Луқо 14 bob
1 Бир Шаббат куни Исо фарзийлар раҳнамоларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Уни диққат билан кузатиб ўтиришарди.
2 Исонинг олдига истисқо дардидан қўл–оёқлари шишиб кетган бир одам келиб қолди.
3 Исо Таврот тафсирчиларидан ва фарзийлардан сўради: — Қонунимизга кўра, Шаббат куни одамга шифо бериш мумкинми ёки йўқми?
4 Улар эса индамадилар. Исо хаста одамга қўл теккизиб, шифо берди ва уни жўнатиб юборди.
5 Сўнг уларга деди: — Бирортангизнинг фарзандингиз ёки молингиз қудуққа тушиб кетса, Шаббат куни бўлишига қарамай, уни дарҳол чиқариб олмайсизларми?!
6 Улар эса бу гапга бирон жавоб топа олмадилар.
7 Меҳмонлар тўрдан жой танлашга интилаётган эдилар. Исо буни кўриб, шундай масал айтди:
8 “Сизни тўй зиёфатига таклиф қилишганда, тўрга чиқиб олманг. Меҳмонга чақирилганлар орасида сиздан ҳам ҳурматлироқ бошқаси бўлиши мумкин.
9 Икковингизни таклиф қилган мезбон келиб, сизга: — Жойингизни бу одамга бўшатиб беринг, — деб айтиши мумкин. Шунда сиз хижолат тортиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласиз.
10 Шунинг учун таклиф этилганингизда, пойгакда ўтиринг, токи мезбоннинг ўзи келиб сизга: — Дўстим, илтимос тўрга чиқинг, — деб айтсин. Шунда бошқа меҳмонлар кўзида сизнинг ҳурматингиз ошади.
11 Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”
12 Исо Ўзини таклиф қилган хонадон соҳибига айтди: — Тушки ё кечки зиёфат берганингизда, дўстларингизни ёки ака–укаларингизни, қариндош–уруғларингизни ё бўлмаса, бой қўшниларингизни таклиф қилманг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни меҳмонга чақириб, қилган яхшилигингизни қайтарадилар.
13 Аксинча, зиёфат берганингизда, камбағал–қашшоқларни, чўлоқ, шолларни, кўрларни таклиф қилинг.
14 Шунда бахтли бўласиз. Чунки улар қилган яхшилигингизни қайтара олмасалар–да, солиҳлар тирилган замонда бунинг савобини кўрасиз.
15 Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлардан бири Исонинг бу сўзларини эшитиб, Унга деди: — Худонинг Шоҳлигида зиёфат ейдиган киши бахтлидир!
16 Исо ўша одамга шундай деди: “Бир одам катта зиёфат тайёрлаб, кўпчиликни таклиф этибди.
17 Зиёфат вақти бўлганда: — Келинглар, дастурхон тайёр бўлди, — деб меҳмонларни чақиргани хизматкорини юборибди.
18 Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди: — Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг.
19 Бошқаси эса: — Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, — дебди.
20 Яна бошқаси: — Мен янги уйландим, шунинг учун бора олмайман, — дебди.
21 Хизматкор қайтиб келиб, хўжайинига ахборот берибди. Шунда уй соҳиби ғазабланиб, хизматкорига буюрибди: — Ҳозироқ шаҳар кўчаларини, йўлакларини айланиб чиқ. Қашшоқ, чўлоқ, кўр ва шолларни бу ерга олиб кел.
22 Бир оз вақтдан кейин хизматкор шундай деб келди: — Хўжайин, буюрганларингизни бажардим, лекин яна бўш жой қолди.
23 Шунда хўжайин хизматкорига айтибди: — Йўлларга, йўлакларга бор, одамларни кўндириб олиб кел, токи уйим тўлсин.
24 Сизларга айтай: таклиф қилинганларнинг бирортаси ҳам зиёфат таомларидан асло тотиб кўрмайди.”
25 Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди. Исо уларга қараб деди:
26 “Менга эргашган одам Мени ота–онасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан ортиқ севиши керак*, акс ҳолда, у Менинг шогирдим бўлолмайди.
27 Ўз хочини кўтариб, ортимдан юрмаган одам ҳам Менинг шогирдим бўлолмайди.
28 Сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми?
29 Акс ҳолда, сиз пойдевор ётқизасиз–у, минорани битказа олмайсиз. Буни кўрганларнинг ҳаммаси устингиздан кулиб, шундай деб айтишади:
30 «Бу одам қурилишни бошлади, аммо битира олмади.»
31 Ёки қайси шоҳ бошқа бир шоҳга қарши урушга чиқишдан аввал ўтириб: «Душман йигирма минг аскари билан менга қарши келяпти, мен ўн минг аскарим билан унга бас кела оламанми?» деб ўйламайдими?!
32 Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузайлик, деб илтимос қилади.
33 Худди шу сингари, бор мол–мулкингиздан кечмасангиз, биронтангиз ҳам Менинг шогирдим бўла олмайсиз.
34 Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади?!
35 Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”