Роберт Чарльз Спраул. Худога қай тарзда манзур бўлиш мумкин - (14 боб) Ўзбек тилида
Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1-боб Нафис иноят
2 боб Масиҳийлик ҳаётининг мақсади
3 боб Фарзийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг
4 боб Дунё билан кураш
5 боб Тана билан кураш
6 боб Шайтон
7 боб Шайтон – туҳматчи
8 боб Қўрқув ва айбдорлик мажмуи
9 боб Ҳақиқий кечирим
10 боб Шаҳвоний масиҳий
11 боб Мағрурлик гуноҳи
12 боб Ялқовлик гуноҳи
13 боб Ёлғон гуноҳи
14 боб Доктрина ва ҳаёт
15 боб Ҳеч қачон таслим бўлманг
ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ
ДОКТРИНА ВА ҲАЁТ
Доктрина эмас, балки ҳаёт аҳамиятга эга. Бундай фикр масиҳийлик доирасида тез-тез билдириб турилади. Бу фикр оддий: бизнинг нималарга ишонишимиз Худони камроқ қизиқтиради. Биз қандай яшаётганимиз Уни кўпроқ ташвишлантиради. Имон ва ақида тимсоллари муҳим эмас, бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз муҳим. Ортодоксия (юнон. “тўғри фикрни эътироф этиш”) эмас, балки ортопраксия (юнон) эътиборга олинади. Худога нафақат тўғри фикр юритиш тарзи билан, балки тўғри яшаш тарзи билан ҳам манзур бўлиш мумкин.
Аммо бундай дилемма хавфли оқибатларга олиб боради. Тўғри фикрлаш ва тўғри ҳатти-ҳаракатлар бир-бирига мадад беради. Биз улар орасидаги фарқни англашимиз мумкин, лекин уларни бир-биридан ажратиш ниҳоятда хавфли. Бизда тўғри амалиётсиз тўғри назария ва тўғри назариясиз тўғри амалиёт бўлиши мумкин, аммо улар фақат вазиятнинг қулай келишига қараб рўй беради.
Уларга эътиборсизлик одатда шундай натижаларга олиб келади: тўғри диний қарашлар билан нопок ҳаёт кечирадиган одамлар пайдо бўлишади. Шайтон назарий илоҳиёт амалиётини синовдан ўтказилишда кўп очколар йиғиши мумкин. Айнан жинлар Исони Унинг шогирдлари тушуниб етишларидан аввалроқ Худонинг Ўғли эканлигини тан олишган. Аммо жинлар буни ўзлари тан олсаларда, ҳақиқатдан нафратланишади. Худо ҳақидаги ҳақиқатни биладиган, бироқ ҳаётлари Худога манзур бўлмайдиган кўплаб одамлар мавжуд.
ЕТАКЧИЛАРНИНГ ХОИНЛИГИ
Кўплаб масиҳийлар илоҳиётга, айниқса академик илоҳиётга катта шубҳа билан қарашади ва бундай муносабатнинг ўзига хос сабаблари бор. Жамоат ўз ичида, бир олим айтганидек, “доноларнинг хоинлиги”ни яратган. Скептицизмнинг масиҳийликка қаратилган каттагина ҳиссаси жамоатнинг ичидан келиб чиқади. Айнан жамоат илоҳиётчилари Худонинг ўлимини эълон қилишган. Айнан илоҳиёт семинарияларида Муқаддас Каломнинг ҳақиқатини шубҳа остига қўйишади.
Семинариянинг биринчи курсида ўзимда уйғонган қизғин ҳиссиётни эслайман. Мураббийлардан бири Масиҳнинг илоҳийлигини рад этибгина қолмай, У ҳақда душманона оҳангда гапирганида кучли ҳаяжонга тушганман. Эҳтимол, профессор эътиқод инқирозини бошдан кечириб, ваъз айтишга ожизланиб қолганини англаганимда, камроқ ҳаяжонга тушган бўлардим. Агар у ўз эътиқодсизлигини вайрона қалби ва кўз ёшлари билан ифода этганида, уни тушунган бўлардим. Бироқ унинг раддияси жанговор либосга бурканган бўлиб, бу Каломнинг Исога бўлган қарашларини рад этиш билан изоҳланганди.
