Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) 6 bob

Джош Макдауэлл. Мухаббат тилсими - (6 - Bob) Ўзбек тилида

Муҳаббат тилсими  (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида АудиокитобMuhabbat tilsimi (Djosh Makdauell)  Audiokitob O'zbek tilida


 

ЗИДДИЯТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ

Қандай қилиб, Худо қандай яратган бўлса, шундай шахс бўлиб қолиш ва бир вақтнинг ўзида бошқалар билан ҳамжиҳат бўлиш мумкин? Бу иш ҳамманинг қўлидан келавермайди, айниқса, турмушдаги яқин муносабатларда.

“Мен ўзимни топиб олишим керак, - дейди ўн етти йиллик оилавий ҳаёт тажрибасига эга бўлган киши. – Менинг қадриятларим аёлимнинг қадриятларидан тубдан фарқ қилади, ҳатто иккаламиз масиҳий бўлганимиздан кейин ҳам. Зиддиятлардан қочиш учун мен ўз туйғуларимни, истакларимни жиловладим. Ўзимни хизматкордек ҳис қилсам ҳам ортиқ бундай қила олмайман”.

Ўн тўрт йиллик турмуш тажрибасига эга аёл шундай деб тан олди: “Мен иккинчи эримдан биринчи турмушимда бўлган севгини кутган эдим. Бундай бўлмаганидан кейин ўзим билмаган ҳолда жанжалларсиз бунга эришишга уриндим. Фақат ажрашганимиздан кейингина у мени енгил табиатли, деб ҳисоблаб келганини билдим, чунки ҳар доим зиддиятлардан қочардим”.

         Бундай хатти-ҳаракатлар никоҳ билан чегараланмайди. Жамиятда ҳам, бизнесда ҳам, жамоатда ҳам кўпинча, ўзимизни шундай тутамиз, худди зиддият – ғайриоддий нарсадек. Бундай эмаслиги ҳаворий Павлусдек эътиборли инсон томонидан тасдиқланган, у Римликларга 12:4-5-оятларида зиддиятларнинг асосий сабабини изоҳлаган: “Ахир, танамиз бир бўлса-да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифалари ҳам бир хил эмас. Шунга ўхшаб, биз – Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир-биримизга боғлиқмиз”.

Бир-биримиздан фарқли эканимизнинг ўзиёқ зиддиятларни муқаррар қилади. Биз ўзаро муносабатларимизга турлича ўтмишимизни, дунёқарашимизни, туйғуларимизни ва ҳатто маданиятимизни ҳам олиб кирамиз. Ҳар гал иккита тирик инсон бирлашганда, эртами-кечми жанжал келиб чиқади. Шунинг учун, юзага келган келишмовчилик муаммо эмас. Бу муаммони қандай ҳал қилиш – ҳақиқий синов ҳисобланади.

Афсуски, кўпчилигимиз янги ҳаётимизда ҳам зиддиятларга масиҳий бўлмаган пайтларимиздагидек муносабатда бўламиз. Исо бизга зиддиятларга нисбатан бутунлай янгича муносабатни кўрсатганини ҳалигача англаб етмаймиз. Муқаддас Руҳ кучи билан ҳаракат қиладиган имонлилар зиддиятларни юзма-юз қарши олишни ва уларни ҳақиқат ҳамда севги асосида ҳал қилишни ўрганиши мумкин.  

Бундай бўлмаганда эса, бизнинг Исо Масиҳ ҳақидаги гувоҳлигимиз ноаниқ бўлиб қолади. Олтмишинчи йиллар охири, етмишинчи йиллар бошларида полиция ҳамда ҳукуматга қарши кўплаб норозиликлар ва зўравонлик ҳаракатларини уюштирган қора танлилар ҳаракатининг фаол етакчиларидан бири Элдриж Кливер ёдингизда бўлса керак.

Бир неча йил олдин Элдриж Кливер масиҳий бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ, кейинчалик у масиҳийликдан воз кечиб, мормонга айланди. Суҳбатларнинг бирида у шундай деганди: “Мен масиҳийлар ўртасидаги зиддиятларни тушунмадим ва изоҳлай олмадим”.

Ўз зарарингизга

Зиддиятларни бартараф қилиш бўйича лаёқатсизлигимиз кундалик ишларимизда ҳам намоён бўлади. Ишда зиддиятга дуч келган одамлар тезда ишини ўзгартириш ҳаракатига тушишлари мени ҳайратга солади. Кўпчилик одамлар муносабатларидаги зиддиятларни ҳал қилиш учун бошқа иш излаш ва иш топиш йўлидаги қийинчиликларни афзал кўришади. Бироқ, бу – шунчаки курашишдан қочишни афзал кўришдир.

Мен Исроилда бўлганимда, Қайсариядаги қадимий қалъалардан бирига бориш имконига эга бўлдим. Ўша ерда бутун тарих мобайнида одамлар ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишганини эсладим. Қалъа атрофи “қуруқ ҳандақ” деб аталувчи кенг ва очиқ ҳандақ билан ўралган бўлиб, сув билан тўлдирилмаган эди. Бу “ҳандақ”дан юрган одам ҳар томондан кўриниб турарди. Қалъанинг асосий дарвозаси ҳам ҳимоя вазифасини ўтаган. Дарвозалар кириш қисмининг ён томонида жойлашган бўлиб, уни очишга уринган душман осонгина нишонга айланган. Қалъа бўйлаб юрарканман, бир умр ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган миллионлаб инсонлар ҳақида ўйладим. Улар руҳий яқинликка ташна бўлишган, лекин ҳеч қачон бошқалар билан бўлган муносабатда уни топишмаган, чунки узоқ муддатли яқин муносабатларда юзага келадиган зиддиятларни бартараф қила олишмаган. Мана шунинг учун ҳам бугунги кунда узоқ муддатли яқин муносабатлар кам учрайди.

