ПАВЛУСНИНГ ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус бу мактубини ўз ўғлидай бўлиб қолган яқин хизматдоши ва ёрдамчиси Тимўтийга ёзган. Мактуб ёзилган пайтда Тимўтий Эфес шаҳрида эди. Тимўтий Листралик эди. Листра шаҳри ҳозирги Туркия ҳудудида жойлашган. Тимўтийнинг онаси Исо Масиҳга имон келтирган яҳудий, отаси эса юнон эди. Тимўтий Павлус билан бирга Эфес ва Коринф шаҳарларига, шунингдек, Македонияга бориб, Хушхабарни тарғиб қилиш хизматида Павлусга ёрдам берганди. Сафарга чиқишларидан олдин Павлус яҳудийларни васвасага солмаслик учун Тимўтийни суннат қилдирганди (Ҳаворийлар 16:1-3 га қаранг). Тимўтий ҳаворий ҳисобланмаса–да, имонлилар жамоати учун кўп хизмат қилган садоқатли масиҳий бўлган. Павлус ушбу мактубида Тимўтийга кўп насиҳатлар беради, Эфесдаги жамоатга қандай ғамхўрлик қилиш кераклигини ўргатади. У биринчи навбатда Тимўтийни сохта таълимотлар тўғрисида огоҳлантиради. Ўша даврда жамоатларда сохта таълимотлар кенг тарқалганди. Бу таълимотлар яҳудийлар ва ғайрияҳудийларнинг эътиқодлари чатишувидан пайдо бўлиб, моддий дунё ҳаром, нажотга эса фақат сирли билимни ўзлаштириш орқали эришса бўлади деган ғояни илгари сурарди. Бундай бидъатлар баъзи овқатларни истеъмол қилишни ва уйланишни ман этарди. Павлус бу таълимотларни фош этиб, Тимўтийга ҳақиқий художўйлик билан ҳаёт кечириш ҳақида насиҳат қилади. Мактубнинг давомида Павлус дуо ва ибодатларга оид кўрсатмалар беради, жамоатдаги тартиб, жамоат етакчилари ва хизматчиларига зарур бўлган хислатлари ҳақида сўз юритади, ёшу қарилар, бевалар, оқсоқоллар, қул ва хўжайинлар орасидаги муносабатларга оид маслаҳатлар беради, бой биродарларга насиҳат қилади. Павлус мактубини Тимўтийга берган сўнгги панд–насиҳатлари билан якунлаб, Тимўтийнинг зиммасидаги вазифаларини эслатиб ўтади.