ҳақида ёзилганидек, у билан ўз билганларича қилдилар.
14. Исо қолган шогирдлари ёнига қайтиб келгач, уларнинг атрофида кўп халойиқни ва улар билан баҳслашаётган уламоларни кўрди.
15. Халойиқ Исони кўриши биланоқ ҳаммаси ажабланиб кетишди. Унинг олдига югуриб бориб, салом беришди.
16. Исо уламолардан: – Улар билан нималар тўғрисида баҳслашяпсизлар? – деб сўради.
17. Халойиқ орасидан кимдир жавоб берди: – Устоз! Мен Сенинг олдингга ўғлимни олиб келдим, мана уни тилсиз руҳ урган.
18. Ёвуз руҳ уни қаерда тутиб олса, ерга йиқитиб судрайди. Унинг оғзидан кўпик чиқади, тишларини ғичирлатиб қотиб қолади. Сенинг шогирдларингга, руҳни қувиб чиқаринглар, дедим, лекин улар эплашолмади.
19. Исо бунга жавобан: – Эй имонсиз авлод! Қачонгача сизлар билан бўламан? Қачонгача сизларга чидайман? Олдимга келтиринглар болани! – деди.
20. Болани Исонинг олдига келтиришди. Ёвуз руҳ Исони кўриши биланоқ, болани қалтиратиб ташлади. Бола ерга йиқилди-ю, оғзидан кўпик оқизганча ағнаб ётаверди.
21. Исо унинг отасига қараб: – У бу аҳволга тушганига неча вақт бўлди? – деб сўради. – Болалигидан шунақа.
22. Руҳ уни ҳалок қилмоқчи бўлиб кўп мартаба оловга, сувга ташлади. Агар қўлингдан келса, бизларга раҳм қил, ёрдам бергин, – деди.
23. Исо унга: – Қўлимдан келсами? Тўғриси, сен бир оз бўлса ҳам ишона олсанг эди! Эътиқодли киши ҳамма имконга эга бўлади, – деди.
24. Шу он боланинг отаси кўз ёши билан ҳайқириб: – Эътиқод қиламан, Раббий! Эътиқодсизлигимдан қутқаргин! – деди.
25. Халқ югуришиб йиғилаётганини кўрган Исо ёвуз руҳга дўқ қилиб: – Эй соқов ва кар руҳ, Мен сенга буюраман: боладан чиқ ва қайтиб унга кирма! – деди.
26. Шунда руҳ қаттиқ қичқириб юборди-да, болани шиддат билан қалтиратиб ундан чиқиб кетди. Бола ўликдай бўлиб қолганидан, кўплар уни ўлди, деб айтишди.
27. Лекин Исо уни қўлидан ушлаб кўтарди, бола оёққа турди.
28. Исо уйга кирди. У ёлғиз экан, шогирдлари Ундан: – Нега биз жинни қувиб чиқаролмадик? – деб сўрадилар.
29. Исо уларга деди: – Бу тоифа жинларни ибодатдан бошқа йўл билан қувиб бўлмайди.
30. Улар у ердан жўнаб, Жалила юрти орқали юриб ўтдилар. Исо эса буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди.
31. У шогирдларига таълим бериб, шундай деди: – Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. Уни ўлдиришади, ўлдиришгандан уч кун кейин эса У қайта тирилади.
32. Шогирдлар эса бу сўзларни тушунмасалар-да, аммо Ундан сўрашга ҳам ботина олмадилар.
33. Исо Кафарнаҳум шаҳрига келди. Уйда бўлганда, шогирдларидан сўради: – Йўлда кетаётганингизда нималар ҳақида баҳслашдинглар?
34. Улар индамадилар, йўлда улар ким энг катта деб баҳслашган эдилар.
35. Исо ўтириб, ўн икки шогирдини ёнига чақирди: – Ким биринчи бўлишни истаса, ҳамманинг охирида турсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин, – деди.
36. Сўнгра бир болани олиб, уни ўрталарида турғизиб қўйди ва болани қучоқлаганча, шогирдларига деди:
37. – Ким шундай болалардан бирини Менинг номимдан қабул қилса, у Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, у Мени эмас, балки Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
38. Юҳанно Исога: – Устоз! Сенинг номинг билан жин қувиб чиқараётган бир одамни кўриб қолдик. У биз билан юрмаяпти, деб унга буни ман қилдик, – деди.
39. Исо шундай деди: – Ман қилманг! Чунки Менинг номим билан мўъжиза яратган ҳеч ким дарров Мени ёмонлай олмайди.
40. Ким сизга қарши бўлмаса, у сиз томонда.
41. Ким сизга Менинг номим учун, Масиҳ уммати бўлганингиз учун бир пиёла сувгина ичирса ҳам, сизларга чиндан айтаманки, у ўз мукофотидан қуруқ қолмас.
42. «Ким Менга ишонган шу кичиклардан биронтасини йўлдан оздирса, унинг бўйнига бир тегирмон тошини осиб денгизга ташланиши у учун яхшироқ бўлар эди.
43. Агар қўлинг сени йўлдан оздирса, уни чопиб ташла. Икки қўлинг билан сўнмас дўзах ўтига йўлиққанингдан кўра, майиб бўлиб абадий ҳаётга эришганинг яхшироқдир.
44. [Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.]
45. Агар оёғинг сени йўлдан оздирса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан сўнмас дўзах ўтига ташлангандан кўра, чўлоқ бўлиб абадий ҳаётга эришганинг яхшироқдир.
46. [Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.]
47. Агар кўзинг сени йўлдан оздирса, уни ўйиб ташла. Икки кўзинг билан ўтли дўзахга ташлангандан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг яхшироқдир.
48. Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.
49. Ҳамма ҳам ўтда покланади, ҳар бир қурбонлик тузга буланади.
50. Туз – яхши нарса. Лекин туз ўз шўрлигини йўқотса, уни яна нима билан шўр қиласизлар? Гапингиз тузли бўлсин, ўзаро тинч-тотув яшанглар».
1. Исо у ердан кетиб, Яҳудия ўлкасига ва Ўрдун дарёсининг нарёғига келди. Унинг атрофига яна кўп халқ йиғилди, У Ўз одати бўйича одамларга яна таълим бера бошлади.
2. Баъзи фарзийлар Уни синаб кўрмоқ ниятида яқинлашиб: – Эр ўз хотинидан ажралишига ижозат бериладими? – деб сўрадилар.
3. Исо бунга жавобан: – Мусо сизларга нимани буюрган эди? – деб сўради.
4. – Мусо эркак талоқ хатини ёзиб хотинидан ажралишига ижозат берган эди, – дейишди.
5. Исо уларга жавоб бериб деди: – Бағри тошлигингиз учун Мусо сизларга бу амрни ёзиб қолдирган.
6. Аслида Худо дунёни яратишиданоқ одамларни эркак ва хотин қилиб яратди.
7. Тавротда ёзилишича: «Шунинг учун эр киши ота-онасини қолдириб,
8. ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади». Бунга кўра, улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланади.
9. Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.
10. Уйга келганларида, шогирдлар яна шу ҳақда Исодан сўрадилар.
11. У уларга деди: – Ким ўз хотини билан ажралиб бошқасига уйланса, у хотинига нисбатан зино қилган бўлади.
12. Хотин ҳам агар ўз эридан ажралиб бошқасига тегса, зино қилган бўлади.
13. Уларнинг пешанасига қўлини қўйсин, деб Исонинг олдига болаларни келтиришарди. Шогирдлар эса етаклаб келувчиларни койиб қўйишди.
14. Исо буни кўрганда, ғазабланиб деди: – Болаларга йўл қўйинглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Мана, Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир.
15. Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч киролмайди.
16. Кейин болаларни қучоқлаб, уларнинг пешаналарини силаб дуо қилди.
17. Исо йўлга чиқаётганда, кимдир югуриб келиб, Унинг олдида тиз чўкди-да: – Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак? – деб сўради.
18. Исо унга деди: – Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас-ку.
19. Сен илоҳий амрларни биласан: «Зино қилма. Одам ўлдирма. Ўғрилик қилма. Сохта гувоҳлик берма. Бировнинг ҳақини ема. Ота-онангни ҳурмат қил».
20. У киши Исога жавоб қайтариб: – Устозим! Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан буён риоя қилиб келаман, – деди.
21. Исо унга қаради ва яхши кўриб қолди. – Сенга бир нарса етишмайди, – деди унга. – Бор, нимага эга бўлсанг, ҳаммасини сотиб, пулини камбағалларга бўлиб бер. Шундагина осмонда хазинанг бўлади. Кейин кел, [хочни олиб] орқамдан юр.
22. Бу сўзлардан бойнинг таъби хира бўлди, чунки унинг мол-мулки кўп эди. У қайғуриб қайтиб кетди.
23. Исо атрофга кўз югуртириб шогирдларига деди: – Пул-дунёси борларнинг Худо Шоҳлигига киришлари нақадар қийин!
24. Шогирдлар бу сўзларни эшитиб, ақллари шошди. Исо эса қайта бошдан сўз олди: – Болаларим, бойликка умид боғлаганлар Худо Шоҳлигига киришга қанчалик қийналади!
25. Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир.
26. Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича: – Ундай бўлса, ким нажот топа оларкан? – дейишди.
27. Исо уларга кўзини тикиб: – Одамларга бу имконсиз, лекин Худога эмас. Чунки Худо ҳамма имконга эгадир, – деди.
28. Бутрус сўз олиб Исога: – Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик, – деди.
29. Исо бунга жавобан деди: – Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса,
30. у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади.
31. Лекин кўп биринчилар охирги ва охиргилар эса биринчи бўладилар.
32. Қуддусга қараб йўл босар эдилар. Исо олдинда кетаётган эди. Шогирдлари ҳайрон эди, бошқалар эса қўрқиб-қўрқиб эргашаётган эдилар. Исо ўн икки шогирдини ёнига чақириб, яна Ўзи билан нима юз бериши тўғрисида сўзлай бошлади:
33. – Мана, биз энди Қуддусга кириб боряпмиз. У ерда Инсон Ўғли олий руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб берилади. Улар Уни ўлимга маҳкум қилиб, мажусийларга топширадилар.
34. Улар Уни ҳақорат қиладилар, қамчилайдилар, юзига тупурадилар ва Уни ўлдирадилар. Лекин уч кундан сўнг У қайта тирилади.
35. Забадий ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно Исонинг олдига келиб: – Устоз, бизнинг бир тилагимиз бор, уни биз учун бажо келтиришингни истаймиз, – дейишди.
36. – Сизлар учун нима қилишимни истайсизлар? – сўради Исо.
37. Улар: – Сен улуғвор даргоҳингда бўлганингда, биримиз Сенинг ўнг томонингда, бошқамиз эса чап томонингда ўтиришимизга рухсат бергин, – дейишди.
38. Исо уларга: – Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган заққум косани сиз ича оласизларми? Мен ботадиган қайғу-аламларга ботиб чидаёласизларми? – деди.
39. Улар: – Чидаёламиз, – деб жавоб беришди. Исо уларга деди: – Сизлар-ку Мен ичадиган заққум косани ичиб, ботадиган қайғу-аламларимга ўзингиз ҳам дучор бўласизлар.
40. Аммо Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Менинг ихтиёримда эмас. Бу ўрин кимларга аталган бўлса, уларники бўлади.
41. Қолган ўнала шогирд буни эшитиб, Ёқуб билан Юҳаннодан аччиқлана кетишди.
42. Исо эса уларни ёнига чақириб, деди: – Биласизларки, халқларнинг ҳокимлари ҳисобланганлар ҳокимлик қилишдан қолишмайдилар, катта амалдорлар элга ўз ҳукмини ўтказадилар.
43. Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизматда бўлсин.
44. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин.
45. Чунки Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган.
46. Улар Ерихо шаҳрига келдилар. Шаҳардан яна чиқиб кетаётганларида, Исога Ўз шогирдлари ҳамда бир талай халойиқ эргашиб бораётган эди. Йўл чеккасида Тимейнинг ўғли кўр Бартимей садақа сўраб ўтирган эди.
47. У носиралик Исо ўтиб кетаётганини эшитиб: – Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қил! – деб бақира бошлади.
48. Кўп одамлар эса уни койиб, жим бўлишга мажбур қилишди. Лекин у: – Эй Довуд Ўғли, менга раҳм қил! – деб яна қаттиқроқ ҳайқирди.
49. Исо тўхтади ва у одамни ёнига чақиртирди. Кўрни чақиргани борганлар унга: – Қўрқма, ўрнингдан тур, У сени чақиряпти, – дейишди.
50. Кўр тўнини ечиб ташлаб, ўрнидан туриб кетди-да, Исонинг ёнига келди.
51. Исо ундан сўради: – Сен Мендан нима истайсан? – Устозим, кўзларим кўрсин! – деди кўр.
52. Исо унга: – Бор, ишончинг сени қутқарди, – деди. Ўша заҳоти кўрнинг кўзлари очилиб кетди. У Исонинг ортидан эргашиб йўл юрди.
1. Қуддусга яқинлашиб, Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия ва Байтания қишлоқларига келганларида, Исо шогирдларидан иккитасини жўната туриб деди:
2. – Қаршингиздаги қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, ҳеч ким минмаган, боғлаб қўйилган хўтикни топинглар. Уни ечиб бу ерга олиб келинглар.
3. Агар ким сизлардан: «Нима қиляпсизлар?» деб сўраб қолса, «У Раббимизга керак, У уни дарҳол бу ерга қайтариб юборади», деб жавоб беринглар.
4. Улар бориб, кўчада дарвоза ёнида боғлаб қўйилган хўтикни топиб, ечиб олишди.
5. У ерда турган бир неча киши уларга: – Нима қиляпсизлар? Нега хўтикни ечяпсизлар? – дейишди.
6. Шогирдлар Исо буюрганидек жавоб беришди, одамлар уларни қўйиб юборишди.
7. Хўтикни Исонинг олдига олиб келишди. Унинг устига кийимларини ёзиб қўйишди, Исо унга минди.
8. Кўпчилик ўз кийимларини йўлга пойандоз қилди. Бошқалар эса даштдаги дарахтлардан яшил новдаларни кесиб, йўлга тўшадилар.
9. Олдинда ва орқада юраётганлар: «Нажот бергин! Худованд номидан Келаётган муборак!
10. Отамиз Довуднинг яқинлашган шоҳлиги мангу бўлсин! Кўклардан нажот келсин!» – деб ҳайқиришар эдилар.
11. Исо Қуддусга кириб келиб, маъбадга борди. Ҳамма нарсани кўздан кечириб, вақт кеч бўлиб қолди, деб ўн икки шогирди билан Байтания қишлоғига кетди.
12. Эртаси кун Байтаниядан чиққанларида, Исо оч қолди.
13. У узоқдан барглар билан қопланган бир анжир дарахтини кўриб қолди, бирон нарса топилармикин, деб унга яқинлашди. Дарахтнинг ёнига келиб, баргдан бошқа ҳеч нарса тополмади; чунки анжир териш вақти эмас эди.
14. Исо дарахтга қараб: – Бундан кейин абадий сенинг мевангни егувчи бўлмасин! – деди. Шогирдлари ҳам бу гапни эшитишди.
15. Сўнг Қуддусга келишди. Исо маъбадга кириб, ичкарида олди-сотди қилаётганларни қувиб чиқара бошлади. Саррофларнинг хонтахталарини, кабутар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди.
16. Маъбад ичида бирон нарса кўтариб ўтишга ҳам рухсат бермади.
17. Исо халққа таълим бераётиб деди: – Тавротда: «Менинг уйим барча халқлар ибодат қиладиган уй деб аталгай», – деб ёзилмаганми? Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!
18. Уламолар ва олий руҳонийлар буни эшитганда, Исони ҳалок этиш чорасини топмоқ пайига тушдилар. Аммо бутун халқ Унинг таълимотига маҳлиё эди, шунинг учун Ундан ҳайиқар эдилар.
19. Кеч бўлгач, Исо шаҳардан ташқарига чиқиб кетди.
20. Эрта билан улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб қарашсаки, дарахт илдизигача қуриб қолган экан.
21. Бутрус бўлган ҳодисани эслаб, Исога: – Устоз! Қара, Сен лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди, – деди.
22. Исо бунга жавобан айтди:
23. – Худога ишончингиз бўлсин. Сизларга гапим шуки, агар ким бу тоққа: «Қўпорилиб денгизга отил», деса-ю, ўз қалбида шубҳаланмай, айтгани бажо келишига қаттиқ ишонса, айтгани бўлади.
24. Бинобарин, сизларга айтаман: сиз ибодатда нимаики сўрасангиз, олишингизга ишонинглар ва эришасизлар.
25. Ибодат қилиб турганингизда бировда гинангиз бўлса, уни кечириб юборинг, токи осмондаги Отангиз ҳам сизларнинг гуноҳларингизни кечирсин.
26. [Агар сизлар бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирмасангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизларни кечирмайди.]
27. Улар яна Қуддусга келдилар. Исо маъбадда айланиб юрган эди, олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар Унинг олдига келиб
28. сўрадилар: – Сен бу мўъжизаларни қандай куч билан қиляпсан? Буларни қилиш учун Сенга ким ваколат берган?
29. Исо уларга шундай жавоб берди: – Мен сизларга бир савол берай. Менга жавоб берсангизлар, Мен ҳам бу ишларни қандай ваколат билан қилаётганимни сизларга айтаман.
30. Яҳё пайғамбар халқни сувда тавба қилдириш учун Худодан ваколат олганмиди, ёки инсонданми? Жавоб беринглар Менга.
31. Улар ўзларича мулоҳаза юрита бошлашди: «Агар Худодан десак, У: Нега Яҳёга ишонмадингизлар? – дейди.
32. Аммо инсондан десак-чи?» Ваҳоланки, улар халқдан қўрқардилар, чунки ҳаммалари Яҳёни ҳақиқий пайғамбар деб ҳисобларди.
33. Хуллас, улар Исога жавобан: – Билмаймиз, – дейишди. Исо уларга: – У ҳолда Мен ҳам қандай ваколат билан бу ишларни қилаётганимни сизларга айтмайман, – деб жавоб берди.
1. Исо халққа масаллар орқали сўзлай бошлади: «Бир одам узумзор барпо қилибди. Атроф-теварагини панжара билан ўраб, узум сиқадиган исканжа қуриб, қўриқчи минораси ўрнатибди-да, боғни боғбонларга ижарага бериб, ўзи вақтинча бошқа мамлакатга кетибди.
2. Мавсумида узумзорнинг ҳосилидан олиш учун боғбонларнинг олдига бир хизматкорини юборибди.
3. Боғбонлар эса уни тутиб уришибди ва ҳеч нарса бермасдан қайтариб юборишибди.
4. Боғ эгаси яна бошқа бир хизматкорини уларнинг олдига юборибди. Улар эса тош билан унинг бошини ёриб, хўрлаб чиқариб юборишибди.
5. Яна бошқасини йўллабди, унисини эса ўлдиришибди. Бошқа бир қанча хизматкорини юбораверибди, аммо боғбонлар уларнинг баъзисини уриб, баъзисини ўлдиришибди.
6. Боғ эгасининг энди биргина одами қолибди, у ҳам бўлса, севикли ўғли экан. У: „Ўғлимни ҳурмат этарлар“, – деб, боғбонлар олдига уни юборибди.
7. Лекин улар бир-бирига: – Бу меросхўр-ку! Қани, уни ўлдирамиз, шунда мерос бизга қолади, – дейишибди.
8. Ўғлини ушлаб, ўлдириб, боғдан ташқарига чиқариб ташлашибди.
9. Энди боғ эгаси нима қилар экан? У келиб боғбонларни ўлдиради, боғини эса бошқаларга топширади.
10. Наҳотки сизлар шу оятни ҳеч ўқимаган бўлсангиз: „Бинокорлар кераксиз деб ташлаган тош Нақ бинонинг пештоқидан жой олди.
11. Бу Худованд иродаси туфайлидир, Бизга эса ажойибот тимсолидир“».
12. Дин пешволари буни эшитиб, Исони қўлга олишга интилдилар. Чунки У бу масални ўзлари ҳақида айтганини тушундилар. Бироқ халқдан қўрққанларидан, Уни қолдириб кетдилар.
13. Исони тилидан тузоққа илинтириш учун Унинг олдига фарзийлардан ва Ҳирод одамларидан баъзиларини юбордилар.
14. Улар келиб: – Устоз, – дедилар, – биз биламизки, Сен одилсан, бирор кишига хушомадгўйлик қилмайсан. Одамларга юз-хотир қилмасдан, Худонинг йўлини тўғри ўргатасан. Сенингча, Қайсарга солиқ тўлаш динга мувофиқми, ёки йўқ? Бизлар берайликми, бермайликми?
15. Исо уларнинг мунофиқлигини билар эди. – Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? Менга бир динор олиб келинглар, бир кўрайин, – деди.
16. Улар олиб келгач, Исо сўради: – Бу сурат ва ёзув кимники? – Қайсарники, – деди улар.
17. Исо уларга: – Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, – деди. Буни эшитганлар жуда ҳайрон бўлдилар.
18. Бундан кейин ўликлар тирилмайди, деб айтадиган саддуқийлар Исонинг олдига келиб, Ундан сўрадилар:
19. – Эй Устоз! Мусо пайғамбар бизга шундай ёзиб қолдирган: «Агар кимнинг акаси ўлиб, унинг хотини қолиб, аммо ундан фарзанд қолмаган бўлса, унда укаси акасининг хотинига уйланиб, у учун авлод яратсин».
20. Хўш, етти ака-ука бор экан. Биринчиси хотин олиб, насл қолдирмай ўлиб кетибди.
21. Иккинчиси ўша хотинни олиб, фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Учинчисининг бошига худди шу кўргилик тушибди.
22. Шунингдек, ака-укаларнинг еттови ҳам ўша хотинга уйланиб, фарзанд кўрмай оламдан ўтибдилар. Охирида хотин ҳам қазо қилибди.
23. Хўш, қиёматда улар тирилганда, хотин қайси бирининг хотини саналар экан? Еттови ҳам унга уйланган эканлар-ку!
24. Исо уларга шундай жавоб берди: – Сизлар Муқаддас Китобни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.
25. Ўликлар тирилганда, на уйланадилар ва на эрга тегадилар, балки бамисоли осмондаги фаришталардай бўладилар.
26. Наҳотки сизлар Мусонинг китобида, ёнаётган бута тўғрисидаги оятда Худонинг нима айтганини ҳеч ўқимаган бўлсангизлар? Худо Мусога: «Мен Иброҳимнинг Худоси, Исҳоқнинг Худоси ва Ёқубнинг Худосиман», – деган ва шу тариқа ўликларнинг тирилишига ишора қилган.
27. Чунки Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Сизлар жуда ҳам адашяпсизлар.
28. Уламолардан бири уларнинг мунозара қилаётганини эшитиб, Исонинг уларга яхши жавоб бериб турганини кўрди. У Исонинг олдига келиб: – Бутун илоҳий амрларнинг энг муҳими қайси бири? – деб сўради.
29. Исо унга жавоб бериб деди: – Бутун амрларнинг энг муҳими шу: «Тингла, эй Исроил! Раббимиз бўлган Худованд – ягона Худованддир.
30. Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан ва бутун қувватинг билан севгин». Мана бу энг муҳим амр.
31. Иккинчиси эса ундан кам эмас, чунончи: «Ўзгани ўзинг каби севгин». Булардан буюк амр йўқ.
32. – Яхши гапирдинг, Устоз, – деди уламо Исога. – Худо ягона, Ундан бошқа худо йўқ, деб тўғри айтдинг.
33. Уни бутун қалб, бутун онг, бутун жон ва бутун қувват билан севиш, ўзгани эса ўзимизни севгандай севиш керак. Бу – ҳар қандай қурбон сўйиш ва назр-ниёз аташдан аълороқдир.
34. Исо унинг оқилона жавоб берганини кўриб: – Сен Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассан, – деди. Шундан кейин бошқа ҳеч ким Ундан сўрашга журъат этмади.
35. Исо маъбадда таълим бераётиб, савол ташлади: – Қандай қилиб уламолар Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?
36. Довуднинг ўзи Муқаддас Руҳ илҳоми билан деганки: «Худованд менинг Раббимга айтди: Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўлтириб тургин».
37. Демак, Довуднинг ўзи Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ унинг ўғли бўлади? Кўпчилик халқ эса Исони иштиёқ билан тинглар эди.
38. Исо халққа насиҳат қилиб яна шундай деди: – Узун кийимлар кийиш, халқ йиғинларида алик олиш,
39. ибодатхоналарда ҳурматли ўринда ва зиёфатларда тўрда ўтиришни яхши кўрадиган уламолардан эҳтиёт бўлинглар!
40. Улар бева аёлларнинг уй-жойларини шилиб, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Мана шулар оғирроқ жазога дучор бўладилар.
41. Исо маъбад хазинаси қаршисида ўтириб, халқнинг садақа қутисига қандай пул солаётганига қараб турар эди. Бир тўда бойлар анчагина пул ташладилар.
42. Бир камбағал бева аёл ҳам келиб, икки чақа ташлади.
43. Шунда Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: – Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева аёл қутига пул ташлаганларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташлади.
44. Чунки бошқаларнинг барчаси ўзларининг ортиқча пулларидан ташладилар. Аммо бу аёл ўзининг тирикчилик ташвишларига қарамасдан, бор-йўғини ташлади.
1. Исо маъбаддан чиқиб кетаётганда, шогирдларидан бири: – Устоз, қара, нақадар чиройли тошлар, нақадар ҳашаматли бинолар! – деди.
2. Исо унга жавоб бериб: – Бу ҳашаматли биноларни кўряпсанми? Бу ерда бирор-бир ғишт бутун қолмайди, ҳаммаси вайрон бўлади, – деди.
3. Исо Зайтун тоғида, маъбаднинг рўпарасида ўтирган вақтда Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис Ундан алоҳида сўрадилар:
4. – Бизга айт-чи, бу айтганларинг қачон юз беради? Буларнинг амалга ошишини кўрсатадиган белги қандай бўлади?
5. Исо шогирдларига қараб сўз бошлади: «Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар!
6. Чунки кўп кишилар Менинг номим билан келиб: „Мен У бўламан“, – деб кўпларни йўлдан оздирадилар.
7. Сиз йироқ-яқиндан уруш хабарларини эшитганда, чўчиманглар. Гарчи булар содир бўлиши керак бўлса-да, бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.
8. Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда зилзилалар, қаҳатчиликлар, қўзғолонлар бўлади. Бу ҳодисалар эса бамисли тўлғоқнинг бошидир.
9. Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Чунки сизларни адлияга топшириб, ибодатхоналарда урадилар. Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва подшоҳлар ҳузурида турғизиб қўядилар, сизлар эса Менинг гувоҳларим бўласизлар.
10. Чунки аввало барча халқларга Инжил Хушхабари тарғиб қилиниши лозим.
11. Сизларни топшириш учун олиб бораётганларида, нима айтамиз, деб олдиндан ўйламанглар, қайғурманглар. Ўша соатда нима насиб этса, уни айтинглар. Чунки ўшанда сизлар эмас, балки Муқаддас Руҳ гапиради.
12. Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдирадилар.
13. Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача чидаган қутулади».
14. «Дониэл пайғамбар каромат қилиб айтган „даҳшатли разолат“ номуносиб жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин!) Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.
15. Томнинг устида бўлганлар пастга тушиб уйидан бирон нарса олиб келиш учун уйига киришмасин.
16. Далада бўлганлар чопонини олгани орқасига қайтишмасин.
17. У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!
18. Қочишингиз қишга тўғри келмаслиги учун ибодат қилинглар.
19. Чунки ўша кунларда шундай мусибат бўладики, Худо дунёни яратганидан то ҳозиргача бундай бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.
20. Агар Раббимиз ўша кунларни қисқартирмаганда эди, ҳеч бир жонзод омон қололмас эди. Лекин У танлаган кишилар учунгина ўша кунларни қисқартиради.
21. Агар ўшанда кимдир сизларга: „Масиҳ мана бу ерда“, ёки: „Мана у ерда“, – деб айтса, ишонманглар.
22. Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланганларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройиботлар ва мўъжизалар кўрсатадилар.
23. Сизлар эса эҳтиёт бўлинглар. Мана, Мен ҳаммасини сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
24. Аммо ўша кунларда, ўша мусибатдан кейин қуёш тутилиб, ой хираланади.
25. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади.
26. У вақт Инсон Ўғли булутлар ичида, буюк қудрат ва шон-шуҳрат билан келаётганини кўрадилар.
27. Ўшанда У фаришталарини юбориб, осмоннинг бир бурчидан бошқа бурчигача, ернинг тўрт томонидан Ўзининг танлаган кишиларини тўплаб олади».
28. «Анжир дарахтидан ибрат олинглар: унинг шохлари кўкариб барглар чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.
29. Шунга ўхшаб, бу ишларнинг содир бўлаётганини кўрганда билингларки, У яқиндир, бўсағада турибди.
30. Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.
31. Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас.
32. Ўша кун ёки соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди; Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар.
33. Кўз-қулоқ бўлиб туринглар, ҳушёр бўлиб ибодат қилинглар; чунки ўша вақт-соат қачон келишини билмайсизлар.
34. Бу худди сафарга жўнаган уй эгасига ўхшайди. У ўз уй-рўзғорини хизматкорларига топшириб, ҳар бирига бирон вазифа бериб, дарвозабонга эса ҳушёр бўлиб туришни буюриб, жўнаб кетибди.
35. Худди шундай, сизлар ҳам ҳушёр бўлиб туринглар. Чунки уй Эгаси қачон келишини – кечқурунми, ярим тундами, хўрозлар қичқиргандами, ёки эрталабми – билмайсизлар.
36. Мабодо У ногаҳон келиб, сизларни ғафлат уйқусида кўрмасин!
37. Сизларга нима айтаётган бўлсам, ҳаммага айтганимдир: ҳушёр бўлиб туринглар!»
1. Яҳудийлар хамиртурушсиз нон ейдиган Фисиҳ байрамига икки кун қолган эди. Олий руҳонийлар ва уламолар Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фурсат пойлаб турган эдилар.
2. Улар: – Бу иш фақат байрам кунларида бўлмаслиги керак, яна халқ ғалаён қилмасин, – дейишди.
3. Исо Байтания қишлоғида мохов Симуннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди, бир аёл ганчдан ясалган идишда соф, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди. Идишни синдириб, мойни Исонинг бошига қуйди.
4. Баъзилар бундан ғазабланиб, бир-бирига: – Бу мойни бундай исроф этишнинг нима кераги бор эди?
5. Мана, бу мойни уч юз кумуш тангадан ҳам кўпроққа сотиб камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди-ку! – деб аёлни қаттиқ койишди.
6. – Қўйинглар уни! – деди Исо. – Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун эзгу иш қилди.
7. Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Истаган вақтингизда уларга эзгулик қила оласизлар. Лекин Мен доим сизлар билан бирга бўлмайман.
8. Аёл қўлида борини берди. У Менинг танамга хушбўй мой суртиб, ҳозирдан дафнга тайёрлади.
9. Сизларга чинини айтайин: Инжил Хушхабари дунёнинг қайси ерида тарғиб қилинса, бу аёл ҳам эсланиб, унинг қилган иши ёдга олинади.
10. Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Ишқариёт Яҳудо чиқиб, Исони тутиб бериш учун олий руҳонийларнинг олдига борди.
11. Улар буни эшитиб, севиндилар ва Яҳудога пул беришга аҳд қилдилар. У эса Исога хиёнат қилиш учун қулай пайт излай бошлади.
12. Яҳудийлар хамиртурушсиз нон ейдиган Фисиҳ байрамининг биринчи кунида қурбон қўзисини сўйиш керак эди. Бу кунда шогирдлар Исога: – Фисиҳ байрам таомини қаерда емоқчисан? Биз бориб тайёргарчилик қилайлик, – дейишди.
13. Исо шогирдларидан иккитасини юбораётиб, уларга деди: – Шаҳарга боринглар, сизларга кўзада сув кўтариб кетаётган одам учрайди; унинг орқасидан боринглар.
14. У кирадиган уйнинг эгасига: «Устозимиз: Шогирдларим билан Фисиҳ байрам таомини ейдиган хона қаерда, деб сўраяпти», деб айтинглар.
15. У киши сизларга шинам, тайёрлаб қўйилган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.
16. Шогирдлар жўнашди. Шаҳарга кирганларида, худди Исонинг айтганини топдилар ва Фисиҳ байрам таомини тайёрладилар.
17. Оқшом бўлгач, Исо ўн икки шогирди билан бирга у ерга келди.
18. Улар еб ўтирганларида Исо: – Сизларга чинини айтайин, Мен билан таом еяётган сизлардан бир киши Мени тутиб беради, – деди.
19. Шогирдлар хафа бўлиб, бирин-кетин: – Ўша мен эмасми? – деб Ундан сўрай бошладилар. [Ва шогирдлардан бири яна: – Ўша мен эмасми? – деди.]
20. Исо уларга жавобан деди: – Ўн икки шогирдимдан бири-да, ким Мен билан бирга косага нон ивитиб еса, ўшадир.
21. Тўғри, Инсон Ўғлининг тақдири оятда ёзилганидай кетяпти. Лекин Инсон Ўғлини тутиб берадиган ўша одамнинг ҳолига вой! У одамнинг туғилмагани ўзи учун яхшироқ бўлар эди.
22. Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди ва шогирдларига бериб: – Олинглар, енглар, бу Менинг танамдир, – деди.
23. Косани ҳам олди ва шукрона дуосини ўқиб уларга узатди. Ҳаммалари ундан ичдилар.
24. Исо уларга деди: – Бу кўплар учун тўкиладиган, Янги Аҳдни кучга киритадиган Менинг қонимдир.
25. Сизларга чинини айтайин: Худонинг Шоҳлигида Мен янги шароб ичадиган кунгача узум неъматини бошқа ичмайман.
26. Сўнг улар куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.
27. Исо шогирдларига деди: – Бу тунда ҳаммангиз Мендан юз ўгирасизлар. Чунки Тавротда шундай ёзилган: «Мен чўпонни жароҳатлайман, Қўйлар ўзи тарқаб кетади».
28. Бироқ Мен ўлиб тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.
29. Бутрус Исога: – Агар ҳамма Сендан юз ўгирса ҳам, мен ўгирмайман! – деди.
30. Исо унга: – Сенга ростини айтсам, бугун, шу кечасиёқ, хўроз икки марта қичқирмасданоқ, сен Мендан уч марта тонасан, – деди.
31. Лекин Бутрус яна таъкид билан ўзиникини тасдиқлаб: – Мен Сен билан бирга ўлишим керак бўлса ҳам, Сендан асло тонмайман, – деди. Бошқа ҳамма шогирдлар ҳам шундай дейишди.
32. Сўнгра Гетсемания деган бир жойга келдилар. Исо шогирдларига: – Мен ибодат қилгунимча, сизлар бу ерда ўтириб туринглар, – деди.
33. Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони Ўзи билан бирга олган Исо ваҳимага тушди ва қаттиқ қайғура бошлади.
34. Шогирдларига: – Менинг жоним ўлим олдидалигини сезиб, жуда қийналмоқда. Шу ерда қолинглар-да, сергак туринглар, – деди.
35. Бир оз нари кетиб ерга йиқилди, агар иложи бўлса, бу соатнинг алами мени четлаб ўтсин, деб ибодат қилди.
36. – Эй азиз Отам! – деди. – Сен ҳамма нарсага қодирсан, бу заққум косани Менинг ёнимдан ўтказиб юборгин. Лекин Менинг истаганим эмас, Сенинг истаганинг бўлсин.
37. Шогирдлари олдига қайтиб келгач, уларни ухлаб ётган ҳолда кўрди. Бутрусга деди: – Симун! Ухлаяпсанми? Бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмадингми?
38. Васвасага тушмаслик учун ҳушёр бўлиб, ибодат қилиб туринглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.
39. Исо яна бориб, ўша сўзларни айтиб ибодат қилди.
40. У қайтиб келиб, шогирдларини яна ухлаб ётган ҳолда кўрди. Уларнинг кўзларини ғафлат босган эди. Унга нима деб жавоб беришларини билмас эдилар.
41. Учинчи марта бориб келиб, Исо шогирдларига деди: – Сизлар ҳали ҳам бепарво ухлаб, роҳатланиб ётибсизларми? Бас энди, мана вақт-соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.
42. Туринглар, кетайлик! Мана, Менга хиёнат қилувчи яқинлашиб қолди.
43. Исо ҳали гапириб турганда, ўн икки шогирдидан бири Яҳудо қўққисдан келиб қолди. Унинг ёнида олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар томонидан юборилган, қилич ва таёқ ушлаган оломон бор эди.
44. Хоин Яҳудо: «Мен кимни ўпсам, у Ўша Кишидир. Уни ушланглар ва эҳтиёт қилиб олиб кетинглар», – деб улар билан тил бириктирган эди.
45. Яҳудо келибоқ, Исога яқинлашди-да: – Устоз! Устоз! – деб Уни ўпди.
46. Шу онда одамлар Исога даст солиб, Уни ушлаб олишди.
47. Исонинг ёнида турганлардан бири қиличини қинидан суғурди-да, олий руҳоний қаролига бир уриб қулоғини кесиб ташлади.
48. Исо уларга деди: – Сизлар Мени қўлга олиш учун қароқчига қарши чиққандек қиличу таёқлар билан қуролланиб келибсизлар.
49. Мен эса ҳар куни маъбадда сизнинг орангизда эдим, таълим берардим, сизлар-чи, Мени қўлга олмадингизлар. Аммо зотан оятлар бажо келиши лозим.
50. Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони ташлаб, қочиб кетишди.
51. Яланғоч танасини чойшабга ўраган бир йигит ҳам Исога эргашиб бораётган эди. Аскарлар уни ушлаб олганда,
52. у чойшабни ташлаб, улардан яланғоч ҳолда қочиб қутулди.
53. Исони бош олий руҳонийнинг олдига олиб келдилар. Унинг ёнига ҳамма олий руҳонийлар, оқсоқоллар ва уламолар йиғилдилар.
54. Бутрус эса Исога узоқдан, то олий руҳонийнинг ҳовлиси ичигача эргашиб келганди. Хизматкорлар билан бирга олов ёнида ўтириб, исинди.
55. Олий руҳонийлар ва Олий Кенгашнинг барча аъзоси Исога ўлим жазоси бериш учун Унга қарши гувоҳ излар эдилар, лекин тополмас эдилар.
56. Кўп одамлар Унга қарши сохта гувоҳлик бераётган бўлсалар-да, аммо берган гувоҳликлари бир-бирига мос келмас эди.
57. Сохта гувоҳлардан баъзилари сўзга чиқиб шундай дер эдилар:
58. – У: «Инсон қўли билан қурилган бу маъбадни Мен бузиб ташлайман-у, уч кунда инсон қўлларисиз, бошқа бир маъбадни тиклайман», – деганини эшитган эдик.
59. Лекин бу хусусда ҳам гувоҳларнинг берган маълумотлари бир-бирига зид эди.
60. Бундан кейин бош олий руҳоний ўртага чиқиб Исодан сўради: – Сен нега ҳеч жавоб қайтармайсан? Уларнинг Сенга қўйган айбларига нима дейсан?
61. Исо эса индамади, ҳеч жавоб қайтармади. Бош олий руҳоний яна Ундан сўради: – Муборак Худонинг Ўғли – Масиҳ Сенмисан?
62. Исо: – Мен Ўшаман ва сиз Инсон Ўғлини қодир Тангрининг ўнг томонида ўтириб, осмон булутлари билан келаётганини кўрасизлар, – деди.
63. Шундан кейин бош олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб: – Бизларга яна гувоҳларнинг нима кераги бор?
64. Куфр кетганини ўзларингиз эшитдингизлар. Бунга нима дейсизлар? – деди. Ҳаммалари Уни ўлимга лойиқ деб топишди.
65. Баъзилар Унга тупура бошлашди. Унинг юз-кўзини боғлаб, муштлаганларича: – Пайғамбарлигингни кўрсат-чи! – дейишарди. Хизматкорлар ҳам Уни шапалоқлашарди.
66. Бутрус пастдаги ҳовлида экан, олий руҳонийнинг хизматкор аёлларидан бири келиб қолди.
67. Исиниб турган Бутрусни кўриб, унга тикилиб қаради-да: – Сен ҳам носиралик Исо билан бирга эдинг-ку! – деди.
68. Лекин Бутрус инкор этди: – Сен нима деяпсан ўзи, тушунмаяпман, англамаяпман, – деди-ю, бошқа ёққа, ташқи ҳовлига чиқиб кетди. Шу пайт хўроз қичқирди.
69. Хизматкор аёл уни яна учратиб, у ерда турганларга: – Бу улардан бири-ку! – деб сўзлай бошлади.
70. Бутрус яна инкор этди. Бир оздан кейин у ерда турганлар яна Бутрусга гапира бошлашди: – Ҳақиқатан сен улардан бирисан, жалилаликсан, [лаҳжанг жуда ўхшайди].
71. – Сизлар айтаётган бу Одамни мен танимайман! – деб Бутрус лаънат ўқиб, қасам ича бошлади.
72. Нақ шу пайт хўроз иккинчи марта қичқирди. Исонинг: «Хўроз икки марта қичқирмасданоқ, сен Мендан уч марта тонасан», – деган сўзи Бутруснинг эсига тушиб, йиғлай бошлади.
1. Тонг отар-отмас, олий руҳонийлар, оқсоқоллар ва уламолар ҳамда Олий Кенгашнинг қолган аъзолари маслаҳатлашиб олишди ва Исони боғлатиб, Пилатга олиб бориб топширишди.
2. Пилат Исодан: – Сен яҳудийларнинг Подшосимисан? – деб сўради. – Ўзинг айтдинг, – деб жавоб берди Исо.
3. Олий руҳонийлар Уни кўп масалада айблаётган эдилар.
4. Пилат яна Унга: – Сен ҳеч нарсага жавоб бермайсанми? Кўряпсан-ку, Сенга қарши айблар жуда кўп! – деди.
5. Лекин Исо бошқа ҳеч жавоб бермади. Пилат бунга ҳайрон қолди.
6. Ҳар байрамда Пилат халқнинг илтимосига биноан бир маҳбусни озод қилар эди.
7. Ўшанда исён вақтида қотиллик қилган Барабба исмли бир киши ўз шериклари билан қамоқда эди.
8. Халқ янгитдан қий-чувлашиб, Пилатдан ҳар доим қилиб келган ишни улар учун адо этишни сўрай бошлади.
9. – Яҳудийларнинг Подшосини олдингизга чиқариб юборишимни истайсизларми? – деб сўради
10. Олий руҳонийлар Исони кўролмаганларидан тутиб берганликларини билган Пилат
11. Олий руҳонийлар эса, бунинг ўрнига яхшиси Бараббани озод қилишини талаб қилинглар, деб халқни қўзғаб қўйишди.
12. Пилат яна уларга хитоб қилди: – Ундай бўлса, сизлар яҳудийларнинг Подшоси деб атаган Кишини нима қилишимни истайсизлар?
13. – Уни хочга михлаб қўй! – деб қайтадан шовқин-сурон кўтаришди.
14. Пилат сўради: – У нима ёмонлик қилибди? – Уни хочга михлаб қўй! – деб яна кучлироқ бақиришди.
15. Шундан кейин Пилат халқни мамнун қилай, деб уларнинг олдига Бараббани чиқариб юборди. Исони эса роса савалатгандан сўнг хочга михлаш учун аскарларга топширди.
16. Аскарлар Исони ҳукумат саройидаги маҳкама биносига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг бошига тўплашди.
17. Унга шоҳона тўн кийдиришди ва тиканлардан тож ўриб бошига қўйишди.
18. – Яшавор, эй яҳудийларнинг Подшоси! – деб Уни қутлай бошлашди.
19. Қамиш билан Унинг бошига уриб, юзига тупуришди. Унинг олдида тиз чўкиб, таъзим қилишди.
20. Уни шундай масхара қилганларидан кейин, Ундан шоҳона тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди ва Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.
21. Искандар ва Руфнинг отаси, киринеялик Симун исмли бир киши даладан келиб ўтиб кетаётган эди. Бу кишини Исонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилишди.
22. Ниҳоят Исони «Бошсуяги» маъносини берувчи Гўлгота деган жойга олиб келишди.
23. Унга мирра аралаштирилган шароб беришди, лекин У ичмади.
24. Бундан сўнг Исони хочга михлаб қўйишди. Унинг кийимларини эса ўзаро бўлишиб, ким нима олади, деб қуръа ташлашди.
25. Уни хочга михлаганларида соат тўққиз эди.
26. Боши устида «Яҳудийларнинг Подшоҳи» деб Унинг айбини кўрсатадиган ёзув бор эди.
27. Исо билан бирга икки қароқчини ҳам – бирини Унинг ўнг томонига, иккинчисини эса чап томонига хочга михлаб қўйдилар.
28. [Шундай қилиб, «У жиноятчилар қаторида турди», деган оят бажо бўлди.]
29. Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаганча Исони ҳақоратлашарди: – Ҳей маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган!
30. Ўзингни Ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр-чи!
31. Олий руҳонийлар ва уламолар ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди. Улар бир-бирига: – Бошқаларни қутқарди, Ўзини эса қутқара олмайди!
32. Исроилнинг Подшоси Масиҳ эндиликда хочдан тушсин, токи биз кўриб Унга ишонайлик! – дейишарди. Исо билан бирга хочга михланганлар ҳам Уни сўкар эдилар.
33. Туш чоғи бутун ерни қоронғилик қоплаб, соат учгача давом этди.
34. Соат учда Исо баланд овоз билан: – Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? – деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: «Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?» – демакдир.
35. У ерда турган баъзилар буни эшитиб: – Қаранг, У Илёс пайғамбарни чақиряпти-ку, – дейишди.
36. Шунда биров югуриб бориб, шимгични сиркага ботириб, қамишнинг учига илиб қўйди-да, Исога ичирмоқчи бўлди. У: – Тўхтанглар, кўрайлик-чи, Илёс келиб хочдан туширармикан, – деди.
37. Аммо Исо қаттиқ фарёд қилдию жон берди.
38. Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди.
39. Исонинг қаршисида турган юзбоши Унинг шундай қаттиқ фарёд қилиб жон берганини кўриб: – Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! – деди.
40. У ерда узоқдан қараб турган аёллар бор эди. Улар орасида магдалалик Марям, кичик Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Саломия бор эдилар.
41. Исо Жалилада эканлигида, улар Унга хизмат қилиб эргашиб келган эдилар. У ерда Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа кўп аёллар ҳам бор эди.
42. Жума куни кеч киришига сал қолган, дам олиш кунига тайёргарлик қилиш вақти тугаётган эди.
43. Шунда Олий Кенгашнинг таниқли аъзоси, Худо Шоҳлигига кўз тикиб юрган ариматеялик Юсуф журъат этиб, Пилатнинг ҳузурига борди ва Исонинг жасадини сўради.
44. Пилат Унинг дарров ўлганига ҳайрон бўлди. Юзбошини чақириб: – Унинг ўлганига кўп бўлдими? – деб сўради.
45. Юзбошидан билиб олгач, жасадни Юсуфга берди.
46. Юсуф кафан сотиб олди. Исони хочдан тушириб олиб, кафанга ўради ва қояда ўйилган қабрга қўйди. Кейин қабрнинг оғзига бир тошни юмалатиб келтириб, қўйиб кетди.
47. Магдалалик Марям билан Юсуфнинг онаси Марям эса Исонинг қаерга кўмилганини кўрдилар.
1. Шанба кунги дам олиш вақти тугагач, магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия бориб Исога суртиш учун атирлар сотиб олдилар.
2. Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг отарда қабрга бордилар.
3. Улар бир-бирига: – Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб беради? – дейишди.
4. Бошларини кўтариб қарашсаки, тош аллақачон ағдарилган экан; у жуда ҳам катта эди.
5. Қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ кийимли бир йигитни кўрдилару, чўчидилар.
6. Йигит уларга: – Қўрқманглар! – деди. – Сизлар хочга михланган носиралик Исони изламоқдасизлар. У тирилди, У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи!
7. Энди сизлар бориб Унинг шогирдларига, айниқса Бутрусга: «У сизларни Жалилада кутяпти; сизларга айтганидек, Уни ўша ерда кўрасизлар», – деб айтинглар.
8. Аёллар қабрдан чиқиб, югуриб қочиб кетдилар. Уларни қалтироқ ва даҳшат босган эди. Қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар.
9. Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб етти жиндан қутқарган магдалалик Марямга кўринди.
10. Марям бориб, илгари Исо билан бирга бўлган, энди эса мотам тутиб йиғлаётган кишиларга хабар етказди.
11. Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.
12. Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди.
13. Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.
14. Ниҳоят, Исо Ўзининг еб-ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Уни тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмай, имонсиз қолганлари, дийдасини қотиргани учун уларга таъна қилди.
15. Исо шогирдларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар.
16. Ким ишониб, сувда имон келтирса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади.
17. Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар.
18. Қўлларига илон олиб кўтарсалар ёки ҳалокатли бирон нарса ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Беморларга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетадилар».
19. Раббимиз Исо шогирдларига ушбуларни тайинлаб бўлгач, осмонга кўтарилди ва Худонинг ўнг томонига ўтирди.
20. Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда воизлик қилиб юрдилар. Раббимиз уларга кўмаклашар ва пайдо қилган мўъжизалар орқали Ўз каломини тасдиқлар эди. Омин.



YouTube kanaliga xush kelibsiz!




► Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil (YANGILANGAN AUDIO KITOB)


Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)  Сандон устида (Макс Лукадо)    Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак