Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) 0 bob

Сторми Омартиан. Ота-Она ибодатининг кучи (Аудиокитоб) Китоб Ўзбек тилида

Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) Audiokitob О'zbek Tilida

 

МУНДАРИЖА

Сўз боши

Миннатдорчилик

1-БОБ

Ўз фарзанди учун ибодат қилишга қандай ўрганиш мумкин?

2-БОБ

Фарзандни қандай қилиб Раббийнинг қўлига топшириш керак

3-БОБ

Қандай қилиб фарзандни зулмдан ҳимоя қилиш керак

4-БОБ

Фарзандингизни севишингизни унга қандай намоён қилишингиз керак

5-БОБ

Абадий келажакка бўлган ишончга қандай эришиш мумкин

6-БОБ

Фарзандга ота-онани ҳурмат қилишни қандай ўргатиш керак. Боланинг итоатсизликларига қандай қилиб қарши туриш мумкин

7-БОБ

Қандай қилиб қариндошлар билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш мумкин

8-БОБ

Фарзандга имонли дўстларни топишда қандай ёрдам бериш керак

9-БОБ

Фарзандга бутун вужуди билан Раббийни топишни қандай ўргатиш керак

10-БОБ

Фарзандга ҳаётда ўз ўрнини топишига қандай ёрдам бериш керак?

11-БОБ

Фарзанд ёлғонни инкор этиб, ҳақиқат ортидан боришига қандай қилиб ўргатиш мумкин

12-БОБ

Фарзанднинг соғлиғи ва шифо топиши учун қандай ибодат қилиш керак

13-БОБ

Фарзанд ўз танасини парвариш қилишини қандай ўргатиш керак

14-БОБ

Қандай қилиб фарзандингизда Раббийга интилиш, Уни эътироф этиш истагини уйғотиш мумкин

15-БОБ

Фарзанддаги қобилият ва истеъдод — Худонинг инъоми эканлигини қандай билиб олиш мумкин

16-БОБ

Фарзандга ҳаёт каломини айтишни ўргатиш

17-БОБ

Фарзандда олийжанобликка интилишни уйғотиш

18-БОБ

Фарзандлар хонасини ҳимоя қилиш

19-БОБ

Фарзанд қўрқувдан халос бўлиши учун ёрдам бериш

20-БОБ

Фарзандга соғлом фикрлаш қобилиятини қандай сингдириш мумкин

21-БОБ

Фарзандга қандай қилиб Раббийдан қувонч топишни ўргатиш керак

22-БОБ

Ўтмиш лаънатларини қандай йўқ қилиш мумкин

23-БОБ

Спиртли ичимликларга, гиёҳванд моддаларга ва бошқа зарарли иллатларга тобеликка қандай қарши туриш керак

24-БОБ

Фарзандга ахлоқий софликни қадрлашни ўргатиш

25-БОБ

Фарзанд Худо тақдирига ёзган жуфти ҳалолини топишига қандай ёрдам бериш керак

26-БОБ

Фарзандга кечиришни қандай ўргатиш керак

27-БОБ

Фарзанд қандай қилиб тавба қилиш зарурлигини англашига ёрдам бериш

28-БОБ

Қандай қилиб душман истеҳкомларини забт қилиш мумкин

29-БОБ

Фарзанд ақлли бўлишига қандай ёрдам бериш керак

30-БОБ

Фарзанд ишончи кўпайишига қандай ёрдам бериш керак

Илова

Бошқа ота-оналар билан бирга фарзандингиз учун ибодат қилинг


Ибодат

Эй, Раббий, мен Сенинг олдингда таъзим қиламан. Мен фарзандимни ўз кучим билан Сен хоҳлагандай қилиб тарбиялай олмаслигимни тушунаман. Мен Сенинг ёрдамингга муҳтожлигимни биламан. Мен ўз фарзандимни Сен билан биргаликда тарбияламоқчиман; менга донишмандлик ато қил, мени сезгир бўлишга ўргат. Мен Сенинг раҳнамолигингга, Сенинг кучингга, бардошингга ва Сенинг сахий севгингга муҳтожман. Сенинг назаринг менга ва менинг қизимга (ўғлимга) тушишини хоҳлайман. Мени ҳам Ўзинг сева оладиганингдай севишга ўргат. Сендан ўтиниб сўрайман: менга шифо бер, мени озод қил, мени ўзгартир, мен баркамол, барқарор инсон бўлишимга ёрдам бер. Сенинг олдингда ҳақ йўлдан юришимга ёрдам бер. Сенга ёқиш учун Ўзингнинг қоидаларингга мени ўргат. Сенинг Муқаддас Руҳингнинг гўзаллиги менда шундай намоён бўлсинки, токи мен Сенинг назарингда мақтовга сазовор бўлай. Фарзандимга тўғри муносабатда бўлишга, уни интизомли қилишга, уни ўқита олишга мени ўргат. Ўзинг мени қандай она сифатида кўришни хоҳласанг, шундай она қил. Менга ибодат қилишни ва ўз фарзандимнинг ҳаёти учун Сенга тўғри илтижо қилишни ўргат. Эй Раббий, Сен Ўз Каломингда шундай дегансан: «Сизлар ибодат қилиб, ишонч билан нимаики сўрасангиз, эришасизлар» (Матто 21:22). Исо номи билан Сендан илтимос қиламан: менинг ишончимни шундай мустаҳкам қилгинки, токи Сен менинг жигарбандим ҳақида нима десанг, шунга ишонай; Сен нима ҳақда ибодат қилишни буюрсанг, шу ҳақда ибодат қилай.

Сўз боши

Менинг онам — дунёдаги энг ажойиб, мунис онадир. У доимо мени қўллаб-қувватлайди, ҳамма нарсада менга ёрдам беришга интилади. Онажонимнинг менга бўлган меҳр-муҳаббатидан ва мен учун қилган ибодатларидан жуда-жуда миннатдорман. Онагинам мен учун ҳар куни ибодат қиладилар. Ўйлашимча, онамнинг қилган ибодатлари ўқишимда ҳам, ҳаётимда ҳам катта мадад беряпти. Унинг ибодатлари сабабли мен ижобий томонга ўзгардим, балким, айнан шу ибодатлар туфайли мен бу ёруғ оламда ҳаёт кечиряпман. Кунларнинг бирида онажонимнинг ибодати мўъжиза кўрсатди — менинг ҳаётимда ҳеч ўйламаган ва кутмаган ажойиб воқеа юз берди. Синфимизда интизомсиз, ўта шафқатсиз бир қиз бор эди. Мен ундан қўрққанимдан, иложи борича бу қиздан узоқроқда юришга ҳаракат қилардим. Ўша синфдошим тўғрисида онамга сўзлаб берганимда, у шу қиз учун биргаликда ибодат қилишимизни таклиф қилди. Менга бу фикр ниҳоятда ёқди. Мен онам билан синфдошим учун ўқув йили тугагунча ва бутун ёз таътили давомида ибодат қидик. Кейинги ўқув йилида мўъжиза содир бўлди: урушқоқ синфдош қиз бутунлай ўзгарди, менинг энг яқин дугоналарим сафидан ўрин олди. Бу воқеа менинг ҳаётимга жуда катта таъсир кўрсатди, чунки бундай вазиятга ҳеч қачон мен олдин тушмаган эдим.

Онамнинг ибодатлари бажо бўлмоқда. Тўғри, ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди, аммо ибодатларга тезгина жавоб олинмаган тақдирда ҳам барибир, улар мени қўллаб-қувватлайди. Мен Раббийга шукроналар айтаман ва онажонимдан миннатдорман. Онажон, Сизга раҳмат.

Аманда Омартиан (13 ёш)

Мени севгувчи ва ардоқловчи ота-онамнинг ҳақиқатан ҳам мени асрашини тан олишим керак. Ота-онам ҳамма нарсани тушунишади, лекин баъзида жуда ҳазилкаш ҳам бўлишади. Ота-онамнинг ажойиб хислатларининг ичида уларнинг сабот, матонат билан мен ва синглим учун қилган ибодатларини ардоқлайман. Агар уларнинг ибодатларини менинг ҳаётимда тутган ўрни ҳақида гапирадиган бўлсам, балки, менинг ҳикоям онамнинг ушбу китобидан ҳам катта бўлиб кетса керак. Шунинг учун ота-онамнинг ибодатининг қудратини тўлақонли ҳис қилганим тўғрисидаги бир воқеани эслаб ўтмоқчиман.

Ҳаётимнинг ўн саккиз йили давомида ота-онам менинг хавфсизлигим учун тинмай ибодат қилишарди. Аслида, «тинч» ҳисобланган Лос-Анджелес деган шаҳарда катта бўлдим. Уларнинг ибодати мени қалқон каби асрарди. Мактабда ўқиётган пайтимда Худо мени оғир автомобиль ҳалокатида асраб қолгани тўғрисидаги воқеа ҳамон эсимда. Мен ва яна икки синфдош дўстим эрталаб машинада мактабга кетаётган эдик. Хавфсизлик тасмасини тақиб олмаган эдик, бирдан машинамиз чорраҳада бошқа бир автомобиль билан тўқнашиб кетди. Дўстларимдан бири автомобиль ойнасидан учиб тушди ва оғир тан жароҳати олди, иккинчиси эса рулга зарб билан урилиш оқибатида юзига анчагина шикаст етди. Бизлар ҳаммамиз вафот этишимиз мумкин эди, аммо Худованд бизларни Ўз паноҳида асраб қолди. Айнан ўшанда ота-онам ибодатларининг қанчалар кучга эгалигини ҳис этдим ва биз хавф-хатарга учраганимизда Худо ҳаётимизга аралашишини ва бизни қутқарганини яққол кўрдим.

Ота-онамнинг қатъият билан менинг ҳаётим учун қилган ибодатларидан бениҳоят миннатдорман. Бу ибодатлар мени нафақат хавф-хатардан қутқарди, балки имонли ва тақводор йўлдан адашмай юришимда кўмак берарди.

Мана бугун, ўн саккиз ёшга кирганимда ота-онамнинг ибодатлари туфайли ҳали ҳаётимда кўп мўъжизалар содир этилишига жуда ишонаман. Ўйлашимча, ҳозирда мен тезроқ уйланиб ота-онамнинг бағрига қайтиб боришим учун улар ибодат қилишяпти, балки ана ўшанда улар енгил нафас олишар.

Кристофер Омартиан (18 ёш)

Тур! Кечаси билаг илтижо қилиб чиқ Худога!
Юрагингни сувдай тўкиб солгин Раббийга!
Қўлларингни узатгин осмонга,
Болаларинг учун ёлворгин Унга…
Ермиёнинг йиғиси 2:19

Миннатдорчилик

Мен қуйидаги инсонларга алоҳида миннатдорчилик билдираман:

Қизим Аманда ва ўғлим Кристоферга, ҳаётимни шодликка тўлдирганликлари ва ибодат қилишимга сабабчи бўлганликлари учун.

Турмуш ўртоғим Майклга, йигирма йил давомида болаларим учун соатлаб ибодат қилишимга ҳамрох бўлгани учун.

Менинг котибам Сьюзан Мартинесга, унинг иқтидори, менга кўрсатган ёрдами, сингил ва дўст сифатида мени қўллаб-қувватлагани учун.

Дейвид Хазардга — ҳамкасбим ва дўстимга — ушбу китобнинг дунёга келишига мени руҳлантиргани учун.

Эйлин Мейсонга — муҳарририм ва Раббийдаги синглимга — бу китобнинг ҳақиқий моҳиятини тушунгани, барча ибодатга муҳтож ота-оналарни қўллаб-қувватлагани, бағри кенглиги ва борини баҳам кўришга тайёрлиги учун.

Бетти Флетчер ва Джудит Маркхэмга — менинг ажойиб муҳаррирларимга — китоб яратилишига қўшган қимматбаҳо ҳиссалари учун.

Боб Хокинсу (каттаси), Боб Хокинсу(кичиги), Билл Дженсен, Джули Маккинни ва Ларей Уэйкертларга, «Харвест Хаус» нашриётининг барча ходимларига, Раббийни улуғлаш иқтидорлари ва муаллифга кўрсатган ёрдамлари ва ишончлари учун.

Ибодатгўй дўстларим Сьюзан Мартинесга, Роза Томпсонга ва Ян Уиллиамсонга, ушбу китобни, болаларимни ва мени марҳаматлагани Худога қилган ибодатлари учун.

Дебре Голдстоун, Памеле Харт ва Лиза Уэлчел Коблга, ибодатгўй сингилларимга, мен улардан узоққа — Геннеси Штатига кўчиб кетишимга қарамай, бу китобни яратишда кўрсатган мададлари учун.

Қавмбоши Джек Хейфордга, илоҳий отам бўлгани ва мени доимо ибодат қилишга ўргатгани учун.

Қавмбоши Дейл Эвристга ва унинг хотини Джоаннага, доимо менга ҳақиқий хазинани фақат Худода топиш мумкин эканлигини эслатиб турганликлари учун.

Сақлаб олган ўғлим Джон Дейдвиг Кендрикка, ўз онасининг вафотидан кейин мени она сифатида қабул қилгани учун.

Уй ишларида ёрдам берган Гельме Пеле Лопесага, ўн етти йил давомида қилган хизмати ва ҳақиқий она юраги учун тил билмаслик тўсиқ бўла олмаслигини ўз ҳаётида исботлагани учун.

1-БОБ

Ўз фарзанди учун ибодат қилишга қандай ўрганиш мумкин?

Ибодат — дунёдаги энг муҳим, айни пайтда энг қийин ва энг масъулиятли ишлардан бири. Ибодат — улкан шодлик ато этишга, оғир ғам-ғуссага барҳам беришга қодирдир. Дунёда ҳеч нарса шунчалар қалбимизни қувончга тўлдира олмайди, ҳеч нарса шу қадар аччиқ умидсизлик булоғи бўла олмайди. Инсон ҳаётининг ҳеч қайси даври шунчалик завқ-шавққа, илҳомга сабаб бўла олмайди, фақат ҳаммаси кўнгилдагидай бўлса; ҳеч нарса ибодат даражасида ғам-қайғуни кетказа олмайди, агар муваффақиятсизлик юз берса.

О, фарзандлар тарбияси…

Биргина «тарбия» сўзининг ўзи катталарда турли-туман ҳис-туйғуларни келтириб чиқаради. Биз бор кучимизни болаларимизнинг тарбиясига сарфлаймиз. Эндигина, хайрият-эй, мақсадимга эришдим, деб ўйлаганимизда, фарзандларимиз ҳаётининг янги босқичлари бизга янгидан-янги муаммолар олиб келади. Баъзида бу нотинч денгизда биз анча тинч сузамиз, аммо баъзида эса биз бўронлар гирдобида қоламиз. Баланд тўлқинлар эса бизни бошимизгача босиб кетади. Вақти-вақти билан қалбимизни умидсизлик қамраб олади, биз тиз чўкишга ҳам тайёр бўламиз: нима бўлса бўлсин, майли, тўлқинлар ютиб юбора қолсин.

Аммо мен сизнинг кўнглингизни кўтармоқчиман. Ҳеч қачон биз табиий офатлар иродасига бўйсунмаслигимиз керак. Болаларимизнинг ҳаёти ҳодисалар гирдобида қолиб кетмаслиги керак.

Хонага қамалиб олиб, пушаймонлик домида қолиб, болаларимиз бизга қандай кутилмаган «сюрпризлар» олиб келишини кутиб, асабий ҳолда хонада кезмаслигимиз керак. Бизга ҳар бурчакда уларни кутилмаган хавф-хатарлар пойлаётгандай бўлиб туюлмаслиги, болаларимиз ҳаётининг у ёки бу босқичлари яқинлашиб келаётганидан сира қўрқмаслигимиз керак. Биз комил ота-она бўла олмасак ҳам, лекин болаларимиз ҳаётини ҳозирнинг ўзидаёқ ижобий томонга ўзгартира бошлаш қўлимиздан келади. Фарзандимиз неча ёшдалигининг аҳамияти йўқ: уч маротаба уйланиб ажрашган 30 ёшли ўғил (учаласи ҳам спиртли ичимликларга ружу қўйиши орқали юз берган) бизга энг мукаммал бўлиб туюладиган уч кунлик болачалик ибодатга муҳтождир. Боламиз неча ёшда бўлмасин, ибодатларимиз уларга фақат фойда келтиради. Ибодатнинг мазмуни — куч-қувватимиз ёрдамида боламиз ҳаётини ўзгартиришга ҳаракат қилиш эмас, балки барча замонларнинг комил отаси бўлган Самовий Отамизга мурожаат қилишдир. Шундай қилиб, қадам-бақадам илгари ҳаракатланиб, болаларимиз учун воситачилик қилишга ўрганишимиз, ибодатларимизда болаларимиз ҳаётининг ҳар бир қисми ҳақида Раббийга сўзлаб бера олишимиз керак. Инсон ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган буюк куч ана шунда яширинган. Шунинг учун ота-она ибодати кучини ҳеч ҳам ерга урмаслигимиз керак.

Афсуски, мен ота-онамдан ҳеч нима ололмадим, чунки онам бетайин феъл-атворли аёл эди. Мен «Сторми» номли китобимда ана шундай тажовузкор тарбиянинг натижаларидан ажойиб бир тарзда халос бўлганим ҳақида сўзлаб бергандим («Харвест Хаус» нашриёти). Яна мен Кристофер туғилганидан кейин ўз ўғлимга, худди онам менга қандай муносабатда бўлган бўлса, мен ҳам шундай муносабатда бўлаётганимни сезиб қолганимни ҳикоя қилган эдим. Мен шуни тушуниб етдимки, Раббийнинг ёрдамисиз биз ота-оналаримизнинг ўзимиз гувоҳи бўлган хатоларини беихтиёр яна такрорлайверишимиз мумкин экан. Баъзида қатъиятсизлик дақиқаларида тўсатдан бизнинг хотирамизда болалигимиз хотиралари «ялт» этиб пайдо бўлиб қолади. Бу шунчалар тез рўй берадики, биз уни тушунолмаймиз ҳам, билолмай ҳам қоламиз. Бундай дақиқаларда биз фарзандларимиз дилига шикаст етказадиган сўзларни айтамиз. Бу аҳвол болаларимиз олдида ўзимиз ҳис қилаётган, тобора илдиз отиб, кўз кўриб, қулоқ илғамас даражада катталашиб бораётган айб ҳисси билан янада чуқурлашади. Бахтимга, менга ана шу қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган кишим бор эди. Унинг қўллаб-қувватлаши туфайли мен фарзандимга зарар етказмасдан бу муаммоларни ҳал қила олдим. Аммо ҳамма ота-оналар ҳам бундай вазиятлардан муваффақиятли чиқиб кета олмайдилар.

Бошиданоқ ўзимни, ёмон онаман, деб ҳисоблаб жуда асабийлашардим. Биринчи фарзандим туғилгандан сўнг анча ташвишландим. Онам билан менинг муносабатларим ўзимга шикаст етказганидек, ўз боламга жароҳат етказишдан қўрқардим. Мен уйимизда бор бўлган тарбия ҳақидаги барча китобларни ўқиб чиқдим, болаларнинг масиҳийча тарбияси ҳақида ўтказиладиган биронта ҳам семинарни қолдирмай қатнашиб борардим. Улардаги барча фойдали маълумотларни ўзлаштириб олишга ҳаракат қилардим, аммо булар етарли эмас эди.Фарзандимнинг руҳий, ақлий ва эмоционал ривожланиши ҳақидаги сон-саноқсиз қўрқувлар мени ташвишга соларди. Аммо ҳаммасидан ҳам фарзандим дуч келиши мумкин бўлган машаққатлар мени ваҳимага соларди. Уни ўғирлаб кетишлари мумкин эди, у сувда чўкиб кетиши, йўлда аварияга учраши, оғир жароҳат олиши, касал бўлиши, уни йўлдан уришлари мумкин эди. У зўравонлик қурбони бўлиши ёки ўлиши мумкин эди. Унинг келажаги учун қўрқув эс-ҳушимни ўғирлаб қўйган эди. Мен оналик хавотирларимга барҳам беришга қанча ҳаракат қилмай, содир этилган жиноятлар ҳақида газета ёки журналда ёзилаётган ёки телевизорда айтилаётган янгиликлар мени янада кўпроқ ташвишга соларди, буларни эшитганимда, фарзандим кўз олдимга келаверарди. Бундан ташқари, биз жиноятчилик бўйича донг таратган Лос-Анжелесда яшардик. Бунга эса менинг бардошим етмас эди.

