Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ШОҲЛАР (1-КИТОБ)

Кириш

 

“1 Шоҳлар” ва “2 Шоҳлар”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилганидан, китоб икки қисмга — “1 Шоҳлар” ва “2 Шоҳлар”га бўлинган.

“1 Шоҳлар”нинг илк қисмида (1-7–боблар) пайғамбар ҳамда Исроилга йўлбошчилик қилган охирги ҳакам Шомуилнинг ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилинади. Шомуил Исроилга ҳужум қилаётган ғанимларга қарши жангда Исроил лашкарига ёрдам беради. Лекин у кексайгач, халқ, лашкарга йўлбошчилик қилсин, деб Эгамиздан бир шоҳ сўрашга қарор қилади.

Китобнинг иккинчи қисмида (8-15–боблар) Эгамиз Шомуилга Шоул деган одамни Исроилнинг биринчи шоҳи қилиб тайинлаш тўғрисида амр беради. Шоул Киш деганнинг ўғли эди. Шоул ва унинг тўнғич ўғли Йўнатан Оммон ҳамда Филист халқларига қарши олиб борган кўп жангларда ғолиб чиқадилар, лекин Шоул Эгамизга чин дилдан итоат этмайди.

Китобнинг учинчи қисмида (16-31–боблар) Эгамиз Шомуилга Довуд исмли ёш йигитни яширинча навбатдаги шоҳ қилиб тайинлаш тўғрисида амр беради. Китобда яна Довуд Гатлик баҳайбат Филист жангчиси Гўлиётни ўлдиргандан кейин тез орада миллий қаҳрамон бўлиб кетгани тўғрисида ҳам ҳикоя қилинади. Довуд тобора обрў–эътибор орттириб бораверади. Шоул эса Довуддан шубҳаланади. Гарчи Довуд Шоулнинг қизи Михалга уйланган ва тўнғич ўғли Йўнатан билан қадрдон дўст бўлса ҳам, Шоул Довудни ўлдириш пайига тушади. “1 Шоҳлар”нинг қолган қисмида Довуднинг қандай қилиб қутулгани ва саҳрода ўзининг кичик лашкарига йўлбошчи бўлгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Шоул Довудни таъқиб қилаверади ва ниҳоят, Довуд Шоулдан қутулиш учун ўзига эргашганларни Филистлар жойлашган ҳудудларга олиб кетади.

Китоб Шоул ва унинг ўғиллари Филист лашкари билан бўлган жангда ҳалок бўлиши билан тугайди. Эгамиз берган ваъдасини адо этиб, Довудни Исроил шоҳи қилади: “Шоул Исроил шоҳи бўлмасин, деб уни Мен рад этдим. Қани, энди қўчқор шохини мой билан тўлдириб, йўлга отлан. Сени Байтлаҳмлик Эссайнинг уйига жўнатаман. Унинг ўғилларидан биттасини Ўзимга шоҳ қилиб танладим.” (16:1)

 

1–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Элқана ва унинг Шилўдаги оиласи

 

1Эфрайим қирларида жойлашган Рама[1] шаҳрида бир одам яшарди. Унинг исми Элқана бўлиб, Эфрайим қабиласининг Зуф уруғидан бўлган Ерохам деганнинг ўғли эди. Ерохам — Элихунинг ўғли, Элиху — Тўхунинг ўғли, Тўху — Эфрайим қабиласига мансуб бўлган Зуфнинг ўғли эди. 2Элқананинг Ханна ва Панинна исмли икки хотини бўлиб, Паниннанинг болалари бор эди–ю, Ханна бефарзанд эди.

3Элқана ҳар йили Сарвари Оламга сажда қилиб, қурбонлик келтирмоқ учун ўз шаҳридан Шилўга[2] борарди. Шилўда Элах деган одамнинг Хўфнах ва Финхаз деган икки ўғли бўлиб, улар Эгамизнингруҳонийлари эдилар.

4Элқана қурбонлик қилган куни хотини Паниннага, ўғиллари билан қизларига бир улушдан[3] берса, 5Ханнага ҳам яхши жойидан бир улуш берарди[4]. Чунки Эгамиз Ханнани бепушт қилиб қўйган бўлса ҳам, Элқана уни яхши кўрарди. 6Ханнани Эгамиз бефарзанд қилиб қўйгани учун, кундоши Панинна Ханнага қаттиқ озор бериб хафа қиларди. 7Ҳар йили Ханна Эгамизнинг уйига[5] борганда ҳам шу воқеа юз берарди: кундоши Ханнани хафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емасди. 8Эри Элқана эса:

— Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? — дерди. — Нимага бу қадар ғамгинсан? Сен учун мен ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?!

 

Ханна ва руҳоний Элах

 

9Бир куни улар Шилўда еб–ичиб бўлганларидан кейин, Ханна ўрнидан турди. Руҳоний Элах Эгамизнинг Маъбади эшиги ёнидаги курсида ўтирган эди. 10Ханна дили хуфтон, аччиқ–аччиқ йиғлаб, Эгамизга ибодат қилиб 11шундай ваъда берди:

— Эй, Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим[6], унинг бошига устара тегмасди.

12Ханна Эгамиз ҳузурида узоқ вақт ибодат қилди. Элах эса унинг оғзига қараб турарди. 13Ханна ичида гапирар, овози эшитилмас, фақат лаблари қимирларди. Шунинг учун Элах Ханнани маст бўлса керак, деб ўйлади:

14— Қачонгача сархуш бўлиб юрасан?! Энди шаробдан воз кеч! — деди.

15— Йўқ, ундай эмас, ҳазратим, — деди Ханна. — Мен кўнгли ғамга тўла бир аёлман. На шароб ичганман, на бўза. Фақат юрагимдагини Эгамга тўкиб соляпман. 16Бу чўрингизни аллақандай ярамас хотин деб ўйламанг. Ғам–қайғуларим кўплигидан, шу пайтгача ибодат қиляпман.

17— Эсон–омон бор, — деди Элах. — Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин.

18— Мен, чўрингизни илтифотингизга сазовор билинг, — деди Ханна. Сўнг бориб овқат еди, энди чеҳраси ғамгин эмас эди.

 

Шомуил туғилади ва Худога бағишланади

 

19Эртасига улар тонг саҳарда туриб, Эгамизга сажда қилишди. Кейин Рамага — уйларига қайтиб келишди. Элқана хотини Ханна билан қовушди. Эгамиз Ханнага марҳамат қилди. 20Ханна ҳомиладор бўлди ва вақт–соати етиб ўғил туғди. “Уни Эгамиздан тилаб олдим”, деб отини Шомуил[7] қўйди.

21Элқана Эгамизга атаб йиллик қурбонлик маросимини ўтказиш ва ваъдасини адо этиш учун оиласи билан бирга Шилўга борди. 22Ханна бу сафар бормади. У эрига:

— Гўдак кўкракдан чиққандан кейин[8] олиб бораман, у Эгамизнинг ҳузурида бўлади, умр бўйи ўша ерда қолади, — деди.

23— Сенга нима маъқул бўлса, шундай қилавер, — деди Элқана. — Гўдак кўкракдан чиққунча шу ерда бўл. Эгамиз Ўз ваъдасини бажо қилсин[9].

Ханна уйда қолиб, ўғли кўкракдан чиққунча, уни эмизди. 24Кичкинтой кўкракдан чиқди. Сўнг Ханна уч ёшли буқа[10], бир тоғора[11] ун ва бир меш шароб олиб, ўғлини Эгамизнинг Шилўдаги уйига олиб келди. Бола ҳали ёш эди. 25Буқани сўйишгандан кейин, болани Элахнинг олдига олиб келишди.

26— Эй, ҳазрат, мени эслайсизми? — деди Ханна. — Шу ерда, ҳузурингизда туриб Эгамга ибодат қилган ўша аёл менман. 27Мен мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди. 28Шунинг учун уни Эгамга бағишладим, умр бўйи Унга аталган бўлсин, дедим.

Улар[12] шу ерда Эгамизга сажда қилдилар.

 

2–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Ханнанинг ибодати

 

1Ханна шундай ибодат қилди:

“Эгам туфайли кўнглим тоғдай кўтарилди,

Қувватимни оширган Ўшадир.

Душманларим олдида мақтанурман,

Нажот берганинг–чун севинурман.

2Эгам — танҳо ва ҳақиқий Худо,

Ҳа, Сендан бошқаси йўқ, эй, Эгам.

Худойимиздай қоя йўқдир.

3Ортиқ манманликка берилманг оғиз кўпиртириб,

Оғзингиздан кибрли сўзлар чиқмасин.

У ҳаммасини биладиган Худодир,

У одамларнинг хатти–ҳаракатини ҳукм қилади.

4Кучлиларнинг ёйлари синиб кетади,

Ожизлар қувват камарини боғлайди.

5Тўқ бўлганлар луқма нон учун мардикордирлар,

Оч бўлганлар эса энди тўқдирлар.

Бефарзанд аёл етти бола туғар,

Серфарзанд аёл эса кимсасиз қолар.

6Жонни оладиган ҳам Эгамиздир,

Жонни ато қиладиган ҳам Эгамиздир

Ўликлар диёрига[13] У туширар ва

Яна қайта олиб ҳам чиқар.

7У кимнидир йўқсил, кимнидир бой қилар,

Кимнидир ерга урар, кимнидир юксалтирар.

8Бечораҳолларни У тупроқдан кўтарар,

Фақирларни ахлатдан олиб чиқиб юксалтирар.

Уларга шаҳзодалар ёнидан жой берар,

Шуҳрат тахтини мерос қилиб берар.

Чунки Эгамникидир заминнинг устунлари[14]

Устунларнинг устига қўйгандир У оламни.

9У Ўзига содиқ бўлганларни ҳимоя қилар

Фосиқлар эса зулматда сўниб қолар.

Зероки куч ила зафарга етишмас инсон.

10Эгамизга қарши турганлар парча–парча бўлажак,

Худойи Таоло уларга қарши осмонни гумбурлатажак.

Бутун оламни У ҳукм қилажак,

Ўзи мой суртиб танлаган шоҳига куч ато этиб,

Унинг қувватини оширажак.”

11Шундан кейин Элқана оиласи билан Рамага — уйига жўнади. Кичкина Шомуил эса руҳоний Элахнинг ҳузурида қолди ва Эгамизга хизмат қила бошлади.

 

Элахнинг ярамас ўғиллари

 

12Элахнинг ўғиллари ярамас йигитлар эдилар. Улар Эгамизни ҳурмат қилмас, 13халқ олдидаги ўз руҳонийлик бурчларини менсимасдилар. Бирортаси келиб қурбонлик сўйиб, гўштини қайнатаётганда, Элах ўғилларининг хизматкори уч тишли санчқи билан келарди. 14Хизматкор санчқини қозон–товоққа ёки товага ё бўлмаса қозонга тиқарди. Санчқига илинганини уларга олиб борарди. Улар Шилўга келган Исроил халқининг ҳаммасига шундай муносабатда бўлишарди. 15Ҳатто қурбонликнинг ёғини куйдирмасдан олдин[15], руҳонийнинг хизматкори келиб, қурбонлик қилаётган одамга шундай дерди:

— Руҳонийга қовуриш учун гўшт бер! У сендан қайнатилганидан эмас, хомидан қабул қилади.

16Қурбонлик қилаётган одам:

— Олдин Эгамизга атаб қурбонликнинг ёғини куйдириб олай, кейин хоҳлаганингча олавер, — дейдиган бўлса, хизматкор:

— Йўқ, ҳозир берасан, йўқса зўрлик билан тортиб оламан, — деб жавоб берарди.

17Элах ўғилларининг бу гуноҳи Эгамиз олдида жуда оғир эди, чунки улар Эгамизга аталган назр–ниёзларга шундай ҳурматсизлик қилишарди.

 

Ёш Шомуил Шилўда

 

18Ёш Шомуил эса шу пайтда руҳонийларнинг муқаддас либосини[16] кийиб, Эгамиз ҳузурида хизмат қилиб юрарди. 19Ҳар йилги қурбонликни адо этиш учун онаси билан отаси бу ерга келишар, онаси ўзи тиккан кийимни[17] ўғлига олиб келарди. 20Руҳоний Элах эса Элқана билан унинг хотинини дуо қилиб, Элқанага: “Эгамиздан тилаб олиб, Унга бағишлаган фарзандингнинг ўрнига Худойим сенга шу хотиндан яна фарзандлар берсин”, деб айтарди. Шундан кейин улар уйларига кетишарди.

21Эгамиз Ханнага ғамхўрлик қилди. У ҳомиладор бўлиб, яна уч ўғил, икки қиз туғди. Ёш Шомуил эса Эгамизнинг ҳузурида ўсиб–улғайди.

 

Элах ва унинг ўғиллари

 

22Элах жуда кексайиб қолган эди. У ўғилларининг жамики Исроил халқига ёмон муносабатда бўлишаётганини, Учрашув чодирига[18] кираверишда хизмат қиладиган аёллар[19] билан зино қилишаётганини эшитиб турарди. 23Элах ўғилларига дерди:

— Нимага бундай қиляпсизлар? Қилаётган қабиҳ ишларингиз ҳамманинг оғзида. 24Бундай қилманглар, ўғилларим! Эгамизнинг халқи орасида ёйилган гап–сўзлар яхши эмас. 25Одам одамга қарши гуноҳ қилса, Худо воситачилик қилади. Аммо одам Эгамизга қарши гуноҳ қилса, ўртада ким воситачилик қила олади?!

Бироқ ўғиллари оталарининг гапини қулоқларига олмасдилар. Шунинг учун Эгамиз уларни ўлдиришга қарор қилиб қўйган эди.

26Ёш Шомуил эса улғайиб, Эгамизнинг ва халқнинг олқишига сазовор бўлаётган эди.

 

Элах хонадони ҳақида башорат

 

27Бир куни бир пайғамбар Элахнинг олдига келиб, шундай деди:

— Эгамиз сенга айтмоқда: “Исроил халқи Миср юртида Фиръавнга қул бўлиб юрганда, Ўзимни ота–боболарингга зоҳир қилдим–ку! 28Бобонг Ҳорун Менинг қурбонгоҳимга чиқсин, қурбонлик куйдириб, олдимда эфодни кийиб юрсин, деб жамики Исроил қабилалари орасидан Мен уни Ўзимга руҳоний қилиб танлаб олган эдим. Бунинг устига, Ҳорун авлодининг улуши бўлсин, деб ҳамма куйдириладиган қурбонликлардан ҳам бердим. 29Шундай бўлгач, Мен буюрган қурбонлик ва назрларни нимага писанд қилмаяпсизлар?! Нимага халқим Исроил берган ҳамма назрлардан энг яхши улушларни олиб ўзингиз еб семиряпсизлар?! Нимага ўғилларингни Мендан ортиқ кўряпсан?!

30Шунинг учун Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, шундай деб айтмоқдаман: авлодинг ва отангнинг авлоди Менга абадий хизмат қиладилар, деб айтган бўлсам ҳам, энди бундай бўлмайди! Мени иззат қилганни Мен ҳам иззат қиламан, Мени хор қилган эса шарманда бўлур. 31Шундай кунлар яқинлашмоқда: Мен сенинг ва отангнинг хонадонини йўқотаман. Натижада хонадонингдаги ҳамма кимса ажалидан беш кун бурун ўлади. 32Мен Исроил халқи устига ёғдирадиган роҳат–фароғатни сен кўриб, кулфат ичра уларга ҳасад қиласан. Сенинг хонадонингдан ҳеч ким узоқ умр кўрмайди. 33Хонадонингдан фақат биттасини йўқ қилмасдан асраб қоламан. Лекин унинг кўзлари ёшга, юраги ғам–ғуссага тўлади. Бутун хонадонинг аҳли жувонмарг кетади. 34Иккала ўғлинг — Хўфнах билан Финхазнинг бошига тушадиган кўргилик сенга бир аломат бўлсин: иккови ҳам бир кунда нобуд бўлади.

35Менинг хоҳиш–иродамни амалга оширадиган садоқатли бир руҳонийни Ўзим учун тайин этаман, у кўнглимдагидай хизмат қилади. Унинг авлодини боқий қиламан, у Мен мой суртиб танлаган шоҳ олдида умр бўйи хизмат қилади. 36Хонадонингда тирик қолган ҳар бир одам қора чақага ва бир бурда нонга зор бўлиб унинг олдига келади, ўтинаман, менга бирор руҳонийлик вазифасини бер, тирикчилигимни ўтказиб турай, деб ёлвориб таъзим қилади.”

 

3–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Худо Шомуилга садо беради

 

1Ўспирин Шомуил Элахнинг қўли остида Эгамизга хизмат қилиб юрарди. Ўша пайтлари Эгамизнинг каломи кам келар, ваҳий ҳам аҳён–аҳёнда бўларди.

2Бир куни кеч кирган, кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган Элах ётоғида ётарди. 3Шомуил эса Эгамизнинг Маъбадида[20] ётган эди, Худонинг сандиғи ҳам ўша ерда эди. Худонинг чироғи[21] ҳали ҳам ёниб турарди. 4Шу пайт Эгамиз Шомуилни чақириб қолди. Шомуил:

— Лаббай, ҳазратим! — деб овоз берди ва 5Элахнинг олдига югуриб келиб:

— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман, — деди.

— Йўқ, сени мен чақирмадим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди Элах. Шомуил қайтиб бориб ётди. 6Эгамиз яна:

— Шомуил! — деб чақирди. Шомуил яна туриб, Элахнинг олдига кирди ва:

— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман! — деди.

— Чақирганим йўқ, ўғлим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди у.

7Шомуил Эгамизни ҳали танимас, Эгамизнинг каломи ҳали унга аён бўлмаган эди. 8Эгамиз учинчи марта Шомуилга садо берди. Шомуил ўрнидан туриб Элахнинг олдига келди–да:

— Мени яна чақирдингиз–ку, мен шу ердаман, — деди. Шунда Элах билдики, ўспиринни Эгамиз чақираётган экан. 9Элах Шомуилга деди:

— Бориб жойингга ёт, ўша овоз сени яна чақириб қолса, “Гапиравер, эй, Эгам, қулинг тинглаётир”, дегин.

Шомуил бориб, жойига ётди. 10Эгамиз ўша ерда зоҳир бўлди ва олдингидай:

— Шомуил, Шомуил! — деб чақирди.

— Гапиравер, эй, Эгам! Қулинг тинглаётир! — деб жавоб берди Шомуил. 11Эгамиз деди:

— Шомуил! Мен Исроилда шундай бир иш қилмоқчиманки, эшитганнинг бошидан ҳуши учади. 12Ўша куни Мен Элахнинг хонадони тўғрисида нима айтган бўлсам, ҳаммасини бажо қиламан, бошлаган ишимни охирига етказаман. 13Элахга, сенинг хонадонингни то абад жазолайман, деб уни огоҳлантирган эдим. Унинг ўғиллари кўп гуноҳ қилиб, ўзларига лаънат орттирдилар. Элах эса буни била туриб, уларни тергамади. 14Шу сабабдан Элах хонадони қилган гуноҳларни то абад қурбонлигу назр қилиш билан ювиб бўлмайди, деб онт ичаман.

15Шомуил эрталабгача ўрнида ётди. Кейин туриб, Эгамизнинг уйи[22] эшикларини очди. Ўша ваҳийни Элахга айтишдан қўрқди. 16Шу пайт Элах:

— Шомуил, ўғлим! — деб чақирди.

— Лаббай, шу ердаман, — деб Шомуил Элахга яқин келди.

17— Эгамиз сенга нималар деди? — сўради Элах. — Зинҳор мендан яшира кўрма. Эгамизнинг сенга айтган гапларидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин!

18Шомуил Элахдан ҳеч нарсани яширмай айтиб берди.

— У Эгамиздир, — деди Элах, — Унга нима маъқул бўлса, ўшани бажо қилади.

19Шомуил улғаяверди, Эгамиз доимо у билан бирга бўлди, Шомуил башорат қилган ҳамма нарсани Эгамиз рўёбга чиқарди. 20Дандан Бэршэвагача бўлган жамики Исроил халқи Шомуил ҳақиқатдан ҳам Эгамизнинг пайғамбари эканлигини билди. 21Эгамиз Шилўда яна такрор–такрор зоҳир бўлиб, ўша ерда Ўз каломи орқали Шомуилга аён бўларди.

 

4–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

1Бутун Исроилда Шомуилнинг сўзи вожиб эди.

 

Муқаддас аҳд сандиғи қўлдан кетади

 

Шу орада[23] Филистлар уруш бошлаган эди, Исроил лашкари уларга қарши отланди. Исроил лашкари Эванзор деган жойда, Филистлар эса Офоқ шаҳрида[24] қароргоҳ қурдилар. 2Филистлар Исроил лашкарига қарши саф тортдилар. Жанг бошланди, Филистлар Исроил лашкарини мағлуб қилдилар. Жанг майдонида тўрт мингга яқин Исроил сипоҳлари нобуд бўлди. 3Лашкар қароргоҳга қайтгач, Исроил оқсоқоллари шундай дедилар:

— Нима учун бугун Эгамиз бизни Филистларга мағлуб қилиб берди? Эгамизнингаҳд сандиғини Шилўдан бу ерга олиб келайлик. Аҳд сандиғи бизнинг орамизда борсин, токи бизни ғанимларимизнинг қўлидан қутқарсин.

4Оқсоқоллар икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Оламнинг аҳд сандиғини Шилўдан олиб келиш учун одамларни юбордилар. Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз ҳам жанг бўлаётган жойга Худонинг аҳд сандиғини олиб келиш учун ёрдамлашдилар. 5Эгамизнинг аҳд сандиғини қароргоҳга олиб келишганда, ҳамма Исроил халқи шундай баланд овоз билан бақиришдики, ҳатто ер турган жойидан қўзғалиб кетди. 6Филистлар шовқин–суронни эшитиб:

— Ибронийлар қароргоҳида нега бунчалик қаттиқ бақир–чақир бўляпти экан? — дейишди. Кейин Эгамизнинг сандиғини қароргоҳга олиб келганларини билиб, 7қўрқиб кетишди:

— Худолари қароргоҳга келибди, энди шўримиз қурийди! Бунақасини ҳеч қачон эшитмагандик! 8Оҳ, шўримиз қурсин! Бундай қудратли худоларнинг[25] қўлидан ким бизни халос қилади? Саҳрода Мисрликларни ҳар балога гирифтор қилган худолар ўшалар–ку! 9Дадил бўлинг, эй, Филистлар! Мард бўлинглар! Акс ҳолда ибронийлар сизларга қандай бўйсунган бўлсалар, сизлар ҳам уларга шундай бўйсуниб қоласизлар. Шунинг учун мардона курашиб, жанг қилинглар!

10Шундан сўнг Филистлар қаттиқ ҳужум қилиб, Исроил лашкарини мағлуб этдилар. Исроил лашкарининг бари уйларига қочиб қолди. Исроил лашкари шунчалик катта талафот кўрдиларки, улар ўттиз минг пиёда сипоҳидан айрилди. 11Худонинг сандиғи ҳам қўлдан кетди, Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз эса ҳалок бўлди.

 

Элахнинг ўлими

 

12Беняминлик бир одам жанг майдонидан қочиб, ўша куниёқ Шилўга[26] етиб келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди. 13Ўша одам Шилўга етиб келганда, Элах Худонинг сандиғига бирор нарса бўлишидан хавотирланиб, йўл ёқасида курсида кутиб ўтирган эди. Ҳалиги одам шаҳарга кириб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берган эди, бутун шаҳар аҳли дод–фарёд кўтарди. 14Элах шовқин–суронни эшитиб:

— Нимага бунчалик шовқин? — деб сўради. Ўша одам, бўлган воқеадан Элахни хабардор қилиб қўяй, деб дарров унинг ёнига келди. 15Ўша пайтда Элах тўқсон саккиз ёшда бўлиб, кўзлари хиралашган, яхши кўра олмасди. 16Ҳалиги киши Элахга:

— Мен жанг майдонидан келяпман, у ердан бугун қочиб келдим, — деди.

— Нима бўлди, ўғлим? — деб сўради Элах. 17Хабар келтирган одам шундай деди:

— Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди. Лашкар катта талафот кўрди. Иккала ўғлингиз — Хўфнах билан Финхаз ҳам ҳалок бўлди. Худонинг сандиғи эса қўлдан кетди.

18Элах ҳали ҳам дарвоза ёнидаги курсида ўтирар эди. Хабарчи, Худонинг сандиғини Филистлар тортиб олди, деб айтиши билан Элах курсидан орқаси билан йиқилди. Кексалиги ва семизлигидан бўйни синиб, ўша заҳоти жон берди. У Исроилда қирқ йил ҳакамлик қилган эди.

 

Финхазнинг хотини ўлади

 

19Элахнинг келини — Финхазнинг хотини ҳомиладор бўлиб, яқин орада кўзи ёриши керак эди. “Худонинг сандиғи қўлдан кетди, қайнатанг ва эринг ўлди”, деган хабарни эшитиши биланоқ уни тўлғоқ тутиб қолди. У ерга чўнқайиб ўтириб, туғиб қўйди. 20Доя хотинлар унга ўлими олдидан:

— Қўрқма, ўғил туғдинг, — дедилар. Лекин у эътибор бермади, бирор сўз ҳам айтмади. 21Худонинг сандиғи қўлдан кетган, қайнатаси билан эри ўлгани учун у:

— Исроилдан улуғворлик кетди, — дея чақалоққа Ихабод[27] деб исм қўйди. 22Кейин у яна:

— Худонинг сандиғи қўлдан кетди, Исроилдан улуғворлик кетди, — деди.

 

5–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Аҳд сандиғи Ашдод ва Эхронга сурилади

 

1Филистлар Худонинг сандиғини қўлга киритганларидан кейин, уни Эванзордан Ашдод шаҳрига[28] олиб кетишди. 2Уни Филистларнинг худоси Дўғон уйига олиб бориб, Дўғон ҳайкали ёнига жойлаштиришди. 3Ашдодликлар эртасига саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг сандиғи олдида юзи билан ерга ағдарилиб ётган экан. Шунда Дўғонни кўтариб, жойига турғизиб қўйишди.

4Эртасига яна саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг сандиғи олдида юзи билан ерга ағнаб ётган экан. Бу сафар Дўғоннинг боши билан иккала қўли синиб, остонада ётган, фақат гавдаси бутун қолган экан, холос. 5Шунинг учун Дўғон руҳонийлари ва Дўғон уйига келиб сажда қилувчиларнинг бирортаси бугунгача[29] Ашдоддаги бу жойнинг остонасини босиб ичкари киришмайди.

6Эгамиз Ашдод аҳолисини ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини қаттиқ жазолади. Уларни чипқонга гирифтор қилиб, катта кулфат келтирди. 7Ашдодликлар бўлиб турган воқеаларни кўргач:

— Исроил Худосининг сандиғи энди биз билан қолмасин, чунки у ўзимизга ҳам, худойимиз Дўғонга ҳам оғир кулфат келтирди, — дейишди. 8Сўнгра хабарчилар жўнатиб, ҳамма Филист бекларини чақиртириб келишди:

— Исроил Худосининг сандиғини нима қиламиз? — деб сўрашди Ашдодликлар.

— Исроил Худосининг сандиғи Гатга юборилсин, — дейишди Филист беклари.

Шундай қилиб, Исроил Худосининг сандиғи Гат шаҳрига жўнатиб юборилди. 9Аммо сандиқ у ерга келтирилгандан кейин, Эгамиз ўша шаҳарга ҳам бало–қазо келтирди. Шаҳарни қаттиқ ваҳима босди. Эгамиз бутун шаҳар аҳолисини, каттаю кичикни яна чипқонга мубтало қилди. 10Шундан кейин Исроил Худосининг сандиғини Эхрон шаҳрига жўнатишди.

Худонинг сандиғи Эхронга кирар–кирмас, Эхронликлар:

— Ўзимизни ва халқимизни қириб ташлагани Исроил Худосининг сандиғини бизга олиб келишди! — деб шовқин солдилар. 11Хабарчилар жўнатиб, Филистларнинг ҳамма бекларини тўплаб, шундай дедилар:

— Исроил Худосининг сандиғини келган жойига қайтариб юборинглар, тағин ўзимиз ҳам, халқимиз ҳам қирилиб кетмайлик.

Шаҳарнинг ҳар тарафида ўлим ваҳимаси ҳукм сурарди. Худо уларга оғир жазо юборган эди. 12Омон қолганларнинг ҳаммасига эса чипқон чиқди. Шаҳар аҳлининг оҳу фиғони кўкларни ўрлади.

 

6–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Аҳд сандиғи Исроилга қайтиб келади

 

1Эгамизнинг сандиғи Филистлар ҳудудида етти ой қолиб кетди. 2Филистлар ўзларининг руҳонийлари ва фолбинларини чақириб:

— Исроил Худосининг сандиғини нима қиламиз, уни ўз ерига қандай қайтарамиз? Бизга ўргатинг, — дейишди. 3Руҳонийлар билан фолбинлар шундай жавоб бердилар:

— Исроил Худосининг сандиғини орқага қайтарадиган бўлсангизлар, бўш қайтарманглар. Исроил Худосига албатта айбингизни ювадиган назр атанглар. Ўшанда шифо топиб, Худо нима учун сизларни жазолаётганини билиб оласизлар.

4— Айбимизни ювиш учун Унга нимани назр қиламиз? — деб сўрашди Филистлар. Руҳонийлар ва фолбинлар шундай жавоб беришди:

— Айбингизни ювадиган назр, Филист бекларининг миқдорича — олтиндан қилинган бешта чипқон ва бешта сичқон бўлсин. Чунки бало–қазо сизларнинг ҳаммангиз учун ҳам, бекларингиз учун ҳам баравардир. 5Шунинг учун чипқонларнинг ва мамлакатга қирғин келтирган сичқонларнинг ҳайкалчаларини ясанг, шу тариқа Исроил халқининг Худосини шарафланг. Балки ана шунда ўзларингизга, худоларингизга ва юртингизга келган бало–қазони У енгиллатар. 6Нимага Мисрликларга ва фиръавнга ўхшаб ўжарлик қиласизлар? Эсингизда йўқми, Исроил халқининг Худоси Мисрликларни роса эзгандан кейингина, улар Исроил халқини ўз йўлига қўйиб юбордилар–ку! 7Энди битта янги арава билан ҳали ҳеч бўйинтуруқ солинмаган иккита соғин сигир ҳозирланглар. Сигирларни аравага қўшинглар, бузоқларини эса сигирлардан айириб, оғилхонага олиб боринглар. 8Исроил халқининг Эгаси сандиғини олиб аравага юкланглар, айбларингизни ювадиган назрларни — Унга аталиб ясалган олтин ҳайкалчаларни бир қутига жойлаштиринглар. Ўша қутини сандиқнинг ёнига қўйинглар. Кейин аравани қўйиб юборинглар, ўз йўлига кетсин. 9Араванинг орқасидан кузатиб боринглар. Агар сигирлар бизнинг юртимиз чегарасидан ўтиб, Байт–Шамаш шаҳрига[30] борадиган йўлдан кетса, демак, бошимизга бундай катта кулфатни солган Исроил халқининг Худосидир. Агарда шундай бўлмаса, бу кулфат бизга Ундан келмаганини, балки бир тасодиф бўлганини билиб оламиз.

10Одамлар айтилгандай қилишди. Икки соғин сигир келтириб, аравага қўшишди, бузоқларни эса оғилхонага қамаб қўйишди. 11Эгамизнинг сандиғини, шунингдек, ичига олтин сичқонлар ва чипқонларнинг ҳайкалчалари солинган қутини аравага юклашди. 12Сигирлар тўппа–тўғри Байт–Шамаш йўлидан кетди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмай, бўкирганича, катта йўл бўйлаб илгарилаб кетаверди. Филист беклари аравани Байт–Шамаш чегарасигача кузатиб боришди.

13Ўша пайтда Байт–Шамаш аҳолиси водийда буғдой ўраётган эди[31]. Улар сандиқни кўриб, севиниб кетишди. 14-15Арава Байт–Шамашлик Ёшуанинг даласига етиб келиб, тўхтаб қолди. Ўша ерда катта бир тош бор эди. Левилар Эгамизнинг сандиғини ва ёнидаги олтин ҳайкалчалар жойланган қутини аравадан тушириб, ўша катта тошнинг устига қўйишди. Байт–Шамаш аҳолиси араванинг ёғочларини ўтин қилиб ёрди. Сигирларни эса Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилишди. Ўша куни Байт–Шамаш аҳолиси Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар ва бошқа қурбонликлар келтирди.

16Бешала Филист беклари бўлиб ўтган воқеаларни ўз кўзлари билан кўриб, шу куни Эхронга қайтиб кетдилар. 17Филистлар айблари учун Эгамизга назр қилиб бешта олтин чипқон ҳайкалчасини жўнатган эдилар. Ҳадялар Ашдод, Ғазо, Ашқалон, Гат ва Эхрон шаҳарларининг ҳокимларидан эди. 18Бешта олтин чипқон бешта ҳукмдор бошқарган Филистлар шаҳарларининг ва уларнинг атрофидаги қишлоқларнинг рамзи эди. Байт–Шамашлик Ёшуанинг даласидаги Эгамизнинг сандиғи қўйилган катта тош шу кунгача[32] бунга гувоҳ бўлиб турибди.

19Байт–Шамашлик етмиш киши[33] Эгамизнинг сандиғи ичига қараган эди, Худо уларни йўқ қилди. Эгамиз халқнинг бошига оғир кулфат келтиргани учун, Байт–Шамашликлар мотам тутдилар.

 

Аҳд сандиғи Хират–Ёримда

 

20Байт–Шамаш аҳолиси шундай деди:

— Эгамиз олдида — бу муқаддас Худо олдида ким бардош беришга қодир экан?! Уни ўзимизнинг олдимиздан қаёққа жўнатсак экан?

21Ниҳоят, улар Хират–Ёрим[34] аҳолисига хабарчи жўнатиб: “Филистлар Эгамизнинг сандиғини қайтаришди, келинглар, уни ўз шаҳрингизга олиб кетинглар”, деган гапни етказишди.

 

7–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

1Шундан кейин Хират–Ёрим аҳолиси бориб, Эгамизнинг сандиғини олди. Уни Абунадовнинг тепаликдаги уйига олиб келишди. Эгамизнинг сандиғини авайлаб сақласин, деб Абунадовнинг ўғли Элазарни шу вазифага тайинлаб, поклашди.

 

Шомуил Исроилга йўлбошчилик қилади

 

2Сандиқ узоқ вақт — йигирма йилча Хират–Ёримда қолиб кетди. Бу орада бутун Исроил халқи Эгамизга талпинди.

3Шомуил жамики Исроил халқига деди:

— Агар чин дилдан Эгамизга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳамма бегона худоларни ва Аштарет тасвирларини орангиздан йўқотинг. Кўнглингизни Эгамизга бериб, ёлғиз Унга хизмат қилинг. Ана шунда Эгамиз сизларни Филистларнинг қўлидан қутқаради.

4Исроил халқи Баал ва Аштарет тасвирларини йўқ қилиб, фақат Эгамизга хизмат қила бошлашди.

5Ўшанда Шомуил:

— Бутун Исроил халқи Миспахда[35] тўплансин, мен у ерда Исроил халқи учун Эгамизга илтижо қиламан, — деди.

6Миспахда тўпланган Исроил халқи қудуқдан сув тортиб, Эгамизга назр қилиб тўкишди. “Эгамиз олдида гуноҳ қилдик”, деб ўша куни рўза тутишди. Шомуил Миспахда Исроил халқига ҳакамлик қила бошлади.

7Филистлар Исроил халқининг Миспахда тўпланганини эшитиб қолишди. Филист беклари, Исроил халқи билан уришамиз, деб отланишди. Исроил халқи буни эшитиб, Филистлардан қўрқиб кетишди. 8Улар Шомуилга:

— Биз учун Эгамиз Худога тинимсиз илтижо қилинг, токи У бизни Филистларнинг қўлидан қутқарсин, — дейишди. 9Шу боисдан Шомуил бир эмадиган қўзичоқ олиб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилди. Сўнг Исроил халқи учун Эгамизга нолаю фарёд билан илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосини эшитди.

10Шомуил куйдириладиган қурбонликни адо этаётган эди, Филистлар Исроил лашкарига ҳужум қилмоқчи бўлиб яқин келдилар. Аммо ўша заҳоти Эгамиз ваҳимали овоз чиқариб, Филистларни шундай саросимага солдики, Исроил лашкари уларни мағлуб қилди. 11Исроил лашкари Миспахдан чиқиб, Филистларни Байт–Кор деган ернинг этагигача қувиб бориб ўлдирдилар.

12Шомуил бир тошни олиб, Миспах билан Яшоно орасига ўрнатди. “Эгамиз бизга бутун йўл бўйи ёрдам берди”, дея тошга Эванзор[36] деб ном берди. 13Мағлуб бўлган Филистлар Исроил ҳудудига қайтиб ҳужум қилишмади. Шомуил ҳаётлигида Исроил халқи Филистларга ҳужум қилганда, Эгамиз мадад бериб турди. 14Эхрондан Гатга қадар Филистлар қўлга киритган шаҳарларнинг ҳаммасини Исроил халқи яна қайтариб олди. Шундай қилиб, Исроил халқининг ҳамма ерлари Филистлардан озод бўлди. Исроил халқи билан Амор халқлари[37] орасида сулҳ тузилди.

15Шомуил умр бўйи Исроилга ҳакамлик қилди. 16У ҳар йили Байтил, Гилгал, Миспахни айланар, бу шаҳарларда туриб, Исроилни бошқарарди. 17Кейин Рама шаҳридаги уйига қайтар ва ўша ерда туриб Исроилга ҳакамлик қиларди. Шомуил Рамада Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурдирди.

 

8–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Исроил халқи бир шоҳ талаб қилади

 

1Шомуил кексайгач, ўғилларини Исроилга ҳакам қилиб тайинлаган эди. 2Тўнғич ўғлининг оти Йўэл, иккинчи ўғлининг оти Абиё эди. Бэршэва шаҳрида[38] шу ўғиллари ҳакам эдилар. 3Аммо ўғиллари Шомуилнинг йўлидан юришмади. Улар тама қилар, пора олар, бир ёқлама ҳукм чиқарарди.

4Бир куни Исроилнинг ҳамма оқсоқоллари тўпланишиб, Рамага — Шомуилнинг ҳузурига боришди 5ва унга шундай дейишди:

— Мана, сиз кексайдингиз, ўғилларингиз эса сизнинг йўлингиздан юришмаяпти. Энди бошқа халқларда бўлганидай, устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг.

6Исроил оқсоқолларининг “Устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг” деган гаплари Шомуилга ёқмади. Шунинг учун у Эгамизга ибодат қилган эди, 7Эгамиз Шомуилга шундай жавоб берди:

— Халқ сенга нима айтса, ҳамма гапига қулоқ сол. Улар сени рад этишмади, ўзларининг шоҳи сифатида Мени рад этишди. 8Уларни Мисрдан олиб чиққан кунимдан буён Менга нима қилган бўлсалар, сенга ҳам шундай қилишаётир: улар Мени тарк этиб, бошқа худоларга сажда қилишди. 9Энди уларнинг гапига қулоқ сол. Фақат уларни жиддий огоҳлантириб қўй, ўзлари устидан ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласини очиқчасига айт.

10Ўзлари учун шоҳ талаб қилаётган халққа Шомуил Эгамизнинг ҳамма айтганларини етказди:

11— Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласи қуйидагича бўлади: шоҳ ўғилларингизни мажбурлаб жанг аравалари ва суворий тўдаларида хизмат қилишга олади. Улар шоҳнинг жанг аравалари олдида югуришади. 12Шоҳ баъзиларини мингбоши, баъзиларини элликбоши этиб тайинлайди. Қай бирини шоҳ ўз даласини экиш–ўришга, яна бошқасини эса жанг қуролларини ва жанг араваларининг асбоб–ускуналарини ясашга мажбур этади. 13Қизларингизни пардозчи, ошпаз, новвой қилиб олади. 14Энг яхши далаларингизни, узумзорларингизни, зайтунзорларингизни олиб, ўзининг аъёнларига беради. 15Донингизнинг, узумларингизнинг ўндан бирини олиб, сарой амалдорлари билан бошқа аъёнларига тақсимлаб беради. 16Қул ва чўриларингизни, энг сара ҳўкизларингизни[39], энг сара эшакларингизни олиб, ўзининг иши учун фойдаланади. 17Қўй ва эчки сурувларингизнинг ҳам ўндан бирини тортиб олади. Ўзларингиз ҳам унга қул бўлиб қоласизлар. 18Вақти келиб, ўзларингиз истаган шоҳ дастидан фарёд қиласизлар. Лекин ўша пайтда Эгамиз сизларга жавоб бермайди.

19Барибир халқ Шомуилнинг гапини эшитишни истамади:

— Йўқ, устимиздан бир шоҳ бўлсин, 20ўшанда биз ҳам ҳамма халқлар сингари бўламиз. Шоҳимиз бизга ҳукмронлик қилсин, олдимизда бориб, урушларимизда бош бўлсин, — дейишди.

21Шомуил халқнинг ҳамма гапини тинглади, сўнг уларнинг гапларини Эгамизга айтди. 22Эгамиз Шомуилга:

— Уларнинг гапига қулоқ сол, устиларидан шоҳ тайинла, — деб амр берди. Шомуил Исроил халқига:

— Ҳар ким ўз шаҳрига қайтсин, — деди.

 

9–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шомуил Шоулни қарши олади

 

1Бенямин қабиласида Киш деган бир одам бор эди. Киш — Абилнинг ўғли, Абил — Зарорнинг ўғли эди. Зарор — Бахуратнинг, Бахурат — Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан бўлган Киш анча обрўли одам эди. 2Унинг Шоул деган ёш, чиройли бир ўғли бор эди. Исроил халқи орасида Шоулдан чиройли одам йўқ эди. Ҳар қандай одамнинг бўйи унинг елкасидан келарди.

3Бир куни Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди. Киш ўғли Шоулга:

— Хизматкорлардан бирини ёнингга олгин–да, бориб, эшакларни топиб кел, — деди.

4Шоул Эфрайим қирларини, сўнг Шолишо ерларини айланиб чиқди. Аммо эшакларни топа олмади. Кейин Шалим ерларига ўтди, эшаклар у ерда ҳам йўқ экан. Сўнгра Бенямин ҳудудини кезиб чиқди, эшакларни у ердан ҳам топа олмади.

5Зуф деган жойга боришгач, Шоул ёнидаги хизматкорига:

— Бўлди энди, орқага қайтамиз, бўлмаса, эшаклар қолиб, отам биздан хавотирланади, — деди.

6— Энди бундай қилсак, — деди хизматкори, — шу шаҳарда бир пайғамбар бор, у обрўли одам. Ҳамма айтганлари вожиб бўлади. Ўша одамникига борсак, балки борадиган йўлимизни у бизга кўрсатар.

7— Агар борсак, унга нима олиб борамиз? — деб сўради Шоул. — Тўрваларимиздаги нон тугади. Пайғамбарга олиб борадиган бирор ҳадямиз йўқ. Нимамиз қолди?

8— Мана, менда бир кумуш танга[40] бор, — деди хизматкор. — Буни пайғамбарга бераман, борадиган йўлимизни у бизга кўрсатади.

9(Қадимда Исроилда кимдир Худонинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлса, “Қани, валийга борамиз”, дерди. Бугунги пайғамбар ўша вақтда валий дейиларди.)

10Шоул хизматкорига:

— Маъқул, қани, кетдик, — деди. Шундай қилиб, улар пайғамбар яшайдиган шаҳарга жўнадилар. 11Шаҳар тепаликда жойлашган эди. Улар шаҳарга борадиган қия йўлдан кетаётганларида, қудуқдан сув олишга келган қизларга дуч келишди. Улар қизлардан:

— Валий шу ердами? — деб сўрашди. 12Қизлар жавоб беришди:

— Ҳа, ана олдингизда! Фақат тезроқ боринглар, шаҳримизга бугун келдилар. Бугун тепаликдаги саждагоҳда халқ қурбонлик келтиради. 13Шаҳарга киришингиз биланоқ, уни топасизлар. У саждагоҳга таом ейишга келмоқда. Валий келиб, қурбонликни табаррук қилмагунча, халқ таом емайди. Таклиф қилинганлар у келгандан кейингина таом ейди. Ҳозир борсаларингиз, уни дарров топасизлар.

14Шоул билан хизматкори шаҳарга келишди. Шаҳарга кирганларида, саждагоҳга чиқишга тараддуд кўраётган Шомуил улар томонга келаётган экан.

15Шоул келмасдан бир кун олдин, Эгамиз Шомуилга шуни аён қилган эди: 16“Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин. Халқимни Филистлар қўлидан у қутқаради. Халқимнинг аҳволига назар солдим, уларнинг оҳу фиғони Менга етиб келди.”

17Шомуил Шоулни кўргач, Эгамиз унга: “Ана Мен сенга айтган одам, Менинг халқимга у раҳнамолик қилади”, — деди. 18Шоул шаҳар дарвозаси олдида Шомуилга яқинлашиб сўради:

— Марҳамат қилиб айтинг–чи, валийнинг уйи қаерда?

19— Валий менман, — деди Шомуил. — Мендан олдин саждагоҳга чиқ. Бугун мен билан бирга таом ейсизлар. Эртага эрталаб дилингдаги ҳамма нарсани сенга айтиб, кейин ўзим кузатиб қўяман. 20Исроил халқининг умиди сендан ва сенинг хонадонингдан эканини ўзинг билишинг зарур. Уч кун олдин йўқолган эшакларинг учун қайғурма. Улар топилди.

21— Мен Исроил қабиласининг энг кичиги бўлган Бенямин қабиласиданман–ку! Мен мансуб бўлган уруғ Бенямин қабиласининг ҳамма уруғидан энг кичиги бўлса, менга нима учун бундай гапларни айтяпсиз? — деди Шоул.

22Шомуил Шоул билан хизматкорини ўша ердаги хонага олиб борди. Чақирилганлар тахминан ўттизтача эди. Энг тўрига Шоул билан хизматкорини ўтқазди. 23Кейин ошпазга:

— Мен сенга, бир четга олиб қўй, деб улуш берган эдим–ку, ўша улушни келтир, — деди. 24Ошпаз ўнг сон гўштини олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди.

— Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, е! — деди Шомуил. — Бу улушни белгиланган кунда ўзим чақирган халқим билан бирга ейсан, деб сенга сақлаб қўйган эдим.

Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди. 25Сўнгра улар саждагоҳдан шаҳарга тушишди. Шомуил уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди[41].

 

Шомуил Шоулни ҳукмдор этиб тайинлайди

 

26Саҳар пайти Шомуил том устида ётган[42] Шоулни чақириб:

— Бўла қол! Сени кузатиб қўяман, — деди.

Шоул ўрнидан туриб, Шомуил билан бирга ташқарига чиқди. 27Шаҳар чеккасига яқинлашганларида, Шомуил Шоулга деди:

— Хизматкорингга айт, у биздан олдинроқ юрсин. Сен орқароқда қол, сенга Худонинг каломини айтаман.

 

10–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

1Сўнгра Шомуил мой идишини олиб, Шоулнинг бошига мой суртди. Кейин уни ўпиб, шундай деди:

— Мана, Эгамиз сенга мой суртиб, Ўз халқига ҳукмдор этиб танлади. 2Бугун менинг олдимдан кетганингдан кейин Бенямин ҳудудида, Зилзахдаги Роҳиланинг мақбараси ёнида икки кишига дуч келасан. Улар сенга: “Излаб кетган эшакларинг топилди, отанг энди эшакларни ўйламай, балки, ўғлимга нима бўлди экан, деб сендан хавотирланиб ўтирибди”, деб айтишади. 3У ердан яна йўлингда давом этиб, Товурдаги муқаддас дарахт олдидан чиқасан. У ерда учта одамга дуч келасан. Уларнинг бири учта улоқча, бири учта гардиш нон, яна бошқаси бир меш шароб билан Худонинг ҳузурига — Байтилга йўл олган бўлади. 4Улар сенга омонлик тилаб, иккита гардиш нон беришади. Сен нонларни ол. 5Кейин Филистлар қўнолғаси жойлашган, Худонинг тепалиги деб аталган Гивога[43] борасан. Шаҳарга кирганингда, пайғамбарлар гуруҳига дуч келасан. Улар олдиларида арфа, чилдирма, най, лира чалиб, жўшиб зикр тушиб, саждагоҳдан тушиб келаётган бўладилар. 6Эгамиз Руҳи сени ҳам қамраб олади. Улар билан бирга сен ҳам жўшиб зикр тушасан ва бутунлай бошқа одамга айланасан. 7Бу аломатлар сенда намоён бўлганда, ўзингга маъқул бўлганини қил. Худо сен билан. 8Мендан олдин сен Гилгалга бор. Мен ҳам куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларининазр қилгани ҳузурингга бораман. Мени етти кун кут, ёнингга борганимдан кейин нима қилишингни айтаман.

9Шоул энди Шомуилнинг ёнидан кетиш учун чоғланган ҳам эдики, Худо унинг юрагини ўзгартирди. Ўша куни Шомуил айтган ҳамма аломатлар бажо бўлди. 10Шоул Гивога келганда, уни пайғамбарлар гуруҳи қарши олди. Худонинг Руҳи уни қамраб олди, Шоул улар билан бирга жўшиб зикр туша бошлади. 11Шоулнинг дўстлари буни кўриб, ҳайратга тушдилар:

— Нима? Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?! Кишнинг ўғли қандай қилиб пайғамбар бўлиб қолибди?

12Қўшниларидан бири эътироз билдирди:

— Отаси кимлигининг аҳамияти йўқ. Ҳар ким ҳам пайғамбар бўлиши мумкин[44].

Шу сабабдан ҳам “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!” деган гап аслида ўшандан қолган.

13Зикр тушиш тўхтагач, Шоул саждагоҳга чиқди.

14Амакиси Шоул билан хизматкоридан:

— Қаерларда қолиб кетдингизлар? — деб сўради.

— Эшакларни қидирдик, уларни топа олмай, Шомуилнинг олдига бордик, — деб жавоб берди Шоул.

15— Шомуил сизларга нималар деди, менга ҳам айт–чи, — деди амакиси.

16— Эшакларнинг топилганини бизга тўппа–тўғри айтиб берди, — деди Шоул. Шомуилнинг шоҳликка алоқадор сўзларини эса амакисига айтмади.

 

Шоул шоҳ деб эълон қилинади

 

17Шомуил Исроил халқини Миспахда[45] Эгамиз ҳузурига чақириб 18шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда:

— Исроил халқини Мисрдан Мен олиб чиққанман. Мисрликларнинг ва сизларга зулм қилган ҳамма шоҳликларнинг қўлидан сизларни қутқардим. 19Аммо бугун бутун машаққат ва заҳматларингиздан сизларни қутқарадиган Мен, Худойингизни рад қилдингиз ҳамда: “Бизга устимиздан шоҳ тайинланг”, дедингиз.

Энди Мен, Эгангизнинг олдида қабила ва уруғларга бўлиниб тизилинг.”

20Шомуил Исроил халқининг ҳамма қабилаларини бирин–кетин ўз ҳузурига чақирди. Қуръа ташлаб[46], улардан Бенямин қабиласини танлаб олди. 21Кейин Бенямин қабиласини уруғлари бўйича олдига чақирди. Қуръа ташлаб, Матри уруғини танлаб олди. Яна қуръа ташлаб, Матри уруғидан Кишнинг ўғли Шоулни танлаб олди. Исроил халқи уни ахтариб топа олмади. 22Улар Эгамиздан:

— Ўша одам келдими ўзи? — деб сўрашди.

— У шу ерда, у–бу анжомларнинг орасида яшириниб юрибди, — деган жавоб келди Эгамиздан.

23Одамлар югуриб бориб, Шоулни олиб келишди. Шоул халқнинг орасида тикка турган эди, ҳамма унинг елкасидан келар экан.

24Шомуил бутун халойиққа қарата:

— Эгамиз танлаган одамни кўряпсизми, бутун халқ орасида унга тенг келадигани топилмайди, — деди. Шунда халқ:

— Яшасин шоҳ! — деб ҳайқирди.

25Шомуил шоҳликнинг қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. Буларни китоб ҳолига келтириб муқаддас жойга қўйди. Кейин ҳамма одамни уй–уйларига жўнатиб юборди. 26Шоул ҳам Гивога — ўз уйига кетди. Худо руҳлантирган бир неча киши унга ҳамроҳ бўлди. 27Аммо баъзи ярамас одамлар: “У бизни қутқара олармиди?!” деб Шоулни назарларига илмади, шу сабабдан унга инъомлар тортиқ қилишмади. Шоул эса билиб билмасликка олиб қўя қолди.

 

11–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шоул Оммон халқини енгади

 

1Оммон[47] шоҳи Нахош Гиладдаги Ёбош шаҳрига[48] келиб, у ерни қамал қилди. Ҳамма Ёбошликлар Нахошга:

— Биз сен билан сулҳ тузиб, сенга итоат этамиз, — дейишди. 2Оммон шоҳи Нахош:

— Фақат бир шарт билан сулҳ тузаман, — деди. — Ҳар бирингизнинг ўнг кўзингизни ўйиб оламан–да, бутун Исроил халқини бадном қиламан.

3Ёбош шаҳрининг оқсоқоллари Нахошга шундай дейишди:

— Бизга етти кун муҳлат бер, Исроилнинг ҳамма ҳудудига хабарчилар жўнатайлик. Агар бизга нажот берадиган кимса чиқмаса, сенга таслим бўламиз.

4Хабарчилар Шоул яшайдиган Гиво шаҳрига келиб, бўлаётган воқеаларни халққа билдиришди. Ҳаммаси йиғи–сиғи қилиб, дод–фарёд солди. 5Худди шу пайт Шоул ҳўкизларини олдига солиб даладан қайтаётган эди. Шоул:

— Одамларга нима бўлди? Нега бунчалик йиғлайди? — деб сўради.

Ёбошликларнинг жўнатган хабарини унга айтиб беришди. 6Шоул бу гапларни эшитган заҳоти, Худонинг Руҳи уни қамраб олди. Шоул қаттиқ ғазабланди. 7Бир жуфт ҳўкизни сўйиб, нимталади. Хабарчилар орқали Исроилнинг ҳамма томонига ўша нимталанган бўлакларни жўнатиб, шундай деди: “Кимки Шоул билан Шомуилнинг орқасидан эргашмаса, ўша одамнинг ҳўкизлари ҳам худди шу аҳволга тушади.”

Одамлар Эгамиздан қўрққанидан зир титраб, бир ёқадан бош чиқариб йўлга чиқди. 8Шоул уларни Базахда[49] йиғди. Исроил уруғларидан 300.000, Яҳудо уруғидан эса 30.000 киши бор эди. 9У ерга келган Ёбошлик хабарчиларга шундай дейишди:

— Гиладдаги Ёбош аҳолисига, эртага кун тиккага келганда нажот топасизлар, деб айтинглар.

Хабарчилар бориб, бу гапни етказишди. Ёбошликлар қувониб кетишди. 10Нахошга эса:

— Эртага сизга таслим бўламиз, бизга нимани лозим кўрсангиз, шуни қилаверинг, — дейишди.

11Эртаси куни Шоул одамларни уч қисмга бўлди. Улар тонг пайти Оммон лашкарининг қароргоҳига бостириб киришди. Куннинг жазирама иссиғи бошлангунча, уларни мағлуб қилиб бўлишди. Омон қолганлари шундай тирқираб қочдики, ҳатто бирон жойда икки киши тўпланганини учратиб бўлмасди.

12Исроил лашкари Шомуилнинг олдига бориб:

— “Бизга шоҳлик қилиш Шоулга тушиб қолибдими?” деганлар кимлар эди? Олиб келинг уларни, ўлдирамиз! — деб қаттиқ талаб қилишди. 13Шоул эса:

— Бугун бирон кимса ўлдирилмайди, чунки Эгамиз бугун Исроилга нажот берди, — деди.

14— Майли, Гилгалга борамиз, ўша ерда шоҳликни янгидан тиклаймиз, — деди Шомуил халққа.

15Шундай қилиб, бутун халқ Гилгалга борди ва Эгамиз ҳузурида Шоулнинг шоҳлигини тасдиқлади. Ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида тинчлик қурбонликлари келтиришди. Шоул ва бутун Исроил халқи роса хурсандчилик қилишди.

 

12–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шомуилнинг айрилиш нутқи

 

1Шундан кейин Шомуил бутун Исроил халқига деди:

— Менга нима гапирган бўлсангиз, ҳаммасига қулоқ солдим. Сизларнинг устингиздан бир шоҳ тайинладим. 2Энди у сизларга раҳнамолик қилади. Мен эса кексайдим, сочим оқарди. Мана, ўғилларим ҳам сизлар билан бирга. Ёшлигимдан буён шу кунгача сизларга йўлбошчилик қилдим. 3Қани, айтинглар–чи, қайси бирингизнинг ҳўкизингизни олдим? Кимнинг эшагини тортиб олдим? Кимни товладим? Кимга зулм қилдим? Кимдан пора олиб, унинг айбларини кўриб–кўрмасликка олдим? Эгамизнинг ва У мой суртиб танлаган шоҳнинг олдида мен ҳақимда гувоҳлик беринг, сизлардан бирор нарса олган бўлсам, қайтариб берай.

4— Бизни товламадингиз, бизга зулм қилмадингиз, бирор кимсанинг қўлидан бирон нарса олмадингиз, — деди халқ.

5— Мендан бирор нуқсон топмаганингизга бугун Эгамиз ҳамда У мой суртиб танлаган шоҳ гувоҳдир, — деди Шомуил.

— Ҳа, гувоҳ бўлиб турибди, — деди халқ. 6Шомуил гапини давом эттирди:

— Мусо билан Ҳорунни тайин қилган, ота–боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан — Эгамиздир. 7Энди шу ерда туринглар, Эгамизнинг сизларга ва ота–боболарингизга нажот бериш учун қилган ҳамма ажойиботларининг исботини Унинг ҳузурида сизларга кўрсатаман. 8Ёқуб Мисрга келгандан кейин, ота–боболарингиз Эгамизга ёлворди, У эса Мусо билан Ҳорунни юборди. Улар ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиқиб, бу ерда жойлаштирди. 9Аммо ота–боболарингиз ўзларининг Эгаси Худони унутишди. Шунинг учун Эгамиз уларни Хазор шоҳининг лашкарбошиси Сисаронинг, Филистларнинг ва Мўаб шоҳининг қўлига топширди. Улар ота–боболарингиз билан уришишди. 10Ота–боболарингиз Эгамизга: “Гуноҳ ишлар қилдик, Сендан юз ўгириб, Баал билан Аштаретга хизмат қилдик, энди бизни ғанимларимизнинг қўлидан озод эт, сенга хизмат қиламиз”, деб ёлворишди. 11Эгамиз эса Гидўн[50], Барақ[51], Йифтох, Шимшўн сингари ҳакамларни[52] юборди. Бехавотир яшанглар, деб сизларни бўйсундирган ғанимларингиз қўлидан озод этди. 12Сўнгра Оммон шоҳи Нахош сизларга ҳужум қилмоқчи бўлганини кўриб, қўрқиб кетдингиз. Ўз Эгангиз Худо сизларнинг шоҳингиз бўлса ҳам, менга: “Йўқ, бизни оддий шоҳ бошқарсин”, деб туриб олдингиз. 13Мана, танлаб, тилаб олган шоҳингиз! Ҳа, Эгамиз устингиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳни берди. 14Эгамиздан қўрқиб, Унга хизмат қилинглар, Унинг сўзларига қулоқ солиб, амрларидан бўйин товламанглар. Ўзларингиз, ҳукмронлик қиладиган шоҳингиз ўз Эгангиз Худога эргашинглар. Агар шундай қилсангизлар, ҳаммаси яхши бўлади. 15Эгамизнинг сўзларига итоат этмасдан, Унинг амрларига қарши чиқсангиз, Эгамиз ота–боболарингизни жазолаганидай, сизларни ҳам жазолайди. 16Энди турган ерингизда тураверинг, кўз ўнгингизда Эгамизнинг ажойиботини кўринглар. 17Ҳозир буғдой ўрими пайти, қурғоқчилик бошланди. Мен Эгамизга илтижо қиламан, У момақалдироқ гулдиратиб, ёмғир ёғдиради. Шундай қилиб, сизлар бир шоҳ сўраш билан Эгамиз олдида қанчалик қабиҳлик қилганингизни яхшилаб тушуниб оласиз.

18Шомуил Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз ўша куни момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдирди. Жамики халқ Эгамиздан ҳам, Шомуилдан ҳам жуда қўрқиб кетди. 19Улар Шомуилга:

— Нобуд бўлмайлик. Биз, қулларингиз, учун ўз Эгангиз Худога илтижо қилинг, — дейишди. — Энди билдик, биз бир шоҳ сўраб, бутун гуноҳларимиз устига яна гуноҳ қилибмиз.

20Шомуил халққа деди:

— Қўрқманглар, сизлар бу қилмишларингиз билан қабиҳлик қилдиларингиз, лекин энди Эгамиздан юз ўгирмасдан Унга эргашинглар. Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар. 21Бирор кимсага нажот беролмайдиган яроқсиз бутларнинг орқасидан эргашманглар, улар бефойда нарсалар–ку, ахир. 22Эгамиз сизларни Ўзининг халқи қилди. У Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади. 23Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун ибодат қиламан. Акс ҳолда Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман. 24Фақат Эгамиздан қўрқинглар, Унга бутун қалбингиз билан ишониб хизматда бўлинглар. Қаранг, У сизлар учун қандай ажойиб ишлар қилган! 25Агарда қабиҳлик қилаверсангизлар, Эгамиз сизларни ҳам, шоҳингизни ҳам йўқ қилади.

 

13–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Филистлар билан уруш

 

1Шоҳ Шоул ўттиз[53] ёшида тахтга ўтириб, Исроилда қирқ икки йил шоҳлик қилди[54]. 2У Исроил лашкаридан уч мингта одам саралаб олиб, қолганларини уйларига жўнатиб юборди. Ўша уч мингтадан икки мингтасини Михмаш ва Байтил қирларига жойлаштирди, мингтасини эса Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига[55] — Йўнатаннинг[56] ихтиёрига юборди. 3Орадан кўп ўтмай, Йўнатан Филистларнинг Ғибо шаҳридаги[57] қўнолғасини мағлуб қилди. Бу хабар Филистлар орасида тезда тарқалди. Шоул: “Ибронийлар бу ҳодисадан хабардор бўлсин”, деб бутун ўлка бўйлаб бурғу чалдирди. 4Шундай қилиб, Шоул Филистлар қўнолғасини енгганини ва Филистлар Исроил халқидан нафратланганини Исроил халқининг ҳаммаси билди. Сўнг лашкар Гилгалда Шоулнинг атрофига тўпланди.

5Филистлар ҳам Исроил лашкари билан уришмоқ учун йиғилишди. Уч мингта[58]жанг арава, олти мингта отлиқ сипоҳ ва денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз лашкар йўлга чиқиб, Байт–Обун шаҳрининг шарқидаги Михмашга келди. Улар ўша ерда қароргоҳ қуришди. 6Исроил лашкарининг аҳволи оғирлашиб, қийналиб қолди ва улар ғорларга, хандақларга, қоялар орасига, қабрларга, сардобаларга яшириндилар. 7Ибронийларнинг айримлари эса Иордан дарёси шарқидаги Гад ва Гилад ерларига кечиб ўтишди.

Шоул у вақтда ҳали ҳам Гилгалда эди. Унга эргашганларнинг ҳаммаси қўрқиб кетишди. 8Шомуил Шоулга: “Мени етти кун кут”, деб айтгани учун[59], уни Гилгалда етти кун кутиб турди. Шомуил Гилгалга келавермагач, лашкар энди Шоулнинг ёнидан қоча бошлади. 9Шунинг учун Шоул:

— Куйдириладиган қурбонлик билан тинчлик қурбонликларини менга олиб келинглар, — деб буюрди. Кейин у куйдириладиган қурбонликларни назр қилди.

10Шоул қурбонликни куйдириб бўлган ҳам эдики, Шомуил келиб қолди. Шоул, унга салом берай, деб пешвоз чиқди.

11— Нима қилиб қўйдинг?! — деди Шомуил.

— Одамларим менинг ёнимдан қочиб кетяпти, — деди Шоул. — Сиз эса белгиланган куни келмадингиз. Бунинг устига, Филистлар Михмашда тўпланиб туришибди. Уларни кўриб, 12энди Филистлар Гилгалга устимга бостириб келади, мен эса ҳанузгача Эгамдан ёрдам сўраб илтижо қилмадим, деб ўйладим. Шундан кейин куйдириладиган қурбонликни қилишга мажбур бўлдим.

13Шомуил Шоулга деди:

— Нодонларча иш тутибсан, ўз Эганг Худонинг сенга берган амрига итоат этмадинг. Бўлмаса, Эгам Исроил устидан шоҳ бўлишингни то абад мустаҳкамлаган бўларди. 14Энди сенинг шоҳлигинг узоққа бормайди. Эгам Ўз кўнглига мос биттасини топди, Менинг халқимни сен бошқарасан, деб ўшани тайинлади. Чунки сен Эгамнинг амрига итоат қилмадинг.

15Шундан сўнг Шомуил Гилгалдан чиқиб, Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига жўнаб кетди. Шоул ёнида қолган одамларни санаб чиқди, ҳаммаси бўлиб тахминан олти юз киши экан. 16Шоул билан ўғли Йўнатан, уларнинг лашкари Бенямин қабиласига қарашли Ғибода жойлашдилар. Филистлар эса Михмашда қароргоҳ қурган эдилар. 17Филистларнинг илғорлари[60] уч гуруҳга бўлиниб, Исроил қишлоқларини талаш учун қароргоҳдан чиқишди. Гуруҳлардан бири Шувол ҳудудидаги Ўфра шаҳри томонга, 18иккинчиси Байт–Хўрон шаҳри томонга, учинчиси эса чўл томонга — Завўм водийси кўриниб турган чегара адирга йўл олди.

19Филистлар: “Ибронийлар қилич, найза ясай олмасин”, деб бутун Исроил юртида бирорта ҳам темирчи қолдирмаган эдилар. 20Шунинг учун ҳамма Исроил халқи омоч тишларини, чўкичларини, болта ва ўроқларини[61] ўткирлаш учун Филистларнинг олдига борар эдилар. 21Омоч тиши билан чўкични ўткирлаш баҳоси икки мисқол кумуш[62], паншаха, болта ва темир учли говронни ўткирлаш баҳоси бир мисқол кумуш[63] эди. 22Шу сабабдан Шоул билан Йўнатаннинг жангчиларидан бирортасида қилич ёки найза йўқ эди, фақат Шоул ва унинг ўғлида бор эди, холос.

23Бу пайтга келиб, Филистлар қўнолғасини Михмаш довонида жойлаштирган эдилар.

 

14–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Йўнатаннинг мардона иши

 

1Ўша куни Шоулнинг ўғли Йўнатан ёшгина қуролбардорига:

— Юр, нариги томондаги Филистларнинг қўнолғаси турган жойга ўтамиз, — деди. Аммо бу ҳақда отасига ҳеч нарса айтмади. 2Шоул Гиво шаҳри яқинидаги Мигронда бир анор дарахти тагида ўтирар, ёнида олти юзтача одамдан иборат лашкари бор эди. 3Эфод кўтариб юрган руҳоний Охиё ҳам ўша ерда эди. Охиёнинг отаси — Охитоб, Охитобнинг акаси — Ихабод эди. Ихабод — Финхазнинг ўғли, Финхаз эса Шилўда Эгамизнинг руҳонийси бўлиб хизмат қилган Элахнинг ўғли эди.

Одамлар Йўнатаннинг кетганини сезмай қолган эдилар. 4Йўнатан Филистлар қўнолғасига довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг ҳар икки томонида иккита баланд чўққи бор эди. Бириси — Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди. 5Чўққилардан бири шимол томонда бўлиб, Михмашга, иккинчиси жанубда бўлиб, Гивога қараган эди.

6Йўнатан ёш қуролбардорига:

— Юр, ўша суннатсизларнинг қўнолғаси томонга ўтайлик, Эгамиз бизга ёрдам беради, — деди. — У кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ.

7— Сиз нима десангиз, шу–да, — деди қуролбардор. — Бўпти, борамиз. Кўнглингизга нима маъқул келса, мен ҳам сиз билан биргаман.

8— Биз анави одамларга ўзимизни кўрсатамиз, — деди Йўнатан. — Агар улар бизни кўргач: 9“Ёнингизга боргунимизча, ўша ерда тўхтаб туринглар”, деб айтса, айтган жойида тўхтаб турамиз, уларнинг олдига бормаймиз. 10Борди–ю: “Ёнимизга келинглар”, деса борамиз. Ана шунда Эгамиз Филистларни бизнинг қўлимизга берганини биламиз, бизга аломат шу бўлади.

11Иккови Филистларга кўриниш берган эди, Филистлар:

— Қаранглар, ибронийлар яширинган хандақларидан чиқа бошлашди! — деб қолди. 12Сўнг Филистлар Йўнатан билан қуролбардорига:

— Бу ёққа, келинглар–чи, бир гаплашиб қўяйлик, — деб бақиришди. Йўнатан қуролбардорига:

— Орқамдан юр, Эгамиз уларни Исроил халқининг қўлига берди, — деди. 13Йўнатан тирмашиб қир тепасига чиқа бошлади. Қуролбардори ҳам унга эргашди. Олдидан келган Филистларни Йўнатан, орқадан келганини қуролбардори ўлдираверди. 14Йўнатан билан қуролбардори биринчи ҳужумдаёқ кичкина майдонда[64] йигирматача сипоҳни ўлдиришди. 15Ҳаммани — қароргоҳдаги ва қирдаги одамларни ваҳима босди. Сипоҳлар, ҳатто илғорлар[65] ҳам дағ–дағ титрарди. Бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди.

 

Филистлар устидан ғалаба

 

16Шоулнинг Бенямин ҳудудидаги Гиво шаҳрида ўрнашган кузатувчилари Филистларнинг югур–югурини кўриб қолишди. 17Шоул ёнидаги одамларга:

— Билинглар–чи, орамизда ким йўқ экан, — деди. Йўқлама қилган эдилар, Йўнатан билан унинг қуролбардори йўқлиги маълум бўлди. 18Шоул Охиёга:

— Худонинг сандиғини олиб кел, — деди. (Ўша пайтда Худонинг сандиғи Исроил халқи билан эди[66].)

19Шоул руҳоний билан гаплашаётган пайтда Филистларнинг қароргоҳидаги ғала–ғовур роса авжига чиқди. Шунинг учун Шоул руҳонийга:

— Керак эмас, қўявер! — деди. 20Ўша заҳоти Шоул ва ёнидаги сипоҳларининг ҳаммаси бирга уруш майдонига кетишди. У ерда катта ғалаён бўлаётган эди, ҳамма бир–бирига қилич соларди. 21Шунда илгари Филистлар томонда бўлган ва уларнинг қароргоҳига келган ибронийлар ҳам сафдан чиқиб, энди Шоул билан Йўнатаннинг сипоҳларига — Исроил сипоҳларига қўшилиб олишди. 22Эфрайим қирларида яшириниб олганлар ҳам Филистларнинг қочаётганини эшитиб, уларни жанг майдонидан қувлай бошлади. 23Шундай қилиб, ўша куни Эгамиз Исроил лашкарини ғалабага эриштирди.

 

Шоул лашкарига онт ичиради

 

Уруш Байт–Обуннинг нариги томонларигача ёйилди. 24Ўша куни Исроил лашкари жуда ҳам ҳолдан тойди, чунки Шоул онт ичиб лашкарига шундай деган эди: “Душманларимиздан ўч олмагунимизча, оқшомга қадар ким бир луқма таом еса, лаънати бўлсин!” Шунинг учун бирор кимса ҳеч нарса емади.

25-26Лашкар ўрмонга борганда, ерда оқиб ётган асални кўрди, лекин Шоул ичирган қасамдан қўрқиб, бирортаси асалга қўл теккизмади. 27Йўнатан эса отасининг лашкарига онт ичирганидан бехабар эди. Қўлидаги таёғини узатиб, таёқ учини асалари инига ботирди. Асалдан озгина татиб кўрган эди, кўзлари чақнаб кетди. 28Шу заҳоти сипоҳлардан бири Йўнатанга:

— Отангиз лашкарга, бугун ким таом еса, лаънати бўлсин, деб онт ичирган эди, шунинг учун одамлар ҳолдан тойган, — деди.

29— Отам одамларни оғир аҳволга солиб қўйди, — деди Йўнатан. — Қаранглар, мана бу асалдан бироз татиб кўрган эдим, кўзларим чарақлаб кетди. 30Бугун лашкаримиз ғанимлардан тортиб олган таомлардан тўйиб есайди, жуда яхши бўларди. Ўшанда Филистларни мағлуб қилиш янада осон бўлармиди?!

31Ўша куни Исроил лашкари Михмаш билан Ойжавлон[67] оралиғидаги Филистларни мағлуб қилди. Қорни очган Исроил лашкари шу қадар ҳолдан тойдики, 32охири улардан ўлжа қилиб олинган чорваларга ташланишдан ўзга чора қолмади. Қўй, мол, бузоқларни шу ернинг ўзидаёқ сўйиб, қонини оқизмасдан еяверишди.

33— Қаранг, лашкарингиз гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қиляпти![68] — деб аҳволни Шоулга маълум қилишди.

— Хоинлик қилдингизлар, ҳозироқ катта бир тошни бу ерга юмалатиб олиб келинглар! — деди Шоул. 34Сўнг қўшиб қўйди:

— Лашкар орасида юриб айтинглар, ҳар бир одам моли, қўйини менинг ҳузуримга олиб келиб, шу ерда[69] сўйиб, есин. Гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қилманглар.

Ўша куни кечаси ҳар бир одам молини олиб келиб, Шоулнинг олдида сўйди. 35Шоул Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурди. Бу Шоулнинг Эгамизга атаб қурган илк қурбонгоҳи эди.

36Кейин Шоул одамларига айтди:

— Қани, шу кеча Филистларни бир қувайлик. Тонг отгунча молларини тортиб оламиз, бирортасини соғ қолдирмаймиз.

— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб беришди одамлар.

— Аввал Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик[70], — деб қолди руҳоний. 37Шоул Худодан:

— Филистларга ҳужум қилаверайми? Уларни Исроил лашкарининг қўлига тутиб берасанми? — деб сўради. Лекин Худо ўша куни жавоб бермади. 38Шундан сўнг Шоул деди:

— Исроилнинг ҳамма лашкарбошилари шу ерга келишсин, бугун қандай гуноҳ қилинганини билиб оламиз. 39Исроилга нажот берадиган Худо шоҳид! Гуноҳ қилган ўғлим Йўнатан бўлиб чиқса ҳам, албатта ўлдирилади.

Бирон кимсадан садо чиқмади. 40Шоул ўз одамларига буюрди:

— Сизлар бир томонда туринглар, ўғлим Йўнатан билан мен бошқа томонда турамиз.

— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб берди одамлар.

41Шоул Исроил халқининг Худоси — Эгамизга:

— Эй, Эгам! Айбсизни ўзинг оқла! — деб илтижо қилди.

Сўнг қуръа ташланди, қуръа Йўнатан билан Шоулга тушди, одамларнинг ҳаммаси эса оқланди.

42— Энди мен билан ўғлим Йўнатан орасига қуръа ташланг, — деди Шоул. Бу сафар қуръа Йўнатанга тушди. 43Шоул Йўнатандан:

— Менга айт–чи, нима қилдинг? — деб сўради.

— Мен қўлимдаги таёқнинг учини асалга ботириб олиб, озгина татиб кўрган эдим, энди мен ўлимимга розиман, — деб жавоб берди Йўнатан.

44— Йўнатан, агар сени ўлдиртирмасам, Худонинг қаҳрига учрай, ҳатто ундан баттарроғига учрай, — деди Шоул. 45Аммо одамлар Шоулга эътироз билдирди:

— Исроилни улуғ зафарга эриштирган Йўнатанни ўлдирмоқчимисиз? Асло! Худо шоҳид! Сочининг бир толасига ҳам қўл тегмайди. У бугун нима қилган бўлса, Худонинг мадади билан қилди.

Шундай қилиб, одамлар Йўнатанни ўлимдан қутқариб қолди.

46Шундан сўнг Шоул Филистларни таъқиб қилмади. Филистлар эса ўз ерларига қайтиб кетишди.

 

Шоулнинг ҳукмронлиги ва оиласи

 

47Шоул Исроил шоҳи бўлгандан кейин атрофидаги барча душманлари — Мўаб, Оммон, Эдом халқлари, Зўво шоҳлари ва Филистлар билан уруш қилди. Қаерга борса, ғалаба қилди. 48Мардона жанг қилиб Омолек халқини мағлуб қилди, Исроил халқини талончиларнинг қўлидан халос қилди.

49Шоулнинг Йўнатандан бошқа Ишбосит[71] ва Малкишува исмли ўғиллари бор эди. Унинг икки қизи ҳам бўлиб, каттасининг исми Мерав, кичкинасиники Михал эди. 50Хотини Охинавам эди. У Охимас деганнинг қизи эди. Шоулнинг амакиси Нарнинг ўғли Абнур лашкарбоши эди. 51Абнурнинг отаси Нар ва Шоулнинг отаси Киш ака–ука эдилар. Нар ва Кишнинг отаси Абил эди. 52Шоул даврида Филистлар билан доимо қақшатқич уруш бўлар эди. Шоул қаерда мард ёки жанг қилишга моҳир одамни кўрса, ўз қўшинига оларди.

 

15–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Омолек халқи билан жанг

 

1Бир куни Шомуил Шоулга шундай деди:

— Эгамиз сенга мой суртиб, Ўз халқи Исроилнинг шоҳи қилиш учун мени сенинг олдингга юборган эди. Энди Эгамизнинг сўзларини эшит. 2Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Исроил халқига қилган ёвузликлари учун Омолек халқини[72] жазолайман. Чунки Исроил халқи Мисрдан чиқаётганда, Омолек халқи уларнинг йўлини тўсиб қўйган эдилар. 3Энди бориб, Омолек халқига ҳужум қил. Уларга қарашли ҳамма нарсани тамоман йўқ қилиб ташла[73], ҳеч нарсасини аяма. Эркагу аёл, болаю чақа, молидан тортиб қўйигача, туясидан тортиб эшагигача ҳаммасини ўлдир.”

4Шоул лашкарини Талойим шаҳрида тўплаб санаб чиқди. 200.000та пиёда сипоҳи, Яҳудодан ҳам 10.000та сипоҳи бор экан.

5Шоул Омолек халқига қарашли бўлган шаҳарга бориб, сойликда пистирма қўйди. 6Ўша ердаги Хайин халқига қуйидаги хабарни жўнатди: “Энди кетинглар, Омолек халқини тарк этинглар, тағин сизларни ҳам улар билан бирга йўқ қилиб юбормайин. Исроил халқи Мисрдан чиқаётган пайтда, сизлар бизга яхшилик қилгандингиз.”

Шундан кейин Хайин халқи Омолек халқини тарк этди.

7Шоул Хавиладан Мисрнинг шарқидаги Шургача бўлган жойлардаги Омолек халқини тор–мор қилди. 8У Омолек шоҳи Ўгахни тириклайин қўлга олиб, халқини бутунлай қириб ташлади. 9Шоул ва унинг одамлари Ўгахни ҳамда унинг энг яхши қўй–молларини, бузоқ–қўзиларини, жамики яхши нарсаларини аяб, сақлаб қолишди. Уларни бутунлай йўқ қилиб ташлашни исташмади. Фақат арзимас, нуқсонли ҳайвонларини йўқ қилишди.

 

Худо Шоулни рад этади

 

10Эгамиз Шомуилга шу сўзларни аён қилди: 11“Шоулни шоҳ қилиб тайинлаганимга пушаймонман. У Мендан юз ўгирди, амрларимни бажо қилмади.” Шомуил хафа бўлиб, тун бўйи Эгамизга ёлвориб чиқди.

12Шомуил эртаси куни саҳарда, Шоул билан кўришай, деб борса, Шоул Кармил шаҳрига[74] кетибди. Билсаки, у ерда ўзига бир ёдгорлик ўрнатибди. Кейин Гилгалга қайтибди. 13Шомуил Шоулнинг олдига келганда, Шоул:

— Эгамиз сизни ёрлақасин! Мен Эгамизнинг амрини адо этдим, — деди.

14— Агар шундай бўлса, қулоғимга эшитилаётган қўйнинг маъраши нимаси? Мен эшитаётган сигирнинг бўкириши нимаси? — деб сўради Шомуил.

15— Одамларим Омолек халқининг ҳайвонларини тортиб олди, — деди Шоул, — Эгангиз Худога қурбонлик қилиш учун қўй, сигирларнинг энг сараларини аяб, сақлаб қолишди. Қолганларини эса бутунлай қириб ташладик.

16— Шошмай тур, бу кеча Эгамизнинг менга нималар айтганини сенга билдириб қўяйин, — деди Шомуил.

— Айтинг, — деди Шоул.

17Шомуил гапида давом этди:

— Ўзингни кичик деб санасанг–да, Исроил халқининг йўлбошчиси бўлмадингми?! Эгамиз сенга мой суртиб танлаб, Исроилга шоҳ қилмадими?! 18У сенга: “Бор, ўша гуноҳкор Омолек халқини бутунлай қириб ташла, ҳаммасини йўқотмагунингча, улар билан жанг қил”, деб амр берган эди–ку. 19Нега энди Эгамизнинг амрига итоат этмадинг?! Нима учун ўлжага ташланиб, Эгамиз олдида қабиҳлик қилдинг?!

20— Ахир, мен Унинг амрларига итоат қилдим–ку! — деди Шоул. — Мен, Эгамиз амр берганидай, бордим. Омолек шоҳи Ўгахни бу ерга олиб келдим. Омолек халқини эса бутунлай қириб ташладим. 21Одамларим Гилгалда Эгангиз Худога қурбонлик қилайлик, деб қириб ташланиши керак бўлган ўлжадан энг сара мол–қўйларни олишди, холос.

22Шомуил шундай жавоб берди:

“Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлардан кўра,

Эгамиз Ўзига итоат этганлардан шод бўлмасми?!

Ҳа, итоат этиш — қурбонлик сўйишдан яхши,

Худога итоаткорлик — қўчқорлар ёғидан аълороқдир.

23Ўзбошимчалик — сеҳр–жоду сингари гуноҳ,

Итоатсизлик эса бут–санамга бош эгиш билан тенгдир.

Сен Эгамизнинг амрини рад этдинг,

Эгамиз ҳам сенинг шоҳлигингни рад этди.”

24— Гуноҳ қилдим! — деди Шоул. — Ҳа, Эгамизнинг амрига ҳам, сизнинг сўзларингизга ҳам хилоф иш тутдим. Халқдан ҳайиққаним учун, уларнинг гапига кирдим. 25Энди ёлвораман: гуноҳимдан ўтинг, мен билан бирга қайтиб боринг, Эгамизга сажда қилайин.

26— Сен билан бормайман, — деди Шомуил. — Чунки сен Эгамизнинг амрини рад этдинг, Эгамиз ҳам, Исроилга шоҳ бўлмасин, деб сени рад этди.

27Шомуил бурилиб, кетмоқчи бўлган эди, Шоул унинг ридоси этагидан ушлаб қолди. Ридо йиртилди.

28— Ридо йиртилгани сингари, Эгамиз ҳам бугун Исроил шоҳлигини қўлингдан тортиб олиб, сендан кўра, бошқа яхшироғига берди, — деди Шомуил. 29— Исроилнинг барҳаёт Худоси ёлғон сўзламас, фикрини ҳам ўзгартирмас. У инсон эмаски, фикрини ўзгартирса.

30— Гуноҳ қилдим, — деди Шоул, — энди халқимнинг оқсоқоллари олдида, Исроил халқи олдида мени беобрў қилманг. Шунинг учун мен билан бирга қайтиб боринг, Эгангиз Худога сажда қилайин.

31Шомуил Шоул билан бирга орқага қайтиб борди. Шоул Эгамизга сажда қилди.

32Шомуил:

— Омолек шоҳи Ўгахни менинг олдимга олиб келинглар! — деб буюрди. Ўгахни боғланган ҳолда, Шомуилнинг олдига олиб келишди. Ўгах ўзича: “Ўлим хавфи аниқ ўтиб кетди”, деб ўйлади[75]. 33Лекин Шомуил:

— Қиличинг аёлларни фарзандидан қандай жудо қилган бўлса, сенинг онанг ҳам аёллар орасида бефарзанд бўлсин! — дедию, Ўгахни Эгамизнинг олдида Гилгалда қилич билан чопиб ташлади.

34Шундан сўнг Шомуил Рамага, Шоул эса Гивога — уйига кетди. 35Шомуил умрининг охиригача Шоулни бошқа кўрмади, лекин у Шоулни деб ғамгин бўлиб юрди. Эгамиз эса Шоулни Исроил шоҳи қилганидан пушаймон эди.

 

16–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Эгамиз Довудга мой суртиб шоҳ қилиб танлади

 

1Эгамиз Шомуилга айтди:

— Сен қачонгача Шоулни деб ғамгин бўлиб юрасан?! Шоул Исроил шоҳи бўлмасин, деб уни Мен рад этдим. Қани, энди қўчқор шохини[76]мой билан тўлдириб, йўлга отлан. Сени Байтлаҳмлик Эссайнинг уйига жўнатаман. Унинг ўғилларидан биттасини Ўзимга шоҳ қилиб танладим.

2— Қандай қилиб бораман?! Шоул эшитиб қолса, мени ўлдиради–ку! — деди Шомуил.

— Ўзинг билан битта бузоқчани олгин–да: “Эгамизгақурбонлик қилгани келдим”, деб айт, — деди Эгамиз. 3— Эссайни қурбонликка таклиф қил. Ўшанда нима қилишинг кераклигини Мен сенга аён қиламан, Ўзим сенга кўрсатадиган одамнинг бошига Менинг номимдан мой суртиб, уни танлайсан.

4Шомуил, Эгамиз буюрганидай, Байтлаҳм шаҳрига кетди. Шаҳар оқсоқоллари уни қўрқиб кутиб олишди ва:

— Тинчликми? — деб сўрашди.

5— Ҳа, тинчлик, — деди Шомуил. — Эгамизга қурбонлик қилгани келдим. Ўзларингизни покланглар[77], мен билан қурбонлик маросимига борасизлар.

Сўнг Эссайни ва унинг ўғилларини ҳам поклаб қурбонлик маросимига таклиф қилди.

6Эссай ўғиллари билан келгач, Шомуил Элиёбни кўрдию: “Эгамиз олдида турган бу одам, шубҳасиз, Унинг мой суртиб танлаган одамидир”, деб ўйлади.

7Эгамиз эса Шомуилга деди:

— Унинг чиройи ва қоматдорлигига қарама. Мен уни рад этдим, чунки Мен инсонлардай эмасман. Инсонлар ташқи кўринишига қарайди, Мен эса дилига қарайман.

8Сўнг Эссай бошқа ўғли Абунадовни чақириб, Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин Шомуил:

— Эгамиз буни ҳам танламади, — деди. 9Шундан сўнг Эссай Шаммохни Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин у яна:

— Эгамиз буни ҳам сайламади, — деди.

10Шу тариқа Эссай еттита ўғлини Шомуилнинг олдидан ўтказди. Аммо Шомуил:

— Эгамиз булардан бирортасини танлаб олмади, — деди.

11Ниҳоят Шомуил Эссайдан:

— Ўғилларингнинг ҳаммаси шуларми? — деб сўради.

— Яна энг кенжаси бор, қўй боқяпти, — деди Эссай.

— Бирортасини жўнат, уни чақириб келсин, — деди Шомуил. — Ўша ўғлинг бу ерга келмагунча, таом емоққа ўтирмаймиз.

12Эссай биттасини юбориб, ўғлини олдириб келди. У чиройли, келишган йигит бўлиб, кўзлари ёниб турарди.

— Қани, унинг бошига мой суртиб танла! Мен танлаган одам шу! — деди Эгамиз Шомуилга.

13Шомуил мой солинган шохни олди–да, акаларининг кўз ўнгида йигитнинг бошига мой суртди. Ўша пайтда Эгамизнинг Руҳи Довудни қамраб олди ва ўша кундан бошлаб уни бошқарадиган бўлди. Шомуил эса Рамага қайтиб кетди.

 

Довуд Шоулнинг саройида

 

14Эгамизнинг Руҳи Шоулни тарк этди. Эгамиз юборган ёвуз руҳ уни қийнар эди.

15— Биламиз, Худо юборган ёвуз руҳ сизни қийнайди, — дейишди хизматкорлар Шоулга. 16— Жаноби олийлари биз, қулларига амр берсалар, лирани яхши чаладиган одамни топиб келар эдик. Худо юборган ёвуз руҳ сизни тутиб қолганда, у лира чалади, сиз эса енгил тортасиз.

17Шоул хизматкорларига:

— Майли, лирани яхши чаладиган бирортасини топиб, менинг ҳузуримга олиб келинглар, — деб буюрди.

18— Байтлаҳмлик Эссайнинг ўғилларидан бирини кўрган эдим, — деди йигитлардан биттаси. — Лирани яхши чалар экан. Бунинг устига, жасур жангчи, гаплари маънили, ўзи ҳам келишган йигит. Эгамиз у билан.

19Шоул Эссайга: “Қўй боқиб юрган ўғлинг Довудни менинг ҳузуримга юбор”, деб хабарчи жўнатди. 20Эссай нон, бир меш шароб ва битта улоқчани битта эшакка юклаб бериб, ўғли Довудни Шоулнинг ҳузурига юборди. 21Довуд Шоулнинг ҳузурига келиб, унинг хизматига кирди. Довудга Шоулнинг қаттиқ меҳри тушиб қолди, уни ўзига қуролбардор қилиб олди. 22Шоул Эссайга: “Ижозат берсанг, Довуд менинг хизматимда қолсин, ундан жуда мамнунман”, деган хабарни жўнатди.

23Ўша кундан бошлаб Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қийнаганда, Довуд лирани олиб чалар, Шоул ўзига келиб роҳатланар, ёвуз руҳ Шоулдан чекинарди.

 

17–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Гўлиёт Исроил халқини олишувга чақиради

 

1Филистлар, жанг қиламиз, деб лашкарини тўплаб, Яҳудо ҳудудидаги Сўхў шаҳрида йиғилишди. Сўхў ва Озикаҳ шаҳарлари[78] орасидаги Эфес–Даммим деган жойда қароргоҳ қуришди. 2Шоул ҳам Исроил лашкарини тўплади. Элох водийсида қароргоҳ қуриб, Филистларга қарши жангга тайёрланди. 3Бир тепаликни Филистлар, бошқа тепаликни Исроил лашкари эгаллади. Иккала томоннинг ўртаси водий эди.

4Филистлар сафидан Гўлиёт деган бир паҳлавон ўртага чиқди. У Гат шаҳридан эди. Бўйи олти тирсагу бир қарич[79] бўлиб, 5бошига бронза қалпоқ, устига бронза совут кийиб олган эди. Совутнинг оғирлиги уч ярим пуд[80] эди. 6Болдирлари бронза зирҳлар билан ўралган эди. Елкасида отиладиган бронза найзани кўтариб юрарди. 7Қўлидаги найзанинг сопи эса тўқувчи дастгоҳининг ходасидай келар, найза учидаги темирнинг оғирлиги ярим пуд[81] эди. Гўлиётнинг олдида қуролбардори унинг катта қалқонини кўтариб юрарди.

8Гўлиёт ўрнида турганича, Исроил қароргоҳига қараб ҳайқирди:

— Биз билан уришгани саф тортдингизларми?! Мен Филистман, сизлар Шоулнинг қулларимисизлар, ахир?! Орангиздан бирортангизни танланглар–чи, у менинг олдимга келсин. 9Агар у мен билан олишиб, мени енгиб ўлдира олса, Филистлар сизларнинг қулингиз бўлади. Борди–ю, мен ғолиб келиб, уни ўлдирсам, сизлар бизнинг қулимиз бўласизлар, бизга бўйсунасизлар.

10Сўнг ўша Филист гапида давом этди:

— Бугун Исроил лашкарини шарманда қиламан. Қани, бирортасини чиқаринг олдимга! Мен билан олишиб кўрсин!

11Шоул ва барча Исроил лашкари Филистнинг гапларини эшитгач, қаттиқ қўрқиб, ваҳимага тушиб қолдилар.

 

Довуд жанг майдонида

 

12Довуд Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик[82] Эссай деган одамнинг ўғли эди. Эссайнинг саккизта ўғли бор эди. Шоулнинг шоҳлиги даврида Эссай анча кексайиб қолган эди. 13Эссайнинг катта ўғилларидан учтаси Шоул билан бирга урушга кетган эди. Урушга кетган тўнғич ўғлининг оти Элиёб, ўртанчасиники Абунадов, учинчисиники Шаммох эди. 14Довуд кенжа ўғил эди. Унинг учта катта акаси эса Шоул билан бирга эди. 15Шу пайтда Довуд вақти–вақти билан Шоулнинг олдидан Байтлаҳмга отасининг қўйларини боққани келиб турарди. 16Филист Гўлиёт қирқ кун мобайнида эртаю кеч ўртага чиқиб урушга даъват қилди.

17Бир куни Эссай ўғли Довудга шундай деди:

— Мана бу қовурилган бир тоғора[83] буғдой билан анави ўнта нонни олгину тезда қароргоҳга, акаларингнинг олдига жўна. 18Мана бу ўн бўлак пишлоқни эса мингбошига олиб бор. Акаларингнинг аҳволини бил ва яхши юрганларини билдирадиган бирорта нишона олиб кел. 19Акаларинг Шоул лашкари билан бирга Элох водийсида Филистларга қарши уришяптилар.

20Эртаси куни Довуд саҳарда турди. Сурувни бир чўпонга қолдирди. Отаси буюрганидай, озиқ–овқатларни олиб йўлга чиқди. Жанг майдонига етиб борган пайтда сипоҳлар жангга даъват қилиниб, қароргоҳдан уришгани чиқаётган эканлар. 21Исроил лашкари билан Филистлар бир–бирларига рўпара бўлиб, саф тортдилар. 22Довуд келтирган нарсаларини орқадаги қўриқчига қолдириб, сафга томон югурди. Акаларининг ёнига бориб, улар билан саломлашди. 23Довуд улар билан гаплашиб турганда, Гат шаҳридан бўлган Филист — паҳлавон Гўлиёт ўз лашкари сафидан ўртага чиқиб, олдинги гапларини такрорлади. Довуд унинг гапларини эшитди. 24Исроил лашкари Гўлиётни кўришдию, қаттиқ қўрқиб бирданига қочиб қолишди. 25Улар бир–бирларига шундай дердилар:

— Анави одамга қаранглар! У Исроилни ҳақорат қиляпти. Ким уни ўлдирса, шоҳ унга катта бойлик ҳадя қилар экан, қизини ҳам берар экан. Ўша одамнинг отаси хонадонини ҳам Исроилга солиқ тўлашдан озод қилар экан.

26Довуд ёнидагилардан сўради:

— Бу Филистни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилганга шоҳ нима беради? Бу суннатсиз Филист ким бўлибдики, барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилади?!

27— Ўша одамни ким ўлдирса, фалон–фалон нарсалар тортиқ қилинади, — деб сипоҳлар олдинги гапларини такрорладилар. 28Тўнғич акаси Элиёб Довуднинг сипоҳлар билан гаплашиб турганини кўриб аччиқланди:

— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Ўша беш–олтитагина қўйимизни чўлда кимга қолдириб келдинг? Сенинг қанчалик манманлигингни, ниятинг ёмонлигини биламан. Сен фақат урушни томоша қилгани келгансан.

29— Мен нима қилибман?! Сўраб ҳам бўлмайдими?! — деди Довуд.

30Сўнгра бошқа сипоҳга қараб, яна ўша гапни сўради. Сипоҳлар аввалгидай бир хил жавоб беришди.

31Сипоҳлар Довуднинг гапларини эшитиб, Шоулга етказишди. Шоул Довудни чақиртирди. 32Довуд Шоулга деди:

— Ўша Филистни деб ҳеч кимнинг руҳи тушмасин. Мен, қулингиз бориб, у билан олишаман.

33— Тентаклик қилма, бу Филистга бас келолмайсан. Сен жуда ёшсан, у эса ёшлигидан бери жангчи, — деди Шоул.

34— Мен отамнинг сурувини боқардим, — деб жавоб берди Довуд. — Шер ёки айиқ келиб, сурувдан бирорта қўзини олиб қочса, 35орқасидан қувиб, унга ҳужум қилардим. Қўзини ўша ҳайвоннинг оғзидан тортиб олардим. Борди–ю, шер ёки айиқ менга ташланса, ёлидан ушлардиму, уриб ўлдирардим. 36Мен шерни ҳам, айиқни ҳам ўлдирганман. Анави суннатсиз Филистнинг бошига ўшандай кунни соламан. Чунки у барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилди. 37Мени шер, айиқнинг панжасидан халос қилган Эгамиз ўша Филистнинг қўлидан ҳам халос қилади.

— Майли бор, Худо ёр бўлсин, — деди Шоул. 38Сўнг у ўзининг жанг кийимларини Довудга берди, бошига бронза қалпоқ, эгнига совут кийдирди. 39Довуд шоҳнинг совутларини кийиб, устидан қиличини боғлаб, юрмоқчи бўлди. Лекин у бунақа кийимларга кўникмаган эди.

— Бу кийимлар билан юра олмаяпман, кўникмаганман, — деди Довуд Шоулга. Сўнг кийимларни ечиб ташлади.

 

Довуд Гўлиётни ўлдиради

 

40Довуд таёғини олиб, сойликдаги ирмоқдан бешта силлиқ тош териб олди. Тошларни ёнидаги чўпон халтасига солди–да, палахмонини олиб тўғри Гўлиётга томон юрди. 41Гўлиёт ва унинг қалқонини кўтариб борадиган қуролбардори олдинда, тўхтамай Довудга қараб юрдилар. 42Гўлиёт Довудга бошдан–оёқ разм солди. Чиройли, келишган йигит экан, деб ёшгина бўлгани учун уни менсимади.

43— Мен кўппакмидимки, устимга таёқ билан келяпсан? — деди–да, ўз худоларининг номи билан Довудга қарғиш ёғдирди. 44— Келавер, танангни кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан, — деди Филист. 45Довуд эса шундай жавоб қайтарди:

— Сен қилич, найзаю ханжарлар билан устимга бостириб келяпсан. Мен эса сен ҳақоратлаган Исроил лашкарининг Худоси, Сарвари Оламнинг номи билан қуролланиб устингга бостириб боряпман. 46Бугуннинг ўзида Эгамиз сени менинг қўлимга беради. Сени ўлдириб, бошингни танангдан жудо қиламан. Бугуннинг ўзида Филист лашкарининг жасадларини кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан. Шунда Исроилда Худонинг борлигини бутун ер юзи билиб олади. 47Эгамиз қиличу найза билан нажот бермаслигини бутун жамоа билиб олади, чунки бу урушда Эгамизнинг Ўзи жанг қилади. У сизларни бизнинг қўлимизга беради.

48Гўлиёт Довудга ташланмоқчи бўлиб, тўғри унга қараб юрди. Довуд ҳам у билан олишиш учун Филистлар сафи томон тез югуриб кетди. 49Қўлини халтасига солиб, битта тошни олди–да, палахмонга солиб отди. Тош Филистнинг қоқ пешанасига тегиб ўйиб кирди. Филист юз тубан ерга йиқилди. 50Шундай қилиб, Довуд Филистни палахмону битта тош билан мағлуб қилди. Қўлида қилич бўлмаса ҳам, уни ўлдириб, ерга чўзилтириб ташлади. 51Сўнг югуриб борди–ю, Гўлиётни босиб олди. Унинг қиличини қинидан суғуриб олди–да, бошини кесиб ташлаб, бутунлай бир ёқли қилди.

Ўзларининг паҳлавони Гўлиётнинг ўлганини кўрган Филистлар тумтарақай қоча бошладилар. 52Исроил билан Яҳудо лашкари қўзғалдию, наъра тортиб, Филистларни Гат ва Эхрон остоналаригача қувлаб борди. Шарайимдан Гат ва Эхрон шаҳарларигача борадиган йўлда Филистларнинг жасадлари чўзилиб қолди. 53Филистларни қувиб юборгандан кейин, Исроил лашкари орқага қайтиб Филистлар қароргоҳини талон–тарож қилишди. 54Довуд Гўлиётнинг бошини олиб, Қуддусга келтирди, қурол–аслаҳасини эса ўз уйига қўйди.

 

Довуд Шоулнинг ҳузурида

 

55Шоул Довуднинг Гўлиёт билан олишувга чиққанини кўрганда, у лашкарбоши Абнурдан:

— Абнур, бу йигитча ким? — деб сўради.

— Тўғриси, шоҳим, билмайман, — деди Абнур.

56— Бўлмаса бил–чи, бу йигит кимнинг ўғли экан, — деб буюрди шоҳ Шоул.

57Довуд Гўлиётни ўлдириб, қароргоҳга энди кирган ҳам эдики, Абнур Довудни етаклаб Шоулнинг ҳузурига олиб келди. Гўлиётнинг кесилган боши ҳали Довуднинг қўлида эди.

58— Кимнинг ўғлисан, йигитча? — деб сўради Шоул.

— Байтлаҳмлик қулингиз Эссайнинг ўғлиман, — деб жавоб берди Довуд.

 

18–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

1Шоул билан Довуднинг суҳбати энди тугаган ҳам эдики, Йўнатаннинг[84] кўнгли Довудга боғланди, Йўнатан уни ўз жони каби азиз кўрди. 2Ўша кундан бошлаб Шоул Довудни ёнида олиб қолди, отасининг уйига қайтиб кетишига ижозат бермади. 3Йўнатан Довудни ўз жонидай азиз кўргани учун у билан аҳд қилди. 4Устидаги кийимини ечиб берди, совути, қиличи, камони ва камарини ҳам Довудга ҳадя қилди.

5Шоул Довудни қаерга жўнатмасин, Довуд муваффақиятга эришди. Шу боис Шоул унга қўшинидаги катта лавозимни берди. Бу воқеадан барча халқ ҳам, Шоулнинг хизматкорлари ҳам хушнуд бўлишди.

 

Шоул Довудга ҳасад қилади

 

6Довуд Гўлиётни ўлдиргандан кейин, лашкар ўз уйларига қайтаётган эди. Исроилнинг ҳамма шаҳарларидан келган аёллар чилдирма ва торли мусиқа асбобларини чалиб, ўйин–кулги қилиб, шоҳ Шоулни кутиб олгани чиқишди. 7Яйраб–ўйнашаркан, шу қўшиқни айтишарди:

“Шоул мингларчасини ўлдирди,

Довуд эса ўн мингларчасини!”

8Бу сўзлар Шоулга оғир ботди, унинг ғашини келтирди. “Довудга ўн мингтасини, менга эса мингтасини беришди! Унга шоҳ бўлишдан бошқа яна нима қолди?!” деб ўйлади. 9Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Шоул Довудга ёмон кўз билан қарай бошлади.

10Эртаси куни Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қамраб олди, у ўз уйида жазавага тушди. Довуд ҳар галгидай яна лира чалиб ўтирар, Шоулнинг қўлида найза бор эди. 11У ўзича: “Довудни найза билан уриб деворга қоқиб қўяман”, деб найзани унга қаратиб отди. Лекин Довуд икки сафар ҳам унга чап бериб қутулиб қолди.

12Шоул Довуддан қўрқарди. Чунки Эгамиз Довуд билан бирга эди, Шоулни эса тарк этган эди. 13Шу сабабли Шоул Довудни ёнидан узоқлаштирди, уни мингта сипоҳга бош этиб тайинлади. Довуд лашкарга бош бўлиб, жангга борарди. 14Эгамиз Довуд билан бўлгани учун, у ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқарди. 15Довуднинг катта муваффақиятини кўриб, Шоул баттарроқ қўрқарди. 16Бутун Яҳудо ва Исроил халқи Довудни яхши кўрарди, чунки Довуд уларнинг олдинги сафида юриб, жангга борарди.

 

Довуд Шоулнинг қизига уйланади

 

17Бир кун Шоул Довудга деди:

— Тўнғич қизим Меравни сенга бераман. Фақат довюрак бўлиб, мен учун Эгамизнинг урушларига бош бўл.

Шоул: “Довуд менинг қўлим билан эмас, Филистларнинг қўли билан ўлдирилсин”, деб ўйларди.

18Довуд Шоулга:

— Мен ўзим ким бўлибман, ёки Исроилда оилам, отам хонадони нима бўлибдики, шоҳга куёв бўлсам?! — деди.

19Шундай қилиб, Шоулнинг қизи Мерав Довудга узатиладиган бўлди. Лекин Шоул қизини, Довуд қолиб, Махлалик Одриёлга турмушга берди. 20Шоулнинг бошқа қизи Михал эса Довудга кўнгил қўйган эди. Буни эшитган Шоул хурсанд бўлди. 21“Довудга Михални бераман, қизимни бериб, Довудни тузоғимга илинтириб оламан, Филистлар эса уни ўлдиради”, деб ўйлади.

— Энди бу сафар қулай фурсат етди, менга куёв бўласан, — деди Довудга Шоул.

22Кейин Шоул аъёнларига:

— Довудга, шоҳ сендан хурсанд, ҳамма хизматкорлари ҳам сени яхши кўради, шоҳга куёв бўладиган пайтинг келди, деб яширинча айтинглар, — деди.

23Шоулнинг аъёнлари бу гапни Довудга етказишди. Довуд эса шундай жавоб қайтарди:

— Мен камбағал, арзимас бир одам бўлсам, шоҳга куёв бўлиш, сизлар айтгандай, осонми?!

24Аъёнлар, ўз навбатида, Довуднинг гапларини Шоулга етказишди. 25Шоул шундай амр берди:

— Довудга, шоҳ ғанимларидан ўч олмоқчи, шунинг учун қалинга юзта Филистнинг суннат терисидан[85] бошқа нарса истамайди, деб айтинглар.

Шоул шу йўсинда Довуднинг Филистлар қўлига тушиб нобуд бўлишини режалаштирган эди.

26Аъёнлар Шоулнинг айтганларини Довудга етказишди. Довуд, ўшанда шоҳга куёв бўлишга ҳақли бўлар эканман–да, деб севинди. Белгиланган кундан олдин, 27Довуд ва унинг одамлари бориб, икки юзта Филистни ўлдирди. Довуд ўлдирилган Филистларнинг суннат терисини битта ҳам қолдирмай, шоҳга келтириб бериб, шоҳнинг куёви деган номга муносиб ишларни бажарди. Шундан сўнг Шоул қизи Михални Довудга турмушга берди.

28Шоул энди аниқ билдики, Эгамиз Довуд билан бирга экан, қизи Михал ҳам Довудни севар экан. 29Шундай қилиб, Довуддан янада ҳадиксираб, умрининг охиригача унга душман бўлиб қолди.

30Филист беклари қачон ҳужум қилсалар, Довуд Шоулнинг бошқа лашкарбошиларига қараганда ортиқ зафарга эришарди. Шу сабабдан Довуд катта шуҳрат қозонди.

 

19–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шоул Довудни ўлдиришни режалаштиради

 

1Шоул ўғли Йўнатанга ва ҳамма аъёнларига, Довуд ўлдирилсин, деб фармон берди. Йўнатан эса Довудни жуда яхши кўрарди.

2— Отам Шоул сени ўлдирмоқчи, — деб у Довудни огоҳлантирди. — Эртага тонг пайти ҳушёр бўл, бирор жойга бориб яшириниб, жим ўтир. 3Мен эса сен яширинган далага чиқиб, отамнинг ёнида бўламан, сен тўғрингда у билан гаплашаман. Бирор хабар эшитсам, сенга етказаман.

4Йўнатан отаси Шоулга Довудни мақтаб шу гапларни айтди:

— Шоҳ ўз қули Довудга қарши гуноҳ қилмасинлар. Чунки у сизга ҳеч қачон ҳақсизлик қилмаган. Ҳар бир иши билан сизга катта фойда келтирган. 5Жонини хавф остига қўйиб, Филистни ўлдирди, Эгамиз Довуд туфайли Исроил халқини катта зафарга эриштирди. Сиз буларни кўриб севиндингиз. Шундай экан, нега Довудни бекордан–бекорга нобуд қилмоқчисиз, бегуноҳнинг қонини тўкиб гуноҳ қилмоқчисиз?

6Шоул Йўнатаннинг гапларини англаб:

— Худо шоҳид! Довуднинг жонига ҳеч ким қасд қилмайди, — деб онт ичди.

7Йўнатан Довудни чақиртириб келди ва бўлиб ўтган гап–сўзларни айтиб берди. Сўнг Довудни Шоулнинг ёнига бошлаб борди. Довуд эса илгаригидай шоҳнинг хизматига кирди.

8Шу орада яна уруш аланга олди. Довуд урушга кетди, у Филистлар билан жанг қилиб, уларга шундай қаттиқ зарба бердики, охири Филистлар Довуднинг олдига тушиб қочиб қолишди.

9Бир куни Шоул, найзаси қўлида, уйида ўтирарди, Довуд эса лира чалаётган эди. Шу пайт Эгамиз юборган ёвуз руҳ Шоулни чулғаб олди. 10Шоул найзаси билан Довудни деворга михлаб қўймоқчи бўлди, лекин Довуд чап бериб қолди. Шоулнинг найзаси деворга санчилиб қолди. Ўша тун Довуд яна қочиб қутулди.

11Шоул Довудни эрта тонгда тутиб ўлдирмоқчи бўлди, кузатиб туринглар, деб унинг уйига одамларини жўнатди. Хотини Михал Довудга:

— Бу кеча қочиб қутулмасангиз, эрта тонгда сизни ўлдиришади, — деди. 12Шундай қилиб, Довудни деразадан чиқариб юборди. Довуд қочиб қутулди. 13Михал бутни[86] олиб, тўшакка ётқизди, бош томонига эса эчки жунидан қилинган ёстиқ ташлади, устини кўрпа билан ёпди. 14Шоул юборган одамлар Довудни тутиб олиб кетишга келишди.

— Довуд касал, — деди Михал уларга.

15Сўнг Шоул одамларини яна жўнатиб:

— Довудни ўз кўзларингиз билан кўринглар, уни тўшаги билан бу ерга олиб келинглар, ўлдираман, — деб буюрди.

16Шоулнинг одамлари уйга кирдилар. Қарасалар, тўшакда бут, бутнинг бош томонида эчки жунидан қилинган ёстиқ турибди.

17— Нимага мени алдаб, ғанимимни қочириб юбординг? — деб сўради Шоул Михалдан.

— Довуд: “Қўйиб юбор мени, бўлмаса, сени ўлдираман”, деди, — деб жавоб берди Михал.

18Қочиб қутулган Довуд Рамада яшаётган Шомуилнинг ёнига кетди. Шоул унга нима қилган бўлса, ҳаммасини Шомуилга айтиб берди. Кейин Шомуил билан бирга Нойўт маҳалласига бориб, ўша ерда қолди. 19Довуд Раманинг Нойўт маҳалласида экан, деган хабар Шоулга етиб келди. 20Шоул: “Довудни тутиб келинглар”, деб одамларини ўша ерга юборди. Улар Шомуил бошчилигидаги пайғамбарлар гуруҳининг жўшиб зикр тушаётганини кўришди. Шу пайт Худонинг Руҳи Шоулнинг одамларини ҳам қамраб олди ва улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.

21Шоул бўлиб ўтган воқеаларни эшитгач, бошқа одамларини юборди. Бу юборилганлари ҳам жўшиб зикр тушдилар. Шоул учинчи бор яна одамларини жўнатди, улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.

22Охири Шоулнинг ўзи Рамага қараб йўл олди. Сахудаги катта сардоба бўйига бориб:

— Шомуил билан Довуд қаерда? — деб сўради.

— Рамадаги Нойўт маҳалласида, — деди биттаси.

23Шоул Рамадаги Нойўт маҳалласига кетаётганда, Худонинг Руҳи уни ҳам қамраб олди. Нойўтга боргунча йўлма–йўл жўшиб зикр тушиб кетди. 24Кийимларини ечиб ташлаб, Шомуилнинг олдида ҳам жўшиб зикр тушди. Ерга йиқилганича, бир кеча–кундуз яланғоч аҳволда ётиб қолди. “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!”[87] деган матал ана шундан қолган.

 

20–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Йўнатан Довудга ёрдам беради

 

1Довуд Рамадаги Нойўт маҳалласидан қочиб, Йўнатаннинг олдига келди.

— Мен нима қилибман? Айбим нима? Отангга қарши нима гуноҳ иш қилибманки, мени ўлдирмоқчи бўлади? — деди Довуд унга.

2— Худо сақласин, ўлмайсан! — деди Йўнатан. — Отам мени хабардор қилмай, хоҳ муҳим бўлсин, хоҳ муҳим бўлмасин, бирор иш қилмайди. Нимага энди буни мендан яширсин?! Ҳеч нарса бўлмайди.

3Довуд яна онт ичиб деди:

— Сен мени яхши кўрасан, буни отанг ҳам яхши билади. Йўнатан нима қилишимни билмай қўя қолсин, акс ҳолда азоб чекади, деб ўйлайди. Худо шоҳид! Жар ёқасида турибман.

4— Тила тилагингни, сен учун бажо келтираман, — деди Йўнатан.

5— Қара, эртага янги ой шодиёнаси бўлади, — деди Довуд. — Шоҳ билан бирга дастурхонда ўтиришим керак[88]. Лекин менга ижозат бер, индин кечгача далада яшириниб юрай. 6Агар отанг йўқлигимни сезиб қолса, унга шундай дейсан: “Довуд шошилинч ўз шаҳри Байтлаҳмга кетадиган бўлиб қолди, мендан қаттиқ туриб илтимос қилди. У ерда бутун уруғ–аймоғи йиллик қурбонлик маросими ўтказар экан.” 7Отанг “яхши” деса, демак, бу қулингга хавф–хатар йўқ. Агар ғазабланса, билгинки, менга зарар етказишга қатъий қарор қилган. 8Эгамиз олдида аҳд қилгансан–ку! Энди менга содиқ қол. Агар айбдор бўлсам, мени ўзинг ўлдир! Мени отангнинг ҳузурига олиб боришингга на ҳожат?!

9— Худо сақласин! — деди Йўнатан, — отам сенга ёмонлик қилмоқчи бўлганини билганимда, сенга айтмасмидим?!

10— Отанг сенга дағал жавоб берса, ким менга билдиради? — деб сўради Довуд.

11— Юр, далага чиқайлик, — деди Йўнатан.

Икковлари далага кетишди. 12Йўнатан гапида давом этиб, Довудга деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳид бўлсин! Эрта ё индинга худди шу вақтгача отамнинг ниятини ўсмоқчилаб билиб оламан. Отам сенга мойиллик билдирса, албатта хабар юбораман. 13Борди–ю, отам сени ўлдирмоқни ният қилган бўлса–ю, сени хабардор қилиб бехатар кетишингни таъминламасам, Худо мени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан ҳам баттарроғини қилсин! Эгамиз, илгари отам билан бўлганидай, доимо сен билан бўлсин. 14Агар мен тирик бўлсам, ваъдангда тур, менга содиқ бўл. 15Агар ўлсам, менинг хонадонимга абадий шундай садоқатингни кўрсатгин.

16Йўнатан Довуд хонадони билан аҳд тузди ва:

— Эгамиз ҳамма душманларингни қириб ташласин, — деди.

17Йўнатан Довудни жонидан ҳам ортиқ яхши кўрарди. У: “Менга бўлган дўстона севгингни тасдиқлагин”, деб Довудга яна бир бор онт ичирди.

18— Эртага янги ой шодиёнаси бўлади, — деди Йўнатан Довудга. — Ўрнинг бўш қолади, йўқлигинг билинади. 19Индинга дарҳол пастга туш, олдинги сафар яширинган жойингга бориб яширин. Эзел деган тошнинг ёнида кутиб тур. 20Мен мўлжаллаб ўша тош томонга учта ўқ отаман. 21Кейин хизматкоримни: “Бор, ўқларни топиб кел”, деб жўнатаман. Агар унга: “Қара, ўқлар орқангда, уларни олиб бу ёққа қайт”, деб айтсам, сен келасан. Худо шоҳид! Шунда сенга хавф–хатар бўлмайди, тинч–омонсан. 22Агар хизматкоримга: “Қара, ўқлар олдингда”, десам, сен кетгин. Эгамиз сени йўлга солади. 23Бир–биримизга қилган аҳдимизга Худо абадий шоҳид бўлсин.

24Шундай қилиб, Довуд далада яшириниб олди. Янги ой чиққани муносабати билан байрам қилинарди. Шоҳ Шоул келиб, байрам таомига ўтирди. 25Одатдагидай, девор ёнидаги ўриндиқдан жой олди. Йўнатан Шоулнинг рўпарасидан[89], Абнур эса унинг ёнидан ўз жойларини эгаллашди. Довуднинг ўрни бўш қолди. 26Аммо Шоул ўша куни ҳеч нарса демади. Бирор тасодиф бўлса керак, Довуд ҳаром бўлган–у, ювинмагандир[90], деб ўйлади. 27Эртасига, янги ой шодиёнасининг иккинчи куни Довуднинг жойи яна бўш қолди. Шоул ўғли Йўнатандан сўради:

— Эссайнинг ўғли нимага кеча ҳам, бугун ҳам таомга келмади?

28— Довуд Байтлаҳмга кетмоқчи экан, мендан қаттиқ илтимос қилди, — деб жавоб берди у. 29— “Илтимос, ижозат берсанг, оиламиз ўша шаҳарда қурбонлик қилади. Акам, ўша ерда бўл, деб буюрди. Менга илтифот кўрсатсанг, бориб, акаларимни кўриб келсам”, деди. Шу важдан шоҳнинг дастурхонига кела олмади.

30Шоул ғазабланиб, Йўнатанга бақирди:

— Сен, ярамас, суюқоёқ хотиннинг боласи, у билан дўстлашганингни билмасмидим?! Бу қилиғинг билан ўзингни ҳам, сени туққан онангни ҳам иснодга қолдирдинг–ку. 31Эссайнинг ўғли ер юзида яшар экан, на ўзинг, на шоҳлигинг сақланиб қолади. Энди бирорта одамни жўнатиб, уни менинг олдимга чақиртириб кел. Уни ўлим кутяпти.

32— Нега у ўлдирилар экан? У нима қилди? — деди Йўнатан отасига.

33Шоул Йўнатанни ўлдирмоққа шайланиб, найзасини унга қаратиб отди. Йўнатан тушундики, отаси Довудни ўлдирмоққа қатъий қарор қилган. 34Йўнатан дарғазаб бўлиб дастурхондан турди, янги ой шодиёнасининг иккинчи куни ҳеч нарса емади. Отаси Довудни бу қадар ҳақорат қилганига хафа бўлди.

35Эрталаб Йўнатан Довуд билан кўришмоқ учун далага кетди. Ёнига бир кичкина болани олди. 36Йўнатан болага:

— Югур, мен отган ўқларни қидир! — деди.

Бола югуриб кетди. Йўнатан боланинг олд томонига бир ўқ отди. 37Йўнатаннинг ўқи тушган ерга бола етиб борган ҳам эдики, у:

— Ўқ олдингда! 38Тез бўл, югур, тўхтаб турма! — деб овоз берди. Бола ўқни олиб, хўжайинига келтириб берди. 39Бола ҳеч нарсадан хабарсиз, бу гапнинг маъноси Йўнатан билан Довудга аён эди, холос. 40Йўнатан қурол–аслаҳаларини ўша болага бериб:

— Кўтар буларни, шаҳарга олиб бор, — деди.

41Бола кетиши биланоқ, Довуд тош орқасидан чиқиб келди ва юзи билан ерга мук тушиб, уч марта таъзим қилди. Иккала дўст бир–бирларини қучоқлаб, ўпиб, йиғлашди. Довуд Йўнатанга қараганда қаттиқроқ йиғлади. 42Ниҳоят Йўнатан:

— Энди эсон–омон йўлингга кет, — деди. — Икковимиз: “Худо сену менинг орамизда, уруғларимиз орасида абадий шоҳид бўлсин”, деб Унинг номини ўртага қўйиб онт ичганмиз.

43Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди. Йўнатан эса шаҳарга қайтди.

 

21–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд Шоулдан қочиб юради

 

1Довуд Нав шаҳридаги[91]руҳоний Охималекнинг ҳузурига борди. Охималек Довудни кутиб оларкан:

— Нимага ёлғизсан? Нега ёнингда ҳеч ким йўқ? — деб қўрқув ичра сўради.

2— Шоҳ менга бир топшириқ берди, — деди Довуд. — Сенга берган топшириғимни ҳеч ким билмасин, деди. Шунинг учун одамларимга, фалон жойга бориб туринглар, деб тайинлаб келдим. 3Ҳозир ейишга бирор нарсангиз борми? Менга бешта нон, ёки қўлингизга нима илинса, беринг.

4— Оддий нонимиз йўқ, — деб жавоб берди руҳоний, — агар одамларинг аёллардан ўзларини тийган бўлишса[92], назр қилинган нонимиз[93] бор.

5— Йўлга чиққанимиздан буён аёлларга яқинлашганимиз йўқ, — деди Довуд. — Сафаримизнинг мақсади оддий бўлганда ҳам, одамларим ўзларини пок тутади. Айниқса, бу сафаримизда одамларим ўзларини жуда пок тутдилар.

6Шундан кейин руҳоний унга муқаддас нон берди. Бу ерда Худога бағишланган нондан бошқа нон йўқ эди. Бу нон, Эгамизнинг ҳузурида тургандан кейин, иссиқ нон келтирилган куни олиб қўйилганди. 7Ўша куни Шоулнинг Доег деган хизматкори ҳам шу ерда эди. У Эдомлик[94] бўлиб, Шоулнинг бош чўпони эди. Доег Эгамиз ҳузурига расм–русумларни адо этгани келганди.

8— Ёнингизда найза ёки қилич йўқми? — деб сўради Довуд Охималекдан. — Шоҳнинг топшириғи шошилинч бўлгани учун ўзим билан на қиличимни олибман, на бошқа қуролимни.

9— Элох водийсида ўзинг ўлдирган Филист Гўлиётнинг қиличи бор, — деди руҳоний. — Эфод орқасида матога ўроғлиқ турибди. Бу ерда бошқа қурол йўқ. Хоҳласанг, ўшани олавер.

— Ўша қилични менга берақолинг, унақаси топилмайди, — деди Довуд.

10Довуд Шоулдан қочиб, ўша куни Гат[95] шоҳи Охишнинг ҳузурига борди. 11Охишнинг хизматкорлари:

— Бу Исроил шоҳи Довуд–ку! — дейишди. — Одамлар: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб ўйнаб қўшиқ айтган эди–ку.

12Бу гаплар Довудни чўчитиб қўйди. У Гат шоҳи Охишдан жуда қўрқарди. 13Довуд уларнинг кўз ўнгида қиёфасини ўзгартирди, уларнинг олдида ўзини телбаликка солар, сарой[96] дарвозасини тимдалаб, сўлакларини соқолига оқизарди. 14Охиш хизматкорларига деди:

— Қаранглар бу одамга! Жиннининг ўзи–ку! Нимага уни менинг ҳузуримга олиб келдингизлар? 15Менинг олдимда жиннилик қилсин деб уни олиб келдингизларми? Менга жиннилар керакмиди?! Шу одамнинг саройимга кириши шартми?!

 

22–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шоул Нав шаҳридаги руҳонийларни ўлдиради

 

1Шундан сўнг Довуд у ердан чиқиб, Адуллам шаҳри[97] яқинидаги ғорга қараб қочди. Акалари ва жамики ота хонадони бу ҳақда эшитиб, ўша ёққа — Довуднинг ёнига келишди. 2Эзилган, қарзини тўлашга қурби етмаган, норози одамлар Довуднинг атрофига тўпланишди. Довуд уларга бош бўлди. Унга эргашганлар тўрт юзтача эди.

3Довуд у ердан Мўабдаги[98] Миспах шаҳрига бориб, Мўаб шоҳидан илтимос қилди: “Ижозат беринг, Худо мени нима қилмоқчилиги маълум бўлгунча, ота–онам ёнингизда қолсин.” 4Шундай қилиб, Довуд ота–онасини Мўаб шоҳи ҳузурига олиб келди. Довуд адирлардаги қароргоҳида яшириниб турганда, ота–онаси Мўаб шоҳининг паноҳида яшадилар. 5Лекин пайғамбар Гад Довудга: “У ерда қолма, Яҳудо ерига бор”, деди. Шундан кейин Довуд у ердан чиқиб, Хорет ўрмонига[99] борди. 6Шу орада Шоул “Довуд ва унинг одамлари топилди”, деб эшитди. Шоул қўлида найзасини ушлаганича, Гиво[100] тепалигидаги тамариск дарахти[101] остида ўтирган эди. Барча аъёнлари ҳам унинг атрофида турган эдилар. 7Шоул уларга шундай деди:

— Эй, Бенямин одамлари, эшитиб олинглар! Эссайнинг ўғли[102] ҳар бирингизга далаю узумзорларни бериб қўймайди–ку! Ҳар бирингизни мингбоши ёки юзбоши қилиб ўтирадими?![103] 8Ҳаммангиз менга қарши тил бириктирдингиз–ку! Ўғлим Йўнатан Эссайнинг ўша ўғли билан аҳд қилган экан, мени ҳеч ким хабардор этмади. Орангиздан менга ён босадиган бирор одам чиқмади. Довуд менга пистирма қўймоқчи экан, уни ўғлим қайрабди. Ҳозир шу иш бўлди–ку! Шундай эмасми?!

9Шу пайт Шоулнинг аъёнлари ёнида турган Эдомлик[104] Доег айтди:

— Эссайнинг ўғли Довудни кўрдим, у Нав шаҳридаги Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекнинг ёнига келган эди. 10Охималек “Довуд нима қилсин?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради[105]. Унга ҳам озиқ–овқат берди, ҳам Филист Гўлиётнинг қиличини тақдим қилди.

11Шоҳ Шоул аъёнларига: “Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекни ва унинг Навда яшайдиган ҳамма ота уруғларини — барча руҳонийларни олиб келинглар”, деб буюрди. Ҳаммаларини шоҳнинг олдига олиб келишди.

12— Эй, Охитобнинг ўғли, гапларимни эшит! — деди Шоул Охималекка.

— Лаббай, жаноблари, — деди Охималек.

13— Нимага сен Эссайнинг ўғли билан бирга менга қарши тил бириктирдинг? Довудга нон, қилич берибсан, унинг учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрабсан. Мана бугун Довуд менга қарши қўзғалиб, пистирмада пойлаб турибди, — деди Шоул. 14Охималек шундай жавоб берди:

— Бутун аъёнларингиз орасида Довуд сингари ишончли ким бор?! Довуд — сизнинг куёвингиз, соқчиларингизнинг сардори, хонадонингизда ҳурматли киши–ку. 15Тўғри, ўша куни Довуд учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрадим. Аммо бу биринчи марта эмас эди–ку! Шоҳ мени ва ота хонадонимни айбламасинлар, чунки мен Довуднинг ёмон ниятидан бехабар эдим.

16— Эй, Охималек, ўзинг ҳам, бутун ота хонадонинг ҳам албатта ўласизлар! — деди Шоул. 17Сўнг у ёнида турган қўриқчиларига буюрди:

— Қани, Довудни қўллаган Эгамизнинг руҳонийларини ўлдириб ташланглар! Улар Довуднинг қочиб кетганини билганлари ҳолда, менга хабар беришмади.

Шоҳнинг қўриқчилари қўл кўтариб, Эгамизнинг руҳонийларини ўлдиришни исташмади. 18Шунда шоҳ Шоул Доегга:

— Сен бор, руҳонийларни ўлдир! — деб буюрди.

Ўша куни Эдомлик Доег муқаддас либос[106] кийган саксон беш руҳонийни бир ўзи чопиб ўлдирди. 19Сўнгра эркак–аёл, ёш бола, ҳатто чақалоқ демасдан, руҳонийлар яшайдиган Нав шаҳрининг халқини ҳам қиличдан ўтказди. Моллари, эшаклари, қўйларини ҳам чопиб ташлади. 20Руҳоний Охималекнинг ўғилларидан биргина Абуатар дегани тирик қолиб, Довуднинг ёнига қочиб кетди. 21Шоул Эгамизнинг руҳонийларини ўлдирганини Абуатар Довудга айтиб берди. 22Довуд Абуатарга деди:

— Ўша куни у ерда Эдомлик Доег бор эди. У албатта Шоулга хабар беришини билардим. Отанг хонадонидаги ҳар бир жоннинг ўлимига мен сабабчи бўлдим. 23Энди сен ёнимда қол, қўрқма. Менинг жоним пайига тушган кимса — сенинг ҳам жонинг пайига тушган. Ёнимда қолсанг, бехатар бўласан.

 

23–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд Кейлах шаҳрини озод қилади

 

1Довудга: “Филистлар Кейлах шаҳрига[107] ҳужум қилиб, ҳосилни талон–тарож қиляпти”, деб хабар беришди.

2— Бориб ўша Филистлар билан уришайми? — деб Эгамиздан сўради[108] Довуд.

— Бор, Филистлар билан уришиб, Кейлах шаҳрини халос эт, — деди Эгамиз. 3Лекин Довуднинг одамлари:

— Биз шу ерда — Яҳудода қўрқамизу, Кейлахга[109] бориб, Филист лашкарига қарши уришмоққа бизда журъат бормиди?! — дейишди. 4Довуд яна Эгамиздан Унинг хоҳиш–иродасини сўради.

— Отлан, Кейлахга бор! Филистларни Ўзим сенинг қўлингга бераман, — деди унга Эгамиз.

5Довуд одамлари билан Кейлахга бориб, Филистларга қарши уруш қилди. Довуд Филистларнинг мол–ҳолини тортиб олди. Уларга оғир талафот етказди. Шундай қилиб, Кейлах халқини қутқарди. 6Охималекнинг ўғли Абуатар Кейлахда турган Довуднинг ёнига қочиб, ўзи билан эфодни ҳам олиб кетган эди. 7Шоул Довуднинг Кейлах шаҳрига кетганини эшитиб: “Худо Довудни қўлимга берди, ўша шаҳар дарвозаларининг тамбалари бор, у шаҳарга кириб ўзини ўзи тутиб берди”, — деди.

8Шоул Довудни ва унинг одамларини қамалга олиш мақсадида бутун лашкарини урушга даъват этиб, Кейлахга юриш қилди. 9Довуд Шоулнинг қабиҳ ниятини эшитиб, руҳоний Абуатарга:

— Эфодни бу ерга олиб кел, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди. 10Сўнг Худога шундай деб илтижо қилди:

— Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Аниқ хабар эшитдим: Шоул Кейлахга келиб, шу қулинг сабабли шаҳарни вайрон қилмоқчи экан. 11Кейлахликлар мени Шоулнинг қўлига тутиб берадими? Бу қулингнинг эшитганлари ростми, Шоул бу ерга келадими? Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, ўтиниб сўрайман, бу қулингга аён эт!

— Шоул келади, — деди Эгамиз.

12— Кейлахликлар мени ва одамларимни Шоулнинг қўлига тутиб берадими? — деб сўради Довуд.

— Тутиб беради, — деди Эгамиз.

13Шу онда Довуд билан ёнидаги олти юзтача одам Кейлахдан чиқиб, у ёқдан–бу ёққа ўтаверишди. Довуд Кейлахдан қочиб кетибди, деган хабарни эшитган Шоул у ерга бормайдиган бўлди.

 

Довуд чўлда

 

14Довуд адирлардаги пана жойларда — Зиф чўлидаги[110] қирларда макон қиларди. Шоул Довудни муттасил таъқиб қилди, лекин Худо уни Шоулнинг қўлига бермади. 15Бир пайт Довуд Зиф чўлидаги Хорешда турганда: “Шоул мени ўлдиргани йўлга чиқибди”, деб билиб қолди.

16Шу пайтда Шоулнинг ўғли Йўнатан Хорешда турган Довуднинг олдига борди ва “Худо сени сақлайди”, деб уни руҳлантирди.

17— Қўрқма, — деди Йўнатан унга, — отам Шоул сени топа олмайди. Сен Исроил шоҳи бўласан, мен эса сендан кейинги одам бўламан. Отам Шоул ҳам шуни билади.

18Иккови Эгамиз олдида аҳд қилишди. Довуд Хорешда қолди, Йўнатан эса уйига кетди.

19Бир неча Зифликлар Гивога бориб, Шоулга хабар бердилар:

— Довуд ҳудудимиздаги Хореш деган жойда яшириниб юрибди. Бу жой Йишмоннинг[111] жанубидаги Хахило адирларида жойлашган. 20Эй, шоҳ ҳазратлари, бораверинг. Довудни биз, албатта шоҳнинг қўлига тутиб берамиз.

21— Сизлар менга қайишар экансиз, Худо сизларни ёрлақасин! — деди Шоул. 22— Бориб, яна бир марта текшириб чиқинглар, Довуд қаерларда яшириниб юрганини, ўша ерда уни кимлар кўрганини яхшилаб суриштиринглар. Айтишларича, у жуда айёр экан. 23Ҳамма яширинган жойларини билиб олиб, кейин менга аниқ хабар келтиринглар. Ўшанда мен сизлар билан бораман. Агар Довуд ўша ерда бўлса, уни бутун Яҳудо уруғлари орасидан қидириб топаман.

24Шундай қилиб, Зифликлар йўлга тушиб, Шоулдан олдин Зифга келишди. У пайтда Довуд одамлари билан Йишмоннинг жанубидаги Мойун чўлининг[112] бир кимсасиз водийсида эдилар. 25Шоул ҳам одамлари билан Довудни излашга чиқди. Довуд Шоулнинг келаётганини эшитгач, Мойун чўлининг қоялик жойига бориб яширинди. Шоул буни билиб қолиб, Довуднинг орқасидан кетди.

26Шоул қирнинг бир томонидан, Довуд билан унинг одамлари эса қирнинг бошқа томонидан боришарди. Довуд тезда Шоулдан қочиб қутулмоқчи эди. Шоул эса сипоҳлари билан Довуд одамларининг йўлини тўсмоқчи бўлиб, ўраб олаётган эди. 27Худди шу пайт бир хабарчи келиб Шоулга:

— Тезроқ юринг! Филистлар юртимизга ёпирилди, — деб қолди.

28Шоул Довудни таъқиб қилиш ўрнига, Филистлар билан жанг қилгани қайтиб кетди. Шунинг учун ўша ерга “Қутулиш қояси”[113] деб ном берилди.

 

24–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд Шоулнинг ҳаётини сақлайди

 

1Довуд у жойларни ҳам тарк этиб, Энгедидаги пана жойларда[114] яшай бошлади. 2Шоул Филистларни қувлаб юбориб қайтиб келгач, Довуд Энгеди ёнидаги дашт–чўлларда юрибди, деган хабарни эшитди. 3Шоул одамлари билан Довудни қидирмоққа отланди. Исроилнинг энг сара сипоҳларидан уч мингтасини танлаб олиб, қоялари ва ёввойи эчкилари билан машҳур бўлган жойга кетишди.

4Йўлда қўй қўраси бўлиб, унинг яқинида бир ғор бор эди. Шоул эҳтиёжини қондирмоқчи бўлиб ғорга кирди. Ғорнинг энг ичкарисида эса Довуд одамлари билан ўтирган эди. 5Одамлари Довудга айтдилар:

— Эгамиз сенга: “Ғанимингни қўлингга бераман, унга билганингни қилавер”, деган эди. Ўша кун шу бугундир!

Довуд секин бориб, Шоулнинг ридоси этагидан билинтирмай бир парча кесиб олди. 6Лекин Шоулнинг этагидан бир парча кесиб олгани учун юрагида ўкинч пайдо бўлди. 7Кейин одамларига деди:

— Худо сақласин! Мен Эгамизмой суртиб танлаган шоҳга — жаноби олийларига бундай қилолмайман. Унга қарши қўлимни кўтармайман, чунки у Эгамизнинг мой суртиб танлаганидир.

8Довуд шундай деб одамларига танбеҳ берди, Шоулга тегишларига ижозат бермади. Шоул ғордан чиқиб, йўлига кетди. 9Унинг ортидан Довуд ҳам ғордан чиқди–да:

— Шоҳ ҳазратлари! — деб Шоулни чақирди. Шоул орқасига ўгирилди, Довуд эгилиб таъзим қилди ва ер ўпиб 10деди:

— Довуд сенга ёмонлик қилмоқчи, деган одамларнинг гапларига нима учун қулоқ соляпсиз? 11Ўз кўзингиз билан кўриб турибсизки, ҳозир Эгамиз ғорда сизни қўлимга берган эди. Одамларим сизни ўлдирмоқчи бўлишган эди, лекин менинг кўзим қиймади, “Жанобларига қўл теккизмайман, чунки у Худонинг мой суртиб танлаганидир”, — дедим. 12Қаранг, эй, отам! Қўлимдаги манави парчага қаранг! Ридонгизнинг этагидан кесиб олдим. Ридонгиздан бир парчани кесиб олдиму, лекин сизни ўлдирмадим. Кўнглимда ёмонлик ва маккорликдан асар йўқлигини яхши билиб олинг. Мен сизга гуноҳ қилмаганману, сиз эса менинг жонимга қасд қилиш пайига тушгансиз. 13Худога солдим, мен учун У сиздан ўч олсин. Мен сизга қўл кўтармайман. 14Эскилар: “Ёмонлик ёмон одамлардан келар”, дейишган, шунга кўра, мен сизга қўлимни кўтармайман. 15Исроил шоҳи кимнинг пайига тушган, ахир? Сиз кимни таъқиб қиляпсиз? Ўлган итдай ёки бургадай арзимас бўлган меними? 16Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳукм қилсин, додимни Ўзи эшитсин. Эгамиз менинг йўлимни бериб, сизнинг қўлингиздан халос этсин.

17Довуд гапини тугатган ҳам эдики, Шоул:

— Довуд, ўғлим, бу сенинг овозингми? — дедию уввос солиб йиғлай бошлади.

18— Сен ҳақсан, мен нотўғри қилдим, — деди Шоул Довудга. — Сен менга яхшилик қилган эдинг, мен ёмонлик билан жавоб қайтардим. 19Бугун менга бўлган муносабатингни аниқ–равшан исботладинг. Эгамиз мени сенинг қўлингга берибдию, лекин сен мени ўлдирмабсан. 20Қанийди, ҳаммаям сенга ўхшаб душманини тутиб олганда, оқ йўл тилаб қўйиб юбораверса?! Бугун менга қилган яхшилигинг учун сенга Эгамиздан қайтсин! 21Энди мен англаб етдим: сен албатта шоҳ бўласан, Исроил шоҳлиги сенинг қўлингда мустаҳкам бўлади. 22Энди менга, сиздан кейин авлодингизни йўқ қилмайман, отангиз хонадонидан номингизни ўчирмайман, деб Эгамиз олдида онт ич.

23Довуд Шоулнинг олдида онт ичди. Шундан сўнг Шоул уйига қайтиб кетди. Довуд эса одамлари билан адирлардаги қароргоҳига қайтди.

 

25–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шомуилнинг ўлими

 

1Шу орада Шомуил оламдан ўтди. Бутун Исроил халқи йиғилишиб, Шомуилга аза тутди. Уни ўз она шаҳри Рамада дафн қилишди.

 

Довуд ва Обигайл

 

Шундан кейин Довуд Порон даштига кетди. 2Мойун шаҳрида бир бой–бадавлат одам яшар, мол–мулки Кармил шаҳри[115] яқинидаги ерда бўлиб, уч мингта қўйи, мингта эчкиси бор эди. Бу пайтда у Кармилда қўйларининг жунини қирқаётган эди. 3Ўша одамнинг исми Навол, хотинининг исми эса Обигайл эди. Аёл ақл–фаросатли ва чиройли эди. Эри Холиб уруғидан бўлиб, қўрс, феъл–атвори ёмон одам эди.

4Довуд даштда юрганда, Навол қўйларининг жунини қирқяпти, деган хабарни эшитиб қолди. 5Довуд йигитларидан ўнтасини Кармилга — Наволнинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга деди:

6— Наволга мендан салом айтиб, шу гапларимни етказинглар: “Умринг узоқ бўлсин! Сенга, хонадонингга, қарамоғингдаги ҳар бир одамга тинчлик–омонлик бўлсин. 7Қўйларингнинг жунини қирқаётганингни эшитдим. Чўпонларинг биз билан бирга эди. Уларни хафа қилмадик, Кармилда бўлган кунларида ҳеч нарсаси йўқолмади. 8Хизматкорларингдан сўраб кўрсанг, ўзлари ҳам сенга айтиб беришади. Шунинг учун одамларимга илтифот кўрсат, сенинг ҳузурингга зиёфат куни[116] келдик. Бу қулларингга ва ўғлинг Довудга қўлингдан келганча марҳамат қилиб, ёрдам кўрсат.”

9Довуднинг одамлари Навол ҳузурига бориб, Довуднинг номидан унга шу гапларни етказишди ва жавоб кута бошлашди. 10Навол эса Довуднинг одамларига шундай жавоб берди:

— Довуд дегани ким ўзи?! Эссайнинг ўғли бўлса, нима қипти?! Шу кунларда ўз хўжайинларидан қочиб кетаётган қуллар жуда кўпайиб кетди–да! 11Нонимни, сувимни, жун қирқаётган одамларим учун сўйган қўйларимнинг гўштини олиб, аллақайдан келган одамларга берайми?!

12Довуднинг одамлари келган йўлига қайтиб кетишди. Наволнинг ҳамма айтганларини Довудга етказишди.

13— Ҳамма қиличини белига боғласин! — деб амр берди Довуд одамларига. Довуднинг ўзи ҳам, одамлари ҳам қиличларини белларига боғлашди. Тўрт юзга яқин одам Довуд билан бирга кетди. Икки юзтаси эса анжомлар ёнида қолди.

14Наволнинг хизматкорларидан бири унинг хотини Обигайлга деди:

— Довуд хўжайинимиз Наволга салом йўллаб, даштдан хабарчилар жўнатган экан, лекин Навол уларни ҳақорат қилди. 15У одамлар эса бизга кўп яхши муносабатда бўлишган эди. Ҳар доим даштда улар билан қолган пайтларимизда бизни хафа қилишмасди, бирор нарсамиз ҳам йўқолмасди. 16Қўйларимизни боқиб юрганимизда, ҳар доим — кечаю кундуз бизни ҳимоя қилишарди. 17Энди нима қилиш лозимлигини ўзингиз яхшилаб ўйланг. Чунки хўжайинимизнинг ва унинг бутун хонадонининг бошига фалокат хавф солиб турибди. Хўжайинимиз эса шу қадар баджаҳлки, бирор кимса унга бир оғиз гап айта олмайди.

18Обигайл вақтни бой бермай, икки юзта нон, икки меш шароб, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, икки тоғора[117] қовурилган буғдой, юз ҳовуч майиз ва икки юз ҳовуч анжир қоқи[118] олиб эшакларга юклади. 19Сўнг хизматкорларига:

— Сизлар мендан олдин юринглар, мен орқаларингиздан бораман, — деди. Эри Наволга эса ҳеч нарса демади. 20Обигайл эшакка миниб, тоғнинг ёлғизоёқ йўлларидан тушиб келаётганда, унга томон келаётган Довуднинг одамларига дуч келиб қолди. 21Довуд шу гапларни айтаётган экан:

— Бу одамнинг даштдаги мол–ҳолини беҳудага қўриқлабман–да. Унинг қўтонидан бирор қўй йўқолмадию, оқибатда у менинг яхшилигимга ёмонлик билан жавоб қайтарди. 22Агар эрталабгача унга қарашли эркак зотидан бирортасини тирик қолдирсам, Худо менинг жазомни берсин[119], ҳатто ундан баттарроғига дучор қилсин!

23Обигайл Довудни кўрибоқ эшакдан тушди. Довудга таъзим қилиб, ерга мук тушди. 24Унинг оёқларига бош уриб ёлворди:

— Тўрам, мен айбдорман, айб менда. Ижозат беринг, бу чўрингиз сизга бир оғиз гап айтсин, айтганларимга қулоқ солинг. 25Ёлвораман, тўрам! Ўша баттол Наволга эътибор бермасинлар. Унинг феъл–атвори худди исмининг ўзи. Навол — ақлсиз дегани[120]. Мен, чўрингиз, тўрам юборган одамларни кўрмабман. 26Энди, тўрам, Эгамиз сизнинг қон тўкишингизга, ўз қўлингиз билан қасос олмоғингизга изн бермаган. Худо шоҳид! Тўғрисини айтай, ғанимларингиз, қолаверса, тўрамга қасд қилган ҳамманинг бошига Наволнинг куни тушсин. 27Мен, чўрингизнинг тўрамга келтирган мана бу инъомлари сизга эргашиб хизмат қилаётган одамларингизга берилсин. 28Бу чўрингизнинг гуноҳидан ўтинг. Эгамиз албатта тўрамнинг хонадонини мустаҳкам қилади, чунки тўрам Эгамиз учун жанг қиляпти. Умрингиз охиригача сиз томондан бирон–бир ҳақсизлик бўлмасин. 29Биронтаси ортингиздан тушиб, жонингизга қасд қилса, ҳаётингизни Эгангиз Худо ўз паноҳида асрасин. Ғанимларингизни эса палахмондан отилган тошдай улоқтириб юборсин. 30Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта. 31Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкдим, деб пушаймон бўлмагайсиз. Эгамиз тўрамга барака берганда, бу чўрисини унутмасин.

32— Бугун сени мен билан учраштирган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! — деди Довуд. 33— Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан, ўз қўлим билан ўч олишдан сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин. 34Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга ёмонлик қилишимнинг олдини олди. Агар сен мени тезда учратиб қолмаганингда, Худо ҳақи, кун чиққунча Наволга қарашли эркак зотидан бирортаси тирик қолмаган бўларди!

35Довуд Обигайл олиб келган ҳадяларни олди. Кейин:

— Эсон–омон уйингга бор, билиб қўй, гапларингга қулоқ солиб, арзингга эътибор бердим, — деди.

36Обигайл Наволнинг ёнига қайтиб келди. Навол уйида шоҳона зиёфат уюштирган, маст, жуда вақти чоғ эди. Обигайл эса эрталабгача унга бир оғиз гап айтмади. 37Эртасига эрталаб Навол ўзига келгач, хотини унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Ўша заҳотиёқ Наволнинг юраги музлаб, шол бўлиб қолди. 38Ўн кунлардан кейин Эгамиз Наволнинг жонини олди.

39Худо Наволнинг жонини олганини Довуд эшитди.

— Навол мени ҳақорат қилган эди, Эгамизнинг Ўзи мени оқлади, бу қулини ёмонлик қилмоқдан асради. Унга ҳамду санолар бўлсин! Эгамиз Наволнинг ёмонлигини ўзининг бошига солибди, — деди.

Шундан сўнг Довуд Обигайлнинг олдига хабарчилар жўнатиб, унга уйланмоқчи эканлигини билдирди. 40Довуд юборган хабарчилар Кармилга — Обигайлнинг ҳузурига бориб:

— Довуднинг сенга уйланиш истаги бор, шуни билдириш учун бизни юборди, — дедилар. 41Обигайл ўрнидан турди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди–да:

— Мен тўрамга хизмат қилмоққа ва тўрамнинг хизматкорлари оёқларини ювишга тайёрман, — деб жавоб берди. 42Обигайл тезда ўрнидан туриб, эшакка минди. Ёнига бешта чўрисини олиб, Довуднинг хабарчилари орқасидан йўлга тушди. Шундай қилиб, Обигайл Довудга турмушга чиқди.

43Довуд Йизриллик Охинавамга ҳам уйланган эди. Шу тариқа Довуд икки хотинлик бўлди. 44Довуднинг биринчи хотини Михални[121] эса отаси Шоул Палтига бериб юборган эди. Палти Галимлик Лайиш деганнинг ўғли эди.

 

26–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд яна Шоулнинг жонини сақлаб қолади

 

1Зифликлар Гивога Шоулнинг ҳузурига келиб: “Довуд Йишмон[122] четидаги Хахило тепалигида яшириниб юрибди”, деб хабар етказишди. 2Шоул уч мингта сараланган Исроилсипоҳи билан Довудни қидириб Зиф дашт–биёбонига борди. 3У Хахило тепалигидаги йўл бўйида қароргоҳ қурди, бу тепалик Йишмон саҳросининг четида эди. Довуд ҳали ҳам саҳрода яшириниб юрарди. Ўз орқасидан Шоулнинг тушганини билиб, Довуд 4айғоқчилар жўнатди. Шу тариқа Шоулнинг шу ерга келганини аниқ билиб олди.

5Довуд Шоулнинг қароргоҳи томон яқин бориб, Шоул билан лашкарбоши Абнурнинг ухлаётган жойини кўрди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида, сипоҳлар эса унинг атрофида ётган эдилар. 6Шу пайт Довуд Охималек билан Абушайдан:

— Ким мен билан қароргоҳга — Шоулнинг ёнига киради? — деб сўради. Охималек — Хет халқидан эди. Абушай — Зеруянинг[123] ўғли бўлиб, Йўабнинг акаси эди.

— Мен сиз билан бораман, — деди Абушай.

7Довуд билан Абушай ўша кун кечаси қароргоҳга киришди. Шоул найзасини бош томонига ерга санчиб қўйиб, қароргоҳнинг ўртасида ухлаб ётарди. Абнур билан сипоҳлар унинг атрофида ухлашарди.

8— Бугун Худо ғанимингизни сизнинг қўлингизга берди, — деди Абушай Довудга. — Энди ижозат беринг, уни найза билан бир уриб ерга михлаб қўяйин. Иккинчи марта уришимга ҳожат қолмайди.

9— Йўқ, уни ўлдирмайсан, — деди Довуд, — Эгамизмой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтарганни сира оқлаб бўлмайди. 10Худо шоҳид! Шоулни ё Худо уради, ё унинг куни битиб оламдан ўтади, ёки жангда ҳалок бўлади. 11Аммо Эгамизмой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин. Майли, Шоулнинг бош томонидаги найза билан сувдонини олиб кетамиз.

12Довуд Шоулнинг бош томонидаги найзаси ва сувдонини олди. Кейин у ердан қайтишди. Уларни ҳеч ким кўрмади, бирор кимса бўлиб ўтган воқеани билмай қолди, ҳеч ким уйғонмади ҳам. Ҳамма ухлаб ётарди, зотан, Эгамиз уларни қаттиқ ухлатиб қўйган эди. 13Довуд нариги томонга ўтиб, узоқроқдаги тепаликнинг устига чиқди, Шоулнинг сипоҳлари билан унинг орасида анчагина масофа бор эди. 14Ўша ердан Абнурни ва одамларини чақириб:

— Эй, Абнур, менга жавоб бер–чи! — деди.

— Сен кимсан, нега бақириб шоҳимизни безовта қиляпсан? — сўради Абнур.

15— Сен катта одамсан, Абнур, тўғрими гапим? — деди Довуд. — Бутун Исроилда сенга тенг келадигани йўқ. Шоҳ ҳазратларини биттаси ўлдирмоқчи бўлиб, қароргоҳга киради–ю нега муҳофаза этмадинг? 16Бу қилган ишинг ёмон. Худо ҳақи, ўзинг ҳам, одамларинг ҳам ўлимга лойиқсизлар, чунки жаноби олийларини — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳни муҳофаза этмадингизлар. Қараб кўр–чи, шоҳнинг бош томонидаги найзаси билан сувдони қаерда экан?

17Шоул Довуднинг овозини таниди:

— Бу сенинг овозингми, Довуд ўғлим? — деб сўради.

— Ҳа, шоҳ ҳазратлари, менман, — жавоб берди Довуд. 18— Жаноби олийлари! Мен, қулингизни нега таъқиб қилаверасиз? Мен нима қилдим? Гуноҳим нима? 19Шоҳ ҳазратлари! Марҳамат қилиб мен, қулингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Агар сизни менга қарши қўзғатган Эгамиз бўлса, назр атанг, У тинчлансин. Агар бу ишни инсонлар қилган бўлса, Эгамиз олдида лаънати бўлсинлар. Чунки улар Эгамизнинг еридан мени ҳайдаб: “Бор, бегона худоларга хизмат қил”[124], деяётгандай бўляпти. 20Ишқилиб, қоним Эгамизнинг ҳузуридан узоқ ерларга тўкилмасин. Шоҳим, сиз тоғда каклик овлайдиган овчидайсиз–у, итлару одамларингиз билан битта бургани овлашга чиқибсиз–да!

21— Гуноҳ қилдим, Довуд ўғлим, бери кел, — деди Шоул. — Бугун менинг ҳаётим сен учун қимматли эканини билдим. Энди сенга сира ёмонлик қилмайман. Ҳақиқатан ҳам, нодонлик қилдим, қаттиқ янглишдим.

22— Мана шоҳимизнинг найзаси, йигитларингиздан бири келиб олсин, — деди Довуд, 23— Эгамиз ҳар бир одамнинг тўғрилигига ва садоқатига яраша мукофот беради. Бугун Эгамиз сизни қўлимга берган бўлса–да, мен Эгамизнинг мой суртиб танлаганига қўл кўтаришни истамадим. 24Бугун сизнинг ҳаётингизни сақлаганимдай, Эгамиз менинг ҳаётимни ҳам шундай сақласин. У мени ҳар қандай балолардан асрасин.

25— Довуд ўғлим, Эгамиз сени ёрлақасин, сен албатта буюк ишлар қиласан, улуғ зафарларга эришасан, — деди Шоул. Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди, Шоул эса уйига қайтди.

 

27–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд Филистлар орасида

 

1Довуд: “Бир кун Шоулнинг қўлида нобуд бўлсам керак”, деб ўйларди. “Яхшиси, Филистлар ерларига қочиб қолай. Ўшанда Шоул Исроилнинг ҳар бурчагидан мени қидириб юришдан воз кечади, мен ҳам унинг қўлидан қутулиб қоламан.”

2Шундай қилиб, Довуд ва унинг ёнидаги олти юз киши оилалари билан йўлга отланиб, Гат[125] шоҳи Охиш томонига ўтиб кетишди. Шоҳ Охиш Мойух деганнинг ўғли эди. 3Ҳаммалари оилалари билан бирга Гатда Охишнинг ёнида жойлашишди. Довуд ҳам иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл билан жойлашди. 4Шоул Довуднинг Гатга қочиб кетганини эшитгач, энди уни ахтармай қўйди.

5Довуд Охишга:

— Агар мен, қулингиз, сизнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, ён–атрофдаги шаҳарларнинг биридан менга жой берсангиз, мен ўша ерда истиқомат қилайин, — деди. — Қулингизнинг сиз билан бирга шоҳ шаҳрида яшашига ҳожат йўқ.

6Охиш ўша куни Довудга Зихлах шаҳрини берди. Ўшандан буён Зихлах Яҳудо шоҳларига қарашли шаҳардир. 7Довуд Филистлар юртида бир йилу тўрт ой истиқомат қилди.

8Довуд одамлари билан Гешир, Гезер ва Омолек халқларининг ерига бостириб борарди. Бу элатлар узоқ замонлардан бери Шурга ва Миср чегарасигача чўзилган ерларда яшаб келишарди. 9Довуд бирор юртни босиб олса, эркак, аёл демас, тирик жонни соғ қўймасди. Фақат қўй, мол, эшак, туя ва кийим–кечакларни ўлжа олиб, шоҳ Охишнинг ҳузурига қайтиб келарди. 10Охиш: “Бугун бирон ерга бостириб бордингизларми?” деб сўраса, Довуд: “Яҳудонинг Нагав чўлидаги ҳудудларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Ярахмал уруғи ерларини босиб олдик”, ёки “Нагав чўлидаги Хайин халқи ерларини[126] қўлга олдик”, деб жавоб берарди. 11Довуд бирор кимсани Гатга олиб келмас, “Довуд ундай қилди, бундай қилди, деб айтмасин”, дея эркагу аёлни тирик қолдирмасди. Довуд Филистлар юртида яшаган пайтда шундай қиларди. 12Охиш Довудга ишонарди. “Довуд ўз халқи — Исроил халқига ўзини душман қилиб қўйди, бундан кейин то абад менинг хизматимда қолади”, деб ўйларди.

 

28–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

1Ўша кунларда Филистлар Исроил лашкари билан уруш қилмоқчи бўлиб, лашкарларини тўплашди. Охиш Довудга:

— Билиб қўй, сен одамларинг билан албатта мен томонда жанг қиласизлар, — деб таъкидлади.

2— Ўшанда сиз мен, қулингизнинг нималар қилишимни кўрасиз, — деди Довуд.

— Яхши, — деди Охиш, — сен доимо менинг шахсий қўриқчим бўлиб қоласан.

 

Шоул арвоҳдан маслаҳат сўрайди

 

3Шомуил оламдан ўтганда, бутун Исроил халқи унга аза тутган ва уни ўз шаҳри Рамага дафн қилишган эди. Шоул эса арвоҳ чақирувчиларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборган эди.

4Шу орада Филистлар тўпланиб, Шунам шаҳрига бориб қароргоҳ қуришди. Шоул ҳам жамики Исроил қўшинини йиғиб, Гилбова тоғида[127] қароргоҳ қурди. 5Шоул Филистлар қўшинини кўрдию, қаттиқ қўрқиб кетди, уни ваҳима босди. 6Шоул “Нима қилай?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлган эди, У Шоулга на тушида, на руҳонийлар[128] ва на пайғамбарлар орқали жавоб берди. 7Шундан кейин Шоул аъёнларига:

— Менга бирорта арвоҳ чақирадиган аёлни топиб келинглар, унинг олдига бориб маслаҳат солайин, — деб фармон берди.

— Эн–Дўрда[129] бир арвоҳ чақирадиган аёл бор, — деди аъёнлар. 8Шоул бошқача кийимлар кийиб, қиёфасини ўзгартирди ва икки кишини эргаштириб, кеч кирганда, ўша аёлникига борди.

— Илтимос қиламан, мен учун руҳларга маслаҳат сол, сенга кимнинг номини айтсам, ўша одамни чақириб бер, — деди. 9Аёл шоҳга шундай жавоб берди:

— Шоул нималар қилганини, арвоҳ чақирадиганларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборганини биласан–ку. Шундай экан, нимага мени нобуд қилмоқ учун тузоқ қўйяпсан?

10— Худо ҳақи, бундан сенга заррача ёмонлик келмайди, — деб онт ичди Шоул.

11Шундан сўнг аёл:

— Сенга кимни чақириб берайин? — деб сўради.

— Менга Шомуилни чақириб бер! — деди Шоул.

12Аёл Шомуилни кўргач, қаттиқ бақириб юборди:

— Сиз шоҳ Шоулсиз–ку! Нега мени алдадингиз?

13— Қўрқма! — деди шоҳ аёлга, — нимани кўряпсан?

— Ер остидан[130] чиқаётган бир арвоҳни кўряпман, — деб жавоб берди аёл.

14— Нимага ўхшайди? — сўради Шоул.

— Ридо кийган кексароқ одам юқорига чиқяпти, — деди аёл. Шу заҳоти Шоул билдики, у одам Шомуил. Мук тушиб унга таъзим қилди.

15— Нимага мени чақириб безовта қилдинг? — сўради Шомуил.

— Мен жуда қийналиб кетдим, — деди Шоул. — Филистлар менга ҳужум қилишмоқчи. Худо эса мени тарк этди. Менга на пайғамбарлар орқали, на тушимда жавоб беряпти. Энди нима қилай, айтинг, шунга сизни чақирган эдим.

16— Эгамиз сени тарк этиб, сенга душман бўлган экан, энди нимага мендан сўраяпсан? — деди Шомуил. 17— Эгамиз мен орқали айтганини қилди. Шоҳликни сенинг қўлингдан тортиб олиб, Довудга берди. 18Чунки сен Эгамизнинг амрига итоат этмадинг, Унинг алангаланган ғазабини сен Омолек халқига сочмадинг. Ана шунинг учун Эгамиз бугун шу кунларни бошингга соляпти. 19У сени ҳам, Исроил халқини ҳам Филистлар қўлига беради. Эртага сен ва ўғилларинг менинг ёнимда бўласизлар[131]. Эгамиз бутун Исроил қўшинини ҳам Филистлар қўлига топширади.

20Шоул бирдан муккаси билан ерга тушди. Шомуилнинг гапларидан қаттиқ қўрқиб кетди, силласи қуриди. У бир кеча–кундуз туз тотмаган эди. 21Аёл Шоулга яқинлашди–да, унинг қаттиқ қўрқиб кетганини кўриб шундай деди:

— Бу чўрингиз ҳам сизнинг гапларингизни эшитди, жонимни хатарга қўйиб бўлса–да, истагингизни бажо келтирдим. 22Энди бу чўрингизнинг гапларини эшитинг. Олдингизга озгина нон–пон қўяман, ейсиз. Ҳали йўл юрасиз, нон–пон еб олсангиз, дармон бўлади.

23— Емайман! — деб рад этди Шоул.

Лекин аъёнлари ҳам, аёл ҳам уни кўндиришга кўп ҳаракат қилишди. Охири, Шоул уларнинг айтганини қилишга рози бўлди. Ётган еридан туриб, тўшакка ўтирди. 24Аёлнинг уйида боқувдаги бир бузоғи бор эди. Аёл уни тезда сўйди. Ун олди–да, хамир қориб, хамиртурушсиз нон ёпди. 25Таомларни Шоул билан аъёнлари олдига қўйди. Улар еб–ичиб, ўша куни тунда туриб жўнаб кетишди.

 

29–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Филистлар Довудга ишонмайди

 

1Филистлар ҳамма сипоҳларини Офоққа[132] йиғди. Исроил лашкари эса Йизрилдаги булоқ ёнида қароргоҳ қуриб, жойлашиб олган эдилар. 2Филист беклари юз минг кишидан иборат тўдалари билан боришарди. Довуд ва унинг одамлари эса шоҳ Охиш билан бирга орқада келаётган эдилар. 3Филист лашкарбошилари:

— Анави ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди? — деб сўраган эдилар, Охиш шундай жавоб берди:

— Бу одам Исроил шоҳи Шоулнинг хизматкори Довуд бўлади. Неча ою йиллардан бери ёнимда юрибди. Мен томонга ўтгандан буён ундан бирор ёмонлик кўрмадим.

4Лекин Филист лашкарбошилари Охишга:

— Бу одамни орқасига қайтариб юборинг! — дейишди жаҳл билан. — Сиз унга ажратиб берган жойга бораверсин. Биз билан урушга боришига йўл қўйманг! Жанг вақтида бизга қарши чиқиши мумкин. У олдинги хўжайинига ўзини қандай қилиб яхши кўрсатишини биласизми? Одамларимизнинг бошини унга тутиб беришдан бошқа яхши йўл топа олармиди?! 5Ҳалиги: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб куйлаб ўйнаб қўшиқ айтган эдилар–ку. Бу ўша Довуднинг ўзгинаси–ку.

6Охиш Довудни ёнига чақириб деди:

— Худо ҳақи, сен яхши одамсан. Ҳузуримга келганингдан бери бирон номаъқул иш қилганингни кўрмадим. Мен билан бирга урушга боришингни истардиму, аммо бекларимиз урушга боришингни маъқул кўришмаяпти. 7Майли, бу сафар орқангга қайт, тинчгина кет, тағин Филист бекларининг кўзи олдида бирорта номаъқул иш қилиб қўймагин.

8— Ахир, мен нима қилдим?! — деди Довуд. — Ҳузурингизга келганимдан бери мендан бирор айб топмадингиз–ку! Энди шоҳ ҳазратларининг ғанимларига қарши урушга нима учун бормаслигим керак экан?!

9— Биламан, — деди Охиш, — сен менинг назаримда Худонинг фариштасидай поксан. Лекин Филист лашкарбошилари, биз билан урушга бормасин, дейишяпти. 10Энди сен ва ўзинг билан келган шоҳинг Шоулнинг одамлари эрталаб туринглар–да, тонг отар–отмас жўнанглар.

11Шундай қилиб, Довуд одамлари билан эрта тонгда туриб, Филистлар ҳудудига қараб йўлга тушди. Филистлар эса Йизрилга[133] жўнашди.

 

30–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Довуд Омолек халқини мағлуб қилади

 

1Довуд одамлари билан йўл юриб, учинчи куни ўз шаҳри Зихлахга етиб келди. Бу орада Омолек халқи Нагав чўлига[134], хусусан, Зихлах шаҳрига ҳам бостириб кирган, Зихлахга ўт қўйиб, шаҳарни талон–тарож қилишган экан. 2Улар бирор кимсани ўлдирмай, у ердаги аёллару ёш–қарини асир олишиб, олдиларига солиб ҳайдаганча, йўлларига қайтиб кетишган эди.

3Довуд одамлари билан у ерга етиб боргач, шаҳарнинг аланга ичида қолганини, хотинлари, ўғил–қизларини асир олиб кетишганини билди. 4Улар ҳолдан тойгунча дод–вой солиб йиғлашди. 5Довуднинг иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл ҳам асир олинган эди. 6Довуд ёмон аҳволда қолди, чунки ҳар бир одам ўғиллари, қизлари учун қайғурар, “Довудни тошбўрон қиламиз”, дейишарди. Лекин Довуд ўз Эгаси Худодан мадад олди. 7У Охималекнинг ўғли руҳоний Абуатарга[135]:

— Менга эфодни келтир, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди. Абуатар эфодни олиб келди. 8Довуд Эгамиздан:

— Бу қароқчиларнинг орқасидан қувиб борайми? Қувсам, етиб оламанми? — деб сўради[136].

— Орқаларидан қув, уларга албатта етиб олиб, асирларни озод қиласан, — деди Эгамиз.

9Шундай қилиб, Довуд ёнидаги олти юзта одами билан йўлга чиқиб, Басор сойлигига юриш қилди. 10Улар сойликдан ҳали ўтиб бўлмаган эдики, икки юз киши толиқиб йиқилиб, ўша ерда қолди. Довуд қолган тўрт юз кишиси билан қароқчиларни қувлаб кетди.

11Чўлда бир Мисрликни топиб, Довуднинг олдига келтиришди. “Еб, ичиб ол”, деб унга нон–пон беришди. 12Бир ҳовуч анжир қоқи билан икки ҳовуч майиз[137] ҳам беришди. Ҳалиги одам тамадди қилиб олгач, бироз жонланди. У уч кечаю уч кундуз на туз тотган, на сув ичган эди.

13Довуд ундан:

— Сен кимнинг одамисан? Қаердан келяпсан? — деб сўради.

— Мисрликман, Омолек уруғидан бўлган бир одамнинг қулиман, — деди йигит. — Уч кун олдин касал бўлиб қолган эдим, хўжайиним мени чўлда қолдириб кетди. 14Нагав чўлидаги Харет халқи ҳудудига, Яҳудо ҳудудига, Нагав чўлидаги Холиб уруғи ерларига бостириб бориб, Зихлах шаҳрига ўт қўйдик.

15— Мени ўша босқинчиларнинг ёнига олиб бора оласанми? — деб сўради Довуд.

— Сени ўлдирмайман, хўжайинингнинг қўлига топширмайман, деб Худо номи билан онт ичсангиз, сизни ўша босқинчилар олдига олиб бораман, — деди йигит.

16Шундай қилиб, Мисрлик одам Довудга йўл кўрсатиб кетди. Босқинчилар дала бўйлаб тарқалиб, Филист ва Яҳудо ерларидан талон–тарож қилиб келган мўл–кўл ўлжаларини еб–ичиб, хурсандчилик қилишаётган эди. 17Довуд эртаси кун кечқурунгача уларни қирди. Туяларга миниб қочган тўрт юз йигитдан ташқари, улардан бирортаси ҳам қутулиб кета олмади.

18Шундай қилиб, Довуд Омолек халқи тортиб олган ҳамма нарсаларини, жумладан, иккала хотинини ҳам қайтариб олди. 19Катта–кичикдан, ўғил–қизлардан, ўлжа олинган моллардан, хуллас, Омолек халқи олиб кетган нарсалардан бирортаси қолиб кетмади. Довуд ҳаммасини қайтариб олди. 20Довуд Омолек халқининг ҳамма мол–қўйларини ўлжа қилиб олди. Довуднинг одамлари ўлжа олинган мол–қўйларни ўзларининг моллари олдидан ҳайдаб кетар экан: “Булар — Довуднинг ўлжалари”, дейишарди.

21Шундан кейин Довуд Басор сойлигида толиқиб орқада қолиб кетган икки юз киши олдига қайтди. Улар ҳам Довуд билан унинг одамларини кутиб олгани чиқишди. Довуд уларга яқин келгач, омонлик тилади. 22Лекин Довуд билан борган баъзи ёмон, ярамас одамлар:

— Булар биз билан бирга бормадиларми, энди ўлжа олинган нарсалардан ҳеч қандай улуш бермаймиз, ҳар қайсиси фақат хотини билан болаларини олиб кетсин, — дейишди.

23— Йўқ, биродарларим, — деди Довуд, — бу нарсаларни бизга Эгамиз берди, энди ундай қилманглар. Эгамизнинг Ўзи бизни сақлади, устимизга бостириб келган босқинчиларни қўлимизга берди. 24Сизларнинг бу гапингизга ким рози бўлади? Урушга борганлар билан анжомлар ёнида қолганларнинг улуши бирдир, ҳар бир нарса тенг бўлинади.

25Ўша кундан бошлаб Довуд бу усулни Исроилда қонун–қоида ҳолига келтирди, ушбу қонун бугунгача[138] давом этиб келяпти.

26Ниҳоят, Довуд Зихлахга қайтди. У ўзининг ўртоқлари — Яҳудо оқсоқолларига тортиб олинган ўлжалардан жўнатиб: “Мана Эгамизнинг ғанимларидан тортиб олинган ўлжалардан сизларга инъомлар”, деб айтиб юборди. 27Инъомлар қуйидаги шаҳарларнинг оқсоқолларига жўнатилди: Байтил, Нагав чўлидаги Рамўт шаҳри, Ятир, 28Арор, Сифмўт, Эштамўва, 29Рахол, Ярахмал уруғи ва Хайин халқининг шаҳарлари, 30шунингдек, Хўрмах, Бўр–Ошон, Отах 31ва Хеврон шаҳарлари. Довуд одамлари билан кезган ерларнинг ҳаммасига ўлжалардан жўнатди.

 

31–БОБ - ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)

 

Шоул билан ўғилларининг ҳалокати

 

1Филистлар эса шу пайтда Исроил лашкари билан жанг қилишаётган эди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочиб, кўплари Гилбова тоғида[139] ҳалок бўлди. 2Энди Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадов ва Малкишува ўлдирилди. 3Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камончилари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул оғир яраланди. 4У қуролбардорига:

— Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, менга қилич солиб, хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади. 5Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, Шоул билан бирга ўлди. 6Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли, қуролбардори ва ҳамма сипоҳлари бир кундаёқ ҳалок бўлишди.

7Йизрил водийсининг[140] нарёғида ва Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришдию, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.

8Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан учала ўғлининг жасади ётганини кўриб қолишди. 9Улар Шоулнинг бошини кесиб, қуролларини олишди. Филистлар босиб олган ерларига хабарчилар йўллаб, бу хушхабарни бутхоналарига, халққа эшиттиришди. 10Шоулнинг қурол–аслаҳасини Аштарет[141] уйига қўйишди, жасадини эса Байт–Шан шаҳрининг деворига қоқиб қўйишди.

11Гиладдаги Ёбош[142] аҳолиси Филистларнинг Шоулни қандай аҳволга солганини эшитиб қолишди. 12Шунда ҳамма жасур йигитлар тун бўйи юриб, Байт–Шанга боришди. Шоул билан ўғилларининг жасадларини Байт–Шан деворидан олиб, Ёбошга олиб боришди ва у ерда куйдиришди. 13Суякларини йиғиштириб, Ёбошдаги тамариск дарахти[143] тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди[144].

 


[1] 1:1 - Рама — ибронийча матнда Раматайим. Рама“Раматайим”нинг қисқа шакли (шу бобнинг 19–оятига қаранг).

[2] 1:3 - Шилў — Қуддусдан қарийб 32 километрча шимолда жойлашган бу шаҳар Исроил халқининг сажда маркази бўлиб қолган эди.

[3] 1:4 - бир улуш — баъзи қурбонликлар оловда бутунлай куйдирилмасдан, маълум бир қисми куйдирилар, бир қисми эса руҳонийларга берилар эди. Қолганини қурбонлик келтирган одамнинг оила аъзолари ва меҳмонлари тановул қилишарди.

[4] 1:5 - ...яхши жойидан бир улуш берарди — ёки икки улуш берарди. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[5] 1:7 - Эгамизнинг уйи — Исроил халқи учун Эгамизга сажда қиладиган асосий жой Шилўдаги Муқаддас чодир эди. Бу пайтда ҳали Қуддусдаги Маъбад қурилмаган эди.

[6] 1:11 - ...ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим — Бу ердаги ибронийча матнда алоҳида бир сўз ишлатилган бўлиб, Худога хизмат қилиш учун махсус ваъда берган одамни билдиради. Баъзи бир инсонлар шундай ваъда бериб ўзларини бир мунча вақт Худонинг хизматига бағишлар эдилар. Баъзи бировлар эса туғилган пайтлариданоқ шу ваъда орқали Худога бағишланганлар. Тавротга кўра, ўзини Худога бутунлай бағишлаб, назр қилган одам, шароб ёки май ичмаслиги, сочини қирқмаслиги, мурдага тегмаслиги керак эди.

[7] 1:20 - Шомуил — ибронийчадаги маъноси Худодан тилаб олдим ёки Худо эшитди.

[8] 1:22 - Гўдак кўкракдан чиққандан кейин... — У вақтда болалар одатда икки ёшларда кўкракдан чиқарилар эди.

[9] 1:23 - Эгамиз Ўз ваъдасини бажо қилсин — Ибронийча матндан. Қумрон қўлёзмаларида, қадимий грекча ва сурёнийча таржималарда Эгамиз сенинг оғзингдан чиққан сўзни барқарор қилсин.

[10] 1:24 - уч ёшли буқа — Қумрон қўлёзмаларидан, қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда учта буқа.

[11] 1:24 - бир тоғора — ибронийча матнда бир эфа, тахминан 22 литрга тўғри келади.

[12] 1:28 - улар — ёки у.

[13] 2:6 - Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[14] 2:8 - заминнинг устунлари — қадимги Исроил халқининг тасаввурига кўра, ер теп–текис бўлиб, ер остида улкан денгиз бор эди, денгиз тубига кетган улкан устунлар ерни ушлаб турарди. Улар, бу устунларнинг остидаги пойдевор сирли, фақат Яратганга аёндир, деб тушунганлар.

[15] 2:15 - ...қурбонликнинг ёғини куйдирмасдан олдин... — Қурбонликларнинг ёғи Эгамизга тегишли эди, шунинг учун қурбонликнинг гўштини пишириб тановул қилишдан олдин, чарв ёғи назр сифатида куйдирилиши лозим эди.

[16] 2:18 - руҳонийларнинг муқаддас либоси — ибронийча матнда зиғир матосидан тикилган эфод бўлиб, руҳонийлар кийиб юрадиган либос.

[17] 2:19 - кийим — ибронийча матндаги бу сўз тўн ёки руҳонийлар киядиган ридони билдиради. Шомуил ёш бола бўлганига қарамай, онаси унга руҳонийлар киядиган кийимларни тикиб берган эди.

[18] 2:22 - Учрашув чодири — Муқаддас чодирнинг яна бир номи (1:7 изоҳига қаранг).

[19] 2:22 - Учрашув чодирига кираверишда хизмат қиладиган аёллар... — бу аёллар гуруҳи ҳақида ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган. Бу аёллар Муқаддас китобнинг яна бир жойида — Чиқиш 38:8 да тилга олинган.

[20] 3:3 - Эгамизнинг Маъбади — Исроил халқи учун Эгамизга сажда қиладиган асосий жой Шилўдаги Муқаддас чодир эди. Бу пайтда ҳали Қуддусдаги Маъбад қурилмаган эди.

[21] 3:3 - Худонинг чироғи — Муқаддас чодирнинг Муқаддас жойида турган бу олтин чироқпоядаги шамчироқлар, Таврот бўйича, тун бўйи ёниб турган.

[22] 3:15 - Эгамизнинг уйи — Исроил халқи учун Эгамизга сажда қиладиган асосий жой Шилўдаги Муқаддас чодир эди. Бу пайтда ҳали Қуддусдаги Маъбад қурилмаган эди.

[23] 4:1 - Шу орада... — Тахминан милоддан олдинги 1050 йил.

[24] 4:1 - ...Эванзор деган жойда...Офоқ шаҳрида... — Исроилнинг шимоли–шарқий чегарасига туташ бўлган, Филистлар назорат қилиб турган ерларга қарашли иккита жой.

[25] 4:8 - ...бундай қудратли худолар... — Филистлар, яҳудийлар ҳам бизга ўхшаб кўп худоларга топинадилар, деб нотўғри тасаввурда бўлган эдилар.

[26] 4:12 - ...жанг майдонидан...Шилўга... — Қарийб 37 километрли масофа.

[27] 4:21 - Ихабод — ибронийчадаги маъноси улуғворлик йўқ.

[28] 5:1 - Ашдод шаҳри — Филистларнинг бешта шаҳридан биттаси (6:17 га қаранг).

[29] 5:5 - бугунгача — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[30] 6:9 - Байт–Шамаш шаҳри — Филистлар ҳудудидан қарийб 20 километрча шарқда жойлашган Исроил халқига қарашли шаҳар.

[31] 6:13 - ...буғдой ўраётган эди — Буғдой ўрими май ва июнь ойларида бўларди.

[32] 6:18 - ...шу кунгача... — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[33] 6:19 - етмиш киши — баъзи иброний қўлёзмаларидан. Иброний қўлёзмаларининг аксариятида ва қадимги грекча таржимада эллик минг етмиш киши.

[34] 6:21 - Хират–Ёрим — Байт–Шамашдан қарийб 11 километрча узоқликда, Қуддусдан эса 15 километрча шимоли–ғарбда жойлашган шаҳар.

[35] 7:5 - Миспах — Қуддусдан қарийб 8 километрча шимолда жойлашган шаҳар.

[36] 7:12 - Эванзор — ибронийчадаги маъноси ёрдам тоши.

[37] 7:14 - Амор халқлари — бу ўринда умумий ном бўлиб, бу ном остида ўша вақтларда Канъонда истиқомат қилган Исроил халқидан бошқа жамики халқлар назарда тутилади.

[38] 8:2 - Бэршэва шаҳри — Яҳудо юртининг жануб томонида жойлашган.

[39] 8:16 - ...ҳўкизларингизни... — Қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда йигитларингизни.

[40] 9:8 - бир кумуш танга — ибронийча матнда чорак шақал кумуш, тахминан 3 граммга тўғри келади.

[41] 9:25 - Шомуил...Шоул билан суҳбатлашди — Ибронийча матндан. Қадимий грекча таржимада Шомуил Шоулни уйнинг томига олиб чиқиб, у ерда унинг учун тўшак солди.

[42] 9:26 - ...том устида ётган... — У вақтларда уйларнинг томи текис бўлгани учун, одамлар кўпинча томга чиқиб ётишарди.

[43] 10:5 - ...Худонинг тепалиги деб аталган Гиво... — Ибронийча матнда Гивот–Элохим.

[44] 10:12 - ...отаси кимлигининг аҳамияти...пайғамбар бўлиши мумкин — Ибронийча матнда Уларнинг отаси ким экан–а?!

[45] 10:17 - Миспах — Қуддусдан қарийб 8 километрча шимолда жойлашган шаҳар.

[46] 10:20 - Қуръа ташлаб... — Қуръа ёғоч бўлаклари ёки тошлардан қилинган бўлиб, ундан бирор нарсани қандай ёки қачон қилишни билиш учун фойдаланилган. Худонинг хоҳиш–иродаси баъзан қуръа ташлаш орқали аниқланган.

[47] 11:1 - Оммон — Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида жойлашган.

[48] 11:1 - Ёбош шаҳри — Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида жойлашган Исроил халқига қарашли шаҳар.

[49] 11:8 - Базах — Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида жойлашган.

[50] 12:11 - Гидўн — ибронийча матнда Еруббаал, Гидўннинг яна бир исми.

[51] 12:11 - Барақ — қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда Бадон.

[52] 12:11 - ҳакамлар — Исроилда шоҳлик жорий бўлмасдан олдин халқ йўлбошчилари юртни бошқарардилар. Улар ҳакамлар деб юритиларди.

[53] 13:1 - ўттиз — баъзи қадимий грекча таржима қўлёзмаларидан. Ибронийча матнда рақам тушиб қолган.

[54] 13:1 - ...Исроилда қирқ икки йил шоҳлик қилди — Ибронийча матнда Исроилда...икки йил шоҳлик қилди. Ибронийча матндаги рақам тўлиқ эмас.

[55] 13:2 - Михмаш ва Байтил...Гиво шаҳри — бу шаҳарлар шимолдаги Байтил шаҳрига нисбатан учбурчак шаклида жойлашган эди.

[56] 13:2 - Йўнатан — шоҳ Шоулнинг ўғли (шу бобнинг 16–оятига қаранг).

[57] 13:3 - Ғибо шаҳри — Гиво ва Михмаш орасида жойлашган.

[58] 13:5 - уч мингта — қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда ўттиз мингта.

[59] 13:8 - Шомуил Шоулга...айтгани учун... — 10:8 га қаранг.

[60] 13:17 - илғорлар — лашкарнинг энг олдинги сафдаги, жангга биринчи бўлиб кирадиган қисми.

[61] 13:20 - ...ўроқларини... — Қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда чўкичларини.

[62] 13:21 - икки мисқол кумуш — ибронийча матнда бир пим, тахминан 8 граммга тўғри келади.

[63] 13:21 - бир мисқол кумуш — ибронийча матнда бир шақалнинг учдан бир қисми, тахминан 4 граммга тўғри келади.

[64] 14:14 - кичкина майдон — ибронийча матнда ярим бўйинтуруқ, яъни бир жуфт ҳўкиз бир кунда шудгор қиладиган даланинг ярмига тўғри келадиган ер бўлаги (тахминан 0,2 гектарга тўғри келади).

[65] 14:15 - илғорлар — 13:17 изоҳига қаранг.

[66] 14:18 - Худонинг сандиғини олиб кел...Исроил халқи билан эди — Ибронийча матндан. Қадимги грекча таржимада эфодни олиб кел, — деди. Ўша пайтда у эфодни Исроил халқи олдида кўтариб юрарди.

[67] 14:31 - Ойжавлон — Михмашдан қарийб 32 километрча ғарбда жойлашган.

[68] 14:33 - ...гўштни қони билан еб...гуноҳ иш қиляпти — Қонун бўйича, Исроил халқи сўйилган молнинг қонини чиқаргандан сўнггина, гўштини пишириб тановул қилишлари лозим эди.

[69] 14:34 - ...шу ерда... — Шоул келтирган катта тошнинг устида (шу бобнинг 33–оятига қаранг). Қон гўштдан ажратилиб, ерга оқиб тушиши учун шундай қилинган эди.

[70] 14:36 - ...Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик... — Айрим ҳолларда шоҳ бир қарорга келишига ёрдам бергани Худонинг хоҳишини билиш учун руҳонийлар Урим ва Туммим деган муқаддас нарсалардан фойдаланишган. Баъзан Худо Ўз хоҳиш–иродасини пайғамбар ёки туш орқали билдирган (28:6 ва 2 Шоҳлар 2:1 га қаранг).

[71] 14:49 - Ишбосит — ибронийча матнда бу исмнинг бошқача варианти Йишви. Эшбаал исми билан ҳам танилган.

[72] 15:2 - Омолек халқи — Фаластиннинг жануби–ғарбидаги ерларда истиқомат қилган халқ.

[73] 15:3 - ...тамоман йўқ қилиб ташла... — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган (шу бобнинг 8, 9, 15, 18, 20, 21–оятларида ҳам бор).

[74] 15:12 - Кармил шаҳри — Хеврондан қарийб 11 километрча жанубда жойлашган.

[75] 15:32 - Ўгахни боғланган ҳолда...деб ўйлади — Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[76] 16:1 - қўчқор шохи — ҳайвоннинг ишлов берилган шохлари баъзан идиш сифатида ишлатилган.

[77] 16:5 - Ўзларингизни покланглар... — Руҳий хизматни лозим даражада бажаришга тўсқинлик қиладиган нопокликдан тозаланиш маросими.

[78] 17:1 - Сўхў ва Озикаҳ шаҳарлари — Сўхў Исроил халқига қарашли, Озикаҳ эса Филистларнинг қўли остида эди.

[79] 17:4 - олти тирсагу бир қарич — тахминан 3 метрга тўғри келади.

[80] 17:5 - уч ярим пуд — ибронийча матнда беш минг шақал, тахминан 57 килога тўғри келади.

[81] 17:7 - ярим пуд — ибронийча матнда олти юз шақал, тахминан 7 килога тўғри келади.

[82] 17:12 - Эфрат — Байтлаҳм шаҳри атрофидаги аҳоли истиқомат қиладиган ерлар.

[83] 17:17 - бир тоғора — ибронийча матнда бир эфа, тахминан 22 литрга тўғри келади.

[84] 18:1 - Йўнатан — Шоулнинг тўнғич ўғли (14–бобга қаранг).

[85] 18:25 - Филистнинг суннат териси — Филистлар Исроил халқидан фарқли равишда хатна қилинмасдилар. Қадимги вақтларда жангчилар ғанимларнинг нечтасини ўлдирганини кўрсатиш учун, далил сифатида уларнинг танасидан бирорта аъзосини қирқиб олишарди.

[86] 19:13 - бут — ибронийча матнда терафим (шу бобнинг 16–оятида ҳам бор). Терафим хонаки санам бўлиб, фол очиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Чамаси, бу оятларда инсон қиёфасидаги бут тўғрисида сўз кетмоқда. Михал бефарзанд бўлгани учун, шунга ўхшаш бутни уйида яширинча сақлаган бўлиши мумкин.

[87] 19:24 - Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!... — маталнинг келиб чиқиши ҳақида янада кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, 10:11-12 га қаранг.

[88] 20:5 - Шоҳ билан...ўтиришим керак — Янги ой шодиёнаси куни ҳар бир одам ўз оиласи билан руҳий таом маросимини нишонлаши шарт эди.

[89] 20:25 - ...Шоулнинг рўпарасидан... — Қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда Йўнатан ўрнидан турди, Йўнатан Абнурга жой бериб, ўзи бошқа жойга бориб ўтирганлиги англатилаётган бўлиши мумкин.

[90] 20:26 - ...ҳаром бўлган–у, ювинмагандир... — Янги ой шодиёнасида дастурхонга муқаддас таомлар тортилган, шунинг учун дастурхонда фақатгина покланган одамларгина ўтириши мумкин эди.

[91] 21:1 - Нав шаҳри — Қуддусдан қарийб 4 километрча шарқда жойлашган.

[92] 21:4 - ...аёллардан ўзларини тийган бўлишса... — Аёл киши билан жинсий алоқада бўлган одам булғанган ҳисобланиб, маълум бир вақт мобайнида ҳеч қандай диний маросимда иштирок этолмасди.

[93] 21:4 - назр қилинган нон — Худога назр қилинган нонлар (шу бобнинг 6–оятига қаранг). Одатда бундай нонларни фақатгина руҳонийлар тановул қилишлари мумкин эди.

[94] 21:7 - Эдомлик — Исроилнинг жанубидаги Эдом юртидан келган одам.

[95] 21:10 - Гат — Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган бу шаҳар Филистларнинг бешта асосий шаҳарларидан бири эди.

[96] 21:13 - сарой — ёки шаҳар.

[97] 22:1 - Адуллам шаҳри — Қуддусдан қарийб 24 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[98] 22:3 - Мўаб — Ўлик денгизнинг шарқий қирғоғида жойлашган юрт.

[99] 22:5 - Хорет ўрмони — Хорет қаерда жойлашгани маълум эмас.

[100] 22:6 - Гиво — Қуддусдан қарийб 8 километрча шимолда жойлашган.

[101] 22:6 - тамариск дарахти — кичкина, тез ўсадиган майда баргли дарахт. Бу дарахтлар иссиқ ва қуруқ жойларда ўсади.

[102] 22:7 - Эссайнинг ўғли — Довуд.

[103] 22:7 - Эй, Бенямин одамлари...қилиб ўтирадими?! — Шоул Бенямин қабиласидан, Довуд эса Яҳудо қабиласидан эди. Довуд юқори мавқеларни Бенямин авлодларига эмас, ўз қабиладошларига бермоқчи эканлигини Шоул олдиндан айтяпти.

[104] 22:9 - Эдомлик — 21:7 изоҳига қаранг.

[105] 22:10 - ...Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради — 14:36 изоҳига қаранг.

[106] 22:18 - муқаддас либос — ибронийча матнда зиғир матосидан тикилган эфод бўлиб, руҳонийлар кийиб юрадиган либос.

[107] 23:1 - Кейлах шаҳри — Адулламнинг жануби–ғарбида жойлашган. Адуллам шаҳри Қуддусдан қарийб 24 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[108] 23:2 - ...Эгамиздан сўради — 14:36 изоҳига қаранг.

[109] 23:3 - Кейлах — эҳтимол, у вақтда Кейлах шаҳри Исроил халқининг қўли остида бўлмаган.

[110] 23:14 - Зиф чўли — Хеврондан қарийб 16 километрча жануби–шарқда жойлашган чўл.

[111] 23:19 - Йишмон — Яҳудонинг жанубий чегарасига яқин бўлган саҳродаги жой.

[112] 23:24 - Мойун чўли — Зифнинг жанубидаги ёндош чўл (шу бобнинг 14–оятига қаранг).

[113] 23:28 - Қутулиш қояси — ибронийча матнда Села–Хаммахлекўт, маъноси силлиқ қоя.

[114] 24:1 - Энгедидаги пана жойлар — Зифдан қарийб 25 километрча шарқда, Ўлик денгизнинг ғарбий қирғоғига яқин бўлган жой.

[115] 25:2 - Кармил шаҳри — Хеврондан қарийб 11 километрча жанубда жойлашган.

[116] 25:8 - зиёфат куни — қўйларнинг жунини қирқиш махсус нишонланар эди.

[117] 25:18 - икки тоғора — ибронийча матнда беш сеха, тахминан 35 килога тўғри келади.

[118] 25:18 - ...ҳовуч майиз...ҳовуч анжир қоқи... — Қадимги пайтларда узум ва анжирларни қуритгандан кейин одамлар ҳовучларида думалоқ қилиб преслаганлар, шу тариқа қоқилар узоқ вақт сақланган ва кундалик истеъмол қилинадиган егулик бўлган эди.

[119] 25:22 - ...Худо менинг жазомни берсин... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — Худо Довуд душманларининг жазосини берсин. Бу қадимги ибронийчадаги Худо менинг жазомни берсин деган маънонинг мажозий тасвиридир.

[120] 25:25 - ...ақлсиз дегани — Ибронийчадаги Навол исмининг маъноси.

[121] 25:44 - Михал — 18:20-27 га қаранг.

[122] 26:1 - Йишмон — Яҳудонинг жанубий чегарасига яқин бўлган, саҳродаги жой.

[123] 26:6 - Зеруя — Зеруя Довуднинг опаси, Абушай билан Йўаб эса Довуднинг жиянлари эди.

[124] 26:19 - ...бегона худоларга хизмат қил... — Қадимда одамлар, ҳар бир юртнинг ўз худоси бор ва у худоларга фақатгина ўша юртларда сажда қилиш мумкин, деб ишонишган. Ҳатто Исроил халқининг Худоси ҳақида ҳам шундай ўйлашган.

[125] 27:2 - Гат — Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган бу шаҳар Филистларнинг бешта асосий шаҳарларидан бири эди.

[126] 27:10 - ...Яҳудонинг Нагав чўлидаги ҳудудлари...Ярахмал уруғи ерлари...Хайин халқи ерлари... — Ярахмал уруғи Яҳудо қабиласига мансуб, Хайин халқи Яҳудонинг иттифоқдоши эди. Охиш “Довуд ўз қабиласи Яҳудога ва Яҳудо қабиласининг иттифоқдошига ҳужум қилган”, деб ўйлашини Довуд истаган эди.

[127] 28:4 - Гилбова тоғи — Жалила кўлидан қарийб 32 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[128] 28:6 - руҳонийлар — айрим ҳолларда шоҳ бир қарорга келишига ёрдам бергани Худонинг хоҳишини билиш учун руҳонийлар Урим ва Туммим деган муқаддас нарсалардан фойдаланишган. Баъзан Худо Ўз хоҳиш–иродасини пайғамбар ёки туш орқали билдирган (14:36 ва 2 Шоҳлар 2:1 га қаранг).

[129] 28:7 - Эн–Дўр — Гилбова тоғидан қарийб 16 километрча шимолда жойлашган.

[130] 28:13 - Ер остидан... — Бу ерда Шеўл, яъни ўликлар диёри назарда тутилган. 2:6 изоҳига қаранг.

[131] 28:19 - ...менинг ёнимда бўласизлар — Ҳалок бўлиб, ўликлар диёрига — Шеўлга келасизлар, демоқчи.

[132] 29:1 - Офоқ — Исроилнинг шимоли–шарқий чегарасига туташ бўлган, Филистлар назорат қилиб турган ерларга қарашли шаҳар.

[133] 29:11 - Йизрил — Офоқдан қарийб 120 километрча узоқликда жойлашган шаҳар.

[134] 30:1 - Нагав чўли — Исроилнинг жанубидаги, Ўлик денгиздан жануби–ғарбда жойлашган ерлар.

[135] 30:7 - Абуатар — 23:6 га қаранг.

[136] 30:8 - ...Эгамиздан...деб сўради — 14:36 изоҳига қаранг.

[137] 30:12 - ...ҳовуч анжир қоқи...ҳовуч майиз... — 25:18 изоҳига қаранг.

[138] 30:25 - бугунгача — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[139] 31:1 - Гилбова тоғи — Жалила кўлидан қарийб 32 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[140] 31:7 - Йизрил водийси — Гилбова тоғининг шимоли–шарқида.

[141] 31:10 - Аштарет — Канъондаги халқлар сажда қилган ҳосилдорлик ва уруш худоси бўлиб, аёл қиёфасида тасаввур қилинган.

[142] 31:11 - Ёбош — Ёбош ва Ёбошликлар тўғрисида 11–бобда тўлиқроқ маълумот берилган.

[143] 31:13 - тамариск дарахти — 22:6 изоҳига қаранг.

[144] 31:13 - ...етти кун рўза тутишди — Бу ўша даврдаги маросимга оид бўлиб, улар аза тутганларини билдиради.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com