Инжил

Ибронийларга мактуб

1. Худо қадимда бир неча марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали ота-боболаримизга гапирган эди.
2. Охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни борлиқнинг вориси қилиб тайин этган.
3. Ўғил – Худо улуғворлигининг инъикоси, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асрайди. Гуноҳларимиз ювилиши учун имкон яратгандан сўнг, У самода Ҳазрати Олийнинг ўнг томонида ўтирди.
4. Исо фаришталардан ғоят олий мартабага юксалгани учун, улардан жуда улуғроқ бир номга ҳам эга бўлди.
5. Фаришталарнинг қай бирига қачон Худо: «Сен Менинг Ўғлимсан, Сени бугун таваллуд эттирдим», ёхуд: «Мен Унга Ота бўламан Ва У Менга Ўғил бўлади», – деган эди?
6. Худо Тўнғичимни ер юзига юборай, деб яна шундай деган: «Худонинг бутун фаришталари Унга сажда қилсинлар».
7. Фаришталар ҳақида: «У Ўз малакларини шамолларга айлантириб, Хизматкорларини ўт алангаси қилади», – дейилган бўлса,
8. Ўғилга эса бундай дейилган: «Эй Худо, Сенинг тахтинг доимий ва абадийдир, Подшолигинг ҳассаси – ҳаққоният ҳассаси.
9. Сен адолатни севиб, Қонунсизликдан нафратланасан. Шунинг учун Худо, Сенинг Худойинг, Тенгдошларингдан кўра кўпроқ Сенинг бошингга хуррамлик мойи суртди».
10. Яна шундай дейилган: «Ё Раббий, Сен ерни азалдан бунёд этгансан, Осмон эса Сенинг қўлларинг ижоди.
11. Улар йўқ бўлиб кетар, Бироқ Сен тураверасан. Ҳаммаси кийимдек нураб кетар,
12. Бамисли либосдай ўраб қўясан уларни, Жома сингари алмаштирилади. Аммо Сен айни Ўшанинг Ўзисан, Сенинг йилларинг тамом бўлмас».
13. Наҳотки Худо қачондир бирон фариштага: «Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тур!» – деган бўлса?!
14. Ахир, фаришталарнинг ҳаммаси ҳам нажот ворисларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчи руҳлардир.
1. Демак, биз эшитганларимиздан қайтмаслик учун буларга жуда кўп диққат қилишимиз керак.
2. Фаришталар орқали айтилган калом у вақтдаёқ ҳар турли жиноят ва итоатсизлик қилганни қатъий суратда жазолар эди.
3. Шундай экан, даставвал Раббимиз Исо билдирган, сўнгра шоҳидлари томонидан тасдиқланган нажот хабарига биз эътиборсизлик қилсак, жазодан қандай қочиб қутуламиз?
4. Худо Ўз шоҳидларига ажойиботлар, мўъжизалар ва ҳар турли қудратли ишлар кўрсатди, Ўз хоҳиш-иродасига кўра Муқаддас Руҳнинг инъомларини уларга улашиб, уларнинг шаҳодатларига Ўзининг тасдиғини қўшиб берди.
5. Биз гапираётган келажак дунёга келсак, Худо уни фаришталарга тобе қилмади.
6. Бир оятда шундай таъкидланган: «Инсон қадри недирки, Сен уни ёдлагайсан? Одам ўғли недирки, Сен уни ардоқлайсан?
7. Сен уни малаклардан андак паст қилдинг, Иззату жамол тожини унга кийдирдинг. Ўз яратганларинг устидан унга салтанат бердинг,
8. Бор мавжудотни унинг оёқлари остига қўйдинг». Худо борлиқни одамнинг оёқлари остига қўйган бўлса, демак, унга тобе бўлмаган бирор нарса қолдирмади. Ваҳоланки, биз инсонга ҳануз ҳамма нарсалар тобе эканлигини кўрмаяпмиз.
9. Бироқ Исони эса фаришталардан бироз паст қилиниб, ўлим азоб-уқубати чекканидан сўнг, иззату жамол тожи кийдирилган ҳолда кўряпмиз. Унинг ҳамма инсон учун ўлимга дучор бўлиши Худонинг иноятли хоҳиши эди.
10. Ҳамма нарса Худо учун ва Худо орқали бор бўлган. Худо кўп ўғилларни улуғликка эриштирмоқчи бўлиб, уларнинг нажот Асосчиси – Исони ҳам азоб-уқубатлар орқали камолга эриштиришни муносиб кўрди.
11. Чунки ҳам муқаддаслик бахш этувчи Исо, ҳам муқаддаслик қабул қилувчи имонлилар ҳаммаси бир Отадандир. Бу сабабдан Исо уларни биродарларим деб чақиришдан ор қилмайди, Забурда айтганидек:
12. «Сенинг исмингни биродарларимга эълон этгайман, Жамоат ичра Сенга ҳамду санолар айтурман».
13. Пайғамбар оятида Исо ҳақида яна шундай дейилган: «Мен Худога таваккал қилурман», ва давомида: «Мана, Мен ва Худо Менга берган болалар!»
14. Болалар эт ва қондан иборат бўлганлари учун, Исо Ўзи ҳам уларга тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан даҳшат сочувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин
15. ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин.
16. Ҳар ҳолда Исо фаришталарга эмас, балки Иброҳим наслига ёрдам беради.
17. Шунинг учун У ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаб қолиши керак эди, халқнинг гуноҳлари учун Худо ҳузурида таважжуҳ қила оладиган марҳаматли ва содиқ Олий руҳоний бўлмоғи лозим эди.
18. Ўзи синовдан ўтиб азоб чеккани учун, синовдан ўтаётганларга мадад бера олади.
1. Шундай экан, эй, самовий даъватдан баҳраманд бўлган муқаддас биродарларим, имонимизнинг Элчиси – Олий руҳонийимиз Исога қаранглар!
2. Мусо пайғамбар бутун Худонинг хонадонига содиқ қолгани каби, Исо Масиҳ ҳам Уни тайин этган Худога содиқ қолди.
3. Иморатнинг меъмори иморатнинг ўзидан кўпроқ ҳурмат кўради. Худди шундай, Исо Масиҳ Мусо пайғамбардан кўпроқ улуғворликка лойиқ ҳисобланди.
4. Ҳар бир уйнинг қурувчиси бору, аммо аслида ҳамманинг бинокори – Худо.
5. Мусо пайғамбар бутун Худо хонадонидан масъул содиқ хизматкор сифатида Худонинг келажакда айтадиган каломларига замин ҳозирлади, холос.
6. Масиҳ эса Худо хонадонини Ўғил каби бошқаради. Агар биз жасоратимизни ва улуғ умидимизни охиригача маҳкам тутсак, биз Унинг хонадонимиз.