Икки хил қўрқувни бартараф қилиш

Аввалроқ, бугунги кунда одамларни таъқиб қиладиган икки хил қўрқув ҳақида айтган эдим: уларни ҳеч ким севмаслигидан қўрқиш ва ўзлари ҳеч қачон сева олмасликларидан қўрқиш. Худди шу қўрқув масиҳийларнинг Худо билан муносабатларига ҳалақит беради. Биз Худо бизни сева олмаслигидан ҳамда бизнинг Унга бўлган севгимизни муносиб кўрмаслигидан қўрқамиз. Худо бизга бўлган севгисини кўра олишимиз учун, Унга ишонишимиз ва ҳис қилишимиз учун бошқа одамлардан фойдаланади. Биз кўпинча, Худонинг севгисини биз учун ҳақиқатга айлантирадиган инсонга муҳтож бўламиз.

Бироқ, Худо билан муносабатларимиздаги яқинлик ўсгани сайин, зиддиятлар эҳтимоли ортади. Бир-бирини таниб-билишда мустаҳкамланаётган икки шахс манфаатларининг ўзаро тўқнашуви ҳатто иккита буюк давлатнинг ўзаро муносабатларидан ҳам кўпроқ зиддият келтириб чиқариши мумкин. Шахслараро келишувга эришиш учун бир-бирига душман бўлган икки халқ ўртасидаги тинчлик музокараларига эришишдан ҳам кўпроқ ҳаракат талаб қилиши мумкин. Шунинг учун, ҳақиқий яқинликка эришган инсонлар ушбу яқинлик билан боғлиқ муаммоларни қандай ҳал қилишни билмасликлари ажабланарли эмас.

Бартараф қилиш ёки барбод қилиш

Бир нарсани доимо ёдда тутишингизни истайман: мунасабатни барбод қилишдан кўра, зиддиятни бартараф қилиш афзалроқдир. Албатта, зиддиятни бартараф қилишдан кўра, ҳаммасидан воз кечиб кетиш анча осон. Лекин қатъий туришнинг мукофоти шуки, ҳар гал зиддиятни бартараф қилганингизда, шахс сифатида ривожланиб борасиз, келажакда учрайдиган муқаррар зиддиятларни бартараф қила оладиган бўласиз.

Баъзан биз муносабатлар Худонинг илк режасининг бир қисми эканини унутиб қўямиз. Ибтидо китобида Худо шундай деган: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”. Ишончим комилки, Худо бу ерда фақат эр-хотинлик муносабатлари ҳақида гапирмаган. Биз ёлғиз бўлиш учун эмас, балки бошқа инсонлар билан муносабат қилиш учун яратилганмиз. Муносабатларда Худо биз учун мақсад қилган иноятни ҳис қилиш учун ҳаётимиздаги сохта доноликка қарши туришимиз ва зиддиятларни бартараф қилишимиз керак.

Бугунги кунда сизни ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга ва “ҳаммасини ўзингиз истаганингиздек қилишга” ундашмоқда. “Қандай бўлишни истасанг, шундай бўл!” шиори остида ҳарбий хизматга даъват қилишмоқда; бошқа реклама шиори эса “Сиз бугун дам олишга муносиб” эканингизни ёдингизга солади.

Бизнинг маданиятимиз муносабатларимизга эмас, балки бизга, шахсга қаратилган. Биздаги “мен” бошқалардан устун бўлиши бизга узоқ муддатли муносабатлар ўрнатишни ва зиддиятларни бартараф қилишни ўргатмайдиган “мен биринчиман” деган фалсафанинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Агар сиз учун ғалаба биринчи ўринда турса, бир қанча шахсий мақсадларингизга эришишингиз мумкин, лекин бунинг учун муносабатларингизни қурбон қилишингизга тўғри келади, чунки муносабатлар ғалаба билан эмас, ён бериш билан қурилади. Шунинг учун, яқин ва тўлақонли муносабатларга эришишни истасак, маданиятимиздан устунроқ бўлишимиз лозим. Буни Масиҳ орқали қила олишимизга ишончим комил.

Салбий жиҳатларни ижобий жиҳатга ўзгартириш

Бир марта бўлса ҳам зиддиятларни бартараф қилганингиздан кейин ўзингизда қониқиш ҳис қилганмисиз? Агар шундай бўлса, зиддиятлардан ҳам фойда бор, деган фикрга қўшиласиз. Худо менинг бошқа одамлар билан бўлган зиддиятларимдан фойдалангани учун мен Муқаддас Руҳнинг қўлида янада ўткирроқ, янада фойдалироқ қуролга айланганимни биламан. Ҳикматлар китоби 27:17-оят бизга “Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини” деб ўргатади. Зиддиятлар натижасида мен бошқаларнинг хафагарчиликларига ҳамда ҳис-туйғуларига нисбатан анча кўнгилчан инсонга айландим. Римликларга мактубнинг 5 боб 3-4 – оятларига кўра, синовлар сабр-тоқат ва қатъият ҳосил қилади. Бу хислатларни ривожлантириш учун Худо ҳаётимдаги зиддиятлардан фойдаланади.

Самарасиз хатти-ҳаракатлар

Биз эса, аксинча, зиддиятларга нисбатан турли салбий жавоблар қайтаришга ҳаракат қиламиз. Буларнинг айримларини ўрганиб чиқиб, зиддиятларни ва уларнинг оқибатларини қандай бартараф қилишни яхшироқ англаб етганимга ишонаман.

