Марк 14 bob
1 Фисиҳ зиёфатига ва Хамиртурушсиз нон байрамига икки кун қолган эди. Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фурсат пойлаб юрган эдилар.
2 Улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда, халқ ғалаён кўтариши мумкин”, дедилар.
3 Исо Байтания қишлоғида илгари тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда тоза, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди. Идишни синдириб очиб, мойни Исонинг бошидан қуйди.
4 Баъзилар бундан ғазабланиб, бир–бирига: — Мойни бундай исроф этишнинг нима кераги бор эди?!
5 Ахир, уни уч юз кумуш тангадан ҳам кўпроққа сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — деб аёлни қаттиқ койишди.
6 — Қўйинглар уни! — деди Исо. — Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди.
7 Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Истаган вақтингизда уларга ёрдам бера оласизлар. Лекин Мен сизлар билан доимо бирга бўлмайман.
8 Бу аёл қўлидан келганини қилди. У Менинг танамга хушбўй мой суртиб, олдиндан дафнга тайёрлади.
9 Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.
10 Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб, Исони сизларга тутиб бераман, деди.
11 Бош руҳонийлар бу гапни эшитиб, жуда хурсанд бўлдилар, Яҳудога пул беришни ваъда қилдилар. Шундай қилиб, Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай вақтни кута бошлади.
12 Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида, Фисиҳ қўзиси сўйиладиган пайтда шогирдлар Исодан сўрадилар: — Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.
13 Исо шогирдларидан иккитасини юбораётиб, уларга деди: — Қуддусга боринглар, у ерда кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Унинг орқасидан боринглар.
14 У кирадиган хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: «Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?» деб сўраб юбордилар.”
15 Уй эгаси сизларга жиҳозланган, тайёрлаб қўйилган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.
16 Шогирдлар жўнашди. Шаҳарга кирганларида, худди Исонинг айтганини топдилар ва Фисиҳ таомини тайёрладилар.
17 Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан бирга у ерга келди.
18 Улар овқатланиб ўтирганларида Исо шундай деди: — Сизларга чинини айтайин, Мен билан таом еяётган киши Менга хиёнат қилади. У сизларнинг орангиздадир.
19 Шогирдлар хафа бўлиб, бирин–кетин: — Наҳотки ўша мен бўлсам? — деб Ундан сўрай бошладилар.
20 Исо уларга жавобан деди: — У ўн иккитангиздан биттаси, Мен билан баравар косага нонни ботирган — ўшадир.
21 Тўғри, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Лекин Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра, туғилмагани яхшироқ эди.
22 Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб: — Олинглар, бу Менинг танамдир, — деди.
23 Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб уларга узатди. Ҳаммалари ундан ичдилар.
24 Исо уларга деди: — Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу аҳд кўплар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.
25 Сизларга чинини айтайин: Худонинг Шоҳлигида Мен янги шароб ичадиган кунгача узум неъматини оғзимга ҳам олмайман.
26 Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.
27 Исо шогирдларига деди: Ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган: “Мен чўпонни ўлдираман, Шунда қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”
28 Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.
29 Бутрус Исога деди: — Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен Сизни ташлаб кетмайман!
30 Исо унга: — Сенга чинини айтайин, бугун, шу кечасиёқ, хўроз икки марта қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди.
31 Лекин Бутрус ўз гапида қаттиқ туриб олди: — Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлар ҳам шундай дейишди.
32 Улар Гетсемания деган жойга бордилар. Исо шогирдларига: — Мен ибодат қилаётганимда, сизлар шу ерда ўтириб туринглар, — деди
33 У ёнига Бутрусни, Ёқуб ва Юҳаннони олди. Исони қайғу, ғам босиб кела бошлади.
34 У шогирдларига: — Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди.
35 Бир оз нари кетиб ерга мук тушди: “Агар иложи бўлса, бу лаҳза Мени четлаб ўтсин”, деб ибодат қилди.
36 У шундай деб ёлворди: — Отажон! Сен учун ҳамма нарсанинг имкони бор! Бу азоб косасини Мендан узоқлаштир. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.
37 Исо қайтиб келиб, шогирдларининг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди: — Шимўн! Ухлаяпсанми? Бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмадингми?
38 Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.
39 Исо яна бориб, ўша сўзларни айтиб ибодат қилди.
40 У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаверган эди. Улар Исога нима деб айтишни билмай қолдилар.
41 Учинчи марта бориб келиб, Исо шогирдларига деди: — Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Бўлди, вақт–соати келди! Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.
42 Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!
43 Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар юборган эдилар.
44 Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар, қўриқлаб, олиб кетинглар.”
45 Яҳудо тўппа–тўғри Исонинг олдига бориб: — Устоз! — деб Уни ўпди.
46 Шу заҳотиёқ одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар.
47 Ўша ерда турганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади.
48 Исо уларга деди: — Сизлар Мени қўлга олиш учун қўзғолончига қарши чиққандек қиличу таёқлар билан қуролланиб келибсизлар.
49 Мен ҳар куни Маъбадда сизнинг орангизда эдим, таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар. Аммо булар Муқаддас битикларда айтилганлар бажо бўлиши учун рўй берди.
50 Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони ташлаб, қочиб кетишди.
51 Бир ёш йигит Исога эргашиб кетаётган эди. У зиғир матосига ўраниб олган, бошқа кийими йўқ эди. Одамлар ўша йигитни ҳам ушлаган эдилар,
52 у зиғир матосини ташлаб, яланғоч ҳолича қочиб кетди.
53 Исони олий руҳонийнинг олдига олиб келдилар. Бош руҳонийлар, йўлбошчилар ва Таврот тафсирчиларининг ҳаммаси йиғилган эдилар.
54 Бутрус эса Исонинг орқасидан масофа сақлаб эргашиб келиб, олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. У соқчилар билан бирга олов ёнида ўтириб, исинди.
55 Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши гувоҳ излар эдилар, лекин тополмасдилар.
56 Кўп одамлар Унга қарши сохта гувоҳлик бераётган бўлсалар–да, аммо берган гувоҳликлари бир–бирига мос келмас эди.
57 Сохта гувоҳлардан баъзилари сўзга чиқиб шундай дер эдилар:
58 — У: “Инсон қўли билан қурилган бу Маъбадни Мен бузиб ташлайман–у, уч кунда инсон қўлларисиз, бошқа бир Маъбадни тиклайман”, — деганини эшитган эдик.
59 Лекин бу хусусда ҳам гувоҳларнинг берган маълумотлари бир–бирига мос келмас эди.
60 Бундан кейин олий руҳоний олдинга чиқиб, Исога: — Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди.
61 Исо эса индамади, ҳеч жавоб қайтармади. Олий руҳоний яна Ундан сўради: — Муборак Худонинг Ўғли — Масиҳ Сенмисан?
62 Исо деди: — Мен Ўшаман. Сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.
63 Шундан кейин олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб деди: — Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?!
64 Унинг куфр кетганини ўзларингиз эшитдингизлар. Сизларнинг қарорингиз қандай? Ҳаммалари Уни ўлимга лойиқ деб топишди.
65 Баъзилар Унга тупуришди. Унинг юз–кўзини боғлаб, муштлашди: “Пайғамбар, қани, топ–чи, Сени ким урди экан?” деб айтишди. Соқчилар ҳам Уни олиб кетиб, урдилар.
66 Бутрус пастдаги ҳовлида экан, олий руҳонийнинг бир чўриси келиб қолди.
67 Исиниб турган Бутрусни кўриб, унга тикилиб қаради–да: — Сиз ҳам ўша Носиралик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди.
68 Лекин Бутрус инкор этиб: — Нима деяпсан ўзи, тушунмаяпман, — деди–ю, бошқа ёққа, ташқи ҳовлига чиқиб кетди. Шу пайт хўроз қичқирди.
69 Чўри уни яна учратиб, у ерда турганларга: — Бу одам ўшалардан бири, — деб яна айтди.
70 Бутрус яна инкор этди. Бир оздан кейин у ерда турганлар яна Бутрусга гапира бошлашди: — Сен Жалилаликсан–ку! Ўшалардан бири эканлигинг аниқ.
71 — Худо урсин! Сизлар айтаётган бу Одамни мен танимайман! — деб қасам ичди Бутрус.
72 Нақ шу пайт хўроз иккинчи марта қичқирди. Исонинг: “Хўроз икки марта қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган сўзи Бутруснинг эсига тушиб кетди. У чидолмай йиғлаб юборди.