Мен унга савол берганимда, у менга қараб деди: “Йигитча, сиз семинарияга олдиндан тайёр нуқтаи назарларингиз билан келибсиз”. Менга қўйилган айб – олдиндан тайёр нуқтаи назар – Масиҳнинг илоҳийлигига бўлган ишончим эди.
Мен бутунлай саросимага тушгандим. Мен масиҳийлик хизматига тайёрланиш учун илоҳиёт семинариясида ўқиган ҳар қандай киши Масиҳнинг илоҳийлигига ишончи комил эканлигини соддалик билан фараз қилгандим. Мен ўша ерда бўлишим сабабини бошқача тасаввур қилишим мумкин эмасди. Мен жамоатимизнинг тимсоли Масиҳнинг илоҳийлигини аниқ тасдиқлашини эслатиб ўтганимда, ўша одам (яширинча) жавоб берди: “Эътиқоднинг ортодоксал тимсолларида кўпдан кўп...” (у ҳақоратли сўзни ишлатарди).
Беҳад кўп миқдордаги талабалар масиҳийлик семинарияси ва коллежларида шу каби муносабатларга дуч келишган. Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчиларнинг бундай тоифаси билан учрашишдан юзага келадиган оғриқ ва карахтликларга ягона реакция – эътиқоднинг тафаккурдан йироқ осойишта бандаргоҳига яшириниб олишдир. Бироқ шу заҳоти васвасага соладиган фикр пайдо бўлади: агар илоҳиёт мураббийлари шундай фикрлашар экан, буларнинг барчаси кимга керак? Мен оддийгина эътиқодимни асрашни истайман ва илоҳиёт билан ҳар қандай тўқнашувдан қочишга уринаман.
Биз шуни тушунишимиз лозимки, агар одам илоҳиёт олими бўлса ҳам, бу унинг масиҳий эканлигини асло билдирмайди. Руҳоний даражасига кўтарилган ҳар бир кишини масиҳий деб ҳисоблашимиз шарт эмас. Афсуски, жуда кўплаб одамлар турлича сабабларга кўра хизматчи ҳисобланишади. Айримлар илоҳиёт скептизмини ўз касбларига айлантириб олишади. Масиҳийлик илоҳиётчилигини рад этиш, бекор қилиш ёки ўзгартириш иштиёқидан келиб чиққан ҳолда ўрганадиган одамлар бор. Бузилган илк одамда ўзининг бутун ҳаётини Худо билан курашга бағишлаш истаги каби гуноҳ бор. Душман жамоатнинг ичида жойлашган.
Бизда дуо қилинганидан кейингина имонга келганини тан олган руҳонийларнинг етарлича гувоҳликлари бор. Шу тариқа, кўплаб одамлар имонсизликка бош эгишларини кўришимиз мумкин. Америкалик чўпон Гилберт Теннет бир пайтлар “Имонга келмаган руҳонийликнинг хавфи” номли эссе ёзганди. Теннет беҳуда бонг урмаганди. Бўрилар чиндан ҳам қўй териси остида яширинишади. Улар аслида Худога қарши уруш олиб борсаларда, ўзларини Худонинг одами қилиб кўрсатишади. Биз Исонинг бу оламдаги ҳаёти мобайнида Унинг энг ёвуз душманлари ўша пайтдаги руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва фарзийлар бўлганини эслаймиз.
Одамлар жамоатдаги хизмат мавқеига турли сабабларга кўра интилишади. Бу сабаблардан бири ўз имонсизлигини қонунийлаштириб олишга қаратилган интилишдир. Бошқа бир сабаб, биз кўриб ўтганимиздек, Масиҳга ички томондан туриб қарши жанг қилиш истаги. Бундан ташқари, кўплаб инсонпарварлар жамиятга ғамхўрлик қилишни амалга ошириш учун ажойиб имкониятни жамоат билан боғлашади. Жамиятга таъсир ўтказиш учун бундай яхши тузилган қулай майдонни бошқа қаердан ҳам топиш мумкин?
Янги доирада тадбиркор пайдо бўлганида, унга янги танишлар топиш керак бўлади. Агар у муайян даражага етишишни истаса, бунинг учун вақт ва куч-ғайрат сарфлашига тўғри келишини тушуниши лозим. Шаҳарда янги руҳоний пайдо бўлганида, у шу заҳотиёқ қавм бошлиғи даражасини эгаллайди. Эҳтимол, маҳаллий жамоатлар таъсири кучсизланиб бораётгандир, лекин у ҳамон мавжуд бўлиб қолмоқда. Руҳонийда воқеалар ривожига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган платформа бор. Унда кафедра бор. Унинг қавми бор. Унинг дастури бор. Эҳтимол, унинг меҳнат ҳақи унчалик юқори эмасдир, аммо қавм етакчиси сифатида одамларга таъсир кўрсатиш имконияти баланд. Кафедра одамлар онгига ўз қарашларини сингдирмоқчи бўлган одамлар учун қулай жойга айланади.
Бундай қарорга келишга ундайдиган бошқа омиллар ҳам мавжуд бўлиб, улардан айримлари ҳақида гапириш азоб беради. Бундай шармандали ҳиссиётлардан бирини бизлар олтмишинчи йилларда алоҳида ҳис этганмиз. Семинарияга кириш ҳарбий хизматга чақирувни кейинги суришга имкон берарди. Айрим талабалар бу ҳақда очиқчасига гапиришарди. Семинариядаги уч йиллик сабоқ уларга ўз бурчларини Вьетнамда ўтказиш ёки Канадада хизмат қилишдан кўра яхшироқ вариант бўлиб туюларди.
Бироқ ҳаммасини бир хил рангга бўяш мумкин эмас. Хизматчиларнинг аксарият катта қисми жамоатга Худога сидқидилдан хизмат қилиш мақсадида келишарди. Қўй териси остида кўплаб қўйлар бор. Аслида улар ҳаттоки қўйлар эмас, балки чўпонлардир. Бу чўпонлар Худони ва ўз подаларини яхши кўришади. Улар ўзларидаги бор камчиликлари билан Худога манзур бўлишга ва халқни ўша мақсадлар сари олиб боришга уринишади.
ДОКТРИНАНИНГ ЗАРУРЛИГИ
Жамоатга садоқатли одамлар зарур. Шунингдек, унга илоҳиётни садоқат билан ўргатадиган мураббийлар керак. Содиқ илоҳиётчиларнинг меҳнати жамоатга ҳамиша катта фойда келтиради. Мен такрор ва такрор зийрак Августинга, собит Фома Аквинскийга, ажойиб Кальвинга ва жўшқин Лютерга мурожаат қиламан. Бу одамлар онгимни ва руҳимни тўлдиришади.
Ҳаммамизга ҳам яхши мураббийлар керак. Мен уларсиз уддалай олмаслигимни биламан. Бироқ уларни қандай топиш мумкин? Илоҳиётнинг яхши мураббийини қандай фарқлаш мумкин?
Яхши мураббийга эга бўлиш яхши шифокорга эга бўлишга ўхшайди. Биз учун нима исташларини ўзлари тушунадиган ва танамизни ишониб топшириш мумкин бўлган шифокорлар керак бизга. Агар шифокор яхши ва меҳрибон одам бўлса-ю, тиббиётни билмаса, биз оғир аҳволга тушиб қолишимиз мумкин. Агар у мен учун хавфли бўлган укол қиладиган бўлса, қўлимдан меҳрибонлик билан ушлаб туришидан деярли таскин топмайман.
