ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Шоҳлар (иккинчи китоб)”нинг кўп қисми шоҳ Довуднинг ҳукмронлиги даврида юз берган воқеаларнинг тарихидир. Мазкур китобда шоҳ Довуднинг қозонган зафарлари, амалга оширган эзгу ишлари, қилган гуноҳлари ва ўша гуноҳларнинг оқибатлари ҳақида баён қилинади. Худога бўлган итоаткорлик барака келтиришини, итоатсизлик эса жазо ва кулфат келтиришини шоҳ Довуд ҳаётида яққол кўришимиз мумкин. “Шоҳлар (биринчи китоб)” ва “Шоҳлар (иккинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Шоҳлар (биринчи китоб)” ва “Шоҳлар (иккинчи китоб)”га бўлинган. Шоҳ Шоулнинг ўлимидан кейин Яҳудо қабиласи Довудни ўзларига шоҳ қилиб танлайди. Қолган барча Исроил қабилалари эса Шоул ўғли Ишбоситни ўзларига шоҳ қиладилар. Довуд билан Ишбосит ўртасида етти йил уруш бўлади. Охири, Довуд жамики Исроил ва Яҳудо юртларининг шоҳи бўлади. Довуд Қуддус шаҳрини Ёбус халқидан тортиб олиб, ўз шоҳлигининг янги пойтахти қилади ва Аҳд сандиғини бу ерга олиб келади. У Худога атаб Маъбад қуришни ният қилади, у ерни Аҳд сандиғи сақланадиган бир жой қилмоқчи бўлади. Лекин Худо Довудга бундан–да юқори иззат–икром кўрсатмоқчи бўлади. У Довудга, Мен сен учун бир хонадон яратаман, номингни машҳур қиламан, сен қудратли ҳукмдор бўласан, сенинг наслинг то абад шоҳ бўлади, деб ваъда беради. Кейинчалик, Довуднинг пушти камаридан бино бўлган ўғли Сулаймон Худога атаб, Маъбад қуради. Довуд Исроилнинг душманларини мағлуб қилади ва кучли шоҳликнинг ҳукмдори бўлади. Шунга қарамай, у гуноҳга қўл уради. Бу гуноҳ оқибатида Худо Довудга оғир кулфат келтиради. Бу кулфатларнинг аксарияти ўз оиласи ичида юз беради. Довуд бенуқсон инсон эмас эди–ю, лекин Худога содиқ бўлиб, ёлғиз Унга сажда қиларди. Шунинг учун Худо Довудга илтифот кўрсатади, шоҳлик тахтингни то абад мустаҳкам қиламан, дея ваъда бериб, унинг сулоласини барқарор қилади.