Солномалар (биринчи китоб) 28 bob
1 Довуд Исроилдаги ҳамма аъёнларни — қабила йўлбошчиларини, шоҳга хизмат қиладиган ҳарбий қисмлар сардорларини, мингбошиларни, юзбошиларни, шоҳ ва шаҳзодалар мулкини ва подаларини бошқарувчиларни, сарой аъёнларини, баҳодир паҳлавонларни ва бошқа ҳамма жангчиларни Қуддусда тўплади.
2 Шоҳ Довуд уларнинг олдида туриб, гапирди: “Биродарларим, халқим, гапимни эшитинглар! Мен Худонинг оёқ курсиси бўлмиш Эгамизнинг Аҳд сандиғи учун бир оромгоҳ қурмоқчи эдим. Қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ҳам кўриб қўйган эдим.
3 Лекин Худо: «Менга атаб уйни сен қурмайсан, сен жанг қилиб, кўп қон тўкдинг», — деди.
4 Ваҳоланки, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз бутун отам хонадонидан мени танлаб олди. Мени то абад Исроилнинг шоҳи қилди. У Яҳудо қабиласини етакчи қилиб танлади, Яҳудо қабиласидан эса отамнинг хонадонини раво кўрди, отамнинг ўғиллари орасидан эса мени мамнуният ила бутун Исроил устидан шоҳ қилди.
5 Эгамиз менга кўп ўғиллар берди, ҳамма ўғилларим орасидан Исроил шоҳи қилиб Сулаймонни танлади. Ҳа, Эгамизнинг шоҳлиги тахтига у ўтиради.
6 Эгамиз менга айтди: «Мен учун уйни ва ҳовлиларни қурадиган ўғлинг Сулаймондир. Мен уни Ўзимга ўғил қилиб танладим, Мен унга ота бўламан.
7 Агар у бугунгидай, Менинг амрлариму қонунларимга қатъият билан риоя қилиб юрса, унинг тахтини то абад мустаҳкам қиламан.»
8 Шунинг учун энди Эгамизнинг жамоаси Исроил халқининг кўзи ўнгида ва Худойимизнинг гувоҳлигида сизларга айтайин: Эгангиз Худонинг амрларини битта қолдирмай бажаринг. Ана шунда сизлар мана шу ҳосилдор юртга эгалик қиласизлар, болаларингизга ҳам уни абадий мерос қилиб қолдирасизлар.
9 Энди Сулаймон ўғлим, отангнинг Худосини тан олгин, бутун онгинг билан сидқидилдан Унга хизмат қилгин. Зотан, Эгамиз ҳар бир инсоннинг юрагини синайди, нияту фикрларимизни У билади. Агар Уни изласанг, топасан. Агар Уни тарк этсанг, У ҳам сени абадий ташлаб кетади.
10 Гапимга қулоқ сол! Маъбад қуриш учун Эгамиз сени танлаган экан, қани, дадил бўлиб, ишга бел боғла!”
11 Довуд Маъбад биноларининг, омборхоналарининг, бошқа хоналарининг ва Энг муқаддас хонанинг, яъни гуноҳдан поклаш жойининг чизма лойиҳаларини ўғли Сулаймонга берди.
12 Шунингдек, Довуд Эгамиз уйининг ҳовлилари ва атрофидаги хоналари, Худо уйининг хазиналари ва назр қилинган ҳадялар сақланадиган хоналари учун кўнглидаги ниятларини айтди.
13 Руҳонийлар ва левиларнинг тузумига, уларнинг Эгамизнинг уйида қилинадиган барча хизматларига ва хизмат пайтида фойдаланиладиган барча ашёларга оид кўрсатмалар берди.
14 Хизматда ишлатиладиган қуйидаги идиш ва жиҳозларни ясаш учун олтин ва кумуш вазнини белгилаб берди:
15 мойчироқлар ва чироқпоялар,
16 муқаддас нонлар қўйиладиган олтин хонтахта, кумуш хонтахталар,
17 санчқилар, тоғорачалар, кўзалар, жомлар ва
18 тутатқи қурбонгоҳи. Бундан ташқари, олтин араванинг, яъни қанотларини ёйиб, Эгамизнинг Аҳд сандиғини қоплаб турган олтин карубларнинг лойиҳасини* ҳам Сулаймонга берди.
19 Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонга шундай деди: — Буларнинг ҳаммасини мен Эгамнинг бошчилигида ёздим, лойиҳанинг икир–чикирларини Унинг Ўзи менга аён қилди.
20 Дадил ва ботир бўл! Ишни бошла! Қўрқма, ваҳимага тушма! Парвардигор Эгамиз — менинг Худойим сен билан биргадир. Эгамизнинг уйидаги ишлар битмагунча, У сени ташлаб қўймайди, тарк этмайди.
21 Мана, руҳонийлар ва левилар гуруҳлари Худонинг уйидаги ҳар қандай хизматни қилишга тайёр бўлиб турибдилар. Моҳир ҳунармандлар сенга бажонидил ёрдам берадилар. Бутун халқ ва уларнинг йўлбошчилари амрингга мунтазирдирлар.