1 Ижрочилар раҳбарига. Филист халқи Довудни Гат шаҳрида тутиб олгандан кейин, унинг айтган қўшиғи. “Узоқдаги жим кабутар” куйига айтилади.
2 Шафқат қил менга, эй Худо, Одамлар мени таъқиб қилмоқда, Ғанимларим кун бўйи мени эзмоқда.
3 Бўҳтончилар кун бўйи мени таъқиб қилади, Кўплари менга ҳужум қилади, эй Худойи Таоло!
4 Қўрққанимда Сенга умид боғлайман.
5 Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Сендан умид қиламан, қўрқмайман, Банданг менга не қила олади?!
6 Ғанимларим ҳар доим гапимни бузиб кўрсатади, Менга зарар етказмоқ учун фитналар қилади.
7 Ёвуз ниятда ортимдан писиб келади, Ҳар бир қадамимни ўлчаб юради,Улар ҳаётимга чек қўйишни истайди.
8 Жиноятлари учун уларни улоқтир, Эй Худо, ғазабинг ила уларни ерга ур!
9 Сен қайғуларимни ҳисобга олгансан, Кўз ёшларимни идишингга солиб йиғиб қўйгин. Ахир, уларнинг ҳар бири китобингда ёзилган–ку!
10 Сенга илтижо қилган куним Душманларим ортга чекинади. Ҳа, биламан, Сен мен томонда.
11 Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Ҳа, Эгам, Сенинг каломингни мен мадҳ этаман.
12 Сендан умид қиламан, қўрқмайман, Банданг менга не қила олади?!
13 Эй Худо, Сенга берган онтимни бажармоғим шарт, Шукрона назрларимни Сенга атайман.
14 Жонимни ўлимдан қутқариб қолдинг, Оёғимни қоқилишдан сақладинг. Шу боис, эй Худо, Сенинг олдингда, Ҳаёт нурида юраман.