Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



МАТТО

Кириш

 

Мазкур китоб Янги Аҳд туркумидаги тўртта Хушхабардан биринчисидир. Китоб муаллифи Матто Исонинг ўн икки шогирдидан бири бўлиб, Исонинг ҳаёти ва фаолиятини батафсил баён этган. Китоб таркибидаги “Ҳақиқий бахтиёрлик” (5:1-7:28), “Ибодат” (6:9-13) ва “Олтин қоида” (7:12) каби ҳикоялар ниҳоятда машҳур бўлиб, одамларга ёд бўлиб кетган.

Китобнинг асосий мавзуларидан бири Худога бўлган итоаткорликдир. Китобда Худога итоаткорлик тўғрисида 7 марта гапирилган. Биринчи бор бу ҳақда Исо сувга чўмдирилганда айтган эди, ўшанда У: “биз Худонинг амрини тўла бажаришимиз зарур”, деганди (3:15).

Муаллиф Матто Исонинг таълимоти ва фаолиятини кенг ёритди. У Эски Аҳд битиклари Исроил халқи учун катта аҳамиятга эгалигини билиб, пайғамбарларнинг башоратларига асосланган ҳолда, Исонинг Худо томонидан юборилган Масиҳ эканлигини асослади. Маттонинг бу китобни ёзишдан мақсади масиҳийларнинг эътиқоди Эски Аҳд битикларига мустаҳкам асосланганини кўрсатиш эди. Шу орқали у масиҳийларга имонда ўсишлари учун замин яратмоқчи бўлди.

Китоб Исонинг Ўз шогирдларига берган буюк амри билан якунланади: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан биргаман.” (28:18-20)

 

1–БОБ - МАТТО

 

Исо Масиҳнинг насл–насаби

 

11Иброҳим ва Довуд авлодидан бўлган Исо Масиҳнинг насабномаси қуйидагича:

 

Иброҳимдан Довудгача

 

2Иброҳимдан Исҳоқ туғилди.

Исҳоқдан Ёқуб туғилди.

Ёқубдан Яҳудо ва унинг ака–укалари туғилдилар.

3Яҳудо ва Тамарадан Параз ва Зараҳ туғилдилар.

Параздан Хазрон туғилди.

Хазрондан Oрам туғилди.

4Орамдан Оминадов туғилди.

Оминадовдан Нахшўн туғилди.

Нахшўндан Салмўн туғилди.

5Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди.

Бўаз ва Рутдан Обид туғилди.

Обиддан Эссай туғилди.

6Эссайдан шоҳ Довуд туғилди.

 

Довуд давридан Исроил халқи Бобилга сургун бўлган давргача

 

Шоҳ Довуд ва Уриёнинг собиқ хотинидан Сулаймон туғилди.

7Сулаймондан Рахабом туғилди.

Рахабомдан Абиё туғилди.

Абиёдан Осо туғилди.

8Осодан Ёҳушафат туғилди.

Ёҳушафатдан Йўрам туғилди.

Йўрамдан Уззиё туғилди.

9Уззиёдан Йўтом туғилди.

Йўтомдан Охоз туғилди.

Охоздан Хизқиё туғилди.

10Хизқиёдан Манаше туғилди.

Манашедан Омон туғилди.

Омондан Йўшиё туғилди.

11Исроил халқи Бобилга сургун қилинган даврда

Йўшиё Ехониёни ва бошқа ўғил фарзандларни кўрди.

 

Исроил халқи Бобилга сургун бўлган даврдан Исо давригача

 

12Исроил халқи Бобилга сургун қилингандан кейин

Ёхониёдан Шалтиёл туғилди.

Шалтиёлдан Зарубабел туғилди.

13Зарубабелдан Абиҳуд туғилди.

Абиҳуддан Элияқим туғилди.

Элияқимдан Азўр туғилди.

14Азўрдан Зодўх туғилди.

Зодўхдан Ахим туғилди.

Ахимдан Элиҳуд туғилди.

15Элиҳуддан Элазар туғилди.

Элазардан Маттан туғилди.

Маттандан Ёқуб туғилди.

16Ёқубдан Марямнинг эри Юсуф туғилди.

Марямдан эса Масиҳ деб аталган Исо туғилди.

17Шундай қилиб, Иброҳимдан Довудгача ҳаммаси бўлиб ўн тўрт насл, Довуддан Бобилдаги сургунгача ўн тўрт насл ва Бобилдаги сургундан Масиҳ туғилгунгача ўн тўрт наслдир.

 

Исо Масиҳнинг туғилиши

 

18Исо Масиҳнинг туғилиши шундай содир бўлди: Исонинг онаси Марям Юсуфга унаштириб қўйилган эди. Уларнинг никоҳидан олдин Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор эканини билди. 19Марямнинг бўлғуси эри Юсуф солиҳ одам бўлиб, Марямни шарманда қилишни истамай, бировга билдирмасдан фотиҳасини бузмоқчи бўлди. 20Юсуф бу ҳақда ўйлаб юрганда, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди: “Эй Довуд ўғли Юсуф! Марямга уйланишдан қўрқма, чунки қорнидаги бола Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган. 21Марям Ўғил туғади, Унинг исмини Исо қўясан, чунки У Ўз халқини гуноҳлардан қутқаради.”

22Бу барча воқеалар Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:

23“Қиз ҳомиладор бўлади, у ўғил туғади,

Унинг исмини Иммануил, деб қўйишади.”

Иммануил “Худо биз билан” деганидир.

24Юсуф уйғониб кетди. Эгамизнинг фариштаси буюргандек, у Марямга уйланди. 25Аммо Марям Ўғил туғмагунича унга яқинлашмади. Бола туғилганда эса Юсуф Унга Исо деб исм қўйди.

 

2–БОБ - МАТТО

 

Шарқдан келган мунажжимлар

 

1Исо шоҳ Ҳироднинг ҳукмронлиги даврида, Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида туғилган эди. Орадан кўп ўтмай шарқдан Қуддусга мунажжимлар келишди. 2Улар:

— Яҳудийларнинг янги туғилган шоҳи қаерда? — деб сўрадилар. — Биз Унинг юлдузи чиққанини кўрдик. Унга таъзим қилгани келдик.

3Бу гапни эшитиб шоҳ Ҳирод ҳам, бутун Қуддус аҳолиси ҳам безовталаниб қолди. 4Ҳирод барча бош руҳонийларни ва Таврот тафсирчиларини тўплаб, улардан: “Масиҳ қаерда туғилиши керак?” деб сўради. 5Улар шундай жавоб бердилар:

— Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида, чунки пайғамбарнинг битикларида шундай ёзилган:

6“Эй Яҳудо юртидаги Байтлаҳм!

Сен Яҳудонинг буюк шаҳарларидан ҳеч кам эмассан.

Зеро, сендан бир ҳукмдор чиқади,

У халқим Исроилга чўпонлик қилади.”

7Шундан кейин Ҳирод ҳеч кимга билдирмай мунажжимларни чақириб, улардан юлдуз пайдо бўлган аниқ вақтни билиб олди. 8Сўнг уларни Байтлаҳмга жўнатаётиб, деди:

— Байтлаҳмга боринглар, чақалоқ тўғрисида ҳамма нарсани аниқ билиб олинглар. Чақалоқни топганларингиздан кейин, менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, Унга таъзим қилайин.

9-10Мунажжимлар шоҳнинг сўзларини эшитиб бўлиб, йўлга тушдилар. Уларга олдин кўринган юлдуз яна пайдо бўлди, мунажжимлар роса хурсанд бўлдилар. Юлдуз уларга йўл кўрсатиб борди ва ниҳоят, чақалоқ ётган жой тепасига келиб тўхтади. 11Мунажжимлар уйга кириб, чақалоқни ва Унинг онаси Марямни кўрдилар. Тиз чўкиб, чақалоққа таъзим қилдилар. Сўнг хазиналар солинган қутичаларини очиб, Унга олтин, хушбўй тутатқилар ва миррани тортиқ қилдилар. 12Ҳироднинг олдига қайтмасликлари тўғрисида улар тушларида огоҳлантирилгандан кейин, бошқа йўл билан ўз юртига қайтиб кетдилар.

 

Юсуф Марям ва чақалоқни олиб, Мисрга қочади

 

13Мунажжимлар кетганларидан кейин, Эгамизнинг бир фариштаси Юсуфга тушида зоҳир бўлиб деди: “Тур! Чақалоқ билан онасини олиб, Мисрга қоч. Чунки Ҳирод чақалоқни топиб, ўлдирмоқчи. Мен сенга айтмагунимча, Мисрда қол.”

14Юсуф ўрнидан туриб, чақалоқ билан Марямни олди–ю, тунда Мисрга жўнади. 15Ҳироднинг ажали етгунича, у ерда қолди. Эгамизнинг пайғамбар орқали: “Мен Ўғлимни Мисрдан чақириб олдим”, деб айтган башорати бажо бўлиши учун бу воқеа юз берганди.

 

Байтлаҳмда чақалоқлар ўлдирилади

 

16Ҳирод, мунажжимлар уни алдаб кетганини билиб, ғазабга минди. У Байтлаҳмдаги ва унинг атрофларидаги икки ёшгача бўлган ҳамма ўғил болаларни қиличдан ўтказишни буюрди. Чунки мунажжимларнинг айтгани бўйича юлдуз тахминан икки йил олдин чиққан эди. 17Шундай қилиб, Еремиё пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлди:

18“Рама шаҳридан бир нидо эшитилур,

Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу.

Болалари учун йиғлар Роҳила,

Овунишни хоҳламас, чунки улар энди йўқ.

 

Юсуф оиласи билан Мисрдан қайтиб келади

 

19Ҳирод вафот этгандан кейин Юсуф Мисрда экан, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди: 20“Тур, бола билан онасини олиб, Исроил юртига қайтиб бор. Боланинг жонига қасд қилганлар оламдан ўтди.”

21Шунда Юсуф бола билан Марямни олиб, Исроил юртига йўл олди. 22Аммо Яҳудияда Ҳирод ўрнига унинг ўғли Архелай ҳукмронлик қилаётганини эшитиб, у ерга боришга қўрқди. Сўнг тушида хабар олгандан кейин, Жалила вилоятига йўл олди. 23У ерга бориб, Носира деган шаҳарга жойлашди. Шундай қилиб, Эгамиз пайғамбарлар орқали: “Уни Носиралик деб атайдилар”, деб айтган башорати бажо бўлди.

 

3–БОБ - МАТТО

 

Яҳё чўмдирувчининг келиши

 

1Ўша кунларда Яҳё чўмдирувчи Яҳудия чўлида ваъз қила бошлади. 2У одамларга: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!” — деб айтарди. 3Яҳё тўғрисида Ишаё пайғамбар шундай деган эди:

“Саҳрода бир овоз янграмоқда:

Эгамизга йўл ҳозирланг,

Унга тўғри йўл очинг!”

4Яҳё туя жунидан тўқилган кийим кийиб, чарм камар тақиб юрарди. Унинг егулиги чигиртка ва ёввойи асал эди.

5Унинг олдига бутун Қуддус шаҳридан, Яҳудия ўлкасидан ва Иордан дарёси атрофларидан одамлар келарди. 6Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё эса уларни Иордан сувига чўмдирарди.

7Фарзий ва саддуқий мазҳабларидан бўлган кўп одамлар сувга чўмдирилиш учун келаётганларини Яҳё кўриб, деди: “Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким уқтирди? 8Тавбага яраша самара беринглар! 9Ўзингизча: “Биз Иброҳим наслиданмиз”, деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир.

10Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади. 11Тавба қилганингизни кўрсатиш учун мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин ортимдан мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот келмоқда. Мен Унинг чориқларини кўтариб юришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради. 12Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойини омборга тўплаб, сомонни сўнмас оловда ёндириб юборади.”

 

Исо сувга чўмдирилади

 

13Шу орада Исо Жалиладан Иордан дарёси бўйига борди. У Яҳё томонидан сувга чўмдирилмоқчи эди. 14Лекин Яҳё Исони тўхтатмоқчи бўлиб деди:

— Аслида Сиз мени сувга чўмдиришингиз керак! Сиз бўлсангиз менинг олдимга келдингиз!

15Исо унга деди:

— Келинг, бу сафар шундай бўла қолсин. Ахир биз Худонинг иродасини тўла бажаришимиз зарур.

Шундан кейин Яҳё рози бўлди. 16Исо сувга чўмдирилди. У сувдан чиққан заҳоти, осмон очилиб кетди ва Исо Ўз устига Худонинг Руҳи каптар шаклида тушиб қўнганини кўрди. 17Шу пайт осмондан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан ниҳоятда мамнунман”, — деган овоз келди.

 

4–БОБ - МАТТО

 

Исони иблис васвасага солади

 

1Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди. 2Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди. 3Шунда иблис келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин!

4Исо унга жавобан деди:

— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”

5Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, 6шундай деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку:

“У сен тўғрингда фаришталарига амр беради,

Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин, дея

Фаришталар қўлларида сени кўтариб боради.”

7Иблисга Исо деди:

— “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган.

8Сўнг иблис Исони баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб, 9деди:

— Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман. 10Шунда Исо деди:

— Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил” деб ёзилган–ку!

11Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.

 

Исо Жалилада хизматини бошлайди

 

12Исо Яҳёнинг ҳибсга олинганини эшитгач, Жалилага қайтиб борди. 13У Носира шаҳрида қолмай, Кафарнаҳумга бориб ўрнашди. Кафарнаҳум шаҳри Забулун ва Нафтали ҳудудидаги Жалила кўли бўйида жойлашган эди. 14Шундай қилиб, Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:

15“Эй Забулун ва Нафтали юрти!

Иорданнинг нариги томонида жойлашган,

Денгиз йўлидаги ғайрияҳудийлар Жалиласи!

16Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,

Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.”

17Шу кундан бошлаб Исо: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди”, — деб ваъз қиладиган бўлди.

 

Исонинг дастлабки шогирдлари

 

18Исо Жалила кўли бўйлаб кетаётган эди, икки ака–укани кўриб қолди. Бирининг исми Бутрус деб аталувчи Шимўн, укасиники Идрис эди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар. 19Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар, Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.” 20Шу заҳотиёқ иккала ака–ука тўрларини қолдириб, Исога эргашдилар.

21Исо бир оз юргандан кейин, Ёқуб ва Юҳанно деган икки ака–укани кўриб қолди. Улар отаси Забадий билан қайиқда тўр ямаётган эдилар. Исо уларни ҳам чақирди. 22Улар ҳам дарҳол қайиқни ва отасини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашдилар.

 

Исо таълим беради ва хасталарни даволайди

 

23Исо бутун Жалила вилоятини кезиб юрарди. У синагогаларда таълим бериб, Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қиларди, одамларнинг ҳар хил хасталиклари ва дардларига шифо берар эди. 24Исо ҳақидаги хабар бутун Сурияга ёйилди. Турли–туман дарду иллатлардан қийналиб юрганларни, жинга чалинганларни, тутқаноқ ва шол касалига йўлиққанларнинг ҳаммасини Исонинг олдига келтиришарди. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берарди. 25Жалиладан, Декаполисдан, Қуддусдан, Яҳудиядан ва Иорданнинг нариги томонидаги ерлардан кўплаб одамлар Исога эргашиб келарди.

 

5–БОБ - МАТТО

 

Ҳақиқий бахтиёрлик

 

1Исо катта бир оломонни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. 2Исо шогирдларига таълим бериб, гап бошлади:

3“Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир,

Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.

4Йиғлаётганлар бахтлидир,

Чунки улар тасалли топадилар.

5Камтарин бўлганлар бахтлидир,

Чунки улар ер юзига эга бўладилар.

6Адолатга ташна бўлганлар бахтлидир,

Чунки Худо уларни қондиради.

7Раҳмдил бўлганлар бахтлидир,

Чунки улар раҳм–шафқат топадилар.

8Покдил бўлганлар бахтлидир,

Чунки улар Худони кўрадилар.

9Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир,

Чунки улар Худонинг фарзандлари деб аталадилар.

10Худонинг йўлидан юргани учун

Қувғин бўлганлар бахтлидир,

Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.

11Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар! 12Севининглар, хурсанд бўлинглар. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам худди шундай қувғин бўлганлар.

 

Туз ва нур ҳақида

 

13Сизлар ернинг тузисизлар. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади? Бундай туз бошқа ҳеч нарсага ярамайди, уни оёқ остига ташлаб юборишади.

14Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тепаликка қурилган шаҳарни кўздан пинҳон тутиб бўлмайди. 15Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди. Аксинча, уни чироқпояга қўйишади, шунда чироқ уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик беради. 16Сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар.

 

Мусонинг қонуни ҳақида

 

17Мени, Таврот ёки пайғамбарларнинг битикларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келдим. 18Сизга чинини айтайин: еру осмон йўқ бўлиб кетиши мумкин. Аммо Тавротдаги на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади. Унда ёзилган ҳамма нарса амалга ошади. 19Шу боис ким бу амрларнинг энг кичигига ҳам риоя қилмай, уни бошқаларга бузиб ўргатса, Осмон Шоҳлигида энг кичик бўлади. Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ўргатса, Осмон Шоҳлигида буюк бўлади. 20Сизларга айтиб қўяй: агар сизларнинг солиҳлигингиз Таврот тафсирчилари ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, сизлар ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар.

 

Ғазаб ва жазо ҳақида

 

21Аждодларимизга шундай айтилганини эшитгансизлар: “Қотиллик қилма. Қотиллик қилган одам ҳукм қилинади.” 22Лекин Мен сизларга айтаман: ҳаттоки биродаридан ғазабланган одам ҳам ҳукм қилинади. Биродарини ҳақоратлаган одам олий маҳкамада жавоб беради. Биродарига: “Аҳмоқсан”, деган эса, дўзах оловига ташланади.

23Шундай экан, сиз эҳсонингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз нимадандир сиздан хафа эканлиги ёдингизга тушса, 24эҳсонингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг. Биринчи навбатда бориб, биродарингиз билан ярашинг, кейин келиб, эҳсонингизни назр қилинг.

25Биров сизни айблаб қозихонага олиб борса, вақтни бой бермай, йўлдаёқ айбловчингиз билан келишиб олинг. Акс ҳолда, айбловчингиз сизни қози олдига олиб боради, қози эса сизни миршабга топширади. Сизни зиндонга ташлашади. 26Сизларга чинини айтай: охирги тийинингизни тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.

 

Зино ва ажралиш ҳақида

 

27“Зино қилма”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. 28Лекин Мен сизларга айтаман: агар сиз аёлга шаҳват билан қарасангиз, хаёлингизда у билан зино қилган бўласиз. 29Борди–ю, ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга ташлангандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир. 30Агар ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни кесиб ташлаб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга йўлиққандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.

31Яна дейилганки: “Ким хотини билан ажрашмоқчи бўлса, унга талоқ хатини ёзиб берсин.” 32Лекин Мен сизларга айтаман: ким бевафолик айбидан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашса, унга зино қилишга сабаб топиб беради. Шунингдек, ким ажрашган хотинга уйланса, зино қилган бўлади.

 

Қасам ҳақида

 

33Аждодларимизга: “Ичган қасамингдан қайтма. Эгамизга берган ваъдаларингни бажаргин”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. 34Лекин Мен сизларга айтаман: умуман қасам ичманглар. Осмон ҳақи дея қасам ичманглар, чунки осмон Худонинг тахтидир. 35Ер ҳақи дея қасам ичманглар, чунки ер Худонинг пойандозидир. Қуддус ҳақи дея ҳам қасам ичманглар, чунки Қуддус буюк Шоҳнинг шаҳридир. 36Бошингиз ҳақи ҳам қасам ичманглар, чунки ўзларингиз сочингизнинг бир толасини ҳам оқ ёки қора қила олмайсиз. 37Сизларнинг сўзингиз фақат “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса ёвуз шайтондандир.

 

Ёмонликни яхшилик билан енгиш ҳақида

 

38Сизлар: “Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. 39Лекин Мен сизларга айтаман: сизга ёмонлик қилган одамга қаршилик кўрсатманг. Агар кимдир ўнг чаккангизга урса, унга чапини ҳам тутинг. 40Ким сиз билан даъволашиб, кўйлагингизни олмоқчи бўлса, унга тўнингизни ҳам бериб юборинг. 41Биров сизни бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан бирга икки чақирим юринг. 42Сиздан сўраганга беринг, сиздан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг.

 

Душманларингизни севинглар

 

43“Биродарингни яхши кўр, душманингдан нафратлан”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. 44Лекин Мен сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар. Сизларни қувғин қилганлар учун ибодат қилинглар. 45Шунда сиз осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради. 46Агар сизни яхши кўрганларнигина яхши кўрсангиз, сизларга қандай мукофот бўлади? Ахир, солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими? 47Агар сиз фақат биродарларингиз билангина саломлашсангиз, бошқалардан нима фарқингиз қолади?! Ахир, бутпарастлар ҳам худди шундай қилишмайдими?!

48Осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.”

 

6–БОБ - МАТТО

 

Садақа ҳақида

 

1“Эҳтиёт бўлинглар, савобли ишингизни одамларга кўз–кўз қилманглар. Акс ҳолда осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар.

2Бировга садақа берганингиз ҳақида ҳаммага жар солиб юрманглар. Иккиюзламачиларгина одамлардан олқиш олиш учун синагогаларда ва кўча–кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотини олиб бўлганлар. 3Сиз эса садақа бераётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин. 4Садақангизни ҳеч кимга билдирмай беринг. Яширинча қилган бу ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.”

 

Ибодат ҳақида

 

5“Ибодат қилганингизда, иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Улар ўзларини ҳаммага кўрсатиш учун синагогаларда ва кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадилар. Сизларга чинини айтай: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар. 6Сиз эса ибодат қилаётганингизда ичкари хонага кириб, эшикни беркитиб олинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин қилган ишларингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди. 7Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. 8Уларга ўхшаманглар, чунки Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади.

9Сизлар эса шундай ибодат қилинглар:

Бизнинг осмондаги Отамиз!

Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.

10Сенинг Шоҳлигинг келсин.

Осмонда бўлгани каби,

Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин.

11Бугунги ризқимизни бергин.

12Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек,

Сен ҳам гуноҳларимизни кечиргин.

13Бизни васвасага дучор қилмагин,

Аммо ёвуз шайтондан халос қилгин.

14Агар сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. 15Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.”

 

Рўза ҳақида

 

16“Рўза тутаётганингизда, иккиюзламачилар каби қовоқ солиб юрманглар. Улар рўза тутаётганларини бошқаларга кўрсатиш учун ювиниб, таранмайдилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар. 17Сизлар рўза тутганларингизда юзларингизни ювиб, сочларингизни тараб юринг, 18токи рўза тутганингизни яширин бўлган Отангиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Шунда яширин қилган ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.”

 

Самовий хазина ҳақида

 

19“Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди, занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди. 20Аксинча, ўзларингиз учун осмонда бойлик йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди. 21Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.

22Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. 23Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз.

24Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”

 

Тирикчилик ташвишлари ҳақида

 

25“Шунинг учун сизларга айтаман: “Тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?! 26Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку! 27Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! 28Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. 29Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биридай кийинмаган. 30Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!

31Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. 32Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку! 33Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайида бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга берилади. 34Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.”

 

7–БОБ - МАТТО

 

Бошқаларни ҳукм қилманглар

 

1“Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. 2Сизлар бошқаларни қандай ҳукм қилсангизлар, Худо ҳам сизларни худди шундай ҳукм қилади. Сизлар бошқаларни ҳукм қилганда қандай ўлчовдан фойдалансангизлар, Худо ҳам сизни ҳукм қилганда худди ўшандай ўлчовдан фойдаланади. 3Нега сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан? 4Ўз кўзингда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлайлик”, — деб айтасан? 5Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.

6Муқаддас бўлган нарсани итларга берманг, марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанг. Акс ҳолда, улар муқаддас нарсаларингизни оёқ ости қилиб, ўзингизни ҳам тилка–пора қиладилар!”

 

Худодан сўранглар

 

7“Сўранг, сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади. 8Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. 9Орангиздан қайси бир ота ўғли нон сўраганда, унга тош беради? 10Ёки балиқ сўраганда, унга илон беради? 11Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Отангиз ҳам Ундан сўраганларга аъло неъматлар беришга қанчалар тайёр!

12Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар. Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир.”

 

Нажот эшиги тор

 

13“Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза энли, йўли ҳам кенгдир. Бу йўлдан юраётганлар кўп. 14Ҳаётга олиб борадиган эшик эса жуда тор, йўли энсиздир. Бу йўлни топадиганлар оз.”

 

Дарахт ва унинг меваси

 

15“Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй пўстинида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир. 16Уларнинг кимлигини қилган ишларидан билиб оласиз. Ахир, тиканзордан узумни, янтоқдан анжирни териб бўлмайди–ку! 17Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. 18Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди. 19Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса кесилиб, оловга ташланади. 20Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласизлар.

21Мени “Ё Раббий, ё Раббий!” деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради. 22Қиёмат кунида кўплар Менга шундай дейдилар: “Ё Раббий, ё Раббий, биз Сенинг номинг билан ваъз қилган эдик! Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқаргандик! Сенинг номинг билан кўп мўъжизалар қилган эдик–ку!” 23Мен эса уларга дейман: Мен сизларни асло танимайман! Йўқолинглар, эй бадкирдорлар!”

 

Доно ва аҳмоқ бинокор

 

24“Ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилса, уйини тош устига қурган доно одамга ўхшайди. 25Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун уй қуламабди. 26Бироқ ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилмаса, ўз уйини қум устига қурган аҳмоқ одамга ўхшайди. 27Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Уй қулаб, бутунлай вайрон бўлибди!”

28Исо бу гапларини айтиб бўлгандан кейин, оломон Унинг таълимотидан ҳайратга тушди. 29Чунки Исо Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгасидай таълим берар эди.

 

8–БОБ - МАТТО

 

Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради

 

1Исо тоғдан тушганда катта бир оломон Унинг орқасидан эргашди. 2Шу орада тери касаллигига чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, деди:

— Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан Сиз поклай оласиз.

3Исо қўлини узатиб, унга теккизди–да:

— Истайман, пок бўл! — деди. Тери касаллигига чалинган одам шу заҳоти дардидан фориғ бўлди. 4Исо унга деди:

— Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.

 

Римлик юзбошининг имони

 

5Исо Кафарнаҳум шаҳрига кириб келганда, бир Рим юзбошиси Унинг олдига келиб, ёлворди:

6— Ҳазрат, хизматкорим уйда тўшакка михланиб ётибди. У қаттиқ азоб чекяпти.

7— Майли, Мен бориб, хизматкорингизни соғайтираман, — деди Исо. 8Юзбоши шундай деди:

— Ҳазрат! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади. 9Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.

10Исо юзбошининг бу гапини эшитиб, ҳайратланди. У орқасидан эргашиб келаётганларга деди:

— Сизларга чинини айтайин: Мен Исроилда бундай кучли имонга эга бўлган биронта одамни учратмадим. 11Сизларга шуни айтаман: кўп одамлар шарқу ғарбдан келиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга Осмон Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар. 12Осмон Шоҳлигининг меросхўрлари эса ташқаридаги зулматга қувиб чиқарилади. Улар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.

13Кейин Исо юзбошига деди:

— Боринг, сиз ишонганингиздай бўлсин.

Юзбошининг хизматкори ўша заҳоти соғайиб кетди.

 

Исо кўп одамларга шифо беради

 

14Исо Бутруснинг уйига келганда, унинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётганини кўрди. 15Исо унинг қўлига тегиши билан иситмаси тушди. Аёл туриб, Унга хизмат қилди.

16Кеч кирганда Исонинг олдига жин чалган кўплаб одамларни олиб келишди. У сўз билан жинларни қувиб чиқарди, хаста одамларнинг ҳаммасига шифо берди. 17Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги айтган сўзи бажо бўлди:

“Дардларимизни у ўзига олди,

Оғриқларимиздан бизни фориғ қилди.”

 

Исога эргашиш шартлари

 

18Исо атрофида бир талай оломонни кўриб, шогирдларига кўлнинг нариги томонига ўтишни буюрди. 19Шу пайт Таврот тафсирчиси Исонинг олдига келиб деди:

— Устоз, қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман.

20Исо унга шундай деди:

— Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.

21Шогирд бўлган бошқа бир одам эса Исога:

— Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди. 22Исо эса Унга деди:

— Сен ортимдан юр. Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар.

 

Исо бўронни тинчитади

 

23Исо қайиққа тушди, шогирдлари ҳам Унга эргашиб, қайиққа тушдилар. 24Шу орада кўлда бўрон кўтарилди, тўлқинлар қайиқни сувга тўлдира бошлади. Исо эса ухлаётган эди. 25Шунда шогирдлари Исонинг олдига бориб:

— Ҳазрат, бизни қутқаринг! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар. 26Исо уларга деди:

— Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар?

Сўнг туриб, шамолга ва тўлқинларга дўқ урди. Шу ондаёқ чуқур сукунат чўкди. 27Қайиқдагилар ҳайратланиб, бир–бирига:

— Бу ким бўлди экан–а? Ҳатто шамол ва тўлқинлар Унга бўйсунади–я! — дейишди.

 

Исо жин чалган икки одамга шифо беради

 

28Исо кўлнинг нариги қирғоғига, Гадара шаҳрининг яқинига етиб борди. Шунда жинга чалинган икки одам қабрлар орасидан югуриб чиқиб, Исони қаршилашди. Улар шунчалик ваҳший эдиларки, биронта одам у ердан ўта олмасди. 29Улар шундай деб бақиришди:

— Эй Худонинг Ўғли! Бизни тинч қўй! Сен бизга вақтидан олдин азоб бергани бу ерга келдингми?

30Улардан нарироқда катта бир чўчқа подаси озиқланаётган эди. 31Жинлар Исога ёлвориб:

— Агар бизларни қувиб чиқарадиган бўлсанг, унда чўчқа подасига юборгин, — дейишди. 32Исо уларга:

— Боринглар! — дейиши биланоқ, жинлар одамлар ичидан чиқиб, чўчқаларнинг ичига кириб олишди. Шу онда бутун чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, сувда нобуд бўлди. 33Чўчқа боқувчилар эса қочиб шаҳарга бордилар. Жинга чалинганлар билан бўлиб ўтган ҳодисани ҳаммага гапириб бердилар. 34Шунда бутун шаҳар аҳолиси Исонинг олдига борди. Уни кўргач, юртимиздан чиқиб кет, деб ўтиниб сўрадилар.

 

9–БОБ - МАТТО

 

Исо шолни соғайтиради

 

1Исо қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳум шаҳрига сузиб борди. У ўша пайтда Кафарнаҳумда яшарди. 2Исо шаҳарга кириши биланоқ бир неча киши Унинг олдига тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга:

— Дадил бўл, ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди. 3Шунда Таврот тафсирчиларидан баъзилари ўзларича: “Бу Одам куфрлик қиляпти–ку!” — дейишди. 4Уларнинг бу ўй–фикрларини билган Исо деди:

— Нега сизлар бундай ёмон нарсаларни ўйлайсизлар? 5Қайси бири осонроқ? “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми? 6Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.

Исо шундай деди–ю, шолга: — Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди. 7Шол ўрнидан туриб, уйига кетди. 8Оломон бу воқеани кўриб, қўрқиб кетди. Улар инсон зотига бундай ҳокимият берган Худони улуғладилар.

 

Исо Маттони чақиради

 

9Исо йўлда давом этаркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Маттони кўриб қолди. Исо унга:

— Ортимдан юр! — деди. Матто ўрнидан туриб, Исога эргашди.

10Бир оздан кейин Исо Маттонинг уйида меҳмон бўлди. Кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб, Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга дастурхон атрофига ўтирдилар. 11Фарзийлар буни кўриб, Исонинг шогирдларидан:

— Нега Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибди? — деб сўрадилар. 12Исо бу гапни эшитиб, уларга шундай жавоб берди:

— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир. 13Боринглар–да, Тавротдаги: “Мен қурбонлик эмас, раҳм–шафқат истайман”, деган оятнинг маъносини ўрганиб келинглар. Ахир, Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.

 

Рўза тутиш ҳақида савол

 

14Бир куни Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:

— Бизлар ва фарзийлар кўп рўза тутамиз, нега Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайдилар?

15Исо уларга деди:

— Куёв даврада бўлганда тўйдаги меҳмонлар қайғурадими? Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар. 16Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Чунки янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади. 17Шунингдек, янги шаробни ҳам эски мешга қуймайдилар. Чунки меш ёрилиб кетади, шароб ҳам тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуядилар, шунда униси ҳам, буниси ҳам сақланиб қолади.

 

Тирилган қиз, соғайган аёл

 

18Исо уларга бу сўзларни айтиб турганда, бир синагога оқсоқоли келиб қолди. У Исонинг олдида тиз чўкиб, шундай деб ёлворди:

— Қизим ҳозиргина вафот этди. Юринг, қизимга қўлингизни теккизинг, у тирилиб кетади.

19Исо ўрнидан туриб, шогирдлари билан ўша одамнинг орқасидан борди. 20Шу пайт ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди. 21У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам, соғайиб кетаман”, — деб ўйлаган эди.

22Исо орқасига ўгирилди. Аёлни кўриб, деди:

— Дадил бўл, қизим, ишончинг сени соғайтирди.

Аёл шу заҳоти дардидан халос бўлди.

23Исо синагога оқсоқолининг уйига етиб борганда, най чалувчиларни ва дод–фарёд қилаётган оломонни кўрди. 24Исо:

— Ҳаммаларингиз чиқинглар! — деб буюрди. — Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.

Одамлар Исонинг устидан кулишди. 25Оломон ташқарига чиқарилгандан сўнг Исо ичкарига кириб, қизчанинг қўлидан ушлади. Қизча ўрнидан туриб кетди.

26Бу хабар бутун атрофга ёйилди.

 

Исо иккита кўр одамга шифо беради

 

27Исо у ердан жўнаб кетаётганда, икки кўр Унинг орқасидан эргашганча дод солиб:

— Эй Довуд Ўғли Исо, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди. 28Исо уйга кирганда, кўрлар Унинг ёнига келишди. Исо улардан сўради:

— Сизларга шифо бера олишимга ишонасизларми?

— Ҳа, Ҳазрат! — деб жавоб беришди улар. 29Шунда Исо уларнинг кўзларига қўлини теккизиб:

— Сизларнинг ишончингизга яраша бўлсин, — деди. 30Уларнинг кўзлари очилиб кетди. Исо уларга:

— Буни ҳеч ким билмасин! — деб қатъий огоҳлантирди. 31Аммо улар ўша ердан чиқибоқ, бутун атрофга Исо ҳақида овоза қилдилар.

 

Исо соқов одамга шифо беради

 

32Улар кетгандан кейин, Исонинг олдига жин чалган бир соқовни олиб келишди. 33Исо жинни қувиб чиқаргандан кейин, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолиб:

— Исроилда бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмаган, — деди. 34Аммо фарзийлар шундай дердилар:

— У инс–жинслар ҳукмдорининг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.

 

Ҳосил мўл, ишчилар оз

 

35Исо ҳамма шаҳару қишлоқларга бориб, синагогаларда таълим берарди, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилиб, одамларнинг турли хасталигу дардларига шифо берарди. 36Исо оломонни кўриб, уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар.

37Шунда Исо шогирдларига деди:

— Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. 38Шунинг учун ҳосил Эгасидан: “Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор”, деб сўранглар.

 

10–БОБ - МАТТО

 

Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади

 

1Исо Ўзининг ўн икки ҳаворийсини ёнига чақириб, уларга ёвуз руҳларни қувиб чиқариш ва ҳар қандай дарду хасталикларни соғайтириш қудратини берди. 2Бу ўн икки ҳаворийнинг исмлари қуйидагичадир: биринчиси Бутрус деб аталган Шимўн, унинг укаси Идрис, Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно, 3Филип, Бартоломей, Тўма, солиқчи Матто, Алфей ўғли Ёқуб, Таддей, 4ватанпарвар Шимўн ва Исога хоинлик қилган Яҳудо Ишқариёт.

5Исо ўн икки ҳаворийни жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди: “Ғайрияҳудийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, Самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар. 6Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар. 7Борганларингизда: “Осмон Шоҳлиги яқинлашди”, деб эълон қилинглар. 8Хасталарни соғайтиринглар, ўликларни тирилтиринглар, тери касаллигига чалинганларни пок қилинглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар. 9Белбоғларингизга олтин, кумуш, ҳатто мис чақа ҳам қистириб олманглар. 10Йўлга тўрва ҳам, қўшимча кийим ҳам, чориқ ҳам, ҳасса ҳам олманглар. Чунки меҳнаткаш ўзининг нон–насибасига муносибдир.

11Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда муносиб одамни топиб, кетгунингизча ўша одамнинг уйида туринглар. 12Уйга кирганингизда: “Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин”, деб айтинглар. 13Агар у муносиб хонадон бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша хонадонда қолади. Агарда муносиб бўлмаса, тилаган тинчлигингиз ўзингизга қайтиб келади. 14Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, ўша уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар. 15Сизга чинини айтаман: қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳолидан ҳам баттар бўлади.”

 

Келажакдаги машаққатлар

 

16“Мен сизларни бўрилар орасига қўйлардай юборяпман. Сизлар илондай зийрак, каптардай оқ кўнгил бўлинглар. 17Инсонлардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки улар сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда калтаклайдилар. 18Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурига олиб борадилар, сизлар эса уларга ва ғайрияҳудийларга Мен ҳақимдаги Хушхабарни айтасизлар. 19Сизларни маҳкамага олиб боришганда: “Қандай гапирамиз, нима айтамиз”, деб хавотир олманглар. Нимани гапиришларингиз ўша вақтда сизларга билдирилади. 20Ўшанда сизлар эмас, балки Отангизнинг Руҳи сизлар орқали гапиради.

21Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар. 22Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади. 23Агар сизларни бир шаҳарда қувғин қилсалар, бошқасига қочиб боринглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли қайтиб келади.

24Шогирд устозидан устун эмас, қул ҳам ўзининг хўжайинидан устун эмас. 25Шогирд устозидай, қул хўжайинидай бўлса кифоя. Агар уй эгасини Баалзабул, яъни инс–жинслар ҳукмдори, деб атаган бўлишса, уй аҳлини ундан баттар ном билан аташади!”

 

Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида

 

26“Шундай бўлса–да, одамлардан қўрқманглар! Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. 27Сизга қоронғида гапираётганларимни ёруғда айтинглар. Қулоғингизга шивирлаб айтганларимни уйларнинг томи устидан бақириб, эълон қилинглар. 28Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Худодан қўрқинглар! Чунки У жонни ҳам, танани ҳам дўзахда ҳалок этишга қодир. 29Иккита чумчуқ бир тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Отангизнинг хоҳишисиз ерга тушмайди. 30Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. 31Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.”

 

Исога лойиқ бўлиш ҳақида

 

32“Ким Мени инсонлар олдида тан олса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни тан оламан. 33Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни рад этаман.

34Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, қилич олиб келганман. 35Ўғилни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнанасидан ажратиш учун келганман. 36Инсоннинг душманлари ўз уйидагилар бўлади. 37Кимки отасини ёки онасини Мендан ортиқ яхши кўрса, Менга лойиқ эмас. Кимки ўғлини ёки қизини Мендан ортиқ яхши кўрса, Менга лойиқ эмас. 38Кимки ўз хочини олиб, ортимдан юрмаса, Менга лойиқ эмас. 39Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини берган эса, уни асраб қолади.

40Сизни қабул қилган одам Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади. 41Кимки пайғамбарни пайғамбар бўлгани учун қабул қилса, пайғамбарга муносиб мукофотни олади. Кимки солиҳ одамни солиҳ бўлгани учун қабул қилса, солиҳга муносиб мукофотни олади. 42Агар сиз шогирдларимнинг энг кичигига у Менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берсангиз, албатта мукофотингизни оласиз, деб сизга чинини айтаман.”

 

11–БОБ - МАТТО

 

Исо Масиҳ ва Яҳё чўмдирувчи

 

1Исо ўн икки шогирдига кўрсатмаларни бериб бўлгандан кейин, яқин атрофдаги шаҳарларда таълим бериш ва ваъз айтиш учун кетди. 2Яҳё бу пайтда зиндонда эди, у Исонинг қилаётган ишларини эшитиб, шогирдларини Исонинг олдига 3шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”

4Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди:

— Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар: 5кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда. 6Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!”

7Яҳёнинг шогирдлари кетаётганларида, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапирди: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними? 8Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Башанг кийинганлар шоҳ саройида бўлади–ку! 9Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар! 10У ҳақда шундай ёзилган:

“Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,

У Сен учун йўлни ҳозирлайди.”

11Сизларга чинини айтай: бутун инсон зоти орасида Яҳё чўмдирувчидан улуғи йўқ. Аммо Осмон Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир. 12Яҳё чўмдирувчи давридан шу кунгача одамлар Осмон Шоҳлигига шафқатсиз ҳужум қилмоқдалар. Зўравонлар Осмон Шоҳлигини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқдалар. 13Яҳё чўмдирувчидан олдин бўлган ҳамма пайғамбарларнинг битикларида ва Таврот китобида Осмон Шоҳлиги ҳақида башорат қилинган. 14Агар бу башоратларга ишонишни истасангизлар, Яҳё — келиши башорат қилинган Илёсдир. 15Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!

16Бу наслни кимга қиёсласам бўлади? Улар болаларга ўхшайдилар, майдонда ўтириб олиб, шундай дея бир–бирларига бақирадилар:

17“Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз,

Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар қайғурмадингиз.”

18Яҳё келганда, у на еди, на ичди, шунинг учун ҳамма: “Уни жин урибди”, дейдилар. 19Инсон Ўғли келганда эса ҳам еди, ҳам ичди. Аммо Уни: “Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти”, дейдилар. Бироқ донолик тўғри эканлиги ўз натижасидан аён.”

 

Гуноҳкор шаҳарларнинг ҳолига вой

 

20Исо баъзи шаҳарларда кўп мўъжизалар кўрсатганди, аммо халқ ўз гуноҳлари учун тавба қилмади. Исо ўша шаҳарлар аҳолиларига таъна қилди: 21“Сенинг ҳолингга вой, эй Ҳоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, бошларига кул сочиб, тавба қилган бўлардилар. 22Бироқ сизларга айтайин: қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади. 23Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради! Агар сенда юз берган мўъжизалар Садўмда бўлганда эди, у шаҳар шу кунгача сақланиб қолган бўлар эди. 24Бироқ сенга айтайин: қиёмат кунида сенинг ҳолинг Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.”

 

Ҳориб–толганларга хушхабар

 

25Ўша вақтда Исо яна шундай деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукрлар айтаман. 26Ҳа Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.

27Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилни Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отани ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.

28Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизларга ором бераман. 29Менинг бўйинтуруғимни тақиб олинглар, Мендан ўрганинглар. Чунки Мен юмшоқ кўнгил ва камтаринман. Шунда сизларнинг жонларингиз ором топади. 30Ахир, Менинг бўйинтуруғим қулай, юким енгилдир.”

 

12–БОБ - МАТТО

 

Шаббат кунига риоя қилиш ҳақида

 

1Орадан кўп ўтмай Исо Шаббат куни буғдойзордан ўтиб бораётган эди. Оч қолган шогирдлари бошоқлардан узиб, донларини еярдилар. 2Фарзийлар буни кўриб, Исога:

— Қара, шогирдларинг Шаббат куни қонунга хилоф ишни қиляптилар! — дейишди.

3Исо уларга деди:

— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангизлар?! 4У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар. Довудга ва унинг ҳамроҳларига бундай нонларни ейиш тақиқланган эди! 5Ёки Шаббат кунида Маъбаддаги руҳонийлар Шаббат қонунини бузсалар ҳам, айбдор бўлмасликларини Тавротда ўқимаганмисизлар? 6Сизларга шуни айтай: бу ерда Маъбаддан ҳам улуғ бир Зот турибди. 7Агар сизлар: “Мен қурбонлик эмас, раҳм–шафқатни истайман”, деган сўзларнинг маъносини тушунганингизда эди, айбсиз одамларни ҳукм қилмаган бўлар эдингизлар. 8Зотан Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.

9Исо бу ердан кетиб, синагогага борди. 10У ерда қўли шол бир одам бор эди. Исони айбламоқчи бўлган баъзи одамлар Унга шундай савол бердилар:

— Қонунга кўра Шаббат куни хасталарга шифо бериш мумкинми?

11Исо уларга шундай жавоб берди:

— Агар бир дона қўйингиз бўлсаю, ўша қўйингиз Шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни чиқариб олмасмидингиз?! 12Одам эса қўйдан анча қадрлироқ–ку! Шунга кўра, Шаббат куни яхшилик қилиш қонунга мувофиқдир.

13Исо қўли шол одамга:

— Қўлингни узат! — деди. У қўлини узатиши биланоқ, қўли нариги қўлидай соппа–соғ бўлиб қолди.

14Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш учун тил бириктиришди.

 

Улуғ Халоскор Исо

 

Исо фарзийларнинг бу ниятини билиб, у ердан кетди. 15Бир талай оломон Исога эргашди. У хасталарнинг ҳаммасига шифо бериб, 16“Менинг кимлигимни айтманглар!” деб уларга буюрарди. 17Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:

18Мана Менинг қулим,

Ўзим уни танлаб олганман.

У кўнглимни мамнун этган суюклигимдир.

Мен унга Ўз Руҳимни бераман,

У адолатни элатларга эълон қилади.

19Жанжаллашмайди, бақирмайди,

Кўчаларда ҳеч ким унинг овозини эшитмайди.

20У эзилган қамишни синдирмайди,

Тутаётган пиликни ўчирмайди,

Қатъият билан адолат ўрнатади.

21Элатлар Унинг исмига умид боғлайди.”

 

Исо ва шайтон

 

22Шундан сўнг Исонинг олдига жин чалган бир одамни олиб келишди. У ҳам кўр, ҳам соқов эди. Исо унга шифо бергач, у гапирадиган ва кўрадиган бўлди. 23Бутун халқ ҳайратда қолиб: “Бу Довуднинг Ўғли эмасмикан?!” — дерди. 24Бу воқеани эшитган фарзийлар эса шундай дедилар: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.”

25Исо уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У шундай деди: “Ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик ҳувиллаб қолади, ўз ичидан бўлинган шаҳар ҳам, хонадон ҳам барбод бўлади. 26Агар шайтон шайтонни қувиб чиқарса, унинг шоҳлиги ўзаро бўлинган бўлади. Бундай шоҳлик қандай тура олади?! 27Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам улар сизларни ҳукм қилади. 28Агар Мен жинларни Худонинг Руҳи билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.

29Ким кучли одамнинг уйига бостириб кириб, унинг мол–мулкини талон–тарож қила олади? Аввал у уйнинг эгасини боғлаб қўйиши керак, кейингина уйини талон–тарож қила олади. 30Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.

31Шунинг учун сизларга айтаман: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади. Лекин Муқаддас Руҳга куфрлик қилганлар кечирилмайди. 32Ким Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга қарши сўз айтса, икки дунёда ҳам кечирилмайди.

33Яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. Ҳар бир дарахтнинг қандайлигини мевасидан билса бўлади. 34Вой илонлар зоти! Сизлар ёвуз бўла туриб, яхши нарса гапира олармидингиз?! Ахир, одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади! 35Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. 36Яна шуни айтиб қўяй: сизлар айтадиган ҳар бир бемаъни сўзингиз учун қиёмат кунида ҳисоб берасизлар. 37Сизлар ўз сўзларингиз асосида ё оқланасизлар, ёки айбланасизлар.”

 

Юнус пайғамбарнинг аломати

 

38Шунда Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан баъзилари Исога: “Устоз, бизга бир аломат кўрсатишингизни хоҳлар эдик”, — дедилар.

39Исо уларга жавобан деди: “Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. 40Юнус уч кечаю кундуз денгиз маҳлуқининг қорнида бўлганидай, Инсон Ўғли ҳам уч кечаю кундуз ер бағрида бўлади. 41Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки улар Юнуснинг ваъзини эшитганларида, тавба қилган эдилар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! 42Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!

43Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади, лекин топмайди. 44Сўнг: “Чиққан уйимга қайтиб бораман”, дейди. Уйига келганда, уйни кимсасиз, супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради. 45Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни эргаштириб келади ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади. Бу ёвуз насл ҳам худди ўша кўйга тушади.”

 

Исонинг онаси билан укалари

 

46Исо оломонга гапираётганда, онаси билан укалари Уни ташқарида кутиб турган эдилар. Улар Исо билан гаплашмоқчи эдилар. 47Кимдир Исога деди:

— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сиз билан гаплашмоқчи.

48Исо эса бу гапларни айтган одамга шундай жавоб берди:

— Менинг онам ким? Укаларим ким?

49Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб, деди:

— Мана, Менинг онам ва ака–укаларим! 50Осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирганлар Менинг ака–укам, опа–синглим ва онам бўлади.

 

13–БОБ - МАТТО

 

Уруғ сепувчи ҳақида масал

 

1Ўша куни Исо уйдан чиқиб, кўл бўйига бориб ўтирди. 2Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У қайиққа тушиб, ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди. 3Исо масал орқали халққа кўп нарсаларни ўргатди:

“Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди. 5Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ чуқур бўлмагани учун, уруғлар тез кўкариб чиқибди. 6Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди. 7Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди. 8Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Баъзилари юз, баъзилари олтмиш, баъзилари эса ўттиз баробар кўп ҳосил берибди. 9Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

 

Масалларнинг мақсади

 

10Шундан кейин шогирдлар келиб, Исодан сўрадилар:

— Нега одамларга масаллар билан гапиряпсиз?

