Инжил

Коринфликларга иккинчи мактуб

1. Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен, Павлус ила биродаримиз Тимўтий, Коринф шаҳридаги Худонинг жамоатига, шунингдек, Ахая ўлкаси бўйлаб яшовчи барча Худонинг азизларига салом йўллаймиз.
2. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин!
3. Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо, марҳаматли Ота, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин!
4. У бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз.
5. Масиҳнинг азоблари бизда қанча кўпаяётган бўлса, Масиҳнинг тасаллиси ҳам бизда шунча кўпаймоқда.
6. Агар биз ғам-қайғу чекаётган бўлсак, бу сизлар тасалли ва нажот топишингиз учундир. Ва агар биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизларнинг тасалли топишингиз учундир. Биз чекаётган қайғуларга ўзингиз ҳам йўлиққанингизда, шу билан тасалли топиб, сабр-тоқат қиласизлар.
7. Сизларга ишончимиз комил, чунки сизлар аламларимизгагина эмас, тасаллимизга ҳам шерик эканингизни биламиз.
8. Эй биродарлар, Асия вилоятида бошимизга келган кулфатлардан хабарсиз қолишингизни истамаймиз. Биз ҳаддан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада эзилдик, ҳатто соғ қолишга умидимизни йўқотган эдик.
9. Ҳа, ўлимга маҳкум бўлганимизни ўз вужудимизда сезардик. Бу шунинг учун бўлдики, биз ўзимизга эмас, балки фақат ўликларни тирилтирувчи Худога умид боғлайлик.
10. Ҳақиқатан ҳам Худо бизни шундай катта ўлим таҳликасидан қутқарди ва яна қутқаради. Ҳа, У бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз.
11. Чунки сизлар ҳам биз учун ибодат қилишда иштирок этиб келяпсизлар. Шундай кўп кишиларнинг илтижоси туфайли Худо бизга иноят кўрсатди, токи буни яна кўплар билиб, биз туфайли Худога шукр қилсинлар.
12. Бизнинг ифтихор қилишимизнинг сабаби бор, виждонимиз ҳам шундан далолат берадики, биз бу дунёда, хусусан сизлар билан бўлган муносабатимизда инсоний ҳикмат билан эмас, балки Худонинг инояти билан, муқаддаслик билан, Худога мақбул бўлган самимийлик билан ҳаракат қилдик.
13. Биз сизларга нима ёзсак, ўқиб, англаб етинглар, деб ёзамиз. Умид қиламанки, сизлар буларни охиригача англаб етасизлар.
14. Сизлар, қисман бўлса ҳам, бизни англагансизлар ва биласизларки, Раббимиз Исо Масиҳнинг оламга қайтадиган кунида биз сизнинг фахрингиз, сиз эса бизнинг фахримиз бўласизлар.
15. Шу ишонч билан, сизлар иккинчи дафъа фараҳ топинглар деб, олдинроқ сизларнинг ёнингизга келиш ниятида эдим.
16. Сизларнинг олдингиздан Македонияга ўтиш ва Македониядан яна сизларнинг олдингизга қайтиш ниятида эдим, охири сизлар мени Яҳудияга кузатиб қўяр эдингизлар.
17. Шундай ниятим бўла туриб, беқарорлик билан ҳаракат қилдиммикан? Ёки мен гоҳ ҳа-ҳа, гоҳ йўқ-йўқ дегандай, ўзбошимчалик билан ташаббус кўрсатдиммикан?
18. Худо Ўз сўзида туради, шунинг учун бизнинг сизга сўзимиз ҳам гоҳ «ҳа», гоҳ «йўқ» эмас.
19. Биз, яъни мен, Силван ва Тимўтий сизнинг орангизда Худонинг Ўғли – Исо Масиҳни тарғиб қилганимизда, буни гоҳ «ҳа», гоҳ «йўқ» деб қилмадик. Масиҳ дегани – «ҳа» дегани.
20. Чунончи Худо қанча ваъдаларни берган бўлса, улар Масиҳ шарофати билан «ҳа» дегандай, «омин» дегандай рўёбга чиқади, токи биз Масиҳ орқали Худони улуғлайлик.
21. Худонинг Ўзи бизни сизлар билан бирга Масиҳ уммати қилиб, мустаҳкам пойдеворли қилди, Ўзига ажратиб олди,
22. устимизга Ўзининг муҳрини босди, буларнинг гарови қилиб Муқаддас Руҳни юракларимизга жойлаштирди.
23. Ўз жоним ҳақи Худони шоҳидим биламан: сизларни аяганим учун ҳануз Коринфга бора олмадим.
24. Биз гўё сизларнинг имонингиз устидан ҳукмронлик ўрнатаётгандай бўляпмиз. Аслида биз қувонишингиз учун сизларга кўмаклашмоқдамиз. Чунки сизлар имонда маҳкам турибсизлар.
1. Шундай қилиб, мен кўнглимда ёнингизга яна хафагарчилик билан келмасликка қарор қилдим.
2. Агар мен сизларни хафа қиладиган бўлсам, хафа қилганларимдан бошқа кимлар ҳам мени овунтира оларди?
3. Мен ҳам олдиндан шунинг учун сизларга ёздимки, ёнингизга келганимда мени хурсанд қиладиган одамлардан хафагарчилик кўрмайин. Чунки ишончим комилки, менинг севинчим ҳаммангизнинг севинчингиздир.
4. Мен сизларни хафа қилиш учун эмас, балки сизларга бўлган чексиз муҳаббатимни сезишингиз учун чуқур қайғу ва юрак изтироби ичида ҳамда тўхтовсиз кўз ёшлари билан ёздим.
5. Агар ким хафа қилган бўлса ҳам, мени эмас, муболаға қилмасдан айтяпманки, деярли ҳаммангизни хафа қилган бўлади.
6. Хафа қилган одамга кўпчилик томонидан берилган бундай жазо етар.
7. Шунинг учун энди бу одам ҳаддан ортиқ хафа бўлмаслиги учун, уни кечириб тасалли беришингиз маъқулдир.
