Солномалар (биринчи китоб) 29 bob
1 Шоҳ Довуд бутун жамоага шундай деди: “Худо танлаган ўғлим Сулаймон ҳали ёш, тажрибасиз, қиладиган иши эса улкандир, чунки бу Муқаддас кошона инсон учун эмас, балки Парвардигор Эгамиз учундир.
2 Худойимнинг уйини қуриш учун мен қўлимдан келганича олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч, ақиқ тошлар, безак учун фируза тошлар, ранго–ранг тошлар, ҳар хил қимматбаҳо тошлар ва мармар йиғдим.
3 Энди эса, Худойимнинг уйига бўлган садоқатимни кўрсатиб, буларга қўшимча қилган ҳолда шахсий хазинамдаги олтин ва кумушни бераман.
4 Мен бераётган мана бу 6000 пуд Офир олтинини ва 14.000 пуд тоза кумушни биноларнинг деворларини қоплаш учун
5 ҳамда ҳунармандлар ясайдиган ашёлар учун ишлатинглар. Қани, яна ким бугун Эгамизга ўз садоқатини кўрсатмоқчи? Ким Маъбаднинг қурилишига назрлар бермоқчи?”
6 Шунда уруғбошилар, қабила йўлбошчилари, мингбошилар, юзбошилар ва шоҳнинг аъёнлари кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар.
7 Улар Худо уйининг қурилиши учун 10.000 пуд олтин, 10.000 олтин танга, 20.000 пуд кумуш, 36.000 пуд бронза ва 200.000 пуд темир назр қилдилар.
8 Кимда қимматбаҳо тошлар бўлса, уларни Эгамизнинг уйи хазинасига бердилар. Хазинага Гершон наслидан бўлган Ёхиёл масъул эди.
9 Одамлар йўлбошчиларнинг берган бу ҳадялари учун севиндилар, чунки ҳаммалари кўнгилдан чиқариб берган бу назрларини якдиллик билан Эгамизга келтирган эдилар. Шоҳ Довуд ҳам жуда хурсанд бўлди.
10 Довуд бутун жамоанинг кўзи олдида Эгамизга ҳамду сано ўқиди: “Эй бобомиз Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Сенга то абад ҳамду санолар бўлсин!
11 Эй Эгамиз! Сен буюк, қудратли, шуҳратли, салобатли ва улуғдирсан. Зотан, еру осмондаги барча нарса Сеникидир. Эй Эгамиз! Сен Шоҳсан. Сен ҳар нарсадан юксаксан.
12 Бойлик ва шон–шарафнинг манбаи Сенсан. Ҳа, Сен ҳамма нарса устидан ҳукмронсан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Одамларни юксалтирадиган, уларга куч берадиган Сенсан.
13 Энди, эй Худойимиз, биз Сенга шукурлар айтамиз, Сенинг улуғ номингни мадҳ қиламиз.
14 Лекин мен ким бўлибман, менинг халқим нима бўлибдики, биз кўнгилдан чиқариб Сенга назр бера оладиган бўлсак? Ахир, ҳамма нарса Сендан келган! Биз бугун бор–йўғи Сенинг нарсангни Ўзингга қайтариб бердик, холос.
15 Биз Сенинг олдингда, ота–боболаримиз сингари мусофиру меҳмонмиз. Бизнинг умримиз соядай изсиз ўтиб кетади.
16 Эй Эгамиз Худо! Биз Сенинг муқаддас исмингга атаб уй барпо қилиш учун йиққан мана шу бойликларнинг ҳаммаси Сендан келган. Ҳа, ҳаммаси Ўзингникидир.
17 Эй Худойим! Биламан, Сен юракни синайсан, солиҳ одамдан хушнуд бўласан. Мана шу назрларни мен Сенга чин дилдан, кўнглимдан чиқариб бердим. Ҳозир эса шу ерда турган халқинг ҳам назрларини Сенга хурсандчилик билан атаганини кўрдим.
18 Эй ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Халқингнинг юрагидаги бу нияту мақсадларини то абад сақла, уларнинг юрагини Ўзингга бур.
19 Ўғлим Сулаймон Сенинг амрларингга, шартларингга ва қонунларингга риоя қила олиши учун ва мен ҳозирлигини кўриб қўйган Муқаддас кошонани қура олиши учун унга кучли истак ато қилгин.”
20 Шундан кейин Довуд бутун жамоага: “Эгангиз Худони олқишланг!” деди. Улар ота–боболарининг Худоси — Эгамизни олқишладилар. Унга таъзим қилиб, Эгамиз ва шоҳнинг олдида мук тушдилар.
21 Эртаси куни улар мингта буқа, мингта қўчқор ва мингта қўзини Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилдилар. Булар билан бирга шароб назрларини ва бутун Исроил халқи учун бир талай бошқа қурбонликларни келтирдилар.
22 Ўша куни жамики Исроил халқи катта хурсандчилик билан Эгамиз ҳузурида еб–ичди. Улар Довуд ўғли Сулаймонни иккинчи марта шоҳ деб эълон қилдилар. Сўнг Сулаймон ва Зодўхнинг бошларига мой суртиб, Сулаймонни Эгамизнинг шаҳзодаси, Зодўхни эса руҳоний қилиб тайинладилар.
23 Сулаймон Эгамизнинг тахтига ўтириб, отаси Довуднинг ўрнига шоҳ бўлди. У катта муваффақиятга эришди, бутун Исроил халқи унга итоат қилар эди.
24 Барча йўлбошчилар, баҳодир жангчилар ва шоҳ Довуднинг ҳамма ўғиллари шоҳ Сулаймонга содиқ бўлишга сўз бердилар.
25 Эгамиз Сулаймонни шу қадар юксалтирдики, бутун Исроил халқи уни ниҳоятда иззат қиладиган бўлди. Дарҳақиқат, Сулаймондан олдин ҳеч қандай шоҳ Исроилда бундай дабдабали шуҳратга эришмаган эди.
26 Эссай ўғли Довуд бутун Исроил устидан шоҳ бўлганди.
27 У Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди.
28 Довуд давлату шуҳрат орттирди. Ёшини яшаб, ошини ошаб, оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Сулаймон шоҳ бўлди.
29 Шоҳ Довуднинг бутун фаолияти бошдан охиригача валий Шомуилнинг, Натан пайғамбарнинг ва валий Гаднинг қўлёзмаларида баён этилган.
30 Довуднинг ҳукмронлиги даврида кўрсатган қаҳрамонликлари, Исроил халқининг ва ўзининг бошидан кечирган воқеалар ҳамда атрофдаги шоҳликларда юз берган ҳодисалар ўша китобларга киритилган.