Бошқа томондан, мижозлар учун кам иштирок этадиган олий тоифали шифокорлар бор. Улар касалликни даволашни билишади, бироқ одамлар билан мулоқот қилишни эплай олишмайди.
Мен тиббиёт соҳаида катта билимга эга бўлган ва мени инсон сифатида қадрлайдиган шифокорим бўлишини истайман. Бу энг мақбул вариант.
Бизга илоҳиётчиликда чуқур билимли ва юқори маҳоратини Худога бўлган чуқур севгиси билан мувофиқлаштирадиган мураббийлар зарур. Худога севги Уни тушунишга халақит берадиган тўсиқ ёки сохта фикр эмас. Аксинча, Худони ўзига жо этган қалб Худони илоҳиёт нуқтаи назаридан англашни оширади, холос.
Амстердамнинг Эркин университети профессори Г. Берковер бир куни синфда шундай деганди: “Жаноблар, барча барча буюк илоҳиётчилар ўз ишларини Худони улуғлаш билан бошлаб-якунлашади!” Доксолигия – бу мадҳия руҳидан илҳомланган буюк маҳорат соҳибларининг ижоди. Уларнинг меҳнати таҳлил ва шарҳдан кўра янада олдинроққа – мадҳ этишга олиб боради. Жамоатнинг биринчи илоҳиётчиси ҳаворий Павлуснинг ёзганларини ўқинг. У ўзига тушган оғир синовлар ичида ҳайқирган: “Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир!” (Римликлар 11:33).
Биз ўшандек улуғлаш руҳини жамоат тарихининг буюк намоёндаларидан топамиз. Августинни, Буюк Афанасийни, Ансельмни, Фома Аквинскийни, Лютерни, Кальвинни ва Эдвардсни энг буюклар сифатида эсламасликнинг иложи йўқ. Улардан ҳеч қайси бегуноҳ эмасди. Улар орасида қарама-қарши фикрлар бўлиши мумкин эди. Аммо барибир улар имоннинг асосий доктринасига нисбатан якдил фикрда эдилар. К. С. Льюис бир пайтлар шундай ёзганди:
Мен масиҳийликдан нафратланган ўша пайтларимда гоҳ пуритан Буньянда, гоҳ англикан Хукерда, гоҳ Фома Аквинскийнинг издоши Дантеда деярли ушлаб бўлмайдиган, эски таниш ҳидга ўхшаш ниманидир билиб олишни ўргандим. У Франсуа де Салда (мазали ва гуллаган), Спенсер ва Уолтонда (жиддий ва камтарона), Паскаль ва Жонсонда (қатъий ва дадил) бор эди. Во, Боэция ва Трэерн ижодининг қандайдир енгил чўчитиб юборувчи жаннатмонанд тусланишларида уни ҳис қилиш мумкин эди. Шаҳарнинг ўн саккизинчи асрга хос мулоҳазакорлик муҳитида одам ўзини хавфсизликда ҳис этолмайди: сўқмоқда иккита шер – Лоу ва Батлер ётибди. Елезавета даврининг тахминий “мажусийлиги” уни масофада ушлаб туришга қодир эмас, у Фата-Морган ва Аркадий қироллиги марказида одам ўзини кўпроқ хавфсиз ҳис қиладиган фурсатни кутиб ётибди. Албатта, у турлича шаклларга кирган бўлсада, барибир ҳамма учун бир хил тарзда қолган. Уни таниб олиш мумкин ва ундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ, токи биз унинг ҳаётга айланишига изн бермагунимизча, у биз учун ажал келтирувчи муаттар ҳид бўлиб қолаверади.*
- C. S. Lewis, God in the Dock, ed. Walter Nooper (Grand Rapids Eerdmans, 1970), 203-204).