8. Ҳа, унга бошқатдан муҳаббат қўйишингизни илтимос қиламан.
9. Сизлар ҳар ишда итоатли бўлганингизни амалда билиш учун сизларга ёздим.
10. Бирор кишини бирор нарса хусусида кечирсангизлар, мен ҳам кечираман. Мен кимни кечирган бўлсам (агар кечирадиган бирор нарса бўлса), уни сизлар учун, Масиҳнинг ҳузурида туриб кечирдим.
11. Зинҳор шайтоннинг панд беришига йўл қўймайлик, унинг фитналаридан хабарсиз эмасмиз-ку.
12. Масиҳнинг Хушхабарини етказиш учун Троас шаҳрига келганимда, Раббим менга бир эшик очиб берган эди.
13. Шунга қарамай, руҳим тинч эмас эди, чунки биродарим Титусни у ерда топмаган эдим. Ниҳоят, у ёқдагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим.
14. Худога шукр! У бизни доимо Масиҳнинг тантанали юришида олиб бораётир ва биз орқали ҳар ерда Ўз ҳақидаги билимнинг хуш бўйларини тарқатаётир.
15. Биз халос бўладиганларнинг ҳам, ҳалок бўладиганларнинг ҳам орасида Худо шаънига таралаётган Масиҳнинг хуш ҳидимиз.
16. Бу – ҳалок бўладиганлар учун ҳалокатли ўлим ҳидидир, халос бўладиганлар учун эса яшатувчи ҳаёт ҳидидир. Бундай масъулиятга ким лойиқ?
17. Мана биз кўпчилик қилаётгандай, Худонинг каломини бозорга солмаймиз. Аксинча, Худо томонидан юборилган ва Масиҳ хизматида бўлган кишилардек, Худонинг кўзи олдида соф кўнгилдан воизлик қилмоқдамиз.
1. Ўзимизни яна тавсия этишни бошлаймизми? Наҳотки баъзиларга керак бўлгандай, сизлар учун ёки сизлардан тавсияномалар керак бўлди?
2. Бутун инсонлар томонидан тан олинган ва ўқилаётган, бизнинг қалбимизга ёзилган тавсияномамиз – мана сизларсиз.
3. Очиқ кўриниб турибдики, бизнинг хизматимиз орқали ёзилган Масиҳнинг мактуби сизларсиз. Бу сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи билан ёзилган ҳамда тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалблари бўлган эт лавҳаларга ёзилган мактубдир.
4. Биз Масиҳ туфайли Худо ҳузурида шундай ишончга сазовормиз.
5. Лекин бунга гўё ўз-ўзимиздан, ўз қобилиятимиз билан муваффақ бўлмаганмиз. Бизнинг қобилиятимиз фақат Худодандир.
6. У бизга Янги Аҳднинг хизматкорлари бўлишдай қобилиятни берди. Бу хизмат эса Қонун ҳарфи асосида эмас, Илоҳий Руҳ асосида содир бўлмоқда. Ҳарф ўлдиради, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди.
7. Таврот даврида Худога хизмат қилувчилар тошга ҳарфма-ҳарф чизилган ва гуноҳкорга мутлақо ўлим келтирадиган Қонун бўйича хизмат қилишлари керак эди. Бу хизматнинг кўрсатмаси шундай улуғворлик билан келдики, ҳатто Мусонинг нур ёғилиб турган юзига Исроил ўғиллари қарай олмас эдилар (ваҳоланки, Мусо юзининг улуғворлиги ўткинчи эди).
8. Шундай экан, Илоҳий Руҳ бўйича Худога хизмат қилиш йўли янада улуғворроқ бўлмайдими?
9. Илгари гуноҳкорни маҳкум қилган хизматнинг улуғворлиги бор эди. Энди эса гуноҳкорнинг оқланишига сабаб бўладиган хизмат бундан чандон улуғ эмасми?
10. Ҳаммадан улуғ бўлган нарса ўртага чиққандан сўнг, илгари улуғ деб билинган нарсанинг улуғлиги энди ҳечга чиқади.
11. Агар вақтинча жорий бўладиган тузум улуғворлик билан келган бўлса, унда боқий қолувчи тузум нақадар улуғворроқдир.
12. Биз бундай умидга молик бўлиб, катта жасорат билан ҳаракат қиляпмиз.
13. Мусо пайғамбар юзимнинг ўткинчи порлоқлиги тугаганини Исроил ўғиллари кўрмасин деб, юзига парда ёпган эди. Биз унга ўхшамаймиз.
14. Уларнинг зеҳнлари ўтмаслашиб кетди. Чунки бугунга қадар Қадимги Аҳдни ўқиш вақтида, ўша парда турибди. Парда кўтарилмаган, у ёлғиз Масиҳ орқали бартараф бўлади.
15. То бугунга қадар Мусонинг китобини ўқиш вақтида уларнинг юракларини парда ёпиб турибди.
16. Фақат Раббимиз Исога илтижо қилганда бу парда олиб ташланади.
17. Раббимиз – Руҳдир. Раббимизнинг Руҳи қаерда бўлса, ўша ерда эркинлик бор.
18. Биз ҳаммамиз очиқ юзимиз билан, кўзгуга қарагандай, Раббимизнинг улуғворлигига қараб турибмиз. Улуғворликдан улуғворликка ўтганимиз сари, Раббимизнинг суратига томон ўзгармоқдамиз; бу эса Раббимизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.
1. Биз Худонинг марҳамати билан бундай хизматга мушарраф бўлиб, умидсизланмаймиз.
2. Лекин сирли ва уят ишларни рад этиб, ҳийла билан ҳаракат қилмаймиз, Худонинг каломини бузмаймиз. Ҳақиқатни очиқ-ойдин қилиб, Худо ҳузурида ўзимизни ҳар бир инсоннинг виждонига тақдим этамиз.
3. Бордию Хушхабаримиз ёпиқ бўлса, у ҳалок бўладиганлар учун ёпиқдир.
