Джош Макдауелл. Саботли инсон - (14-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Ўн тўртинчи боб. Битирув курси
Уитон коллежининг президенти, Биринчи жаҳон уруши фахрийси доктор Реймонд Эдмен коллежимизда ҳам руҳий, ҳам академик соғлом муҳит муҳимлигини ҳаммадан яхши биларди. У Эквадорда кечуа ҳиндулари орасида миссионер ҳам бўлган эди. У бу лавозимга ўтиргач, «Руҳий куч ҳафталиги»ни жорий қилди, бу ҳафталик ўқув календарининг ажралмас қисми эди. Бизнинг курсимиз битиришига навбат келганда, келгуси ҳафталарда бизнинг асосий нотиғимиз Ричард Халверстон бўлди. У ҳам Уитон коллежининг собиқ битирувчиси, Мериленд штатидаги Бетесда Тўртинчи пресвитериан жамоатининг чўпони эди.
— Сизлар бу мамлакатнинг энг ёрқин, истиқболи порлоқ ёшларининг вакилларисизлар, — деб бизга мурожаат қилди доктор Халверстон бу ҳафтадаги охирги нутқида. — Аммо сизлар Худога итоат қилармикансизлар? Ишаё китобининг 6–бобида айтилгани сингари, Худонинг даъватини эшитишни истайсизларми?
Яқинда очилган «Эдмен–чепел» залида лиқ тўла талабалар нафасларини ичига ютиб, унинг ҳар бир сўзини тингларди. Мен аудиториянинг ўртасида Дик Пернел ва Фрэнк Кифер билан бирга ўтирган эдим. Доктор Халверстоннинг бу сўзлари мени жунжиктириб юборди. Унинг қўнғироқ овози сингари гулдираган сўзлари минбардан жарангларди:
— Бугун мен бу залда инженер деган унвонга сазовор бўлганларни кўриб турибман. Тўғри, сизлар ўз ишингизни яхши биласиз. Сизлар математикани, физикани яхши кўрасизлар. Ҳатто математик тенгламалар тушларингизга кириб чиқади. Аммо бор истеъдодингизни Худонинг оёқлари остига ташлашга розимисизлар? Бугун бу ерда мен врачларни… бизнесменларни.. кўриб турибман, муаллимларни ва мусиқачиларни кўряпман. Аммо сизлар қандай фаолиятни танлаганингиз муҳим эмас, дўстларим. Ўз истеъдодингизни қурбонгоҳга келтиришга тайёрлигингиз ва розилигингиз муҳим. Ишаё китобининг 6–бобидаги Раббийнинг даъватига ким лаббай деб жавоб беради? Ким ўз истеъдодини қурбонгоҳга қўйиб, Эгамизга: «Мана, мен, мени юбор!» деб айта олади?
Мен курдошларимга назар солиб чиқдим. Улар бирин–кетин ўринларидан туриб, саҳнага чиқдилар, улар ўзларининг ҳаётини ва истеъдодини Худонинг хизматига бағишлашга қарор қилган эдилар. Бир талаба логарифмик линейкасини чўнтагидан чиқариб, уни доктор Халверстоннинг оёқлари остига ташлади. Тиббиёт факультетида ўқиган Дик ўрнидан туриб, менинг ёнимдан суқилиб ўтди, унинг ортидан Фрэнк. Бир талай талабалар ўтиш жойини тўлдирдилар. Мен ҳам ўрнимдан турдим, аммо оёғимни қўлимга олиб, қочиб қолмаслик учун аранг ўзимни тутиб, билдирмасдан эшикка томон йўналдим.
Кейинроқ дўстларим мени топганларида, хонамда бошимни адёлга буркаб, каравотимда ётган эдим.
— Сизларга нима керак? — деб бақириб юборишдан аранг ўзимни тийиб сўрадим.
— Аҳволинг жойидами? — деб сўради Дик. Мен жавоб бермадим.
— Джош, сенга нима бўлди? — деб яна сўради у.
— Боринглар–э, мени тинч қўйинглар! — деб бақирдим.
