Эзгулик Учун (Чарлз Стенли) 7 bob

Чарльз Стенли. Эзгулик учун азоб чекиш - (7-боб) Узбек тилида     

Ezgulik Uchun azob chekish (Charlz Stenli) Audiokitob Uzbek tilida.Audiokitob Uzbek tilida

                         

Мундарижа

Кириш

1-боб   Азоб-уқубатлар марҳамат бўла оладими?

2-боб   Худо бизга энг яхшисини истайди

3-боб   Нима учун биз азоб тортамиз?

4-боб   Азобнинг мазмунини тушунишимиз йўлидаги тўсиқлар

5-боб   Шифо топиш нима дегани?

6-боб   Руҳий етукликка эришиш

7-боб   Тор-мор бўлиш жараёни 

8-боб   Тор-мор бўлишга қарши бизнинг исёнимиз 

9-боб   Қандай қилиб кўп самара берадиган новда бўлиш мумкин 

10-боб   Марҳаматлар ҳақидаги ваъда

Эпилог   Сизлар учун менинг ибодатим


7 – боб ТОР-МОР БЎЛИШ ЖАРАЁНИ

Тор-мор бўлиш жараёни Худонинг нуқтаи назарида – бу ниҳоятда маълум бир йўлга қўйилган жараён. Бу жараёнда фақатгина хаосни, яъни тартибсизликни кўрамиз: биз дард ва алам, оғриқ, иккиланиш ва кўнгил совушни ҳис қиламиз. Бироқ Худо ҳаётий шарт-шароитларга бундай муносабатда бўлмайди. Биз билан нимадир юз беришидан анча олдин бизда қандай ҳаракатлар бўлишини Худо жуда яхши билади, У Ўз хоҳиш-иродасини шу ҳолатлар орқали амалга ошишига ҳаракат қилади. Худо ҳеч қачон тор-мор бўлиш жараёни устида Ўз назоратини йўқотиб қўймайди.

Бунга мисол тариқасида ҳаворий Бутруснинг ҳаёти яхши хизмат қилиши мумкин. Унинг ҳаётининг энг машҳур эпизоди – бу Исонинг хочга тортилишидан олдин юз берган воқеа.

Ўша кеча Бутрус ҳибсга олинган Масиҳ билан Гефсемания боғидан чиқиб то олий руҳонийнинг уйига етиб боргунча бирга бўлган. «…Улар уйнинг ҳовлисига кириб келганларида, олий руҳонийнинг оқсочларидан бири Бутрусга тикилиб қаради-да, деди: “Бу одам ҳам У билан бирга бўлган”. Лекин Бутрус у аёлга: “Эй синглим, мен Уни танимайман!” – деб инкор этди.

Бир оздан кейин бошқа бир одам Бутрусни кўриб: “Сен ҳам улардан бирисан-ку!” – деди. Лекин Бутурс унга ҳам: “Эй биродар, мен улардан эмасман!” – деди.

Бирон соат ўтгандан сўнг яна кимдир: “Ҳақиқатан бу одам ҳам У билан бирга бўлган, асли у ҳам жалилалик”, - деди комил ишонч билан. Лекин Бутурс: “Биродар, ўзи нима деяпсан?” – деди унга ҳам. Шу заҳоти, у гапини тугатмасданоқ, хўроз қичқирди. Раббимиз Исо Бутурсга қайрилиб, унга кўзини тикди. Шунда Бутрус Раббимизнинг унга: “Бугун хўроз қичқирмасдан, сен Мендан уч марта тонасан”, - деган сўзини эслади. Ва ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ  йиғлади»  (қаранг: Луқо 22:54-62).

Бутурс ўзгача инсон бўлган. У ниҳоятда қобилиятлилиги билан бошқалардан ажралиб турар эди. Муқаддас Китобда Бутрус бошқа ҳаворийларга қараганда, анчагина кўпроқ эсга олинади. У ҳақда Ҳаворийлар Фаолияти Китобида, шунингдек, Хушхабарларда кўп айтилган. У бошқарувчиларнинг ичида бошқарувчиси бўлгани аниқ. Ёқуб ва Юҳанно сингари Бутрус ҳам Исонинг яқин одамларига тегишли бўлган. Исо ҳаётининг энг мушкул вазиятларида Унинг ёнида ҳозир-у нозир бўлган эди.

Бутрус – очиқ кўнгил, иродали, шижоаткор ва жисмонан бақувват балиқчи бўлган. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Бутрус шунингдек, манман ҳам эди.

Бу ҳолда ўз-ўзидан савол туғилади: нега энди Исо Бутрусга ўхшаган балиқчини шогирдликка олди?

Гап шундаки, Исо Бутрусни Худо сизни ва мени танлагани сингари танлаб олган – У биз нимага қодир эканимизни кўради. Масиҳга ўхшаш қобилиятимиз ва интилишимиз борлиги учун Худо бизни танлайди. Исо Бутрусни танлаб олди, чунки У Бутрус орқали ҳаракат қила оладиган одамни топганига ишонган. Бутурсни танлар экан, Исонинг ўзгача мақсади бор эди – У Ўзининг танлаганини махсус хизматга тайёрлар эди. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда бўлгани сингари, Бутруснинг ҳаётида ҳам азоб-уқубатга учраш, тор-мор бўлиш ва ўзгариш жабҳаларида бўлган. Исо Бутруснинг ҳаётида кескин равишда ҳаракат қилишга қарор қилди ва бир куни деди: “Мен сенинг исмингни ўзгартираман”. Бутрусга янги исм берар экан, Исо Симон билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани чилпарчин қилди – ахир Исо Бутрусни шогирдликка чорламасдан олдин уни айнан шундай деб аташарди. Шундай қилиб, балиқчи Симон ҳаворий Бутрусга айлана бошлади.

Бизнинг ҳар биримизнинг ҳаётимизда юз бергани сингари, Бутруснинг ҳаётида ҳам тор-мор бўлишнинг тўртта асосий қисми мавжуд бўлган.

ХУДОВАНД ТОР-МОР БЎЛИШ ЖОЙЛАРИНИ ТАНЛАЙДИ

Бизнинг ҳаётимизда Худо ҳар доим тор-мор қилинадиган нарсани излаб топади.

Бизларнинг ҳар биримизнинг ўз заиф ва кучли томонларимиз мавжуд. Кўпинча биз ўзимизни ниҳоятда кучли деб ҳисоблаган жабҳаларда Худо бизни пасайтиради. Нима учун? Чунки биз ўз шахсий кучимизни ҳис қилган пайтда, Худонинг биздан ҳам устун эканини асло тан олгимиз келмайди. Биз ўзимизнинг ожизлигимизни англаб олганимизда эса, Раббийга шундай сўзлар билан мурожаат қиламиз: “Эй Худованд, бу масалада мен заифман, шунинг учун Сен менинг қалқоним бўлгин. Мободо, биз ўзимизни ўз фикримизга кўра кучли ҳисоблагудек бўлсак, шундай деймиз: “Буни бажариш ўзимнинг қўлимдан келади”. Шундай қилиб, биз ёрдам ва маслаҳат сўраб Худога мурожаат қила олмаймиз.

Масалан, иқтидорли ва қобилиятли тарбиячи ёки воиз якшанба кунги мактабдаги дарсларга тайёргарлик кўришда ёки жамоатда ваъз қилишда, Худодан ёрдам сўрамаслиги мумкин. Агар ҳеч дарс ўтмаган ёки катта аудитория олдида нутқ билан ҳеч чиқмаган бирор кимсага дарс олиб боришни ёки чиқиш қилишни илтимос қилгудек бўлсак, ишончимиз комилки, бу одам ёрдам сўраш учун Худога юзланишга шошилади.

Ҳар биримиз одатларимизга ва дунёга нисбатан ўз нуқтаи назаримизга эгамиз. Агар одатларимиз ва қарашларимиз Худонинг иродасига тўғри келмаса, Худо уларни ўзгартиришни лозим топади ва ҳаракат қилади. Айнан шу жойларни Худованд тор-мор қилади. Масалан, Худо ҳар доим бутпарастликка, қизғончиқликка, ҳар қандай тобеъликка ва ирқий ақидапарастликка қарши чиққан.

Бизларнинг ҳар биримизнинг ўз хоҳиш-истакларимиз бор. Аммо биз бирор истакни Худо билан ўзаро муносабатларимиздан юқори даражада устун қўядиган бўлсак, бундай истак тор-мор бўлиш жойига айланади. Эҳтимол, шунга ўхшаш истакларимизнинг мавжудлигини бизнинг тан олишимиз қийин бўлса керак. Ана шунда ўзимиздан ўзимиз сўрашимиз керак: “Мен кўпроқ нималар ҳақида орзу қиламан?” Орзу-умидларимиз мавзуси худди шундай жой бўлишига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Агар шундай ўй-фикрлар Худони ва Унга хизмат қилиш кераклигини унутилгудек қилиб бизни ўз гирдобига тортса, Худо албатта аралашади.

Ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида У билан бизнинг ўзаро муносабатларимизга хавф туғдираётган ёки хавф солмоқчи бўлган нарсаларни  йўқ қилиб ташлайди. У биз учун қадрли бўлган ёки севгимиз сабабига айланган нарсалардан бизни маҳрум қилганда, биз кўпинча тушкун аҳволда қоламиз. Бироқ Худо носоғлом ҳолатларни келтириб чиқарадиган омиллардан бизни маҳрум қилади. Гап биз кимгадир ишонишимизни ёки ниманидир севишимизни Худо хоҳламаслигида эмас, йўқ! Гап шундаки, биз кимнидир Худодан кўра кўпроқ севишни ёки Унгадан кўра кимгадир кўпроқ суянишни хоҳлаймиз. Муқаддас Ёзувда “Раббийнинг рашки” деган ибора бир неча бор қайтарилаверади. Унинг рашки бизнинг хоҳиш-истакларимизга, ҳис-туйғуларимизга, бизнинг севган нарсаларимизга ва ўз вақтимизни нималарга бағишлаганимизга қарши қаратилган. Худо Устунлик албатта Худо тарафида бўлишини хоҳлайди.

Рашк – бу аслида қонунан бизга тегишли бўлган истакни қўриқлашга бўлган интилишдир. Эр хотинини бошқалардан рашк қилиб қизғониши мумкин, чунки қонунга кўра хотин унга тегишлидир. Худди шу сингари, ўз навбатида аёл ҳам эрини рашк қилиши мумкин. Кимдир бизга тегишли бўлган нарсаларни тортиб олмоқчи бўлганда, биз рашк қиламиз.

Ҳасад эса аксинча, бу бизга тегишли бўлмаган нарсаларга қаратилади. Бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни истаганимизда, биз ҳасад қиламиз

Биз Худога тегишлимиз. У – бизнинг Яратувчимиз, биз эса – Унинг ижодимиз, Унинг фарзандларимиз. Нимаики бизнинг диққат-эътиборимизни жалб қиладиган бўлса ва бизнинг ҳаётимизда Унинг ўрнини эгаллашни бошласа, У ҳаммасига бизни рашк қилади.

Раббий биз тўлиқ Унга суянишимизни хоҳлайди. Худо бизни ҳеч нарса Ундан айирмаслигини истайди. Худо бизнинг ҳаётимиздаги ҳаммасини – ҳаттоки биз учун қимматли ва қадрли бўлган нарсаларни ва Унинг севгисидан бизни айириб, У билан бизнинг ўртамизда пайдо бўлган тўсиқни бузади, вайрон этади ва йўқ қилади.

Худованд нимани нишонга олмоқчи бўлганини биз ҳар доим биламиз. Ишончим комилки, ушбу сатрларни ҳозирда ўқир экансиз, сизнинг ҳаётингиз ҳақида нималар дейиш мумкинлигини англаб етгандирсиз: “Худо ҳаётингиздаги рўй бераётган ҳолатларга индамай қараб тура олмайди ва уларни тор-мор қилиш режасини У аллақачон белгилаб қўйган. Худо ва бизнинг ўртамизда пайдо бўлган қандай тўсиқлар Худонинг Руҳини бизнинг ҳаётимизда тўлиқ намоён бўлишига ҳалақит берувчи омилларни биз яхши биламиз. Биз шунингдек, Масиҳ тўғрисида гувоҳлик беришимизга ёки гуноҳ устидан ғалаба қозонишимизга нималар тўсиқ бўлаётганини ҳам биламиз. Бутун диққат-эътиборимизни нималар ютиб юбораётганини, дунёқарашимизни ва онгимизни нималар захарлаётганини, ёки аниқ фикрларимизда қандай қарама-қаршиликлар мавжудлигини биламиз. Албатта, буларни Худо ҳам билади. Бироқ бизга қараганда, Худо жуда ҳам узоқни кўра олади.

