Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) 1 bob

Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (I қисм.1 bob) Kitob O'zbek tilida 

Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (Audiokitob)

 

 

Мундарижа

Сўзбоши

I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди

3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг

II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади

6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси

III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш

IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин

9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.

10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи

V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т

VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради

Якуний мулоҳазалар


1ҚИСМ ИЖОБИЙ ОТА-ОНАЛИК РЕЖАСИГА ТЎҒРИ КЕЛАДИГАН ҚАҲРАМОНЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

Бир қараганда “қаҳрамон” ва “ота-она” сўзларини қўшиш бир мунча ўринсиздек кўриниши мумкин. Ота-оналарга болани тарбиялашга, жазолашга тўғри келади, шу тариқа уларни “қаҳрамон” дейиш кўп тўғри келмайдигандек гўё. Бироқ бу китоб шундай нуқтаи назар асосида қурилганки, унга кўра ота-оналар мантиқан болалари учун қаҳрамон бўлиши лозим ва унда бу мақсадга эришишга ёрдам сифатида муайян режа таклиф этилади.

Дастлабки уч бобда сизларга қуйидагиларни кўрсатамиз:

• “қаҳрамон” сўзининг маъноси машҳурлик тушунчаси доирасидан чиқиб, ўз фарзанди назарида тақлид қилиш учун ўрнак бўлишга интилган ота ёки онага тааллуқли эканлиги;

• нима учун бугунги кунда оилаларда қаҳрамонларга илгари ҳеч қачон бўлмаган даражада эҳтиёж борлиги;

• нима учун миллионлаб оилалар авлоддан авлодга ошиб ўзаро боғлиқ ҳаётда ўз ўрнини йўқотиш (дисфункционал) тузоғидан чиқа олмаётгани;

• болаларингиз учун қаҳрамон бўлишингиз лозимлигининг энг асосий сабаби;

• бахтли, тўғри фаолият олиб борадиган оила қуриш учун ота-оналикка оид ижобий режа;

• нима учун қаҳрамон ҳеч қачон болани алдамаслиги кераклиги.

1 БОБ. МУТТАҲАМНИ АЛДАШ МУМКИН, АҲМОҚНИ ЛАҚИЛЛАТИШ МУМКИН, ЛЕКИН БОЛАНИ АЛДАБ БЎЛМАЙДИ

Ота-оналар билан бола назарида қандай қилиб қаҳрамон бўлиш мавзусида сўз очганимда турлича жавобларни эшитаман. Улардан бири кўпинча шундай бўлади:

– Мен-а? Болам учун қаҳрамонми? Улар кино юлдузлар – Мадоннага, Мел Гибсонга ёки бошқа машҳурларга, спортчиларга қизиқишади. Ўғлимга, мисол учун, қишда Майкл Жордан, ёзда Жоуз Консеко, кузда эса Жо Монтана ёқади. Қандай қилиб улар билан беллаша оламан? 

Жавобим ҳар доим битта. Ота-оналарга ҳеч ким билан беллашиш керак эмас. Уларга машҳурлар қаторидан жой олишга ҳожат йўқ, негаки менинг назаримда ота-она ҳар доим қаҳрамон бўлади. Улар ўзларини муносиб тута бошлаши лозим, холос.

Ушбу китобдан мақсад – ота-оналарга оилада қандай қилиб ҳақиқий қаҳрамон бўлишни кўрсатиш ҳамда оналар ва оталар нима учун, айниқса бугунги кунда, қаҳрамон бўлиши лозимлигини тушунтиришдир.

Оилага даҳшатли босим.

Айни пайтда ота-оналарга осон эмаслигини тушуниш учун кўп доно бўлиш шарт эмас. Биз болаларимизни тарбия қилаётган маданият “оилада дўстона муносабат” шаклланишига кўп хизмат қилмайди. Барча оилалар даҳшатли босим остида яшаб, кўпчилигида кўнгилсизликлар жуда авж олган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 80-йиллар ўртасида туғилган болаларнинг 60 фоизи ё ажралиш, ёки ўлим туфайли ота-онанинг бири билан қолган. Рўйхатга олиш бошқармасининг маълумотларига кўра, ҳозир тўртта оиладан биттасида бола ё отасиз, ёки онасиз ўсмоқда. 1960-йилдан бошлаб ота ёки онасиз оилалар сони 150 фоизга ошган.

Ишлай бошлаган аёллар сони аллақачон 50 фоиздан ортди. "Нейшнл лиг оф ситиз" берган маълумотларга кўра, 1990-йилда АҚШ даги оилаларнинг 64 фоизида хотинлар ишлашади. Бундай оилаларда эса ҳали олти ёшга тўлмаган болалар сони 10,4 % ни ташкил қилади.

Ишлайдиган аёллар мутлақо янги ибораларни ишлата бошлаган, мисол учун “эркатой”, “ташландиқ” мана шулар жумласидан. Лос-Анжелес ва Сан-Диегода ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатиб бердики, ўн бир ёки кўпроқ соат давомида қаровсиз қолдирилган саккизинчи синф ўқувчилари ота-онаси назорати остида бўлган тенгдошларига қараганда, турли иллатлар (ичкиликбозлик, тамаки ёки гиёҳванд чекиш) хавфига икки баробар кўпроқ йўлиқадилар.

Қаровсиз қолдирилган болалар мактабдан кейин кўпроқ нима билан банд бўлишади? Шак-шубҳасиз, телевизор кўришади. Бир тадқиқотга кўра, ўрта мактабни битириш вақтига қадар бола телевизор қаршисида ўн саккиз минг соат ўтказади, мактаб дастурини ўзлаштириш учун эса атиги ўн икки минг соат ажратади. Ўша ўн саккиз минг соат давомида у ўн саккиз мингта қотилликнинг гувоҳи бўлади.

Илк ёшлариданоқ телевизор бола учун нафас олишдек ажралмас қисмга айланади. Коллеж талабаси тўрт йил мобайнида аудиторияда ўтказган вақтдан кўра, мактаб ёшига етган бола телевизор қаршисида кўпроқ вақт ўтказади. Бир тадқиқотга кўра, беш ёшли бола ҳафтада бор йўғи йигирма беш дақиқа вақтни отаси билан бевосита мулоқотда ўтказади. Худди ўша вақт мобайнида бу бола телевизор қаршисида йигирма беш соат ўтиради.

Қандай қилиб одамдан одам ярата олмаслигимиз

Сўнгги бир неча ўн йилликларда оилага босим тобора ошиб бораётганини кўрсатган статистик маълумотларни келтиришим мумкин. 1970 йилларда Оқ Уйда болалар тарбияси масалалари бўйича ташкиллаштирилган конференция “Президентга доклад” номли ҳужжатда ўз хулосаларини расмийлаштирди ва унинг илк саҳифаларидаёқ Америкада оилалар, бундан келиб чиқадики, болалар ҳам чуқур инқирозни бошдан кечираётгани ва бу масала бутун миллат келажагини хавф остига солаётгани эътироф этилди. Докладда шу қаторда ҳаммамиз, миллат сифатида ота-оналар томонидан “болаларга умумий эътиборсизликда” қатнашаётганимиз ва бу ҳолат одамнинг одам бўлиши жараёнини тўхтатиб қўяётгани баён этилди. Агар буни тўхтатмасак, “...натижа битта бўлади: ёшлар ва ўсмирлар ўртасида барча соҳаларда бегоналашиш, лоқайдлик, гиёҳванд истеъмол қилиниши, жиноят ва зўравонликлар тобора жадал ўсиши. Биз болалар рад этиладиган, ёшлар эса жамиятга қўрқув соладиган давр остонасида турибмиз. Одамларнинг юзини яна болаларга қаратиш, болаларнинг юзини халқ ҳаётига қаратиш учун ҳаётий қадриятларимизни ўзгартиришимиз лозим”.

Болалар тарбиясидаги муаммоларга бағишланган Оқ уй конференцияси ўз материалларини матбуотда эълон қилганига мана йигирма йилдан ошди. Бироқ оилалар учун бирон бир соҳада ижобий ўзгариш кузатилдими? Кўриб турганимиздек, “Президентга доклад”да баён этилган башоратлар ҳақиқат бўлиб чиқмоқда. 80-йилларнинг ўртасида мен таниқли масиҳий руҳшунос, доктор Генри Брандтом билан суҳбат олиб бордим. У менга хизмат учун номзодларни танлаб оладиган Хушхабар элчилари ташкилотларидаги иши ҳақида гапириб  берди. “Ўн йил аввал, – деди у, – уч номзоддан бири хизматга муносиб деб топиларди. Айни кунда бу кўрсатгич ўнтадан биттага тўғри келмоқда”.

Хушхабар ёйиш хизматига лойиқ бўлганлар сони бу қадар кескин камайиб кетишининг сабаблари ҳақида саволимга у кўп ҳолатларда номзодлар ўзларининг “оилада носоғлом муҳит туфайли келиб чиққан ички ҳиссий беқарорлиги” боис рад жавобини олаётганларини эътироф этди.

Биргаликда боғланиб қолиш ёки

“Ҳамтобелик” ҳаётимиз қисмига қандай айлангани ҳақида

Кўп номзодларнинг Хушхабар ёйиш фаолияти учун номуносиб деб топилишига Генри Брант томонидан берилган изоҳ жамоатларда кўпинча эшитиладиган сўзларни хаёлимга  келтиради: дисфункционал оила (оила аъзоларининг ўз ўрнини йўқотиши), ҳамтобелик, мослашувчанлик, “заҳрини сочадиган” ота-оналар.  

“Минирт Мейер” клиникаси асосчилари доктор Фрэнк Минирт ва доктор Пол Мейернинг сўзларига кўра,  “ҳамтобелик” атамаси бир неча ўн йиллар аввал, майхўрларга ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш ҳаракатлари амалга оширила бошлаганда пайдо бўлган. Майхўр спиртли ичимликка тобе бўлади, унинг оиласи ҳам ўз навбатида бунга тобе бўлади. Майхўрнинг оила аъзолари ичмасликлари мумкин, лекин бошқа томондан унга тобе бўладилар.

Аноним майхўрлар жамияти кўпчиликка таниш бўлган “Ўн икки қадамни” ишга солиб, ичкиликка қарши курашда катта муваффақиятларга эришди, бироқ жуда қисқа вақтда аниқ бўлдики, кўп ҳолатларда майхўр ичишни ташлагандан кейин, бир неча ой ўтиб, оиласи бузилган. Оиласи майхўрга мослашиб кетган ва кўпинча қандайдир йўллар билан ҳатто майхўрликни рағбатлантирган ҳам, гарчи уни тўхтатишга виждонан ҳаракат қилаяпман, деб ўйлаган бўлсада. Масалага келсак: майхўрлар спиртли ичимликка тобе бўлишади, оилалари ҳам улар билан бирга тобе бўладилар.

Табиийки, ҳамтобелик ҳолатини спиртли ичимлик ёки гиёҳванд келтириб чиқади, бироқ ҳаддан ошиқ берилсангиз, бошқа нарсалар ҳам бунга олиб келиши мумкин (исталган нарса ёки ҳаддан ортиқ ҳолатда олиб келадиган ҳаракатлар). Минирт ва Мейернинг сўзларига кўра, ҳамтобелик одамлар ўртасидаги муносабатларда ёки қандайдир нарсаларга нисбатан, одам ташқи таъсир ёрдамида бошқа одамларни ёки ҳодисаларни ўзининг ички ҳисларига бўйсундиришга ҳаракат қилганда юзага келиши мумкин.

Бу маънода “ҳамтобелик” “ўзганинг тобелигига шерик бўлишни” англатади. Кўп ҳолатларда ота-она билан бўлган муносабат натижаси ёки болаликдан қолган катта бўшлиқ одамни ҳаётда ҳамтобеликка олиб келади. 

Қанча одам ҳамтобеликда кун кечирмоқда? Статистика маълумотларига кўра, ўн беш миллион америкалик спиртли ичимликка ёки гиёҳвандликка тобе бўлиб келмоқда ва уларнинг ҳар бири ўз атрофидаги одамларнинг камида тўрттасига, яъни турмуш ўртоғи, фарзандлари, ҳамкасбларига жиддий таъсир ўтказиб келяпти. Бу эса олтмиш миллион одам спиртли ичимлик ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган бошқа ўн беш миллион одам туфайли азият чекяпти, деганидир.

Спиртли ичимлик ва гиёҳвандликдан ташқари миллионлаб бошқа америкаликлар ишга берилиш, бирон нарсага ҳаддан ортиқ қизиқиш, жинсий суиистеъмоллик, егуликда баднафслик, пулни ҳуда-беҳуда сарфлашга мойиллик ёки ҳаддан зиёд қаттиққўллик, ё бўлмаса ҳаётга формал ёндашиш ҳамтобелигига мубтало бўлишган. Минирт ва Мейер шундай дейишади: “Икки авлодда юз миллионга яқин америкалик ҳамтобелик муаммосидан азият чекаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, буни умумий эпидемия дейиш мумкин. Ҳаётда бахтсизлик, умидсизлик ва бўшлиқнинг қандай суръатда кенгайиб бораётганини ақлга сиғдириб бўлмайди”.

Ёшлар ва ота-оналар билан ишлаганим боис Минирт ва Мейернинг ҳақ эканликларидан мутлақо шубҳам йўқ. Миллионлаб одамлар ҳамтобеликка дучор бўлган. Кўп одамлар гиёҳвандлик ва ичкилик тузоғига илинган, бошқаларни эса болаликдаги товушлар таъқиб қилади: “Саботли бўл! Ҳеч нарсани уддалай олмаяпсан!”

Бошқалар ўзларини кераксиздек ҳис этишади, бундан озод бўлолмай қийналади, негаки ота-оналари уларга вақт ажратмаган. Кўп одамларнинг юрагида ҳали-ҳамон: “Айтганимни қилсанггина, сени яхши кўраман” деган товуш акс садо бериб туради.

Минирт ва Мейернинг фикрига кўра, ҳамтобелик битта авлод билан чегараланиб қолмайди – бир авлоднинг муаммолари бошқасига ўтади, тўхтатилмаса агар, бу жараён давом этаверади. Мусо гуноҳ оқибатидан фарзандлар, набиралар ва чеваралар ҳам қочиб қутулмайди, деб шуни назарда тутган (Чиқиш 34: 7; Қонунлар 5: 8-10; 6: 1-2).

Бу ерда Дорати Нолт ёзган машҳур сатрларни келтириш мақсадга мувофиқдир. Улар болалар ҳаётда нимани ўрганишини кўрсатади:

Бола танқид остида яшаса, бошқалардан камчилик излашни, ўзгани қоралашни ўрганади.

Бола адоват ва ғазаб муҳитида яшаса, ўзи дарғазаб бўлади, уришқоқликни ўрганади.

Масхара қилувчилар кўп бўлса, бола журъатсиз ва ҳаддан ортиқ тортинчоқ бўлиб ўсади. 

Бола уят ва хижолат ҳис қилиб ўсса агар, унда ўз қадрини билиш ҳисси ўрнини айбдорлик ҳисси эгаллайди.

Меҳрибон оилани қўмсаб ўсдим

“Дисфункционал оила” каби атамалар пайдо бўлганига кўп вақт ўтгани йўқ, лекин бундай “дисфункция” қанча оғриқ олиб келиши мумкинлигини яхши биламан. Ичкиликка муккасидан кетган отам “қаҳрамон” деган номдан мутлақо йироқ эди. Онам қўлидан келганча акамга, опамга ва менга меҳр кўрсатарди, бироқ ота-онам ҳақиқий никоҳ нима эканини билмай ўтишди. Улар ҳатто мулоқот ҳам қилишмасди. Буни ҳеч ҳам тўлақонли ҳаёт деб бўлмасди. Отам онамни қучоқлаганини биронр марта ҳам кўрмаганман. Отам мени ўзи билан бирор жойга олиб боргани, мен билан бирга вақт ўтказганини эслолмайман.

Мичиган штатида, кичик шаҳар яқинида, олти ярим минг квадрат метр ҳудудни эгаллаган, сут ишлаб чиқарувчи фермада катта бўлдим. У ерда ҳамма бир-бирини билар ва табиийки, отамнинг майхўрлиги ҳам барчага маълум эди. Тенгдош дўстларим унинг устидан кулишарди, мен ҳам алам ва оғриқни босиш учун уларга қўшилиб кулардим.

Гоҳида оғилхонага кирганимда онамнинг сигирлар ўртасида, мадори қолмаган даражада калтакланган ҳолда, гўнг устида туролмай ётганини кўрардим. Бундай бешафқатлиги учун отамдан нафратланиб кетардим, уни ерга уриш, жазосини тортиши учун қўлимдан келганини қилардим. Дўстларим келадиган пайтларда отам ичиб, маст бўлиб, онамни калтаклашни пўписа қилган ёки мастликдан ҳеч нарса билмай ётиб қолганларида, уни оғилхонага судраб, устунга боғлаб қўярдим ва токи ўзига келмагунича ўша ерда қолдирардим. Улғайиб, кучим кўпайган сари, бундай ҳолатлар кўп-кўп такрорланадиган бўлди.  Гоҳида, жаҳлим қўзиган пайтларда отамнинг оёғини боғлаб, арқон ҳалқасини бўйнидан ўтказиб қўярдим. Юрагим тубида отам арқондан озод бўлишга ҳаракат қилиб, ўзини бўғиб қўяди деган умид ётарди.

Эсимда, бир куни отамни маст ҳолда топиб, ўзимни шу даражада йўқотдимки, уни ҳушига келтириш учун сувга ташладим ва курашаётиб, бошини сув остида маҳкам ушлаб турганимни пайқаб қолдим. Агар мени тўхтатмаганларида (ким тўхтатганини ҳалигача билмайман) отамни чўктириб юборган бўлардим.

Меҳр кўрсатиш, меҳр кўриш нима эканини билмай ўсдим. Мактабда, сўнг эса коллежда ўқир эканман, ҳақиқий севги ҳукмрон бўлган оилани қўмсардим. Бу китобни ёзиш нияти кўп йиллар аввал, унинг мазмуну-асослари икки инсон оиласида мужассам бўлганини кўрганимда пайдо бўлди. Бу одамлар ҳаётим қаҳрамонларига айланишди: Дик Дей, энг яқин дўстим, у ўғлим Син билан бирга ушбу китобни ёзишда менга ҳаммуаллифлик қилган ва Дотти Макдауэлл – эркак орзу қилиши мумкин бўлган энг яхши аёл, тўртта боласи учун энг яхши она.

Мен Дикнинг оила аъзосига айландим

Дикни семинарияда учратганман. У ерда 60-йиллар таҳсил олган эдик. Дик ҳаммамиздан ёши катта, уйланган одам эди. Унинг тўрт нафар боласи бор эди. У ҳам худди мен сингари, майхўрнинг дисфункционал оиласидан чиққанди. У ўттиз ёшга тўлиш арафасида, ўзининг хизматга чақирилганини ҳис этиб, Масиҳга келган. Биз семинар машғулотлари журналини бирга тўлдираётиб танишдик ва бу ишни жуда тез бажардик.

Тез орада мен Дик Дей оиласи аъзосига айландим ва кўпинча, кейинга қолдириб бўлмайдиган нарсалар ҳақида гаплашиб олиш зарурати туғилган пайтларда, мен эрталабки соат олти яримда ҳам, кечги ўн бирда ҳам уникига борадиган бўлдим. Дик ҳар доим менинг болаликда кўрмаганларимни, яъни сабр, илтифот ва меҳрни менга кўрсатар эди.

Ўша куниёқ Дик ва Шарлоттанинг бир-бири ва болалари билан бўлган муносабати мени лол қолдирди. Улар ўз фарзандларини юрагига яқин олишар, қадрлаб, мунтазам далда беришар, қанчайин қадр-қимматли эканликларини тушунишлари, уларга ўз қадрини ҳис этишларига ёрдам беришарди. Болаларини яхши кўришар, меҳр-муҳаббатини юмшоқ сўзлар ва муносабат билан билдиришарди – шунча ўпичлар!

Мени Оила куни бағрига босишарди, шунга ўрганганман. Улар эса буни ҳар доим қилишар, ҳар доим болалари учун вақт топишарди. Бу мени лол қолдирди, ахир отам мен билан ҳеч қачон ёлғиз вақт ўтказмаган.

Яна шуни кўрдимки, улар болаларига уйда қилган барча ишлари учун раҳмат айтишарди. Уйдан ахлат олиб чиқишадими, хоналарни тозалашадими, муҳим эмас, болаларга ҳар доим қилган ишлари учун миннатдорлик билдиришарди. Болалигимга қайтар эканман, отамнинг менга ҳам ишлашни ўргатганлари кўз ўнгимдан ўтади. Мен унга ёрдам берар эдим, бироқ эвазига нима олганман? Бирор марта “раҳмат” сўзини эшитмаганман.  

Дейнинг оиласига боғланиб қолдим, ундан қониқиш билмай ором оладиган бўлдим – ахир ўз оиламда деярли меҳр кўрмай ўсганман. Маълум бир маънода Дикнинг оиласи менда ҳеч қачон бўлмаган оилага айланди.

Доттининг ота-онаси унинг учун ҳақиқий қаҳрамонлар бўлган.

Кейинчалик, Дик билан "Кэмпус Крусейд фор Крайст"да  ишлай бошлаганимизда йўлларимиз қисқа муддатга айрилди. Мен талабалар шаҳарчаларида чиқишлар қила бошладим ва у ерда Доттини учратдим. У билан учраша бошлаганимизда унинг ўз оиласини мунтазам тилга олиши, онаси ва отаси, акаси билан синглиси унинг учун қанчалар аҳамиятли бўлгани мени қизиқтириб қўйди. Бир неча ой ўтиб, Мавлуд байрами арафасида менга Доттининг оиласи билан учрашиш насиб қилди ва мен яна Дик ва Шарлотта Дейларда кўрганларимга қайтадан рўбарў келдим.

Дотти уни ҳар томонлама яхши кўрган ота-она қўлида ўсган. Онаси болалар дунёсига кира оладиган, атрофга бола назари билан қараб, болалар ҳаёти билан яшайдиган, уларнинг қарашларини тушунадиган аёл эди.

Бироқ мени ғоятда лол қолдирган нарса, бу Доттининг отасини жуда мақташи эди. У оддий одамдек кўринар, ташқаридан қарасангиз кўримсиз, бир мунча эскиликка берилгандек тасаввур уйғотарди, бироқ Дотти учун у шак-шубҳасиз қаҳрамон эди.

Дотти ва унинг оиласи билан ўтказилган ўша биринчи Мавлуд байрамида қайси жиҳат менга Дотти ва унинг отасини яхшироқ билиб олишимга имкон берганини айтиш қийин. Энг бошданоқ, мен бу кишидан унинг назарида оиласини суйган эр ва ота қандай бўлиши кераклигини эшитдим. Энг аввало одамни шартсиз севиш, шартсиз қабул қилиш назарда тутиларди. У ҳар доим болаларига далда берар, уларни мақтар, ғамхўрлик кўрсатар эди.

Худди Дик, Шарлотта ва уларнинг болаларида бўлгани каби, Дотти ҳам ота-онаси, акаси ва синглиси билан бирга кўп вақт ўтказишарди. Ўз-ўзи билан овора бўлиш, умидсизларча маълум бир фаолияти билан боғлиқ йўлни топишга ҳаракат қилиш уларга мутлақо ёт эди. Бирга вақт ўтказиш улар учун ёқимли дамлар бўлиб, бунинг учун алоҳида вақт ажратишларига тўғри келмасди. Улар шунчаки бирга вақт ўтказишарди, негаки буни ўзлари истардилар.  

Бу қандай ном: қаҳрамон?

Бир неча йил аввал радиодастур бошловчиси чамаси икки юзта ўсмирдан овоз беришларини сўради. Қаҳрамонлар рўйхатининг энг юқори поғоналарини Принц, Мадонна ва Майкл Жексонлар эгаллашди. Ўсмирлардан биронтаси ҳам отаси ёки онасини кўрсатмади. Бу ота ва оналар билан муомала йўқолганини англатадими? Менимча, йўқ. Бу шунчаки, чамаси икки юзта ўсмир яхши кўрган қўшиқчиларини “қаҳрамон” ҳисоблашишини англатади. Бироқ ҳақиқий қаҳрамонлар телевизор ёки кинотеатр экранларида пайдо бўлмайди, уларни бир туннинг ўзида рок-концерт ёки спорт байрамида учрата олмайсиз.  Ҳақиқий қаҳрамонлар сиз билан узоқ вақт бўлишади, ўша вақт давомида сиз уларнинг кучини ҳам, ожиз томонларини ҳам кўрасиз.

Бир-биридан фарқ қилган аксарият тасаввурлар билан солиштирилганда, Дик ва Доттининг оиласи бошқаларга қараганда ҳақиқий қаҳрамон қандай бўлиши, ўзини қандай тутиши ҳақида тушунчага яқинроқ келишди. Иккаласи ҳам менга ҳар доим ҳақиқий қаҳрамон бўлиш нима эканини кўрсатиб келишади. Бу газета ва телевидениеда реклама қилинадиган аллақандай бир сунъий, мавҳум тушунча эмас, балки мустаҳкам ва пухта пойдевор бўлиб, эр ва ота, хотин ва она унга асосланиб ҳаракат қилса бўлади.

“Қаҳрамон” сўзига қандай изоҳ берган бўлардингиз? Луғатларга қарасангиз, бирида “қаҳрамон ўз жасорати, улуғ мақсадлари сари интилиши билан ажралиб туради, таваккал иш тутади ёки ҳаётини фидо қила олади” дейилганини кўрасиз. Бошқа бир изоҳга кўра қаҳрамон – бу “маълум бир ҳодиса, соҳа ёки ишда катта ютуқларга эришган, ё бўлмаса алоҳида ҳисса қўшган машҳур шахс”.

Иккинчи изоҳ бугунги кунда кенг ёйилган ҳолат, яъни “юлдузларга” ёппасига ишқивозлик қилишга жуда яқин бўлиб, у нимага кўп ота-оналар ўз болалари учун қаҳрамон бўла олмаслигидан ҳайиқишларини кўрсатади – уларда “таъсир ўтказиш” кучи етарли эмас. Назаримда, луғатдаги изоҳлар спортчиларга мос келади, бироқ қаҳрамон нима эканлиги борасида тўғри тасаввур бермайди.

Менинг қаҳрамоним бўлиш учун одам мен ўзим орзу қилгандек бўлиши лозим. Қаҳрамонга тақлид қилишга, худди у сингари иш тутиб, у сингари яшашга интилмас экансиз, бундай одам ҳақиқий қаҳрамон бўла олмайди.

Қаҳрамонларда кўп ўхшаш жиҳатлар мавжуд

Ҳақиқий қаҳрамонлар маълум бир асосий сифатлари билан ажралиб туради. Улар ўз эътиқодига эга бўлиб, оқибат қандай бўлиши мумкинлигидан қатъий назар, ўша эътиқодида мустаҳкам туришади. Улар эътиқодини ҳимоя қилиш учун ўз вақтидан кечишга тайёр бўладилар. Қаҳрамонлар сўз билан чегараланмайдилар, улар ўзларининг қандай одам эканини тутган ишлари орқали кўрсатишади.

Қаҳрамонлар ҳеч қачон ўзларини бошқаларга ёрдам бериб обрўсини йўқотадиган даражада муҳим шахс деб билишмайди. Ҳеч қачон ўзларини билим олишга эҳтиёжи йўқ даражада билимли, деб ҳисобламайди. Қаҳрамонлар ҳеч қачон куч ва эзгуликнинг ўринларини чалкаштирмайдилар – вазиятга қараб, ё униси, ёки бунисини ишга соладилар. Қаҳрамонлар доимо ўз инъомларини бошқалар билан баҳам кўришади, ҳамиша маълум бир қоидаларга амал қилишади. Қаҳрамонлар ҳеч қачон омадсизлик нима эканини унутадиган даражада муваффақиятга одатланмайди. 11

Афсуски, ҳозирги қаҳрамонларнинг жуда кўпчилигига ҳамдардлик, ахлоқ борасида қатъийлик, оилавий қадриятларни тушуниш ва юқорида кўрсатилган кўпгина сифат ва фазилатлар етишмайди. Улар ўз ишини яхши бажаришлари, вақтинча машҳурликка эришишлари, кўп пул топишлари мумкин, бироқ эътибор қаратсангиз, барибир уларнинг ҳаёти тақлид қилишга лойиқ эмаслигига амин бўласиз.

“Қаҳрамон” сўзининг янги изоҳи

Истагимиз шуки, ота-оналар бу китобдан бола учун қаҳрамон бўлиш – бу муболағасиз, муғомбирлик ёки сохталикдан ҳоли равишда улар билан воқеликни баҳам кўриш эканини тушунишсин. “Қаҳрамон” сўзига навбатдаги, янгича изоҳ бермоқчимиз:

Қаҳрамон: ижобий андаза сифатида тақлид қилишга муносиб даражада ҳамдардлик, феъл-атвор, изчиллик ва ҳалоллик кўрсата оладиган ота ёки онадир.

Исо яхши ёки ёмон ахлоқ андазаи ҳақида кўп нарса ўргатадиган масал келтириб, шундай деган: “Кўр одам кўрни етаклаб юра оладими?! Иккаласи ҳам чуқурга қулаб тушади–ку! Шогирд устозидан устун бўлмас. Аммо мукаммал билим эгаллаган шогирд устозидай бўлар” (Луқо 6:39-40).

Исонинг сўзлари бола назарида қаҳрамон бўлиш учун жон куйдиришга ғайратлантирувчи ҳақиқий омилни кўрсатиб беради. У ўзини муҳим, ҳурматга эга ёки севикли ҳис қилишдан, илиқ туйғулар, таҳсин, супер ота ёки супер она бўлганликдан ичингизни тўлдирадиган ёқимли туйғуларни ҳис этишдан иборат эмас. Буларнинг ҳаммаси қаҳрамон ролининг қувончли томонлари бўлсада, аммо асосийси эмас.

Агар болани мушкул, адоватга тўла, носоғлом дунёда тўлақонли ҳаёт кечиришга тайёрламоқчи бўлсангиз, унинг назарида қаҳрамон бўлмоғингиз лозим.

Болангиз гиёҳвандликка, никоҳдан олдинги жинсий яқинликка ва телевидение ёки тенгдошлари орқали келадиган бошқа васвасаларга “йўқ” дея олишини истайсизми? Бу ҳолда илк болалигиданоқ унинг учун қаҳрамон бўлишга ҳаракат қилишни бошланг (ёки ҳозирдан, ёши нечада бўлишидан қатъий назар). Бола учун қанчалик улуғ қаҳрамон бўлсангиз, сизга шунча кўп қулоқ солади ва сизнинг қадриятларингиз бўйича яшайди.

Болаларингиз қандай бўлади?

Бир дақиқа ўйлаб кўринг. Бола учун қаҳрамон бўлишингиз кераклигига яна бир сабаб шуки, у худди сиздек бўлади. Ўйлаб кўринг, ота-она ва фарзанд ўртасида шундай боғлиқлик борки, у бошқа ҳеч қаерда учрамайди. Луқо 6:40 ни шундай сўзлар билан ифода этиш мумкин: “Бола ота-онасидан устун бўлмас, аммо ҳар қандай бола тарбия олгач, ота-онасидай бўлади”.

Фарзандларимизда нима кўришни истаймиз? Ўзимизда нима бўлса, уларда шуни кўрамиз, бу Худо ҳақида тасаввурга ҳам тааллуқлидир. Роберт Макжи, Жим Крэддок ва Пэт Спингл ўзларининг “Ота-она фактори” номли ажойиб китобида шундай ёзишади:

"Одамнинг Худо ҳақида, ўзи ва ўз атрофидагилари ҳақида тасаввури ота-онаси билан муносабатларига боғлиқ. Агар одам ўз ота-онасидан меҳр ва ғамхўрлик кўрган (ва кўриб келаётган) бўлса, бу ҳолда у Худони ҳам меҳр-илтифотли ва қодир деб билади. Бундай одам босиқ, ўзига ишонган бўлиб, ўз атрофидагилари билан осон тил топишади. Агар ота-онаси қўпол муомала қилган, ҳаддан зиёд талабчан бўлса, одам Худони ҳам шунақа тасаввур қилиши, Уни ҳеч қачон мамнун қила олмайман, деган хаёл билан яшаши мумкин... Ота-она меҳрли ёки беэътибор, юмшоқ ёки қўрс, ғамхўр ёки бефарқ бўлишидан қатъий назар, одамнинг ўз атрофидагилари билан муносабати, Худо ҳақида, ўзи ҳақида тасаввурлари шаклланишида барибир энг катта роль айнан ота-онага тегишлидир. Натижа ажойиб бўлиши ҳам, фожиали бўлиши ҳам мумкин”. 12

Бу фикрга тўлиқ қўшиламиз. Боланинг сиз – ота-она билан муносабати бўлғуси ҳаёти қай даражада сифатли кечишини белгилаб беради. Агар ўз фарзандингиз учун қаҳрамон бўлсангиз, Худо унинг учун суперқаҳрамон бўлади. Болангиз Ундан қўрққани, айбдорлигини ҳис қилгани учун эмас, Уни севгани боис, шукрона ҳисси билан хизмат қилади.

Агар болаларингиз кичкина бўлса, эсда тутинг – сиз улар учун худди “Худодексиз”. Улар сиз айтган ҳамма нарсага ишонади. Ой пишлоқдан тайёрланган десангиз ҳам улар буни ҳақиқат деб билишади. Улар бошқача инсонлиги, қандай кўриниши ёки нима қилишлари учун эмас, қандай бўлишса шундайича яхши кўришингизни сўз ва ҳаракатингиз билан кўрсатсангиз агар, катта бўлганларида муваффақиятга эришиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслик васвасасига қарши тура оладилар, шахсий муваффақият, ҳурмат, чирой ва бойлик ҳақиқий бахтни бера олмаслигини тушунадилар.

Эсда тутинг, ушбу ёш, соддадил авлод тез орада шайтоннинг энг машъум ёлғонига дуч келади, унга кўра – аҳамиятингиз фақат жамиятдаги ўрнингиз, қай даражада муваффақиятли бўлганингиз билангина баҳоланади. Бироқ агар ўз муносабатингизни тушунарли қилиб етказсангиз, улар бу ёлғонни эшитганларида, вужудининг энг тубидан севги ва меҳрли муносабат ҳақида хотиралар сузиб чиқади, бу хотиралар уларга шайтоннинг ёлғонига “йўқ” дейиш, Масиҳнинг севгисига “ҳа” дейиш учун куч, мадад бўлади.

Болалари катта бўлиб қолган ота-оналарга эса шуни айта оламан – бошлашга ҳеч қачон кеч эмас.

Ушбу китобдан мақсад: ҳақиқий қаҳрамон – бу кундалик ҳаётда Исо ўргатган тамойиллар бўйича яшайдиган ота ва она эканини кўрсатишдир. Оддий эшитилади, шундай эмасми? Лекин ҳар қандай ота, она биладики, буни амалда бажариш бу қадар осон эмас, чунки ҳамма нарсани назорат қила олмаймиз (ота ва она нима яхшироқ эканини билишади). Аксинча, кунларимиз кўпинча тартибсиз ишларга тўлиб тошади ва биз уларнинг таъсири остида ҳар доим ғолиб бўлишимизга ишонмай, ҳимояланиб қолаверамиз.

Олти банддан иборат режа

Дик ва мен бунинг қандай кечинмалар эканини биламиз, шу тариқа сизларга ёрдам сифатида режа таклиф этмоқчимиз. Биз уни “Ота-оналикда олти банддан иборат ижобий режа” деб номладик. Олтита асосий қоида қабул қилиш, эътироф қилишни, севишни, кўнгил яқинлигини, масъулият ва ҳурматни ўз ичига олади.

2-бобда ушбу режа ўрганилади, китобнинг қолган бобларида эса олтита банднинг ҳар бири анча батафсил кўрсатилади. Бундан мақсад – тингловчига Муқаддас Китобга асосланган кўникма ва педагогик билимларни ҳамда ушбу тамойилларни оилада қўллаш учун амалий таклифларни бериш. 

Олти банддан иборат режа босқичма-босқич қўлланма бўлиб, бола учун қаҳрамон бўлишингизга ёрдам беради. Албатта, болаларни қўшиқчилар, киноқаҳрамонлар ва бошқа машҳур инсонлар ўзига жалб қилиши табиий. Бироқ йилига икки юз қирқ бир километр йўл босиб, мактаб ва коллеж ўқувчилари билан гаплашиб, шуни кўраманки, улар энг аввало ишончли бошқарув, қатъий феъл-атвор кўрсатилиши, ҳалоллик ва энг муҳими севгига эҳтиёж сезишади.

Буларни уларга фақат ота-онаси бера олади, асло Мадонна ёки саҳнага эндигина чиққан бошқа йигитлар эмас. 

Болалар ҳақиқий қизиқиш ва юзаки ғамхўрликнинг фарқини яхши билишади. Улар атрофдагилар учун қанчалик аҳамиятли эканини юракдан ҳис этишади.

Улар ҳақиқий севги, эътибор кўрсатилгани, аҳамиятли эканликларини билишади. Ўзини ҳурмат қилиш ҳисси сингдирилаяптими ёки ҳеч кимга кераксизлиги уқтирилаяптими, атрофдагилар учун аҳамиятлими, йўқми тушунишади. Улар қачон чин дилдан, қачон мажбуран, юзаки меҳр кўрсатилганини пайқаб оладилар.

Шу вақтнинг ўзида улар “ўтказилган вақтнинг сифати” ва “давомийлиги” ўртасидаги фарқни яхши билишмайди, бу улар учун бир хилдек туюлади. Шунинг учун ота-онанинг фарзандларига нисбатан бефарқлигини улар равшангина кўра олишади.

Ҳеч қачон болани алдашга ҳаракат қилманг

Ушбу бобнинг бошида келтирилган сўзларни қаердан олганимни эслолмасамда, улар оиламни бошқаришда асосий тамойилга айланган ва мен қаерга бормайин, бу сўзларни такрорлайман:

Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди.

Китобда бу сўзларни ҳали учратасиз. Агар ушбу саҳифалардан бошқа ҳеч нарса олмасангиз, бу ҳолда болани алдаш, ҳаддан зиёд ғамхўрлик қилиш ёки менсимаслик мумкин эмаслигини тушуниб олишингизни Худодан сўрайман. Бироқ сўзларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳаракат, амал талаб этилади.

Қаҳрамон бўлиш учун ота-оналардан мукаммал бўлиш талаб этилмайди. Бироқ улардан камтарлик талаб этилади; камтарлик ва ўрганишга тайёр бўлиш. Ота-она фарзандини қабул қилса, эътироф қилса, яхши кўрса, унга кўнгли яқин бўлса, масъулият кўрсатишса, меҳр билан обрў қозонишса ажойиб нарсалар рўй беради.

Болага сабр-бардошлик ва адолат билан муносабат қилинса, У сабр-бардошли, бошқаларга нисбатан адолатли бўлишни ўрганади.

Болага ўзига ишониш ўргатилса, У босиқ, собитқадам бўлишни ўрганади.

Болага мақтов ва таҳсин айтилса, У яхши баҳога ўрганади.

Бола ҳаққонийлик муҳитида яшаса, адолат нима эканини билади.

Бола бехатар яшаса, ишонишни ўрганади.

Боланинг ишларини мақтасангиз, У ўзини қадрлашни ўрганади.

Бола уни шартсиз қабул қилганларини ҳис қилса, дунёда Худонинг севгисини излашни ўрганади. 13

“Ота-оналикда ижобий режа” буларнинг ҳаммасини ва ҳатто кўпроғини ҳам имконли қилишга ёрдам беради. Режа – бу аллақандай бир сеҳрли формула эмаски, сизга муваффақиятни таъминлаб берса. Бироқ у турли оқимларда, тўлқинли ва сокин сувларда сузишингиз учун қўлингизга тутилган компас кабидир. Энди эса, келинг бу режани яқиндан ўрганайлик.

 


Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл) 

Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак