Джон ва Стейси Элдридж. Мафтункор Гўзаллик - (7-боб) Ўзбек тилида
Maftunkor go‘zallik (Jon-va-Steysi-Eldrij) O‘zbek tilida Audiokitob
Аёл қалби сирларини забт этиб
Мундарижа
Сўз боши
1. Аёл қалби
2. Момо Ҳавога сўз берамиз
3. Хаёлдан кетмайдиган савол
4. Ярадор
5. Манфур аёл
6. Яраларга шифо бериш
7. Севикли
8. Очилиши зарур бўлган гўзаллик
9. Шайдойи Одам Ато
10. Оналар, қизлар, сингиллар
11. Жангчи маликалар
12. Ноёб роль
13. Озод бўлиш учун кундалик ибодат
Севикли
...Сенга бўлган севгим – мангу севгидир, Худо...
(Ермиё 31:3)
Романтика – тушуниш учун қийин бўлган материядир.
У, ҳақиқатга қараганда, янада ақлга сиғиши қийинроқдир.
Г.К. Честертон
Ва ниҳоят узоқ, машаққатга тўла кун ҳам ниҳоясига етди. Болаларни Жон билан қолдирдим, ўзимга ниҳоятда зарур бўлган танҳоликда қолиш учун мен бирозгина вақтга уй ташвишларидан ҳоли бўлдим. Колорадони ажойиб куз қоронғуси қоплаган. Мен ташқарига чиқдим, уйимизнинг ёнгинасида жойлашган дам олиш ҳиёбони томон йўл олдим. Об-ҳаво салқин эди, осмонда дам бир юлдуз, дам бошқаси бирин–кетин ёниб ўчарди. Ортда қолган кун ташвишларини унутиб, тоза ҳаводан баҳра олиб, мени ўраб турган олам гўзаллигидан завқланардим. Яқинлашиб келаётган қиш даракчиларидан бири - изғирин шамол – менинг юзларимга эсарди. Бундай сайрдан мен завқланардим: мени қуршаб олган кўркам табиатни томоша қилиб тўймасдим, қалбимдаги завқ-шавқ Худо шундай ажиб бир гўзалликни яратгани учун Унга нисбатан ҳамду саноларни айтиш шукроналар тариқасида юрагимнинг туб-тубидан отилиб чиқди:
-Раббий, бу нақадар гўзал! Юлдузларнинг порлаши одамни ҳайратда қолдиради!
-Жонгинам, улар сенга ёққанидан Мен жуда хурсандман.
Мен қоққан қозиқдай бир жойда қотиб қолдим, юзларим ловуллаб ёнди. Воажабо! Наҳотки бутун оламни Яратгувчи Қодир Худо Ўзидан Ўзи менга қарата “Жонгинам!” деб мурожаат қилса? Бу оддий ҳолми? Илиқлик тўлқини мени бошимдан оёғимгача қоплади... Лекин шу заҳотиёқ, эҳтимол, мен буларни ўзим тўқиб чиқаргандирман деб ўйладим?! Худо менга нисбатан шундай ёқимли сўзлар билан мурожаат қилиши мумкинми, бу Унга нисбатан беҳурматлик эмасми? Ёқимли сўз кимга аталган? Менгами? Ахир, бугун менинг тоқатим тоқ бўлиб, болаларимга бақириб ташладим, уларни боплаб адабини бердим-ку? Ахир, мен дўстларимнинг ва оила аъзоларимнинг ишончини оқламай, уларни алдаб келганман? Ҳаётим давомида қанчадан–қанча хатолар қилганман ва қилиб келмоқдаман-ку!
Шунда ҳам У менга “жонгинам“ деб мурожаат қилди-я?
Ухлашдан олдин кундалик одатимга кўра, мен Муқаддас Китобни ўқирдим. Сулаймоннинг Қўшиқлари Китобини варақлар эканман, нигоҳим бир жумлада тўхтаб қолди: “Гўзалдирсан, эй севгилим, сен гўзалсан! Кўзларинг кабутарлардай гўзал!” (Қўшиқ 1:14). Менинг шубҳаларимни зудлик билан тарқатишга ва сайр қилиб юрганимда Худо айтган сўзларини тасдиқлашга Унинг шошилгани нақадар яхши. Менга гапирган айнан У эканлигига энди ишончим комил. Ўша куни кечқурун Худонинг севгиси менинг юрагимни эгаллади, олдин ҳеч қачон бундай бўлмаган. У мен билан гаплашди. У ҳамма нарсани билгувчи Худо, менинг барча фикр-ўйларимдан У бохабар, менинг ҳамма гуноҳларимни ва эҳтиёжларимни У билади, аммо барибир мени У севади. Худо мени жуда бошқача севги билан севади, дин пешволари эса “Худо сени севади” дейишганида, улар бошқача севгини, яъни “чунки У сени севиши керак”, “зеро У сенга тоқат қилади” деган маъноларни улар назарда тутадилар. Йўқ, Худо мени Куёв сингари севишини тушундим. Мана шундай!
Аёл киши ўзининг севимли эканлигини билганда, у ниҳоятда гўзал бўлади. Биз бир неча бор шу каби нодир ҳодисаларнинг шахсан гувоҳи бўлганмиз. Эҳтимол, сиз ҳам. Лекин севилмаган, ҳамма томонидан инкор этилган ва унутилган аёл гўё сув қуйилмаган гул каби борган сари сўлиб бораверади. Унинг қисмати ҳалокатга маҳкумликни, шунингдек, ор-номусни ҳис қилишдан иборат бўлиб қолади. Аёл кўзларининг порлаши ўчиб бораётган шам сингари сўниб бораверади. Бироқ аёллар кимдир уларни севиб қолганлигини пайқаб қолсалар, ҳаммаси, ҳаттоки чиройга эга эмас аёллар ҳам бирдан гўзал маликаларга айланадилар. Уларнинг юраги летаргик уйқудан сўнг уйғонгандай бўлади, кўзлари ўзгача нур билан порлайди. Ва таажжубдан бизнинг оғзимиз очилади: “Шунча йиллардан бери нега бу гўзал аёлни, ёки қизни қўрмаган эканмиз? Ахир, у чиндан ҳам бениҳоят гўзал-ку!”
Келинг, баъзибир кинофильмлардаги қаҳрамон аёлларни эслаб кўрайлик: Френ “Фақат рақс хонасида” фильмида, ёки Тула Портокалос “Менинг грекча катта тўйим” фильмида, ёки Лотти “Сеҳргар апрель” фильмида, ёки Эдриан “Рокки” фильмида, ёки Даниэлла “Абадий севги” фильмида – бу аёллар доимо гўзал бўлганлар. Уларнинг ҳар бирининг ҳаётига кириб борган романтика кучи уларнинг ҳақиқий чиройини озод этди, уларнинг юракларини уйғотди, улар гуллаб–яшнадилар. Биз, аёллар, жуда ўзгача севгига интиламиз: бизни севувчи инсонларни, бизнинг ўзгачалигимизни қадрлашларини ва шунга монанд равишда баҳо беришларини орзу қиламиз. Биз романтикани хоҳлаймиз. Биз романтика учун яратилганмиз, романтика бизнинг юракларимизга жон бахш этади. Сизлар буни билсаларингиз керак? Қалбингизнинг туб-тубида ҳаммангиз бу ҳақда биласизлар. Бироқ сизлар, эҳтимол, қуйидагиларни билмаслигингиз мумкин...
Ҳаётингизга эркак кишининг кириб келишини кутишингиз жуда зарур ҳам эмас.
Худонинг Ўзи бизнинг ҳаётимизга севгини олиб киришни хоҳлайди. Бизнинг У билан муносабатларимиз болалар шеърининг қуйидагича интерпретатациясини босиб ўтишини У кутмоқда: “Исо мени севишини биламан, У мени сақлашини биламан. Мен буларни қаердан билдим? Муқаддас Китоб менга шундай дейди”. Ўз севгиси туфайли У бизнинг юракларимизга шифо беришни хоҳлайди, У бизнинг балоғатга етиб, чиндан ҳам Уни англаб етган аёл бўлишимизни истайди. Қуйидаги Муқаддас Китоб оятлари “Кўп ўтмай Мен унинг кўнглини овлайман, уни саҳрога олиб бориб, ширин сўзлар айтаман” (Хўшея 2:14) ва “Қалбимни ўғирладинг, синглим, келинчагим, кўзларинг бир қарашию, бўйнингдаги биргина безак билан қалбимни ўғирладинг” (Қўшиқ 4:9) биз учун кундалик ҳақиқатга айланишини У нақадар хоҳлаган. Бошқа нарсаларга қараганда, бизнинг юракларимиз шунга муҳтож. Фараз қилиб кўринг-а, Худо сизга бефарқ эмаслигига ва сизни ҳукм этмаётганлигини, аксинча, сизни чуқур, қизғин ва эҳтиросли севишини билганингиздан кейин, ҳаётингиз қанчалик ўзгариб кетиши мумкин-а? Айнан шундай севги учун натижада аёл киши яратилган бўлиши керак.
Тўғри, Худога нисбатан ишончга асосланган севги – ҳаётий заруратдир, аммо бу – У биздан кутаётганларнинг ҳаммаси эмас. Уй юмушларини аъло даражада бажариш, кирларни тоза ювиш одати яхши хотин бўлишдан дарак бера олмаслиги сингари, қалб жароҳатларини шифолаш учун итоат этишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Қолаверса, итоат этишнинг бир ўзи келажакдаги синовлардан ўтишга ниҳоятда заиф кўмак бўлади. Ҳозирда Жамоат турлича қувғинларга учраган. Олдинлари ҳеч қачон эътиқод учун шунчалик кўплаб одамлар жазоланмаган эди. Биродарларимиз ва сингилларимиз қатъий, содиқ бўлиш учун, ўлимнинг юзига қўрқмасдан қараш имкони итоат этиш учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас – бунга ишонинг. Турли синовлардан шараф билан ўтишга ёрдам берувчи куч - Худонинг сўнмас ўти туфайли юракларимизда яшаётган муқаддас ва жўшқин завқ кучидир.
Зеро бизнинг муқаддаслигимизнинг манбаси Худонинг бизга нисбатан бўлган романтик севгисида мужассамдир.
Худонинг Куёв сифатидаги вазифаси
Келинглар, яна ўзимизнинг севимли бўлган кинофильмларимизга қайтайлик. Юракларингизни жунбушга келтирган ва сизда ҳайратланиш ҳиссини уйғотган бир романтик саҳнани эслашингизни мен таклиф қиламан. Масалан, “Титаник” фильмидаги лавҳани - Жек чўкиб кетаётган кеманинг учида турганича ёнидаги гўзал Розани белидан қучишини, уларнинг биринчи бор ўпишишларини эсланг; ёки “Жасур қалб” фильмидаги лавҳани – Уильям Уоллс ўз севгилиси Марронга олдинига француз тилида, сўнгра итальян тилида севги изҳор қилишини эсланг; ёки “Узуклар ҳукмдори” фильмидаги лавҳани – Ривенделладаги кўприкни ой ёритиб турган пайтда, Арагори кўприкнинг устида турганича Арвинга севги изҳор қилишини эсланг; “Онг ва туйғу” фильмидаги лавҳани – Эдварднинг Элинорнинг ёнига қайтишини ва “Кичкина аёллар” фильмида профессор Баэрнинг гўзал Жонинг ҳузурига қадам ранжида қилганини эсланг.
Энди эса бу саҳналарнинг гўзал қаҳрамон аёллари ролида ўзингизни ва Куёв ролида Исони тасаввур қилинг.
Ўз қалбингизга қулоқ тутинг. Қалбингиз “Бунинг имкони бормикан?” деб, сизга гумон билан пичирламаяптими? Ҳайратдан у қотиб қолмаяптими: “Эҳ қанийди, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат бўлса эди!” Эҳтимол, кимнингдир яраланган юрагида бундай жасур тахмин даҳшатга айланиши мумкин: “Мен бу мавзуда очиқчасига гаплашгим келмаяпти”. Лекин кейинроқ айнан Исо билан шундай муносабатлар сизнинг қалб яраларингизни шифолашини, айнан Раббий билан бўлган шундай муносабатлар нафақат нормал ҳолатдаги, балки Муқаддас Китобга хос муносабатлар эканлигини сиз тушунасиз. Қолаверса, Исо Ўзини Куёв деб атайди (қаранг: Матто 9:15; Матто 25:1-10; Юҳанно 3:29). Тўғри, бунинг учун диний риёкорликдан ва мунофиқликдан сиз қутулишингизга тўғри келади, ахир “куёв” сўзи яхши кўрган қаллиғ, унаштириб қўйилган йигит маъносини англатади. Бу самимий метафорани Исо Ўз Келинига бўлган севгини ифодалаш учун танлаб олган. У сизларни шундай муносабатларга, қалинлик ва сирдошлик муносабатларига чорлайди.
Биз шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, Худо билан бизнинг муносабатларимизни тасвирлаш учун Муқаддас Китоб кўплаб метафоралардан фойдаланган. Муқаддас Китоб бизни дам лой билан, Раббийни эса шунга мувофиқ кулол билан таққослайди, ёки бизни қўйларга, Уни эса чўпонга ўхшатади. Ҳар бир метафора ўзгача ҳисобланади, бизнинг руҳий ҳаётимизнинг турлича босқичларини, шунингдек, бизнинг Худо билан муносабатларимизни У турлича нуқтаи назардан кўриб чиқишидан гувоҳлик беради. Бироқ бундай метафорик образлар кучайиб, ривожланиб ўсиб бораётганлигини сиз сезгандирсиз: лойга ишлов берувчи кулолдан тортиб меҳрибонлик қилувчи чўпонгача. Субъект ва объект даражасининг турличалиги, шунингдек, улар ўртасидаги муносабатлар характерининг ҳам ҳар хиллиги яққол кўриниб турибди. Аммо метафораларнинг рўйхати шу билан кифояланиб қолмайди. Бизнинг муносабатларимиз қай йўналишда ривожланаётганини кўрсатиш учун, Раббий Ўзини хўжайин билан, бизни эса Ўзининг қуллари билан таққослайди. Кейин бизларни фарзанд, Ўзини эса Ота деб атайди. Кўриб турибмизки, бизнинг кўз ўнгимизда прогресс рўй бермоқда, прогресс эса доимий равишда ўсиб бораётган яқинликдан гувоҳлик беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас: Раббий бизни Ўз дўстлари деб атаганда, бизнинг муносабатларимизнинг тасвири янгидан тус олади. Лекин Унинг кейинги тан олиши бизни ниҳоятда ҳаяжонлантириб юборади. Худо бизнинг Қайлиғимиз (Куёвимиз), бизнинг ҳар биримиз эса Унинг келини эканлигимизни Ўзи айтади. Мана, Худо билан бўлган муносабатларимизнинг чўққиси, мана бизнинг нажот топишимизнинг мақсади (бу ҳақда Муқаддас Китобнинг сўнгги бобида айтилади. У ерда Масиҳ Ўз келинини олиб кетишга қайтгани ҳақида ҳикоя қилинади), мана Муқаддас Китобнинг барча метафораларидан энг хаёлийси ва энг самимийси!
Агар сиз Худо билан бўлган шундай муносабатларга тайёр бўлсангиз, унда Худо сизнинг қалбларингизни сиз жуда кичкина қизалоқ бўлганингизда эгаллашга уринганини кўрасиз. Ҳа, сизнинг ҳаётингизнинг тарихи – бу сизнинг келажакда ким бўлишингизни билувчи ва сиздан жуда қўрқувчи одам томонидан сизнинг юрагингизга тинмай хужум қилувчининг тарихи эканлигини биз юқорида қайд этиб ўтганмиз. Лекин бу сизнинг таржимаи ҳолингизнинг фақатгина бир қисми, холос. Ҳар бир севги сюжетининг ўз жиноятчиси ва ўз қаҳрамони мавжуд. Муқаддас Ёзув ҳикоя қилувчи буюк севги тарихи сиз билан яқин муносабатларда бўлишга интилувчи Қаллиқ образини тасвирлайди. Сизнинг ҳаётингизнинг тарихи –сизни жуда яхши билгувчи ва сизни севгувчи, Ўз севгиси туфайли сизнинг юрагингизни эгаллашга интилувчи Худонинг узоқ ва самимий қилган ҳаракати ҳамдир.
Ўзининг Муқаддас романини Худо нафақат бизнинг юракларимизга ёзади, балки бизни ўраб турувчи олам саҳифаларига ҳам битади. Бизга бир нарса муҳим: У бизнинг қулоқларимизни ва кўзларимизни очсин, токи Унинг бизни чорловчи овозини эшитайлик, бизнинг юракларимизни ишғол қилиш учун интилувчи Унинг қўлини ва гўзаллигини кўрайлик.
Дарё сувлари оқишидан олдин,
Қушлар самоларни эгаллашларидан олдин,
Ҳозирда порлаб турвчи юлдузлардан олдин,
Мен сени бениҳоят севдим.
Заминдаги ҳар қандай собордан баланд,
Юз йиллик дарахтларнинг илдизидан чуқур,
Ўрмон чангалзорларидан ҳам зўр,
Менинг юрагимдаги севги.
Дэн Фогелберг. “Longer”
Сизнинг қиз қалбингизга романтик ширин хаёллар нималарни олиб келди? Прерия бўйлаб югурувчи йилқиларними; ёз ёмғиридан кейин ҳаводаги завқли ҳидларними; севимли китоб, масалан, Ф.Барнетнинг “Сирли боғ” асариними; ёки бу йил қишининг биринчи қориними? Буларнинг ҳаммаси бизнинг Куёвимизнинг пичирлаши, юрагимизда истакни уйғотишга қаратилган Унинг сигналлари эди. Биз улғайиб, Худо билан бўладиган чин муҳаббатга интилганимизда, У кўпинча бизга болалалик хотираларимизни ёдга солади, токи У доимо биз билан бирга эканлигини кўрсатиши лозим, токи У биз йўқотган ёки маҳрум бўлган нарсаларимизни тиклаб бизга шифо берсин.
Романтикага очиқ юрак билан пешвоз чиқиб
Сиз ёқтириб қолган ҳар бир қўшиқ, қимматли ва қадрли бўлган ҳар бир лаҳзалар, кўзга қувонч ёшларини келтирувчи ҳар бир онлар сизнинг илк бор нафас олишингиздан бошлаб сиз билан мулоқот қилишга интилган ва юракларингизни эгалламоқчи бўлган Ўша Зот томонидан инъом этилган. Уфқнинг ботиши ва қуёшнинг чиқиши, порлаб турган юлдузлар, ой нури ёритиб турган кўллар, ажиб бир мусиқа таратаётган чигирткалар, илиқ шабодалар, дарахт баргларининг шитирлашлари, гўзал боғу роғлар, эҳтиросли меҳр ва кўнгилнинг боғланиши – буларнинг ҳаммаси Худонинг ҳадяси, сизга бир даста гул ва бир коробка шоколад совға қилишда, шам чироқлар шуъласида сизни кечки овқатга таклиф қилишдаги Унинг усуллари.
Раббийнинг романтик кўнгилни овлашлари доимо сирли, улар доимо ноёб ҳисобланиб, фақатгина сизга қаратилган бўлади. Сиз нимадан ҳаяжонланганингизни ёки нималар юрагингизни тез-тез уришга мажбур қилаётганини У билади. Унинг кўплаб диққат-эътиборини биз аҳамиятсиз деб ҳисоблаб, ўтказиб юбордик, чунки биз чидаб бўлмас қалб оғриғига дуч келишдан чўчидик, бизни ўраб турган оламга юракларимиз эшикларини ёпдик. Аммо келажакдаги нажот топиш саёҳатида аёллар ўз юракларининг эшикларини яна очишлари керак бўлади ва бошқа уларни беркитмасликлари лозим. Биз юракларни ҳаммага ва бутунлай очилиши ҳақида гапирмаяпмиз. Бироқ агар сизлар юракларингизни очмасангизлар, сизлар Унинг ёқимли овозини эшита олмайсизлар, Унинг ўпичларини ўтказиб юборасизлар.
Илоҳий меҳрибонликлар биз учун асло кутилмаган шаклларни қабул қилиши мумкин. Бир неча йил олдин Жон Орегон штатида эканлигида, Худо билан ёлғиз қолиш учун вақт топди. У Тинч океани соҳили бўйлаб сайр қилди, сўнг ибодат қилди, шундан кейингина қумга ўтирганича денгиз қирғоғига келиб урилаётган тўлқинларни томоша қилди. (Дам олиш учун Жон жойни одатда ўзи танларди, унинг фикрича, “дам олиш жойи цивилизациядан қанчалик узоқ бўлса, хордиқ чиқариш шунчалик яхши бўлади”). Бирдан Жон ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлди. Соҳилдан унчалик узоқ бўлмаган жойда, унинг қаршисида океандаги сув осмонга фонтан бўлиб кўтарилди ва океан сувининг тепасида каттакон букри кит пайдо бўлди. Китнинг бир ўзи эди, яқин орада унинг уруғидан ҳеч ким кўринмади. Китларнинг кўчиб юриш мавсуми аллақачон ўтиб кетган. Жон шу заҳотиёқ унинг қаршисида шахсан у учун Худо Ўз совғасини юборганини тушунди.