Исо Бутруснинг ҳаётидаги бир нечта муаммоларни кўрган.

Биз Матто баён этган муқаддас Хушхабарнинг 14-бобида Исо субҳидамда қайиқда ўтирган шогирдларининг олдига сувнинг устидан юриб боргани ҳақида ўқиймиз. Шогирдлар Исонинг кўл устида юриб келаётганини кўриб, даҳшатга тушдилар. Шунда Бутрус деди: “Ё Раббим, агар бу Сен бўлсанг, менга буйруқ бер, мен сув устида юриб Сенинг ёнингга борай!”

Исо жавоб берди: “Кел!”  

Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устидан юрганича Исонинг ёнига йўл олди. Лекин кучли шамолни кўриб қўрқиб кетди. Ўтакаси ёрилиб, у чўка бошлади ва шундай деб бақирди: “Ё Раббим, мени қутқар!” (Матто 14:22-30).

Бутрус табиатан ўзгарувчан ва таъсирчан эканини, дам ишонч-эътиқодга тўлишини, дам эса ваҳимага тушишини Исо яхши билар эди. Бутрус Унинг ортидан қатъий ишонч билан юриши учун, Худо бу қўрқув занжирларини узиб ташлаши керак эди.

Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 16-бобида Исо Бутрусга ва бошқа шогирдларига Ўзининг Қуддусга бориши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уламолар қўлида азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклиги ҳақида ошкор айтганини ўқиймиз. «Бутурс Уни четга олиб таъна қила бошлади: “Худо хайрингни берсин, Раббим! Бу нарсалар Сенинг бошингга тушмас!” – деди. Исо эса Бутрусга қараб: “Йўқол кўзимдан, шайтон!” – деди. “Сен Мени йўлдан ураяпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан”» (Матто 16:21-23).

Бутрус ҳамма нарсани Худонинг иродаси бўйича эмас, ўзбилармонларча бажаришни яхши кўрди. Исо Бутрусдаги бундай иллатни йўқ қилиш зарурлигини билар эди.

Кунларнинг бирида Бутрус келиб Исога: “Раббим, - деди, - агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, мен неча марта уни кечирайин? Етти марта кечсам етадими?” Бутрус ўзича бениҳоят камтарлик қиляпман, деб ўйлар эди. Лекин Исо унга деди: “Сенга етти марта эмас, балки етмиш карра етти марта, деяпман” (Матто 18:21-22).

Исо Бутурсни ўзбошимчаликдан қайтариб, унинг ўрнига беқиёс мурувват қилиш ва кечириш иқтидорини унга сингдириши кераклигини билар эди.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарнинг 13-бобида, Исо қандай қилиб Бутруснинг оёғини ювмоқчи бўлгани ҳақида ҳикоя қилинади. Исо Симун Бутруснинг олдига келди. “Раббим, наҳотки Сен менинг оёқларимни ювсанг?!” – деди Бутрус. “Мен ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан. Кейинчалик тушунасан,” – деди Исо унга жавобан. “Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсан!” – деди Бутрус. “Агар мен ювмасам, Мен билан улушинг бўлмайди,” – деди Исо.

Исо Бутруснинг мағрурлигини тор-мор қилиш лозимлигини яхши билар эди.

Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 26-бобида Исо Ўз шогирдларига нималар дегани айтилган. «Исо шогирдларига деди: “Бу тунда ҳаммангиз Мендан юз ўгирасизлар. Чунки Тавротда шундай ёзилган: “Мен чўпонни жароҳатлайман, қўйлар ўзи тарқаб кетади”. Бироқ ўлиб тирилганимдан кейин, Мен сизлардан олдин Жалилага бораман”.

Бутрус жавоб бериб Унга деди: “Агар ҳамма Сендан юз ўгирса ҳам, мен ҳеч қачон ўгирмайман!” – деди. Исо унга: “Сенга ростини айтсам, шу кечаёқ, хўроз қичқирмасдан аввал, сен Мендан уч марта тонасан,” деди. Бутрус Унга: “Мен Сен билан бирга ўлсам ҳам, Сендан асло тонмайман!” - деди» (Матто 26:31-35).

Исога нисбатан ҳиёнат қилиш ҳақидаги башоратни Бутрус нотўғри ва ўзига тегишли эмас, деб ҳисоблади. Бутруснинг ўзига ишонувчанлиги тор-мор қилиниши даркорлигини Исо билар эди.

Луқо баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 22-бобида бир гуруҳ қуролланган аскарлар Исони ҳибсга олиш учун Гефсемания боғига келганлиги тасвирланади. Ўн икки ҳаворийдан Яҳудо исмлиси олдинда кетаётиб, Исога яқинлашди-да, Уни хиёнаткорона ўпди. Шундан сўнг Исо ҳибсга олинди. Бутрус Исони қутқаришга қарор қилди ва олий руҳонийнинг қаролини урди ва қиличини олиб қаролнинг ўнг қулоғини чопиб ташлади. Шунда Исо: “Етар, бас! – деди-да, қаролнинг қулоғига қўл тегизиб уни асл ҳолатига қайтарди”.

Бутрус яна бир бор тор-мор қилинди. Бирин-кетин Исо Бутруснинг манманлигига, ўзбошимчалигига ва худбинлигига қарши ҳужум қилди.

Бизнинг ҳаётимизда ҳам Исо худди шундай йўл тутади. Биз тўлиқ Худога ишонишимизга халақит берувчи омилларни У бизнинг ҳаётимизда ҳам излаб топади ва уларни йўқ қилади.

ХУДО МАЪЛУМ ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТАДИ

Тор-мор бўлишга олиб келадиган барча ҳаётий шароитлар тор-мор қилиш жойи сингари, тўлиқ Худонинг ҳукмидадир.

Исо нима учун сувнинг юзида юрди? Маълум маънода У шундай вазиятни юзага келтирдики, токи унда Бутрус ва Унинг бошқа шогирдлари имон орқали қўрқувни енгишни ўргансинлар.                   

Исо нима учун шогирдларининг оёқларини ювмоқчи бўлди? У юзага келган вазиятда, бу билан Исо Бутруснинг манманлигини, фақатгина ўзига ишонишини фош қилмоқчи бўлди.

Шогирдлар Исодан воз кечишларини нима учун У башорат қилди? Эҳтимол, У Бутрус ўзининг такаббурлигини англай олиши учун шундай қилган. 

Шубҳасиз, барча бундай вазиятлар Бутрусга асло ёқмас эди. Қолаверса, Исо ҳар гал Бутруснинг манманликларини фош қилганида, У буни ҳамманинг кўз олдида, ошкора амалга оширар эди. Бутрус Исодан тонгани учун аччиқ йиғлади. Бутрус қаттиқ азоб чекди. Худога бўлган ишончи унга етишмаслигини, унинг ишончи қатъий эмаслигини англаб етиш ва Унга тўлиқ бўйсуниш лозимлигини тан олиш Бутрус учун ниҳоятда оғир эди.

Агар биз Худога эмас, бошқа нималаргадир кўпроқ ишонсак, Худони эмас, бошқа нарсаларни чуқурроқ англашга ва қаттиқроқ севишга интилсак, хуллас, юқорида айтиб ўтилган вазиятларда қолсак, бу ҳолда бизнинг тор-мор бўлишимиз ошкора равишда юз беради.

Худо бизни турлича йўллар билан тор-мор қилади. Баъзида У шундай қиладики, биз Унинг иродасини аниқ кўра бошлаймиз. Лекин баъзида эса, биз ўзимиз танлаган гуноҳ йўлидан юришимизга У ижозат беради. Ҳамма нарсада ўзимиз адашишимизга У йўл қўяди.

Айниқса бу ўзгаларга қарши қаратилган гуноҳга тегишлидир. Бундай гуноҳ ҳар доим албатта фош бўлади. Фоҳишабозлик ва разолат, қўшмачилик ва тажовуз билан шуғулланаётган ҳар қандай одам охир-оқибатда гуноҳи очилганда, уялиб қолади ва азоб чекади. Кимки фирибгарлик йўли билан ўзгаларнинг пулини ўзлаштирса ёки уларни ишлатиб юборса, эртами-кечми албатта қамоқхонага тушади. Бундай ҳолатларда Худо қандайдир маълум бир вазиятларни юзага келтирмайди – одамнинг ўзи ўзига чуқур қазийди.

Мен бир одамни билар эдим, у кимса ўзининг котибаси билан хотинига ҳиёнат қилиб юрди. Ҳаммаси фош бўлганда эса, у мушкул аҳволда қолди. Бу одам ҳар қандай вазиятни, ҳис-туйғуларни ва мартабада юқори поғоналарга кўтарилишни, хуллас, ҳаммасини бошқаришга ўрганиб қолган эди. Ўз ҳаётининг мутлақ танҳо назоратчисига айланиш мақсадида, у ўз фойдасини кўзлаб атрофдаги одамларнинг бошида юрар эди. Мана, бирданига у ҳамма нарсадан – оила, бола-чақа, эгаллаб турган юксак мартабали лавозимидан айрилди. Ҳамманинг кўз ўнгида унинг бутун ҳаёти чилпарчин бўлди.

Худо бу одамнинг ҳаётида ҳаракат қилар эди. Эндиликда бу одам нафақат шаҳвоний хирсидан, балки ўз ҳаётини бошқаришга бўлган интилишдан воз кечиши керак. У Худонинг иродасига бўйсунгиси келмас эди. Унинг тор-мор бўлиши ошкора юз берди, чунки бу одамнинг бошқаларни менсимаслигини ва ўзининг хирсини қондириш мақсадида ўзгалардан фойдаланишини ҳамма билди, яъни барчага маълум ва оддий ҳол эди.

Худо бизни тор-мор қилиш учун маълум шарт-шароитларни яратадими ёки ўзимизни ўзимиз барбод қилишдаги йўлимизни давом эттиришимизга имкон берадими - бундан қатъий назар, биз барибир шундай ҳолатга тушамизки, албатта Унга қуйидагича сўзлар билан мурожаат қилишимизга тўғри келади: “Яхши, Раббий. Мен ҳаммасини Сен айтгандек қиламан”.

ХУДО ТОР-МОР ҚИЛИШ ВОСИТАЛАРИНИ ТАНЛАЙДИ

Худо бизнинг ҳаётимизда тор-мор қилиниши зарур бўлган соҳаларни нишонга олади. У шунингдек, тор-мор бўлишга етакловчи омилларни ва ҳолатларни кўриб чиқади. Қолаверса, Худо тор-мор қилиш воситаларини ҳам танлаб олади, зеро айнан танлаб олинган восита ва усуллар ёрдамида у бизни синовдан ўтказади.

Бизнинг тор-мор бўлишимиз ҳолатлари бизга қанчалик маъқул келса, ана шу воситалар ҳам шунчалик бизга ёқади.

Агарда Худонинг мени тор-мор қилиши воситаларини танлаш имкониятим бўлганда эди, мен шундай деган бўлар эдим: “Раббий, илтимос, менга бир китоб бер ва мен тушуниб олишим керак бўлган омилларни тасвирловчи саҳифаларини менга кўрсат, - мен ҳаммасини ўқиб чиқаман ва инобатга оламан”. Аммо менинг ҳаётимда негадир Худованд ҳеч қачон бундай йўл тутмаган.

Бундан ташқари, Худо ўткир эътироз билдирувчи ва сохта гувоҳлик қилувчи, ёки бўлмаса, хато фикрловчи ва ҳар қандай шарт-шароитда ўз фойдасини кўзловчи одамларнинг эътирозларини келиб чиқишига ҳам йўл қўяди. Баъзида Худованд мен учун асло чидаб бўлмасдек кўринган қийинчилик ва муаммолардан фойдаланган.

Худо биз билан маслаҳатлашмай тор-мор қилиш усулларини танлайди. Чунки Унинг шундай имкониятлари бор. Худо бизни қачон ва қандай қилиб тор-мор этишини биз унга маслаҳат бера олмаймиз. Усул ва омилларнинг танлаш имкониятлари фақатгина Унинг қўлларидадир. Бу ҳолат эса бизга асло тобеъ эмас.

Бир неча йил мобайнида Худо менинг танишларимдан бирининг тор-мор бўлиш жараёнини бошқариб борди. Бунинг учун Худо оммавий ахборот воситаларидан фойдаланди. Бу одамнинг айтган гаплари ва қилган ҳаракатлари мунтазам равишда барча оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиниб келинди. Журналистлар тил бириктириб, менинг ҳаётимни захарлашмоқчи шекилли, деб ўйлади танишим. Менинг фикримча, аслида бу Худонинг иши эди. Танишим ҳали ҳам гердайганича, ўзини паст олгиси келмай шундай дерди: “Хўп, ана шу газета ва журналлар нима ҳам қилиб берарди? Менинг шахсий ҳаётимга аралашишга, шунингдек, гапирган гапларимни ва қилаётган ишларимни муҳокама қилишга уларнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Бундай ўзбошимчалик ва каландимоғлик Худога хуш келмас эди.

Сиз қуйидагича сўзларни айтишингиз учун, Худо сизнинг ҳаётингизда қандай воситани қўллаганини мен билмайман: “Эй Раббий, мен Сеникиман. Менга нима бўлса ҳам, мен фақатгина Сенга суянаман ва Сен нималарни амр этган бўлсанг, ҳаммасини бажараман”. Мен фақатгина катта ишонч билан қуйидагиларни айтишим мумкин: Унинг қуроли ҳар доим чақланган, у ҳар доим жароҳат етказади, бироқ унинг тиғидан беркинишнинг иложи йўқ. Сиз ундан қочиб кета олмайсиз. Худо ўзгартирмоқчи бўлган ҳаёт соҳасида сиз нимадир қилишингиз керак бўлади. Сиз ва сизнинг Худога бўлган тўлиқ ишончингиз ўртасидаги тўсиқни асло четлаб ўтиб бўлмайди.

Ўлим шундай восита бўла оладими?

Энди эса ниҳоятда эътиборли бўлишингизга тўғри келади. Сизнинг диққатингизни жалб қилиш учун Худо сизнинг яхши кўрганларингизни – турмуш ўртоғингиз ёки фарзандингизни олиб қўйиши мумкин, деб мен таъкидламайман. Кимлардир Худога қулоқ солишни бошлаши учун У бошқаларнинг жонини тортиб олишига мен ишонмайман. Баъзи-бир ҳолатларда ўз қариндош-уруғларидан айрилган одамлар Худога яқинроқ бўлиб қолишгани кузатилади. Бироқ кимлардир ва ниҳоят ўз иродасини Худонинг иродасига бўйсундириши учун, У бошқаларга ўлим юборишига мен ишонмайман. Нима учун? Чунки Худованд ҳар биримизни яхши кўради! Кимнингдир ҳаётини марҳаматлаш учун У бошқа одамнинг ҳаётини захарламайди.

Қолаверса, ўлим - бу шайтоннинг сўнгги зарбаси ҳисобланади. Айнан шайтон ўлимни олиб келади. Худованд кимнингдир ўлишига йўл қўядими? Ҳа, бу Одам Ато ва Момо Ҳаво давридан қолган ва ҳозирга қадар сақланиб қолган лаънатнинг бир қисмидир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: “Зотан бир марта ўлиш ва ундан кейин ҳукм қилиниш инсонларнинг тақдиридир” (Ибронийларга 9:27). Шу билан бирга, Худованди Карим ўлимнинг ташаббускори эмас. У – ўлимдан қутқарувчидир. Исо – бизни йўқ қилувчи эмас, балки бизнинг Нажоткоримиздир. Чунки Исо Масиҳга ишонувчилар ўлимни лаънат сифатида қабул қилмайдилар. Бу Худонинг абадий Шоҳлигига ўтиш йўлидир. Яқинларимизнинг вафоти, албатта, бизни қайғуга солади. Чунки ўлим бизни севган яқин кишиларимиздан айиради. Аммо ўлим – масиҳий учун интиҳо эмас. Шундай кун келадики, биз яхши кўрганларимиз ва айрилганларимиз билан абадиятда бирга бўламиз. Ахир, Исо Масиҳ – ўлимнинг Ғолибидир. Исонинг ўлимдан тирилиши бизнинг тирилишимизга ҳам эшикларни очиб берди.

Шундай қилиб, бизни тор-мор қилиш, кейин эса марҳаматлаш учун Худованд бошқаларга ўлим юборишига мен ишонмайман. Бироқ У биз учун қадрли бўлган нарсалардан, масалан, бирор киши билан бўлган дўстлигимиздан баъзида бизни айиришига мен ишонаман. Хуллас, шундай йўқотишлар амалда ҳар доим тор-мор бўлишнинг ибтидосига айланади.

Гуноҳ шундай восита бўла оладими?

Бизни тўғри йўлга солиш учун Худованд яқинларимизга ўлим юборишига ишонмаганим сингари, Худо бизни уқтириш учун яна кимларнидир гуноҳга бошлашига ҳам ишонмайман. Масалан, болани ёки унинг ота-онасини Худованд тўғри йўлга солиш учун, У болакайни наркотиклар қабул қилишга ўргатди, деб ҳеч қачон айтолмайман. Худованд гуноҳнинг ташаббускори бўла олмайди. У ҳеч қачон бизни гуноҳга бошламайди, бу шайтоннинг иши. Гуноҳ қилишга Худо бизни мажбурламайди, бизнинг ўз мустақил иродамиз бор: биз ё васвасага тушамиз, ёки васвасага қарши чиқамиз.

Шу билан бирга, бизнинг ҳаётимизни яхши томонга ўзгартириши учун Худованд бизнинг ва яқинларимизнинг гуноҳларидан, заифликларидан ва итоатсизлигидан фойдаланади. Биз руҳан ўсишимиз учун, У ҳар доим ҳар қандай ҳолатларни қўллайди.

Бизнинг тор-мор бўлишимиз атрофдагиларга ҳам таъсир қилади

Бизнинг ҳаётимиз – демак, тор-мор бўлишимиз ҳам – одамлар орасида ўтишини биз эсда тутишимиз лозим. Тор-мор бўлиш алоҳида, яъни яккаликда юз бермайди, чунки биз кимсасиз оролда истиқомат қилаётганимиз йўқ. Худо бизни бўйсундирганда, азоб-уқубатга дучор қилганда бу атрофдаги одамларга ўз таъсирини кўрсатади. Шу жумладан, яқинларимизнинг тор-мор бўлиши ҳам бизларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Масалан, айтайлик, бир одамнинг ҳаётида ишга бўлган севги Худога бўлган севгидан устунроқ туради. Ана шунда бу одамнинг ҳаётида бизнесдаги муваффақиятсизликлар ёки яна бирор муаммолар орқали Худованд ҳаракат қилиб, уни камтар ва ювош бўлишга даъват этади, бундай ҳолат эса бу одамнинг оила аъзоларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бу одамнинг рафиқаси ҳам, болалари ҳам тор-мор бўлиш жараёнида тўғридан-тўғри иштирок этадилар. Бироқ Худованд уларнинг ҳаётини ўзгартириш учун ҳам албатта ҳар қандай вазиятдан фойдаланади. Тор-мор бўлиш жараёнида ҳеч нарса бирор мақсадсиз амалга ошмайди. Яқин одами тор-мор бўлиш жараёнига дуч келган ҳар бир кимса ўзининг руҳий ҳолатини янада яхшироқ кўришга имкон топади, қолаверса, у қанчалик ривожланаётганини ва Худога қанчалик ишонишини баҳолай олишига фурсат пайдо бўлади.

Мен биринчи бобда нималар ҳақида сўз юритганим ишончим комилки, сизнинг эсингизда бўлса керак. Худованд раҳмсиз ёки қаҳри қаттиқ бўлгани учун бизни азоб-уқубатга дучор қилмайди. Худованд бизга азоб ва оғриқ етказишга интилмайди, ёки бирор салбий мақсадни кўзламайди. Худованд бизнинг диққат-эътиборимизни жалб қилиш ва ҳаётимизнинг баъзи бир соҳаларига таъсир кўрсатиш учун бизни тор-мор қилади ва азоб-уқубатларга дучор этади, чунки айнан шу соҳаларда биз катта муваффақиятларга эришишимизни У бизга олдиндан белгилаб берган.

Бизнинг душманларимиз тор-мор бўлишимиз воситаси сабабчиси бўла оладиларми?

Бизни тор-мор қилишда Худованд қўллайдиган нохуш “асбоблардан” бири бу бизнинг душманларимиз ҳисобланади. Ҳа, баъзида Худо қувғин қилишдан фойдаланади. У бизнинг диққат-эътиборимиз то Унга қаратилганини кўрмагунча ва Унга тўлиқ итоат этишимизга амин бўлмагунча, у душманларимизга бизни қувғин ва зулм қилишига имкон бераверади.

Душманларимиз бизга хужум қилмасликлари учун биз ибодат қиламиз. Биз Худога шундай деб мурожаат қиламиз: “Худованд, нима учун мен билан бундай хол юз бераяпти? Нега Сен бу одамни тўхтатмадинг? Нега мени душманларимдан ҳимоя қилиб асрамайсан?” Шу вақт мобайнида Худованд бизни азоб-уқубатга учрашимизга имкон яратади. Нима учун? Чунки Худованд бизни айнан шу ҳолатга солгандагина, биз Унга таянишимиз мумкин.

Агар кимдир мунтазам равишда жаҳлингизни чиқарса, эҳтимол, ҳар доим устингиздан кулиб сизни калака қилса, сиз билан жанжаллашса ёки сиз ҳақингизда ёлғон гапларни гапирса, сиз Худодан шундай деб сўранг: “Раббий, Сен мени нимага ўргатмоқчисан? Менда Сен нималарни ўзгартирмоқчи бўлганингни илтимос қиламан, менга кўрсат!”

Кўпинча, Худо бизда нималарни ўзгартирмоқчи бўлганини, нималарга бизни ўргатмоқчи бўлганини бизга ниҳоятда тез намоён қилади. Биз бир нарсани англаб олишимиз лозим: Худо душманларимизни эмас, бизнинг қалбларимизга кириб келишни истайди! Сиз бунга амин бўлишингиз мумкин: айнан Худо сизни азоб-уқубатга дучор қилаётганини сиз англаб етганингизда, сизнинг барча душманларингиз ўзларини сиздан олиб қочаётганини кўрасиз.

Аммо сиздан илтимос қиламан, яна бир нарсага диққат-эътиборингизни қаратинг: мен бизнинг душманларимиз ҳар доим ҳақ, деб асло айтмоқчи эмасман. Улар Худога ва бизга қарши ҳаракат қилишлари мумкин. Қолаверса, душманларга нисбатан бизнинг совуқ муносабатда бўлишимиз – нотабиий ва ўринсиз ҳолат, деб ҳам айтмоқчи эмасман. Мен фақат шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, бизнинг ҳаётимизда қандайдир эзгу ҳолатлар пайдо бўлиши учун бизни тор-мор қилишда, яъни азобларга йўл қўйиш воситаси сифатида Худо ҳаттоки бизнинг душманларимиздан ҳам фойдаланмоқчи бўлади. Худованд Ўз мақсадига етишиши биланоқ, сўнгра Унинг диққат-эътибори бизнинг душманларимизга қарши қаратилади. Агар зарурат туғилса, Худо албатта душманларимизни қилмишига яраша жазолайди. Бунга ишончимиз комил бўлиши керак. Римликларга мактубда (12:19) шундай дейилган: «Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: “Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман, - дейди Худованд”».

Бизнинг оиламиз тор-мор бўлишимиз омили бўла оладими?

Оила – бу биз учун омиллар орасида энг оғриқли воситалардан биридир. Чунки бизни Исо Масиҳдай қилишда Худо бу восита ёрдамидан фойдаланади. Бизни покланишимиз ёки тўғриланишимиз учун, Худонинг турмуш ўртоғимиз ёки рафиқамиздан фойдаланиши бизга асло ёқмайди. Фарзандларимиз бизга қулоқ солмай камчиликларимизни юзимизга айтишганда, ёки биз Раббийга қулоқ тутмаётганимизни очиқ-ойдин гапиришганда, албатта бундай ҳолат бизга ёқмайди.

ХУДОВАНД ТАЪСИР ЭТИШ КУЧИНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ

Худонинг Ўзи мақсадни белгилайди, шарт-шароитларни кўриб чиқади ва бизни тор-мор қилиш воситаси сифатида танлаб олади. Унинг Ўзи бу воситанинг таъсир этиш кучини назорат ҳам қилади. Биз қандай юкни кўтара олишимизни ва бажаришимизни У жуда яхши билади. Бизни тор-мор қилиш учун зарур бўлган босим даражасини ҳам У билади.

Худо тор-мор қилиш чегарасини ўрнатади. Шунингдек, тор-мор қилиш вақти қанчалик давом этиши, биз бошимиздан ўтказишимиз керак бўлган азоб-уқубатлар ва дард-аламлар меъёри ҳам У томондан белгиланади. Ҳа, бизнинг ҳаётимизга йўл қўйилган ташвишлар ўлчовини Худо тайин қилади.

Қўйилган икки шартлардан бири бажарилганда, Худованд тор-мор қилиш жараёнини якунлайди:

Биринчиси: бизнинг иродамиз букилган, биз Худога итоат этамиз. Агар биз ўз иродамизни тўлиқ Худонинг иродасига бўйсундирсак, барча шарт-шароитлар ўзгаради ва бизга У таъсир кўрсатган восита ва ноўрин ҳолатлар ҳаётимиздан йўқ қилинади.

Иккинчиси: таъсир этиш кучи ҳалокатли бўлиб, Худонинг бизга нисбатан кўзлаган мақсадларининг бажарилишига ҳалақит бериши мумкин. Худо биз учун олдиндан белгилаган хизматни олиб боришимизга лаёқатдан маҳрум қиладиган даражада ташвишлантирмайди. Чунки бу қарама-қарши натижаларни келтириб чиқариши мумкин. Худо бизни йўқ қилишга интилмайди, У бизни нималаргадир ўргатишни ва тайёрлашни хоҳлайди.

Худога бўйсунмаслик - тор-мор бўлиш жараёнини узайтиради, холос   

Агар Худо бизни тор-мор қилмоқчи бўлганда, биз Унга қарши чиқадиган бўлсак, бундай ҳолат бизнинг вазиятимизни янада кескинлаштириши мумкин. Ва аксинча, агар биз Худонинг иродасига бўйсунсак, тор-мор бўлиш жараёни тезроқ якун топади. Шундай қилиб, биз бу жараённинг чўзилишига таъсир кўрсатишимиз мумкин. Тор-мор қилиш жойини биз белгиламаймиз, ҳаётий шарт-шароитларни биз яратмаймиз ва тор-мор қилиш воситасини ҳам биз танлаб олмаймиз. Бироқ биз таъсир этиш кучига ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатишимиз мумкин. Қандай қилиб? Худога хоҳлаб ёки хоҳламай итоат этиб. Худо бизнинг ҳаётимизда нималар қилишга интилаётганини қанчалик тез англасак, биз учун шунча яхши бўлади.

Биз тор-мор бўлишга қарши чиқишга интилганимизда, Худонинг бизга нисбатан таъсир кучини янада кучайтиришига тўғри келади.

Агар инсон узоқ муддат мобайнида Худога қарши чиқса, у ўлмайди, у фақатгина назардан четда қолади. Ҳеч ким бундай инсонга эътибор қилмайди. Унга ҳеч ким муҳтожлик сезмайди. У руҳий ўсишдан тўхтайди. Ва хавфли ҳолатда қолаверади.

Кунларнинг бирида бир аёл менга шундай гаплар билан мурожаат қилди:

-Худо чиндан ҳам хизматда мендан фойдаланганига бир неча йиллар бўлди. Олдинлари мен жамоатда жуда фаол хизмат қилар эдим, сўнгги пайтларда эса ишлар бир четда қолиб кетди. Раббий менинг хизмат қилишимни хоҳлайдими?

Мен ундан сўрадим:

-Худо сизнинг ҳаётингизда ниманидир ўзгартиришни истаганини сиз қачон чин кўнгилдан ҳис қилгансиз?

Аёл жавоб берди:

-Э-э, Раббий қачонлардир буни истаганини билмадим ҳам.

Мен сўроққа тутишни давом эттирдим:

-Сизнинг ҳаётингизда жиддий вазиятлар – ҳис-туйғуга тўла, руҳий ёки ҳаттоки жисмоний муаммолар юз берганми? Бундай муаммолардан ўзингизни қўярга жой тополмаганмисиз?

Аёл деди:

-Ҳа, ҳаммаси ўтиб кетди, вақт олий ҳакам экан.

Шунда мен сўрадим:

-Ана шу муаммолар туфайли сизнинг ҳаётингизда бирор ўзгариш бўлдими?

-Йўқ, - жавоб берди аёл. – Мен ниҳоятда матонатли инсонман. Мен ҳеч нарсани ўзгартирмадим, чунки менинг ўз қонун-қоидаларим бор.

Ана шунда мен унга дедим:

-Эҳтимол, ҳамма муаммо ана шундадир. Раббий сизни бошлаётган руҳий ўсиш йўлини кўрмас экансиз ва уни қабул қилмас экансиз, У сизга бирор хизматни ишониб топширмайди. Худо сизни шунчалик севдики, У сизнинг ўзгаришингизни истайди. У Сиз ўзгариб, Исо Масиҳга ўхшашингизни хоҳлайди. Худо сиз учун буюк келажак ҳозирлаб қўйган, бироқ сиз ўсиб-улғайиш ва ўзгаришга қаршилик кўрсатсангиз, У сизнинг ҳаётингизга нисбатан Ўзининг барча мақсадларини амалга ошира олмайди.        

Тор-мор бўлган, аммо йўқ қилинмаган

Худованд бизни тор-мор қилар экан, У бизнинг руҳимизни эмас, балки хоҳиш-истагимизни бўйсундирмоқчи бўлади. Унинг мақсади – бизни йўқ қилиш эмас, балки шифо топишга ва руҳий етукликка етаклашдир. У ҳаётимиз устидаги назоратни биз Худонинг ихтиёрига топширишимизни истайди.

Мен, Бутрус ўз ҳаёти устидаги назоратдан воз кечишни асло хоҳламаган, деб ўйлайман. Унинг оёқларини ювиш керакми ёки йўқми, Бутруснинг ўзи ҳал этишни истаган. Исо чиндан ҳам сув устидан юраётганига Бутруснинг ўзи ишонч хосил қилмоқчи бўлган. У Исо Ўзини қандан тарзда Мессия этиб эълон қилишини ҳаммадан ҳам Бутрус яхши биламан, деб ўйлаган.

Биз ҳаммамиз Бутрусга ўхшаб кетамиз. Бизларнинг ҳар биримиз бошқариш жиловларини кучимиз борича ўзимиз тутишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар доим ўз айтганларимизни исботлашга ва шундай қилишга интиламиз. Тор-мор қилиш жараёни туфайли Худо бизни шундай ҳолатга олиб келадики, биз нафақат ўз гапимизни тасдиқлашга ожизлик қилиб қоламиз, балки Унга шундай деб мурожаат қилишдан бошқа чора топа олмай қоламиз: “Раббий Исо, энди мен нима қилишим керак?”

Бутрус чин юракдан қуйидагича гапларни айтиши учун уч йил керак бўлди: “Ҳа, Раббий Исо, Сен менга нима десанг, мен ҳаммасини бажаришга тайёрман; Сен менинг ким ва қандай бўлишимни айтсанг, шундай бўламан. Мен ҳаммасини Сенинг ихтиёрингга топшираман”.

Исо хочга тортилгандан кейин Симон Бутрус яна балиқчилик билан шуғуллана бошлади. Исо уни кўл бўйидаги соҳилда учратди ва Бутрусдан сўради: “Бутрус, сен Мени яхши кўрасанми?”

Исо уч марта бу савол билан Бутрусга мурожаат қилди ва у уч марта шундай жавоб берди: “Ҳа, Раббий, мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан!”

Исо Бутрусга ниҳоятда ўзгача топшириқ берди: “қўйлар”га, яъни чўпонга муҳтож бўлган Ўзининг издошларига ғамхўрлик қилишни буюрди. Ва ниҳоят, Бутрус Худонинг иродасига тўлиқ бўйсунди. Раббий унга махсус хизматни инъом қилди, Эллигинчилар кунида эса унга бундай хизмат учун куч ва қудрат ато этди.

Сал кейинроқ Бутрус нима деб ёзганини тингланг: “...Худо мағрурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир...” (1 Бутрус 5:5). Ўз мактубида у Ҳикматлар Китобидаги оятдан жумла келтирган (қаранг: Ҳикматлар 3:34). Бу сўзларнинг маъносини Бутрус жуда яхши тушунган.

Муаллифи номаълум бўлган қуйидаги шеърий асар Бутрусга, қолаверса, сиз ва бизга яхши таниш бўлган тор-мор бўлиш жараёни ҳақида ҳикоя қилади:

Худо кимнидир ақлини киритишни истаса,

Уни руҳлантириб

Фақатгина рол ўйнашни эмас, балки

Барча нарсага ўргатишни хоҳлаганда,

Худо бутун борлиғини унга беришни

Чин дилдан истайди.

Токи дунё завқ олсин, -

Унинг сўзларига қулоқ тут, Унинг ишларини ўрган!

Худо кимни танлаган бўлса,

У нақадар мукаммал ва баркамолдир,

Абадият томонидан танлангандир у!

Худо уни сиқади,

Эзади ҳар дам.

Танлаганини уриб, фақат Ўзига таниш бўлган

Ажойиб шакл ясайди У!

Инсон қалби нола қилса ҳам,

У қўлларини самога чўзар!

Эгилади, бироқ синмайди у,

Токи Худо ортидан боришни истар экан у.

Худо кимни танлаётганини

Мукаммал билар,

Ўз қўйган мақсадига -

Албатта эришар.

Инсон Унинг порлашини англаши учун,

Кўплаб йўлларни У танлаб олади, -

Барча Ўз ҳаракатларини,

Унинг Ўзи билади.

Худо бизни тор-мор қилиш жараёнига чорлар экан, У хато қилмайди. Бизни тор-мор қилиш учун ҳаётимизнинг қайси соҳалари ўзгаришга муҳтож эканини ва бу учун қандай воситалардан фойдаланиш кераклигини У яхши билади. Шунингдек, У биз қандай синовлардан ўта олишимизни ҳам билади. У бизнинг малакамизни оширишни ва такомиллаштиришни хоҳлайди.

Хушхабар эса шундан иборатки, Худо ҳар доим биз учун энг зўр нарсаларни амалга оширишни истайди. Биз фақатгина уларни амалга ошириши учун Унга имкон берсак кифоя.


Книга на Узбекском языке: Страдание во благо (Чарльз Стенли)

В своей книге пастор Чарлз Стенли показывает, что страдания - это орудие, которое Бог использует для того, чтобы дать нам благословение. Такой взгляд на страдания - невероятная сила, способная помочь нам принять любые испытания и трудности, зная, что они послужат нам во благо.
Иногда жизненные обстоятельства причиняют нам такие страдания, что мы, кажется, не в состоянии перенести их. Смерть любого человека, потеря работы, продолжительная болезнь - все это несет в себе боль, навсегда изменяя нашу жизнь. Но в этом есть нечто большее: страдания могут принести нам такие благословения, которых мы не обрели бы иначе.
Как показывает Чарлз Стенли, Бог сокрушает нас, допуская трудные времена в нашей жизни, чтобы привести нас к духовной зрелости, более тесному общению с Собой, более эффективному служению. Бог обязательно даст нам сил, чтобы перенести страдания, Он обратит их во благо, даровав благословения, доступные лишь тем, кто был сокрушен.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак