СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”ларда Исроил халқининг тарихи баён қилинади. Гарчи иккала китобда “Шоҳлар” китобларидаги кўп воқеалар такрорланса ҳам, Исроил тарихи “Шоҳлар” китобларидагига қараганда бир оз бошқачароқ нуқтаи назардан ёритилади. “Шоҳлар” китоблари Исроил халқи Бобилга сургун қилинган даврда ёзилган бўлса, “Солномалар” китоблари халқ сургундан она юртига қайтгандан кейин ёзилган эди. Шу сабабдан “Солномалар” китобларида насабномаларга, шоҳ Довуд ва шоҳ Сулаймоннинг ҳукмронлиги даврига, шунингдек, Маъбаднинг қурилиши билан боғлиқ бўлган воқеаларга алоҳида урғу ва эътибор берилган. Шу орқали муаллиф сургундан қайтиб келган халқни ўз ўтмиши билан боғлаб турган ришталарни кўрсатмоқчи бўлади, Худонинг қилаётган ишларини мадҳ этади. “Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмни битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”га бўлинган. “Солномалар (биринчи китоб)”да шоҳ Довуд бош қаҳрамондир. У Қуддусни Худога сажда қилиш марказига айлантиради. Худога тўғри йўллар билан сажда қилишни ўз халқига ўргатади. Маъбадни Довуднинг ўғли Сулаймон қурган бўлса–да, Довуд Маъбаднинг асосчиси сифатида шуҳрат қозонади. У Худога чин кўнгилдан сажда қиладиган ва итоат этадиган инсон сифатида намуна қилиб кўрсатилади. “Солномалар (биринчи китоб)”нинг кўп қисмида рўйхат берилган бўлиб, бу рўйхатга Одам Атодан шоҳ Шоул давригача бўлган насллар киритилган (1-9–боблар). Шоулнинг ўлими тўғрисидаги хабардан кейин (10–боб), шоҳ Довудга урғу берилади (11-29–боблар). Довуд қай тарзда шоҳ бўлгани ва Қуддусни пойтахт қилгани ҳикоя қилинади. Довуднинг сипоҳлари ва лашкарбошилари тўғрисидаги маълумот берилади. Сўнг Довуд муқаддас Аҳд сандиғини янги жойга — Қуддусга кўчиргани ҳақида сўз юритилади. Китобнинг охирида Довуд Худонинг Маъбадини қуриш учун қандай тайёргарлик кўргани ва ўғли Сулаймонга сажда маросимларига оид кўрсатмалар бергани тўғрисида баён қилинади.