Рут 3 bob
1 Орадан маълум вақт ўтгач, Рутга қайнанаси Наима шундай деди: — Қизим, бирортаси билан рўзғор қилсанг, ўзингга яхши бўлармиди. Мен сенга қайлиқ топиб беришим лозим.
2 Ўша Бўаз бизнинг қариндошимиз, сен унинг чўрилари билан бирга бўлган эдинг–ку. Биласанми, бугун кечқурун у хирмонда арпасини совуради.
3 Энди сен ювиниб–тараниб, чиройли кийимларингни кий, кейин хирмонга бор. Лекин Бўаз еб–ичиб бўлмагунча, унга кўринма.
4 У ухлашга ётганда, ётган жойини билиб олгин–да, сўнг бориб оёқ томонини очиб, ўша ерда ёт. Нима қилишни унинг ўзи айтади.
5 Рут қайнанасига: — Ҳаммасини айтганингиздай қиламан, — деди.
6 Рут хирмонга жўнади. Етиб келиб, қайнанаси айтгандай қилди.
7 Бўаз еб–ичди, вақти чоғ бўлди. Сўнг ғарам ёнига бориб ёнбошлади–да, ухлаб қолди. Рут оҳиста келиб, унинг оёқ томонини очиб, ётди.
8 Ярим кечаси Бўаз чўчиб уйғониб кетди. Қараса, оёқ томонида бир аёл ётибди.
9 — Кимсан? — деб сўради аёлдан. Рут унга:— Сизнинг чўрингиз Рутман. Чўрингизни паноҳингизга олсангиз, ахир, сиз бизнинг оиламизни паноҳингизга олишга бурчли одамсиз, — деди.
10 Бўаз Рутга деди: — Сени Худо ёрлақасин, қизим. Оилангга сенинг бу сафарги қилган садоқатинг олдингисидан ҳам аълодир. Сен камбағал ёки бойвачча йигитларнинг ортидан чопмадинг.
11 Энди хавотирланма, қизим. Айтганларингнинг ҳаммасини муҳайё қиламан. Бутун шаҳар халқи сенинг олижаноб аёл эканлигингни билади.
12 Тўғри, мен сизларнинг оилангизни паноҳимга олишга бурчли одамман, лекин бу ишга мендан ҳам яқинроғи бор.
13 Шу кеча ўтсин, ётавер. Агар эртага у киши сенга нисбатан ўз бурчини ўтамоқчи бўлса, майли, сени олаверсин. Борди–ю, ўз бурчини ўташни хоҳламаса, мен ўз зиммамга оламан. Худо ҳақи, мен ўз зиммамга оламан. Эрталабгача ухлайвер.
14 Лекин тонг пайтида туриб кет, хирмонга келганингни одамлар билмай қўя қолишсин. Рут Бўазнинг оёқ томонида саҳаргача ухлади. Кўз кўрмайдиган, ғира–шира тонг пайтида Рут ўрнидан турди.
15 Бўаз Рутга: — Шолрўмолингни очиб, ушлаб тур, — деди. Рут шолрўмолини очиб ушлаб турди. Бўаз эса олти тоғора арпа ўлчаб, шолрўмолга солди ва орқасига кўтартириб қўйди. Кейин ўзи шаҳарга жўнаб кетди.
16 Рут эса қайнанаси олдига қайтди. Қайнанаси ундан: — Нима бўлди, қизим? — деб сўради. Бўаз Рутга қандай муносабатда бўлган бўлса, Рут ҳаммасини қайнанасига айтиб берди.
17 — У, қайнанангнинг олдига қуруқ қўл билан борма, деб мана бу олти тоғора арпани ҳам бериб юборди, — деди Рут.
18 Қайнанаси Рутга деди: — Қизим, бу ишлар нима билан тугайди, ҳали билмайсан. Кутиб тургин–чи, у бу ишни бугуноқ охирига етказмай қўймаса керак.