  1. Муаммо ёки зиддиятни тан олишни билмаслик. Мен буни “ҳаммаси яхши” синдроми деб атадим. Зиддиятнинг объекти бўлган шахс ёки нарса инкор қилинади ва зиддият шунчаки аҳамиятсиз бўлиб қолади.
  2. Қарорнинг фойдаси. Зиддият “тинчгина ўтиб кетади”. Сиз у ҳақда гапирмайсиз ва яширинасиз, зиддиятнинг манбаидан ёки унга сабабчи бўлган одамдан қочасиз. Қизиқ, Адан боғида Одам Ато билан Момо Ҳаво гуноҳ қилганларидан кейин Худога нисбатан қандай ҳаракат қилишган экан?! Каломда айтилишича, улар “яширинишган”. Улар яшинишган, Худо эса уларни қидирган. Зиддиятларга айнан мана шундай муносабатда бўлган инсон билан қанчалик кўп гаплашсам, у шунчалик камгап бўлиб қолишини англаб етдим. Ундан бирон жавоб олиш мақсадида овозимни кўтарганим сайин натижа бунинг акси бўлади ва зиддиятни янада кучлироқ иборалар билан ифода қиламан.
  3. Зиддиятнинг аҳамиятини инкор қилиш. “Бизга фарқи йўқ” ибораси шиоримизга айланади. Бундай вазиятда хафа бўлган киши шундай ўйлайди: “Менга фарқи йўқ, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам у менга қулоқ солмайди”. Ёки “Менга фарқи йўқ, чунки у барибир ўзгармайди”. Ёки бўлмаса “Ҳаммаси ўтиб кетади”. Зиддиятга юзаки ёки бепарволик билан қараш уни бартараф этмайди. Аксинча, унга янада кучлироқ портлаши учун жуда яхши имконият яратади.
  4. “Руҳий” ёндашув. Тез-тез ишлатиладиган “Шунисига ҳам шукур!” ибораси Римликлар 8:28 – оятдаги “Ҳамма нарсалар яхшилик бўлиб хизмат қилади”, деган сўзлар билан бирга келади. Лекин жуда кўп ҳолларда ҳақиқат самимийликнинг етишмаслиги ва ушбу ёндашув шунчаки қочиш усулининг бир кўриниши ҳисобланади.
  5. Гина сақлаш. Зиддият оқибатида юзага келган хафагарчилик ва жаҳл ҳислари юракда ўрнашиб қолади ва бир кун портлайди. Филиппиликларга ёзилган мактуб ўтмишни унутиш учун бунинг ўрнига “руҳий ўт ўчириш мосламаси”дан фойдаланишимизни маслаҳат беради. Менимча, ҳар бир жуфтлик мунозара вақтида аввал бўлиб ўтган воқеаларни тилга олмасликка келишиб олишлари лозим. Бир одам оилавий муаммолар бўйича мутахассис олдига шикоят билан келди: “Ҳар гал рафиқам билан жанжаллашганимизда у тарихчига айланади!” Маслаҳатчи унинг гапини бўлиб, “Ваҳимага тушиб қолади, демоқчимисиз?”, деди. “Йўқ, тарихчи бўлиб қолади! – деб жавоб берди эркак. – Ҳар гал ўтмишни юзимга солади”. Мана шу нарса гина сақлаш деганидир.
  6. Муаммо ўрнига шахсга эътибор қаратиш. Тез-тез учраб турадиган бундай воқеага бир мисол келтираман. Яқинда, Хушхабар тарқатувчи масиҳийлар гуруҳи аъзоси бўлган бир аёл мендан: “Сиз фалон ёзувчининг фалон-фалон деб ёзганини ўқиганмисиз?”, деб сўради. Мен унга буни ўқиганимни айтдим. Аёл ўша заҳоти ёзувчининг ёзганларига эмас, ёзувчининг шахсига ёпишди. “Унинг уч марта ажрашганини ҳам биласизми?” – деб сўради аёл. Муамммога эътибор қаратиш ва зиддиятни бартараф қилиш ўрнига, аёл шахсга эътибор қаратди.
  7. Айбни бировга ағдариш. Одатда, бу нарса айбловчи кишининг ўз хатосини тан ололмаслигидан далолат беради. Одам Ато ва Момо Ҳавонинг (Ибтидо 3:9-13) таъқиқланган мевадан еганларидан кейинги хатти-ҳаракати бунга яққол мисол бўлади. Худо ундан: “Сен нима қилиб қўйдинг?” деб сўраганида, Одам Ато шундай жавоб берган: “Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга берди, мен ҳам едим”. Одам Ато аввал Худони айблади, кейин хотинни. Момо Ҳаво эса “Илон мени алдади”, деб жавоб берди. Иккаласи ҳам бошқа бировни айблашди.
  8. Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам ғалаба қилиш истаги.
  9. Зиддиятдан қочиш учун ҳар нарса қилиш. Бу ҳолатларнинг биронтаси ҳам муаммони ҳал қилмайди. Иккала ҳолатда ҳам жуфтликнинг биттаси нимагадир эришганини ҳис қилади. Қолаверса, иккала усул ҳам хафагарчиликка сабаб бўлади.
  10. Бошқа бировга махсус совға сотиб олиш. Бу – эрларнинг энг ёқтирган усули. Зиддиятларни бартараф қилиш ўрнига бу одамлар у учун ҳақ тўлашга ҳаракат қилишади.

Қарор шу ердан бошланади

Зиддиятларни ҳал қилишдаги ёндашувингизни ушбу салбий усуллардан бири ёки бир нечтасида билиб олишингиз мумкин. Агар шундай бўлса, сиз уларни бартараф қилишнинг ижобий ва конструктив усуллари мавжудлигидан хурсанд бўласиз, уларнинг ҳар бири ҳаётингизни Раббимиз Исо Масиҳга бағишлаш истаги билан бошланади. Руҳий етуклик зиддиятларнинг бўлмаслигида эмас, балки ўзини назорат қилган ҳолда Калом асосида бартараф қилишда намоён бўлади. Зиддиятларни бартараф қилиш истаги сизнинг муносабатларингизга ҳам боғлиқ: ўша инсонга қанчалик яқин бўлсангиз, зиддиятларни бартараф этишга шунчалик кўпроқ ҳаракат қиласиз.

Мен уйланган вақтимда, “Ҳа” деганман, шунинг учун Дотти иккимиз дуч келадиган ҳар қандай зиддиятни бартараф қилишга тайёрман.

Ўғлимиз Шин олти ёшга тўлганида, “Дада, сиз онамни ташлаб кетасизми?”, деб сўраган. Ундан нима учун бундай савол берганини сўраганман. Шунда унинг бир нечта дўстларининг отаси турмуш ўртоғи билан ажрашганлигини айтганди.  

Шунда англадимки, яхши оиладаги болалар ҳам бузилиб кетган оилалардаги болалардек қўрқувни ҳис қилар эканлар.

Шунинг учун, Шиннинг кўзларига тик қараб, овозимни бироз кўтариб, дедим: “Ўғлим, мен ойингни севаман ва ҳеч қачон уни ташлаб кетмайман! Тамом!” У енгил тортиб, “Раҳмат, дада!” деди. Ўғлим мен унга содиқ эканлигимни билмоқчи бўлмаган. У шунчаки мен унинг онасига содиқ эканимни билмоқчи эди, чунки бизнинг эр-хотинлик муносабатларимизнинг дахлсизлиги – у ўзини хавфсиз ҳис қилишининг манбаи эди.  

Яшашга ундовчи ҳақиқатлар

Мен кундалик ҳаётимда амал қиладиган айрим қоидаларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман. Ҳар доим ҳам уларга амал қила олмайман, бироқ кундалик ҳаётимнинг ҳар бир кунида, айниқса, ўзаро муносабатларда уларга амал қилишни истайман.  

Биринчи қоида ўзингизга қандай баҳо беришингиз билан боғлиқ: сиз ҳам хато қилишингиз мумкинлигини тан олинг. Танқидларга сабр қилиш ва ўз хатоларини тан олиш – зиддиятларни бартараф этиш учун биринчи ўринда ривожлантириш лозим бўлган хатти-ҳаракат шаклидир. Муқаддас Калом Ҳикматлар китобида яхши маслаҳат беради: “Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят келади, танбеҳга қулоқ солганлар эса ҳурмат ва иззат топади”. Шунинг учун, ноҳақ бўлганингизда буни тан олинг. Агар ҳақ бўлсангиз, ҳеч нима деманг. Бу – зиддиятни бартараф этишнинг энг соғлом усулидир.

Павлус шундай дейди: “Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига ишонаман” (Филиппиликлар 1:6). Сиз қилишингиз мумкин бўлган хатоларнинг биронтаси ҳам тузатиб бўлмас хато эмас. Худо сизнинг энг катта хатоларингизни ҳам кечиради. Конструктив танқид ёрдамида бизни яхшилаш ва Уни ҳамда бошқаларни кўпроқ севишга ўргатиш учун Худо хатоларимиздан фойдаланиши мумкин. Мана шунинг учун ҳам Ҳикматлар 28:13 да шундай ёзилган: “Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади”.

Римликларга 14:13-оятида Павлус шундай деган: “Бир-биримизни ҳукм қилмайлик. Аксинча, биродарларингизнинг йўлига ғов бўлмасликка, уларни васвасага солмасликка қарор қилинглар”. Мен зиддиятни бартараф қилишга бўлган муносабатимни шундай ифода қиламан: “Худойим, бу зиддиятни Ўзинг ҳал қилишингни истайман, илтимос, буни мендан бошла”.

Мен амал қиладиган иккинчи қоида шуки, мен ўзимнинг ҳиссий хатти-ҳаракатларим учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Биз ўз табиатимиз ёки ғазабимиз учун бошқа бировни айблай олмаймиз. Ғазаб кимнингдир хатосига эмас, балки ноҳақликка қаратилган бўлиши керак. Ўзининг “Сизни тинглашлари ва сиз бошқларни тинглашингиз учун етарли даражада илтифотли бўлиш” китобида Дэйвид Огсбургер бу ҳақда шундай дейди: “Камчилигингиз жаҳлимни чиқарганида, сизнинг бу камчилигингиз менинг ҳам камчилигим эканини биламан. Агар мен ичимдаги ғазабни боса олсам, шунда сизга бўлган ғазабим юзага чиқмайди. Лекин мен ўзимдан нафратланишимга сабаб бўладиган нарсани сиздан эшитганимда, ичимда бўрон турганини ҳис қиламан”. Кўпинча, инсонлар ўзларида мавжуд бўлган салбий сифатларни бошқа одамда кўрганларида жаҳли чиқади.

Бундан ташқари, зиддият юзага келганда, ўзимизни ўша инсоннинг ўрнига қўйишимиз муҳимлигини ҳам таъкидламоқчиман. Ҳаворий Павлус Римликлар 10:2-оятда шундай ёзган: “Ахир, ўзим гувоҳман: улар жон-жаҳдлари билан Худога берилганлар, аммо ҳақиқий тушунчага эга эмаслар”. Павлус уларнинг ҳолатини тушунишини айтаяпти, чунки ўзини уларнинг ўрнига қўйиб кўрган. Бундай муносабат “ҳамдардлик” ёки “қониқиш”ни билдиради.

Қадимги ҳиндуларнинг “Ўша одамнинг оёқ кийимида бир чақирим юрмагунча, уни айблама” деган доно маслаҳати ҳақида билсангиз керак. Зиддиятга бошқа бировнинг назари билан қаранг. Кейин, ақл билан уни тушунишга ҳаракат қилиш бошқа, уни ҳақиқатан ҳис қилиш ва туйғуларни ифода этиш эса – бутунлай бошқа нарса. Шунда ўша инсоннинг зиддиятга нисбатан маълум муносабатда бўлиш учун жиддий асоси борлигини англаб етасиз. Бу зиддиятни бартараф этиш учун муаммога ўша инсоннинг назари билан қарашингиз лозим бўлади.

Ҳамдардликнинг бундай кўриниши анча мушкул. Лекин Филиппиликлар 2:3-4-оятларида Павлус шундай деб эслатади: “Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шаҳратпараст бўлманг, аксинча, камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг. Фақат ўзингизни эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг”. Бошқача қилиб айтганда, бошқаларнинг азобларини кўра олиш учун ўз хафачилигингиздан юқорироқ бўлишингиз керак. Буни қила олиш учун биз Худодан мадад сўрашимиз лозим.

Бир фикр менга бошқа одам мени тушунишини қанчалик истасам, ўша одамни тушуниш учун шунчалик ҳаракат қилишимга ёрдам берди. Авлиё Франциск Ассиз шундай деган: “Худойим, шундай қилгинки, бошқалар мени тушунганидан кўра, мен уларни кўпроқ тушунишга ҳаракат қилай”. Агар барчамиз худди шундай йўл тутсак, муносабатларимиз қай даражада бўлишини тасаввур қила оласизми? Кўплаб зиддиятлар барҳам топган бўларди, чунки зиддиятларнинг аксарияти ҳар биримизнинг ўз фикримизга қатъий ёпишиб олишимиз натижасидир.

Агар зиддиятни Калом асосида бартараф қилишни хоҳласангиз, ўзингизга шундай савол беришингиз лозим: “Бу зиддиятда Худо менга нимани ўргатмоқчи?” Нима бўлишидан қатъий назар, мен бу зиддиятдан нимадир ўрганаман.

Ғалаба келтирувчи формула

Ижозатингиз билан зиддиятларни бартараф қилиш учун ажойиб режани таклиф қилсам. Бу режа Матто Хушхабарининг еттинчи бобида берилган биринчи бешта оятдан олинган бўлиб, тўртта бўлимдан иборат. Биринчи ва иккинчи оятда шундай ёзилган: “Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. Сизлар бошқаларни қандай ҳукм қилсангизлар, Худо ҳам сизларни худди шундай ҳукм қилади. Сизлар бошқаларни ҳукм қилганда қандай ўлчовдан фойдалансангизлар, Худо ҳам сизларни ҳукм қилганда худди ўшандай ўлчовдан фойдаланади”. Бу оятлар бизга ярашиш ҳақида гапиради. Учинчи оятда шундай давом этади: “Нега сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан-у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?”. Бу оят бизга эътиборли бўлишимиз кераклигини айтмоқда. Мен дуч келган зиддиятларга кўзимда хода бўлмай туриб тушиб қолганман, деб айта олмайман.

Кейин тўртинчи оятдан қуйидагиларни ўқиймиз: “Ўз кўзингда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай”, деб айтсан?”. Бу оятнинг моҳияти – ростгўйликдир. Ниҳоят, бешинчи оятда зиддиятни меҳр билан бартараф қилишни насиҳат қилган: “Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидаги зирапчани чиқара оласан”. Исо бизни камтар, ҳалол, ростгўй бўлишга ва севги кўрсатишга даъват қилган.

Бу ерда хавф бор. Бу вазият орқали Худо сизга нимани ўргатмоқчи эканига эътибор бермасдан, зиддиятларда осонгина қасос олишга ҳамда орани очиқ қилишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Аслида бу вазиятда Худо бизга нима демоқчи эканига диққат қилишимиз лозим. Бу эса мукаммал инсон эмаслигингизни тан олишга тайёр бўлишингизни талаб қилади. Бизнинг ибодатимиз шундай бўлиши керак: “Худойим, камчиликларимни тан олишим учун куч бер”. Тан олиш – ожизлик белгиси эмас. Аксинча, ноҳақ эканингизни тан олиш учун жасорат керак. Нуқсонларингизни тан олишингиз билан бошқа инсоннинг ҳаётдаги камчиликларини қабул қилишингиз осонлашади”.

Хатоларни тўғрилашга тайёр бўлиш – Худо бизга ўргатаётган сабоқларни ўзлаштиришимиз учун шартлардан биридир. Биз кўпинча ўзимизнинг камчиликларимизга бошқаларнинг камчиликларига қараганда анча юмшоқроқ муносабатда бўламиз.

Вазиятга тўғри муносабатда бўлиш ва ўзгаришга тайёр бўлиш ҳаётда жуда муҳим ўрин тутади. Ҳар бир вазиятдан энг яхши инсон, энг яхши хизматчи, энг яхши дўст сифатида чиқиш истаги бўлиши керак. Бундай муносабатда Муқаддас Руҳга Ўз ишини қилишга имкон берасиз.

Ёдингизда тутинг, айнан зиддиятлар кўп гуноҳларни ювади. Ҳаворий Бутрус бу ҳақда эслатган: “Авваламбор, бир-бирингизни чин юракдан яхши кўринглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади” (1 Бутрус 4:8). Исо Масиҳ Танасининг виждони бўлиш ҳақида кўп ўйлайдиган масиҳийларни кўрганман. Нима учундир улар ўзлари кўрган ҳар бир камчилик ёки хатони кўрсатишни руҳий деб ҳисоблайдилар. Павлус Римликларга 15:1-оятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини белгилаб берган: “Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр-бардош қилишимиз керак”. Биз эса кўпинча, Муқаддас Руҳнинг ишини қилишга уринамиз.

Агар сиз ўша инсонни чиндан ҳам севсангиз, унинг заифликларига тоқат қиласиз ёки уларни ўзингизга оласиз. Мен шундай одамларни учратганманки, мабодо менинг кинога борганимни билишса, уларнинг имони заифлашган бўларди. Улар шунчаки кинога бориш ёқимли эканини тушунишмайди. Бундай вазиятларда мен уларнинг заифликларини кўрсатишга ва кино томоша қилишга бўлган ҳуқуқимни айтишга шошилмайман. Бунинг ўрнига ўша инсон билан қанчадир вақтни бирга ўтказаман ва Худо ўша инсонни “Сизни энди англаяпман”, деган фикрга олиб келишидан ҳайратланаман.

Севги кўплаб гуноҳларни ювади ва заифликларни ёпиб кетади. Эфесликлар 4:2 да Павлус буни “меҳр-муҳаббат билан бир-бирига нисбатан сабр-тоқатли бўлиш”, деб атайди. Бошқа инсоннинг фойдаси учун сиз тил топишга ҳаракат қилишингиз керак. Буни аҳлоқий масалаларга эмас, балки индивидуал хусусиятга алоқадор эканига эътибор беринг. Ўзаро муносабатнинг бу жиҳатида севги – амалдаги меҳр-шафқат эканини билдиради.

Фаол қарорлар

Мен ҳозиргина юқорида айтиб ўтган хатти-ҳаракат шакллари устида ишлаш билан бир қаторда, зиддиятларни бартараф қилишда ёрдам берадиган муайян ҳаракатлар мавжуд.

Ўрганишни икки нарсадан бошланг.

Биринчидан, Каломга қаранг, сиз дуч келган вазиятга ўхшаш ҳолатларни изланг. Мен кўпинча, ўзим дуч келган вазиятларга мос ҳолатларни топганман.

Иккинчидан, иккинчи одамга ва мазкур ҳолатга тегишли даллиларни изланг. Мен Ҳикматлар 18:13 да ёзилган: “Охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир, у шарманда бўлади”, деган оятга тўлиқ қўшиламан. Кўп зиддиятлар тушуниб етмаслик ҳамда айтилган гапни нотўғри талқин қилиш сабабли юзага келади.

Анча вақт олдин Дотти бир яқин дугонасини меҳмонга таклиф қилди. Дугонаси эса фарзандларимизнинг биттаси ҳақида нимадир деди. Дотти унинг гапларини ҳукм қилиш, деб тушунди. У бу гапдан ҳайратга тушди ва узр сўраб, ётоқхонага кириб кетди. Кейинроқ, ўша ҳафтанинг ўзида Дотти қарама қаршилик ҳақида маъруза қилишига тўғри келди. Маърузага тайёргарлик кўриш жараёнида ўз эътиқодларини амалда қўллаши ҳамда ўша аёл билан гаплашиб олиши кераклигини англади. Бу осон эмасди, чунки Дотти муносабатлардаги ноқулайликларни ёқтирмасди. Лекин бу муаммо ҳал бўлмагунича дўстлик муносабатлари тикланмас эди. Суҳбат чоғида Дотти дугонасининг сўзларини нотўғри тушунганини англаб етди ва оддий далиллар билан муаммо жуда тез ҳал бўлди.

Ибодат - хатти-ҳаракатнинг яна бир усулидир. Аввалига донолик сўраб ибодат қилинг. Ёқуб бизга шундай ваъда бермоқда: “Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо сахийлик билан, беминнат беради” (Ёқуб 1:5). Бироқ донолик ва билимни адаштирманг. Донолик бизга ўз билимларимизни тўғри ишлатишимизга ёрдам беради.

Аниқ бир инсон учун, унинг исмини айтиб ибодат қилинг. Ўша инсонга бўлган муносабатингизни Худо ўзгартиради ва муаммони яхши йўл билан бартараф қилишингизга ёрдам беради. “Бир-бирингиз учун ибодат қилинг” – бу оятлар Ёқубнинг яхши маслаҳатларидан биридир.

Ибодат имон билан қилиниши лозим. Ёқуб 1:6 – оятда қуйидагиларни ўқиймиз: “Шу боис умидингизни фақатгина Худога боғлаб, имон билан сўранг, иккиланманг”. Кўпинча, менинг ибодатим тахминан шундай бўлади: “Ота, инсоний нуқтаи назардан бу зиддиятни қандай бартараф қилиш мумкинлигини билмайман, лекин муносабатни узиб қўйиш – Сенга нисбатан тўғри эмаслигини биламан. Шунинг учун, бу зиддиятни бартараф этиш учун мени, Ўз Каломингни ва бошқа инсонларни ишлатишингга ишонаман”.

Ниҳоят, бошқа одамнинг муваффақияти учун ибодат қилинг. Бутрус бизга шундай эслатади: “Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтарманглар, аксинча, ҳаммани дуо қилинглар” (1 Бутрус 3:9).

Учинчидан, оқилона маслаҳат сўранглар. Бу борада Ҳикматлар 12:15 – оятда эслатилган: “Нодон ўз йўлини тўғри деб ўйлайди, доно эса маслаҳатга қулоқ солади”. Бироқ, маслаҳат қидирганда ҳушёр бўлинглар. Одатда, зиддиятли вазиятларда ҳис-туйғуларимиз жунбушга келади ва бизни ўз камчиликларимизни кўришга ҳамда зиддиятдаги ролимизни баҳолашга ҳалақит беради.

Бу огоҳлантириш ўзимнинг шахсий тажрибамга асосланган. Афсуски, менинг сўзларимни маъқуллашига ва мени қўллаб-қувватлашига ишонадиган, ўзим билган инсонлардан маслаҳат олишга мойилман. Шунинг учун, ғолиб чиқиш учун эмас, балки зиддиятни бартараф қилиш учун маслаҳат сўрашим кераклигини ёдда сақлашим керак.

Аввал ҳис-туйғуларни жиловлаб олиш – амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим қадамлардан биридир. Эфесликларга мактубнинг 4:26 ояти бизга шундай кўрсатма беради: “Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар”. Бу оят ғазабланишни таъқиқламайди, аксинча, унинг сабабларини дарҳол тушунишга ундайди. Агар сиз ўз ғазабингизни бошқара олмасангиз, у сизни бошқаради. Бартараф этилмаган ғазаб ва хафагарчилик ҳислари сизнинг тасаввурингизга таъсир қилади ва вақт ўтиши билан далиллар тобора бузилиб, ғазаб ҳисси кучаяди. Агар туйғуларингизни дарҳол жиловламасангиз, сиздан фойдаланиши учун шайтонга яхши имконият берган бўласиз.

Покликни сақланг

Яқинда эшитган хабар мени қаттиқ хавотирга солди. Хабарга кўра, юқори лавозимда хизмат қиладиган кўплаб масиҳийлар турмуш ўртоқларига хиёнат қилишган ёки ажралишган эди. Бу хавотирли хабарни яқин дўстимга ва Доттига айтдим. Ўзаро соғлом муносабатни сақлаб қолиш учун биз нима қилганимиз ҳақидаги суҳбатимиз давомида Дотти қизиқ мавзуни ўртага ташлади. У биргаликдаги турмушимиз давомида зиддиятга дуч келганимизда бирон марта ҳам бу муаммони ҳал қилмай туриб уйдан чиқмаганимни таъкидлади.

Шундай ҳолатлар бўлганки, мен машинагача бориб, кейин ундан узр сўраш учун ортга қайтганман, яна бир марта қорда уч даҳа йўл юриб, яна уйга қайтиб келганман. Кейин Дотти шундай деган, менимча бунинг аҳамияти катта: “Муносабатларимиз яхши бўлганда уч ойга кетсангиз ҳам майли, бунга сабр қиламан. Лекин муносабатларимиздаги муаммони ҳал қилмасдан кетганингизда, мен бунга тоқат қила олмасдим. У ҳолда ғазаб ва хафагарчиликлар кучайган ҳамда туфлининг ичига кириб қолган тошдек, мунтазам азоб берган бўларди”.

Менимча, зиддиятни бартараф қилмай туриб, ишга кетиш яхши эмас. Рафиқам иккимиз бу қоидага қатъий амал қиламиз. Қолаверса, ҳал қилиш керак бўлган қандайдир муаммо бўлса, уйқуга ётишдан аввал уни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.

Яқинда рафиқам ҳақида аввал мен билмаган бир нарсани билдим. Сочим тўкила бошлади, шунинг учун соч учун махсус суюқликдан фойдаландим. Бир куни тонгда иккимиз ҳам ювиниш хонасида турганимизда, мен сув пуркагични олиб, сочимга махсус суюқлик сепа бошладим. Дотти менга: “Азизим, бундай қилманг”, деди. Маълум бўлдики, ўн тўрт йиллик турмушимиз давомида биз бирон марта ҳам соч учун махсус суюқлик ҳақида гаплашмаган эканмиз ва рафиқам бундай нарсаларни нафақат ёқтирмаслигини, балки ҳеч кимга уйда улардан фойдаланишга рухсат бермаслигини билмаган эканман.

Шунинг учун, нарироқ кетсам, тўғри бўлади деб ўйлаб, нарироққа бориб, сув пуркагични ишлатишда давом этдим. Шунда рафиқам: “Сизга айтдим-ку, бу менга ёқмайди, деб” деди. Жаҳлим чиқиб, четга ўтдим ва сув пуркагичнинг симини қаттиқ тордим ва ўқдек уйдан чиқиб кетдим. Симни қаттиқ тортганимда рафиқамнинг қимматбаҳо атири ерга тушиб синди.

Нонушта қилиш учун ресторанга бораётганимда ўзимни қанчалик номуносиб тутганимни англаб етдим ва Худодан кечирим сўрадим. Ресторанга етиб боришим билан телефонга ёпишдим. Уйдаги телефон жиринглаганида, Дотти ўғлимга қараб, “Гўшакни ол. Бу даданг” дебди. Биз бўлиб ўтган ҳодасини муҳокама қилдик ва қилган ишимиз учун бир-биримизни кечирдик.

Зиддиятни бартараф қилишни бошлашдан аввал ўз туйғуларингизни жиловлашингиз керак бўлса ҳам бу зиддият баъзан ўзини тўлиқ намоён қилишига имкон беришингиз кераклигини тушундингиз, деб ўйлайман. Ғазаб ҳамда хафагарчилик тарқаши учун бироз вақт керак бўлиши мумкин ва сиз ўз туйғуларингизга берилмасдан зиддиятни бартараф эта оласиз.

Бир куни Колорадо штатидаги жамоат чўпонидан матуб олдим, унда менинг маърузамни бекор қилиш ҳақида гаплашиб олиш учун чўпон мени чақираётгани ёзилган эди. У жамоат оқсоқоллари ҳамда хизматчилари билан маслаҳатлашиб, мени жуда қиммат ҳақ сўраяпти, деб ўйлашган. Шунинг учун уларнинг жамоатида маъруза қилмаслигимни сўрашган эди. Уларга жавоб ёзгунимча тўрт ҳафта ўтди. Хафагарчилигим ҳамда ташвишларим тарқалиши, қолаверса, жамоат хизматчилари ҳам ўзларини босиб олишлари учун ҳам вақт керак эди. Уларга ёзган жавобим қирқ саҳифадан иборат эди ва уларни саккиз нусхада хизматчилар учун белгиланган тезкор почта орқали жўнатдим.

Орадан кўп ўтмай, мен ўша чўпоннинг олдига бордим. Унинг менга айтган биринчи гапи “Қачондир мени кечира оласизми?” деган савол бўлди. Кейин менинг мактубим уларнинг хизмат йўналишига катта таъсир қилганини айтиб берди, чунки бир неча йиллар давомида улар одамларга ёмон муносабатда бўлаётганликларини англаб етган эдилар. Агар мен уларга ўша заҳотиёқ, яъни ҳисларим жунбушга келган пайтда жавоб ёзганимда, Масиҳнинг Танаси бўлмиш жамоатнинг шифо топиши ҳамда гуллаб-яшнашидек қувончдан бебаҳра қолган бўлар эдик.

Ҳикматлар китобининг 15 боб 23 оятида “Ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши!”, деган гапни эсланг. Шу бобдаги 28 – оят ҳам менга ёқади: “Солиҳ ўйлаб жавоб беради, фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқаверади”. Шифокоримнинг айтишича, менда ошқозон яраси йўқлигининг сабаби – кўп кулишим ва нимани ўйласам, ўшани гапиришим экан. Мен унисини ҳам бунисини ҳам қиламан, лекин одамларга ўз фикримни айтишда қулай фурсатни танлашга, тўғри бажаришга ва хотиржам бўлишга ҳаракат қиламан.

Салбий жиҳатларингизни текширинг

Зиддиятли вазиятда ҳар доим яхши томонга эътибор бериш лозим. Диққатингизни зиддиятнинг ижобий томонига қаратинг. Филиппиликлар 4:8  ояти бизга шундай ўргатади: “Энди эса, эй биродарларим, фикр-зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар”.

Қуйидаги саволларни диққат билан ўйлаб кўринг:

  1. Кўп вақтингиз нимага сарфланади: одамларни танқид қилишгами ёки уларнинг яхши томонини ўрганишгами?
  2. Бошқаларни уларнинг кўзлари учун ҳукм қиласизми?
  3. Бошқаларни ўзингиз ҳам мос келмайдиган талаблар бўйича баҳолайсизми?
  4. Уларни осонроқ қабул қилишингиз учун одамлар сизнинг талабингизга мос келиши керакми?

Бу саволларга берган жавобингиз зиддиятни бартараф қилиш вақтида ўзингизни қандай тутишингиз ҳақида кўп нарсалар ошкор қилади.

Ҳаётимда мен қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қиладиган инсонлар бор. Улар мени янада яхшироқ бўлишга даъват қилгани билан агар мен ҳеч қачон яхшироқ бўлолмасам ҳам уларнинг менга бўлган муҳаббати камаймайди. Улар салбий томонларимга эмас, ижобий томонларимга қарашади. Эҳтимол, сиз ижобий томонни кўра олишингиз учун янада кўпроқ ҳаракат қилишингиз керак бўлар, айниқса, зиддиятли вазиятларда.

Муқаддас Руҳ ҳаётингизни бошқараётганига ишонинг – бу менинг энг сўнгги, лекин энг муҳим маслаҳатим. Агар сиз Муқаддас Руҳга тўлмаган бўлсангиз, буни амалда қўллаш имконсиз бўлмаса ҳам, жуда қийин бўлади. У – ўрганганларингизни аста-секин ҳаётда тадбиқ қилишингиз учун куч берувчи манба бўлиб, сизни ҳали ўрганишингиз лозим бўлган янги очиқликлар сари етаклайди.


Книга на узбекском языке:  Муҳаббат тилсими. Жош Макдауэлл

Вы можете добиться того, чтобы ваша любовь была самой плодотворной, и мне хотелось бы помочь вам в этом. Эта книга позволит вам, независимо от вашего семейного положения, по-новому взглянуть и улучшить свои любовные отношения.

Мои многочисленные поездки и общение с тысячами людей побудили меня поделиться с вами наиболее важными принципами этих взаимоотношений.

Если вы цените интимные взаимоотношения, основанные на взаимной любви, вам нужно прочитать книгу «Секрет любви». Если вас интересуют секреты плодотворной любви, брака и сексуальных отношений, эта книга — для вас.
Часто меня спрашивают: «Не вредит ли вашему браку то, что Джош так много путешествует?» Или: «Неужели ваши отношения не страдают из-за плотного графика лекций Джоша?»



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак