Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

1–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Ҳаворийларнинг фаолияти

 

1Эй Теофил, биринчи китобимда Исо фаолиятининг бошидан то охиригача қилган ва ўргатган ҳамма ишлари тўғрисида ёзгандим. 2У осмонга кўтарилмасдан олдин, Муқаддас Руҳ кучи орқали Ўзи танлаган ҳаворийларга кўрсатмалар берган эди. 3Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, бир қанча ишончли далиллар орқали ҳаворийларга тирилганини кўрсатди. Қирқ кун давомида уларга зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди. 4Исо ўз ҳаворийлари билан еб–ичар экан, уларга шундай амр берди:

— Қуддусдан кетиб қолманглар, Отамнинг берган ваъдаси бажо бўлишини кутинглар. Бу ваъда ҳақида сизларга айтган эдим. 5Яҳё одамларни сувга чўмдирар эди, сизлар эса яқин кунларда Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.

 

Исо осмонга кўтарилади

 

6Ҳаворийлар бирга йиғилганларида, Исодан шундай деб сўрадилар:

— Раббимиз, ҳозир Исроилда Шоҳликни Сиз тиклайдиган вақт эмасми?

7Исо уларга шундай жавоб берди:

— Вақт ва даврларни Отам Ўз ҳокимияти орқали ўрнатган, буларни билиш сизнинг ишингиз эмас. 8Аммо Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудия ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар.

9Исо шу гапларни айтгандан кейин, ҳаворийларнинг кўзи олдида осмонга кўтарилди. Булут Исони ҳаворийларнинг кўзларидан яширди. 10Исо кўтарилиб кетгандан кейин ҳам ҳаворийлар кўзларини узмай осмонга қараб турардилар. Шу пайт бирдан оқ кийим кийган икки одам уларнинг олдида пайдо бўлди.

11— Эй Жалилаликлар! — деди улар. — Нимага осмонга қараб турибсизлар? Исо осмонга кўтарилганини ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. У осмонга қандай кўтарилган бўлса, худди шундай қайтиб келади.

 

Ўн иккинчи ҳаворий танланади

 

12Шундан кейин улар Зайтун деб аталган тоғдан Қуддусга қайтиб келдилар. Зайтун тоғи Қуддус ёнида бўлиб, шаҳардан тахминан ярим соатлик йўл эди.

13Улар шаҳарга кирганларидан кейин, ўзлари турадиган хонадоннинг болохонасига чиқдилар. Бутрус, Юҳанно, Ёқуб, Идрис, Филипп, Тўма, Бартоломей, Матто, Алтей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Шимўн, Ёқуб ўғли Яҳудо шу ерда эдилар. 14Улар доимо ибодат қилгани йиғилишарди. Улар қаторида баъзи бир аёллар, шунингдек Исонинг онаси Марям ва Унинг укалари ҳам бор эди.

15-17Бир куни юз йигирмата имонли биродар йиғилган эдилар. Бутрус улар олдида туриб, шундай деди:

— Биродарларим! Муқаддас Руҳ олдиндан Довуд орқали Яҳудо ҳақида башорат қилганди. Муқаддас Битиклардаги унинг бу сўзлари амалга ошиши керак эди. Яҳудо бизларнинг биримиз ҳисобланиб, бу хизматда иштирок этишга танланганди. Аммо у Исони қамаш учун келганларга бошчилик қилди. 18Кейин ёвуз иши билан қўлга киритган пулга дала сотиб олди. Аммо ўша ерда йиқилиб тушди, қорни ёрилиб, ичак–човоқлари чиқиб кетди. 19Бу воқеа бутун Қуддус аҳолисига маълум бўлди, шунинг учун одамлар ўша жойни Ҳақалдама, яъни Қон даласи деб атадилар. 20Забур китобида шундай ёзилган:

Унинг макони ташландиқ бўлиб қолсин,

У ерда яшайдиган бирон жон қолмасин.

Яна шундай дейилган:

Унинг ўрнини бошқаси олсин.

21-22Шунга кўра, биз Яҳудонинг ўрнига бошқа бир одамни танлашимиз керак. Токи у, биз сингари, Раббимиз Исонинг тирилгани ҳақида гувоҳлик берсин. Бу одам Раббимизнинг Яҳё томонидан сувга чўмдирилган кунидан бошлаб, то осмонга кўтарилган вақтгача бизга ҳамроҳлик қилганлардан бири бўлиши шарт.

23Шундай қилиб, улар икки кишини олдинга чиқардилар. Улардан бири Юсуф (унинг яна Барсабо ва Юстус деган исми бор эди), иккинчиси эса Маттия эди. 24-25Улар ибодат қилиб, шундай дедилар: “Эй Раббимиз! Сен ҳамма одамларнинг юрагини биласан. Мана шу икковидан қайси бирини ҳаворийлик хизмати учун танлаганингни бизга кўрсатгин, чунки Яҳудо хизматини ташлаб, ўзига тегишли ерга кетган.”

26Ҳаворийлар улар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиянинг чекига тушди. Маттия ўн бир ҳаворийга қўшилди.

 

2–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Муқаддас Руҳнинг келиши

 

1Ҳосил байрами куни келганда, ҳамма имонлилар бир жойда йиғилдилар. 2Бирдан осмондан шиддатли шамол эсганга ўхшаш овоз келиб, улар ўтирган уйнинг ичини тўлдирди. 3Улар тил шаклидаги алангани кўрдилар. Ўша аланга ёйилиб, ҳар бирининг устига тушди. 4Шунда ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар, МуқаддасРуҳ берган қобилиятга кўра, улар бошқа тилларда гапира бошладилар.

5Ўша пайтда Қуддусда дунёдаги ҳар бир юртдан келган тақводор яҳудийлар яшар эди. 6Улар бу овозни эшитганларида, бир талай оломон йиғилиб келди. Ҳар бири ўз тилидаги гапларни эшитиб, довдираб қолди. 7Улар ҳайрат ва ҳаяжон ичида:

— Қаранглар, гапираётган бу одамлар Жалилаликлар–ку! — деб хитоб қилдилар. — 8Қандай қилиб ҳар биримиз туғилган юртимизнинг тилларини эшитяпмиз? 9Орамизда Парфиядан, Мидия, Элам, Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понтус ва Асиядан келганлар бор. 10Фригия, Памфилия, Миср, Ливиянинг Киринеяга яқин ерларидан келганлар ҳам бор. Баъзиларимиз Римдан келганмиз, биз яҳудийлармиз, орамизда яҳудий динига кирган Римликлар ҳам бор. 11Баъзиларимиз Крит ва Арабистондан келганмиз. Шундай бўлса ҳам улар Худо қилган қудратли ишлар тўғрисида бизнинг тилларимизда гапиришаётганини ҳаммамиз эшитяпмиз.

12Улар ҳайратланиб, бошлари қотиб, бир–бирларидан: “Бу нимадан дарак беради?” деб сўрардилар. 13Бошқалар эса: “Ие, улар ичиб маст бўлиб қолибдилар–ку”, деб масхара қилишарди.

 

Бутруснинг нутқи

 

14Шунда Бутрус ўн бир ҳаворий билан олдинга чиқди–да, оломонга қарата шундай гапирди:

— Эй яҳудий биродарлар, Қуддус аҳолиси! Гапимга қулоқ солиб, шуни уқиб олинглар! 15Бу одамларни сизлар маст деб ўйлаяпсизлар, аммо ундай эмас. Ахир, эндигина эрталаб соат тўққиз бўлди–ку! 16Аксинча, Йўэл пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлмоқда:

17“Худо айтмоқда:

‘Охирги кунларда,

Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига,

Ваҳийлар келади йигитларингизга.

Башорат қилурлар сизнинг ўғил–қизларингиз.

Кароматли тушлар кўрурлар қарияларингиз.

18Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда

Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига.

Улар башорат қилурлар.

19-20Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин,

Мен осмонда мўъжизалар яратаман,

Ерда аломатлар кўрсатаман:

Қон, олов, қалин туман ҳосил қиламан.

Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.’

21Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади.”

22Эй Исроил халқи, бу гапларимни эшитиб олинглар: Носиралик Исо орқали Худо сизларнинг орангизда мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди. Шу йўл билан Исода илоҳий ҳокимият борлигини Худо тасдиқлади. Буни ўзларингиз биласизлар. 23Худо Ўзининг режаси бўйича Исони сизларнинг қўлингизга топширишни азалдан қарор қилган эди. Сизлар эса ғайрияҳудийларнинг қўллари билан Уни хочга михлатиб ўлдирдингизлар. 24Аммо Худо Уни тирилтириб, ўлим азобларидан озод қилди. Ўлим ўз кучи билан Исони ушлаб туришга қодир эмасди. 25Довуд У ҳақда шундай деган эди:

Мен доим Эгамни биринчи ўринга қўяман,

У ўнг томонимда бўлгани учун

Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.

26Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла,

Тилим ҳам шод–хуррамдир.

Танам умид билан яшайди.

27Мени ўликлар диёрига ташлаб кетмайсан,

Тақводорингни қабрда чиритмайсан.

28Менга ҳаёт сўқмоқларини Ўзинг кўрсатасан,

Ҳузурингда шодлик Мени қамраб олади.

29Биродарларим! Бобомиз Довуд тўғрисида сизларга очиқ–ойдин гапиришим керак. У ўлди, дафн қилинди, унинг қабри бугунгача шу ердадир. 30У пайғамбар бўлгани боис, Худо унга: “Ўз наслингдан бўлган биттасини тахтингга ўтқазаман”, деб ичган онтини ёдида тутарди. 31Довуд келажакни олдиндан кўриб, Масиҳнинг тирилиши тўғрисида шундай деган эди:

“Худо Уни ўликлар диёрида қолдирмади,

Унинг танаси қабрда чиримади.”

32Ана шу Исони Худо тирилтирди, бунга ҳаммамиз гувоҳмиз. 33Худо Исони ўнг қўли билан юксалтирди. Исо Отадан ваъда қилинган Муқаддас Руҳни қабул қилиб, бизнинг устимизга ёғдирди. Буни ўзларингиз кўриб ва эшитиб турибсизлар. 34-35Довуд осмонга чиқмаган бўлса–да, шундай деган эди:

“Эгамиз айтмоқда Раббимга:

‘Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.’”

36Бутун Исроил халқи шуни аниқ билиб қўйсин: сизлар михлаган Исони Худонинг Ўзи жамики борлиқ устидан ҳукмдор қилди. Исо ҳам Масиҳ, ҳам Раббийдир.

37Халойиқ бу гапларни эшитди–ю, юраклари тилка–пора бўлди. Улар Бутрусдан ва қолган ҳаворийлардан:

— Биродарлар, энди биз нима қилайлик? — деб сўрадилар.

38Бутрус уларга деди:

— Тавба қилинглар, ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи билан сувга чўминглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин. Шунда сизлар Муқаддас Руҳни инъом қилиб оласизлар. 39Худо сизларга ва болаларингизга, узоқдагиларга, Эгамиз Худо Ўзига даъват этганларнинг ҳар бирига ваъдасини берган.

40Бутрус бошқа кўп далиллар билан уларга гувоҳлик бериб: “Ўзларингизни бу бузуқ насл устига келаётган жазодан сақланглар”, дея ўтинди. 41Шундай қилиб, Бутруснинг айтган хабарига ишонганлар сувга чўмдирилди. Ўша куни имонлилар сони уч мингтага кўпайди. 42Улар ҳаворийларнинг таълимотини ўрганишга, биродарликка, Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдиришга ва ибодатга ўзларини бағишладилар.

 

Имонлиларнинг ҳаёти

 

43Ҳаворийлар орқали Худо кўплаб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатарди, бундан эса ҳамма ҳайратга тушган эди. 44Барча имонлилар тез–тез йиғилишиб турар эдилар. Улар ҳамма нарсада ҳамжиҳат эдилар. 45Мол–мулкларини сотиб, пулини ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлаб берардилар. 46Имонлилар ҳар куни Маъбадда йиғилардилар. Бир–бирлариникига меҳмонга борганда эса Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирардилар, юракдан севиниб, соддадиллик билан овқатланишарди. 47Худога ҳамду санолар айтардилар, халқнинг ҳурмату эътиборидан баҳраманд эдилар. Ҳар куни Эгамиз нажот топаётганларни имонлиларнинг қаторига қўшарди.

 

3–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Шол тиланчи шифо топади

 

1Бир куни Бутрус билан Юҳанно кундузи соат учларда — ибодат вақтида Маъбадга кетаётган эдилар. 2Ўша пайтда Маъбад олдига бир шол одамни олиб келишди. Уни ҳар куни Маъбаднинг Гўзал деган дарвозасига келтириб қўйишарди, у эса тиланчилик қилиб, Маъбадга келган одамлардан садақа йиғарди. 3Ўша одам Бутрус билан Юҳаннонинг келаётганини кўриб, садақа бериб кетинглар, деб ялинди. 4Иккови унга тикилди. Шу пайт Бутрус:

— Бизга қара! — деди. 5У одам бирон нарса олиш илинжида икковига диққат билан қаради. 6Бутрус эса унга деди:

— Менинг пулим йўқ, аммо ўзимда бор нарсани сенга бераман. Носиралик Исо Масиҳ номи билан сенга буюраман: ўрнингдан туриб юр!

7Шундан кейин Бутрус шол одамни ўнг қўлидан ушлаб, ўрнидан туришига кўмаклашди. Шу заҳоти шол одамнинг оёқлари билан тўпиқлари мустаҳкам бўлди. 8У сакраб турди–ю, юра бошлади. Кейин у юриб, сакраб, Худога ҳамду сано айтиб, Бутрус ва Юҳанно билан бирга Маъбад ҳовлисига кирди. 9Юриб Худога ҳамду сано айтаётган бу одамни халқ кўриб, 10таниди. Одамлар: “Гўзал дарвозаси ёнида ўтириб, садақа сўрайдиган одам–ку бу!” деб ҳайратланиб, юз берган воқеадан ҳайрон қолдилар.

 

Бутруснинг Маъбадда айтган нутқи

 

11Бутрус билан Юҳанно Сулаймон айвони деган жойда турар эдилар. Шол одам икковининг қўлидан маҳкам ушлаб олган эди. Халқ ҳайрат ичида уларнинг олдига югуриб келди. 12Бутрус одамларни кўргач, уларга қарата нутқ сўзлади:

— Эй Исроил халқи! Нега бунга ҳайрон бўляпсизлар? Худди биз ўз қудратимиз ёки художўйлигимиз билан бу одамга шифо бергандай, нега бизга тикилиб қараяпсизлар? 13Бу одамга ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси шифо берди. Шу орқали Худо Ўзининг қули Исони улуғлади. Аммо сизлар Исони тутиб бердингизлар. Пилат Уни озод этишга қарор қилганда ҳам, сизлар Уни Пилатнинг ҳузурида рад этдингизлар. 14Ҳа, сизлар Муқаддас ва Солиҳ бўлган Исони рад қилиб, Унинг ўрнига бир қотилнинг озод бўлишини талаб қилдингизлар. 15Сизлар ҳаётга бошловчини ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди. Биз бунга гувоҳмиз. 16Ўзларингиз кўриб–билиб турган мана бу одам Исонинг номига бўлган имони туфайли соппа–соғ турибди. Исо берган бу имон уни кўз ўнгингизда бутунлай соғайтирди.

17Эй биродарлар, сизлар Исога қилган бу ёмонлигингизни ҳукмдорларингиз каби билмасдан қилганингизни биламан. 18Аммо бу қилмишингиз орқали Худо пайғамбарларнинг оғзи билан айтган башоратини бажо қилди. Ахир, пайғамбарлар, Масиҳ азоб чекади, деб олдиндан айтган эдилар. 19Энди тавба қилинглар, Худога юз буринглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин. 20Шунда Эгамиз сизларга ором олиш вақтини ато қилади. У сизлар учун танланган Масиҳ — Исони юборади. 21Худо Ўзининг муқаддас пайғамбарлари орқали азалдан эълон қилгандай, ҳамма нарсалар янгиланадиган давр келади. Аммо ўша давр келгунча Исо осмонда қолиши керак.

22Мусо шундай деган эди: “Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. У сизларга нима айтса қулоқ солинглар. 23Ўша пайғамбарга итоат этмайдиган ҳар ким Худонинг халқи орасидан ажратиб олиниб, йўқ қилинади.” 24Ҳақиқатдан ҳам, Шомуил ва ундан кейин келиб хабар берган ҳамма пайғамбарлар биз яшаётган бу кунлар ҳақида башорат қилган эдилар. 25Худонинг Ўз пайғамбарлари орқали берган ваъдалари сизлар учундир. Сизлар Худонинг Иброҳим орқали ота–боболарингиз билан тузган аҳдини ўзларингизга мерос қилиб оляпсизлар. Ахир, Иброҳимга Худо: “Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги жамики халқлар барака топади”, деб айтган эди. 26Худо Ўз қули Исони зоҳир қилгандан кейин, Уни биринчи бўлиб сизларнинг орангизга юборди. Чунки У ҳар бирингизни ёмон йўлдан қайтариб, сизларга барака бермоқчи.

 

4–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Бутрус билан Юҳанно Олий кенгаш олдида

 

1Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганларида, бир неча руҳонийлар, Маъбад миршаббошиси ва саддуқий мазҳабининг баъзи аъзолари келдилар. 2Уларнинг қаттиқ жаҳли чиққан эди, чунки бу иккала ҳаворий халққа таълим бериб, Исо ўликдан тирилди, деб ваъз қилаётган эдилар. 3Улар иккала ҳаворийни ушлаб, вақт кеч бўлгани учун эртаси кун эрталабгача қамоқда сақладилар. 4Аммо бу хабарни эшитганларнинг кўпчилиги имонга келди, имонлилар сони беш мингтага кўпайди.

5Кейинги кун Олий кенгаш аъзолари — йўлбошчилар, оқсоқоллар, Таврот тафсирчилари Қуддусда йиғилдилар. 6Олий руҳоний Ҳанан, Каяфа, Юҳанно, Искандар ва олий руҳоний оиласига мансуб бўлган бошқа эркаклар йиғинда ишитирок этдилар. 7Улар иккала ҳаворийни ўртага турғизиб қўйиб, сўрадилар:

— Буни қандай қудрат билан, кимнинг номидан қилдингизлар?

8Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Бутрус уларга шундай деди:

— Эй халқ йўлбошчилари, оқсоқоллар! 9Агар бир хаста одамга қилинган яхшилик туфайли биздан ҳисоб талаб қилаётган бўлсангиз ва бу одамнинг қандай қилиб соғайганини сўраётган бўлсангиз, 10сизлар, Исроил халқи — ҳаммаларингиз шуни билиб қўйингларки, мана бу одам Носиралик Исо Масиҳ номи билан тамомила соғайиб, олдингизда турибди. Исони сизлар хочга михлаган эдингизлар, Худо эса Уни ўликдан тирилтирди. 11Ахир, Исо тўғрисида Муқаддас Битикларда шундай ёзилган:

“Сиз, бинокорлар, рад этган тош

Бинонинг тамал тоши бўлди.”

Нажот бошқа ҳеч кимдан келмайди. 12Унинг номи — бутун оламда нажот берадиган ягона номдир.

13Кенгаш аъзолари Бутрус билан Юҳаннонинг жасоратини кўрдилар ва уларнинг ўқимаган, оддий одам эканликларини билиб, ҳайрон қолдилар. Бутрус билан Юҳанно Исонинг шериклари эканини англадилар. 14Шифо топган одам ҳам иккала ҳаворий билан бирга турган эди. Шунинг учун халқ йўлбошчилари ва оқсоқоллар уни кўриб, икковининг гапларига қарши бирон сўз айта олмадилар.

15Шундай қилиб, улар ҳаворийларга: “Мажлисхонадан чиқинглар”, деб буйруқ бердилар. Сўнгра ўзаро муҳокама қила бошладилар:

16— Бу одамларни нима қиламиз? Бу ажойиб мўъжизани мана шу одамлар қилганини Қуддусдаги ҳар бир одам билади, биз буни инкор эта олмаймиз. 17Аммо бу хабар халқ орасида янада ёйилиб кетишининг олдини олиш учун, бундан кейин Исонинг номи билан ҳеч кимга гапирмайсизлар, деб уларни огоҳлантириб қўямиз.

18Шундай қилиб, улар икковини чақирдилар ва: “Исонинг номи билан умуман гапирмайсизлар ёки таълим бермайсизлар”, деб буйруқ бердилар. 19Бутрус билан Юҳанно эса уларга шундай жавоб қайтардилар:

— Худодан кўра сизларга итоат этсак, Худонинг назарида тўғри бўладими? Ўзларингиз хулоса чиқараверинглар. 20Биз эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз тўғрисида гапирмасдан тура олмаймиз.

21Шундай қилиб, Кенгаш аъзолари уларни охирги марта огоҳлантириб, қўйиб юбордилар. Уларни жазолаш учун ҳеч қандай сабаб топа олмагандилар, чунки бутун халқ юз берган воқеани билиб, Худога ҳамду сано айтарди. 22Ахир, мўъжизали аломат туфайли шифо топган одам қирқ йилдан ошиқ вақт давомида шол бўлган эди.

23Бутрус билан Юҳанно озод бўлишлари биланоқ, дўстларининг олдига қайтиб келдилар ва бош руҳонийлар билан оқсоқолларнинг уларга айтган гапларини сўзлаб бердилар. 24Дўстлари бу гапларни эшитганларидан кейин, ҳаммалари биргаликда баланд овозда Худога шундай деб ибодат қилдилар:

— Эй Эгамиз! Сен еру осмонни, денгизу улардаги ҳамма нарсаларни яратгансан! 25Қулинг — бобомиз Довуд орқали Муқаддас Руҳинг билан шундай дегансан:

Нега қутуради халқлар?!

Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!

26Эгамизга ва Унинг Масиҳига қарши

Замин шоҳлари саф тортдилар,

Ҳукмдорлар Унга қарши бирлашдилар.

27Ҳақиқатан, Ҳирод билан Понтий Пилат ғайрияҳудийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас қулинг, Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар. 28Қудратинг ва хоҳиш–ироданг билан Ўзинг илгаридан қарор қилган ҳамма нарсани улар ижро этдилар. 29Энди, эй Эгамиз, уларнинг таҳдидларига қара! Бу қулларинг жасорат билан Сенинг сўзингни айтишлари учун бизга имкон бер. 30Қудратингни кўрсат, токи Муқаддас қулинг Исо номи билан хасталарга шифо берайлик, аломатлар ва мўъжизалар кўрсатайлик.

31Ҳаммалари ибодат қилиб бўлганларидан кейин, улар йиғилиб турган жой силкинди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапирадиган бўлдилар.

 

Имонлилар мол–мулкларини тақсимлаб берадилар

 

32Имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди. 33Ҳаворийлар буюк қудрат билан Раббимиз Исонинг тирилганига гувоҳлик берардилар. Худо уларнинг ҳаммаларига мўл–кўл мурувват кўрсатарди. 34Имонлиларнинг орасида биронта муҳтож одам йўқ эди. Дала ёки уй–жой эгалари бор нарсаларини сотардилар, сотувдан тушган маблағни олиб келиб, 35ҳаворийларнинг ихтиёрига берардилар. Пуллар одамларнинг эҳтиёжига қараб тақсимланарди. 36Имонлилар орасида левилардан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар. 37Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди.

 

5–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Ҳанания билан Сапфира

 

1Ҳанания деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди. 2Ҳанания пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ҳанания пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди. 3Бутрус ундан сўради:

— Ҳанания, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку! 4Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам, пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?! Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!

5Ҳанания бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди. 6Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар.

7Уч соатлардан кейин Ҳананиянинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди. 8Бутрус аёлдан сўради:

— Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон–фалон нархга сотдингизларми?

— Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл. 9Шунда Бутрус аёлга деди:

— Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар.

10Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар. 11Бу воқеани эшитган одамлар ва бутун жамоат ваҳимага тушиб қолдилар.

 

Мўъжизалар ва ажойиботлар

 

12Ҳаворийлар халқ орасида кўплаб мўъжизалар ва ажойиботлар кўрсатардилар. Ҳамма имонлилар Сулаймон айвонида йиғилишарди. 13Халқ уларга ғоят ҳурмат кўрсатар, бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат қилолмасди. 14Аммо РаббимизИсога имон келтириб, жамоатга қўшилган эркагу аёллар сони тобора кўпайиб бораверди. 15Одамлар: “Бутрус йўлдан ўтаётганда, унинг сояси буларнинг устига тушсин”, деб хасталарни кўчаларга олиб чиқишарди. Уларни чорпояларга, тўшакларга ётқизиб қўйишарди. 16Бир талай оломон ҳам Қуддус атрофидаги қишлоқлардан келди. Улар ҳам хаста, ёвуз руҳлардан азоб чекаётганларни олиб келган эдилар. Хасталарнинг ҳаммаси шифо топди.

 

Ҳаворийлар қувғин қилинадилар

 

17Шунда саддуқий мазҳабидан бўлган олий руҳоний ва унинг барча шериклари ҳаворийларга қаҳрини сочдилар. 18Улар ҳаворийларни ҳибсга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар. 19Аммо тунда Эгамизнинг бир фариштаси қамоқхона эшигини очди, ҳаворийларни ташқарига олиб чиқиб, шундай деди:

20— Боринглар, Маъбадда туриб, бу янги ҳаёт тўғрисидаги хабарни одамларга айтинглар.

21Ҳаворийлар бу гапни эшитиб, азонда Маъбад ҳовлисига кирдилар ва одамларга таълим бера бошладилар.

Олий руҳоний ва унинг ёнидагилар Олий кенгашни ва ҳамма Исроилоқсоқолларини чақиртирдилар. Ҳаворийларни олиб келиш учун қамоқхонага одам юбордилар. 22Маъбад қоровуллари бориб, қамоқхонада ҳаворийларни топа олмадилар. Улар қайтиб келиб, хабар бердилар:

23— Борсак, қамоқхона маҳкам қулфланган, соқчилар эшик олдида туришган экан. Аммо эшикларни очиб ичкарига кирганимизда, ичкарида ҳеч кимни топа олмадик.

24Маъбад миршаббошиси ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳаворийларга нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлдилар. 25Шу пайт бир одам келиб, шундай хабар берди:

— Сизлар қамоққа ташлаган одамлар Маъбад ҳовлисида турибдилар, одамларга таълим беряптилар.

26Миршаббоши билан Маъбад қоровуллари бориб, ҳаворийларни ҳибсга олдилар, аммо зўрлик қилмадилар. “Одамлар бизни тошбўрон қилмасин”, деб қўрқдилар.

27Улар ҳаворийларни олиб келиб, Олий кенгаш олдида турғизиб қўйдилар. Олий руҳоний уларни сўроққа тутди:

28— Биз сизларга, бу Одамнинг номи билан таълим берманглар, деб қатъий тақиқламаганмидик?! Ахир, нима қилиб қўйдингизлар? Бутун Қуддус бўйлаб таълимотингизни ёйиб юбордингизлар–ку! Бу Одамнинг қонини бизнинг гарданимизга юклаяпсизлар!

29Аммо Бутрус билан ҳаворийлар шундай жавоб бердилар:

— Биз инсонга эмас, Худога итоат этишимиз лозим. 30Сизлар Исони ёғочга михлаб ўлдирган эдингизлар, ота–боболаримизнинг Худоси эса Уни тирилтирди. 31Исо Исроил халқини тавбага олиб келсин, уларнинг гуноҳлари кечирилсин, деб Худо Исони Сарвар ва Нажоткор қилиб тайинлади. Уни ўнг қўли билан юксалтирди. 32Биз буларга гувоҳмиз, МуқаддасРуҳ ҳам гувоҳдир. Худо Муқаддас Руҳни Унга итоат этадиганларга инъом қилган.

33Олий кенгаш бу гапларни эшитиб, ғазабга минди, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлди. 34Олий кенгашда халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бир Таврот тафсирчиси бор эди. Унинг исми Гамалиэл бўлиб, у фарзийлардан эди. Гамалиэл ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига олиб чиқишларини буюрди. 35Шундан кейин у Олий кенгашга деди:

— Исроиллик биродарлар, бу одамларни бирон нарса қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинглар. 36Эсингизда бўлса, бир қанча вақт олдин Февда деган одам буюкликка даъво қилганди. Ҳатто тўрт юзтача одам унга эргашди. Аммо Февда ўлдирилди, унинг издошлари тарқалиб, йўқ бўлиб кетди. 37Шундан кейин аҳолини рўйхатга олиш пайтида пайдо бўлган Жалилалик Яҳудо бир қанча одамни ортидан эргаштирди. У ҳам ҳалок бўлди, унга эргашганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетди. 38Шу боис сизларга айтяпман: бу одамларга қарши бирон ҳаракат қила кўрманглар. Уларни ўз ҳолига қўйинглар! Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади. 39Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар. Яна ўзларингиз Худога қарши жанг қилаётган бўлиб қолманглар.

40Шундай қилиб, Олий кенгаш Гамалиэлнинг маслаҳатига рози бўлди. Улар ҳаворийларни чақириб, қамчи билан савалатдилар, “Ҳеч қачон Исонинг номи билан гапирмайсизлар”, деб буйруқ бериб, қўйиб юбордилар.

41Ҳаворийлар Олий кенгаш ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдилар, чунки улар “Худо бизни Исонинг номи учун ҳақоратланишимизга лойиқ ҳисоблади”, дер эдилар. 42Улар ҳар куни Маъбад ҳовлисида ва одамларнинг уйларида таълим берардилар. Исонинг Масиҳ экани тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилишда давом этавердилар.

 

6–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Хизматга танланган етти киши

 

1Шу вақт давомида шогирдларнинг сони ортиб бораверди. Аммо шу пайтда юнонзабон ва оромийзабон имонли яҳудийлар орасида зиддият пайдо бўлди. Юнонзабон яҳудийлар: “Кундалик озиқ–овқат тақсимланганда, бизнинг беваларимиз эътибордан четда қоляптилар”, деб эътироз билдирдилар. 2Ўн икки ҳаворий жамики шогирдларни йиғиб, уларга шундай дедилар:

— Биз Худонинг каломини ваъз қилишни бир четда қолдириб, озуқа тарқатиш билан овора бўлишимиз тўғри эмас. 3Биродарлар, орангиздан етти кишини танланглар. Улар обрў–эътиборга эга, Муқаддас Руҳга ва доноликка тўлиб–тошган бўлсин. Уларни бу хизматга тайин этайлик. 4Биз эса ўзимизни ибодатга ва Худонинг каломи хизматига бағишлайлик.

5Уларнинг гапи бутун жамоага маъқул бўлди. Жамоа имонга ва Муқаддас Руҳга тўла Стефанни, шунингдек Филип, Прохор, Никанор, Тимон, Пармен ва яҳудий динига кирган Антиохиялик Николайни танладилар. 6Улар бу одамларни ҳаворийларнинг олдига турғизиб қўйдилар. Ҳаворийлар уларга қўлларини қўйиб, ибодат қилдилар.

7Шундай қилиб, Худонинг сўзи ёйилиб бораверди. Шогирдлар сони Қуддусда кўпайди. Руҳонийларнинг кўпчилиги имонга келдилар.

 

Стефан ҳибсга олинади

 

8Стефан Худонинг марҳаматига ва илоҳий қудратга тўлган эди. У халқ орасида ажойиб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди. 9Аммо Озодлар деган синагога аъзоларининг баъзилари — Киринеяликлар, Александрияликлар, шунингдек Киликия ва Асияликлар Стефан билан баҳслаша бошладилар. 10Муқаддас Руҳ Стефанга кўп донолик берди, шунинг учун улар Стефаннинг гапларини инкор қила олмадилар. 11Шундан кейин синагога аъзолари баъзи одамларни гижгижлаб: “Стефан Мусога ва Худога қарши куфр сўзлар айтганини эшитдик”, — деб айтишга кўндирдилар. 12Шу йўл билан улар халқни, оқсоқолларни, Таврот тафсирчиларини қайрадилар. Улар Стефанни ушлаб, Олий кенгашга олиб келдилар. 13Шунда улар сохта гувоҳларни ёлладилар. Сохта гувоҳлар шундай дедилар: “Бу одам мана шу муқаддас Маъбадга ва қонунга қарши гаплар айтишдан тўхтамаяпти. 14Унинг айтишича, Носиралик Исо Маъбадни қулатар эмиш, Мусо бизларга берган урф–одатларни ўзгартирар эмиш.”

15Олий кенгашда ўтирганлар Стефанга тикилиб қарадилар, унинг юзи худди фариштанинг юзига ўхшаш эканини кўрдилар.

 

7–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Cтефаннинг Олий кенгаш олдидаги нутқи

 

1Олий руҳоний Стефандан: “Шу гаплар ростми?” деб сўради. 2Стефан шундай жавоб берди: “Биродарлар, оталар! Менинг гапларимга қулоқ солинглар. Бобомиз Иброҳим ҳали Хоронда яшамасдан олдин — Месопотамияда бўлган пайтда улуғвор Худо унга зоҳир бўлиб, 3шундай деди: ‘Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.’ 4Шундан кейин Иброҳим Халдейлар юртини тарк этиб, Хоронга бориб ўрнашди. Иброҳимнинг отаси вафот этгач, Худо уни Хорондан ҳозир сизлар яшаб турган юртга кўчирди. 5Худо Иброҳимга у ердан мулк бермади, ҳатто бир қарич ер ҳам бермади. Лекин Иброҳимга ва унинг наслига ўша юртни мулк қилиб беришни ваъда қилди. Ваҳоланки, ўша пайда Иброҳимнинг фарзанди йўқ эди. 6Худо унга шундай деди: “Сенинг наслинг бегона бир юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади. 7Аммо уларни қул қилиб оладиган халқни Мен жазолайман. Шундан кейин улар ўша юртдан чиқадилар ва бу ерда Менга сажда қиладилар.” 8Кейин Худо унга суннат аҳдини берди. Шундай қилиб, Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқни саккиз кунлигида Иброҳим суннат қилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди, у ҳам суннат қилинди. Ёқубдан ўн икки қабила асосчилари туғилди, улар ҳам суннат қилинди.

9Ёқубнинг ўғиллари ўзларининг укалари Юсуфга ҳасад қилиб, уни Мисрга сотиб юбордилар. Аммо Худо Юсуф билан бирга бўлиб, 10уни ҳамма кулфатлардан сақлаб қолди. Худо Юсуфни шунчалик доно қилдики, у Миср фиръавнининг илтифотига сазовор бўлди. Фиръавн Юсуфни бутун Миср ва ўзининг хонадони устидан ҳоким қилиб тайинлади. 11Ўша даврда бутун Миср ва Канъон бўйлаб очарчилик тарқалди, кўп азоб–уқубатлар келиб чиқди. Ота–боболаримиз егулик топа олмай қолдилар. 12Ёқуб, Мисрда дон бор экан, деб эшитиб қолди. У ўғилларини, яъни бизнинг боболаримизни Мисрга биринчи бор сафарга жўнатди. 13Улар Мисрга иккинчи марта борганларида, Юсуф акаларига ўзини танитди. Шундай қилиб, Юсуфнинг уруғ–аймоғи фиръавнга маълум бўлди. 14Шундан кейин Юсуф отаси Ёқубни, ҳамма қариндош–уруғларини ёнига чақирди. Улар ҳаммаси бўлиб етмиш беш киши эдилар. 15Шундай қилиб, Ёқуб Мисрга кетди. Ёқуб ҳам, унинг ўғиллари, яъни ота–боболаримиз ҳам Мисрда вафот этдилар. 16Уларнинг суякларини Шакам шаҳрига олиб келиб, Иброҳимнинг мақбарасига қўйдилар. Бу мақбарани Иброҳим шакамлик Хамўрнинг ўғилларидан бир қанча кумушга сотиб олган эди.

17Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси амалга ошадиган пайт яқинлашгани сари, Мисрдаги халқимиз ғоят кўпайиб борар эди. 18Мисрни бошқа ҳукмдор бошқара бошлади. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди. 19Улар ота–боболаримизга найранг ишлатдилар. Ота–боболаримиз чақалоқларидан воз кечишларига тўғри келди, чақалоқлари ўлдирилди. 20Шу пайтда Мусо туғилган эди. У жуда ажойиб бола эди. Ота–онасининг уйида Мусони уч ой парваришлаганларидан кейин 21охири, воз кечишга мажбур бўлдилар. Фиръавннинг қизи Мусони сақлаб олиб, ўз ўғлидай тарбия қилди. 22Мусога Мисрликларнинг илму маърифати ўргатилди, у сўзда ҳам, ишда ҳам буюк одам бўлди.

23Мусо қирқ ёшга кирганда, унинг юрагида қардошлари бўлган Исроил халқини кўриш орзуси туғилди. 24Мисрликлардан бири Исроил халқидан биттасига шафқатсизлик қилаётганини кўрганда, Мусо қардошини ҳимоя қилди. Мисрликни ўлдириб, қардошининг ўчини олди. 25Мусо: “Худо мен орқали халқимни озод қилмоқчи, буни халқим тушунса керак”, деб ўйлади. Аммо улар тушунмадилар. 26Кейинги куни Мусо Исроил халқидан иккитаси жанжаллашаётганини кўриб, уларни яраштирмоқчи бўлди: “Қулоқ солинглар, эй одамлар, ахир, сизлар биродарсизлар! Нега бир–бирингизни хафа қиляпсизлар?” 27Аммо қардошини хафа қилаётган одам Мусони туртиб деди: “Ким сени бизнинг устимиздан ҳукмдор ёки ҳакам қилиб қўйди? 28Кеча Мисрликни ўлдирганингдай мени ҳам ўлдирмоқчимисан?” 29Мусо бу гапни эшитгач, Мисрдан қочиб кетди ва Мидиён юртида мусофир бўлиб яшай бошлади. Бу юртда Мусо икки ўғил кўрди.

30Орадан қирқ йил ўтгач, Синай тоғи ёнидаги саҳрода ёнаётган бута алангаси ичида Мусога бир фаришта зоҳир бўлди. 31Мусо буни кўриб, ҳайрон бўлди. Яхшироқ кўриш учун бутага яқин борди. Шу пайт у Эгамизнинг овозини эшитди: 32“Мен ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.” Мусо қўрққанидан титрай бошлади. 33Шунда Эгамиз Мусога деди: “Оёғингдаги чориғингни еч, чунки сен турган жой муқаддас ердир. 34Мисрда халқимнинг қаттиқ азоб чекаётганини кўрдим, уларнинг оҳ–воҳларини эшитдим. Мен уларни озод қилиш учун келдим. Энди кел, Мен сени Мисрга юбораман.”

35Мана шу Мусони халқ рад қилиб, унга: “Ким сени бизнинг устимиздан ҳукмдор ёки ҳакам қилиб қўйди?” деб айтганди. Худонинг Ўзи эса Мусони ҳукмдор ва халоскор қилиб юборди. У буни бута ичида зоҳир бўлган фаришта орқали амалга оширди. 36Мусо Исроил халқини Мисрдан олиб чиқди. Мисрда, Қизил денгизда ва саҳрода қирқ йил давомида мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди. 37Исроил халқига: “Худо сизлар учун ўзингизнинг халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради”, деб айтган ҳам ўша Мусо эди. 38Саҳрода Исроил халқи билан бирга яшаган Мусодир, Синай тоғида оталаримиз билан бирга турган, фаришта билан гаплашган ҳам удир. У бизга бериш учун барҳаёт башоратларни қабул қилди. 39Аммо ота–боболаримиз Мусога итоат этишни истамадилар. Аксинча, улар Мусони менсимай, кўнгилларида Мисрга қайтишга мойил бўлдилар. 40Улар Хорунга шундай дедилар: “Биз учун худолар ясаб бер, токи улар бизни йўлда бошлаб борсин. Бизни Мисрдан олиб чиққан Мусога нима бўлганини билмаймиз.” 41Ўша пайтда улар бузоқ ясадилар, ўша бутга қурбонлик қилдилар. Шундай қилиб, қўлларининг ижоди олдида кўнгилхушлик қилдилар. 42Шу сабабдан Худо улардан юз ўгирди, самовий жисмларга сажда қилишсин, деб уларни тарк этди. Зотан, пайғамбарлар китобида шундай ёзилган:

“Эй Исроил халқи!

Саҳрода қирқ йил юрганингизда,

Менга жонлиқлар сўйиб, қурбонликлар атадингизми?!

43Йўқ, худо Малахнинг чодирини,

Худойингиз Рифоннинг юлдузини кўтариб юрдингиз,

Сажда қилиш учун ўша тасвирларни ўзингиз ясадингиз.

Шунинг учун сизларни Бобилдан нарига юбораман.”

44Саҳрода ота–боболаримизнинг Аҳд чодири бор эди. Бу чодир Худо Мусога буюргандай, У кўрсатган намуна бўйича ясалган эди. 45Кейинроқ ўша чодир оталаримизга берилди. Оталаримиз Ёшуа билан кетганларида чодирни ўзлари билан олиб кетдилар. Ўшанда оталаримиз Худо қувиб юборган халқларнинг ерини тортиб олган эдилар. Чодир шоҳ Довуд замонигача ўша юртда оталаримиз билан қолди. 46Худонинг марҳаматига сазовор бўлган Довуд: ‘Ёқубнинг Худосига маскан қуриб берай’, деб Ундан изн сўради. 47Аммо Худога уйни Сулаймон қуриб берди. 48Ваҳоланки, Қодир Худо инсон қўллари билан ясалган уйларда истиқомат қилмайди. Худо пайғамбар орқали айтгандай:

49“Осмон Менинг тахтимдир,

Ер оёғим тагидаги курсидир.

Менга қандай уй қуриб бера оласиз?!

— демоқда Эгамиз. —

Қайси жой Менга маскан бўла олади?!

50Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратмаганманми?!”

51Сизлар ўжар халқсиз! Эй юраклари, қулоқлари суннат қилинмаганлар! Сизлар ҳам, ота–боболарингизга ўхшаб, ҳар доим Муқаддас Руҳга қарши турасизлар. 52Ота–боболарингиз пайғамбарларнинг ҳаммасини қувғин қилганлар! Солиҳ Зотнинг келишини башорат қилганларни улар ўлдирганлар! Энди эса сизлар Солиҳ Зотни сотиб, қатл қилдингизлар. 53Худонинг қонунини олган сизларсиз. Аммо ўша қонун сизларга фаришталар орқали берилганига қарамай, сизлар унга риоя қилмадингизлар.”

54Олий кенгаш аъзолари Стефаннинг сўзларини эшитиб, ғазабга миндилар, ғазабдан тишларини ғижирлатдилар. 55Аммо Муқаддас Руҳга тўлган Стефан осмонга тикилиб, Худонинг улуғворлигини кўрди. Исо Худонинг ўнг томонида турар эди.

56“Қаранглар! — деди Стефан. — Мен осмон очилганини кўряпман. Инсон Ўғли Худонинг Ўнг томонида турибди!”

57Улар эса қўллари билан қулоқларини беркитиб олдилар, сўнг бирданига ҳаммалари овозлари борича бақириб, Стефанга ташландилар. 58Улар Стефанни шаҳар ташқарисига олиб чиқдилар ва тошбўрон қилдилар. Унга қарши гувоҳлик берганлар эса чопонларини Шоул деган йигитнинг оёқлари остига қўйдилар.

59Улар Стефанни тошбўрон қилаётганларида, Стефан: “Эй Раббим Исо, руҳимни ол!” — деб ибодат қилди. 60Сўнгра у тиз чўкиб, овози борича бақирди: “Эй Раббим Исо! Бу гуноҳни уларга юклама!” У шундай деб, жон берди.

 

8–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Шоул имонлилар жамоатини қувғин қилади

 

1Стефаннинг ўлимини Шоул маъқуллаган эди. Ўша кундан Қуддусдагиимонлилар жамоати шафқатсиз қувғинлардан азоб чека бошлади. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма имонлилар Яҳудия ва Самария вилоятлари бўйлаб тарқалиб кетдилар. 2Тақводор одамлар Стефанни дафн қилиб, унга қаттиқ аза тутдилар. 3Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоқхонага ташлар эди.

 

Ҳаворий Самарияда ваъз қилади

 

4Имонлилар тарқалиб кетиб, Исо ҳақидаги хабарни ҳар жойларда ваъз қилиб юрардилар. 5Филип Самариянинг бош шаҳрига бориб, у ердаги аҳолига Масиҳ тўғрисида ваъз қилди. 6Филипни тинглаб турган ва қилган мўъжизаларини кўрган оломон унинг гапларига диққат билан қулоқ солди. 7Ёвуз руҳлар кўп одамларнинг ичидан чинқириб чиқиб кетарди, кўплаб шол ва чўлоқ одамлар шифо топар эдилар. 8Шундай қилиб, ўша шаҳарда катта шодлик ҳукм сурарди.

9Шу ерда Шимўн деган бир одам яшарди. У анчадан бери сеҳр–жодулар қилиб, Самария аҳолисини ҳайратда қолдириб келарди. Шу тариқа у ўзини буюк одам қилиб кўрсатарди. 10Шаҳардаги ҳар бир одам — каттаю кичик унинг гапларига диққат билан қулоқ солар, “Бу одам Худонинг қудратидир, у Буюк Қудрат деб ном олган”, деб айтарди. 11Шимўн узоқ вақт одамларни сеҳр–жодулари билан ажаблантириб келгани учун ҳам, унга одамлар диққат билан қулоқ солишарди. 12Аммо Филип Худо Шоҳлиги ва Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилгандан кейин, одамлар Филипга ишондилар. Эркагу аёл сувга чўмдирилди. 13Ҳатто Шимўн ҳам имонга келди. У сувга чўмдирилгандан кейин, юз бераётган аломатлару буюк мўъжизаларни кўриб, ҳайратда қолди ва Филипдан ажралмайдиган бўлди.

14Қуддусдаги ҳаворийлар, Самария аҳолиси Худонинг каломини қабул қилибди, деб эшитганлари учун, Бутрус билан Юҳаннони уларнинг олдига юбордилар. 15Бутрус билан Юҳанно бориб, Муқаддас Руҳни қабул қилиб олинглар, деб Самарияликлар учун ибодат қилдилар. 16Чунки ҳали МуқаддасРуҳ уларнинг биронтасини ҳам қамраб олмаган эди. Улар фақат Раббимиз Исо номи билан сувга чўмдирилган эдилар, холос. 17Шундан кейин Бутрус билан Юҳанно уларнинг устига қўлларини қўйдилар. Шу тариқа Самарияликлар Муқаддас Руҳни қабул қилдилар.

18Шимўн кўрдики, одамларнинг бошларига ҳаворийлар қўлларини қўйганларида, Муқаддас Руҳ уларга бериларди. Шимўн Бутрус билан Юҳаннога пул таклиф қилиб, деди:

19— Шу қудратдан менга ҳам беринглар, токи биронтасининг бошига қўлларимни қўйганимда, ўша одам Муқаддас Руҳни қабул қилсин.

20Аммо Бутрус Шимўнга шундай жавоб берди:

— Пулинг ўзинг билан бирга дўзахга равона бўлсин, чунки сен, Худонинг инъомини пулга сотиб олсам бўлади, деб ўйлайсан. 21Бу ишда сенинг на улушинг, на ҳақинг бор! Сенинг юрагинг Худо назарида тўғри эмас. 22Энди тавба қилиб, бу фосиқ ниятингдан қайт, “Мени кечиргин”, деб Эгамизга ибодат қил, балки юрагингдаги ниятингни У кечирар. 23Кўриб турибман: юрагинг аччиқ зардага тўла, ўзинг фосиқлик занжирига боғлангансан.

24Шимўн шундай жавоб берди:

— Мен учун Эгамизга ибодат қилинглар, тағин айтганларингиздан бири бошимга тушмасин.

25Бутрус билан Юҳанно у ерда гувоҳлик бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар. Шундан кейин Самариянинг кўп қишлоқларида Хушхабарни эълон қилиб, Қуддусга қайтиб келдилар.

 

Филип ва Ҳабашистонлик амалдор

 

26Шу орада Эгамизнинг бир фариштаси Филипга деди: “Қани, бўл, жанубга бор, Қуддусдан Ғазога олиб борадиган саҳро йўлидан кет.” 27Филип йўлга чиқди, кетаётиб Ҳабашистонлик бир амалдорни учратиб қолди. У Ҳабашистон маликаси Кандакининг бош хазинабони лавозимидаги катта амалдор эди. У Қуддусга сажда қилгани келиб, 28энди уйига қайтаётган эди. Амалдор аравада ўтирганича, Ишаё пайғамбар китобини ўқиб кетаётган эди. 29Муқаддас Руҳ Филипга: “Аравага яқинроқ бор, унинг ёнида юр”, деди. 30Филип югуриб, аравага етиб олди, амалдорнинг Ишаё пайғамбар китобини ўқиётганини эшитди. Филип:

— Ўқиётганингизни тушуняпсизми? — деб сўради.

31— Биронтаси ёрдам бермаса, тушунармидим?! — деб жавоб берди амалдор. У Филипга: “Чиқ, ёнимга ўтир”, деб таклиф қилди. 32Амалдор ўқиётган Муқаддас Битиклар парчаси қуйидагилар эди:

Сўйишга олиб борилган қўйдай,

Жун қирқувчи олдида жим турган қўзидай

У миқ этиб оғзини очмади.

33У хўрланди. Адолатдан маҳрум қилинди.

Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?

Ер юзида унинг ҳаётига чек қўйилди.

34Амалдор Филипдан сўради:

— Айт–чи, пайғамбар бу гапларни ким тўғрисида айтди — ўзи тўғрисидами ёки бошқа биронтаси тўғрисидами?

35Шундан кейин Филип тушунтира бошлади, Муқаддас Битикларнинг шу қисмидан бошлаб Исо ҳақидаги Хушхабарни амалдорга сўзлаб берди. 36Улар йўлда кетаётганларида, сув бор жойга келиб қолдилар. Шунда амалдор деди:

— Мана бу ерда сув бор экан. Сувга чўмдирилишимга нима халақит беради?![1]

38Амалдор аравани тўхтатишга буюрди. Улар иккаласи — Филип билан амалдор сувга тушдилар, Филип уни сувга чўмдирди.

39Улар сувдан чиққанларидан кейин, Эгамизнинг Руҳи тўсатдан Филипни олиб кетди. Амалдор уни қайтиб кўрмади, аммо хурсанд бўлганича, йўлида давом этди. 40Филип эса Ашдодда пайдо бўлиб қолди. У Қайсарияга келгунча, бутун ўлка бўйлаб ўтар экан, ҳамма шаҳарларда Хушхабарни эълон қилиб бораверди.

 

9–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Шоул имонга келади

 

1Шу орада Шоул Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб, 2Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди. 3Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди. 4Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди:

— Шоул, Шоул! Нега мени қувғин қиляпсан?

5— Ё Ҳазратим! Сен кимсан? — деб сўради Шоул.

— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деган жавоб келди. 6— Энди ўрнингдан тур, шаҳарга кир. Нима қилишинг кераклиги сенга ўша ерда айтилади.

7Шоулга ҳамроҳ бўлганларнинг тилларига бир сўз келмай, тўхтаб қолган эдилар. Улар овозни эшитардилар–у, аммо ҳеч кимни кўрмасдилар. 8Шоул ердан турди, кўзларини очди, аммо ҳеч нарсани кўра олмади. Улар Шоулни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб бордилар. 9Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.

10Дамашқда Исонинг Ҳанания деган шогирди бор эди. Раббимиз Исo ваҳийда унга зоҳир бўлиб: “Ҳанания!” деб чақирди. “Лаббай, Раббим!” деб жавоб берди у. 11Раббимиз Исо Ҳананияга деди:

— Ўрнингдан тур, Тўғри деб аталувчи кўчага бор. Яҳудонинг уйидан Тарслик Шоул деган одамни сўра. Ҳозир у ибодат қиляпти. 12Унга ваҳий келган. Ваҳийда у Ҳанания деган одамнинг келишини кўрган. Унинг кўзлари очилиши учун сен унга қўлларингни қўясан.

13Ҳанания эса шундай жавоб берди:

— Ё Раббим, мен у одам ҳақида кўпчиликдан эшитган эдим. У Қуддусдаги Сенинг азизларингга кўп ёмонлик қилган экан. 14Бу ерда ҳам у Сенинг номингни тилига оладиганларни қамаш учун бош руҳонийлардан ваколат олибди.

15Раббимиз Исо эса унга шундай деди:

— Боравер, у Менинг танланган қуролимдир. У ғайрияҳудийлар орасида, шоҳлар ва Исроил халқи орасида номимни машҳур қилади. 16У Менинг номим ҳақи қанчалар азоб чекиши кераклигини унинг ўзига кўрсатаман.

17Шундай қилиб, Ҳанания бориб, ўша уйга кирди. У Шоулга қўлини қўйиб, шундай деди:

— Биродарим Шоул! Йўлингда сенга зоҳир бўлган Раббимиз Исо мени бу ерга юборди, токи сенинг кўзларинг очилсин, Муқаддас Руҳга тўлгин.

18Шу заҳоти балиқ тангачаларига ўхшаш нарса Шоулнинг кўзларидан тушди. У яна кўра бошлади. У ўрнидан туриб, сувга чўмдирилди. 19Овқат еб, қувватга кирди.

 

Шоул Дамашқда ваъз қилади

 

Шоул бир неча кун Дамашқдаги имонлилар билан бирга бўлди. 20У тўғри синагогага бориб: “Исо Худонинг Ўғлидир”, деб ваъз қила бошлади. 21Унинг ваъзини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлиб, шундай дейишарди: “Бу — Қуддусда Исонинг номини тилга олганларга қирғин келтирган одам эмасми? Унинг бу ерга келишдан мақсади — одамларни бош руҳонийлар олдига боғлаб олиб бориш эмасмикан?” 22Аммо Шоулнинг ваъзи тобора кучли бўлиб бораверди. У Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни эсанкиратиб қўйди.

23Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яҳудийлар Шоулни ўлдириш учун режа туздилар. 24Шоул эса уларнинг режасидан хабар топди. Уни ўлдириш учун шаҳар дарвозаларини кечаю кундуз қўриқлардилар. 25Аммо Шоулнинг шогирдлари уни кечаси саватга солиб, деворнинг очиқ жойидан тушириб юбордилар.

 

Шоул Қуддусда

 

26Шоул Қуддусга боргандан кейин, Исонинг у ердаги шогирдларига қўшилишга ҳаракат қилди. Аммо шогирдларнинг ҳаммаси ундан қўрқишарди. Шоул ҳам Исонинг шогирди бўлганига улар ишонмадилар. 27Шунда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди. Шоул йўлда қандай қилиб Раббимиз Исони кўрганини, Шоулга У қандай гапирганини, Шоул Дамашқда қўрқмасдан Исо номи билан қандай ваъз қилганини ҳаворийларга ҳикоя қилиб берди. 28Шундай қилиб, Шоул улар билан қолди ва бутун Қуддус бўйлаб қўрқмасдан Раббимиз номи билан ваъз қилиб юрди. 29Шоул юнонзабон яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб, улар билан мунозара қилди. Аммо улар Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар. 30Имонлилар бу тўғрида хабар топиб, Шоулни Қайсариягача олиб келдилар, кейин уни Тарсга жўнатдилар.

31Бутун Яҳудия, Жалила ва Самариядаги имонлилар жамоати тинчликка эришиб, кучайиб бораверди. Жамоат Эгамиздан қўрқиб ва Муқаддас Руҳдан мадад олиб, кўпайиб бораверди.

 

Бутрус Лида ва Яффада

 

32Бутрус ҳамма ёқни айланиб, имонлиларни кўргани борарди. Бир сафар у Лида шаҳрида яшайдиган Худонинг азизлари ҳузурига ташриф буюрди. 33У ерда Бутрус Еней деган одам билан учрашиб қолди. Еней шол бўлиб, саккиз йилдан бери тўшакдан тура олмас эди. 34Бутрус унга:

— Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти: ўрнингдан тур, тўшагингни йиғиб қўй! — деди. Еней шу заҳоти ўрнидан туриб кетди. 35Бутун Лида ва Шарон аҳолиси Енейни кўриб, Раббимиз Исога юз бурди.

36Яффа шаҳрида Исонинг бир шогирди бор эди. У аёлнинг исми Тавита бўлиб, юнончада “оҳу” деганидир. У хайрли ишларга ва садақа қилишга ўзини бағишлаган эди. 37Ўша пайтда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг жасадини ювиб, болохонага қўйдилар. 38Лида шаҳри Яффа шаҳрига яқин эди. Шогирдлар Бутрус у ерда эканини эшитдилар ва унинг олдига икки кишини юбориб: “Илтимос, ҳаялламай биз томонга кел”, деб хабар юбордилар. 39Бутрус ўрнидан турди–ю улар билан кетди. Бутрус етиб келгач, уни болохонага олиб чиқдилар. Ҳамма бевалар Бутруснинг ёнида йиғлаб турганларича, камзуллар ва бошқа кийимларни кўрсатиб: “Тавита тириклигида буларни тиккан эди”, дердилар. 40Бутрус уларни ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин у тиз чўкиб, ибодат қилди–да, жасадга ўгирилиб: “Тавита, тур ўрнингдан!” деди. Шунда Тавита кўзларини очди, Бутрусни кўриб, қаддини ростлаб ўтирди. 41Бутрус қўлини Тавитага узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашди. Кейин Худонинг азизларини ва беваларни чақириб, тирилган аёлни кўрсатди. 42Бу воқеа бутун Яффага маълум бўлди ва кўпчилик Раббимиз Исога имон келтирди. 43Бутрус анча вақт Яффа шаҳрида Шимўн деган бир кўнчининг уйида турди.

 

10–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Бутрус ва Корнилий

 

1Қайсарияда Корнилий деган бир одам бор эди. У Рим армиясидаги “Италия” номли полкда юзбоши эди. 2Корнилий тақводор одам бўлиб, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам Худодан қўрқарди. У камбағал яҳудийларга кўп садақа берар, доимо Худога ибодат қиларди. 3Бир куни соат учларда унга ваҳий келди. Худонинг фариштаси кириб келаётганини у аниқ кўрди. Фаришта: “Корнилий!” деб чақирди.

4Корнилий қўрқув ичида унга тикилиб қараб:

— Лаббай, Ҳазрат! — деди.

Фаришта унга шундай деди:

— Сенинг ибодатларинг ва садақаларинг Худога маъқул бўлди. 5Энди Яффага одам юбориб, Шимўн деган одамни чақиртириб кел. Унинг иккинчи исми Бутрус. 6Бутрус бир кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. У кўнчининг исми ҳам Шимўн. Кўнчи Шимўннинг уйи денгиз бўйида.

7Корнилийга гапирган фаришта кетди. Корнилий хизматкорларидан иккитасини ва унга хизмат қиладиган тақводор, ишончли бир аскарини чақирди. 8Рўй берган ҳодисани уларга айтиб бериб, уларни Яффага жўнатди.

9Кейинги кун туш пайтида улар йўлда давом этиб, шаҳарга яқинлашганларида, Бутрус ибодат қилгани томга чиққан эди. 10У очқаб, бирон нарса тановул қилгиси келди. Овқат тайёрланаётганда, Бутрусга ваҳий келди. 11У осмон очилганини, катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келаётганини кўрди. 12Унинг ичида турли ҳайвонлар, судралиб юрувчилар ва қушлар бор эди. 13Шу пайт у: “Ўрнингдан тур, Бутрус, сўйиб егин”, деган овозни эшитди. 14Аммо Бутрус деди:

— Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон харом ёки нопок нарсаларни емаганман!

15Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен харом демагин”, дея гапирди. 16Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхон бирдан осмонга олинди.

17Бутрус, бу ваҳийнинг маъноси нима экан, деб эсанкираб турганда, Корнилий юборган одамлар келиб қолдилар. Улар кўнчи Шимўннинг уйи қаердалигини билиб олиб, дарвоза олдида турган эдилар. 18Улар чақириб:

— Шимўн деган меҳмон шу ердами? — деб сўрадилар. — Унинг иккинчи исми Бутрус.

19Бутрус ҳали ҳам ваҳий ҳақида ўйлаб ўтирган эди. Шунда Муқаддас Руҳ унга шундай деди:

— Қара, учта одам сени излаб келди. 20Энди ўрнингдан тур, пастга туш, ҳеч иккиланмай улар билан бирга бор. Уларни Мен жўнатганман.

21Шундай қилиб, Бутрус пастга тушиб, уларга деди:

— Сизлар излаётган одам менман. Нима сабабдан келдингизлар?

22— Бизни юзбоши Корнилий жўнатди, — деб жавоб берди улар. — У солиҳ, Худодан қўрқадиган одам, бутун яҳудий халқи орасида катта обрўга эга. Худонинг фариштаси унга: “Бутрусни уйингга таклиф қил, унинг айтганларини эшитгин”, деб айтибди.

23Шундан кейин Бутрус уларни ичкарига таклиф қилиб, меҳмон қилди.

Кейинги куни Бутрус улар билан бирга йўлга отланди. Яффалик баъзи имонлилар Бутрус билан бирга кетдилар. 24Эртаси куни улар Қайсарияга кириб келдилар. Корнилий уларни кутаётган эди. У қариндошлари ва яқин дўстларини таклиф қилган эди. 25Бутрус уйга кириб, Корнилийга рўпара келди. Шунда Корнилий Бутруснинг оёқларига бош уриб, унга таъзим қилди. 26Аммо Бутрус унга:

— Ўрнингдан тур, мен ҳам бир бандаман, — деб уни турғизиб қўйди.

27Бутрус у билан гаплашаркан, ичкарига кирди ва у ерда бир талай одам тўпланганини кўрди. 28Бутрус уларга шундай деди:

— Ўзларингиз биласизларки, яҳудий одам бошқа халқдан бўлган одам билан алоқа боғлаши, уникига бориши қонунимизга хилофдир. Аммо Худо энди менга ҳеч бир кимсани харом ёки нопок деб ҳисобламасликни аён қилди. 29Шунинг учун менга одам юборганларингизда, ҳеч қандай эътироз билдирмай келдим. Энди билсам бўладими, нима учун мени чақиртирдингизлар?

30Корнилий шундай жавоб берди:

— Тўрт кун илгари худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан рўпарамда оппоқ кийим кийган бир одам пайдо бўлди. 31У менга шундай деди: “Корнилий, сенинг ибодатинг Худога етиб борди, садақаларингни У маъқул кўрди. 32Энди Яффага одам юбориб, Шимўн деган одамни чақиртириб кел. Унинг иккинчи исми Бутрус. Бутрус бир кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. У кўнчининг исми ҳам Шимўн. Кўнчи Шимўннинг уйи денгиз бўйида.” 33Шунинг учун дарҳол сизга одам юбордим, сиз ҳам олижаноблик қилиб, келдингиз. Эгамиз сизга айтишни буюрган ҳамма нарсани эшитиш учун энди ҳаммамиз Худонинг ҳузурида тўпландик.

 

Ғайрияҳудийлар Хушхабарни эшитадилар

 

34Бутрус уларга гапира бошлади:

— Ҳақиқатан ҳам, Худо тарафкашлик қилмаслигини биламан. 35Ҳар бир элатда Худодан қўрқадиган ва тўғри ишларни қиладиган ҳар бир одам Унга маъқулдир. 36У Исроил халқига юборган хабарни биласизлар. Тинчлик келтирадиган бу Хушхабарни Худо Исо Масиҳ орқали эълон қилди. Исо Масиҳ ҳамманинг Раббийсидир. 37Яҳудия бўйлаб нималар юз берганини биласизлар. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Яҳёнинг чўмдирилиш тўғрисидаги хабаридан кейин Жалилада бошланган эди. 38Худо Носиралик Исони МуқаддасРуҳ ва куч–қудрат билан қандай тўлдирганини биласизлар. Исо ҳамма ёққа бориб, яхши ишлар қилди, иблиснинг ҳукмронлигидан азоб чекканларни шифолади, чунки Худо У билан эди. 39У Яҳудия ва Қуддусда қилган ишларининг ҳаммасига биз гувоҳмиз. Шундан кейин Исони хочга михлаб, ўлдирдилар. 40Аммо Худо Уни учинчи куни тирилтириб, зоҳир қилди. 41Исо ҳаммага эмас, фақат бизга зоҳир бўлди. Чунки Худо бизни Исо ҳақида гувоҳлик беришимиз учун танлаганди. Исо тирилгандан кейин биз У билан еб–ичдик. 42У бизга: “Халқларга ваъз қилиб, гувоҳлик беринглар. Ўликлар ва тирикларни ҳукм қилиш учун Худо Мени тайинлаганини уларга айтинглар.” — деб буюрди. 43Барча пайғамбарлар ҳам Исо тўғрисида гувоҳлик берган эдилар. Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади, деб айтган эдилар.

 

Ғайрияҳудийлар Муқаддас Руҳни қабул қиладилар

 

44Бутрус ҳамон гапирар экан, унинг сўзларини эшитаётганларни Муқаддас Руҳ қамраб олди. 45Худо ғайрияҳудийларга ҳам Муқаддас Руҳни инъом қилиб берганини Бутрус билан бирга келган яҳудий имонлилар кўриб ҳайратда қолдилар. 46Чунки ғайрияҳудийлар номаълум тилда гаплашиб, Худони улуғлаётганларини улар эшитиб турардилар. Шунда Бутрус деди:

47— Бу одамлар, худди биз сингари, Муқаддас Руҳни қабул қилдилар. Шундай экан, уларнинг сувга чўмдирилишига ким тўсқинлик қила олади?!

48Шундай қилиб, Бутрус уларга, Исо Масиҳ номи билан сувга чўминглар, деб буйруқ берди. Сўнг улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.

 

11–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Қуддусдаги имонлилар жамоатига Бутруснинг хабари

 

1Ҳаворийлар ва Яҳудиядаги имонлилар: “Ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг каломини қабул қилибдилар”, деган хабарни эшитдилар. 2Бутрус Қуддусга борганда, яҳудий имонлилар унга таъна қилдилар:

3— Сиз суннатсиз одамларникида меҳмон бўлибсиз, улар билан бирга еб–ичибсиз!

4Шунда Бутрус уларга юз берган воқеани батафсил тушунтира бошлади:

5— Мен Яффа шаҳрида ибодат қилаётган эдим, бир пайт ҳушимдан кетиб, ваҳий кўрибман. Осмондан катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келди. Ўша нарса олдимга тушди. 6Мен ўша нарсанинг ичига яхшилаб қарадим ва унда турли хил чорва ва ёввойи ҳайвонларни, судралиб юрувчилар ва қушларни кўрдим. 7Ўшанда бир овоз менга: “Тур, Бутрус, сўйиб егин”, деганини эшитдим. 8Мен шундай жавоб бердим: “Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон харом ёки нопок нарсаларни оғзимга олмаганман!” 9Аммо ўша овоз иккинчи марта эшитилиб: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен харом деб айтмаслигинг керак”, деб осмондан гапирди. 10Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхонга ўхшаш ўша нарса яна осмонга олинди. 11Худди шу пайтда Қайсариядан юборилган учта одам мен турган уйга етиб келган эди. 12Муқаддас Руҳ менга: “Ҳеч иккиланмай бу одамлар билан бирга бор”, деб айтди. Бу олтита биродар мен билан бирга бориб, ўша одамнинг уйига кирди. 13У одам уйида фаришта пайдо бўлганини, унинг ўзи бу фариштани кўрганини бизга сўзлаб берди. Фаришта унга шундай дебди: “Яффага одам юбориб, Шимўн деган одамни чақиртириб кел. Унинг иккинчи исми Бутрус. 14У сенга айтадиган хабар орқали ўзинг ва оиланг нажот топасизлар.” 15Мен гапимни бошлашим биланоқ, МуқаддасРуҳ олдин бизни қамраб олгани сингари, уларни ҳам қамраб олди. 16Шунда мен Раббимиз Исонинг: “Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар”, деган сўзларини эсладим. 17Биз Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирганимизда, Худо бизга берган инъомни уларга ҳам берган бўлса, мен ким бўлибманки, Худога қаршилик қилсам?!

18Улар бу сўзларни эшитиб, жим бўлиб қолдилар. Сўнг Худога ҳамду сано айтиб: “Худо ҳатто ғайрияҳудийларни ҳам ҳаётга элтадиган тавбага олиб борибди”, дедилар.

 

Антиохиядаги имонлилар жамоати

 

19Стефан ўлдирилгандан кейин бошланган қувғинлар оқибатида имонлилар Финикия, Кипр ва Антиохияга тарқалиб кетдилар. Улар Исо ҳақидаги хабарни яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга айтмасдилар. 20Уларнинг орасида Кипр ва Киринеядан Антиохияга келган баъзи имонлилар бор эди. Улар Раббимиз Исо тўғрисида у ердаги ғайрияҳудийларга ҳам ваъз қилдилар. 21Эгамизнинг қудрати уларда бор эди, шунинг учун кўпчилик имонга келиб, Раббимизга юз бурди. 22Бу янгилик Қуддусдаги имонлилар жамоатига етиб келди. Жамоатдагилар Барнабони Антиохияга жўнатдилар. 23У келиб, Худонинг марҳаматини кўрганидан хурсанд бўлди. Ҳаммага: “Чин юракдан Раббимиз Исога садоқатингизни сақлаб қолинглар”, деб насиҳат қилди. 24У Муқаддас Руҳга ва имонга тўла, олижаноб одам эди. Жуда кўп одамлар Исони Раббим деб имонга келдилар.

25Шундан кейин Барнабо Шоулни излаб Таршишга кетди. У Шоулни топгандан кейин, уни Антиохияга олиб келди. 26Шундай қилиб, Барнабо билан Шоул бир йил давомида у ердаги жамоат билан бир жойга йиғилиб, бир қанча одамларга таълим бердилар. Шогирдларга биринчи марта Антиохия шаҳрида “масиҳийлар” деб ном берилди.

27Ўша пайтда Қуддусдан Антиохияга пайғамбарлар келдилар. 28Улардан бири — Агав дегани ўртага чиқиб, бутун оламда қаттиқ очарчилик бўлишини Муқаддас Руҳ орқали башорат қилди (унинг башорати Қайсар Клавдий ҳукмронлиги даврида юз берди). 29Шогирдлар, имконимиз борича Яҳудияда яшайдиган имонли биродарларимизга ёрдам жўнатамиз, деб қарор қилдилар. 30Улар айтганларини қилиб, Барнабо ва Шоул орқали Қуддусдаги жамоат оқсоқолларига ҳадялар юбордилар.

 

12–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Ёқуб ўлдирилади, Бутрус қамоққа ташланади

 

1Худди шу пайтда шоҳ Ҳиродимонлилар жамоатининг баъзи аъзоларини қувғин қила бошлади. 2У Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан ўлдиртирди. 3Ҳирод кўрдики, бу яҳудийларга маъқул келяпти, шундай қилиб, у Бутрусни ҳибсга олди. Бу воқеа Хамиртурушсиз нон байрами кунларида юз берди. 4У Бутрусни қаматиб, тўрт кишидан иборат тўрт гуруҳ аскарни қоровул қилиб қўйди. Фисиҳ байрамидан сўнг уни халқнинг олдига олиб чиқиб, ҳукм қилишни режалаштирган эди. 5Бутрус ҳибсда экан, жамоат у учун Худога чин дилдан ибодат қилди.

 

Бутрус қамоқдан қутулади

 

6Ҳирод Бутрусни халқ олдига олиб чиқмоқчи бўлди. Ўша кундан олдинги тунда Бутрус икки соқчи ўртасида ухлаётган эди. У иккита занжир билан кишанланган, қамоқхона эшигида соқчилар навбатчилик қилишарди. 7Бирдан Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб, ҳужрада нур порлаб кетди. Фаришта Бутруснинг ёнбошига туртиб, уйғотди ва: “Тезда ўрнингдан тур!” деди. Шунда кишанлар Бутруснинг билакларидан тушиб кетди. 8Фаришта унга:

— Камарингни боғла, чориғингни кий, — деди. Бутрус айтилгандай қилди. Кейин фаришта унга:

— Чопонингни кийиб, ортимдан юр, — деди. 9Бутрус фариштага эргашиб, қамоқхонадан чиқди. Аммо у фариштанинг бу ишлари ҳақиқат эканини англамасдан, “ваҳий кўряпман, шекилли”, деб ўйларди. 10Улар биринчи ва иккинчи дарвоза соқчилари олдидан ўтгандан кейин, шаҳарга олиб борадиган темир дарвоза олдига келдилар. Дарвоза ўз–ўзидан уларга очилди. Улар ташқарига чиқиб, сўқмоқ бўйлаб кетдилар. Бирдан фаришта Бутруснинг олдида кўздан ғойиб бўлди. 11Бутрус шу заҳоти ўзига келиб: “Энди ишончим комилки, Эгамиз Ўзининг фариштасини юбориб, мени Ҳироднинг қўлидан, яҳудий халқининг адоватидан қутқарибди”, деди.

12Бутрус шуларни англаб, Марямнинг уйига йўл олди. Марям Юҳаннонинг онаси эди. Юҳаннонинг иккинчи исми Марк эди. Марямнинг уйида кўпчилик тўпланиб, ибодат қилишаётган экан. 13Бутрус дарвозани тақиллатган эди, Рода исмли қиз хабар олгани чиқди. 14Қиз Бутруснинг овозини танигач, шунчалик хурсанд бўлиб кетдики, дарвозани очиш ўрнига, ичкарига югуриб кирди–да, Бутрус дарвоза олдида турибди, деб эълон қилди. 15Улар қизга:

— Ақлингни еб қўйибсан, — дедилар. Аммо қиз гапида туриб олгач, улар:

— У Бутруснинг фариштасидир, — деб жавоб бердилар.

16Бутрус дарвозани тақиллатишда давом этди. Улар дарвозани очиб, Бутрусни кўрдилару ҳайрон бўлиб қолдилар. 17Бутрус қўли билан “жим” деган ишорани қилди ва Эгамиз уни қандай қилиб зиндондан озод қилганини сўзлаб берди. Сўнгра “Бу воқеани Ёқубга ва бошқа имонлиларга айтинглар”, деб қўшиб қўйди. Шундан кейин Бутрус у ердан чиқиб, бошқа ерга борди.

18Тонг отгач, ваҳимали шовқин–сурон кўтарилди. Аскарлар бир–биридан: “Бутрус қаерга ғойиб бўлди?” деб сўрардилар. 19Ҳирод Бутрусни излашга буйруқ берди, аммо уни топа олмадилар. Ҳирод соқчиларни текшириб кўриб, уларни ўлимга маҳкум қилди. Шундан кейин Бутрус ЯҳудияданҚайсарияга бориб, ўша ерда туриб қолди.

 

Ҳироднинг ўлими

 

20Шоҳ Ҳирод Тир ва Сидон аҳолисидан қаттиқ ғазабланди. Бу шаҳарлар озиқ–овқат бўйича Ҳироднинг шоҳлигига қарам бўлгани учун, Тир ва Сидон вакиллари маслаҳатлашиб, Ҳирод билан кўришгани келдилар. Улар сарой нозири Бластасни ўз томонига оғдириб олганларидан кейин, Ҳирод билан сулҳ тузмоқчи эдилар. 21Ҳирод уларни қабул қиладиган куни шоҳона либосларини кийиб, тахтига ўтирди–да, уларга нутқ сўзлади. 22Одамлар унинг бу нутқини эшитиб: “Инсон эмас, балки худо гапиряпти!” деб хитоб қилдилар. 23Ҳирод Худони шарафламагани учун ўша заҳотиёқ Эгамизнинг фариштаси уни урди. Ҳирод қуртларга емиш бўлиб оламдан ўтди.

24Худонинг каломи эса тобора ёйилиб, Исога эргашувчилар кўпайиб борарди. 25Барнабо билан Шоул Қуддусда ўз вазифаларини бажариб бўлишгач, Антиохияга қайтдилар. Улар ўзлари билан бирга Маркни ҳам олиб келдилар. Маркнинг иккинчи исми Юҳанно эди.

 

13–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Барнабо билан Шоул сафарга жўнатилади

 

1Антиохиядаги имонлилар жамоатида пайғамбарлар ва муаллимлар ҳам бор эди. Барнабо, Қорача лақабли Шимўн, Киринеялик Лукис, ҳукмдор Ҳирод билан бирга ўсган Маноҳим ва Шоул шулар жумласидан эди. 2Улар Эгамизга сажда қилиб, рўза тутар эканлар, Муқаддас Руҳ уларга шундай деди: “Барнабо билан Шоулни Менга бағишланглар, токи улар Мен тайинлаган ишни бажарсинлар.” 3Улар рўза тутиб, ибодат қилдилар, сўнг қўлларини Барнабо билан Шоулга қўйиб, икковини сафарга жўнатдилар.

 

Кипрда

 

4МуқаддасРуҳ буйруғига кўра Барнабо билан Шоул йўлга тушдилар. Улар Селевкия шаҳрига бориб, у ердан кемада Кипрга сузиб кетдилар. 5Саламис шаҳрига келганларидан кейин, яҳудийларнинг синагогаларида Худонинг каломини ваъз қилдилар. Юҳанно ҳам улар билан бирга бўлиб, хизматда ёрдам берар эди.

6Улар бутун оролни у бошидан бу бошигача кезиб чиқиб, Паф шаҳрига келдилар. У ерда Барешу деган сеҳргарга дуч келдилар. У одам яҳудийларнинг сохта пайғамбари эди. 7Барешу оролнинг ҳокими Сергий Павлуснинг яқинларидан бири эди. Сергий Павлус ақлли одам эди. У Барнабо билан Шоулни ҳузурига чақириб, Худонинг каломини эшитмоқчи бўлди. 8Аммо сеҳргар Элимос Барнабо билан Шоулга қарши чиқди (Элимос — Барешунинг грекча исми). Элимос ҳокимни имондан тойдиришга ҳаракат қилди. 9Шоул, яъни Павлус, Муқаддас Руҳга тўлиб, сеҳргарга тик боқиб 10деди:

— Эй иблис ўғли! Сен ҳар қандай ҳақиқатнинг душманисан, юрагинг айёрлик ва ярамасликларга тўла. Эгамизнинг тўғри йўлини бузиб кўрсатишни қачон бас қиласан?! 11Энди эшит: Эгамизнинг қўли сенга қарши кўтарилган, сен маълум бир вақтгача кўр бўлиб қоласан, қуёш нурини кўрмайсан.

Шу заҳоти Элимоснинг кўз олди хиралашиб, қоронғи бўлди. Элимос у ёқ–бу ёққни пайпаслаб, қўлидан етаклаб юрадиган биронтасини излади. 12Ҳоким юз берган воқеани кўриб, имонга келди, чунки у Раббимиз Исо ҳақидаги таълимотдан ҳайратга тушган эди.

 

Писидиядаги Антиохия шаҳрида

 

13Павлус билан унинг ҳамроҳлари Паф шаҳридан сузиб, Памфилиядаги Перга шаҳрига келдилар. Юҳанно шу ерда уларни тарк этиб, Қуддусга қайтди. 14Қолганлар эса Пергадан жўнаб, Писидиядаги Антиохия шаҳрига келдилар. Шаббат куни улар синагогага кириб ўтиришди. 15Таврот ва пайғамбарлар битикларидан қироат тугагач, синагоганинг йўлбошчилари: “Биродарлар, агар бизга бирор насиҳатингиз бўлса, марҳамат”, деб уларга хабар юбордилар. 16Павлус ўрнидан туриб, қўли билан “жим” деган ишорани қилди, сўнг сўз бошлади:

— Эй Исроиллик биродарлар! Худодан қўрқадиган бошқа халқлар, қулоқ солинглар! 17Мана шу Исроил халқининг Худоси бизнинг ота–боболаримизни танлаб олди. Улар Мисрда мусофир бўлиб яшаган вақт давомида Худо улардан буюк халқ яратди. Буюк қудрати билан уларни Мисрдан олиб чиқди. 18Қирқ йил давомида Худо уларнинг саҳродаги қилмишларига чидади. 19У Канъон юртида етти элатни қириб ташлаб, уларнинг юртини Исроил халқига мулк қилиб берди. 20Буларнинг ҳаммаси тахминан тўрт юз эллик йил давом этди. Бундан кейин Худо уларга Шомуил пайғамбар замонигача ҳакамларни берди. 21Кейин Исроил халқи шоҳ сўраган эди, Худо уларга Киш ўғли Шоулни шоҳ қилиб берди. Шоул Бенямин қабиласидан бўлиб, қирқ йил ҳукмронлик қилди. 22Худо Шоулни тахтдан туширгандан кейин, Довудни Исроил халқининг шоҳи қилди. Худо у ҳақда шундай деган эди: “Ишай ўғли Довудни Ўзимнинг кўнглимга мос деб топдим. Довуд Менинг ҳамма хоҳишларимни бажо қилади.” 23Худо берган ваъдасига мувофиқ, Довуд наслидан Исони Исроил халқига Нажоткор қилиб юборди. 24Исо хизматини бошламасдан олдин, Яҳё бутун Исроил халқига, гуноҳларингиздан кайтинглар, сувга чўминглар, деб ваъз қилди. 25Яҳё ҳизматини якунлаётиб: “Сизлар мени ким деб биласизлар? Мен ваъда қилинган Зот эмасман. У мендан кейин келади. Мен Унинг чориқларини ечиб қўйишга ҳам арзимайман”, деган эди.

26Эй биродарларим, Иброҳим авлодлари! Эй Худодан қўрқадиган бошқа халқлар! Нажот ҳақидаги бу хабар бизга берилган. 27Аммо Қуддус аҳолиси ва уларнинг ҳукмдорлари Исонинг кимлигини танимадилар. Гарчи улар ҳар Шаббат куни ўқилаётган пайғамбарларнинг сўзларини эшитсалар–да, пайғамбарлар Исо ҳақида ёзганини улар тушунмадилар. Исони ўлимга маҳкум қилиб, пайғамбарларнинг башоратларини амалга оширдилар. 28Ўлимга маҳкум қилиш учун улар сабаб топа олмаган бўлсалар ҳам, Пилатдан Уни ўлдиришни талаб қилдилар. 29У тўғрида ёзилган ҳар бир нарсани амалга оширганларидан кейин, жасадини ёғочдан тушириб, қабрга қўйдилар. 30Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди. 31Бир неча кун У Жалиладан Қуддусга Ўзи билан келганларга зоҳир бўлиб турди. Ҳозир улар Исроил халқига гувоҳлик беряптилар. 32Барнабо билан мен эса бу Хушхабарни сизларга эълон қилмоқдамиз: Худо Исони тирилтирди! Шу орқали ота–боболаримизга берган ваъдасини уларнинг фарзандлари бўлмиш бизлар учун бажарди. 33Бу ҳақда Забурнинг иккинчи саносида шундай ёзилган:

Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сени бунёд этдим.

34Исонинг ўликдан тирилиши ва танасининг асло чиримаслиги тўрисида Худо шундай деган:

Довудга берган муқаддас ваъдамни сизга бераман.

35Бошқа бир санода яна шундай ёзилган:

Бу тақводорингни қабрда чиритмайсан.

36Дарвоқе, Довуд ўз вақтида Худонинг мақсади учун хизмат қилган эди. У вафот этгач, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг танаси қабрда чириди. 37Аммо Худо тирилтирган Исонинг танаси чиримади. 38Шунинг учун, эй биродарларим, эшитинглар! Гуноҳларимиз Исо орқали кечирилишини биз сизларга эълон қилмоқдамиз. 39Исога ишонган ҳар бир киши ҳамма гуноҳларидан У орқали оқланади. Мусонинг қонуни орқали эса оқланиб бўлмайди. 40Эҳтиёт бўлинглар, токи пайғамбарлар айтган қуйидаги сўзлар бошингизга тушмасин:

41Қаранглар, эй мазахчилар!

Ҳайратда қолиб ўлинглар!

Сизнинг даврингизда Мен шундай бир иш қиламанки,

Эшитсангиз қулоқларингизга ишонмайсизлар.

42Павлус билан Барнабо синагогадан чиқар эканлар, халқ уларга: “Келгуси Шаббат куни ҳам шу нарсалар тўғрисида гапириб берсангизлар”, деб илтимос қилдилар. 43Синагогадаги йиғиндан кейин халқ тарқалди. Павлус билан Барнабога кўплаб яҳудийлар ва яҳудий динига кирган тақводорлар эргашдилар. Павлус билан Барнабо уларга, Худонинг марҳамати остида яшашни давом эттиринглар, деб далда бердилар.

44Кейинги Шаббат куни ҳам деярли бутун шаҳар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитиш учун йиғилди. 45Яҳудийлар шунчалик кўп одамни кўриб, қаттиқ ҳасад қила бошладилар. Павлуснинг айтганларига қарши чиқиб, уни ҳақоратладилар. 46Шунда Павлус билан Барнабо иккови жасорат билан шундай дедилар:

— Худонинг каломини биринчи навбатда сизларга билдиришимиз керак эди. Аммо сизлар Худонинг каломини рад қилдингизлар ва ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқ деб билдингизлар. Шунинг учун биз ғайрияҳудийларнинг олдига кетяпмиз. 47Эгамиз бизга шундай амр берган эди:

“Ернинг четигача нажотни олиб боринглар, деб

Мен сизларни ғайрияҳудийларга чироқ қиламан.”

48Ғайрияҳудийлар бу гапни эшитиб, хурсанд бўлдилар. Улар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни иззат–ҳурмат билан қабул қилдилар. Абадий ҳаёт учун танланганларнинг ҳаммаси имонга келди. 49Шундай қилиб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабар юрт бўйлаб ёйилиб бораверди. 50Аммо яҳудийлар шаҳарнинг юқори мартабали тақводор аёлларини ва эътиборли эркакларини қайраб, Павлус билан Барнабони қувғин қилиб, уларни юртдан қувиб чиқаришга ундадилар. 51Ҳаворийлар эса уларга қарши эътироз сифатида оёқларининг чангини қоқиб, Икония шаҳрига кетдилар. 52Антиохиядаги шогирдлар севинч ва Муқаддас Руҳга тўлиб боравердилар.

 

14–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

1Худди шунга ўхшаш воқеа Икония шаҳрида юз берди: Павлус билан Барнабо синагогага кириб, оташин ваъз айтдилар. Натижада бир қанча яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар имонга келдилар. 2Аммо имонга келмаган яҳудийлар ғайрияҳудийларни қайраб, уларни имонлиларга қарши қўзғатдилар. 3Ҳаворийлар Павлус билан Барнабо бу ерда узоқ вақт қолиб, Раббимиз Исо ҳақида жасорат билан гапиравердилар. Раббимиз ҳам уларга мўъжизалар ва аломатлар кўрсатиш қудратини бериб, Ўзининг марҳамати ҳақидаги хабарни улар орқали тасдиқлади. 4Шаҳар аҳолиси эса иккига бўлинди: баъзилари яҳудийлар томонга ўтди, бошқалари эса ҳаворийларга қўшилди.

5Шундан кейин яҳудийлар ва ғайрияҳудийлар ўз йўлбошчилари билан бирга ҳаворийларга ҳамла қилиб, уларни тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. 6Ҳаворийлар бу тўғрида билиб қолганларидан кейин Ликаониянинг бошқа ҳудудларига қочиб кетдилар. Улар Листра ва Дарба шаҳарларида ва уларнинг ён–атрофидаги жойларда 7ҳам Хушхабарни ваъз қилишда давом этдилар.

 

Листра ва Дарба шаҳарларида

 

8Листра шаҳрида бир одам бўлиб, оёқларини қимирлата олмасдан ўтирарди. У туғма майиб бўлиб, ҳеч қачон юрмаган эди. 9Павлус гапираётганда, у қулоқ солиб ўтирган эди. Павлус унга тикилиб қаради. У одамнинг шифо топишига ишончи борлигини кўриб, 10унга баланд овозда деди:

— Ўрнингдан тур!

У одам сакраб ўрнидан турди–да, юра бошлади. 11Оломон Павлуснинг қилган ишини кўргач, Ликаония тилида: “Худолар бизнинг олдимизга инсон қиёфасида келибди!” деб шовқин солдилар. 12Улар Барнабони Зевс, Павлус нотиқ бўлгани учун уни Ҳермес деб аташди. 13Зевснинг маъбади шаҳар ташқарисида эди. Зевс руҳонийси шаҳар дарвозаларига буқалар ва гулчамбарлар олиб келди. Руҳоний билан оломон қурбонлик назр қилмоқчи бўлдилар. 14Ҳаворийлар — Барнабо билан Павлус буни эшитиб, ёқаларини чок қилиб, оломон орасига ёриб кирдилар. Улар шундай деб шовқин солдилар:

15— Дўстлар! Нимага бундай қиляпсизлар! Биз ҳам сизлар сингари инсонлармиз! Биз сизларга Хушхабар олиб келдик, токи сизлар анави беҳуда нарсалардан юз ўгиринглар, осмонни, ерни, денгизни, улардаги ҳамма нарсани яратган барҳаёт Худога юз буринглар. 16Ўтмишда Худо ҳамма халқларни ўз ҳолига қўйди. 17Аммо шунга қарамай, Ўз эзгулигини кўрсатиб, осмондан ёмғир ёғдириб келди, мавсумида ҳосил берди, ризқингизни тугал қилиб, юракларингизни шодликка тўлдирди.

18Шу гаплари билан ҳаворийлар, биз учун қурбонлик келтирманглар, деб оломонни зўрға тўхтатиб қолдилар.

19Аммо Антиохия ва Икониядан яҳудийлар келиб, халқни ўзларига оғдириб олдилар. Улар Павлусни тошбўрон қилдилар ва “У ўлди, шекилли”, деб уни шаҳардан ташқарига судраб чиқариб ташладилар. 20Шогирдлар Павлуснинг атрофига йиғилганларидан кейин эса, у ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртаси куни эса Барнабо билан бирга Дарба шаҳрига кетди.

 

Павлус ва Барнабо Суриянинг Антиохия шаҳрига қайтадилар

 

21Улар Хушхабарни Дарба шаҳрида ваъз қилиб, кўп шогирдлар орттирганларидан кейин, Листра шаҳрига, сўнгра Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтиб келдилар. 22Улар шогирдларни имонда собит қолишга ундаб: “Биз Худо Шоҳлигига киришимиз учун кўп машаққатларни бошдан кечиришимиз керак”, деб далда берардилар. 23Улар ҳар бир имонлилар жамоатигаоқсоқоллар тайин қилдилар. Сўнг ибодат қилиб ва рўза тутиб, оқсоқолларни ўзлари ишонган Раббимиз Исонинг паноҳига топширдилар.

24Сўнгра улар Писидиядан ўтиб, Памфилияга келдилар. 25Перга шаҳрида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилганларидан кейин, Атталияга кетдилар. 26Сўнг кемада Антиохияга қайтиб келдилар. Бу шаҳардаги жамоат уларни ҳозир тамомлаган ишлари учун Худонинг марҳаматига топширган эди. 27Ҳаворийлар Антиохияга келганларидан кейин, жамоатни бир жойга йиғдилар ва Худо улар орқали нималар қилганини, ғайрияҳудийларнинг имонга келиши учун Худо қандай йўл очиб берганини айтиб бердилар. 28Ҳаворийлар бу ерда шогирдлар билан бирга анча вақт қолдилар.

 

15–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Қуддусдаги йиғин

 

1Яҳудиядан бир неча одам Антиохияга келиб, имонлиларга шундай таълим бера бошладилар: “Мусонинг қонунига биноан суннат қилинмасангизлар, нажот топа олмайсизлар.” 2Павлус билан Барнабо улар билан қизғин баҳсу мунозарага киришдилар. Шунда: “Павлус билан Барнабо ҳамда Антиохиядан бир неча одам Қуддусга юборилсин”, деб қарор қилинди. Улар бу масалани ҳаворийлар ва оқсоқоллар билан муҳокама қилишлари керак эди.

3Имонлилар жамоати уларни йўлга кузатиб қўйди. Улар Финикия ва Самария орқали ўтар эканлар, ғайрияҳудийлар қандай қилиб Худога юз бурганини айтиб бердилар. Бу хабар ҳамма имонлиларга катта қувонч бағишлади. 4Павлус ва Барнабо Қуддусга келганларидан кейин, жамоат, ҳаворийлар, оқсоқоллар уларни самимий кутиб олдилар. Павлус ва Барнабо Худонинг улар орқали қилган ишларини йиғилганларга сўзлаб бердилар. 5Аммо фарзийлар мазҳабига мансуб имонлилар ўрниларидан туриб: “Ғайрияҳудийлар суннат қилинишлари керак. Уларга Мусонинг қонунига риоя қилишларини буюриш керак”, дедилар.

6Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар. 7Узоқ давом этган мунозарадан кейин Бутрус ўрнидан туриб, уларга деди:

— Биродарларим! Ўзларингиз биласизларки, Хушхабарни ғайрияҳудийларга ваъз қилишим учун Худо мени анча вақт олдин орангиздан танлаб олди. Ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарни эшитиб, имонга келиши Унинг мақсади эди. 8Худо инсон зотининг юрагини билади, У бизга берган Муқаддас Руҳни ғайрияҳудийларга ҳам берди. Шу орқали уларни қабул қилганини тасдиқлади. 9Худо имон орқали ғайрияҳудийларнинг юракларини поклади. Шундай қилиб, Худо биз билан ғайрияҳудийлар орасидаги фарқни йўқ қилди. 10Шундай экан, нима учун шогирдларнинг елкасига оғир юк ортиб, Худони синаяпсизлар?! Ахир, бу юкни биз ҳам, ота–боболаримиз ҳам кўтара олмаган эдик–ку! 11Йўқ! Ишонамизки, биз ҳам улар сингари, Раббимиз Исонинг инояти туфайли нажот топамиз.

12Ҳамма ҳаворийлар ва оқсоқоллар сукутда қолдилар. Барнабо билан Павлус Худонинг улар орқали ғайрияҳудийлар орасида кўрсатган аломатлар ва ажойиботлар тўғрисида гапириб бердилар. 13Улар гапини тугатгач, Ёқуб cўз олди:

— Биродарларим! Мени эшитинглар. 14Ҳозир Бутрус бизга Худонинг илк бор ғайрияҳудийларга илтифот назарини солганини ва улар орасидан Ўзига бир халқ танлаб олганини тушунтириб берди. 15Бу сўзлар пайғамбарларнинг айтганлари билан мос келади. Ёзилганидай:

16“‘Бундан кейин Мен қайтиб келиб,

Довуднинг йиқилган шоҳлигини қайта тиклайман,

Унинг харобаларини янгидан барпо қилиб,

Уни қайта тиклаб қўюрман.

17Токи бошқа халқларнинг ҳаммаси Менга интилсинлар,

Ўзим даъват қилган ўша ғайрияҳудийлар Мени изласинлар.’

Эгамизнинг каломи шудир.

18Эгамиз буларни бизга азалдан маълум қилган.”

19Ёқуб гапида давом этди:

— Шунинг учун Худога юз бураётган ғайрияҳудийларни қийин аҳволга солиб қўймаслигимиз керак. 20Бунинг ўрнига, уларга хат ёзиб, шундай деб айтайлик: “Бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини тановул қилишдан, зинодан ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини ейишдан ўзларингизни тийинглар.” 21Ахир, Мусонинг қонуни азал–азалдан ҳар бир шаҳарда ваъз қилинмоқда, ҳар Шаббат куни синагогаларда ўқилмоқда.”

 

Ғайрияҳудий имонлиларга мактуб

 

22Шундан кейин ҳаворийлар ва оқсоқоллар бутун имонлилар жамоати билан шундай қарорга келдилар: “Гуруҳимиздан бир неча одамни танлаб олиб, уларни Павлус ва Барнабо билан бирга Антиохияга юборамиз.” Улар иккита одамни — Барсабо деган Яҳудони ва Силани танлаб олдилар. Яҳудо ва Сила жамоатнинг йўлбошчилари эдилар. 23Уларни шундай мактуб билан жўнатдилар: “Биз, ҳаворийлар ва оқсоқоллар — сизларнинг биродарларингиз Антиохия, Сурия ва Киликияда яшайдиган ғайрияҳудий биродарларимизга салом йўллаяпмиз. 24Эшитишимизча, бизнинг орамиздан баъзилар бориб, ўзларининг гаплари билан сизларни хавотирга солибди, юракларингизни ғаш қилибди. Аммо уларни биз юбормаган эдик. 25Биз вакиллар танлаб, уларни азиз дўстларимиз Барнабо ва Павлус билан бирга сизларнинг ҳузурингизга юборишга бир овоздан қарор қилдик. 26Барнабо билан Павлус Раббимиз Исо Масиҳ ҳақи–ҳурмати, ҳаётларини хавф остига қўйганлар. 27Шу боис биз Яҳудо билан Силани юборяпмиз. Ушбу ёзаётганларимизни улар сизларга оғзаки ҳам тасдиқлаб берадилар. 28Биз МуқаддасРуҳ бошчилигида сизларга қуйидаги керакли талаблардан бошқа юкни юкламасликка қарор қилдик: 29сизлар бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини тановул қилишдан ҳамда зинодан ўзларингизни тийинглар. Ўзларингизни ана шулардан тийсангизлар, яхши иш қилган бўласизлар. Омон бўлинглар.”

30Шундай қилиб, вакиллар йўлга чиқиб, Антиохияга келдилар. Улар жамоатни йиққанларидан кейин мактубни жамоат аъзоларига топширдилар. 31Жамоат аъзолари мактубни ўқиб, далда сўзларидан хурсанд бўлдилар. 32Яҳудо билан Сила пайғамбар эдилар. Улар имонлиларга далда бериб, уларга кўп гаплар айтиб, имонда мустаҳкамладилар. 33Яҳудо билан Сила маълум вақт у ерда бўлганларидан кейин, имонлилар уларни юборган биродарлари ёнига хайрихоҳлик билан жўнатиб юбордилар[2]. 35Павлус билан Барнабо эса бирмунча вақт Антиохияда қолишди. Улар у ерда бошқалар билан бирга таълим бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар.

 

Павлус билан Барнабо айрилишади

 

36Орадан бир неча кун ўтгач, Павлус Барнабога деди:

— Қани, биз Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилган шаҳарларга борайлик, имонлиларни йўқлайлик, уларнинг ҳол–аҳволини билайлик.

37Барнабо Марк деган Юҳаннони ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи эди. 38Аммо Павлус буни истамади. Марк уларни Памфилияда қолдириб, хизматда охиригача бирга бўлмагани учун Павлус Барнабонинг бу фикрига қаттиқ эътироз билдирди. 39Павлус билан Барнабонинг орасида шундай англашилмовчилик бўлдики, улар бир–бирларини тарк этдилар. Барнабо Маркни ўзи билан бирга олиб, кемада Кипрга сузиб кетди. 40Павлус эса Силани танлади. Имонлилар уларни Раббимиз Исонинг паноҳига топширганларидан кейин улар йўлга чиқдилар. 41Сурия ва Киликия ҳудудларини кезиб, жамоатларни имонда мустаҳкамладилар.

 

16–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Тимўтий Павлус ва Сила билан бирга кетади

 

1Павлус Дарба ва Листра шаҳарларига борди. Листрада Исонинг Тимўтий исмли шогирди яшарди. Унинг онаси имонга келган яҳудий бўлиб, отаси юнон эди. 2Листра ва Икониядаги имонлилар Тимўтий тўғрисида яхши гаплар айтишарди. 3Павлус Тимўтийни ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлиб, ўша ерларда яшайдиган яҳудийлар сабабли уни суннат қилдирди. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди. 4Улар шаҳарлар оралаб ўтганларида, Қуддусдагиҳаворийлар ва оқсоқоллар қарор қилган қоидаларни имонлиларга етказиб, буларга риоя қилинглар, деб айтишарди. 5Шундай қилиб, жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан–кунга сон жиҳатдан кўпайиб бораверди.

 

Тарс шаҳрида: Павлуснинг ваҳийси

 

6Улар Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас РуҳАсия вилоятида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга тақиқлаганди. 7Улар Мусиядан ўтиб, Битиния вилоятига киришга ҳаракат қилдилар. Аммо МуқаддасРуҳ орқали Исо уларга ижозат бермади. 8Шундай қилиб, улар қайтиб, Мусия орқали Троасга кетдилар. 9Тунда Павлусга ваҳий келди: Македониялик бир одам: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бер!” деб илтижо қиларди. 10Павлусга келган бу ваҳийдан кейин, биз тезда Македонияга боришга ҳозирлик кўрдик. Худо бизни у ердаги халққа Хушхабарни ваъз қилишга чақирди, деб ишонч ҳосил қилган эдик.

 

Филиппида Лидия имонга келади

 

11Биз кемада Троас шаҳридан сузиб кетиб, тўғри Самофракияга йўл олдик, эртаси куни Неаполга кетдик. 12У ердан эса Филиппига бордик. Бу Македония вилоятининг биринчи туманидаги шаҳар бўлиб, Римга қарашли эди. Биз бир неча кун у ерда бўлдик. 13Шаббат куни биз шаҳардан дарё бўйига чиқдик. У ерда ибодат қиладиган жой бор, деб ўйлаган эдик. Ўша ерда аёллар йиғилган экан, биз улар билан ўтириб суҳбатлашдик. 14Бизни тинглаб ўтирганлар орасида Лидия деган бир аёл ҳам бор эди. У Тиятира шаҳридан бўлиб, сафсар матолар сотарди. У художўй эди. “Павлуснинг айтганларини жон дили билан тингласин”, деб Эгамиз Лидиянинг юрагини очди. 15Лидия билан унинг хонадон аҳли сувга чўмдирилганларидан кейин, у бизга шундай таклиф қилди: “Агар мени РаббимизИсога содиқ имонли деб ҳисобласангизлар, менинг уйимга келиб, ўша ерда туринглар.” Лидия бизни кўндирди.

 

Филиппи шаҳридаги қамоқхонада

 

16Бир куни биз ибодат қиладиган жойга кетаётганимизда, олдимизга бир чўри қиз келди. Бу қизда фолчилик руҳи бўлиб, у башорат қилиш орқали хўжайинларига кўп пул ишлаб берар экан. 17У Павлус билан бизга эргашиб, шундай деб бақирарди: “Манави одамлар Қодир Худонинг қуллари! Улар сизларга нажот топиш йўлини эълон қиладилар.” 18Ўша чўри бир неча кун давомида шундай қилиб юрди. Охири, Павлус безор бўлиб, орқасига ўгирилди–да, ёвуз руҳга деди: “Сенга Исо Масиҳ номидан буюраман: бу қизнинг ичидан чиқиб кет!” Ўша заҳоти ёвуз руҳ қизнинг ичидан чиқиб кетди.

19Қизнинг хўжайинлари пул ишлаш имконияти қўлдан кетганини англаб етдилар. Улар Павлус билан Силани ушлаб, шаҳар майдонига судраб келдилар. 20Уларни Рим амалдорлари ҳузурига олиб келиб:

— Бу одамлар шаҳримизни алғов–далғов қиляптилар! — дедилар. — Улар яҳудийлардир, 21биз эса Римликлармиз, улар бизнинг қонунларимизга зид бўлган одатларни тарғиб қиляптилар. Биз уларнинг одатларини қабул қила олмаймиз ёки амалда қўллай олмаймиз.

22Оломон Павлус билан Силага қарши ҳужумга қўшилди.

Шунда Рим амалдорлари Павлус билан Силанинг кийимларини ечдириб, аскарларга: “Буларни калтакланглар”, деб буюрдилар. 23Уларни роса калтаклашгандан кейин, зиндонга ташладилар. Рим амалдорлари зиндонбонга: “Уларни яхшилаб қўриқла”, деб буйруқ бердилар. 24Зиндонбон буйруқни олиб, икковини ички бўлмага ташлади ва уларнинг оёқларини кундага маҳкамлаб қўйди.

25Ярим тунда Павлус билан Сила ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди. 26Бирдан шундай қаттиқ зилзила юз бердики, қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди, шу заҳоти ҳамма эшиклар очилиб, маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетди. 27Зиндонбон уйғониб, қамоқхона эшиклари очиқ эканини кўрди. У, маҳбуслар озод бўлиб кетибди, деб ўйлаб, қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди. 28Павлус овози борича: “Зинҳор ўзингга шикаст етказа кўрма, ҳаммамиз шу ердамиз!” деб бақирди. 29Зиндонбон, чироқлар ёқилсин, деб буюрди ва шошилганича ичкари кирди–да, титраб–қақшаб, ўзини Павлус билан Силанинг оёқлари остига ташлади. 30Зиндонбон икковини ташқарига олиб чиқиб: “Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?” деб сўради.

31— Раббимиз Исога ишон, шунда ўзинг ва хонадон аҳлинг нажот топасизлар, — деб жавоб беришди улар.

32Павлус билан Сила Раббимиз ҳақидаги хабарни зиндонбонга ва унинг хонадон аҳлига ваъз қилдилар. 33Зиндонбон тунда ўша заҳотиёқ икковини бир четга олиб ўтиб, яраларини ювди. Сўнг ўзи ва бутун хонадон аҳли сувга чўмдирилди. 34Зиндонбон Павлус билан Силани уйига олиб келиб, уларга дастурхон ёзди. У бутун хонадони билан бирга Худога имон келтирганидан севинди.

35Тонг отгач, амалдорлар миршабларни юбориб: “Анави одамлар ўз йўлига кетаверсин”, дедилар. 36Зиндонбон бу хабарни Павлусга етказди: “Амалдорлар сизларни кетаверсин, деб хабар юборибди, ҳозироқ чиқинглар, эсон–омон боринглар”, деди. 37Павлус эса миршабларга шундай деди:

— Рим фуқароси бўлсак ҳам, бизни ҳукм қилмасдан халқнинг кўз ўнгида калтакладилар, зиндонга ташладилар. Нима учун энди яширинча бизни жўнатиб юбормоқчилар?! Бунақаси кетмайди! Ўзлари келиб, бизни зиндондан чиқарсинлар.

38Миршаблар бу сўзларни амалдорларга етказдилар. Улар Павлус билан Силанинг Рим фуқароси эканини эшитиб, қўрқиб кетдилар. 39Шундай қилиб, амалдорлар бориб, улардан кечирим сўраб, уларни зиндондан олиб чиқдилар. Сўнгра: “Шаҳардан кетсангизлар”, деб илтимос қилдилар. 40Павлус билан Сила зиндондан чиққанларидан кейин, Лидиянинг уйига бордилар. Улар бу ерда имонлилар билан учрашиб, уларга далда бердилар, сўнг у ердан кетдилар.

 

17–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Салоника шаҳрида

 

1Павлус билан Сила Амфипол ва Аполония шаҳарларини босиб ўтиб, Салоника шаҳрига келдилар. Бу шаҳарда яҳудийлар синагогаси бор эди. 2Павлус, ўз одатига кўра, синагогага кирди ва уч ҳафта давомида Шаббат кунлари яҳудийлар билан мунозара олиб борди. У Муқаддас Битиклар асосида 3Масиҳнинг азоб чекиши ва ўликдан тирилиши кераклигини тушунтириб, исботлаб берди. Сўнг: “Мен сизларга айтаётган Исо ўша Масиҳдир”, деди. 4Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, тақводор юнонлардан катта гуруҳи ва юқори мартабали аёлларнинг кўпчилиги Павлус билан Силага ишониб, уларга қўшилдилар. 5Аммо ишонмаган яҳудийлар ҳасадга тўлдилар ва кўчалардаги бекорчи дайдиларни тўплаб, оломонни йиғиб, шаҳарда ғалаён бошладилар. Улар: “Павлус билан Силани қидириб топамиз, халқнинг олдига олиб чиқамиз”, деб Ясон деган одамнинг уйига ҳужум қилдилар. 6Аммо уларни топа олишмади. Сўнгра Ясон билан бир неча имонлиларни шаҳар амалдорлари ҳузурига судраб келдилар ва шундай дея шовқин солдилар: “Анави одамлар бутун дунёни остин–устин қилиб, бизнинг шаҳримизга ҳам келибдилар. 7Ясон ўша одамларга уйидан жой берибди. Уларнинг ҳаммаси Исо деган бошқа шоҳ бор, деб Қайсарнинг фармонларига қарши чиқяптилар.” 8Халқ ва шаҳар амалдорлари бу гапларни эшитиб, безовталаниб қолдилар. 9Улар Ясон ва бошқа имонлилардан гаровга пул олиб, уларни қўйиб юбордилар.

 

Берия шаҳрида

 

10Қоронғи тушгач, имонлилар Павлус билан Силани Берия шаҳрига жўнатдилар. Улар шаҳарга келиб, яҳудийлар синагогасига кирдилар. 11Бу ердаги яҳудийлар Салоникадаги яҳудийларга қараганда кенг фикрли эдилар. Улар зўр иштиёқ билан Исо ҳақидаги хабарни тинглашар, Павлуснинг айтганлари ҳақиқат эканини кўриш учун Муқаддас Битикларни ҳар куни тадқиқ этишарди. 12Уларнинг кўпчилиги шу боисдан имонга келдилар, шунингдек, юқори мартабали юнон аёл ва эркакларининг кўпчилиги ҳам имонга келдилар. 13Аммо Салоникадаги яҳудийлар, Павлус Берияда Худонинг каломини ваъз қилибди, деган гапни эшитганларида, улар Берияга келиб, оломонни гижгижлаб, қайрадилар. 14Шунда имонлилар Павлусни зудлик билан денгиз бўйига жўнатиб юбордилар. Сила билан Тимўтий эса Берияда қолдилар. 15Павлусни кузатиб кетганлар уни Афинагача олиб бориб қўйдилар. Улар Павлусдан: “Сила билан Тимўтий тезроқ менинг олдимга етиб келсин”, деган кўрсатмани олганларидан кейин Берияга қайтиб кетдилар.

 

Павлус Афинада

 

16Павлус Сила билан Тимўтийни Афинада кутаркан, шаҳар бутларга тўлиб кетганини кўриб, таъби жуда хира бўлди. 17Павлус синагогада яҳудийлар ва тақводор юнонларга далиллар келтирди. Шунингдек, шаҳар майдонида ҳар куни дуч келган одамларга ҳам ваъз қилди. 18Бир неча эпикурчи ва стоик файласуфлар ҳам Павлус билан баҳсга киришди. Баъзилари: “Бу маҳмадона нима демоқчи?” деса, бошқалари: “У бегона худолар тўғрисида ваъз қиляпти” дер эди. Павлус Исо тўғрисидаги Хушхабарни ва ўликлардан тирилишни ваъз қилаётгани учун шундай деб айтардилар. 19Улар Павлусни ушлаб, Арёпагос кенгашига олиб бордилар ва шундай дедилар: “Сен ўргатаётган янги таълимот нима эканини биз ҳам билишимиз мумкинми? 20Бу таълимотинг бизга бир оз ғалати туюляпти, шунинг учун бу нимани англатишини билмоқчимиз.” 21(Ҳамма Афиналиклар ва бу ерда яшаётган мусофирлар бутун вақтларини охирги янгиликларни айтиб бериш ёки эшитиш билан ўтказишни яхши кўришарди.)

22Павлус Арёпагос кенгашининг олдига чиқиб, шундай деди:

— Эй Афиналиклар! Сизлар ҳар жиҳатдан ғоят диндор эканингизни кўриб турибман. 23Мен бутун шаҳарни кезиб чиқиб, сизлар сажда қилаётган нарсаларга диққат билан назар ташладим. Мен ўша нарсаларнинг орасидан “Номаълум худога” деган ёзув битилган қурбонгоҳни кўрдим. Ўзларингиз билмасдан туриб сажда қилаётган Худони мен сизларга англатай. 24Оламни ва ундаги ҳамма нарсаларни яратган Худо еру осмоннинг Эгаси бўлиб, инсон қўли билан ясалган саждагоҳларда яшамайди. 25Ҳар қандай одамга жон, нафас ва ҳамма нарсани Унинг Ўзи берган. Шунинг учун У инсоннинг қўлига қараб колмаган. У ҳеч нарсага муҳтож эмас. 26Худо битта одамдан жамики элатларни яратиб, уларни бутун ер юзига жойлаштирди. У элатларнинг ҳаёти вақтини ва улар истиқомат қиладиган жойларнинг чегараларини белгилаб берди. 27Худо буларни, Мени қидирсинлар, пайпасланиб бўлса–да, топсинлар, деб қилди. Ҳақиқатан ҳам, У ҳар биримиздан узоқда эмас. 28Зотан, “биз Унда яшаймиз, Унда ҳаракат қиламиз ва Унда мавжудмиз.” Сизнинг шоирларингиздан бири шундай деган эди: “Биз ҳам Унинг зурриётимиз.” 29Биз Худонинг зурриётидан эканмиз, Худони инсон ўз санъати ва маҳорати билан шаклга солган олтинга ёки кумушга, ё тошга ўхшатмаслигимиз керак. 30Худо ўтмишда инсониятнинг жоҳиллигига эътибор бермади. Энди эса У ҳамма жойдаги жамики халқларга: “Тавба қилинглар!” деб амр бермоқда. 31Чунки У дунё халқларини Ўзи тайинлаган Зот орқали адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилади. Ўша Зотни ўликдан тирилтирди. Шу йўсинда жамики инсонларга бу Зотнинг тайинланганини исбот қилди.

32Улар Павлуснинг ўликлар тирилиши ҳақидаги гапини эшитганларида, баъзилар уни масхара қилди, аммо бошқалар: “Биз бу ҳақда яна сизнинг гапларингизни эшитмоқчимиз”, дедилар. 33Шундай қилиб, Павлус уларнинг олдидан кетди. 34Бир неча одам унга эргашиб, имонга келди. Имонга келганларнинг орасида Арёпагос кенгашининг аъзоси Дионис, Дамар исмли аёл ва бошқа одамлар ҳам бор эди.

 

18–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Коринф шаҳрида

 

1Шундан кейин Павлус Афинадан кетиб, Коринфга йўл олди. 2У ерда Павлус Акил деган бир яҳудий билан танишди. Акил Понтусда туғилган бўлиб, хотини Прискилла билан Италиядан яқинда келган экан. Чунки Қайсар Клавдий, ҳамма яҳудийлар Римдан чиқиб кетсин, деб фармон берган эди. Павлус уларни кўргани борди. 3Улар ҳамкасб — чодир тикувчилик билан шуғулланганлари учун, Павлус уларникида қолиб, ишлади. 4Ҳар Шаббат куни у синагогада мунозара ўтказиб, яҳудийлар ва юнонларни ишонтиришга ҳаракат қилди.

5Сила билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус бутун вақтини Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишга бағишлади. У яҳудийларга Исонинг Масиҳ экани тўғрисида гувоҳлик берарди. 6Яҳудийлар эса Павлусга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Павлус улардан норози бўлиб, кийимларидан чангни қоқди–да: “Қонингиз ўз гарданингизда қолсин, менда айб йўқ, ҳозирдан бошлаб ғайрияҳудийлар орасига кетганим бўлсин”, деди уларга. 7Шундай қилиб, Павлус синагогани тарк этиб, Титас Юстус деган бир одамнинг уйига борди. Титас Юстус ҳам художўй одам бўлиб, унинг уйи синагоганинг ёнгинасида эди. 8Синагоганинг қавмбошиси Крисп бутун хонадони билан РаббимизИсога имон келтирди. Павлусдан Хушхабар эшитган Коринфликларнинг кўпчилиги ишониб, сувга чўмдирилдилар.

9Бир куни тунда Раббимиз Исo ваҳийда Павлусга зоҳир бўлиб, деди: “Қўрқма! Гапиравер, сукут сақлама! 10Мен сен билан биргаман. Бу шаҳардаги кўпчилик Менинг одамларим бўлгани учун, ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди.” 11Шундай қилиб, Павлус бу шаҳарда бир йилу олти ой туриб, халққа Худонинг каломидан таълим берди.

12Каллия Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда, яҳудийлар биргалашиб Павлусга қарши чиқдилар ва уни судраб, маҳкамага олиб келдилар.

13Улар шундай дедилар:

— Мана бу одам қонунга қарши йўллар билан Худога сажда қилишга халқни даъват қиляпти.

14Павлус энди гапирмоқчи бўлиб турган эди, Каллия яҳудийларга шундай деди:

— Эй яҳудийлар! Агар даъвоингиз ёмон қилмиш ёки оғир жиноят масаласида бўлганда эди, шикоятларингизни қабул қилишга сабаб топган бўлардим. 15Аммо бу даъволарингиз айрим сўзлар, исмлар ва ўз қонунингиз борасида экан, буларни ўзларингиз кўриб чиқаверинглар. Мен бу масалаларнинг ҳаками бўлмайман.

16Каллия яҳудийларни маҳкамадан ҳайдаб чиқарди. 17Шунда оломон синагога қавмбошиси Состенни тутиб олди–да, маҳкаманинг олдида уни калтаклади. Аммо Каллия буларнинг биронтасига эътибор бермади.

 

Павлус қисқа муддатга Антиохияга қайтади

 

18Павлус Коринфда имонлилар билан узоқ вақт турди. Сўнг улар билан хайрлашиб, кемада Сурияга сузиб кетди. Акил билан Прискилла ҳам у билан бирга кетдилар. Павлус Худога онт ичгани учун Кенхреядан сузиб кетишдан олдин сочини олдирди. 19-21Улар Эфесга етиб келдилар. Павлус синагогага бориб, яҳудийлар билан мунозара ўтказди. Одамлар Павлусдан, биз билан узоқроқ қолинг, деб илтимос қилдилар. Аммо Павлус рози бўлмади. Кетишидан олдин эса уларга: “Худо хоҳиш билдирса, сизларнинг олдингизга қайтиб келаман”, деди. Шундан кейин Акил билан Прискиллани Эфесда қолдириб, ўзи кемада сузиб кетди.

22Павлус Қайсарияга етиб келгандан кейин, Қуддусга борди ва имонлилар жамоати билан кўришди. Шундан сўнг Антиохияга кетди. 23У ерда маълум вақт бўлгач, яна йўлга чиқди ва Галатия, Фригия ўлкаларини кезиб, барча имонлиларга далда берди.

 

Аполлос

 

24Шу пайтда Аполлос деган бир яҳудий Эфесга келди. У асли Искандариядан эди. У гапга чечан одам бўлиб, Муқаддас Битикларни жуда яхши биларди. 25У Раббимиз Исонинг йўлида таълим олган бўлиб, оташин руҳ билан гапирарди. Гарчи фақат Яҳёнинг сувга чўмдириш тўғрисидаги таълимотини билган бўлса–да, Исо ҳақида тўғри таълим берарди. 26Аполлос синагогада жасорат билан гапира бошлади. Прискилла билан Акил Аполлоснинг ваъзини эшитганларидан кейин, уни уйига таклиф қилиб, Худонинг йўлини янада аниқроқ тушунтириб бердилар. 27Аполлос Ахаяга боришга қарор қилди. Эфесдаги имонлилар Ахаядаги шогирдларга, Аполлосни яхши қабул қилсангизлар, деб мактуб ёздилар. Аполлос Ахаяга келгач, Худонинг инояти билан имонга келганларга катта ёрдам берди. 28Аполлос, Муқаддас Битиклар асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, қатъият билан яҳудийларнинг ноҳақлигини очиқчасига фош қиларди.

 

19–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлус Эфес шаҳрида

 

1Аполлос Коринфда экан, Павлус қирлар бўйлаб йўл юриб, Эфесга келди. Бу ерда у бир неча имонли биродарни топди. 2Павлус улардан: “Имонга келганларингизда, Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми?” деб сўради. Улар: “Йўқ, биз МуқаддасРуҳ борлигини ҳатто эшитмаганмиз”, деб жавоб бердилар. 3“Ундай бўлса, қай асосда сувга чўмдирилдингизлар?” деб сўради Павлус. “Яҳёнинг таълимотига кўра сувга чўмдирилдик”, деб жавоб берди улар. 4Шунда Павлус деди:

— Яҳё тавба қилганларни сувга чўмдирар эди. У Исроил халқига, мендан кейин келаётганга, яъни Исога, имон келтиринглар, деган эди.

5Улар бу гапни эшитиб, Раббимиз Исонинг номидан сувга чўмдирилдилар. 6Павлус уларга қўлини қўйган эди, Муқаддас Руҳ уларни қамраб олди. Улар бошқа тилларда гапириб, башорат қила бошладилар. 7Уларнинг ҳаммаси тахминан ўн икки киши эди.

8Павлус синагогага уч ой давомида бориб, жасорат билан халққа гапириб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишончли далиллар келтирди. 9Аммо баъзилари ишонишни рад қилдилар ва ҳамманинг олдида Исонинг йўли тўғрисида ёмон гапларни айтдилар. Павлус ёнига имонлиларни олиб, уларнинг ҳузуридан кетди. Ҳар куни у Тиран деган одамнинг маъруза залида мунозара ўтказадиган бўлди. 10Бу ҳолат икки йил давом этди, Асия аҳолисининг ҳаммаси — яҳудийлар ҳам, юнонлар ҳам Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитишди.

11Худо Павлус орқали ғаройиб мўъжизалар кўрсатар эди. 12Павлуснинг танасига теккан рўмолча ёки кийимлар хасталарга теккизилганда, улар хасталикларидан шифо топар, улардан ёвуз руҳлар чиқиб кетарди.

13-14Скева деган бир яҳудий бош руҳонийнинг етти ўғли бор эди. Улар ўлка бўйлаб кезиб, одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарар эдилар. Бир куни улар Раббимиз Исонинг номи билан шундай қилишга уриниб, ёвуз руҳга: “Павлус эълон қилаётган Исо номи билан буюрамиз: чиқиб кет!” дедилар. 15Ёвуз руҳ эса уларга: “Мен Исони биламан, Павлусни ҳам биламан, сизлар эса ким бўлибсизлар?” деб сўради. 16Ичида ёвуз руҳи бор одам уларга ташланди. Уларни шу қадар қаттиқ урдики, улар ўша уйдан яланғоч, ярадор ҳолда зўрға қочиб қутулдилар. 17Эфесда яшаган яҳудий ва юнонларнинг ҳаммаси бу воқеани эшитиб, қўрқувга тушдилар. Раббимиз Исонинг номи улуғланди. 18Шунингдек, имонга келганларнинг кўпчилиги қилмишларини очиқчасига эътироф этдилар. 19Афсунгарлик билан машғул бўлганларнинг бир қанчаси китобларини тўплаб, омманинг кўзи олдида ёқиб юбордилар. Бу китобларнинг қиймати ҳисобланганда, эллик минг кумуш танга чиқди. 20Шу тариқа Раббимиз ҳақидаги хабар ёйилиб, куч–қудрати ортиб бораверди.

21Шу ҳодисалар юз бергандан кейин, Павлус Македония ва Ахаядан ўтиб, Қуддусга боришни қарор қилди. “У ерга борганимдан кейин, Римни ҳам кўришим керак”, деди у. 22Шундай қилиб, у икки ёрдамчиси — Тимўтий билан Эрастни Македонияга юборди. Павлуснинг ўзи эса маълум вақт Асия вилоятида қолди.

23Аммо ўша пайтда Исонинг йўлига қарши қаттиқ ғала–ғовур бўлди. 24Димитрий деган бир заргар одам Артемиданинг маъбади тасвирини кумушдан ясаб, ҳунармандларга кўп фойда келтирарди. 25Димитрий бу соҳада ишлайдиган ҳамма ҳунармандларни чақириб, шундай деди:

— Биродарлар, биласизларки, биз шу ҳунар орқали яхши даромад оламиз. 26Сизлар фақат Эфесдагина эмас, балки бутун Асия вилоятида Павлус деган одамнинг қилаётганларини кўриб, эшитяпсизлар. Павлуснинг айтиши бўйича, қўлда ясалган худолар асло худолар эмасмиш. У кўпчиликни шунга ишонтириб, йўлдан уряпти. 27Шуниси хавфлики, бизнинг бу ҳунаримиз халқнинг назаридан қолиши мумкин. Фақат шугина эмас, балки бошқа хавф ҳам бор: буюк Артемиданинг маъбади ҳеч нарсага арзимас экан, деган фикрга олиб келади, бу маъбуданинг улуғворлиги барҳам топади. Ахир, унга Асия вилоятидаги ва бутун дунёдаги ҳамма одам топинади–ку!”

28Ҳунармандлар бу гапни эшитганларида, ғазабланиб: “Эфеснинг Артемидаси буюкдир!” деб шовқин–сурон кўтардилар. 29Шаҳарда тўс–тўполон бошланди. Халқ иккита Македонияликни — Гай билан Аристархни тутиб олиб, театр томонга шошилдилар. Иккалови Павлусга йўлда ҳамроҳ бўлиб келаётган эдилар. 30Павлус оломон олдига чиқмоқчи бўлган эди, имонлилар йўл қўймадилар. 31Ҳатто Павлуснинг дўстлари бўлган Асия вилоятининг баъзи амалдорлари хабар бериб, театрга киришга таваккал қилманг, деб илтимос қилдилар. 32Оломон саросимага тушган эди. Баъзилари бир нарса деб шовқин солса, бошқалари бошқа нарсани айтиб шовқин соларди. Уларнинг кўпчилиги нима учун йиғилганини билмасди. 33Яҳудийлар оломонга вазиятни тушунтирмоқчи бўлиб, Искандар деган бир одамни олдинга чиқардилар. Искандар қўли билан оломонга, жим бўлинглар, деган ишорани қилиб, ҳимоя нутқини айтишга ҳаракат қилди. 34Аммо халқ унинг яҳудий эканини билгач, ҳаммалари жўр бўлиб: “Эфесликларнинг Артемидаси буюкдир!” деб икки соатга яқин бақириб туришди. 35Аммо шаҳар котиби оломонни тинчлантиргач, шундай деди:

— Эй Эфесликлар! Буюк Артемида маъбадининг ва осмондан тушган ҳайкалининг сақловчиси Эфес шаҳри эканини ким билмайди?! 36Буларни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай экан, сизлар сукут сақлаб, ўйламасдан қадам босмаслигингиз керак. 37Бу одамлар маъбадни талон–тарож қилмаган ёки маъбудамизни ҳақорат қилмаган, сизлар эса уларни бу ерга олиб келибсизлар. 38Агар Димитрий билан унинг ҳунармандлари бирон одамни айблайдиган бўлса, маҳкамалар очиқ, қозилар бор, бир–бирига қарши айбловларни ўша ерда ҳукм қилишсин. 39Агар бошқа бир чора кўрмоқчи бўлсангиз, у аҳолининг қонуний йиғинида ҳал қилинади. 40Ахир, бугун юз берган воқеадан кейин бизни исёнда айблашлари мумкин. Бизда бу шовқин–суронни оқлайдиган бирон сабаб йўқ.

У шу гапларни айтиб, оломонни тарқатиб юборди.

 

20–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлус Македония ва Юнонистонда

 

1Шовқин–сурон босилгач, Павлус шогирдларни чақириб, уларга далда берди. Кейин улар билан хайрлашиб, Македонияга йўл олди. 2У босиб ўтган ҳамма шаҳарларда имонлиларга кўп далда берди. Сўнг Юнонистонга бориб, 3у ерда уч ой турди. У Сурияга сузиб кетмоқчи бўлган эди, яҳудийлар унга қарши фитна уюштираётганини билиб қолди. Шунинг учун Македония орқали қайтишга қарор қилди. 4Вериядан Пир ўғли Сосипатр, Салоникадан Аристарх ва Секунд, Дарвиядан Гай, Тимўтий, Асия вилоятидан Тихик ва Трофим Павлусга ҳамроҳ бўлдилар. 5Улар биздан олдин кетиб, Троасда бизни кутиб турган эдилар. 6Хамиртурушсиз нон байрамидан кейин биз Филиппидан сузиб кетдик. Беш кундан сўнг эса Троасда улар билан учрашиб, у ерда етти кун турдик.

 

Павлуснинг Троасга охирги сафари

 

7Ҳафтанинг биринчи куни биз Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдириш учун йиғилдик. Павлус одамларга ярим кечасигача гапирди. Эртаси куни у жўнаб кетишни режалаштирган эди. 8Биз йиғилган болохонада кўп чироқлар ёниб турарди. 9Евтух деган бир йигит дераза рахида ўтирган эди. Павлус гапини давом эттирар экан, Евтухни қаттиқ уйқу босди. Уйқу ғолиб келиб, Евтух учинчи қаватдан ерга йиқилди. Уни кўтарганларида, жон берган эди. 10Павлус пастга тушди, эгилиб, йигитни қучоқлади–да: “Хавотир олманглар, у тирик”, деди. 11Сўнгра Павлус яна болохонага қайтиб чиқди. Раббимизни хотирлаб, нон синдириб, овқатланди. Улар билан тонг отгунча суҳбатлашди, кейин йўлга чиқди. 12Шу орада бу йигитни уйига тирик олиб бордилар, имонлилар бу воқеадан ғоят тасалли топдилар.

 

Троасдан Митилинага

 

13Павлус Асса шаҳрига қуруқлик орқали кетишга қарор қилди. Қолганларимиз эса ундан олдин кемада сузиб кетдик. Павлус ўша шаҳарда кемага чиқиб, бизга қўшилади, деб режалаштирган эдик. Зотан, у бизга шундай қилишини айтган эди. 14Павлус биз билан Ассада учрашгандан кейин, уни кемага олиб, Митилина шаҳрига йўл олдик. 15Биз у ердан сузиб, эртаси куни Хиос ороли яқинига етиб бордик. Кейинги куни Самос оролига, унинг эртасига Милит шаҳрига етиб бордик. 16Павлус Асия вилоятида вақтни йўқотмаслик учун Эфесни четлаб ўтишга қарор қилди. Агар имконини топса, Ҳосил байрамидаҚуддусда бўлишни жуда истаётган эди.

 

Эфес оқсоқолларига Павлуснинг оташин нутқи

 

17Павлус Милитдан Эфесга хабар юбориб, имонлилар жамоатинингоқсоқолларига: “Менинг ҳузуримга келсангизлар”, деб илтимос қилди. 18Оқсоқоллар Павлуснинг ҳузурига келганларида, у оқсоқолларга деди:

— Мен Асия вилоятига келган биринчи кунимдан бошлаб сизларнинг орангизда қандай яшаганимни ўзларингиз биласизлар. 19Мен кўп кўз ёш тўкиб, камтарлик билан Раббимиз Исога хизмат қилдим. Яҳудийларнинг фитналари дастидан келган синовларни бошдан кечирдим. 20Ўзларингиз биласизлар, мен сизларга бирон фойда келтиришдан ўзимни олиб қочмадим. Балки уйма–уй юриб, таълим бердим, халқ олдида ваъз қилдим. 21Мен яҳудийларни ҳам, юнонларни ҳам, тавбага чақирдим. Худога юз буринглар, Раббимиз Исога имон келтиринглар, деб уларга жиддий насиҳат қилдим. 22Энди эса Муқаддас Руҳнинг асири бўлиб, Қуддусга отланяпман. У ерда менга нима бўлишини билмайман. 23Аммо мени қамоқ ва қувғинлар кутаётгани тўғрисида МуқаддасРуҳ ҳар бир шаҳарда огоҳлантириб келмоқда. 24Лекин ҳаётим ўзим учун ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблайман. Мен фақат вазифамни охирига етказишни ва Раббимиз Исо менга юклаган ишни тугатишни истайман. Бу иш Худонинг инояти тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилишдир.

25Мен ораларингизда бўлиб, Худонинг Шоҳлигини ваъз қилдим. Энди шуни биламанки, биронтангиз ҳам менинг юзимни бошқа кўрмайсизлар. 26Шунинг учун бугун сизларга шуни эълон қиламан: мен бировнинг ҳалокати учун масъул эмасман. 27Ахир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим. 28Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар, сурувни ҳам эҳтиёт қилинглар. Чунки Муқаддас Руҳ уларни сизнинг қарамоғингизга берган. Худонинг жамоатига чўпон бўлинглар. У бу жамоатни Ўзининг Ўғли қони эвазига сотиб олган. 29Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди. 30Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, шогирдларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар. 31Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар. 32Энди мен сизларни Худога ва Унинг марҳамати ҳақидаги хабар паноҳига топширдим. Бу хабар сизларга куч–қудрат бериб, жамики муқаддас қилинганлар орасида мерос беришга қодирдир. 33Мен ҳеч кимнинг кумуши ёки олтини, ё кийимига кўз олайтирмадим. 34Ўзларингиз биласизларки, ўзимни ва шерикларимни таъминлаш учун қўлларим билан меҳнат қилдим. 35Мен сизларга бу борада намуна бўлиб, заифларни қандай қўллаб–қувватлашимиз кераклигини кўрсатдим. Раббимиз Исо айтган шу сўзларини эслайлик: “Олмоқдан кўра бермоқ кўпроқ марҳаматланади.”

36Павлус гапини тугатгандан кейин, ҳамма билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди. 37Ҳаммалари йиғлаб, Павлусни бағриларига босдилар, у билан ўпишиб хайрлашдилар. 38Павлус: “Энди мени ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб айтгани учун улар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар. Улар Павлусни кемагача кузатиб бордилар.

 

21–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлуснинг Қуддусга саёҳати

 

1Биз улар билан хайрлашиб, кемага ўтирдик ва тўғри Кос оролига келдик. Эртаси куни Родос оролига, кейин эса Патара шаҳрига бордик. 2У ерда биз Финикияга кетаётган кемани топиб, ўша кемада сузиб кетдик. 3Кипрга яқинлашганимизда, бу оролни чап томонимизда қолдириб, Сурияга йўл олдик. Тирда кемадан юк туширмоқчи бўлганлари учун, биз қирғоқда қолдик. 4Исонинг у ердаги шогирдларини қидириб топдик ва улар билан бир ҳафта қолдик. Улар Муқаддас Руҳ қудрати билан Павлусга, Қуддусга борманг, деб айтдилар. 5Бу ерда вақтимиз охирлаб қолгач, йўлга чиқиб, сафаримизни давом эттирдик. Имонлиларнинг ҳаммаси, хотинлари ва бола–чақалари билан бирга бизни шаҳар ташқарисигача кузатиб чиқди. Денгиз бўйида тиз чўкиб, ибодат қилдик. 6Сўнг бир–биримиз билан хайрлашдик. Биз кемага чиқдик, улар ҳам уйларига қайтиб кетдилар.

7Биз Тирдан саёҳатни давом эттириб, Птолемей шаҳрига келдик. У ердаги имонлиларни зиёрат этиб, бир кун ёнларида қолдик. 8Эртаси куни йўлга чиқиб, Қайсарияга келдик. Хушхабарчи Филиппнинг уйига бориб уникида қолдик. Филипп озиқ–овқат тақсимлаш учун сайланган етти кишидан бири эди. 9Филиппнинг тўртта турмушга чиқмаган қизи бўлиб, уларга башорат қилиш инъоми берилган эди. 10У ерда бир неча кун бўлганимиздан кейин, Яҳудиядан Агав деган пайғамбар келди. 11У бизнинг олдимизга келди ва Павлуснинг камарини олиб, ўзининг оёқ–қўлларини боғлади–да, шундай деди:

— МуқаддасРуҳ демоқда: мана бу камарнинг эгасини яҳудийлар Қуддусда худди шу сингари боғлаб, уни ғайрияҳудийлар қўлига топширадилар.

12Бу гапни эшитганимиздан кейин биз ҳам, у ердаги одамлар ҳам Павлусга, Қуддусга борманг, деб ялиниб–ёлвордик. 13Шунда Павлус қуйидагича жавоб берди:

— Нима қиляпсизлар? Нимага йиғлаб, юрагимни сиқяпсизлар? Мен фақат оёқ–қўлларим боғланишига эмас, балки Раббимиз Исонинг номи учун Қуддусга бориб ўлишга ҳам тайёрман.

14Биз Павлусни кўндира олмаганимиздан кейин, “Раббимиз истаганидай бўлсин”, деб жим қолдик. 15Бу ерда маълум вақт бўлганимиздан кейин, биз тайёргарлигимизни кўриб, Қуддусга йўл олдик. 16Қайсариядан Исонинг баъзи шогирдлари биз билан бирга бордилар. Улар бизни Исонинг дастлабки шогирдларидан бўлган Кипрлик Минасоннинг уйига олиб келдилар. Биз унинг хонадонида қолдик.

17Қуддусга келганимизда, имонлилар бизни хурсандчилик билан қабул қилдилар. 18Кейинги куни Павлус биз билан бирга Ёқубни кўргани борди. Барча жамоатоқсоқоллари ҳам у ерда йиғилишган эди. 19Павлус улар билан саломлашгандан кейин, ўзининг хизмати орқали ғайрияҳудийлар орасида Худо қилган ишларни батафсил ҳикоя қилиб берди. 20Улар бу гапларни эшитиб, Худога ҳамду сано айтдилар. Кейин Павлусга дедилар:

— Биродаримиз Павлус, кўриб турибсизки, яҳудийлар орасида бир неча минг одам имонга келган. Уларнинг ҳаммаси қонунга чин дилдан ўзларини бағишлаганлар. 21Уларнинг эшитишича, сиз ғайрияҳудийлар орасида яшаётган ҳамма яҳудийларга, Мусонинг қонунидан воз кечинглар, болаларингизни суннат қилманглар, яҳудийларнинг урф–одатларига риоя қилманглар, деб таълим берган экансиз. 22Энди нима бўлади? Сизнинг келганингизни улар албатта эшитадилар. 23Энди бизнинг айтганларимизни қилинг. Орамизда назр атаган тўртта одам бор. 24Шу одамларни ёнингизга олиб, улар билан бирга покланиш маросимида иштирок этинг. Улар сочларини олдирганларида талаб қилинган покланиш қурбонлигининг харажатларини ўзингиз тўланг. Шундай қилиб, сиз тўғрингизда айтилган гаплар ҳақиқат эмаслигини, сиз эса Мусонинг қонунига риоя қилган ҳолда яшаётганингизни ҳамма билиб олади. 25Имонли ғайрияҳудийларга келсак, бир қанча вақт олдин биз уларга мактуб жўнатиб, қуйидаги қароримизни маълум қилган эдик: “Бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини тановул қилишдан ҳамда зинодан ўзларингизни тийинглар.”

26Эртаси куни Павлус ўша одамларни ёнига олиб, улар билан бирга ўзини поклади. Сўнг Маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини, ҳар бир одам учун қачон қурбонлик келтирилишини эълон қилди.

 

Павлус Маъбадда қамоққа олинади

 

27Етти кунлик маросим охирлаб қолган эди. Асия вилоятидан келган яҳудийлар Павлусни Маъбадда кўриб қолдилар. Улар оломонни қайраб, Павлусни ушладилар.

28— Эй Исроил халқи! Ёрдам беринглар! — деб шовқин солди улар. — Манави одам ҳамма жойда бизнинг халқимизга, қонунимизга, Маъбадга қарши таълим бериб юради. Бунинг устига, у юнонларни Маъбадга олиб келиб, бу муқаддас жойни булғади!

29Бундай дейишларига сабаб, бундан олдин улар Эфеслик Трофимни шаҳарда Павлус билан бирга кўришган бўлиб, “Павлус ўша ғайрияҳудийни Маъбадга олиб кирди”, деб ўйлаган эдилар.

30Бутун шаҳар оёққа турди, халқ биргалашиб ҳаракатга келди. Улар Павлусни тутиб, Маъбаддан судраб чиқариб ташладилар. Ўша заҳоти Маъбад эшиклари ёпилди. 31Оломон энди Павлусни ўлдирмоқчи бўлиб турган эди, Рим лашкарининг мингбошисига: “Бутун Қуддус оёққа турди”, деган хабар етиб келди. 32Мингбоши ўша заҳоти аскарлари ва юзбошиларни олиб, оломон томонга югуриб кетди. Оломон мингбоши билан унинг аскарларини кўргач, Павлусни калтаклашни бас қилдилар. 33Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, уни қамоққа олди ва иккита кишан билан боғлашни буюрди. Сўнгра у: “Бу одам ким? У нима қилди?” деб сўради. 34Оломон орасидан баъзилари бир нималар деб шовқин солди, бошқаси яна нималардир деди. Ғала–ғовур бўлганидан мингбоши нима юз берганини аниқ била олмади. Шунинг учун у Павлусни қалъага олиб боришни буюрди. 35Павлус зинапояга келганда, оломон шунчалик жунбишга келдики, аскарлар Павлусни кўтариб кетишларига тўғри келди. 36Оломон Павлуснинг ортидан эргашиб: “Унга ўлим!” деб шовқин соларди.

37Аскарлар Павлусни қалъага олиб кираётганларида, у мингбошига: “Сизга бир нарсани айтсам мумкинми?” деди.

— Юнонча биласанми?! — деб ҳайрон қолди мингбоши. — 38Бир қанча вақт олдин исён бошлаб, тўрт минг қуролланган каллакесарни саҳрога олиб чиққан Мисрлик мабодо сен эмасмисан?

39— Мен яҳудийман, Киликиядаги Таршиш шаҳриданман, — деди Павлус. — Ўша муҳим шаҳарнинг фуқаросиман. Илтимос, халққа гапиришимга ижозат беринг.

40Мингбоши Павлусга ижозат бергач, у зинапояда туриб, одамларга қўли билан: “Жим бўлинглар!” деган ишорани қилди. Одамлар тинчлангандан кейин, Павлус уларга оромий тилида гапира бошлади:

 

22–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

1“Биродарларим, оталар! Гапимга қулоқ солинглар, сизларнинг олдингизда ўзимни оқлай.” 2Одамлар унинг оромийча гапираётганини эшитиб, сув қуйгандай жим бўлиб қолдилар. Павлус гапида давом этди: 3“Мен яҳудийман, Киликиядаги Таршишда туғилганман, аммо Қуддусда улғайдим. Бу шаҳарда Гамалиэлнинг шогирди бўлиб, ота–боболаримизнинг қонунига жиддий эътибор бериб таълим олдим. Худди бугунгидай сизларга ўхшаб, Худога ўзимни бағишладим. 4Исонинг йўлига кирган одамларни ўлгудай қувғин қилардим, эркагу аёлни боғлаб, зиндонга ташлардим. 5Айтаётганларим ҳақиқат эканини олий руҳоний билан бутун Кенгаш тасдиқлай олади. Улар Дамашқдаги яҳудий биродарларимизга хат ёзиб бердилар. Шундай қилиб, мен бу одамларни кишанлаб, Қуддусга олиб келиб жазолаш учун Дамашққа жўнадим.

 

Павлус ўзининг имонга келиши тўғрисида сўзлаб беради

 

6Мен йўлимда давом этиб, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, туш пайти бирдан осмондан ёп–ёруғ нур менинг ён–атрофимни ёритиб юборди. 7Мен ерга йиқилдим. Шу пайт: ‘Шоул! Шоул! Нега сен Мени қувғин қиляпсан?’ деб менга гапираётган бир овозни эшитдим. 8‘Ё Ҳазратим! Сен кимсан?’деб сўрадим. Шунда У менга: ‘Сен қувғин қилаётган Носиралик Исоман’, деб жавоб берди. 9Менинг ёнимдагилар нурни кўрардилару аммо мен билан гаплашаётганнинг овозини эшитмасдилар. 10Шунда мен: ‘Ё Раббим Исо, нима қилай?’ деб сўрадим. Раббий менга шундай деди: ‘Ўрнингдан тур, Дамашққа бор. Нима қилишинг кераклигини Худо белгилаб қўйган. Ҳамма нарса ўша ерда сенга айтилади.’ 11Ўша нурнинг ярқирашидан кўзларим кўрмай қолган эди. Шунинг учун ҳамроҳларим қўлларимдан ушлаб, мени Дамашққа олиб кетдилар.

12Ўша шаҳарда Ҳанания деган бир тақводор, қонунга итоат этадиган одам бор эди. У ўша шаҳардаги ҳамма яҳудийлар орасида катта обрўга эга эди. 13Ҳанания олдимга келиб, ёнимда турди–да: ‘Биродарим Шоул! Кўзларинг яна очилсин!’ деди. Ўша заҳоти кўзларим очилиб, Ҳананияни кўрдим. 14Шунда у деди: ‘Ота–боболаримизнинг Худоси сени танлади. Токи сен Унинг хоҳишини билгин, Солиҳ Зотни кўриб, Унинг овозини эшитгин. 15Сен кўриб–эшитганларинг тўғрисида бутун оламга Унинг гувоҳи бўласан. 16Энди нимани кутяпсан? Ўрнингдан тур, сувга чўмгин. Раббимизга илтижо қилиб, гуноҳларингни ювгин.’

17Мен Қуддусга қайтиб келганимдан кейин, Маъбадда ибодат қилаётганимда, менга бир ваҳий келди. 18Мен Раббим Исони кўрдим, У шундай деди: ‘Тез бўл, Қуддусдан зудлик билан кет! Бу ердаги одамлар Мен тўғримда берган гувоҳлигингни қабул қилмайдилар.’ 19Мен эса: ‘Ё Раббий! — дедим. — Мен синагогаларга бориб, Сенга ишонган одамларни қамаб, калтаклаганимни улар яхши биладилар. 20Шоҳидинг Стефан ўлдирилганда, мен ўша ерда эдим, унинг ўлдирилишини маъқуллаб, уни ўлдираётганларнинг кийимларига пойлоқчилик қилиб турган эдим.’ 21Раббим Исо менга: ‘Кетавер’, — деди. — Сени узоқдаги ғайрияҳудийларнинг олдига юбораман.’”

22Халқ Павлусга қулоқ солиб турди. Аммо у шу гапини айтиши биланоқ, улар овози борича, шовқин солди:

— Йўқотинглар уни! Ўлдиринглар! У яшашга лойиқ эмас!

23Улар бақир–чақир қилиб, кийимларини отиб, ҳавони чанг–тўзон қилиб юбордилар. 24Рим мингбошиси одамларига:

— Павлусни қалъага олиб киринглар! — деб буйруқ берди. Сўнгра у яна одамларига:

— Уни қамчиланглар! Нима учун одамлар унга қарши бақир–чақир қилганини билинглар! — деди.

25Павлусни қамчилаш учун боғлаётганларида, Павлус ўша ерда турган юзбошига деди:

— Рим фуқаросининг бирон айби топилмаган бўлса ҳам, уни қамчилаш сизларнинг қонунингизда борми?

26Юзбоши бу гапни эшитиб, мингбошининг олдига борди–да:

— Нима қилмоқчисиз? Ахир, бу одам Рим фуқароси экан–ку! — деди.

27Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, ундан:

— Менга айт–чи, сен Рим фуқаросимисан? — деди.

— Ҳа, — деб жавоб берди Павлус.

28Мингбоши:

— Мен катта миқдорда пул тўлаб, фуқароликни олган эдим, — деди.

— Мен эса Рим фуқароси бўлиб туғилганман, — деди Павлус.

29Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлиб турганлар ўша заҳоти ундан қўлларини тортдилар. Мингбоши Павлуснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, уни кишанлагани учун қўрқиб кетди.

 

Павлус Олий кенгаш олдида

 

30Яҳудийлар Павлусни нима учун айблаётганларини мингбоши билмоқчи бўлди. Эртаси куни у Павлусни озод қилди ва “бош руҳонийлар билан Олий кенгаш аъзолари йиғилсин”, деб буюрди. Мингбоши Павлусни уларнинг қошига олиб келди.

 

23–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

1Павлус Олий кенгаш аъзоларига диққат билан қараб шундай деди:

— Биродарлар! Шу кунгача мен Худо олдида тоза виждон билан яшадим.

2Олий руҳоний Ҳанания Павлуснинг ёнида турганларга: “Унинг оғзига уринглар!” деб буюрди. 3Павлус унга деди:

— Худо албатта сени уради, эй оқланган девор! Сен қонунга кўра мени ҳукм қилгани ўтирибсан. Энди қонунни бузиб, мени уришга амр беряпсанми?!

4Павлусга яқин турган одамлар:

— Сен ҳали Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?! — дедилар.

5— Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканини билмабман, — деди Павлус. — Муқаддас Битикларда: “Ўз халқинг йўлбошчиси тўғрисида ёмон гапирмагин”, деб айтилган.

6Павлус билдики, бу ердагиларнинг баъзилари саддуқийлар, бошқалари фарзийлар экан. У Олий кенгашга қараб даъват қилди:

— Биродарлар! Мен фарзийман, фарзийнинг ўғлиман. Ўликлар тирилади, деб умид қилганим учун, мени ҳукм қиляптилар.

7Павлус шу гапларни айтгач, фарзийлар ва саддуқийлар баҳслаша бошладилар, гуруҳ иккига бўлинди. 8Саддуқийлар, тирилиш ҳам, фаришта ҳам, руҳ ҳам йўқ, деб айтардилар, фарзийлар эса учаласига ҳам ишонардилар. 9Шунда шовқин–сурон авжига чиқди. Фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари ўринларидан туриб, қаттиқ эътироз билдирдилар:

— Биз бу одамда бирон айб топмадик. Эҳтимол, руҳ ёки фаришта унга гапирган бўлиши мумкин.

10Баҳс шу даражада кучайиб кетдики, мингбоши: “Павлусни тилка–пора қилишмасайди”, деб қўрқиб кетди. Шундан кейин у аскарларга: “Пастга тушинглар, Павлусни зудлик билан олиб чиқиб, қалъага олиб киринглар!” деб буюрди.

11Ўша куни тунда Павлуснинг олдига Раббимиз Исо келиб, шундай деди: “Дадил бўл! Сен Қуддусда Мен учун гувоҳлик берган эдинг, энди Римда ҳам гувоҳлик беришинг керак.”

 

Павлусга қарши фитна

 

12Эрталаб бир неча яҳудийлар йиғилиб, фитна қўзғадилар. Улар: “Павлусни ўлдирмагунимизча еб–ичмаймиз”, дея қасам ичдилар. 13Қасам ичганлар қирқ кишидан ортиқ эди. 14Шундан кейин улар бош руҳонийлар билан оқсоқолларнинг олдига бориб айтдилар:

— Биз, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қатъий қасам ичдик. 15Энди сизлар ва Олий кенгаш аъзолари мингбошига: “Павлусни бизнинг ҳузуримизга олиб кел, у тўғрида маълумотларни яхшироқ текшириб кўрмоқчимиз”, деб буюринглар. Павлус ҳузурингизга етиб келмасидан олдин уни ўлдирамиз.

16Павлуснинг жияни, яъни синглисининг ўғли бу фитна ҳақида эшитиб қолди. У қалъага бориб, Павлусга бу тўғрида айтиб берди. 17Павлус юзбошилардан биттасини чақирди–да, шундай деди: “Манави йигитни мингбошининг олдига олиб бор. У мингбошига бир нарса тўғрисида хабар бермоқчи.” 18Юзбоши йигитни мингбошининг олдига олиб бориб, деди:

— Маҳбус Павлус мени чақириб, манави йигитни сизнинг олдингизга олиб келишимни илтимос қилди. Унинг сизга айтадиган гапи бор экан.

19Мингбоши йигитни қўлидан ушлаб бир четга олиб ўтди–да, сўради:

— Менга нима тўғрисида хабар бермоқчисан?

20У шундай жавоб берди:

— Яҳудийлар сиздан: “Эртага Павлусни Олий кенгашга олиб келинг”, деб илтимос қилишга келишиб олишди, гўё Олий кенгаш Павлус тўғрисидаги маълумотларни аниқроқ қилиб текширишар эмиш. 21Аммо уларга қулоқ солманг! Қирқтадан кўпроқ одам яшириниб, Павлусни кутиб ётибди. Улар, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қасамёд қилганлар. Улар ҳозир тайёр бўлиб, сизнинг қарорингизни кутяптилар.

22Мингбоши йигитга:

— Менга берган хабарингни биронтасига айта кўрма! — деди. Сўнг унга рухсат берди.

 

Павлус ҳоким Феликс ҳузурида

 

23Мингбоши юзбошилардан иккитасини ёнига чақириб, деди:

— Оқшом соат тўққизда Қайсарияга кетиш учун икки юзта пиёда аскарни, етмишта отлиқ аскарни, икки юзта найзабардорларни тайёр қилиб қўйинглар. 24Павлусни ҳам отга миндириб олинглар. Уни ҳоким Феликс олдига эсон–омон олиб боринглар.

25Мингбоши қуйидаги мазмунда мактуб ёзди: 26“Кладиус Лисийдан ҳоким Феликс жаноби олийларига саломлар! 27Яҳудийлар бу одамни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлдилар. У Рим фуқароси эканини билганимдан кейин, мен аскарларим билан бирга бориб, уни қутқариб қолдим. 28Унинг қандай айби бор эканлигини билмоқчи бўлиб, уни яҳудийларнинг Олий кенгашига олиб келдим. 29Мен шуни билдимки, у яҳудийларнинг қонунига оид масалаларда айб қилинган экан. Аммо ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган. 30Бу одамга қарши фитна уюштирилаётганидан хабар топганимдан кейин, ўша заҳоти уни сизнинг ҳузурингизга юборишга қарор қилдим. Унинг айбловчиларига ҳам, даъволарингизни ҳоким Феликсга бориб айтинглар, дедим.”

31Шундай қилиб, аскарлар мингбошининг кўрсатмасига мувофиқ, Павлусни олиб, тун бўйи юриб, Антипатрисга олиб келдилар. 32Эртаси куни отлиқ аскарлар Павлус билан бирга йўлда давом этди, қолганлар эса қалъага қайтиб келдилар. 33Отлиқ аскарлар Қайсарияга етиб келганларидан кейин, ҳокимга мактубни бердилар, Павлусни ҳам ҳокимга рўпара қилдилар. 34Ҳоким мактубни ўқиб бўлиб, Павлусдан: “Сен қайси вилоятдансан?” деб сўради. Павлуснинг Киликиядан эканини билгач, 35ҳоким: “Айбловчилар келганларидан кейин, сени эшитаман”, деди. Шундан кейин ҳоким: “У Ҳироднинг қароргоҳида ушлаб турилсин”, деб буйруқ берди.

 

24–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлусга қарши далиллар

 

1Беш кун ўтгач, олий руҳоний Ҳанания бир неча оқсоқоллар ва Тертулл деган бир ҳуқуқшунос билан бирга Қайсарияга келди. Улар Павлусга қарши арзларини ҳокимга баён қилмоқчи бўлдилар. 2Павлусни чақириб келтирганларидан кейин, Тертулл уни айблай бошлади:

3— Жаноби олийлари! Сизнинг доно раҳбарлигингиз остида биз анчадан буён тинч–хотиржам яшаяпмиз, узоқни кўра билишингиз шарофати билан халқимиз учун ислоҳотлар амалга оширилди. Биз буни ҳамма жойда ва ҳар доим эътироф этамиз, сиздан чуқур миннатдормиз. 4Мен сизнинг вақтингизни кўп олмоқчи эмасман, марҳаматингизни дариғ тутмай, бизнинг қисқа ахборотимизга қулоқ солишингизни илтимос қиламан. 5Биз аслида бу одамни вабо сингари хавфли деб биламиз. У дунёдаги ҳамма яҳудийлар орасида исён бошлади. У насронийлар мазҳабининг раҳнамосидир. 6У ҳатто Маъбадни булғашга ҳаракат қилди. Шунинг учун биз уни ҳибсга олдик[3]. 8Бу одамни ўзингиз сўроқ қилсангиз, биз уни нимада айблаётганимизни унинг ўзидан билиб оласиз.

9Яҳудийлар бу айбловларга қўшилиб, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат, деб айтдилар.

 

Павлуснинг Феликс ҳузуридаги ҳимоя нутқи

 

10Ҳоким Павлусга, гапир, деб ишора қилгандан кейин, у шундай жавоб берди:

— Биламан, сиз анча йиллардан бери бу халқ устидан ҳукмрон бўлиб келасиз. Шунинг учун ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганимдан хурсандман. 11Ўзингиз билиб олишингиз мумкин: Худога сажда қилгани Қуддусга борганимга ўн икки кундан ошгани йўқ. 12Мен Маъбадда бирон одам билан тортишиб қолганимни ёки синагогаларда, ё бўлмаса шаҳарда оломон орасига ғулғула солганимни улар кўрганлари йўқ. 13Қолаверса, ҳозир менга қарши айтаётган айбловларини улар исботлаб бера олмайдилар. 14Аммо шуни тан олишим керакки, улар Исонинг йўлини сохта эътиқод деб айтишади. Мен эса Исонинг йўли орқали ота–боболаримизнинг Худосига сажда қиламан. Тавротга мос келган ва пайғамбарлар битикларида ёзилган ҳар бир сўзга мен ишонаман. 15Мен мана шу одамлар сингари Худога умид боғлаганман. Мен ҳам улардай Худо солиҳларни ва фосиқларни тирилтиришига ишонаман. 16Айни шу сабабдан Худо ва халқ олдида мен доим виждонимни соф сақлашга тиришаман. 17Мана, Қуддусда бўлмаганимга бир неча йил бўлди, энди халқимга садақа бериш ва назр қилиш учун Қуддусга боргандим. 18Мен шуларни бажараётганимда, улар мени Маъбадда кўриб қолдилар. Мен покланиш маросимини адо этаётган эдим, ёнимда оломон йўқ эди, шовқин–сурон ҳам кўтармаган эдим. 19Асия вилоятидан бўлган бир неча яҳудийлар ўша ерда эдилар. Агар уларнинг менга қарши бирон даъволари бўлса, улар ўзлари сизнинг ҳузурингизга келиб, ўз айбловларини билдиришлари керак. 20Ёки бу ердагилар айтишсин, мен Олий кенгаш аъзолари олдида турганимда менда қандай жиноят топдилар экан? 21Мен уларнинг олдида турганимда, баланд овозда: “Mен ўликлар тирилади, деб айтганим учун бугун олдингизда ҳукм қилиняпман”, деб айтган эдим. Бундан бошқа нима айбим бор?

22Исонинг йўли тўғрисида батафсил хабардор бўлган Феликс йиғилишни тўхтатиб: “Мингбоши Лисий келгандан кейин, сенинг ишинг тўғрисида қарор қабул қиламан”, деди. 23Феликс юзбошига: “Уни қамаб қўй, аммо унга озгина эркинлик бер, унинг эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқчи бўлган дўстларига ижозат бер”, деб буйруқ берди.

 

Павлус Феликс ва Друсилла ҳузурида

 

24Бир неча кундан кейин Феликс хотини Друсилла билан келди. Друсилла яҳудий эди. Феликс Павлусни чақиртириб келди ва Исо Масиҳга ишонч тўғрисидаги гапларини тинглади. 25Павлус солиҳлик, нафсни тийиш, қиёмат кунининг келиши тўғрисида гапирар экан, Феликс қўрқиб, деди:

— Сен энди боравер. Имкон топилган заҳоти, сени чақираман.

26Феликс: “Павлус менга пора беради”, деб умид қиларди, шунинг учун Павлусни тез–тез чақириб, у билан суҳбатлашарди.

27Орадан икки йил ўтгач, Феликснинг ўрнига Порций Фестус ҳоким бўлди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусни қамоқда қолдирди.

 

25–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлус ҳоким Фестус ҳузурида

 

1Фестус Яҳудия вилоятига ҳоким бўлиб келгандан кейин уч кун ўтгач, ҚайсарияданҚуддусга борди. 2У ерда бош руҳонийлар ва яҳудий йўлбошчилари Павлусга қарши далилларни ҳоким Фестусга баён қилдилар. Улар Фестусдан: 3“Павлусни Қуддусга чақиртирсангиз”, деб илтимос қилдилар. Aслида улар йўлда Павлусга суиқасд қилишни режалаштирган эдилар. 4Фестус уларга шундай жавоб берди:

— Павлус Қайсарияда қамоқда, мен ҳадемай ўша ерга қайтиб бораман. 5Йўлбошчиларингиз мен билан бирга Қайсарияга борсин. Агар Павлус бирон ёмон иш қилган бўлса, майли, уни айбласинлар.

6Фестус саккиз–ўн кунча улар билан бирга бўлиб, кейин Қайсарияга қайтди. Эртаси куни у ҳукм курсисига ўтириб: “Павлус олиб келинсин!” деб буюрди. 7Павлус келгач, Қуддусдан келган яҳудийлар уни ўраб олдилар ва унга қарши жиддий айбловларни қўя бошладилар. Ўзлари эса бу айбларни исботлай олмасдилар. 8Аммо Павлус ўзини ҳимоя қилиб, шундай деди:

— Мен яҳудийлар қонунига ёки Маъбадга, ё Қайсарга қарши бирон нотўғри иш қилмадим.

9Фестус эса яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусдан сўради:

— Қуддусга бориб, ўша ерда менинг олдимда сенгга қўйилган шу айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?

10— Мен Қайсарнинг маҳкамасида турибман, мен шу ерда ҳукм қилинишим керак. Мен яҳудийларга қарши бирон нотўғри иш қилмадим, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. 11Агар мен қонунга хилоф бирон иш қилиб, ўлимга лойиқ бўлсам, ўлимдан қутулиш учун ҳаракат қилмайман. Агар бу одамларнинг менга қарши айбловлари ёлғон бўлса, ҳеч ким мени уларнинг қўлига топширишга ҳақли эмас. У ҳолда мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қиламан.

12Фестус ўз маслаҳатчилари билан кенгашиб олгач, Павлусга:

— Сен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилдинг, энди Қайсарнинг олдига борасан, — деди.

 

Павлус шоҳ Агриппа ва Верника ҳузурида

 

13Бир неча кун ўтгандан кейин, шоҳ Агриппа билан Верника Қайсарияга Фестус ҳузурига ташриф буюрдилар. 14Улар бир неча кун шу ерда турдилар. Павлуснинг аҳволини Фестус шоҳга тушунтирди:

— Бу ерда бир одам бор, Феликс уни қамоқда қолдирган эди. 15Қуддусда бўлганимда бош руҳонийлар билан яҳудий оқсоқоллари ўша одам тўғрисида менга ахборот бердилар ва “Уни ўлимга маҳкум қилинг”, деб мендан илтимос қилдилар. 16Мен уларга шундай деб айтдим: “Римликларнинг одати бўйича ҳеч ким сўроқ қилинмасдан жазоланиш учун айбловчининг қўлига топширилмайди. Айбланувчига айбловчилар билан юзма–юз учрашиб, ўзини ҳимоя қилиш имконияти берилади.” 17Бош руҳонийлар ва оқсоқоллар бу ерга келганларида, мен вақтни бой бермай, эртаси куниёқ ҳукм курсисига ўтирдим–да, Павлусни олиб келинглар, деб буюрдим. 18Лекин Павлуснинг рақиблари уни мен кутган жиноятларда айбламадилар. 19Бунинг ўрнига улар ўзларининг дини тўғрисида, ўлиб кетган қандайдир Исо тўғрисида Павлус билан баҳс қилдилар. Павлус, Исо тирикдир, деб тасдиқлайверди. 20Бу масалаларни қандай ҳал қилсам экан, деб бошим қотиб қолди. Мен Павлусдан: “Қуддусга бориб, ўша ерда ўзингга қўйилган айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?” деб сўрадим. 21Аммо Павлус, мен император жаноби олийлари қарор чиқармагунча қамоқда қоламан, деди. Шунинг учун мен: “Павлусни Қайсарнинг ҳузурига жўнатгунимча, у қамоқда сақлансин”, деб буйруқ бердим.

22Агриппа Фестусга:

— Ўша одамнинг гапларини мен ўзим эшитишни хоҳлайман, — деди.

— Эртага унинг гапларини эшитасиз, — деб жавоб берди Фестус.

23Эртаси куни Агриппа билан Верника дабдаба билан келиб, мингбошилар, шаҳарнинг юқори мартабали одамлари билан бирга йиғин залига кирдилар. Фестус: “Павлус олиб келинсин!” деб буйруқ берди.

24— Шоҳ Агриппа жаноблари! Бу ерда ҳозир бўлганлар! — деди Фестус. — Манави одамни кўриб турибсизлар. Шу ердаги ва Қуддусдаги ҳамма яҳудийлар бу одамга қаршидир. Улар менга шикоят қилиб: “Бу одам яшашга лойиқ эмас!” деб шовқин солмоқдалар. 25Аммо менинг назаримда бу одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган. У император жаноби олийларининг ҳукмини талаб қилгани учун, уни Римга юборишга қарор қилдим. 26Аммо у тўғрида император жаноби олийларига ёзишим учун аниқ бир нарса йўқ. Шунинг учун мен бу одамни сизларнинг ҳузурингизга, хусусан шоҳимиз Агриппа жаноби олийлари, сизнинг ҳузурингизга олиб келдим. Бу масалани кўриб чиққанимиздан кейингина, мен бирон нарса ёзишим мумкин. 27Маҳбусга қарши айбловларни аниқ кўрсатмай туриб, уни императорга юбориш мен томондан ақлсизлик бўлар эди.

 

26–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлус шоҳ Агриппа олдида ўзини оқлайди

 

1Агриппа Павлусга:

— Ўзингни ҳимоя қилиб гапиришинг мумкин, — деди. Шундан кейин Павлус қўлини чўзиб, ўзини ҳимоя қилиб гапира бошлади:

2— Шоҳ Агриппа жаноби олийлари! Бугун мана бу яҳудийлар менга қўяётган айблардан ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганим учун бахтиёрман. 3Ахир, яҳудийларнинг одатлари ва баҳсларини сиз жуда яхши биласиз. Сиздан илтимос, марҳамат қилиб менинг гапимни эшитсангиз.

4Ёшлигимдан босиб ўтган ҳаёт йўлимни — дастлаб ўз халқим орасида, кейин Қуддусда кечирган ҳаётимни ҳамма яҳудийлар биладилар. 5Агар улар гувоҳлик беришни истасалар, динимизнинг энг ашаддий мазҳаби фарзийларга мансуб бўлганимни улар азалдан биладилар. 6Энди эса, Худонинг ота–боболаримизга берган ваъдасига умид қилганим учун ҳукм қилиняпман. 7Ваҳоланки, халқимизнинг ўн икки қабиласи кечаю кундуз Худoга чин дилдан сажда қилиб, шу ваъда бажо бўлишига умид қиляптилар. Жаноби олийлари, мен ҳам айнан шундай умид қилганим учун яҳудийлар мени айблаяптилар. 8Эй шу ерда турганлар! Нима учун Худо ўликларни тирилтиришига ишониб бўлмайди, деб ўйлайсизлар?

9Мен ўзимча, Носиралик Исонинг номига қарши ҳар нарсани қилишим керак, деб ўйлагандим. 10Мен буни Қуддусда қилдим ҳам. Бош руҳонийлардан ваколат олиб, азизлардан кўпчилигини қамоққа ташладим. Улар ўлимга ҳукм қилинганларида, мен буни маъқуллаб турардим. 11Мен тез–тез бир синагогадан иккинчисига бориб, уларни жазолардим, имонларидан қайтаришга ҳаракат қилардим. Мен уларга нисбатан шунчалик шафқатсиз эдимки, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам уларни қувғин қилгани борардим.

12Бир куни шу мақсадда бош руҳонийлардан ваколат олиб, Дамашққа бир топшириқ билан кетаётган эдим. 13Жаноби олийлари! Мен куппа–кундуз йўлда кетаётганимда, бирдан осмонда қуёшдан ҳам ёруғ нурни кўрдим. Нур шерикларим билан менинг ён–атрофимни ёритиб юборди. 14Ҳаммамиз ерга йиқилдик. Шунда оромий тилида менга гапираётган бир овозни эшитдим: “Шоул! Шоул! Нимага Мени қувғин қиляпсан? Ҳўкиз ўз эгасининг таёғини тепиб, ўзига зарар келтиргандай, сен ҳам Менга қарши чиқиб, ўзингга зарар келтиряпсан.” 15“Ҳазратим! Сен кимсан?” — деб сўрадим мен. “Сен қувғин қилаётган Исоман”, — деб жавоб берди Раббий. 16“Энди ўрнингдан тур, Шоул. Сени Ўзимнинг хизматкорим қилиб тайинлаш мақсадида сенга зоҳир бўлдим. Сен Мени кўрганинг ва Мен сенга кўрсатадиганларим тўғрисида гувоҳлик берасан. 17Мен сени ўз халқинг қўлидан қутқараман. Сени ғайрияҳудийлар орасига юбораман, Мен сени уларнинг қўлидан ҳам қутқараман. 18Сен уларнинг кўзларини очасан, уларни зулматдан ёруғликка, шайтоннинг ҳукмронлигидан Худонинг ҳукмронлигига қайтарасан. Менга имон келтириш орқали уларнинг гуноҳлари кечирилиб, улар Худонинг танланган халқи орасидан жой оладилар.”

19Шундай қилиб, шоҳ Агриппа жаноблари, осмондан менга келган ваҳийга итоатсизлик қилмадим. 20Аввало, Дамашқда ва Қуддусда, кейин бутун Яҳудияда, шунингдек, ғайрияҳудийлар орасида: “Гуноҳларингиз учун тавба қилинглар, Худога юз буринглар, тавба қилганингизни кўрсатадиган ишлар қилинглар”, деб ваъз қилдим. 21Шу сабабдан яҳудийлар мени Маъбадда тутиб олиб, ўлдирмоқчи бўлдилар. 22Аммо шу кунгача Худо менга мадад берди. Мен ҳаммага — каттаю кичикка шу ерда бирдай гувоҳлик беряпман. Аммо мен уларга фақат пайғамбарларнинг ва Мусонинг айтганларини гапирган эдим. 23Масиҳ азоб чекиши ва биринчи бўлиб ўликдан тирилиши, шу мақсадда нурни Ўзининг халқига ва ғайрияҳудийларга олиб келиши керак эди.

24Павлус шу тариқа ўзини ҳимоя қилар экан, Фестус унга бақириб деди:

— Сен телба бўлиб қолибсан, Павлус! Кўп билганинг сени ақлдан оздиряпти!

25Павлус эса шундай деди:

— Мен ақлдан озганим йўқ, Фестус жаноби олийлари! Мен жиддий ҳақиқатни гапиряпман. 26Шоҳ бу нарсалар тўғрисида билгани учун, мен унга бемалол гапирмоқдаман. Бу нарсаларнинг ҳар бири унинг эътиборидан четда қолмаганига имоним комил. Чунки булар яширин қилинган эмас. 27Шоҳ Агриппа жаноблари! Сиз пайғамбарларнинг башоратларига ишонасизми? Биламан, ишонасиз.

28Агриппа Павлусга:

— Сен дарров мени масиҳий бўлишга кўндирмоқчисан–а, — деди. 29Павлус шундай жавоб берди:

— Дарров бўладими ёки узоқ вақтдан кейин бўладими, нафақат сиз, балки менинг гапларимни эшитаётганларнинг ҳаммаси мен сингари бўлсин, деб Худога ибодат қиламан. Аммо мана бу кишанларни сизларга раво кўрмайман.

30Шундан кейин шоҳ Агриппа, ҳоким Фестус, Верника ва бошқалар ўринларидан турдилар. 31Улар кетаётиб, бир–бирларига: “Бу одам ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган”, деб айтдилар. 32Агриппа Фестусга:

— Агар бу одам Қайсарнинг ҳукмини талаб қилмаганда эди, уни озод қилиш мумкин эди, — деди.

 

27–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Павлуснинг денгиз орқали Римга сафари

 

1Бизни денгиз орқали Италияга жўнатишга қарор қилдилар. Шундан кейин улар Павлусни ва бошқа баъзи маҳбусларни Империя қўшинидаги Юлий деган юзбошига топширдилар. 2Ҳаммамиз Адрамит шаҳридан келган кемага ўтирдик. Кема Асия вилоятининг бандаргоҳларига энди жўнамоқчи бўлиб турган экан. Биз йўлга тушдик. Салоникадан келган Македониялик Аристарх деган одам бизга ҳамроҳ бўлди. 3Эртаси куни биз Сидон шаҳрига етиб келдик. Юлий Павлусга яхши муносабатда бўлди, шунинг учун дўстлари олдига боришга ва керакли нарсаларни олишга ижозат берди. 4Биз у ердан жўнаб кетдик. Шамол бизга қарши томондан эсаётгани учун, Кипр оролини паналаб сузиб ўтдик. 5Сўнг Киликия ва Памфилия вилоятларининг жануб томонидан сузиб, Ликия вилоятидаги Мира шаҳрига келдик. 6Юзбоши у ерда Александриядан Италияга сузиб кетадиган кемани топди ва бизни унга ўтқазди. 7Биз бир неча кун секин сузиб, ниҳоят қийинчиликлар билан Книдус шаҳрига етиб келдик. Шамол бизга қарши эсаётгани учун Салмон ярим оролининг ёнидан ўтиб, Крит оролини паналаб суза бошладик. 8Оролнинг қирғоғи бўйлаб машаққатлар билан Гўзал Бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик. Бу жой Ласея шаҳри яқинида жойлашган.

9Биз анча вақт ўша ерда қолдик. Ҳатто Покланиш куни ҳам ўтди, сузиш хавфли бўлиб қолди. Павлус кемачиларга маслаҳат берди:

10— Жаноблар! Кўриб турибман, бу ердан сузиб кетадиган бўлсак, нафақат юкимиз ва кемамиз, балки жонимиз ҳам хавф остида қолади, оғир ҳалокатга учраймиз.

11Лекин юзбоши Павлуснинг маслаҳатига қулоқ солмай, кема дарғаси ва кема эгасининг гапига кирди. 12Қишни ўтказиш учун бандаргоҳ яхши шароитга эга эмас эди. Шунинг учун деярли ҳамма у ердан денгизга чиқишга, қандай қилиб бўлса ҳам Финикка етиб олиб, қишни ўша ерда ўтказишга рози эди. Финик Крит оролидаги бандаргоҳ бўлиб, жануби–ғарб ва шимоли–ғарб томонлардан эсадиган шамоллардан панада эди.

 

Денгиздаги бўрон

 

13Жанубдан майин шабада эса бошлаганда, улар: “Ниятимиз амалга ошадиган бўлди”, деб ўйладилар. Шунинг учун улар лангарни кўтариб, Крит ороли бўйлаб, қирғоққа яқин суза бошладилар. 14Аммо кўп ўтмай орол томондан ниҳоятда кучли бўрон кўтарилди. Бу “Шимоли–шарқ” бўрони деб айтиларди. 15Бўрон кемага шундай урилдики, натижада кема шамолга қарши сузолмай қолди. Шундан кейин ўзимизни тўлқинларга топшириб, шамол йўналиши бўйлаб сузиб кетдик. 16Биз Кавда деган оролчани паналаб ўтдик. Кеманинг қайиқчасини зўрға ушлаб қолдик. 17Денгизчилар қайиқни юқорига кўтариб олдилар. Кейин эса кема парчаланиб кетмасин, деб уни остидан арқонлар билан маҳкам боғладилар. Улар: “Суртис атрофларида қумга ўтириб қолмасак эди”, деб қўрқиб, тезликни камайтирадиган лангарни туширдилар ва кемани шамол йўналишига қўйиб бердилар. 18Қутурган бўрон давом этарди. Эртаси куни улар кемадан юкларни улоқтира бошладилар. 19Учинчи куни эса ўз қўллари билан кеманинг асбоб–ускуналарини денгизга отдилар. 20Бир неча кун биз на қуёшни, на юлдузларни кўрдик. Бўрон қутургани сари, қутулишимизга бўлган умид сўниб борарди.

21Ҳеч ким узоқ вақт бирон нарса тановул қилмади. Шунда Павлус уларнинг ўртасига чиқиб, шундай деди:

— Жаноблар! Агар менинг гапларимга қулоқ солиб, Кипрдан кетмаганларингизда эди, биз мана шу зарарга ва оғир ҳалокатларга дучор бўлмасдик. 22Энди сизларга маслаҳатим шу: дадил бўлинглар! Орамиздан ҳеч ким нобуд бўлмайди, фақат кемадан маҳрум бўламиз, холос. 23Мен мансуб бўлган ва мен сажда қиладиган Худойим ўтган куни менинг олдимга Ўз фариштасини юборди. 24Фаришта менга шундай деди: “Қўрқма, Павлус, сен Қайсар ҳузурида бўлишинг керак. Сен билан бирга кемада сузиб кетаётганларга Худо ҳаёт бағишлади.” 25Шунинг учун, биродарлар, дадил бўлинглар, чунки Худога ишонаман: ҳаммаси менга айтилганидай бўлади. 26Биз бирон оролга албатта тушамиз.”

27Ўн тўртинчи куни кечаси биз Ўрта ер денгизида шамол йўналиши бўйлаб сузаётган эдик. Тахминан тун ярмида денгизчилар қуруқликка яқинлашиб қолганимизни пайқаб қолдилар. 28Улар чуқурликни ўлчаган эдилар, йигирма қулоч чиқди. Бир оз нарироқни ўлчаган эдилар, ўн беш қулоч чиқди. 29Улар: “Кема қояларга бориб урилади”, деб қўрқиб кетганлари учун, кеманинг ортидан тўртта лангарни туширдилар ва тезроқ тонг отсин, деб Худога астойдил илтижо қилдилар. 30Шу орада денгизчиларнинг баъзилари кемадан қочиб чиқишга уриндилар. Улар қайиқни сувга тушириб, ўзларини худди кеманинг олд томонидан лангар туширмоқчи бўлгандай кўрсатдилар. 31Павлус юзбоши билан аскарларга шундай деди:

— Бу одамлар кемада қолмас эканлар, билиб қўйинглар, сизлар ҳам ўзларингизни қутқара олмайсизлар.

32Аскарлар қайиқ боғланган арқонни кесдилар ва қайиқни сувга тушириб юбордилар. 33Тонг отиши билан, Павлус улардан тамадди қилиб олишларини илтимос қилди:

— Бугун ўн тўрт кундирки, сизлар хавотирликда бўлиб, ҳеч нарса емадингизлар. 34Ёлвораман: бироз тамадди қилиб олинглар, бу тирик қолишингиз учун керак. Бошингиздан бирон тола соч ҳам тушмайди.

35Павлус шу сўзларни айтиб бўлгач, нонни олди ва ҳамманинг кўз ўнгида Худога шукрона айтди. Сўнгра нонни синдириб, ея бошлади. 36Бошқалар ҳам дадилланиб, овқатлана бошладилар. 37Кемада жами 276 киши бор эди. 38Улар тўйиб олгач, буғдойнинг ҳаммасини денгизга ташлаб, кемани енгиллаштирдилар.

 

Кема ҳалокатга учрайди

 

39Тонг отганда, денгизчилар қирғоқни таний олмадилар. Аммо қирғоқдаги қумли қўлтиқни пайқадилар. Агар имкони бўлса, кемани ўша ерда қирғоққа тўхтатамиз, деб қарор қилдилар. 40Сўнг лангарларни кесиб, денгизга тушириб юбордилар. Айни пайтда эшкакларни маҳкам боғлаб турган арқонларни ечдилар. Шундан кейин олдинги елканни шамолга қаратиб, қирғоққа сузиб кетдилар. 41Лекин кема саёз жойга урилиб, қумга ўтириб қолди. Оқибатда кеманинг олд қисми қумга тиқилиб, қимирламай қолди. Кеманинг орқа қисми эса тўлқинлар шиддатидан парча–парча бўлиб кетди. 42Шунда аскарлар: “Маҳбуслар сузиб, қутулиб кетмасин”, дея уларни ўлдирмоқчи бўлдилар. 43Аммо юзбоши Павлусни қутқармоқчи бўлиб, аскарларни бу ниятларидан қайтарди. Уларга шундай буйруқ берди: “Сузишни биладиганлар биринчи бўлиб кемадан сакрасин ва қирғоққа сузиб борсин, 44қолганлар эса тахталарни ёки кеманинг бирон синиқ бўлагини олиб, уларнинг ортидан эргашсинлар.” Шу йўсин ҳаммалари эсон–омон қирғоққа етиб олдилар.

 

28–БОБ - ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

 

Мальта оролида

 

1Биз қирғоққа эсон–омон етиб борганимиздан кейин, билдикки, бу оролнинг номи Мальта экан. 2Ерли аҳоли бизга ғоят дўстона муносабатда бўлди. Ёмғир ёғаётгани ва совуқ бўлгани учун улар олов ёқиб, ҳаммамизни олов атрофига таклиф қилдилар. 3Павлус шох–шабба йиғиб келиб, олов устига ташлаётганда, бир заҳарли илон иссиқдан қочиб, унинг қўлига осилиб қолди. 4Ерли аҳоли Павлуснинг қўлига осилиб қолган илонни кўриб бир–бирларига: “Бу одам қотил бўлса керак, у денгиздан қутулса ҳам, Қасос худоси унга яшашга имкон бермади”, дедилар. 5Аммо Павлус илонни олов ичига силкитиб отди, ўзи эса ҳеч қандай зарар кўрмади. 6Аҳоли, ҳозир бу одам шишиб кетади ёки бирдан йиқилиб ўлади, деб кутарди. Улар узоқ кутдилар, лекин ғайритабиий равишда унга ҳеч нарса бўлмаганини кўрдилар. Энди одамлар фикрларини ўзгартириб: “У худо экан”, деб айта бошладилар.

7Ўша жойнинг яқинида бир дала бор эди, бу дала орол оқсоқоли Публийга тегишли экан. Оқсоқол бизни уйига олиб кетиб, уч кун меҳмон қилди. 8Унинг отаси ичбуруғдан иситмалаб, тўшакда ётарди. Павлус унинг хонасига бориб, ибодат қилди, унга қўлини қўйиб, шифо берди. 9Шу воқеа юз бергандан кейин, оролдаги ҳамма хаста одамлар Павлуснинг олдига келиб, шифо топдилар. 10Улар бизга кўп иззат–ҳурмат кўрсатдилар. Жўнаб кетаётганимизда эса сафаримиз учун зарур озиқ–овқатларни кемага жойлаштирдилар.

 

Мальтадан Римга

 

11Уч ойдан кейин Искандариядан келган кема билан денгизга чиқдик. Кема “Эгизак Худолар” деб аталарди. У оролда қишлаб қолган эди. 12Биз Суракуз шаҳрига бориб, у ерда уч кун турдик. 13У ердан сузиб кетиб, Ригияга келдик. Эртаси куни жанубдан шамол эса бошлади. Иккинчи кун Путеол шаҳрига етиб келдик. 14У ерда бир неча имонлилар билан учрашдик. Улар: “Биз билан қолинглар”, деб илтимос қилдилар. Бир ҳафтадан кейин биз Римга кетдик. 15Римдаги имонлилар биз тўғримизда эшитиб, бизни кутиб олгани Аппия форуми ва Уч Меҳмонхонагача келишди. Павлус уларни кўриб, Худога шукр айтди ва янада дадиллашди.

16Биз Римга келганимиздан кейин, Павлусга бир аскар кузатувида ёлғиз яшашга рухсат берилди.

 

Павлуснинг Римдаги фаолияти

 

17Павлус уч кундан кейин маҳаллий яҳудийларнинг йўлбошчиларини чақирди. Улар йиғилишгач, Павлус деди:

— Биродарлар! Мен халқимизга ёки ота–боболаримиз одатларига қарши бирон нарса қилмаган бўлсам ҳам, мени Қуддусда қамаб, Римликларнинг қўлига топширишди. 18Улар мени текшириб кўрганларидан кейин, мени озод қилмоқчи бўлдилар, чунки ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган эдим. 19Аммо яҳудийлар қаршилик қилганларидан кейин, мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилишга мажбур бўлдим. Мен бу билан ўз халқимни айбламоқчи эмасман. 20Шу сабабдан мен сизлар билан кўришиб, суҳбатлашишни истадим. Аслини олганда, мен Исроилнинг умиди учун занжирбанд қилинганман.

21Улар Павлусга дедилар:

— Сиз тўғрингизда Яҳудиядан биронта хат олмадик, бу ерга ташриф буюрган биродарларимиздан биронтаси ҳам сиз тўғрингизда бирон хабар ёки ҳеч қандай ёмон гап айтмади. 22Аммо фикрингизни ўзингиздан эшитишни истардик, чунки бу мазҳабга нисбатан ҳар ерда қарши гапириб юрганларини биз биламиз.

23Улар Павлус билан бир кунни келишиб олдилар. Ўша куни улар Павлус турган жойга бир талай одамни бошлаб келдилар. Павлус эрталабдан кечгача уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида тушунтирди. Шунингдек Тавротдан ва пайғамбарлар битикларидан Исо тўғрисида ишончли далиллар келтирди. 24Улардан баъзилари Павлуснинг айтганларига ишонди, бошқалари эса ишонишни истамадилар. 25Шундай қилиб, улар ўзаро баҳслашдилар. Улар кетмоқчи бўлиб турганларида Павлус шундай деди:

— Ишаё пайғамбар орқали Муқаддас Руҳ ота–боболарингизга ушбу гапни тўғри айтган экан:

26“Бор, мана шу халққа айтгин:

‘Тинглайсизу лекин ҳеч тушунмайсиз,

Қараб турасизу, аммо ҳеч англаб етмайсиз.’

27Ўша халқнинг ақли ўтмас бўлди,

Қулоқлари гаранг бўлди,

Кўзларини юмиб олди.

Акс ҳолда кўзлари кўрган бўларди,

Акс ҳолда қулоқлари эшитган бўларди.

Ақллари англаган бўларди,

Яна Менга қайтган бўлишарди,

Мен уларга шифо берган бўлардим.”

28Сизларга шу маълум бўлсинки, Худонинг нажоти ғайрияҳудийларга юборилган. Улар қулоқ соладилар[4].

30Павлус ижарага олган уйида икки йил яшади ва уни кўргани келган ҳаммани қабул қилди. 31У жасорат билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз айтиб, Раббимиз Исо Масиҳ тўғрисида таълим берди. Ҳеч ким унга буни тақиқлашга уринмади.

 


[1] 8:36 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 37–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Филип унга деди: “Агар бутун қалбингиз билан ишонсангиз бўлади.” Амалдор деди: “Исо Масиҳ — Худонинг Ўғли деб ишонаман.”

[2] 15:33 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 34–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Аммо Сила у ерда қолишга қарор қилди. Бошқа битта грекча қўлёзмасида эса шу ўринга қуйидаги сўзлар қўшимча қилинган: Аммо Сила, бу ерда қоламиз, деб қарор қилди, Яҳудо бир ўзи Қуддусга қайтди.

[3] 24:6 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 6–оятнинг охири, 7–оят ва 8–оятнинг боши бўлиб, қўшимча қилинган: Уни ўз қонунимизга кўра суд қилмоқчи бўлдик. 7Лекин мингбоши Лисий келиб, уни зўрлик билан қўлимиздан тортиб олиб, 8сизнинг қошингизга юборди. Биз ҳам сизнинг ҳузурингизга келиб, унга айб қўйишимизни буюрди.

[4] 28:28 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 29–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Павлус шу гапларни айтгандан кейин, яҳудийлар ўзаро қаттиқ баҳслашиб, кетиб қолдилар.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com