7. Мана, Муқаддас Руҳ нима деяпти: «Агар бугун Худонинг овозини эшитсангиз,
8. Чўлда, исён ва ғазаб кунида бўлганидек, Яна юрагингизни тош қилманглар!
9. У ерда оталарингиз Мени синов қилдилар, Қирқ йил ишларимни кўрган бўлсалар ҳам, Мени имтиҳон қилдилар.
10. Шунинг учун бу наслдан безор бўлиб дедим: Булар доим дилидан адашган бир қавмдир, Менинг йўлларимга риоя қилмайдилар.
11. Мен ғазабланиб, онт ичдимки: Улар Менинг фароғатимга кирмаслар».
12. Эй биродарлар, ҳеч бирингизда барҳаёт Худодан қайтган ёмон, имонсиз бир юрак бўлмаслигига диққат этинглар.
13. Ҳеч ким гуноҳнинг алдови билан юрагини тош қилмасин; «бугун» дейилгунча, бир-бирингизга ҳар куни насиҳат қилиб туринглар.
14. Агар биз аввалги эътиқодимизни охиригача маҳкам тутсак, Масиҳга шерик ҳисобланамиз.
15. Юқорида дейилгани каби: «Агар бугун Унинг овозини эшитсангиз, Исёну Ғазаб кунида бўлганидек, Юрагингизни тош қилманглар!»
16. Ўшанда Худонинг овозини эшитиб, исён қилганлар ким эди? Мусо пайғамбар шарофати билан Мисрдан чиққанларнинг ҳаммаси эмасмиди?
17. Худо қирқ йил кимдан безор бўлди? Гуноҳ қилувчилардан эмасми? Мана, уларнинг жасадлари чўлда пароканда бўлди.
18. Худо: «Улар Менинг фароғатимга кирмайди», деб кимлар ҳақида қасам ичган эди? Бўйсунмаганлар ҳақида эмасми?
19. Кўряпмизки, улар имонсиз бўлгани учун фароғат диёрига кира олмадилар.
1. Худонинг фароғат диёрига кириш ҳақидаги илоҳий ваъда ҳали ҳам мавжуд экан, мабодо сизлардан бирор киши фурсатни қўлдан бермасин, деб хавотирланамиз.
2. Чунки ўтмишдошлар каби бизлар ҳам Хушхабарни олдик. Аммо улар эшитган сўзларини имон билан қабул қилмагани учун фойдаси бўлмади.
3. Фақат биз, имонлилар, у фароғат диёрига кирамиз. Худо: «Ғазабланганимда онт ичдимки, Улар Менинг фароғатимга кирмаслар», – деб айтган. Ҳолбуки, дунё яратилганданоқ Худо тақдир этган ҳамма ишлар тамом бўлиб турибди.
4. Яратилишнинг етти куни ҳақида бир оятда бундай дейилган: «Худо еттинчи кунда қилган барча ишларидан фориғ бўлди».
5. Аммо бояги оятда: «Улар Менинг фароғатимга кирмас», – деб таъкидланган.
6. Бундан англашиладики, даставвал Хушхабарни эшитганлар итоатсизлиги учун фароғат диёрига кирмаган бўлса-да, яна баъзи кишиларга кириш учун имконият бор экан.
7. Худо ана шуни кўзда тутиб, узоқ вақтдан кейин Забурда Довуд орқали «бугун» деб яна бир кун тайин қилган. Юқорида айтилгандек: «Агар бугун Унинг овозини эшитсангиз, Яна юрагингизни тош қилманглар!»
8. Агар Наби Ясу Исроил ўғилларини фароғатга эриштирганда эди, бундан кейин Худо бошқа бир кун ҳақида гапиришига ҳожат йўқ эди.
9. Демак, Худо халқининг фароғат куни келажакка қолади.
10. Худо Ўз ишларидан қандай фориғ бўлган бўлса, Унинг фароғатига кирувчилар ҳам ўз ишларидан шундай фориғ бўладилар.
11. Шундай экан, бирортамиз ҳам бундай итоатсизликдан ўрнак олиб, йиқилиб қолмаслигимиз учун, ўша фароғатга киришга жон куйдирайлик.
12. Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг хаёлу ниятларини фош қилади.
13. Худонинг олдида пинҳон қолган ҳеч бир махлуқ йўқ, Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ ва аёндир. Ахир, биз Унга ҳисоб берамиз-ку!
14. Бизнинг улуғ Олий руҳонийимиз, яъни Арши Аълогача ўтиб борган Худонинг Ўғли Исо бор экан, тан олган эътиқодимизни маҳкам тутайлик.
15. Бизнинг Олий руҳонийимиз заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз эмас, У ҳар томондан бизлар каби васвасага солинган, лекин гуноҳ қилмаган.
16. Шундай экан, илоҳий марҳаматга ноил бўлиш ва зарурат вақтида иноят ва ёрдам олиш учун, Худонинг иноят тахтига жасорат билан яқинлашайлик.
1. Ҳар бир олий руҳоний одамлар орасидан танлаб олиниб, одамлар ўрнида Худога хизмат қилади, гуноҳлар учун Худога ҳадялар ва қурбонлар келтиради.
2. Жоҳиллар ва йўлдан озганларга у мулойимлик билан муомала қила олади, чунки ўзи ҳам заифликларга мубтало бўлиб юради.
3. Шу сабабдан халқнинг гуноҳлари учун ҳам, ўз гуноҳлари учун ҳам қурбон қилиши керак.
4. Биров бу мартабага ўзи-ўзидан эришмайди, балки Ҳорун каби Худонинг буйруғи билан эришади.
5. Шунга ўхшаб, Масиҳ ҳам олий руҳонийлик шарафини ўзлаштириб олмади, балки Худо Унга: «Сен Менинг Ўғлимсан, Сени бугун таваллуд эттирдим», – деб, Уни улуғликка сазовор қилди.
6. Шунингдек, бошқа бир жойда Худо Масиҳ ҳақида шундай деган: «Малкисидқ мартабаси бўйича Сен абадий руҳонийсан».
7. Масиҳ баданда яшаган кунларида Ўзини ўлимдан қутқаришга қодир бўлган Худога зўр фарёд ва кўз ёшлари билан сиғиниб, ялиниб-ёлворди, художўйлиги сабабидан тоати ижобат бўлди.
8. Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб-уқубат чекиб, итоат қилишни ўрганди.
9. Масиҳ шундай камолотга эришиб, Унга қулоқ солганларнинг ҳаммаси учун абадий бир нажот яратди.
10. Шу тариқа Худо Масиҳни «Малкисидқ мартабаси бўйича Олий руҳоний» қилиб тайинлади.
11. Бу ҳақда айтадиган сўзимиз кўп, аммо тушунтириш қийин, чунки қулоқларингиз оғир бўлиб қолди.
12. Вақт нуқтаи назаридан сизлар аллақачон муаллим бўлишингиз керак эди. Аммо сизларга яна Худо каломининг илк асосларини ўргатишга эҳтиёж бор. Сизларга қаттиқ озиқ эмас, сут керак.
13. Сут билан овқатланадиган ҳар бир киши эса ҳали чақалоқ, солиҳлик каломида ғўру тажрибасиздир.
14. Қаттиқ озиқ эса камолотга етганларга, яъни туйғулари яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга бўлганларга хосдир.
1. Шунинг учун Масиҳ ҳақидаги бошланғич таълимотни қолдириб, камолотга интилайлик. Тағин ўлик ишлардан тавба қилиш, Худога ишониш,
2. ғусллар, бошга қўл қўйиб дуо қилишлар, қиёмат ва абадий ҳукм ҳақидаги таълимотнинг асосини солиб ўтирмайлик.
3. Худо хоҳласа, бунга эришамиз.
4. Бир марта зиёни кўрган, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлган,
5. Худонинг хайрли каломини ва келажак оламнинг қудратларини тотиб кўрган кишилар
6. агар бундан кейин имондан қайтсалар, уларни яна тавба қилдириб тузатиш имконсиздир. Чунки бундай кишилар Худонинг Ўғлини янгидан хочга қоқиб, масхара қилган бўладилар.
7. Устига мўл-кўл тушган ёмғирни ичган ва деҳқонлар учун фойдали ўсимлик берган ер Худодан баракат олади.
8. Аммо тикану қушқўнмасни берган ер эса ярамасдир ва лаънатга қолади. Унинг охирати – ёнишдир.
9. Сизларга келсак, эй севиклилар, шундай гапиришимизга қарамай, аминмизки, сизларнинг аҳволингиз бундан яхшироқдир ва нажотга эришасизлар.
10. Чунки Худо адолатсиз эмас. У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди, Ўз азизларига қандай хизмат қилганингизни ва ҳозир ҳам қилаётганингизни ёдда тутади.
11. Орзу қиламизки, умидингиз тамоман рўёбга чиқсин, ҳар бирингиз охиригача айнимай ғайрат кўрсатинглар,
12. эринманглар, имон ва сабр-тоқат билан илоҳий ваъдаларга эришганлардан ўрнак олинглар.
13. Худо Иброҳимга ваъда берганда, Ўзидан буюкроқ бировнинг исми ҳақи қасам ича олмай, Ўз Зоти ҳақи қасам ичиб, деди:
14. «Мен сенга қут-баракат бераман, Зурриётингни бағоят кўпайтираман».
15. Иброҳим эса узоқ сабр-тоқат қилиб, илоҳий ваъдага эришди.
16. Одамлар ўзларидан буюкроқ бўлганнинг исми ҳақи қасам ичадилар. Қасам исбот ҳисоблангани учун, ҳар қандай тортишувларга хотима беради.
17. Шунга ўхшаб, Худо ҳам ваъдасини олувчиларга Ўз иродасининг бузилмаслигини очиқроқ кўрсатмоқчи бўлиб, ваъдани қасам билан кучайтирди.
18. Шундай қилиб, биз бу икки бузилмас далил билан ёлғон гапирмайдиган Худодан паноҳ топайлик, кўзимиз олдидаги умидни маҳкам ушлаб, дадил ва жасур бўлайлик.
19. Умидимиз жон лангаридай ишончли ва мустаҳкамдир, биз бу умид орқали маъбад пардасининг орқа томонига ҳам ўтиб кирамиз.
20. Ўтмишдошимиз Исо Малкисидқ мартабаси бўйича абадий Олий руҳонийимиз бўлиб, у ерга бизлардан илгари ўтиб кирган.
1. Малкисидқ Салим подшоҳи ҳамда Худойи Таолонинг руҳонийси эди. Иброҳим тўрт шоҳни тор-мор этиб қайтиб келаётганда, Малкисидқ уни қаршилагани чиқиб, уни дуо қилди.
2. Иброҳим эса унга ҳар бир нарсадан ушр берди. Малкисидқ отининг биринчи маъноси «солиҳлик подшоҳи» демакдир. Бундан бошқа у «Салим подшоҳи», яъни тинчлик подшоҳидир.
3. У отасизу онасиздир, умуман насабномасиздир. Умрининг на бошланиши, на охири қайд этилган. У Худонинг Ўғлига ўхшаш абадий руҳоний бўлиб қолади.
4. Энди бу зотнинг нақадар буюк эканлигини кўринг! Улуғ отамиз Иброҳим ҳам ғаниматларининг ўндан бирини унга берди.
5. Тавротда буюрилишича, Левий ўғилларидан руҳонийлик вазифасини олганлар халқдан, яъни Иброҳим уруғ-аждоди бўлган ўз биродарларидан ушр олишлари керак.
6. Лекин Левий аждодидан бўлмаган Малкисидқ эса илоҳий ваъдалар эгаси бўлган Иброҳимдан ушр олди-ю, уни дуо қилди.
7. Шак-шубҳасиздирки, дуо қилувчи дуо олувчидан буюкдир.
8. Оддий руҳонийлар ўладиган одамлар бўлиб халқдан ушр оладилар. Малкисидқ эса, Тавротда рамз қилинишича, мангу барҳаёт руҳоний бўлиб ушр олган.
9. Айтиш мумкинки, ушр олувчи Левий ўзи ҳам Иброҳим орқали ушр берган.
10. Чунки Малкисидқ Иброҳимни қарши олганда, Левий ҳали бобокалони Иброҳимнинг белида эди.
11. Исроил халқи Левий авлодининг руҳонийлик тартиби бўйича Тавротни қабул қилган эди. Агар Ҳорун аждодидан бўлган Левийларнинг руҳонийлик хизмати мукаммал бўлганда эди, унда яна бошқа бир аждод – Малкисидқ аждодидан бир Руҳонийнинг ўртага чиқишига қандай эҳтиёж бор эди?
12. Чунки руҳонийлик қонун-қоидалари ўзгартирилса, Тавротнинг ўзини ўзгартириш зарур бўлиб қолади.
13. Боя айтилган Руҳоний эса – Раббимиз Исодир. У бошқа бир қабилага мансуб, бу қабиладан ҳеч ким қурбонгоҳда хизмат қилмаган.
14. Раббимиз Исо Яҳудо қабиласидан келиб чиққанлиги маълумдир. Мусо пайғамбар эса бу қабила ҳақида гапирганда, руҳонийликка доир ҳеч нарса айтмаган эди.
15. Энди Малкисидққа ўхшаш бошқа бир Руҳоний – Исо ўртага чиққандан кейин, бу масала яна ҳам аниқ кўриниб турибди.
16. Исо инсоний қонун-қоидаларга риоя қилган, деб эмас, балки поёнсиз ҳаёт қудратига эга, деб руҳоний бўлди.
17. Забурда: «Сен Малкисидқ мартабаси бўйича абадий руҳонийсан», – деб таъкидланган.
