ПАВЛУСНИНГ КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Бу мактуб Коринфдаги жамоатга ёзилган ва одатда “Коринфликларга биринчи мактуб” деб аталади. Коринф қадимий Юнонистонда муҳим бандаргоҳ шаҳар эди. Биринчи аср давомида Коринф шаҳри Рим империясига қарам эди. Ўша даврда Коринф аҳолиси турли миллат вакилларидан ташкил топган бўлиб, у ерда кўп яҳудийлар истиқомат қилар эди. Бу шаҳар ривожланган савдо–сотиғи, ўзига хос маданияти, авж олган ахлоқсизлиги ва турли диний оқимлар билан ном чиқарган эди. Павлус Коринфдаги яҳудийларга ҳам, ғайрияҳудийларга ҳам Хушхабар айтиб, у ердаги жамоатга асос солган эди. Коринф жамоатида кўплаб муаммолар бор эди, масалан, масиҳийлар ҳар хил гуруҳларга бўлиниб, ўзаро кўп баҳслашар эдилар, жамоатнинг баъзи аъзолари зино қилар эди. Шу боис, Павлус жамоатга мазкур мактубини йўллаб, уларга танбеҳ беради ва тўғри йўлга солади. Шу билан бирга имонлиларнинг баъзи саволларига жавоб берган ҳолда, никоҳ, бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейиш ёки емаслик, ибодат пайтида аёлларнинг рўмол ўраши, Раббимизни хотирлаб нон синдириш, руҳий инъомлар каби мавзуларни ёритиб беради. Павлус Хушхабарнинг асл моҳиятини Исо Масиҳнинг ўликдан тирилишига бевосита боғлайди. Шу сабабдан бу мавзуни батафсил ёритади. Масиҳ қайтиб келганда, Худога тегишли бўлганлар тирилишини, ўлим барҳам топишини, фоний тана мангу танага ўзгаришини турли мисоллар орқали тушунтиради. Бу мактубнинг 13–боби Муқаддас Китобдаги энг муҳим боблардан бири ҳисобланади. Бу бобда Павлус севгининг асл маъносини очиб беради, бундай севгини амалда қўллаган жамоат барча муаммолардан холи бўлишини уқтиради.