Бир куни мен чин дилдан ибодат қилдим: «Раббим, мен бошқа бардош бера олмайман. Мен бир кунда 24 соат ўғлимни қўриқлаб чиқа олмайман. Мен қалбимнинг хотиржамлигини истайман. Менга йўл кўрсат, нима қилай?»

Кейинги бир неча ҳафта давомида Худо, Кристоферни Менга ишониб топшир, деб менга маслаҳат берди, У мен билан ваҳий орқали сўзлашди. Ўғлим туғилгандан сўнг эрим икковимиз ибодат қилиб, уни Худога бағишлаган эдик. Аммо Хуудо биздан бунданда кўпроқ нарсани хоҳларди. Биз Унга боламизнинг ҳаётини тўлалигича топширишимизни истарди. Аммо биз, фарзандимизни Раббий ихтиёрига топшириб, унинг тақдири учун жавобгарликдан холи бўламиз, деб ҳисобламасдик. Раббий билан мустаҳкам иттифоқ тузишни ўзимиз хоҳлардик. У керак бўлган пайтда елкасини тутиб беришига, ҳамма нарсани биздан яхшироқ бажаришни бизга ўргатишини билардик. Биз эсаўғлимизни тартиб-интизомга ўргатишимиз, «болани тўғри йўлга солиб тарбиялаш»имиз керак эди, «шунда қариганда ҳам йўлидан адашмас»лигини билар эдик (Ҳикмат. 22:6). Биз Худога бутунлай ишонишимиз керак, чунки фақат У бизнинг ўғлимиз тарбияси ҳақида қайғуриши ва фақат У фарзандимизнинг ҳаётини равон қилиши мумкин.

Кристофер ҳаётининг барча соҳалари ҳақида ибодат қилишимиз зарур эди. Мен буни англаб етдим: агар ўғлимдан хавотирланаверсам, демак, Муқаддас Руҳ менинг диққатимни Кристофернинг бирон муаммосига қаратар экан, мен эса шу учун ибодат қилишим керак экан. Мен шу учун ибодат қилаётганимда, ўғлимни Эгамнинг ихтиёрига топширганимда, У мени муайян бир ташвишдан озод қиларди. Аммо бу — мен бошқа бу ҳақда ибодат қилмайман, дегани эмас эди, балки менинг зиммамдаги юк бир қанча вақтга олинарди. Аммо бу муаммо яна пайдо бўлиши билан, мен яна у ҳақда ибодат қилишни бошлардим. Эгам менга, ўғлинг билан ҳеч қачон ёмон воқеа юз бермайди, деб ваъда қилмасди. Фақат менинг ибодатим Кристофер ҳаётига таъсир кўрсатишини, уни ҳимоя қилаётган Эгамнинг куч-қудратини юзага чиқарарди. Шунда мен ўзимни хотиржам сезардим.

Мен яна шуни англаб етдимки, ўғлим учун қилаётган ибодатларимда мен Раббийдан, менинг истакларимни рўёбга чиқар, деб сўрамаслигим керак эди. Бу шунга олиб келардики, сўраган ибодатларим бажо бўлганда ҳам, умидсизликка тушиб қолишимиз мумкин. Эҳтимол, кўпчилик қуйидаги ибодатни билишса керак: «Раббий, Кристофер улғайиб йигит бўлганда, оиламизнинг энг яхши дўсти қизига уйланишини сендан илтижо қилиб сўрайман». (Қизнинг ота-онаси билан яқинроқ қариндош бўлсак, ёмон бўлмасди). Ёки: «Эй, Раббий, шундай қилгинки, Амандани бу мактабда илиқ кутиб олишсин» (Мен бундан анча хотиржам бўлардим). Албатта, биз ҳеч қачон дилимиздаги асл ниятларимизни тилимизга чиқармаймиз, аммо улар бизнинг қалбимиз туб-тубида қолади. Раббийга ўз истакларимизни баён қилиш учун ниятларимиз бизга таъсирини ўтказишда давом қилади. Шунинг учун мен ибодатнинг бошқача вариантини танладим: «Раббий, фарзандим учун ибодат қилишни ўргат. Ўзингнинг амрингга асосланиб тарбиялашни ўргат, Сенинг ироданг унинг ҳаётида ўз ўрнини топсин».

Тўрт ярим йилдан сўнг қизим Аманда туғилганда, мен болам учун керак нарсаларни ўз хоҳишимга кўра алмаштирмасдан, фарзандим учун Раббийга ибодат қилишни ўрганиб олган эдим. Шу боис мен қизим учун астойдил илтимос қила бошладим. Сўнгги ўн икки йил давомида Раббий менинг ибодатларимга жуда ажойиб тарзда жавоб берди. Бугун мен уларнинг натижаларини кўряпман.

Раббий бизнинг фарзандларимизга ғамхўрлик килаётганиниумр йўлдошим икковимиз сезамиз. Фарзандларимиз эса қувонч ила Эгамни тан олишади, ҳурмат қилишади. Чунки ота-оналар ўз фарзандлари учун ибодат қилганларида, Раббийнинг қудрати уларнинг ҳаётига кириб боради.

Ибодат нима? У қандай таъсир қилади?

Ибодат — бу Раббий худди самодаги Сахий бобо, ёки Қорбобою биз Унга тузиб берадиган хоҳиш-истаклар рўйхати эмас. Сиз Раббийнинг борлигини ўз ҳаётингизда сезишингизни, Ундан паноҳ топа олишингизни билишингизни ибодат амалга оширади. Ибодатнинг маъноси Раббийнинг борлигини излашда, ўз навбатида, бизга ҳар қандай машаққатларни енгишда куч ато қила оладиган Раббий қудратини эркин ҳис қилишдадир.

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «…ер юзида сизлар нимаики боғласангизлар, осмонда ҳам боғланган бўлади. Ер юзида нимаики ечсангизлар, осмонда ҳам ечилган бўлади» (Матто. 18:18). Раббий бизга ерда қудрат беради, биз бу қудратни қабул қилганимизда, У бизга Ўз кучини ҳам беради. Бу куч бизники эмас, балки Раббийники бўлгани учун, биз бу куч солинадиган идиш бўламиз. Ибодат қилаётганимизда, бизнинг ибодатимиз, нима ҳақда ибодат қилаётган бўлсак, ўша нарсагаХудонинг кучи етиб бора оладиган йўлларни очиб беради. Биз эса ўз ожизлигимизни тан олганимизда, шу куч бизда фаолият кўрсатишига имкон берамиз. Ибодат ёрдамида биз: «Мен Сенга ва Сенинг кучингга муҳтожман, Раббим. Сенсиз мен ожиз-нотавонман», дея ўзимизни Раббийга итоат эттирамиз. Биз ибодат қилмасак, худди бизнинг ҳеч қандай муаммомиз йўқ, дегандай бўламиз.