Жоннинг бу ҳодиса ҳақидаги ҳикояси мени нафақат хурсанд бўлишга ундади, балки менда Раббийнинг шундай бўсасини олиш кучли иштиёқини уйғотди. Худованд менга ҳам катта кит юборишини ниҳоятда хоҳладим. Мен Худонинг эътиборини ўзимга қаратишни жуда орзу қилардим! Тез орада биз Жон иккимиз Шимолий Калифорнияга келдик. У ерда биз оилалар учун ташкил этилган семинарда қатнашишимиз керак эди. Семинар Худо билан танҳо ибодат қилишга бағишланганди. Бир куни эрталаб мен ҳам Худо билан танҳо бўлиш мақсадида соҳилдаги пляжка чиқиб кетдим. Мен қумга ўтирдим, океанга тикилганимча, У менга ҳам катта кит юборишини Худодан илтижо қилдим. “Исо, Сен Жонни қанчалик кучли севишингни мен биламан, лекин мени ҳам шунчалик Сен кучли севасанми? Агар шундай бўлса, Сен мен учун ҳам катта кит юбора оласанми?”
Шундай илтижо билан Худога мурожаат қилиб, мен ўзимни бирозгина ноқулай сездим, чунки Худо менга Ўз севгисини исботлаб берганини жуда яхши билардим. Менга нажот бериш учун У Ўз Ўғли Исони ўлимга юборди (қаранг: Юҳанно 3:16). У мени қутқарди. Менинг ҳаётим учун У жуда катта ҳақ тўлади. Худо Ўзининг севгиси ва куч-қудратидан гувоҳлик бериб турувчи барча Ўз мавжудотини менга ҳадя қилди. У чуқур маъно ва гўзалликка тўла Муқаддас Ёзувни инъом қилди, мен бўлсам соҳилда ўтирганимча, менга яна бир бор Ўз севгисини исботлашини Ундан сўраб ўтирибман. Бироқ менинг қилган илтимосим Раббийга маъқул келди, шекилли. Кимки Худони ахтарса, Яратувчи хурсандчилик билан Ўзини ўша одамга очиб беради. У бой ва бадавлат, сахий ва меҳрибон Куёв, У бизга Ўз юрагини қайта ва қайта очаверади.
Бирозгина океанга тикилиб ўтирдим, лекин ҳеч қандай китни кўрмагач, мен ўрнимдан турдим ва соҳил бўйлаб сайр қилдим. Баҳор фаслининг энг қизиган пайти эди. Океан тўлқинлари шиддат билан соҳилга урилар, тиниб-тинчимас балиқчи қушларнинг қийқириғини босиб тушарди. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Калифорниянинг шимолий соҳилида катта-катта тошлар жуда кўп, менинг йўлимни тўсиб турган навбатдаги бир баҳайбат тошни айланиб ўтгач, мен денгиз юлдузига дуч келдим – тўқ сариқ ажойиб денгиз юлдузини кўрдим. Шу заҳотиёқ бу Раббийнинг инъоми, Унинг бўсаси эканлигини тушундим. У менга китни кўриш имконини бермади, чунки кит Жонга аталган эди. Шунда Раббий фақатгина менга ажойиб денгиз юлдузини юборди. У менинг илтижоларимга жавоб берди. Шубҳасиз, У мени севади. Унга шукроналар айтиб, мен кейинги харсанг тошни айланиб ўтдим ва кўрган манзарадан ҳайратда қолдим. Бу манзарани мен умримнинг охиригача эсдан чиқармайдиган бўлдим. Менинг олдимда, орқамда, бутун ён атрофимда юзлаб денгиз юлдузлари ётарди. Тўқсариқ, кўк, қип–қизил, хуллас, турли рангдаги ва турлича катталикдаги денгиз юлдузларини санаб саноғига етиш қийин эди. Мен хурсандчиликдан кулиб юбордим, юрагим дукиллаб, кўкрагимдан чиқиб кетай дерди. Худо мени фақатгина севибгина қолмай, У мени бениҳоят чуқур ва мукаммал севги билан СЕВАДИ!
Худо Жонга катта ва кучли китни ҳадя қилди, менга эса У турлича гўзал денгиз юлдузларини туҳфа этди. Мен уларни қўлларим билан тутиб кўришим мумкин эди. Бундай ажойиб денгиз жониворлари орасида туриб меҳрибон Раббийнинг севгиси қучоғида ўзимни ҳис қилаётганимни англадим. Ажиб денгиз юлдузчалари Худонинг менга совғаси эди, демак, У менга яқин муносабатларни таклиф қилмоқда. Сизга ҳам У кўплаб шундай сюрпризларни тайёрлаб қўйган. Эҳтимол, сиз ҳозироқ Унга қуйидагича илтижо билан мурожаат қилишингиз мумкин:
Исо, ижозат бер, Сен мен учун ҳозирлаб қўйган романтик совғангни кўра олай.
Биз ҳар доим ҳам Унинг совғаларини кўриб англашга қодир эмасмиз. Ушбу китобнинг I бобида мен бир неча йил олдин ажойиб гўзал кечага таклиф қилинганимни сўзлаб бергандим. Оиламизнинг яхши таниши бўлган Лесли ҳам шундай таклифнома олганди, лекин қиз уни йўқотишига сал қолди. Бу тўғрида батафсил гапириб беришим лозим. Таклиф этилишдан бирозгина олдин Лесли Худога илтижо қилганди: “Раббий, одамлар назаридан бир четда яшаш жонимга тегди. Одамларнинг орасига тушиб қолишни жуда хоҳлаяпман. Қанийди, бирор бир кечки зиёфатга тушиб қолсаму роса рақсга тушсам”. Лесли уни олдинда нималар кутаётганини у билмасди, олдинда турган тантаналар ҳақида у ўйламаганди ҳам. Қиз ҳимоясиз эканлигини, ўзини зах ертўлада бечора Кулихон сингари ҳис қилаётганини, бу ерларни тарк этиб, Худонинг кетидан боришга тайёр эканлигини очиқ-ойдин Унга айтди. (Ҳар қандай Куёв каби Худо бизнинг Ҳимоячимиз бўлишни хоҳлайди ва дилимиздаги орзу-ниятларимизни Унга айтишимизни жуда-жуда қадрлайди.) Хуллас, Лесли кечага конвертга солинган таклифномани олгач, уни очиб ҳам кўрмади. Қиз то бошқа қоғоз ва газеталар билан бирга турган конвертга дуч келмагунча, у ҳақида эсламади.
Ва ниҳоят, қиз конвертни очганда, у оппоқ қоғозга олтин ялтироқ харфлар билан битилган ажойиб кечага таклифномани кўриб қолди. Лесли конверт унга адашиб тушиб қолганлигини ва таклифнома бошқа бир одамга мўлжалланган бўлса керак деб ўйлади. Бечора Кулихон! Унинг қандай қилиб кўнглини олиш мумкин? Бироқ Худо ҳозиргина ичида таклифнома бор конвертни очиб кўрган Лессига ҳақиқий ҳаяжон уйғота билди. Нима дейишни билмай қиз бир неча дақиқага лол бўлиб қолди. “Раббий, наҳотки бу рост бўлса? Наҳотки бу туш эмас?” Одатдагидай индамай эрининг, балга бормоқчимисан, деган саволини у кутиб ўтирди, эр ундан шундай деб сўради ҳам. Мўъжизавий кеча қизда жуда катта таассурот қолдирди: ўша куни кечқурун Раббий унинг кўплаб қалб жароҳатларига шифо берди. У хурсандчиликдан яшнарди, қолаверса, бу ажойиб нур унинг кўзларида ҳалигача сақланиб қолди.
Мен, аёл кишининг ҳаёти Исо билан бўлган битмас-туганмас романтик учрашувларни намоён қилади, деб айтмоқчи эмасман. Менинг ҳаётим ҳам сизларники сингари кўплаб хўжалик ташвишларига тўла: кир ювиш керак, идиш-товоқларни ювиб йиғиштириш керак, овқат пишириш керак, ёзги таътилга қаерга боришини сўраётган ўғлим билан суҳбатлашишим керак. Сизнинг ҳаётингиздаги каби, меникида ҳам шундай пайтлар бўладики, баъзида Исо ёнгинамда юрганга ўхшайди, баъзида эса мен Уни асло ахтариб тополмайман. Гоҳида биз У билан бекинмачоқ ўйнаётгандай бўламиз, бироқ кутилганидай, У менга қараганда яхшироқ беркинади. Воқеаларнинг давралилиги барча муносабатларга хосдир, муносабатлар дам тепага кўтарилади, дам пастга тушади.
Пасайиш ҳам катта аҳамиятга эга, чунки у туфайли бизнинг юракларимиз кучли иштиёққа тўлади. Хароб бўлган вақтда очиқ юрак оғзаки илтижо қилади. Шунда сиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Дадажонини йўқотиб қўйган ёлғиз қизчага ўхшайсизми? Ёки барчанинг эътиборидан четда қолган ва шундан қайғураётган бўйи етган қизга ўхшайсизми? Кўпинча Худо бизнинг қалбларимизни шундай ҳис-ҳаяжонга тўлдиришга имкон беради, токи биз У билан биринчи бор учрашган вақтимизга қайтишимизга ёрдам бериш учун. Сизнинг юракларингиз нималарга интилаётганига эътибор беринг, қолаверса, сиз қандай йўл тутишни хоҳлашингизга ҳам диққат қилинг: қаҳр-ғазабга эркинлик берасизми, овқатдан таскин топасизми, бошқа одамлардан ёрдам сўраб мурожаат қилисизми...
Биз одат тусига кириб қолган усулдан ўзгача йўл тутишга қарор қилган пайтимизда ҳал қилувчи вақт айнан ўша ҳисобланади.
Биз ўз Қуёвимизга бизга ғамхўрлик кўрсатишини илтижо қиламиз ва У билан учрашиш учун юракларимизни Унга очамиз. Биз кўз ёшларга эрк берамиз, дард-ҳасратларимизни айтиб Худога узоқ ибодат қиламиз. Муҳтарама сингиллар, мўъжиза юз беради – Раббий келади. Яқинлик вақти бўлди, севги, меҳр-муҳаббатга тўла, руҳий юксалиш вақти, юракларимизга нажот берувчи, Унинг кўмагига муҳтожлик сезган вақт келди.
Худо ҳақиқатда сизлардан нимани хоҳлайди?
-Мен Сени излаб топишга ҳаракат қилдим.
Мен учун ҳатто тоғлар ҳам тўсиқ бўла олмади.
Гарчанд мен узоқда бўлсам ҳам,
Менинг чақириғимни эшитганингни англаш,
Мен учун юксак мукофот бўлди.
Сенинг номинг – мен билан шу қолди, холос.
Чорладим сени бежавоб.
Нега Сен узоқ жим кетдинг,
Мени эшитганингни менга билдирмадинг?
-Мен шу ердаман, ёнингда, Мени излаш не даркор.
Мен доим сен билан, Мени йўқотишдан қўрқма.
Эммилоу Харрис. “Here I am”
Мусиқа магазинида нималар сотилаётганини кўриш учун мен бир магазинга кирдим. Мен аниқ бир нарсани сотиб олмоқчи ҳам эмасдим, бирдан Муқаддас Руҳ бу компакт дискни сотиб олишни менга маслаҳат қилди. Унинг менга мурожаати ошкора эмасди, бу енгилгина туртки эди, лекин мен кўрсатилган дискни сотиб олдим, уйга кетаётганимда уни плееримга солиб эшитдим. Мусиқа менда ҳеч қандай таассурот уйғотмади, мен бу дискни Стейсига бердим. У дискни эшитиб чиқиб, мусиқа нақадар ажойиб эканлигини менга айтди. Мен учун Стейси дискдан бир қўшиқни топди ва уни эшитиб кўришимни таклиф қилди. Қўшиқни тинглаб бўлгач, Худо нима учун бу дискни сотиб олишни маслаҳат берганини тушундим. Буюк Романтик яна бизни Ўзига чорлади. Олдинлари ҳам У бир неча бор шундай қилган, бунинг устига, биз ўзимизга тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроқ: қўшиқлар, кинофильмлар, откриткалар, дўстларнинг сўзлари, ўрмондаги саёҳатлар – Унинг романтик чорлаши ҳамма ерда эшитилмоқда. У айнан сизга мурожаат қилмоқда, У сизни номма-ном чорламоқда.
Худо ҳақиқатда сиздан нима хоҳлайди?
Бизнинг ҳар биримиз нимани хоҳласак, У ҳам шуни хоҳлайди. У севикли бўлишни хоҳлайди. Севишганлар бир-бирининг яхшилигини қанчалик англаса, У ҳам шунчалик англанишни хоҳлайди. Сиз Унга қўшилиб кетишингизни У ниҳоятда хоҳлайди. Ҳа-ҳа, У сизнинг итоат этишингизни кутмоқда, фақатгина шундай ҳолатдаки, агар сизнинг Унга бўлган итоатингиз севгига тўлиб–тошган юракларингиздан чиққудек бўлса. “Ким Менинг амрларимни билса-ю, уларга амал қилса, у Мени севади. Ким Мени севса, Отам ҳам уни севади. Мен ҳам уни севаман ва Ўзимни унга кўрсатаман” (Юҳанно 14:21). Исонинг амрларига амал қилиб яшаш –Уни чин юракдан ҳақиқий севувчиларнинг ва Унга иштиёқ бўлганларнинг табиий жавоби шудир.
Бир неча йил олдин Жорж Макдональднинг китобини ўқиш жараёнида бир ажойиб, қизиқарли фикрга дуч келиб қолдим. Эҳтимол, сиз эшитган бўлсангиз керак. Ҳар бир одамнинг юрагида шундай бўшлиқ бўлар эканки, бу жойни фақат Худо тўлдириши мумкин экан. (Биз ундан пала-партиш фойдаланишимизни ва бу эса ўз навбатида онг ва қалбларимизни саросимага солиб қўйишини Раббий билади.) Лекин қадимий шоирлардан бирининг айтишича, Худонинг юрагида ҳам шундай бўш жой бор эканки, уни фақатгина сиз тўлдира олар экансиз. “Демак, Парвардигорнинг юрагида шундай макон мавжудки, у жой фақатгина кимга аталган бўлса, ўша одамгина кириши мумкин”. Яъни бу макон сиз учун. Худонинг юрагидаги бу бўшлиқни сиз тўлдиришингиз керак, уни сиздан бошқа ҳеч нарса ва ҳеч ким тўлдира олмайди. Во ажабо! У айнан сиз билан учрашишни хоҳлайди.
Сиз Унинг юрагини “...бир қараш билан...” (Қўшиқ 4:9) ўзингизга ром этган зотсиз. У сизни деб хурсанд бўлиб севинар ва катта банкет залларида ўйнаб рақс тушишни хоҳлаганидай, тоғ чўққиларида сизни деб шод бўлиб тараннум этар (қаранг: Запаниё 3:17). Сиз ажойиб итоаткор юрак соҳибасисиз, бундан У ниҳоятда завқланади, зеро сиз ҳеч нарсага қарамасдан фақатгина Унга умид боғлайсиз. Бир лаҳза бўлса-да, бунга ишонинг! Бу сиз учун ҳақиқат бўлиб қолсин.
Худо бу ҳаётни сиз билан яшамоқчи, кундалик ғам-ташвишларни ҳал қилишда қатнашиб, сиз билан бир қарорга келмоқчи, сиз билан хоҳиш-истакларингизни ва кўнгилсизликларни баҳам кўрмоқчи. Мажлислардан ва маъруза ёзувларидан, кир ювиш ва уй-юмушларини қилиш рўйхатидан, дўстлар ва қўни-қўшнилар билан суҳбат қилишдан, сизнинг режаларингиз ва ўй-фикрларингиздан, дунё ташвишларидан иборат бўлган ҳар кунги сизнинг ҳаёт тарзингизда У сиз билан яқин муносабатда бўлмоқчи. У Ўз севгиси билан сизнинг юрагингизни тўлдирмоқчи, бунга жавобан эса сизнинг севгингизни У қабул қилмоқчи. Сизнинг юрагингиздаги жойни У ҳеч ким билан баҳам кўрмоқчи эмас, У юрагингизда марказий ўринни эгаллашни хоҳлайди, У сизнинг ҳақиқий “мен”ингизнинг қоқ ўртасида бўлишга даъвогарлик қилади. Ўз кучига суяниб, бирон нимага эришишга интилаётган аёл билан У ҳеч қандай алоқа қилишни хоҳламайди. Сиз аслида қандай бўлсангиз, У шундайлар билан яқин муносабатда бўлади.
Худонинг шу каби хоҳиш-истаклари пайғамбар Хўшея Китобида қандай тасвирланганига бир эътибор беринг. Биз Раббий билан яшамасликка бўлган уринишимизни Унинг Ўзи бекор қилишини олдиндан огоҳлантириб айтади (биз юқорида ушбу парчани келтирган эдик):
Шунинг учун йўлини тиканаклар билан тўсаман, ўтолмайдиган қилиб девор қураман. У ўйнашларининг кетидан етолмайди, уларни излаб тополмайди...
Хўшея 2:6-7
Ва У Ўз берган Сўзини бажаради, олдин айтилганидек, У бизни ҳолдан тойдиради, орзу-умидларимизга етишимиз ва чанқоғимизни қондириш учун Унга қайтишимизга мажбур қилади. Ана шунда У бизнинг юракларимизни забт этишни бошлайди. Бунинг учун баъзида у бизни ҳар қандай бошқа овуниш манбаларидан халос қилади, шу тарзда бошқа рақибларни йўқ қилиб, шахсан бизнинг қалбларимиз эътиборини қозонади:
Кўп ўтмай Мен унинг кўнглини овлайман, уни саҳрога олиб бориб, ширин сўзлар айтаман.
Хўшея 2:14
Айнан шу ерда, саҳрода, биз Уни у ер ёки бу ерда юрувчи, ёки дейлик, самоларда яшовчи ва фақатгина якшанба кунлари эсловчи Раббий сифатида эмас, балки бизнинг қалбларимизни забт этмоқчи бўлган, ўзимизнинг яхши кўрган Куёвимиз сифатида Раббийни билиб оламиз:
“Ўша куни – демоқда Эгамиз, - сен Мени “Эрим”, деб чақирасан, ҳеч қачон “Баалим” демайсан. <...>
Мен сени Ўзимга абадий никоҳлаб оламан. Сени солиҳлик ва адолат, сўнмас севги ва меҳрибонлигим ила Ўз никоҳимга оламан.
Хўшея 2:16, 19
Худога бўлган севгимиз туфайли бизнинг қалбларимиз тинчлик ва хотиржамликка эга бўлади. Худонинг севгиси учун курашишга, уни меҳнат қилиб топишга ёки йўқотиб қўйишга тўғри келмайди – Унинг севгиси бизга абадиятга ҳадя этилган. Севгини бизга Раббий инъом қилган, У бизни танлаб олган, эндиликда ҳеч нарса ва ҳеч ким Унинг севгисидан бизни ажрата олмайди, ҳатто бизнинг ўзимиз ҳам. Биз айнан шунинг учун яратилганмиз. Бизнинг юракларимиз жуда яқин муносабатларга, албатта романтик севгига интилади. Биз Худонинг севги объектига айланиш учун яратилганмиз, У бизни чексиз ва шубҳасиз севги билан севади.
Биз шундай севги учун яратилганмиз.
Исо билан яқин муносабатда бўлиш – вазиятни ўз назорати остига олган, кўркам кўринишга ва идел маникюрга эга қандайдир ўзгача аёлларнинг қисмати эмас. Бундай муносабатлар бизларнинг ҳар биримизга мўължалланган. Худо сиз билан яқинлашишга интилмоқда, бироқ бу сизнинг ҳаётингизнинг ҳақиқатига айланиши учун сиз ҳам У билан яқинлашишга ҳаракат қилишингиз лозим.
Итоаткор юраклар
Улар ўз йўлларида давом этишди. Исо бир қишлоққа кирди. Бу ерда Марта уни уйига таклиф қилди. Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Исонинг оёқлари олдида ўтириб Унинг сўзларини тинглар эди. Марта эса тайёргарчилик ишлари билан жуда овора эди. Ниҳоят, у Исо ёнига келиб: Ҳазрат! Синглим бир ўзимни хизматда қолдириб қўйганига эътибор бермаяпсанми? Унга айтгин, менга ёрдам берсин! – деди.
Исо унга шундай жавоб берди: Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг! Зарур бўлган биттагина иш бор. Марям эса ўзи учун яхши улушни танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.
Луқо 10:38-42
Бизнинг олдимизда ҳаммага маълум бўлган Марям билан Мартанинг тарихи. Ҳаммамиз бир неча бор эшитган қиссадан ҳисса – Мартага тақлид қилманг. Исо “зарур бўлган биттагина иш бор” деганда, У нимани назарда тутганига биз кўпинча ажабланиб қараймиз. Эҳтимол, сизлардан бирортангиз Исо унчалик талабчан эмас, Унга керак бўлган нарса – қандайдир оддийгина таом, Марта эса жуда бошқача таом тайёрлаш билан машғул бўлганлиги тўғрисидаги фикрни эшитгандирсиз. Йўқ, Исо умуман бошқа нарсани назарда тутган. У ҳар доимгидек, баркамол бўлган. Унга керак бўлган “биттагина иш” – бу Ундан ҳайратланган қалб, Унинг баркамол севгисига ўзининг итоаткорлиги билан жавоб берувчи юракдир.
Бизнинг қалбларимиз итоат этиш учун яратилган, шунинг учун биз ҳаммамиз итоат этамиз, зеро итоат этмасдан туролмаймиз. Бироқ бу сўзни баъзи бир дин арбоблари шунчалик кўр-кўрона қўлладиларки, кўпчиликнинг бу сўздан кўнгли айнирди. “Итоат этиш” сўзини эшитишимиз биланоқ кўз ўнгимизда қатъий ассоциациялар пайдо бўлади: “Оббо, яна у жамоатларга бориш ва диний саноларни айтиш ҳақидаги дийдиёсини бошлади ”. Йўқ, асло бундай эмас! Итоаткорлик – ниҳоятда кенг ва буюк маънога эга сўз, ғоят таъсирчан тушунча. Ҳаётга эга бўлиш мақсадида биз ўз юракларимизни нималарга бахшида қилган бўлсак, ўшалар бизнинг итоат қилиш объектимизга айланади. Баъзилар модаларга итоат қиладилар, яна баъзилар эса ўзларининг танлаган ёш йигитларига ёки гўзал қизларига сажда қиладилар. Биз сажда қиладиган объектлар рўйхатлари асло чекланмаган. Бу рўйхатга фильмлар, озиқ-овқат, совға-саломлар, шов-шувлар – нима бўлса, ҳаммаси киради (менинг ўзим ҳам шуларнинг ҳаммасига сажда қилганман).
Биз ўз юракларимизни Унга бағишлашимизга фақатгина Исо Масиҳ лойиқдир. Марям Унда Ҳаёт манбаини ва Севги ифодасини кўра олди. Бизнинг ишонишимизча, сизнинг ҳар бирингиз ҳам у каби йўл тутган бўлардингиз. Марям ҳамма ишларини ташлади, Унинг оёқлари олдига ўтириб, Унга ўзининг кўз қарашларини ва юрак нигоҳларини қаратди, Унинг сўзларини диққат билан тинглади.
Марта эса бу хрестоматик воқеада ўз юмушлари ва тинмай бир нималарни бажариши билан машғул бўлган жамоатга – Унинг ўзини йўқотиб қўйган Келинига ўхшайди. Куни кеча мен бир дугонам билан тушлик қилдим. Тушлик пайтида у менга аъзо бўлган ўз жамоати ҳақида сўзлаб берди. Жамоат энг Буюк амрни, яъни Раббийнинг амрларидан биринчисини – “Ўзгани ўзинг каби севгин” (Матто 22:39) деган амрини ҳаётга тадбиқ этиш билан овора экан. Кутилмаган бундай ҳодисадан мен лол бўлиб қолдим, чунки ўзгани ўзи каби севиш ҳеч қачон Раббийнинг биринчи амри бўлмаган. Исонинг тушунтиришича, биринчи ва энг буюк амр қуйидагича бўлган: “Эганг Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин” (Матто 22:37). Ҳа, биз бир-биримизни севишимизни Исо хоҳлайди. Ҳа, биз бир-биримизга хизмат қилишимизни ҳам Исо хоҳлайди. Лекин авваламбор ва биринчи галда У бизнинг севгимизни ва бу севгига биз ўзимизни тўлиқ бағишлашимизни У кутади. Ахир, Худонинг севгисига тўла бўлган юраклардан барча эзгу ишлар ва ғайрат ўз ибтидосини олади.
Энди эса мен сизларга аёлларнинг энг ажойиб сирларидан бирини очиб бермоқчиман: аёллар Худога итоат қилишда шундай иқтидорга эгаларки, ҳеч бир эркак бундай қилишга журъат этолмайди.
Айтиб ўтганларимизни тасдиқлаш учун тарихий хужжатларга мурожаат қилайлик. Уларда Исо Масиҳнинг ҳаётидан парчалар, жумладан, Исога атир мой қуйган аёл ҳақидаги воқеа тасвирланган. Исонинг айтишига кўра, Инжил Хушхабари дунёнинг қайси ерида тарғиб қилинса, ҳамма жойда бу аёл ҳам эсланиб, унинг қилган иши ёдга олиниши ҳақида Исонинг Ўзи васият қилган. Исо Байтанияда бўлган пайтда Марям исмли бир аёл Унинг олдига келади. У ганчдан ясалган идишда жуда қимматбаҳо атир мой келтириб, Исо дастурхон олдида ўтирган пайтда Унинг бошига қуяди. Мой жуда қимматбаҳо ҳисобланган, ўша пайтда бундай мойни бир йиллик даромадга сотиб олиш мумкин эди. Аёл шундай тарзда ўзининг Исога бўлган итоатини намоён қилди, мирра мойининг муаттар ҳиди хонани тўлдирди. Севгининг бундай зоҳир бўлганидан Исо ниҳоятда ҳайратланди. Исонинг шогирдлари эса буни кўргач, ғазабланиб дедилар: “Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор? Бу мойни катта баҳога сотиб, пулини камбағалларга бўлиб бериш мумкин эди-ку!” (Матто 26:8-9). Аммо Масиҳга нисбатан бундай эзгу иш қилишга фақатгина аёл киши қодир. Шунга ўхшаш яна бир воқеа юз берган. Бир аёл Исонинг оёқларини кўз ёшлари билан ювиш, ўзининг сочлари билан артиш ва чуқур итоат ва тавба қилиш иштиёқида Унинг оёқларини ўпиш учун ҳеч қандай таклифсиз фарзийнинг уйига кириб боради.
Аёллар ҳар куни Исога хизмат қилиш учун Жалиладан бошлаб Унга эргашиб борганлар. Аёллар ўзларининг шу ердалиги билан тасалли бериш учун ва Раббийни қўллаб-қувватлаш учун Унинг сўнгги нафасигача хоч олдида қолдилар (ўшанда эркаклардан фақатгина Юҳанно бўлган). Исо тирилгандан кейин ҳам биринчи бўлиб Ўзини айнан аёлларга намоён қилган: “...Аёллар эса рўбару келиб, оёқларига ёпишганича Унга топина бошладилар” (Матто 28:9). Уни қайта тирилиб ва ғалаба қозонган Раббий сифатида кутиб олдилар.
Худонинг юрагида аёлларга махсус жой ажратилган. Аёлларнинг топиниши – Исога жуда катта ҳузур бағишлайди ва бу ниҳоятда муҳим хизмат ҳисобланади. Сизнинг итоатингиз Худонинг юрагига чуқур таъсир кўрсатиш қобилиятига эга. Бу нақадар муҳимлигини ўйлаб кўринг-а! Сизнинг Исога бўлган севгингиз асло жиловлаб бўлмас итоатда эркин намоён бўлишини У хоҳлайди. Барча айтилганлар фақатгина кўп бўш вақтга эга аёлларга, ёки ҳақиқий руҳоний аёлларга тааллуқли эмас. Момо Ҳавонинг барча қизлари романтик муносабатлар учун яратилганлар, фақатгина Исо билан улар бу каби муносабатларнинг нақадар чуқурлигини англаб етадилар.
Ўз юракларингизни Унга топширинглар.
Мен ўз ётоқхонамда ёлғиз қолиб, илк бор Исога сажда қилишни бошлаганимда, мен ҳар доим бир қўшиқни қўйиб эшитардим. Бу қўшиқнинг сўзлари оддийгина:
Эй Раббий, бизга ёрдам бер,
Мушкул ҳолатда Сенга илтижо қилмоқдамиз...
Ҳа, менинг руҳий ҳолатим айнан шундай эди – ўшанда (ҳозирда ҳам) мен Худога жуда-жуда муҳтож эдим. Кўп овқат емасликка қилган уринишларим ва ёлғизликка қарши курашларим хаёлий эмас. Ҳаётимда Худонинг ҳиссий ва реал иштирокига ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж сезар эдим. У билан мулоқот қилишдан очқаган, аслида У Ким эканлигини билишдан чанқаган, ўз руҳий хасталикларимнинг чинакамига шифо топишига муҳтож бўлганимдан мен ҳар ҳафта бир неча соатни Худога бағишлай бошладим. У олдимга келишини мен Ундан илтижо қилиб сўрадим.
Шундай учрашувлар учун махсус вақт ажратгач, мен бу вақтни ҳар қандай ва турлича тажовузлардан ҳимоя қилардим, ҳаттоки бунинг учун телефонни ўчириб қўйиш керак бўлса ҳам, болаларга қараб туришни кимларгадир топшириш керак бўлса ҳам, ёки менинг болаларим тинчланиб, ҳамма ухлагани ётгандан кейин бўлса ҳам У билан мулоқот қилишни канда қилмасдим. Исо билан яқиндан мулоқот қилишга булар арзирди. Унинг гўзаллиги мени ҳайратлантирди – шунақанги ажойиб, шунақанги жозибадор ва ниҳоятда ўзгача. Масиҳ билан яқин муносабатлар ўрнатгач, сиз бундай муносабатлар учун ҳар қандай юмушларингизни бир четга суриб қўйиб (Мартанинг энг асосий муаммоси) курашишингиз лозим ва душманларнинг барча айбловларига қарши чиқишингиз керак. Сизни севувчи Куёв сизга инъом этган барча совға-саломларни уйингиздан қандайдир одамлар ўғирламоқчи бўладилар. Албатта, бу оддий ҳолат. Ахир, аёллар шунинг учун ҳам беғубор ва ашаддий ҳисобланадилар, зеро Қаллиғингиз билан танҳо қолиш учун ҳаммасини енгиб ўтишингиз даркор.
Исо билан яқин муносабатларни ҳис қилиш ва ўрнатиш учун У ёрдам қилишини Ундан илтижо қилиб сўранг.
Сизнинг учрашувларингиз учун вақт ва жойни топишда Ундан ёрдам сўранг.
Исо Ўзини ҳақиқий қиёфасида – сизнинг Куёвингиз қиёфасида намоён этишини Ундан сўранг.
Раббий билан сизларнинг учрашувларингизга бирор мусиқа ҳамроҳ бўлсин, токи бундай мусиқалар сизнинг ҳис-туйғуларингизни ҳаракатга келтирсин. Шубҳасиз, бунга сиз аэробика билан шуғулланаётган мусиқа бўлмайди. Албатта, сизнинг Масиҳ билан яқин муносабатларингизни сизга эслатувчи мусиқа бўлиши лозим. (Яхши бир танишимизнинг айтишича, ҳозирги вақтда уни сажда қилишга чорловчи севимли қўшиғи “Опера қиёфаси” мюзиклидан ҳаммага маълум ва машҳур “Мен илтижо қилган барча нарсалар” композициясидир!) Танҳо қолинг! Сизни ҳозирда безовта қилмаслик кераклигини яқинларингиз билишсин. Телефонингизни ўчириб қўйинг, Муқаддас Китобни ва Худонинг сизнинг юракларингизга айтган гапларини ёзиб олиш учун ўз кундалигингизни олинг. Мук тушинг, ёки ўтиринг, жуда бўлмаса ётиб олинг ва Муқаддас Руҳни чорланг, Руҳ келиб Исога сажда қилишга ёрдам беришини илтижо қилинг. Саждани Исодан ҳайратланишдан бошланг. Оғир аҳволда қолганингизда У сизга ёрдам берганлигини эсланг, ёки молиявий ёрдам сўраб илтижо қилганингизда У сизнинг ибодатингизга жавоб йўллаганини ёки сиз ёлғиз қолганингизда, сизни У қандай юпатганини эсланг. Исонинг содиқлиги учун Унга шукроналар айтинг. Пауза қилинг. Сукут сақлаб туринг – сизнинг юрагингиз Худога сажда қилсин, агар шунда мусиқа янграб турса, Унинг юрагига йўл топишга ёрдам беради.
Танҳоликда илк бор Раббийга сажда қилиш сизга ғалати туюлиши мумкин. Эҳтимол, сизнинг кўз ёшларга тўла бўлган илтижоларингиз сизнинг хонангизнинг шипидан юқори кўтарилмаётгандай кўриниши мумкин. Лекин бирин-кетин қилинган ибодатлар ва бўлиб ўтган учрашувлар натижасида сизнинг Худо билан учрашувларингиз осонроқ ўтаётганига амин бўласиз. Буни бир неча асрлар олдин яшаб ўтган француз монах биродаримиз Лоуренс таъкидлаган. Биз Худодан бирор нимани олиш учун Унга сажда қилмаймиз, балки У билан бирор нималарни баҳам кўриш учун сажда қиламиз. Исонинг ҳузурига илтижо билан келишимиз Унга хуш ёқади. Ибодат туфайли сиз фақат ўзингизга мўължалланган Худонинг юрагига кириб боришингиз мумкин, фақатгина сиз Унга беришингиз мумкин бўлган нарсани У билан баҳам кўришга қодирсиз. Сиз Унинг танлаб олганисиз, Унинг севганисиз, Унинг юрагининг бир бўлагисиз, Унинг ҳаётининг севгилиси сизсиз. Унга яқинлашинг, У сизни кутмоқда.
Мен сенинг доимий Севгилинг бўламан,
Мен ҳамон ёнингдаман, Мен шу ердаман, Мен сен биланман.
Эммилоу Харрис “Here I am”
Жамоатнинг аёл кишига бўлган бугунги муносабати жуда кенг тарқалган бир ёлғон тушунча билан боғлиқ: “Художўй бўлиш демак – доимо банд бўлиш демакдир. Художўй бўлиш демак – интизомли бўлиш демакдир. Художўй бўлиш демак – итоаткор бўлишга мажбур қилиш демакдир”. Йўқ, йўқ ва яна бир бор йўқ! Художўй бўлиш демак – Худо билан романтик яқинликни ҳис қилиш демакдир. Севикли бўлиш ҳар бир аёл юрагининг туб-тубида мужассамдир. Ҳар бир аёл севги учун яратилган. Худо сизни сева олишини ва ҳар доим севишини сиз билишингиз керак.
Книга на Узбекском языке: - Пленительная красота (Джон ва Стейси Элдридж)
Авторы этой книги, супруги Элдридж, предлагают женщинам вспомнить свои детские мечты и желания, призывают их стать уверенными в себе и пленительными, осознать свое женское начало. Они убеждены, что каждой женщине необходимо найти свою «рану», понять, что было ее причиной, и не упускать ее из виду до тех пор, пока не наступит исцеление. Книга адресована не только женщинам, но и мужчинам, стремящимся понять женскую душу, в том числе отцам, у которых есть дочери.
Вы можете прослушать радиопередачу журналиста Галины Шаинской об этой книге, прозвучавшую на Трансмировом радио.