Роберт Чарльз Спраул. Худога қай тарзда манзур бўлиш мумкин - (15 боб) Ўзбек тилида
Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1-боб Нафис иноят
2 боб Масиҳийлик ҳаётининг мақсади
3 боб Фарзийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг
4 боб Дунё билан кураш
5 боб Тана билан кураш
6 боб Шайтон
7 боб Шайтон – туҳматчи
8 боб Қўрқув ва айбдорлик мажмуи
9 боб Ҳақиқий кечирим
10 боб Шаҳвоний масиҳий
11 боб Мағрурлик гуноҳи
12 боб Ялқовлик гуноҳи
13 боб Ёлғон гуноҳи
14 боб Доктрина ва ҳаёт
15 боб Ҳеч қачон таслим бўлманг
ЎН БЕШИНЧИ БОБ
ҲЕЧ ҚАЧОН ТАСЛИМ БЎЛМАНГ
Бир куни жаноб Уинстон Черчилль болалик даври ўтган Итонга ташриф буюрди. Талабалар Итондан етишиб чиққан энг машҳур инсоннинг маърузасини эшитиш учун тўпланишди. Черчилль тенги йўқ нотиқ, ўткир тафаккур қироли эди. Парламентда “қуролсиз одамлар” у билан даҳанаки жанглар қилишган. Аҳмоқлар бу ҳақда кейинчалик чуқур афсусланишлари учун уни банкетларга таклиф этишган. Ҳатто буюк драматург Бернард Шоу Черчиллнинг ҳужумларига муносиб жавоб қайтариш учун тилини махсус қайраган. Шоу унга ўз пьесаларидан бирининг премьераси учун анчайин истеҳзоли таклифнома юборган: “Қадрли бош вазир, янги пьесамнинг премьерасига сиз учун иккита чипта юборяпман. Биттаси сиз учун, иккинчиси эса дўстингиз учун... агар у бор бўлса, албатта”. Черчилль шу заҳоти жавоб қайтарган: “Қадрли жаноб Шоу. Таклиф ва янги пьесангиз учун чипта кўринишида қилган саховатингиз учун ташаккур. Афсуски, менинг иш рўйхатим премьерага боришимга изн бермайди. Бироқ шу спектакль иккинчи маротаба намойиш этилса бораман... агар яна намойиш этилса, албатта”.
Черчилль Итонга келганида, буюк нотиқни тинглаш учун бутун шаҳар аҳли тўпланган. У саҳнага яқинлашганида, залда мутлоқ сукунат чўмган. У микрофонни қўлига олган, булдогникига ўхшаш бағбақасини чўзиб айтган: “Ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон... таслим бўлманг”. Ва ўрнига қайтиб ўтирган.
Аммо у шу гапи билан бутун аудиторияни руҳлантириб юборган. Қизиқ, ёшларнинг ҳаётидаги инқирозли дамларда, курашиш ёки қочиш учун бир қарорга келиш лозим бўлганида хотирада сақланиб қолган бу сўзлар худди умид шуъласи каби неча-неча маротаба чарақлаб ёнгандир-а.
Ҳеч қачон таслим бўлманг. Бу Муқаддас Каломда қайта-қайта такрорланадиган мурожаат. Исо ҳақида нажотимизнинг Муаллифи ва Якунловчиси ҳақида ўйланг. Исо бошлаган ишини охирига етказган. У шайтон билан фақат бир раундда курашмаган. У охиригача жанг қилиб, душманни исканжага солиб қўйган.
Исонинг энг ажойиб сўзларидан бири хочда айтилган. Энг даҳшатли азоб-уқубатлар орасида, ўлим талвасасида Исо тин олган: “Амалга ошди”. Исо шу тарзда оламдан ўтган. Ўз вазифасини бажарганидан сўнг. Вақтидан аввал эмас. Ишни охиригача етказиш керак эди.