18. Бундан кўринадики, аввалги қонун-қоидалар ожиз ва фойдасиз бўлгани учун, энди бекор қилинган.
19. Чунки Таврот Қонуни бирон-бир кишини ҳам камолга етказа олмаган. Бунинг ўрнига энди аълороқ бир умид майдонга келди, биз бу умид билан Худога яқинлаша оламиз.
20. Умидимиз қасамёд билан тасдиқлангани учун аълороқдир.
21. Илгари ўтган руҳонийлар қасамсиз руҳоний бўлардилар. Аммо Исо, «Худованд қасамёд қилган ва сўзидан қайтмас: Малкисидқ мартабаси бўйича Сен абадий руҳонийсан», – деган илоҳий фармон билан руҳоний бўлди.
22. Демак, Исо аълороқ бир аҳдга кафил бўлди.
23. Оддий руҳонийларнинг сони кўп эди, чунки ўлим уларнинг боқий қолишларига монелик қилар эди.
24. Аммо Исо боқий қолганлиги учун, ўтиб кетмайдиган руҳонийликка моликдир.
25. Шунинг учун Исо Ўзи орқали Худога яқинлашувчиларга нажот беришга бутунлай қодир, У ҳар доим барҳаёт бўлиб, уларга шафоат қилади.
26. Чиндан, бизларга худди Исо каби олий руҳоний керак: У муқаддас, айбсиз, нуқсонсиз, гуноҳкорлардан айрилган, осмондан ҳам юқорига кўтарилган.
27. У бошқа олий руҳонийлар каби ҳар кун олдин ўз гуноҳлари учун, кейин халқнинг гуноҳлари учун қурбонлик келтириши керак эмас. Чунки Ўзини Ўзи қурбон қилганда, буни бир мартада қилиб бўлди.
28. Таврот Қонунига биноан ожиз бандалар олий руҳонийликка тайин этилар эди. Худонинг Тавротдан кейин, Забурда берган қасамли ваъдасига биноан энди абадий камол топган Худо Ўғли тайин этилди.
1. Айтганларимизнинг асосий нуқтаси шуки, бизнинг осмонда, Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирган Олий руҳонийимиз Исо бор.
2. Ўша ерда У инсон эмас, Худованд қурган ҳақиқий Чодирда хизмат қилади.
3. Ҳар бир олий руҳоний ҳадялар ва қурбонлар келтириш учун тайин этилади. Шундай экан, Исонинг ҳам келтирадиган бир нарсаси бўлиши лозим эди.
4. Агар У ер юзида бўлганда эди, умуман руҳоний бўлолмас эди. Чунки Тавротда буюрилган ҳадяларни тақдим қилувчи руҳонийлар бор.
5. Улар Мусо пайғамбар Худодан олган кўрсатмага мувофиқ қурилган чодирда диний хизмат кўрсатадилар. Худо Мусога: «Эҳтиёт бўл, ҳар бир нарсани тоғда сенга кўрсатилган намунага мувофиқ қилгин», – деб буюрган эди. Демак, руҳонийлар хизмат қиладиган макон фақат осмондаги мавжудотнинг намунаси ва соясигинадир.
6. Лекин энди Исо аълороқ ваъдаларга асосланган аълороқ бир аҳдга кафил бўлгани учун, жуда ҳам улуғроқ руҳонийлик хизматига эришди.
7. Агар Худо қилган биринчи аҳд нуқсонсиз бўлганда эди, иккинчисига фурсат ахтарилмас эди.
8. Ҳолбуки, Худо қадимгилардан нуқсон топиб, Тавротда шундай деган: «Мана Худованд каломи: Исроил хонадони ва Яҳудо хонадони билан Мен янги бир аҳд қиладиган кунлар келяпти.
9. Бу қиладиган аҳдим эса – Мен уларнинг ота-боболари қўлидан ушлаб, Миср еридан олиб чиққанда қилган аҳдимга ўхшамагай. Зероки – Худованд деяпти: Улар Менинг аҳдимга содиқ қолмадилар Ва Мен улардан юз ўгирдим.
10. Ўша кунлардан кейин Исроил хонадони ила қиладиган аҳдим бу бўлажак, – дейди Худованд. – Қонунларимни уларнинг фикрига жо қилиб, Дилларига ёзиб қўюрман. Мен уларнинг Худоси бўлурман, Улар эса Менинг халқим бўлур.
11. Таълим бермагай яна ҳеч кимса Ўз биродарию қабиладошига: Худовандни тан олгин, – дея. – Чунки ҳаммалари, каттаю кичик Мени таниб-билади.
12. Мен уларнинг ёмонликларидан ўтиб, Гуноҳларини бошқа эсга келтирмайман».
13. Шундай қилиб, Худо «янги бир аҳд» дейиш билан қадимги аҳднинг эскирганлигини кўрсатди. Эскириб ва қариб бораётган нарса эса йўқ бўлиб кетиши муқаррардир.
1. Қадимги Аҳд даврида диний хизмат ҳақида қонун-қоидалар ҳамда дунёвий бир маъбад бор эди.
2. Бир чодир қурилган эди. «Муқаддас макон» дейилган биринчи бўлмада шамдон, хонтахта ва муқаддас бахшида нонлар бор эди.
3. Иккинчи парданинг орқасида «муқаддаслар муқаддаси» деб аталган ички бўлма бор эди.
4. Бу ерда хушбўй тутатқи тутатиладиган олтин қурбонгоҳ, шунингдек, ҳар томони олтин билан қопланган аҳд сандиғи бор эди. Аҳд сандиғи ичида манна солинган олтин идиш, Ҳоруннинг гуллаган ҳассаси ва аҳд лавҳалари бор эди.
5. Сандиқ устида қурбонгоҳга соя соладиган улуғвор малаклар бор эди. Ҳозир булар ҳақида бирма-бир гапириш мумкин эмас.
6. Шундай жиҳозланган чодирнинг биринчи бўлмасига руҳонийлар узлуксиз кириб, диний хизматларини адо этардилар.
7. Лекин чодирнинг ичкари бўлмасига эса йилда бир мартагина фақат олий руҳоний кирарди. У ўзи учун ва халқнинг ғафлатдан қилган гуноҳлари учун қон бағишламасдан, асло у ерга кира олмас эди.
8. Бу билан Муқаддас Руҳ шуни кўрсатяптики, чодирнинг биринчи бўлмаси ҳануз мавжуд экан, муқаддас маконга кириш йўли очилмаган.
9. Бу ҳозирги замон учун рамздир. Бундан кўрамизки, Худога хизмат қилувчилар ҳадялар ва қурбонлар бағишлаш орқали ўз виждонларини поклай олмайдилар.
10. Бу удумлар егулик, ичгулик ва ҳар хил таҳоратлар билан, яъни киши танаси билангина боғлиқдир, улар фақат янги тузум пайдо бўлгунгача жорий эди.
11. Энди эса бўлғуси хайр-баракаларнинг Олий руҳонийси бўлган Масиҳ пайдо бўлди. У қўл билан қурилмаган, яъни бу дунё ижоди бўлмаган буюкроқ ва мукаммалроқ чодирдан ўтиб борди.
12. Масиҳ такалар ва бузоқларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони билан муқаддас маконга бир марта кириб, бизлар учун абадий нажотни қўлга киритди.
13. Илгари такалару буқаларнинг қони ҳамда ёқилган ғунажинларнинг кули ҳаром бўлган кишиларнинг устига пуркалганда, улар жисман покланиб, муқаддас ҳисобланардилар.
14. Энди эса Масиҳ абадий Руҳиллоҳ қудратида Ўзини нуқсонсиз қурбон қилиб Худога бағишлади. Унинг тўккан қони виждонимизни ўлик ишлардан поклайди ва барҳаёт Худога хизмат қилишимиз учун имкон яратади.
15. Ана шу сабабдан Масиҳ Янги Аҳднинг воситачиси бўлди. Қадимий Аҳд даврида яшаган одамлар қилган гуноҳларидан фориғ бўлсин деб ва Худо абадий меросга даъват этганлар бунга муяссар бўлсин деб, Масиҳ Ўзини қурбон қилди.
16. Қаерда васият бор бўлса, васият қилганнинг ўлимини қайд қилиб ўтиш керак.
17. Чунки васият ўлимдан кейингина кучга киради. Васият қилувчи ҳали тирик экан, васиятнинг ҳеч бир таъсири йўқ.
18. Шу боис Қадимги Аҳд ҳам қон тўкилмасдан кучга кирмади.
19. Мусо пайғамбар Тавротни қабул қилиб, унинг ҳар бир амрини бутун халққа ўқиб бергандан сўнг, бузоқлар ва такалар қони ҳамда арғувон юнг, иссоп тармоқлари ва сув олиб, китобнинг устига ҳам, бутун халқнинг устига ҳам пуркаб:
20. «Бу – Худо сизларга буюрган аҳднинг қони», – деди.
21. Шунингдек, муқаддас чодир ва барча табаррук анжомлар устига қон пуркади.
22. Зотан Таврот Қонуни бўйича қарийб ҳамма нарса қон билан покланади, қон тўкилмасдан умуман кечирим бўлмайди.
23. Агар самовий мавжудотнинг аксигина бўлган бу нарсаларни шундай поклаш керак бўлса, унда самовий мавжудотнинг асли яна қанчалик аълороқ қурбонларни талаб қилади!
24. Ана шу мақсадда Масиҳ бизлар учун Худонинг ҳузурида ҳозир бўлди. У ҳақиқий воқеликнинг соясигина бўлган бу дунёдаги муқаддас маконга эмас, балки инсон қўли билан қурилмаган осмондаги ҳақиқий муқаддас маконга кирди.
25. Олий руҳоний ҳар йил бегона қон бағишлаш учун муқаддас маконга кириши лозим. Масиҳ эса фақат бир марта Ўз қонини бағишлаш учун самовий маконга кирди ва бу кифоядир.
26. Акс ҳолда У дунё яратилгандан бери бир неча марта азоб чекиши керак эди. Энди эса, замоннинг охирида, У одамларнинг гуноҳларини аритиш учун бир марта оламга келиб, Ўзини қурбон қилди.
27. Зотан бир марта ўлиш ва ундан кейин ҳукм қилиниш инсонларнинг тақдиридир.
28. Шунингдек, Масиҳ ҳам кўпларнинг гуноҳларини Ўз бўйнига олиш учун бир марта қурбон бўлди. Лекин У иккинчи марта дунёга келганда, яна гуноҳларни ювиш учун эмас, балки Уни кутаётганларга нажот келтириш учун осмондан тушиб келади.
1. Илоҳий Қонун бўлғуси хайр-баракаларнинг асл сурати эмас, соясигинадир. Шунинг учун йилдан-йилга мунтазам равишда айни қурбонларни келтирувчилар Илоҳий Қонун орқали камолга эриша олмайдилар.
2. Акс ҳолда, улар бу қурбонларни бағишлашни бас қилмас эдиларми? Ундай бўлганида эди, бу хизматни бажо келтирувчилар бир мартада покланган бўлар ва яна гуноҳи борлигини сезмас эдилар.
3. Ҳолбуки, қурбонлар бағишлаш билан ҳар йили гуноҳлар эсга солинади, холос.
4. Чунки буқаю такаларнинг қони гуноҳларни бартараф қилолмайди.
5. Шунинг учун Масиҳ дунёга келиб, Худога шундай деган эди: «Қурбону бағишловни Сен хоҳламадинг, Аммо Мен учун бадан ҳозирладинг.
6. Гуноҳ учун ёқиладиган қурбонлардан, Хайр-эҳсонлардан рози бўлмадинг.
7. Ўшанда Мен дедим: Ўроғлиқ битикда Мен ҳақда битилган, Хоҳишингни адо этмоқ-чун келдим, эй Худойим».
8. Тавротда қурбонликлар бағишлаш ҳақида қонун-қоидалар кўп. Шунга қарамай, Масиҳ биринчидан: «Қурбону бағишловни, гуноҳ учун ёқиладиган қурбонлар ва хайр-эҳсонларни Сен хоҳламадинг, рози бўлмадинг», – деяпти.
9. Иккинчидан эса: «Сенинг хоҳишингни адо этмоқ-чун келдим, эй Худойим», – деяпти. Бундан кўрамизки, Масиҳ иккинчи қоидани жорий қилиш учун биринчисини бекор қилди.
10. Чунончи, Худонинг хоҳиши билан Исо Масиҳ Ўз танасини бир марта қурбонликка бағишлади ва шу йўл билан бизни муқаддас қилди.
11. Ҳар бир руҳоний кун сайин Худога хизматини адо қилавериб, асло гуноҳларни йўқ қила олмайдиган ўша-ўша қурбонликларни кўп марта бағишлайди.
12. Масиҳ эса гуноҳлар учун битта қурбонлик бағишлагандан кейин, Худонинг ўнг томонида абадий ўтириб олди.
13. Ўша вақтдан бери У душманларининг Ўз оёқлари остига йиқилиб қолишларини кутмоқда.
14. У биттагина қурбонлик келтириб, ишонувчиларни муқаддас қилди ва абадий камолга эриштирди.
15. Муқаддас Руҳ ҳам бу ҳақда бизларга шаҳодат беради.
16. Биринчидан, У шундай деган: «Худованд каломи: Ўша кунлардан сўнг Мен халқим ила қиладиган аҳдим бу бўлажак: Қонунларимни уларнинг дилига жо қилурман, Ўй-фикрларига ёзиб қўюрман фармонларим».
17. Кейин У қўшимча қилиб: «Уларнинг гуноҳларию жиноятларини Мен бошқа эсга келтирмайман», – деган.
18. Демак, Худо гуноҳлардан ўтган бўлса, улар учун бошқа қурбонликка ҳожат йўқ.
19. Шунинг учун, эй биродарлар, Исо Масиҳнинг қони туфайли муқаддас маконга киришга жасоратимиз бор.
20. Исо маъбаддаги парда орқали, яъни Ўз бадани орқали бизга янги, тирик кириш йўлини очиб берди.
21. У Худо хонадони устидан масъул бўлган буюк Руҳонийимиздир.
22. Шундай қилиб, дилларимиз ёмон виждондан покланган, баданимиз эса тоза сув билан ювилган бўлиб, биз энди тўла ишонч ва эътиқод билан, чин қалбдан Худога яқинлашайлик.
23. Имон келтириб топган умидимизни иккиланмай маҳкам тутайлик. Чунки ваъда берган Худо Ўз сўзига содиқдир.
24. Бир-биримизга эътибор берайлик ва муҳаббатга, хайрли ишларга рағбатлантирайлик.
25. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, Раббимиз келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир-биримизга яна кўпроқ далда берайлик.
26. Агар биз ҳақиқатни билиб олгандан кейин, қасддан гуноҳ қилишда давом этсак, энди гуноҳларнинг кечирилиши учун бошқа қурбонлик қолмайди,
27. фақат даҳшатли интизорлик билан ҳукмни кутиш ва худобезорни куйдирадиган қизғин оташ қолади.
28. Кимки Мусонинг Қонунини рад этса, икки ё уч шоҳиднинг гувоҳлиги билан раҳмсиз ўлим жазосига маҳкум қилинади.
29. Агарда кимдир Худонинг Ўғлини оёқ ости қилса, Унинг қони билан муқаддас қилингани ҳолда бу қонни оддий деб билса, иноятли Худо Руҳини ҳақорат қилса, у яна қанчалик оғирроқ жазога лойиқ ҳисобланади, деб ўйлайсизлар?!
30. Худонинг шу каломини яхши биламиз: «Интиқом – Менинг қўлимдан, Сазосини Мен бераман, – дейди Худованд». Ва яна: «Худованд Ўз халқини ҳукм этади».
31. Барҳаёт Худонинг қўлига тушиб қолиш даҳшатлидир!
32. Аввалги кунларни эсга келтиринглар. Ўшанда сиз зиёни кўриб, азоб-уқубатлар тўла қаттиқ курашга бардош берар эдингизлар.
33. Гоҳ ўзларингиз эл-юртнинг ҳақоратига қолиб, азоб чекар, гоҳ шундай аҳволга йўлиққанларга ҳамдард бўлардингизлар.
34. Маҳбусларнинг алам-аччиғига шерик бўлардингизлар. Сизни янада яхши ва боқий бойлик кутаётганини билиб, мол-мулкингизнинг талон-тарож этилишини хурсандлик билан қабул қилардингизлар.
35. Шундай экан, келажакда улуғ тақдири бор умидингизни ташламанглар.
36. Худонинг иродасини адо этиб, Унинг ваъдасини қўлга киритиш учун сизларга сабр-тоқат керак.
37. Худо шундай деган: «Яна бироз, жуда бироздан кейин Келадиган келади ва кечикмас.
38. Солиҳ одам имони билан ҳаёт бўлур. Агарда у орқага чекинса, Жоним ундан рози бўлмас».
39. Бизлар эса орқага чекиниб ҳалок бўлмаймиз, балки имонни сақлаб, жонимизга нажот топамиз.
1. Имон – умидвор бўлган нарсаларнинг мужассамланишидир, имон билан биз кўринмайдиган мавжудотга амин бўламиз.
2. Ота-боболаримиз имон билан Худонинг розилигини қозондилар.
3. Бизлар имон орқали англаяпмизки, коинот Худонинг каломи билан бунёд бўлган, яъни кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқеликдан вужудга келган.
4. Имон билан Ҳобил Худога Қобилдан кўра яхшироқ қурбон келтирди. Ҳобил имони туфайли солиҳ киши деб қабул қилинди. Худонинг Ўзи унинг бағишловларини тасдиқлаб, ундан розилигини билдирди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, имони орқали ҳануз гапиряпти.
5. Имони туфайли Ҳанўх ўлмай, юқорига олинди. У яна топилмади, чунки Худо уни юқорига олган эди. Юқорига олишдан олдин Худо ундан розилигини таъкидлаган эди.
6. Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт.
7. Нуҳ пайғамбар имонли бўлгани учун, Худо унга келажакда юз берадиган ҳодисалар ҳақида ваҳий юборди, Нуҳ эса ўз хонадонини қутқариш учун ихлос билан кема ясади. У бу иши билан дунёни маҳкум қилди, ўзи эса имони туфайли аҳли солиҳ деб қабулга ўтди.
8. Иброҳим пайғамбар ҳам ўз имони туфайли Худога итоат қилди. Худо уни чақириб: «Насиб этадиган мамлакатга кет», деб буюрганда, Иброҳим қаерга боришини билмасдан йўлга тушди.
9. Имон билан у Худо ваъда берган ерда ўрнашди, насиб бўладиган қут-баракаларнинг ҳамворислари бўлган ўғиллари Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга ғарибларча чодирда яшади.
10. У меъмори ва қурувчиси Худо бўладиган мустаҳкам, боқий шаҳарни кутар эди.
11. Соро биби ҳам имон билан ваъда берган Худонинг садоқатига ишониб, ёши ўтса ҳам, ҳомиладор бўлишга қувват олди.
12. Шунинг учун ҳам бир одам, яъни қартайиб жонсизлашган Иброҳимдан кўкдаги юлдузлар ва денгиз соҳилидаги қум каби сон-саноқсиз насл туғилди.
13. Бу кишиларнинг ҳаммаси Худо ваъда этган баракаларга эришмай, имонли бўлиб оламдан ўтдилар. Баракани узоқдан кўриб олқадилар, ер юзида ғарибу мусофир эканликларини эътироф этдилар.
14. Кимки бундай фикрда бўлса, бир ватан излаётганини кўрсатади.
15. Агар улар айрилган ватанини қўмсаб қолганларида эди, қайтиб боришга фурсатлари бўлар эди.
16. Аммо улар янада яхшиси, яъни самовий ватанни орзу этардилар. Шунинг учун Худо уларнинг Худоси аталмоқдан ор қилмайди. Унинг Ўзи улар учун бир шаҳар ҳозирлаган эди.
17. Худо Иброҳимни синовдан ўтказаётганда, Иброҳим имон билан ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди. Ҳа, у Худодан маълум ваъдаларни олганига қарамасдан, ягона ўғлини бағишламоқчи бўлди.
18. Ваҳоланки, Худо унга: «Сенинг наслинг Исҳоқ орқали кўпаяди», – деб ваъда берган эди.
19. Демак, Иброҳим, Худо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир, деган фикрда эди. Шунинг учун ҳам у рамзий маънода Исҳоқни ўлимдан қайтариб олди.
20. Шунингдек, Исҳоқ ҳам имон билан ўғиллари Ёқуб ва Эсовни истиқболлари ҳақида дуо қилди.
21. Ёқуб эса ўлаётганида, имон билан ўғли Юсуфнинг ўғилларини бир-бир дуо қилди ва ўз ҳассасига суянганича, Худога сажда қилди.
22. Юсуф ҳам оламдан ўтай деганда, Исроил ўғилларининг Мисрдан чиқиб кетиши тўғрисида имон билан каромат қилди ва ўз суяклари ҳақида васият қилди.
23. Мусо туғилганда ота-онаси уни имон билан уч ой яширишди. Улар чақалоқнинг чиройли эканлигини кўриб, Фиръавннинг фармонидан қўрқишмади.
24. Мусо вояга етгач, Фиръавн қизининг ўғли деб аталишни имон билан рад этди.
25. Гуноҳ қилиб вақтинчалик ҳузур-ҳаловат кўришдан, Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўрди.
26. Масиҳ туфайли ҳақоратга қолишни Мисрнинг хазиналаридан буюкроқ бойлик ҳисоблади, чунки у оладиган мукофотни кўзлар эди.
27. Фиръавннинг ғазабидан қўрқмасдан, имон билан Мисрни тарк этди. У кўринмас Худони кўргандай, сабот-матонатли бўлди.
28. Сўнгра мисрлик тўнғичларни қирган Азроил исроилликларга тегмасин деб, наби Мусо имон билан Фисиҳ қурбонини сўйди ва эшикларга қон пуркади.
29. Имон билан исроилликлар Қизил денгиздан худди қуруқликдан ўтаётгандек кечиб ўтишди. Мисрликлар ҳам ўтишга ҳаракат қилгач, ғарқ бўлиб кетишди.
30. Исроилликлар етти кун Ерихо шаҳри деворлари атрофида айланиб ўтгандан кейин, имонлари туфайли деворлар қулаб тушди.
31. Имон билан фоҳиша Раҳоба ҳам жосусларни дўстона қабул қилиб олди ва кофирлар билан бирга ҳалок бўлмади.
32. Яна нималар ҳақида гапирай? Яна Гидъўн, Барақ, Шимъўн, Ифтаҳ, Довуд, Шомуил ва барча пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиш учун вақтим етарли эмас.
33. Улар имон билан подшоликларни тўнтардилар, адолатни барқарор қилдилар, илоҳий ваъдаларга эришдилар, шерларнинг оғзини боғладилар.
34. Ловуллаган оташни сўндирдилар, қилич тиғидан қочиб қутулдилар, ҳолдан тойган бўлиб қувватга кирдилар, жангда матонат кўрсатдилар, бегона қўшинларни енгиб даф қилдилар.
35. Бир неча аёллар ўз марҳумларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар. Бошқалари эса аълороқ тирилишга – қиёматга эришиш умидида юриб, қутулишни қабул қилмадилар ва азобда қолиб ўлдилар.
36. Яна бошқалари ҳақоратлар, калтакларга чидаб, зиндонларда занжирбанд бўлиб ётдилар.
37. Тошбўрон бўлдилар, қийноқларга чидадилар, арралаб иккига бўлиндилар, қиличдан ўтказилдилар. Қўй ва эчки кўни ичида сарсон-саргардон кезиб, муҳтожлик, танглик, азоб-уқубат чекдилар.
38. Чўл-саҳроларда, тоғ-тошларда адашиб, ғорларда, ернинг кавакларида фақирларча умр кечирдилар. Мана, дунё уларга муносиб эмас эди!
39. Уларнинг ҳаммаси ҳам имони бор деган тасдиққа эга бўлса-да, Худо ваъда этган қут-баракага муяссар бўлмадилар.
40. Улар бизсиз камолга эришмасин деб, Худо биз учун аълороқ баракаларни кўзда тутган эди.
1. Мана, бизнинг атрофимизни ўраб олаётган нақадар йирик шоҳидлар оломони бор экан! Шунинг учун ҳар бир оғирликни, айниқса ҳадеб пойлаб турадиган гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик, тақдиримиздаги мусобақада сабр-тоқат билан чопайлик.
2. Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога кўз тикайлик. У Ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади. Ҳозир эса У Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирмоқда.
3. Исо гуноҳкорлар томонидан қаттиқ қаршиликка учраб, сабр-тоқат қилди. Сизлар шу ҳақда фикр қилинг, токи тинкангиз қуриб, руҳингиз тушиб кетмасин.
4. Сизлар гуноҳга қарши курашишда ҳануз қон тўкилишига қадар қаршилик кўрсатмабсиз-у,
5. ўғил сифатида сизларга айтилган бу матални унутибсизлар: «Эй ўғлим, Худованднинг танбеҳига эътиборсиз қарама, У сени мазаммат қилганда сулайиб кетма.
6. Худованд севган кишининг адабини берар, Ўғлим деб билган ҳамманинг чорасини кўрар».
7. Сизлар чекаётган машаққатларга танбеҳ деб, сабр қилинглар. Худо сизлар билан ўғиллардай муомала қиляпти-ку! Қандай ўғил йўқки, отаси унга танбеҳ бермаса?!
8. Танбеҳ – ҳамманинг насибасидир. Агар сизлар бундан маҳрум қолсангиз, сизлар ўғил эмас, ҳаромзодасизлар.
9. Бизларга танбеҳ берган жисмоний оталаримиз бор эди ва уларни ҳурмат қилганмиз. Шундай экан, яшаш учун руҳларнинг Отаси – Худога итоат этишимиз янада муҳимроқ эмасми?
10. Оталаримиз ўзларига ёққандай бизга қисқа вақт танбеҳ берганлар. Худо эса Ўзининг муқаддаслигидан баҳраманд бўлишимиз учун, манфаатимиз учун танбеҳ қиляпти.
11. Ҳар бир танбеҳ ҳозирги замонда севинч эмас, қайғу бўлиб кўринади. Аммо шу тариқа тарбияланганлар учун кейин солиҳлик ва тинчлик самараси униб-ўсади.
12. Шундай экан, шалпайган қўлларингизни кўтариб, букик тиззаларингизни мустаҳкам қилинглар.
13. Оёқларингизни тўғри йўлга буринглар, яна бирон оқсоқ йўлдан тоймасин, аксинча, шифо топсин.
14. Ҳамма билан тинч-тотув яшаш ва муқаддас бўлишга ғайрат қилинглар. Муқаддасликка эга бўлмасдан ҳеч ким Раббимизни кўролмайди.
15. Диққат этинглар, бирортангиз ҳам Худонинг иноятидан маҳрум қолманг. Яна орангизда бирор аччиқ томир униб-ўсиб, оғуси кўпчиликка юқиб, заҳарламасин.
16. Ичингизда бирон зинокор, шунингдек, битта таом учун ўз тўнғичлигини сотган Эсов каби Худодан қўрқмас одам бўлмасин.
17. Билганингиздай, Эсов шундан кейин отасининг дуосига интилди, аммо рад этилди. Ҳатто кўз ёшлари билан ёлворса-да, отасининг ниятини ўзгартиришга муваффақ бўлмади.
18. Сизлар яқинлашган тоғ – сезиб бўладиган, гуркираб ёнаётган, тим қоронғиликка кўмилган, бўрон босган,
19. карнай овози янграб турган Синай тоғидай эмас. У ерда Худо каломларини эълон қилган бир товуш бор эдики, уни эшитганлар яна бир сўз айтилмасин деб ёлвордилар.
20. «Агар тоққа ҳайвон ҳам тегса, тошбўрон қилинади», деган илоҳий фармонга улар дош беролмас эдилар.
21. Бу манзара шу қадар даҳшатли эдики, Мусонинг ўзи: «Мен жуда қўрқиб титраяпман!» – деди.
22. Сизлар, аксинча, Сион тоғига, барҳаёт Худонинг шаҳри – самовий Қуддусга, лак-лак фаришталар тумонотига яқинлашгансизлар.
23. Сизлар байрам тусини олган, исмлари осмонда ёзилган тўнғичлар умматига, ҳаммани ҳукм қилувчи Худога, камолга эришган солиҳларнинг руҳларига яқинлашгансизлар.
24. Сизлар Янги Аҳднинг воситачиси – Исога яқинлашгансизлар. Ҳобилнинг қонидан кўра улуғроқ маънони ифодаловчи Исонинг қони устингизга сепилган.
25. Эҳтиёт бўлинглар, сўзлаётган Худодан юз ўгирманглар! Мусо пайғамбар Худодан ваҳий олиб, ер юзида сўзлаган эди, уни рад этган Исроил ўғиллари эса жазодан қочиб қутулмадилар. Агар биз осмондан сўзлаётган Худодан юз ўгирсак, бундан ҳам оғирроқ жазодан қандай қочиб қутуламиз?
26. Ўша вақтда Унинг овози ерни ларзага солди. Энди эса У пайғамбар оятида шундай ваъда беряпти: «Мен яна бир бор ёлғиз ерни эмас, Осмонни ҳам ларзага солгайман».
27. «Яна бир бор» сўзи эса бундан сўнг яратилган бутун ўткинчи мавжудотнинг йўқ бўлишини кўрсатади. Натижада фақат боқий мавжудот қолади.
28. Биз эса ўткинчи эмас, боқий подшоҳликка муяссар бўлганимиз учун Худодан миннатдор бўлайлик, Унга маъқул бўладиган эҳтиром ва қўрқув билан хизмат қилайлик.
29. Чунки бизнинг Худойимиз – еб тугатадиган оташдир.
1. Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар.
2. Меҳмондўстликни унутманглар; баъзи кишилар меҳмонларимни яхши кутай, деб билмасдан фаришталарни кутганлар.
3. Маҳбусларни, гўё ўзингиз ҳам улар билан бирга ҳибс бўлгандек, эслаб туринглар. Зориққанларни ўзингиз ҳам танангиз борлигини билиб, хотирланглар.
4. Никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин, ётоғингиз беғубор бўлсин. Чунки зинокорлару фоҳишларни Худо ҳукм қилади.
5. Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Қўлингизда бори билан қаноатланинглар. Чунки Худонинг Ўзи: «Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман», – деган.
6. Шунинг учун биз жасорат билан айтяпмиз: «Худованд мен томонда, мен қўрқмайман. Инсон менга не қила билар?»
7. Худо каломини сизларга гапирган бошлиқларингизни хотирланглар. Уларнинг ҳаёти натижасига қараб, имонларига эргашиб юринглар.
8. Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадий худди Ўшанинг Ўзидир.
9. Сиз турли ёт ва ғалати таълимотларга берилиб, йўлингиздан оғиб кетманглар. Юрак Худонинг инояти билан қувватланиши яхшидир, махсус таомлар билан эмас. Егулик-ичгуликка доир қонун-қоидаларга риоя қилувчилар бундан бирор фойда кўрмаган.
10. Бизнинг бир қурбонгоҳимиз борки, Шаҳодат Чодирида хизмат қилувчи руҳонийлар у ерга кириб ейишга ҳақи йўқ.
11. Илгари гуноҳларнинг кечирилиши учун олий руҳоний муқаддас маконга кириб, ҳайвон қонларини бағишлар эди. Ҳайвонларнинг жасадлари эса манзилнинг ташқарисида ёқилар эди.
12. Шунга ўхшаб, Исо ҳам Ўз қоним билан халқни муқаддас қилай, деб шаҳар дарвозасидан ташқарида азоб чекиб ўлди.
13. Энди бизлар ҳам Унинг хўрлигини ўзимизга олиб, манзилдан ташқарига – Унинг олдига чиқайлик.
14. Чунки бу ерда бизнинг доимий шаҳримиз йўқ, биз бўлғуси шаҳарга кўз тикиб юрибмиз.
15. Шундай қилиб, Исо орқали Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлайлик, яъни Унинг номи тилимиздан тушмасин.
16. Хайрихоҳлик ва улфатчиликни унутманглар, чунки бундай қурбонлар Худога мақбулдир.
17. Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар. Бу ишни эса оҳу нола билан эмас, балки севинч билан бажо келтирсинлар. Агар буни оҳу нола билан қилсалар, сизларга фойда бўлмайди.
18. Бизлар учун ибодат қилинглар. Виждонимиз тоза эканлигига аминмиз, чунки биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз.
19. Айниқса мен учун ибодат қилишингизни кўп ўтиниб сўрайман, Худо мени тезроқ сизларнинг олдингизга қайтарсин.
20. Тинчлик берган Худо қўйларнинг улуғ Чўпони – Раббимиз Исони абадий аҳднинг қони билан тирилтирди.
21. Худо Ўз мурод-мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларда бажо келтирсин, Худонинг иродасини ижро этмоғингиз учун Ўзи сизларда ҳар хил фазл-камолотни пайдо қилсин. Исо Масиҳга абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин.
22. Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, қисқагина ёзган бўлсам ҳам, бу насиҳат каломини сабр-тоқат билан қабул қилинглар.
23. Билингларки, биродаримиз Тимўтий озодликка чиқарилди. Агар у тезлик билан ёнимга келса, у билан бирга сизларни кўргани бораман.
24. Жамоат бошлиқларингизнинг ҳаммасига ва барча аҳли мўминга салом айтинглар. Италияликлар сизларга салом йўллаяптилар.
25. Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин. Омин.

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак