Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) 8 bob

Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (8-bob) Kitob O'zbek tilida 

Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (Audiokitob)

 

 

Мундарижа

Сўзбоши

I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди

3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг

II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади

6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси

III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш

IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин

9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.

10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи

V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т

VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради

Якуний мулоҳазалар


8 БОБ. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ПЕРФЕКЦИОНИСТ ЯРАТИБ ҚЎЙМАСЛИК (ДИК ДЕЙ)

7-бобда Жош хавф борлигини айтади. У шундан иборатки, сиз  болани ўз ҳаётини муваффақиятга интилиш асосида қуришга мажбур қилишингиз мумкин. Бу фикрга давом сифатида ўзим кўп йиллар тўқнаш келган битта муаммода алоҳида тўхталиб ўтишни истардим. Бу ўзига хос муаммо – перфекционизм ёки “мукаммал бўлиш учун мукаммаликка интилиш” деб аталади. Ҳурмат қозониш учун ўзларини яхши кўрсатиши шарт деб ўйлаган болаларга ва катталарга маслаҳат берганимда бу муаммога кўп дуч келганман.

Келинг, бир аёл мисолида перфекционизм билан боғлиқ оддий ҳолатни кўриб чиқайлик. Мен бу аёлни Барбара деб атайман. У олдимга маслаҳат олиш учун келди, чунки шифокори унда ҳеч қандай ташқи касаллик топа олмаганди, гарчи Барбара доимо руҳий сиқилиш ва чарчоқ ҳис қилиб келган бўлсада. У менга кундалик тартиби ҳақида айтиб берди ва мен нима учун у билан бундай бўлаётганини тушундим.

Барбара мода дўконида ярим кун ишларди – пулга муҳтож бўлгани учун эмас, бу иш унга ёққани боис. У “Ота-она – устозлар” ташкилотида бош ролни ўйнар, жамоат қошидаги мактаб ходимларининг фаол аъзоси ҳисобланар, ўша мактабнинг тайёрлов бўлимида 7 йилдан бери дарс ҳам берарди. Шунингдек, жамоат хорида қўшиқ айтар, ҳар йил Инжил мактабининг ёзги лагерига кўнгилли-тарбиячи бўлиб борарди.

Гаплашиш чоғида мен унинг ёлғиз ўғли билан жуда фахрланишини билиб олдим. Қизи аъло баҳоларга ўқир, мактаб воллейбол жамоасининг илғор ўйинчиси “уйида ҳеч қачон муаммо туғдирмаган” экан. Чиндан ҳам, Женифер Барбарага овқат тайёрлашга ёрдам берар ва уйда кўп ишларни қиларди.

 – Женифер бўлмаганда агар, билмайман, нима қилар эдим, – деди Барбара чуқур нафас олиб, – у ажойиб фарзанд. Жим ҳам, мен ҳам ундан жуда фахрланамиз.

 – Женифер ҳақида кўпроқ айтиб берсангиз, – дедим мен.

Барбара менга 15 дақиқа Женифер ҳақида ёрқин манзараларда кўп нарсаларни айтди. Қизи битирув куни синфдан сўзга чиқадиган вакил бўлишга номзод ҳисобланар ва унинг кейинги йил ҳам худди шундай номзод бўлиш режаси бор экан.

 – Лекин қизим китобга шўнғиб кетадиганлардан эмас, – деди  Барбара, – у спортни яхши кўради ва чинкамига рақобатбардош қиз. Волейбол мураббийи эса унинг университет жамоасида ҳам ўйнашига ишонтиряпти. Ўзини яхшироқ бошқаришни ўрганса бўлди. Унга фақат шу керак. Тўпни ўтказиб юборишни ёмон кўради, жамоасининг ютқазишини кўтаролмайди.

 – Сизнингча, унда беллашувга бўлган бундай иштиёқ қаердан пайдо бўлган? – сўрадим мен.

 – Нима десам экан, мен ҳам, Жим ҳам, ҳар доим бор кучимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз, – деди Барбара. Сўнг қўшимча қилди:

 – Ўзим ҳам жуда кучли ўйнардим. Жим ҳатто мен билан “Сўз ўйинини” ўйнашга қўрқишини айтади, чунки унга ҳеч қанча имкон қолдирмайман.

 – Женифернинг қизиққонлиги ҳақида айтдингиз. Бундай ҳолатлар кўп учрайдими?

Барбаранинг юзи бироз ўзгарди:

 – Нима десам экан, ростини айтганда, Жениферда кичик муаммо бор. Мен уни бироз тўхташга мажбурламоқчи бўламан, лекин у кучи борича ҳаракат қилишда давом этади. Дарслари ва спорт тўгарагидан ташқари у уч ёки тўртта клубнинг аъзоси ва улардан бирига раҳбарлик ҳам қилади. Энди эса у уст-бошига пул топиш учун болага қарашга кўпроқ вақт ажратиш ҳақида ўйлаяпти. Гоҳида мен билан бироз қўпол муносабат қилади, – қандай босим остида яшаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқлигига амин бўламиз.

Барбара билан бўлган суҳбатим ҳақида айтишни яна давом эттиришим мумкин, ахир у аслида мен узоқ йиллар маслаҳат берган кўп аёлларнинг умумлаштирувчи образи бўлиб хизмат қилади. Ўйлашимча, сиз гап нимада эканини пайқаб олдингиз. Афсуски, буни ҳамма кўра олади, лекин Барбара эмас. Ўз-ўзидан аёнки, Барбара – перфекционист, у қизини ҳам худди шу йўлда тарбия қилган.

Муваффақиятга эришиш уларнинг ҳаёти асосига айланган ва Барбарага у нима учун бу қадар чарчаганини тушунишга ёрдам бера олишимдан аввал, мен унинг нима учун ўзига бу қадар қаттиқ босим ўтказаётганининг сабабини аниқлаб олишим керак эди. Сўнг давом эттиришим ва Барбарага Женифер ҳам унинг изидан бораётганини кўришга ёрдам беришим керак эди. У ўз онасидан ҳар доим юта оладиганидан кўпроқ тишлашни ўрганяпти. Женифер “барчаси, ёки ҳеч нарса” деган ғояни ҳаётий шиор қилиб олган эди, бу шундоқ кўриниб турган нарса эди. У ҳар доим аъло баҳолар олиши, ота-онасининг кўнглига қараши, волейбол ўйинларида ҳамиша ғолиб бўлиши лозим эди.

Женифер учун ғолиб бўлиш – ҳамма нарсадан устун, иккинчи ўриндан у қаноат ҳосил қилмайди, “тўрт” баҳо унинг учун мағлуб бўлиш билан баробар. Женифер ўз ҳаётида ҳар куни бутун дунё билан курашади. У муваффақият қозониш пайида бўлган онасига эргашиб, шиддат билан пастга қараб борарди.

Умиднинг тутқич бермас кучи

Болани муваффақият қозонишни ҳаёти асосига айлантиришга мажбур қилишнинг жуда кўп, тутқич бермас усуллари бор. Биринчи навбатда шуни кўрсатиш мумкинки, ота-оналар ўз болаларига турли хил умидларни боғлашади. Гоҳида ота-оналар фарзандлари улар қилмаган нарсаларни бажаришларини хоҳлашади: мисол учун, университет жамоасида футбол ўйнашини, яхшироқ ишда ишлашини ёки яна ҳам нуфузли олийгоҳларда ўқишини. Ота-оналар кўпинча болаларининг ҳаёти билан қайтадан яшашни истаб, бу билан уларни катта босим остига олишади, бундан мақсад: болаларини чапга ҳам, ўнгга ҳам чалғитмасдан, ота-онаси айтган йўлдан етаклаш. Бунга мактабдаги ўқитувчилар ва тенгдошларининг талабларини қўшинг ва босим чиндан ҳам жиддий тус олишига амин бўласиз.

Масиҳийлар оиласида ўсган болалар учун энг катта қийинчилик кўпинча имонлилар жамоати томонидан келади. Онгига одам мукаммал бўлиши керак деган фикр чуқур сингдирилган кўп масиҳий болалар билан суҳбат қилганман. Тўла маънода ҳеч ким мукаммал бўла олмаслиги боис, бундай вазиятда улар учун бирдан-бир йўл ўзларини художўй кўрсатиш бўлиб қолган эди, айниқса катталар олдида. Болалар баъзида дўстлари даврасида ўзларини қандай бўлса, шундай тутишар, бироқ ота-онаси, жамоат мактабидаги ўқитувчилар олдида улар “ўйин қоидаларига” риоя қилишни ўрганиб олишганди. 

Тақдирнинг шўри-ғавғосини қаранг-ки, бугунги кунда жамоатларда жуда кўп одамлар учун перфекционизм бош мақсадга айланган, шу вақтнинг ўзида Муқаддас Китоб бизга қайта-қайта, мукамалликдан мутлақо йироқ бўлган ва кўпинча аянчли ҳолга тушиб, енгилган одамларни кўрсатади.

Рафиқам Шарлотта ва мен Амстердам шаҳри Билли Грэм воизлар Уюшмасида 1983-1986 йиллар маслаҳатчи бўлиб ишлаш бахтига муяссар бўлдик. Даҳшатлиси шуки, биз бир хил шикоятларни қайта-қайта эшитар эдик. Африка, Осиё ва Лотин Америка давлатларида иш олиб бораётган воизлар ва чўпонлар бизга мунтазам:

 – Биз ҳеч кимга мурожаат қилолмаяпмиз, ташкилотимиз раҳбарларига ҳам, оқсоқолларимиз ёки дунёвий раҳбарларимизга ҳам мурожаат қилолмаяпмиз, биз ўз одамларимизга ҳам мурожаат қилолмаяпмиз – ахир улар айнан биздан ибрат олишлари керак эмасми? Муаммоларимиз ҳақида ким билан бўлишишни билмаймиз – деб айтишар эди.

Агар фарзандларингиз ҳали ёш бўлса, балки ҳозирнинг ўзида тўхташ ва уларга боғлаган умидларингиз ҳақида ўйлаб кўриш лозимдир?  Ота-оналар кўпинча фарзандларида энг яхши умидлари ушалишини кутаётганларидан фахрланадилар. Қадимда: “Кўп нарса кутаётган бўлсанг, умид қил” деган бир нақл бўлган. Бироқ боладан бир нарса кутиш – умуман бошқа нарса, ундан ҳаддан ортиқ кўп нарсаларни кутиш эса – уни иложсиз аҳволга солиш, вазифаларни бажариш ҳаёт асосига айланган дунёда яшашга мажбур қилиш билан баробардир. Айрим руҳшуносларнинг айтишича, бундай ҳолатда болаларнинг учтасидан бири перфекционист бўлади. Гоҳида биз мақташ мақсадида ўзгани шу сўз билан атаймиз. Бироқ ҳақиқат шундаки, ҳамма нарсада мукаммал бўлишга мойиллик – бу бир умр олиб юришга ҳаддан ортиқ оғирлик қиладиган юкдир. Бу нерв касалликларига, анорексияга, булемия ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга ҳам олиб келиши мумкин.

Перфекционизмнинг ўзига хос аломатлари

Перфекционистлар “барчаси ёки ҳеч нарса” деган шиор билан яшашади. Улар мукаммал бўлишлари лозим, камига қаноатланмайди. Бундай ёндашув кўпинча уларни тузоққа олиб келади: улар қўлидан келмайдиган ҳеч нарса йўқлигига ишона бошлайдилар. “Йўқ” сўзи уларга худди бегонадек ва улар одатда юта оладиганидан кўпроғини тишлайди.

Перфекционистга хос бўлган яна бир жиҳат: у одатда умумий истиқбол боис тушкунликда юради. Юта оладиганидан кўпроғини тишлаб, ҳамма нарсани иложи борича мукаммал, бехато ва нуқсонсиз бажариш иштиёқида бўла туриб, перфекционистлар ҳаёт йўлига қараб, унда ақлга тўғри келмайдиган тўсиқларни кўришади. Улар бунча нарсага қандай ўралашиб қолгани ва энди буларнинг ҳаммасини қандай қилиб ва қачон охирига етказа олишини тушунмай боши қотади. Улар муваффақиятсизликдан қўрққанлари боис, ҳеч нарса қилмаслиги ҳам мумкин.

Перфекционистлар ўз олдида ўша тўсиқларни кўргач, кўпинча чекинишади ва секинлашишади. Доимо секин ҳаракат қиладиган одам кўпинча перфекционист бўлиб чиқади. У ишни ҳақиқатан ҳам яхши бажариш учун вақти етмаслигини билиб, уни кейинга қолдиради. Ўз-ўзидан маълумки, перфекционист қанча секинлашган сари, вазият шунча ёмонлашиб бораверади, лекин охирида у ҳар доим сувдан қуруқ чиқиши ва:

 – Агар кўпроқ вақтим бўлганда эди, яхшироқ бир нарса қилган бўлардим, – дейиши мумкин.

Муаммонинг негизи эса унинг муваффақиятсизликдан ва инкор этилишдан қўрқишидадир.

Бу эса бошқа бир фарқли жиҳатга олиб келади: перфекционист учун ҳар қандай ишни охиригача етказиш жуда қийин кечади. У ҳар доим ҳамма нарсани иложи борича яхшироқ бажаришга интилади ва ҳеч қачон ўз ишидан қаноатланмайди.

Женифер мисолида кўрганимиздек, перфекционист ишлар кўнглидагидек яхши бўлмаса агар, одатда ўзини бошқара олмай қолади.  Бундай одамлар ўзига нисбатан ҳам, бошқаларга нисбатан ҳам сабрли бўла олмайдилар. Перфекционистлар нима учун бошқалар ҳам улар сингари юқори мезонларга амал қилмаслигини тушуна олмайдилар.

Бундан ташқари, перфекционистлар кўпинча истак майлини ишлатиб: “фалон нарса ҳақида ўйлашим керак эди” ёки “шуни айтишим керак эди” дейишади.

Перфекционистлар муваффақиятсизликка рўбарў келганларида ёки хато қилганларида ўзларидан айб излашга майил бўладилар. Муваффақиятсизлик (ҳар қандай муваффақиятсизлик) уларни мутлақо қаноатлантирмайди.

Улар қачон қараманг, келгуси сафар “яна ҳам яхшироқ бажариш” учун, кўп-кўп тиришиб ҳаракат қилишга интилишади. Бироқ бу ҳаракатлар уларни “барчаси ёки ҳеч нарса” учун курашишнинг навбатдаги поғонасига олиб чиқаришдан у ёғига ўтмайди. Улар бажариб бўлмайдиган янги мақсадларни ўз олдига қўйиб, сўнг, буларнинг ҳаммасини бажара олмагани боис тушкунликка тушишади.1

Барбаранинг мисолида кўрганимиздек, перфекционист бир вақтда охири йўқ ҳалқалардан ўтиш иштиёқида “ёниб кул бўлиши” мумкин. Улар маълум бир вақтга чекиниши ёки бошланган ишга қизиқишини йўқотиши мумкин, бунга сабаб уларнинг муваффақиятсизликдан қўрқишидир.

Фарзандларингиз муваффақиятсизликдан қўрқадими?

Мукаммалликка интилиш асосида қурилган ҳаёт кўп одамларни енгилишдан қўрқишга мажбур қилади. Фарзандларингиз ҳаётда оз бўлсада таваккал иш тутишни ўрганяптими ёки ҳамма нарсани секин-аста қилишни афзал кўришадими?

Оддий “қаҳрамонлар” ҳақида айрим мисолларга назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси муваффақиятсизлик таъмини татиб кўришган.

• Томас Эдисон лампочка ихтиро қилишдан аввал юз марталаб муваффақиятсизликка учраган.

• Бейб Рут, ўз исмини спорт тарихига киритган буюк қаҳрамонлардан бири бўлиб ўз жамоасига 60 очко олиб келган. Унинг рекорди бир неча ўн йил, то  Рожер Мэрис янги рекорд ўрнатмагунча қадар сақланиб келган. 2 Бироқ ўша йилиёқ Рут янги рекорд ўрнатди – бу гал ўтказиб юборилган тўплар бўйича.

• Авраам Линкольн Америка Қўшма штатлари президенти бўлгунига қадар сиёсий жабҳада ҳам, ҳаётда ҳам кўп муваффақиятсизликлардан ўтган.

Альберт Эйнштейн, Уинстон Черчилль ва Бенжамен Франклин каби исмлар ҳам онгимизда қаҳрамон образини яратади. Бироқ уларнинг ҳар бири ҳаётининг у ёки бу палласида ишдан қувилишган.

Бу қаҳрамонларни бирлаштириб турувчи умумий бир жиҳат шуки: улар ўзлари ўзгариши ва назарида муносиб ва тўғри бўлган мақсадга эришиш йўлида муваффақиятсизликни қарши олишга ҳам тайёр бўлган.  

Фарзандларингиз ўзгаришни истаб қолишса, уларга қандай намуна бўла олаяпсиз? Мен ахлоқ-одоб ҳақида эмас, ўзгариш ҳақида, ўз-ўзингизга таваккал иш тутишда, изланиш, билим олиш, ихтиро қилишда эркинлик бериш ҳақида гапиряпман.

Болага муваффақиятсизликка учраш ҳуқуқини бериш ва ундан қўл-оёғини боғлаб қўядиган нарса, яъни ҳар соҳада мукаммалликни талаб қилиш ўртасида чиндан ҳам фарқ борми? Бир томондан бола таваккалчилик қилмай, эҳтиёткорлик билан иш тутишни ўрганади. У ҳеч қачон янги фикр билан иш тутмайди. Иккинчи томондан эса, у мукаммалликка чанқоқ бўлади, аммо бу қатъий белгиланган ва тартибли мукаммаллик.

Ҳар қандай одам ҳаёт деб аталмиш жараёндан ўтади. Ҳаётдан ўтиб борамиз, лекин манзилимизга ҳеч етмаймиз, негаки ҳаёт – саёҳат демакдир, асло тугал манзил эмас. Олдинга юриб борар эканмиз, орамиздаги аксарият одамлар баъзи нарсаларни амалга оширишга интилади. Олдимизга мақсадлар қўямиз, натижаларга интиламиз.  

Сўнгги йилларда мақсадлар ва мақсадларни аниқлаш катта иш бўлиб қолди. Бутун мамлакатда корпорациялар ўз ходимларига белгиланган мақсадларни аниқлаш ва уларга эришишда ёрдам бериш учун семинар ва машғулотлар ўтказиб келмоқда.

Боланинг мақсадлари-чи? Болангиз сиздан ўрнак олиб, бошқарувингиз, умидларингиз боис ўз олдига айнан қандай мақсадларни белгилайди?

Одамнинг қандайдир мақсадларни ўз олдига қўйиши жуда яхши, натижа учун курашиши ҳам жуда яхши, аммо мақсадлар ва натижалар жараённинг ўзидан роҳатланиш эвазига эришилса, бу ҳолда ўз ҳаётингизни қўлдан бой берган бўласиз. Ҳаммамиз ҳаётий жараённинг ўзидан ғайрат олишимиз ва ўз фарзандларимизга юксак умидларимизни эмас, ўша ғайратимизни етказишни ўрганишимиз лозим.

Уларга бошқага қарши эмас, бошқа билан белашишни ўргатинг

Фарзандингизни маъқуллаш жараёни беллашув соҳасини ҳам қисман ўз ичига олади. Болалар ривожланиши бўйича мутахассис Эрик Эриксоннинг фикрига кўра, бола ўтадиган босқичлардан бири унинг учун янги бўлган мактаб ҳаётига шўнғиб “уйдан кетиши” билан бошланади. Бола боғчага ва сўнг бошланғич мактабга борганда, тиришиш3 деб аталувчи босқичга ўтади. Илк бор у беллашув ҳукмронлик қилган дунёга бевосита қадам босади, бу дунёда унинг мустақил фаолияти муҳим ўрин тута бошлайди. Айнан шу паллада ота-онадан унга қилган ишларини қадрлашларини кўрсатиш ва бу билан уни рағбатлантириш, ўзига бўлган ишончини ўстириш талаб этилади. Аммо рағбат ҳар доим болани борича қабул қилишга асосланмоғи лозим.

Бола ривожланишнинг ушбу босқичига етганда, унга одамларга қарши эмас, одамлар билан беллашаётгани сингдирилса яхшироқ бўлади. Афсуски, одатда мактаб системаси шундай тузилганки, болаларни бир-бирига қарши беллашишга ўргатади. Қанчасидир “беш”, қанчасидир “тўрт”, яна қанчасидир “уч” баҳо олади, яна кимлардир ўқувчилар сафидан четлатилади. Спорт соҳасида бола фақат ғалабагина ҳисобга олинишини эрта билиб олади. Мактаб таржибасига эга бўлган болалар учун қарши беллашув ҳаёт тарзига айланади десак ошириб юбормаган бўламиз.

Бироқ муаммо шуки, қарши беллашувда албатта кимдир ғолиб, кимдир эса мағлуб бўлади, бошқа йўл йўқ. Бу ўйинни қандай ўйнаманг, ҳеч қачон мағлуб бўлмайман дея олмайсиз. Қандайдир маънода бу шуни англатадики, рақобат руҳига тўлган бу дунёда ҳамма одам сизга душмандек бўлади.

Бошқа томондан эса, биров билан беллашиш – мутлақо бошқа қоидалар бўйича ўйин ўйнашга тенг. Рақибингиз сизга душман эмас, худди шу даражада уни сизга иттифоқдош деса ҳам бўлади. У қобилиятларингизни борича намоён қилишингизга ёрдам берувчи шахс мисолидир. Маррага ким биринчи етиб келиши муҳим эмас. Беллашиш – мана бу чиндан ҳам аҳамиятли; ўзингизда борини ташқарига чиқариш учун беллашиш.

Тушунаман, “биров билан беллашиш” фалсафаси жуда содда кўриниши мумкин, реал олиб қаралганда, одам-одамга душман бўлган бу дунёда мазкур фалсафа устидан одамлар кулишади. Шундай бўлган тақдирда ҳам, барибир “беллашган” ва ғолиб бўлган одамлар жуда кўп.

“Оловли от аравалар” номли фильмнинг нима учун ғолиб бўлгани

Академия совринини қўлга киритган “Оловли от аравалар” номли фильм икки, ниҳоятда истеъдодли югурувчи, Литвалик яҳудийнинг ўғли Гарольд Абрахамс ва Хушхабар ёйиш билан жиддий шуғулланган оила фарзанди Эрик Лидделл тарихи асосида “рақиб билан беллашув” ва “рақибга қарши беллашув” ўртасидаги кескин фарқни ёрқин манзараларда кўрсатиб беради. Иккаласи ҳам 1924-йил Парижда бўлиб ўтган Олимпияда ўйинларида Буюк Британия вакили сифатида қатнашиш шарафини қўлга киритишди. Бироқ уларнинг бу мусобақаларга бўлган руҳий ёндашувлари бир-бириникидан мутлақо ажралиб турар эди.

Назарида Кэмбриж университети талабалари томонидан антисемитизм руҳида уюштирилган ҳаракатларга қарши курашар экан, Гарольд Абрахамс жамиятда ўз ўрнини эгаллаш учун назар доирасига тушган барча одамларга қарши курашади. “Ғалаба – ҳамма нарса” қабилидаги фикр унга шу қадар кучли сингдирилган эдики, у ҳамиша асабини қўзғатиб, охир-оқибат шахсий мураббий ёллашга қарор қилади ва ўша мураббий уни олимпиада мусобақаларига тайёрлайди (яширин тарзда).

Бир пайт Абрахамс ўз фалсафасини ифода этиб: “Мен бутун дунёга қаршиман” деган фикрни шундай сўзлар билан билдиради:

– Мағлуб бўлиш учун эмас, ғолиб бўлиш учун югуряпман; агар ғолиб бўла олмаганимда югурмас эдим”.

Эрик Лидделл ҳам Олимпиада ўйинларга тайёрланар эди. У опаси Женнининг норозилиги ва қаршиликларига рўбарў келади. Женни югуриш машғулотлари Абрахамсни Худога хизмат қилишдан узоқлаштиради деб ўйларди. Лидделл табиийки, Хушхабар ёйиш хизматини ташлаш ниятида эмаслиги, бироқ аввалига Парижда мусобақада қатнашиши лозимлигини, ўзини эмас, Худонинг номини юксалтиришни истаётганини айтади.

– Худо менга тезлик берди. Югурганимда Уни мамнун қилаётганимни ҳис этаман. Ғолиб бўлиш мен учун Унга мақтов айтиш билан баробар, – дейди Лидделл.

Юз метрга югуришда Абрахамс олтин медаль олди, Лидделл эса бу мусобақада қатнашишдан бош тортди, негаки мусобақа якшанба кунига белгиланган эди. Лидделлнинг эътиқоди бўйича бу Шаббат кунига қатъий амал қилиш қоидасини бузиш билан баробар эди. Жамоа аъзоларидан бири 400 метрга югуришдан бош тортиб, Лидделлга унинг ўрнига югуриш имконини берди. Бу мусобақада Лидделл олтин медални қўлга киритди.

Бироқ ўйинлар якунлангач, Абрахамс эришган ютуқларидан кўп мамнун эмасдек кўринар эди. Нима учун у ўз ғалабаларидан қувона олмаганини тушунишимизда унинг югуриши олдидан айтган сўзлари бизга калит бўлиб хизмат қилади. Яъни у:

– Мен ҳар доим олдинга интиламан, ҳатто мақсадни кўрмасам ҳам, – деган.

Югуришдан аввал, кийиниш хонасида у тан олиб деди:

– Мағлуб бўлишдан қўрқиш нима эканини билиб олдим. Энди ғолиб бўлишдан деярли қўрқяпман.

Эрик Лидделл эса ғолиб бўлганидан бахтиёр эди. Жамоадошларидан бири ундан, якшанба куни юз метр югуришдан бош тортиб нима ҳис қилаётгани ҳақида сўраганда, у афсуслангани, лекин заррача шубҳа қилмаганини айтди.

Лидделл узоқ йилларга Хитойга Хушхабар ёйиш учун кетиб, у ердаги қишлоқ йўлларда кўп югурар ёки велосипедда узоқ йўл босар, буни шунчаки роҳатланиш учун қиларди. 1940-йили у япон босқинчилари томонидан ҳибсга олинди ва иккинчи жаҳон уруши тугашидан сал аввалроқ маҳбуслар лагерида вафот этди.

Эрик Лидделл ўз ҳаётида рақибга қарши эмас, рақиб билан беллашиб яшаган. Шуҳрат қозониб, Олимпиада совринини қўлга киритганида кимнингдир: “У Худонинг номи билан югурар, дунё эса ҳайратдан чекинар эди” деган сўзларини Лидделнинг қабр тошига ёзиб қолдириш мумкин эди.

Ота-оналар ўз фарзандларига одам энг аввало ўзи яхши бажара оладиган нарсани қилиши лозимлигини уқтира олишса, бу билан уларнинг “бошқа йўл йўқ” деган тасаввурдан озод бўлишига ёрдам беришади. Улар ўз фарзандларига бировга қарши беллашиш ва биров билан беллашиш ўртасидаги жуда нозик, аммо муҳим фарқни тушунишга ёрдам берадилар. Фарзандларингиз эришган ғалабалардан кўра, уларнинг машаққатини қадрлаш муҳимроқ деганимизнинг боиси шу. Фарзандингиз табло ёки баҳолар табелидаги натижалардан кўра, шахс сифатида ўзи муҳимроқ эканини билса, ўзини бўш тута олади, ҳимоя остида эканлигини, эркин ҳолда қўлидан келган энг яхши ишни қила олишини, муваффақиятга эришиши ёки муваффақиятсизликка учраши мумкинлигини ва бу сизнинг уларга бўлган ҳурмат-эътирофингизга ҳеч қандай таъсир қилмаслигини ҳис этади.

Бизнинг волейбол бўйича “чемпионларимиз” биронта ўйинда ғолиб бўлмади

Ўтган йил 200 та бола таълим оладиган Жулиан ўрта таълим мактаби ўз тарихида илк маротаба бошқа мактаблар билан волейбол бўйича мусобақада иштирок этди. Биринчи ўйиндаёқ катта ҳисобда ютқазишди: ўйинлар жадвали шошилинч тузилган, бунинг устига рақиб жамоада мураббийлар ўйнар эди. Натижада улар ўз майдонида фақат битта ўйин ўтказадиган, қолган барча ўйинларни меҳмонда ўйнайдиган бўлишди. Уларнинг рақиблари йирик мактаблар бўлиб ўйинчилари ниҳоятда тажрибали эдилар.

Ўсмир ўғилларимиз Жонатан билан Тимми ҳам жамоа аъзолари қаторида жой олишди ва биз, Шарлотта ва бошқа бир нечта ота-оналар билан бирга биронта ўйинни ўтказиб юбормадик. Биз уларнинг ортидан қолмай юрдик, овозимиз борича ишқибозлик қилдик, болаларимиз эса – 1-А тоифа жамоаси ҳар ўйинда 3-А тоифадаги, ўзларидан анча кучлироқ жамоаларга ютқазиб келаверди.

Мавсум охирига қадар улар биронта ҳам ўйинда ғолиб бўлмади. Бир нечта бўлимдагина рақибларини енгган бўлсаларда, ғолиб бўлиш учун кетма-кет учта бўлимда рақибни енгиш керак эди, улар эса ғолибликни ҳеч ушлаб қолишолмайди.   

Биз учун эса бу муҳим эмасди. Жонатан ва Тиммини худди жаҳон чемпионларини кутиб олгандек қабул қилдик, чунки биз учун улар айнан шундай қадрга эга эдилар. Уларнинг хизмат рўйхати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Улар қўлидан келганича ҳаракат қилишди, улардан на шикоят эшитдик, на бировни ёмонлашини кўрдик, ҳаттоки уялишмади. Биз уларни чемпионларга бўлган ҳурмат-эътироф билан қабул қилдик – ахир ҳар доим шундай қилганмиз, болаликларидаёқ уларга шундай муносабатда бўлганмиз. 

Ҳар бир диплом, ҳар бир соврин ёки мақтов ёрлиғи шу заҳотиёқ, уларнинг ётоқхонаси ёнидаги коридор деворидан жой оларди. Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар бир соврин ўша ердан жой топар ва Жонатан билан Тиммининг инсоний қадрини мустаҳкамлар эди. Биз улар қилган ишларни ҳар доим тасдиқлардик, уларнинг ким эканликларини тасдиқлашни ҳам унутмасдик. Коридордаги ўша девор худдики ота-онанинг эътирофидек бўлиб: “Сизлардан ва эришган муваффақиятларингиздан фахрланамиз” деб турагандек эди.

Эсингизда бўлса, Тимоти ва Жонатан бизнинг иккинчи оиламиз эканини айтиб ўтгандим. Улар тўртта болани дунёга келтириб бўлганимиздан кейин, 15 йил ўтиб пайдо бўлишди. Катта фарзандларимиз билан ҳам биз худди шундай муомалада бўлишга ҳаракат қилардик. Дик, Дейв ва Жефф мактабда ҳам, коллежда ҳам илғор спортчилар қаторидан жой олишган. Улар узоқ масофага югуришга қатнашишарди ва менинг офисим спорт совринлари музейини эслатадиган бўлди, чунки стеллажимнинг юқори қаватлари уларнинг совринлари билан тўлиб турарди. Одамлар хонамга кирганларида, фарзандларимнинг эришган ютуқларидан фахрланишимни дарҳол пайқаб олишарди. Билмаган одам эса ўғилларимни аввало инсон сифатида билиб жуда фахрланишимни тушунмаслиги ҳам мумкин эди. Уларни ардоқлашим учун қайта-қайта бир нарсаларга эришишлари, ғолиб бўлишлари шарт эмасди. Шуни ҳам қўшимча қилишим мумкин: ёлғиз қизим Киммининг ўзи мен учун катта бир соврин. У отасининг ёлғиз “кичик маликаси”, гарчи ҳозир улғайган, жозибали “шоҳаншоҳ маликага” айланган, учта болани ўстираётган бўлсада (Ҳикматлар 31: 29 га қаранг).

Шунингдек, улар болаларча рақобат ва болаларча ҳасад ўртасидаги фарқни тушунишлари учун жуда узоқ вақт, астойдил ишладим.  Биринчиси – табиий ҳолат. Менимча шунинг ўзи бир-бири билан беллашиш учун асос бўла олади. Бироқ иккинчиси одамларни бир-бирига қарши беллашишни бошлашга олиб келади. Бир бола ўзини яхши кўрсатиш учун бошқасини ерга уришга ҳаракат қилади. Болалар “мен – яхши, сен эса – ёмон” ўйинни ўйнай бошлашади, бу эса беллашувнинг энг ёмон туридир.

Тиммини асраб олганимизда, Жонатан бунга қандай муносабат билдиришидан кўп хавотир олардик. Жонатангача энг кенжа боламиз ундан 16 ёш катта бўлган. Жонатан кўп жиҳатдан ўзини ёлғиз фарзанддек ҳис қилар эди, негаки катта акалари ва опалари уйли-жойли бўлиб улгуришган эди. У “ворисимиз” эди ва биз унинг ҳудудига келган ҳар қандай одамдан бизни қизғана бошлашидан хавотир олардик. Бироқ хавотирларимиз ўринсиз бўлиб чиқди.

Ҳа, Тимми ва Жонатан ўртасида болаларга хос рақобат бор албатта, лекин бу асло ҳасад эмас. Шарлотта ва мен қатъий ишонамизки, бунда уларга ўрнак-намуна бўлган икки шахс – уларнинг акалари Дейв ва Жеффнинг ҳиссалари улкан. Ўзаро муносабатларида бир-бирига яна ҳам кўпроқ далда ва мақтов билдира олган бошқа ҳеч кимни билмайман. Гарчи айрим спорт турларида улар беллашган бўлсаларда, лекин рақибга қарши эмас, балки рақиб билан қандай беллашиш кераклигида энг биринчи ўрнак-намуна бўла олишган.

Жонатан ва Тиммида катта акаси Дик ҳақида “уйдирма” ҳам бўлиб, унга кўра, ўша пайтлардаёқ акаси Африкада ишлар ва ўша ерда яшар эди. Худо уни Мали давлатида очарчиликка қарши кураш дастурида ишга солиб келган. Бу давлат Африка минтақасида очарчиликдан энг кўп азият чекаётган мамлакатлардан бири эди.

Эгамиз фарзандларимизга истеъдод улашган барча соҳаларда мен ҳар доим уларни энг юқори маҳорат кўрсатишга ундаб келганман, лекин мукаммалликка мукаммаллик учун интилишни асло кўзда тутмаганман. Қўлингиздан келган энг яхши нарсаларни қилиб мукамалликка эришишга интилганингизда енгилган тақдирингизда ҳам ютишингиз мумкин. Винче Ломбардининг фикрига қўшилмайман. Аслида мен қатъий ишонаманки, ғолиб бўлиш – ҳамма нарсага эришдим, дегани эмас.

У жаҳон рекордини янгилади ва маррага иккинчи бўлиб келди

Бир неча йил аввал АҚШда бир ярим километр югуриш бўйича энг яхши спортчи Стив Скотт Сан-Диего шаҳрида ўтказилган йирик халқаро мусобақаларда иштирок этди. Кечқурун Стив ёпиқ бинода бир ярим километрга югуриш бўйича янги рекорд ўрнатди, лекин шунга қарамай маррага иккинчи бўлиб етиб келди, чунки Эмин Коглен уни ортда қолдирган эди. Орадан вақт ўтиб, бир репортёр Стивдан интервью олар экан, ҳамма кутган саволни берди:

– Энг яхши кўрсатгич билан ҳам маррага иккинчи бўлиб келганингиздан кейин нима ҳис қиляпсиз, Стив?

Стивнинг жавобини ҳеч қачон унутмайман. Эслашимча, у шундай деди:

  •  Ўзим қўйган мақсадга эришдим, лекин Эмин бундан-да юксак мақсадни қўйган экан ва у мақсадига эришди. Лекин мен ҳам ўз мақсадимга эришдим, шунинг учун бахтиёрман.

Стив Скотт Эмин Когленга енгилганидан бироз ранжиди, шунга қарамай у бундан қаноатланди, чунки бор маҳоратини ишга солганини билар эди.  Тўғри, биринчи бўлиб келишни ва жаҳон рекордини ўрнатишни истаган, лекин унда ҳеч кимнинг олдида ўзини қилган иши учун оқлашга ҳожат йўқ эди, чунки у ўзида борини берди.

Стив Скотт билдирган бундай муносабат – рақибга қарши эмас, рақиб билан беллашувга яна бир мисол бўла олади. Имкон бўлган вақтда, фарзандингизга босим ўтказмай, биров билан беллашишига эҳтиёж йўқлигини тушунтиринг. Унга рақиб билан беллашишни, ҳамкорликда ишлашни ва раҳмдил бўлишни ўргатинг. Ҳаётда энг буюк иш – бу феъл-атворни шакллантириш, феъл-атворнинг асоси эса – бошқаларга нисбатан раҳмдил бўлиш деб ҳисоблайман. Одамнинг қай даражада моҳир ва комил бўлишидан қатъий назар, агар бошқаларга нисбатан раҳмдил бўлишни ўрганмаса, бундай ҳаёт беҳуда ўтади. Буни эсдан чиқарманг.

Бошқани томоғидан бўға туриб, раҳмдил бўлолмайсиз

Юқорида айтганларим билан бирга шуни ҳам истайманки, болаларим ўзларига нисбатан ҳам раҳмдил бўлиши лозим эканини тушунишсин. Перфекционист ўзига нисбатан раҳмдил бўла олмайди. У ўзини тобора катта мақсадлар сари етаклайди, қилган ишидан доимо норози бўлади, чунки бу унга ҳамиша камлик қилади. Перфекционист ўзини ўзи қабул қилолмайди.

Шу тариқа боланинг ўзи ҳақида фикри сиз уни қабул қилган доирада бўлиши зарур. Бола қачонки уни қабул қилганларини ҳис қилсагина, мустақил шахс бўла олади, ишонишни ўрганади, ўз қарорларини, сизнинг маъқуллашингизни эркин қабул қилишга лаёқатли бўлади, бунинг аслида нима эканлигини кўради – бу унинг “етарли даражада яхши” бўлгани учун мукофот эмас, балки севги-эҳтиромингиз ва ардоқлашингизнинг белгиси эканини тушунади.

Тимми ниҳоят, қабул қилинганини қачон ҳис этди

Олтинчи бобда Кореяда меҳрибонлик уйидан Тиммини қандай асраб олганимиз ҳақида ҳикоя қилдим. Ўшанда унинг ёши бешда эди. Тимми Қўшма Штатларга келиб, оиламизга қўшилиши билан мақтовимизга сазовор бўлиш учун ўзини яхши тутишга киришиб кетди. У бизга ёқишга хўп уринар ва ўзидан ҳеч қаноат ҳосил қилолмас, қулларча бош эгиб итоат қиларди. Тимми инглизча, биз корейсча гапира олмаганимизга қарамай, унинг кўнглимизни олишни жуда хоҳлаётгани очиқ кўриниб турарди.

Аввалига бунга туғилиб ўсган маданияти сабаб деб ўйладим – шарқда ёши катталарга алоҳида иззат-эҳтиром кўрсатилади. Бироқ бир неча ҳафта ўтгач Тимми нима учун ўзини бундай тутаётганининг асл сабабини тушундим. Мен Жулиан марказида директор лавозимида ишлардим. У ерда талабалар халқаро кенгаши бўлиб ўтиши мўлжалланаётган эди ва мен кенгашда Кореялик бир қиз иштирок этиши ҳақида билиб қолдим.

– Жуда яхши, – дедим ўз-ўзимга, – Тимми у билан мириқиб гаплаша олади. Ахир бу ерга келганига мана тўрт ҳафта бўлди, ҳеч ким билан ўзининг она тилида гаплаша олмаяпти.

Тиммини ўзим билан Марказга олиб бордим ва Кореядан келган ўша ёш қизни топдим. У ёқимли, кўнгли очиқ, табассуми ўзига хўп ярашган қиз эди, лекин Тиммига корейс тилида бир нарса айтганда, Тимми унга тескари қараб олди ва менинг оёғимга маҳкам ёпишди, бутун баданидан қалтироқ ўтганини сездим. Уни қўлимга олиб кўтардим, ўпдим, у эса соқолимдан маҳкам тутиб: “Дада, дада, дада” деб такрорлашдан тинмасди.

Қаршимда турган қиздан узр сўрадим, унга Тимми билан нима бўлаётганини тушуна олмаётганимни ва шак-шубҳасиз, бунда унинг айби йўқлигини билдирдим. Кейин гап нимада эканини тушуниб олдим. Тиммини корейс қизнинг олдига олиб келиб, у билан таништирганимда ва қиз корейс тилида гапиргач, беш ёшли Тиммининг хаёлига: “Мени яна Кореяга олиб кетишади” деган фикр келибди.

Бу воқеадан кейин бироз ўтгач, Шарлотта Тимми ва мен дам олиш куни Сан-Францискога бордик. Биз “Балиқчилар масканига бордик ва Тимми у ерда роса мириқиб ўйнади. Кейин биз фуникулерда Чайна-Таунга чиқишга қарор қилдик. Ўша ерда яна хаёлимга бир фикр келди: “Тиммини Кореяни эслатадиган жойга олиб борсак, унга шарқий таом олиб берсак, хурсанд бўлади, чоғи”.

Яна хато қилдим. Чайна-Таунга етиб келганимиздаёқ Тимми ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Биз бир нечта дўконларга кириб, харидлар қилдик, кейин эса ресторанга бориб овқатландик ва мана шу вақт оралиғида унинг оғзидан бирорта сўз чиқмади. Ниҳоят, ресторандан чиқдик, яна фуникулерга чиқиб “Балиқчилар масканига” қайтдик. Шу орада Тиммининг юзи ёришди ва у кечгача хурсанд бўлиб юрди.

Кейинчалик, Шарлотта билан бу воқеани муҳокама қилганимизда хулоса қилдикки, масала “Кореяга жўнатмоқчи бўлганимиз ҳақида” эмас экан. Бу ерда қандайдир кулфат ҳақида хотиралар уйғонган, бундан ташқари, биз билан бирлашишга, ҳар доим бизга ёқишга бўлган катта иштиёқ ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин. Бу ҳол яна кўп ҳафталар давом этди, кейин эса шундай кун келдики, мен бу кунни “бурилиш” деб атайман.

Биз нонушта қилар эдик. Тиммига нималардир дедим. Яхши эслолмайман, менимча гапим “тезроқ чойингни ич” ёки “мактабга кеч қоласан” қабилида эди шекилли.

Бироқ одатдагидек, тезда ўрнидан туриб, бўйсуниш ўрнига Тимми иккиланиб қўйди. У очиқчасига итоатсизлик кўрсатар, кўринишидан эса: “Буни ўйлаб кўришим керак” дегандек эди.

Мен Тиммининг жавобини тушундимикан деб Шарлоттага қарадим. Шарлоттанинг назаридан кўрдимки, у ҳаммасини тушунган эди. Бу Тиммининг ўзи қарорлар қабул қилишга қодир бўлган мустақил шахс бўлиб етишиш сари босган катта қадами эди. Тимми мана шу кичик “эътироз” билан бизга у энди уйимизда ўзини етарли даражада хатарсиз ҳис қилаётганини, ундан бир нарса сўраганларида, бўйсунмасликдан қўрқмаслигини кўрсатди. У қўрқув туфайли сўзсиз бўйсунувчи роботсимон шахс эмас, аксинча, биз уни яхши кўришимизни биладиган ва қачон бўйсунишни ўзи ҳал қила оладиган шахс бўлиб етишган эди.  

Ўша пайтдан бошлаб Тимми чин маънода оиламиз аъзосига айланди. Ростини айтганда, у менга ҳақиқий бирлашув нима эканлиги ҳақида муҳим сабоқ берди. Бешинчи синфда Америка инқилобини ўрганаётиб Тимми дарсда қўл кўтарди ва ўқитувчисига ота-боболаридан бири Мустақиллик Декларациясига имзо қўйганини айтди. Бу ҳикояни айтганимда, мени тинглаган аксарият одамлар кулишади, чунки одамлар сариқюзлиларнинг биронтаси бўлсада Мустақиллик Декларациясига имзо қўйганига ишонишмайди. Бироқ Тимми кўп масиҳийлар ҳалигача тушуниб етмаган ҳақиқатни фаҳмлаб олган эди. У ўзини Дей хонадонининг ўтмишдаги, ҳозирги ва бўлғуси авлодлари билан тўлиқ бирлаштира билди. Уни фарзанд қилиб олган бу хонадон энди унинг оиласи бўлган эди, худди биз Худонинг Шоҳлигига фарзанд қилиб олингач, ўтмишда, ҳозир ва келажакда Масиҳ билан бирлашганимиздек.

Шахс ҳар доим биринчи ўринда

Фарзандингизни қабул қилиб, уни эътироф қилишингизда шундай нарса борки, мен уни бирламчи ва иккиламчи омил деб атайман. Бирламчи ўрин ҳамиша шахсга тегишли, унинг қилганлари эса ҳар доим иккиламчидир. Биринчидан, сиз ҳар доим боланинг ўзи билан муомалада бўласиз: уни қабул қиласиз ва бу билан унга бехатарлик ва ўз аҳамиятини билиш ҳиссини берасиз. Сўнггина боланинг ҳаракатига муносабат билдирасиз: ҳурмат-эътироф кўрсатасиз, бу эса болага ўз аҳамиятини ҳис этиш имконини беради. Боланинг қилган ишини қачон маъқуллашингиздан қатъий назар, бу унинг ўзини шахс сифатида кўриб қабул қилганингизга асосланиши лозим.

Ҳозир Тимми 16 ёшда ва сиз эҳтимол, унинг ишлари ҳақида қизиқаётгандирсиз. У комил эмас, ўзига яраша муаммолари бор ва ҳар қандай ўсмирга бўлгани каби, унга нисбатан ҳам вақти-вақти билан интизом чораларини қўллашимизга тўғри келади. Бироқ, қизиғи шуки, Тимми уйимизда  ажойиб ёрдамчи. У овқат тайёрлашни яхши кўради, идиш-товоқларни ювади, ёрдам беради – мажбурликдан эмас, ўзи буни истагани боис. Бу менинг юрагимга илиқлик олиб киради, негаки мен биламан, Тимми буни бировнинг мақтовига эришиш учун қилмайди. У уни қабул қилганларини билади ва шундан келиб чиқиб, муваффақиятсизликка ҳаққи борлигини тушунган ҳолда, эркин жавоб беради (муносабат билдиради). Тимми биз уни қилган ишлари учун эмас, балки шахс ўрнида қабул қилганимиз боис қадрлашимизга ишонади.


Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл) 

Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак