Эстер 1 bob
1 Бу воқеа Ахашвераш даврида бўлиб ўтган эди. Ахашвераш Ҳиндистондан Ҳабашистонгача бир юз йигирма етти вилоят устидан ҳукмронлик қиларди.
2 Шоҳ Ахашвераш Шушандаги қалъада шоҳлик тахтига ўтиргандан кейин,
3 ҳукмронлигининг учинчи йилида барча вазирлари ва сарой аъёнлари, Форс ва Мидия шоҳликларининг бош лашкарбошилари ва зодагонлари, қўли остидаги вилоятларнинг ҳокимлари учун зиёфат берди.
4 Ахашвераш анча вақт — бир юз саксон кун давомида ўз шоҳлигининг беқиёс бойлигини, дабдабали ва ҳашаматли улуғворлигини кўрсатди.
5 Бу зиёфатдан кейин Ахашвераш Шушан қалъасининг каттаю кичигига шоҳ саройининг боғ ҳовлисида етти кун зиёфат берди.
6 Боғнинг мармар устунлари тепасидаги кумуш ҳалқаларга олий навли ва сафсар рангли зиғир иплардан тўқилган, арқонларга боғланган оқ ва кўк рангли зиғир пардалар осилганди. Арғувон ва оқ мармар, садаф ва қорамтир тошлар қопланган жойга олтин ва кумуш ўриндиқлар ўрнатилган эди.
7 Ичимликлар турли–туман олтин қадаҳларда тортилди. Шоҳона шароб ҳам, шоҳнинг бойлиги каби, жуда сероб бўлди.
8 Чунки шоҳ ўз хонадони бошқарувчиларига: “Ҳар кимга истаганича берилсин”, деб фармон этди. Шунинг учун ичимликлар, шоҳнинг фармонига кўра, меҳмонларнинг хоҳишига қараб берилди.
9 Малика Вашти ҳам шоҳ Ахашвераш саройида аёллар учун зиёфат бераётган эди.
10 Еттинчи куни шоҳ шароб ичиб вақти чоғ бўлиб, ўзининг Махумон, Бизта, Харбона, Бихта, Авағта, Затар, Каркас исмли еттита мулозимига шундай фармон берди:
11 “Малика Ваштига шоҳона тож кийдириб, ҳузуримга олиб келинглар, халққа ва аъёнларга унинг гўзаллигини кўрсатай.” Ҳақиқатан ҳам малика ғоят гўзал эди.
12 Лекин малика Вашти келмади, шоҳнинг мулозимлар орқали берган фармонини бажаришдан у бош тортди. Шоҳ бундан қаттиқ ғазабланди, маликадан ғоятда жаҳли чиқди.
13 Шоҳ ўз ишларини қонун–қоидани биладиганлар олдида қиларди.
14 Ўша пайтда шоҳнинг яқинлари Форс ва Мидия шоҳлигининг еттита беги — Каршана, Шатор, Адмата, Таршиш, Мирос, Марсано, Мамухон эди. Уларнинг жойи шоҳнинг ҳузурида бўлиб, шоҳликда энг юқори мавқени эгаллаган эдилар. Шоҳ қонун–қоидаларни яхши биладиган ўша донишмандлардан сўради:
15 — Шоҳ Ахашвераш малика Ваштига мулозимлар орқали фармон берган эди, у итоат этмади. Бу қилмиши учун қонунга биноан уни нима қилиш керак?
16 Шунда Мамухон шоҳ ва аъёнлар ҳузурида шундай жавоб берди: — Малика Вашти ёлғиз шоҳимиз олдидагина эмас, балки шоҳ Ахашвераш ҳукмронлиги остидаги ҳамма вилоятларнинг беклари ва халқи олдида айбдордир.
17 Чунки маликанинг қилиғини ҳамма аёллар эшитишгач, улар: “Шоҳ Ахашвераш, малика Ваштини ҳузуримга олиб келинглар, деб фармон берган экан, малика бормабди”, деб гапириб юрадилар ва эрларини менсимай қўядилар.
18 Маликанинг қилиғи тўғрисида эшитган Форс ва Мидия шоҳлиги бегойимлари шоҳимизнинг ҳамма аъёнларига айни ўша гапни айтадилар. Ўртада киборлик, дилсиёҳлик пайдо бўлади.
19 Агар шоҳимиз маъқул кўрсалар, ўзлари бутун шоҳлик ҳудуди бўйича қарор чиқарсинлар. Форс ҳамда Мидия шоҳлиги қонунларига: “Вашти шоҳ Ахашвераш ҳузурига кирмасин, унинг шоҳликдаги мартабаси бошқа яхшироғига берилсин” деган қўшимча киритилсин ва бу фармон ўзгартирилмасин.
20 Шоҳлик қанчалик катта бўлмасин, шоҳимизнинг бу фармони шоҳлик бўйлаб тарқалганда, барча аёллар — бою камбағали эрларини ҳурмат қиладиган бўладилар.
21 Бу гап шоҳга ва аъёнларга маъқул бўлди. Шоҳ Мамухон айтганидай қилди.
22 У қўли остидаги ҳамма вилоятларга мактуб жўнатди. Мактуб ҳар бир вилоятнинг ўз ёзувида ва ҳар бир халқнинг ўз тилида битилган бўлиб, унда: “Ҳар бир эркак ўз оиласида хўжайин бўлсин ва унинг гапи гап бўлсин”, деб ёзилган эди.