11У шундай жавоб берди:

— Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш уларга эмас, сизларга берилган. 12Зеро, кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл–кўлчилик бўлади. Аммо кимда йўқ бўлса, бори ҳам тортиб олинади. 13Одамларга масаллар билан гапираётганимнинг сабаби шуки, улар қараб туриб кўрмайдилар, қулоқ солиб туриб, эшитмайдилар ва англамайдилар. 14Ишаёнинг башорати уларда бажо бўлган:

“Сизлар эътибор бериб тинглайсиз,

Лекин ҳеч қачон тушунмайсиз,

Яхшилаб қараб турасиз,

Аммо ҳеч қачон англамайсиз.

15Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлди,

Қулоқлари оғирлашди,

Улар кўзларини юмиб олишди.

Токи кўзлари билан кўрмасинлар,

Қулоқлари билан эшитмасинлар,

Ақллари билан англамасинлар,

Тағин Менга қайтиб, шифо топмасинлар.”

16Сизлар эса ниҳоятда бахтлисизлар! Ахир, сизларнинг кўзларингиз кўради, қулоқларингиз эшитади. 17Сизларга чинини айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча солиҳ одамлар сиз кўрганларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.

 

Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси

 

18“Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини англаб олинглар. 19Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги каломни эшитган, аммо тушуниб олмаган одамга ёвуз шайтон келиб, унинг юрагига экилган каломни ўғирлаб кетади. Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар ана шуларга ишорадир. 20Тошлоқ ерга сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар. 21Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоқ вақтга чидамайдилар. Калом туфайли қийинчилик ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар. 22Тиканлар орасига сепилган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар Худонинг каломини эшитадилар, лекин дунёнинг ташвишлари ва бойликка ўчлик каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади. 23Яхши тупроққа сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитиб, унинг маъносини тушуниб оладилар. Уларнинг баъзилари юз баробар, баъзилари етмиш баробар ва баъзилари ўттиз баробар мўл ҳосил берадилар.”

 

Бегона ўт ҳақида масал

 

24Исо уларга бошқа бир масал айтиб берди: “Осмон Шоҳлигини ўз даласига яхши уруғ сепган бир одамнинг вазиятига ўхшатса бўлади. 25Ҳамма ухлаб ётганда, душман келиб, буғдойзорга бегона ўт уруғини сепиб кетибди. 26Буғдой ўсиб, бошоқлай бошлаганда, бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқибди. 27Хизматкорлар келиб, хўжайинга айтибдилар:

— Хўжайин, далангизга яхши уруғ эккан эдингиз–ку! Манави бегона ўтлар қаёқдан пайдо бўлди экан?

28— Бу — душманнинг иши, — деб жавоб берибди хўжайин. Хизматкорлар хўжайинга:

— Истасангиз, биз бориб ўша ўтларни юлиб ташлаймиз.

29— Йўқ, — дебди у, — сизлар бегона ўтларни юлаётганларингизда, буғдойни ҳам қўшиб юлиб олишингиз мумкин. 30Майли, ўрим–йиғим пайтигача буғдой билан бирга бегона ўтлар ҳам ўсаверсин. Пайти келганда ўроқчиларга: “Аввал бегона ўтларни йиғиштириб, боғланглар–да, ёқиб юборинглар, кейин буғдойни йиғиштириб, омборхонамга жойланглар”, дейман.

 

Хантал уруғи ҳақидаги масал

 

31Исо уларга яна бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир одам ўз боғига сепган хантал уруғига ўхшайди. 32Хантал уруғларнинг энг майдаси бўлса–да, ўсиб чиққанда, ҳамма кўкатлардан баланд бўлади. У шундай дарахт бўладики, қушлар унинг шохларига уя қуради.”

 

Хамиртуруш бурдаси

 

33Исо уларга бошқа бир масални ҳам айтиб берди: “Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни уч тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”

34Исо буларнинг ҳаммасини оломонга масаллар билан гапирди. Масалсиз уларга ҳеч нарса тўғрисида гапирмасди. 35Шундай қилиб, пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари бажо бўлди:

“Оғзимни масалга очаман,

Дунё яратилгандан бери сир сақланганларни

Сизга эълон қиламан.”

 

Бегона ўт ҳақидаги масалнинг маъноси

 

36Шундан кейин Исо оломон олдидан кетиб, уйга кирди. Шогирдлари Исонинг олдига келиб:

— Бегона ўтлар ҳақидаги масални бизга тушунтириб беринг, — дедилар. 37Исо шундай жавоб берди:

— Яхши уруғ сепувчи Инсон Ўғлидир. 38Дала оламдир, яхши уруғлар — Осмон Шоҳлигининг одамлари, бегона ўтлар эса ёвуз шайтоннинг одамларидир. 39Бегона ўтларни сепган душман — иблис, ўрим–йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса фаришталардир.

40Бегона ўтларни йиғиштириб, оловда ёқишгандай, охирзамонда ҳам худди шундай воқеа юз беради. 41Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади. Фаришталар Унинг Шоҳлигидан гуноҳга ундаган ҳаммани ва барча бадкирдорларни йиғиб оладилар. 42Уларни ловуллаб турган ўчоққа ташлайдилар. Бадкирдорлар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар. 43Шунда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!

 

Яширилган хазина ҳақидаги масал

 

44“Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир одам уни топиб олибди. Уни яна яшириб, хурсанд бўлганидан бор–йўғини сотиб, у далани харид қилибди.”

 

Қимматбаҳо марварид ҳақида масал

 

45“Осмон Шоҳлиги нодир марварид излаётган бир савдогарга ўхшайди. 46Савдогар қимматбаҳо марваридни топганда, бор–йўғини сотиб, марваридни харид қилибди.”

 

Тўр ҳақида масал

 

47“Осмон Шоҳлиги балиқчилар денгизга ташлаган тўрга ўхшайди. Тўрга турли хил балиқлар тутилибди. 48Тўр тўлгач, балиқчилар уни қирғоққа тортиб чиқаришибди ва ўтириб, яхши балиқларни саватларга солишибди, ёмонларини эса ташлаб юборишибди. 49Охирзамонда ҳам худди шундай бўлади: фаришталар келиб, фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб олиб, 50ловуллаган ўчоққа ташлайдилар. Ўчоққа тушганлар қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.”

51Исо шогирдларидан сўради:

— Буларнинг ҳаммасини тушундингизларми?

— Тушундик, — деб жавоб берди улар. 52Исо уларга деди:

— Шундай экан, Осмон Шоҳлигига шогирд тушган ҳар бир Таврот тафсирчиси омборидан ҳам янги, ҳам эски нарсаларни олиб чиқаётган уй эгасига ўхшайди.

 

Исо Ўз юртида рад этилади

 

53Исо бу масалларни айтиб бўлгач, у ердан кетди. 54У она шаҳрига келиб, синагогада одамларга таълим берди. Одамлар эса ҳайратга тушиб дедилар:

— Бу Одам шунча доноликни ва мўъжиза кўрсатиш қудратини қаердан олган экан–а? 55Бу ўша дурадгорнинг ўғли эмасми?! Онасининг исми Марям, укалари Ёқуб, Юсуф, Шимўн ва Яҳудо–ку! 56Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди! Бундай буюк ишларни У қандай қилар экан–а?

57Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар. Исо эса уларга деди:

— Пайғамбар она шаҳридан ва ўз уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.

58Одамларнинг ишончсизлиги туфайли, Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсатмади.

 

14–БОБ - МАТТО

 

Яҳё чўмдирувчининг ўлими

 

1Шу орада вилоят ҳукмдори Ҳирод Исо тўғрисидаги хабарларни эшитиб, 2амалдорларига деди:

— Бу Яҳё чўмдирувчи эканлиги аниқ! У тирилиб келган, шунинг учун мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга.

3Унинг бу гапни айтишига сабаб шу эди: бундан анча вақт олдин Ҳирод Яҳёни ҳибсга олганди. У ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродия дастидан Яҳёни кишанлаб, зиндонга ташлаган эди. 4Чунки Яҳё унга: “Бу хотин билан яшашингиз қонунга зид”, — деб айтар эди. 5Ҳирод Яҳёни ўлдиришни хоҳлаган бўлса–да, халқдан қўрққан эди. Чунки одамлар Яҳёни пайғамбар деб билишарди.

6Хироднинг туғилган куни бўлганда, Хиродиянинг қизи ўртага чиқиб рақсга тушди. Қизнинг рақси Хиродга шунчалик ёқдики, 7Хирод унга: “Онт ичаман, сўраган нарсангни муҳайё қиламан”, деб ваъда берди. 8Қиз эса онасининг гапига кириб:

— Менга Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беринг! — деди.

9Шоҳ айтган гапидан афсус чекди, аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини бажаришни буюрди. 10У зиндонга одам юбориб, Яҳёнинг бошини олдирди. 11Унинг бошини лаганда келтириб қизга бердилар, қиз эса онасига олиб бориб берди. 12Яҳёнинг шогирдлари келиб, устознинг жасадини олдилар, уни дафн этдилар. Сўнг бориб, Исога хабар бердилар.

 

Исо 5000 кишини тўйдиради

 

13Яҳё ҳақидаги хабарни эшитгандан кейин, Исо қайиққа тушиб, ёлғиз Ўзи кимсасиз жойга сузиб кетди. Оломон эса бу ҳақда эшитиб, шаҳарлардан пиёда Унинг орқасидан эргашишди. 14Исо қайиқдан чиққанда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетиб, хасталарига шифо берди.

15Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:

— Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди. Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.

16Исо уларга деди:

— Кетишларига ҳожат йўқ, сизлар уларга овқат беринглар.

17— Бизда бор–йўғи бешта нон ва иккита балиқ бор, — деб жавоб берди шогирдлар.

18— Ўша нарсаларни Менга олиб келинглар, — деди Исо. 19У одамларга майсалар устига ўтиришни буюрди. Сўнг бешта нон билан иккита балиқни олди–да, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. У нонларни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлар нонларни одамларга тарқатишди. 20Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди. 21Аёллар ва болаларни ҳисобга олмаганда, тахминан беш мингга яқин одам нон еган эди.

 

Исо сув устида юради

 

22Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди. 23У одамларни кетқизиб юборгандан кейин, ибодат қилиш учун бир Ўзи тепаликка чиқди. Оқшом тушди, У ҳамон ўша ерда ёлғиз эди. 24Қайиқ эса қирғоқдан анча узоқлашиб қолганди. Шамол қайиққа қарши эсаётгани учун, тўлқинлар қайиққа келиб уриларди.

25Эрта саҳарда Исо кўл устида юриб, шогирдлари ёнига келди. 26Шогирдлар эса кўл юзида юриб келаётган Исони кўриб, қаттиқ ваҳимага тушишди. Қўрққанларидан:

— Бу арвоҳ–ку! — деб бақириб юборишди. 27Лекин Исо ўша заҳоти уларга:

— Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди. 28Шунда Бутрус:

— Ҳазрат, агар ҳақиқатан бу Сиз бўлсангиз, амр беринг, мен сув устида юриб Сизнинг олдингизга борай, — деди. 29Исо:

— Кел! — деди. Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганча Исо томон йўл олди. 30Аммо шамолнинг кучли эканлигидан қўрқиб кетди. У сувга чўка бошлаб:

— Ҳазрат, мени қутқаринг! — деб бақирди. 31Исо шу заҳоти қўлини чўзиб, Бутрусни ушлади–да:

— Эй имони суст, нега иккиландинг?! — деди.

32Улар қайиққа тушганларидан кейин, шамол тинди. 33Қайиқдагилар Исога сажда қилиб:

— Сиз ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлисиз! — дедилар.

34Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар. 35У ердаги одамлар Исони танидилар ва атрофга хабар юбориб, ҳамма хасталарни Исонинг олдига олиб келдилар. 36Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топишарди.

 

15–БОБ - МАТТО

 

Диний урф–одатлар ва Худонинг амри

 

1Қуддусданфарзийлар ва Таврот тафсирчилари Исонинг олдида келиб, шундай дедилар:

2— Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатларига амал қилмаяптилар? Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар?

3Исо уларга жавоб бериб деди:

— Ўзларингиз–чи? Нега ўз урф–одатингизни деб, Худонинг амрини бузиб юрибсизлар? 4Худо: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин”, деб айтган. 5Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: oдам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога инъом қилинган, — деса, 6— у ота–онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлади.” Шу тариқа сизлар ўз таълимотингиз билан Худонинг каломини бекор қиляпсизлар. 7Сизлар иккиюзламачисизлар! Ишаё пайғамбар сиз ҳақингизда тўғри айтган:

8“Бу халқ Мени тилдагина иззат қилади,

Юраклари эса Мендан узоқдир.

9Улар Менга сажда қиладилар,

Аммо саждалари беҳудадир.

Чунки улар инсон яратган қоидаларни

Илоҳий қонун, деб ўргатадилар.”

 

Инсонни нима ҳаром қилади?

 

10Кейин Исо халқни ёнига чақириб, деди:

— Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар! 11Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.

12Шунда шогирдлар Исонинг олдига бориб дедилар:

— Айтган бу гапингиз фарзийларга қаттиқ ботганини билдингизми?

13Исо шундай жавоб берди:

— Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар қандай ўсимлик илдизи билан суғуриб ташланади. 14Фарзийларга эътибор берманглар. Улар ўзлари кўр ва кўрларга йўлбошчилик қиладилар. Агар кўр одам кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга йиқилиб тушади.

15Шунда Бутрус:

— Халққа айтган гапингизни бизга тушунтириб беринг! — деди.

16— Шунчалик ҳам бефаҳм бўласизларми?! — деди Исо. — 17Оғизга кирадиган ҳар бир нарса қоринга ўтиб, керакли жойдан чиқиб кетишини наҳотки тушунмасангизлар? 18Аммо оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана ўшалар инсонни ҳаром қилади. 19Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғирлик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади. 20Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Ювилмаган қўл билан овқат ейиш эса инсонни ҳаром қилмайди.

 

Ғайрияҳудий аёлнинг ишончи

 

21Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди. 22Шу ерда яшайдиган бир канъонлик аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:

— Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!

23Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар:

— Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.

24Исо эса шундай деди:

— Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.

25Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да:

— Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди. 26Исо эса:

— Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.

27— Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.

28Шунда Исо:

— Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди. — Майли, сен истаганингдай бўлсин.

Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.

 

Исо кўп одамларга шифо беради

 

29Исо у ердан чиқиб, Жалила кўли бўйлаб кетди. Сўнг тоққа чиқиб, ўтирди. 30Исонинг олдига бир талай оломон келди. Улар ўзлари билан чўлоқ, кўр, майиб, соқов ва бошқа кўплаб хасталарни олиб келиб, Исонинг оёқлари томонига ўтқиздилар. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берди. 31Соқовларнинг гапирганини, майибларнинг соғайганини, чўлоқларнинг юрганини ва кўрларнинг кўзлари очилганини халқ кўриб, ҳайратда қолди. Улар Исроилнинг Худосини олқишладилар.

 

Исо 4000 кишини тўйдиради

 

32Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:

— Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ. Уларга овқат бермай жўнатиб юборишни хоҳламайман, йўлда ҳолдан тойиб қолишлари мумкин.

33Шогирдлари Унга:

— Шу қадар катта оломонни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда қаердан нон оламиз?! — дейишди.

34— Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо.

— Еттита нон ва озгина майда балиғимиз бор, — деди шогирдлар.

35Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди. 36Еттита нон ва балиқларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Нон ва балиқларни синдириб, тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди. 37Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, тўла етти сават чиқди. 38Болалар билан аёлларни ҳисобга олмаганда, нон еганларнинг сони тўрт мингта эди. 39Шундан кейин Исо одамларга кетишга ижозат берди, Ўзи эса қайиққа ўтириб, Магадан ҳудудига йўл олди.

 

16–БОБ - МАТТО

 

Замоннинг аломатларини билиш ҳақида

 

1Фарзий ва саддуқий мазҳабидагилар Исонинг олдига келиб, Уни синаб кўриш мақсадида:

— Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг. Шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз, — дедилар. 2Исо уларга шундай жавоб берди:

— Қуёш ботганда, сизлар, осмон қизғиш, ҳаво яхши бўлади, дейсизлар. 3Эрталаб эса, осмон қизил, ҳавонинг авзойи бузуқ, бугун бўрон бўлади, дейсизлар. Сизлар осмоннинг авзойига қараб, об–хавони аниқлай оласизлар–ку! Нега замон аломатларини талқин қила олмайсизлар?! 4Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.”

Исо уларни қолдириб кетди.

 

Фарзийлар ва саддуқийларнинг хамиртуруши

 

5Нариги қирғоққа етиб келган шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эдилар. 6Исо уларга деди:

— Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!

7Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олиб келмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар. 8Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди:

— Эй имони сустлар! Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар? 9Ҳали ҳам тушунмадингизларми? Беш мингта одамга бешта нонни бўлиб берганим эсингиздами? Ўшанда қолган–қутган нонлар билан қанча саватни тўлдириб олган эдингизлар? 10Ёки еттита нонни тўрт минг кишига бўлиб берганим–чи? Ўшанда, нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар? 11Мен сизларга нон ҳақида гапирмаганимни ҳали ҳам англамадингизларми? Мен силарга: “Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!” — деб айтяпман.

12Шундан кейин шогирдлар тушундиларки, Исо уларни нонга ишлатиладиган хамиртурушдан сақланиш тўғрисида эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантираётган экан.

 

Бутрус Масиҳни тан олади

 

13Исо Филип Қайсарияси атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради:

— Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?

14Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар:

— Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё, бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.

15Исо улардан сўради:

— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?

16Шимўн Бутрус жавоб бериб деди:

— Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!

17Исо Шимўн Бутрусга деди:

— Сен бахтлисан, эй Юнус ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган. 18Бутрус, сенга шуни айтай: сенинг исминг қоя–ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди. 19Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани тақиқласанг, осмонда ҳам тақиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, осмонда ҳам ижозат берилади.

20Бундан сўнг Исо: “Масиҳ эканимни ҳеч кимга айтманглар”, деб шогирдларига қатъий буюрди.

 

Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради

 

21Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига қуйидагиларни очиқчасига тушунтира бошлади: “Мен Қуддусга бориб, оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлида кўп азоб чекаман. Мени ўлдиришади, лекин учинчи куни Мен тириламан.” 22Шунда Бутрус Исони четга тортиб, шундай таъна қилди:

— Худо сақласин, Ҳазратим! Бошингизга асло бундай кунлар келмасин!

23Исо эса Бутрусга қараб:

— Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. — Мени йўлдан урма! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.

24Кейин Исо Ўз шогирдларига деди:

— Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва хочини кўтариб, орқамдан юрсин. 25Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади. 26Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?! Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?! 27Инсон Ўғли Ўз Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келганда, ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди. 28Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг Шоҳ бўлиб келганини кўрмагунча, ўлмайдилар.

 

17–БОБ - МАТТО

 

Исонинг қиёфаси ўзгаради

 

1Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига фақат Бутрус, Ёқуб ва Ёқубнинг укаси Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди. 2У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгарди: юзи қуёшдай порлаб, кийимлари кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди. 3Бирданига уларга Мусо билан Илёс зоҳир бўлишди. Улар Исо билан гаплашдилар. 4Бутрус Исога деди:

— Ҳазрат, яхши ҳам шу ерга келган эканмиз! Истасангиз, учта чайла ясайман: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

5У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, бирданига оппоқ булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут орасидан шундай овоз келди:

— Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!

6Шогирдлар овозни эшитганларида, шунчалик қўрқиб кетдиларки, ерга юз тубан йиқилдилар. 7Исо эса келиб, уларга қўл теккизди–да:

— Туринглар, қўрқманглар! — деди. 8Улар бошларини кўтариб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар.

9Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди:

— Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.

10Шогирдлари Ундан сўрадилар:

— Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс пайғамбар келиши керак, деб айтадилар?

11Исо уларга шундай жавоб берди:

— Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклаши керак. 12Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган. Аммо одамлар уни танимай, уни хоҳлаганича ҳўрладилар. Худди шунга ўхшаб, Инсон Ўғли ҳам одамлар қўлида кўп азоб чекади.

13Шунда шогирдлар тушундиларки, Исо уларга Яҳё чўмдирувчи тўғрисида гапираётган экан.

 

Исо жин чалган болага шифо беради

 

14Исо шогирдлари билан оломон олдига келганда, бир одам Исонинг олдида тиз чўкиб:

15— Ҳазрат, — деди, — ўғлимга раҳм қилинг! Унинг тутқаноқ касали бор, қаттиқ азоб чекмоқда. У кўпинча оловга ёки сувга йиқилиб тушади. 16Ўғлимни шогирдларингиз олдига олиб келгандим, аммо улар даволай олмадилар.

17Исо шундай деди:

— Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Болани бу ерга олиб келинглар!

18Исо жинга дўқ қилди. Жин боланинг ичидан чиқиб кетди, шу заҳоти бола соғайиб қолди.

19Шогирдлар Исо билан ёлғиз қолганларида, Ундан:

— Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар. 20Исо жавоб бериб деди:

— Етарли имонингиз йўқлиги учун шундай бўлди. Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди[1].

22Исо шогирдлари билан Жалилага қайтиб келгандан кейин, уларга деди:

— Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. 23Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади.

Шогирдлар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар.

 

Маъбад солиғи

 

24Исо билан шогирдлари Кафарнаҳумга келганларида, Маъбад солиғини йиғувчилар Бутруснинг олдига келиб:

— Устозингиз Маъбад солиғини тўламайдими? — деб сўрадилар.

25— Тўлайди! — деб жавоб берди Бутрус.

Бутрус уйга келгач, Исо биринчи бўлиб гапирди:

— Бутрус, сенинг фикринг қандай? Бу дунё шоҳлари солиқ ва божни кимдан йиғадилар? Ўзиникиларданми ёки бегоналарданми?

26— Бегоналардан–да, — деб жавоб берди Бутрус.

— Демак, ўзиникилар солиқдан озод экан–да, — деди Исо. — 27Аммо, уларни норози қилмайлик. Кўлга бориб қармоқ ташла. Биринчи илинган балиқни олиб оғзини очсанг, тўрт дирамлик тангани топасан. Тангани олиб, икковимиз учун солиқ тўла.

 

18–БОБ - МАТТО

 

Худо олдида ким буюк?

 

1Шу пайт шогирдлар Исонинг олдига келиб:

— Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади? — деб сўрадилар.

2Исо ёнига бир болани чақирди, уни ўрталарида турғизиб, 3деди:

— Сизларга чинини айтайин: агар сизлар ўзгармасангиз ва болалардай бўлмасангиз, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар. 4Агар ўзингизни мана шу бола сингари паст тутсангиз, Осмон Шоҳлигида энг каттаси бўласиз. 5Ким шундай бир болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади.

 

Васваса ва гуноҳ ҳақида

 

6“Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига чўктирилгани ўзи учун яхшироқ бўлар эди. 7Одамларни йўлдан оздирадиган васвасалар дастидан бу дунёнинг ҳолига вой! Васвасалар албатта келади, лекин васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!

8Агар йўлдан озишингга қўлинг ёки оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташлаб, улоқтириб юбор. Икки қўл ёки икки оёқ билан абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир. 9Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юбор. Икки кўзинг билан дўзах оловига тушгандан кўра, бир кўз билан абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.”

 

Адашган қўй ҳақида масал

 

10“Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар. Сизларга шуни айтай: осмонда уларнинг фаришталари доимо осмондаги Отамнинг жамолини кўриб туради[2]. 12Нима деб ўйлайсиз: агар бир одамнинг юзта қўйи бўлсаю, улардан бири адашиб қолса, у тўқсон тўққизини тоғларда қолдириб, адашиб қолганини излаб кетмайдими?! 13Агарда уни топиб олса, сизга чинини айтай: адашмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, шу битта қўй учун у кўпроқ севинади. 14Шу сингари осмондаги Отангиз ҳам бу кичиклардан биронтасининг йўқолиб қолишини истамайди.”

 

Гуноҳ қилган биродарга нисбатан муносабат

 

15“Агар биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига боринг. У билан якка ҳолда гаплашиб айбини юзига айтинг. Агар у сизга қулоқ солса, сиз орангиздаги биродарлик ришталарини тиклаган бўласиз. 16Агар сизга қулоқ солмаса, ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки “ҳар бир масала иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.” 17Агар биродарингиз уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айтинг. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни бутпараст ёки солиқчи деб ҳисоблаб, у билан алоқани узинг.

18Сизларга чинини айтайин: ер юзида сизлар нимани тақиқласангизлар, осмонда ҳам тақиқланади. Ер юзида сизлар нимага ижозат берсангизлар, осмонда ҳам ижозат берилади. 19Сизларга яна шуни ҳам айтай: ораларингиздан иккитангиз якдил бўлиб бирон нарса учун ибодат қилсангизлар, осмондаги Отам тилагингизни бажаради. 20Қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан.”

 

Раҳмсиз хизматкор ҳақида масал

 

21Шундан кейин Бутрус келиб Исога деди: “Ҳазрат, агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, уни неча марта кечирай? Етти мартами?”

22“Сизларга шуни айтай: етти марта эмас, — деди Исо, — балки етмиш карра етти марта. 23Шу сабабли Осмон Шоҳлигини бир шоҳга қиёслаш мумкин. Бу шоҳ ўз хизматкорлари билан ҳисоб–китоб қилмоқчи бўлибди. 24Ҳисоб–китобни бошлаганда, унинг ҳузурига минг–минглаб тилла танга қарздор бўлган хизматкорини олиб келибдилар. 25Лекин қарз тўлашга қурби етмагани учун, шоҳ унга:

— Ўзингни, хотинингни, болаларингни ва бутун мол–мулкингни сотиб, қарзингни тўлайсан, — деб буюрибди. 26Хизматкор шоҳнинг оёғига йиқилиб:

— Озгина сабр қилинг, ҳамма қарзимни тўлайман, — дебди. 27Хизматкорига шоҳнинг раҳми келибди. Шоҳ уни қўйиб юбориб, қарзидан кечибди.

28У хизматкор эса ташқарига чиқиб, ўзидан юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб қолибди. Уни ёқасидан олиб:

— Қарзингни тўла! — деб бўға бошлабди. 29Шериги эса унинг оёқларига йиқилиб:

— Озгина сабр қилинг, қарзимни тўлайман, — деб ёлворибди. 30Аммо у кўнмабди:

— Қарзингни тўламагунингча зиндонда ётасан, — деб шеригини қаматиб қўйибди.

31Бошқа хизматкорлар юз берган воқеани кўриб, хафа бўлибдилар. Шоҳнинг ҳузурига бориб, ҳаммасини айтиб берибдилар. 32Шунда шоҳ хизматкорини ҳузурига чақириб:

— Эй ярамас хизматкор! — дебди. — Менга ёлворганинг учун барча қарзингдан кечдим. 33Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?!

34Ғазабланган шоҳ хизматкорини зиндонбоннинг қўлига топшириб:

— Ҳамма қарзини тўламагунча унга азоб беринглар, — деб буюрибди.

35Хуллас, агар сизлар биродарингизни чин кўнгилдан кечирмасангиз, осмондаги Отам сизларни ҳам шу кўйга солади.”

 

19–БОБ - МАТТО

 

Никоҳ ва ажралиш ҳақида

 

1Исо бу гапларини тугатгандан кейин, Жалилани тарк этди. У Иордан дарёсининг нариги томонидаги Яҳудия ўлкасига борди. 2Бир талай оломон Исога эргашиб борган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.

3Бир неча фарзийлар Исонинг олдига келдилар ва Уни синамоқчи бўлиб сўрадилар: — Қонунга кўра, эркак киши ҳар қандай сабаб билан ўз хотинидан ажралиши мумкинми?

4Исо уларга шундай жавоб берди:

— Наҳотки сизлар: “Азалда Яратувчи одамларни эркагу аёл қилиб яратди”, деган сўзларни ўқимаган бўлсангизлар? 5“Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.” 6Бунга кўра, улар энди иккита эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.

7Фарзийлар эса Исога дедилар:

— Ундай бўлса, нима учун Мусо, эркак ўз хотинига талоқ хатини ёзиб бериб, жўнатиб юборсин, деб амр берган?

8Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизлар бағритош бўлганларингиз учун, Мусо хотинларингиз билан ажрашишга сизларга рухсат берган, аммо азалда бундай бўлмаган. 9Мен сизларга шуни айтайин: ким хиёнатдан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади.

10Шогирдлар Исога дедилар:

— Агар эркакнинг хотинига нисбатан шундай мажбурияти бўлса, уйланмаган яхшироқ экан–да!

11Исо эса шогирдларига:

— Ҳа, бу таълимотимни ҳамма ҳам қабул қилавермайди, — деди. — Бу таълимотим Худо атаган одамларгагина тегишли. 12Баъзи эркакларнинг уйлана олмаслигига айрим сабаблар бор: баъзиларнинг эркаклиги туғма заифдир. Бошқалари эса одамлар томонидан бичилган. Яна бошқалари Осмон Шоҳлиги йўлида уйланишдан воз кечадилар. Бу таълимотни қабул қила оладиган қабул қилсин.

 

Исо болаларни дуо қилади

 

13Исо болаларимизга қўл қўйиб дуо қилсин, деб одамлар Исонинг олдига болаларни олиб келишди. Шогирдлар эса болаларни олиб келган одамларни койидилар. 14Аммо Исо деди:

— Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.

15Исо болаларнинг бошига қўлини қўйиб дуо қилди, кейин Ўз йўлига кетди.

 

Бойлик ва абадий ҳаёт

 

16Шу маҳал бир киши Исонинг ёнига келиб:

— Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлишим учун қандай яхши иш қилишим керак? — деб сўради. 17Исо унга деди:

— Нега Мендан яхши иш тўғрисида сўраяпсиз? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким яхши эмас. Абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишни истасангиз, Худонинг амрларига риоя қилинг.

18— Қайсиларига? — деб сўради у. Исо деди:

— “Қотиллик қилманг. Зино қилманг. Ўғирлик қилманг. Ёлғон гувоҳлик берманг. 19Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”, деган амрларга.

20Йигит Унга деди:

— Буларнинг ҳаммасига амал қилиб келаман. Яна нима қилишим керак?

21Исо йигитга айтди:

— Агар комил бўлишни истасангиз, бориб, мол–мулкингизни сотиб, пулини камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади. Кейин келиб, Менга эргашинг.

22Йигит бу сўзларни эшитиб, ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.

23Исо шогирдларига деди:

— Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади. 24Сизларга яна шуни айтай: бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

25Шогирдлар буни эшитиб, ғоят ажабланишди ва:

— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди. 26Исо уларга кўз тикиб деди: — Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.

27Шунда Бутрус деди:

— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига нима оламиз?

28Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизга чинини айтайин: ҳамма нарса янгиланганда ва Инсон Ўғли Ўзининг улуғвор тахтида ўтирганда, Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар. 29Мен учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки ер–мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини олиб, абадий ҳаётга эга бўлади. 30Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.

 

20–БОБ - МАТТО

 

Мардикорлар ҳақида масал

 

1“Осмон Шоҳлиги эрта саҳарда узумзорига мардикорлар ёллагани чиққан боғ эгасига ўхшайди. 2Боғ эгаси мардикорларга, сизларга бир кумуш тангадан, одатдаги бир кунлик иш ҳақини тўлайман, деб улар билан келишибди. Сўнг уларни ўзининг узумзорига юборибди.

3Соат тўққизларда у бозор майдонига чиққан экан, бекор турган бир неча одамларни кўриб, 4уларга:

— Сизлар ҳам менинг узумзоримга боринглар, тегишли иш ҳақингизни тўлайман, — дебди. Улар борибдилар.

5Боғ эгаси соат ўн иккиларда ва учда бозор майдонига чиқиб, яна шундай қилибди. 6Соат бешларда тағин бозор майдонига борса, бекор турган яна бошқаларни кўрибди–да:

— Нега сизлар бу ерда кун бўйи бекор турибсизлар? — деб сўрабди. 7Улар:

— Ҳеч ким бизни ишга ёлламади, — деб жавоб берибдилар. Шунда боғ эгаси:

— Сизлар ҳам менинг узумзоримга бориб ишланглар, — дебди.

8Кеч бўлганда, узумзор эгаси ўзининг ишбошисига:

— Мардикорларни чақириб, уларга иш ҳақларини бер. Охир келганлардан бошлагин, биринчи келганларга охирида берасан, — деб буюрибди. 9Шундай қилиб, соат бешларда иш бошлаганлар бир кумуш тангадан олишибди. 10Биринчи келганларга ҳақ тўлаш навбати келганда, улар: “Биз кўпроқ оламиз”, деб ўйлабдилар. Аммо уларнинг ҳар бирига ҳам бир кумуш тангадан берилибди. 11Улар пулларини олгач, боғ эгасига норозилигини билдира бошлашибди:

12— Манави охирги келганлар бир соатгина ишлашди, биз эса кун бўйи жазирамада меҳнат қилдик. Аммо сиз бизнинг меҳнатимизни уларнинг қилган иши билан тенг кўрдингиз.

13Боғ эгаси улардан бирига шундай деди:

— Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилганим йўқ. Сен билан бир кумуш тангага келишган эдик–ку! 14Энди ҳақингни олгин–у, жўна. Мана бу охирги келганларга сен билан баравар иш ҳақи беришни хоҳладим. 15Ўзимнинг пулимни хоҳлаганимча сарф қила олишга ҳақим йўқми?! Ёки менинг сахийлигимни кўролмаяпсанми?

16Шундай қилиб, охиргилар биринчи бўладилар, биринчилар эса охирги бўладилар.”

 

Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради

 

17Исо Қуддусга кетаётганда, ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди: 18“Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. У ерда Инсон Ўғли бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлига тутиб берилади. Улар Инсон Ўғлини ўлимга маҳкум қиладилар. 19Сўнг ғайрияҳудийларга топширадилар. Ғайрияҳудийлар Уни ҳақоратлайдилар, қамчилайдилар ва хочга михлайдилар. Аммо учинчи куни У тирилади.”

 

Бир онанинг тилаги

 

20Шунда ака–ука Забадийларнинг онаси ўғилларини бошлаб, Исонинг олдига келди. У Исодан бир нарса илтимос қилмоқчи бўлиб, Унга таъзим қилди. 21Исо аёлдан:

— Нима истайсиз? — деб сўради.

— Шоҳлигингизда ўғилларимнинг бири Сизнинг ўнг томонингизда, бири чап томонингизда ўтирсин! — деди Унга аёл. 22Исо шундай деди:

— Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган азоб косасидан сизлар ича оласизларми?

— Ича оламиз! — деб жавоб берди улар. 23Исо уларга деди:

— Сизлар–ку Мен ичадиган азоб косасидан ичасизлар, аммо Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Ўз ихтиёримда эмас. Бу ўринни Отам кимларга атаган бўлса, ўшаларники бўлади.

24Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, иккала ака–укадан аччиқланиб кетишди. 25Исо эса уларни ёнига чақириб, деди:

— Бутпарастларга қаранглар, уларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар. 26Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин. 27Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин. 28Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.

 

Исо икки кўрга шифо беради

 

29Исо билан шогирдлари Ериходан кетар эканлар, бир талай оломон Исога эргашди. 30Йўл бўйида иккита кўр одам ўтирган эди. Улар олдиларидан Исо ўтиб кетаётганини эшитиб:

— Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб бақирдилар. 31Оломон эса:

— Жим бўлинглар! — деб уларга дўқ қилди. Улар эса янада қаттиқроқ бақириб:

— Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди. 32Исо тўхтаб, уларни ёнига чақирди–да:

— Мендан нима истайсизлар? — деб сўради. 33Улар:

— Ҳазрат, кўзларимиз очилсин! — дейишди.

34Исонинг уларга раҳми келиб, кўзларига қўл теккизди. Шу заҳоти уларнинг кўзлари очилди. Сўнг улар Исонинг ортидан эргашдилар.

 

21–БОБ - МАТТО

 

Исо Қуддусга тантанали киради

 

1Исо билан шогирдлари Қуддусга яқинлашиб, Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия қишлоғига етиб келишганда, Исо икки шогирдига деди:

2— Анави қишлоққа боринглар. У ерга боришингиз биланоқ, боғлаб қўйилган эшакни ва ёнидаги хўтикни кўрасизлар. Уларни ечиб, Менинг олдимга олиб келинглар. 3Агар кимдир сизга бирон нима деса, “Булар РаббимизМасиҳга керак. У дарҳол буларни қайтариб юборади”, деб айтинглар.

4Бу воқеа пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:

5“Қуддус халқига айтинг:

Мана шоҳингиз келяпти.

Камтариндир шоҳингиз,

У эшакнинг устида,

Ҳа, эшакнинг боласини

— ҳўтикни миниб келяпти.”

6Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидай қилишди. 7Улар эшак билан хўтикни Исонинг олдига олиб келишди. Эшак ва хўтик устига тўнларини ташлашди, Исо хўтикка минди. 8Бир талай оломон тўнларини йўлга пойандоз қилди. Баъзилари эса дарахт шохларини кесиб, йўлга тўшадилар. 9Олдинда ва орқада юраётган оломон шундай деб ҳайқирарди:

“Довуд Ўғлига тасанно!

Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин!

Фалак тоқида Унга тасанно ўқилсин!”

10Исо Қуддусга кириб келганда, бутун шаҳар: “Бу ким бўлди?” — деб ғимирлаб қолди. 11Оломон эса шундай деб жавоб берарди: “У Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо пайғамбар!”

 

Исо сотувчиларни Маъбаддан қувади

 

12Исо Маъбадга кириб, ичкарида олди–сотди қилаётган ҳаммани қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди. 13Исо уларга шундай деди:

— “Менинг уйим Ибодат Уйи бўлади, деб Тавротда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборяпсизлар!

14Маъбадда Исонинг олдига кўрлар ва чўлоқлар келди. Исо уларга шифо берди. 15Бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари Исонинг қилаётган ажойиб ишларини кўриб ва Маъбаддаги болаларнинг: “Довуд Ўғлига тасанно!” деб ҳайқираётганини эшитиб, қаттиқ ғазабландилар.

16— Уларнинг нима деяётганларини эшитяпсанми? — дедилар Унга.

— Ҳа, эшитяпман! — деб жавоб берди Исо. — Наҳотки сизлар: “Сен болалар ва чақалоқларга мадҳия айтишни ўргатдинг”, — деган оятни ҳеч қачон ўқимаган бўлсангиз?

17Сўнг Исо уларни тарк этиб, Қуддусдан чиқиб кетди. У Байтания шаҳрига бориб, у ерда тунаб қолди.

 

Қуриб қолган анжир дарахти

 

18Эрталаб Исо шаҳарга қайтиб келаётганда оч эди. 19Йўл четида бир анжир дарахтини кўриб, унинг ёнига борди. Исо барглардан бошқа ҳеч нарса топмай, дарахтга:

— Бундан буён сенда асло мева бўлмасин! — деди. Анжир дарахти шу заҳоти қуриб қолди. 20Шогирдлар буни кўриб:

— Қандай қилиб анжир дарахти дарров қуриб қолди? — деб ҳайрон бўлдилар.

21Исо уларга шундай деди:

— Сизларга чинини айтайин, агар шубҳаланмай ишонсангиз, нафақат анжир дарахтини шу кўйга сола оласиз, балки мана бу тоққа: “Қўпорилиб, денгизга отил”, — десангиз, айтганингиз бўлади. 22Ишонинг, шунда ибодатда сўраган ҳар қандай нарсани оласиз.

 

Исонинг ҳокимияти ҳақида савол

 

23Исо Маъбадга кириб таълим бераётганда, бош руҳонийлар ва оқсоқоллар Унинг олдига келиб, савол бердилар:

— Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?

24Исо уларга шундай жавоб берди:

— Мен ҳам сизларга бир савол берайин. Агар Менга жавоб берсангизлар, Мен ҳам бу ишларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман. 25Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?

Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар: “Агар Худодан десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди. 26Агар инсондан десак, халқдан қўрқамиз, чунки ҳамма Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди.”

27Шундай қилиб, улар Исога:

— Билмаймиз, — деб жавоб бердилар. Исо уларга деди:

— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.

 

Икки ўғил ҳақида масал

 

28“Сизлар мана бунга нима дейсизлар? Бир одамнинг икки ўғли бор экан. У катта ўғлининг ёнига келиб:

— Ўғлим, бор, бугун узумзорда ишла, — дебди.

29— Бормайман! — дебди ўғил. Аммо кейин айтган гапига пушаймон бўлиб, борибди. 30Ота кенжа ўғли олдига бориб, ўша гапини айтибди. Бу ўғил: “Бўпти, бораман, ота”, дебди, аммо бормабди. 31Икковидан қайси бири отасининг хоҳишини бажарди?”

“Биринчиси”, — деб жавоб берди улар.

Исо уларга: “Сизларга чинини айтайин, — деди. — Солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кириб борадилар. 32Чунки Яҳё чўмдирувчи сизнинг олдингизга тўғри йўлни кўрсатгани келди, аммо сизлар унга ишонмадингизлар. Солиқчилар билан фоҳишалар эса ишонишди. Сизлар буни кўриб туриб ҳам пушаймон бўлмадингизлар, ишонмадингизлар.”

 

Ёвуз боғбонлар ҳақида масал

 

33“Энди бошқа бир масални эшитинглар: бир ер эгаси бор экан. У узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқадиган чуқур қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди. 34Йиғим–терим мавсумида хўжайин: “Ҳосилдан менга тегишли улушни олиб келинглар”, — деб хизматкорларини боғбонлар олдига юборибди. 35Боғбонлар эса унинг хизматкорларини тутиб олишибди, бирини уриб, бирини ўлдириб, бошқа бирини эса тошбўрон қилишибди. 36Шундан кейин у олдингидан кўпроқ хизматкорларини боғбонлар олдига жўнатибди. Боғбонлар эса улар билан ҳам худди шундай қилишибди. 37Охирида узумзор эгаси:

— Ўғлимни албатта ҳурмат этадилар, — деб боғбонлар олдига ўз ўғлини юборибди. 38Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўрганларида бир–бирига:

— Бу меросхўр–ку! Келинглар, уни ўлдириб, меросига эга бўлайлик, — дейишибди. 39Уни тутиб, узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди. 40Хўш, сизнингча, узумзорнинг эгаси қайтиб келганда, у боғбонларни нима қилади?”

41— У бу ярамасларни шафқатсизларча ўлдиради, — деб жавоб берди улар. — Узумзорни эса бошқа боғбонларга ижарага беради. Бу боғбонлар узум ҳосилини унга ўз вақтида беришади.

42Исо уларга деди: “Наҳотки сизлар Муқаддас Битиклардаги шу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз:

“Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.

Бу Эгамизнинг қилган ишидир,

Кўз олдимиздаги ажойиботдир.”

43Шунинг учун сизларга айтаман: Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олинади ва Шоҳлик учун ҳосил етиштирадиган одамларга берилади. 44Ким тамал тоши устига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.

45Бош руҳонийлар ва фарзийлар бу масални эшитиб, Исо улар ҳақида гапирганини тушундилар. 46Уни ҳибсга олмоқчи бўлдилар, аммо халқдан қўрқдилар. Чунки халқ Исони пайғамбар деб билар эди.

 

22–БОБ - МАТТО

 

Тўй зиёфати ҳақида масал

 

1Исо одамларга яна масаллар билан гапира бошлади:

2“Осмон Шоҳлигини ўғлига тўй зиёфати берган шоҳга қиёсласа бўлади. 3Шоҳ тўйга таклиф этилган меҳмонларни чақириш учун хизматкорларини юборибди. Меҳмонлар эса келишни хоҳламабдилар. 4Шоҳ яна бошқа хизматкорларини юбориб, шундай дебди:

— Таклиф этилганларга айтинглар: мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим, буқаю бўрдоқиларим сўйилди, ҳаммаси тайёр. Тўйга келаверинглар!

5Бироқ улар бу таклифни ҳам назарга илмабдилар, бири даласига, бошқаси ўз ишига кетибди. 6Қолганлар эса шоҳ хизматкорларини тутиб, хўрлаб, ўлдиришибди. 7Шоҳ буни эшитиб, ғазабланибди. Лашкарини юбориб, қотилларни қатл қилдирибди, шаҳарларини эса ёндириб кул қилибди. 8Шундан кейин у хизматкорларига айтибди:

— Тўй зиёфати тайёр, лекин таклиф этилганлар бунга муносиб эмас эканлар. 9Шунинг учун чорраҳаларга боринглар, кимни кўрсангиз, тўй зиёфатига таклиф қилинглар.

10Хизматкорлар йўлга чиқиб, учратганларининг ҳаммасини — ёмонларни ҳам, яхшиларни ҳам йиғиб келибдилар. Хуллас, тўйхона меҳмонларга тўлибди.

11Шоҳ меҳмонларни кўриш учун кирганда, у ерда тўй кийимини киймаган бир одамни кўрибди 12ва ундан:

— Дўстим, тўй кийимисиз бу ерга қандай кирдингиз? — деб сўрабди, у ҳеч қандай жавоб бера олмабди. 13Шунда шоҳ хизматкорларига айтибди:

— Бу одамнинг қўл–оёқларини боғлаб, ташқарига, қоронғиликка ташланглар. У ерда у қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.

14Ахир, даъват этилганлар кўп, аммо танланганлар оздир.”

 

Солиқ тўлаш ҳақида савол

 

15Шунда фарзийлар келиб, Исони тилидан илинтириш учун режа туздилар. 16Улар ўз шогирдларини Ҳирод тарафдорлари билан бирга Исонинг олдига юборишди.

— Устоз, — дейишди улар, — Сиз одил эканингизни биламиз. Сиз Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Бирор кишига хушомадгўйлик, юз–хотирчилик қилмайсиз. 17Бизга айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?

18Аммо Исо уларнинг нияти ёмон эканини билиб турарди. У шундай деди:

— Ҳой иккиюзламачилар! Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? 19Солиққа тўланадиган тангани Менга кўрсатинглар.

Улар Исога бир динор келтирдилар.

20— Бу сурат ва ёзув кимники? — деб сўради Исо.

21— Қайсарники, — деб жавоб берди улар.

— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди Исо.

22Улар буни эшитиб лол қолдилар. Исони ўз ҳолига қўйиб, қайтиб кетдилар.

 

Ўликларнинг тирилиши ҳақида савол

 

23Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари ўша куни Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:

24— Устоз! Мусо айтган эдики: “Агар одам фарзанд кўрмай ўлиб кетса, марҳумнинг укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.” 25Бизда етти ака–ука бор эди. Биринчиси уйланди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтди, хотини эса укасига қолди. 26Иккинчи, учинчи, ҳатто еттинчисигача, ҳаммасининг бошига шу кўргилик тушди. 27Охирида хотин ҳам қазо қилди. 28Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир, ҳаммаси унга уйланган эди–ку.

29Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизлар Муқаддас Битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар. 30Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли осмондаги фаришталардай бўладилар. 31Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки Худонинг сизларга айтган гапларини ҳеч қачон ўқимаган бўлсангизлар?! 32У: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку! Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир.

33Оломон буни эшитиб, Исонинг таълимотидан ҳайратда қолди.

 

Энг буюк амр

 

34Исо саддуқийларни мот қилиб қўйганини фарзийлар ҳам эшитиб, бир жойга йиғилдилар. 35Улардан бири — Таврот тафсирчиси Исони синаш мақсадида Унга шундай савол берди:

36— Устоз, Тавротдаги қайси амр энг буюк?

37Исо унга деди:

— Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг. 38Бу биринчи ва энг буюк амр. 39Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” 40Мусонинг бутун Қонуни ва пайғамбарларнинг ҳамма сўзлари мана шу икки амрга таянади.

 

Масиҳ кимнинг ўғли?

 

41Фарзийлар йиғилишганда, Исо улардан сўради:

42— Масиҳ ҳақида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли?

— Довуднинг ўғли, — деб жавоб берди улар. 43Исо уларга деди:

— Ундай бўлса, қандай қилиб Довуд Муқаддас Руҳ орқали Масиҳни Раббим деб айтади? Довуд шундай деган эди:

44“Эгамиз айтмоқда Раббимга:

Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тургин.”

45Агар Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг ўғли бўлади?!

46Исонинг саволига ҳеч ким жавоб бера олмади. Ўша кундан бошлаб ҳеч ким Унга савол беришга журъат этолмайдиган бўлди.

 

23–БОБ - МАТТО

 

Сохта ва чин диндорлик

 

1Шундан кейин Исо оломонга ва шогирдларига гапирди: 2“Қонунни изоҳлаш ҳуқуқи Таврот тафсирчилари ва фарзийларга берилган. 3Шу боис уларга қулоқ солинглар, айтганини қилинглар, аммо қилганини қилманглар! Чунки улар ўзлари айтганларни қилмайдилар. 4Улар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни бировларга юклайдилар, ўзлари эса ёрдам бериш учун ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмайдилар. 5Ҳамма ишларини, бошқалар кўрсин, деб қиладилар. Пешаналарига таққан нишоналарини каттароқ, кийимларининг попукларини узунроқ қиладилар. 6Шунингдек, зиёфатларда тўрга чиқишни ва синагогаларда яхши жойларда ўтиришни ёқтирадилар. 7Бозорларда одамлар уларга салом беришларини, “устоз” деб мурожаат этишларини яхши кўрадилар.

8Аммо сизларни ҳеч ким “устоз” деб чақирмасин, чунки ҳаммангизнинг битта Устозингиз бор. Сизлар эса биродарсизлар. 9Ер юзида ҳеч кимни ота деб айтманг, чунки сизларнинг осмонда ягона Отангиз бор. 10Ҳеч ким сизларни “йўлбошчи” деб ҳам айтмасин, чунки сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир. 11Орангизда ким бош бўлса, сизларга хизмат қилсин. 12Зотан ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”

 

Исо Таврот тафсирчиларига ва фарзийларга таъна қилади

 

13“Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар одамлар кирмасин деб, Осмон Шоҳлиги эшикларини беркитиб қўйяпсизлар. У ерга ўзларингиз ҳам кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларни ҳам киргизмаяпсизлар[3].

15Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар ҳеч бўлмаса бир кишини ўз динингизга киритиш учун денгизу қуруқликни кезиб чиқасизлар. Ниятингизга эришганингизда эса, уни ўзингиздан беш баттар дўзахи одам қиласизлар.

16Эй кўр етакчилар, ҳолингизга вой! Сизлар: “Ким Маъбад ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким Маъбад олтини ҳақи деб қасам ичса, ўз қасамини бажариши шарт”, — дейсиз. 17Ҳой кўр нодонлар! Қайси бири буюкроқ: Маъбаднинг олтиними, ёки олтинни муқаддас қилган Маъбаднинг ўзими?! 18Яна сизлар шундай деб айтасизлар: “Ким қурбонгоҳ ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким қурбонгоҳдаги қурбонлик ҳақи, деб қасам ичса, қасамини бажариши шарт”, — дейсизлар. 19Шу қадар кўр бўлмасангиз–а! Қайси бири буюкроқ: қурбонликми ёки қурбонликни муқаддас қилган қурбонгоҳми? 20Ахир, қурбонгоҳ ҳақи, деб қасам ичган, ҳам қурбонгоҳнинг ўзи, ҳам ундаги барча қурбонликлар ҳақи қасам ичган бўлади–ку! 21Маъбад ҳақи деб қасам ичган эса, ҳам Маъбаднинг ўзи, ҳам Маъбадда яшайдиган Худо ҳақи қасам ичган бўлади. 22Осмон ҳақи деб қасам ичган эса, осмондаги Худонинг тахти ва тахтда ўтирган Худонинг Ўзи ҳақи қасам ичган бўлади.

23Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар ялпиз, укроп ва зирадан ушр берасизлар, аммо Қонуннинг адолат, шафқат ва имон каби энг муҳим таълимотларини писанд қилмайсизлар. Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди. 24Ҳой кўр етакчилар! Сизлар ичимлигингиздан чивинни сузиб оласизлар, аммо туяни бутунлигича ютиб юборасизлар!

25Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар пиёлаю лаганингизнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичи очкўзлик ва худбинликка тўла. 26Эй кўр фарзий! Сен аввало пиёла ва лаганнинг ичини тозалаб ол, шунда уларнинг сирти ҳам тоза бўлади.

27Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Чунки сизлар оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар: қабрларнинг ташқи томони чиройли, аммо ичи мурдаларнинг суякларига ва ҳар хил ифлосликларга тўла. 28Шу сингари, сизлар ҳам ташқи томондан бошқаларга тақводор бўлиб кўринасиз, аммо ичингиз иккиюзламачиликка ва гуноҳга тўла.”

 

Сохта диндорлар оладиган жазо

 

29Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуриб, тақводорларнинг қабрларини безатиб, 30шундай дейсизлар: “Агар ота–боболаримиз даврида биз ҳам яшаганимизда эди, уларга қўшилишиб пайғамбарларнинг қонини тўкмаган бўлардик.” 31Бу билан сизлар пайғамбарларни қатл қилганларнинг ўғиллари эканингизни тан оляпсизлар. 32Ота–боболарингиз бошлаган ишни охирига етказинглар энди!

33Ҳой илонлар, заҳарли илонлар зоти! Сизлар дўзах жазосидан қандай қочиб қутуласиз?! 34Ана шу сабабдан Мен олдингизга пайғамбарларни, донишманду устозларни юбораман. Аммо сизлар уларнинг баъзиларини ўлдирасизлар, баъзиларини хочга михлайсизлар, бошқаларини эса синагогаларингизда қамчилаб, шаҳарма–шаҳар қувғин қиласизлар. 35Натижада ўлдирилган ҳамма бегуноҳ одамларнинг қони учун сизлар жазо тортасизлар. Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида сиз ўлдирган Барахия ўғли Закариёнинг қони сизнинг гарданингизда бўлади. 36Ҳа, сизларга чинини айтаман: бу насл ушбу ҳамма қотилликлар учун жазо тортади.

 

Исонинг Қуддус учун ноласи

 

37Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг. 38Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади. 39Сизга шуни айтай: “Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин”, — деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.”

 

24–БОБ - МАТТО

 

Исо охирзамон ҳақида гапиради

 

1Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, диққатини Маъбаднинг биноларига қаратдилар. 2Исо уларга деди: “Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Биронта тош ўз жойида қолмайди.”

3Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: “Бизларга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Сизнинг келишингизни ва охирзамон яқинлашганини нимадан билсак бўлади?”

4Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин! 5Чунки кўпчилик ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Масиҳман”, — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар. 6Сизлар уруш ҳақидаги хабарларни ва миш–мишларни эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас. 7Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади. 8Буларнинг ҳаммаси тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.

9Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади. 10Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади. 11Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради. 12Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади. 13Лекин охиригача бардош берган нажот топади. 14Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.”

 

Буюк мусибат ва Исонинг қайтиб келиши

 

15“Дониёр пайғамбар айтганидай кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин!), 16Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин. 17Томнинг устида бўлганлар уйидан бирон нарса олиш учун пастга тушмасин. 18Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин. 19У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! 20Қочишингиз қишга ёки Шаббат кунига тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар. 21Чунки ўша вақтда шундай азоб–уқубатлар бўладики, дунё яратилгандан то ҳозиргача бунақаси бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди. 22Лекин танланган одамлар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмасди. 23Агар ўшанда кимдир сизларга: “Масиҳ мана бу ерда” ёки: “Ана у ерда”, — деб айтса, ишонманглар. 24Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни ҳам йўлдан оздириш учун буюк аломату мўъжизалар кўрсатадилар. 25Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.

26Шундай қилиб, агар улар сизларга: “Қаранглар! У саҳрода!” деб айтсалар, борманглар. Агар улар: “У яширин жойда”, деб айтсалар, ишонманглар. 27Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У шарқдан ғарбга қадар бутун осмонни ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.

28Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади. Менинг келишим ҳам шу сингари ҳаммага аён бўлади.

29Ўша кунлардаги азоб–уқубатлар ўтиши биланоқ,

Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади.

Осмондан юлдузлар қулаб тушади,

Самовий кучлар ларзага келади.

30Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар қайғуради. Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади. 31Карнайнинг баланд садоси остида У фаришталарини ернинг тўрт томонига юборади. Улар дунёнинг бир бурчагидан бошқа бурчагигача танланган одамларни тўплаб олишади.”

 

Ҳушёр бўлиш ҳақида

 

32“Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар. 33Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизда турибди. 34Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. 35Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

36Ўша кун ва соат ҳақида Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар. 37Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади. 38Тўфонгача бўлган даврда одамлар еб–ичардилар, уйланиб, турмушга чиқардилар. Нуҳ кемага киргунга қадар ҳаёт шу зайлда давом этарди. 39Тўфон келиб, уларнинг ҳаммасини ювиб кетмагунча, улар ҳамма нарсадан бехабар эдилар. Инсон Ўғли келганда ҳам худди шундай бўлади. 40Ўшанда икки киши далада бўлади, бири олинади, бири қолдирилади. 41Тегирмон тортаётган икки аёл бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.

42Шунинг учун ҳушёр бўлинглар. Мен — Раббингиз қайси куни келишимни сизлар билмайсизлар. 43Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси туннинг қай пайтида ўғри келишини билганда эди, у уйғоқ ўтириб, ўғрининг уйга бузиб киришига йўл қўймаган бўларди. 44Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”

 

Садоқатли ва садоқатсиз хизматкор ҳақида масал

 

45“Ишончли ва доно хизматкор ким? Хўжайин бундай одамни бошқа хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади. 46Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтли! 47Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.

48Борди–ю, у хизматкор ёмон бўлиб, кўнглида: “Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди”, — деб, 49бошқа хизматкорларни ура бошласа ва шаробхўрлар билан еб–ичса, 50хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади. 51У хизматкорининг жазосини бериб, бошига иккиюзламачиларнинг кунини солади. Шунда хизматкор қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.”

 

25–БОБ - МАТТО

 

Келиннинг ўнта дугонаси ҳақида масал

 

1“Охирзамон яқинлашганда Осмон Шоҳлигини қуйидагига ўхшатса бўлади: келиннинг ўнта дугонаси мойчироқларини олиб, куёвни қаршилагани чиқишибди. 2Улардан бештаси нодон, бештаси доно экан. 3Нодонлари мойчироқларни олишибди–ю аммо чироқ учун мой олишмабди. 4Донолари эса мойчироқлари билан бирга идишларда мой ҳам олибдилар. 5Куёв кечикибди, шу сабабдан ҳаммалари мудраб, ухлаб қолибдилар.

6Ярим кечаси: “Ана, куёв келяпти! Уни кутиб олгани чиқинглар!” — деган бир овоз янграбди.

7Шунда қизларнинг ҳаммаси ўрнидан туриб, мойчироқларини тайёрлай бошлабдилар. 8Нодонлари доноларига айтибдилар:

— Бизга ҳам мойингиздан озгина беринглар, чироқларимиз ўчяпти!

9Донолари эса шундай жавоб берибдилар:

— Йўқ! Бизга ҳам, сизларга ҳам мой етмай қолади. Яхшиси, сотувчиларга бориб, ўзларингизга мой сотиб олинглар.

10Улар мой сотиб олгани кетишганда, куёв келиб қолибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга тўйхонага кириб кетишибди. Орқаларидан эшик ёпилибди.

11Кейин қолган қизлар келиб:

— Ҳазрат! Ҳазрат! Бизга эшикни очинг! — дейишибди. 12Лекин У:

— Сизларни умуман танимайман, — деб жавоб берибди.

13Хуллас, ҳушёр бўлинглар, чунки қайси куни, қайси соатда келишимни билмайсизлар.”

 

Учта хизматкор ҳақида масал

 

14“Яна Осмон Шоҳлигини сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшатса бўлади. У кетишидан олдин хизматкорларини чақириб, ўз мол–мулкини уларга топширибди. 15У ҳар бирига қобилиятига яраша: бирига беш минг тилла, иккинчисига икки минг тилла, учинчисига эса минг тилла бериб, жўнаб кетибди. 16Беш минг тилла олган хизматкор вақтни бой бермай, пулни ишга солибди ва яна беш минг тилла даромад олибди. 17Икки минг тилла олган хизматкор ҳам худди шундай йўл тутиб, икки минг тилла орттирибди. 18Минг тилла олган хизматкор эса бориб, чуқур қазибди–да, хўжайин берган пулини кўмиб қўйибди.

19Орадан анча вақт ўтибди. Хўжайин қайтиб келиб, хизматкорларидан ҳисобот сўрабди. 20Беш минг тилла олган хизматкори орттирган беш минг тиллани ҳам олиб келиб, шундай дебди:

— Хўжайин! Менга беш минг тилла берган эдингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна беш минг тилла ишладим.

21Хўжайини унга:

— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун, сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.

22Икки минг тилла олган хизматкор ҳам келиб:

— Хўжайин! Менга икки минг тилла бергандингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна икки минг тилла ишладим, — дебди. 23Хўжайини унга:

— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун, сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.

24Минг тилла олган хизматкор ҳам келиб шундай дебди:

— Хўжайин! Мен сизнинг қаттиққўл одам эканингизни билардим. Сиз экмаган ердан ўрасиз, ўзингиз етиштирмаган ҳосилни йиғиб оласиз. 25Шунинг учун мен қўрққанимдан бориб, берган тиллангизни ерга кўмиб қўйдим. Мана тиллангиз!

26Хўжайин унга шундай жавоб берибди:

— Эй ёмон, ялқов хизматкор! Мен экмаган ердан ўришимни, ўзим етиштирмаган ҳосилни йиғиб олишимни билар экансан, 27пулимни муомалага киритсанг бўлмасмиди?! Мен қайтиб келиб, пулимни фойдаси билан қайтариб олган бўлар эдим.

28Сўнг хўжайин дебди:

— Қани, ундаги минг тиллани олиб, ўн минг тилласи борга беринглар! 29Чунки кимда бор бўлса, унга яна берилади ва у мўл-кўлчиликда яшайди. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади. 30Энди бу ярамас хизматкорни ташқарига, қоронғиликка улоқтириб юборинглар. У ерда бу ярамас қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.”

 

Қиёмат–қойим сўроғи

 

31“Инсон Ўғли Ўзининг улуғворлигида, жамики фаришталари билан бирга келганда Ўзининг шоҳона тахтига ўтиради. 32Барча халқлар Унинг ҳузурига тўпланадилар. Чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандай, У халқларни бир–биридан ажратади. 33У қўйларни ўнг томонига, эчкиларни чап томонига қўяди.

34Шундан кейин Шоҳ ўнг томонидагиларга айтади:

— Эй Отамнинг баракасини олганлар, келинглар! Шоҳликни мерос қилиб олинглар! Бу шоҳлик олам яратилгандаёқ сизлар учун тайёрлаб қўйилган. 35Ахир, Мен оч эдим, Менга овқат бердингизлар. Чанқаган эдим, Менга ичимлик бердингизлар. Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бердингизлар. 36Яланғоч эдим, Мени кийинтирдингизлар. Касал эдим, Менга ғамхўрлик қилдингизлар. Зиндонда эдим, Мени келиб кўрдингизлар.

37Бунга жавобан солиҳлар Унга шундай дейдилар:

— Ё Раббий! Қачон сизни оч ҳолда кўриб, овқат берибмиз?! Қачон чанқаганингизни кўриб, бирон нарса ичирибмиз? 38Мусофир эканингизни қачон кўриб, уйимиздан бошпана берибмиз? Яланғоч эканингизни қачон кўриб, кийинтирибмиз? 39Касал ёки зиндонда бўлганингизда қачон Сизни йўқлаб борибмиз?

40Шоҳ уларга шундай жавоб беради:

— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримга қилган ҳар қандай яхшилигингизни Менга қилган бўласиз.

41Сўнг У чап томондагиларга ҳам айтади:

— Эй лаънатилар, кўзимдан йўқолинглар! Иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинг! 42Ахир, Мен оч эдим, овқат бермадингизлар. Чанқагандим, ичгани ҳеч нарса бермадингизлар. 43Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бермадингизлар. Яланғоч эдим, Мени кийинтирмадингиз. Касал бўлдим, зиндонга тушдим, Мени келиб кўрмадингизлар.

44Шунда улар айтадилар:

— Ё Раббий! Қачон Сизни оч, чанқаган, мусофир, яланғоч, касал ҳолда ёки зиндонда эканингизни кўрибмиз? Агар кўрганимизда эди, наҳотки Сиздан хизматимизни аяган бўлардик?!

45У эса шундай жавоб беради:

— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримдан аяган яхшилигингизни Мендан аяган бўласиз.

46Булар абадий жазога, солиҳлар эса абадий ҳаётга муяссар бўладилар.”

 

26–БОБ - МАТТО

 

Исони ўлдириш режаси

 

1Исо бу гапларни айтиб бўлгач, шогирдларига шундай деди: 2“Икки кундан кейин Фисиҳ зиёфати бўлишини биласизлар. Ана, ўшанда Инсон Ўғлига хоинлик қилишади, Уни хочга михлашади.”

3Бу пайтда бош руҳонийлар ва оқсоқоллар Каяфа исмли олий руҳонийнинг саройида йиғилган эдилар. 4Улар Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фитна ўйлаб топдилар. 5Аммо улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда халқ ғалаён қилиши мумкин”, дедилар.

 

Исога атир мой қуйган аёл

 

6Исо Байтанияда тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида 7мехмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда қимматбаҳо атир мойи олиб келиб, Исонинг бошидан қуйди. 8Шогирдлар буни кўргач, ғазабланиб:

— Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор? 9Ахир, бу мойни катта пулга сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — дейишди.

10Шогирдлар нима тўғрисида гапираётганларини Исо билиб қолиб, уларга деди:

— Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди. 11Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман. 12Аёл бу мойни танамга тўкиб, Мени дафнга тайёрлади. 13Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.

14Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб:

15— Агар Исони сизларга тутиб берсам, менга нима берасизлар? — деб сўради. Улар Яҳудога ўттиз кумуш танга бердилар. 16Ўша вақтдан бошлаб Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.

 

Фисиҳ зиёфати ва Исога хиёнат

 

17Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:

— Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.

18Исо деди:

— Шаҳарга фалончининг олдига бориб, унга шундай деб айтинглар: Устозимиз сизга: “Вақтим етди. Мен Фисиҳ зиёфатини шогирдларим билан сизнинг уйингизда ўтказмоқчиман”, деб айтиб юбордилар.

19Шогирдлар Исонинг айтганини қилиб, Фисиҳ таомини тайёрладилар.

20Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан дастурхон атрофига ёнбошлади. 21Овқатланаётганларида Исо:

— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттангиз Менга хиёнат қилади, — деди.

22Шогирдлар қаттиқ хафа бўлиб, бирин–кетин:

— Ҳазрат, наҳотки мени назарда тутаётган бўлсангиз? — деб сўрадилар.

23У эса шундай жавоб берди:

— Мен билан баравар косага нонни ботирган Менга хиёнат қилади. 24Ҳа, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра туғилмагани яхшироқ эди.

25Сотқин Яҳудо Исога:

— Устоз, наҳотки ўша мен бўлсам? — деди.

— Ўзинг айтдинг, — деб жавоб берди Исо.

26Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб:

— Олиб енглар, бу Менинг танамдир, — деди. 27Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб, уларга узатди:

— Бундан ҳаммаларинг ичинглар, — деди. 28— Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу Аҳд кўпларнинг гуноҳини ювиш учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради. 29Сизларга шуни айтай: бир кун келиб, Мен сизлар билан бирга Отамнинг Шоҳлигида янги шароб ичаман. Аммо ўша кун келмагунча энди шаробни оғзимга ҳам олмайман.

30Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.

 

Бутруснинг Исодан тониши ҳақида каромат

 

31Исо шогирдларига деди: — Бугун кечаси ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган:

“Мен чўпонни ўлдираман,

Шунда сурувдаги қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”

32Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.

33Бутрус Исога деди:

— Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен ташлаб кетмайман!

34Исо унга:

— Сенга чинини айтайин, шу кечасиёқ, хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди. 35Бутрус Унга:

— Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлари ҳам шундай дедилар.

 

Исонинг боғдаги ибодати

 

36Шундан кейин Исо шогирдлари билан Гетсимания деган жойга борди. Исо шогирдларига:

— Шу ерда ўтириб туринглар, Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан, — деди. 37У ёнига Бутрусни ва Забадийнинг икки ўғлини олди. Исони қайғу, ғам қамради. 38У шогирдларига:

— Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди. 39Сўнг бир оз нари кетиб, ерга мук тушди–да, шундай деб ёлворди:

— Эй Отам, агар иложи бўлса, бу азоб косаси Мени четлаб ўтсин. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

40У шогирдлари ёнига келиб, уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди:

— Мен билан бирга бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмабсизлар–да! 41Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.

42Исо иккинчи марта кетиб, шундай деб илтижо қилди:

— Эй Отам! Агар бу азоб косасидан қутулишимнинг иложи бўлмаса, майли, Мен ўша косадан ичаман. Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

43У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаётган эди. 44Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди.

45Сўнг У шогирдлари ёнига қайтиб келиб, уларга деди:

— Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Мана, вақт–соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти. 46Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!

 

Исони қўлга олишади

 

47Исо ҳали гапириб бўлмасидан, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар ва оқсоқоллар юборган эдилар. 48Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар.” 49У тўғри Исонинг олдига бориб:

— Ассалому алайкум, Устоз! — деб, Уни ўпди. 50Исо унга:

— Дўстим, қиладиган ишингни қилақол, — дейиши биланоқ, одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар. 51Шунда Исо билан бирга бўлганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади. 52Лекин Исо унга деди:

— Қиличингни қинига солиб қўй! Қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади. 53Керак бўлганда эди, Мен Отамга илтижо қилган бўлардим. У Менга ўша заҳотиёқ ўн минглаб фариштларини юборган бўларди. Шуни билмайсанми? 54Лекин бундай қилганимда эди, қандай қилиб Муқаддас Битиклар амалга ошарди? Ахир, буларнинг ҳаммаси содир бўлиши керак–ку!

55Шундан сўнг Исо оломонга деди:

— Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?! Мен ҳар куни Маъбад ҳовлисида таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар. 56Аммо буларнинг ҳаммаси пайғамбарларнинг Муқаддас Битиклардаги башоратлари бажо бўлиши учун рўй берди.

Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони қолдириб, қочиб кетишди.

 

Исо яҳудийларнинг Олий кенгаши олдида

 

57Исони қўлга олганлар Уни олий руҳоний Каяфанинг ҳузурига олиб келдилар. У ерда Таврот тафсирчилари билан оқсоқоллар ҳам йиғилишган эди. 58Бутрус эса Исога узоқдан эргашиб, олий руҳонийнинг ҳовлисигача келди. Бутрус ичкарига кириб, охири нима билан тугаркин, деб кузатиш учун соқчиларнинг ёнига ўтирди. 59Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши сохта далиллар излар эдилар. 60Анча гувоҳлар чиққан бўлса–да, етарлича айбловчи далиллар топилмади. Ниҳоят, икки сохта гувоҳ сўзга чиқиб, 61шундай айтишди:

— Бу Одам: “Мен Худонинг Маъбадини бузиб, уч кунда уни тиклай оламан”, деган.

62Олий руҳоний ўрнидан туриб, Исога:

— Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди. 63Исо эса индамади. Олий руҳоний Унга деди:

— Барҳаёт Худо ҳақи қасам ичиб, айт: Худонинг Ўғли — Масиҳ Сенмисан?

64Исо унга:

— Гапингиз тўғри, — деди. — Бундан буён сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.

65Шунда олий руҳоний кийимларини йиртиб деди:

— У куфрлик қиляпти–ку! Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?! Унинг куфрлик қилганини ҳозиргина ўзларингиз эшитдингизлар. 66Сизларнинг қарорингиз қандай?

— У ўлимга лойиқ! — деб жавоб берди улар.

67Сўнг улар Исонинг юзига тупуриб, Уни муштлай бошладилар. Бошқалари эса Унга шапалоқ уриб:

68— Эй Масиҳ! Қани топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.

 

Бутрус Исодан тонади

 

69Бу пайтда Бутрус ташқарида ҳовлида ўтирган эди. Бир чўри қиз унинг ёнига келиб:

— Сиз ҳам ўша Жалилалик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди. 70Лекин Шимўн ҳамманинг олдида буни инкор этиб деди:

— Нима тўғрисида гапираётганингизни тушунмаяпман.

71Сўнг дарвоза олдига борди. Шунда бошқа бир хизматкор аёл уни кўриб, у ерда турганларга:

— Мана бу одам Носиралик Исо билан бирга эди, — деди. 72Шимўн эса қасам ичиб:

— Мен Уни танимайман! — деб яна Исодан тонди.

73Бир оздан кейин у ерда турганлар келиб, Бутрусга:

— Сиз ўшалардан эканингиз шевангиздан билиниб турибди, — дейишди.

74— Худо урсин! Мен бу Одамни танимайман! — деб қасам ичди Бутрус. Шу пайт хўроз қичқирди. 75Шунда Бутрус Исонинг: “Хўроз қичқирмасидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”, деган гапини эслади. У ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.

 

27–БОБ - МАТТО

 

Хоин Яҳудонинг ҳалокати

 

1Тонг отганда, ҳамма бош руҳонийлар билан оқсоқоллар Исони ўлимга маҳкум қилишга келишиб олдилар. 2Улар Исони боғлаб, Римлик ҳоким Пилатга олиб бориб топширдилар.

3Хоин Яҳудо эса Исонинг ўлимга маҳкум этилганини билиб, қилган ишидан пушаймон бўлди. У ўттиз кумуш тангани бош руҳонийлар билан оқсоқолларга қайтариб олиб келди. 4У:

— Мен гуноҳ қилдим! Бегуноҳ одамга хоинлик қилдим, — деди. Улар эса:

— Бизга нима?! Бу сенинг ишинг! — дейишди.

5Яҳудо кумуш тангаларни Маъбадга отиб юборди–да, чиқиб кетди. У бориб, ўзини осиб ўлдирди.

6Бош руҳонийлар тангаларни териб олиб: “Бу пулни Маъбад хазинасига қўша олмаймиз, чунки булар қонга беланган”, — дейишди. 7Улар маслаҳатлашиб, бу пулга кулолнинг даласини сотиб олдилар, у ерга мусофирлар дафн қилинадиган бўлди. 8Шунинг учун ўша ер бугунгача “Қон Ери” деб аталади. 9-10Шундай қилиб, пайғамбар Еремиёнинг башорати бажо бўлди:

Эгамиз менга амр қилгандай

Улар ўттиз кумуш тангани олиб,

Кулолнинг даласини сотиб олдилар.

Бу пул Исроил халқининг У учун белгилаган нархи эди.”

 

Исо Римлик ҳоким Пилат ҳузурида

 

11Исо Римлик ҳокимнинг ҳузурида турганда ҳоким Исодан:

— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.

— Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.

12Бош руҳонийлар билан оқсоқоллар Исони айблаётганларида эса, У ҳеч қандай жавоб бермади. 13Шунда Пилат Унга:

— Эшитмаяпсанми, Сенинг бўйнингга қанча айблар қўйишяпти! — деди. 14Лекин Исо биронта айбловга жавоб қайтармади. Ҳоким бунга қойил қолди.

15Ҳокимнинг бир одати бор эди: у ҳар Фисиҳ байрамида оломоннинг хоҳишига кўра бир маҳбусни озод қилар эди. 16Ўша пайтда отнинг қашқасидай таниқли бўлган Ёшуа Барабба исмли бир маҳбус бор эди. 17Халқ тўплангач, Пилат улардан сўради:

— Сизлар кимни озод қилишимни истайсизлар: Бараббаними ёки Масиҳ деб аталган Исоними?

18Улар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини Пилат билар эди. 19Пилат ҳукм курсисида ўтирган эди, хотини унга шундай хабар юборди: “Бу одам айбсиз, Унга бирон нарса қила кўрмагин, кеча тушимда У сабабли қаттиқ азоб тортдим.”

20Аммо бош руҳонийлар билан оқсоқоллар оломонни қайраб, Пилатдан: “Бараббани озод қилинг, Исони эса ўлдиринг” — деб сўрашга уларни кўндирдилар.

21Ҳоким оломондан яна сўради:

— Икковидан қайси бирини озод қилишимни истайсизлар?

— Бараббани! — деб жавоб берди улар.

22Масиҳ деб ном олган Исони нима қилай? — деб сўради Пилат.

— Хочга михлансин! — дейишди бир оғиздан.

23— У нима ёмонлик қилди? — деб сўради ҳоким. Лекин оломон:

— Хочга михлансин! — деб баттар бақирарди.

24Пилат қўлидан ҳеч нарса келмаётганини ва ғалаён бошланаётганини кўриб:

— Бу Одамнинг тўкиладиган қони учун мен айбдор эмасман. Бунга ўзларингиз жавоб берасизлар! — деди–да, оломоннинг кўзи олдида сув олиб, қўлларини чайди. 25Бутун халқ бунга жавобан:

— Унинг қони бизнинг ва болаларимизнинг гарданида бўлсин! — дейишди.

26Шундан сўнг Пилат Бараббани озод қилди. Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди.

 

Исони ҳақорат қилишади

 

27Ҳокимнинг аскарлари Исони ҳукумат саройига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдига тўплашди. 28Улар Исонинг кийимларини ечиб олиб, Унинг эгнига қизил тўн кийдирдилар. 29Тиканлардан тож ўриб, бошига кийгиздилар. Ўнг қўлига қамиш тутқизиб, Унинг олдида тиз чўкканча: “Яшавор, эй яҳудийларнинг Шоҳи!” — деб масхара қилдилар. 30Сўнг Унга тупуриб, қамиш билан қайта–қайта бошига урдилар. 31Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидаги тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.

 

Исо хочга михланади

 

32Улар йўлда Киринеялик Шимўн деган кишини учратиб қолиб, Исонинг хочини кўтариб боришга уни мажбур қилдилар. 33Улар Гўлгота деган жойга етиб келдилар. Гўлгота “Бош суяги” маъносини беради. 34Аскарлар у ерда Исога ичгани аччиқ ўт аралаштирилган шароб бердилар. Исо уни татиб кўрди, аммо ичмади. 35Аскарлар Исони хочга михлаб қўйишди. Кийимлари учун қуръа ташлаб, ўзаро бўлишиб олишди. 36Кейин ўша ерда Исони қўриқлаб ўтиришди. 37Исонинг бош томонига улар: “Бу яҳудийларнинг Шоҳи Исодир”, деган айбини кўрсатувчи ёзувни осиб қўйдилар.

38Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаган эдилар. Уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди. 39Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди:

40— Эй Маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган! Агар Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи! Хочдан тушиб кўр–чи!

41Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва оқсоқоллар ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди:

42— У бошқаларни қутқарарди, Ўзини эса қутқара олмайди! У Исроилнинг Шоҳи эмиш! Қани, хочдан тушсин, шунда биз Унга ишонамиз. 43У Худога ишонарди. Агар Худо Ундан мамнун бўлса, ҳозир Уни қутқарсин. Ахир, У Ўзини Худонинг Ўғли деб атаган–ку!

44Исо билан бирга хочга михланган қароқчилар ҳам Уни шундай ҳақоратлар эдилар.

 

Исо жон беради

 

45Тушдан бошлаб соат учгача ҳамма ёқ зулматга чўмди. 46Соат учларда Исо баланд овоз билан:

— Эли, Эли, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” — демакдир. 47У ерда турган баъзилар буни эшитиб:

— У Илёсни чақиряпти, — дейишди. 48Улардан бири югуриб бориб, шимгични олди ва арзон шаробга ботириб, бир қамишнинг учига илди–да, Исога ичиш учун узатди. 49Бошқалари эса:

— Қани кўрайлик–чи, Илёс келиб Уни қутқарармикан, — дейишди.

50Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди–ю, жон берди.

51Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди. Ер ларзага келди, тошлар ёрилди. 52Қабрлар очилиб, тақводор одамларнинг кўпчилиги тирилди. 53Улар қабрларидан чиқдилар, Исо тирилганидан кейин муқаддас шаҳарга бордилар. Кўп одамлар уларни кўрди.

54Исони қўриқлаб турган юзбоши билан ёнидаги аскарлар зилзилани ва содир бўлаётган барча ишларни кўриб, ваҳимага тушдилар. Улар:

— Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! — дедилар.

55У ерда бир талай аёллар ҳам бор эди, улар узоқдан қараб турган эдилар. У аёллар Жалиладан Исога эргашиб келган ва Унга хизмат қилгандилар. 56Уларнинг орасида Магдалалик Марям, Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ва Забадий ўғилларининг онаси ҳам бор эди.

 

Исо дафн қилинади

 

57Кечқурун Юсуф деган ариматиялик бир бой одам келди. У ҳам Исонинг шогирди эди. 58Юсуф Пилатнинг ҳузурига бориб, Исонинг жасадини сўради. Пилат жасадни унга беришни буюрди. 59Юсуф жасадни олиб, уни тоза зиғир матога кафанлади 60ва ўзи учун қояга ўйдирган янги қабрга қўйди. Юсуф катта тошни юмалатиб келиб, қабрнинг оғзини ёпди ва ўзи кетди. 61Магдалалик Марям билан бошқа Марям у ерда қолиб, қабрнинг рўпарасида ўтиравердилар.

62Шаббат арафасининг эртасига бош руҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига йиғилишиб,

63дедилар:

— Ҳазрати олийлари, бир нарса эсимизга тушиб қолди: ўша ёлғончи тириклигида: “Уч кундан кейин Мен тириламан”, деган эди. 64Шунинг учун буйруқ беринг: қабр уч кун қўриқлансин. Акс ҳолда Унинг шогирдлари бориб, жасадни ўғирлаб кетадилар–да, одамларга: “У ўликдан тирилди” деб айтадилар. Бу ёлғон биринчисидан ҳам баттар бўлади.

65Пилат уларга деди:

— Хўп, қўриқчиларни олиб, қўлингиздан келганча, қабрни қўриқланглар.

66Улар бориб, қабр тошига муҳр босдилар ва қабрни қўриқлай бошладилар.

 

28–БОБ - МАТТО

 

Исо тирилади

 

1Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди. 2Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди. 3Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди. 4Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.

5Фаришта аёлларга деди:

— Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар. 6У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди. 7Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.

8Аёллар шоша–пиша қабрдан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар. 9Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб:

— Салом! — деди.

Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар. 10Исо уларга деди:

— Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.

 

Соқчиларнинг хабари

 

11Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар. 12Бош руҳонийлар билан оқсоқоллар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб, 13шундай дедилар:

— Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар. 14Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.

15Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.

 

Буюк топшириқ

 

16Ўн бир шогирд Жалилага, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар. 17Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.

18Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. 19Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. 20Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”

 


[1] 17:20 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 21–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Бу тоифа жинларни ибодат ва рўзадан бошқа йўл билан қувиб бўлмайди.

[2] 18:10 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 11–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Инсон Ўғли эса адашиб гумроҳ бўлганларни қутқариш учун келган.

[3] 23:13 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 14–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар беваларнинг уй–жойларини тортиб оласизлар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийсизлар. Шунинг учун ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўласизлар.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com