Исо айтган: “Омочни тутиб, ортига қараган биронта одам Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмас” (Луқо 9:62). Исонинг нигоҳлари олдинга қаратилганди. У Қуддусга юзма-юз қараб турган. Лутнинг хотини орқага қаради ва тузли тошга айланиб қолди. Исо олдинга қаради ва оламни поклашга эришди.
Павлус бу ҳақда шундай деган: “Ортда қолганларни унутиб, олдинга интиламан. Фақатгина ўша мақсадни кўзлайман-да, Худо мени Исо Масиҳ орқали чақириб, менга ато қиладиган самовий ютуқ томон интилмоқдаман” (Филиппиликлар 3:13-14).
Биз юқори баҳоларга, юқори даъватларга интилиш учун чорланганмиз. Интилиш эса иродани кўрсатиш, зўр бериш демакдир. Ҳаворий бизни зўр бериб интилишга даъват этади. Тақводорликка интилиш аслида бизнинг табиатимизга хос эмас. Юмшоқ ўриндиққа жойлашиб олиб, покланишга келиб бўлмайди. Қатъият муҳим. Интилишлар муҳим.
СУСТКАШЛИК ВА ФАОЛЛИК
Покланиш доктринасининг энг жиддий бузилишларидан бирини квиетизм тимсолида топиш мумкин. Квиетизм анъанавий тарзда гўё илоҳий фаолликни таъкидлаган ҳолда муайян руҳий сусткашликка чорлайди. Квиетизмнинг шиори шундай: “Нима бўлса ҳам, Худо қилсин”. Бироқ бу шиор бизнинг руҳан улғайишимиз фақат ўзимизнинг ҳаракатларимизга боғлиқ эмаслигини эслатганида қандайдир қийматга эга бўлади. Ўзини ўзи камолотга етказиш ва ўзини ўзгартириш, агар биз Худонинг иноятига таянмасак, бемаъни машғулотлар бўлиб қолаверади. Аммо бу боғлиқликни яхшироқ ифода этиш мумкин: “Худони маҳкам ушла ва Унга ишонгин”.
Покланиш учун меҳнат қилиш зарур. Ҳаворий меҳнатга тўлиқ ҳаёт билан масиҳийларни руҳлантиради:
... қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. Зотан, Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учуе сизларга куч ва хоҳиш беради (Филиппиликлар 2:12-13).
Покланиш биргаликдаги иш ҳисобланади. Ишга иккита шерик жалб этилган Мен ишлашим керак ва Худо ҳам ишлайди. Агар Каломга алоқаси бўлмаган қандайдир сўз ҳақиқат бўлиши мумкин бўлсада, бу шундай гап бўлса керак: “Худога ишон, лекин ўзинг ҳам янглишма”. Биз Худо ҳамма ишни Ўзи бажаришини кутиб, қўл қовуштириб ўтира олмаймиз. Биз меҳнат қилишга, астойдил меҳнат қилишга даъват этилганмиз. Қўрқув ва титроқ билан ишлаш – масъулият ва тиришқоқлик билан ишлаш, қандай натижаларга эришиш истагини чуқур тушунган ҳолда ҳафсала билан ишлаш демакдир.
Ёшлигимда боғда қандай ишлаганимни эслайман. Мен ўз боғимизда ҳам, қўшнимизнинг боғида ҳам ишлардим ва бу ишларнинг бажарилишига турлича ёндашганимни аниқ эслайман. Уйда ишлаганимда ўйнаш учун ишимнитезда тугатишга ҳаракат қилардим. Йўлак бўйидаги дарахтлар ва буталарни қирқишда кўп ҳам уринмас эдим.
Аммо қўшнимизнинг боғидаги иш бошқачароқ эди. У ерда менга ҳақ тўлашган. Ишимни қадрлашган, шу боис мен майда-чуйдаларга ҳам катта эътибор қаратиб ишлашга уринганман. Бу ишимда қўрқув ва титроқ бор эди.
Мен улғайдим, аммо барибир боғдаги ишларни қилишимга тўғри келяпти. Энди мен бу ишга янада эътиборлироқ тарзда ёндашяпман. Энди меҳнатга бўлган муносабатимда мулкдорлик туйғуси бор. Мен ўз боғимда ишлаяпман. Дарахт ва буталарни чопганим учун ҳеч ким менга ҳақ тўламайди. Мен қандай ишлаётганимни кўриш учун ҳеч ким ўгирилиб қарамайди. Бу менинг боғим. Мен ҳаммаси чиройли кўринишини истайман. Мени натижалар қизиқтиради. (Ваҳоланки, ҳозир ҳам ўйинга бориш учун шошилиб турибман!)
Ўғлим менга ёрдам бераётганида, унинг эҳтиётсизлик қилаётганини кўриб, тез-тез ранжиб қоламан. У ўтларни жуда тез ўради. Бир, икки ва тайёр. Ҳеч қандай қўрқув йўқ. Ҳеч қандай титроқ ҳам. Унинг хаёли фақат баскетбол ўйинида. Бир куни хаёлимга шундай фикр келиб қолди: наҳотки у боғимиз билан фахрланмаса? Ана шунда учинчи авлодда намоён бўладиган оталар гуноҳини пайқаб қолдим ва бу ўринда гап кекса дарахтда қандай мева етишиши ҳақида эмас. Гап меванинг ўзи ҳақида. Қизиқ, ўйладим мен, ўғлимда ўз боғи бўлганида, дарахтларини бутаб турармикан. Нималар бўлиши ҳақида хар хил хаёлларга бораман, ҳойнаҳой, у ҳар қандай бошқа одам каби охирги натижани муҳим деб билса, ҳаракат қилса керак.
Агар биз Худога манзур бўлиш учун яшайдиган бўлсак, ҳатти-ҳаракатларимиз ўта муҳим эканлигини ўзимизга ҳамиша эслатиб туришимиз жоиз. Биз қайта туғилганимизда, нажотимиз ҳали якунланмаган бўлади. Ҳа, Муқаддас Руҳ чиндан ҳам ўз ишини бизнинг қайта туғилишимизга асосан бажаради. Қайта туғилиш учун фақат Муқаддас Руҳ керак. Муқаддас Руҳ қалбимнинг тирилиши учун Ўз ишини бажарганида мен хотиржам бўламан, сустлашаман. Бироқ сўнгра менинг ишим бошланади. Мен ўзимни қутқариш учун ишлашим керак. Мен олдимга қўйилган мақсадлар сари интилишим зарур. Муқаддас Руҳ доимо бизга ёрдам беради, аммо биз ўз нажотимиз учун ўзимиз ишлашимиз лозим.
КУЧ-ҚУДРАТ ВА САМОВИЙ ШОҲЛИК
Исо бир куни шундай гапни айтдики, у Муқаддас Китобни ўқувчилар учун асрлар мобайнида жумбоқ бўлиб қолади. У шундай деди:
Яҳё чўмдирувчи давридан шу кунгача одамлар Осмон Шоҳлигига шафқатсиз ҳужум қилмоқдалар. Зўравонлар Осмон Шоҳлигини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқдалар (Матто 11:12).