Исо номи билан ибодат — Раббий қудрати хазинасини очадиган кучли калитдир. «Сизларга ростини айтайин: агар Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, Ўзи сизларга беради» (Юҳ. 16:23). Исо номи билан ибодат бизга душманимиз устидан ғолибликни ато қилади, Раббий Каломи ваъда берган аҳдларга бўлган ишончимиз ҳақида гувоҳлик беради. Раббий бизнинг фикрларимиз ва бизнинг муҳтожликларимиз ҳақида билади, аммо У бизнинг ибодатларимизга жавоб беради. Чунки доимо ва ҳамма нарсада танлаш ҳуқуқини, Исо номи билан Унга ишонч ва бўйсуниш имкониятини беради.

Ибодат фақат бизгагина эмас, балки ким учун ибодат қилаётган бўлсак, ўшаларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Фарзандларимиз учун ибодат қилар эканмиз, биз Раббийдан, фарзандларимизнинг ҳаётига кир, уларнинг ҳаёти бир қисми бўл, уларнинг фойдасига ҳаракат қил, деб сўраймиз. Аммо бу ибодатнинг жавоби ўша заҳотиёқ келади, дегани эмас. Баъзида бир неча кун, ҳафта, ой, ҳаттоки йиллар давомида кутишга тўғри келади. Аммо бизнинг ибодатларимиз ҳеч қачон фойдасиз бўлмайди. Агар биз ибодат қилсак, албатта нимадир, биз буни кўрамизми ёки йўқми, бундан қатъий назар, ўзгаради. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «…Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир» (Иак. 5:16). Буларнинг бари бизнинг ҳаётимизда ва болаларимиз ҳаётида рўй бериши керак, фақат Худонинг иродаси билан, Унинг қудрати туфайли бўлиб ўтади. Ибодат қилсак, биз Раббийга ва Унинг қудратига эшик очамиз, Уни, ҳаётимизга кир, деб таклиф қиламиз.

Шахсий муҳтожликларингиз рўйхатидан бошланг

Шуни айтиб ўтишим керакки, мен ҳар бир фарзандим учун ибодатни уларга ҳомиладор бўлган пайтимдан бошлардим. Чунки Мукаддас Китобда шундай дейилган: «Удир … ўртангдаги ўғилларингга баракат берадиган…» (Забур 147:2). Мен ибодатнинг кучига ишонсам ҳам, бир нарсани тушунмасдим: бизнинг ҳаётимизнинг ҳар бир қисми Раббий учун қай даражада муҳим? Фақат ҳозирги пайт учун ибодат қилиш етарли эмас — келажак учун, ўтмишнинг ёмон иллатларидан қутулиш учун ҳам ибодат қилиш зарур. Шоҳ Довуд умидсизликка тушиб, келажагидан қўрқиб, ваҳимага тушганда (қаранг.: Забур 142) у: «Нима бўпти, нима бўлса бўлаверсин»,деб айтмади. У Раббийга ўзининг ҳозирги пайтдаги аҳволи, келажаги, ўтмиши ҳақида айтиб илтижо қилди. У ҳамма нарса учун ибодат қилди. Биз ҳам худди Довуддай ибодат қилишимиз керак.

Мен, ибодат учун ҳар бир бола муҳтожликларининг батафсил рўйхати керак экан, деб тушундим. Бу мияга ўрнашиб қолган фикр эмас эди, чунки мен бир нарсани билардим: агар мен ҳар бир муҳтожлик учун алоҳида ибодат килсам, Раббий менга жавоб бермайди. Раббий менинг бир талай илтимосларимни билади, деб ишонардим, шунинг учун хотиржам эдим. Ҳар йилги таътил пайтида биз бу вақтимизни бутун оиламиз билан денгиз бўйида ўтказардик. Эрталаблари ҳали ҳамма ухлаган пайтда бир қанча қимматли вақтимни Худо билан ўтказардим. Бу пайтда ибодат қилар эканман, Худодан сўрайдиган илтимосларим рўйхатини тузиб олардим. Мен қўлимда қоғоз, қалам билан денгизга қараб ўтириб, Раббийдан, шу йили ҳар бир фарзандим учун сўрагани менга донишмандлик бер, деб сўрардим. Ахир, фарзандларимнинг ҳар бири ҳозирги пайтда чинакамига нимани талаб қилишини ва келажакда уларнинг йўлларида пайдо бўладиган машаққатларни фақат Угина биларди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Худованд Ўз сирини худотарсларга очар, Ундан қўрққанларга илоҳий аҳд насиб этар» (Забур 24:14).Агар биз сўрасак, У бизга номаълум нарсаларни очиб беради. Худованд билан бўлган мулоқотдаги ўша тонгларда У доимо менга эзгу маслаҳатлар берарди, мен уйга ҳар бир фарзандим эҳтиёжлари рўйхатини тузиб қайтардим. Кейинчалик мен бу рўйхатларни муттасил тўлдириб боравердим.

Мен шу пайтгача бу рўйхатларни асраб қўйганман. Бошқатдан кўриб чиқаётганимда, ибодатларимнинг жавобини ва фарзандларим ҳаётидаги ўзгаришларни кўраман. Раббий Ўз сўзига ўзгармасдан содиқ қолишигига мен яна ишонч ҳосил қиламан.

Худонинг Каломи — сизнинг қуролингиз

Фарзандларимиз учун жанг бизнинг тиззаларимизда амалга ошади. Биз ибодат қилмаганимизда ўз болаларимизнинг жанг майдонида душман ўқлари остида у ёқдан-бу ёққа қочаётганларига худди четдан туриб гувоҳ бўлгандай бўламиз. Аксинча, ибодат қилган вақтимизда эса улар билан ёнма-ён туриб Худовандни уларга ёрдам беришга чақираётгандай бўламиз. Биз Унинг Каломидан ибодатларимизда фойдаланганимизда, қўлимизга ҳар қандай душманни енга олишга қодир қудратли қурол оламиз. Худонинг Каломи «жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир…» (Ибр. 4:12). Унинг Каломи нимага тегса, ўшани тешиб ўтади. Худо шундай дейди:

«Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади,

Бажо бўлмай, Менга қайтмайди.

Менинг хоҳиш-иродамни ўша сўз бажаради,

Бажо қил деб у сўзни Мен юборганман,

Ишни сўз бажо қилади» (Ишаё. 55:11).

Бу шуни билдирадики, Худонинг Каломи ҳеч қачон самарасиз бўлмайди. Айнан шунинг учун бу китобдаги ҳар бир ибодатдан сўнг мен Муқаддас Китобдан олинган бир нечта оятни жойлаштирдим. Ибодатга Муқаддас Ёзувлардан мос оятлар киритиш қанчалар муҳимлигини мен биламан. Агар сиз ибодат пайтида ўзингизга керакли оятни эслай олмасангиз, ибодатингизни тўхтатманг, балки ўзингиз билган бир-иккита оятни айтинг. Шунда сиз қандай мўъжизалар бошланишини кўрасиз.

Агар сиз Худо билан мулоқотда бўлиб, Унинг Каломини ўқисангиз, ўз фарзандларингиз учун Муқаддас Руҳ раҳнамолиги остида ибодат қилсангиз, сизга ибодатингиз таркибига қўшишингиз мумкин бўлган Муқаддас Руҳнинг янги-янги қисмлари очилади. Ҳар бир ибодатингизда Муқаддас Ёзувлардан қандайдир янги оятларни айтишингиз умуман шарт эмас. Бир ёки икки оятни ёдлаб олиб фарзандимизнинг бирон муаммосини ҳал қилиш учун ибодат қилдик. Ҳар сафар менинг маслаҳатимга кўра Аманда қуйидаги мисраларни такрорларди: «Мени қўллаб-қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан» (Флп. 4:13). Мен ёлғиз ўзим ибодат қилганимда қуйидаги оятни ўқирдим: «Солиҳлар фарёд этгач, Худованд эшитар, барча дардларидан уларни халос этар» (Забур 33:18).

Ибодатда Худо Каломидан фойдаланар эканмиз, биз фарзандларимиз ҳаётида Раббий аҳдларининг бажарилишига қафолат берамиз. Худонинг Каломи бизга йўл кўрсатади, бизга Унинг содиқлигини эслатиб туради. Шундай қилиб, У бизнинг юракларимизда ишончни пайдо қилади, Ўз юрагининг сирларини бизга очади. Бу бизга ишонч ва мардонаворлик билан Унинг сўзидан, Унинг иродасидан ва ўзимизнинг ҳуқуқимиздан шубҳаланмасдан ибодат қилишимизга куч беради.

Шайтонга жавоб бера туриб Исо унинг кирдикорларини Муқаддас Ёзув сўзлари билан фош қилиб ташлади. Масалан, шайтон Исога шундай деди: «Агар Сен менга таъзим қилсанг, ҳамма нарса Сеники бўлади». Исо шундай жавоб берди: «Йўқол олдимдан шайтон! Тавротда: «Раббинг бўлган Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл», деб ёзилган» (Лк. 4:8).

Исо ҳамма нарсада бизга намунадир. Биз Унга қарашга ва Унга тақлид қилишга даъват қилинганмиз. У айтган эди: «Сизларга ростини айтайин: Менга ишонган киши Мен қилаётган ишларни ўзи қилади ва ҳатто бундан каттароғини ҳам қилади. Зеро Мен Отамнинг олдига кетяпман» (Юҳ. 14:12). У яна шундай деди: «Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар» (Юҳ. 15:7). Биз шайтонга янада қатъийроқ қарши тура оламиз, қачонки Худо Ўз Каломида бизга берган кўрсатмаларга биноан ибодат қилсак, агар Исо Масиҳда бор бўлган куч ва ҳуқуқлар мазмунини тўғри тушунсак. Агар биз…

Унга қарасак,

Унинг йўлларидан юрсак,

Унга умид қилсак,

Унга ибодат қилсак ва Унинг Каломи бўйича яшасак,

биз ўз фарзандларимиз учун жангда ғолиб чиқамиз.

Эсингиздан чиқарманг, сиз ўз фарзандингиз учун ибодат қилаётганингизда шундай ибодат қилингки, унинг бутун ҳаёти гўё шу ибодатга боғлиқдай бўлсин. Чунки ҳақиқатда ҳамшундай. Эсингиздан чиқарманг: нафақат Раббийда мукаммал фикр бор, балки шайтоннинг ҳам ўз режаси бор. Шайтон бизнинг болаларимизни йўқ қилишни хоҳлайди. Бунинг учун у мумкин бўлган ҳар қандай воситадан фойдаланади: гиёҳванд моддалар, шаҳвоний муносабатлар, спиртли ичимликлар, қайсар хулқ-атвор, бахтсиз ҳодисалар, касалликлар. Аммо бу воситаларнинг биронтасидан ҳам шайтон фойдалана олмайди. Чунки бизнинг ибодатларимиз таъсири остида шайтоннинг кучи камаяди. Муқаддас Китоб шундай деб ўргатади: «Уйнинг эгаси бўлган бақувват кишини аввал боғлаб қўймасдан туриб, биров унинг уйига кириб, мол-мулкини ўғирлаб кета олармиди?!» (Матто 12:29). Бу — олдин душманни банди қилмасдан, уни ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилмай туриб унинг худудида ҳечнарса қилиб бўлмаслигини билдиради. Шундай қилиб, шайтон болаларимиз ҳаётига кириб келишига биз тўсқинлик қила оламиз.

Албатта, агар биз фарзандларимизни ҳақ йўлга бошламасак, агар уларга Раббий аҳдларини ҳурмат қилишни ўргатмасак, уларни тартиб-интизомли бўлишга ўргатмасак, уларни бошқармасак, уларга йўл кўрсатмасак, унда шайтон бизга катта зарар етказишга қодирдир. Муқаддас Китоб шундай дейди: «Ўспиринга йўлнинг бошида насиҳат қил: ана шундагина у қариган чоғида ҳам ҳақ йўлдан четга чиқмайди» (Ҳикмат. 22:6). Агар биз ана шу ота-оналик мажбуриятимизни бажармасак, бизнинг болаларимиз исён кўтаришлари ва нотўғри йўлни танлашлари мумкин. Бу эса уларни Раббий ҳимоясидан маҳрум қилади. Тўғри, тарбия ва фарзандларимизга Худо йўлларини ва Унинг Каломини ўргатиш — бу шайтоннинг эмас, балки Раббийнинг мақсадлари амалга ошиши учун гаровдир. Муқаддас Китоб бизга шуни ўргатади: «Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади» (Ёқуб. 4:7). Шайтонни ибодат билан боғлаб ташлаш ва унинг режаларини барбод қилиш — руҳий курашнинг ажралмас қисмидир. Биз шайтонга қарши турганимизда фарзандларимиз озод бўлади, улар Раббий йўлини танлашга имкон бўлади.

Бизнинг фарзандларимиз ҳаётига киришни хоҳлаган шайтон ҳар доим уларни айблашга, жазолашга сабаб ахтаради. Аммо у Худонинг ­Каломи сингари қурол қаршисида бўйсунмасдан иложи йўқ. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Энди Худойимиз нажоткорлиги, қудрати, салтанати ҳамда Унинг Масиҳи ҳукмронлиги ўрнатилди. Энди биродарларимизнинг туҳматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча-кундуз туҳмат қилаётган иблис ташқарига отилди. (Ваҳий 12:10). Исо Ўзининг хочдаги ўлими билан туҳматчини ер билан яксон қилди. Аммо туҳматчи бунга қарамасдан ҳали ҳам ўзларига Раббий томондан берилган ҳуқуқларни — шайтон васвасаларига қарши тура олиш ҳуқуқини билмайдиганлар қалбига эга чиқиш даражасида кучлидир. Айнан шу пайтда бизнинг ибодатларимиз курашга киришади. Биз ўз ибодатларимиз билан туҳматчи қурган қўрғонларни вайрон қилмас эканмиз, биз унга қарши Худонинг Каломи каби қудратли қуролдан фойдаланмас эканмиз, бизнинг фарзандларимиз хавф остида бўладилар.

Эшитган ибодатларимизнинг яққол намунаси

Бизнинг жамоатимиз унча катта бўлмаган ибодат гуруҳларини ташкил қиларди. Ўғлимиз икки ёшга тўлгунча, турмуш ўртоғим билан уйимизда ана шундай гуруҳлардан бирининг йиғилишларини доимий равишда мунтазам ўтказиб турдик. Аста-секинлик билан биз шуни тушундикки, ҳар ой бир марта йиғилганимизда гуруҳимиз аъзоларининг эҳтиёжларини қамраб олиш қийин эди. Шунинг учун биз фақат ибодат учун бир ойда яна бир маротаба йиғилишга қарор қилдик. Бу учрашувларда биз ҳар бир эҳтиёж учун ибодат қилардик. Аммо ибодат эзтиёжлари ҳажми ва ўз фарзандлари учун илтимос-сўровлари шунча кўп эдики, бизга ҳар бир бола учун ибодатга яна бир кун ажратишимизга тўғри келди. Биз бу ибодатни «Фарзандларимиз ҳаёти учун илтимоснома» деб атадик. Бу йиғинимиз шунчалар машҳур бўлиб кетдики, келаётган янги одамларнинг кети узилмас эди. Тўғрисини айтганда, бу китоб ҳақидаги ғоя бундан йигирма йилларча илгари айнан ана шу ибодат гуруҳларида туғилган эди. Орамиздан ҳеч ким кейинчалик ана шу биргаликда қилинган ибодатларимиз келтирган фойдани тасаввур ҳам қила билмасди. Биз фақат шуни билардикки, фарзандларимиз учун илтимос қилишни ўрганиб, биз Раббий изидан борардик, ибодатларимизга берилган сон-саноқсиз жавобларни кўриб шодланардик. («Бошқа ота-оналар билан болаларингиз учун ибодат қилинг» иловасига қаранг. Унда болалар учун жамоа бўлиб қилинадиган ибодат йиғинларини қандай ташкил қилиш тасвирланган.)

Муқаддас Китоб шундай дейди: «…агар ер юзида сиздан икки киши якдил бўлиб, қандайдир бир нарсани сўрашса, Менинг осмондаги Отам уларнинг тилагини бажаради» (Матто 18:19). Ва яна: «Қандай қилиб бир киши минг кишини, икки киши ўн мингтани ҳайдай оларди…!» (Амрлар 32:30). Ўз болаларига Раббийдан сўрагани йиғилган ўн-ўн икки ота-онанинг жамоа бўлиб қилган ибодатининг кучи қанчалар буюк эканлигини ҳисоблаш учун буюк математик бўлиш шарт эмас.

Қўлингиздаги китобга эпиграф тариқасида хизмат қилган ва Муқаддас Ёзувдан олинган оятда шундай дейилган:

«Тур! Кечаси билан илтижо қилиб чиқ Худога!

Юрагингни сувдай тўкиб солгин Раббийга!

Қўлларингни узатгин осмонга,

Болаларинг учун ёлворгин Унга!

Очликдан нобуд бўляпти аҳир улар

Кўчаларнинг бошида» (Ерм. йиғиси 2:19).

Айнан ана шундай ота-она ибодатига — астойдил, оташин — бундан яхшироқ сўз топиб бўлмайди, бу ибодатга худди шундай жавоб кутилади.

Сўнгги йигирма йилда бизнинг гуруҳимиз ибодатларига жавоблар шунчалар кўп келган эдики, бу ҳақда ота-оналар ва фарзандлар берган гувоҳликлардан бутун бошли бир китоб тузса бўларди. Эсимда, улардан бири айниқса ажойиб эди, чунки бу бизнинг жамоа бўлиб ўтиниб қилган илтимосларимиздан бирининг натижаси эди.

Ёлғиз она Нэнси биздан: «Қизим Жанет учун ибодат қилсангизлар», деб илтимос қилди. Жанет художўй, имонли қиз эди, Аммо ота-онаси ажрашиб кетганларидан кейин умидсизликка тушиб, Раббийдан юз ўгирган эди. Биз Жанетни ҳимоя қилиб ибодат қилдик. Чунки Худонинг марҳаматидан четда қолган болалар катта хавф остида қолишларини биз билар эдик. Бир куни Жанет бир ўзи йўлда кетаётганда, бахтсиз ҳодисага учради: унинг машинасига катта тезликда қарши томондан маст ҳолатда бошқариб келаётган ҳайдовчининг машинаси урилиб кетди. Шифокорлар бу воқеани мўъжиза деб баҳолашди. Чунки Жанет жиддий жароҳат олган бўлса ҳам, тирик қолди.

Жанет узоқ вақт даволангандан сўнг, ҳам жисмонан, ҳам руҳан шифо топди. Ҳаммамиз, жумладан, Жанетнинг онаси ҳам, ўша бахтсиз ҳодисадан кейин бизнинг ибодатларимизсиз у тирик қолмас эди, деган фикрга келдик. Унинг омади чопиб, турмушга чиқди. Хозирда ажойиб турмуш ўртоғи, гўзал қизалоғи бор. Жанетнинг ўзи эндиликда художўй аёл. У саккиз йил давомида бизнинг миссиямиз котибаси бўлиб фаолият кўрсатди. Унинг ҳаёти бизга ота-она ибодатининг қудрати ҳақида доимо эслатиб туради.

Ибодатларимиз жавобсиз қолганда

Ибодат қилаётган ота-оналар учун энг оғир синов — ўз ибодатларининг жавобини кутишдир. Баъзида жавоб тез келади, аммо аксарият ҳолларда бунинг тескариси бўлади. Бундай вазиятда биз кўпинча умидсизликка тушамиз, ҳатто Раббийдан жаҳлимиз чиқади. Биз шунчалар чорасиз қоламизки, ҳамма нарсадан кўнглимиз совиб, таслим бўлишга ҳам тайёр бўламиз. Баъзида бизнинг ибодатларимизга қарамасдан, болаларимиз нотўғри йўлга кирганларини кўрамиз. Кейин эса улар ўз қилмишларининг аччиқ мевасини ейдилар.

Агар сизнинг фарзандингиз нотўғри йўл танлаган бўлса, сиз ўзингизни айбламанг-да, ибодат қилишни тўхтатманг. Фарзандингиз билан мулоқотда бўлишни илтимос қилиб, унга Худо Каломини ўргатишни давом қилдиринг. Таслим бўлманг, аксинча, шахсий ибодатларингизда ҳам, кўпчилик бўлиб қилган ибодатларингизда ҳам янада кўпроқ тиришқоқлик кўрсатинг. Кучга тўлиб мана бундай сўзларни айтинг: «Мен эндигина курашни бошладим».Эсингиздан чиқарманг, бу курашда сизнинг асосий қуролингиз — сизнинг ибодатингиздир. Ҳақиқатда эса бу курашни Худованд олиб боряпти. Яна шуни ҳам эсингиздан чиқармангки, сиз ўз фарзандингиз билан эмас, балки шайтон билан кураш олиб боряпсиз. У сизнинг энг асосий рақибингиздир. Токи фарзандингиз ҳаётида ўзгаришлар кўрмагунингизча, доимо садоқат билан ибодатни давом эттираверинг.

Довуднинг қуйидаги сўзлари ибодатда собитликнинг энг мукаммал кўринишларидан бири бўлиб хизмат қилади:

«Ғанимларимни қувлаб, тутиб олдим,

Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.

Шундай эздимки уларни, тура олмадилар,

Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.

Сен менга қувват бериб, жангга юбординг,

Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг» (Забур 17:38-40)

Довуд то мақсадига етмагунича ибодатларини тўхтатмади. Бу биз учун яққол намунадир. Биз то жавоб олмагунимизча, ибодат қилишга чақирилганмиз.

Агар сиз ўзингизда ғазабни сезсангиз, ўз фарзандингиз учун Раббийдан ранжисангиз, Унга буни очиқ айтинг. (Бу ҳолат ҳатто фарзандига энг меҳрибон ота-оналар билан ҳам тез-тез юз бериб туради). Худодан ўз ночорлигингизни ва ранжиганлигингизни яширманг, салбий ҳис-туйғуларингизни юрагингизда сақламанг. Раббийга ўз шубҳа-гумонларингизни айтиб очиб ташланг, Ундан тўғри йўл кўрсатишини сўранг. Энг муҳими: юрагингизга ўрнашиб қолган ранж туфайли таслим бўлмасликка, ўз ибодатларингизни тўхтатмасликка ҳаракат қилинг.

«Комил» эмас, балки «ибодат қилувчи» ота-она

Бизнинг фарзандимиз ҳаётида кўнгилсизликлар юз берганда, ўзимизни айбдор ҳис қиламиз, ёмон ота-онамиз, деб ўзимизни ўзимиз айблаймиз. Аммо фарзанд ҳаётини яхши томонга комил ота-она ўзгартирмайди, чунки комил ота-она бўлмайди. Бизларнинг ҳеч биримиз мукаммал эмасмиз, шундай экан, қандай қилиб комил ота-она бўла оламиз? Ота-она ибодати — фарзанд ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ўз фарзанди учун ибодат қилиш эса ҳамманинг қўлидан келади. Боланинг ота-онаси бўлиш шарт эмас: унга дўст, устоз, бобо ёки буви, хола, аммавачча, қўшниёки оддий таниш бўлиши мумкин. Муҳими — шу фарзандга нисбатан қалбимизда меҳр-муҳаббат ва ачиниш ҳисси бўлиши кифоя. Ибодатга муҳтож фарзанд ҳақида сиз бировдан эшитишингиз ёки газетада ўқишингиз мумкин. Сиз ҳаттоки, ўзингиз ота-оналик меҳрини ҳис қиладиган катта ёшдаги киши ёки аёл учун ҳам ибодат қилишингиз мумкин.

Агар сиз отаси ва онаси ибодат қилмайдиган фарзанд ҳақида билсангиз, ҳозирнинг ўзидаёқ унинг ҳаётидаги камчиликни тўлдиришга, муҳтожлигини қондиришга ҳаракат қилишингиз лозим. Сиз ўзингиз ёқтирган ҳар қандай болани ҳимоя қила олишингиз мумкин. Бунинг учун сиз фақат чин дилдан шундай деб айтишингиз керак: «Раббим, мана шу боланинг ҳаёти яхши томонга ўзгариши учун қандай ибодат қилишни менга ўргат». Шундан сўнг бу китобда таклиф қилинган ибодатлардан фойдаланинг, Муқаддас Руҳ сизни қаерга бошлашини кузатинг.

Ҳар бир бобнинг сўнгида мен сиз учун оятлар намунасини жойлаштирдим. Сиз битта оят билан ҳар куни бир ҳафта ёки бир ой давомида ибодат қилишингиз мумкин. Ёки эътиборни фарзандингизнинг шу кунлардаги энг катта муаммосига қаратишингиз, то у ҳал бўлмагунча ибодат қилишингиз мумкин. Қачон енгиллик сезсангиз, навбатдаги муҳтожликка ўтишингиз учун аломат шу бўлади.

Бу ибодатларни иложи борича тез-тез қайтариб туринг. Раббий: «Менинг ҳузуримга доимо бир хил илтимос билан келаверма», деб айтмаган. Аксинча, У бизга мунтазам ибодат қилишни амр қилади. Аммо ибодатда беҳуда такрорларга йўл қўймаслик керак.

Шуни билингки, сиз ибодатда қатъий жадвалга риоя қилишингиз ёки фақат шу китобда келтирилган оятлардан фойдаланишингиз шарт эмас. Улар сиз таяниб иш кўришингиз учун ўзингизга намуна сифатида хизмат қилади. Аммо ибодат қилишдан олдин, албатта ўзингизни Худо олдида итоаткор қилинг, Ундан, мен муносиб ота-она, Сен хоҳлагандай сўровчи бўлишимга ёрдам бер, деб сўранг. Муқаддас Руҳ сизга йўл кўрсатади, Муқаддас Руҳ сизни ундаган фарзандингизнинг муҳтожликлари учун ибодат қилинг. Мен сизнинг ибодатларингизга қилинган жавоблар ҳақидаги гувоҳликларингизни сабрсизлик билан кутиб қоламан.


Книга на Узбекском языке: - Сила родительской молитвы (Сторми Омартиан)

Аннотация к книге "Сила родительской молитвы"

Как все родители, вы желаете, чтобы ваши дети были счастливы. Благодаря молитве это желание может осуществиться. Обратившись за помощью к Богу, вы сможете изменить жизнь своего ребенка в лучшую сторону. Автор этой книги, основываясь на личном опыте и приводя примеры из жизни других людей, показывает, что горячая и искренняя родительская молитва способна защитить детей от зла и сохранить их на пути истины.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак