ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Шоҳлар (учинчи китоб)”да Исроил тарихининг давоми баён қилинади. Мазкур китобдаги воқеалар тафсилоти Довуд ва Сулаймоннинг бирлашган шоҳликка ҳукмронлик қилиш даври билан бошланади. Китобнинг давомида шоҳликнинг бўлиниб кетиши, мустақил Яҳудо ва Исроил шоҳликларининг юзага келиши ва ўша шоҳликларнинг илк даври баён қилинади. Ўша даврда ҳукмронлик қилган шоҳларнинг муваффақияти уларнинг сиёсий ёки иқтисодий ютуқлари билан эмас, балки Худога бўлган садоқати билан баҳоланар эди. Бу китобда “Шоҳлар (тўртинчи китоб)” билан бирга Яҳудо ва Исроил тарихининг фақат эътиборга сазовор бўлган муайян воқеалари ва шахслари ҳақида сўз юритилади. Бундан мақсад — тарихда таназзулга юз тутган иккала шоҳликнинг қисмати тўғрисида ҳикоя қилиш орқали китобхонга ахлоқ борасида сабоқ беришдир. Бу иккала шоҳликнинг аҳолиси пайғамбарларга қулоқ солмай, Худодан юз ўгирганлари учун душманларга мағлуб бўлиб, ўз юртларидан сургун қилинади. “Шоҳлар (учинчи китоб)” ва “Шоҳлар (тўртинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Шоҳлар (учинчи китоб)” ва “Шоҳлар (тўртинчи китоб)”га бўлинган. “Шоҳлар (учинчи китоб)” уч қисмдан иборат. Биринчи қисмда (1-2–боблар) шоҳ Довуд ҳаётининг сўнгги йиллари ва унинг ўғли Сулаймон Исроил шоҳи бўлгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Иккинчи қисм (3-11–боблар) Сулаймон ҳукмронлиги давридаги воқеаларни ўз ичига олиб, бу қисмда у қанчалик шуҳрат таратгани ва бойигани тўғрисида ҳикоя қилинади. Иккинчи қисмда, асосан, Сулаймон қандай қилиб Худонинг Қуддусдаги уйини қургани ва уни Худога бағишлагани тўғрисида баён қилинади. Китобнинг қолган қисми (12-22–боблар) Сулаймоннинг вафотидан кейин юз берган воқеалардан — шимолдаги қабилаларнинг Сулаймон ўғли Рахабомга қарши исён кўтаргани, Исроил халқининг иккита алоҳида шоҳликка бўлиниб кетгани тўғрисидаги воқеалардан иборат. Жанубдаги шоҳлик — Яҳудо, шимолдагиси — Исроил деб аталадиган бўлади. Китобнинг бу қисми иккала шоҳликнинг ҳукмдорлари тарихини ўз ичига олади. Ҳар бир шоҳ Худога бўлган содиқлигига қараб ҳукм қилинади. Агар шоҳ Худонинг қонунига содиқ бўлиб, Унга итоат этса, яхши деб мақталади. Агар Худога итоатсизлик қилиб, тўғри йўлдан озса, қабиҳ деб ҳукм қилинади. Ҳамма Исроил шоҳлари Худодан юз ўгириб, бегона худоларга сажда қилганлари учун, қабиҳ шоҳлар деб ҳукм қилинади. Яҳудо шоҳларининг кўпчилиги ўз боболари шоҳ Довуддан намуна олиб, унинг йўлидан юрганлари ва Худога сажда қилганлари учун яхши шоҳлар деб эътироф этилади. “Шоҳлар (учинчи китоб)” яна Исроилнинг, яъни шимолий шоҳликнинг қабиҳ ҳукмдори Ахаб ва малика Изабелга қарши турган Илёс пайғамбар тўғрисидаги машҳур воқеаларни ҳам қамраб олган. Илёс пайғамбар Исроил халқини Худога итоат этишга ва бегона худоларга сажда қилмасликка даъват этади. Ушбу китоб Яҳудо шоҳи Ёҳушафат ва Исроил шоҳи Охозиё ҳукмронлиги давридаги воқеалар билан тугайди.