Хўш, Исо нимани назарда тутган? Шоҳликни куч билан қандай қўлга олиш мумкин? Наҳотк биз одамлар Осмон Шоҳлиги дарвозасини ҳужум билан қўлга олишлари ва куч воситасида ичкарига киришлари мумкинлиги ҳақида ўйлашимиз керак бўлса? Бу ҳолда номақбул одамлар Шоҳликни қамал қилиб, ҳарбий куч ёрдамида ичкарига киришга қодирликларини фараз қилиш мумкин. Бироқ бундай изоҳ Муқаддас Китоб Худо Шоҳлигининг хусусиятлари ҳақида айтган барча гапларга қарама-қарши келади. Худо нопокларнинг Ўз ҳузурига бостириб киришларига қаршилик кўрсатмайдиган даражадаги заиф эмас-ку. Ҳеч ким ўз ҳаракатлари билан Худонинг ҳузурига бостириб киришга қодир эмас. Худонинг қалъасига ўғрилар ва талончилар ёриб ўтолмайди. Мажусийлар Самовий Қуддусни қуршовга олишга уринишлари мумкин, аммо Сион ҳеч қачон таслим бўлмайди.
Ўйлашимча, Жонатан Эдвардс бу оят қайта имонга келганлар Худонинг Шоҳлигига интилишлари кераклигини кўрсатишини айтганида ҳақ бўлган. Бу интилиш Шоҳликда одамларнинг Руҳ билан уйғонишларига олиб келадиган қизғин истакни ўзида акс эттироғи лозим. Яҳё Чўмдирувчи Шоҳликнинг яқинлашиб қолганини айтганида, Исроилда буюк уйғониш юз берган. Одамлар Яҳёдан чўмдирилиш тайёргарлигини олиш учун тўда-тўда бўлиб Иорданга қараб интилишган.
Исо бу борада Яҳёдан ҳам олдинга ўтган. Яҳё “Осмон Шоҳлиги яқинлашди” (Матто 3:2) деб айтганида, Исо “Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир” (Луқо 17:21) деб уқтирган. Бу Шоҳликнинг Шоҳининг Ўзи Исо тимсолида бу дунёга келган. Бу ҳолат ўша пайтгача Масиҳга тавба қилишга интилган, ўша пайтгача мисли кўрилмаган миллий тавба қилиш истагини уйғотган. Тавба қилаётган гуноҳкор Ўз Нажоткорини бағрига босиш учун ҳеч нима қаршисида тўхтаб қолмайди. Қайта имонга келганларнинг иштиёқи ва шижоати – қудратли лмил, аммо имонлиларнинг ҳаракати деганда жисмоний қудрат эмас, балки унинг бардоши ва қуввати назарда тутилади.
Шоҳликка кириш учун қатъият ва қувват каби хусусиятлар зарур. Бу эса бизнинг қатъий бир қарорга келганимизни ва нигоҳларимиз фақат мақсадга қаратилганини англатади. Дарҳақиқат, бунда ҳарбий ҳаракатлар билан таққословни келтириш мутлақо ўринли бўларди. Шаҳар дарвозалари очиқ бўлганида, ғолиб аскарлар бир лаҳза ҳам иккиланмай, олдинга ёпирилишади. Ҳеч бир аскар тантана онларида мудроқ ёки чарчоқ ўзини эгаллаб олишига изн бермайди.
Кимки Шоҳликка интилса, узоқ давом этадиган курашга тайёр бўлади. Биз чиройли чекинишни ўзимизга раво кўришимиз мумкин эмас. Биз покланишдан кетиб қолишимиз мумкин эмас. Худонинг Шоҳлигида нафақахўрлар йўқ. Биз охиригача бардош беришга даъват этилганмиз. Биз ўзимизни Худога бағишлаганимизда, бутун умр давом этадиган курашга бағишлаган бўламиз. “Моҳир хизматчи” жуласи нафақат чўпон ва миссионерларга, балки ҳар биримизга тегишли бўлади.
Ибронийларга Мактуб муаллифи масиҳийлик ҳаётини кураш сифатида ва ҳаттоки ўлимга қадар давом этадиган кураш сифатида тасвирлайди:
Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр-тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик. Исога кўз тикайлик. Ахир, бу имон мусобақасида У биз учун йўл очиб, бутун масофани биздан олдин югуриб ўтди. Исо келажакдаги шодликка эришиш учун шармандали ўлимни писанд қилмай, хочда азоб тортиб жон берди. Ҳозир эса У Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди... Сизлар эса қонингиз тўкилгунча гуноҳга қарши курашмадингизлар (Ибронийлар 12:1-2, 4).
Биз улғайишимизга тўсқинлик қиладиган гуноҳга қарши курашганимизда, осонгина руҳимиз тушиб кетади, тезда чекинамиз. Биргина хас туянинг елкасини синдиради. Биз қонли жанг бошланмасидан аввалроқ таслим бўламиз.
Такрорий мағлубиятлар бизни руҳлантириши ва ғалабага ишонч туйғусини бериши амри маҳол. Мана шунинг учун ҳам бизни ўтмишни унутишга даъват этишади. Муваффақиятсизликларни унутиш керак. Битта ҳам мағлубиятни эсламаслик керак. Биз олдинга интилишимиз шарт. Биз ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон таслим бўлмаслигимиз керак.
Бизнинг мақсадимиз катта. Унинг учун курашса арзийди. Унинг учун қўрқув ва титроққа чидаса арзийди. Бу олий даъват, чиндан ҳам олий. У ҳар қандай мусобақанинг олтин кубоги учун курашдан кўра катта уринишларга арзийди. У дарахтларни буталашдан кўра чексиз равишда муҳим. Бу Исонинг даъвати. У қонимизни тўкишга, тер ва кўз ёшларимизга арзийди.
Ва биз Ибронийларга Мактуб муаллифи бизларни қандай руҳлантираётганини эшитамиз:
Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч-тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради. Сизларнинг қўлларингиз толиққан, тиззаларингиз букилган, аммо маҳкам туринг. Ўзингиз учун тўғри йўлни танлаб юринг. Токи орангиздаги “ожиз” ва “оқсоқ” одамлар йиқилмасин, балки шифо топсинлар (Ибронийлар 12:11-13).
Энди Мактуб муаллифи бу мавзуга батафсилроқ тўхталади.
Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган мана бу далда сўзларини унутибсизлар: “Ўғлим, Згамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин, Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин. Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди, Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди” (Ибронийлар 12:5-6).
Мактубда биз Худонинг ноқонуний фарзандлари эмаслигимиз яққол айтилган. Отамиз бизни севгани учун бизни жазолайди. У вақти-вақти билан Ўзининг оғир қўлларини бизга ташлайди, лекин бу ҳолат Унинг бизга шафқатсизларча муносабат билдиришини англатмайди. Унинг илоҳий тартибли тегиши бизни осонгина мағлуб этади. Унинг жазоси оғриқли туюлиши мумкин, биз қўлларимизни туширамиз ва оёқларимиз бўшашади. Ахир ким ҳам Худонингжазоси олдида бўшашиб кетмайди дейсиз?
Аммо Худонинг тартибли мақсадлари бизни барбод қилишга эмас, балки, шифолашга қаратилган. Бундай даволаш фақат ҳозир оғриқли туюлиши мумкин, Худонинг жазолашдан мақсади эса бизни тарбиялашдан иборат. У биз интилган маҳсулни – тақводорликнинг ҳаловат мевасини – беради.
Бундай натижа куч сарфлашга арзийди. У курашга арзийди. Биз тортадиган жазони у келтирадиган натижа билан таққослаб бўлмайди. Ва яна Ибронийларга Мактубдан иқтибос келтирамиз:
Сизлар яқинлашган тоғ Синай тоғи эмас. Синай тоғи жисмоний бир тоғ бўлиб, унга қўл теккизиб кўрса бўларди. У ерда аланга ловуллаб ёнарди, устини зулмат, қора булут қоплаган, бўрон босган эди. Бурғу садоси янграб, Худонинг овози эшитилганди. Буни эшитган одамлар: “Ёлворамиз, Худо бизга бошқа гапирмасин”, деб ўтинганди. Чунки: “Тоққа ҳатто ҳайвон тегса ҳам, тошбўрон қилинсин” деган Худонинг буйруғига улар дош бера олмаган эдилар. Синай тоғидаги манзара шу қадар даҳшатли эдики, Мусонинг ўзи: “Қўрққанимдан титраб кетяпман”, деганди (Ибронийлар 12:18-21).
Биз буни кўрмаганмиз. Ёнаётган тоғ, даҳшатли бўрон, қора тутун, бурғулар садоси ва момақалдироқдек сўзлар. Буни Исроил фарзандлари Синай тоғида кўришган. Бу даҳшатли пайт эди. Одамлар енгиллик сўраб илтижо қилишарди. Ҳаттоки Мусо қаттиқ қўрқиб кетганди. Муаллиф таққослов келтириш учун ўтмишда қолган ўша даҳшатли онларни эслатиб ўтади:
Сизлар, аксинча, самодаги Сион тоғига ва барҳаёт Худонинг шаҳри – самовий Қуддусга яқинлашгансизлар. Шод-хуррамлик қилгани йиғилган минглаб фаришталар олдига келгансизлар. Исмлари осмонда ёзилган Худонинг меросхўрларига сизлар шерик бўлдингизлар. Ҳаммани ҳукм қилувчи Худонинг ҳузурига кирдингизлар. Худо баркамол қилган солиҳларнинг руҳлари олдига келдингизлар. Сизлар янги аҳднинг воситачиси Исонинг ҳузурига кирдингизлар. Исонинг қонига яқинлашдингизлар. Унинг қони Ҳобилнинг қонига ўхшаб қасос талаб қилмайди, аксинча гуноҳларимизни ювиш учун тўкилган (Ибронийлар 12:22-24).
Биз ўзимизда янги Исроилни намоён этамиз. Бизнинг чиқишимиз исроилликларнинг Мисрдан чиқишидан кўра чексиз даражада катта. Мусо бизнинг Воситачимиз билан таққосланганда пакана одамга ўхшаб қолади. Бизнинг тоғимиз Синай эмас, балки абадий тоғ Сиондир. Биз самога кирамиз. Биз фаришталарнинг кўп сонлик жанговор сафига қўшиламиз. Биз барча азизлар билан мулоқотдан завқ оламиз. Бизга Масиҳнинг Қони сепилган ва бу Қон шу пайтгача қурбонликка келтирилган барча жониворларнинг қонидан муҳимроқдир.
Биз самодаги абадий уй учун барча азобларга чидашимиз мумкин. Бундай тадбирдан бош тортишга ким ҳам журъат қиларди? Тўсиқларга учрасада, бундай улушни қўлга киритиш учун ким ҳам яна ўрнидан туриб олға интилмайди?
Хотима ўрнида ушбу оятларни келтириб ўтишни истардим:
Бизга тебранмас шоҳлик берилган. Шундай экан, Худодан миннатдор бўлиб, эҳтиром ва қўрқув ила Унга манзур равишда сажда қилайлик. Ахир, бизнинг Худойимиз ямламай ютадиган оловдир (Ибронийлар 12:28-29).
Биз ямламай ютадиган Олов учун яшаймиз. Биз айнан Унга манзур бўлишни истаймиз. Бизни муваффақиятсизликлар таъқиб этганида, биз Унинг учун такрор ва такрор оёққа турамиз. Зеро, У бизнинг тақдиримиздир.
Книга на Узбекском языке: - Как угодить Богу (Ричард Чарльз Спраул)
Книга доктора Спраула вводит нас в круг размышлений о том, что такое жизнь, угодная Богу. Содержанием такой жизни является полное и совершенное покаяние, верность Богу и Его заповедям в большом и малом, абсолютное послушание, требующее посвящения Ему всего себя, беспощадная борьба с ветхим человеком в себе, стремление к освящению и исполненности Духом Святым.