БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи Исо Масиҳнинг шогирди ҳаворий Бутрусдир. Бутрус биринчи мактубида жамоат бошига тушган қувғинлар ҳақида ёзиб, имонлиларни бардошли бўлишга чақиради. Иккинчи мактубида у сохта устозлар дастидан жамоатда юзага келган ички низолар ва ахлоқсизлик ҳақида сўз юритади. Бутрус масиҳийларни Худога муносиб ҳаёт кечиришга, имонни фазлу камолот ва илму маърифат билан бойитишга чорлайди. Масиҳийларнинг фазилатлари ва хислатларига алоҳида урғу беради. Мазкур мактуб ёзилган даврда имонлилар жамоати орасига сохта устозлар кириб олиб, масиҳийларни йўлдан оздираётган эди. Бутрус ўқувчиларни ўшандай устозлардан узоқроқ юриш ҳақида огоҳлантиради ва ўша ёлғончилар албатта жазо олишларини таъкидлаб ўтади. Сохта устозлар охиратда ўз жазосини олишга ишонмаганлари ва Масиҳнинг келишини рад этганлари боис, Бутрус Раббимизнинг келадиган куни ҳақидаги мавзуни батафсил ёритади. Шу билан бир қаторда у Раббимизнинг келишига кўз тутган одамларга далда беради. Уларни беғубор ва бенуқсон ҳаёт кечиришга, Худога содиқ қолишга ва имонда камол топишга чақиради.