4. Худонинг тасвири бўлган Масиҳнинг улуғвор Хушхабарининг нурини одамлар кўрмасин деб, бу дунёнинг тангриси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилган.
5. Биз эса ўзимизни эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз; биз – Исо йўлида сизларнинг қулларингизмиз, холос.
6. Худо ибтидода: «Қоронғуликдан нур порласин», – деб қандай буюрган бўлса, энди Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам шундай ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўзининг улуғворлигини бизга кўрсатди.
7. Бу улуғвор хазинани эса биз сопол идишларда олиб юрибмиз, токи бу олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турсин.
8. Биз ҳар томонлама жабрланамиз, лекин эзилмаймиз. Мушкул аҳволда қолдик, аммо умидимизни йўқотмаймиз.
9. Қувғинга учраймиз, лекин иложсиз эмасмиз. Ерга қулаймиз, аммо яксон бўлмаймиз.
10. Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрибмиз.
11. Бизнинг фоний баданимизда Исонинг ҳаёти намоён бўлсин деб, биз, тириклар Исо учун ҳамиша ўлимга топширилмоқдамиз.
12. Шундай қилиб, ўлим бизда, ҳаёт эса сизда амал қилмоқда.
13. Забурда: «Ишонганим учун гапирдим», – деб ёзилган. Биз худди шу имоннинг руҳига эгамиз ва ишонганимиз учун гапирамиз.
14. Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исо билан бирга тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўз ҳузурида турғизиб қўяди.
15. Буларнинг ҳаммаси сизлар учун содир бўлмоқда, токи Худонинг инояти яна кўпдан-кўп одамларга ўтсин, шу тариқа Худонинг ҳамду саноси янада ошиб, тиллардан тушмайдиган бўлсин.
16. Шунинг учун ҳам умидсизланмаймиз. Гарчи зоҳирий вужудимиз ҳар қанча хазон бўлаётган бўлса-да, ботиний вужудимиз кундан-кунга янгиланяпти.
17. Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади.
18. Чунки биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, кўзга кўринмайдиган нарсаларга қараймиз. Кўринадиганлари муваққат, кўринмайдиганлари эса абадийдир.
1. Биз биламизки, бу фоний уйимиз, бу кулбамиз хароб бўлгандан кейин, Худо бизга мангу бир уй, қўл билан қурилмаган осмондаги маконни беради.
2. Биз самовий масканимизга бурканишни соғиниб, оҳ чекиб юрибмиз.
3. Ўшанда шундай бурканган бўлиб, бошқа яланғоч кўринмаймиз.
4. Дунёвий кулбада бўлгунимизча, истибдод остида оҳ-нола чекяпмиз. Бу кулбадан чиқишни истамасак-да, самовий вужудга бурканишни орзу қиламиз, чунки ўшанда бу фонийлик боқий ҳаётга тамоман ғарқ бўлажак.
5. Айнан шунинг учун Худо бизни яратган ва бунинг гарови қилиб бизга Муқаддас Руҳни ато қилган.
6. Шунинг учун биз доимо хотиржаммиз. Биламизки, бу баданда жойлашгунимизча, Раббимиздан узоқда қолган ғариблармиз.
7. Биз кўриш билан эмас, эътиқод билан яшаймиз.
8. Ҳа, хотиржаммиз ва иложи бўлса, баданимиз ғурбатсаросидан чиқиб, Раббимиз ҳузуридаги ватанга кўчишни хоҳлаймиз.
9. Лекин хоҳ ватанда, хоҳ ғурбатда жойлашсак, Раббимизга мақбул бўлиш учун жонбозлик қиламиз.
10. Чунки ҳаммамиз баданда яшаган пайтда қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша қисматимизни олиш учун, Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлажакмиз.
11. Биз Худодан қўрқишнинг нималигини англаганимиздан кейин, бошқа одамларни ҳам Унга ишонтирмоққа тиришамиз. Худога эса биз аёнмиз ва умид қиламанки, сизларнинг виждонингизга ҳам аёнмиз.
12. Ўзимизни сизларга қайта тақдим этмаяпмиз. Лекин қалбидан кўра ташқи қиёфаси билан мақтанаётганларга тегишли жавоб беринглар деб, биз билан мақтаниш имкониятини сизларга беряпмиз.
13. Биз ақлдан оздикми? Унда бу Худо учун. Ақлли гапиряпмизми? Унда бу сизлар учун.
14. Ахир, Масиҳнинг севгиси бизни қамраб оляпти-ку! Агар ҳамма одамлар учун Биттаси ўлган бўлса, бу ҳаммаси ўлгани демак, деган хулосага келдик.
15. Масиҳ ана шу мақсадда ҳамма учун ўлди, токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки ўзлари учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасинлар.
16. Шунинг учун биз энди ҳеч кимни инсоний фикр билан қадрламаймиз. Агар Масиҳни илгари инсоний фикр бўйича билган бўлсак, бундан кейин яна бундай билмаймиз.
17. Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Қадимги ҳолат ўтиб кетди, энди [ҳаммаси] янги бўлди.
18. Буларнинг ҳаммасига Худо сабаб бўлди. У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди ҳамда одамларни Худо билан яраштириш хизматини бизга берди.
19. Ҳа, Худо Масиҳ вужудида бўлиб дунёни Ўзи билан яраштирди, одамларнинг гуноҳларини ҳисобга олмади. Бу ярашиш тўғрисидаги хабарни етказишни эса бизга топширди.
20. Шундай қилиб, биз Масиҳ учун элчилик қиляпмиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Биз Масиҳ номидан ёлворяпмиз: Худо билан ярашинглар!
21. Худо бизни Ўзига маъқул, солиҳ деб билиш учун, гуноҳни ҳеч билмаган Масиҳни биз учун гуноҳга айлантирди.
1. Худонинг ҳамкорлари сифатида, Унинг иноятини бефойда қабул қилмасликни сизлардан илтимос қиламиз.
2. Чунки Худо Тавротда шундай деяпти: «Мақбул вақтда сени эшитдим, Нажот кунида сенга ёрдам бердим». Мана энди мақбул вақт келди! Мана энди нажот куни келди!
3. Хизматимиз қораланмасин деб, ҳеч кимга ҳеч қандай халақит бермаймиз.
4. Худонинг хизматкорлари сифатида ўзимизни ҳамма соҳада ибрат қилиб кўрсатамиз: чексиз сабр-тоқатда, ғам-қайғуларда, танқисликларда, тангликларда,
5. зарбалар остида, зиндонларда, тўполонларда, заҳматларда, уйқусизликда, рўза тутишда,
6. покликда, доноликда, тўзимлиликда, меҳрибонликда, Муқаддас Руҳ кучида, самимий муҳаббатда.
7. Ҳақиқат каломини айтиб, Худонинг қудратига суяниб, ўнг ва сўл қўлда солиҳлик қуролларини тутиб юрибмиз.
8. Шараф ва иснодга, ҳақорат ва мақтовга дуч келяпмиз. Бизни алдамчи ҳисоблайдилар, аммо ҳақиқатгўймиз.
9. Номаълуммиз, аммо бизни ҳамма билади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортяптилар, аммо ўлмаяпмиз.
10. Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмизу, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғу, аммо ҳамма нарсага эгамиз.
11. Эй коринфликлар, сизлар учун тилимиз ечилди, юрагимиз кенг очилди.
12. Бизнинг кўнглимиз сизлар учун тор эмас, лекин ўзларингизнинг кўнглингиз жуда тор экан!
13. Бунинг бараварига – болаларимга гапираётгандек гапиряпман – сизлар ҳам кўнглингизни кенгроқ қилинглар-чи!
14. Имонсизлар билан нораво шериклик қилманглар. Солиҳлик билан қонунсизлик орасида қандай алоқа бор? Ёки нур билан қоронғилик орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?
15. Масиҳ билан алайҳиллаъна орасида қандай келишув бўла олади? Ёки имонли билан имонсиз орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?
16. Худо маъбади билан бутлар орасида қандай мувофиқлик бор? Сизлар эса барҳаёт Худонинг маъбадисизлар. Худо Тавротда айтганидек: «Мен улар ичра маскан қилиб, Ўрталарида юргайман. Уларнинг Худоси бўлурман, Улар эса Менинг халқим бўлур».
17. Бинобарин, Худованд яна шундай деган: «Уларнинг орасидан чиқинглар, Улардан айрилиб кетинглар, Нопокка эса қўл тегизманглар; Шунда Мен сизларни қабул қилурман.
18. Мен сизларга Ота бўлурман, Сизлар эса Менга ўғилу қиз бўлурсиз, – дейди Худованд, Сарвари коинот».
1. Эй севикли биродарларим, Худо бизга бундай улуғ ваъдаларни берган экан, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб, Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай муқаддас бўлайлик.
2. Қалбингиздан бизларга жой беринглар. Биз ҳеч кимга озор бермадик, ҳеч кимга зиён келтирмадик, ҳеч кимдан манфаат кўзламадик.
3. Сизларга таъна қилиб айтмаяпман. Чунки олдин ҳам айтганимдек, ўлишми, қолишми, сизлар бизнинг дилимиздасизлар.
4. Сизларга ишончим комил, ифтихорим катта. Қайғу-аламларимиз қанча бўлмасин, менинг дилим тасаллига тўлиб-тошади, беҳад севинаман.
5. Ҳатто Македонияга келганимиздан кейин ҳам танамизга ҳеч қандай роҳат тополмадик, аксинча, ҳар томонлама сиқилган эдик: ташқаридан ҳужумлар, кўнгилда қўрқувлар бор эди.
6. Лекин тушкунларга тасалли берувчи Худо Титусни ёнимизга юбориб, бизни овунтирди.
7. Биз Титуснинг келгани билангина эмас, балки у сизлардан топган тасалли ҳақида эшитиш билан ҳам юпаниб қолдик. Титус мен учун бўлган қаттиқ соғинчингиз, тортган оҳларингиз, кўрсатган зўр ғайратингиз ҳақида бизга хабар бергандан кейин, янада кўпроқ севиндим.
8. Шу сабабдан, мактубим билан сизларни хафа қилган бўлсам ҳам, афсусланмайман. Гарчи олдин у мактубдан қисқа бир муддат сизлар хафа бўлиб, мен пушаймон қилган бўлсам-да,
9. энди севиняпман. Хафа бўлганингиздан эмас, балки хафагарчилик сизларни тавбага келтиргани учун севиняпман. Ҳа, сиз азбаройи Худодан хафа бўлдингизлар, шунинг учун биздан ҳеч қандай зарар кўрмадингизлар.
10. Азбаройи Худо келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради.
11. Қаранглар, айнан шу сабабли, яъни сизга Худо тақдир этган хафагарчилик сабабли ўзингизни оқлаш учун сизларда қандай ғайрат пайдо бўлди, қандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай соғинч, қандай жонбозлик, қандай адолатпарварлик ҳосил бўлди! Ана шуларнинг ҳаммаси билан ўзингизни ҳалолладингизлар.
12. Ҳар ҳолда, менинг сизларга мактуб ёзишимдан мақсад айбловчи ёки айбланувчини белгилаш эмас, балки Худонинг ҳузурида сизлар биз учун қандай ихлосманд эканингизни эслатиш эди.
13. Шу йўсин биз тасалли топдик. Бу топган тасаллимиздан ташқари, Титуснинг хурсандлиги бизни яна кўпроқ қувонтирди. Чунки ҳаммангиз унинг руҳини жуда кўтарибсизлар.
14. Мен унинг олдида сизларни мақтаган эдим ва уятга қолмадим. Сизларга ҳар нарса тўғрисида ҳақиқатни гапирар эдик, Титусни мақтаганимиз ҳам ҳақиқат бўлиб чиқди.
15. У ҳаммангизнинг итоаткорлигингизни, ўзини қандай ҳурмат ва эҳтиром билан қабул қилганингизни хотирлар экан, унинг сизларга бўлган муҳаббати янада ўт олмоқда.
16. Сизларга ишончим комил, ана шундан хурсандман.
1. Энди биродарлар, Македония ўлкасидаги Масиҳ жамоатларига Худо кўрсатган иноят ҳақида сизларга билдириб қўймоқчимиз.
2. Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синовдан ўтган бўлсалар-да, жўшқин бир севинч намоён қилдилар, ўта камбағаллигига қарамай, самимий бир сахийлик кўрсатдилар.
3. Улар қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ҳам ортиқ хайр-эҳсон берганларига мен шоҳидман.
4. Улар Худо азизлари учун қилинадиган ёрдамда иштирок этишни биздан кўп ўтиниб сўрадилар.
5. Улар ҳатто умид қилганимиздан ҳам зиёдроқ қилдилар: ўзларини олдин Раббимизга, кейин, Худонинг иродаси билан, бизга бағишладилар.
6. Титус бу хайрли ишни олдинроқ бошлагани учун, буни сизнинг орангизда битириши учун уни рағбатлантирдик.
7. Сизлар ҳамма нарсада мўлсиз – имонда, каломда, билимда, ғайрату тиришқоқликда, бизга қўйган меҳрингизда... Шундай экан, бу хайрли ишда ҳам мўл бўлинглар.
8. Буни буйруқ тариқасида эмас, балки бошқаларнинг ғайрати билан муқояса қилиб, севгингизнинг ҳақиқийлигини синаб кўриб гапиряпман.
9. Чунки сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятини биласизлар: У бой бўла туриб, камбағаллигим туфайли бой бўлинглар, деб сизлар учун камбағаллашди.
10. Бу ҳақда мен сизларга фойдали бўладиган шундай маслаҳат бераман: сизлар ўтган йили бу ишни бошлабгина қолмай, роса кўнгил қўйган эдингизлар.
11. Энди бу ишни охирига етказинглар, чин кўнгилдан, қўлингиздан келганича битиришга ҳаракат қилинглар.
12. Агар ғайрат бўлса, кимда нима йўқлигига қараб эмас, балки нима борлигига қараб қабул қилинади.
13. Бошқаларга енгиллик бўлиб, сизларга эса оғирлик тушмаслиги керак, аммо барибир тенглик бўлсин.
14. Ҳозирда сизлардаги барака улардаги етишмовчиликларни тўлдирсин, бошқа вақтда улардаги барака сизлардаги камчиликларни тўлдирсин, шу йўсин тенглик бўлсин.
15. Тавротда ёзилганидек: «Кўп тўплаганда ортиғи бўлмади, Оз тўплаганда ками бўлмади».
16. Сизлар учун Титуснинг дилига бундай ғайратни жо қилган Худога шукр!
17. Мен унга илтимос қилган бўлсам-да, у ўз хоҳиши ва зўр ғайрат билан сизнинг олдингизга бормоқчи бўлди.
18. У билан бирга бутун Масиҳ жамоатларида Инжил воизи деб мақталган бир биродарни ҳам юборяпмиз.
19. Жамоатлар айниқса бу хайрли ишда ёрдам қилсин, деб уни йўлдошимиз қилиб сайладилар. Биз бу ишни Раббимизни улуғлаш учун олиб боряпмиз, шу билан ўз иштиёқмандлигимизни кўрсатишга ҳам фурсат топяпмиз.
20. Бизга ишониб топширилган бу мўл эҳсонни йиғишда биров бизга таъна қилмасин деб эҳтиёт бўлмоқдамиз.
21. Биз Раббимиз олдидагина эмас, балки инсонлар олдида ҳам ҳалол бўлишга ҳаракат қиламиз.
22. Демак, бир неча марта турли шароитда синалган ва ғайрати борлигини кўрсатган, энди эса сизларга ишончи комил бўлиб янада ғайратли бўлган бу биродаримизни бояги икки киши билан бирга юборяпмиз.
23. Титусга келганда, у менинг ўртоғим ва орангизда юмуш бажарадиган ҳамкоримдир. Бошқа биродарларимиз бўлса, Масиҳ жамоатларининг элчилари ва Масиҳнинг шон-шуҳратидирлар.
24. Шундай қилиб, жамоатлар олдида буларга муҳаббатингизни намоён қилиб, сизлар туфайли топган ифтихоримизнинг тўғрилигини исбот этинглар.
1. Азизлар учун қилинадиган ёрдам ҳақида сизларга ёзиш мен учун ортиқчадир.
2. Чунки биламанки, ёрдам беришга тайёрсизлар, шунинг учун ҳам: «Ахая аҳолиси ўтган йилдан бери тайёр», – деб Македония бўйлаб сизлар билан мақтаниб юрибман. Сизларнинг ғайратингиз туфайли кўплар ҳаракатга келди.
3. Энди сиз ҳақингизда мақтаниш беҳуда бўлиб чиқмасин ва худди айтганимдай, тайёр бўлинглар деб, биродарларни юборяпман.
4. Яна македонияликлар мен билан бирга бориб, сизларни тайёр бўлмаган ҳолда топсалар, биз уятга қолмайлик – айнан сизлар деб айтмаяпман; чунки биз шундай ишониб сизлар билан мақтаниб қўйганмиз, ахир.
5. Шунинг учун ваъда этилган ионаларни олдиндан тайёрласинлар деб, мен биродарларни ўзимдан аввал олдингизга юбориб, илтимос қилишни лозим кўрдим. Ионангиз ноҳақ солиқдай эмас, розилик билан тайёр бўлсин.
6. Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади.
7. Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Худо рози бўлиб берувчини севади.
8. Сизлар ҳамма вақт ҳамма нарсага тўла қаноат ҳосил қилиб, турли хайрли ишларга бой бўлишингиз учун, Худо сизларни ҳар хил ноз-неъматлардан бой қилишга қодир.
9. Забурда ёзилганидек: «Солиҳ қўлини очиб камбағалга садақа берар, Унинг солиҳлиги эса абадий турар».
10. Деҳқонга уруғ ва еювчига нон берадиган Худо сизларнинг экканингизни ҳам мўл қилади, бу ҳимматингизни унумли қилади.
11. Сизлар янада сахий бўлиб, ҳар жиҳатдан бойиб кетасизлар, натижада биз туфайли Худога ҳамду санолар ошиб кетади.
12. Бу муқаддас бурчнинг ижро бўлиши билан на фақат Худо азизларининг камчиликлари тўлдирилади, балки кўпчилик одамлар ҳам Худога кўпдан-кўп ташаккур айтишга сабаб топади.
13. Чунки бу хайр-эҳсонингиз сизнинг Худога бўйсунганингиздан, шунингдек, Масиҳ Хушхабарига бўлган ихлосингиз ва самимий саховатингиздан далолатдир; одамлар буни кўриб, Худони улуғлайдилар.
14. Сизлар учун ибодат қилар эканлар, Худо сизга ортиғи билан иноят берганидан қувонишиб, сизларга кўнгил қўядилар.
15. Унинг ифодалашга тил ожиз ҳадяси учун Худога шукр!
1. Мен, Павлус – шахсан орамизда бўлганда камтар, биздан узоқ бўлганда эса жасур, деб юришган мен, Павлус – Масиҳнинг мулойимлиги ва муруввати билан сизларга мурожаат қиламан.
2. Сиздан ўтиниб сўрайман, олдингизга келганимда, мени жасурона ва баландпарвоз гапиришга мажбур қилманглар! Шуни айтай, бизни ўз башарий қобилияти билангина иш қиляпти, деб ўйлаётганларнинг баъзиларига мен шундай жасоратни бемалол кўрсатарман.
3. Бизнинг ҳаётимиз бандалик бўлса ҳам, башарий куч билан жанг қилмаяпмиз.
4. Бизнинг жангдаги қурол-аслаҳамиз башарий эмас, балки қалъаларни яксон қилиш қудратига эга бўлган руҳий аслаҳалардир. Биз Худонинг қудрати билан сафсаталарни барҳам берамиз,
5. Худо билимига қарши бош кўтарган ҳар қандай баланд иддаони қуритиб юборамиз. Ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсундириб асир қиламиз.
6. Ўзларингиз ҳам тўла бўйсунгандан кейин, биз ҳар хил итоатсизликни жазолашга тайёрмиз.
7. Ташқи қиёфага қараяпсизларми? Агар ким Масиҳнинг умматиман, деб ўзига ишонса, ўз-ўзидан қиёс қилсин: у қандай Масиҳнинг уммати бўлса, бизлар ҳам худди шундай Масиҳнинг умматимиз.
8. Раббимиз бизга берган иқтидор ҳақида андак кўпроқ мақтансам ҳам, хижолат бўлмайман. Чунки бу иқтидор сизни хароб қилиш учун эмас, барпо қилиш учун берилган.
9. Мактубларим билан сизларни гўё қўрқитаётган бўлиб кўринмайин.
10. Баъзилар: «У мактубларида талабчан ва кучли, лекин шахсан заиф ва сўзи ўтмас», – деяптилар.
11. Бундай деювчилар шуни билсинки, биз узоқда, мактубларимизда қандай бўлсак, шахсан, ҳузурингизда ҳам шундаймиз.
12. Биз ўзларини намойиш қилаётганларнинг баъзилари билан ўзимизни баробар тутишга ёки қиёс қилишга журъат этмаймиз. Улар ақлсизларча ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларига ўзлари меъёрдирлар.
13. Лекин биз эса чексиз-чегарасиз мақтанавермаймиз. Биз фақат Худо тақдир этган чегара ичида мақтанамиз. Бу чегара эса сизларгача етиб борган.
14. Биз гўё сизларнинг олдингизга бормагандай, ҳаддимиздан ошмаяпмиз, чунки Масиҳнинг Хушхабарини сизнинг олдингизгача етказганмиз.
15. Биз ҳаддан ташқари бошқаларнинг меҳнати билан ҳам мақтанмаяпмиз. Лекин имонингиз комил бўла борган сари, биз ўз чегарамиздан ошмай, орангиздаги нуфузимизни яна орттирамиз, деб умид қиламиз.
16. Шундай қилиб, бегона ерлардаги тайёр ишлар билан мақтанмай, сизлардан узоқроқ жойларда ҳам Хушхабарни тарғиб қилайлик.
17. Мақтанаман деган Раббимиз билан мақтансин.
18. Ўзи-ўзини мақтаган эмас, балки Раббимиз мақтаган киши мақбулдир.
1. Кошки менинг чандон бефаросатлик қилишимга бироз бўлса ҳам сабр қилсангизлар эди! Зотан сизлар менга сабр қиляпсизлар ҳам.
2. Мен сизларни Худонинг рашки билан қизғаняпман, чунки сизларни бир пок бокира қизни ягона эрга никоҳлагандай, Масиҳга тақдим этдим.
3. Мабодо Момо Ҳавони илон ўзининг ҳийлагарлиги билан алдаганига ўхшаб, сизларнинг ўй-фикрингиз ҳам бузилиб, Масиҳга хос соддаликдан айрилиб қолмасангизлар, деган хавотирдаман.
4. Агар биров келиб, биз ваъз қилгандан бошқа бир Исони ваъз қилса, ё сизлар олган Руҳдан бошқа бир руҳни олсангиз, ёки қабул қилган Инжилдан бошқа бир хушхабарни эшитсангиз, нақадар хуш қаршилайсизлар!
5. Мен ҳам ўша «олий ҳаворийлар»дан ҳеч бир нарсада қолишмайман, деб ўйлайман.
6. Мен нутқда моҳир бўлмасам ҳам, лекин билимда моҳирман. Бу хусусда биз сизларга тамоман очиқ ва аёнмиз.
7. Мен сизларни юксалтириш учун ўзимни пасайтириб, Исонинг Хушхабарини сизларга текинга тарғиб қилиб, гуноҳ қилдиммикан?
8. Мен сизларга хизмат қилиш учун бошқа Масиҳ жамоатларига чиқим келтириб, улардан маблағ олар эдим. Орангизда бўлиб, муҳтожликда қолганимда ҳам бировга ортиқча юк бўлмадим.
9. Чунки Македониядан келган биродарлар етишмовчиликларимни тўлдирдилар. Мен ҳеч нарсада сизларга оғир бўлмасликка тиришган эдим ва тиришаман ҳам.
10. Ўзимдаги Масиҳнинг ҳақиқати ҳақи деяпман: Ахая мамлакати бўйлаб ҳеч ким бу ифтихоримдан мени маҳрум қила олмайди.
11. Нима учун шундай муносабатда бўляпман? Сизларни севмаганимданмикан? Худо билади, ундай эмас!
12. Биз билан тенг бўлишга интилаётган мақтанчоқларга йўл бермаслик учун, мен нима қилаётган бўлсам, келажакда ҳам қилавераман.
13. Бу каби одамлар – сохта ҳаворийлар, ҳийлакор хизматкорлардир, улар фақат Масиҳнинг ҳаворийлари қиёфасини оладилар.
14. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки шайтоннинг ўзи ҳам нурли фариштанинг қиёфасини олади.
15. Демак, шайтоннинг хизматкорлари аҳли салоҳ қиёфасини олсалар, ажабланмаслик керак. Уларнинг оқибати қилмишларига яраша бўлади.
16. Яна айтаман: бирор киши мени ақлсиз деб ўйламасин. Бордию шундай ўйласангиз, ҳеч бўлмаса ақлсиз каби қабул қилинглар-чи, токи мен ҳам бироз мақтанай!
17. Бундай баландпарвозлик қилиб, мен Раббим гапиргандай эмас, балки ақлини йўқотган мақтанчоқдай гапирган бўламан.
18. Модомики, кўпчилик ўзларининг инсоний фазилатлари билан мақтанаётган экан, майли мен ҳам мақтанавераман.
19. Сиз, ақллилар, ақлсизларга жон деб тоқат қиласизлар.
20. Чиндан ҳам агар бирор киши сизни асоратга солса, ҳақингизни еса, талон-тарож қилса, ўзини катта тутса, юзингизга тарсаки урса, сизлар бунга чидайсизлар.
21. Хижолатлик билан айтаманки, бизда бундай ишларга дармон етмас эди! Шундай қилиб, агар бирор киши бирон нарсада мақтанмоққа журъат қилса – ўзимни ақлсизликка солиб айтяпман – унда мен ҳам журъат этаман.
22. Улар яҳудийми? – Мен ҳам яҳудийман. Улар исроилликми? – Мен ҳам исроилликман. Улар Иброҳим наслими? – Мен ҳам Иброҳим наслиман.
23. Улар Масиҳнинг хизматкорларими? – Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман! Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга яқин юрдим.
24. Яҳудийлар томонидан беш дафъа бир кам қирқтадан қамчи едим.
25. Уч дафъа таёқ билан саваладилар, бир дафъа тошбўрон қилдилар, уч дафъа кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим.
26. Кўп дафъа саёҳатларга чиқдим. Дарёларда таҳликада қолдим, қароқчилардан таҳликада қолдим, ўз қондошларимдан ҳам, мажусийлардан ҳам таҳликага тушдим. Шаҳарда таҳлика, ёвонда таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика!
27. Меҳнат ва машаққат остида, кўп дафъа уйқусизликда, очлик ва ташналикда, кўп рўза тутиш азобларида қолдим, совуқ ҳавода яланғоч юрдим.
28. Ташқи ҳодисалардан бошқа ҳар куни одамлар йиғилиб келади, бутун Масиҳ жамоатлари ҳақида ҳам ғамхўрлик қиламан.
29. Қайси дармонсизлар билан мен толиқмаган эдим?! Қайси васвасага тушганлар учун юрагим ёнмаган эди?!
30. Агар мақтаниш менга лозим бўлса, ўз заифлигим билан мақтанаман.
31. Абадий ҳамд-санога муносиб Худо, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси биладики, мен ёлғон гапирмаяпман.
32. Мана, Дамашқда подшо Аретаснинг вилоят ҳокими мени тутиш учун Дамашқ шаҳрини назорат остига олган эди. Аммо мени сават ичида девордаги деразадан туширишди ва мен унинг қўлидан қочиб қутулдим.
1. Менинг мақтанишим ҳеч ҳам муносиб эмас, чунки энди Раббим менга аён қилган нарсаларга ва ваҳийларга келаман.
2. Масиҳга қарашли бир одамни биламан. Ўн тўрт йил олдин – баданда эдими, бадандан ташқарида эдими, билмайман, Худо билади – у одам ердан учинчи осмонга қадар кўтарилди.
3. Ҳа, бу одам ҳақида шуни биламанки, – яна баданда эдими, бадандан ташқарида эдими, билмайман, Худо билади,
4. у жаннатга кўтарилди ва инсонга гапириш мумкин бўлмаган, тилга олиб бўлмас сўзлар эшитди.
5. Бундай бир одам билан мақтансам бўлади. Лекин ўзим ҳақимда бўлса, заифликларимдан бошқа ҳеч нарса билан мақтана олмайман.
6. Шу билан бирга, агар мақтанаман десам, ақлсиз бўлмайман, чунки ҳақиқатни гапирган бўламан. Фақат бирор киши мен ҳақимда ўзимда кўрган ёки эшитгандан ортиқ фикр қилмасин, деб ўзимни тутиб турибман.
7. Менга келган одатдан ташқари ажойиб ваҳийлардан ўзимни ҳаммадан юқори тутмаслигим ва кибрланиб кетмаслигим учун, менинг баданимга бир ниш, мени ниқталайверадиган бир шайтон элчиси берилди.
8. Буни мендан йироқлаштиргин деб, уч марта Раббимга ёлвордим.
9. Аммо Раббим менга шундай деди: «Сенга берган иноятим етар, Менинг қудратим заифликда тугал бўлади». Шунинг учун, Масиҳнинг қудрати менда амал қилсин деб, янада кўпроқ, бажонидил ўз заифликларим билан мақтанаман.
10. Шу сабабдан Масиҳ учун заифликларга, озорларга, муҳтожликларга, таъқиб ва сиқувларга йўлиққанимда, қаноат қиламан. Чунки заиф бўлсам, қудратим ошар экан.
11. Мен мақтаниб, ақлсиз каби бўлдим. Аммо мени бунга сизлар мажбур этдингизлар-ку. Сизлар мени мадҳ қилишингиз лозим эди. Бордию мен ҳеч ким бўлмасам ҳам, ўша «олий ҳаворийлар»дан ҳеч кам эмасман.
12. Ҳаворийлигим моҳияти сизларнинг орангизда тугал сабр-қаноат билан, ажойиб ва қудратли мўъжизалар орқали исботлаб берилган-ку!
13. Ўзга Масиҳ жамоатларидан сизларнинг нимангиз қолишар экан? Бордию, биргина сизларга менинг оғирлигим тушмаганини айтсам... Айбим учун мени кечиринглар!
14. Мана, учинчи дафъа олдингизга боришга тайёрману, сизларга ҳеч оғирлигимни туширмайман. Чунки қўлингиздагини эмас, ўзларингизни истайман. Зотан фарзандлар ота-оналарига эмас, балки ота-оналар фарзандларига мол-мулк жамғаришлари лозим.
15. Мен эса кўп мамнуният билан мол-мулкимнигина эмас, ўз жонимни ҳам сизларнинг жонларингиз учун сарфлайман. Мен сизларни ҳаддан ташқари севар эканман, сизлар мени камроқ севишингиз тўғри бўладими?
16. Масалан, айтайлик, мен сизларга оғирлигимни туширмаган бўлсам-да, лекин алдаб, ҳийла билан сизлардан олган эканман.
17. Бироқ юборган одамларим орқали сизлардан бирор манфаат кўрдиммикан?
18. Титусдан илтимос қилиб, бошқа биродаримизни ҳам у билан бирга олдингизга юборганимда, Титус сизлардан фойдаландимикан? Бизлар бир руҳда фаолият кўрсатмаган эдикми? Бир йўлда юрмаган эдикми?
19. Биз сизларнинг олдингизда ўзимизни оқламоқчимиз, деб фикр қилмаяпсизларми ҳали? Йўқ, Масиҳ ҳақи Худонинг ҳузурида гапиряпмиз: эй севганларим, биз фақат ибрат олишингиз учун бундай ҳаракат қиляпмиз. Биз сизларнинг олдингизда ўзимизни оқламоқчимиз, деб фикр қилмаяпсизларми ҳали? Йўқ, Масиҳ ҳақи Худонинг ҳузурида гапиряпмиз: эй севганларим, биз фақат ибрат олишингиз учун бундай ҳаракат қиляпмиз.
20. Мен ёнингизга келганимда, мабодо сизларни ёқимсиз аҳволда топарман, сизлар эса мени ёқимсиз аҳволда топарсиз, деб қўрқаман. Мабодо келсаму, жанжал, ҳасадгўйлик, ғазабноклик, талаш-тортиш, бўҳтон, ғийбат, манманлик, тартибсизлик кўраманми, деган хавотирдаман.
21. Бордию яна ёнингизга келганимда, кўпчилик бурун қилган гуноҳлари – ҳаром-ҳаришлик, фаҳшбозлик, шалоқликдан тавба қилмаган бўлса, Худойим мени олдингизда ерга урмасин, сизлар учун мотам тутиб йиғламайин.
1. Мен энди учинчи дафъа ёнингизга боряпман. Ахир, Тавротда ёзилганидек: «Икки ёки уч шоҳиднинг ҳар қандай гувоҳлиги қатъий бўлади».
2. Шундай қилиб, мен иккинчи дафъа ёнингизда бўлганимда огоҳлантирган эдим. Энди эса ғойиб бўлсам ҳам, ёзиб огоҳлантиряпманки, агар яна олдингизга борсам, олдин гуноҳ қилган одамларнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳеч бирини аямайман.
3. Сизлар-ку мен орқали Масиҳ сўзлашига далил излаяпсизлар. Мана, Масиҳ сизларга нисбатан заиф эмас, У орангизда Ўз қудратини намойиш қилмоқда.
4. Гарчи У заифлик ҳолатида хочга михланган бўлса-да, Худонинг қудрати туфайли тирикдир. Шунга ўхшаб, биз Масиҳнинг заифлигига шерик бўлсак ҳам, сизларни деб Худонинг қудрати туфайли Масиҳнинг ҳаётига ҳам шерикмиз.
5. Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар: Исо Масиҳ ичингизда эканини билмаяпсизларми? Билмасангизлар, мақбул эмассизлар.
6. Биз эса номақбул эмаслигимизни биласизлар, деб умид қиламан.
7. Сизлар ёмон иш қилмаслигингизни Худодан тилаймиз. Мақсадимиз ўзимизни мақбул деб кўрсатиш эмас. Аксинча, бордию биз мақбул кўринмасак ҳам, сизлар яхши иш қилсангиз бўлди.
8. Зотан ҳақиқатга қарши туришга кучимиз етмайди, ҳақиқат йўлида эса куч-қувватлимиз.
9. Бизлар заиф, сизлар эса қувватли бўлганингиздан севинамиз. Зотан, тилагимиз сизларнинг комил бўлишингиздир.
10. Шунинг учун мен ҳали келмай туриб, шуларни ёзяпман, токи келганимда Раббим менга берган иқтидор билан қаттиқ чораларни ишга солмайин. Мен бу иқтидорни хароб қилиш учун эмас, барпо қилиш учун олганман.
11. Шундай қилиб, биродарларим, яхши қолинглар. Комил бўлишга ғайрат қилинглар. Панд-насиҳатга қулоқ солинглар. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар, тинчликни сақланглар. Шунда севги ва тинчлик берган Худо сизлар билан бўлади.
12. Муқаддас ўпич билан саломлашинглар. Худонинг барча азизлари сизларга салом йўллаяптилар.
13. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти, Отамиз Худонинг севгиси ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳаммангизга ёр бўлсин! Омин.

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак