Инжил
Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабар
2. Азалданоқ У Худо узурида эди.
3. Борлиқ У орқали бор бўлган, Усиз ҳеч нарса бор бўлган эмас. Неки бор бўлган бўлса, У орқали бор бўлган.
4. Унда ҳаёт бор эди, Ҳаёт инсонларнинг нури эди.
5. Нур зулматда порлайди, Зулмат эса нурни қоплай олмади.
6. Худо томонидан юборилган бир одам бор эди, унинг исми Яҳё эди.
7. У шоҳидлик қилгани, нур ҳақида шоҳидлик қилгани келган эди, токи ҳамма унинг шаҳодати орқали имон келтирсин.
8. Унинг ўзи нур эмас эди, у фақат нур ҳақида шаҳодат беришга юборилган эди.
9. Дунёга келаётган ҳамма одамзодни ёритувчи ҳақиқий нур бор эди.
10. Калом дунёда бор эди, Дунё У орқали бор бўлган эди, Бироқ дунё Уни танимади.
11. Ўзиникиларнинг ёнига келди У, Лекин Ўзиникилар Уни қабул қилмади.
12. Уни қабул қилганларга эса, Барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди.
13. Улар на қондан, На тана хоҳишидан, На эр хоҳишидан, Балки Худодан туғилдилар.
14. Калом инсон қиёфасига кирди Ва биз аро маскан қилди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик; Отаси ҳузуридан келган, Марҳамат ва ҳақиқат ила тўлган Ягона Ўғилнинг улуғворлигини кўрдик.
15. Яҳё У ҳақда гувоҳлик берди ва овозини баланд қилиб деди: «Менинг кетимдан Келаётган бор, У мендан ҳам улуғ, чунки У мендан илгарироқ бор эди, деб айтганим Шунинг Ўзидир».
16. Унинг камолотидан биз ҳаммамиз Марҳамат устига марҳамат олдик.
17. Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, Илоҳий марҳамат ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди.
18. Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас; Отасининг бағрида бўлган ягона Ўғил Ўзи Уни изҳор қилди.
19. Қуддусдаги яҳудийлар юборган руҳонийлар ва левитлар Яҳё пайғамбарнинг олдига бориб ундан: – Сен кимсан? – деб сўрадилар. Яҳё шаҳодат берди:
20. – Мен Масиҳ эмасман, – деб очиқ тан олди у, инкор этмади.
21. Яна ундан: – Бўлмаса Илёс пайғамбармисан? – деб сўрадилар. – Йўқ! – деди у. – Ўша пайғамбармисан? – деб савол бердилар. У яна: – Йўқ! – деб жавоб берди.
22. – Ахир, сен кимсан? Бизни юборганларга жавоб қилишимиз керак. Сен ўзинг ҳақингда нима дейсан? – деб сўрадилар.
23. – Мен, Ишаъё пайғамбарнинг айтганидай, «Худовандга йўл ҳозирланглар», деб саҳрода хитоб қилувчининг садосиман, – деди Яҳё.
24. Унинг олдига юборилганлар орасида фарзийлар ҳам бор эди.
25. Улар Яҳёдан: – Модомики сен Масиҳ ҳам, Илёс ҳам, ўша пайғамбар ҳам эмас экансан, нега халқни сувга чўмдириб, тавба қилдириб юрибсан? – деб сўрадилар.
26. Яҳё уларга жавоб берди: – Мен одамларни сувга чўмдиряпман, холос. Лекин орангизда сизлар танимайдиган Кимса турибди.
27. Менинг кетимдан келаётган [ва мендан илгари бор бўлган] Кимса бор, деб айтганим ана Ўшадир. Мен Унинг чориғи ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман, – деди.
28. Бу ҳодисалар Яҳё одамларни тавба қилдириб юрган ерда, Ўрдун дарёсининг нарёғидаги Байтаварада содир бўлди.
29. Эртасига Яҳё Исонинг ўзига яқинлашаётганини кўриб, шундай деди: «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!
30. Мен айтган эдим: Менинг кетимдан келаётган Зот бор, У мендан улуғ, чунки У мендан илгари ҳам бор эди. Бу – Ўшанинг Ўзидир.
31. Мен Уни билмас эдим, лекин Исроил Уни таниб олсин, деб мен одамларни сувга чўмдириб, тавба қилдиргани келдим».
32. Яҳё яна шундай шаҳодат берди: «Мен Илоҳий Руҳнинг осмондан каптардай учиб келиб, Ўшанинг устига қўнганини кўрдим.
33. Мен Уни билмас эдим. Лекин одамларни сувга чўмдиришга мени юборган Худонинг Ўзи: „Муқаддас Руҳ кимнинг устига тушиб қўнганини кўрсанг, билки, Муқаддас Руҳга Чўмдирувчи Ўшадир“, – деган эди менга.
34. Мен эса Уни кўрдиму, мана бу – Худонинг Ўғлидир, деб шаҳодат бердим».
35. Эртасига Яҳё яна иккита шогирди билан шу ерда турган эди.
36. У юриб келаётган Исога тикилиб қараб: – Мана Худонинг қурбонлик Қўзиси! – деди.
37. Иккала шогирд Яҳёнинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашиб боришди.
38. Исо ўгирилиб қараб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди-да: – Сизларга нима керак? – деб сўради улардан. – Сен қаерда турасан, Раввий? – дейишди улар. («Раввий» устоз маъносидадир).
39. – Бориб кўринглар, – деди Исо. Улар бориб, Исонинг турар жойини кўришди. Ўша куни У билан қолишди. Соат тўртлар чамаси эди.
40. Яҳёдан Исо ҳақида эшитиб, Унинг орқасидан эргашганлардан бири Симун Бутруснинг укаси Идрис эди.
41. У дастлаб акаси Симунни топди-да, унга: – Биз Масиҳни топдик, – деди. (Масиҳ – «Худо юборган» демакдир.)
42. Идрис акасини Исонинг олдига олиб келди. Исо эса унга тикилиб: – Сен Юнус ўғли Симунсан-ку, сен Кифа (яъни Тош) деган ном оласан, – деди.
43. Эртаси куни Исо Жалилага бормоқчи бўлди. У Филипни топиб унга: – Орқамдан юр! – деди.
44. Филип Байтсайда шаҳридан, Идрис билан Бутруснинг ҳамшаҳари эди.
45. Филип кетди. У Натанъилни топиб, унга: – Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар Тавротда ёзган Юсуф ўғли носиралик Исони топдик, – деди.
46. – Носира шаҳридан бирон яхшилик чиқармикин? – деди Натанъил унга. – Бориб кўргин! – деди унга Филип.
47. Бундан сўнг Исо Натанъилнинг Ўзига яқинлашаётганини кўриб: – Қаранг, ҳеч ҳийлани билмайди, худди ҳақиқий исроиллик! – деди.
48. Натанъил Исодан сўради: – Сен мени қаердан танийсан? – Филип сени чақирмасидан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, – деб жавоб берди Исо.
49. Шунда Натанъил: – Устоз, Сен Худонинг Ўғлисан, Сен Исроилнинг Подшоҳисан! – деди.
50. Исо унга жавобан: – Мен сенга: Сени анжир дарахти тагида кўрдим, деганим учун ишоняпсан-да. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан! – деди.
51. Сўнг унга яна: – Сизларга ростини айтай: бундан кейин осмон очилиб, Инсон Ўғли олдига Худо фаришталари тушиб-чиқаётганини кўрасизлар, – деди.
2. Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф этилган эдилар.
3. Шароб тугаб қолгач, Исонинг онаси Унга: – Уларда шароб қолмабди, – деди.
4. Исо унга: – Менинг ишимга аралашма, аёл. Менинг вақт-соатим ҳали етгани йўқ, – деди.
5. Шунда онаси хизматчиларга: – У сизларга нимаики деса, ўшани қилинглар, – деди.
6. Ўша ерда яҳудийлар таҳоратда ишлатадиган, ҳар бири икки-уч челак сиғимли олтита тош хум бор эди.
7. Исо хизматчиларга: – Хумларни сувга тўлдиринглар, – деди. Улар хумларни лиммо-лим тўлдиришди.
8. Исо уларга: – Энди чўмичлаб олиб, тўйбошига олиб боринглар, – деди. Улар эса олиб боришди.
9. Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Унинг қаёқдан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматчилар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртиб унга айтди:
10. – Ҳар ким аввал яхши шаробни қўяди. Кайф қилишгандан кейингина ёмонроғини беради. Сен эса яхши шаробни шу вақтгача сақлабсан-ку!
11. Исо дастлабки ушбу мўъжизасини Жалиланинг Кана шаҳарчасида намойиш қилди, бу билан Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари эса Унга имон келтирдилар.
12. Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига келдилар ва у ерда бир неча кун турдилар.
13. Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди.
14. Маъбадга кирганда, ҳўкиз, қўй, каптарларни сотаётганлар ва ўтирган саррофларни кўрди.
15. Исо арқондан дарра ясади-да, маъбаддан ҳаммасини, ҳўкизу қўйлари билан бирга, қувиб чиқарди, саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди.
16. Каптар сотувчиларга: – Буларни йўқотинглар бу ердан, Отамнинг уйини савдохонага айлантирманглар! – деди.
17. Шунда Унинг шогирдлари «Сенинг уйингга бўлган рашким Менинг ичимни кемириб кетди», деган оятни эсладилар.
18. Шунда яҳудий мансабдорлари: – Бундай қилишга қандай ҳуқуқинг бор? Исбот қилиб мўъжиза ярат-чи! – деб Исодан талаб қилдилар.
19. Исо деди: – Бу маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.
20. Бунга жавобан яҳудий мансабдорлари: – Бу маъбад қирқ олти йилда қурилган, Сен уни уч кунда тикламоқчимисан-а?! – дедилар.
21. Ҳолбуки, Исо маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди.
22. Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу сўзини эсладилар ва муқаддас битикка ҳам, Исонинг сўзига ҳам ишондилар.
23. Исо Қуддусда, Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган ибратли мўъжизаларини кўриб, Унга имон келтирдилар.
24. Аммо Исо ҳамма инсонларнинг кўнглини билгани учун, Ўзини уларга ишонмас эди.
25. Унга инсон ҳақида бирор маълумотнинг ҳожати йўқ эди, чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.
2. Бу одам бир кун кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди: – Устоз! Сен Худодан келган бир муаллим эканингни биз биламиз, чунки ҳеч ким, агар Худо у билан бўлмаса, Сен қилаётган мўъжизаларни қилолмайди.
3. Исо унга шундай жавоб берди: – Сенга ростини айтай: агар ким юқоридан туғилмаса, Худо салтанатини кўролмайди.
4. – Кекса одам яна қандай туғила олади? Онасининг қорнига иккинчи гал кириб туғила оладими? – деб сўради Никодим.
5. Исо жавоб берди: – Сенга ростини айтай: агар ким сувдан ва Руҳдан туғилмас экан, Худо салтанатига киролмайди.
6. Танадан туғилган танадир, Руҳдан туғилган эса Руҳдир.
7. Сизлар юқоридан туғилишингиз керак, деганимга таажжубланма.
8. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасан-у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсан. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади.
9. – Бу қандай бўлиши мумкин? – сўради Никодим.
10. Исо унга жавоб берди: – Сен Исроилнинг устозисан-ку ахир, нега буни билмайсан?
11. Сенга ростини айтай: Биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз. Лекин сизлар Бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар.
12. Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар?
13. Осмонда турадиган ва осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас.
14. Мусо саҳрода илонни қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак.
15. Шу тариқа Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмай, абадий ҳаётга эришади.
16. Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
17. Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди.
18. Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғли исмига ишонмаган.
19. Илоҳий ҳукм шундан далолатдирки, оламга нур келган бўлса ҳам, одамлар нурдан кўра зулматни аъло кўрдилар; чунки уларнинг қилмишлари ёмонлик эди.
20. Кимки ёмонлик қилиб юрса, нурни ёмон кўради, ёмон қилмишлари фош бўлиб қолмаслиги учун нурга қараб юрмайди.
21. Кимки ҳақиқат йўлини тутса, нурга қараб юради, токи Худога таяниб қилган ишлари ошкора бўлсин.
22. Шундан кейин Исо билан шогирдлари Яҳудия юртига келдилар. Исо улар билан бир муддат у ерда қолиб, одамларни сувга чўмдириб, тавба қилдирар эди.
23. Яҳё ҳам Салим яқинидаги Эйнон ерида халқни дарёга чўмдириб юрган эди. У ер серсув бўлиб, одамлар оқиб келар эди.
24. Яҳё эса ҳали зиндонга ташланмаган эди.
25. Шу маҳал Яҳёнинг шогирдлари билан яҳудий мансабдорлари орасида таҳорат ҳақида баҳс бўлди.
26. Охири Яҳёнинг олдига бориб дедилар: – Устоз! Ўрдун дарёсининг нариги бўйида сен билан бўлган, сен гувоҳлик берган Одам бор-ку, ўша Одам энди халқни сувда тавба қилдириб юрибди, ҳамма ҳам Унинг олдига боришяпти.
27. Бунга жавобан Яҳё деди: – Агар осмондан насиб бўлмаса, инсон ҳеч нарсани сиғдира олмайди.
28. Мен Масиҳ эмасман-у, фақат Унинг олдидан юборилганман, деб айтганимга ўзингиз гувоҳсизлар.
29. Келин кимга тегишли бўлса, куёв ўшадир. Лекин куёвнинг ёнида туриб унга қулоқ солган дўсти куёвнинг овозини эшитибоқ, севиниб қувонади. Худди шундай: менинг қувончим энди комил бўлди.
30. Масиҳ улғайиши, мен эса пасайишим керак.
31. Юқоридан келган Зот ҳаммадан устундир. Ердан бўлган ерга мансубдир ва ерга хос гапиради. Осмондан Келган эса ҳаммадан устундир.
32. У кўргани ва эшитгани ҳақида гувоҳлик беради, аммо ҳеч ким Унинг гувоҳлигини тан олмайди.
33. Унинг гувоҳлигини тан олувчи киши эса Худонинг ҳақлигини тасдиқлайди.
34. Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради; Худо Ўз Руҳини чексиз-ўлчовсиз беради.
35. Ота Ўғлини севади, У ҳамма нарсани Унинг қўлига топширган.
36. Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазабига учрайди.
2. (Ваҳоланки, Исонинг Ўзи эмас, шогирдлари халқни дарёда тавба қилдирар эдилар.)
3. Исо буни билиб қолгач, Яҳудияни ташлаб, яна Жалилага кетди.
4. Исо йўл-йўлакай Самариядан ўтиши керак эди.
5. Шундай қилиб, У Самариянинг Сиҳар деган шаҳрига келди. Бу шаҳар Ёқубнинг ўғли Юсуфга берган ерига яқин эди.
6. Ёқубнинг қудуғи ҳам ўша ерда эди. Исо йўл юриб чарчаган эди, қудуқнинг ёнига ўтирди. Тахминан туш пайти эди.
7. Шу вақт самариялик бир аёл сув олгани келиб қолди. Исо унга: – Менга ичгани сув бер, – деди.
8. Исонинг шогирдлари эса овқат сотиб олиш учун шаҳарга кетган эдилар.
9. Самариялик аёл: – Сен яҳудий бўлсанг, мен самариялик аёл бўлсам, қандай қилиб сув сўрашга журъат қилдинг? – деди. (Чунки яҳудийлар самарияликлар билан алоқа қилмайдилар.)
10. Исо аёлга жавоб берди: – Агар сен Худонинг инъомини ва «Менга сув бергин», деб айтаётганнинг кимлигини билганингда эди, сен ўзинг Ундан сув сўрар эдинг ва У сенга ҳаётбахш сув берар эди.
11. – Ҳазрат! – деди аёл, – Сенда сув оладиган ҳеч нарса йўқ-ку, қудуқ эса чуқур. Ахир, Сенинг ҳаётбахш сувинг қаерда?
12. Бобокалонимиз Ёқуб бу қудуқни бизга берган, ўзи ҳам, болалари ва чорвалари ҳам ундан сув ичган. Наҳотки Сен ундан ҳам катта бўлсанг?
13. Исо аёлга шундай жавоб қайтарди: – Бу сувдан ким ичса, яна чанқаб қолади.
14. Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сувдан ичганнинг вужудида булоқ пайдо бўлиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқаверади.
15. – Ҳазрат, бу сувдан менга ҳам бер, мен ҳам энди чанқамайин ва сув олгани бу ерга келавермайин, – деди аёл.
16. – Бориб эрингни бу ерга чақириб кел, – деди Исо.
17. – Менинг эрим йўқ, – деди аёл. – Эрим йўқ деб сен тўғрисини айтдинг, – деди Исо.
18. – Сенинг беш нафар эринг бўлган, ҳозиргиси ҳам эринг эмас. Буни сен тўғри айтдинг!
19. – Ҳазрат, кўриб турибманки, Сен пайғамбарсан, – деди аёл.
20. – Ота-боболаримиз бу тоғда топиндилар. Аммо сизлар, топинадиган ер Қуддусда, дейсизлар.
21. Исо унга айтди: – Менга ишонгин, шундай вақт келадики, ўшанда Отага на бу тоғда, на Қуддусда топинасизлар.
22. Сизлар нимага топинишни билмайсизлар, бизлар эса нимага топинишни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардандир.
23. Бироқ вақт-соати билан ҳақиқий топинувчилар Отага Руҳ ва ҳақиқат билан топинадилар, ана ўша вақт-соат келди! Ота шу йўсинда Ўзига топинувчиларни излайди.
24. Худо – Руҳдир, Унга топинувчилар эса Руҳ ва ҳақиқат билан топинмоқлари лозим.
25. Аёл Исога: – Қутқарувчи Масиҳ келажагини биламан. У келганда, ҳамма нарсани бизга маълум қилади, – деди.
26. Исо аёлга: – Сен билан гаплашаётган Мен Ўшаман, – деди.
27. Шу пайтда Исонинг шогирдлари келиб қолишди. Унинг бир аёл билан гаплашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди. Лекин бирортаси ҳам: «Ундан нима талаб қиляпсан?» ёки: «У билан нима тўғрисида гаплашяпсан?» – деб сўрамади.
28. Шундан кейин аёл кўзасини ўша ерда қолдириб, шаҳарга борди ва одамларга деди:
29. – Боринглар, мен қилган ҳамма ишларни айтиб берган Одамни кўринглар! У Масиҳ эмасмикин?
30. Одамлар эса шаҳардан чиқиб, Исонинг олдига бордилар.
31. Шу орада шогирдлари: – Устоз, овқат еб олгин, – деб Исодан илтимос қилишди.
32. Аммо Исо уларга деди: – Менинг ейдиган бошқа овқатим бор, сизлар уни билмайсизлар.
33. Шогирдлари ўзаро гап қотиб: – Ажабо, бирон киши Унга овқат келтирганмикин? – деб ҳайрон бўлишди.
34. Исо уларга деди: – Менинг овқатим – Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг юмушини бажо келтиришдан иборатдир.
35. Сизлар: ўрим-йиғимга ҳали тўрт ой вақт бор, деб айтяпсизлар-ку. Энди сизларга айтай: кўзларингизни экинзорларга тикиб қаранглар. Ҳосил аллақачон етилибди, ўрим-йиғимга тайёр бўлибди.
36. Ўроқчи ҳозирдан меҳнат ҳақини олади ва абадий ҳаёт учун ҳосилини йиғиб олади; шундай бўлгани учун экувчи билан ўроқчи биргаликда қувонадилар.
37. «Бириси экади, бошқаси ўради», деган мақол шу вазиятга тўғри келади.
38. Мен сизларни ўзингиз заҳмат чекмаган ҳосилни ўргани юбордим. Бошқалар заҳмат чеккан эди, сизлар эса уларнинг заҳматидан фойдаланасизлар.
39. Шундан кейин, ўша шаҳарда яшовчи талай самарияликлар Исога имон келтиришди. Улар ҳалиги аёлнинг «Мен қилган ишларнинг ҳаммасини айтиб берди», деган гувоҳлигига ишонишган эди.
40. Шундай қилиб, самарияликлар Исонинг олдига келиб, уларникида қолишини илтимос қилишди. У эса икки кун ўша ерда қолди.
41. Натижада Исонинг сўзини эшитиб, янада кўпроқ одамлар имон келтирди.
42. Улар аёлга: – Энди сенинг сўзларинг туфайлигина ишонаётганимиз йўқ. Уни ўзимиз ҳам эшитдик, У ҳақиқатан оламнинг Қутқарувчиси – Масиҳ эканига қаноат ҳосил қилдик, – дейишди.
43. Икки кун ўтгандан кейин Исо у ердан Жалилага жўнаб кетди.
44. Унинг Ўзи: «Пайғамбар ўз юртида эътиборсиз қолади», деб таъкидлаган эди.
45. Жалилага келганда эса, аҳоли Уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Чунки улар Қуддусдаги байрамга борганларида, у ерда Исонинг бутун қилган ишларини кўрган эдилар.
46. Шундай қилиб, Исо яна Жалиланинг Кана шаҳарчасига келди, бу ерда У сувни шаробга айлантирган эди. Ўша пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой амалдорининг ўғли касал бўлиб ётган эди.
47. Бу одам Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганлигини эшитиб, Унинг олдига борди. Ўлим тўшагида ётган ўғлини бориб кўриб тузатишни Исодан ўтиниб сўради.
48. – Сизлар ажойиботу мўъжизалар кўрмагунча ишонмайсизлар-да! – деди унга Исо.
49. – Ҳазрат, – деди сарой амалдори Унга, – болагинам ўлмасидан олдин етиб боргин!
50. – Сен борақол, ўғлинг соғ-саломат, – деди Исо. У одам Исонинг айтганига ишониб, кетди.
51. Эртага унинг йўлига чиқиб турган хизматкорлари уни қаршилаб: – Болангиз соғ-саломат, – дейишди.
52. – Қайси соатда аҳволи енгиллашди? – дея сўради. – Кеча тушда соат бирда иситмаси тушиб қолди, – дейишди хизматкорлар.
53. Боланинг отаси Исо унга: «Ўғлинг соғ-саломат», дегани шу вақтга тўғри келганини англади. Ўзи ва бутун хонадони Исога имон келтирди.
54. Бу эса Исонинг Яҳудиядан Жалилага келиб қилган иккинчи ибратли мўъжизаси эди.
2. Қуддуснинг Қўй дарвоза номли кираверишида яҳудийча Байт-Ҳасда деган беш шийпонли бир ҳовуз бор эди.
3. Бу шийпонларда кўр, чўлоқ, майиб-мажруҳ жуда кўп беморлар ётар, [сувнинг қимирлашини интизор бўлиб кутардилар.
4. Чунки Худованднинг бир фариштаси гоҳ-гоҳ ҳовузга тушиб, сувни ҳаракатга келтирар эди. Сув қимирлаши билан ҳовузга биринчи бўлиб ким тушса, ҳар қандай хасталикдан халос бўлар эди.]
5. Бу ерда ўттиз саккиз йилдан бери касал бўлиб ётган бир киши бор эди.
6. Исо унинг ётганини кўрди, узоқ вақтдан бери хаста эканлигини пайқади-да, – Соғайишни истайсанми? – деб сўради ундан.
7. Бемор Исога жавоб берди: – Ҳа, Ҳазрат! Лекин сув қимирлаганда, мени ҳовузга туширадиган одамим йўқ. Мен боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади.
8. – Ўрнингдан тур, тўшагингни олиб юр! – деди Исо беморга.
9. У эса шу ондаёқ соғайиб қолди. Тўшагини олиб, юриб кетди. У кун дам олиш куни эди.
10. Шунинг учун яҳудий мансабдорлари соғайиб кетган одамга: – Бугун дам олиш куни-ку, сенга тўшагингни кўтариш мумкин эмас! – дейишди.
11. – Мени соғайтирган Одам менга: «Тўшагингни олиб юр», деб айтди-да, – деди у одам.
12. – «Тўшагингни олиб юр», деб айтган Одам ким? – деб сўрадилар.
13. Шифо топган одам эса Унинг кимлигини билмас эди, у ерда халқ кўплигидан Исо Ўзини четга олган эди.
14. Кейинроқ Исо у одамни маъбадда учратиб қолди. – Мана, сен соғайдинг. Энди бошқа гуноҳ қилма, тағин бошингга янада ёмон кун келмасин, – деди унга.
15. Бу одам бориб, уни соғайтирган Исо эканлигини яҳудий мансабдорларига хабар қилди.
16. Улар эса, дам олиш кунида бундай ишлар қилиб юрибди, деб [Исонинг жонига қасд қилиб,] Уни қувғин қила бошладилар.
17. Аммо Исо уларга шундай деди: – Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман, – деди.
18. Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга яна кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У дам олиш кунини бузибгина қолмай, балки Худони Отам деб, Ўзини Худога тенглаштирган эди.
19. Буларга қарши Исо деди: «Сизларга ростини айтай: Ўғил Отанинг қилган ишларини кўрмагунча, Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади.
20. Чунки Ота Ўғлини севади, Ўзи қилган ҳамма нарсани Ўғлига кўрсатади. Сизларни таажжубда қолдиргудек, бундан каттароқ ишларни ҳам кўрсатади.
21. Ота қандай қилиб ўликларни тирилтириб уларга ҳаёт бахш этса, Ўғил ҳам кимни истаса, ўшанга ҳаёт бахш этади.
22. Шунингдек, Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини бутунлай Ўғлига берган,
23. токи ҳамма Отани қандай ҳурмат қилса, Ўғлини ҳам шундай ҳурмат қилсинлар. Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади.
24. Сизларга ростини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эга бўлади. У ўлимдан ҳаётга ўтгани учун ҳукм қилинмайди.
25. Сизларга ростини айтай: ўликлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади ва келиб қолди ҳам. Унинг овозини эшитганлар эса тирилиб кетадилар.
26. Чунки Отанинг Ўзи ҳаёт манбаи бўлгани каби, Ўғлига ҳам ҳаёт манбаи бўлишни ато қилган.
27. Ота ҳукм қилиш ваколатини ҳам Ўғлига берган, чунки У Инсон Ўғлидир.
28. Бунга таажжубланмангиз, қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади.
29. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар; яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм қилиниш учун тириладилар».
30. «Мен Ўз-Ўзимдан ҳеч нарса қилолмайман. Қандай эшитсам, шундай ҳукм қиламан ва Менинг ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман.
31. Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди.
32. Мен ҳақимда бошқа гувоҳлик берувчи бор ва биламанки, Унинг берган гувоҳлиги ҳақиқатдир.
33. Сизлар Яҳёнинг олдига одам юбордингизлар, у ҳақиқат тўғрисида гувоҳлик берди.
34. Гарчи Мен инсоннинг гувоҳлигини қабул қилмасам-да, лекин буларни сизлар нажот топишингиз учун айтяпман.
35. Яҳё – ёниб, нур сочиб турган чироқ эди. Сизлар эса унинг нурида бирпас қувонмоқчи бўлдингизлар.
36. Бироқ Мен Яҳёдан кўра каттароқ гувоҳликка эгаман. Чунки Отамнинг тамомлашим учун берган ишлари, шу бажараётган ишларимнинг ўзи Мени Отам юборганлигига гувоҳлик бермоқда.
37. Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик бериб турибди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини ҳам эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансизлар.
38. Унинг каломи ҳам кўнгилларингиздан жой олмайди, чунки У юборган Зотга ишонмаяпсизлар.
39. Сизлар Муқаддас Битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эришамиз, деб ўйлайсизлар. Ана ўша Битиклар Мен тўғримда гувоҳлик беради.
40. Аммо сизлар абадий ҳаётга эришиш учун Мен тарафга келишни истамайсизлар-ку.
41. Мен инсонлардан таҳсин-тасанно қабул қилмайман.
42. Лекин сизларни биламан, қалбларингизда Худога муҳаббат йўқ.
43. Мен Отамнинг номидан келган бўлсам-да, аммо сизлар Мени қабул қилмаяпсизлар. Ўз номи билан келадиган аллакимни қабул қилаверасизлар.
44. Сизлар-ку бир-бирингиздан таҳсин-тасанно олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам ишона олардингиз?
45. Мен сизларни Отам олдида айблайман, деб ўйламанглар. Сизларни айбловчи ўзингиз умид боғлаган Мусо бўлади.
46. Агар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонар эдингизлар; у Мен ҳақимда ёзган эди.
47. Мусонинг ёзувларига ишонмабсизларми, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?»
2. Унинг беморлар билан қилаётган ажойиб ишларини бир талай халойиқ кўриб, Унинг орқасидан эргашиб бораверди.
3. Исо тоққа чиқиб, у ерда ўз шогирдлари билан ўрнашди.
4. Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди.
5. Исо бир қараса, халойиқ кўплашиб У томонга келаётган экан. Исо Филипдан: – Буларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? – деб сўради.
6. Бу гапни эса уни синаб кўриш учун айтганди, Ўзи нима қилишни билар эди.
7. – Буларнинг ҳар қайсисига оз-оздан берсак ҳам, икки юз кумушлик нон етмайди-ку! – деб жавоб берди Филип.
8. Шунда шогирдларидан бири, Бутруснинг укаси Идрис Исога:
9. – Бу ерда бир болада бешта арпа нон ва иккита балиқ бор эмиш, лекин кўпчиликка бу нима ҳам бўлар эди, – деди.
10. – Одамларни ерга ўтқазинглар, – деди Исо. У ер қалин майсазор эди. Беш мингга яқин бўлган эркаклар жамоати ёнбошлаб ўтирди.
11. Исо нонларни олиб, шукрона дуосини ўқиди-ю [шогирдларига бўлиб берди, шогирдлар эса] ким қанча истаса, ўтирганларнинг ҳаммасига бўлиб берди. Балиқлар билан ҳам худди шу йўлни тутди.
12. Одамлар еб тўйди. Бундан кейин Исо Ўз шогирдларига: – Қолган бурдаларни териб олинглар, ҳеч нарса исроф бўлмасин, – деди.
13. Шогирдлар одамлар еган бешта арпа нондан ортиб қолган бурдаларни териб олишди, ўн иккита сават чиқди.
14. Шунда одамлар Исонинг қилган ибратли мўъжизасини пайқаб: – Ҳақиқатан ҳам, Бу оламга келадиган Пайғамбар экан, – дедилар.
15. Исо одамлар Уни зўрлик билан ушлаб, подшоҳ қилиб кўтармоқчи эканликларини билиб қолгач, яна ёлғиз Ўзи тоққа чиқиб кетди.
16. Кечки пайт Исонинг шогирдлари кўл бўйига бордилар.
17. Қайиққа тушиб, кўлнинг бериги қирғоғидаги Кафарнаҳумга қараб йўл олдилар. Қоронғи тушган, Исо эса ҳали ҳам уларнинг олдига келмаган эди.
18. Кучли шамол эсиб, кўл тўлқинланиб кетди.
19. Улар бир тош йўлча сузганларидан кейин, кўл юзида юриб қайиққа яқинлашаётган Исони кўриб қолишди-да, ваҳимага тушишди.
20. – Бу Мен, қўрқманглар! – деди уларга Исо.
21. Улар Исони қайиққа олмоқчи бўлдилар. Лекин ўша заҳотиёқ қайиқ улар бораётган қирғоққа етиб тўхтаб қолди.
22. Эртаси куни кўлнинг нариги ёқасида қолган халқ у ерда шогирдлар тушган қайиқдан бошқа қайиқ йўқлигини кўришди ва Исо шогирдлари билан бирга қайиққа тушмаганини, шогирдлари ёлғиз ўзлари сузиб кетганини пайқадилар.
23. Шу пайт Тивериядан бошқа қайиқчалар келиб қолди. Қайиқчалар тўхтаган жой Раббимиз Исо шукрона дуосини ўқиган ва халқ нон еган ерга яқин эди.
24. Халойиқ Исо билан шогирдларининг у ерда йўқлигини кўргач, қайиқларга тушиб, Исони қидириб Кафарнаҳумга сузиб келишди.
25. Кўлнинг бериги бўйидан Уни топдилар. – Устоз, Сен қачон бу ерга келдинг? – деб сўрадилар.
26. Исо уларга шундай жавоб берди: – Сизларга гапнинг ростини айтсам, сизлар ибратли мўъжизаларни кўрганингиз учун эмас, балки нон еб тўйганингиз учун Мени қидиряпсизлар.
27. Сиз ўткинчи озиқ учун эмас, абадий ҳаётга бошловчи боқий озиқ учун ҳаракат қилинглар, уни сизларга Инсон Ўғли беради. Инсон Ўғли эса Ота – Худонинг муҳрига моликдир.
28. Халқ Исодан: – Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак? – деб сўради. Исо деди:
29. – Худога маъқул иш – Худо юборган Зотга ишонишдир.
30. – Бизлар Сенга ишонишимиз учун қандай иш қиласан, кўрайлик-чи, қандай ибратли мўъжиза кўрсатасан? – деди халойиқ.
31. – Ота-боболаримиз саҳрода манна еганлар, Тавротда: «Ейиш учун уларга осмондан нон ёғдирди», деб ёзилган.
32. Исо уларга деди: – Сизларга ростини айтсам, сизларга осмондан нон берган Мусо пайғамбар эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради.
33. Худо берган нон осмондан тушувчи ва дунёга ҳаёт бағишловчи нондир.
34. Бунга қарши халқ: – Ҳазрат, бундай нонни бизга доимо бериб тургин! – деди Исога.
35. Исо шундай айтди: – Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас.
36. Лекин Мен сизларга айтган эдим-ку, Мени кўриб турган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар.
37. Отам кимни Менга берган бўлса, Менинг олдимга келади. Олдимга келган одамни эса сира қувиб чиқармайман.
38. Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман.
39. Мени Юборганнинг иродаси – Унинг Менга берганларидан ҳеч бирини йўқотмаслигим, балки охирги кунда уларнинг ҳар бирини тирилтиришимдир.
40. Отамнинг иродаси яна шуки, Унинг Ўғлини кўрган, Унга ишонган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлсин. Мен эса бундайларни охирги кунда тирилтираман.
41. Исо «Мен осмондан тушган нонман», дегани учун яҳудийлар Ундан нолий бошлашди.
42. – Юсуфнинг ўғли Исо бу эмасми? Ота-онасини биз таниймиз-ку! Энди қандай қилиб У: «Мен осмондан тушдим», деб айтяпти? – дейишарди ўзаро.
43. – Ўзаро нолиманглар! – деди уларга Исо.
44. – Агар Мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, у Менга ҳеч ҳам етишолмайди. Менга етишган одамни эса охирги кунда тирилтираман.
45. Пайғамбар оятида: «Ҳамма Худо томонидан ўргатилган бўлади», – деб битилган. Шундай қилиб, Отадан эшитган ва ўрганган ҳар бир киши Менинг олдимга келади.
46. Аслида ҳеч ким Отани кўрган эмас, биргина Худодан чиққан Зот Отани кўрган.
47. Сизларга ростини айтай: Кимки Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади.
48. Мен ҳаёт нониман.
49. Ота-боболарингиз саҳрода манна еб, ўлиб кетганлар.
50. Одам еб ўлмаслиги учун осмондан тушадиган нон бор, мана у кўз ўнгингизда турибди.
51. Мен осмондан тушган тирик нондирман. Бу нонни еган киши абадий яшайди. Мен берадиган нон – Ўзимнинг танамдир, уни дунёга ҳаёт бахш этиш учун фидо қиламан.
52. Шунда яҳудийлар: – У қандай қилиб бизга Ўзининг танасини едира олар экан? – деб ўзаро талашиб-тортиша бошладилар.
53. Исо уларга айтди: – Сизларга ростини айтай: агар Инсон Ўғлининг танасини емасангизлар ва Унинг қонини ичмасангизлар, у ҳолда сизда ҳаёт бўлмайди.
54. Менинг танамни еган ва қонимни ичган одамда абадий ҳаёт бор, Мен уни охирги кунда тирилтираман.
55. Менинг танам – ҳақиқий озиқ, қоним – ҳақиқий ичимликдир.
56. Танамни еб, қонимни ичадиган киши Мен билан, Мен эса У билан бир жон, бир тан бўламиз.
57. Худди барҳаёт Отам Мени юборгандай, Мен Отам орқали яшаётгандай, Мени еган одам ҳам Мен орқали яшайди.
58. Осмондан тушган нон мана шудир. Бу нон ота-боболарингиз еган маннага ўхшамайди, улар манна еб ўлиб кетганлар. Мен берган нонни еган одам эса абадий яшайди.
59. Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги яҳудийлар ибодатхонасида таълим бераётганда гапирар эди.
60. Унинг кўп шогирдлари бу гапларни эшитиб: – Қандай қаттиқ сўзлар! Ким буни тинглайди? – дейишар эди.
61. Шогирдларининг норози бўлганликларини Исо Ўз кўнглида сезди. – Бу сизларни васвасага соляптими?
62. Хўш, Инсон Ўғлининг илгариги жойига чиқишини кўрсангизлар нима бўпти?
63. Руҳ ҳаёт бахш этади, жисм ҳеч қандай фойда келтирмайди. Менинг сизларга айтиб келаётган сўзларим руҳдир, ҳаётдир.
64. Шунга қарамай, ичингизда имонсиз қолганлар бор, – деди. Кимлар имонсиз, ким хиёнат қилади – Исо ҳаммасини аввалдан билар эди.
65. – Отам йўл қўймаса, ҳеч ким Менинг олдимга келолмайди, дейишимга боис ана шу бўлган эди, – деди У яна.
66. Ўша вақтдан бошлаб Унинг кўп шогирдлари Исодан юз ўгириб, У билан бошқа юрмайдиган бўлдилар.
67. Шунда Исо ўн икки шогирдидан: – Наҳотки сизлар ҳам кетмоқчи бўлсангизлар? – деб сўради.
68. – Раббим, – деди Симун Бутрус, – бизлар кимга борайлик? Сенда абадий ҳаётнинг сўзлари бор.
69. Бизлар ишондик ва билдик, Сен Худонинг Азизи – Масиҳсан.
70. Исо уларга айтди: – Сизларни ўн иккита қилиб танлаган Ўзим эмасми? Лекин сизларнинг бирингиз иблисдир.
71. Исо Симун ўғли Яҳудо Ишқариётни назарда тутган эди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, Исога хиёнат қилмоқчи бўлган эди.
2. Яҳудийларнинг Чайла байрами яқинлашаётган эди.
3. Шундай қилиб, Исонинг укалари Унга: – Бу ердан чиқиб Яҳудияга бор, қилаётган ишларингни шогирдларинг ҳам кўрсин.
4. Ўзини машҳур қилмоқчи бўлган ҳар бир киши яширинча иш қилиб юрмайди-ку! Сен бу ишларни қилаётган бўлсанг, қани Ўзингни дунёга ошкор қилиб кўр, – дейишди.
5. Ҳатто укалари ҳам Унга ишонмас эдилар.
6. Исо уларга шундай деди: – Менинг вақт-соатим ҳали келгани йўқ. Лекин сизлар учун ҳар вақт қулайдир.
7. Дунё сизлардан нафратлана олмайди, лекин Мендан нафратланади. Чунки Мен унинг қилмишлари ёмонлигини фош қиламан.
8. Майли, сизлар байрамга боринглар. Мен ҳозирча бу байрамга бормайман, чунки Менинг вақтим бўлгани йўқ.
9. Шу сўзларни айтиб, Исо Жалилада қолди.
10. Исонинг укалари байрамга боргандан сўнг, Ўзи ҳам борди; фақат очиқ эмас, яширинча борди.
11. Яҳудий мансабдорлари эса Исони байрамда қидирар, «У қаёқда?» – деб сўраб-суриштирар эдилар.
12. Омма орасида Исо тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар ёйилаётган эди. Баъзилари: «У яхши Одам», – десалар, бошқалари: «Йўқ, У халқни йўлдан оздиряпти», – дейишарди.
13. Бироқ яҳудий мансабдорларидан қўрққанлари учун У ҳақда ҳеч ким очиқ гапирмас эди.
14. Байрамнинг ярми ўтганда, Исо маъбадга кириб таълим бера бошлади.
15. Шунда яҳудий мансабдорлари: – Бу Одам ўқимаган бўлса, қандай қилиб Муқаддас Битикларни билади? – деб таажжубландилар. Исо уларга жавобан айтди:
16. – Менинг таълимотим Ўзимники эмас, балки Мени Юборганникидир.
17. Ким Унинг иродасини бажаришни истаса, бу таълимот Худоданми, ёки Мен Ўзимдан гапиряпманми, билиб олади.
18. Ким ўз номидан гапирса, ўзига улуғлик излайди. Ким уни юборганга улуғлик изласа, у ҳаққонийдир, унинг дилида бирон ноҳақлик йўқ.
19. Тавротни сизларга Мусо пайғамбар бермадими? Шунга қарамай, бирортангиз ҳам Таврот Қонунига қараб иш юритмайсиз. Нима учун Мени ўлдирмоқчисизлар?
20. – Сени жин урибди! Ким Сени ўлдирмоқчи экан? – деди халойиқ.
21. Исо эса Ўз сўзида давом этди: – Мен битта иш қилдим, ҳаммангиз бунга ҳайрон қоляпсизлар.
22. Мусо сизларга суннатни буюрган (суннат аслида Мусодан эмас, балки ота-боболардан меросдир), сизлар эса дам олиш кунида ўғил болани суннат қиласизлар.
23. Мусонинг Қонуни бузилмасин деб, ҳатто дам олиш куни ўғил бола суннат қилинадиган бўлса, нега сизлар Менга дам олиш куни одамзодни бутунлай соғайтирди, деб ғазаб қиласизлар?
24. Юзаки ҳукм қилманглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин.
25. Шунда баъзи қуддусликлар гапга кирди: – Ўлдириш учун қидириб юришган Шу эмасми?
26. Мана У бемалол сўзлаяпти, Унга қарши ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки бошлиқлар Унинг ҳақиқий Масиҳ эканлигига тан беришган бўлса?
27. Ахир, Бунинг қаерданлигини ҳаммамиз биламиз-ку, бироқ Масиҳ келганда, Унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди.
28. Бунга жавобан Исо маъбадда овозини баланд қилиб, шундай таълим бера бошлади: – Сизлар Менинг кимлигимни ҳам, қаерданлигимни ҳам биласизлар. Лекин Мен Ўз-Ўзимдан келганим йўқ. Мени Ҳақ юборган, сизлар Уни билмайсизлар.
29. Мен Уни биламан, чунки Мен Унинг олдидан келганман, Мени Ўша юборган.
30. Бу сўзи учун Исони ушлашга интилдилар. Бироқ ҳеч ким Унга қўл узатмади, чунки Унинг вақт-соати ҳали келмаган эди.
31. Шу билан бирга, оломондаги кўпгина одамлар Унга имон келтирди. Улар: – Масиҳ келганда бундан ҳам кўпроқ мўъжиза яратармикин? – дейишарди.
32. Исо тўғрисида халқ орасида бундай гап-сўзлар тарқалаётганини фарзийлар эшитиб, олий руҳонийлар билан тил бириктиришди-да, Исони қўлга олиш учун миршабларни юборишди.
33. Исо деди: – Мен сизлар билан узоқ бўлмайман, яна Мени Юборганнинг олдига қайтиб бораман.
34. Сизлар Мени излайсиз-у, лекин тополмайсизлар. Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсиз.
35. Шу пайт яҳудийлар: – У қаерга бормоқчи, биз Уни тополмас эканмиз? – дейишди ўзаро. – Наҳотки У юнонлар орасида тарқалиб кетган яҳудийлар олдига бориб, яҳудийларга ҳам, юнонларга ҳам таълим бермоқчи бўлса?
36. «Сизлар Мени излайсиз-у, лекин тополмайсизлар, Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсизлар», деган гапларининг мазмуни нима экан?
37. Байрамнинг охирги, улуғ кунида Исо тик турди-да, овозини баланд қилиб хитоб қилди: – Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга келиб ичсин.
38. Муқаддас Битикда айтилганидек, Менга ишонганнинг вужудидан ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқади.
39. Исо бундай деб, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди; Унга ишонганлар Муқаддас Руҳни яқин орада олишлари керак эди. Исо ҳали улуғворликка юксалмаган, шунинг учун Муқаддас Руҳ ҳануз тушмаган эди.
40. Оломон ичидан баъзилар бу сўзларни эшитиб: – Ҳақиқатан Бу ўша пайғамбар, – дедилар.
41. Бошқалари: – Бу Масиҳ, – дейишса, яна бўлаклари: – Масиҳ Жалиладан кела оладими?
42. Тавротда, Масиҳ Довуднинг уруғи бўлади, У Довуднинг юрти – Байтлаҳмдан чиқиб келиши лозим, деб ёзилмаганми? – дейишди.
43. Шу тариқа Исо туфайли халқ орасида низо юзага келди.
44. Баъзилар Уни тутмоқчи бўлишди, аммо ҳеч ким Унга қўл кўтармади.
45. Шу пайт миршаблар олий руҳонийлар ва фарзийлар олдига қайтиб келишди. – Нега Уни олиб келмадинглар? – деб сўрашди улардан.
46. – Дунёда ҳеч ким бу Одамдай гапирмаган, – деди миршаблар.
47. – Бўлмаса, сизлар ҳам йўлдан озибсизлар-да! – дейишди фарзийлар.
48. – Бошлиқлар ёки фарзийлардан биронтаси Унга ишонганмикин?
49. Лекин Тавротни билмаган бу жоҳил оммага лаънатлар бўлсин!
50. Фарзийлардан Никодим номли бири, аввал тунда Исонинг олдига келган одам, сўз олди:
51. – Айбланувчининг ўзини оқлашига имкон бермай, унинг ишини тергаб аниқламай маҳкум қилиш бизнинг Таврот Қонунимизга мосмикин?
52. – Наҳотки сен ҳам Жалиладан бўлсанг? Яхши ўйлаб кўр, Жалиладан пайғамбар чиқмаслиги аниқ, – дейишди унга.
53. Шундан кейин ҳаммалари уй-уйларига тарқалиб кетдилар.
2. Эрталаб яна маъбадга қайтиб келди. Бутун халқ Унинг олдига келар, У эса одамларга таълим бериб ўтирар эди.
3. Шу орада уламолар билан фарзийлар бир аёлни Исонинг олдига келтиришди, уни зино қилаётганда ушлаб олишган эди.
4. – Устоз! – дейишди аёлни ўртага қўйиб. – Бу аёл зино қилаётганида ушланди.
5. Мусо пайғамбар Қонунимизда бундайларни тошбўрон қилишни буюрганлар. Сен нима дейсан?
6. Бу сўроқ билан Исони тузоққа илинтириб айбламоқчи эдилар. Исо эса уларга эътибор бермай, энгашиб бармоғи билан ерга ёзар эди.
7. Улар бу ҳақда сўрайвергач, Исо тик турди-да: – Сизнинг ичингизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин, – деди.
8. Сўнг яна энгашиб ерга ёзаверди.
9. Улар бу гапни эшитиб, виждонан фош бўлишди. Чоллардан бошлаб, кексаю ёш ҳаммаси бирин-кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан ўртада турган аёл қолди.
10. Исо ўрнидан турди-да, аёлдан бошқани кўрмай: – Эй аёл! – деди, – сени айбловчилар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?
11. – Ҳеч ким, Ҳазрат! – деб жавоб берди аёл. – Мен ҳам сени маҳкум қилмайман, – деди Исо. – Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.
12. Исо яна халққа хитоб қилди: – Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.
13. Исонинг шу сўзига қарши фарзийлар: – Сен Ўзингга Ўзинг шоҳидлик беряпсан. Сенинг шоҳидлигинг ҳақиқат эмас, – дейишди.
14. Исо шундай жавоб берди: – Мен Ўзимга Ўзим шоҳидлик берсам ҳам, тўғри шоҳидлик бераман. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар.
15. Сизлар ташқи қиёфага қараб ҳукм қиласизлар; Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман.
16. Агарда Мен ҳукм қилсам ҳам, тўғри ҳукм қиламан. Чунки ёлғиз эмасман, Мени юборган Отам Мени ёқлайди.
17. Мана, ўзларингизнинг Тавротда: «Икки шоҳиднинг гувоҳлиги тўғридир», деб ёзилган.
18. Шундай қилиб, Ўзимга Ўзим ҳам шоҳидлик бераман, Мени юборган Отам ҳам шоҳидлик беради.
19. – Сенинг Отанг қаерда? – деб сўрадилар Исодан. У бунга жавобан: – Сизлар на Мени, на Отамни танийсизлар. Агар Мени таниганингизда, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар, – деди.
20. Бу сўзларни Исо маъбадда таълим бераётиб, садақа қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни тутиб олмади, чунки Унинг вақт-соати ҳали келмаган эди.
21. Исо уларга яна деди: – Мен кетяпман. Сиз Мени қидирасиз-у, гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.
22. – Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдиради? «Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар», деб айтяпти-ку, – дейишди ўзаро яҳудийлар.
23. Исо уларга шундай деди: – Сизлар пастдансиз, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламдан, Мен эса бу оламдан эмасман.
24. Сиз гуноҳкор бўлиб ўласизлар, деб айтдим-ку сизларга. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.
25. – Сен кимсан? – деб сўрашди шу маҳал Исодан. Исо шундай деди: – Бошданоқ сизларга қандай айтган бўлсам, худди Ўшаман.
26. Сиз ҳақингизда айтадиган ҳамда ҳукм ўтказадиган кўп нарсаларим бор. Бироқ Мени Юборган ҳақиқатгўйдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.
27. Улар эса Исо Ўз Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар.
28. Исо Ўз сўзида давом этди: – Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша Мен эканлигимни билиб қоласизлар. Ўшанда сизлар Мен Ўзимчалик ҳеч нарса қилмаслигимни, аксинча, Отам Менга қандай ўргатган бўлса, шундай сўзлаётганимни биласизлар.
29. Мени Юборган Ўзим биландир. Отам Мени ёлғиз қолдирмаган, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.
30. Исо бу сўзларни айтар экан, кўп одамлар Унга ишондилар.
31. Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: – Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.
32. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
33. – Биз Иброҳим наслимиз, – деб жавоб берди улар. – Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Сен қандай қилиб, «Озод бўласизлар», деяпсан?
34. – Сизларга гапнинг ростини айтсам, – деди Исо, – гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир.
35. Қул уйда умрбод турмайди, ўғил умрбод туради.
36. Шундай қилиб, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан эркин бўласизлар.
37. Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингизга ўрнашмайди.
38. Мен Отамнинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сўзлаб бераман. Сизлар эса ўз отангиз ҳузурида кўрганларингизни бажарасизлар.
39. Улар Исога жавобан: – Бизнинг отамиз Иброҳим-ку, – дейишди. – Агар сиз Иброҳим фарзандлари бўлсангиз эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилар эдингизлар, – деди Исо.
40. – Энди бўлса, Худодан эшитган ҳақиқатни сизларга сўзлаб бераётган Одамни – Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай йўл тутмаган эди.
41. Сизлар ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар. – Биз фаҳшдан туғилган эмасмиз-ку, бизнинг битта Отамиз бор, У Худодир, – деб жавоб беришди Исога. У уларга шундай деди:
42. – Агар Отангиз Худо бўлганида эди, Мени севар эдингиз, чунки Мен Худодан чиқдим. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди.
43. Нега айтганларимни англамаяпсизлар? Сабаб, Менинг сўзимни эшита олмайсизлар.
44. Сизларнинг отангиз – иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо келтирмоқчисизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳақиқат томонида турмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига яраша сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир.
45. Аммо Мен ҳақиқатни сўзлаётганим учун, Менга ишонмаяпсизлар.
46. Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳ билан айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни сўзлаётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар?
47. Ким Худоники бўлса, Худонинг сўзларини эшитади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун, эшитмаётирсиз.
48. Бунга жавобан яҳудийлар: – Сен самарияликсану, Сени жин урибди, деб хато қилмабмиз! – дейишди.
49. – Мени жин ургани йўқ, – деди Исо. – Мен фақат Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени бадном қиляпсизлар.
50. Мен Ўз шуҳратимни изламайман, Мени Улуғловчи ва Ҳукмловчи бор.
51. Сизларга ростини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, абадий ўлимга юз тутмайди.
52. – Энди биз биламиз, Сени жин урибди, – дейишди яҳудийлар Унга. – Иброҳим ва пайғамбарлар бари ўлиб кетган, Сен эса: «Ким Менинг сўзимга риоя қилса, абадий ўлимга юз тутмайди», деяпсан-а?!
53. Наҳотки Сен вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам катта бўлсанг? Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам ўлиб кетишган. Сен Ўзингни ким деб ҳисоблайсан?
54. Исо жавоб берди: – Агар Мен Ўзимни Ўзим улуғласам, Менинг улуғлигим пучдир. Отамнинг Ўзи Мени улуғлайди. Сизлар Уни Худойимиз дейсизлар,
55. аммо аслида Уни таниганингиз йўқ. Мен эса Уни таниб-биламан. Агар Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Бироқ Мен Уни таниб-биламан ва Унинг каломига риоя қиламан.
56. Отангиз Иброҳим Менинг кунимни кўришини билиб, шод-хуррам бўлган эди. Энди кўриб, хуррам бўлди.
57. – Сен ҳали эллик ёшга тўлганинг йўғу, Иброҳимни ҳам кўрибсан-а?! – дейишди яҳудийлар Унга.
58. Исо уларга: – Сизларга ростини айтай: Иброҳим вужудга келмасидан олдин Мен бор эдим, – деди.
59. Шунда Исога отиш учун тош олдилар. Лекин Исо улардан чекиниб, маъбаддан ташқарига чиқди. [Халқнинг ўртасидан ёриб ўтиб, узоқлашиб кетди.]
2. Шогирдлари Исодан: – Устоз, бунинг кўр бўлиб туғилишида ким гуноҳкор, ўзими ёки ота-онасими? – деб сўрадилар.
3. Исо шундай жавоб берди: – Бунда на ўзи гуноҳкор, на ота-онаси, балки Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган.
4. Кун ёруғ экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишим лозим. Ана тун келяпти, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди.
5. Мен оламда бор эканман, оламнинг нуридирман.
6. Исо буларни айтди-ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди.
7. – Бориб Силоам ҳовузида ювин, – деди унга. (Силоам – «Юборилган» демакдир.) Кўр одам бориб ювинди ва кўзи очилиб қайтди.
8. Шунда унинг қўшнилари ва илгари унинг кўр бўлиб ўтирганини кўрган одамлар: – Бу ҳалиги тиланчилик қилиб ўтирган кўр одам эмасми? – деб сўрашарди.
9. Баъзилар: – Бу худди ўша, – десалар, бошқалар: – Ўшанга ўхшайди, – дейишарди. Одамнинг ўзи эса: – Ўша менман, – деб таъкидларди.
10. – Ундай бўлса, кўзларинг қандай очилди? – деб сўрадилар.
11. – Исо деган Киши тупукдан лой қилиб кўзларимга суртди-ю, «Бориб Силоам ҳовузида ювин», деди. Мен бориб ювиндим ва кўрадиган бўлиб қолдим, – деди у одам.
12. – У қаерда? – деб сўрадилар. – Билмайман, – деб жавоб берди у.
13. Илгари кўр бўлган ўша одамни фарзийларнинг олдига келтиришди.
14. Ўша куни яҳудийларнинг дам олиш куни эди. Бунга қарамай, Исо лой қилиб, кўр одамнинг кўзларини очган эди.
15. Бинобарин, фарзийлар ҳам кўрдан кўзлари қандай очилганини сўрадилар. – У кўзларимга лой суртди. Мен ювиндим-у, кўзларим кўрадиган бўлди, – деди ҳалиги одам.
16. – Бу Одам Худодан эмас, чунки У дам олиш кунига риоя қилмаяпти, – деди баъзи фарзийлар. Бошқалари эса: – Гуноҳкор одам бундай мўъжизаларни қандай қила олади? – дейишди. Шундай қилиб, ораларида нифоқ пайдо бўлди.
17. – Кўзларингни очган у Киши ҳақида сен нима дейсан? – деб сўрашди яна кўр одамдан. – У пайғамбар, – деди ўша.
18. Бироқ яҳудий дин арбоблари кўзлари очилган одамнинг ота-онасини чақиртирмагунча, унинг илгари кўр бўлганига ва кўзлари очилганига ишонмадилар.
19. Ота-онаси келди. – Кўр туғилган, деб айтган ўғлингиз шуми? Хўш, энди қандай қилиб унинг кўзлари кўряпти? – деб сўрашди ота-онасидан.
20. Ота-онаси жавоб беришди: – Бу бизнинг ўғлимиз, унинг кўр туғилганини биламиз.
21. Лекин қандай қилиб кўзлари кўраётганини, кўзларини ким очганини биз билмаймиз. У балоғат ёшида, ўзидан сўранглар. Ўзи учун ўзи жавоб берсин.
22. Кўрнинг ота-онаси яҳудий дин арбобларидан қўрққанлари учун бундай айтдилар. Дин арбоблари бундан аввал, ким Исонинг Масиҳлигини тан олса, ибодатхонадан бадарға қилинсин, деган фатвони чиқарган эдилар.
23. Ана шу сабабдан кўрнинг ота-онаси: «У балоғат ёшида, ўзидан сўранглар», – дейишди.
24. Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақиришди: – Худони улуғла! Биз у Одамнинг гуноҳкорлигини биламиз, – дейишди.
25. – У гуноҳкорми, йўқми, мен билмайман, – деб жавоб берди у, – Мен шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти.
26. – У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди? – деб яна ундан сўрадилар.
27. – Олдин ҳам мен сизларга айтган эдим-ку, аммо сизлар қулоқ солмаяпсизлар! Яна нима хоҳлайсизлар? Наҳотки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчисизлар? – деди у одам.
28. Яҳудий дин арбоблари эса уни жеркиб: – Сен Унинг шогирди, биз Мусонинг шогирдларимиз.
29. Биз биламизки, Мусога Худо гапирган. Бу Киши-чи, Унинг қаерданлигини ҳам билмаймиз, – дейишди.
30. – Ана шуниси жуда ажабланарли-да! – деди уларга кўзи очилган одам. – Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, аммо кўзларимни очган ана Шунинг Ўзи!
31. Маълумки, гуноҳкорларга Худо қулоқ солмайди. Бироқ ким Худодан қўрқиб, Унинг иродасига амал қилса, Худо уни тинглайди.
32. Туғма кўрнинг кўзларини биров очганлиги дунёда эшитилмаган гап.
33. Агар У Киши Худодан бўлмаганда, ҳеч нарса қилолмасди.
34. Яҳудий дин арбоблари бунга жавобан: – Сен ўзинг бутунлай гуноҳ ичида туғилган экансан-у, энди бизларга ақл ўргатяпсанми? – дейишди-да, уни қувиб чиқаришди.
35. У одамнинг қувиб чиқарилганлигини Исо эшитди-ю, уни ахтариб топди. – Сен Худонинг Ўғлига ишонасанми? – деб сўради ундан. У одам Исога:
36. – Ҳазрат, – деди, – У кимдирки, мен Унга ишонсам?
37. – Сен Уни кўрдинг, мана сен билан гаплашаётган – Ўшанинг Ўзи, – деди Исо.
38. Шунда у одам: – Ишонаман, ё Раббий, – деди-да, Исога сажда қилди.
39. Исо: – Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин, деб Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, – деди.
40. Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач: – Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? – деб сўрашди.
41. Исо уларга деди: – Агар кўр бўлганингизда, гуноҳингиз бўлмас эди. Лекин сизлар «Кўзларимиз кўряпти», деганингиз учун, гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади.
2. Эшикдан кирган одам эса қўйларнинг чўпонидир.
3. Унга дарвозабон эшикни очиб беради. Қўйлар унинг товушига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма-ном чақириб ташқарига олиб чиқади.
4. У ўз қўйларини қўрадан олиб чиқиб, уларнинг олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг товушини биладилар.
5. Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг товушини танимай, ундан қочиб кетадилар».
6. Исо бу ибратли нақлни айтиб берганда, тингловчилари Унинг нима демоқчи эканлигини тушунмадилар.
7. Шу сабабдан Исо яна гап олди: «Сизларга ростини айтай: Мен қўйларнинг эшигиман.
8. Мендан илгари ўтганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар.
9. Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади.
10. Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.
11. Мен яхши Чўпонман. Яхши Чўпон қўйлари учун жонини бағишлайди.
12. Ёлланган одам қўйларнинг чўпону эгаси эмас. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб, қочиб кетади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади.
13. Ёлланган одам қўйлар ҳақида ҳеч қайғурмагани учун қочиб кетади.
14. Мен яхши Чўпонман. Мен Ўзимникиларни биламан, Ўзимникилар эса Мени биладилар.
15. Отам Мени қандай таниб-билса, Мен ҳам Отамни шундай таниб-биламан. Мен қўйларим учун жонимни бағишлайман.
16. Бу қўрадагидан бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг товушимни эшитади ва бир сурув, бир чўпон бўлади.
17. Мен жонимни бериб, яна қайтиб оламан, шу боис Отам Мени севади.
18. Ҳеч ким жонимни Мендан ололмайди, Мен Ўз ихтиёрим билан уни бераман. Уни бериш ҳам қайтадан олиш ҳуқуқим бор. Ушбу муқаддас бурчни Менга Отам топширган».
19. Бу гап сабаб бўлиб, яҳудийлар орасида яна келишмовчилик пайдо бўлди.
20. Ораларидан кўпи: – Уни жин урибди, У телбалик қиляпти-ку! Нега Унга қулоқ соляпсизлар? – дер эдилар.
21. Бошқалари эса: – Бу жин урганнинг сўзлари эмас, сўқир одамнинг кўзларини жин оча олармиди? – деб айтишарди.
22. Ўша вақтда Қуддусда Маъбадни Янгилаш байрами қутланарди. Қиш эди.
23. Исо маъбадда Сулаймон равоқида айланиб юрар эди.
24. Яҳудий дин арбоблари Унинг атрофини ўраб олдилар. – Қачонгача Сен бизларни лақиллатасан? Агар Сен Масиҳ бўлсанг, бизларга очиғини айт, – дейишди.
25. Исо уларга жавоб берди: – Мен сизларга айтдим, аммо сизлар ишонмаяпсизлар. Менинг Отам номидан қилаётган ишларимнинг ўзи Мен тўғримда шоҳидлик бермоқда.
26. Сизлар эса ишонмаяпсизлар. Аввал айтганимдек, сизлар Менинг қўйларимдан эмассизлар.
27. Менинг қўйларим товушимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади.
28. Мен уларга абадий ҳаёт бағишлайман ва улар абадий ҳалок бўлмайдилар. Ҳеч ким уларни Менинг қўлимдан тортиб ололмайди.
29. Уларни Менга берган Отам ҳаммадан буюкдир. Отамнинг қўлидан уларни тортиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди.
30. Мен ва Отам – бирмиз.
31. Шунда яҳудий дин арбоблари яна Исони тошбўрон қилмоқчи бўлиб, тош ола бошладилар.
32. – Мен сизларга Отам номидан кўп хайрли ишлар кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар? – сўради Исо.
33. Яҳудий дин арбоблари Унга жавобан: – Сени хайрли ишинг учун эмас, балки куфрлигинг учун тошбўрон қилмоқчимиз. Сен одам бўла туриб Ўзингни Худо деяпсан! – дейишди.
34. Исо шундай жавоб қайтарди: – Сизнинг Тавротда: «Мен айтдим, сизлар худоларсиз», деб ёзилган эмасми?
35. Мана Худо қадимгиларга каломини юбориб, уларни ҳатто худолар деб атаган. Муқаддас Битикни эса бузиб бўлмайди.
36. Шундай экан, Отам Ўзига ажратиб олган ва дунёга юборган Киши «Худонинг Ўғлиман» деса, нима бўпти? Нега сизлар Мени куфрликда айблайсизлар?
37. Агар Мен Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, Менга ишонмай қўя қолинглар.
38. Агар Унинг ишларини қилаётган бўлсаму, сизлар ишонмаётган бўлсангизлар, ақалли Менинг ишларимга ишонинглар. Отам Менда ва Мен Отамда эканимизни англаб, имонингизни комил қилинглар.
39. Шунда яна Исони ушлаб олишга ҳаракат қилдилар, аммо Исо улардан қутулиб қолди.
40. Сўнг Исо яна Ўрдун дарёсининг нарёғига, илгари Яҳё пайғамбар одамларни тавба қилдириб юрган жойга борди ва у ерда қолди.
41. Унинг олдига кўп одамлар келаверди. Улар: – Яҳё ҳеч қандай мўъжиза яратмаган эди, лекин Яҳёнинг бу Киши ҳақида айтганлари ҳаммаси тўғри чиқди, – дейишар эди.
42. Шундай қилиб, ўша ерда талай одамлар Исога узил-кесил ишондилар.
2. Раббимиз Исога атир мой суртган ва Унинг оёқларини сочи билан артиб қуритган ўша Марям эди. Касал ётган Лазар эса Марямнинг акаси эди.
3. Опа-сингил Исога: – Ҳазрат, Сенинг азиз дўстинг касал бўлиб ётибди, – деб хабар етказишди.
4. Исо буни эшитиб: – Бу касаллик ўлим билан якунланмайди, балки Худонинг улуғланишига, шунингдек, Худо Ўғлининг улуғланишига сабаб бўлади, – деди.
5. Исо Марта ва унинг синглисини ҳамда Лазарни севар эди.
6. Аммо Лазарнинг бемор бўлиб ётганини билса ҳам, ўша жойда яна икки кун қолди.
7. Бундан сўнг У шогирдларига: – Яна Яҳудияга борамиз, – деди.
8. – Устоз, – деди шогирдлари, – яқиндагина яҳудияликлар Сени тошбўрон қилмоқчи эдилар-ку! Энди яна у ерга бормоқчимисан?
9. Исо жавоб берди: – Кундуз ўн икки соат-ку! Ким ёруғда юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг ёруғини кўради.
10. Кечаси юрган эса қоқилади, чунки ёруғлик у билан эмас.
11. Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди: – Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман.
12. – Ҳазрат, агар ухлаб қолган бўлса, тузалиб кетади, – деди шогирдлари.
13. Исо Лазарнинг ўлимини назарда тутган эди. Шогирдлар эса Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапирди, деб ўйладилар.
14. Кейин Исо уларга очиғини айтди: – Лазар вафот этди.
15. Мен сизлар учун хурсандманки, ўша ерда йўқ эдим, чунки бу сизларнинг имон топишингизга ярайди. Қани энди юринглар, унинг олдига борайлик.
16. Шунда «Эгиз» лақабли Тўма бошқа шогирдларга: – Қани юринглар, биз ҳам У билан ўламиз! – деди.
17. Исо у ерга етиб бориб билдики, Лазарнинг дафн қилинганига тўрт кун бўлган экан.
18. Байтания қишлоғи Қуддусдан яқин уч чақиримча ерда эди.
19. Кўп яҳудийлар Марта билан Марямнинг олдига акасининг вафоти муносабати ила тасалли бериш учун борган эдилар.
20. Марта Исонинг келаётганини эшитиб, Уни кутиб олгани чиқди. Марям эса уйда ўтирар эди.
21. – Ҳазрат! – деди Марта Исога. – Агар Сен бу ерда бўлганингда эди, менинг акам ўлмас эди.
22. Аммо ҳозир ҳам биламан, Сен Худодан нима сўрасанг, Худо Сенга беради.
23. – Сенинг аканг тирилади, – деди Исо.
24. – Биламан, қиёматда, охиратда тирилади, – деди Марта.
25. Исо унга деди: – Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди.
26. Кимда-ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?
27. – Ҳа, Раббим, – деди Марта, – Сен оламга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғлисан, деб ишонаман.
28. Шундай деди-ю, Марта бориб синглиси Марямни яширинча чақирди. – Устоз шу ерда, У сени чақиряпти, – деди Марямга.
29. Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди-да, Исонинг олдига жўнади.
30. Исо ҳали қишлоққа кирмаган, Марта Уни кутиб олган жойда пойлаб турар эди.
31. Марям билан уйда қолган, унга тасалли бераётган яҳудийлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанлигини кўришди. Марям йиғлагани қабрга кетяпти, деб ўйлашиб, унинг орқасидан кетаверишди.
32. Марям Исо турган ерга етиб келиб Уни кўрди-ю, оёқларига ўзини ташлаб: – Ҳазрат! – деди, – агар Сен шу ерда бўлганингда, менинг акам ўлмас эди!
33. Марям ҳам, у билан келган яҳудийлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.
34. – Уни қаерга қўйдингизлар? – деб сўради. – Бориб кўргин! – дедилар.
35. Исонинг кўзи ёшланди.
36. Яҳудийлар: – Қаранг, уни нақадар севар экан! – дейишди.
37. Лекин улардан баъзилари: – Кўрнинг кўзларини очган бу Киши наҳот унинг ўлмай қолиши учун бирор нарса қилолмаган бўлса? – дедилар.
38. Исо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, унинг оғзида тош ётган эди.
39. Исо: – Тошни кўтаринглар! – деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга: – Ҳазрат, У қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди, энди ҳидланиб қолган, – деди.
40. – Агар инонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтган эдим-ку, – деди Исо.
41. Шундай қилиб, марҳум ётган ғор оғзидан тошни кўтариб олдилар. Исо эса осмонга кўз тикканча: – Эй Ота! – деди, – Мени эшитганинг учун Сенга ташаккур билдираман.
42. Сен Мени доимо эшитишингни биламан-у, лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун, улар Мени Сен юборганингга ишонсин деб айтдим.
43. Шундай деди-ю, баланд овоз билан хитоб қилди: – Лазар, ташқарига чиқ!
44. Шу пайт қўлу оёқлари дока билан боғланган, юзи рўмол билан ўралган жасад чиқиб келди. – Уни ечинтириб, қўйинглар, кетаверсин, – деди Исо одамларга.
45. Марямни йўқлагани келган яҳудийлардан кўпи Исонинг қилган ишини кўриб, Унга ишонишди.
46. Аммо баъзилари фарзийларнинг олдига бориб, Исонинг қилганларини айтиб беришди.
47. Шундан кейин олий руҳонийлар ва фарзийлар кенгашга йиғилишди. – Биз нима қилайлик? Бу Одам жуда кўп мўъжизалар яратиб юрибди-ку! – дейишди ўзаро.
48. – Агар Уни ўз эркига қўйиб берсак, ҳамма Унга ишониб кетади. Римликлар келиб, муқаддас жойимизни ҳам, халқимизни ҳам босиб оладилар.
49. Улардан бири, шу йили бош олий руҳоний бўлган Каяфа сўз олди: – Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар.
50. Бутун миллат ҳалок бўлганидан кўра, битта киши халқ учун ўлиши биз учун яхшироқ эканини ўйламадингизларми?
51. Бу сўзлар ундан ўзича чиқмаган эди. У шу йили бош олий руҳоний сифатида каромат қилиб, Исо халқ учун ўлишини олдиндан айтган эди.
52. Амалда Исо ёлғиз яҳудий халқи учунгина эмас, балки тарқалиб гумроҳ бўлган барча Худо фарзандларини ҳам йиғиб бирлаштириш учун ўлиши керак эди.
53. Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Исони ўлдиришга тил бириктирдилар.
54. Исо эса энди яҳудийлар орасида очиқ юролмайдиган бўлиб қолди. У ердан саҳро яқинидаги Эфрайим шаҳрига борди. Ўша жойда Ўзининг шогирдлари билан қолди.
55. Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқин эди. Мамлакатнинг ҳамма ёғидан эл-улус байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга боришарди.
56. Шу вақтда Исони излардилар. Маъбадда йиғилиб турганлар ўзаро: «Қандай ўйлайсизлар, У байрамга келармикан?» – деб сўраб-суриштирар эдилар.
57. Олий руҳонийлар ва фарзийлар эса Исони қўлга олиш ниятида юриб: «Ким Унинг қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин», деган фармон чиқардилар.
2. Ўша ерда Исога зиёфат ҳозирладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса Исо билан меҳмонлар қаторида ўтирар эди.
3. Шу пайт Марям бир шиша соф, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди ва Исонинг оёқларига суртиб, сочлари билан Унинг оёқларини артиб қуритди. Мойнинг ҳидидан уй хушбўй исга тўлиб кетди.
4. Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Симуннинг ўғли Яҳудо Ишқариёт гап қистириб:
5. – Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди? – деди.
6. Бу гапни у камбағалларга қайишгани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, у қутига солинадиган пулларни шилиб кетар эди.
7. – У аёлни тинч қўйинглар! – деди Исо. – Зотан у бу мойни Менинг дафн кунимга сақламоқчи эди.
8. Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга. Мен эса доим сизлар билан бирга бўлмайман.
9. Исонинг Байтанияда эканлигини билиб, бир талай яҳудийлар у ерга келди. Улар нафақат Исони, балки Исо тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар.
10. Олий руҳонийлар эса Лазарни ҳам ўлдирмоқчи бўлиб келишган эдилар.
11. Чунки кўпчилик яҳудийлар Лазар туфайли у ерга бориб, Исога имон келтираётган эдилар.
12. Эртаси куни байрамга борган кўпчилик халойиқ Исонинг Қуддусга келаётганини эшитиб қолишди.
13. Пальма дарахти шохларини олиб, Уни қарши олишга чиқишди ва баланд овоз билан: «Нажот бергин! Худованд номидан келаётган Исроилнинг Подшоҳи муборак!» – деб ҳайқиришар эди.
14. Исо бир хўтикни топиб, унга минди, худди Тавротда ёзилганидай:
15. «Эй Сион қизи, қўрқма! Сенинг Подшоҳинг хўтикка миниб келадур».
16. Исонинг шогирдлари аввал бунга тушунмадилар. Фақат Исо Ўз улуғворлигига эришгандан сўнггина улар бу оятнинг У ҳақда ёзилганини ва халқ худди оятдагидек қилганини эсладилар.
17. Исо билан юраётган кўпчилик халқ эса Исо Лазарни қабрдан чақириб тирилтирди, деб гувоҳлик бераётган эди.
18. Исо бундай ажойиб мўъжизани яратганини халқ эшитган эди, шунинг учун ҳам Уни очиқ чеҳра билан кутиб олаётган эдилар.
19. Фарзийлар эса бир-бирига: – Кўряпсизми, энди ҳеч нарса қилолмаяпсизлар. Бутун дунё Унинг ортидан бормоқда! – дейишарди.
20. Сиғиниш учун байрамга келганлар орасида баъзи юнонлар бор эди.
21. Улар Жалиланинг Байтсайда шаҳридан бўлган Филипнинг олдига бориб ўтиндилар: – Тақсир, биз Исони кўрмоқчи эдик.
22. Филип бориб бу ҳақда Идрисга айтди; кейин Идрис билан Филип иккаласи Исонинг олдига бориб, Унга айтишди.
23. Исо уларга шундай жавоб қайтарди: – Инсон Ўғли улуғланадиган вақт-соат келди.
24. Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради.
25. Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонини аямаса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади.
26. Агар ким Менга хизмат қилса, Менинг изимдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам у ерда бўлади. Ким Менга хизмат қилса, Отам уни ҳурмат қилади.
27. Энди эса юрагим сиқиляпти, Мен нима ҳам десам экан? «Эй Отам, Мени ушбу вақт-соатдан қутқаз» дейми? Ваҳоланки, мен шу вақт-соат учун келганман.
28. Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин! Исо шундай дейиши биланоқ осмондан: – Мен уни улуғлаганман ва бундан кейин ҳам улуғлайман, – деган садо келди.
29. У ерда турган омма буни эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади. – Йўқ, Унга фаришта гапирди! – дейишди бошқалари.
30. Бунга жавобан Исо айтди: – Бу садо Мен учун эмас, сизлар учун бўлди.
31. Ҳозир бу дунё ҳукм қилинади, ҳозир бу дунёнинг ҳокими ташқарига чиқариб ҳайдалади.
32. Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан.
33. Ушбу сўзларни Исо Ўзининг қай йўл билан ўлишини билдириш мақсадида айтган эди. Халқ бунга жавобан деди:
34. – Биз Тавротда, Масиҳ абадий туради, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен: Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Ким бу Инсон Ўғли?
35. Исо уларга айтди: – Яна қисқа бир муддат нур сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди.
36. Ҳозирча нурга эгасизлар, нурга ишонинглар, токи нур аҳли бўлинглар. Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб кетди ва халқнинг кўзидан яширинди.
37. Исо омманинг кўз ўнгида шунча кўп ибратли мўъжизалар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар.
38. Шу тариқа Ишаъё пайғамбарнинг айтган сўзи бажо бўлди: «Ё Худоё Худованд! Берган хабаримизга ким ҳам ишонди? Худованднинг қудрати кимга ошкора бўлди?»
39. Улар ана шу сабабдан ишона олмадилар. Ишаъё пайғамбар яна айтганидек:
40. «Бу халқ ўз кўзларини кўр қилди, Ўз дилларини тош қилди. Кўзлари ила кўрмайдилар, Диллари ила фаҳмламайдилар, Мен уларни шифолашим учун, Менга қайтиб келмайдилар».
41. Ишаъё пайғамбар Масиҳнинг улуғворлигини олдиндан кўриб, У тўғрида шуларни сўзлаган эди.
42. Шунга қарамасдан, бошлиқларнинг ҳам кўплари Исога имон келтираётган эдилар. Фақат ибодатхонадан ҳайдалишдан қўрқиб, улар фарзийлар олдида тан олмас эдилар.
43. Чунки бошлиқларга Худонинг мақтовидан кўра инсоннинг мақтови хуш ёқарди.
44. Исо хитоб қилиб деди: «Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади.
45. Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади.
46. Менга ишонган ҳар бир киши зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келганман.
47. Ким Менинг сўзларимни эшитиб ишонмаса, уни Мен айбламайман. Мен дунёни айблаш учун эмас, балки қутқариш учун келганман.
48. Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамнинг ҳаками бор – уни охиратда Менинг айтган каломим ҳукм қилади.
49. Мен Ўз номимдан сўзлаганим йўқ. Аксинча, Мени юборган Отам нима айтишимни, қандай сўзлашимни Менга амр этган.
50. Унинг амри эса абадий ҳаётдир, деб биламан. Хуллас, Мен нимаики гапираётган бўлсам, Отамнинг Менга айтганларини гапиряпман».
2. Кечки овқат пайти эди. Симуннинг ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига иблис аллақачон Исога хиёнат қилиш ниятини солган эди.
3. Исо бўлса, Отаси ҳамма нарсани Унинг қўлига берганини билар эди, Ўзи Худо ҳузуридан чиқиб, яна Худо ҳузурига қайтаётганини ҳам билар эди.
4. Шундай қилиб, Исо овқатдан сўнг устки кийимини ечиб ташлади, сочиқни олиб белига боғлади.
5. Кейин обдастага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.
6. Исо Симун Бутруснинг олдига келди. – Раббим, наҳот оёқларимни Сен ювсанг?! – деди Бутрус.
7. – Мен ҳозир нима қилишимни сен билмайсан. Кейинчалик тушунасан, – деди Исо унга жавобан.
8. – Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсан! – деди Бутрус. – Агар сени ювмасам, Мен билан улушинг бўлмайди, – деди Исо.
9. Шунда Симун Бутрус: – Раббим, фақат оёқларимнигина эмас, қўлларимни, бошимни ҳам ювиб қўй! – деди.
10. Исо унга: – Чўмилган одам тамоман покдир, энди унинг оёғини ювса, бас. Сизлар ҳам поксизлар, аммо ҳаммангиз эмас, – деди.
11. Исо Ўзига хоинлик қиладиган одамни билар эди, шунинг учун «Ҳаммангиз пок эмассизлар», деди.
12. Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо тағин устки кийимини кийиб, ёнбошлади. Шогирдларига айтди: – Мен сизларга нима қилганимни англадингларми?
13. Сизлар Мени Устозимиз ва Раббимиз деб атайсизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман.
14. Шундай қилиб, агар Мен Раббингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз қарздир.
15. Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим.
16. Сизларга ростини айтайин: қул ўзининг хўжайинидан юқори турмас, элчи ҳам уни юборгандан улуғ бўлмас.
17. Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар ва бахтли бўласизлар!
18. – Мен ҳаммангиз ҳақингизда айтмаяпман, – давом этди Исо, – Мен танлаган кишиларимни биламан. Забурда: «Нон-намагимни еган дўстим Менга қарши товонини кўтарди», – деб ёзилган. Бу оят бажо бўлиши керак.
19. Ҳозирдан, бу воқеалар содир бўлмасидан олдин, мен сизларга айтяпман, токи бу воқеалар содир бўлганда, Мен – Ўша эканлигимга ишонинглар.
20. Сизларга ростини айтай: Мен юборган кишини қабул қилган Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
21. Исо буларни айтди-ю, кўнгли ғаш тортди. Энди очиқдан-очиқ сўзлай бошлади: – Сизларга ростини айтайин, сизлардан бир киши Менга хиёнат қилади.
22. Шогирдлари эса У кимни назарда тутаётганини билолмай, гангиб бир-бирига қараб турар эдилар.
23. Шогирдларидан бири Исонинг бағрига бош қўйиб ёнбошлар эди; Исо уни севар эди.
24. Унга Симун Бутрус: «Исо ким ҳақида гапиряпти, сўра-чи», деб имо-ишора қилди.
25. Шунда у Исонинг кўксига яқинроқ энгашиб: – Раббим, у ким? – деб сўради.
26. Исо жавоб берди: – Мен бир бурда нонни ботириб кимга берсам, у ўшадир, – деди. Сўнг бурда нонни ботириб, Симун ўғли Яҳудо Ишқариётга берди.
27. Яҳудо бурдани олар-олмас, шайтон унинг ичига кириб олди. – Қиладиганингни тезроқ қил, – деди унга Исо.
28. Дастурхон атрофидагилардан ҳеч ким нима учун Исо бу сўзларни Яҳудога айтганини тушунмади.
29. Пул қутиси Яҳудода бўлгани сабабли, баъзилари Исо унга: «Байрам учун бизга керак бўладиган нарсаларни сотиб ол», ёки «Камбағалларга бир нима бер», деяпти деб ўйлардилар.
30. Яҳудо эса ўша бурда нонни олган ҳамон ташқарига чиқиб кетди. Тун чўккан эди.
31. Яҳудо чиқиб кетгач, Исо деди: – Ҳозир Инсон Ўғли улуғланди, Худо ҳам Инсон Ўғли орқали улуғланди.
32. Инсон Ўғли Худони улуғлагани учун, Худо ҳам Ўзича Инсон Ўғлини улуғлайди, ҳа, Уни тез орада улуғлайди.
33. Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудий мансабдорларига айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.
34. Сизларга янги буйруқ беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар.
35. Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.
36. Симун Бутрус Исога деди: – Раббим, Сен қаерга кетяпсан? – Энди Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борарсан, – деди унга Исо.
37. – Раббим, – деди Бутрус, – Нега энди Сенинг орқангдан боролмас эканман? Мен Сен учун жонимни фидо қиламан!
38. Исо жавоб берди: – Мен учун жонингни фидо қиласанми-я? Сенга ростини айтсам, хўроз қичқирмасданоқ, сен Мендан уч марта тонасан!
2. Отамнинг уйида маскан кўп. Шундай бўлмаса эди, Мен сизларга жой тайёрлагани кетяпман, деб айтармидим?
3. Мана, Мен бориб сизларга жой тайёрлайману, яна келиб, Мен бўлган жойда бўлишингиз учун сизларни олдимга олиб кетаман.
4. Мен борадиган жойни сизлар биласизлар, йўлни ҳам биласизлар.
5. – Раббим! – деди Унга Тўма, – Қаерга боришингни билмаймиз-ку, йўлни ҳам қандай била оламиз?
6. Исо унга деди: – Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди.
7. Агар Мени билсангиз, Отамни ҳам биласизлар. Бундан буён Уни биласизлар, Уни кўргансизлар.
8. Филип Исога деди: – Раббий, бизларга Отани кўрсат, шу биз учун етарли!
9. – Филип, – деди унга Исо, – Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман-у, Мени танимайсанми? Мени кўрган Отамни кўрган бўлади. Энди сен қандай қилиб, «Отани бизларга кўрсат», деяпсан?
10. Мен Отамда ҳозирман, Отам эса Менда ҳозир, сен бунга ишонмайсанми? Мен сизларга Ўзимдан тўқиб гапирмаяпман, балки Менда ҳозир бўлиб турган Отам Ўз ишларини бажармоқда.
11. Менга ишонинглар; Мен Отамда ва Отам Менда ҳозирдир. Бордию бунга ҳам ишонмасангизлар, ақалли бажараётган ишларимнинг ўзи орқали Менга ишонинглар.
12. Сизларга ростини айтайин: Менга ишонган киши Мен қилаётган ишларни ўзи қилади ва ҳатто бундан каттароғини ҳам қилади. Зеро Мен Отамнинг олдига кетяпман.
13. Менинг номимдан Отадан бирор нарса сўрасангизлар, уни бажо келтираман, токи Ота Ўз Ўғли орқали улуғлансин.
14. Ҳа, Менинг номим учун нима сўрасангизлар, Мен уни бажо келтираман.
15. – «Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар.
16. Мен Отамга мурожаат қиламан ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади.
17. Бу Юпатувчи – Ҳақиқат Руҳидир. Дунё Уни қабул қила олмайди, чунки Уни на кўради, на билади. Сизлар эса Уни биласизлар, чунки У сизлар билан доим биргадир, У ичингизда яшайди.
18. Сизларни етим қолдирмайман, яна олдингизга қайтиб келаман.
19. Бироздан кейин дунё Мени бошқа кўрмайди. Аммо сизлар Мени кўрасизлар; Мен ҳаёт бўлганим учун, сизлар ҳам яшайсизлар.
20. Мен Отамда, сизлар Менда ва Мен сизларда ҳозир эканимни ўша кунда фаҳмлайсизлар.
21. Ким Менинг амрларимни билса-ю, уларга амал қилса, у Мени севади. Ким Мени севса, Отам ҳам уни севади. Мен ҳам уни севаман ва Ўзимни унга кўрсатаман».
22. Ишқариёт бўлмаган бошқа Яҳудо Исога деди: – «Раббим, бу қанақаси, Сен Ўзингни дунёга эмас, бизга кўрсатмоқчисан?»
23. Исо унга шундай жавоб берди: – «Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратамиз.
24. Мени севмаган киши сўзларимга амал қилмайди. Сизлар тинглаётган сўз Меники эмас, балки Мени юборган Отамникидир.
25. Буни, Мен сизлар билан эканман, айтдим.
26. Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади».
27. «Мен сизларга тинчлик қолдиряпман; Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен берган тинчлик дунё берган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, ҳадиксираманглар.
28. Сизларга айтганимни эшитдингизлар: Мен сизлардан кетиб, яна қайтаман. Агар Мени севганингизда эди, Отам олдига кетяпман деганимга қувонар эдингизлар. Зеро Отам Мендан улуғдир.
29. Бу ҳодисалар содир бўлганда ишонинглар деб, ҳали содир бўлмасдан олдин Мен бу ҳақда сизларга айтдим.
30. Сизлар билан сўзлашишга унча кўп вақтим қолмади. Чунки бу дунёнинг ҳокими келяпти, Менга эса у мутлақо ҳоким эмас.
31. Лекин дунё билсинки, Мен Отамни севаман, Отам Менга неки буюрган бўлса, худди шуни бажараман. Қани, туринглар, бу ердан кета қолайлик».
2. Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди.
3. Менинг сизга айтган сўзим орқали сизлар ҳозирдан тозасизлар.
4. Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токда қолмаган новда ўз-ўзидан ҳосил беролмайди; шу сингари, агар сизлар Мен билан алоқада қолмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.
5. Мен – ток, сизлар – новдасизлар. Ким Мен билан алоқада бўлиб, Мен у билан алоқада бўлсам, у кўп ҳосил беради. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар.
6. Ким Мен билан алоқани узса, новда каби ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса териб, ўтга улоқтириб ёндиришади.
7. Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар.
8. Сизлар кўп ҳосил берсангиз, Отам улуғланади, сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар».
9. «Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Менинг муҳаббатимга содиқ қолинглар.
10. Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг муҳаббатига содиқ қолганман. Худди шу сингари сизлар ҳам, агар Менинг амрларимга амал қилсангизлар, муҳаббатимга содиқ қоласизлар.
11. Менинг шодлигим сизларга ўтсин ва кўнглингиз қувончларга тўлсин деб, Мен бу сўзларни сизларга айтдим.
12. Менинг амрим шу: Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар.
13. Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ.
14. Агар сизлар буюрганларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар.
15. Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга билдирдим.
16. Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Бориб ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин, деб сизларни танладим. Шундай қилиб, Менинг номимдан Отадан нимаики сўрасангизлар, У сизларга беради.
17. Хуллас, сизларга буйруғим шу: бир-бирингизни севинглар!»
18. «Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингизким, сизлардан илгари Мендан нафратланган.
19. Сизлар бу дунёники бўлсангиз эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Ҳолбуки, сизлар бу дунёники эмассизлар; Мен сизларни дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади.
20. Қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас, деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар.
21. Одамлар сизларга неки қилсалар, Менинг номим учун қиладилар; чунки Мени Юборганни танимайдилар.
22. Агар Мен келиб уларга айтмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Энди бўлса гуноҳлари узрсиз қолди.
23. Мендан нафратланган Отамдан ҳам нафратланган бўлади.
24. Агар Мен улар орасида бошқалар сира қилмаган ишларни намоён қилмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Энди бўлса ишларимни кўрдилар-у, Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар.
25. Бу эса уларнинг Тавротдаги: „Мендан ноҳақ нафратландилар“, – деган оят бажо бўлиши учун содир бўлди.
26. Отам ҳузуридан Мен сизларга юборадиган Юпатувчи, яъни Отам наздидан чиқувчи Ҳақиқат Руҳи келгач, У Мен тўғримда гувоҳлик беради.
27. Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ Мен билан биргасизлар».
2. Сизларни ибодатхонадан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди.
3. Бу ишларни Отамни ҳам, Мени ҳам танимаганлари учун қиладилар.
4. Буларни сизларга ҳозирдан маълум қилиб қўйяпман, токи ўша вақт-соат келганда, сўзларимни эсга олинглар. Аввалдан сизларга буларни айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки сизлар билан бирга эдим.
5. Энди эса Мени Юборганнинг олдига кетяпман. Лекин орангиздан ҳеч ким Мендан: „Қаерга кетяпсан?“ деб сўрамаяпти.
6. Буларни сизларга айтганим учун, дилингиз ғам-қайғуга ботган.
7. Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман.
8. У эса келиб, гуноҳ, адолат ва ҳукм хусусида дунёнинг хато қилганини фош қилади.
9. Дунёнинг гуноҳи шундан иборатки, одамлар Менга ишонмайдилар.
10. Илоҳий адолат шундаки, Мен Отамнинг олдига кетяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар.
11. Илоҳий ҳукм эса шундан далолат берадики, бу дунёнинг ҳокими ҳукм қилинган.
12. Сизларга яна айтадиганларим кўпу, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар.
13. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У келажак ҳақида сизларга хабар қилади.
14. У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу билан Мени улуғлайди.
15. Отам эга бўлган ҳамма нарса Меникидир. Ана шу сабабдан, У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, деб айтдим.
16. Кўп ўтмай, сизлар Мени кўролмай қоласизлар, яна кўп ўтмай, кўрасизлар. Чунки Мен Отамнинг олдига кетяпман».
17. Шу пайтда Исонинг шогирдлари бири иккинчисига: – Ажабо, У бизга нима деяпти ўзи? «Кўп ўтмай Мени кўролмай қоласизлар, яна кўп ўтмай кўрасизлар», деди. «Отамнинг олдига кетяпман», деб ҳам айтди.
18. «Кўп ўтмай» дейиши билан нима демоқчи экан, биз англай олмадик, – дер эдилар.
19. Исо шогирдлари Ўзидан гап сўрамоқчи бўлганликларини пайқади ва сўз олди: – Кўп ўтмай Мени кўролмай қоласизлар, яна кўп ўтмай кўрасизлар, деб Мен сизларга айтдим-ку, наҳотки бу гапимни муҳокама қиляпсизлар?
20. Сизларга ростини айтайин: сизлар йиғлаб дод-фарёд қиласизлар, дунё эса қувонади. Сизлар қайғурасиз, лекин қайғунгиз шодликка айланади.
21. Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Аммо бола туғилгандан кейин, дунёга одамзод келди деб қувонади ва чеккан дардини унутиб юборади.
22. Шунга ўхшаш, сизлар ҳам энди ғам-қайғу чекяпсизлар. Лекин Мен сизларни яна кўраман ва юрагингиз қувончга тўлади. Қувончингизни эса сизлардан ҳеч ким тортиб олмайди.
23. Ўша куни Мендан ҳеч нарса сўрамайсизлар. Сизларга ростини айтайин: агар Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, Ўзи сизларга беради.
24. Ҳозиргача Менинг номимдан Отадан бирон нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, эришасизлар ва қувончингиз камол топади.
25. – Шу вақтгача сизларга рамз билан гапириб келдим. Лекин шундай бир вақт келадики, энди сизларга рамз билан гапирмай, Отам ҳақида очиқдан-очиқ хабар қиламан.
26. Ўша куни истаганингизни Менинг номимдан сўрайсизлар. Мен эса сизлар учун Отамдан илтимос қиламан, деб айтмаяпман.
27. Отамнинг Ўзи сизларни севади, чунки сизлар Мени севиб, Худо ҳузуридан чиққанимга ишондингизлар.
28. Мен Отамнинг ҳузуридан чиқиб, дунёга келдим. Энди яна дунёни тарк этиб, Отамнинг олдига кетмоқдаман.
29. – Мана, ҳозир Сен очиқ сўзлаяпсан, ҳеч рамз қўлламаяпсан, – дейишди шогирдлар Исога.
30. – Ҳозир кўриб турибмизки, Сен ҳаммасини биласан. Бирон-бир кишининг савол беришига ҳам муҳтож эмассан. Ана шунинг учун биз Сен Худо ҳузуридан чиққанингга ишонамиз.
31. – Энди ишонасизларми? – деди Исо уларга.
32. – Мана, ҳар бирингиз ўз томонингизга тўзиб, Мени ёлғиз қолдирадиган вақт-соат келади ва ҳатто келди ҳам. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир.
33. Буларни сизларга Менда хотиржам бўлишингиз учун айтдим. Дунёда қайғу-алам чекасизлар; лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим.
2. Сен Унга бутун башарият устидан ҳокимликни бердинг; Сен Унга берган одамларнинг ҳаммасига У абадий ҳаёт ато қилади.
3. Абадий ҳаёт эса Сени – танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир.
4. Сен Менга топширган вазифани Мен адо этиб, ер юзида Сени улуғладим.
5. Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, Ўз ҳузурингдаги ўша улуғворликни Менга тағин ато қилгин.
6. Сен дунёдан Менга берган одамларга Сенинг исмингни изҳор қилдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар эса Сенинг каломингга амал қилдилар.
7. Улар энди тушуниб олдилар: Сен Менга нима берган бўлсанг, ҳаммаси Сендан экан.
8. Менга берган каломларингни уларга топширдим. Улар эса каломларингни қабул қилиб, Мен Сенинг ҳузурингдан чиққанлигимни чинакамига тушундилар, Мени Сен юборганингга ишондилар.
9. Мен улар учун сўрайман; дунё учун эмас, балки Менга берганларинг учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир.
10. Зотан Меники бўлган ҳамма – Сеники, Сеники эса – Меникидир. Шу тариқа Менинг улуғворлигим улар орқали зоҳир бўлади.
11. Бундан сўнг Мен бу дунёда бўлмайман, Сенинг ҳузурингга қайтяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга кимни берган бўлсанг, Ўз номинг билан асраб қолгин, токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар.
12. Мен улар билан бўлганимда, Сенинг номинг билан уларни асрар эдим. Ҳа, Менга берган одамларнинг ҳаммасини омон сақладим. Фақат оят бажо бўлсин деб, пешанасига ҳалокат ёзилган одамдан бошқа улардан ҳеч ким ҳалок бўлмади.
13. Энди эса Сенинг олдингга борай деб турибман. Менинг шодлигим уларга ўтиб дилларини бутунлай тўлдирсин, деб буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман.
14. Мен уларга Сенинг каломингни топширдим. Дунё эса улардан нафратланди. Чунки Мен дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам дунёдан эмаслар.
15. Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман.
16. Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар.
17. Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг – ҳақиқатдир.
18. Сен Мени дунёга юборган эдинг, Мен ҳам уларни дунёга юбордим.
19. Улар ҳақиқий муқаддас бўлсин деб, Мен Ўзимни улар учун бағишлайман.
20. Мен фақат улар учунгина сўрамайман, балки уларнинг гапи бўйича Менга имон келтирадиганлар учун ҳам сўрайман:
21. Ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда ҳозир бўлганимизга ўхшаб, улар ҳам Бизда ҳозир бўлиб, бир бўлишсин. Шу тариқа дунё Мени Сен юборганингга инонсин.
22. Менга ато қилган улуғворлигингни уларга бердим, токи биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин.
23. Сен Менда, Мен эса уларда ҳозир бўлиб, мукаммал бирликка эришсинлар. Натижада, дунё Мени Сен юборганингни тан олсин, Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё билсин.
24. Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўриб турсин, дунёни яратмасдан аввалоқ Сен Мени қандай севганингни улар билсин.
25. Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Булар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар.
26. Сенинг номингни уларга билдирганман ва янада билдираман. Менга боғлаган муҳаббатинг улардан ўрин олсин, Мен ҳам улардан ўрин олайин».
2. Исонинг хоини Яҳудо ҳам ўша жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез-тез учрашиб турар эди.
3. Шундай қилиб, Яҳудо бир тўда аскарларни ҳамда олий руҳонийлар ва фарзийлар томонидан юборилган миршабларни олиб, у ерга келди. Қўлларида машъалу фонуслар, қурол-яроғлар бор эди.
4. Исо Ўз бошига келадиган ҳамма нарсани билар эди. У одамларга пешвоз чиқиб, сўради: – Кимни қидиряпсизлар?
5. – Носиралик Исони, – деб жавоб беришди улар. – У Менман, – деди Исо. Исонинг хоини Яҳудо уларнинг ўртасида турган эди.
6. Исо «У Менман» дейиши биланоқ, улар орқага тисланиб, ерга йиқилишди.
7. Исо улардан яна сўради: – Кимни қидиряпсизлар? – Носиралик Исони, – дедилар.
8. – Сизларга айтдим-ку, У Менман. Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, шуларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин, – деди уларга Исо.
9. Унинг илгари: «Сен Менга берган кишилардан ҳеч бирининг ҳалок бўлишига йўл қўймадим», деган сўзлари шу билан бажо бўлди.
10. Шу онда Симун Бутрус ёнидаги қиличини қинидан суғурди-да, олий руҳонийнинг қаролига бир уриб, ўнг қулоғини узиб юборди. Қаролнинг исми Малик эди.
11. Исо Бутрусга: – Қиличингни қинига солиб қўй! Наҳотки Менга Отам берган тақдир шаробини ичмасам? – деди.
12. Шу заҳоти аскарлар билан бўлинма қўмондони ва яҳудий мансабдорларининг қароллари Исони ушлаб, боғлаб қўйишди.
13. Уни олдин Ҳанан олдига олиб келишди. Ҳанан шу йилги бош олий руҳоний бўлган Каяфанинг қайнатаси эди.
14. Бу – яҳудий мансабдорларига: «Халқ учун битта кишининг ўлиши яхшироқ», деб маслаҳат берган Каяфа эди.
15. Исонинг орқасидан Симун Бутрус ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олий руҳонийга таниш эди, у Исо билан бемалол олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди.
16. Бутрус эса ташқарида, эшикнинг олдида турарди. Кейинроқ олий руҳонийга таниш бўлган шогирд яна ташқарига чиқди-да, дарвозабон аёлга бирор нарса деб, Бутрусни ичкарига олиб кирди.
17. Шунда дарвозабон чўри Бутрусдан: – Сен ҳам У Одамнинг шогирдларидан эмасмисан? – деб сўради. – Йўқ! – деди Бутрус.
18. Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда турган қароллар билан миршаблар кўмир ёқиб, исинаётган эдилар. Бутрус ҳам улар билан исиниб турар эди.
19. Шу пайтда олий руҳоний Исога Ўз шогирдлари ва таълимотига тааллуқли саволлар берар эди.
20. Исо унга жавоб берди: – Мен элу оламга очиқ сўзладим. Ҳар доим яҳудийлар йиғиладиган ибодатхоналарда ва маъбадда таълим бериб юрдим, ҳеч яширинча гап айтмадим.
21. Нега Мени сўроқ қиляпсан? Менинг нутқларимни эшитганлардан сўраб билгин, гапирганларимни улар билса керак.
22. Исо буларни айтиб бўлган ҳам эдики, яқин турган миршаблардан бири: – Олий руҳонийга ҳам шундай жавоб берасанми? – деди-ю, Исонинг юзига туширди.
23. Исо бунга жавобан: – Агар Мен ёмон гап гапирган бўлсам, ёмонлигини кўрсат. Агар тўғри айтган бўлсам, нега Мени урасан? – деди.
24. Шундан кейин Ҳанан Исони боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфа қошига юборди.
25. Симун Бутрус ҳамон исиниб турган эди. – Сен ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисан? – деб сўрашди ундан. – Йўқ! – деб тонди у.
26. Олий руҳонийнинг қаролларидан бири Бутрус қулоғини узиб юборган одамнинг қариндоши эди. Бу қарол Бутрусга яна: – Сени боғда У билан кўрдим, шекилли? – деди.
27. Бутрус эса янгидан тонди. Нақ шу пайт хўроз қичқирди.
28. Тонг ёришган эди. Яҳудий мансабдорлари Исони Каяфа олдидан маҳкамага олиб бордилар. Улар Фисиҳ байрам таомини емагунча ҳаром бўлишдан қўрқиб, маҳкамага кирмадилар.
29. Шу сабабли Пилат ташқарига, уларнинг олдига чиқди. – Бу Одамга қарши қандай айбни қўймоқдасизлар? – деб сўради.
30. – Агар У жиноятчи бўлмаганида, Уни сенинг қўлингга топширмас эдик, – деб жавоб беришди улар.
31. – Уни ўзларингиз олинглар-да, ўз Қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар, – деди Пилат. – Бизга ҳеч кимни қатл қилишга ижозат берилмаган, – дейишди унга яҳудийлар.
32. Бу гаплар эса Исо Ўзининг қандай ўлиши ҳақида айтганларини тасдиқлади, Унинг кароматлари бажо бўлиши керак эди.
33. Шундай қилиб, Пилат яна маҳкамага кирди ва Исони чақирди: – Сен яҳудийларнинг Подшоҳимисан? – деб сўради.
34. – Бу гап Ўзингдан чиқдими, ёки бошқалар сенга Мен тўғримда айтишдими? – деб сўради Исо.
35. – Нима, мен яҳудийманми? Ахир, Ўз халқинг, Ўз олий руҳонийларинг Сени менга топширишди. Сен нима иш қилиб қўйдинг? – деди Пилат.
36. Исо жавоб берди: – Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудий мансабдорлари қўлига тушмаслигим учун Менинг қаролларим курашар эдилар. Бироқ энди Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас.
37. – Демак, Сен подшоҳ экансан-да? – деди Пилат. – Подшоҳ эканимни ўзинг айтдинг, – деди Исо. – Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Кимки ҳақиқат тарафида бўлса, Менинг овозимни эшитади.
38. – Ҳақиқат нима? – сўради Пилат. Буни айтди-ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди. – Мен Ундан ҳеч қандай айб тополмаяпман, – деди уларга.
39. – Сизларнинг бир одатингиз бор-ку, сизлар учун Фисиҳ байрамида бир маҳбусни озод қилиб келар эдим. Шунга кўра, сизлар учун яҳудийларнинг Подшоҳини озод қилишимни истайсизларми?
40. – Уни эмас, Бараббани озод қил! – деб ҳамма бараварига бақирди. Барабба эса қароқчи эди.
2. Аскарлар эса тиканлардан тож ўриб, Исонинг бошига қўйдилар, танасига шоҳона тўн кийдирдилар.
3. Исонинг олдида турганларича: – Яшавор, эй яҳудийларнинг Подшоҳи! – деб, Уни тарсакилар эдилар.
4. Пилат яна ташқарига чиқиб халойиққа хитоб қилди: – Мана, Уни олдингизга чиқаряпман, билиб қўйинглар, мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим!
5. Шу пайт бошида тиканли тож, эгнида шоҳона тўн билан Исо ташқарига чиқди. – Мана, у Одам! – деди Пилат уларга.
6. Олий руҳонийлар ва миршаблар Исони кўриб, бақириб кетишди: – Уни хочга михлаб қўй, хочга! – Уни сизлар олиб хочга михлаб қўйинглар! Мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим, – деди Пилат уларга.
7. Яҳудийлар унга жавобан: – Бизда Қонун бор, Қонунимиз бўйича У ўлиши керак, чунки У Ўзини Худонинг Ўғли қилиб кўрсатди, – дедилар.
8. Пилат буни эшитгач, юраги орқага тортиб кетди.
9. Қайтадан маҳкамага кирди ва Исодан: – Сен қаердансан? – деб сўради. Исо унга жавоб бермади.
10. – Менга жавоб бермайсанми? – деди Пилат. – Сени хочга михлатиш ё бўшатиш учун ҳукм юритишга қодир эканимни билмайсанми?
11. Исо жавоб берди: – Агар сенга юқоридан берилмаганида эди, сен Менинг устимдан ҳеч қандай ҳукм юрита олмас эдинг. Шу сабабдан Мени сенинг қўлингга тутиб берганнинг гуноҳи сенинг гуноҳингдан катта.
12. Шу вақтдан бошлаб Пилат Исони қўйиб юборишга чора излай бошлади. Аммо яҳудийлар қичқиришарди: – Агар Уни қўйиб юборсанг, сен Қайсарнинг дўсти эмассан. Ўзини подшоҳ дейдиган ҳар бир киши Қайсарнинг душмани бўлади!
13. Пилат бу сўзни эшитгач, Исони ташқарига олиб чиқди ва яҳудийча Габбата деган тош супа устидаги ҳукм курсисига ўтирди.
14. Ўша куни Фисиҳ байрами арафаси, туш маҳали эди. Пилат яҳудийларга хитоб қилди: – Мана, Подшоҳингиз!
15. – Йўқ қил Уни, йўқ қил! Хочга михлаб қўй! – деб бақирди улар. – Сизларнинг Подшоҳингизни хочга михлаб қўяйми? – сўради Пилат. – Қайсардан бошқа подшоҳимиз йўқ, – дейишди олий руҳонийлар.
16. Охири Пилат Исони хочга михлаш учун уларга топширди. Улар эса Исони олиб кетдилар.
17. Исо Ўз хочини кўтариб, Бошсуяги (яҳудийча Гўлгота) деган жойга келди.
18. У ерда Исони хочга михлаб қўйдилар. Исо ўртада бўлиб, чап ва ўнг томонига яна икки кишини михлаб қўйдилар.
19. Пилат шу мазмундаги лавҳани ёзиб хочнинг тепасига остириб қўйди: «Яҳудийларнинг Подшоҳи Носиралик Исо».
20. Исо хочга михланган жой шаҳарга яқин бўлгани учун, бу лавҳани анчагина яҳудийлар ўқиб ўтар эдилар. Лавҳа яҳудий, юнон ва лотин тилларида ёзилган эди.
21. Яҳудий олий руҳонийлари эса Пилатга бориб шундай дедилар: – «Яҳудийларнинг Подшоҳи» деб ёзма, балки Ўзи айтганидек, «Мен яҳудийларнинг Подшоҳиман», деб ёзиб қўй.
22. – Мен нимаики ёзган бўлсам, шундайлигича қолсин, – деди Пилат.
23. Аскарлар Исони михлаб бўлиб, Унинг кийимини олдилар. Ҳар аскарга бир парчадан теккудай қилиб, кийимни тўрт бўлакка бўлдилар. Ички кўйлагини ҳам олдилар. Ички кўйлак бошдан-оёқ чоксиз бир тўқима эди.
24. Аскарлар бир-бирига: – Буни йиртмайлик, бу учун қуръа ташлаймиз, кимга тушса, ўшаники бўлсин, – дейишди. Шу тариқа қуйидаги Забур ояти бажо бўлди: «Кийимларимни ўзаро бўлишиб олиб, Либосим учун қуръа ташладилар». Аскарлар худди шундай қилдилар.
25. Исонинг хочи ёнида Унинг онаси, онасининг опаси, Клопанинг хотини Марям ҳамда магдалалик Марям турар эдилар.
26. Исо онаси ёнида Ўзининг севикли шогирди турганини кўрди-да, онасига: – Эй аёл, мана бу сенинг ўғлинг! – деди.
27. Кейин шогирдига қараб: – Мана бу сенинг онанг! – деди. Ўша ондан бошлаб у шогирд Марямни ўз уйига олиб кетди.
28. Шундан кейин Исо энди ҳаммасининг амалга ошганини кўрди. Забур ояти бажо бўлсин деб, У: – Чанқадим! – деди.
29. Бу ерда сирка тўла бир идиш турган эди. Аскарлар сиркага шимгични ботирдилар-да, найнинг учига илиб, Исонинг оғзига олиб бордилар.
30. Исо сиркани татиб кўргач: – Амалга ошди! – деди-ю, бошини эгиб жон берди.
31. Ўша куни дам олиш куни арафаси – жума эди. Эртанги шанба жуда табаррук кун ҳисоблангани учун, яҳудий мансабдорлари жасадларни хочда қолдиришни истамадилар. Улар Пилатнинг олдига бориб, жасадларнинг болдирларини синдириб ташлаб, хочдан туширишни сўрадилар.
32. Шунда аскарлар бориб, Исо билан бирга хочга михланган биринчи, сўнгра иккинчи одамнинг болдирларини синдириб ташладилар.
33. Исонинг олдига келиб, Унинг аллақачон ўлганлигини пайқадилар, болдирларини синдирмадилар.
34. Лекин аскарлардан бири Исонинг биқинини найза билан тешди, шу заҳоти Унинг биқинидан қон билан сув оқиб чиқди.
35. Бу ҳодисани кўрган киши, сизлар ишонинглар деб, гувоҳлик бериб келмоқда. Унинг гувоҳлиги ҳақиқатдир, у ҳақиқатни сўзлаётганини билади.
36. Ана шу бўлиб ўтган ҳодиса: «Унинг суяги синмайди», – деган Забур ояти бажо келиши учун рўй берди.
37. Бошқа бир оятда шундай айтилган: «Найзаланган Одамга тикилиб қарайдилар».
38. Бундан сўнг ариматеялик Юсуф Пилатдан Исонинг жасадини хочдан тушириш учун илтимос қилди. Юсуф Исонинг шогирди эди-ю, лекин яҳудийлардан қўрққани учун буни яшириб юрар эди. Пилат эса ижозат берди. Шунда Юсуф бориб, Исонинг жасадини бўшатиб олди.
39. Бундан илгари кечаси Исонинг олдига келган Никодим ҳам юз қадоқча мирра билан сабур қоришмасини олиб келди.
40. Улар икковлон Исонинг жасадини олиб, яҳудийларнинг дафн одатларига кўра, бу муаттар моддалар билан Уни кафанладилар.
41. Исо михланган жойда бир боғ бор эди, у боғда ҳали ҳеч мурда қўйилмаган янги қабр бор эди.
42. Яҳудийларнинг дам олиш кунига тайёргарлик қилиш муддати тугаётгани сабабли улар, бу жой яқинроқ, деб Исони ўша қабрга кўмдилар.
2. У югуриб Симун Бутрус ва Исонинг севган бошқа шогирди олдига келди-да: – Раббимни қабрдан олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмаймиз, – деди.
3. Ўша заҳоти Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди.
4. Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди.
5. У энгашиб ичкарига кўз ташлади, у ерда фақат кафан ётганини кўрди. Ўзи қабрга кирмади.
6. Унинг орқасидан Симун Бутрус етиб келиб, қабрга кирди-ю, ётган кафанни кўрди.
7. Исонинг бошига ўралган рўмол эса кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди.
8. Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди ва кўриб, ишонч ҳосил қилди.
9. Лекин Исо ўлиб тирилиши керак, деган оятларни улар ҳали тушунмас эдилар.
10. Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар.
11. Марям эса қабрнинг олдида турганча, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига назар солди.
12. Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди.
13. Улар Марямга: – Эй аёл, нега йиғлаяпсан? – дейишди. – Раббимни олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, – деди у.
14. Шундай деди-ю, орқасига бурилиб, турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.
15. – Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? – деди Исо унга. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга: – Оға, агар сен Уни олиб кетган бўлсанг, қаерга қўйганингни менга айт-чи, мен Уни бориб келай, – деди.
16. Исо унга: – Марям! – деди. – Раббуний! – деди Марям Исога қайрилиб. (Раббуний яҳудий тилида «Устозим» демакдир).
17. – Менга қўл тегизма! – деди Исо Марямга. – Мен ҳали Отамнинг ҳузурига чиққаним йўқ. Сен бориб биродарларимга шундай деб айтгин: Мен Ўз Отам ва сизларнинг Отангизнинг, Ўз Худойим ва сизларнинг Худойингизнинг ҳузурига чиқиб кетяпман.
18. Шунда магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб: – Мен Раббимни кўрдим! – деди, Исо унга нималар айтганини гапириб берди.
19. Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудий мансабдорларидан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб қўйган эдилар. Шу пайт Исо келиб қолди. У ўртада туриб шогирдларига: – Сизларга тинчлик бўлсин! – деди.
20. Шундай деб, қўл-оёқларини ва биқинини уларга кўрсатди. Шогирдлар Раббимизни кўрдик, деб жуда севиндилар.
21. Исо яна уларга деди: – Сизларга тинчлик бўлсин! Отам Мени қандай юборган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай юборяпман.
22. Шундай деб, уларнинг устига пуфлади ва: – Муқаддас Руҳни олинглар, – деди.
23. – Кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.
24. Ўн икки шогирддан бири, «Эгиз» лақабли Тўма, Исо келганда у ерда шогирдлар орасида йўқ эди.
25. Бошқа шогирдлар унга: – Биз Раббимизни кўрдик, – дейишди. Тўма уларга шундай деди: – Мен Унинг қўлларидаги мих чандиқларини кўрмагунимча, Унинг мих чандиқларига ўз бармоғимни тегизмагунимча, қўлимни Унинг биқинига қўймагунимча, ишонмайман.
26. Саккиз кундан сўнг Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар, Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф бўлган вақтда Исо келди ва ўрталарида туриб: – Сизларга тинчлик бўлсин! – деди.
27. Кейин Тўмага қараб: – Бармоғингни бу ёққа текиз! Менинг қўлларимни кўр, қўлингни чўзиб биқинимга қўй ва имонсиз бўлма, имонли бўл! – деди.
28. Тўма Исога: – Эй, менинг Раббим ва Худойим! – деб жавоб берди.
29. Исо унга шундай деди: – Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Кўрмай ишонганлар қандай бахтлидирлар!
30. Исо бу китобда ёзилмаган бошқа бир талай ибратли мўъжизаларни Ўз шогирдларига кўрсатди.
31. Булар эса Исо – Худонинг Ўғли, Масиҳ эканлигига ишонишингиз учун ва ишониб, Унинг номи билан ҳаётга эришишингиз учун ёзилган.
2. Симун Бутрус, «Эгиз» лақабли Тўма, Жалиланинг Кана шаҳридан бўлган Натанъил, Забадийнинг ўғиллари ва бошқа икки шогирд бир жойда эдилар.
3. Симун Бутрус бошқаларга: – Мен балиқ овлагани кетяпман, – деди. – Бизлар ҳам сен билан борамиз, – дейишди улар ва қайиққа тушиб, жўнаб кетишди. Лекин ўша кеча ҳеч нарса тутишолмади.
4. Кун ёришгач, Исо қирғоқда турар эди. Шогирдлари эса Унинг Исо эканлигини пайқамадилар.
5. – Болалар, сизларда бирон овқат борми? – сўради Исо улардан. – Йўқ, – деди улар.
6. – Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар, шунда тутасизлар, – деди Исо. Улар эса тўрни ташладилар ва балиқ кўплигидан тортиб ололмадилар.
7. Шу пайт Исонинг севикли шогирди Бутрусга: – Ана, Раббимиз! – деди. Симун Бутрус бу Раббимиз, деб эшитибоқ, ечиб ташлаган жомасини кийди-ю, ўзини кўлга отди.
8. Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраганча, қайиқда келдилар. Улар қуруқликдан яқин тақрибан икки юз газ нарида эдилар.
9. Қирғоққа чиққанларида, ёниб турган кўмирни ва қовурилаётган балиқ билан нонни кўрдилар.
10. Исо уларга: – Сизлар ҳозир тутган балиқларингизни олиб келинглар, – деди.
11. Симун Бутрус бориб, тўрни қирғоққа тортиб чиқарди. Тўрда бир юз эллик учта катта балиқ бор эди. Балиқлар кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмади.
12. Исо шогирдларига: – Келиб овқатланинглар, – деди. Улардан ҳеч бири: «Сен кимсан?» – деб сўрашга ботинолмади, чунки улар, Бу бизнинг Раббимиз, деб билар эдилар.
13. Исо яқинроқ келиб, нонни олди ва уларга берди. Балиқни ҳам шундай бўлиб берди.
14. Шу йўсин Исо тирилгандан кейин учинчи марта шогирдларига зоҳир бўлди.
15. Нонушта қилиб бўлишгач, Исо Симун Бутрусдан сўради: – Юнус ўғли Симун, сен Мени улардан кўпроқ севасанми? – Ҳа, Раббим! Мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан-ку, – деди Унга Бутрус. – Қўзиларимни ўтлат, – деди унга Исо.
16. Иккинчи марта Исо Бутрусдан яна сўради: – Юнус ўғли Симун, сен Мени севасанми? – Ҳа, Раббим! Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан-ку, – деди Бутрус Унга. – Қўйларимни боқ, – деди унга Исо.
17. Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради: – Юнус ўғли Симун, сен Мени яхши кўрасанми? Ўзидан уч марта: «Мени яхши кўрасанми», деб сўраганига Бутрус хафа бўлди. – Раббим! Сен ҳаммасини биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан, – деди Бутрус. Исо унга шундай деди: – Қўйларимни ўтлат!
18. Сенга ростини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Лекин қариганингда эса қўлларингни узатасан ва бошқа биров камарингни боғлайди-ю, сени хоҳламаган жойингга олиб боради.
19. Исо бу сўзларни Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашига ишора қилиб айтган эди. Сўнгра унга: – Менинг орқамдан юр! – деди.
20. Бутрус бурилиб, Исонинг севикли шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу кечки зиёфатда Исонинг бағрига бош қўйиб: «Раббим, Сени ким тутиб беради?» – деб сўраган шогирди эди.
21. Бутрус уни кўриб, Исодан: – Раббим, унинг тақдири нима бўлади? – деб сўради.
22. Исо унга: – Агар Мен келгунимгача унинг соғ қолишини истасам, бундан сенга нима? Сен Менинг орқамдан юравер, – деди.
23. Шундай қилиб, биродарлар орасида, бу шогирд ўлмайди, деган гап-сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди демаганди. У фақат: «Агар Мен келгунимгача унинг соғ қолишини истасам, бундан сенга нима», – деб айтган эди.
24. Ана шу шогирд бу ишларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз.
25. Исо бажарган бошқа бир талай ишлар ҳам бор. Булар бирма-бир ёзиб чиқилганда эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман. Омин.
Скачать Yuhanno - 1-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.63 МБ)
Скачать Yuhanno - 2-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.59 МБ)
Скачать Yuhanno - 3-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.21 МБ)
Скачать Yuhanno - 4-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.34 МБ)
Скачать Yuhanno - 5-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.75 МБ)
Скачать Yuhanno - 6-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (4.17 МБ)
Скачать Yuhanno - 7-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.06 МБ)
Скачать Yuhanno - 8-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.65 МБ)
Скачать Yuhanno - 9-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.61 МБ)
Скачать Yuhanno - 10-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.33 МБ)
Скачать Yuhanno - 11-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.36 МБ)
Скачать Yuhanno - 12-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.32 МБ)
Скачать Yuhanno - 13-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.65 МБ)
Скачать Yuhanno - 14-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.96 МБ)
Скачать Yuhanno - 15-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.59 МБ)
Скачать Yuhanno - 16-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.04 МБ)
Скачать Yuhanno - 17-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.82 МБ)
Скачать Yuhanno - 18-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.99 МБ)
Скачать Yuhanno - 19-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.28 МБ)
YouTube kanaliga xush kelibsiz!
► Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil (YANGILANGAN AUDIO KITOB)
Инжил
- Ибтидо
- Забур
- Сулаймоннинг ҳикматлари
- Матто баён этган Муқаддас Хушхабар
- Марк баён этган Муқаддас Хушхабар
- Луқо баён этган Муқаддас Хушхабар
- Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабар
- Ҳаворийларнинг Фаолияти
- Ёқубнинг мактуби
- Бутруснинг биринчи мактуби
- Бутруснинг иккинчи мактуби
- Юҳаннонинг биринчи мактуби
- Юҳаннонинг иккинчи мактуби
- Юҳаннонинг учинчи мактуби
- Яҳудонинг мактуби
- Римликларга мактуб
- Коринфликларга биринчи мактуб
- Коринфликларга иккинчи мактуб
- Галатияликларга мактуб
- Эфесликларга мактуб
- Филиппиликларга мактуб
- Колосаликларга мактуб
- Салоникаликларга биринчи мактуб
- Салоникаликларга иккинчи мактуб
- Тимўтийга биринчи мактуб
- Тимўтийга иккинчи мактуб
- Титусга мактуб
- Филимўнга мактуб
- Ибронийларга мактуб
- Юҳаннога Кўрсатилган Ваҳий
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
• Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
• Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)
Яхши аудио Китоблар
Kinolar va Multiklar
Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Аудио Кутубхона
Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz