Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ЛУҚО

1–БОБ - ЛУҚО

 

Муқаддима

 

1Ҳурматли Теофил! Ўзингизга маълумки, кўп одамлар орамизда Худонинг қилган ишлари тафсилотини ёзишга киришганлар. 2Бу воқеаларни ёзишда улар бўлиб ўтган ҳодисаларни бошидан кўрган ва уларни бизга етказган одамларнинг сўзларини асос қилиб олганлар. 3Шунинг учун, мен ҳам ҳаммасини бошидан синчиклаб текширганимдан кейингина, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб билан сизга ёзиб беришга қарор қилдим, 4токи сизга ўргатилган таълимотнинг ҳақиқийлигига ўзингиз ишонч ҳосил қилинг.

 

Яҳё чўмдирувчининг туғилиши ҳақида каромат

 

5Яҳудия шоҳи Ҳирод даврида Закариё деган бир руҳоний бор эди. У Абиё уруғидан келиб чиққанди, xотини Элизабет эса Ҳорун наслидан эди. 6Иккови ҳам Худо олдида солиҳ бўлиб, Эгамизнинг амру фармонларига беками–кўст риоя қилишарди. 7Элизабет бепушт бўлгани учун, уларнинг фарзанди йўқ эди. Бунинг устига иккови ҳам кексайиб қолган эдилар.

8Закариёнинг руҳонийлар бўлинмаси Маъбадда навбатчилик қилаётган кунларнинг бирида, Закариё Худонинг ҳузурида руҳонийлик вазифасини бажараётган эди. 9Руҳонийларнинг одати бўйича, Эгамизнинг Маъбадига кириб хушбўй тутатқилар тутатиш қуръаси унга тушганди. 10Тутатқи тутатиш вақтида катта бир оломон ташқарида ибодат қилаётган эди. 11Шу пайт Эгамизнинг бир фариштаси Закариёга зоҳир бўлди. Фаришта тутатқи қурбонгоҳининг ўнг томонида турарди. 12Закариё уни кўриб, қўрққанидан ўзини йўқотиб қўйди.

13Фаришта унга деди:

— Закариё, қўрқма, сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элизабет сенга бир ўғил туғиб беради. Унинг исмини Яҳё қўясан. 14У сенга шодлик ва қувонч келтиради, унинг туғилганидан кўпчилик хурсанд бўлади. 15У Эгамиз назарида улуғ бўлади, шаробу ўткир ичимликларни оғзига олмайди. Онасининг қорнидаёқ Муқаддас Руҳга тўлади. 16Исроил халқидан бўлган кўпларни у Эгаси Худога қайтаради. 17У Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудратига тўлиб, РаббимизМасиҳдан олдин келади. Раббимизга тайёр бир халқни тақдим қилиш учун, оталарнинг юракларини фарзандларига мойил қилади, итоатсизларнинг фикрини солиҳлар донолиги томон буради.

18Закариё фариштага деди:

— Мен бунга қандай амин бўламан? Ахир, мен кексайиб қолганман, хотиним ҳам қариб қолган бўлса?

19Фаришта унга шундай жавоб берди:

— Мен Худонинг ҳузурида турадиган Жаброилман. Сен билан гаплашгани, сенга бу Хушхабарни эълон қилгани юборилганман. 20Сенга айтганларим ўз вақтида бажо бўлади. Аммо менинг сўзларимга ишонмаганинг учун тилдан қоласан. Айтганларим бажо бўлмагунча, гапиролмайсан.

21Шу орада Закариёни кутиб турган халқ унинг Маъбадда имиллаб қолганига ҳайрон бўлди. 22Ниҳоят, Закариё ташқарига чиқди, аммо сўзламоққа тили айланмади. Халқ унинг Маъбадда ваҳий кўрганлигини тушунди. Закариё соқов бўлиб қолгани учун халқ билан имо–ишоралар орқали сўзлашишга мажбур бўлди.

23Маъбаддаги хизмат муддати тугагач, Закариё уйига қайтиб борди. 24Орадан кўп ўтмай, хотини Элизабет ҳомиладор бўлди. У дастлабки беш ой давомида уйидан чиқмай юрди. У шундай дерди: 25“Буни мен учун Эгам қилди. У менга марҳамат кўрсатиб, халқ орасида мени шармандаликдан қутқарди.”

 

Исо Масиҳнинг туғилиши ҳақида каромат

 

26Элизабетнинг ҳомиласи олти ойлик бўлганда, Худо фаришта Жаброилни Жалиланинг Носира деган шаҳрига, 27Довуд авлодидан Юсуф исмли йигитга унаштирилган бир қизга юборди. Қизнинг оти Марям эди. 28Фаришта унинг олдига бориб:

— Салом, эй Худо ёрлақаган қиз! Эгамиз сен биландир, — деди.

29Марям фариштанинг сўзларидан саросимага тушди. “Бундай саломлашув нимани билдирар экан?” деб ўйланиб қолди.

30Фаришта унга деди:

— Марям, қўрқма, сен Худодан иноят топдинг. 31Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Унинг исмини Исо қўясан. 32У буюк бўлади. Уни Худойи Таолонинг Ўғли деб аташади. Эгамиз Худо Унга бобоси Довуднинг тахтини беради. 33У то абад Ёқуб насли устидан ҳукмронлик қилади, ҳукмронлигининг охири бўлмайди.

34— Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади? — деб сўради фариштадан Марям. 35Фаришта жавоб берди:

— МуқаддасРуҳ сени қамраб олади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу боис туғадиган Ўғлинг муқаддас бўлади, У Худонинг Ўғли деб аталади. 36Мана, қариндошинг Элизабет ҳам қарилигида ҳомиладор бўлди, у ўғил туғади. Ҳомиласи олти ойлик. Одамлар эса уни бепушт деб айтардилар. 37Худо учун имконсиз нарса йўқ!

38— Мен Эгамнинг бандасиман. Ҳаммаси сен айтгандай бўлсин, — деб жавоб берди Марям. Шундан кейин фаришта кетди.

 

Марям Элизабетни йўқлагани боради

 

39Кўп ўтмай Марям шошилганича Яҳудия қирларидаги шаҳарга йўл олди. 40У Закариёнинг уйига кириб, Элизабет билан саломлашди. 41Элизабет Марямнинг саломини эшитгани заҳоти қорнидаги боласи ўйноқлаб кетди. Элизабет Муқаддас Руҳга тўлиб, 42баланд овозда шундай хитоб қилди:

— Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги бола ҳам муборакдир! 43Мен ким бўлибманки, Раббим Масиҳнинг онаси менинг ҳузуримга келибди! 44Сенинг саломинг қулоғимга етиши биланоқ, қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди. 45Нақадар бахтлисан! Чунки Эгамиз айтганларини амалга оширишига сен ишондинг.

46Марям шундай деди:

“Бутун вужудим билан Эгамни улуғлайман,

47Нажоткорим Худодан кўнглим шод–хуррам.

48Ахир, У мендай арзимас бандасига назар солди.

Жамики насллар энди мени бахтли деб айтади.

49Зотан, Қодир Худо мен учун буюк ишлар қилди,

Муқаддасдир Унинг номи.

50Ундан қўрққанларга

У насллар оша марҳамат қилади.

51У Ўзининг қудратини кўрсатди,

Юраги такаббурларни тўзғитиб ташлади.

52Ҳукмдорларни тахтларидан туширди,

Фақирларни эса юксалтирди.

53Очларни неъматлар ила тўйдирди,

Бойларни эса қуруқ жўнатди.

54-55Ота–боболаримизга берган ваъдаси бўйича,

Иброҳимга, унинг наслига

Шафқат қилишни то абад ёдида тутди.

Қули Исроилга ёрдам берди.”

56Шундай қилиб, Марям Элизабетникида уч ойча қолди, кейин уйига қайтиб кетди.

 

Яҳё чўмдирувчининг туғилиши

 

57Элизабетнинг ой–куни етиб, ўғил туғди. 58Қўни–қўшни ва қариндошлари Эгамизнинг унга кўрсатган буюк марҳаматини эшитиб, у билан бирга қувонишди. 59Улар саккизинчи куни боланинг суннатига келишди. Унга Закариё, деб отасининг исмини қўймоқчи бўлишди. 60Бунга боланинг онаси эътироз билдириб:

— Йўқ, исмини Яҳё қўямиз, — деди. 61Лекин бошқалар:

— Қариндош–уруғинг орасида бу исм билан аталган ҳеч ким йўқ–ку, — дейишди унга.

62Шу пайт отасига имо–ишора қилиб, ундан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрашди. 63Закариё имо–ишора орқали бир тахтача сўради ва: “Унинг исми Яҳё бўлади”, — деб ёзди. Ҳамма ҳайрон қолди. 64Шу пайт Закариё яна тилга кириб, гапира бошлади ва Худога ҳамду сано айтди.

65Ҳамма қўшнилари ҳайратда қолди, бутун Яҳудия қирларида бу воқеа овоза бўлиб кетди. 66Бу ҳақда эшитганларнинг ҳаммаси: “Ажабо, бу бола ким бўларкин?” — дея мулоҳаза қилишарди. Чунки Эгамизнинг қудрати унда намоён эди.

 

Закариёнинг башорати

 

67Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қила бошлади:

68“Исроилнинг Худоси Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

У бизга ёрдамга келди, Ўз халқини асоратдан халос қилди.

69-70Азалдан бизга ваъда бергандай,

Муқаддас пайғамбарлари орқали айтгандай,

Қули Довуд хонадонидан

Бизга қудратли Нажоткорни юборди.

71Токи У бизни душманларимиздан қутқарсин,

Биздан нафратланадиганларнинг ҳаммасидан халос этсин.

72Шундай қилиб, Худо ота–боболаримизга илтифот айлади,

Муқаддас аҳдини ёдида тутди.

73Отамиз Иброҳимга берган ўша қасамёдига кўра,

74У бизни ёвларимиз қўлидан қутқарди,

Энди биз Унга қўрқмасдан хизмат қила оламиз.

75Бутун умримиз давомида

Унинг олдида муқаддас ва солиҳ бўла оламиз.

76Сен ҳам, болажоним,

Худойи Таолонинг пайғамбари деб аталасан.

Зеро, сен Раббимиз Масиҳдан олдин юрасан,

У юрадиган йўлни ҳозирлайсан.

77Халқига нажот топишларини эълон қиласан,

Худо уларнинг гуноҳларини кечиришини айтасан.

78Зеро, Худойимиз меҳр–шафқатга бой,

У самодан бизга уфқ нурини сочади.

79Зулматда, ўлим соясида ўтирганларни ёритади,

Тинчликка олиб борадиган йўлни бизга кўрсатади.”

80Бола улғайиб, руҳан кучайди. Исроил халқига хизмат қиладиган вақти келмагунча, саҳрода яшади.

 

2–БОБ - ЛУҚО

 

Исонинг туғилиши

 

1Ўша кунларда Қайсар Август бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин, деган фармон чиқарди. 2Бу илк аҳоли рўйхати бўлиб, Сурияда Квириний ҳоким бўлганда ўтказилди. 3Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига борди.

4Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрига йўл олди. Бу шаҳар Довуд шаҳри эди. Юсуф Довуд хонадонидан, унинг наслидан эди. 5Юсуф рўйхатдан ўтгани Марямни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марям Юсуфга унаштирилган бўлиб, фарзанд кутаётган эди. 6Улар ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой–куни тўлди. 7У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.

 

Чўпонлар ва фаришталар

 

8Байтлаҳм яқинида чўпонлар бор эди. Улар тунда яйловдаги сурувини қўриқлаш учун далада ётиб қолган эдилар. 9Уларнинг қаршисида Эгамизнинг бир фариштаси пайдо бўлди, Эгамизнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ёритиб юборди. Чўпонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар.

10Аммо фаришта уларга шундай деди:

— Қўрқманглар! Мен сизларга Хушхабар олиб келдим. Бу хабар ҳаммага буюк қувонч келтиради. 11Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У Масиҳдир, бизнинг Раббимиздир. 12Мана, сизларга Унинг белгиси: охурда ётган, йўргакланган чақалоқни топасизлар.

13Бирдан фариштанинг ёнида само лашкари бўлмиш сон–саноқсиз фаришталар пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:

14“Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин,

Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!”

15Фаришталар чўпонлар олдидан осмонга қўтарилган замон, чўпонлар бир–бирига дедилар:

— Қани, Байтлаҳмга борайлик! Эгамиз бизга айтган воқеа юз берганини кўрайлик!

16Улар шоша–пиша бордилар, Марям, Юсуф ва охурда ётган чақалоқни кўрдилар. 17Улар чақалоқни кўриб, фаришта бу чақалоқ тўғрисида нималар айтганини гапириб бердилар. 18Чўпонларнинг гапини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайратга тушди. 19Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди.

20Чўпонлар қайтиб кетаётиб, Худони улуғлаб, Унга ҳамду санолар айтдилар. Чунки эшитган ва кўрганларининг ҳаммаси худди фаришта айтганидай содир бўлганди.

 

Исога исм қўйилади

 

21Орадан саккиз кун ўтди. Чақалоқни суннат қиладиган пайт келди. Унга Исо деб исм қўйдилар. Исо она қорнида пайдо бўлмасдан олдин, фаришта Унга шу исмни берган эди.

 

Шимўннинг мадҳияси

 

22-24Марям, Тавротга кўра, тозаланиш кунларига риоя қилди. Бу муддат тугагач, Марям билан Юсуф Қуддусга бордилар. У ерда покланиш қурбонлигини келтириб, Эгамизнинг қонунидаги “иккита каптар ёки иккита мусича келтирилсин”, деган амрни бажардилар. Улар болани ҳам Эгамизга тақдим қилмоқчи бўлиб, уни ўзлари билан Қуддусга олиб борган эдилар. Чунки Эгамизнинг қонунида: “Ҳар бир тўнғич ўғил Эгамизга бағишланиши керак”, деб ёзилган.

25Ўша пайтда Қуддусда Шимўн деган бир одам бор эди. У солиҳ, тақводор одам бўлиб, Исроилнинг нажот топишини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ унга ёр эди. 26МуқаддасРуҳ унга: “Эгамиз ваъда қилган Масиҳни сен кўрмагунингча, ўлмайсан”, деб аён қилган эди.

27Шундай қилиб, Шимўн Муқаддас Руҳ бошчилигида Маъбадга борди. Исонинг ота–онаси қонунда буюрилган маросимни бажариш учун, чақалоқни Маъбад ҳовлисига олиб кирдилар. 28Шунда Шимўн чақалоқни қўлига олиб, Худога ҳамду сано айтди:

29“Эй Эгам, ваъдангни Сен бажо айладинг,

Энди тинчгина ўлишга рози бу қулинг.

30Зеро, ўз кўзим ила кўрдим Қутқарувчини,

31Барча эллар олдида ҳозирлаган нажотингни.

32Ғайрияҳудийларга аён бўладиган нурдир У,

Халқинг Исроилнинг шуҳратидир У.

33Юсуф ҳам, Марям ҳам Исо ҳақида айтилган бу сўзлардан ҳайратга тушдилар. 34Шимўн уларни дуо қилиб, Исонинг онаси Марямга деди:

— Мана шу гўдак Исроилда кўп одамларнинг қулашига ва юксалишига сабабчи бўлади. У Худодан аломат бўлади, Уни кўплар рад этади. 35Натижада кўпларнинг сирли фикрлари ошкор бўлади. Сенинг қалбингга ҳам қилич санчилади.

36У ерда Ханна исмли кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У Ошер қабиласидан Пануил деган одамнинг қизи эди. У турмушга чиқиб, эри билан етти йил яшади. 37Сўнг бева қолган эди. У саксон тўрт йил давомида бева бўлиб, ҳеч қачон Маъбадни тарк этмасди. Рўза тутиб, ибодат қилиб, кечаю кундуз Худога сажда қиларди. 38Шимўн Марям ва Юсуфга гапириб турган пайтда Ханна уларга яқинлашиб, Худога шукроналар айтди. У Қуддуснинг озод қилинишини интизорлик билан кутганларнинг ҳаммасига бу бола ҳақида сўзлай бошлади.

39Юсуф билан Марям Эгамизнинг қонунидаги ҳамма талабларни бажарганларидан кейин, Жалилага, ўз шаҳри Носирага қайтиб бордилар. 40Бола улғайиб, кучга ва доноликка тўлиб борарди. У Худонинг инояти остида эди.

 

Ўсмир Исо Маъбадда

 

41Исонинг ота–онаси ҳар йили Фисиҳ байрамида Қуддусга борар эдилар. 42Исо ўн икки ёшда бўлганда, улар яна одатдагидай байрам қилиш учун Қуддусга бордилар.

43Байрамдан кейин улар уйга қайтар эканлар, ўсмир Исо Қуддусда қолди. Ота–онаси эса бундан бехабар эди. 44Улар “Исо йўловчилар орасида келяпти”, деб ўйлашди. Бир кун йўл босганларидан кейин, Исони қариндош–уруғлари ва таниш–билишлари орасидан қидира бошладилар. 45Уни топа олмаганларидан кейин, Қуддусга қайтиб, Исони ўша ердан қидирдилар.

46Уч кундан сўнг Уни Маъбаддан топдилар. У муаллимлар орасида ўтирарди, уларнинг гапларига қулоқ солиб, саволлар берарди. 47Исонинг гапларини эшитганларнинг ҳаммаси Унинг фаҳм–идрокига ва бераётган жавобларига ҳайрон қолардилар. 48Ота–онаси Уни кўриб, ажабландилар. Онаси Унга деди:

— Ўғлим, бу нима қилганинг? Отанг икковимиз Сени қидиравериб адойи тамом бўлдик–ку!

49— Нега Мени қидирдингизлар? — деди Исо. — Мен Отамнинг уйида бўлишим кераклигини наҳотки билмаган бўлсангизлар?!

50Аммо улар Исонинг айтган гапини тушунмадилар. 51Исо улар билан Носирага қайтиб кетди. Доим ота–онасига итоат қилди. Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўйди.

52Исо улғайиб, йиллар ўтган сари доно бўлиб борарди. У Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонарди.

 

3–БОБ - ЛУҚО

 

Яҳё чўмдирувчининг ваъзи

 

1Қайсар Тибериус ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили эди. ЯҳудиядаПўнтий Пилат Римлик ҳоким эди. Жалилада Ҳирод, Итурея билан Трахонит вилоятларида Ҳироднинг укаси Филип, Авилина вилоятида Лисаний ҳукмронлик қилар, 2Ҳанан ва Каяфа эса олий руҳоний эдилар.

Ўша вақтда саҳрода яшаётган Закариёнинг ўғли Яҳёга Худонинг сўзи келди. 3У Иордан дарёси атрофидаги ерларни кезиб, одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қиларди. 4Шу тариқа Ишаё пайғамбар ўз китобида ёзган қуйидагича башорати амалга ошди:

“Саҳрода бир овоз янграмоқда:

Эгамизга йўл ҳозирланг,

Унга тўғри йўл очинг!”

5Ҳар бир жарлик тўлдирилади,

Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.

Қинғир–қийшиқ йўллар ростланади,

Ўнқир–чўнқир сўқмоқлар текис бўлади.

6Бутун жонзот Худонинг нажотини кўради!”

7Катта бир оломон сувга чўмдирилиш учун Яҳёнинг олдига келди. Яҳё уларга деди:

— Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким айтди? 8Бундан кейин тавбага яраша самара беринглар! Ўзингизча: “Биз Иброҳим наслиданмиз”, деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир. 9Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади.

10Оломон Яҳёдан сўради:

— Ундай бўлса, биз нима қилишимиз керак?

11У жавоб бериб, деди:

— Кимнинг иккита кўйлаги бўлса, бирини кўйлаги бўлмаган одамга берсин. Кимнинг озиқ–овқати бўлса, у ҳам овқати йўқлар билан бўлишсин.

12Солиқчилардан баъзилари ҳам сувга чўмдирилиш учун келиб, Яҳёдан:

— Устоз, биз нима қилишимиз керак? — деб сўрашди. 13Яҳё уларга шундай жавоб берди:

— Белгиланганидан ортиғини одамлардан талаб қилманглар.

14Баъзи бир аскарлар ҳам ундан:

— Биз–чи?! Биз нима қилишимиз керак? — деб сўрадилар. Яҳё уларга деди:

— Бировларни ноҳақ айблаб, пул орттирманглар, маошингиз билан қаноатланинглар.

15Халқ Масиҳнинг келишини орзиқиб кутарди. Улар: “Яҳё Масиҳ эмасмикин?” деган фикрни кўнгилдан ўтказишарди. 16Яҳё уларнинг ҳаммасига шундай деди:

— Мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин ортимдан мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот келмоқда. Мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради. 17Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойни Ўз омборига тўплаб, сомонни эса сўнмас ўтда ёндириб юборади.

18Яҳё яна кўп бошқа насиҳатлар бериб, халққа Хушхабарни эълон қиларди. 19Вилоят ҳукмдори Ҳироднинг қилмишларини эса фош қилди. Чунки Ҳирод ўз укасининг хотини Ҳиродияга уйланган ва яна бошқа ёмон ишлар ҳам қилганди. 20Шуниси етмагандай, у Яҳёни ҳам зиндонга қаматиб қўйди.

 

Исо сувга чўмдирилади

 

21Бутун халқ сувга чўмдирилаётганда, Исо ҳам сувга чўмдирилди. У ибодат қилиб турганда осмон очилиб кетди 22ва МуқаддасРуҳ каптар шаклида Унинг устига тушиб келди. Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман”, — деган овоз келди.

 

Исонинг насабномаси

 

23Исо хизматини бошлаганда ўттиз ёшларда эди. Одамлар Уни Юсуфнинг ўғли деб ҳисоблардилар.

Юсуф эса — Элининг ўғли,

24Эли — Маттотнинг ўғли, Маттот — Левининг ўғли,

Леви — Малкийнинг ўғли, Малкий — Янайнинг ўғли, Янай — Юсуфнинг ўғли,

25Юсуф — Маттатиёнинг ўғли, Маттатиё — Амоснинг ўғли,

Амос — Нохумнинг ўғли, Нохум — Ҳеслининг ўғли, Ҳесли — Нагайнинг ўғли,

26Нагай — Маҳатнинг ўғли, Маҳат — Маттатиёнинг ўғли,

Маттатиё — Шимейнинг ўғли, Шимей — Йўсеҳнинг ўғли, Йўсеҳ — Йўдонинг ўғли,

27Йўдо — Ёҳананнинг ўғли, Ёҳанан — Резонинг ўғли,

Резо — Зарубабелнинг ўғли, Зарубабел — Шалтиёлнинг ўғли, Шалтиёл — Нерийнинг ўғли,

28Нерий — Малкийнинг ўғли, Малкий — Аддийнинг ўғли,

Аддий — Қосамнинг ўғли, Қосам — Элмодамнинг ўғли, Элмодам — Гернинг ўғли,

29Гер — Ёшуанинг ўғли, Ёшуа — Элиазарнинг ўғли,

Элиазар — Ёримнинг ўғли, Ёрим — Маттотнинг ўғли, Маттот — Левининг ўғли,

30Леви — Шимўннинг ўғли, Шимўн — Яҳудонинг ўғли,

Яҳудо — Юсуфнинг ўғли, Юсуф — Юнамнинг ўғли, Юнам — Элияқимнинг ўғли,

31Элияқим — Малиёнинг ўғли, Малиё — Маннонинг ўғли,

Манно — Маттатонинг ўғли, Маттато — Натаннинг ўғли, Натан — Довуднинг ўғли,

32Довуд — Эссайнинг ўғли, Эссай — Обиднинг ўғли,

Обид — Бўазнинг ўғли, Бўаз — Салмўннинг ўғли, Салмўн — Наҳшўннинг ўғли,

33Наҳшўн — Оминадовнинг ўғли, Оминадов — Админнинг ўғли, Админ — Арнийнинг ўғли,

Арний — Ҳасрўннинг ўғли, Ҳасрўн — Параснинг ўғли, Парас — Яҳудонинг ўғли,

34Яҳудо — Ёқубнинг ўғли, Ёқуб — Исҳоқнинг ўғли,

Исҳоқ — Иброҳимнинг ўғли, Иброҳим — Тераҳнинг ўғли, Тераҳ — Нахўрнинг ўғли,

35Нахўр — Саруғнинг ўғли, Саруғ — Рағунинг ўғли,

Рағу — Палахнинг ўғли, Палах — Ибирнинг ўғли, Ибир — Шалаҳнинг ўғли,

36Шалаҳ — Хенаннинг ўғли, Хенан — Арпахшоднинг ўғли,

Арпахшод — Сомнинг ўғли, Сом — Нуҳнинг ўғли, Нуҳ — Ламакнинг ўғли,

37Ламак — Матушалоҳнинг ўғли, Матушалоҳ — Ханўхнинг ўғли,

Ханўх — Ёреднинг ўғли, Ёред — Махалиёлнинг ўғли, Махалиёл — Хенаннинг ўғли,

38Хенан — Энўшнинг ўғли, Энўш — Шиснинг ўғли,

Шис — Одам Атонинг ўғли, Одам Ато — Худонинг ўғли эди.

 

4–БОБ - ЛУҚО

 

Исони иблис васвасага солади

 

1Исо Иордан дарёсидан Муқаддас Руҳга тўлиб қайтди. Руҳ Уни саҳрога бошлаб кетди. 2Саҳрода Исони иблис қирқ кун васвасага солди. Ўша кунлар давомида Исо ҳеч нарса емади, охири оч қолди. 3Шунда иблис Исога деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин!

4Исо унга шундай жавоб берди:

— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан яшамайди.”

5Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди. 6У Исога деди:

— Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон–шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман. 7Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади.

8Исо жавоб бериб деди:

— Ёзилганки: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил.”

9Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди:

— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла. 10Ахир, ёзилган–ку:

“У сен тўғрингда фаришталарига амр беради,

Фаришталар сени қўриқлайди.

11Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин, дея

Фаришталар қўлларида сени кўтариб боради.”

12Исо иблисга жавобан деди:

— Яна ёзилганки: “Эганг Худони синама.”

13Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан кейин вақтинча Унинг ёнидан кетди.

 

Исо Ўз юртида рад қилинади

 

14Исо Руҳ қудратига тўлиб, Жалилага қайтди. У ҳақидаги овоза бутун атрофга тарқалди. 15У яҳудийлар синагогаларида таълим берарди, ҳамма Уни мақтарди.

16Сўнг Исо Ўзи улғайиб ўсган шаҳри Носирага борди. Ўз одати бўйича Шаббат кунида синагогага кириб, Муқаддас Битикларни ўқиш учун ўрнидан турди. 17Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрамини узатдилар. У ўрамни очиб, қуйидаги парчани топиб ўқиди:

18“Эгамизнинг Руҳи мени қамради.

Йўқсилларга Хушхабар етказмоқ учун,

Эгам мени танлади.

Зиндондагиларга қутуласиз, деб айтмоқ учун,

Кўрларга, кўзингиз очилади, деб хабар бермоқ учун,

Асирларни озод қилмоқ учун,

19Эгамнинг марҳамат йилини маълум этмоқ учун,

Эгам Мени юборди.”

20Кейин Исо ўрамни қайта ўради–да, хизматчига бериб, жойига ўтирди. Синагогадаги барчанинг кўзи Унга тикилди. 21Исо уларга деди:

— Сизлар эшитган бу калом шу бугун бажо бўлди.

22Ҳамма Исони мақтар эди. Унинг латиф сўзларига маҳлиё бўлиб: “Наҳот бу Юсуфнинг ўғли бўлса?!” — деб айтишарди.

23Исо уларга деди:

— Билиб турибман, сизлар: “Эй табиб, ўзингни ўзинг даволаб кўр–чи!” деган иборани юзимга солмоқчисизлар. “Кафарнаҳумда қилган мўъжизалар ҳақида хабар топдик. Ўшаларни Ўз шаҳрингда ҳам қил”, деб айтмоқчисизлар.

24Сўнг Исо гапида давом этиб, деди:

— Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди. 25Сизларга яна бир ҳақиқатни айтаман: Илёс пайғамбар даврида Исроилда кўп бевалар бор эди. Осмондан уч йилу олти ой давомида бир томчи ҳам ёмғир ёғмади, бутун юртда даҳшатли очарчилик бўлди. 26Аммо Худо Илёсни уларнинг биронтасига юбормай, фақатгина Сидон шаҳри яқинидаги Зорафатда яшовчи бир бевага юборган эди. 27Худди шу сингари Элиша пайғамбар даврида ҳам Исроилда тери касаллигига чалинган кўп одамлар бор эди. Аммо биронтаси ҳам шифо топмади, фақат Суриялик Нўмон шифо топди, холос.

28Синагогадаги одамлар буларни эшитгач, ҳаммалари ғазабланишди. 29Ўринларидан сакраб туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Носира шаҳри тепалик устида жойлашган эди. Одамлар Исони ўша тепаликнинг четига олиб бориб, жарликка ташламоқчи бўлишди. 30Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, ўз йўлига кетди.

 

Жинга чалинган одам шифо топади

 

31Исо Жалиладаги Кафарнаҳум шаҳрига борди. Шаббат кунларида халққа таълим берадиган бўлди. 32Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У ҳокимият билан гапирарди.

33Шаҳардаги синагогада жинга чалинган бир одам бор эди. У овози борича бақириб деди:

34— Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми?! Сенинг кимлигингни биламиз: Сен Худонинг Азизисан!

35Бироқ Исо жинга дўқ уриб:

— Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди. Шунда жин ҳамманинг кўзи олдида ҳалиги одамни ерга ағнатиб, унинг ичидан чиқиб кетди. Одам ҳеч қандай зарар кўрмади. 36Ҳамма ҳайратда қолди.

— Нима бўляпти ўзи?! У қудрату ҳокимият билан буйруқ берганда ёвуз руҳлар чиқиб кетяпти! — деб бир–бирларига гапирардилар. 37Исо ҳақидаги овоза бутун теварак–атрофга тарқалди.

 

Исо кўп одамларни соғайтиради

 

38Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнанаси қаттиқ иситмалаб ётган экан. Исодан, касални кўриб қўйинг, деб илтимос қилишди. 39Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмага: “Аёлни тарк эт!” — деб буйруқ берди. Иситма аёлни тарк этди. Аёл ўша заҳоти ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади.

40Қуёш ботаётган пайтда, одамлар турли хасталикдан азоб чекаётган қариндош–уруғларини Исонинг олдига олиб келдилар. Исо ҳамма хасталарга қўлини қўйиб, шифо берди. 41Жинлар эса: “Сен Худонинг Ўғлисан!” — деб бақирганларича, кўплаб одамларни тарк этардилар. Исо жинларга дўқ уриб, уларнинг гапиришларига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг Масиҳ эканини билишарди.

 

Исо синагогада ваъз қилади

 

42Тонг отгач, Исо шаҳарни тарк этиб, кимсасиз бир жойга кетди. Бир тўда оломон Уни излаб ортидан борди. Улар Исони топганларидан сўнг: “Ёнимиздан кетманг”, деб Уни олиб қолишга ҳаракат қилдилар. 43Исо эса одамларга шундай деди:

— Мен Худо Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларда ҳам эълон қилишим керак, Мен шу мақсадда юборилганман.

44Шундай қилиб, Исо юртдаги синагогаларда воизлик қилишни давом эттирди.

 

5–БОБ - ЛУҚО

 

Исонинг дастлабки шогирдлари

 

1Бир куни Исо Жалила кўли бўйида турганда, оломон Худонинг сўзини эшитиш учун Исонинг ёнида тирбанд бўлди. 2Исо кўл қирғоғида турган икки қайиқни кўрди. Балиқчилар қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар. 3Қайиқлардан бири Шимўнники эди. Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни илтимос қилди. Сўнг ўтириб, ўша ердан одамларга таълим берди. 4Исо гапини тугатиб, Шимўнга деди:

— Чуқурроқ ерга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар.

5Шимўн Исога шундай деди:

— Устоз, биз тун бўйи астойдил ҳаракат қилдик, лекин ҳеч нарса тутолмадик. Аммо Сиз айтганингиз учун, тўр ташлаймиз.

6Улар тўр ташлаганларида, шу қадар кўп балиқ овладиларки, ҳатто тўрлари йиртила бошлади. 7Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига, ёрдам беринглар, деб ишора қилдилар. Қайиқлар етиб келгач, иккала қайиқни ҳам балиққа тўлдирдилар, қайиқлар сувга бота бошлади.

8Шимўн Бутрус буни кўрди–да, Исонинг олдида тиз чўкиб деди:

— Ҳазрат! Менинг ёнимдан кетинг, чунки мен гуноҳкор инсонман.

9Шимўн ва ёнидагилар бундай мўл балиқ овидан ҳайратга тушган эдилар. 10Шимўннинг шериклари Забадий ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам ҳайратда эдилар.

Исо Шимўнга деди:

— Қўрқма, бундан буён сен инсонларни овлайсан.

11Улар қайиқларини қирғоққа тортдилар ва ҳамма нарсаларини қолдириб, Исога эргашдилар.

 

Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради

 

12Исо бир шаҳарда бўлганда, тери касаллигига чалинган бир одам келиб қолди. У Исони кўриб, юз тубан ерга мук тушиб, ёлворди:

— Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.

13Исо қўлини узатди ва унга теккизиб:

— Истайман, пок бўл! — деди. Касаллик эса ўша заҳоти кетди. 14Исо юз берган воқеани ҳеч кимга айтмасликни ўша одамга буюрди. Сўнг деди:

— Бориб ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.

15Аммо Исо тўғрисидаги гап–сўзлар тобора ёйилиб бораверди. Тумонат халойиқ Уни тинглаш ва дардларидан фориғ бўлиш учун Унинг олдига йиғилиб келар эди. 16У эса кўпинча кимсасиз жойларга кетиб, ибодат қилар эди.

 

Исо шол одамни соғайтиради

 

17Бир куни Исо таълим бераётганда, Унинг тингловчилари орасида фарзийлар билан Таврот тафсирчилари ҳам ўтирган эдилар. Улар Жалила ва Яҳудиянинг ҳамма қишлоқларидан, Қуддусдан келган эдилар. Исода Эгамизнинг хасталарга шифо бериш қудрати бор эди. 18Бир нечта киши тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Уни уйга — Исонинг олдига олиб киришга уриндилар. 19Лекин оломон кўплигидан бунинг иложини тополмай, уйнинг томига чиқиб, томдан тешик очдилар. Сўнг шолни ўша тешикдан тўшаги билан оломон ўртасига — Исонинг олдига туширдилар.

20Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга деди:

— Биродарим, гуноҳларинг кечирилди.

21Тафсирчилар билан фарзийлар эса ўзларича шундай мулоҳаза қила бошладилар: “Куфрлик қилаётган бу Одам ким ўзи? Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди–ку!”

22Исо уларнинг мулоҳазаларини билиб, шундай савол берди:

— Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар? 23Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми? 24Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.

Исо шундай деди–ю, шолга:

— Сенга айтаман: Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.

25Шол ўша заҳоти ҳамманинг кўзи олдида ўрнидан турди. Ётган тўшагини олиб, Худони улуғлаб, уйига кетди. 26Ҳамма ҳайратга тушиб, Худони улуғлади. Улар қўрқув ичра: “Бугун ақл бовар қилмайдиган ҳодисани кўрдик”, деб айтардилар.

 

Исо Левини чақиради

 

27Шундан сўнг, Исо у ердан чиқиб, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Левини кўриб қолди. Исо унга:

— Ортимдан юр! — деди. 28Леви ўрнидан турди, ҳамма нарсасини қолдириб, Исога эргашди.

29Сўнгра Леви ўз уйида Исонинг шарафига катта зиёфат берди. Меҳмонлар орасида бир гуруҳ солиқчилар ва бошқа одамлар бор эди. 30Фарзийлар ва фарзийларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар:

— Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибсизлар?

31Исо уларга шундай жавоб берди:

— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир. 32Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.

 

Рўза тутиш ҳақида савол

 

33Баъзи одамлар Исога дедилар:

— Мана, Яҳёнинг шогирдлари фарзийларнинг шогирдлари каби тез–тез рўза тутиб, ибодат қилишади. Сизнинг шогирдларингиз эса еб–ичиб юрибдилар!

34Исо уларга деди:

— Куёв даврада бўлганда тўйга келган меҳмонларни рўза тутишга мажбур қилиб бўлардими?! 35Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.

36Исо уларга бир масални ҳам айтиб берди:

— Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ солмайди. Акс ҳолда янги кийим ҳам йиртилади, янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди. 37Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади, шароб тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. 38Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор. 39Эски шаробдан ичган одам янги шаробни истамайди. “Эскиси яхши”, деб айтади.

 

6–БОБ - ЛУҚО

 

Шаббат куни тўғрисида савол

 

1Шаббат кунларининг бирида Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари бошоқлардан узиб олиб, кафтларида уқалаб, донларини еяётган эдилар. 2Баъзи фарзийлар эса уларга деди:

— Нега сизлар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляпсизлар?

3Исо уларга шундай жавоб берди:

— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?! 4У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!

5Исо яна деди:

— Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.

6Бошқа Шаббат куни Исо синагогага кириб таълим берди. У ерда ўнг қўли қуриб қолган бир одам бор эди. 7Таврот тафсирчилари билан фарзийлар Исони айблаш учун бирон сабаб топиш мақсадида: “Исо Шаббат куни ҳам бу одамга шифо берармикан”, деб Уни кузатиб турардилар. 8Исо уларнинг бу ниятини била туриб, қўли шол одамга:

— Ўрнингдан туриб олдинга чиқ! — деб буюрди. У олдинга чиқди.

9Исо йиғилганларга деди:

— Сизларга бир саволим бор. Қонунга мувофиқ Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни халос қилиш керакми ёки нобуд қилишми?

10Исо уларнинг ҳаммасига назар ташлаб чиқди–да, у одамга:

— Қўлингни узат! — деди.

У одам қўлини узатиши биланоқ қўли соппа–соғ бўлиб қолди. 11Тафсирчилар билан фарзийлар ғазабдан жазаваси тутиб, Исони нима қилсак экан, деб муҳокама қила бошладилар.

 

Исо ўн икки ҳаворийни танлайди

 

12Ўша кунларнинг бирида Исо ибодат қилгани тоққа чиқди. У тун бўйи Худога ибодат қилди. 13Тонг отгач, шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн иккитасини танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди: 14Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди), унинг укаси Идрис, Ёқуб, Юҳанно, Филип, Бартоломей, 15Матто, Тўма, Алфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар деб ном олган Шимўн, 16Ёқуб ўғли Яҳудо ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.

17Шундан сўнг Исо улар билан бирга пастга тушиб, текис жойда тўхтади. Бу ерда Унинг кўплаб шогирдлари, шунингдек, бутун Яҳудиядан, Қуддусдан, Тир ва Сидон соҳилларидан келган бир талай оломон бор эди. 18Улар Исони тинглагани ва хасталикларидан фориғ бўлгани келган эдилар. Ёвуз руҳлардан азоб чекаётган одамлар ҳам шифо топдилар. 19Ҳамма одамлар қўлларини Исога теккизишга уринарди, чунки Ундан бир куч чиқиб, ҳаммага шифо берарди.

 

Бахтли ва бахтсизлар

 

20Исо шогирдларига қараб, деди:

“Эй камбағаллар, сизлар бахтлисиз!

Худонинг Шоҳлиги сизларникидир.

21Эй ҳозир оч бўлганлар, бахтлисиз!

Сизлар тўқ бўласизлар.

Эй йиғлаётганлар, бахтлисиз!

Сизлар қувониб куласизлар.

22Инсон Ўғлига ён босганингиз учун

Одамлар сиздан нафратланганларида,

Жамиятдан қувиб, ҳақоратлаганларида,

Исмингизни қоралаганларида,

Сизлар барибир бахтлисизлар!

23Шундай кунлар келганда қувонинг, шодликдан сакранг. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир, сизларга озор етказаётган одамларнинг ота–боболари ҳам пайғамбарларга шундай қилганлар.

24Эй бойлар, ҳолингизга вой!

Сизлар роҳатингизни кўриб бўлдингизлар.

25Эй қорни тўқлар, ҳолингизга вой!

Сизлар оч қоласизлар.

Эй кулаётганлар, ҳолингизга вой!

Сизлар аза тутиб, фарёд қиласизлар.

26Барча одамлар сизни мақтаганда ҳолингизга вой.

Ахир, уларнинг ота–боболари

Сохта пайғамбарларни ҳам худди шундай мақтаганлар.”

 

Душманларингизни севинглар

 

27“Эй мени тинглаётганлар, сизларга айтяпман: душманларингизни севинглар, сиздан нафратланганларга яхшилик қилинглар. 28Сизларга лаънат айтганларни дуо қилинглар. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар.

29Бир чаккангизга урсалар, иккинчисини ҳам тутинг. Агар кимдир тўнингизни тортиб олса, кўйлагингизни ҳам ечиб беринг. 30Сиздан сўраганларнинг ҳаммасига беринг. Агар кимдир нарсангизни тортиб олса, “Қайтариб бер”, деб талаб қилманг. 31Одамлар сизларга нима қилишларини истасангизлар, сиз ҳам уларга ўшани қилинглар.

32Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, қандай савоб қилган бўласизлар?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни яхши кўрадилар. 33Агар ўзингизга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар. 34Агар сиз қайтариб олишга умид қилиб қарз берсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қанча қарзлари бўлса, ҳаммасини қайтариб олиш мақсадида гуноҳкорларга қарз берадилар.

35Лекин сиз душманларингизни севинг, уларга яхшилик қилинг, қайтариб беришини ўйламай, қарз беринг. Шунда буюк мукофот олиб, Худойи Таолонинг фарзандлари бўласизлар. Ахир, Унинг Ўзи ҳам ношукурларга ва фосиқларга меҳрибон–ку! 36Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар.”

 

Бошқаларни ҳукм қилманглар

 

37“Бошқаларни ҳукм қилманг, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. Бошқаларни айбламанг, шунда Худо ҳам сизни айбламайди. Бошқаларни кечиринг, шунда Худо сизни кечиради. 38Бошқаларга беринг, Худо ҳам сизларга беради, мўл–кўл қилиб беради, босиб, силкитиб тўлдирилган, тошиб–тўкилган ўлчов билан қўйнингизни тўлдиради. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, Худо ҳам сизларга худди шундай ўлчов билан ўлчаб беради.”

39Исо уларга қуйидаги матални ҳам айтиб берди: “Кўр одам кўрни етаклаб юра оладими?! Иккаласи ҳам чуқурга қулаб тушади–ку! 40Шогирд устозидан устун бўлмас. Аммо мукаммал билим эгаллаган шогирд устозидай бўлар.

41Нима учун сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан? 42Кўзингдаги ходани кўрмай туриб қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай”, деб айтасан? Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.”

 

Дарахт ва унинг меваси

 

43“Яхши дарахт ёмон мева бермас, ёмон дарахт эса яхши мева бермас. 44Ҳар бир дарахтнинг қандайлиги ўз мевасидан билинади. Тиканзордан анжир терилмайди, бутазордан узум узилмайди. 45Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. Одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади.”

 

Икки хил пойдевор

 

46“Нега сизлар Мени “Ё Раббий, ё Раббий!” деб чақирасиз–у, аммо айтганларимни қилмайсизлар? 47Менинг олдимга келган ва сўзларимни эшитиб, уларга риоя қилган одам кимга ўхшашини биласизларми? 48Уй қураётганда, чуқур ҳандақ қазиб, тош устига пойдевор ўрнатган кишига ўхшайди у. Сел тошиб, ўша уйни сув босади, лекин уйни қўзғата олмайди. Чунки уй маҳкам ўрнатилган. 49Аммо Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя қилмайдиган одам уйни тупроқ устига, пойдеворсиз қурган кишига ўхшайди. Уйни сув босганда, уй ўша заҳоти қулаб тушади. Уй бутунлай вайрон бўлади.”

 

7–БОБ - ЛУҚО

 

Римлик юзбошининг имони

 

1Исо халққа бу сўзларини айтиб бўлгандан кейин, Кафарнаҳум шаҳрига кетди. 2У ерда бир юзбошининг жуда азиз хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди. 3Юзбоши Исо тўғрисида эшитиб қолди ва яҳудийоқсоқолларини Унинг олдига юбориб: “Келинг, хизматкоримга шифо беринг”, деб илтимос қилди. 4Улар Исонинг ёнига келгач, қаттиқ ўтинч билан:

— У Сизнинг ёрдамингизга муносибдир. 5У халқимизни яхши кўради, бизга ҳатто синагога ҳам қуриб берган, — дейишди.

6Исо улар билан бирга кетди. У уйга яқинлашиб қолганда, юзбоши дўстлари орқали шундай хабар жўнатди:

— Ҳазрат, овора бўлманг! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман. 7Мен ўзимни нолойиқ ҳисоблаганим учун Сизнинг олдингизга ўзим бормадим. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади. 8Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарлар бор. Бирисига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.

9Исо бу сўзларни эшитгач, юзбошидан ҳайратланди. У ўгирилиб, орқасидан эргашиб келаётган оломонга деди:

— Сизларга шуни айтай: Мен ҳаттоки Исроилда ҳам бундай кучли имонга эга бўлган одамни учратмадим.

10Юборилганлар юзбошининг уйига қайтиб келганларида, хизматкор соғайиб қолганини кўрдилар.

 

Исо бева аёлнинг ўғлини тирилтиради

 

11Орадан кўп вақт ўтмай, Исо Наин деган шаҳарга борди. Унинг шогирдлари ва бир талай оломон Исо билан бирга эди. 12Исо шаҳар даровозасига етиб қолганда, вафот этган бир одамни олиб чиқишаётганини кўриб қолди. Марҳум — бева аёлнинг ёлғиз ўғли экан. Аёл билан бирга шаҳардан бир талай оломон чиқиб келаётган эди. 13Раббимиз Исо бу аёлни кўргач, унга раҳми келиб:

— Йиғлама! — деди. 14Кейин Исо яқинлашиб, тобутга қўлини теккизди. Тобутни кўтариб бораётганлар тўхтаб қолдилар. Исо ўликка:

— Эй йигит, сенга айтаман: тур ўрнингдан! — деди.

15Ўшанда ўлик ростланиб ўтирди–да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди. 16Ҳаммани ваҳима босди. Одамлар: “Орамизда буюк пайғамбар пайдо бўлди, Худо Ўз халқини қутқариш учун келди”, — деб Худога ҳамду сано айтардилар. 17Исо ҳақидаги бу хабар Яҳудияга ва бутун атрофга ёйилди.

 

Яҳё чўмдирувчининг хабарчилари

 

18Яҳёга шогирдлари бўлиб ўтган бу воқеалар тўғрисида хабар беришди. 19Яҳё шогирдларидан иккитасини чақириб, уларни Раббимиз Исонинг олдига шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”

20Улар Исонинг олдига бориб дейишди:

— Бизни Яҳё чўмдирувчи юборди. У Сиздан: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?” деб сўраяпти.

21Айни шу пайтда Исо кўп одамларнинг хасталикларию дардларига шифо бераётган, ёвуз руҳларга чалинганларни тузатаётган, кўплаб кўрларнинг кўзларини очаётган эди. 22Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди:

— Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар: кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда. 23Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!

24Яҳёнинг хабарчилари кетгандан кейин, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними? 25Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Бироқ башанг кийиниб, бой–бадавлат яшайдиганлар шоҳ саройида бўлади–ку! 26Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар! 27У ҳақда шундай ёзилган:

“Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,

У Сен учун йўлни ҳозирлайди.”

28Сизларга айтаманки, бутун инсон зоти орасида Яҳёдан улуғи йўқ. Аммо Худонинг Шоҳлигида ҳаммадан кичиги ҳам ундан каттадир. 29Яҳёни эшитган жамики одамлар, ҳатто солиқчилар ҳам Худонинг йўли тўғри эканлигини тан олган эдилар. Улар Яҳё томонидан сувга чўмдирилгандилар. 30Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари эса, Яҳё томонидан сувга чўмдирилишни истамай, Худонинг улар учун бўлган мақсадини рад қилдилар. 31Шундай экан, замонимиздаги одамларни кимга қиёсласам бўлади? 32Улар болаларга ўхшайдилар — майдонда ўтириб олиб, шундай дея бир–бирларига бақирадилар:

“Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз,

Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар йиғламадингиз.”

33Яҳё чўмдирувчи келиб на нон еди, на шароб ичди. Сизлар эса: “Уни жин урибди”, дейсизлар. 34Инсон Ўғли келиб, ҳам еди, ҳам ичди. Уни эса сизлар: “Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти”, дейсизлар. 35Аммо билиб қўйинглар: Худонинг донолигини тан олганлар Унинг донолиги тўғри эканлигини кўрсатиб турибдилар.”

 

Гуноҳкор аёл Исога атир мой суртади

 

36Фарзийлардан бири Исони таом ейишга таклиф қилди. Исо фарзийнинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади. 37Шаҳарда гуноҳкор бир аёл бор эди. У: “Исо фарзийнинг уйида меҳмонда экан”, деб эшитди ва ганчдан ясалган идишда атир мойи олиб келди. 38Ўша аёл Исонинг оёқлари томонида туриб йиғлади. Аёлнинг кўз ёшлари Исонинг оёқларига томар эди. Кейин аёл Исонинг оёқларини сочлари билан артиб, ўпа бошлади, оёқларига атир мойи суртди.

39Исони ўз уйига таклиф қилган фарзий буни кўриб: “Агар бу одам ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлганда эди, Унга қўл теккизган аёлнинг кимлигини ва қанақалигини билган бўларди, бу аёл гуноҳкор–ку”, — деб кўнглидан ўтказди.

40Исо фарзийга деди:

— Шимўн, сенга бир гап айтмоқчиман.

— Айтинг, Устоз! — деди у.

41Исо деди:

— Икки киши бир одамдан қарздор экан: бири беш юз кумуш танга, иккинчиси эллик кумуш танга. 42Улар қарзларини тўлай олмагани учун, қарз берувчи икковининг ҳам қарзидан кечиб юборибди. Хўш, улардан қайси бири қарз берганни кўпроқ яхши кўради?

43Шимўн жавоб бериб деди:

— Менимча, кўпроқ қарзи кечирилган одам бўлса керак.

— Тўғри мулоҳаза қилдинг, — деди унга Исо. 44Кейин Исо аёлга ўгирилиб қаради–да, Шимўнга деди:

— Мана бу аёлни кўряпсанми? Мен уйингга келганимда, оёқларимни ювгани сув бермадинг. У эса кўз ёшлари билан оёқларимни ювиб, сочлари билан артиб қуритди. 45Сен Мени ўпиб кутиб олмадинг. Бу аёл эса, келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тўхтагани йўқ. 46Сен бошимга зайтун мойи суртмадинг, бу аёл эса оёқларимга атир мой суртди. 47Сенга айтай: бу аёлнинг гуноҳлари кўп эди, кечирилди. Чуқур меҳрининг сабаби ҳам шудир. Оз кечирилганнинг меҳри оз бўлади.

48Сўнг Исо аёлга:

— Гуноҳларинг кечирилди, — деди.

49Исо билан дастурхон атрофида ёнбошлаганлар ичларида айтардилар: “Бу ким бўлдики, ҳатто гуноҳларни ҳам кечиради–я!”

50Исо эса аёлга:

— Ишончинг сени қутқарди, эсон–омон бор, — деди.

 

8–БОБ - ЛУҚО

 

Исога эргашган аёллар

 

1Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқларга бориб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилди. Ўн икки шогирди У билан бирга эди. 2Ёвуз руҳлардан ва хасталиклардан халос бўлган бир неча аёллар ҳам Исога эргашган эдилар. Булар: Магдалалик Марям (унинг ичидан еттита жин чиқиб кетган эди), 3Ҳироднинг сарой бошқарувчиси Хузанинг хотини Йўанна, Сузанна ва кўплаб бошқа аёллар эди. Улар ўз мол–мулкларини Исо билан Унинг шогирдлари эҳтиёжлари учун сарф қилардилар.

 

Уруғ сепувчи ҳақида масал

 

4Бир куни шаҳару қишлоқлардан талай оломон келиб, Исонинг ёнида тўпланди. Исо шундай масал айтди:

5“Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Одамлар уруғларни босибди, қушлар чўқиб кетибди. 6Баъзи уруғлар тошлоқ жойга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди–ю, аммо намлик бўлмагани учун, қуриб қолибди. 7Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Уруғлар билан бирга ўсиб чиққан тиканлар уруғларни бўғиб қўйибди. 8Яна баъзи уруғлар яхши тупроққа тушибди. Улар кўкариб чиқиб, ҳар бири юз баравар ҳосил берибди.”

Исо буларни айтиб бўлиб, баланд овозда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” — деди.

 

Масалларнинг мақсади

 

9Шогирдлар Исодан:

— Бу масалнинг маъноси нима? — деб сўрашди. 10У шундай жавоб берди:

— Худо Шоҳлигининг сирларини билиш сизларга берилган. Бошқаларга эса, Мен ҳамма нарсани масаллар билан тушунтираман, токи улар:

“Тинглаб туриб, тушунмасинлар,

Қараб туриб, англамасинлар.”

 

Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси

 

11“Бу масалнинг маъноси шу: Уруғ — Худонинг каломидир. 12Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитадилар, лекин ишонмасликлари ва нажот топмасликлари учун иблис уларнинг юрагидан каломни олиб кетади. 13Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар. 14Тиканлар орасига тушган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар каломни эшитадилар, бироқ умри давомидаги ташвишлар, бойлик ва ҳаёт лаззатлари бундай уруғларни бўғиб қўяди. Уларнинг ҳосили етилмайди. 15Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар.”

 

Ёруғлик ва қоронғилик ҳақида

 

16“Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди ёки чорпоя тагига яшириб қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, деб уни чироқпояга қўяди. 17Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади. Ҳар қандай сир очилади. 18Шундай экан, яхшилаб қулоқ солинглар: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бор, деб ўйлаган нарсаси ҳам ундан тортиб олинади.”

 

Исонинг онаси билан укалари

 

19Исонинг онаси билан укалари Унинг олдига келдилар, аммо одам кўплигидан Унга яқинлаша олмадилар. 20Исога:

— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сизни кўришмоқчи, — деб айтишди.

21Исо уларга шундай жавоб берди:

— Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилувчилар Менинг онам ва укаларимдир.

 

Исо бўронни тинчлантиради

 

22Бир куни Исо шогирдларига: “Кўлнинг нариги томонига ўтайлик”, — деди. Улар қайиққа ўтириб, жўнаб кетдилар. 23Сузиб кетаётганларида Исо ухлаб қолди. Кўлда қаттиқ бўрон кўтарилди, қайиқ сувга тўла бошлади. Улар хавфли аҳволда қолдилар. 24Шунда шогирдлар:

— Устоз! Устоз! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар.

Исо туриб шамолга ва қутураётган тўлқинларга дўқ урди. Шу онда шамол тинди, сукунат тушди. 25Исо шогирдларига:

— Ишончингиз қани?! — деди.

Улар эса қўрқув ва ҳайрат ичра бир–бирига шундай дейишди:

— Бу ким бўлди экан–а? У ҳатто шамолу сувга амр беради, улар эса бўйсунади–я!

 

Жинга чалинган одамга Исо шифо беради

 

26Исо шогирдлари билан қайиққа тушиб, Жалила кўлининг нариги қирғоғидаги Гераса ҳудудига сузиб келди. 27Исо қирғоққа чиқиши билан Уни жинга чалинган шаҳарлик бир одам қарши олди. Бу одам анча вақтдан бери кийим киймас эди. У уйда эмас, қабристон ғорларида яшарди. 28Ўша одам Исони кўргач, қичқириб юборди. Ўзини Унинг оёқлари остига отиб, овози борича бақирди:

— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мени тинч қўй! Ўтинаман, менга азоб берма! — деди.

29Чунки Исо ёвуз руҳга бу одамдан чиқиб кетишни буюрган эди. Кўп марта ёвуз руҳ бу одамдан устун келиб, уни бошқарарди. Гарчи бу одамнинг қўл–оёқларини занжир билан боғлаб қўриқлашган бўлса ҳам, у занжирни узиб ташларди, жин эса уни кимсасиз жойларга олиб кетарди.

30Исо жиндан:

— Исминг нима? — деб сўради.

— Исмим Тумонат, — деди у. Чунки бу одамнинг ичига бир талай жин кириб олган эди.

31Жинлар Исодан: “Бизни тубсиз чуқурликка юбормагин”, деб ёлвориб сўрадилар. 32Шу тоғнинг ён бағрида катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. Жинлар Исодан: “Чўчқаларнинг ичига киришимиз учун бизга ижозат бер”, деб ёлвордилар. Исо уларга рухсат берди. 33Шунда жинлар бу одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.

34Чўчқа боқувчилар содир бўлган воқеани кўриб қочдилар. Улар бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. 35Одамлар бўлиб ўтган воқеани кўргани келдилар. Улар Исонинг олдига келганларида, жиндан халос бўлган одамни кўрдилар. У одам кийинган, ақли расо ҳолда Исонинг оёқ томонида ўтирарди. Улар буни кўриб, қўрқиб кетишди. 36Воқеани кўрганлар эса жин чалган одамнинг қандай қилиб шифо топганини сўзлаб бердилар. 37Шунда Гераса ҳудудидан келган ҳамма одамлар қаттиқ ваҳимага тушиб, Исога: “Бизнинг юртимиздан чиқиб кетинг”, деб илтимос қилдилар. Исо қайиққа тушиб, қайтиб кетди.

38-39Жинлардан халос бўлган одам Исога:

— Сиз билан кетай, — деб ёлворди. Исо эса:

— Уйингга қайтиб бор. Худо сен учун нималар қилганини айтиб бер, — деб уни жўнатиб юборди.

У киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини бутун шаҳарга эълон қилди.

 

Соғайган аёл ва тирилган қиз ҳақида

 

40Исо кўлнинг бу қирғоғига қайтиб келганда, халқ Уни қаршилаб олди, чунки ҳамма Уни кутаётган эди. 41Шу пайт Яир исмли бир одам келиб қолди. У синагога оқсоқоли эди. У Исонинг оёғига бош уриб: “Илтимос, уйимга юринг”, деб ёлворди. 42Чунки Яирнинг ўн икки ёшли ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди.

Исо ўша одам билан кетди. Оломон Исони ҳар томондан қисиб қўярди. 43Оломон орасида ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У бор–будини табибларга сарфлаган бўлса ҳам, биронтаси унга шифо бера олмаган эди. 44Аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўлини теккизди. Шу заҳоти қон кетиши тўхтади.

45— Менга ким тегди? — деб сўради Исо. Исога қўл теккизганини ҳеч ким тан олмади. Шунда Бутрус деди:

— Устоз, оломон Сизни ўраб олиб, сиқиб қўйганини кўриб турибсиз–ку!

46Лекин Исо деди:

— Кимдир Менга қўлини теккизди. Ичимдан бир куч чиққанини сездим.

47Назардан четда қола олмаслигини билиб, аёл титраганча Исонинг олдига келди. Унинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун халқ олдида нима сабабдан Исога қўлини теккизганини ва қўл теккизган заҳоти шифо топганини айтиб берди.

48Исо унга деди:

— Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор.

49Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога оқсоқолининг уйидан кимдир келиб унга:

— Қизингиз ўлди, Устозни овора қилмай қўя қолинг, — деди. 50Буни эшитган Исо синагога оқсоқоли Яирга деди:

— Қўрқманг. Фақат ишонинг, қизингиз шифо топади.

51Исо оқсоқолнинг уйига келганда, Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота–онасидан бошқа ҳеч кимнинг ичкарига киришига рухсат бермади. 52Ҳамма қизча учун дод–фарёд қилаётган эди. Исо уларга деди:

— Йиғламанглар, ахир, қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.

53Улар эса Исонинг устидан кулдилар, чунки қизча ўлганини билардилар. 54Исо эса қизчанинг қўлидан ушлаб:

— Қизалоқ, тур ўрнингдан! — деди.

55Қизчага жон кирди. У шу заҳоти ўрнидан турди. Исо: “Қизчага овқат беринглар”, — деб буюрди. 56Қизчанинг ота–онаси донг қотиб қолдилар. Исо эса уларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни буюрди.

 

9–БОБ - ЛУҚО

 

Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади

 

1Исо ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, уларга ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалликларни даволаш қудрати ва ҳокимиятини берди. 2Исо уларни Худонинг Шоҳлигини эълон қилишга ва хасталарни шифолашга юборар экан, 3шундай деди: “Йўлга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон, пул, ҳатто қўшимча кийим ҳам олманглар. 4Қайси уйга кирсангизлар, ўша шаҳардан кетгунингизча шу уйда қолинглар. 5Агар бирор шаҳарда сизни қабул қилмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.”

6Ҳаворийлар кетдилар. Қишлоқма–қишлоқ юриб, ҳамма ёқда Хушхабарни эълон қилдилар, хасталарга шифо бердилар.

 

Ҳирод саросимага тушади

 

7Вилоят ҳукмдори Ҳирод содир бўлаётган ажойиботлар ҳақида эшитиб, эсанкираб қолди. Чунки баъзилар: “Яҳё тирилиб келибди”, — десалар, 8бошқалар: “Илёс пайғамбар зоҳир бўлибди”, — дер эдилар. Яна бошқалар бўлса: “Қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келибди”, — дейишарди. 9Ҳирод: “Мен Яҳёнинг бошини олдирган эдим, аммо менга айтишаётган бу одам ким бўлди экан?” — деб Исони кўргиси келди.

 

Исо 5000 кишини тўйдиради

 

10Ҳаворийлар қайтиб келдилар ва қилган ҳамма ишларини Исога айтиб бердилар. Исо фақатгина ҳаворийлари билан вақт ўтказмоқчи бўлиб, уларни Байтсайда шаҳрига олиб кетди. 11Оломон эса бу ҳақда хабар топиб, Унинг орқасидан эргашди. Исо оломонни яхши кутиб олди, уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди, шифога муҳтожларни шифолади.

12Кун ботиб, кеч кира бошлади. Ўн икки ҳаворий Исонинг олдига келиб дедилар:

— Одамларни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга, овулларга бориб, ўзларига тунаш учун жой ва егулик топсинлар. Ахир, биз кимсасиз жойдамиз.

13— Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо.

— Бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ–ку! — дея жавоб берди шогирдлар. — Нима, биз бориб, шунча одамга овқат сотиб олайликми?!

14У ерда тахминан беш мингга яқин эркак бор эди. Исо шогирдларига деди:

— Одамларни элликта–элликта қилиб ўтқазинглар.

15Шогирдлар айтилгандай қилиб, ҳаммани ерга ўтқаздилар. 16Исо бешта нон билан иккита балиқни олди, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. Сўнг буларни синдириб, халққа тарқатиш учун шогирдларига берди. 17Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишганда, ўн икки сават чиқди.

 

Бутрус Исонинг Масиҳлигини тан олади

 

18Бир куни Исо ёлғиз Ўзи ибодат қилаётганда, шогирдлари келиб қолишди. Исо улардан:

— Халқ Мени ким деб билади? — дея сўради. 19Улар шундай жавоб бердилар:

— Баъзилар Сизни Яҳё чўмдирувчи деб ҳисоблайдилар, баъзилар Илёс, бошқалари эса, қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келган, деб айтиб юрибдилар.

20— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз? — деб сўради Исо.

— Сиз Худо юборган Масиҳсиз! — деб жавоб берди Бутрус.

 

Исо Ўз ўлими тўғрисида гапиради

 

21Исо шогирдларига: “Буларни ҳеч кимга айтманглар, — деб қатъий огоҳлантириб гапирди. 22—Инсон Ўғли кўп азоб чекади. Оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари томонидан рад қилиниб, ўлдирилади. Учинчи куни эса тирилади.”

23Сўнг ҳаммага деди: “Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин. 24Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади. 25Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, бироқ ўз ҳаётига ўзи зомин бўлса, бундан унга нима фойда?! 26Мендан ва Менинг сўзларимдан уялманглар! Акс ҳолда Инсон Ўғли Ўзининг, Отасининг ва муқаддас фаришталарнинг улуғворлигида келганда, У ҳам сизлардан уялади. 27Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари Худонинг Шоҳлигини кўрмагунча, ўлмайдилар.”

 

Исонинг қиёфаси ўзгаради

 

28Исо бу гапларни айтгандан кейин орадан саккиз кун ўтди. У Бутрусни, Юҳанно билан Ёқубни олиб, ибодат қилгани тоққа чиқди. 29Ибодат пайтида Исонинг юзи ўзгарди, кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди. 30-31Бирданига Исонинг олдида икки одам пайдо бўлди, уларнинг бутун борлиғи нур таратиб турарди. Бу икки одам Мусо ва Илёс бўлиб, Исо билан гаплашаётган эдилар. Улар Исонинг тез орада Қуддусга бориши ва у ерда Худонинг режасини амалга ошириб, оламдан ўтиши тўғрисида суҳбатлашаётган эдилар.

32Бутрус ва у билан бирга бўлганлар қаттиқ уйқуга кетган эдилар. Улар бирдан уйғониб, Исонинг улуғворлигини ва Унинг ёнида турган икки одамни кўрдилар. 33Бу икки одам кетмоқчи бўлиб турганда Бутрус Исога деди:

— Устоз, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Келинг, учта чайла ясайлик, биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

Аммо у нима деб айтаётганини ўзи ҳам билмас эди.

34У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут остида қолган шогирдлар қўрқиб кетдилар. 35Булут орасидан эса шундай овоз эшитилди:

— Бу Менинг Ўғлимдир, Мен Уни танладим. Унга қулоқ солинглар!

36Овоз тингандан кейин, шогирдлар Исонинг у ерда ёлғиз қолганини кўрдилар. Шогирдлар кўрганларини сир сақлаб, ўша кунларда ҳеч кимга айтмадилар.

 

Исо жинга чалинган болага шифо беради

 

37Эртаси куни Исо ва Унинг уч шогирди тоғдан тушдилар. Исони катта оломон кутиб олди. 38Тўсатдан оломон орасидан бир одам бақириб колди:

— Устоз! Ёлвораман, ўғлимни кўриб қўйинг! У менинг яккаю ягона ўғлим! 39Баъзан уни жин тутиб туради. Шунда ўғлим бирданига бақириб қолади. Оғзидан кўпик чиққунча, жин уни дағ–дағ қалтиратади. Болани ўлгудай чарчатиб, азоб беради. 40Мен шогирдларингизга, жинни қувиб чиқаринглар, деб ёлвордим, аммо улар эплай олмадилар.

41Исо шундай жавоб берди:

— Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Ўғлингни бу ерга олиб кел!

42Бола яқинлашаётганда, жин уни ерга ағнатиб, қалтирата бошлади. Лекин Исо ёвуз руҳга дўқ уриб, болага шифо берди. Сўнг уни отасига топширди. 43Ҳамма Худонинг қудратига ҳайрон қолди.

 

Исо яна Ўз ўлими ҳақида гапиради

 

Одамлар Исонинг қилаётган ишларидан ҳайратланаётган эдилар. Шунда Исо Ўз шогирдларига деди: 44“Сизлар бу сўзларимни қулоқларингизга қуйиб олинглар! Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.”

45Аммо шогирдлар бу сўзларни тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси улар учун қоронғи бўлиб, уни англамадилар. “Бу нима деганингиз?” — деб Исодан сўрашга ҳам ботина олмадилар.

 

Ким катта?

 

46Шогирдлар ўртасида: “Орамизда энг катта ким?” — деган баҳс бўлди. 47Уларнинг бу ўй–хаёлларини билган Исо бир болани олиб Ўзининг ёнига турғизди–да, 48уларга деди:

— Ким бу болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилган бўлади. Ораларингиздаги энг кичигингиз аслида энг каттангиздир.

 

Сизга қарши бўлмаган сизнинг томонингизда

 

49Шунда Юҳанно деди:

— Устоз! Биз бир одамни кўрдик. У Сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган экан. У биз билан юрмагани сабабли, унга бундай қилишни ман этдик.

50— Ман этманг! — деди Исо. — Кимки сизларга қарши бўлмаса, у сиз томонда.

 

Самарияликлар Исони рад қилишади

 

51Исонинг осмонга кўтариладиган куни яқинлашиб келаркан, У Қуддусга боришга қарор қилди. 52Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар Исонинг келишига ҳозирлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар. 53Аммо Самарияликлар Исони қабул қилмадилар, чунки У Қуддусга кетаётган эди. 54Унинг шогирдлари Ёқуб билан Юҳанно бу вазиятни кўриб, шундай дедилар:

— Ҳазрат, истасангиз, биз: “Осмондан олов тушсин! Буларни йўқ қилиб юборсин!” деб буюрамиз. 55Исо эса ўгирилиб қаради–да, уларни койиди. 56Шундан кейин улар бошқа қишлоққа кетдилар.

 

Исога эргашиш шартлари

 

57Йўлда кетаётганларида, бир одам Исога:

— Қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман, — деди. 58Исо ўша одамга шундай деди:

— Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.

59Бошқа бир одамга Исо:

— Ортимдан юр! — деди. Лекин у:

— Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди. 60Исо эса ўша одамга айтди:

— Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар, сен эса бориб, Худонинг Шоҳлигини эълон қилгин.

61Яна бошқа бири айтди:

— Ҳазрат, мен Сизга эргашаман. Фақат олдин бориб уйдагилар билан хайрлашишимга ижозат беринг. 62Лекин Исо унга деди:

— Омочни тутиб, ортига қараган биронта одам Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмас.

 

10–БОБ - ЛУҚО

 

Етмиш икки шогирднинг воизлик сафари

 

1Шундан кейин Раббимиз Исо етмиш икки одамни танлаб олди. Уларни иккита–иккита қилиб, боришни мўлжаллаган ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жойга Ўзидан олдин жўнатди. 2Исо уларга шундай деди:

— Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. Ҳосил Эгасидан: “Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор”, деб сўранглар. 3Боринглар! Сизни бўрилар орасига қўзилардай юборяпман. 4Ўзларингиз билан ҳамён, тўрва, чориқ олманглар. Йўлда ҳеч ким билан саломлашманглар. 5Бирор хонадонга кирганларингизда, аввало: “Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин”, деб айтинглар. 6Агар ўша хонадонда тинчликсевар одам яшаётган бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша одамда қолади. Бўлмаса, ўзингизга қайтиб келади. 7Бир хонадондан бошқа хонадонга кўчиб юрманглар. Кирган хонадонингизда қолинглар. Олдингизга нима қўйишса, ўшани еб–ичинглар. Чунки меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир. 8Бир шаҳарга кирганингизда, шаҳар аҳолиси сизларни қабул қилса, олдингизга қўйганларини енглар. 9Ўша ердаги хасталарга шифо бериб, шаҳардаги одамларга: “Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди”, деб айтинглар. 10Аммо бирон шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилмасалар, ўша шаҳарнинг шоҳ кўчаларига чиқиб шундай деб айтинглар: 11“Норозилигимиз тариқасида шаҳрингиздан оёқларимизга ёпишган чангни ҳам қоқиб кетяпмиз. Аммо билиб қўйинг, Худонинг Шоҳлиги яқинлашди!” 12Сизларга айтаманки, қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.

 

Худони рад этган шаҳарларнинг ҳоли

 

13“Сенинг ҳолингга вой, эй Ҳоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда содир бўлган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида яратилганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, кулга ўтириб, тавба қилган бўлардилар. 14Қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади. 15Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради!”

16Исо шогирдларига деди: “Сизларга қулоқ солган Менга қулоқ солган бўлади. Сизларни рад қилган Мени рад қилган бўлади. Мени рад қилган эса Мени Юборганни рад қилган бўлади.”

 

Етмиш икки шогирд сафардан қайтади

 

17Етмиш икки шогирд хурсанд бўлиб сафардан қайтиб келдилар. Улар Исога шундай дедилар:

— Ҳазрат, биз Сизнинг номингиздан буйруқ берганимизда, ҳатто жинлар ҳам итоат этяптилар. 18Исо уларга деди:

— Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим. 19Мен сизларга илону чаёнларни босиб эзиш ҳокимиятини ва шайтоннинг бутун куч–қудратини оёқ ости қилиш ҳокимиятини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди. 20Бироқ жинлар сизга бўйсунаётганидан хурсанд бўлманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан хурсанд бўлинглар!

21Шу он Исо Муқаддас Руҳнинг шодлигига тўлиб, деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукрлар айтаман. Ҳа Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.”

22Сўнг Исо одамларга деди: “Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилнинг кимлигини Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отанинг кимлигини ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.”

23Исо шогирдларига ўгирилиб қаради–да, уларга алоҳида деди: “Сизлар кўраётганларни кўрадиган кўзлар бахтлидир! 24Сизларга шуни айтай: қанча пайғамбарлар, қанча шоҳлар сизлар кўрган воқеаларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларни эшитишни истаганлар, аммо эшитмаганлар.”

 

Раҳмдил Самариялик тўғрисида матал

 

25Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири туриб, Унга савол берди:

— Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун мен нима қилишим керак?

26Исо:

— Қонунда бу тўғрида нима ёзилган? Сиз нима деб тушунасиз? — деб сўради. 27У киши шундай жавоб берди:

— “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”, яна: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”, деб ёзилган.

28Исо унга:

— Тўғри жавоб бердингиз. Сиз ҳам шундай қилинг, ана шунда яшайсиз! — деди. 29Аммо у одам ўзини оқламоқчи бўлиб, Исодан:

— Менинг яқиним ким? — деб сўради. 30Исо шундай жавоб берди:

— Бир одам Қуддусдан Ерихога бораётган экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, калтаклаб, чалажон қилиб ташлаб кетибдилар. 31Тасодифни қарангки, ўша йўлдан бир руҳоний кетаётган экан. У ҳалиги одамни кўрибди–ю, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди. 32Ўша жойдан ўтиб кетаётган леви ҳам худди шундай қилибди. У ярадор одамни кўриб, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди. 33Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди. 34Унинг ёнига келиб, яраларига мой, шароб суриб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди–да, меҳмонхонага олиб келиб, уни парвариш қилибди. 35Эртаси куни икки динор чиқарибди–да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қаранг, агар бундан ортиқ харажат қилсангиз, қайтишимда сизга тўлайман”, дебди.

36Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади?

37Тафсирчи:

— Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди.

— Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! — деди унга Исо.

 

Исо Марям билан Мартанинг уйида

 

38Исо ва Унинг шогирдлари йўлда давом этдилар. Улар бир қишлоққа кирдилар. Бу ерда Марта исмли аёл Исони уйига таклиф қилди. 39Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Раббимиз Исонинг оёқлари олдида ўтириб, Унинг сўзларини тинглар эди. 40Марта эса меҳмон кутиш билан овора эди.

У Исонинг олдига келиб деди:

— Ҳазрат! Эътибор бермаяпсизми, синглим ҳамма ишни бир ўзимга ташлаб қўйди–ку! Унга айтинг, менга ёрдам берсин.

41Раббимиз Исо унга шундай жавоб берди:

— Эҳ, Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг! 42Зарур бўлган биттагина нарса бор. Марям ўзи учун энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.

 

11–БОБ - ЛУҚО

 

Ибодат ҳақида

 

1Бир пайт Исо ибодат қилаётган эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга деди:

— Ҳазрат! Яҳё ўз шогирдларига ибодат қилишни ўргатганди. Сиз ҳам бизга ибодат қилишни ўргатинг.

2Исо уларга деди:

— Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар:

Эй Отамиз!

Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.

Сенинг Шоҳлигинг келсин.

3Кундалик ризқимизни бергин.

4Гуноҳларимизни кечиргин,

Чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз.

Бизни васвасага дучор қилмагин.

5Исо шогирдларига деди:

— Фараз қилайлик, орангиздан бирортангиз ярим кечаси дўстингизнинг олдига бориб, шундай деб илтимос қилдингиз: “Дўстим, менга учта нон қарз бериб тур. 6Ҳозир уйимга бир дўстим келиб қолди, унинг олдига қўядиган бирон егулигим йўқ.” 7Ичкаридаги дўстингиз эса сизга шундай жавоб берди дейлик: “Мени безовта қилма! Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди. Ўрнимдан туриб сенга нон беролмайман!”

8Мен сизларга айтаман: у сизга нонни дўсти бўлганингиз учун бермаса ҳам, сиз уни ҳоли–жонига қўймай сўрайверсангиз, сўраган нарсангизни албатта сизга беради.

9Сизларга айтаман: сўранг ва сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади. 10Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.

11Орангиздан қайси бир ота, ўғли балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради? 12Ёки тухум сўраганда, унга чаён беради? 13Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Ота ҳам Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беришга қанчалар тайёр.”

 

Исо ва иблис

 

14Бир куни Исо соқов одамдан ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Жин чиққандан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди. 15Аммо ораларидан баъзилари: “У инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!” — дедилар. 16Бошқалар эса Исонинг Худодан келганини синаб кўрмоқчи бўлиб, мўъжизали аломат кўрсатишини талаб қилдилар.

17Исо эса уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У ўша одамларга деди: “Ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик ҳувиллаб қолади, ўз ичидан бўлинган хонадон хароб бўлади. 18Шу сингари, шайтон шоҳлиги ҳам ўзаро бўлиниб кетса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?! Сизларнинг гапингизга кўра, инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул ато этган қудрат билан Мен жинларни қувиб чиқараётган эмишман. 19Агар Мен жинларни Баалзабул кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам шерикларингиз сизларни ҳукм қилади. 20Агар Мен жинларни Худонинг қудрати билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.

21Бошдан–оёқ қуролланган кучли одам уйини қўриқлаганда, унинг мол–мулки бехатар бўлади. 22Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, унинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганига тақсимлаб беради. 23Ким Мен билан бирга бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.

24Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади ва топмагач: “Чиққан уйимга қайтиб бораман”, дейди. 25Уйига келганда, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради. 26Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни чақиради ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам ёмонроқ бўлади.”

 

Ҳақиқий бахтиёрлик

 

27Исо шу гапларни айтаётганда, оломон орасидан бир аёл баланд овозда Исога деди:

— Сизни қорнида кўтариб юрган, сизни эмизган аёл бахтлидир!

28Исо эса жавобан шундай деди:

— Тўғри, лекин Худонинг каломини тинглаб, унга риоя қиладиганлар бахтлироқдир!

 

Одамлар Исодан аломат кўрсатишни талаб қилишади

 

29Исонинг олдига катта оломон йиғилгандан кейин, Исо сўз бошлади:

— Ҳозирги насл қабиҳ бир наслдир. Бу насл аломат сўрайди, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. 30Юнус Найнаво аҳолисига аломат бўлгани сингари, Инсон Ўғли ҳам ҳозирги насл учун аломат бўлади. 31Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки малика Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! 32Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!

 

Ёруғ тан ҳақида

 

33“Ҳеч ким чироқни ёқиб, уни кўринмас ерга қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, деб уни чироқпояга қўяди. 34Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз пок бўлса, бутун танингиз ёп–ёруғ бўлади. Агарда кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зимзиё зулмат бўлади. 35Шунинг учун эътибор беринг: сиздаги нур зулмат бўлмасин. 36Агар танангиз ёп–ёруғ бўлиб, биронта қоронғи жойи бўлмаса, чироқнинг нури сизни ёритиб тургандай, баданингиз тамомила ёп–ёруғ бўлади.”

 

Исо фарзийларни ва Таврот тафсирчиларини айблайди

 

37Исо буларни гапириб турганда, бир фарзий Уни меҳмонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади. 38Исо овқатдан олдин қўлларини ювмаганини фарзий кўриб, ажабланди.

39Раббимиз Исо унга деди: “Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю идишнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла! 40Ҳой бефаҳмлар! Нарсанинг сиртини яратган унинг ичини ҳам яратган эмасми?! 41Яхшиси, идишингиз ичидагини камбағалларга хайр–садақа қилиб беринглар. Шунда ҳамма нарса сиз учун ҳалол бўлади.

42Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ошкўкдан ушр берасизлар–у, аммо адолат ва Худонинг севгисини писанд қилмайсизлар! Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди.

43Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар синагогаларнинг тўрида ўтиришни ва бозорларда сизларга салом беришларини яхши кўрасизлар. 44Ҳолингизга вой! Сизлар белгиси йўқ қабрларга ўхшайсизлар. Одамлар билмай туриб ўша қабрлар устидан босиб ўтадилар.”

45Тафсирчилардан бири Исога деди:

— Устоз, бу сўзларингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз!

46Исо эса деди:

— Эй тафсирчилар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Сизлар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни одамларга юклайсизлар–у, уларга ёрдам бергани ўзларингиз ҳатто бармоғингизни ҳам қимирлатмайсизлар. 47Ҳолингизга вой! Сизлар ота–боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар. 48Шу тариқа ота–боболарингизнинг қилмишларини маъқуллаганингизни тасдиқлаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар! 49Шунинг учун ҳам Худо Ўз ҳикматларида шундай деган: “Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.”

50Дунё яратилгандан бери ҳамма пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу насл жазоланади. 51Улар Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача жавоб беришади. Ҳа, сизларга айтиб қўяй, бу насл шу ҳамма қотилликлар учун жавобгар бўлади.

52Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар! Сизлар илму маърифат калитини тортиб олдингизлар. Аммо ўзларингиз кирмадингизлар, кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлларини тўсдингизлар.”

53Исо у ердан чиқиши биланоқ, тафсирчилар ва фарзийлар Уни қаттиқ сиқувга олдилар, кўп саволларга жавоб беришга мажбурладилар. 54Улар Исони тилидан илинтириб олиш учун фурсат пойлардилар.

 

12–БОБ - ЛУҚО

 

Исо иккиюзламачилик ҳақида огоҳлантиради

 

1Шу орада минглаб одамлар тўпланиб, бир–бирларини итариб сиқишаётган эдилар. Исо аввал шогирдларига гапира бошлади: “Фарзийларнинг хамиртурушидан, яъни уларнинг иккиюзламачилигидан эҳтиёт бўлинглар! 2Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. 3Шу боис қоронғида айтганларингиз ёруғликда эшитилади, ёпиқ эшиклар ортида шивирлаб айтганларингизни уйларнинг томи устида бақириб эълон қилишади.”

 

Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида

 

4“Сизларга шуни айтай, дўстларим, танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар. 5Бироқ кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга уқтирай: Худодан қўрқинглар, чунки У одамни ўлдириб, дўзахга ташлашга ҳам қодир. Ҳа, сизларга айтаман, Худодан қўрқинглар!

6Бешта чумчуқ икки тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Худонинг назаридан четда қолмаган. 7Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. Қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.

 

Масиҳни эътироф этиш ва рад қилиш тўғрисида

 

8Сизларга яна шуни айтай: ким Мени инсонлар олдида тан олса, Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида уни тан олади. 9Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, у ҳам Худонинг фаришталари олдида рад этилади. 10Кимки Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса, кечирилмайди.

11Сизларни синагогaларга, бошлиқлар ва ҳокимлар олдига олиб келганларида: “Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, нима айтамиз”, деб хавотир олманглар. 12Нима деб гапиришингизни ўша вақтда сизга МуқаддасРуҳ ўргатади.”

 

Аҳмоқ бой ҳақида масал

 

13Оломон орасидан кимдир Исога айтди:

— Устоз, акамга айтинг, отамиз бизга қолдирган меросни мен билан бўлишсин.

14— Эй инсон! Ким Мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб қўйибди? — деди унга Исо. 15Сўнг халойиққа деди:

— Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар қандай очкўзликдан сақланглар. Зеро, инсоннинг умри мол–мулкининг кўплигига боғлиқ эмас.

16Исо уларга шундай масал айтди:

—Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди. 17Бой кўнглида: “Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку”, деб ўйлабди. 18Ниҳоят, у шундай дебди: “Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман. 19Шунда ўзимга ўзим дейман: кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.” 20Аммо Худо унга шундай дебди: “Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Шунда йиғиб–терган мол–мулкинг кимга қолади?” 21Ҳа, ўзи учун бойлик йиққан, аммо Худонинг назарида бой бўлмаган одамнинг қисмати шундай бўлади.”

 

Тирикчилик ташвишлари ҳақида

 

22Исо шогирдларига шундай деди:

— Шунинг учун сизларга айтаман: “Тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима ерканмиз, устимизга нима киярканмиз, деманглар. 23Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ–ку! 24Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари, на қўралари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан анча қадрлисизлар! 25Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! 26Шундай арзимас иш қўлингиздан келмас экан, нега қолган нарсалар ҳақида ташвиш тортaсиз?

27Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биридай кийинмаган. 28Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар! 29Нима еймиз, нима ичамиз, деб қайғуриб безовта бўлманглар. 30Дунё халқлари ҳадеб бу нарсаларнинг пайида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади–ку! 31Сизлар, яхшиси, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлинглар ва қолган нарсалар ҳам сизга берилади.

32Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди. 33Мол–мулкингизни сотиб, садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнлар, самоларда битмас–туганмас хазина тайёрланглар. У ерга ўғри яқинлаша олмайди, хазинангизни куя ея олмайди. 34Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.”

 

Ҳушёр хизматкорлар

 

35“Ҳар доим тайёр ҳолда туринглар: белбоғларингиз белингизда боғланган, чироқларингиз ёниб турган бўлсин! 36Сизлар хўжайинининг тўйдан қайтишини интизорлик билан кутган хизматкорлардай бўлинглар. Хўжайин келиб, эшикни тақиллатиши биланоқ эшикни очадиган бўлинглар. 37Хўжайин келганда ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир! Сизларга чинини айтай: хўжайин белини боғлаб, хизматкорларини дастурхонга ўтқазади ва уларга ўзи хизмат қилади. 38Хўжайин ярим тунда келадими ёки тонгга яқин келадими, хизматкорларини ҳушёр ҳолда кўрса, ўша хизматкорлар нақадар бахтлидир!

39Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси ўғрининг қачон келишини билганда эди, уйига бузиб киришга ўғрига йўл қўймаган бўларди. 40Шунингдек, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”

41Шу пайт Бутрус сўради:

— Ҳазрат, бу масални фақат бизга айтяпсизми ё ҳаммагами?

42Раббимиз Исо шундай жавоб берди:

— Ишончли ва ақлли уй бошқарувчиси ким? Хўжайин бундай одамни ўз хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади. 43Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтли! 44Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди. 45Аммо ўша хизматкор ўзига: “Хўжайиним кечикиб келади”, деб бошқа хизматкорларни ура бошласа, еб–ичиб, маст бўлса, 46хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади, хизматкорини тилка–пора қилади, бошига садоқатсизларнинг кунини солади.

47Хўжайиннинг хоҳишини билган, аммо ҳозирлик кўрмаган ва унинг хоҳишини бажармаган хизматкор кўп калтак ейди. 48Билмай туриб жазога муносиб иш қилган хизматкор эса кўп калтакланмайди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп сўралади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади.”

 

Исо — бўлинишнинг сабабчиси

 

49“Мен ер юзига олов келтиргани келдим. Қанийди, бу олов ҳозироқ аланга олиб кетса! 50Мен чуқур қайғу–аламларга ботаман. Бу амалга ошмагунча қаттиқ изтироб чекаман! 51Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйлайсизларми? Йўқ, деб айтаман, бўлиниш олиб келганман! 52Зеро, бундан буён бир уйда яшаган беш киши бўлинади, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши бўлади. 53Ҳа, улар бўлинади:

Ота ўғлига қарши чиқади,

Ўғил отасига қарши бўлади,

Она қизига қарши чиқади,

Қиз онасига қарши бўлади,

Қайнана келинига қарши чиқади,

Келин қайнанасига қарши бўлади.”

 

Замон аломатлари ва абадийлик

 

54Исо оломонга шундай деди:

— Ғарбда булут кўтарилиб келаётганини кўрганингизда, сизлар дарров: “Ҳозир ёмғир ёғади”, деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам. 55Жанубдан шамол эсаётганини кўрганингизда, сизлар: “Жазирама иссиқ бўлади”, деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам. 56Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру осмоннинг авзойига қараб, об–хавони аниқлай оласизлар–ку! Нима учун ҳозирги замонни талқин қила олмайсизлар?! 57Нима тўғрилигини нега ўзингиз қарор қила олмайсизлар? 58Шундай экан, биронтаси билан даъволашиб, у билан бирга маҳкамага кетаётанингизда, йўлда у билан ярашишга ҳаракат қилинг. Агар шундай қилмасангиз, у сизни қозининг олдига судраб боради, қози сизни зиндонбонга топширади. Зиндонбон эса сизни зиндонга ташлайди. 59Сизларга шуни айтай: қарзингизни охирги тийинигача тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.

 

13–БОБ - ЛУҚО

 

Тавба ва ҳалокат ҳақида

 

1Ўша вақтда баъзи одамлар келиб, Исога Римлик ҳоким Пилат ўлдирган Жалилаликлар ҳақида хабар қилишди. Жалилаликлар қурбонлик келтираётган пайтда Пилат уларни ўлдириб, қонларини сўйилган қурбонликлар қонига аралаштириб ташлаган эди.

2Исо хабарчиларга деди: “Сизнингча, бу Жалилаликлар бошқа ҳамма Жалилаликларга қараганда кўпроқ гуноҳ қилганлари учун шунчалик жафо чекдиларми? 3Сизга йўқ, дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммаларингиз улар каби ҳалок бўласизлар. 4Ёки Силоам минораси қулаганда нобуд бўлган ўн саккиз кишини олайлик. Сизларнинг фикрингизча, ўша нобуд бўлганлар Қуддусда яшайдиган қолган ҳамма одамдан кўра кўпроқ гуноҳ қилган эдиларми? 5Сизларга йўқ, деб айтаман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммангиз улар каби ҳалок бўласизлар.”

 

Ҳосилсиз анжир дарахти ҳақида масал

 

6Шундан кейин Исо шу масални айтиб берди: “Бир одамнинг узумзорига анжир дарахти экилган экан. Ўша одам келиб, анжир дарахтидан мева излабди, аммо топа олмабди. 7У боғбонга дебди:

— Менга қара, уч йилдирки, мен мана бу анжир дарахтидан мева излайман, аммо шу пайтгача биронта мева топа олмадим. Уни кесиб ташла! Бекорга ерни эгаллаб туришининг нима кераги бор?!

8Боғбон эса шундай жавоб берибди:

— Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин. Мен унинг атрофини чопиб, гўнг солай. 9Балки келгуси йил мева берар. Агар бермаса, унда кесиб ташлаймиз.

 

Шаббат куни Исо букри аёлга шифо беради

 

10Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди. 11У ерда ўн саккиз йилдан бери жинга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилиб қолган бўлиб, қаддини умуман ростлай олмасди. 12Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди:

— Эй аёл, сен дардингдан халос бўлдинг!

13Сўнг аёлга қўлларини қўйди, шу заҳоти аёлнинг қадди тикланди–қолди. Аёл Худога ҳамду санолар айтди.

14Исо Шаббат куни хастага шифо бергани учун синагога оқсоқоли аччиқланиб, оломонга шундай деди:

— Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топмоқчи бўлсангиз, Шаббатдан бошқа куни келинглар.

15Раббимиз Исо унга жавобан деди:

— Эй иккиюзламачилар! Сизлар ўзларингиз ҳам Шаббат куни ҳўкизингиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб борасизлар–ку! 16Бу эса Иброҳимнинг қизи, ахир! Шайтон ўн саккиз йилдан бери уни боғлаб қўйган эди. Уни Шаббат куни кишанларидан озод қилиш наҳотки мумкин бўлмаса?!

17Исо шу гапларни айтганда, унинг ҳамма рақиблари шарманда бўлдилар. Жамики оломон эса Исо қилган ажойиб ишлардан хурсанд эди.

 

Хантал уруғи ҳақида масал

 

18Исо деди:

— Худо Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади? 19Худонинг Шоҳлиги бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ униб–ўсиб, дарахт бўлади, қушлар унинг шохларига уя қуради.

 

Хамиртуруш ҳақида масал

 

20Исо яна шундай деди:

— Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсам бўлади? 21Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни уч тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.

 

Нажот эшиги тор

 

22Исо Қуддусга йўл олди ва шаҳару қишлоқларга бориб, таълим берар эди. 23Бир одам Унга шундай савол берди:

— Ҳазрат, наҳотки саноқли одам нажот топса?!

Исо шундай жавоб берди:

24— Тор эшикдан киришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар. Сизларга шуни айтай: кўп одам ичкари киришга интилади, аммо кира олмайди. 25Уй эгаси ўрнидан туриб эшикни ёпганда, сизлар ташқарида қолиб эшикни тақиллатасизлар ва: “Ҳазрат, бизга эшикни очинг!” деб айтасизлар. У эса сизларга: “Кимлигингизни ва қаердан келганингизни билмайман!” деб жавоб беради. 26Шунда сизлар: “Ахир, биз Сиз билан бирга еб–ичганмиз! Кўчаларимизда таълим бергансиз!” деб айтасизлар. 27Аммо У сизларга дейди: “Мен сизларни танимайман! Қаерданлигингизни ҳам билмайман! Йўқолинглар олдимдан, эй бадкирдорлар!”

28Сизларни ташқарига қувиб чиқаришганда, қаттиқ пушаймон бўласизлар, фиғон чекасизлар, чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўрасизлар. 29Шундан кейин шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар. 30Шунда охирги бўлган баъзи одамлар биринчи бўладилар, биринчи бўлган баъзилар эса охирги бўладилар.”

 

Исонинг Қуддус учун ноласи

 

31Шу пайтда фарзийлардан айримлари Исонинг олдига келиб дейишди:

— Бу ердан кетишингиз керак. Ҳирод Сизни ўлдирмоқчи.

32Исо уларга шундай деди:

— Бориб у тулкига айтинглар: Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман. 33Аммо шундай бўлса ҳам, Мен бугун, эртага ва индинга Ўз йўлимдан қолмаслигим керак. Ахир, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас.

34Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг. 35Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг уй–жойларингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин”, — деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.

 

14–БОБ - ЛУҚО

 

Исо Шаббат куни хастага шифо беради

 

1Бир Шаббат куни Исо фарзийлар раҳнамоларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Уни диққат билан кузатиб ўтиришарди. 2Исонинг олдига истисқо дардидан қўл–оёқлари шишиб кетган бир одам келиб қолди. 3Исо Таврот тафсирчиларидан ва фарзийлардан сўради:

— Қонунимизга кўра Шаббат куни одамга шифо бериш мумкинми ёки йўқми?

4Улар эса индамадилар.

Исо хаста одамга қўл теккизиб, шифо берди ва уни жўнатиб юборди. 5Сўнг уларга деди:

— Бирортангизнинг фарзандингиз ёки молингиз қудуққа тушиб кетса, Шаббат куни бўлишига қарамай, уни дарҳол чиқариб олмайсизларми?!

6Улар эса бу гапга бирон жавоб топа олмадилар.

 

Камтарлик ва меҳмондўстлик

 

7Меҳмонлар тўрдан жой танлашга интилаётган эдилар. Исо буни кўриб, шундай масал айтди: 8“Сизни тўй зиёфатига таклиф қилишганда, тўрга чиқиб олманг. Меҳмонга чақирилганлар орасида сиздан ҳам ҳурматлироқ бошқаси бўлиши мумкин. 9Икковингизни таклиф қилган мезбон келиб, сизга: “Жойингизни бу одамга бўшатиб беринг”, деб айтиши мумкин. Шунда сиз хижолат тортиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласиз. 10Шунинг учун, таклиф этилганингизда, пойгакда ўтиринг, токи мезбоннинг ўзи келиб сизга: “Дўстим, илтимос тўрга чиқинг”, — деб айтсин. Шунда бошқа меҳмонлар кўзида сизнинг ҳурматингиз ошади. 11Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”

12Исо Ўзини таклиф қилган хонадон соҳибига айтди: “Тушки ё кечки зиёфат берганингизда, дўстларингизни ёки ака–укаларингизни, қариндош–уруғларингизни ё бўлмаса, бой қўшниларингизни таклиф қилманг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни меҳмонга чақириб, қилган яхшилигингизни қайтарадилар. 13Аксинча, зиёфат берганингизда, камбағал–қашшоқларни, чўлоқ, шолларни, кўрларни таклиф қилинг. 14Шунда бахтли бўласиз. Чунки улар қилган яхшилигингизни қайтара олмасалар–да, солиҳлар тирилган замонда бунинг савобини кўрасиз.”

 

Тўкин зиёфат тўғрисида масал

 

15Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлардан бири Исонинг бу сўзларини эшитиб, Унга деди:

— Худонинг Шоҳлигида зиёфат ейдиган киши бахтлидир!

16Исо ўша одамга шундай деди:

“Бир одам катта зиёфат тайёрлаб, кўпчиликни таклиф этибди. 17Зиёфат вақти бўлганда:

— Келинглар, дастурхон тайёр бўлди, — деб меҳмонларни чақиргани хизматкорини юборибди. 18Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди:

— Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг.

19Бошқаси эса:

— Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, — дебди. 20Яна бошқаси:

— Мен янги уйландим, шунинг учун бора олмайман, — дебди.

21Хизматкор қайтиб келиб, хўжайинига ахборот берибди. Шунда уй соҳиби ғазабланиб, хизматкорига буюрибди:

— Ҳозироқ шаҳар кўчаларини, йўлакларини айланиб чиқ. Қашшоқ, чўлоқ, кўр ва шолларни бу ерга олиб кел.

22Бироз вақтдан кейин хизматкор шундай деб келди:

— Хўжайин, буюрганларингизни бажардим, лекин яна бўш жой қолди.

23Шунда хўжайин хизматкорига айтибди:

— Йўлларга, йўлакларга бор, одамларни кўндириб олиб кел, токи уйим тўлсин. 24Сизларга айтай, таклиф қилинганларнинг бирортаси ҳам зиёфатимдан тотиб кўрмайди.”

 

Шогирдликнинг қиймати

 

25Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди. Исо уларга қараб деди: 26“Менга эргашган одам Мени ота–онасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан ортиқ яхши кўриши керак, акс ҳолда у Менинг шогирдим бўлолмайди. 27Ўз хочини кўтариб, ортимдан юрмаган одам ҳам Менинг шогирдим бўлолмайди.

28Сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми? 29Акс ҳолда, сиз пойдевор ётқизасизу минорани битказа олмайсиз. Буни кўрганларнинг ҳаммаси устингиздан кулиб, шундай деб айтишади: 30“Бу одам қурилишни бошлади, аммо битира олмади.”

31Ёки қайси шоҳ бошқа бир шоҳга қарши урушга чиқишдан аввал ўтириб: “Душман йигирма минг аскари билан менга қарши келяпти, мен ўн минг аскарим билан унга бас кела оламанми?” деб ўйламайдими?! 32Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузайлик, деб илтимос қилади. 33Худди шу сингари, бор мол–мулкингиздан кечмасангиз, биронтангиз ҳам Менинг шогирдим бўла олмайсиз.

 

Туз ҳақида

 

34Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади? 35Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”

 

15–БОБ - ЛУҚО

 

Адашган қўй ҳақида масал

 

1Ҳамма солиқчилар ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар. 2Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари: “Ана, У гуноҳкорларни қабул килиб, улар билан еб–ичяпти”, деб минғирлаб норози бўлдилар. 3Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди:

4“Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси йўқолиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, йўқолган қўйни топмагунча қидирмайдими? 5Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади. 6У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга: “Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар”, — деб айтади. 7Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун осмонда кўпроқ шодлик бўлади.”

 

Йўқолган танга ҳақида масал

 

8“Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунича уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?! 9Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб: “Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар”, — дейди. 10Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.”

 

Дарбадар ўғил

 

11Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. 12Уларнинг кичиги отасига:

— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.

Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.

13Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. 14Борини исроф қилганидан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди. 15У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди. 16Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.

17Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди: “Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман. 18Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. 19Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”

20Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини кучоқлаб, ўпибди.

21Кейин ўғли отасига айтибди:

— Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман.

22Отаси эса хизматкорларига буюрибди:

— Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар. 23Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик. 24Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.

Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар. 25Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди. 26Хизматкорлардан бирини чақириб:

— Нима гап? — деб сўрабди.

27— Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.

28Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. 29Аммо у отасига шундай жавоб берибди:

— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз. 30Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!

31Отаси унга шундай жавоб берибди:

— Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. 32Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”

 

16–БОБ - ЛУҚО

 

Пишиқ иш бошқарувчи

 

1Исо шогирдларига шундай деди:

“Бир бой одамнинг иш бошқарувчиси бор экан. Бойга: “Иш бошқарувчингиз мол–мулкингизни совуриб юрибди” деган хабар етиб келди. 2Бой одам иш бошқарувчисини чақириб, унга шундай дебди: “Сен ҳақингда баъзи гапларни эшитдим. Бу нимаси?! Менга бошқарувинг тўғрисида ҳисобот бер, энди ишларимни сен бошқармайсан.” 3Шунда иш бошқарувчи ўзига ўзи дебди: “Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан. 4Эҳа, топдим! Бир иш қиламан, шунда бўшатилганимдан кейин одамлар уйларининг эшикларини мен учун очиб беришади”, — дебди–да, 5хўжайиннинг қарздорларини биттама–битта чақирибди. Биринчисидан сўрабди:

— Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?

6— Юз кўза зайтун мойи, — деб жавоб берибди у.

— Тилхатингни ол, тезда ўтириб эллик кўза деб ёз! — дебди унга иш бошқарувчи. 7Кейин бошқасидан ҳам сўрабди:

— Сенинг қанча қарзинг бор?

— Юз қоп буғдой, — деб жавоб берибди у. Унга ҳам:

— Тилхатингни ол, саксон қоп деб ёз! — дебди иш бошқарувчи.

8Ҳа, айёр иш бошқарувчи ишини боплаб бажарди! Чиндан ҳам бу дунёнинг одамлари замондошлари орасида нур аҳлига караганда ўз ишига анча пишиқдирлар.

9Мен сизларга айтаман, бу дунёнинг бойлигидан фойдаланиб дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, Худо сизни абадий масканига қабул қилсин. 10Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади. 11Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?! 12Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!

13Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”

 

Исонинг баъзи ҳикматлари

 

14Пулпараст фарзийлар буларни эшитиб, Исони мазах қилдилар.

15Исо уларга деди: “Сиз одамлар олдида ўзингизни тақводор қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Одамзод кўкка кўтарган нарсалар Худонинг назарида жирканчдир. 16Яҳё ва ундан олдин келганлар Таврот ва пайғамбарлар битикларини эълон қилганлар. Энди эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар эълон қилинмоқда ва ҳар бир одам бу Шоҳликка киришга ундалмоқда. 17Бироқ Тавротдан бир нуқтанинг йўқолишидан кўра, еру осмоннинг йўқолиши осонроқдир.

18Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эри билан ажрашган хотинга уйланган киши ҳам зино қилган бўлади.”

 

Бир бой ва Лазар ҳақида масал

 

19“Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан. 20Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан. 21У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан.

22Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди.

23Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди. 24Сўнг шундай деб фарёд қилибди:

— Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!

25Иброҳим унга шундай жавоб берибди:

— Унутма, ўғлим, сен ҳаётлигингда ҳамма яхши нарсаларингни олиб бўлдинг, Лазар эса фақат ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда тасалли топяпти, сен бўлсанг, азоб чекяпсан. 26Бундан ташқари, сен билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар.

27Шунда бой айтибди:

— Ундай бўлса, эй ота, сиздан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборинг. 28Менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азобли жойга келмасликлари учун уларни огоҳлантириб қўйсин.

29Иброҳим жавоб берибди:

— Уларда Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари бор–ку, ўшаларга қулоқ солишсин.

30Бой эса:

— Йўқ, Иброҳим ота, улар қулоқ солмайдилар. Аммо ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар, — дебди. 31Иброҳим шундай дебди:

— Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар.

 

17–БОБ - ЛУҚО

 

Гуноҳ ҳақида

 

1Исо Ўз шогирдларига яна деди: “Гуноҳга етаклайдиган васвасалар доимо келади. Аммо васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой! 2Бу кичикларнинг биронтасини гуноҳга бошлаганингиздан кўра, бўйнингизга тегирмон тошини осиб, сизни денгизга ташлашгани ўзингиз учун яхшироқдир. 3Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг. 4Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса–ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: “Тавба қилдим”, — деса, уни кечириб юборинг.”

 

Имон ҳақида

 

5ҲаворийларРаббимизИсога:

— Имонимизга имон қўшинг, — дедилар. 6Раббимиз шундай жавоб берди:

— Агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига: “Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от”, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади.

 

Хизмат бурчи ҳақида

 

7Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга: “Кел дарров, дастурхонга ўтир”, деб айтасиз? 8Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга: “Кечки овқатимни тайёрла, еб–ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб–ичасан”, деб айтмайсизми?! 9Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз–ку! 10Шу сингари сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг: “Биз бор–йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос”, — деб айтинглар.

 

Исо ўн кишига шифо беради

 

11Исо Самария билан Жалилани кесиб ўтиб, Қуддус томон йўл олди. 12У бир қишлоққа кираётганда, тери касаллигига чалинган ўн киши Уни қаршилаб олди. Улар узоқдан туриб, 13фарёд қилдилар:

— Эй Исо! Устоз! Бизга раҳм қилинг!

14Исо уларни кўриб:

— Боринглар, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар, — деди.

Улар йўлда кетаётганларида, тери касаллигидан покланиб қолдилар.

15Улардан бири ўзининг шифо топганини кўриб, баланд овозда Худони улуғлаб орқага қайтди. 16Ўзини Исонинг оёқлари остига ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Ўша одам Самариялик эди.

17Исо шогирдларига деди:

— Тери касаллигидан покланган ўн киши эмасмиди?! Қолган тўққизтаси қани? 18Худони улуғлаш учун шу бир бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?

19Сўнг Исо тери касаллигидан покланган одамга деди:

— Ўрнингдан тургин–да, боравер. Сенга ишончинг шифо берди.

 

Худо Шоҳлигининг келиши ҳақида

 

20Баъзи фарзийлар Исодан: “Худонинг Шоҳлиги қачон келади?” деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди:

— Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган шаклда келмайди. 21Ҳеч ким: “Қара, Худонинг Шоҳлиги бу ерда”, ёки “Ана у ерда”, — деб айтмайди. Чунки Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир.

22Кейин Исо шогирдларига деди:

— Шундай вақтлар келадики, сизлар Инсон Ўғлининг кунларидан биттасини кўришни орзу қиласизлар, аммо ўша кунни кўролмайсизлар. 23Одамлар сизларга: “Ана, Исо анави ерда” ёки “Мана, Исо бу ерда”, деб айтадилар. Аммо сизлар улар айтган ерга борманглар, уларнинг ортидан эргашманглар. 24Чунки Инсон Ўғли қайтиб келганда, Уни ҳамма кўради. У осмонни бир четидан бошқа четигача ёритиб юборган чақмоқдай бўлади. 25Лекин ундан аввал Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак.

26Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғлининг қайтиб келадиган даврда ҳам худди шундай бўлади. 27Нуҳ кемага кирган кунгача инсонлар еб–ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Тўфон келганда эса уларнинг ҳаммаси нобуд бўлди. 28Лут замонида ҳам худди шундай бўлган эди: одамлар еб–ичардилар, савдо–сотиқ қилардилар, экин экардилар, уй қурардилар. 29Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани нобуд қилди.

30Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади. 31У кунда томнинг устида бўлган киши уйдаги нарсаларни олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлган одам ҳам қайтиб келмасин. 32Лутнинг хотинига нима бўлганини ёдингизда тутинглар. 33Жонини сақламоқчи бўлган уни йўқотади. Жонини йўқотган эса уни асраб қолади. 34Сизга шуни айтай: ўша кеча бир тўшакда икки киши ётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади. 35Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади[1].

37Шогирдлар Исодан сўради:

— Ҳазрат, бу воқеалар қаерда юз беради?

— Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади, — деб жавоб берди Исо. — Бу воқеалар қаерда юз бериши ҳам сизларга шу сингари аён бўлади.

 

18–БОБ - ЛУҚО

 

Бева аёл ва адолатсиз қози тўғрисида масал

 

1Шогирдлар доимо ва безмасдан ибодат қилсин деб, Исо уларга шундай бир масал айтиб берди:

2— Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан. 3Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига тез–тез бориб туриб:

— Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, — деб ўтинаркан. 4Қози анча вақтгача унга ёрдам беришдан бош тортиб юрар экан. Охири у ўзи–ўзига шундай дебди:

— Мен Худодан қўрқмайман, одамлардан ҳам уялмайман. 5Аммо бу бева хотин мени ҳолу жонимга қўймагани учун, уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса, у келавериб мени безор қилади.

6Раббимиз Исо гапида давом этиб деди:

— Адолатсиз қозининг гапини эшитдингизми? 7Шундай экан, наҳотки Худо туну кун илтижо қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса?! Йўқ, Худо уларни куттириб қўймайди! 8Сизларга айтаман, уларни зудлик билан ҳимоя қилади! Аммо Инсон Ўғли келганда, ер юзида имони бор одамларни топармикин?”

 

Фарзий ва солиқчи тўғрисида масал

 

9Ўзларининг солиҳлигига ишониб, бошқаларни менсимайдиган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди: 10“Икки одам ибодат қилгани Маъбадга киришибди. Уларнинг бири фарзий, иккинчиси солиқчи экан. 11Фарзий ўрнидан туриб, шундай ибодат қилибди:

— Худойим, Ўзингга шукр! Чунки мен бошқаларга ўхшаб ўғри, жиноятчи, зинокор ёки манави солиқчидай эмасман. 12Мен ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр қилиб бераман.

13Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто осмонга ҳам қарашга ботинолмай, кўкрагига урганича:

— Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! — деб илтижо қиларди.

14Сизга айтаман: фарзий эмас, мана шу одам оқланиб уйига қайтди. Зотан ўзини ўзи юксалтирган одам камситилади, ўзини паст олган одам эса юксалтирилади.”

 

Исо болаларни дуо қилади

 

15Исо болаларимизга қўл теккизсин, деб одамлар Унинг олдига ҳатто гўдакларни ҳам олиб келишарди. Шогирдлар буни кўриб, одамларни койидилар. 16Исо эса болаларни ёнига чақириб, деди: “Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир. 17Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.”

 

Бойлик ва абадий ҳаёт ҳақида

 

18Яҳудий бошлиқлардан бири Исодан сўради:

— Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак?

19Исо унга деди:

— Нега Мени валинеъмат дейсиз? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас. 20Сиз амрларни биласиз: “Зино қилманг. Қотиллик қилманг. Ўғирлик қилманг. Ёлғон гувоҳлик берманг. Ота–онангизни ҳурмат қилинг.”

21— Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман, — деди бояги бошлиқ. 22Буни эшитиб, Исо деди:

— Сизга биргина нарса етишмайди: бор нарсангизни сотинг, пулини камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади. Кейин келиб, Менга эргашинг.

23Бошлиқ буни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди, чунки у жуда бой эди. 24Исо унинг хафа бўлганини кўриб деди:

— Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин! 25Бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

26Буни эшитганлар эса:

— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — деб сўрашди. 27Исо шундай жавоб берди:

— Одамлар учун имконсиз бўлган нарсанинг Худо учун имкони бор.

28Шунда Бутрус деди:

— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.

29Исо шогирдларига деди:

— Сизларга чинини айтайин, Худонинг Шоҳлиги учун уй–жойини, ёки хотинини ё ака–укаларини ёки ота–онасини ё бола–чақасини қолдирган одам 30бу дунёнинг ўзидаёқ бир неча баробар ортиғи билан олади, нариги дунёда эса абадий ҳаётга эга бўлади.

 

Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта айтади

 

31Кейин Исо ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди:

— Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. Пайғамбарларнинг Инсон Ўғли тўғрисида ёзган ҳамма башоратлари бажо бўлади. 32Уни ғайрияҳудийларга тутиб берадилар. Уни масхаралаб ҳақорат қиладилар. Унга тупурадилар. 33Ғайрияҳудийлар Уни қамчилайдилар, кейин ўлдирадилар. Аммо учинчи куни У тирилади.”

34Шогирдлар эса бу сўзлардан ҳеч нарса тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси уларга қоронғи эди, Исонинг айтганларини улар англамадилар.

 

Исо кўр одамга шифо беради

 

35Исо Ерихо шаҳрига кириб келаётганда, бир кўр одам йўл чеккасида садақа сўраб ўтирар эди. 36Олдидан катта бир оломон ўтиб кетаётганини эшитган ўша кўр:

— Нима гап? — деб сўради.

37— Носиралик Исо ўтиб кетяпти, — деб жавоб беришди унга. 38Шунда кўр:

— Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қил! — деб бақирди. 39Олдинда кетаётганлар эса:

— Жим бўл! — деб кўрни койишди. У эса янада қаттиқроқ бақирди:

— Эй Довуд Ўғли! Менга раҳм қил!

40Шунда Исо тўхтаб, кўрни ёнига олиб келишларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради:

41— Мендан нима истайсан? Сен учун нима қилай?

— Ҳазрат, кўзларим кўрсин! — деди у. 42Исо унга:

— Кўзларинг кўрсин, ишончинг сенга шифо берди, — деди.

43Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Худони улуғлаганча Исога эргашди. Буни кўрган бутун халқ Худога ҳамду санолар айтди.

 

19–БОБ - ЛУҚО

 

Исо ва Заккай

 

1Исо Ерихо шаҳрига кириб, шаҳар бўйлаб ўтаётган эди. 2Бу шаҳарда Заккай деган бир одам бор эди. У солиқчилар бошлиғи бўлиб, бой эди. 3Заккай: “Исо ким экан?” деб Уни кўришга уринарди, аммо одам кўплигидан кўра олмасди, чунки унинг бўйи паст эди. 4У олдинга югуриб, Исони кўриш учун шикамора анжир дарахти устига чиқиб олди. Исо ўша ердан ўтиши керак эди.

5Исо у ерга келганда, юқорига қараб, Заккайга деди:

— Заккай! Тезроқ пастга туш, Мен бугун сенинг уйингда меҳмон бўлишим керак.

6Заккай дарров пастга тушди, Исони қувонч билан уйига таклиф қилди. 7Буни кўрганларнинг ҳаммаси: “Исо бир гуноҳкор одамнинг уйига меҳмонга борди”, деб норозилик билдиришди. 8Заккай эса ўрнидан туриб, РаббимизИсога деди:

— Ҳазрат, мен мол–мулкимнинг ярмини камбағалларга бераман. Бирон кимсанинг нарсасини ноҳақ олган бўлсам, тўрт баробар қилиб қайтараман.

9Исо унга шундай жавоб берди:

— Бугун бу хонадонга нажот келди, чунки бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғлидир. 10Инсон Ўғли йўқолганни излаб топиш ва уни қутқариш учун келган.

 

Ўнта хизматкор ҳақида масал

 

11Оломон Исонинг бу сўзларини тинглар экан, Исо гапини бир масал билан давом эттирди. Чунки Исо Қуддусга яқинлашиб қолган эди, одамлар ҳам, Худонинг Шоҳлиги ҳозир зоҳир бўлиши керак, деб ўйлардилар.

12Исо шундай деди: “Бир зодагон одам узоқ мамлакатга кетмоқчи бўлибди. У ерда шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келмоқчи эди. 13Кетишдан олдин у хизматкорларидан ўнтасини чақирибди–да, ҳар бирига биттадан тилла бериб, шундай дебди: “Мен қайтиб келгунимча, бу пулларни ишга солинглар.”

14Ҳолбуки, бу зодагоннинг ҳамюртлари уни ёмон кўришар экан. Унинг орқасидан: “Бу одам бизга шоҳ бўлмасин, истамаймиз”, деб айтиш учун элчилар юборишибди.

15Аммо зодагон шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келибди. Сўнг ўзи пул берган хизматкорларини чақиртириб, ким қанча фойда олганини билмоқчи бўлибди.

16Биринчиси келиб:

— Хўжайин, сизнинг тиллангиз ўн тилла фойда олиб келди, — дебди. 17Хўжайин унга:

— Баракалла! Сен яхши хизматкорсан! Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун ўнта шаҳар устидан ҳоким бўласан, — дебди.

18Иккинчиси келиб:

— Хўжайин, сизнинг тиллангиз беш тилла фойда келтирди, — дебди. 19Унга ҳам:

— Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан, — дебди.

20Сўнг учинчи хизматкори келиб:

— Хўжайин! Мана сизнинг тиллангиз, мен уни рўмолчага тугиб сақладим. 21Мен сиздан қўрқдим, сиз қаттиққўл одамсиз. Сиз бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз, — дебди. 22Хўжайин эса унга деди:

— Эй ёмон хизматкор! Мен сени ўз сўзларинг бўйича ҳукм қиламан! Менинг қаттиққўллигимни ҳамда бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билар экансан, 23нега пулимни муомалага киритмадинг? Мен қайтиб келганимдан кейин, пулимни фойдаси билан олган бўлардим.

24Сўнг ёнида турганларга деди:

— Унинг қўлидан тиллани олиб, ўн тилласи борга беринглар.

25— Хўжайин, унинг ўн тилласи бор–ку! — дейишибди улар.

26— Сизларга шуни айтай: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади. 27Энди менинг шоҳ бўлишимни истамаган душманларимга келсак, уларни шу ерга олиб келиб, кўз олдимда қатл қилинглар.”

 

Исо Қуддусга тантанали киради

 

28Исо шу гапларни айтгандан кейин, йўлида давом этиб, Қуддусга кетди. 29Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия билан Байтания қишлоқларига яқинлашгач, У шогирдларидан иккитасига деди:

30— Анави қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, ҳали минилмаган, боғланган хўтикни кўрасизлар. Хўтикни ечиб, бу ерга олиб келинглар. 31Агар кимдир сизлардан: “Хўтикни нега ечяпсизлар?” — деб сўраб қолса, “Бу хўтик Раббимиз Масиҳга керак”, деб айтинглар.

32Шогирдлар бориб, худди Исонинг айтганини топдилар. 33Хўтикни ечаётганларида унинг эгалари:

— Нега хўтикни ечяпсизлар? — деб сўрашди. 34Шогирдлар:

— У Раббимиз Масиҳга керак, — дедилар.

35Хўтикни Исонинг олдига келтиришди–да, устига тўнларини ташлаб, Исони миндиришди. 36Исо хўтикни миниб кетаётганда, одамлар тўнларини йўлга пойандоз қилдилар. 37Исо Зайтун тоғидан тушадиган жойга етиб келганда, кўпдан–кўп шогирдлар кўрган барча мўъжизаларни эслаб шодландилар ва баланд овозда Худога ҳамду санолар айтдилар:

38“Эгамиз номидан келадиган Шоҳ барака топсин!

Осмонда тинчлик, фалак тоқида шон–шарафлар бўлсин!”

39Шунда оломон орасидан баъзи фарзийлар Исога:

— Устоз, шогирдларингизни жим қилинг! — дейишди. 40Исо эса уларга деди:

— Сизларга шуни айтай: агар булар жим бўлса, тошлар чинқиради!

 

Исо Қуддус учун йиғлайди

 

41Исо Қуддусга кирай деганда, шаҳарни кўриб, йиғлаб юборди:

42— Тинчлик учун нималар зарурлигини бугун сен билсайдинг! Аммо булар сенга қоронғи. 43Бошингга шундай кунлар келади: душманларинг атрофингга тупроқ уядилар, сени ўраб оладилар, ҳар томондан сиқувга оладилар. 44Бағрингдаги фарзандларингни қириб ташлайдилар. Сени шу қадар вайрон қиладиларки, шаҳрингда ҳатто тош устида турган тош қолмайди. Чунки Худо сени қутқаргани келганди, аммо сен бу имкониятни қўлдан бой бердинг.

 

Исо савдогарларни Маъбаддан қувиб чиқаради

 

45Исо Маъбадга кириб, ичкарида савдо–сотиқ қилаётганларни қувиб чиқара бошлади. 46Уларга шундай деди:

— “Менинг уйим Ибодат Уйи бўлади, деб Тавротда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!

47Исо ҳар куни Маъбадда таълим берарди. Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва халқ оқсоқоллари эса Уни ҳалок қилиш пайига тушдилар. 48Лекин бунинг чорасини топмадилар, чунки бутун халқ Исонинг сўзларини жону дили билан тинглар эди.

 

20–БОБ - ЛУҚО

 

Исонинг ҳокимияти тўғрисида савол

 

1Бир куни Исо Маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабар айтаётган эди. Шу пайт бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва оқсоқоллар келиб қолдилар. 2Улар Исодан сўрадилар:

— Бизларга айтинг–чи, Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?

3Исо уларга шундай жавоб берди:

— Мен ҳам сизларга бир савол берайин, Менга айтинглар: 4Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?

5Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар: “Агар Худодан десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди. 6Агар инсондан десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки халқ Яҳёнинг пайғамбарлигига қатъий ишонади.”

7Шундай қилиб, улар:

— Қаерданлигини билмаймиз, — деб жавоб бердилар. 8Исо уларга деди:

— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.

 

Ёвуз боғбонлар ҳақида масал

 

9Исо халққа қуйидаги масални айтди:

“Бир одам узумзор барпо қилибди. Узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи узоқ вақтга сафарга кетибди. 10Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди. Аммо боғбонлар хизматкорни калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди. 11Кейин узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини юборибди. Боғбонлар бу хизматкорни ҳам уриб, шарманда қилиб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди. 12Яна учинчисини юборибди, уни ҳам ярадор қилиб, қувиб чиқаришибди.

13Кейин узумзор эгаси ўйлабди: “Энди нима килсам экан? Энди суюкли ўғлимни юбораман. Балки боғбонлар уни ҳурмат қилишар.”

14Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўришлари билан ўзаро муҳокамага тушиб:

— Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди–да, 15ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди.

Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси уларни нима қилар экан? 16У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорини эса бошқаларга ижарага беради.”

Буни эшитганлар:

— Худо кўрсатмасин! — деб юборишди. 17Исо эса уларга тикилиб, шундай деди:

— Ундай бўлса, Муқаддас Битиклардаги:

“Бинокорлар рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди”,

деган сўзларнинг маъноси нима?

18Кимки бу тошга йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.

19Исо айтган бу масал тафсирчилар билан бош руҳонийларга қарши айтилган эди. Улар буни англаб етдилар ва шу заҳоти Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрқдилар.

 

Солиқ тўлаш ҳақида

 

20Тафсирчилар билан бош руҳонийлар Исони кузатиб юрдилар. Унинг ортидан ўзларини самимий кўрсатадиган одамларни қўйдилар. Улар эса Исони тилидан илинтириб, ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига бермоқчи эдилар. 21Шунинг учун улар Исога дедилар:

— Устоз, сиз айтаётган сўзларингиз ва ўргатаётган таълимотингиз тўғри эканини биламиз. Сиз ҳеч кимга юз–хотир қилмай Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. 22Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?

23Исо уларнинг маккорлигини англаб, деди:

24— Қани, Менга бир динор кўрсатинглар! Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники?

— Қайсарники, — деб жавоб берди улар. 25Исо:

— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.

26Улар халқнинг кўз ўнгида Исони тилидан илинтира олмадилар. Исонинг жавобидан лол қолиб, жим бўлдилар.

 

Тирилиш ҳақида савол

 

27Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:

28— Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: “Агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин. Туғилган бола марҳум акасиники ҳисобланади.” 29Етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. 30Сўнг иккинчиси ўша хотинни олиб, бола кўрмай ўлибди. 31Учинчиси ҳам худди шу кўйга тушибди. Хуллас, еттита ака–уканинг ҳаммаси ўша хотинга уйланиб, фарзандсиз ўтиб кетибди. 32Охири, хотин ҳам ўлибди. 33Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда ўша аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!

34Исо уларга шундай жавоб берди:

— Бу дунёда одамлар уйланадилар ва эрга тегадилар. 35Аммо ўликдан тирилишга ва келажакдаги дунёда яшашга сазовор бўлганлар у дунёда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар. 36Улар бамисоли фаришталардай бўлганлари учун, ҳеч қачон ўлмайдилар. Улар Худонинг болаларидир, чунки тирилгандирлар. 37Ҳатто Мусонинг ўзи ҳам тирилишни тасдиқлаб, ёнаётган бута тўғрисидаги ҳикояда Эгамизни — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси деб атаган. 38Зотан Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Худо учун ҳамма тирикдир.

39-40Тафсирчиларнинг баъзилари Исога яна савол беришга журъат этмаганлари учун:

— Устоз, яхши гапирдингиз, — дедилар.

 

Масиҳ кимнинг ўғли?

 

Исо тафсирчиларга деди: 41“Нега МасиҳниДовуднинг ўғли дейдилар? 42-43Мана, Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деган:

“Эгамиз айтмоқда Раббимга:

Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

44Демак, Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг ўғли бўлади?!”

 

Исо сохта диндорликка қарши огоҳлантиради

 

45Бутун халқ Исони тинглаб турар экан, У шогирдларига деди: 46“Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни, бозорларда юрганларда уларга салом беришларини яхши кўрадилар. Синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар. 47Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.”

 

21–БОБ - ЛУҚО

 

Бева аёлнинг хайр–эҳсони

 

1Исо Маъбаднинг эҳсон қутисига назар солар экан, эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди. 2Шунингдек, икки чақа ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди. 3Шунда Исо деди: “Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди. 4Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Аммо бу аёл камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини ташлади.”

 

Исо Маъбаднинг вайрон бўлишини башорат қилади

 

5Шогирдлардан баъзилари Маъбаднинг гўзал тошлар ва Худога назр қилинган инъомлар билан безатилгани тўғрисида гаплашаётган эдилар. Шунда Исо деди:

6— Шундай кунлар келадики, сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.

7Улар Исодан сўрадилар:

— Устоз, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада юз беришини нимадан билсак бўлади?

8Исо деди:

— Эҳтиёт бўлинглар, йўлдан озманглар, чунки кўпчилик ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, “Вақт яқин”, деб айтади. Уларга эргашманглар. 9Сизлар уруш ва исёнлар тўғрисида хабарларни эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, чунки бу ҳодисалар биринчи бўлиб содир бўлиши керак. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.

10Кейин Исо уларга деди: “Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. 11Айрим жойларда шиддатли зилзилалар, қаҳатчиликлар, ўлатлар бўлади. Осмонда ваҳимали ҳодисалар, буюк аломатлар юз беради.

12Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни ҳибсга оладилар, қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, қамоқларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни шоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар. 13Булар Хушхабарни айтишингиз учун имконият бўлади. 14Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, деб олдиндан қайғурмасликка қарор қилинглар. 15Мен Ўзим сизларга сўз, донолик ато қиламанки, рақибларингиздан биронтаси айтганларингизни рад қила олмайдилар ёки эътироз билдира олмайдилар. 16Сизларни ҳатто ота–онангиз, ака–укаларингиз, қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз тутиб беришади. Улар баъзиларингизни ўлдиришади. 17Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. 18Бироқ бошингиздан бир тола соч ҳам тушмайди. 19Қатъиятли бўлинглар, шунда ҳаётга эришасиз.”

 

Қуддуснинг қулаши ҳақида башорат

 

20“Қуддусни душман лашкарлари ўраб олганини кўрганингизда, билингки, шаҳар яқин орада вайрон қилинади. 21Шунда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, шаҳарнинг ичида бўлганлар ташқарига чиқсин, далаларда бўлганлар шаҳарга кирмасин. 22Чунки Худонинг қасос оладиган кунлари келди. Ўша кунларда ҳамма башоратлар амалга ошади. 23У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзини катта мусибат чулғаб олади, бу халқнинг бошига Худонинг ғазаби ёғилади. 24Баъзилари қиличдан ўтказилади, бошқалари барча юртларга асир қилиб олиб кетилади. Ғайрияҳудийларнинг давру даврони тугамагунча, улар Қуддусни оёқ ости қиладилар.”

 

Инсон Ўғлининг қайтиб келиши ҳақида

 

25“Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар пайдо бўлади. Денгизлар ва тўлқинлар шовқинидан халқлар саросимага тушиб, изтироб чекади. 26Одамлар дунёга келадиган фалокатларни кўриб, қўрқувдан ҳушидан кетадилар. Чунки ўшанда самовий кучлар ларзага келади. 27Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

28Бу ҳодисалар юз бера бошлаганда, туриб, бошингизни баланд кўтаринг. Чунки қутқариладиган вақтингиз яқинлашмоқда.”

 

Ҳушёр бўлиш ҳақида

 

29Исо шогирдларига бир масални айтиб берди: “Анжир дарахтига ва бошқа ҳамма дарахтларга қаранглар. 30Дарахтлар барг ёзаётганини кўрганингизда, ёз яқинлашиб қолганини биласиз. 31Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, Худонинг Шоҳлиги яқин. 32Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. 33Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

34Ҳушёр бўлинглар! Кайфу сафога, бу ҳаётнинг ташвишларига берилиб кетманглар. Тағин ўша кун келиб қолганда сизлар тўсатдан тўрга тушган одамларга ўхшаб қолманглар! 35Чунки у кун бутун ер юзида яшовчиларнинг бошига тушади. 36Доим ҳушёр бўлинглар. Юз берадиган бу ҳамма мусибатлардан қутула олишингиз ва Инсон Ўғли олдида муносиб тура олишингиз учун доимо ибодатда бўлинглар.”

37Ҳар куни Исо Маъбадда таълим берарди, кечалари эса шаҳардан чиқиб, тунни Зайтун деб аталадиган тоғда ўтказар эди. 38Халқ саҳардан Исони тинглагани Маъбадга келарди.

 

22–БОБ - ЛУҚО

 

Исони ўлдириш режаси

 

1Хамиртурушсиз нон байрамига яқин қолган эди. Бу байрам Фисиҳ деб аталарди. 2Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари Исони яширинча ўлдириш учун фурсат пойлаб юрган эдилар, чунки улар халқдан қўрқардилар. 3Шунда ўн икки ҳаворийдан бири — Яҳудо Ишқариётнинг ичига шайтон кириб олди. 4Яҳудо бош руҳонийларнинг ва Маъбад миршаббошиларининг олдига бориб, Исони қандай тутиб бериш тўғрисида улар билан гаплашди. 5Улар жуда хурсанд бўлиб, Яҳудога пул берадиган бўлдилар. 6Яҳудо рози бўлди ва Исони халқдан яширинча уларнинг қўлига тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.

 

Исо шогирдлари билан Фисиҳ таомини тановул қилади

 

7Хамиртурушсиз нон байрами келди. Шу куни Фисиҳ қўзиси қурбонлик қилинар эди. 8Исо Бутрус билан Юҳаннони юбораётиб шундай деди:

— Боринглар, биз учун Фисиҳ таомини тайёрланглар.

9Улар Исодан сўрадилар:

— Байрам таомини қаерда тайёрлашимизни хоҳлайсиз?

10Исо уларга деди:

— Шаҳарга киришларингиз биланоқ, кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Ўша одамга эргашиб, у кирадиган уйга киринглар. 11Хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: ‘Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?’ деб сўраб юбордилар.” 12Уй эгаси сизларга жиҳозланган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.

13Шогирдлар кетдилар. Ҳамма нарса худди Исо айтганидай рўй берди. Улар Фисиҳ таомини тайёрладилар.

14Зиёфат вақти бўлди. Исо билан ҳаворийлари дастурхон атрофига ёнбошлашди. 15Исо уларга деди:

— Мен азоб чекмасимдан аввал бу Фисиҳ таомини сизлар билан бирга ейишни жуда ҳам орзу қилгандим. 16Сизларга айтай: Биз Худонинг Шоҳлигида ҳақиқий Фисиҳ таомини емагунимизча, Мен бу таомдан бошқа емайман.

17Кейин Исо шароб қуйилган косани олиб, шукрона дуосини айтиб деди:

— Буни олинглар, ўзаро бўлишинглар. 18Сизларга айтай: Худонинг Шоҳлиги келмагунча, Мен узум неъматидан бошқа ичмайман.

19Сўнгра нонни олди, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига бериб деди:

— Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.

20Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шароб қуйилган косани олиб, шундай деди:

— Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу Аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради. 21Ана, қаранг! Менга хиёнат қиладиган одам Мен билан бир дастурхонда ўтирибди. 22Ҳа, Худо режа қилгандай Инсон Ўғли жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой!

23Шунда улар бир–бирларидан:

— Oрамизда бундай ишга қўл урадиган ким экан? — деб сўрай бошладилар.

 

Энг катта ким?

 

24Шогирдлар орасида: “Қайси биримиз энг катта ҳисобланишимиз керак?” деган баҳс бўлди.

25Исо уларга деди: “Бутпарастларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар. Эл бошлиқлари олийҳиммат деб олқишланадилар. 26Сизлар эса бундай бўлманглар. Аксинча, орангизда ким катта бўлса, ўзини энг кичикдай тутсин. Ким бошлиқ бўлса, хизматкордай бўлсин. 27Хўш, ким катта? Дастурхон атрофида ўтирганми ёки унга хизмат қилаётганми? Дастурхон атрофида ўтирган эмасми?! Мен эса орангизда хизматкордайман.

28Оғир кунларимда ёнимда бўлдингизлар. 29Шунинг учун, Отам Менга инъом қилган Шоҳликни Мен сизларга инъом қиляпман. 30Сизлар Менинг Шоҳлигимда дастурхоним атрофида ўтириб еб–ичасизлар, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.”

 

Исо Бутруснинг тонишини башорат қилади

 

31Исо деди:

— Шимўн, Шимўн! Мана, буғдойни ғалвирдан ўтказишгандай, шайтон сизларни синовдан ўтказишга изн сўради. 32Бироқ имондан тоймасин, деб Мен сен учун ибодат қилдим. Сен тавба қилиб, Менга қайтганингдан кейин, биродарларингни имонда мустаҳкамла.

33Шимўн Исога жавобан деди:

— Ҳазрат! Мен Сиз билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам боришга тайёрман!

34Исо эса деди:

— Эҳ Бутрус! Сенга шуни айтай, бугун хўроз қичқирмасдан олдин сен уч марта Мени танимаслигингни айтасан.

 

Ҳамён, тўрва, қилич

 

35Исо шогирдларига деди:

— Мен сизларни ҳамёнсиз, тўрвасиз, чориқсиз юборганимда, бирон нарсада камчилигингиз бормиди?

— Ҳеч нарсада! — жавоб берди улар. 36Исо уларга шундай деди:

— Энди эса кимнинг ҳамёни ёки тўрваси бўлса, олсин. Кимда қилич йўқ бўлса, чопонини сотиб, қилич харид қилсин. 37Сизларга айтай: “У гуноҳкорлар қаторида саналди”, деб Мен ҳақимда айтилган башорат бажо бўлиши керак. Ҳа, Мен ҳақимда ёзилган бу сўз бажо бўляпти.

38Шогирдлар:

— Ҳазрат, қаранг, мана бу ерда иккита қилич бор экан! — дедилар.

— Бўлди, етар! — деди Исо.

 

Исо Зайтун тоғида ибодат қилади

 

39Исо шаҳардан чиқиб, одатдагидай Зайтун тоғига йўл олди. Шогирдлари ҳам Унинг орқасидан кетдилар. 40Исо ўша жойга етиб келгандан кейин, шогирдларига:

— Васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар, — деди. 41Ўзи улардан бир тош отар масофача нари борди–да, тиз чўкиб ибодат қилди:

42— Эй Ота! Қанийди, бу азоб косасини Мендан узоқлаштирсанг! Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

43Шу орада осмондан бир фаришта Исога зоҳир бўлиб, Унга куч ато қилди. 44Исо оғир изтироб ичида жон–жаҳди билан ибодат қилди. Ундан оққан тер эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди.

45Исо ибодатни тугатиб, шогирдлари ёнига келди. Уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Шогирдлар қайғудан ҳолдан тойган эдилар. 46Исо уларга:

— Нега ухлаб ётибсизлар? Қани туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар, — деди.

 

Исо ҳибсга олинади

 

47Исо ҳали гапириб бўлмасидан, бирданига оломон келиб қолди. Оломонни ўн икки шогирддан бири — Яҳудо бошлаб келганди. Яҳудо Исони ўпмоқчи бўлиб, Унга яқинлашди. 48Исо эса унга деди:

— Яҳудо, сен Инсон Ўғлига бир ўпич билан хиёнат қиляпсанми?

49Исонинг ёнидагилар воқеа қаёққа йўналаётганини пайқаб:

— Ҳазрат, қилични ишга солайликми? — дейишди. 50Улардан бири эса олий руҳонийнинг хизматкорига жароҳат етказиб, унинг ўнг қулоғини кесиб ташлади. 51Шунда Исо:

— Қўйинглар, бас! — деди–да, хизматкорнинг қулоғига қўл теккизиб унга шифо берди. 52Сўнг Уни қўлга олишга келган бош руҳонийлар, Маъбад миршаббошилари ва оқсоқолларга деди:

— Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?! 53Сизлар билан ҳар куни Маъбадда бирга эдим, Менга қўл теккизмадингизлар. Аммо энди замон сизники, зулмат ҳукмронлиги келди!

 

Бутрус Исодан тонади

 

54Исони ушлаб, олий руҳонийнинг уйига олиб кетдилар. Бутрус эса масофа сақлаб уларга эргашиб борди. 55Олий руҳонийнинг ҳовлиси ўртасида гулхан ёқишди. Бутрус гулхан атрофида ўтирган одамларнинг ёнига бориб ўтирди. 56Бир чўри қиз гулхан ёнида ўтирган Бутрусни кўрди. У Бутрусга тикилиб қаради–да:

— Бу одам ҳам У билан бирга эди! — деди.

57Лекин Бутрус инкор этиб:

— Эй синглим, мен Уни танимайман! — деди.

58Бир оздан кейин бошқа бир одам Бутрусни кўриб:

— Сен ҳам улардан бирисан–ку! — деди. Лекин Бутрус унга ҳам:

— Эй биродар, мен улардан эмасман! — деди.

59Орадан бир соатлар ўтгандан кейин яна кимдир:

— Ҳақиқатан ҳам, манави одам У билан бирга бўлган. Ахир, у ҳам Жалилалик–ку! — деб туриб олди.

60— Менга қара, нима тўғрисида гапиряпсан, тушунмаяпман — деб эътироз билдирди Бутрус.

У гапини тугатмасданоқ, хўроз қичқирди. 61Раббимиз Исо ўгирилиб, Бутрусга қаради. Шунда Бутрус Раббимизнинг: “Бугун хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”, — деган гапини эслади. 62Бутрус ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.

63Исони қўриқлаган одамлар Уни ҳақоратлаб калтакладилар. 64Улар Исонинг кўзларини боғлаб қўйиб:

— Пайғамбар, қани топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар. 65Исога яна кўп ҳақоратли сўзлар айтдилар.

 

Исо Олий кенгаш олдида

 

66Тонг отганда Олий кенгаш аъзолари — бош руҳонийлар билан тафсирчилар йиғилдилар. Исони уларнинг олдига олиб келишди.

67— Бизга айт–чи, Сен Масиҳмисан? — деб сўрадилар. Исо шундай жавоб берди:

— Агар сизларга айтсам, Менга ишонмайсизлар. 68Агар сизларга савол берсам, жавоб бермайсизлар. 69Бироқ бундан буён Инсон Ўғли Қодир Худонинг ўнг томонида ўтиради.

70Шунда ҳамма бирданига:

— Бундан чиқди, Сен Худонинг Ўғли экансан–да? — деб сўрадилар.

— Ўзларингиз Менинг кимлигимни айтдингизлар, — деди уларга Исо. 71Шунда улар:

— Бошқа гувоҳга эҳтиёж қолмади! Ўз оғзидан ўзимиз эшитдик, ахир! — дейишди.

 

23–БОБ - ЛУҚО

 

Исо Римлик ҳоким Пилат ҳузурида

 

1Бутун Кенгаш аъзолари туриб, Исони Пилатнинг олдига келтирдилар. 2Улар Исони айблай бошладилар:

— Биз бу Одамни халқимизни йўлдан оздираётганда ушлаб олдик. У, Қайсарга солиқ тўламанглар, Мен Масиҳман, шоҳман, деб айтиб юрибди.

3Пилат Исодан:

— Сен яҳудийларнинг шоҳимисан? — деб сўради.

— Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.

4Шунда Пилат бош руҳонийларга ва оломонга:

— Мен бу одамни айблашга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, — деди. 5Аммо улар қаттиқ туриб олдилар:

— У Ўз таълимоти билан бутун Яҳудиядаги одамларни қўзғолонга даъват қиляпти. У бу қилмишини Жалилада бошлаганди, энди шу ерга ҳам етиб келибди.

6Пилат бу гапни эшитиб:

— Бу Одам Жалилаликми? — деб сўради. 7Исо Ҳироднинг қўл остидаги ҳудуддан эканини Пилат билгач, Уни Ҳирод ҳузурига жўнатди. Ҳирод ўша пайтда Қуддусда эди.

 

Исо Ҳирод олдида

 

8Ҳирод Исони кўриб, жуда хурсанд бўлиб кетди. У анчадан буён Исони кўрмоқчи бўлиб юрган эди. Чунки Ҳирод Исо ҳақида эшитган, Унинг бирон мўъжизасини кўрсам, деган ниятда эди. 9Ҳирод Исога кўп саволлар берди, аммо Исо ҳеч бирига жавоб қайтармади. 10Шу ерда турган бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари эса Уни шиддат билан қораладилар. 11Шундан кейин Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлари билан бирга Исони камситиб масхаралади. Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди. 12Бир–бирига душман бўлган Ҳирод билан Пилат ўша куни дўстлашдилар.

 

Исо ўлимга маҳкум қилинади

 

13Пилат бош руҳонийлар, бошлиқлар ва халқни чақириб, 14уларга деди:

— Сизлар бу Одамни халқни йўлдан оздиришда айблаб, олдимга олиб келдингизлар. Мен Уни сизларнинг олдингизда текшириб кўрдим. Аммо сизлар Унга қўйган айблардан биронтасини мен топмадим. 15Ҳирод ҳам ҳеч нима тополмагани учун Уни бизнинг олдимизга қайтариб юборди. Хуллас, бу Одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган. 16Шунинг учун, мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман[2].

18Халойиқ эса бир оғиздан:

— Унга ўлим! Бизга Бараббани озод қилинг! — деб бақира кетишди.

19Барабба шаҳарда юз берган исёнда иштирок этиб, қотиллик қилган, шунинг учун зиндонга ташланган эди. 20Пилат Исони озод қилмоқчи бўлиб, оломонга яна мурожаат этди. 21Аммо оломон: “Хочга михлансин! Хочга михлансин!” деб шовқин кўтарди. 22Пилат учинчи марта уларга айтди:

— У нима ёмонлик қилди, ахир?! Мен Унда ўлимга лойиқ бирор айб топганим йўқ. Шундай экан, мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман!

23Бироқ оломон овози борича: “Исо хочга михлансин!” деб бақириб, талаб қилаверди. Ниҳоят уларнинг бақир–чақирлари устун келди. 24Пилат уларнинг талабини бажаришга қарор қилди. 25Оломоннинг истагига кўра, исёнда иштирок этиб, қотиллик қилгани учун зиндонга ташланган одамни Пилат озод қилди, Исони эса оломоннинг ихтиёрига топширди.

 

Исо хочга михланади

 

26Аскарлар Исони олиб кетдилар. Улар кетаётганларида, Шимўн деган бир одамни учратиб қолдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, даладан шаҳарга қайтиб келаётган экан. Аскарлар унинг елкасига хочни ортиб, Исонинг кетидан боришга мажбур қилдилар. 27Бир талай оломон Исонинг ортидан эргашиб келаётган эди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор эди. Аёллар кўксига уриб, Исо учун фарёд қилардилар.

28Исо аёлларга қараб деди:

— Мен учун йиғламанглар, эй Қуддус қизлари! Ўзларингиз учун, фарзандларингиз учун йиғланглар. 29Шундай кунлар келадики: “Туғмаган, бола эмизмаган, бепушт аёллар бахтлидир”, — деб айтишади. 30Ўшанда одамлар тоғларга: “Бизни яширинглар!” дея бақиришади. Қирларга: “Устимизга қуланглар!” деб ёлворишади. 31Кўкариб турган дарахтга шундай қилсалар, қуриган дарахтни нима қилар эканлар?!

32Исо билан бирга икки жиноятчини ҳам қатл қилишга олиб кетаётган эдилар. 33Бош суяги деган жойга етиб келганларидан сўнг, аскарлар Исони хочга михладилар. Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам михладилар, уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди. 34Исо:

— Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар, — деди.

Аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини бўлишиб олдилар. 35Оломон қараб турарди. Бошлиқлар эса Исонинг устидан кулиб, шундай дердилар:

— У бошқаларни қутқарарди. Агар У Худо танлаган Масиҳ бўлса, энди Ўзини қутқариб кўрсин–чи! — дейишарди.

36Аскарлар ҳам Исони масхараладилар. Улар Исога арзон шароб ичиргани яқинлашиб, 37шундай дедилар:

— Агар Сен яҳудийларнинг Шоҳи бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи!

38Исонинг бош томонида “Бу Яҳудийларнинг Шоҳидир” деган ёзув бор эди.

39Осилган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб деди:

— Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?!

40Иккинчи жиноятчи эса бу шеригига таъна қилди:

— Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам шу одам каби жазога маҳкум бўлгансан–ку! 41Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ.

42Кейин деди:

— Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг!

43Исо унга деди:

— Сенга чинини айтайин, бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан.

 

Исонинг ўлими

 

44-45Туш пайти эди. Кун қорайди, соат учга қадар ҳамма ёқ зулматга чўмди. Маъбаддагипарда ўртасидан йиртилди. 46Исо баланд овоз билан фарёд қилди:

— Ота! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман.

Шундай деди–да, жон берди. 47Воқеани кўриб турган юзбоши Худони улуғлаб:

— Ҳақиқатан ҳам, бу Одам солиҳ экан, — деди.

48Томошага тўпланган оломон содир бўлган воқеаларни кўриб, қайғудан кўксига ура–ура уйларига қайтиб кетдилар. 49Исони билганлар эса, шу жумладан, Жалиладан Унга эргашиб келган аёллар юз берган воқеаларни узоқдан кузатиб турардилар.

 

Исо дафн этилади

 

50Олий кенгаш аъзолари орасида Юсуф исмли яхши ва солиҳ бир киши бор эди. 51У яҳудийларнинг Ариматея шаҳридан бўлиб, Худонинг Шоҳлигини интизорлик билан кутарди. Юсуф Кенгаш аъзоларининг бу қарорини ва қилган ишини маъқулламаган эди. 52У Пилатнинг олдига бориб, Исонинг жасадини сўради. 53Юсуф жасадни хочдан тушириб олиб, зиғир мато билан кафанлади. Кейин жасадни қояга ўйилган қабрга қўйди. Бу қабрга ҳали ҳеч ким қўйилмаган эди. 54Бу кун Шаббат арафаси бўлиб, Шаббат куни бошланишига оз қолганди. 55Жалиладан Исо билан бирга келган аёллар Юсуфнинг орқасидан эргашиб бордилар. Улар қабрни ва Исонинг жасади қандай дафн қилинганини кўрдилар. 56Улар уйларига қайтиб бориб, жасадга суртиш учун хушбўй мойлар ва атирлар тайёрладилар. Шаббат куни эса, Қонунда буюрилгандай, дам олдилар.

 

24–БОБ - ЛУҚО

 

Исо Масиҳ тирилади

 

1Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини олиб, қабрга келдилар. 2Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар. 3Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар. 4Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди. 5Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди:

— Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар? 6У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар. 7У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, — деган эди–ку.

8Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар. 9Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар. 10Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди. 11Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар. 12Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.

 

Эммаус йўлида

 

13Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан ўн бир километр узоқликда жойлашган эди. 14Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар. 15Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди. 16Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.

17Исо улардан:

— Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди. 18Шогирдларидан Клеопа дегани Унга жавоб берди:

— Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз сиз бўлсангиз керак.

19— Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан.

— Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди. 20Аммо бош руҳонийларимиз билан оқсоқолларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар. 21Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди. 22Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар, 23Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди”, деган хабарни олиб келишди. 24Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.

25Исо уларга деди:

— Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?! 26Ахир Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!

27Кейин Мусодан тортиб, барча пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди. 28Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди. 29Лекин улар Исога:

— Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи ҳам тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар.

Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди. 30Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди. 31Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.

32Шогирдлар бир–бирига дедилар:

— У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас Битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!

33Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар. 34Ҳаворийлар уларга:

— Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Шимўнга кўринибди! — деб айтдилар. 35Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.

 

Исо шогирдларига зоҳир бўлади

 

36Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.

37Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди. 38Лекин Исо уларга деди:

— Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти? 39Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.

40Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди. 41Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради:

— Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?

42Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди. 43Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди. 44Кейин Исо шогирдларига деди:

— Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Тавротда, пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.

45Сўнгра Исо, Муқаддас Битикларни тушуниб етсинлар, деб уларнинг онгини очди 46ва уларга деди:

— Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган. 47Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб, 48ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар. 49Мен сизларга Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман. Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.

 

Исо осмонга кўтарилади

 

50Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди. 51Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.

52Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар. 53Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар.

 


[1] 17:35 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 36–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Икки киши далада бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.

[2] 23:16 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 17–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Одатга кўра ҳар Фисиҳ байрамида Пилат бир яҳудий маҳбусни озод қилар эди. Яна Марк 15:6 га қаранг.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com