Салоникаликларга 2-нчи мактуб 2 bob
1 Раббимиз Исо Масиҳнинг келиши ва бизнинг У билан бирга бўладиган кунимиз ҳақида қуйидагиларни айтсак: биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз,
2 Раббимиз келибди деган гаплар бошингизни айлантирмасин, сизларни хавотирга солмасин. Эҳтимол, бундай гаплар башорат орқали, бирор хабар ёки худди биз ёзган хатга ўхшаш бир хат орқали келиб чиққандир.
3 Ҳеч ким сизларни ҳеч қандай усул билан алдамасин. Кўпчилик Худога қарши бош кўтармагунча ва қабиҳ одам келмагунча, ўша кун келмайди. Ўша одам ҳалокатга маҳкум қилинган.
4 У ҳар қандай “худо” деб аталган ва сажда қилинган нарсага қарши чиқиб, ўзини улардан устун қўяди. Ҳаттоки, Худонинг Маъбадида ўтириб олиб, ўзини худо деб атайди.
5 Сизлар билан бўлганимда шуларни айтганим эсингизда йўқми?
6 Ўша қабиҳ одамни ҳозир нима тутиб турганини ўзингиз биласиз. Бу одам белгиланган вақтда зоҳир бўлади.
7 Ҳа, қабиҳликнинг яширин кучи аллақачон ишга тушган. Бироқ бир зот бу кучни тийиб турибди. Ўша зот олиб ташлангандан кейин,
8 қабиҳ одам ошкор қилинади. Уни Раббимиз Исо бир нафас билан ҳалок қилади. Раббимиз келганда, Ўз улуғворлигининг ёрқинлиги билан уни йўқ қилиб ташлайди.
9 Ўша қабиҳ одам шайтоннинг кучи билан келади. Қудратини кўрсатиб, ҳар хил мўъжизаю ажойиботлар қилади.
10 Ҳалок бўлаётганларни турли макр–ҳийлалар билан алдайди. Улар нажот берадиган ҳақиқатни рад қилганлари учун, уни севмаганлари учун ҳалок бўляптилар.
11 Мана шунинг учун Худо уларни адаштирадиган бир кучга топшириб қўяди. Шунда улар ёлғонларга ишониб юраверадилар.
12 Натижада, ҳақиқатга ишонмай, ёвузликдан завқ топганларнинг ҳаммаси ҳукм қилинади.
13 Эй Эгамиз севган биродарлар! Сизлар учун ҳар доим Худога шукр қилишни бурч деб биламиз. Ахир, Муқаддас Руҳ кучи билан поклансин ва ҳақиқатга ишонсин деб, Худо сизларни бошиданоқ нажот учун танлаган эди.
14 Раббимиз Исо Масиҳнинг улуғворлигидан баҳраманд бўлишингиз учун биз айтган Хушхабар орқали Худо сизларни чақирди.
15 Шунинг учун, эй биродарлар, имонингиз қатъий бўлсин. Биз гапларимиз ва хатларимиз орқали сизларга ўргатган ҳақиқатни маҳкам тутинглар.
16 Бизни севадиган, Ўз инояти билан бизга тенгсиз жасорат ва барқарор умид берган Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи,
17 сизларга далда берсин, ҳар бир қилган яхши ишингиз ва сўзингизда сизларга куч ато қилсин.