Луқо 17 bob
1 Исо Ўз шогирдларига яна деди: “Гуноҳга етаклайдиган васвасалар доимо келади. Аммо васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!
2 Бу кичикларнинг биронтасини гуноҳга бошлаганингиздан кўра, бўйнингизга тегирмон тошини осиб, сизни денгизга ташлашгани ўзингиз учун яхшироқдир.
3 Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг.
4 Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса–ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: «Тавба қилдим», деса, уни кечириб юборинг.”
5 Ҳаворийлар Раббимиз Исога: “Имонимизга имон қўшинг”, — дедилар.
6 Раббимиз шундай жавоб берди: “Агар зиғирдай* имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига: — Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади.
7 Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга: — Кел дарров, дастурхонга ўтир, — деб айтасиз?
8 Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга: — Кечки овқатимни тайёрла, еб–ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб–ичасан, — деб айтмайсизми?!
9 Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз–ку!
10 Шу сингари, сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг: — Биз бор–йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос, — деб айтинглар.”
11 Исо Самария билан Жалилани кесиб ўтиб, Қуддус томон йўл олди.
12 У бир қишлоққа кираётганда, тери касаллигига чалинган ўн киши Уни қаршилаб олди. Улар узоқдан туриб,
13 фарёд қилдилар: — Эй Исо! Устоз! Бизга раҳм қилинг!
14 Исо уларни кўриб: — Боринглар, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар, — деди. Улар йўлда кетаётганларида, тери касаллигидан покланиб қолдилар.
15 Улардан бири ўзининг шифо топганини кўриб, баланд овозда Худони улуғлаб орқага қайтди.
16 Ўзини Исонинг оёқлари остига ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Ўша одам Самариялик эди.
17 Исо шогирдларига деди: — Тери касаллигидан покланган ўн киши эмасмиди?! Қолган тўққизтаси қани?
18 Худони улуғлаш учун шу бир бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?
19 Сўнг Исо тери касаллигидан покланган одамга деди: — Ўрнингдан тургин–да, боравер. Сенга ишончинг шифо берди.
20 Баъзи фарзийлар Исодан: — Худонинг Шоҳлиги қачон келади? — деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди: — Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган шаклда келмайди.
21 Ҳеч ким: “Қара, Худонинг Шоҳлиги бу ерда”, ёки “Ана у ерда”, деб айтмайди. Чунки Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир.
22 Кейин Исо шогирдларига деди: “Шундай вақтлар келадики, сизлар Инсон Ўғлининг кунларидан биттасини кўришни орзу қиласизлар, аммо ўша кунни кўролмайсизлар.
23 Одамлар сизларга: «Ана, Масиҳ анави ерда» ёки «Мана, Масиҳ бу ерда», деб айтадилар. Аммо сизлар улар айтган ерга борманглар, уларнинг ортидан эргашманглар.
24 Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У осмонни бир четидан бошқа четигача ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.
25 Лекин ундан аввал Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак
26 Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган даврда ҳам худди шундай бўлади.
27 Нуҳ кемага кирган кунгача инсонлар еб–ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Тўфон келганда эса уларнинг ҳаммаси нобуд бўлди.
28 Лут замонида ҳам худди шундай бўлган эди: одамлар еб–ичардилар, савдо–сотиқ қилардилар, экин экардилар, уй қурардилар.
29 Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани нобуд қилди.
30 Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади.
31 У кунда томнинг устида бўлган киши уйдаги нарсаларни олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлган одам ҳам қайтиб келмасин.
32 Лутнинг хотинига нима бўлганини ёдингизда тутинглар.
33 Жонини сақламоқчи бўлган уни йўқотади. Жонини йўқотган эса уни асраб қолади.
34 Сизга шуни айтай: ўша кеча бир тўшакда икки киши ётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.
35 Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлса,
36 бири олинади, бири қолдирилади.”
37 Шогирдлар Исодан сўради: — Ҳазрат, бу воқеалар қаерда юз беради? — Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади, — деб жавоб берди Исо. — Бу воқеалар қаерда юз бериши ҳам сизларга шу сингари аён бўлади.