Энди эса йигирманчи асрнинг танқидчи-илоҳиётчиси Рудольф Бультманнинг ёзганларини ўқинг. Бультман илоҳиёт масалаларида ғайритабиий билимдонликни намойиш етади. Унинг танқидчи сифатидаги маҳорати жуда зўр. Аммо унинг барча ёзувларида камида битта мақтов ёзувини аниқлаш учун Диогеннинг фонари керак бўлади. Бу ниманидир англатади. Келинг, ўйлаб кўрайлик, агар инсон Худони улуғлай олмаса, ўзининг улкан билими билан Унга манзур бўла оладими?
Биз ҳаммамиз одамлар илоҳиётдан қўрқишаётганига дуч келамиз. Мен баъзан масиҳийлик китоб дўконларини танқид қилиб тураман. Илоҳиётчилик нуқтаи назаридан заиф бўлган қанчадан-қанча китоблар қўйилган-а! Ва кўпинча гап оддийгина (бу улуғвор иш бўларди-я) эмас, балки осонлаштирилган (буниси энди зарарли) илоҳиётчилик ҳақида боради. Бундай китобларда мадҳиялар кўп, аммо илоҳиётчилик кам. Масиҳийлик китоб дўконларидаги айрим китоблар ортодоксал илоҳиётчилик жабҳасидаги илтифотсизликни тўлиқ акс эттиради. Уларнинг барчаси яхши мақсадлари бўлган ёмон мураббийлардир. Бундай фан фақат зиён келтиради.
Масиҳийлик китоб дўконларини ва масиҳийлик нашриётларини танқид қилиш – ўзинг ўтирган бутоқни кесиш билан баробар. Аммо ўша бутоқ чириб, Масиҳнинг сурувига фойда келтирмаса, кимдир уни чопиб ташлаши керак.
Мен китоб сотувчилар ва ноширларга буюк маҳорат эгаларининг асарларини чоп этишларини таклиф этгандим. Одатда улар омма бундай китобларни жуда кам сотиб олаётганини айтишади. Мен илтимос қилишда давом этаман. Ишончим комилки, агар улар ўқувчилар бозорига мумтоз адибларни олиб киришни бошласалар, бу адиблар тезда оммабоп бўлиб қолишади.
Мен бир куни семинариядаги машғулотлар учун Жон Мюррейнинг “Ҳатти-ҳаракатлар қоидаси” китобини буюртма қилмоқчи бўлдим. Ноширлар уни такрор нашр этишмагани ҳақида мени хабардор қилишди. Мен ҳаттоки бунинг учун керакли маблағ тўплашга ваъда бериб, уни қайта чоп этишларини ёлвориб сўрадим. Асар унутиб юборишмаслик даражасида жуда муҳим эди. Ношир мени жуда хурсанд қилиб таклифимга рози бўлди ва китоб қайта чоп этилди.
Мен китоб сотувчилар барча асарларимни ертўлада дафн этиб ёки гулханда ёқиб, ўрнига Лютер, Августин, Эдвардс ва бошқаларнинг китобларини сотувга чиқаришса хурсанд бўлардим. Мен улардан олмаган нимани биламан ўзи? Мен ва улар ўртасидаги ягона фарқ шундаки, уларнинг асарлари пухта ўйланган ва анча яхшироқ ёзилган. Мен Жеймс Бойс, Ж.Пакер, Чарльз Колсон ва бошқа кўплаб замонавий ёзувчилар ҳам худди шундай дейишларига ишонаман. Энг яхши кўринишда солиштириб қараганда ҳам, биз бу баҳайбатларнинг елкаларида ўтирган паканалармиз.
Бизга соғлом доктриналар зарур. Муқаддаслик Руҳи ҳақиқат Руҳи ҳамдир, ҳақиқат ва тақводорлик эса ажралмасдир. Тўғри ҳаёт, ўз навбатида, тўғри фикрлаш тарзидан ҳосил бўлади. Бизнинг ҳаётимиз ташқи томонлама ички ўзгаришларсиз бошқача бўлиши мумкин, лекин бу ҳолатда барча ютуқларимиз бизни фарзийлар сафига қўшилиб қолишимизга ёрдам бериши мумкин, холос. Ахир Руҳ ҳамма нарсанинг замирига таъсир кўрсатади-ку.
Яхши дарахт яхши ҳосил беради. Ўзгарган онг ҳаётни ўзгартиришга интилади. Бизнинг Худо ҳақидаги фикрларимиз бизнинг Худога қайтарадиган жавобларимизга таъсир қилади. Тавбанинг ўзи фикрлаш тарзининг ўзгариши демакдир ва у одам ўз ҳаракатларини ўзгартира бошлашидан аввалроқ рўй беради.
Биз назарияга ва ҳаётга нисбатан сохта ажратишлардан воз кечишимиз керак. Гарчи покланиш сари соғлом доктринасиз ҳаракат қилиш ўта оғир бўлсада, биз покланмаган ҳаётимизда ҳам соғлом таълимотга эга бўлишимиз мумкин. Бироқ солиҳ ҳаётга келиш учун тўғри назариялар етарли эмас. Одам онгсиз тарзда покланиш сари интила олмайди, тўғри доктрина эса бундай бурилиш учун зарур шарт ҳисобланади. Бу ҳаётий зарур замин. У гўё оловга кислород каби зарур. Кислород ўз ҳолича олов чиқишини таъминлай олмайди, бироқ усиз олов бўлмайди.
ОНГ, ИШОНЧ, ВИЖДОН
Бироқ нима учун? Нега солиҳ одамнинг покланишида соғлом доктрина зарурият ҳисобланади? Масиҳийнинг ҳаётида ҳақиқий покланиш юз бериши учун, энг камида, уч нарса зарур: онгимизда, ишончимизда ва виждонимизда ўзгаришлар бўлиши керак. Онг, ишонч ва виждон – бу учта таркибий қисм ҳам покланиш учун ниҳоятда зарур.
Онг бизнинг билимларимиз учун жавоб беради. Худо бизга буюрганларини бажаришга тайёр туришдан аввал, биз Унга нима манзур эканини, У биздан нимани талаб этаётганини тушунишимиз лозим.
Гуноҳ қонун орқали англаб етилади, биз қонун орқали тақводорликни англаймиз. Одам онгсиз равишда “тасодифан” қонунга бўйсуниши мумкин. Бироқ бу ўринда унинг руҳий хизматлари бўлмайди. Дейлик, бир одамга соатига эллик миль тезликда машина ҳайдаш ёқади. Унга айнан шу тезлик маъқул. У машинасини соатига эллик беш миль тезликда ҳайдашга рухсат этилган ҳудудда бошқарса, соатига ўн беш миль тезликда ҳайдашга ижозат берилган бошқа ҳуддудда ҳам шу тезликда юради. У соатига эллик беш миль тезликда ҳайдашга рухсат берилган ҳудудда бўлганида, тезлик чегарасидан чиқмайди. У қонунга бўйсунади. Лекин у соатига фақат ўн беш миль тезликда юришга рухсат этилган ҳудудда тезликни соатига эллик миль қилиб ҳайдаса, атрофдагилар учун хавф-хатарга айланади.
Дейлик, қаҳрамонимиз тезликни чекловчи белгиларга ҳатто қарашни ҳам истамайди. У тезликни чекловчи белгилар қаерга қўйилган бўлмасин, ҳеч қайсига қарамайди. У бу белгиларга онгли равишда қарамайди. У вақти-вақти билан қонунга “бўйсунади”, аммо фақат вазият тақозо этганда. Агар инсон аҳлоқий фазилатларга эга бўлишни ва ҳамиша рухсат этилган тезликда юришни истаса, энг аввало қонунни билиши шарт.
Лекин биргина билимнинг ўзи етарли эмас. Биз барчамиз тезликни чеклаш талабларини тўлақонли англайдиган, аммо шундай бўлсада уларни бузадиган одамлар борлигини биламиз. Бундайларни узоқ излаш шарт эмас. Бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз ўзгариши учун биз англашдан ишончга ўтишимиз керак.
Ишонч чуқур ва интенсив билим. Муайян ҳаракатлар тўғри эканлигини тушуниш бу бир масала. Бунга ишонч ҳосил қилиш эса – мутлақо бошқа гап. Биз учун онгимизни келишувга ундаш ишончимизга қарши ҳаракат қилишдан кўра осонроқ. Эътиқод – бу қатъий билим. У устимиздан катта ҳукмронликка эга. У тушунчамиздан юқори бўлиб, виждонимизга сингиб киради.
Виждон эса ҳатти-ҳаракатларимизнинг бошқарувчисидир. У бизни фош этадиган ёки оқлайдиган ички овоз. У ҳатти-ҳаракатларимизни маъқуллаш ёки норозилиги билан бошқаради. Ҳамма муаммо шундаки, виждонимиз ҳар доим ҳам ҳақиқатни гапираверайди. Биз ҳаммамиз виждонни ҳамиша ҳатти-ҳаракатларимизни маъқуллашига ўргатиш борасида катта мутахассислармиз.
Виждон айбдорлиги туйғусининг юки билан яшаш жуда оғир. Айбдорлик туйғуси бизни карахт қилиб қўяди. У кўнгилни айнитиб юбориши мумкин. У психосоматик касалликларга сабабчи бўлади. “Айбдор” виждон бизни фош этишни бошлаганида, биз ёки ўз ҳаракатимизни ёхуд виждонимизни ўзгартирамиз. Биз ёки уни қатъийлаштирамиз ёхуд фош этувчи овозини бўғамиз.
Биз бир хил гуноҳни такрор-такрор содир этиб, виждоннинг ички овозини бўғиб қўйишимиз мумкин. Ана шунда Павлус Римликларга Мактубнинг 1-бобида айтган гуноҳга ботамиз, яъни унда нопоклар гуноҳ қилишда давом этган ҳолда, бир-бирларида гуноҳ қилишга ҳавас уйғотганликлари айтиб ўтилган.
Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлса-да, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб-қувватлайдилар (Римликлар 1:32).
Мен яқинда Фил Донахьюнинг илк фаолиятларини порнографик фильмларда бошлаган актёр ва актрисалар ўзлари ҳақида гапириб берадиган телевизион шоусининг кичикроқ қисмини кўриб қолдим. Улар таъкидлашича, (а) ўзларини айбдор деб ҳис қилишмайди ва (б) ўзларини аҳлоқли инсонлар деб билишади, чунки жинсий зўравонлик ёки болаларни жинсий зўрлашда иштирок этишдан бош тортишган. Уларда гўё виждон бор, негаки улар бу масалада виждон овозига қулоқ солишган ва бу далил улар фаолиятининг бошқа жабҳаларида ҳам “оқлайди”.
Порноактёрлар ўз ҳаракатларини янада жирканч ҳирсий ҳаракатларда иштирок этмаганликлари билан оқлашди. Уларнинг сўзлари ўзларини тўлиқ алдашдан иборат, ваҳоланки улар ўзларининг ҳақ эканликларига ишонишади. Бу яхши ва ёмон ўртасидаги тафовут ўйини. Улар ўзларининг ёмон ишларини яхшилик деб аташди, негаки бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди. Бу ўринда нопоклик шундай тақдим этилганки, виждон уни тўлиқ оқлаши мумкин.
Бу ҳар доим ҳам фош этиш мумкин бўлмаган ўйин. Мен ўз гуноҳимдан ҳам каттароқ ёмонликка ишора қилганимда фазилат ва иллат ҳақидаги бузилган нуқтаи назар билан ўзимни хушомад қиламан.
Виждон солиҳ бўлиши учун унга тақводорона ишонч таъсир ўтказиши керак. Бизда нима тўғри-ю нима нотўғри эканлиги ҳақида аниқ тушунча бўлганида, яъни бунинг учун ақлимизни ишлатганимизда виждонимиз солиҳ бўлади. Бу эса энди илм-фаннинг алоҳида ҳуқуқи, яъни доктринадир.
Доктрина бизнинг онгимизга йўналтирилган Худонинг Каломига асосланган. У бизга тушунча берган, у тирсагимиздан эмас, балки онгимиздан тутади. Калом Руҳнинг китобидир, чунки Муқаддас Руҳ Каломни илҳомлантиради. Муқаддас Руҳ бизга ҳақиқатни очадиган Зотдир.
Аммо Руҳнинг иши Калом орқали руҳлантириш билангина чекланиб қолмайди. Руҳ Каломни ёритади ва бу Каломни бизга нисбатан қўллайди:
Бизларга эса Худо буларни Ўзининг Руҳи орқали ошкор қилди. Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй-фикрларидан ҳам огоҳдир. Инсоннинг ўй-фикрларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа яна ким билади?! Худди шу сингари, Худонинг ўй-фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди (1 Коринфликлар 2:10-11).
Мен бир пайтлар Фуллер илоҳиёт семинарияси президенти Дэвид Хаббард бу матнни шарҳлаганини эшитгандим. Доктор Хаббард “Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй-фикрларидан ҳам огоҳдир” жумласининг маъносини изоҳлаб берган. Одамлар ўзлари эгалламаган ва билмаган нарсаларини тушунишга интилишади. Муқаддас Руҳ илоҳий ҳақиқатни билишга жон-жаҳди билан интиладиган, Учликнинг ҳеч нимани билмайдиган аъзоси эмас-ку. Муқаддас Руҳ – Худо. Ота нимани билса, Руҳ ҳам билади. Унга бу билимларни излаш шарт эмас.
Ушбу матн бизни поклайдиган Муқаддас Руҳнинг иши ҳақидадир. Руҳ бу сўзлар қандай маънони яширганини кўришимизга ёрдам бериш учун Худо Каломининг нурини йўналтиради. У Каломни тушуниш йўлидаги изланишларимизда бизга ёрдам беради.
Руҳ бизни ўргатиш ва ишонтириш учун бизга юборилган. У билимларимизга жўшқинлик ва қатъий ишонч бўлмиш теранликни беради. Исо бизга Муқаддас Руҳни айнан шу мақсадда беришга ваъда қилган:
Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман. Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Мен кетмасам, Ҳомий келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман. У келганда дунёга гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисидаги ҳақиқатни аён қилади (Юҳанно 16:7-8).
Ўзгарган онгдан нуқтаи назарни ва виждонни ўзгартиришга бўлган ҳаракатни Муқаддас Руҳ бошқаради. Руҳ Калом билан биргаликда ишлайди. У Каломга қарши ёки Каломсиз ишламайди. Калом ва Муқаддас Руҳ бир-биридан ажралмасдир. Шунингдек, доктрина ва ҳаёт ҳам бир-биридан айро эмас. Ирода ва онгни ҳам бир-биридан айириш мумкин эмас. Уларни ажратиш – бизни поклаш ишларини бузиш ва Муқаддас Руҳни ранжитмоқ демакдир. Уларни ажратиш – Худога манзур бўладиган мақсадли, солиҳ ҳаётдан воз кечиш демакдир.
Книга на Узбекском языке: - Как угодить Богу (Ричард Чарльз Спраул)
Книга доктора Спраула вводит нас в круг размышлений о том, что такое жизнь, угодная Богу. Содержанием такой жизни является полное и совершенное покаяние, верность Богу и Его заповедям в большом и малом, абсолютное послушание, требующее посвящения Ему всего себя, беспощадная борьба с ветхим человеком в себе, стремление к освящению и исполненности Духом Святым.