Сторми Омартиан. Ўсмир ибодатининг кучи - (3-боб) Китоб Ўзбек тилида
O‘smir ibodatining kuchi (Stormi Omartian) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи нимада? Нима учун мен ибодатга муҳтожман?
1-боб. Эй Худойим, Сени билишим учун менга ёрдам бер
2-боб. Эй Худойим, олдинги хатоларимдан халос бўлишимга ёрдам бер
3-боб. Эй Худойим, бошқаларни кечиришни менга ўргат
4-боб. Эй Худойим, солиҳларча иш тутишга мени ўргат
5-боб. Эй Худойим, аҳмоқона таъсирларга қарши туришим учун менга ёрдам бер.
6-боб. Эй Худойим, ўз фикрларимни бошқаришга мени ўргат
7-боб. Худойим, Сенинг Каломингни тушунишга мени ўргат
8-боб. Эй Худойим, тенгдошларим таъсиридан халос бўлишимга ёрдам бер
9-боб. Эй Худойим, одамлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни менга ўргат
10-боб. Эй Худойим, ҳаётим давомида Сенга ҳамду сано айтишга мени ўргат
11-боб. Эй Худойим, ҳаётимда Сенинг мақсадингни тушунишимга ёрдам бер
12-боб. Эй Худойим, тўғри танлов қилишим учун мени доноликка ўргат
13-боб. Эй Худойим, салбий эмоциялардан қутулишимга ёрдам бер
14-боб. Эй Худойим, ҳаётимда васвасалар билан курашувимга ёрдам бер
15-боб. Эй Худойим, ҳаётимнинг қийин лаҳзаларида кучли бўлишимга ёрдам бер.
16-боб. Эй Худойим, ўзимни бехатар ҳис қилишим учун ёрдам бер
17-боб. Эй Худойим, ҳаётбахш сўзларни гапиришга мени ўргат
18-боб. Эй Худойим, имконсиз нарсага ишонишни менга ўргат
19-боб. Эй Худойим, ҳаётим учун Сенинг хоҳиш-иродангни билишимга ёрдам бер
20-боб. Эй Худойим, Сен мен учун тайёрлаган меросни қўлга киритишимга ёрдам бер
3-боб. Эй Худойим, бошқаларни кечиришни менга ўргат
Гарчи онам менга нисбатан шафқатсиз бўлган бўлса ҳам, отам жуда меҳрибон эди. Масиҳий бўлганимдан кейин онамни кечиришим кераклигини тушундим. Бу қадамни ташлашимга тўғри келди, чунки мен ўтмишим чангалидан озод бўлишни истардим. Орадан кўп йиллар ўтгач, мен онамдан ташқари бошқа одамларни ҳам кечиришим кераклигини тушуниб олдим.
Бир куни имонда кучли бўлган бир дугонам билан суҳбатлашиб қолдим. Дугонамга, ҳаётим худди бир жойда туриб қолганга ўхшайди, бундан қаттиқ хафа бўламан, деб дардимни айтдим. Дугонам менга шундай жавоб берди: “Отангга нисбатан гина сақлаганинг учун шу аҳволга тушиб қолгансан.” Мен унга: “Ҳеч қандай гина сақлаганим йўқ, отам менга доим меҳрибон бўлиб келган”, деб жавоб бердим.
“Бу ҳақда Худодан сўра”, — дея маслаҳат берди дугонам.
Ўша куни кечқурун мен Худога шундай савол билан мурожаат қилдим: “Эй Худойим, айт–чи, юрагимда отамга нисбатан хафалик борми?”
Мен, юрагимда отамга қарши асло хафалик йўқлигини Худо тасдиқлайди, деб кутган эдим. Аммо кутилмаганда, шуни сездимки, юрагимнинг тубида отамдан хафа эканман, чунки у ҳеч қачон менга ёрдамга келмаган, ҳеч қачон калтафаҳм онамдан ҳимоя қилмаган, мени ҳеч қачон омборхонадан озод қилмаган, у ердан олиб чиқмаган. Руҳий хаста онам менга шу қадар шафқатсиз муносабатда бўлишига отам йўл қўйиб бергани учун, мен ич–ичимдан отамдан хафа эдим, уни қаттиқ айблар эдим, аммо ўзим буни англай олмасдим.
Мен ўша куни отамни кечирганимдан кейин, ўзимда аллақандай енгилликни ҳис қилдим. Шундан кейин ҳаётимда ҳақиқий ўзгаришлар бошланди: ҳаётим тўғри йўлда бораётганини ҳис қилдим. Худо мени фаоллаштираётганини сездим. Агар биз одамларни кечирмасак, хафаликка юрагимиздан ўрин берсак, биз бир жойда қотиб тураверамиз, олға силжимаймиз.
Одатда, кимни кечирмаганимизни юрагимиз тубида билиб турамиз. Ўша одам дилимизни кўп оғритгани учун уни кечиришни истамаймиз. Биз ундан адолатли қасос олмоқчи бўламиз, аммо охир–оқибатда биз ўзимизни бахтсиз ҳис қиламиз.
Агар сизнинг шундай муаммонгиз бўлса, уни Худо олдида тан олинг. Шуни билингки, бошқа одамни кечириш уни оқламайди, балки сизни озод қилади. Бу дегани — сизнинг кечиримингиз унинг қилмишларини йўқ қилмайди, унинг гуноҳини ювмайди. Сиз шунчаки ўша одамни қўйиб юборасиз ва ҳаётда олға юра бошлайсиз. Акс ҳолда, бир жойда қотиб қоласиз, аянчли аҳволга тушасиз.
Айрим ҳолларда кимдандир хафа эканлигимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Биз ўша одамни, кечирдик, тамом, деб ўйлаймиз, аслида ундай эмас. Қалбингизда хафалик йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун мен қилган ишни қилинг — Худога ибодат қилиб, Ундан ўзингиз ҳақингиздаги ҳақиқатни очишни сўранг. Шундай деб айтинг: «Эй Худо, мен бирорта одамни кечирмаган бўлсам, менга Ўзинг кўрсат”. Сизни хафа қилган ёки сизга катта зарар келтирган одамнинг қиёфаси тасаввурингизда пайдо бўлганда, ўша одамни кечирмаганингизни Худо олдида эътироф этинг ва Худодан, мени бундан халос қилгин, деб сўранг. Кечирмасликнинг оғир юки елкангиздан тушганда, сиз жуда катта енгилликни ҳис қиласиз.
МЕН ИБОДАТ ҚИЛДИМ, ХУДО МЕНГА ЖАВОБ БЕРДИ: менинг онам билан муносабатларим жуда ёмон эди, аммо мен ибодат қилдим, шундан кейин муносабатларимиз тикланди (16 ёш).
- Тўғри қарор қабул қилиш керак
«Нафрат» — биз маълум вазиятда қўллайдиган ниҳоятда салбий сўз; лекин кўпинча биз кимдандир нафратланганимизни тан олишни ҳам хоҳламаймиз. Айнан шу томони билан нафрат кечиримдан фарқ қилади. Агар биз бирор одамни кечиришдан бош тортсак, бу туйғу ичимизда нафратга айланади. Натижада бу ҳолат руҳий носоғломликка олиб келади ва атрофдагиларни биздан бездириб қўяди.
Исо бу масалага жуда қатъият билан ёндашган эди. У шундай деган: «Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар» (1 Юҳанно 3:15). У яна шундай деган: «Ибодат қилиб турганингизда бировда гинангиз бўлса, уни кечириб юборинг, токи осмондаги Отангиз ҳам сизларнинг гуноҳларингизни кечирсин» (Марк 11:25).
Келинг, бу масалага ойдинлик киритайлик. Исо айтадики, бошқа бировни кечирмайдиган одам қотил билан баравардир, ундай одам абадий ҳаётдан умид қилмасин ва Худонинг кечиримидан ҳам умид қилмасин. Мен шундай деган бўлардим: агар “кечириш” ва “кечирмаслик” ўртасида танлаш керак бўлса, биринчи вариант иккинчисига нисбатан анча яхши.
Биз кечиришдан бўйин товлаганимизда, зулматда юрамиз (1 Юҳанно 2:9–11). Шу боис ҳеч нарсани кўрмаймиз, юрган йўлимизда қоқиламиз. Қилган хатоларимиз тўғрисида соғлом фикр юритиш қобилиятидан маҳрум бўламиз, заифлашамиз ва бахтсиз бўлиб қоламиз. Атрофдаги одамлар буни кўрадилар, чунки нафрат юзимизда акс этиб туради, сўзларимизда ва хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлади. Одамлар буни кўрадилар, бу ҳодисанинг моҳиятини англамасалар ҳам, сиз билан бирга ўзини ноқулай сезадилар.
Биз кечирганимизда бу ўзимизга ҳам, атрофдагилармизга ҳам ижобий таъсир қилади.
МЕН ИБОДАТ ҚИЛИШГА ҚИЙНАЛАМАН, ҚАЧОНКИ:
- Менга ибодатларим фақат уйнинг шипига етиб боргандай туюлганда;
- Менинг юрагимга гапираётган Худонинг овозини эшитмаганимда;
- Бирон муаммо ҳақида қандай ибодат қилишни билмаганимда;
- Бегона одамлар олдида ибодат қилганимда;
- Худодан узоқлашганимда (13 – 15 ёш).
Кечиримни ўз оиласидан бошлаш лозим
Ўз яқинларингиздан нафратланиш жуда осон, чунки улар сиз билан кўп вақт ўтказадилар, сизни ҳаммадан яхши биладилар. Ҳа, бизга кўпроқ кўнгилсизлик келтирадиганлар ҳам ўшалардир. Айнан шунинг учун ҳам яқинларимизни кечирмаслик ўзимизга катта зарар етказади. Шу боис, кечирим ўз хонадонимиздан бошланиши керак.
Биринчи навбатда, ота–онани кечириш лозим. Бу ҳақда Муқаддас Китобда ниҳоятда аниқ ёзилган. Ўнта амрдан бешинчиси қуйидагича: «Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен, Эгангиз Худо, сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади» (Чиқиш 20:12). Отага ва онага ҳурматсизлик ҳаётингизни қисқартиради ва мазмунсиз қилади. Ота–онани кечирмасдан туриб, уларни ҳурмат қилиш мумкин эмас.
Оилангиздаги вазият қандай бўлишидан қатъий назар, ота–онангиз қандайлигидан – биологик ёки ўгай эканлигидан қатъий назар, уларни кечиришингиз ва ҳурмат қилишингиз шарт. Агар ота–онангиз вафот этган ёки узоққа кўчиб кетган бўлса, сизни ташлаб кетган бўлса, сиз уларни кечиришингиз янада муҳим. Мен бир қизни биламан: у ажрашиб кетган ота–онасини кечиришига тўғри келди. Ёки яна бир бошқа қизнинг онаси кўп саёҳат қилишга кетиб, қизини бувисининг қарамоғига қолдиргани учун, қиз онасини кечириши керак эди. Гарчи онаси қизни яхши кўришини билса ҳам, қиз онасини кечириши осон бўлмади, чунки қиз онаси йўқлигида ёлғизликни бошдан кўп кечирди.
Мен бир йигитни биламан: отаси онасини, фарзандларини ташлаб кетди. Уйга қайтиб келмаган бўлса ҳам, ўша йигит отасини кечиришига тўғри келди. У бундан кўп азоб чекди, чунки у, отам мени яхши кўрмайди, деб ўйларди. Кейинроқ ота ўғли билан ярашмоқчи бўлган эди, ўғил отаси билан алоқа қилишдан воз кечди. Йигит бу кўнгилсизликни кўтариб юрди ва бу кўнгилсизликдан воз кечишни истамади. Бир неча йил ўтгандан кейин эса ўғил отасини кечирди, бугунги кунда улар жуда аҳил. Афсуски, нафрат одамларни кўп йиллик бахтли ҳаётдан маҳрум қилади.
Яна бошқа бир йигитни биламан: йигитнинг онаси ўғлини доим қарғаб юрар эди, унга кескин ва танқидий гапларни доимо айтиб юрарди. У шунинг учун онасини кечириши керак эди. Аммо йигит онасини кечира олмади, шу сабабдан у бир умр бахтсиз бўлиб юрди. Менинг онам ҳам юзимга заҳарли сўзларни сочар, доимо мени ношуд, ҳеч нарса қўлидан келмайдиган латта, деб ҳақорат қиларди. Фақат онамни бу сўзлари учун кечирганимдан кейингина, унинг башоратларига ишонишни бас қилдим ва Худо мен учун тайёрлаган порлоқ истиқболни қўлга киритдим.
Мен ҳам онамни кечиришим кераклигини билардим, чунки Худога итоаткор бўлишни хоҳлардим. Аммо уни бир марта кечириб, уни қайта–қайта кечириш заруратидан қутулмадим. Узоқ йиллар давомида қалбимда нафратнинг қатламлари устма–уст қалашиб бораверди, шу боис онамнинг сўзлари ҳақида оғир хотираларни эслаганимда, ҳар сафар уни кечиришимга тўғри келарди. Охир–оқибатда буларнинг ҳаммасидан тамомила қутулдим.
Бугун бир одамни кечириб, эртага бу муаммодан халос бўламан, деган хаёлга борманг. Гап шундаки, кечириш лаёқати сиздан ҳар куни талаб этилади. Сиз нима ҳис қилишингиздан қатъий назар бу танловни амалга оширишингиз шарт. Агар сиз, кечирим ўзидан ўзи келади, деб ўйласангиз, бир умр кутишингизга тўғри келади. Сиз қалбингиздаги хафалик ва нафратни Худо олдида тан олишингиз ва сизни хафа қилган одамни кечиришингиз шарт, бунинг учун Худодан ёрдам сўранг. Шундай кейин ўз ҳаёт йўлингизда эркин олға ҳаракат қилиш имкониятига эга бўласиз.
ХУДОГА МЕНИНГ ИБОДАТИМ: мен биринчи марта Сенга ёрдам сўраб мурожаат қиляпман. Мен васвасага бериляпман, Менга ишонишим мумкин бўлган Мададкор керак. Агар Сен ёрдам бермасанг, мен яна ёмон йўлга кириб кетаман, аммо буни мен истамайман. Илтимос, бугун бардош беришим учун менга куч ато қил (17 ёш).
МЕН ҚУЙИДАГИ МУҲИМ МАВЗУЛАР УЧУН ИБОДАТ ҚИЛЯПМАН:
- Худо мени кечириши учун;
- Сиёсий муаммолар учун;
- Худо мактабдаги машғулотларимни марҳаматлаши учун;
- Кундалик муаммоларим учун;
- Одамлар билан бўлаётган муносабатларим учун (13–15 ёш).
Сиз қачон кечиришингиз мумкин
Кечириш ҳар доим ҳам осон эмас, аммо баъзан кечирим асло имконсиздай туюлади, чунки сизга етказилган оғриқ чидаб бўлмас даражада эди. Агар сиз, тортган азобларим туфайли айбдорни кечира олмайман, деб ўйласангиз, Худодан ёрдам сўранг. Кимдир сизни ҳақоратлаган, сизга қўполлик қилган ёки орқангиздан ёмонлаган бўлса, уни кечира олишингиз учун Худодан куч сўранг. Ўша одамни кечириш сизга имконсиздай туюлса ҳам, Худо сизга ёрдам беради, сиз уни кечира оласиз. Сиз бошқа одамни кечирар экансиз, уни Худонинг қўлига Унинг ҳукмига топширасиз. Аслида кечирим қасоснинг энг яхши кўринишидир, чунки кечирим сизни нафрат тузоғидан халос қилади ва сиз учун Худонинг марҳаматларига йўл очади.
Шуни ёдингизда тутингки, кечириш фақат ўзингизга боғлиқ. Кечирим — сизни хафа қилган одам ўз айбини тан оладими, йўқми, у кечирим сўрадими, йўқми — буларга боғлиқ эмас. Акс ҳолда биз ҳеч қачон ҳеч кимни кечира олмаган бўлардик. Аслида биз ҳар қандай одамни, бизга қандай ёмонлик қилганидан қатъий назар, кечира оламиз.
Баъзан ўзимизни ўзимиз кечиришимиз керак, баъзан эса Худони — агарда Уни бирон нарсада айбласак — кечиришимиз лозим. Худодан, юрагимда шунга ўхшаш туйғулар яширинмаганми, агар яширинган бўлса, менга кўрсат, деб сўранг. Ҳеч қандай нафрат ёки кечиримсизлик Худо сиз учун тайёрлаб қўйган баракатларнинг йўлини тўсмасин. Бунга асло йўл қўйманг.
Нима бўлганда ҳам
Тўрт юз тўқсонта! Ҳа, биз бир кун ичида бошқа одамни ана шунча марта кечиришимиз керак. Бутрус Исодан сўради: “Ҳазрат, агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, уни неча марта кечирай? Етти мартами?” “Сизларга шуни айтай: етти марта эмас, — деди Исо, — балки етмиш карра етти марта” (Матто 18:21–22).
Сиз бировни қанча талаб қилинса, шунча марта кечиришингиз зарур. Шунда Худо мамнун бўлади.
Исо бу мавзуда бир масал айтиб берган эди. Бир одам хўжайинидан катта пул қарз экан. Бироқ хўжайин ўша қарздан кечибди. Қарздан қутулган хизматкор эса аксинча йўл тутибди. У ўзидан озгина пул қарз бўлган бир камбағал шеригини қарзини тўлай олмагани учун зиндонга қаматибди. Хўжайин бу ҳақда эшитиб, шундай деди: «Эй ярамас хизматкор! Менга ёлворганинг учун барча қарзингдан кечдим. Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?!»
Хўжайин шундай ғазабландики, хизматкор ҳамма қарзини тўламагунча, уни қийноққа солди. Исо деди: «Хуллас, агар сизлар биродарингизни чин кўнгилдан кечирмасангиз, осмондаги Отам сизларни ҳам шу кўйга солади» (Матто 18:35). Бу жуда жиддий огоҳлантириш. Биз Исони таниганимиз учун, У бизнинг катта қарзимиздан кечган. Шунинг учун бошқаларни кечирмасликка бизнинг ҳаққимиз йўқ. Худо айтади: «Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечирганидай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар» (Эфесликларга 4:32). Агар биз кечирмасак, ўз нафратимизнинг қурбони бўламиз.
Ҳаётимиздаги энг қимматли ва доимий нарса икки асосга таянади: Худога бўлган севги ва одамларга бўлган севги. Худони севиш атрофдагиларни севишга қараганда осонроқ, аммо Худонинг кўзи олдида булар тенг қийматга эга бўлган тушунчалардир. Кечириш севгининг энг ёрқин ифодаларидан биридир. Албатта, бизга зарар келтирганларни ёки бизни хафа қилган, ё бизга ёмон муносабатда бўлганларни кечириш қийин. Аммо Худо бизга, душманларингизни севинглар, деб амр беради, биз Унинг хоҳишини бажаришга ҳаракат қилганимизда, У бизни баркамол қилади (Матто 5:48).
Биз бошқаларни кечирганимизда, Худога бўлган севгимизни намоён қиламиз. Кечириш қалбингизни ва ақлингизни очади, Худонинг севгисини ҳис қилишингизга имконият беради, Худо сиз учун тайёрлаб қўйган истиқболга йўл очади.
МЕН ҚУЙИДАГИ ВАЗИЯТЛАРДА КЎП ИБОДАТ ҚИЛАМАН:
- Қийин вазиятга тушиб қолганимда;
- Оиламда муаммо пайдо бўлганда ёки касал бўлиб қолганимда;
- Менга донолик керак бўлганда;
- Ғамгин бўлганимда ёки йиғлаганимда;
- Руҳимда тинчлик бўлганда (16–19 ёш).
Ибодатнинг кучи
Эй Худойим, Сен гуноҳларимни кечиргансан, ўша кечиримни бутун борлиғим билан тушунишни менга ўргат, токи мен ҳам бошқаларни кечира олайин. Мен илгари одамларни кечирмаганим учун, ўзимни кечира олайин. Агар ҳаётимдаги бирон воқеада Сени айблаган бўлсам, менга аён қил, токи Сенинг олдингдаги гуноҳларим учун тавба қилайин.
Мени хафа қилганлар учун ибодат қилишни менга ўргат, токи уларга нисбатан юрагим юмшасин. Агар кимдир ўз юрагида мени кечирмаса, ўша одам билан менинг ўртамдаги зиддиятни қандай бартараф қилишни менга кўрсат. Ўша одамнинг юрагини Сен менга нисбатан юмшатгин, деб ибодат қиламан.
Эй Худойим, юрагимда отамга ёки онамга нисбатан бирор хафалик ҳали ҳам бор бўлса, менга кўрсат. Қачон керак бўлса, ҳар сафар ҳамма оила аъзоларимни кечиришимга ёрдам бер. Кечирмаслик, нафрат ёки бошқа бирор гуноҳ мени Сендан ажратиб туришини истамайман. Кечиримсизлик Сенинг баракатларинг учун ғов бўлмасин. Менинг ҳаётимда Сенинг хоҳиш–ироданг бажо бўлсин. Исо номи билан ибодат қиламан.
Сўзнинг қудрати
«Бошқаларни ҳукм қилманг, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. Бошқаларни айбламанг, шунда Худо ҳам сизни айбламайди. Бошқаларни кечиринг, шунда Худо сизни кечиради» (Луқо 6:37).
«Аммо биродаридан нафратланган одам зулматдадир. У зулматда юриб, қаерга кетаётганини билмайди, чунки зулмат унинг кўзларини кўр қилган» (1 Юҳ. 2:11).
«Агар сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди» (Матто 6:14–15).
Ибодат мавзусида бундан кейинги ўйлар
1. Худога ибодат қилинг, У сизга кечиришингиз керак бўлган одамни кўрсатсин. Ибодатингизни ёзинг. Агар Худо сизга кимнидир кўрсатса, ибодат қилиб, бу одамни бутунлай кечиришимга ёрдам бер, деб Худодан сўранг.
2. Дилозорларни кечиришга энг самарали йўллардан бири улар учун ибодат қилишдир. Ўша одам сизни қачон хафа қилган бўлишидан қатъий назар, у учун ибодат қилинг. Ибодат матнини ёзинг.
3. Худога ибодат қилиб, сиздан норози бўлиб юрган одамни кўрастишини илтимос қилинг. Ибодат матнини ёзинг. Муносабатларингиз тикланиши учун Худодан ёрдам сўранг.
Книга на Узбекском языке: - Сила молящегося подростка (Сторми Омартиан)
Познай силу молитвы. Измени свою жизнь. Изменяй мир.
Ты сомневаюсь в том, что Бог слышит твои молитвы? Тебе кажется, что они растворяются в воздухе, не достигая небес? Ты думаешь, что твои молитвы вряд ли способны что-то изменить?
Автор этой книги убеждает в том, что молитва способна изменить не только обстоятельства, но и жизнь в целом. В двадцати главах книги рассказывается о том, как...
- научиться ходить Божьими путями;
- избавиться от негативных эмоций;
- строить добрые отношения с людьми;
- освободиться от давления сверстников;
- стать светом для окружающих.