Улар мени тинч қўйишди, улар мендан узоқлашаётганини қадам товушларидан эшитдим. Қоронғу тушгандан кейин, ўрнимдан туриб, кампус бўйлаб сайр қилмоқчи бўлдим. Уитон марказидаги кечаю кундуз ишлайдиган кафега кирганимда, ярим тун бўлган эди. «Чарчадим», — дедим ўзимга–ўзим. Битта кофе озлик қилади. Бу жисмоний чарчоқ эмас эди. Мен муғомбирликдан чарчаган эдим. Доктор Халверстоннинг сўзлари асло калламдан чиқмасди: «Ишаё китобининг 6–бобидаги Раббийнинг даъватига ким лаббай деб жавоб беради? Ким ўз истеъдодини қурбонгоҳга қўйиб, Эгамизга: “Мана, мен, мени юбор!“ деб айта олади?»
Ҳар қандай масиҳий сингари, мен ҳар сафар, Худо сенинг истеъдодингдан ва қобилиятингдан Ўз шуҳрати учун фойдаланади, деган гапни эшитар эдим. Аммо мен Худога нимани таклиф қила оламан — навбатдаги муваффақиятсизликними? Бу номувофиқлик ҳақида мен ўзимга ўзим ҳисобот берардим. Кўпчиликка мени келажакда ёрқин истиқбол кутаётгандай бўлиб туюларди. Мен яхши ўқидим, ўқитувчиларимдан бири, сендан биринчи даражали юрист чиқади, деб айтган эди. Балки, бўлиши мумкин. Аммо мен биринчи даражали масиҳий бўла олдимми? Ҳаётимда асло тузатиб бўлмайдиган нарсалар кўп. Мен қалбим тубида ўзимни номуносиб деб ҳис қилардим, айниқса, дудуқланиб гапиришим ва грамматик хатоларга йўл қўйишим ўзимга бўлгани ишончни йўққа чиқарарди. Мен жинсий ва жисмоний зўравонлик чандиқларини, ҳаётимнинг ҳамма соҳаларига салбий таъсир қилган оилавий парокандалик лаънатини ҳамон кўтариб юрардим. Булар барча яқин муносабатларимда акс этиб турарди. Гарчи мен бу яраларни ва нуқсонларни бошқа одамлардан яширишни яхши ўрганиб олган бўлсам ҳам, ўзимдан яшира олмас эдим! Мен ойнада ўз аксимга диққат билан қарашим керак эди. Ҳа, чўпон Логан, сиз ҳақсиз. Масиҳийча ҳаёт — бу марафон, бор кучимни сарф қилиб югуришим керак. Аммо мен ортиқ югура олмайман.
Мен кафедан чиқиб, кўчада мақсадсиз тентираб юравердим. Куз ўртаси яқинлашиб қолган эди, кузнинг тоза салқин нафаси ҳавони тўлдирган эди. Мен кетавердим, кетавердим. Аммо қаёққа бораётганимни ўйламасдим. Қуруқ барглар оёқларим остида шитирлар, гўё эсдаликлар, васвасалар ва гуноҳлар хотираларини қўзғатаётгандай бўларди. Буларнинг ҳаммаси, Масиҳ мени Ўзига гўё жисмоний куч билан жалб қилганда, мен имонга келиб сувга чўмганимда аллақачон кўмилгандай эди. Мендаги туйғулар шундай эдики, мен ўзимни гўё бир умрга лаънатлангандай ҳис қилардим, ўша ҳиссиётларим чидаб бўлмас оғирлик билан мени эзарди. Ягона бир умидим қолган эди. Ишқилиб, мен Худонинг даъватига жавоб бермаганимни отам билмасайди, деб умид қилардим.
Эҳ, қанийди, чўпон Логан ҳозир ёнимда бўлганда эди. Бундай вазиятда нима қилиш кераклигини у биларди. У менга бамаъни маслаҳат берган бўларди. Аммо у ёнимда йўқ. Мен унинг меҳрибон боқишларини, синчков нигоҳини эсладим. Бу сафар унинг нигоҳи туганмас дард ва ҳамдардлик билан тўлгандай туюларди.
Тахминан соат тўртлар эди, мен Юнион–стрит кўчасида ёниб турган чироқ остида тўхтадим. Шу лаҳзада Хушхабардаги бир воқеани эсладим. Ўша воқеада бир бола очликдан азоб чекаётган оломонни тўйдириш учун бир неча балиқ ва нон таклиф қилган эди. (Юҳанно 6:1–13 га қаранг). Мен ўзимни ўша боладай ҳис қилдим. Фақат битта фарқ бор эди — менинг ҳаётимда мўъжиза юз бермаган эди. Исо ўша боланинг бешта арпа нони ва иккита балиғи билан бутун бир оломонни тўйғизган эди. Менинг бор–будим ва иқтидорим эса нимага ҳам ярар эди?
— Худойим, — деб гапирдим кутилмаганда ўзимга ўзим, — Сенга хизмат қилишни юрагимнинг туб-тубидан истайман, аммо Сенинг оёқларинг остига нимани қўя оламан? Менда Сенга таклиф қиладиган арзигулик ҳеч нарса йўқ. Мен алоҳида қобилиятим билан ажралиб турмайман, ўтмишимнинг чуқур яралари ҳали битмаган. Аммо Сен хоҳласанг, мана шу жой ҳозироқ, шу тонг саҳарда қурбонгоҳ бўлсин. Мен ўзимнинг ҳамма қусур ва камчиликларимни шу қурбонгоҳга қўяйин. Худойим, мен барча нуқсонларимни Сенга беряпман. Сен менинг кучимни ололмайсан, чунки менда куч йўқ. Сен менинг истеъдодимни ололмайсан, чунки менда алоҳида истеъдод ёки қобилият йўқ. Барибир… агарда Сен истасанг, Худойим… агар Сен менинг заифликларимни, тубанликларимни олишни истасанг ва Ўзингни улар орқали юксалтиришни хоҳласанг, эй Худойим, Сенга бутун умрим давомида, охирги нафасим қолгунча хизмат қилишга ваъда бераман.
У ерда қанча турганимни ва яна нималар ҳақида ибодат қилганимни билмайман. Фақат шарқ томонда тонг отаётганидан дарак берувчи осмонни ёриб келаётган ёруғликнинг тиниқ тарам—тарам йўлларини эслайман, холос. Мен кампусга қайтдим. Гуноҳнинг даҳшатли юкидан ва лаънатларидан фориғ бўлган эдим, мен янги кунни кутиб олишга тайёр эдим. Мен яна югуришда иштирок этишга тайёр бўлдим.
Тахминан уч ҳафталардан кейин олдимда турган руҳий марафон учун зарур тайёргарликни берадиган одамни учратдим.
* * *
Билл Брайт, ҳақиқатан, харизматик шахс бўлиб, куч–қувватга тўла одам эди. У Исо Масиҳнинг Иккинчи марта келишидан олдин бутунжаҳон миқёсида Хушхабарни ёйиш миссиясига жон–жаҳди билан киришган эди. У мамлакат бўйлаб сафари давомида Уитондаги талабалар жамоатида сўзга чиққан, талабаларни «Campus Crusade for Christ» ташкилоти билан таништирган ва шу жамиятга кўнгиллиларни йиғган эди. Бу ташкилотга Билл Брайт бир неча ўн йиллар олдин асос солган эди. Энди биз, тахминан ўнтача одам, талабалар кафесида у ҳақда ва унинг ташкилоти ҳақида кўпроқ билиш истаги билан ёниб, унинг атрофида тўпланиб ўтирардик.
— Мен сизларга ҳозир тушунтирадиган нарса нафақат сизнинг ҳаётингизни ўзгартиради, балки сизнинг йўлингизда учрайдиган ҳар бир одамнинг ҳаётини ўзгартиришга қодир, — деди у бизга. Биз Билл Брайт атрофига тиқилишиб ўтирганимизда, у қоғоз салфетка чиқарди ва костюмининг ички чўнтагига ручка олгани қўл суқди. — Дунёдаги жамики одамларни уч тоифага бўлиш мумкин. Бу аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдай тегишли, аммо тушунтириш содда бўлсин деб, уларни «инсон» деб атаймиз. Демак, бу оддий бир инсон, унинг ҳам танаси, ҳам руҳи бор.
У салфеткага бирин–кетин қилиб учта доира чизди. Доиралар ичига биттадан стул чизди.
— Табиий инсондан бошлаймиз, — деди учта доирадан биринчисини кўрсатиб ва стулнинг устига «мен» сўзини ёзди. — Табиий инсон ўзини тахтга ўтқазади.
Мистер Брайт доиранинг ташқи томонига «хочча»ни чизди. У гапини давом эттирганда, шуни тушундимки, бу «хочча» эмас, балки Исони гавдалантирадиган хочнинг ўзи эди.
— Бундай инсон дунёга мансуб инсондир, у Исони ўз ҳаётига киритмайди, — деди у хочни кўрсатиб, — эҳтимол, бу инсон ҳеч қачон Раббимиз Исо ҳақида эшитмагандир ёки эшитган бўлса Уни ўзининг Нажоткори сифатида рад қилгандир. Хуллас, Масиҳ бу инсоннинг ҳаётида йўқ.
Жаноб Брайтнинг бармоғи иккинчи доирани кўрсатди:
— Мана бу башарий инсон, — деди у яна стулнинг устига «мен» сўзини ёзар экан, аммо хочча бу сафар доиранинг ичида, стулнинг пастида эди.
— Дунёвий инсон сингари, башарий инсон ҳам ҳаётининг тахтида ўзи ўтиради, — деб давом этди жаноб Брайт. — У масиҳий бўлса ҳам, самара келтирмайди. У масиҳийча ҳаёт билан яшаш учун ўз кучига таянади. Масиҳни у бир четга суриб қўйгани учун, номуносиб ҳаёт кечиради.
Жаноб Брайт қаҳвадан хўплаб, учинчи доирадаги стул устига хочни чизди:
— Қолган учаласидан фарқли равишда руҳий инсон Масиҳни ўз ҳаётининг тахтига ўтқазади, — жаноб Брайт яна қўлига ручкасини олиб, тахтнинг тагига «мен» сўзини ёзди, — у ўз башарий табиатини марказий ўриндан олиб ташлайди. У Муқаддас Руҳнинг мукаммаллигини қамраб олади ва Масиҳдаги ғолибона ҳаёт билан яшайди. Аммо битта савол қолади: агар мен сизлардан, Муқаддас Руҳ қудратига қандай эга бўлиш мумкин, деб сўрасам, нима қилиш кераклигини биласизларми?
— Менимча, биринчидан, Масиҳ ҳаётимнинг тахтида ҳақиқатан ҳам ўтиришига ишонч ҳосил қилишим керак, — деди Фрэнк.
— Баракалла! — деди жаноб Брайт, — сизларнинг орангизда баскетбол ўйнайдиганлар бўлганда эди, бундай ҳолда чиқиш позициясини эгаллаш керак деб айтган бўларди.
У стол атрофида ўтирганларга кўз югуртириб чиқди:
— Қани, қайси бирингиз менга Муқаддас Руҳнинг самарасини санаб берасиз? — Биз ҳали оғзимизни очишга ҳам улгурмасдан, Дик Пернел бирин-кетин санаб кетди: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч, мулойимлик ва ўзини тута билиш (Галатияликларга 5:22–23 га қаранг)
«Ҳа, дўстгинам, маҳоратингга қойил, ўзингни кўз–кўз қилишни яхши кўрар экансан», — деб хаёлимдан ўтказдим.
Жаноб Брайт илҳомланиб боши билан тасдиқлади:
— Биз Масиҳни ҳаётимизнинг тахтига ўтқазганимизда ва Муқаддас Руҳдан, бизни тўлдиргин, деб сўраганимизда, айнан бу сифатлар биринчи ўринга чиқади ва Муқаддас Руҳ бизни тўлдиришда давом этади.
— Тўлдиришда давом этади, дедингизми? — деб қайта сўрадим.
— Муқаддас Руҳ, ўғлим, сени тўлиб–тошиб тўлдиришни истайди. Ахир, Муқаддас Руҳ билан сизлар ҳали кўп иш қилишларингиз керак, ҳаммаси олдинда турибди! — деди у гуруҳимиздагиларга бир–бир қараб чиқди. Биз унинг навбатдаги сўзларини кутиб, нафасимизни ичимизга ютиб кутардик.
— Йигитлар, мен Оклахомаликман, бизнинг ўлкаларда доимо нефть излаб, ерни бурғилайдилар. Техас штатининг овлоқ бир қишлоғида бир чорвадор яшар эди. У кексайиб, мол боқмай қўйибди, ўзининг ранчосида эртадан–кечгача ўтирар, ҳеч ким ундан хабар олмай қўйганди. У вафот этгандан кейин, унинг ерига нефть қидириш компанияси келибди, бурғилашса, нефть чиқибди. Нефть шунчалик кўп эканки, қария молбоқарнинг ҳамма ёғи олтинга кўмилиб кетиши мумкин экан. Нефть гўё ер бағрида яшириниб ётган хазинадай эди. Молбоқар ҳар куни ўша хазина устида ўтирар эдию, аммо ниманинг устида ўтирганини тасаввур ҳам қилмаган. Бечора қашшоқ бўлиб ўлиб кетди. Муқаддас Руҳнинг кучи ҳам айнан ўша нефтга ўхшайди. Агар сиз Масиҳга тегишли бўлсангиз, Муқаддас Руҳ сизни тўлдиради, фавворадай сиздан отилиб чиқиш имкониятини кутади… худди қудуқдан нефть фаввора бўлиб отилгани сингари! Аммо сиз Унинг куч-қудратига уланишингиз керак. Буни эса фақат ибодат орқали қилишингиз мумкин.
Жаноб Брайт менга қаради:
— Нима дейсан? Муқаддас Руҳни олишни истайсанми?
— Ҳозирми?
— Худди шундай, ҳозир.
— Истайман, жаноб, жуда зўр бўларди.
Жаноб Брайт стол атрофини айланиб юриб, ҳар биримизга ўша саволни берди. Ҳар ким «ҳа» деб жавоб берди, кейин биз бошимизни қуйи туширдик, жаноб Брайт ибодат қилди:
— Азиз Отажон, биз Сенга муҳтожмиз. Шу вақтгача биз ўз ҳаётимизни ўзимиз бошқардик ва бунинг оқибатида Сенга қарши гуноҳ қилдик, биз бу гуноҳларимизни тан оламиз. Сен Масиҳ туфайли гуноҳларимизни кечирганинг учун, Сендан миннатдормиз. Сенга шукрлар айтамиз. Энди ҳар биримиз имон орқали Исони ҳаётимизнинг тахтига таклиф этамиз. Раббимиз Исо, қалбимизда Ўзингга муносиб ўринни эгалла. Биз сендан яна ишонч орқали сўраймиз: Сен Ўз Каломингда ваъда берганингдай, Муқаддас Руҳ билан бизни лиммо–лим тўлдир. Сенга миннатдорчилик билдирамиз, Сенга ҳамду санолар айтамиз. Масиҳ номи билан. Омин.
— Омин, — деб ҳаммамиз бирваракайига жавоб бердик.
— Энди чуқур нафас олинглар, — деди жаноб Брайт ўзи ҳам чуқур нафас олди. Ҳаммамиз нафас олдик. — Энди нафасни чиқаринглар.
Ҳаммамиз биргаликда нафас чиқардик. У машқни қайтарди:
— Чуқур нафас олиб, Муқаддас Руҳга тўлинглар, — деди у, — гуноҳларингизни эса нафас билан чиқариб ташланглар. Гуноҳларингиздан бутунлай қутулинглар. Роҳатбахш Муқаддас Руҳни қабул қилинглар.
У жим қолиб, ҳаммамизга қараб чиқди:
— Муқаддас Руҳ — бу Шахсият. Ҳар доим буни ёдингизда тутинг. У бизга тасалли беришга, бизга насиҳат қилишга, ернинг нариги четигача Унинг гувоҳлари бўлишимиз ва Унинг куч–қудратидан баҳраманд бўлишимизга келган. Энди, жаноблар, Нью–Йорк поездига улгуришим керак. Сизлар билан кўришганимдан жуда хурсандман. Имоним комилки, баъзиларингиз билан биз яна бир неча марта кўришамиз.
— Биз учун ибодат қилганингиздан миннатдормиз, — дедим мен ўрнимдан тураётиб. Сўнг унинг қўлларини қаттиқ қисдим.
— Мамнуният билан қабул қиламан… — мен исмимни айтишимни кутиб у бир оз жим қолди.
— Джош. Джош Макдауэлл.
Жаноб Брайт самимий равишда бош ирғитди:
— Нафас олишни унутиб қўйма, Джош.
— О, буни ҳеч қачон унутмайман!
— Тананг билан қандай нафас олсанг, руҳинг билан ҳам худди ўшандай нафас олишинг керак. Бу — бир марта нафас олдингми, бўлди, тамом, эсингдан чиқди, дегани эмас. Ундай бўлиши керак эмас. Нафас олиш узлуксиз — бугун, эртага ва ҳар куни давом этиши керак. Буни доимо, умрнинг охиригача қилиш керак. Тушуняпсанми?
— Тушундим, жаноб. Бу худди марафонга ўхшайди, шундай эмасми?
Жаноб Брайт қизиқиш билан менга қаради, сўнг чемоданчасини олиб, кафетерийдан чиқди ва темир йўл вокзали томонга кетди.
Campus Crusade for Christ (ингл.) — 1951 йили Билл Брайт асос солган «Кампус Крусейд» ёки «Масиҳ учун талабалар ҳаракати» — тарж. изоҳи
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.