Джош Макдауелл. Саботли инсон - (9-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Тўққизинчи боб. Саёҳат давом этади
Кембридж ва Оксфорд университетлари кутубхоналарида скептикларнинг асарлари билан танишдим. Ўша скептиклар кейинчалик масиҳий бўлиб кетган эдилар. К. С. Люьиснинг «Шунчаки масиҳийлик» ва «Мўъжизалар» китобларига қўшимча равишда, инглиз ёзувчиси Альберт Генри Росс Фрэнк Морисоннинг «Тошни ким сурган» китобини ўқиб чиқдим. Бу китоб 1930 йили Фрэнк Морисон тахаллуси билан биринчи марта нашр қилинган эди. Мени қизиқтирган нарса шу бўлдики, унинг бу китоби кичик очеркдан ўсиб чиққан экан. У бу китобини Тирилишни рад қилиш мақсадида ёзган экан.
Мен Оксфорддаги Бодлиан кутубхонасининг ўқув залида юмшоқ стулда ўтирар эканман: «Менга бу масала жуда ҳам таниш», — дедим ўзимга ўзим. Китоб яхши ёзилган, шунинг учун тез ўқиб чиқдим. Мени, айниқса, Морисоннинг хулосаси таъсирлантирди: «Каминаи муаллифнинг ҳисоблашича, Ҳаворийларнинг Имон Рамзидаги «Учинчи куни ўликдан тирилди» деган пункт чуқур ва ишончли тарихий асосга эга. Шунинг учун бу пункт борасида қанчалик мунозара давом этмасин, барибир, бу ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди». Морисоннинг китоби менинг эътиборимни тортди.
Мен, гарчи истамасам-да, обрўли муаллифларнинг асарларини ўқиганимда, улар билан ҳисоблашишимга тўғри келди. Масалан, лорд Литтлтон ва Гилберт Уэст шулар жумласидан эдилар. 1740-йилларда ҳар иккаласи ҳам Оксфорд университетида профессор эди. Иккови ҳам: «масиҳийлик — мезон ҳиссидан маҳрум бўлган эртак» деб айтган эдилар. Шу билан бирга, улар бу афсонага тамомила барҳам бериш учун ишга киришишга қарор қилдилар. Литтлтон Тарслик Шоул масиҳийликка асло юз бурган эмас, деб исботлашга бутун диққатини жалб қилди. Айни пайтда Уэст Масиҳнинг тирилиши ёлғонлигини исботлашга киришди.
Маълум вақт ўтгач, улар ўз топилмаларини солиштириш учун учрашдилар. Шуниси ҳайратланарли эдики, ҳар бири тамомила тескари хулосага келган эканлар! Шундан сўнг иккови ҳам Масиҳнинг чинакам издошига айланибдилар. Қуйидаги сўзлар Лорд Литтлтонники: «Ақли расо одам биттагина авлиё Павлуснинг имонга келиши ва ҳаворийлиги ҳақида фикрласа масиҳийликка тан беради. Масиҳийлик — Илоҳий Ваҳий эканини рад эта олмайди».
Менинг эътиборимни жалб қилган яна бир Оксфорд профессори Томас Арнольд бўлиб, машҳур кўп жилдлик «Рим тарихи»нинг муаллифи эди. Томас Арнольд тарих факультетининг декани бўлиб, масиҳийликка нисбатан шубҳа билан қараб келган скептик одам эди. Тадқиқотлари натижасида у шундай ажойиб сўзларни ёзган эди:
Кўп йиллардан бери қадимги тарихни ўрганиб, ўтмиш замонлар воқеалари ҳақида ёзганларнинг гувоҳликлари ишончлилигини тадқиқ этдим ва тарозига солиб кўрдим. Инсоният тарихида Масиҳнинг хочдаги ўлими ва Унинг тирилиши батафсил ёритилган бўлиб, ҳар томонлама асослангандир. Мен бу каби ниҳоятда яхши исботланган тарихдаги бошқа бирорта воқеани билмайман.
