Коринфликларга 1-нчи мактуб 8 bob
1 Бутга келтирилган қурбонлик гўшти масаласига келсак. Ўзингиз айтганингиздек, ҳаммамиз бу ҳақдаги ҳақиқатни биламиз. Аммо билим одамни шишинтиради, меҳр–муҳаббатли инсон эса ўзгаларнинг манфаатини кўзда тутади.
2 Агар бир киши билимлиман деб ўйласа, у ҳали зарур бўлган билимга эришмаган.
3 Ким Худони яхши кўрса, Худо уни таниб–билади.
4 Энди бутга келтирилган қурбонлик гўштини ейиш масаласига келсак, биз шуни биламизки, дунёда бут ҳеч нарса эмас, биргина Худодан бошқа Худо йўқ.
5 Гарчи еру кўкда худо деб аталган нарсалар кўп бўлса–да (ҳақиқатан, бунақа “худолар” ва “раббийлар” жуда кўп),
6 биз учун биргина Отамиз Худо бор. У бутун мавжудотнинг Яратувчисидир ва биз У учун яшаймиз. Шунингдек, биргина Раббимиз Исо Масиҳ бор. Бутун мавжудот Масиҳ орқали вужудга келган ва биз У орқали яшаймиз.
7 Аммо ҳамма ҳам буларни билмайди. Орангизда баъзилар “бутлар бор” деган фикрга шунчалик ўрганиб қолганки, бутларга келтирилган қурбонлик гўштини еганда уларнинг виждони қийналади, чунки улар бундай гўшт ейишни ҳали ҳам бутларга сажда қилиш деб билади.
8 Озиқ–овқат бизни Худога яқинлаштира олмайди. Ахир, емасак ҳам бирор нарса йўқотмаймиз, есак ҳам бирор фойда кўрмаймиз.
9 Фақат эҳтиёт бўлинг, сизларнинг бу эркинлигингиз заифларнинг васвасага тушишига сабаб бўлмасин.
10 Масалан, сен билимли одам, бутхонада таом еб ўтирибсан, дейлик. Бу масалада иккиланиб турган биродаринг сени кўриб қолади. Бундан кейин у бутга келтирилган қурбонлик гўштидан ейишга мойил бўлмайдими?!
11 Ўша заиф биродаринг учун Масиҳ ўлган, сен эса уни ўз билиминг туфайли ҳалокатга йўлиқтирасан.
12 Шундай қилиб, иккиланиб турган биродарингни васвасага солиб, унга қарши гуноҳ қилсанг, Масиҳга қарши гуноҳ қилган бўласан.
13 Агар бирор овқатни ейишим биродаримнинг гуноҳ қилишига сабаб бўлса, уни васвасага солмаслик учун энди мен умрбод ўша овқатни емайман.