Ниҳоят, Гарвард университетининг ҳуқуқ бўйича фахрий профессори ва масиҳийликнинг машҳур душмани доктор Саймон Гринлифнинг ҳаётини ва асарларини ўргандим. Ўн тўққизинчи аср давомида унинг уч томлик «Исботланган ҳуқуқ тўғрисида трактат» (A Treatise on the Law of Evidence) китоби барча юрист талабаларнинг доимий қўлланмаси бўлиб қолди. Бу асар Америка юриспруденциясининг классик асари сифатида шуҳрат қозонди. Ниҳоятда моҳир лектор, доктор Гринлиф кўпинча маърузалари давомида масиҳийлик устидан куларди. Аммо кунларнинг бирида унинг талабаларидан бири профессорга, Масиҳнинг тирилишига нисбатан ўзингиз ишлаб чиққан далиллар қонунини татбиқ қилиб кўрмайсизми, деб таклиф қилди. Ўша талаба докторни кўндиргач, Гринлиф ниҳоят, «Суд муассасаларида татбиқ этиладиган исботли ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тўрт хушхабарчи юзасидан тадқиқот» деган узундан-узоқ номли китобини ёзишга киришди.
Гринлиф мавжуд ҳамма ахборотларни синчиклаб текшириб шундай хулосага келди: Хушхабарларда баён қилинган воқеаларнинг ўзи далил вазифасини ўтайди. У шундай деб ёзган эди: «Агар Исо ўликдан тирилмаганда эди, ҳаворийлар хушхабарни ақл бовар қилмас жасорат ва жўшқин имон билан тарғиб қила олмаган бўлар эдилар».
Мен ён дафтарчамга айрим қайдларни ёзиб: «Буларнинг ҳаммаси, албатта, яхши, — деб ўйладим. Сўнг китобни нари суриб қўдим. Доктор Гринлиф буюк мутафаккир эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. — Аммо қандай қилиб у ёки бошқа ҳар қандай одам, ҳақиқатни биламан, деб ишонч билан тасдиқлай олади?»
Мен тамадди қилиб олиш учун кутубхонадаги кафетерийга кирмоқчи бўлдим, ойнали витрина олдидан ўтаётганимда, Муқаддас Китобга кўзим тушди. Бу китобни Гуттенберг 1455 йили нашр қилган эди. Лотинча матн менга тушунарсиз эди, барибир, китоб саҳифаларидан кўзимни узолмадим. Бирдан калламда саволлар чарх уриб айлана бошлади. Умуман олганда, ҳақиқат ўзи борми? Уни топиш мумкинми?
Кембриджда ва Оксфордда беш кун бўлиб, поезд билан Манчестерга йўл олдим, яна бир юз йигирма беш миль йўл босишим керак эди. Мен яна бир ваъдани бажаришим керак эди. Манчестерга келиб, биринчи қилган ишим Оксфорд стрит кўчасига борадиган йўлни сўрашим бўлди. Бу ерда Джон Райланд университети кутубхонаси бор эди. Кутубхонанинг қоровуллари шунчалик илтифотли эканларки, мени Юҳанно Хушхабари парчаси қўйилган ойнали витринагача кузатиб қўйдилар. Бу парчани кўришимни жаноб Кобби менга тавсия қилган эди. Бу парча иккинчи асрнинг бошларига тегишли бўлиб, Юҳанно, яъни «Исо севган шогирд» (Юҳ.21:7) ёзган сўзларини ўз ичига олган экан.
Грекча матн ёнида таржимаси ҳам берилган эди:
Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади.
— Ҳақиқат ўзи нима? — деб сўради Пилат. Шундай деди–ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди.
— Мен Ундан ҳеч қандай айб топмадим, — деди уларга
Юҳ. 18:37–38
Бу таржимани ўқишим учун икки секунд вақт кетди. Аммо бир соатдан ҳам кўпроқ вақт давомида мен ўша ойнали витрина олдида туриб қолдим, бу пайтга келиб музей ёпиладиган вақт ҳам бўлиб қолган эди. Қандайдир оғир юк елкамдан босиб, бир қадам ҳам юришимга имкон бермас эди. Мени витрина олдига олиб келган қоровул яна менга яқин келиб, елкамдан ушлади ва чиқиш эшиги томонга етаклади.
Мен апил-тапил тамадди қилиб, қолган вақтимни Манчестер кўчаларида тентираб ўтказдим. Мен шундай ўйлардим: Тирилишни рад қилиш ҳақидаги уятсизларча қасд қилганим ва Келлога коллежидаги масиҳийларни жойига ўтқазиб қўйиш ҳақидаги фикрларим ўзим тахмин қилгандан ҳам анча жиддийроқ тус олди.
Авлиё Бутрус майдони томонга ўтар эканман: «Сен нимани исбот қилишга уриняпсан, ўзи?» — дея овоз чиқариб сўрадим ўзимдан ўзим. Мен шу майдондаги талабалар меҳмонхонасида тўхтаган эдим. Ёмғир майдалаб ёға бошлади, сийрак туман атрофга ғайритабиий гўзаллик ато қилган эди. Плашимнинг ёқасини кўтариб, қўлларимни плаш чўнтакларига тиқдим.
Хаёлларим мени олисларга олиб кетди: ота-онам билан Меньшой тепаликдаги флигелни кўчириш оқибатида келиб чиққан ёмон муносабатлардан зада бўлиб, омборхонага яшириниб олган пайтларни эсладим. Ўшанда Худони лаънатлаб, абадий Унинг душмани бўлиб қолишга ваъда берган эдим. Ўшанда бошимдан кечирган азоблардан шунга ишонч ҳосил қилган эдим: агарда дунёда қандайдир Олий Куч (агар истасангиз, уни Худо деб атанг) бўлса ҳам, У одамларнинг азобланишини кузатиб, лаззатланади. Ўн бир ёшимда Худога ҳаётимдан жой беришни рад этдим. Вояга етганимда эса Худо билан муносабатлари ҳақида очиқ гапирган ҳар қандай одамни аҳмоқ деб ҳисоблайдиган бўлдим. Мен уларнинг Худоси билан муносабатда бўлишни асло истамасдим. Уларнинг Раббийси ва Нажоткори менга, айнан шу лаҳзагача, ҳеч ҳам керак эмас эди. Бироқ уйимдан бир неча минг миль узоқда бўлганимда, ўжарлигимга қарамай, бу Худо менга яқинлашди. Келлога коллежи масиҳийларининг ўша Худоси ҳақиқий эканлигини бирдан ҳис қила бошдим. Кутилмаганда калламга шундай бир фикр келиб қолди: балки ўша Худо менга ҳам бефарқ эмасдир? Сўнг, ақлим жойидамикан? — деб ўйланиб қолдим.
Ҳаворий Юҳаннонинг сўзлари яна тинчлигимни бузиб, қулоғим остида жаранглайверди: «Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади». Эҳтимол, асрлар давомида жаранглаган Масиҳнинг овозини мен ҳам эшита бошлагандирман? Мен зўрға кулишга уриндим: «Ҳа, Джош, армияда бошингга труба тушиб кетиб, шикастланганингдан кейин, миянг оғиб қолган!»
Нима ҳам қилардим, энди Францияга бораман. Эҳтимол, саволимга жавобни ўша ерда топарман.
* * *
Эртаси куни мен поезд билан Манчестердан чиқиб кетдим ва «Тунги паром»га Парижгача билет сотиб олдим. «Тунги паром» — халқаро поезд бўлиб, ухлаб кетиш мумкин эди. Бу поезд ҳар куни кечқурун Лондоннинг Виктория вокзалидан жўнаб, ўн бир соатдан кейин Парижнинг қоқ марказидаги Гар-дю-Нор вокзалига келарди. Эрталаб мен Эйфел минораси яқинида, Сена дарёси бўйидаги Елисей далаларида сайр қилиб юрардим. Ҳа, мен — «Париждаги америкалик» эдим, аммо мусиқасиз ва қизларсиз.
Францияда тўққиз кун бўлдим, Парижнинг диққатга сазовор ҳамма жойини кўришга ҳаракат қилдим: икки кун Луврда, бир кун Версалда, уч кун Лионда сайр қилдим. Лувр шаҳрида ажойиб, бунинг устига такрорланмас музейлар жойлашган экан, музей бинолари шаҳарнинг тарихий марказида, бир-биридан гўзал.
Лиондан кейин темир йўлда Швейцариянинг француззабон аҳоли яшайдиган қисмига сафар қилдим. Бу жой гўзал манзарали жой экан, бу ерда мени жаноб Коббнинг дўсти профессор Ив Цендер кутарди. Биз Женева университетида учрашдик. Ив Цендер шу ерда илоҳиётдан дарс берарди. Жаноб Кобби билан бўлгани сингари, бу профессор билан ҳам турли мавзуларда суҳбатлашдик. Биз турган жойни ва профессорнинг илмий қизиқишлари соҳасини ҳисобга олиб, суҳбатимиз мавзуи фақат асрлар давомида келаётган масиҳийлик тарихига алоқадор бўлиб қолмади. Мен ундан протестант Ислоҳоти ва бу Ислоҳотнинг бошловчилари Мартин Лютер ва Жан Кальвин ҳақида ҳам кўп нарсаларни билиб олдим.
Профессор Цендер Муқаддас Китоб текстологиясининг асосларини менга батафсил тушунтириб берди. У сабабли мен қадимги текстнинг танқидий таҳлили нима эканини яхшироқ тушуна бошладим. Танқидий текст ишончли қўлёзмаларни аниқлаш имконини берар экан ва текстларга яширин кириб қолган таржиманинг нуқсонларини чиқариб ташлаш имкониятини ҳам яратар экан. «Охирги натижа — бу Муқаддас Китоб бўлиб, биз унга чинакам Худонинг Каломи сифатида ишонишимиз мумкин», — деди у. У менга шимолга — Германияга боришни маслаҳат берди. Ўша пайтга келиб мен кўз олдимда яна бир танқидий фикрлайдиган ва ғайритабиий равишда имон йўлида кенг мушоҳада қиладиган олимни кўраётганимга амин бўлдим.
Гейдельбергда мен жаноб Коббининг яна бир дўсти — доктор Генрих Зауэр билан учрашдим. Бу одам баланд бўйли, озғин, қалин сочлари сийраклашиб бораётган, кўм-кўк кўзлари ичига ботган одам экан. У менга биргаликда сайр қилишни таклиф қилди. Биз эгри–бугри, тоққа чиқиб кетаётган Philosophenweg («Файласуфлар йўли») сўқмоғи бўйлаб чиқа бошладик. Бу сўқмоқдан тахминан икки соатда Барча Авлиёлар тоғининг жанубий ён бағирларига чиқиш мумкин эди. Ўша жойдан бутун Гейдельберг кўриниб турарди.
Доктор Зауэр бошиданоқ мени ҳайратга солди — у масиҳийлик ёки Муқаддас Китоб мавзуси ҳақида гапирмади. У мен ҳақимда — қайси ўлкадан эканимни, ҳаётдаги мақсадим ҳақида кўпроқ билишни истарди.
— Бир кун келиб юрист бўлишни мўлжаллаяпман, — дедим унинг сўраб-суриштиришларига жавобан. — Кейин... сиёсат билан шуғулланмоқчиман.
— Шу мавзуда битта латифа биламан, — деди доктор Зауэр жиддий қиёфада. — Нима учун адвокат йўлнинг бошқа томонига ўтиб олганини биласизми?
— Йўқ, билмайман.
— Йўлнинг бошқа томонида аварияга учраши учун! — деб жавоб берди доктор Зауэр хохолаб кулиб.
Мен кулмаётганимни кўриб:
— Бу ҳазил! — деб елкамга қоқиб қўйди. — Нима, тушунмадингизми?
Мен кулиб, бош чайқадим. Ҳазил ҳам бор бўлсин-да! Доктор Зауэр яна бир марта елкамга урди. Қўли қаттиқлигидан йўталиб юбордим.
— Тушундим, тушундим, — дедим баланд овозда ҳазилакам таслим бўлгандай қўлларимни кўтариб. — Жуда кулгили латифа экан!
— Жуда ҳам кулгили, тўғрими? — такрорлади доктор Зауэр.
Аммо тоғ тепасига кўтарила бошлаганимизда, бу одамнинг хотиржам, эътиборли феъл-атвори бутун борлиғи билан менга намоён бўлди. Доктор Зауэр ажойиб тингловчи ҳам экан, биз то тепага чиққунимизгача ўзимнинг беҳаловат болалигим ҳақида батафсил ҳикоя қилиб бердим.
— Алан бошингиздан ўтган бу воқеалар тўғрисида айтмаган эди, — деди доктор Зауэр, — фақат сизнинг ҳақиқат изловчи эканингизни айтди, холос.
— Жаноб Кобби болалигим ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Уларга бу ҳақда оғиз ҳам очмаганман. Мана, сизга эса айтяпман, нимагалигини ўзим ҳам билмайман.
Доктор Зауэр жавоб тариқасида бош силкиб маъқуллаб қўйди. Биз сўқмоқнинг скамейкалар турган жойига етиб келдик, хотиржам, шошилмасдан Эски шаҳарни ҳам, Неккар дарёси бўйидаги Гейдельберг қалъасини ҳам томоша қилдик. Ботаётган қуёш нурларида манзара тенгсиз равишда ажойиб кўринарди. Биз манзарадан завқланиб, маълум вақт жим ўтирдик.
— Джош, сизга бир саволим бор, — деди жиддий оҳангда доктор Зауэр.
— Эшитаман, жаноб.
— Сизнинг Самовий Ота ҳақидаги тасаввурингиз жисмоний отангиз билан бўлган муносабатларингизда юз берган мураккаб кечинмалар таъсири остида шаклланмадимикан?
Мен ўзимга келолмай турдим, шу боис дарров жавоб бера олмадим.
— Муғомбирлик қилишимга ҳожат йўқ, Худога ишонаман, деб айта олмайман, — дедим ниҳоят.
— Муқаддас Китобда ёзилишича Худо бизнинг Отамиз, У бизнинг Самовий Отамиз. Биз қандай бўлсак, У бизни шундайлигимизча яхши кўради.
— Тушунинг, мен бунга ҳали тайёр эмасман, муғомбирлик қила олмайман.
Доктор Зауэр мажбур қилмади.
— Изланишларингиз ҳақида менга кўпроқ гапириб беринг, — юмшоқ оҳангда давом этди у. — Тўғри тушунган бўлсам, сиз ҳақиқатни излаяпсиз, шундай эмасми?
— Аммо бунгача ҳали жуда узоқ, — деб кулдим. — Ўйлашимча, жаноб Коббининг мулоҳазаларини ҳали хам тушунишга ҳаракат қиляпман, унинг саволларига жавоб топишга уриняпман.
— Сизни нима шубҳага соляпти? Аланнинг қайси саволи сизда қийинчилик туғдиряпти?
Мен ўйланиб қолдим. Маълум маънода салбий жавоб беришим ҳам мумкин эди. Аслида беришга саволим ҳам, олишга жавоб ҳам қолмаган эди. Ҳар ҳолда, калламга бунақа нарса умуман келмаган эди. Аммо негадир, буни айтишни истардим.
— Жаноб Кобби кўп нарса ҳақида ўйлашимга мажбур қилди, — дедим оддийгина қилиб.
— Худога охирги қадам фақат имон қадами бўлиши мумкин, — деди доктор Зауэр мендан кўзини узмай. — Имон ишончдан келиб чиқади, ишонч эса севгидан оқиб келади. Худо эса севгидир.
— Биласизми, менда ҳозиргача Муқаддас Китоб ҳақида саволларим бор, — дедим мен. — Айниқса, Янги Аҳд ҳақида.
— Булар қандай саволлар экан?
— Менга бир нарса тинчлик бермаяпти… Ҳозирда биз ўқиётганимиз — ҳақиқатан асл нусхами? (Тўғрисини айтганда, менда бунга шубҳам ҳам қолмаган эди. Мен суҳбатни давом эттиришга ҳаракат қилиш учун шу саволни бердим.) Бошқача қилиб айтганда, биз фақат қўлёзмаларга асосланиб, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат деб айта оламизми?
Доктор Зауэр бирдан бош силкиди:
— Э-ҳа, бу масалада сиз мени ўзингиз томонда деб ҳисоблайверинг.
— Сиз? Ростанми?
— Тўғрисини айтсам, шундай. Гап шундаки, биз қачонлардир ёзилган Хушхабарнинг ҳамма нусхаларини бутунлай ташлаб юбориб, Климент, Игнатий, Поликарп ва бошқа илк жамоат оталари асарларига асосланган ҳолда Янги Аҳдни қайта тиклашимиз мумкин. Янги Аҳддаги фақат ўн бир оят бундан мустасно. Бу жамоат оталари ўз асарларида Янги Аҳддан ниҳоятда кўп иқтибос келтирганлар.
— Менинг тахминимча, улар биринчи ва иккинчи асрларда яшаган.
Доктор Зауэр кулиб қўйди:
— Офарин! Адашмасам, сиз — америкаликлар бундай ҳолатларда «Бинго!» деб айтасизлар.
— Тўғри, — деб бошимни қимирлатиб жавоб бердим мен. Доктор Зауэр менга жуда ёқиб тушган эди. — Ҳа, биз бундай вазиятда «Бинго» деб айтамиз.
Агар тоғнинг тепасига яна кўтарилсак, авлиё Микоил харобаларини кўрамиз. Томоша қилишни хоҳлайсизми? — деб сўради доктор Зауэр.
— У нима? Қалъами?
— Бу монастир, ўн биринчи асрга тегишли. Шу сўқмоқдан бораверсак, тўғри ўша монастирнинг рўпарасидан чиқамиз.
— «Файласуфлар йўли», — дедим доктор Зауэрга эргашар эканман. — Der Philo... soph... enweg.
— Ja, sehr gut! — деб мамнунлик билан хитоб қилди доктор Зауэр. Мен сўзларни бузиб талаффуз қилган бўлсам ҳам, немис тилида гапиришга ҳаракат қилаётганимдан доктор Зауэр хурсанд эди.
— Дарвоқе, нега бу сўқмоқни шундай номлаганлар?
— Асрлар давомида шоирларимиз ва файласуфларимиз, масалан, Иоганн Вольфганг фон Гёте — дам олиш ва мушоҳада қилиш учун шу сўқмоқ бўйлаб сайр қилишни ёқтирганлар. Айтишларича, шоирлар бу ерга муҳим масалалар... замонамизнинг дардли муаммолари ёки айтайлик, ҳаётнинг мазмуни ҳақида ўйлаш, фикр юритиш учун шу ерга келарканлар. Эҳтимол, яна ким биландир — балки хотини билан жанжаллашиб қолганда ҳам келгандир.
Мен кулиб юбордим.
— Гёте, агар адашмасам, «Фауст»ни ёзган, шундай эмасми?
— Худди шундай, — деди доктор Зауэр боши билан ҳам тасдиқ ишорасини қилди. — Ўқиганмисиз?
Мен бошим билан «йўқ» деган ишорани қилдим:
— Агар сиз маслаҳат берсангиз, албатта ўқийман.
— Албатта ўқишингизни маслаҳат бераман! Орқага сурмай, албатта ўқинг, — деди доктор Зауэр ва немис тилида шундай дея қўшимча қилди: — «Es irrt der Mensch solang er strebt».
Мен тушунмаганимни қиёфамдан билиб, у шу зоҳоти кечирим сўради:
— Кечиринг мени… сизнинг она тилингизда бу қуйидагича мазмунда бўлади: «Инсонга адашиш хос… у олға интилар экан, шундай бўлаверади», деб тушунтирди доктор Зауэр, — бу сўзларни ўша драмада Худо айтади.
Монастир харобаларида тинчлик ҳукмрон эди. Тоғ чўққисидан эсаётган шамолнинг ҳуштаги эшитиларди, холос. Мен билан доктор Зауэрдан ташқари бир нечта туристлар қизиқиш билан харобани томоша қилардилар.
Мен монастирнинг нураб бораётган деворларига қараб бир оз хаёлга берилдим: монастир ишлаб турган даврда бу жойлар қандай бўлган экан? Ҳар ҳолда, монахлар оддий яшашган, соддаликка атайлаб риоя қилишган бўлса керак. Оддий, фидокорона — эрталаб, туш пайтида ва кечқурун доимо ибодат билан, доимий равишда рўза тутиш, узоқ муддат узлатга чекиниб, сукут сақлаганлари аниқ. Агар мен ўша монахлардан бири бўлганимда, ҳаётим қандай бўларди, деб тасаввур қилишга уриндим. Наҳотки ўшанда ҳам мени ҳозирги шубҳаларим қамраб олган бўларди? Балки, руҳоний қалбимга Худодан қўрқувни солиш учун Муқаддас Китобни қадимги грек тилидан лотин тилига кўчиртирган бўлармиди. Эҳтимол, ҳеч ҳам етиша олмаган руҳий хотиржамликка эришган бўлармидим. Шу ерлар — юлдузли осмон остидаги Барча Авлиёлар тоғи чўққиси, ҳаммани доимо тобора юқорига олиб борадиган бу тоғнинг чўққилари ниҳоятда гўзал эди. Келажак замонларда бу сўқмоқдан юрадиган йўловчиларни яна қандай шубҳали фикрлар қийнаши бу гўзал табиатга ёт эди.
Тўрт кун ўтгач, мен Лондонга қайтиб келдим ва биринчи учраган телефон-автоматдан жаноб Коббига қўнғироқ қилдим. Мен сабрсизлик билан у билан учрашувга ошиқардим, кўрганларимни, ўзим ва унинг икки дўстидан билганларимни у билан ўртоқлашишга шошардим. Аммо ишим юришмади — жаноб Кобби шаҳардан чиқиб кетган экан ва фақат келгуси ҳафтада қайтаркан.
Телефон трубкасини жойига қўйганимдан кейин, бирдан мени умидсизлик чулғаб олди. Лондонда мен фақат икки кунни ўтказаман, холос. Кейин уйга қайтаман. Мен эса жаноб Кобби билан сафар таассуротларимни ўртоқлашишга, унинг ҳамма хулосаларига қўшилишга тайёр эдим. Лекин, табиийки, буни орқага суришга тўғри келади.
Мен яна орқага — Темза дарёси бўйида шошилмай юриб, талабалар меҳмонхонасига йўл олдим. Ажойиб кун эди, бир муддат хотиржам қолгим, фикрларимга бир оз танаффус бергим келди. Скамейкага ўтириб, бу машҳур дарёда шошилмай сузаётган улкан баржаларни, кичик кемачаларни томоша қила бошладим. Қарши томонимда — дарёнинг нариги қирғоғида Парламентнинг баҳайбат биноси ва Биг-Бен қўнғироғи виқор билан қад кўтариб турарди. Чошгоҳ бўлганда, жарангдор, қаттиқ қўнғироқ овози дарё узра жаранглади. Кўзларимни юмиб, юзларимни қуёшнинг илиқ нурларига тутдим. Фаустдан қуйидаги иқтибос хаёлимда чарх ура бошлади: «Инсонга адашиш хос». Бироқ сен илгарига интилишни бас қилсанг, нима бўлади? Бу интеллектуал қотиллик бўлмайдими?
Мен Келлога коллежидаги масиҳийларни эсладим. Биз эндигина танишган пайтимизда, уларнинг «кўр-кўрона» имони мени ниҳоятда ғазаблантирарди. Уларнинг ноҳақлигини исботлаш учун мен мана шунча йўлни босиб ўтдим. Мен бу ерга ўзимни қуйидагиларга бутунлай ишонтириш учун келган эдим: ҳаётда бирон маъно йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, одамлар эса ўзларининг азобларини енгиллаштириш учунгина бутун тарих давомида турли динларни яратганлар. Эҳтимол, мен бу ерда уруш ва очарчилик сингари бутунжаҳон миқёсидаги фожиаларнинг сабабини тушунишим учун эмас, балки, ўзимнинг шахсий фожиаларим сабабини тушунишим учун келгандирман. Ҳаётимда кўрган зўравонлик ва ҳақорат, барбод бўлган оила, ичувчи ота фожиаларининг сабабларини тушунишим учун келгандирман? Мен кафтларимга қарадим, қўлларимни беихтиёр мушт қилиб олган эканман.
Ёнимда — скамейканинг нариги четида ёши катта бир одам ўтирар ва каптарларга нон берар эди. У сумкадан аста-секин нон ушоқларини олар ва шу тариқа сумкани бўшатарди. Аммо қиёфасидан уни бахтиёр деб бўлмас эди. Эҳтимол, ҳар бир қушга ҳеч бўлмаганда, оз-оздан тегсин деб, ҳаракат қилгани учун ўз машғулотига берилиб кетгандир. Балки, дўстлари даврасида бир муддат ўтказган вақти учун ҳаётдан миннатдордир.
Бирдан жаноб Кобби менга тавсия қилган Лондон кутубхоналаридан яна бири эсимга тушиб қолди. Биз у ерга бирга боришга қарор қилган эдик, аммо вақтимиз етишмагани сабабли бора олмаган эдик. Кутубхона манзилини бир парча қоғозга ёзиб, ишончли жойга яшириб қўйган эдим. Бу — «Хушхабар кутубхонаси» бўлиб, Бейкер-стрит метроси ёнида эди.
Йигирма минутдан кейин мен ўша кутубхонага етиб бордим. Кутубхоначи аёл эски китобларни топишимга ёрдам берди. Жаноб Коббининг айтишига қараганда, бу китоблар дўконларда аллақачондан бери йўқ бўлиб кетган экан. Бурчимни бажариш туйғуси билан ўқишга киришдим. Аста-секин соатлаб вақт ўта борди.
Мен китобларни олдимдан нари суриб, стулга суяндим. Бу пайтда соат олти ярим бўлган экан. Шипга қараб, кўзларимни ишқаладим ва беихтиёр шу сўзларни айтдим:
— Бу ҳақиқат.
Кейин яна такрорладим:
— Бу ҳақиқат.
Ниҳоят, учинчи марта қаттиқроқ овоз чиқардим:
— Ҳақиқат.
Бу сафар кутубхоначи аёл сабр қила олмади, ғазабли нигоҳ билан менга тикилди. Ҳозиргина нари суриб қўйган китобларимдан бирига қўлимни чўздим. Аммо китоб саҳифаларидаги сўзлар кўз олдимда сузиб юрарди. Шу лаҳзада кўз олдимга перронга яқинлашаётган ва бутунлай тўхташ олдидан охирги буғни чиқараётган поезд келди. Менинг бошқа сўзим қолмаган эди. Қаерда эканимни ҳам унутиб қўйган эдим. Фақат охирги бекатга етиб келганимни билардим, холос.
Бир неча минутдан кейин кутубхона зинапоясидан пастга тушдим. Лондон кўчаларига қоронғу тушган эди. Ўзимга ўзим ишонмасдан калламни сарак-сарак қилардим: ҳа, ҳақиқат жаноб Кобби, К. С. Льюис, доктор Гринлиф ва бошқалар томонда эди. Муқаддас Китоб ўзида абадий ҳақиқатни қамраб олган эди. Мен Тирилишни рад қилиш ва масиҳийликни ағдар-тўнтар қилиш учун йўлга чиққан эдим, аммо далиллардан қочиб яшириниб бўлмас экан. Бернард Рассел, одамлар масиҳийликни эмоционал асосда қабул қиладилар, деб айтганда, у хато қилган экан. Менга келсак, ҳақиқат қарши томонда экан. Мен масиҳийликни айнан эмоционал асосда рад қилган эканман.
Кўз олдимда юз берган бу ҳодисалар, вақт, жой шу кунгача мен учун жумбоқ бўлиб қолмоқда. Йўқ, мен чўкка тушиб, бир лаҳзада масиҳий бўлиб қолмадим. Ҳа, ҳақиқат учун кўзларим очилди, аммо шубҳаланаверадиган Томадан фарқли равишда, мен ҳамон қаршилик кўрсатардим, имонга келишга шошилмасдим. Ҳатто энди ҳақиқатни рад қилиб бўлмаслигини билган бўлсам ҳам. Эҳтимол, тахминларим барбод бўлганини англаб етганим учун бўлса керак, хижолатда қолиб, уятли аҳволга тушган эдим.
Мичиганга қайтаётиб, узоқ йўл юрар эканман, бу ва бошқа кўп нарсалар ҳақида фикр юритардим.
Фрэнк Морисон, «Тошни ким силжитган»/ Frank Morison, Who Moved the Stone? (Grand Rapids, MI: Zondervan, 1987) 193.
«Суҳбатлар ва авлиё Павлуснинг ҳаворийлиги». Иқтибос қуйидаги манбадан олинган: Хана Мор/ An Essay on the Character and Practical Writings of Saint Paul, Volume 2 (London: T. Cadell and W. Davies, 1815) 286—287.
Иқтибос қуйидаги манбадан олинган: Джон Филипс /John Phillips, Exploring 1 Corinthians: An Expository Commentary (Grand Rapids, MI : Kregel, 2002), 343.
Иқтибос қуйидаги манбадан олинган: Саймон Гринлиф/Simon Greenleaf, «An Examination of the Testimony of the Four Evangelists by the Rules of Evidence Administered in the Courts of Justice» (Grand Rapids, MI: Baker, 1965), 29.
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.