Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ЧИҚИШ

Кириш

 

Бу китобнинг номи Эски Аҳднинг қадимги грекча таржимасидаги номидан олинган бўлиб, “чиқиб кетмоқ” маъносини билдиради. Бу китобда Эгамиз Ўз халқи Исроилни қандай қилиб қулликдан озод қилгани, уларни Мисрдан олиб чиққани тўғрисида ҳикоя қилинади.

“Чиқиш” китоби: “Эгамиз танҳо, ҳақиқий Худодир, барча яратилганларнинг ҳукмдоридир”, деб таълим беради. Эгамиз бирор ишни амалга оширишга қарор қилганда, ҳеч ким Уни тўхтата олмайди.

“Чиқиш” китобини уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмдаги аксарият воқеалар (1-13–боблар) Миср юртида рўй беради. Исроил халқи бу ерда фиръавнга қул бўлиб хизмат қиларди. Эгамиз Ўз халқининг ёрдам сўраб қилган нолаларини эшитади. Уларни озод қилиш учун Мусони танлайди. Мусо асли Исроил халқидан бўлиб, Миср маликаси уни ўғил қилиб асраб олган эди.

Мусо фиръавндан, Исроил халқини озод қил, деб талаб этганда, фиръавн рад жавобини беради. Шунинг учун Эгамиз Мисрга ўнта офат юбориши тўғрисида Мусога айтади. Бу офатлар кўпинча “ўнта ўлат”, деб ҳам айтилади. Охири, фиръавн Исроил халқига Мисрдан чиқиб кетишга ижозат беради.

Китобнинг иккинчи қисмида (14-18–боблар) Исроил халқи Худонинг муқаддас тоғи — Синайга йўл олганларида бошларидан кечирган воқеалар баён қилинади. Миср фиръавни Исроил халқини озод қилиш фикридан дарров қайтиб, лашкарларига уларни тутиб келиш ҳақида фармон беради. Лекин Эгамиз Исроил халқини ҳимоя қилиб, Миср лашкарини қириб ташлайди. Сўнгра Исроил халқи саҳро бўйлаб юрганда, Эгамиз уларни озиқ–овқат ва сув билан таъминлайди.

Китобнинг охирги қисмидаги воқеалар (19-40–боблар) Синай тоғида юз беради. Эгамиз бу тоғда Мусога зоҳир бўлиб, унга ўнта амрни, шунингдек, сажда қилиш, қурбонлик келтириш, кундалик турмуш тўғрисидаги қонунларни, муқаддас чодир ва чодирнинг жиҳозларини ҳамда қурбонгоҳларни ясаш, руҳонийлик либослари тўғрисидаги кўрсатмаларни беради. Бу қисмда халқ бут ясаб, ўнта амрнинг биринчисига итоат этмагани тўғрисида ҳам ҳикоя қилинади: “Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман. Мендан бошқа худоларга сажда қилманг.” (20:2-3)

 

1–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мисрликлар Исроил халқига зулм ўтказади

 

1-4Исроил[1] ўғилларининг исмлари қуйидагичадир: Рубен, Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор, Забулун, Бенямин, Дан, Нафтали, Гад, Ошер. Улар Ёқуб билан бирга оилаларини олиб, Мисрга кетган эдилар. 5Ўшанда Ёқубнинг авлоди ҳаммаси бўлиб етмиш[2] кишидан иборат эди. Унинг ўғли Юсуф бу пайтда Мисрда яшарди.

6Вақти–соати етиб, Юсуф, унинг ака–укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди. 7Исроил насли эса баракали бўлиб, борган сари кўпайиб бораверди. Миср юрти улар билан тўлиб–тошди.

8Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн[3] ўтирди. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди. 9У ўз халқига шундай деди:

— Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди. 10Қани, бир йўлини топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар.

11Шундай қилиб, Мисрликлар назоратчилар тайинлаб, Исроил халқини оғир ишларга мажбур қилдилар, тинка–мадорини қуритдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамзес деган омбор шаҳарларни[4] қуриб берди.

12Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борарди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар. 13-14Улар Исроил халқини зўрлик билан аёвсиз қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар.

15Шифро ва Пуво деган иброний доялари бор эди. Миср фиръавни уларга шундай фармон берди:

16— Иброний аёллари кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда, яхшилаб эътибор беринг: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса, яшайверсин.

17Иккала доя Худодан қўрқарди. Шунинг учун Миср фиръавнининг фармонига итоат этмасдан, ўғил болаларни ўлдирмадилар. 18Миср фиръавни дояларни чақириб сўради:

— Нимага бунақа қиляпсизлар? Нимага ўғил болаларни тирик қолдиряпсизлар?

19— Иброний аёллари Мисрлик аёлларга ўхшамайдилар, — деб жавоб беришди доялар. — Улар жуда бақувват, шунинг учун биз бормасимиздан олдин туғиб қўйяптилар.

20Шунинг учун Худо дояларга марҳамат қилди. Исроил халқи кўпайиб, яна ҳам кучаяверди. 21Доялар Худодан қўрққанлари учун, Худо уларни оилали қилди. 22Шундан кейин фиръавн ўз халқига: “Ибронийларда туғилган ҳар бир ўғил бола Нил дарёсига улоқтирилсин, қиз болалар эса яшайверсин”, деб фармон берди.

 

2–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мусонинг туғилиши

 

1Ўша пайтда Леви наслидан бир йигит билан қиз оила қурдилар. 2Кейинчалик аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Аёл чақалоқнинг чиройлилигини кўриб, уни уч ой яшириб юрди.

3Лекин аёл чақалоқни ортиқ яшириб юролмаслигига кўзи етгач, қамиш сават олди. Сув кирмасин, деб саватни қора сақич билан сувади. Кейин саватнинг ичига чақалоқни солиб, саватни дарё бўйидаги қамишзор орасига қўйиб кетди. 4Чақалоқнинг опаси[5] эса: “Унинг тақдири нима бўларкин”, деб узоқдан кузатиб турди.

5Шу пайтда фиръавннинг қизи дарё бўйига чўмилгани келиб қолди. Канизаклари эса дарё бўйида юришарди. Фиръавннинг қизи бирдан қамишзор орасидаги саватни кўриб қолди–да, чўрисига: “Саватни олиб кел!” деб буюрди. 6Фиръавннинг қизи саватни очиб қарасаки, бир чақалоқ йиғлаб ётган экан. “Бу иброний болаларидан бири”, деди у. Чақалоққа раҳми келди.

7Чақалоқнинг опаси шу пайтда фиръавннинг қизи олдига келиб, ундан сўради:

— Бориб, иброний аёлларидан бирортасини чақириб келайми? У энагалик қилиб, сизга чақалоқни боқиб берарди.

8— Майли, бор, — деди фиръавннинг қизи. Қизча бориб, чақалоқнинг онасини чақириб келди. 9Фиръавннинг қизи аёлга:

— Мана бу чақалоқни олиб бор, менга боқиб бер, — деди. — Қилган хизматинг учун ҳақини тўлайман.

Шундай қилиб, аёл чақалоқни олиб кетди ва ўзи парвариш қилди.

10Бола катта бўлгач, аёл уни фиръавннинг қизига олиб келди. Фиръавннинг қизи болани ўзига ўғил қилиб олди. “Уни сувдан чиқариб олганман”, деб исмини Мусо[6] қўйди.

 

Мусо Мидиён юртига қочиб кетади

 

11Мусо улғайгандан кейин, бир куни қабиладошларини кўргани борди. У қабиладошлари қилаётган оғир меҳнатни кўриб юрган эди. Бир Мисрлик одам ибронийлардан — қабиладошларидан биттасини ураётганини кўриб қолди. 12Мусо атрофга кўз ташлади. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Мисрлик одамни ўлдириб, қумга кўмиб қўйди.

13Кейинги куни Мусо яна ўша ерга борганда, иккита ибронийнинг бир–бири билан жанжаллашаётгани устидан чиқиб қолди. Мусо ноҳақлик қилган одамдан: “Нимага биродарингни уряпсан?” деб сўради. 14Шунда ҳалиги одам:

— Ким сени бизга ҳукмдор, ҳакам қилиб қўйди? Мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчимисан? — деди. Ўша заҳоти Мусо: “Бу иш ошкор бўлиб қолганга ўхшайди”, деб ўйлаб қўрқиб кетди. 15Кейин фиръавн ҳам бу воқеани эшитиб, Мусони ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Мусо фиръавндан қочиб Мидиён юртига[7] кетди. У Мидиёнга келиб, қудуқ ёнида ўтирди.

16Мидиён юрти руҳонийсининг еттита қизи бор эди. Қизлар отасининг қўй–эчкиларини суғориш учун охурларга сув тўлдиргани келиб қолдилар. 17Аммо бир нечта чўпон келиб, қизларни ҳайдаб юборди. Шунда Мусо қизларни ҳимоя қилди, уларнинг қўйларини суғоришга ҳам ёрдамлашди. 18Кейин қизлар оталари Ятронинг[8] ёнига қайтиб келдилар.

— Нимага бугун эрта қайтиб келдингизлар? — деб сўради Ятро қизларидан.

19— Мисрлик бир одам бизни чўпонлардан ҳимоя қилди, — деб жавоб беришди қизлар. — Бунинг устига, бизнинг ўрнимизга сув тортиб, қўйларимизни ҳам суғорди.

20— Қаерда ўша одам? — деб сўради Ятро қизларидан. — Нимага у одамни қолдириб келдингизлар? Боринглар, уни чақириб келинглар, биз билан бирга овқатлансин.

21Шундай қилиб, Мусо Ятроникида яшашга рози бўлди. Ятро эса Мусони қизи Зиппурага уйлантириб қўйди. 22Зиппура Мусога ўғил туғиб берди. Мусо: “Мен бегона юртда мусофир бўлган эдим”, деб ўғлининг исмини Гершом[9] қўйди.

23Йиллар ўтди. Бу орада Миср фиръавни оламдан ўтиб кетди. Исроил халқи ҳамон қулликда азоб чекар, мадад сўраб фарёд қиларди. Уларнинг фарёди Худога етиб борди. 24Худо Исроил халқининг оҳу нолаларини эшитди. Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб билан аҳд қилиб берган ваъдаси[10] Унинг ёдида эди. 25Хуллас, Худо Исроил халқининг аҳволини кўриб, уларга ачинди.

 

3–БОБ - ЧИҚИШ

 

Худо Мусони чақиради

 

1Мусонинг қайнатаси — Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятро эди. Мусо унинг қўй–эчкиларини боқиб юрарди. У қўй–эчкиларни саҳронинг ғарб томонига ҳайдаб, Худонинг муқаддас тоғи Синайга[11] бориб қолди. 2Бирдан бутадаги алангада Эгамизнинг фариштаси Мусога зоҳир бўлди. Мусо ҳайрон бўлди: бута ёнарди–ю, аммо ёниб тугамасди. 3Мусо: “Жуда ғалати–ку, бориб, бир қарай–чи, бута нимага ёниб тугамаяпти экан”, деб ўйлади. 4Мусо яқинроқ борди, Эгамиз унинг келаётганини кўриб, бутанинг орасидан: “Мусо! Мусо!” деб чақирди.

— Лаббай, шу ердаман, — деб жавоб берди Мусо.

5— Энди бу ёғига келма! Оёғингдаги чориғингни еч! — деди Худо. — Сен турган жой муқаддас ердир. 6Мен ота–боболаринг — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.

Мусо Худога қарашдан қўрқиб, дарров юзини беркитиб олди.

7Кейин Эгамиз яна айтди:

— Имонинг комил бўлсин: халқимнинг Мисрда чеккан азобларини кўрдим, мадад сўраб назоратчилар зулми дастидан қилган фарёдларини эшитдим. Ҳа, халқимнинг чеккан ҳамма азобларини биламан. 8Шунинг учун Мен халқимни Мисрликларнинг зулмидан қутқаргани келдим. Мен уларни Мисрдан олиб чиқиб, кенг, унумдор, сут ва асал оқиб ётган юртга[12] олиб боргани келдим. Бу ерда Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшайди. 9Халқимнинг фарёди Менга етиб келди. Мисрликлар халқимга қанчалик зулм ўтказаётганини кўриб турибман. 10Қани, бўл, сени ҳозир Миср фиръавни ҳузурига юбораман. Халқим Исроилни Мисрдан сен олиб чиқасан.

11Шунда Мусо Худога:

— Мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?! — деб жавоб берди. 12Худо эса шундай деди:

— Мен сен билан бўламан. Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанингдан кейин, шу тоққа келиб, Менга сажда қиласизлар. Сени Мен юборганимнинг исботи шу бўлади.

13Аммо Мусо Худога қуйидагича жавоб берди:

— Исроил халқи олдига бориб: “Сизларнинг олдингизга ота–боболарингизнинг Худоси мени юборди”, деб айтсам, улар “Ким У?”[13] деб сўрайдилар–ку! Ўшанда мен нима деб жавоб бераман?

14— Мен ҳар доим бор бўлган Худоман[14], — деб жавоб берди У. — Халқим Исроилга: “Мени сизларнинг олдингизга юборган — Мен Борман”, деб айтасан. 15Исроил халқига яна: “Мени сизларнинг олдингизга ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз[15] юборди”, деб айт. Менинг номим то абад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин.

16Худо яна Мусога айтди:

— Энди бор, халқим Исроилнинг оқсоқолларини тўплаб, уларга: “Ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгангиз менга зоҳир бўлди”, деб айт. Уларга шу гапимни етказ: “Имонингиз комил бўлсин: Мисрликлар сизларга қандай зулм ўтказаётганини Мен кўриб, кузатиб турибман. 17Энди ваъда бериб айтаманки, сизларни Мисрда чекаётган азоб–уқубатларингиздан халос қиламан. Сизларни Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига, сут ва асал оқиб ётган юртга бошлаб олиб бораман.” 18Исроил оқсоқоллари сенга қулоқ солишади. Кейин Миср фиръавни ҳузурига улар билан сен ҳам бирга бор. Фиръавнга шундай денглар: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз Ўзини бизга зоҳир қилди. Энди бизга ижозат бер, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худогақурбонликлар келтирайлик.” 19Аммо кучли бир қўл мажбурламаса, Миср фиръавни сизларнинг кетишингизга ижозат бермаслигини биламан. 20Ўшанда Мен қўлимни кўтариб, Мисрликларни ураман. Уларнинг орасида ҳар хил ажойиботлар билан Мисрни ураман. Ўшандан кейингина фиръавн сизларнинг кетишингизга ижозат беради. 21Мен шундай қиламанки, халқимга — сизларга Мисрликлар илтифот кўрсатадилар. Сизлар кетаётганларингизда бўш қўл билан чиқиб кетмайсизлар. 22Исроил халқидан ҳар бир аёл Мисрлик қўшнисидан ёки қўшнисининг уйида истиқомат қилаётган Мисрлик аёлдан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олади. Ўғилларингизни, қизларингизни тақинчоқлару кийим–кечаклар билан ясантирасизлар. Шундай қилиб, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетасизлар.

 

4–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз Мусога мўъжиза кўрсатиш қудратини ато қилади

 

1Шунда Мусо:

— Исроил халқи гапимга қулоқ солмасдан: “Эгамиз сенга зоҳир бўлмаган”, деб менга ишонмаса, унда нима қиламан? — деб сўради.

2— Қўлингдаги нима? — деб сўради Эгамиз.

— Таёқ, — деб жавоб берди Мусо.

3— Таёқни ерга ташла! — деб амр қилди Эгамиз. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Мусо дарров илондан ўзини олиб қочди.

4Эгамиз яна Мусога:

— Қўлингни узатиб, илоннинг думидан ушла! — деб амр берди. Мусо қўлини узатиб, илоннинг думидан ушлаган эди, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланиб қолди.

5Шу мўъжизани кўрсатасан! — деб амр берди Эгамиз, — токи Менинг халқим ота–боболари — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Мен сенга зоҳир бўлганимга ишонсинлар.

6Сўнгра Эгамиз яна:

— Қўлингни қўйнингга тиқ! — деб амр берди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб, чиқарган эди, қўлига яра тошиб[16], қордай оппоқ бўлиб қолди.

7— Қўлингни яна қўйнингга тиқ! — деб амр берди Эгамиз. Мусо қўлини яна қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли танасининг қолган қисми сингари, асл ҳолига қайтди.

8— Агар сенга ишонмасалар ёки кўрсатган биринчи мўъжизангга эътибор бермасалар, иккинчи мўъжизага ишонадилар, — деди Эгамиз. 9— Гапингга қулоқ солмай, иккала мўъжизага ҳам ишонмасалар, Нил дарёси сувидан олиб, қуруқ ерга тўк. Дарёдан олиб ерга тўккан сувинг қонга айланади.

10— Ё, Раббий! — деди Мусо. — Мен, қулинг, илгари ҳам, ҳозир — сен билан гаплаша бошлаганимдан буён ҳам яхши гапира олмайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман.

11Шунда Эгамиз:

— Инсонга тил ато қилган ким? — деди. — Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?! 12Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман.

13— Ё, Раббий! — деди Мусо. — Илтижо қиламан: Менинг ўрнимга бошқасини юбора қолгин.

14Шундан кейин Эгамиз Мусодан қаттиқ ғазабланиб деди:

— Аканг Ҳорун бор–ку! У ҳам Леви наслидан. Биламан, у гапга чечан. Ана, ўзи ҳам сенга пешвоз келяпти. Аканг сени кўриб хурсанд бўлади. 15-16Ҳорун сенинг ўрнингга халқ билан гаплашади. Ҳорун нима дейиши лозимлигини сен айтасан. Сен у учун Худога — Менга ўхшаган бўласан. Сизлар гапирганингизда, Мен икковингиз билан бирга бўламан. Ҳар икковингизга Мен нима қилишингизни айтиб тураман. 17Мана бу таёғингни қўлингга ол, бу мўъжизаларни таёқ орқали кўрсатасан.

 

Мусо Мисрга қайтиб боради

 

18Мусо қайнатаси Ятронинг олдига қайтиб келиб, унга деди:

— Ижозат беринг, Мисрдаги қабиладошларимнинг ёнига қайтай. Бориб билай–чи, улар ҳалиям тирикмикан.

— Эсон–омон бор, — деб Ятро у билан хайрлашди. 19Мусо ҳамон Мидиёнда яшар экан, Эгамиз унга:

— Мисрга қайт, сенинг жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди, — деган эди.

20Шундай қилиб, Мусо хотини билан ўғилларини эшакка миндирди. Худо, ол, деб тайинлаган таёқни[17] қўлига олиб, Мисрга борадиган йўлга чиқди. 21Эгамиз Мусога яна шуларни эслатди:

— Мисрга борганингда, Мен берган қудрат билан сен фиръавннинг кўзи олдида ҳамма ажойиботларни кўрсат. Мен эса унинг юрагини тош қилиб қўяман. У халқимнинг кетишига ижозат бермайди. 22Кейин сен фиръавнга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда:

— Исроил Менинг тўнғич ўғлимдир. 23Ижозат бер, ўғлим бориб, Менга сажда қилсин, деб сенга айтган эдим. Аммо сен унга кетишга ижозат бермадинг. Шунинг учун энди сенинг тўнғич ўғлингни нобуд қиламан.”

24Мусо ва унинг оиласи тунни ўтказгани йўлда тўхтадилар. Шу пайтда Эгамиз Мусога[18] дуч келди–да, сал бўлмаса уни ўлдирай деди[19]. 25Шу заҳоти хотини Зиппура[20] тош пичоқ[21] олиб, ўғлини суннат қилди. Суннат терисини Мусонинг оёқларига[22] теккизиб: “Сени мен учун шу суннат қони ҳимоя қилди”, деди. 26Шунда Эгамиз Мусонинг ҳаётини сақлади. Зиппура Мусога: “Сен шу суннат қони орқали ҳимоя қилиндинг”, деди.

27Сўнгра Эгамиз Ҳорунга:

— Мусони кутиб олгани саҳрога бор! — деб амр берди. Шундай қилиб, Ҳорун Мусони кутиб олгани Худонинг муқаддас тоғига[23] кетди. Ҳорун Мусони топгач, у билан қуюқ саломлашди. 28Мусо Эгамизнинг унга айтган ҳамма гапларини Ҳорунга гапириб берди. Бажариши керак бўлган ҳамма мўъжизалар ҳақида ҳам Ҳорунга сўзлаб берди. 29Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Мисрга боришгач, Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини тўпладилар. 30Ҳорун Эгамизнинг Мусога айтган ҳамма гапларини оқсоқолларга сўзлаб берди. Уларнинг кўзи олдида мўъжизаларни кўрсатди. 31Оқсоқоллар эшитиб кўрганларига ишондилар. Эгамиз ўз халқини кузатиб турганини, улар чеккан азобларни кўрганини эшитиб, Унга таъзим этиб, сажда қилдилар.

 

5–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурида

 

1Шундан кейин Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бориб, унга шундай дедилар:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Халқимга ижозат бер, улар саҳро ичкарисига бориб, Менга атаб байрам нишонлашсин.”

2Фиръавн эса:

— Эгангиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?! — деди. — Эгангизни танимайман, Исроил халқининг кетишига эса ижозат бермайман.

3Шунда Мусо билан Ҳорун:

— Ибронийларнинг Худоси бизга Ўзини зоҳир қилди, — деб жавоб беришди. — Ижозат бер, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худогақурбонликлар келтирайлик. Акс ҳолда, У бизни ё ўлатга мубтало қилади, ёки қиличнинг дамига рўпара қилиб жазолайди.

4Лекин Миср фиръавни:

— Эй, Мусо! Эй, Ҳорун! Нимага халқни ишдан қолдиряпсизлар?! — деди. — Боринглар, ишларингизни қилинглар! 5Қаранглар, бу ерда қанча қароллар[24] бор–а! Сизлар бўлса, уларни чалғитиб, ишдан қўймоқчисизлар!

6Ўша куни фиръавн Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчиларга ва Исроил халқидан бўлган ишбошиларга шундай фармон берди: 7“Исроил халқига ғишт қуйгани энди олдингидай сомон берманглар. Ўзлари юриб сомон йиғишсин. 8Олдин қанча ғишт қуйишган бўлса, бундан кейин ҳам шунча ғишт қуйишга мажбур қилинглар. Ғишт қуйиш миқдорини ҳеч ҳам камайтирманглар. Улар дангаса халқ. Шунинг учун, ижозат беринг, бориб, Худойимизга қурбонликлар келтирайлик, деб нола қилишяпти. 9Уларни шунақанги ишлатингларки, иш билан қаттиқ банд бўлиб, беҳуда гапларга қулоқ солишмасин[25].”

10Шундай қилиб, Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчилар билан Исроил халқидан бўлган ишбошилар бориб, Исроил халқига айтдилар:

— Фиръавн шундай демоқда: “Сизларга энди сомон бермайман. 11Бориб, қаердан бўлса ҳам ўзларингиз сомон топинглар, лекин қуяётган ғиштингизнинг ҳажми асло камаймайди.”

12Исроил халқи сомон ўрнига хас–чўп йиғиш учун бутун Миср юрти бўйлаб тарқалиб кетди. 13Назоратчилар эса уларни сиқувга олар эдилар. “Кундалик ишларингизни сомон берилган кунлардагидай камайтирмасдан бажаринглар”, деб айтардилар. 14Фиръавннинг назоратчилари ўзлари хизматга тайинлаган Исроил халқи ишбошиларини калтаклаб: “Нимага кеча ҳам, бугун ҳам, олдингидай, белгиланган миқдордаги ғиштни қуймаяпсизлар?” деб талаб қилардилар.

15Шундан сўнг Исроил халқи ишбошилари фиръавн ҳузурига бориб, фарёд қилдилар:

— Нимага биз, қулларингизга, бундай муомала қиляпсиз? 16Бизга сомон беришмайди–ю, “Ғишт қуйинглар!” деб буйруқ қилишади. Биз калтак остида қолдик–ку! Айбдор эса сизнинг одамларингиз.

17Фиръавн эса:

— Дангасасизлар, дангаса! — дея жавоб берди. — Шунинг учун: “Ижозат бер, бориб, Эгамизга қурбонликлар келтирайлик”, деяверасизлар. 18Боринглар, ишланглар! Сизларга сомон берилмайди. Лекин белгиланган миқдордаги ғиштни қуясизлар.

19Шунда Исроил халқининг ишбошилари: “Кунда белгиланган ғишт миқдорини камайтирмасдан қуясизлар!” деган гапни эшитиб, қийин аҳволда қолганларини тушундилар. 20Улар фиръавн ҳузуридан чиқишлари билан, Мусо билан Ҳорунга дуч келишди. Иккови уларни кутиб турган эди. 21Исроил халқи ишбошилари:

— Сизлар бизни фиръавнга, унинг аъёнларига ёмон кўрсатиб қўйдингизлар, — дейишди. — Бизни ўлдиришига сабаб топиб бердингиз. Эгамиз қилмишларингизни кўриб, жазонгизни берсин!

 

Мусо Эгамизга шикоят қилади

 

22Шундан кейин Мусо уларнинг олдидан кетиб, Эгамизга илтижо қилди:

— Ё, Раббий! Нимага бу халқни шунчалик кулфатга қўйдинг? Нимага мени юбординг? 23Фиръавнга Сенинг хабарингни олиб келишим биланоқ, у халқингга баттар ваҳшийлик қила бошлади. Сен эса Ўзингнинг халқингни озод қилмадинг.

 

6–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз Исроил халқини қутқаришга ваъда беради

 

1Шундан сўнг Эгамиз Мусога айтди:

— Фиръавнни нима қилишимни энди кўрасан. У қудратли кучимни кўргандан кейин, халқим кетишига ижозат берибгина қолмайди, ҳатто халқимни ўз юртидан қувлаб юборади.

2Худо Мусога яна деди:

— Мен Эгангизман. 3— Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим[26]. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси, деб танилмаган эдим[27]. 4Улар Канъон юртида мусофир бўлиб яшаган эдилар. Ўша юртни сизларга бераман, деб улар билан аҳд қилдим[28]. 5Мисрликлар қул қилган Исроил халқининг фарёдини аниқ эшитдим. Мен ўша аҳдимни ёдимда тутаман. 6Шундай қилиб, бу тўғрида Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен Эгангизман. Мен сизларни Мисрликларнинг зулмидан озод қиламан, қулликдан олиб чиқаман. Қудратли кучим ва ҳукмнинг буюк ишлари билан сизларни қулликдан озод қиламан. 7Мен сизларни Ўзимнинг халқим қиламан, Мен сизларнинг Худойингиз бўламан. Сизларни Мисрликларнинг зулмидан халос қилган Эгангиз Худо Мен эканлигимни ўшанда билиб оласизлар. 8Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга онт ичиб, бераман, деган юртга сизларни олиб бораман. Ўша юртни сизларга мулк қилиб бераман. Мен Эгангизман.”

9Мусо бу гапларни Исроил халқига айтган эди, аммо халқ унинг гапларига қулоқ солмади. Чунки халқ оғир зулм остида қолиб, руҳан тушкунликка тушган эди. 10Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

11— Миср фиръавни ҳузурига бориб айт: Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига ижозат берсин.

12— Гапимга Исроил халқи қулоқ солмади–ю, фиръавн қулоқ солармиди?! — деди Мусо. — Қолаверса, яхши гапира олмайман–ку!

13Аммо Эгамиз Мусо билан Ҳорунга амр қилди: “Миср фиръавни олдига қайтиб боринглар. Исроил халқи Мисрдан кетишига ижозат беринг, деб талаб қилинглар.”

 

Мусо ва Ҳоруннинг насл–насаби

 

14Баъзи Исроил қабилаларининг уруғбошилари қуйидагилардир:

Ёқубнинг[29] тўнғич ўғли Рубен наслига Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми киради. Уларнинг насли Рубен уруғлари эди.

15Шимўннинг наслига Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Канъонлик аёлдан туғилган ўғли Шовул киради. Уларнинг насли Шимўн уруғлари эди.

16Леви наслига Гершон, Қоҳот ва Марори киради. Леви 137 йил яшади. Бу наслдан келиб чиққан уруғлар қуйидагилардир: 17Гершоннинг наслига Лубнах ва Шимах киради, уларнинг ҳар бири уруғбошилардир. 18Қоҳотнинг наслига Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл киради. Қоҳот 133 йил яшади. 19Марорининг наслига Махли ва Муши киради. Юқоридаги рўйхат Леви насли ва уларнинг уруғлариникидир.

20Имром ўзининг аммаси Йўхавадга уйланди. Имром хотинидан Ҳорун ва Мусони кўрди. Имром 137 йил яшади. 21Изхорнинг насли Кўрах, Нафах ва Зихридир. 22Узиёлнинг насли Мишаил, Элзафан ва Ситридир. 23Ҳорун Элишбага уйланди. У Оминадовнинг қизи, Нахшўннинг синглисидир. Ҳорун хотинидан Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни кўрди. 24Кўрахнинг насли Асер, Элқана ва Абуасафдир. Уларнинг насли Кўрах уруғларига асос солди. 25Ҳоруннинг ўғли Элазар Футиёлнинг қизларидан бирига уйланди. Элазар хотинидан Финхазни кўрди.

Уруғлари бўйича Леви қабиласининг уруғбошилари ана шулардир.

26Юқорида айтиб ўтилган Ҳорун ва Мусога Эгамиз: “Исроилнинг ҳар бир оиласи ва қабиласини Мисрдан олиб чиқинглар!” деб амр берди. 27Улар: “Исроил халқини озод қилинг”, деб Миср фиръавнига буйруқ бердилар.

 

Эгамиз Мусо билан Ҳорунга фиръавнга гапиришлари учун амр беради

 

28Шундай қилиб, Эгамиз Мусо билан Мисрда гаплашганда, 29унга: “Мен Эгангизман, сенга айтганларимнинг ҳаммасини Миср фиръавнига етказ!” деб амр берган эди. 30Мусо эса Эгамизнинг олдида: “Мен яхши гапира олмайман–ку! Фиръавн менинг гапимга қулоқ солмайди!” деган эди.

 

7–БОБ - ЧИҚИШ

 

1Эгамиз Мусога айтди:

— Қараб тур, аканг Ҳорунни сенинг ўрнингга гапирадиган қиламан. Сени фиръавннинг кўзи олдида Худо сингари — Мендай қилиб қўяман. Ҳорун сенинг пайғамбаринг бўлиб, гапларингни фиръавнга етказади. 2Мен сенга айтган ҳамма амрларни акангга айт. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетиши учун ижозат бер, деб Ҳорун фиръавнга айтади. 3Лекин Мен аломату мўъжизаларимни Миср юртида кўрсатай, деб фиръавннинг юрагини тош қилиб қўяман. 4Фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди. Ўшанда Мен Мисрга қарши қўл кўтариб, унга кўп кулфатлар келтираман. Кейин ҳукмнинг қудратли ишлари билан Исроил оилаларини ва қабилаларини олиб чиқаман. 5Мисрга қарши қўл кўтариб, Исроил халқини Мисрликларнинг орасидан олиб чиққанимда, Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

6Мусо билан Ҳорун Эгамизнинг амрига биноан иш тутдилар. 7Улар фиръавн билан гаплашганларида, Мусо саксон ёшда, Ҳорун саксон уч ёшда эди.

 

Ҳоруннинг таёғи

 

8Эгамиз Мусо билан Ҳорунга гапирди:

9— Фиръавн сизларга: “Бирорта ажойибот кўрсатинглар–чи”, деб айтса, Ҳорунга буюр, таёқни олиб, фиръавннинг олдига ташласин. Таёқ илонга айланиб қолади.

10Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бордилар. Эгамиз амр этгандай иш тутдилар: Ҳорун таёғини фиръавн ва унинг аъёнлари олдига ташлаган эди, таёқ ўша заҳоти илонга айланиб қолди. 11Шунда фиръавн ҳам ўзининг сеҳргарларини — донишмандларини ва фолбинларини чақирди. Миср сеҳргарлари сеҳр–жодуларини ишлатиб, ўшанақа мўъжиза кўрсатдилар. 12Ҳар бири таёғини ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Ҳоруннинг илони Миср сеҳргарларининг илонларини ютиб юборди. 13Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади.

 

Биринчи фалокат: Нил дарёси қонга айланади

 

14Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди: “Барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, халқимнинг кетишига ижозат беришни истамаяпти. 15Эртага эрталаб фиръавннинг олдига бор. У дарёга боради. Сен уни дарё бўйида кутиб тур. Илонга айланган таёғинг қўлингда бўлсин. 16Фиръавнга шундай деб айт:

— Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз мени сенинг ҳузурингга шу гапни айтгани юборди. Эгамизнинг гапи шундай: “Менинг халқимга ижозат бер, улар саҳрога бориб, Менга сажда қилишсин.” Сен ҳамон Эгамизнинг гапига қулоқ солмаяпсан. 17Эгамиз шундай айтмоқда: “Исроил халқининг Эгаси Мен эканлигимни энди билиб оласан.” Қўлимдаги мана бу таёқни Нил дарёсининг сувига урганимда, сув қонга айланади. 18Дарёдаги балиқлар нобуд бўлади. Дарё сасиб кетади. Миср халқи дарё сувини ичолмайди.”

19Сўнгра Эгамиз Мусога шундай деди:

— Ҳорунга айт, таёқни қўлига олиб, Миср сувлари томонга — Мисрдаги дарёлар, анҳорлар, кўллар, ҳамма сув ҳавзалари томонга узатсин. Мисрдаги ҳамма жойларда сув қонга айланади, ҳатто бутун Миср юртидаги ёғоч ва тош идишлардаги сувлар ҳам қонга айланади.

20Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Эгамиз амр этгандай қилишди: Ҳорун фиръавн ва унинг аъёнлари кўзи олдида таёғини кўтариб дарё сувига урган эди, шу заҳоти дарё суви қонга айланиб қолди. 21Дарёдаги балиқлар нобуд бўлиб, дарё суви сасиб кетди. Миср халқи дарё сувини ичолмай қолди. Мисрнинг ҳамма ери қонга тўлиб кетди. 22Миср сеҳргарлари ҳам сеҳр–жодуларини ишлатиб, худди ўшандай қилдилар. Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади. 23Бўлиб ўтган мўъжизадан фиръавннинг юраги қилт этмасдан, саройига қайтди. 24Дарё сувини ичиб бўлмагани сабабли, Миср халқи ичимлик суви топиш учун дарё яқинида қудуқлар ковлай бошладилар. 25Эгамиз Нил дарёси сувига ургандан кейин етти кун давомида сув қон бўлиб оқаверди.

 

8–БОБ - ЧИҚИШ

 

Иккинчи фалокат: қурбақа офати

 

1Эгамиз Мусога яна айтди:

— Фиръавннинг ҳузурига бориб, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда:

— Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. 2Агар сен халқимга ижозат беришдан бўйин товласанг, бутун юртингга қурбақа юбориб шикаст етказаман. 3Дарё қурбақалар билан тўлиб–тошади. Қурбақалар дарёдан чиқиб, сенинг саройингга, ётоқхонангга, тўшагингга, аъёнларингу халқингнинг уйларига, тандирларига ва хамир тоғораларига ҳам кириб олади. 4Қурбақалар сенинг, Миср халқининг ва барча аъёнларингнинг устиларида сакраб юради.”

5Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Ҳорунга айт, у қўлидаги таёғини дарёлар, анҳорлар, кўллар томонга узатиб, қурбақаларни чиқарсин. Миср юртини қурбақалар босиб кетсин.

6Ҳорун таёғини Миср сувлари томонга узатди. Ўша заҳоти қурбақалар чиқиб, Мисрни босиб кетди. 7Мисрлик сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан Миср юртига қурбақалар чиқардилар. 8Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб айтди:

— Эгангизга: “Фиръавнни ва унинг халқини Ўзинг қурбақалардан халос қилгин”, деб ибодат қилинглар. Шундан кейин Исроил халқига кетгани ижозат бераман, токи улар бориб Эгангизга қурбонликлар келтирсин.

9Шунда Мусо фиръавнга деди:

— Хўп, вақтини ўзинг тайинла. Қурбақалар сизлардан, хонадонларингиздан йўқолсин, фақат Нил дарёсида қолсин, деб сен, аъёнларинг ва халқинг учун қачон ибодат қилай?

10— Эртага, — деди фиръавн.

— Бўпти, сен айтгандай бўлади! — деб жавоб берди Мусо. — Ўшанда Эгамиз Худога ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан. 11Қурбақалар сендан, аъёнларингдан, халқингдан ва хонадонларингиздан йўқолади. Фақат Нилда қолади, холос.

12Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқдилар. Фиръавн бошига келтирган қурбақа офатини йўқ қилгин, деб Мусо Эгамизга илтижо қилди. 13Эгамиз Мусонинг илтижосини эшитди, уйлардаги, ҳовлилардаги ва далалардаги қурбақалар ўлди. 14Қурбақаларнинг ўлигини уюм–уюм қилдилар. Миср юртини қўланса ҳид тутиб кетди. 15Лекин фиръавн Миср юрти қурбақадан халос бўлганини кўргач, Эгамиз айтгандай, юрагини тош қилиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади.

 

Учинчи фалокат: бурга офати

 

16Эгамиз Мусога гапиришда давом этди:

— Ҳорунга буюр, у таёғини узатиб, ернинг чангига урсин. Шунда ердаги чанг бургага айланиб, бутун Мисрни қоплайди.

17Улар Эгамизнинг айтганини қилдилар: Ҳорун қўлидаги таёғини узатиб, ернинг чангига урган эди, инсонлар билан ҳайвонларнинг устига бурга ёпирилди. Бутун Миср ерининг чанги бургага айланди. 18Одамларни, ҳайвонларни бурга босиб кетди. Сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан чангни бургага айлантирмоқчи бўлдилар, лекин уддасидан чиқолмадилар. 19Улар фиръавнга: “Бу Худонинг иши”, дейишди. Лекин Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг айтганларига қулоқ солмади.

 

Тўртинчи фалокат: сўна офати

 

20Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Эртага саҳарда ўрнингдан тур. Фиръавн дарёга бораётганда, унинг олдига боргин–да, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда:

— Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. 21Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига сўналар[30] галасини юбориб жазолайман. Мисрликларнинг уйлари, улар яшаётган ер сўнага тўлиб–тошади. 22Лекин ўша куни Ўз халқим яшаётган Гўшен ерларини[31] ажратиб қўяман. У ерда сўна бўлмайди. Мен, Эгангиз, бу юртда бор эканлигимни билиб олинглар, деб шуни қиламан. 23Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман[32]. Бу мўъжиза эртага юз беради.”

24Эгамиз айтганини қилди: фиръавннинг саройига, аъёнларининг уйларига гала–гала сўна юборди. Бутун Миср юрти сўна оқибатида хароб бўлди. 25Шундан сўнг фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб: “Боринглар, шу юрт ичида Худойингизга қурбонликлар келтираверинглар”, деб айтди.

26— Бунақа қилсак, тўғри бўлмайди, — деб жавоб берди Мусо. — Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак, Мисрликлар буни жирканч деб ҳисоблайдилар. Мисрликлар қабиҳ деб ҳисоблаган ишни яна уларнинг кўз олдида қилсак, бизни тошбўрон қилмайдиларми?![33] 27Эгамиз Худо, бизга амр этгандай, Унга қурбонликлар келтиргани саҳрода уч кун йўл юриб боришимиз керак.

28— Майли, ижозат бераман, — деди фиръавн. — Саҳрога бориб, Эгангиз Худога қурбонликлар келтиринглар. Лекин узоққа кетмайсизлар. Энди сен ҳозироқ мен учун ибодат қил.

29— Ҳузурингдан чиқишим биланоқ Эгамизга: “Эртага сўналар фиръавндан, аъёнларидан, халқидан даф бўлсин”, деб ибодат қиламан, — деди Мусо. — Лекин халқ Эгамизга қурбонликлар келтиргани кетаётганда, бизни алдама, ижозат бермай қўйма.

30Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди. 31Эгамиз Мусонинг ибодатини эшитди. Фиръавндан, унинг аъёнларидан, Миср халқидан сўналарни даф қилди. Бирорта ҳам сўна қолмади. 32Лекин фиръавн бу сафар ҳам юрагини тош қилиб, халққа кетишга ижозат бермади.

 

9–БОБ - ЧИҚИШ

 

Бешинчи фалокат: чорванинг ўлими

 

1Шундан кейин Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз, Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин, деб айтмоқда. 2Агар ижозат бермай, Исроил халқини ушлаб тураверсанг, 3чорвангни — отларингни, эшакларингни, туяларингни, мол–қўйларингни Эгамиз ўз қудрати билан уриб, оғир ўлат касали юборади. 4Эгамиз Исроил халқи билан Мисрликларнинг чорвасини айириб қўяди. Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмайди. 5Эгамиз вақтини ҳам белгилаб, айтганларим эртага бу юртда бажо бўлади, деб айтди.”

6Эртаси куни Эгамиз айтганларини қилди: Мисрликларнинг чорваси қирилиб кетди. Исроил халқининг чорвасидан эса бирортасини ҳам нобуд қилмади. 7Фиръавн одам юбориб билдики, Исроил халқининг чорвасидан бирортасиям нобуд бўлмабди. Лекин барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

 

Олтинчи фалокат: чипқон офати

 

8Шундан кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна айтди:

— Ўчоқдан бир оз кул олинглар. Мусо кулни фиръавннинг кўзи олдида осмонга сочсин. 9Шунда кул чангга айланиб, бутун Мисрни чанг қоплайди. Кул бутун юртдаги инсонларнинг, ҳайвонларнинг танасига яллиғланган чипқон чиқаради.

10Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун ўчоқдан кул олиб, фиръавн ҳузурига бордилар. Мусо кулни осмонга сочган эди, кул одамларда ва ҳайвонларда яллиғланган чипқон пайдо қилди. 11Сеҳргарлар ҳам Мусонинг олдида чипқон оғриғига чидаб туролмадилар. Чунки барча Мисрликлар каби, сеҳргарларга ҳам чипқон чиққан эди. 12Аммо Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. У Мусога айтгандай, Мусо билан Ҳоруннинг гапига фиръавн қулоқ солмади.

 

Еттинчи фалокат: дўл офати

 

13Эгамиз Мусога яна деди:

— Саҳар пайти тур. Фиръавннинг ҳузурига бориб, унга Менинг шу гапимни етказ: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз айтмоқда:

— Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. 14Агар ижозат бермасанг, бу дунёда Менга ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан, деб Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига жуда оғир фалокатларни юбораман. 15Ҳақиқатан, Мен сенга қарши қўл кўтариб, ўзинг ва халқингни ўлатга дучор қилиб, ер юзидан қириб юборган бўлардим. 16Аммо сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй, деб яшамоғингга изн бердим. 17Сен халқимнинг кетишига ижозат бермай, уларга қаршилик қиляпсан. 18Билиб қўй, Мен эртага шу вақтда шунақанги дўл ёғдираманки, Миср юрти пайдо бўлгандан буён бунақа дўлни кўрмаган. 19Энди, чорвамни ва очиқ жойлардаги бор мол–мулкимни пана жойларга йиғинглар, деб фармон бер. Дўл ёққанда, уйда бўлмай, далада қолган ҳамма одамлару ҳайвонлар нобуд бўлади.”

20Фиръавннинг аъёнларидан баъзилари Эгамизнинг сўзларидан қўрқиб, қулларини ва чорвасини дарров уйларига олиб келдилар. 21Эгамизнинг сўзларини менсимаганлар эса қуллари билан чорвасини очиқ жойда қолдирдилар.

22Эгамиз Мусога:

— Қўлингни осмонга узат! — деди. — Мисрнинг ҳамма жойига, одамларнинг, ҳайвонларнинг, даладаги жамики экинларнинг устига дўл ёғади.

23Мусо таёғини осмонга тўғри кўтарган эди, Эгамиз момақалдироқ ва дўл пайдо қилди, ерга яшин тушди. Шундай қилиб, Эгамиз Миср юртига дўл юборди. 24Натижада ғоят кучли дўл ёғиб, узоқ вақт яшин чақнади. Миср пайдо бўлгандан бери бунақанги дўлни кўрмаган эди. 25Дўл Мисрда очиқ жойлардаги ҳамма нарсани — инсондан тортиб ҳайвонлару экин–тикинларгача нобуд қилди. Дарахтларни ер билан яксон қилди. 26Фақат Исроил халқи яшаётган Гўшен ерларига дўл ёғмади.

27Фиръавн шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни чақиртириб келиб шундай деди:

— Бу сафар мен айбдорман. Эгангиз ҳақ, мен билан халқим эса ноҳақмиз. 28Бу момақалдироқ билан дўлга ортиқ бардош беролмаймиз. Илтимос, Эгангиздан сўранг, буларни тўхтатсин. Халқингиз кетишига ижозат бераман. Сизлар энди Мисрда ортиқ қолмайсизлар.

29— Шаҳардан чиқишим биланоқ қўлларимни Эгамизга чўзиб илтижо қиламан, — деди Мусо. — Момақалдироқ тўхтайди, дўл ҳам ёғмайди. Ўшанда бутун олам Эгамизники эканини биласан. 30Лекин шуниси менга маълумки, ўзинг, аъёнларинг ҳали ҳам Парвардигор Эгамиздан қўрқмайсизлар.

31Бу пайтда арпа бошоқлаган, зиғирпоя гуллаб қолганди. Зиғирпоя ва арпа пайҳон бўлди. 32Бироқ буғдой кечки бўлгани учун[34] зарар кўрмади. 33Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, шаҳардан ташқарига борди. У қўлларини Эгамизга томон узатган эди, момақалдироқ ва дўл тўхтади, ёмғир ҳам тинди. 34Ёмғир тиниб, дўл ва момақалдироқ тўхтаганини фиръавн кўрди–ю, яна гуноҳга қўл урди. Ўзи ҳам, аъёнлари ҳам юрагини тош қилиб олдилар. 35Эгамиз Мусо орқали айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

 

10–БОБ - ЧИҚИШ

 

Саккизинчи фалокат: чигиртка офати

 

1-2Эгамиз Мусога амр берди:

— Фиръавннинг ҳузурига бор! Мен, мўъжизаларимни уларнинг орасида кўрсатай, деб фиръавнни ва унинг аъёнлари юрагини тош қилиб қўйдим. Мисрликларни масхара қилдим, уларга мўъжизалар кўрсатдим. Энди сизлар болаларингизга, набираларингизга буларни айтиб берасизлар, деб шу ишларни қилдим. Ана шунда Эгангиз Мен эканлигимни ҳаммаларингиз билиб оласизлар.

3Мусо билан Ҳорун фиръавннинг ҳузурига бориб унга Эгамизнинг шу гапини етказдилар: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда:

— Сен қачонгача Менга итоат этмай юрасан?! Халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилишсин. 4Агар халқимнинг кетишига ижозат бермасанг, Мен эртага юртингга чигирткалар[35] юбораман. 5Чигирткалар ер юзини шунақанги қоплайдики, ер тамомила кўринмай қолади. Дўлдан омон қолган ҳосилингизни, далада ўсган жамики дарахтларингизни чигирткалар еб битиради. 6Саройинг, аъёнларингнинг уйлари, ҳамма Мисрликларнинг хонадонлари чигирткага тўлиб кетади. Ота–боболаринг ер юзида пайдо бўлгандан буён бунақасини кўрмаган.”

Шундан кейин Мусо фиръавннинг ҳузуридан бурилиб чиқиб кетди.

7Шунда аъёнлар фиръавнга:

— Бу одам бизга тузоқ бўлса ҳам, қачонгача индамайсиз?! — дедилар. — Ижозат беринг ўшаларга! Кетаверишсин. Эгаси Худога сажда қилишсин. Кўрмаяпсизми, Миср хароб бўлди–ку!

8Шундан сўнг Мусо билан Ҳорунни фиръавн ҳузурига чақиртириб келди. Фиръавн икковига деди:

— Майли боринглар, Эгангиз Худога сажда қилинглар. Аммо сизлардан кимлар боради?

9— Ёшу қари — ҳаммамиз бирга кетамиз, — деб жавоб берди Мусо. — Ўғилларимизни, қизларимизни, мол–қўйларимизни ҳам олиб кетамиз. Эгамизга атаб байрам нишонлашимиз керак.

10Фиръавн қаршилик қилди:

— Агар хотинларингиз ва болаларингиз билан кетишларингизга ижозат берсам, Эгангиз албатта сизлар билан бўлади! Ниятингиз ёмонлиги очиқ кўриниб турибди. 11Йўқ, уларга асло жавоб бермайман! Эгангизга сажда қилгани боришни истаётган сизлар эмасми?! Жуда яхши. Фақат эркакларни олинглар–у, кетаверинглар.

Шунда Мусо билан Ҳорунни фиръавннинг ҳузуридан ҳайдадилар.

12Эгамиз Мусога:

— Қўлингни Миср узра узат! — деб амр берди. — Миср юртига чигиртка ёғилсин. Чигирткалар бу юртдаги ҳамма ўсимликларни, дўлдан омон қолган ҳамма экин–тикинни еб битирсин.

13Мусо таёғини Миср узра узатган эди, Эгамиз бу юртга шарқдан шамол эстирди. Бир кеча–кундуз шамол эсди. Шарқдан эсган шамол эрталабгача чигирткаларни олиб келди. 14Бутун Миср юртига чигиртка ёпирилди. Мисрнинг ҳамма жойини чигиртка босиб кетди. Чигирткалар шунчалик уюлиб кетдики, илгари бунақаси бўлмаган эди, бундан кейин ҳам бўлмайди. 15Ер юзини чигиртка босиб кетганидан, ер қоп–қора бўлиб қолди. Жамики экин–тикинни, дўлдан омон қолган дарахтлардаги мева–чеваларни чигиртка еб битирди. Мисрдаги бирор дарахтда, бирор ўсимликда яшил барг қолмади. 16Фиръавн зудлик билан Мусо билан Ҳорунни чақиртириб, уларга айтди:

— Эгангиз Худога ва ўзларингизга қарши гуноҳ қилдим. 17Ўтинаман, бир мартагина гуноҳимдан ўтиб, Эгангиз Худога илтижо қилинглар. Бу ҳалокатли офатни мендан даф қилсин.

18Мусо фиръавннинг ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди. 19Эгамиз ғарбдан жуда кучли шамол эстирди. Шамол чигирткаларни Қизил денгизга[36] учириб олиб кетди. Миср юртида биронта ҳам чигиртка қолмади. 20Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини яна тош қилиб қўйди ва фиръавн Исроил халқига кетишга ижозат бермади.

 

Тўққизинчи фалокат: зулмат

 

21Эгамиз Мусога:

— Қўлингни осмонга узат! — деб амр берди. — Мисрни қўрқинчли зулмат қоплайди.

22Мусо қўлини осмонга узатди. Шундан кейин Миср уч кун давомида зим–зиё зулмат ичида қолди, 23биров бировни кўра олмади. Натижада ҳеч ким бирон жойга юриб бора олмади. Исроил халқи яшаётган ер эса ёруғ эди. 24Фиръавн яна Мусони чақиртириб, унга:

— Боринглар, Эгангизга сажда қилаверинглар, — деди. — Бола–чақаларингизни олиб кетаверинглар. Аммо мол–қўйларингизни қолдириб кетасизлар.

25— Бўлмайди! — деди Мусо. — Чорвамизни ҳам олиб кетишимизга ижозат беришинг керак. Биз Эгамиз Худогақурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликлар келтирамиз. 26Ҳамма чорвамизни ўзимиз билан олиб кетамиз, орқада биронта ҳам туёқ қолмаслиги керак. Эгамиз Худога сажда қилганимизда, қурбонликларни шу мол–қўйларимиздан оламиз. У ерга бормагунимизча, Эгамизга нимани қурбонлик қилишимизни билмаймиз–ку!

27Шундай қилиб, Эгамиз яна фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўжарлик қилиб, Исроил халқига кетишга ижозат бермади. 28Охири фиръавн Мусога:

— Йўқол бу ердан! — деб бақирди. — Эҳтиёт бўл, бундан кейин зинҳор кўзимга кўринма! Кўзимга кўринган заҳоти ўласан!

29— Сен айтганингдай бўлсин! — деди Мусо. — Бундан кейин кўзингга кўринмайин!

 

11–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мусо охирги фалокатни фиръавнга аён қилади

 

1Эгамиз Мусога айтганди[37]: “Мен фиръавннинг бошига ҳам, Миср юртига ҳам яна битта фалокат юбораман, ўшандан кейингина бу ердан кетишингизга у сизларга ижозат беради. Бу юртдан ўзи сизларни ҳатто ҳайдаб чиқаради. 2Энди Исроил халқига айт: ҳамма эркагу аёл Мисрлик қўшнисидан олтин, кумуш тақинчоқлар сўраб олсин.” 3Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Мусони ҳам Миср юртида, фиръавннинг аъёнлари, Миср халқи кўз олдида ғоят улуғ қилган эди.

4Шунда Мусо фиръавнга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Тун ярмида Миср бўйлаб юраман. 5Шунда Мисрдаги ҳамма тўнғич ўғиллар — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғичидан тортиб, қўл тегирмонида ўтириб ишлаётган чўри хотиннинг тўнғич ўғлигача нобуд бўлади. Ҳатто чорванинг биринчи эркак боласигача нобуд бўлади. 6Бутун Миср бўйлаб қаттиқ фарёд кўтарилади. Бунақа воқеа илгари бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. 7Исроил халқидан эса бирорта одамга, ёки бирорта ҳайвонга ҳатто ит ҳуриб қўймайди. Ўшанда Мен, Эгангиз, Исроил халқини Миср халқидан айирганимни билиб оласизлар.” 8Ўшанда аъёнларинг ҳаммаси келиб, менга икки букилиб таъзим қилади. Менга: “Сен ҳам, сенга эргашган халқинг ҳам кетинглар”, деб ёлворасизлар. Мен ўшандан кейин кетаман.

Мусо ғазаб билан фиръавннинг ҳузуридан чиқиб кетди.

9Эгамиз Мусога шундай деган эди: “Мисрда Менинг ажойиботларим кўпайиши учун, фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди.” 10Мусо билан Ҳорун фиръавннинг олдида ҳамма ажойиботларни кўрсатиб бўлдилар. Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўз юртидан Исроил халқининг кетишига ижозат бермади.

 

12–БОБ - ЧИҚИШ

 

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар

 

1Мусо билан Ҳорун Мисрда яшар эканлар, Эгамиз уларга қуйидаги кўрсатмаларни берди:

 

Фисиҳ зиёфати

 

2“Бу ой сизлар учун илк ой, йилнинг биринчи ойи бўлади[38]. 3Исроил халқининг бутун жамоасига етказинглар: шу ойнинг ўнинчи куни оила бошлиқлари битта қўзи ёки улоқча танлайди. Буни хонадондагилар тановул қилади. 4Битта жонлиқ бир оилага кўплик қиладиган бўлса, оила аъзоларининг сони ва бир одам тановул қиладиган гўшт миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра ўша оила жонлиқ гўштини ёнидаги қўшниси билан бўлишади. 5Нуқсонсиз, бир яшар эркак жонлиқни танлаб олинглар. 6Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурунгача қўзиларни алоҳида сақланглар. Сўнгра Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши лозим. 7Сўнг улар қурбонликнинг қонидан олиб, қурбонлик гўшти тановул қилинадиган уй эшиги кесакисининг[39] ёнларига ва тепасига суртишсин. 8Ўша куни кечқурун гўштни оловда пишириб тановул қилишсин. Гўштни хамиртурушсиз нон ва тахир ўтлар қўшиб тановул қилишсин. 9Қурбонлик гўштининг сувда қайнатилганини ёки хомини тановул қилишмасин. Калла–туёқларию ичак–човоқларини оловда пишириб ейишсин. 10Гўштдан эрталабгача қолмасин. Агар ортиб қолса, эрталабга қолдирмай оловда куйдиринглар. 11Гўштни тановул қилаётганингизда, шай туринглар. Чориғингиз оёғингизда, таёғингиз қўлингизда бўлсин, тез–тез енглар. Мен, Эгангизга, бағишланган Фисиҳ қурбонлиги шудир.

12Ўша тунда Мен Мисрнинг бу бошидан нариги четигача ўтиб, инсонларнинг ҳар бир тўнғич ўғилларини ҳам, чорванинг биринчи эркак боласини ҳам ўлдираман. Мен, Эгангиз, Мисрнинг ҳамма худоларига қарши ҳукмни ижро этаман. 13Эшикларингизнинг ромига суртилган қон яшаётган уйларингизни белгилайди. Қонни кўриб, сизларни четлаб ўтаман. Мен Мисрни жазолаганимда, ўлат офатидан сизлар омон қоласизлар.

 

Хамиртурушсиз нон байрами

 

14Бу кунни[40] сизлар то абад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга, аталган байрам қилиб нишонланглар. Бу байрам авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. 15Ўша етти кун давомида хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. Биринчи куниёқ уйларингиздаги хамиртурушни йўқотинглар. Кимки етти кун давомида хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади. 16Байрамнинг биринчи куни ҳам, еттинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келиши лозим. Шу кунлари, овқат тайёрлашдан ташқари, ҳеч қандай иш қилманглар.

17Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонлайсизлар, чунки айнан ўша куни Мен сизларнинг оилаларингизни ва қабилаларингизни Мисрдан олиб чиққанман. Бу байрам авлодларингиз оша нишонланиб, доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. 18Биринчи ойнинг[41] ўн тўртинчи куни кечқурундан бошлаб шу ойнинг йигирма биринчи куни кечқурунгача хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. 19Уйларингизда ўша етти кун давомида асло хамиртуруш бўлмасин. Кимки хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у асли Исроил наслиданми, мусофирми, барибир, Исроил халқининг жамоасидан йўқ қилинади. 20Хамиртуруш қўшилган нонни ҳеч тановул қилманглар. Қаерда яшасангизлар ҳам, хамиртурушсиз нон тановул қилинглар.”

 

Илк Фисиҳ зиёфати

 

21Шундан кейин Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга шундай деди:

— Ҳар бир хонадонга шундай деб айтинглар: “Оилангиз учун биттадан қўзи ёки улоқча танлаб олиб, Фисиҳ зиёфатига қурбонлик қилинглар[42]. 22Кейин иссоп ўтидан[43] бир тутам олиб, қурбонликдан йиғилган қон идишига ботиринглар. Қонни уйларингиз эшиги кесакисининг ёнларига ва тепасига суртинглар. Тонггача бирортангиз уйингиздан чиқманглар. 23Чунки Эгамиз Миср юрти бўйлаб ўтиб, Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини уради. У эшикларингизнинг кесакисидаги қонни кўриб, уйларингизни четлаб ўтиб кетади. Азроил уйларингизга кириб, сизларнинг тўнғич ўғилларингизни нобуд қилишига Эгамиз йўл қўймайди. 24Ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам бу расм–русумларга то абад риоя қилишларингиз лозим. 25Эгамиз сизларга бераман, деб ваъда қилган юртга кирганларингиздан кейин ҳам, бу удумни нишонлайверинглар. 26Болаларингиз сизлардан:

— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўраганларида, шундай жавоб беринглар:

27— Бу Эгамизга бағишланган Фисиҳ қурбонлигидир. Эгамиз Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ҳалок қилганда, Мисрдаги Исроил халқининг уйларини четлаб ўтиб кетди. Шундай қилиб, бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди.”

Шунда Исроил оқсоқоллари эгилиб, сажда қилди. 28Сўнгра улар бориб, Мусо билан Ҳорунга Эгамиз берган амр бўйича иш тутдилар.

 

Ўнинчи фалокат: жамики тўнғич эркак зотининг ўлими

 

29Эгамиз ярим кечаси Мисрликларнинг жамики тўнғичларини — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғич ўғлидан тортиб зиндонда ётган асирнинг тўнғич ўғлигача ўлдирди. Ҳамма чорванинг биринчи эркак боласини ҳам нобуд қилди. 30Ўша кеча фиръавн, унинг ҳамма аъёнлари ва бутун Миср халқи уйғониб кетди. Бутун Мисрни қаттиқ дод–фарёд тутди. Одам нобуд бўлмаган бирорта хонадон йўқ эди. 31Ўша тундаёқ фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақиртириб айтди:

— Ўзларингиз ҳам, Исроил халқингиз ҳам йўқолинглар! Менинг юртимдан чиқиб кетинглар! Ўзларингиз айтганингиздай, бориб Эгангизга сажда қилаверинглар. 32Мол–қўйларингизни ҳам олиб кетинглар. Аммо кетаётганингизда, мени дуо қилинглар.

33“Исроил халқи юртимиздан тезроқ чиқиб кетсин, агар чиқиб кетмаса, ҳаммамиз ўлиб кетамиз”, деб Мисрликлар уларни қистовга олдилар. 34Шундай қилиб, Исроил халқи кийим–кечакларига ўралган хамиртуруш қўшилмаган хамир тўла тоғораларини олиб, елкаларига ортишди. 35Исроил халқи Мусонинг айтганини қилиб, Мисрликлардан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олишди. 36Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Исроил халқи нима сўраса, улар бердилар. Шу йўл билан Исроил халқи, ғолиб лашкардай, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетди.

 

Исроил халқи Мисрдан кетади

 

37Исроил халқи Рамзесдан Сухўтга[44] қараб яёв йўлга чиқди. Улар 600.000 тача эркак бўлиб, аёллар ва болалар бу ҳисобга кирмасди. 38Сон–саноқсиз бегона халқлар, кўплаб мол–қўйлар ҳам улар билан бирга кетди. 39Исроил халқи Мисрдан олиб чиққан хамиртурушсиз хамирдан патир нон ёпдилар. Улар Мисрдан шунчалик тез чиқиб кетдиларки, йўлга егулик тайёрлагани вақт тополмагандилар.

40Исроил халқи Мисрда 430 йил яшади. 41430 йилнинг охирги куни Эгамиз халқининг ҳамма оилалари ва қабилалари Мисрдан кетди. 42“Бу кун Ўз халқимни Мисрдан олиб чиқаман”, деб Эгамиз ўша тунни ажратиб қўйган эди. Исроил халқи ҳам авлодлар оша ўша тунни ажратиб, Эгамизга аташлари лозим.

 

Фисиҳ зиёфати тўғрисида қонун–қоидалар

 

43Кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга айтди: “Сизлар риоя қилишингиз лозим бўлган Фисиҳ зиёфатининг қонун–қоидалари қуйидагичадир:

Исроил халқига қондош бўлмаган одам Фисиҳ таомидан тановул қилмайди. 44Лекин сотиб олган қулларингиз суннат қилингандан кейин Фисиҳ таомидан тановул қилса бўлади. 45Мусофирлар ва мардикорлар ҳам бу таомдан тановул қилишмайди.

46Таомлар қайси уйда тайёрланган бўлса, ҳаммаси ўша уйда тановул қилиниши лозим. Ташқарига таом олиб чиқилмайди. Фисиҳ зиёфатига атаб қурбонлик қилинган бирорта ҳам ҳайвоннинг суяги синдирилмайди.

47Исроил халқининг бутун жамоаси Фисиҳ зиёфатини нишонлайди. 48Ёнларингиздаги бирор мусофир Мен, Эгангизга, бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонламоқчи бўлса, олдин унинг хонадонидаги ҳамма эркаклар суннат қилиниши лозим. Шундан кейингина Исроил халқига қондош бўлган одамлардан биридай, Исроил жамоасига қўшилиб, Фисиҳ зиёфатини нишонлайди. Суннат қилинмаганларнинг ҳеч қайсиси Фисиҳ таомидан тановул қилиши мумкин эмас. 49Шу ернинг туб аҳолиси учун ҳам, ораларингизда яшаётган мусофир учун ҳам қонун ўшадир.”

50Эгамизнинг Мусо ва Ҳорун орқали берган қонун–қоидаларини Исроил халқи бажардилар. 51Шундай қилиб, ўша куниёқ Эгамиз Исроил оилаларини ва қабилаларини Мисрдан олиб чиқди.

 

13–БОБ - ЧИҚИШ

 

Тўнғич эркакларни бағишлаш тўғрисида амр

 

1Эгамиз Мусога яна гапирди:

2— Ҳамма тўнғичларни Менга бағишланглар. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи Меникидир.

 

Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар

 

3Шундан сўнг Мусо халққа шундай деди: “Сизлар қул бўлган юрт Мисрдан чиққан бугунги кунингизни эсларингиздан чиқарманглар. Эгамиз қудрати билан сизларни у ердан олиб чиқди. Шунинг учун сизлар хамиртуруш қўшилган нонни еманглар. 4Бугун Абиб ойида[45] сизлар бу юртдан чиқиб кетяпсизлар. 5Эгамиз сизларни Канъон, Хет, Амор, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига олиб боради. Эгамиз бу ерларни ота–боболарингизга, бераман, деб онт ичган. Эгамиз сизларни сут ва асал оқиб ётган ўша юртга[46] олиб боргандан кейин, Абиб ойида қуйидагича удумни ўтказинглар: 6етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи куни Эгамизга атаб байрам қилинглар. 7Шу пайтларда уйингизда ёки юртингизнинг бирон жойида хамиртурушли нон ёки хамиртуруш бўлмасин. 8Ҳар йили байрам кунлари давомида нима учун байрамни нишонлаётганингизни болаларингизга тушунтиришингиз лозим. Уларга:

— Биз Мисрдан чиқаётганимизда, Эгамиз бизга қилганлари сабабидан бу байрамни нишонлаяпмиз, — деб айтинг. 9Бу байрам қўлингизда бир аломат, пешанангизда бир хотирага ўхшаган бўлади. Эгамиз сизларни Мисрдан Ўз қудрати билан олиб чиққанини бу байрам эслатиб туради. Эгамизнинг таълимотини болаларингизга ўргатишингиз учун байрамни нишонланглар. 10Сизлар белгиланган вақтда йиллар оша ушбу қонун–қоидага риоя қилиб боринглар.

 

Тўнғич эркакларни Эгамизга бағишлаш тўғрисида кўрсатмалар

 

11Эгамиз ўзларингизга ва ота–боболарингизга онт ичиб ваъда берган Канъон халқларининг юртига сизларни олиб келади. Ўша юртни сизларга беради. Шундан кейин 12тўнғич ўғилларингизни, ҳамма чорвангизнинг биринчи эркак боласини Унга беринглар. Буларнинг ҳаммаси Эгамизникидир. 13Биринчи туғилган эркак эшак[47] ҳам Эгамиздан бир қўзи ёки улоқчани аташ эвазига сотиб олинади. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим[48]. 14Келажакда фарзандларингиз сиздан:

— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўрашганда шундай жавоб беринглар:

— Эгамиз бизни Мисрдаги қулликдан қудратли қўли билан олиб чиққан. 15Фиръавн ўжарлик қилиб, кетишимиз учун бизга ижозат бермаганда, Эгамиз Миср юртидаги ҳамма тўнғичларни — одамларнинг тўнғичидан тортиб, ҳайвонларнинг биринчи эркак боласигача ўлдирган. Мана шунинг учун ҳам ҳайвонларнинг биринчи эркак боласини Эгамизга қурбонлик қиламиз. Тўнғич ўғилларимизни эса қайтариб сотиб оламиз.

16Бу йиллик байрам қўлингиздаги ёки пешанангиздаги бир белгидай бўлиб қолади. Эгамиз бизни қудратли қўли билан Мисрдан олиб чиққанини шу байрам сизларга эслатиб туради.”

 

Устун шаклидаги булут ва аланга

 

17Фиръавн Исроил халқига ижозат бергандан кейин, Филист халқининг юрти орқали ўтадиган йўл[49] Канъонга тўппа–тўғри бўлса ҳам, Худо халқни бу ердан бошлаб кетмади. “Халқ урушга дуч келиб қолса, Мисрга қайтиб кетишга қарор қилиб қолиши мумкин”, деб ўйлади Худо. 18Худо халқни Қизил денгизга[50] саҳро бўйлаб айланма йўл орқали олиб кетди. Исроил халқи Мисрдан гуруҳларга бўлинган ҳолда чиқди.

19Мусо Юсуфнинг суякларини ўзи билан олди. Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларнинг олдингизга келганда, сизлар менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, деган эди[51].

20Исроил халқи Сухўтдан чиққандан кейин, саҳро этагидаги Этхамда қароргоҳ қурди. 21Эгамиз кундузи устун шаклидаги булут ичида, кечаси устун шаклидаги аланга ичида уларнинг олдида юриб, йўлларини ёритиб йўл кўрсатиб борди. Шу тариқа У Исроил халқини ҳамма вақт — кундузи ҳам, кечаси ҳам бошлаб бора олди. 22Кундузи булут устуни, кечаси аланга устуни халқнинг олдидан бир дам нари кетмади.

 

14–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз Қизил денгизда Исроил халқини қутқаради

 

1Эгамиз Этхамда Мусога шундай деди:

2— Исроил халқига: “Мигдол билан денгиз ўртасидаги Пий–Хахирўт яқинига қайтиб боринглар”, деб айт. У ерда Баал–Зафўн қаршисидаги Қизил денгиз[52] соҳили бўйлаб чодир тикишсин. 3Ўшанда фиръавн: “Исроил халқи юртда адашиб қолибди, саҳро уларнинг кетишига халақит беряпти”, деб ўйлайди. 4Фиръавн сизларни таъқиб қилсин, деб Мен унинг юрагини тош қилиб қўяман. Фиръавн ва унинг лашкари устидан ғалаба қиламан. Шу орқали шуҳратга эришаман. Ана ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

Исроил халқи Эгамиз айтгандай қилди. 5Фиръавнга: “Исроил халқи қочиб кетибди”, деб хабар етказишди. Фиръавн ва аъёнларининг Исроил халқи тўғрисидаги ниятлари ўзгарди: “Нима қилиб қўйдик–а? Исроил халқига кетишга ижозат бериб, қулларимиздан айрилиб қолибмиз–ку!” дейишди. 6Фиръавн жанг араваларини тайёрлатди, лашкарларини ёнига олди. 7У Мисрдаги ҳамма жанг аравасини, шу билан бирга, олти юзта сара жанг аравасини ҳам йўлга отлантирди. Ҳар бир жанг аравасининг лашкарбошиси бор эди. 8Эгамиз Миср фиръавнининг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн Исроил халқининг ортидан қувди. Исроил халқи шахдам қадам билан Мисрдан чиқиб кетаётган эди. 9Мисрликлар — фиръавннинг ҳамма отлари, аравакашлар ва жанг аравалари, лашкарлари билан Исроил халқининг ортидан тушди. Денгиз қирғоғида Баал–Зафўн қаршисида — Пий–Хахирўт яқинида Исроил халқига етиб олдилар. Исроил халқи бу ерда қароргоҳ қурган эди.

10Фиръавн тобора яқинлашиб келарди. Исроил халқи орқаларига қараб Мисрликлар қувиб келаётганини кўрдилар–у, саросимага тушиб қолдилар. Улар Эгамизга илтижо қилиб, мадад сўрадилар. 11Кейин Мусога айтдилар:

— Бизни саҳрога ўлдиргани олиб келган экансан–да. Мисрда биз учун қабристон етарли эмасмиди?! Бизни Мисрдан олиб чиқиб, нима қилиб қўйдинг–а?! 12Мисрда эканлигимизда шунга ўхшаш ёмон ҳодисалар юз беришини айтмаганмидик?! Биз: “Мисрликларга қул бўлиб хизмат қилиб юраверайлик, саҳрода ўлиб кетганимиздан кўра, уларга хизмат қилганимиз яхши”, деб айтган эдик–ку!

13Аммо Мусо:

— Қўрқманглар! — деди. — Жойингизда тўхтаб, қараб туринглар. Ҳозир кўрасизлар, Эгамиз сизларни қандай қилиб қутқарар экан. Ҳозир қаршингизда турган Мисрликларни қайтиб кўрмайсизлар. 14Хотиржам бўлинглар, Эгамиз сизлар учун жанг қилади.

15Шу пайт Эгамиз Мусога гапирди:

— Нимага менга илтижо қилиб, мадад сўраяпсан? Исроил халқига айт, олдинга қараб кетаверсин. 16Таёғингни кўтариб, қўлингни денгиз устига узат, сувни икки томонга айир. Шунда Исроил халқи қуруқ ер устида юриб, денгиздан ўтади. 17-18Мисрликлар сизларнинг ортингиздан денгизга борсин, деб Мен уларнинг юрагини тош қилиб қўяман. Фиръавн, унинг лашкарлари, аравакашлари ва жанг аравалари устидан ғалаба қилиб шуҳратга эришаман. Мен уларни ер билан яксон қилганимда Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.

19Исроил халқи олдида бораётган Худонинг фариштаси жойини ўзгартириб, уларнинг орқасига ўтди. Исроил халқининг олдидаги булут устуни ҳам жойини ўзгартирди. Булут устуни орқага ўтиб, 20Миср лашкари билан Исроил халқи ўртасида туриб қолди. Булут устуни Мисрликлар турган томонни зимистон ва булутли, Исроил халқи турган томонни эса ёп–ёруғ қилиб турди. Шунинг учун Миср лашкари тун бўйи Исроил халқига яқин кела олмади.

21Мусо қўлини денгиз томонга узатди. Шундан кейин тун бўйи Эгамиз шарқдан кучли шамол эстириб, денгизни икки томонга айирди, денгизни қуруқ ерга айлантирди. Сув икки томонга сурилди. 22Шундан кейин Исроил халқи денгиздаги қуруқ ердан юриб ўта бошлади. Сув Исроил халқининг ўнг томонида ҳам, чап томонида ҳам девор бўлиб турарди. 23Мисрликлар Исроил халқининг ортидан қувди. Фиръавннинг ҳамма отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгизнинг ўртасига тушди. 24Тонг пайти Эгамиз аланга ва булут устунидан Миср лашкарига қараб, уларни саросимага солди. 25Жанг араваларининг ғилдираклари ботиб қолди[53]. Натижада Мисрликлар араваларини зўрға тортиб кетдилар. Шунда Мисрликлар: “Бу ердан қочиб қолайлик! Исроил халқи учун уларнинг Эгаси жанг қиляпти! У бизга қарши!” — деб шовқин солдилар.

26Кейин Эгамиз Мусога:

— Қўлингни денгизга узат! — деб амр берди. — Сув Мисрликларнинг, уларнинг аравакашлари ва жанг аравалари устига қайтсин!

27Мусо қўлини денгизга узатди. Тонг пайти денгиз суви асл ҳолига қайтди. Мисрликлар сувдан қутулмоқчи бўлиб қочаётган эди, Эгамиз уларни денгизнинг ўртасига силкиб отди. 28Сув асл ҳолига қайтди. Фиръавннинг аравакашларини ва жанг араваларини, Исроил халқини ортидан қувиб, денгиз ўртасига тушган ҳамма Миср лашкарини ғарқ қилди. Улардан бирортаси ҳам тирик қолмади. 29Исроил халқи эса денгиз ўртасида қуруқ ердан юриб ўтди. Сув ўнг томонда ҳам, чап томонда ҳам Исроил халқига девор бўлиб турарди.

30Шундай қилиб, Эгамиз ўша куни Исроил халқини Мисрликларнинг қўлидан қутқарди. Исроил халқи денгиз қирғоғида Мисрликларнинг жасадларини кўрди. 31Эгамиз буюк қудрати билан Мисрликларни мағлуб қилганини Исроил халқи кўргач, Ундан қўрқадиган бўлдилар. Улар Эгамизга ва Унинг қули Мусога ишондилар.

 

15–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мисрликларни Эгамиз қандай мағлуб қилганини Мусо ва халқ куйлайдилар

 

1Шундан кейин Мусо ва Исроил халқи Эгамизга қуйидаги қўшиқни куйлади:

“Эгамизни мадҳ этиб куйлайман. У буюк ғалаба келтирди.

Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.

2Эгамиз менинг куч–қудратимдир[54].

У менинг қутқарувчимдир.

У менинг Худойимдир, мен Уни олқишлайман,

Отамнинг Худосидир, мен Уни улуғлайман.

3Ҳа, У жангчидир, У Эгамиздир[55].

4Фиръавннинг лашкарини, жанг араваларини Эгамиз денгизга улоқтирди.

Унинг сара лашкарбошиларини Қизил денгизга[56] чўктирди.

5Денгиз қаъри уларни кўмди.

Улар тош сингари, тубсизликка тушиб кетдилар.

6Эй, Эгамиз, Сенинг ўнг қўлинг қудрати билан қўрқинчлидир.

Эй, Эгамиз, Сенинг ўнг қўлинг душманни роса эзди.

7Сен буюк ғалабанг билан душманларингни йиқитдинг.

Сен уларга ғазабингни сочган эдинг,

Ғазабинг уларни хас–чўп сингари ёндириб ташлади.

8Қаҳрли нафасингдан сув бир жойга йиғилиб,

Девор каби тик туриб қолди,

Денгизнинг қаъри қаттиқ ер бўлиб қолди.

9Шунда душман гердайиб айтди:

“Орқаларидан тушаман, қувиб етаман.

Ўлжани баҳам кўраман. Булардан кўнглим қониқади.

Қиличимни яланғочлаб, уларни яна қул қиламан.”

10Қаҳрли нафасингдан денгиз уларни кўмиб юборди.

Улар баҳайбат сувда қўрғошиндай ғарқ бўлдилар.

11Худолар орасида Сенга ўхшагани борми, эй, Эгамиз?!

Ким Сенга ўхшар?!

Муқаддаслигинг билан улуғворсан Сен,

Қўрқинчли ишларинг билан ҳамду санога илҳомлантирурсен,

Сен ажойиботлар кўрсатурсен.

12Сен ўнг қўлингни узатган эдинг,

Ғанимларни ер ютди.

13Ўзинг қутқарган ўша халқни Сен содиқ севгинг билан олиб борасан.

Муқаддас маконингга[57] қудратинг билан уларни етаклаб борасан.

14Халқлар эшитиб буни, титрашади:

Филист халқи ваҳимага тушиб қолади.

15Эдом уруғбошилари қўрқувга тушади–ку,

Мўаб бекларини титроқ босади–ку!

Канъондаги халқлар умидсизликка тушади–ку!

16Уларни қўрқув ва даҳшат қамраб олар.

Эй, Эгамиз, Сенинг халқинг ўтиб кетгунча,

Ўзинг эга бўлган бу халқ ўтиб кетгунча,

Улар билагинг кучи олдида тошдай қотиб қолади.

17Халқингни Ўз тоғингга олиб келасан,

Уларни жойлаштирасан уйинг учун танлаган ерга, эй, Эгамиз!

Қўлларинг ўрнатган муқаддас масканингга[58]

Олиб кириб жойлаштирасан, эй, Раббий!

18Эгамиз абадулабад шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилади.”

19Фиръавннинг отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгиз ўртасига тушди. Шунда Эгамиз уларнинг устига денгиз сувларини қайтариб олиб келди. Исроил халқи эса денгиз ўртасидаги қуруқ ердан ўтиб кетди. Шу боис Мусо ва халқ қўшиқ куйлади.

20Ҳоруннинг синглиси пайғамбар Марям чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар. 21Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди:

“Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди.

Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.”

 

Тахир сув

 

22Мусо Исроил халқини Қизил денгиздан бошлаб чиққандан кейин, улар Сур саҳросига бордилар. Улар саҳрода уч кун юрсалар ҳам, сув топа олмадилар. 23Ундан кейин Марога бордилар. Аммо Маронинг суви тахир бўлгани учун ичолмадилар. Шунинг учун ҳам у ерга Маро[59], деб ном берилган эди. 24Халқ эса: “Энди нима ичамиз?” деб Мусога минғирлаб нолиди. 25Мусо эса Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз Мусога бир чўпни кўрсатди. Мусо чўпни олиб сувга ташлаган эди, сув ичишга яроқли бўлиб қолди. Шундай қилиб, ўша ерда Эгамиз Исроил халқини синади. Эгамиз уларга яшаш қонун–қоидасини берди. 26У Исроил халқига шундай деди: “Агар Мен, Эгангиз Худога, ҳушёр бўлиб қулоқ солсангиз, Менинг олдимда тўғри ишлар қилсангиз, амрларимга итоат этсангиз, ҳамма қонунларимга риоя қилсангиз, ўшанда Мен Мисрликларни дучор қилган хасталикларнинг бирортасига ҳам сизларни дучор қилмайман. Сизларга шифо берадиган Эгангиз Менман.”

27Шундан сўнг Исроил халқи Илимга келди. У ерда ўн иккита булоқ, етмишта пальма дарахти бор эди. Улар булоқ бўйида қароргоҳ қурдилар.

 

16–БОБ - ЧИҚИШ

 

Манна ва беданалар

 

1Исроил халқининг бутун жамоаси Илимдан чиқиб жўнади. Улар Мисрдан чиққанларидан кейин бир ой ўтгач[60], Илим билан Синай оралиғидаги Син саҳросига[61] етиб келдилар. 2Улар саҳрода турар эканлар, ҳаммалари минғирлаб Мусо билан Ҳорундан нолишди: 3“Қанийди Эгамиз бизни Мисрда ўлдириб қўя қолганда эди! Биз Мисрда гўшт солинган қозон бошида ўтирардик, тўйгунимизча нон ердик. Сизлар эса, бутун жамоа очликдан ўлиб кетсин, деб бизни саҳрога олиб келдингиз.”

4Шунда Эгамиз Мусога:

— Нонни[62] сизларга осмондан ёғдираман! — деди. — Халқ ҳар куни чиқиб, кунда керак бўладиган нонини йиғиштириб олади. Шу йўл билан бу халқни синайман. Улар Менинг кўрсатмаларимга риоя қиладиларми, ёки йўқми, кўраман. 5Ҳар ҳафтанинг олтинчи куни[63] эса кунда тўплаганларига қараганда икки ҳисса кўп нон йиғиштириб олиб, тайёрлаб қўядилар.

6-8Мусо билан Ҳорун жамики Исроил халқига шундай деб айтдилар:

— Сизлар минғирлаб Эгамиздан нолиган эдингиз, У эшитди. Энди У кечқурун сизларга гўшт беради. Эртага эрталаб мўл қилиб нон беради. Эгамизнинг буюк қудратини шунда кўрасизлар. Сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгамиз эканини билиб оласизлар. Аммо биз ким бўлибмизки, минғирлаб биздан нолийсизлар?! Биз бор–йўғи Эгамизнинг хабарчиларимиз, холос. Биздан нолиганларингизда, сизлар ҳақиқатан Эгамиздан нолиган бўласизлар.

9Шундан сўнг Мусо Ҳорунга:

— Исроил халқининг бутун жамоасига айт. Эгамизнинг ҳузурига келсин, — деди. — Эгамиз уларнинг минғирлаб нолиганини эшитди.

10Ҳорун Исроил халқининг бутун жамоасига шу гапларни айтиб бўлиши биланоқ, халқ саҳрога қаради. Шу пайт Эгамиз улуғворлигини булут ичида зоҳир қилди. 11Кейин Эгамиз Мусога гапирди:

12— Мен Исроил халқининг минғирлаб нолиганини эшитдим. Уларга шу гапларни етказ: “Оқшом гўшт ейсизлар, эрталаб эса тўйгунингизча нон ейсизлар. Ўшанда Эгангиз Худо Мен эканлигимни билиб оласизлар.”

13Шу куни оқшомда беданалар учиб келиб, қароргоҳни босиб кетди. Эртасига эрталаб қароргоҳ атрофига шудринг тушди. 14Шудринг кўтарилгач, ер юзи лайлак қор учқунига ўхшаш, қировсимон бир нарса билан қопланди. 15Исроил халқи бу нарсани кўрганда, нима эканини билолмасдан: “Бу нима?” деб бир–бирларидан сўрайвердилар.

— Тановул қилишларингиз учун Эгамиз сизларга берган нон шудир, — деди Мусо Исроил халқига. 16— Эгамиз шундай амр берган: “Ҳар бир хонадон ўзи ейдиган нонни олсин. Хонадондаги ҳар бир жон учун бир омирдан[64] йиғиштириб олсин.”

17Исроил халқи Эгамиз амр этгандай қилди. Биров кўпроқ, биров озроқ йиғиштириб олди. 18Ҳар бир одам учун омир билан ўлчаганларида, кўп йиғиштирганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиштирганлар учун эса етарли бўлди. Ҳар бир хонадон кераклисини олди. 19Мусо яна халққа: “Ҳеч ким бу маннадан эрталабгача қолдирмасин”, — деди. 20Аммо баъзилар Мусонинг гапига қулоқ солмай, эрталабгача қолдирган эдилар, қолдирган маннага қурт тушиб, сасий бошлади. Шунда Мусо ўша одамлардан ғазабланди.

21Маннани ҳар бир хонадон ҳар куни эрталаб эҳтиёжига ярашасини тўплаб оларди. Қуёш ерни қиздиргандан кейин эса, ерда қолгани эриб кетарди. 22Олтинчи куни эса маннани икки ҳисса — жон боши учун икки омирдан йиғиб олдилар. Жамоа оқсоқоллари бу тўғрида Мусога хабар берганларида, 23Мусо уларга айтди[65]:

— Эртага Шаббат куни бўлгани учун олтинчи куни икки баробар йиғиштириб олгани Эгамиз халққа амр берган. Шаббат куни ҳамма ишлардан тиниб, Эгамизга атаб ажратилган кундир. Шунинг учун ёпадиганингизни бугун ёпиб олинглар, қайнатадиганингизни бугун қайнатиб олинглар. Ортганини сақлаб, эртагача қолдиринглар.

24Шундай қилиб, Мусо буюргандай, ортганини эртасига қолдирган эдилар, қолгани на сасиди, на қуртлади.

25— Бугунги маннангиз шудир, — деди Мусо. — Чунки бугун Эгамизга аталган Шаббат кунидир. Бугун ерда ҳеч нарса бўлмайди. 26Олти кун манна йиғиштириб оласизлар. Аммо еттинчи кун — Шаббат куни асло манна топиб бўлмайди.

27Еттинчи куни ҳам баъзилар манна йиғиштиргани ташқарига чиқдилар, лекин тополмадилар. 28Шунда Эгамиз Мусога:

— Қачонгача Менинг амрларимга ва кўрсатмаларимга итоат этмай юрасизлар?! — деди. 29— Мен, Эгангиз, еттинчи кунни — Шаббатни дам олиш куни қилиб, сизларга берганимни англаб етмайсизларми?! Мана, сизларга икки кунга етарли маннани олтинчи куни беряпман. Еттинчи куни ҳар ким уйида бўлиб, дам олиши лозим.

30Шундай қилиб, халқ еттинчи куни ишламади.

 

Исроил халқи хотира учун маннадан сақлаб қўяди

 

31Исроил халқи бу егуликка манна[66], деб ном қўйдилар. У кашнич уруғи каби, ранги оқиш, мазаси асал қўшилган чалпакка ўхшарди. Мусо Исроил халқига айтди:

32— Эгамиз шундай амр берган: “Бир омир маннани келгуси авлодлар учун сақлаб қўйинглар, токи Мен сизларни Мисрдан олиб чиққанимдан кейин саҳрода ўзларингизга едирган нонни улар кўрсинлар.”

Шундан кейин Мусо Ҳорунга айтди:

33— Бир идиш олиб, ичига бир омир манна солгин–да, Эгамизнинг ҳузурига қўй[67], токи келгуси авлодларга сақланиб қолсин.

34Эгамиз Мусога амр этгандай, Ҳорун, маннани сақлаб қўямиз, деб уни аҳд сандиғининг[68] олдига қўйди.

35Исроил халқи кейинги қирқ йил давомида — Канъон юртига етиб бориб ўрнашгунларича, манна тановул қилдилар[69].

36(Маннани ўлчаш учун фойдаланилган идиш омир, деб айтилган[70]. Бу идиш тахминан тўрт косанинг[71] ҳажмига тўғри келган.)

 

17–БОБ - ЧИҚИШ

 

Қоядан чиққан сув

 

1Исроил халқининг бутун жамоаси ҳар доим Эгамизнинг амрига риоя қилиб, бир жойдан бошқа жойга кўчиб[72], Син саҳросидан[73] кетди. Рафидимда[74] қароргоҳ қурган эди, лекин у ерда Исроил халқи учун ичгани сув йўқ экан. 2Улар Мусога: “Бизга ичгани сув бер”, деб нолидилар. Шунда Мусо:

— Нимага менга нолияпсизлар?! — деди. — Нима учун Эгамизни синаяпсизлар?!

3Лекин халқ чанқаган эди. “Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдинг?! Ўзимизни, болаларимизни, чорвамизни сувсизликдан ўлдириш учун олиб чикқан экансан–да?!” деб Мусога минғирлаб нолиди.

4— Бу халқни нима қилай? — деб илтижо қилди Мусо Эгамизга. — Яна бир оздан кейин улар мени тошбўрон қилишади–ку!

5— Исроил оқсоқолларидан баъзиларини ёнингга олиб, халқнинг олдида бор! — деб амр берди Эгамиз Мусога. — Нил дарёсига урган таёғингни ҳам ўзинг билан ол. 6Мен сенинг олдингда — Синай тоғидаги[75]қоянинг тепасида тураман. Сен таёқни қояга ур, қоядан сув отилиб чиқади. Кейин халқ ичади.

Мусо Исроил оқсоқолларининг кўзи олдида Эгамиз айтгандай қилди. 7Шундай қилиб, Мусо ўша жойга Массах ва Марива[76], деб ном берди. Исроил халқи у ерда Мусо билан жанжал қилган, “Эгамиз биз учун ғамхўрлик қиладими, йўқми?” деб Уни синаган эди.

 

Исроил халқи Омолек халқини енгади

 

8Омолек халқи Рафидимга келиб, Исроил халқига уруш очдилар. 9Шунда Мусо Ёшуага:

— Одамлардан танлаб олгин–да, бориб, Омолекларга қарши урушга чиқ! — деди. — Эртага мен тепаликнинг устида бўламан. Худо, ол, деб тайинлаган таёқ[77] қўлимда бўлади.

10Ёшуа Мусо буюргандай қилиб Омолеклар билан жанг қилгани борди. Мусо, Ҳорун ва Хур тепаликнинг устига чиқишди. 11Мусо қўлларини кўтарганда, Исроил халқи ғолиб келар, туширганда эса Омолеклар ғолиб келарди. 12Охири Мусонинг қўллари толиқди. Шунда Ҳорун билан Хур Мусога тош келтириб қўйиб бердилар. Мусо тош устига ўтирди. Кейин Мусонинг қўлларини бир томондан Ҳорун, бир томондан Хур юқорига кўтариб турди. Қуёш ботгунча, Мусонинг қўлларини юқорига кўтариб туравердилар. 13Шундай қилиб, Ёшуа Омолекларни енгиб, қиличдан ўтказди.

14Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Бу ғалабани хотира қилиб, ёзиб қўй, менинг қуйидаги ваъдамни ҳам кирит: “Мен Омолекларнинг номини ер юзидан ўчираман.” Кейин буни овоз чиқариб Ёшуага ўқиб бер.

15Мусо бир қурбонгоҳ қурдириб, бу қурбонгоҳга: “Эгам байроғимдир”[78], деб ном берди. 16“Омолеклар Эгамизнинг тахтига қарши қўлларини кўтаришга журъат қилганлари учун, Эгамиз доимо уларга қарши урушда бўлади”[79], деди.

 

18–БОБ - ЧИҚИШ

 

Ятро Мусони зиёрат қилади

 

1Мидиён юртининг руҳонийси Ятро Мусонинг қайнатаси эди. Худо Мусога ва Ўз халқи Исроилга ҳамма қилганларини, Эгамиз Исроил халқини Мисрдан қандай қилиб олиб чиққанини у эшитди. 2Мусо хотинини отаси ёнига жўнатиб юборганда[80], Ятро Мусонинг хотини Зиппура билан 3иккала ўғлини ёнига олган эди. Мусо: “Мен бегона юртда мусофир бўлган эдим”, деб тўнғич ўғлига Гершом[81], деб исм қўйган эди. 4Сўнгра: “Ота–боболаримнинг Худоси менга мадад берди, мени фиръавннинг қиличидан қутқарди[82]”, деб иккинчи ўғлига Элиазар[83], деб исм қўйганди.

5Қайнатаси Мусонинг хотини ва ўғилларини Худонинг муқаддас тоғи[84] этагига — саҳрода Мусо тиккан чодирга бошлаб келди. 6Ятро Мусога: “Мен, қайнатанг Ятро, хотининг ва иккала ўғлинг билан бирга сенинг ёнингга боряпмиз”, деб хабар берди. 7Мусо қайнатасини кутиб олгани чиқди ва унга таъзим қилиб, ўпди. Икковлари бир–биридан ҳол–аҳвол сўраб, чодирга киришди. 8Эгамиз Исроил халқи учун фиръавнни ва Миср халқини нималар қилганини, Исроил халқи йўлда чеккан азоб–уқубатларни, Эгамиз уларни қандай қутқарганини Мусо қайнатасига айтиб берди. 9Эгамиз Исроил халқига қилган яхшиликлари учун, уларни Мисрликларнинг қўлидан қутқаргани учун Ятро севиниб, шундай деди:

10— Сизларни Мисрликларнинг ва фиръавннинг қўлидан қутқарган Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Исроил халқини Мисрликларнинг зулмидан У қутқарди. 11Эгамиз бошқа ҳамма худолардан улуғ эканини энди биламан. Эгамиз ўз халқини такаббур Мисрликларнинг қўлидан халос қилди.

12Cўнгра Мусонинг қайнатаси Ятро Худога куйдириладиган қурбонлик ва бошқа қурбонликлар келтирди. Ҳорун ва барча Исроил оқсоқоллари Мусонинг қайнатаси билан Эгамизнинг ҳузурида муқаддас таом егани келишди.

 

Ятронинг маслаҳати

 

13Эртаси куни Мусо ҳукм курсисига ўтириб, халқнинг жанжалларини ажрим қила бошлади. Халқ Мусонинг атрофида эрталабдан кечгача тик турди. 14Қайнатаси Мусонинг халқ учун қилаётган ҳамма ишларини кўргач, айтди:

— Нимага шунча ишни бир ўзинг қиляпсан? Одамлар сендан ёрдам сўраш учун кун бўйи тик туришди.

15Шунда Мусо қайнатасига айтди:

— Халқ Худонинг ҳукмини билиш учун менинг олдимга келишади. 16Қачон бир жанжалли иш бўлса ҳам менинг олдимга келишади. Мен эса иккала томон ўртасида қарор чиқариб, Худонинг қонун–қоидаларини уларга айтаман.

17— Бу йўл яхши эмас, — деди қайнатаси Мусога. 18— Ҳам ўзингни, ҳам ёнингдаги халқни қийнаяпсан. Бу иш жуда оғир юк, бир ўзинг бажара олмайсан. 19Гапимга қулоқ сол, сенга бир маслаҳат берайин. Худо сенга ёр бўлсин. Худонинг ҳузурида халқ учун сен воситачи бўлишинг керак. Халқнинг баҳс–мунозараларини Худога сен етказишинг лозим. 20Худонинг қарорини халққа сен айт, Худонинг қонун–қоидаларини ўргат, улар қандай қилиб тўғри ҳаёт кечиришлари кераклигини кўрсат. 21Аммо буларга қўшимча қилиб, сен Худодан қўрққан, диёнатли, тамадан нафратланадиган, лаёқатли одамларни танлаб ол. Уларни халқ тепасига мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши қилиб тайинла. 22Бу одамлар ҳамма ҳақ масалалар устидан қарор қилиб, халққа хизмат қилишсин. Жуда муҳим ёки жуда қийин масалаларни эса сенга олиб келишлари мумкин. Кичикроқ ишларни ўзлари кўриб чиқаверсин. Улар сен учун ишни осонроқ қилиб, оғирликни кўтаришда сенга ёрдам берадилар. 23Агар Худо шу маслаҳатларимни юрагингга солса, сен тазйиқларга бардош бера оласан. Ҳамма тинчгина ўз жойига кетади.

24Мусо қайнатасининг гапига қулоқ солди. У нима айтган бўлса, ҳаммасини қилди. 25Исроил халқи орасидан лаёқатли одамларни танлаб олди. Ўша одамларни мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши қилиб тайинлади. 26Улар ҳамма масалаларни адолатли ҳал қилардилар. Қийин масалаларни Мусога олиб келишар, кичикроқ ишларни эса ўзлари қараб чиқишарди. 27Шундан кейин Мусо қайнатасига ижозат берди. Ятро ўз юртига қайтиб кетди.

 

19–БОБ - ЧИҚИШ

 

Исроил халқи Синай тоғида

 

1-2Исроил халқи Рафидимдан[85] кетди. Мисрдан чиққандан кейин учинчи ойнинг биринчи куни[86] улар Синай саҳросига етиб келдилар. Улар Синай тоғи этагида қароргоҳ қурдилар. 3Мусо тоққа — Худонинг ҳузурига чиқди. Эгамиз тоғдан уни чақириб, шундай деди:

— Ёқуб наслига — Исроил халқига шундай деб айт: 4“Мен, Эгангиз, Мисрликларни нима қилганимни кўргансизлар. Бургут ўз болаларини қанотлари устида кўтариб келтиргандай, Мен сизларни кўтариб, ҳузуримга олиб келганимни ҳам кўргансизлар. 5Энди Менинг амрларимга чин дилдан итоат этсангиз, аҳдимга риоя қилсангиз, сизлар Менинг халқим, бошқа халқлар орасида хазинам бўласизлар. Бутун ер Меникидир, 6аммо сизлар Мен, Эгангизга, хизмат қиладиган руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас бир халқ бўласизлар.” Исроил халқига сен етказадиган хабар шудир.

7Мусо келиб, халқ оқсоқолларини чақирди. Эгамиз унга, айт, деб амр этган ҳамма гапларни айтди. 8Жамики халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, деб жавоб берди. Мусо халқнинг жавобини Эгамизга қайтариб олиб келди. 9Эгамиз Мусога:

— Мен сенинг олдингга қалин булут ичида келаман, — деди, — токи Мен сенга гапираётганимни халқ эшитсин. Шунда халқ сенга ҳар доим ишонади.

Мусо халқнинг гапини Эгамизга айтганда, 10Эгамиз деди:

— Бор, бугун ва эртага халқ поклансин[87], кийимларини ювсин. 11Шундай қилиб, эртадан кейинги кунга тайёр бўлишсин. Ўша куни Мен, Эгангиз, Синай тоғига тушаман. Жамики халқ Мени ўша ерда кўради. 12Тоғ атрофига чегара қилиб қўй, токи халқ чегарани босиб ўтмасин. Халққа айт: “Тоққа чиқманглар, тоғнинг яқинига ҳам бора кўрманглар. Агар бирортаси тоққа қадам қўйса, ўшанинг жазоси ўлимдир. 13Ўша одамга қўл теккизилмасдан, тошбўрон қилиб ёки ўқ отиб ўлдирилади. Ҳайвон бўладими ёки инсон бўладими, ўлимга ҳукм қилинади.” Бурғу овози қаттиқ чалингандан кейин эса халқ тоққа чиқса бўлади.

14Шундай қилиб, Мусо тоғдан халқнинг ёнига тушди, халқ покланди, кийимларини ювди. 15Кейин у халққа:

— Учинчи кунга тайёр бўлинглар, хотинларингизга яқинлашманглар, — деб айтди.

16Учинчи куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақди. Тоғнинг устини қалин булут қоплади. Бурғу овози жуда қаттиқ чалинди. Қароргоҳдаги жамики халқни титроқ босди. 17Мусо халқни Худо билан учраштиргани қароргоҳдан олиб чиқди. Халқ тоғнинг этагида турди. 18-20Кейин Эгамиз Синай тоғига — тоғ чўққисига тушди. Эгамиз Синай тоғига аланга ичида тушиб келгани учун, бутун тоғ тутаётган эди. Тоғ қаттиқ силкинганда, тандирдан тутун чиққани сингари, тоғдан ҳам тутун чиқаётган эди. Бурғу овози қаттиқроқ чиққани сари, Мусо ҳам гапирарди. Худо унга момақалдироқ орасидан туриб жавоб берарди. Эгамиз Мусони тоғ чўққисига чақирди. Мусо у ерга чиқди. 21Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Пастга туш, халқни огоҳлантир, улар чегарани босиб ўтишмасин. Улар Мен, Эгангизни, кўргани келмасликлари лозим, шундай қилганлар нобуд бўлади. 22Ҳатто доимо Менинг яқинимга келадиган руҳонийлар[88] ҳам ўзларини поклашлари лозим. Акс ҳолда, Мен уларни қириб ташлайман.

23Шунда Мусо Эгамизга айтди:

— Халқ Синай тоғига чиқмайди. Ўзинг: “Тоғ атрофига чегара қўй, бу тоғни муқаддас сақла”, деб мени огоҳлантирган эдинг.

24Эгамиз унга:

— Бор, пастга туш! — деди. — Ўзинг билан бирга Ҳорунни олиб кел. Аммо руҳонийлар ёки халқ, тоққа чиқамиз, деб чегарани оёқ ости қилишмасин. Акс ҳолда, уларни Мен оёқ ости қиламан.

25Шундай қилиб, Мусо халқнинг ёнига тушди. Эгамизнинг айтганларини уларга гапириб берди.

 

20–БОБ - ЧИҚИШ

 

Ўнта амр

 

1Кейин Худо қуйидаги сўзларни айтди:

2“Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман.

3Мендан бошқа худоларга сажда қилманг.

4Ўзларингизга ҳеч қандай бутни ясаманг. Осмонда ё ерда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг. 5Ўша худолар ёки бутларга[89] сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатларини болаларига, набираларига ва чевараларига олиб келаман. 6Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг–минг авлодларига[90] содиқ севгимни кўрсатаман.

7Мен, Эгангиз Худонинг исмини суиистеъмол қилманг[91]. Ким Менинг исмимни суиистеъмол қилса, ўшани жазосиз қолдирмайман.

8Шаббат кунинимуқаддас деб билинг, бу кунга риоя қилиб юринг. 9Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. 10Еттинчи кун эса Мен, Эгангиз Худога аталган Шаббат кунидир. Ўша куни ўзларингиз, ўғилларингиз ёки қизларингиз, қулларингиз ёхуд чўриларингиз, ҳайвонларингиз, шаҳрингиздаги мусофирлар ҳеч қандай иш қилманг. 11Мен, Эгангиз, олти кун давомида осмону ерни, денгизни ва булардаги ҳамма мавжудотни яратдим. Еттинчи куни эса дам олдим. Шунинг учун Мен, Эгангиз, Шаббат кунини муборак қилиб, муқаддас, деб бошқа кунлардан ажратдим.

12Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен, Эгангиз Худо, сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади.

13Қотиллик қилманг.

14Зино қилманг.

15Ўғирлик қилманг.

16Қўшнингизга қарши ёлғон гувоҳлик берманг.

17Қўшнингизнинг уйига кўз олайтирманг. Қўшнингизнинг хотини, қули ёки чўриси, моли ёхуд эшаги, унга қарашли бирор нарсасига кўз олайтирманг.”

 

Исроил халқи ваҳимага тушади

 

18Бутун халқ чақмоқни ва тоғнинг тутунини кўрди, момақалдироқ товушини ва бурғунинг баланд овозини эшитди. Халқ қўрққанидан титраб, узоқроққа бориб турди. 19Халқ Мусога айтди:

— Бизга ўзингиз гапиринг, биз эшитайлик. Худо бизга гапирмасин, тағин ўлиб кетмайлик.

20— Қўрқманглар! — деди Мусо халққа. — Худо фақат сизларни синаш учун, Мендан қўрқиб, энди гуноҳ қилмасин, деб келган.

21Аммо халқ узоқ масофада тураверди. Мусо Худо турган қалин булутга яқин борди.

 

Қурбонгоҳлар тўғрисида кўрсатмалар

 

22Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:

— Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен сизларга осмондан гапирганимга ўзларингиз гувоҳ бўлдингиз. 23Менинг ёнимга қўйиш учун ҳеч қандай худолар ясаманглар. Ўзларингиз учун кумуш ёки олтиндан худолар ясаманглар. 24Мен Ўзимни сизларга эслатадиган ҳамма жойда қурбонгоҳ қуринглар. Мен келиб, сизларга марҳамат қиламан. Тупроқдан оддий қурбонгоҳ ясаб, қўйларингиздан, эчкиларингиздан, молларингиздан Менга куйдириладиган ва тинчлик қурбонликлари келтиринглар. 25Агарда Менга атаб тошдан қурбонгоҳ ясасангиз, уни йўнилган тошдан қилманглар. Тошга тешани теккизганларингизда, тош ҳаром бўлади. 26Менга аталган қурбонгоҳга зинапоя орқали чиқманглар, акс ҳолда, зинапоядан чиқаётганингизда, очиқ жойларингиз кўриниб қолади[92].”

 

21–БОБ - ЧИҚИШ

 

Қуллар тўғрисида қонун–қоидалар

 

1Эгамиз яна Мусога айтди: “Сен уларга етказадиган қонун–қоидалар мана шулардир:

2Иброний эркагини қул қилиб сотиб олсангиз, у сизларга олти йил хизмат қилсин. Еттинчи йили эса у озод бўлсин, қарзи йўқ, деб ҳисоблансин. 3Уни сотиб олганингизда, бўйдоқ бўлса, бўйдоқлигича чиқиб кетсин. Агар у уйланган бўлса, хотини ҳам у билан бирга кетсин. 4Агар хўжайини ўша қулни уйлантириб қўйган ва хотини фарзанд кўрган бўлса, хотини ва болалари хўжайинникида қолиб, бир ўзи чиқиб кетсин. 5Лекин қул:

— Мен хўжайинимни, хотинимни ва болаларимни яхши кўраман, озод бўлиб чиқиб кетмайман, — деб айтса, 6хўжайини уни ҳакамлар ҳузурига[93] олиб келсин. Хўжайин унинг қулоғини эшикка ёки эшик ромига қўйиб бигиз билан тешсин. Ўшанда бу одам умрининг охиригача хўжайинига қул бўлиб қолади.

7Бирор одам ўз қизини чўриликка сотса, у қиз, эркаклар сингари, олти йил тугамагунча озод бўлмайди. 8Агар қиз бирортасига сотилса–ю, ўша одам унга уйланишни ният қилган бўлса, аммо у қизни ёқтирмай қолса, қиз отасига қайтариб сотилсин. Хўжайин қизни бегоналарга сотиши мумкин эмас. Акс ҳолда, келишувни бекор қилишга олиб келган бўларди. Хўжайин қизни сотиб олганда, ўртада келишув бўлган. 9Борди–ю, қизни ўғлига чўри қилиб сотиб олиб берган бўлса, унга қизидай муомала қилсин. 10Агар хўжайин чўрига уйланиб, сўнгра бошқа хотинга уйланган бўлса, чўрини озиқ–овқат ёки кийим–кечакдан, ё хотини сифатида у билан ётишдан маҳрум қилмасин. 11Агар ўша одам ана шу учта йўлни чўрига қилмаса, чўри қарз бўлмасдан, пул тўламай кетаверсин.

 

Зўравонлик тўғрисида қонун–қоидалар

 

12Бирортаси бошқасини уриб ўлдириб қўйса, урган одамнинг жазоси ўлимдир. 13Лекин бирортаси қасддан қилмай, Мен, Худойингиз, шунга йўл қўйган бўлсам, у қочиб борадиган жойни Мен тайинлайман. 14Борди–ю, бирортаси биродарини ҳийла билан қасддан ўлдирса, жонини сақлаш учун Менга аталган қурбонгоҳга қочиб борса[94], уни қурбонгоҳдан олиб чиқиб ўлимга ҳукм қилиш лозим.

15Ўз отаси ёки онасига қўл кўтарганнинг жазоси ўлимдир.

16Кимки бирортасини ўғирлаб, ўғирлаган одамни сотиб юборса, ёки ҳали ҳам ушлаб турган бўлса, ўшанинг жазоси ўлимдир.

17Кимки отасини ёки онасини хўрласа, ўша одамнинг жазоси ўлимдир.

18Икки киши жанжаллашиб, бири иккинчисини тош ёки мушт билан урса–ю, у ўлмай, тўшакка ётиб қолса, 19лекин у ўрнидан туриб, таёқ билан уйдан чиқа олса, урган одам жавобгар бўлмасин. Фақат жароҳатланган одамга йўқотган вақти, даволаниши учун пул тўласин.

20Бирортаси ўз қулини ёки чўрисини таёқ билан уриб ўлдириб қўйса, урган одам унинг қўлидан ўлса, урган одам жазоланиши лозим. 21Лекин хўжайин қул ёки чўрини урса–ю, у бир–икки кундан кейин ўлса, хўжайин жазоланмасин. Ўз мулкидан айрилгани унга етарли жазодир.

22Уришаётган одамлар ҳомиладор аёлни туртиб юборсалар, аёл чала туғиб қўйса–ю[95], бошқа зиён етмаса, зиён етказган одам ўша аёлнинг эри талаб қилган ва ҳакамлар белгилаган миқдордаги зарарни тўлаши лозим. 23Агар бошқа зарар етган бўлса, жон эвазига жон, 24кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш, қўл эвазига қўл, оёқ эвазига оёқ, 25куюк эвазига куюк, яра эвазига яра, лат ейиш эвазига лат ейиш билан жавоб берсин[96].

26Кимки қул ёки чўрисининг кўзига уриб кўр қилиб қўйса, кўзи эвазига уни озодликка чиқарсин. 27Қули ёки чўрисининг тишини синдирса ҳам, уни тиши эвазига озодликка чиқарсин.

 

Эгаларнинг масъулияти тўғрисида қонун–қоидалар

 

28Агар эркак ёки аёлни буқа сузиб ўлдирса, буқа тошбўрон қилиб ўлдирилсин. Гўшти эса тановул қилинмасин. Лекин буқанинг эгаси айбдор ҳисобланмасин. 29Бироқ буқа илгари ҳам сузонғич бўлса–ю, эгаси буни била туриб, буқасини назорат қилмаган бўлса, буқа бирор эркак ёки аёлни сузиб ўлдирса, буқа тошбўрон қилиб ўлдирилсин. Буқанинг эгасига жазо ҳам ўлимдир. 30Аммо буқа эгасига ўз ҳаётини сақлаб қолиши учун пул тўлагани ижозат берилса, у талаб қилинган маблағни тўлаши лозим. 31Ўғил болани сузса ҳам, қиз болани сузса ҳам, шу қонун амал қилсин. 32Агар буқа қул ёки чўрини сузса, унинг хўжайинига буқа эгаси ўттиз бўлак кумуш[97] тўласин. Буқа эса тошбўрон қилинсин.

33Бирортаси чуқур[98] ковлаб, устини ёпиб қўймаса ёки ёпилган чуқурнинг устини очиб қўйса–ю, ўша чуқурга мол ёки эшак[99] тушиб кетса, 34чуқурнинг эгаси ўлган ҳайвоннинг эгасига товон тўласин. Ҳайвоннинг жасади эса чуқур эгасиники бўлсин.

35Агар бирортасининг буқаси бошқасининг буқасини сузиб ўлдириб қўйса, тирик буқани сотиб, пулини тенг бўлишсин. Ўлган буқани ҳам тенг бўлишсин. 36Аммо буқа илгари ҳам сузонғич бўлса–ю, эгаси буни била туриб, буқасини назорат қилмаган бўлса, буқа эвазига буқа билан товон тўлаши керак. Ўлган буқани эса ўзига олсин.

 

22–БОБ - ЧИҚИШ

 

Мулкни ҳимоя қилиш тўғрисида қонун–қоидалар

 

1Бирортаси мол ёки қўйни ўғирлаб, сўйса ёки сотса, ўғри молнинг эвазига бешта мол, қўйнинг эвазига тўртта қўй тўласин. 2-4Ўғирланган ҳайвонни ўғри қайтариши керак бўлса–ю, лекин ўғри товон тўлай олмаса, у ўғирлаган ҳайвон эвазига қул қилиб сотилсин. Ўғирланган ҳайвон тириклайин ўғрининг қўлида топилса, топилган ҳайвон мол бўладими ё эшак ёки қўй бўладими, икки баравар қилиб товон тўласин.

Бирортаси кечаси девор тешаётган ўғрини кўриб қолиб, ўғрини уриб ўлдириб қўйса, ўғрини ўлдирган одам айбдор эмас. Агар ўғирлик кундузи содир бўлса, қон тўккан одам айбдор бўлади.

5Агар бирортаси бировнинг даласига ёки узумзорига чорвасини ўтлатгани қўйиб юборса, чорва экинзорни ёки узумзорни пайҳон қилса, чорва эгаси ўзининг даласидан ёки узумзоридан яхши ҳосилини даланинг эгасига қайтариб бериши лозим.

6Агар бирортаси олов ёқса, олов чангалзор бўйлаб бировнинг даласига ўтиб, ўсаётган донни ёки ўриб, боғлаб қўйилган ғаллани ёндириб юборса, олов ёққан одам ҳамма зарарни қоплаши лозим.

7Бирортаси пулини ёки буюмини қўшнисига сақлаш учун берса, аммо шулар қўшнисининг уйидан ўғирланиб, ўғри топилса, ўғри икки баравар қилиб тўлаши керак. 8Ўғри топилмаса, уй эгаси ҳакамлар ҳузурига[100] келиб:

— Қўшнимнинг мулкига қўлимни теккизмаганман, — деб қасам ичсин.

9Кимдир йўқотиб қўйган бирор буюми, моли, эшаги, қўйи, кийими тўғрисида қўшниси билан жанжаллашиб қолса, бу меники, деб даъво қилса, иккови ҳам, ажрим қиламиз, деб ҳакамлар ҳузурига борсин. Ҳакамлар[101] айбдор деб топган одам буюм эгасига икки баравар товон тўлаши керак.

10Бирортаси қўшнисига эшагини ё молини ёки қўйини ёхуд бошқа ҳайвонини қараб тургани берса–ю, ўша ҳайвон ўлиб қолса, ёки шикастланса, ёки ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса[102], 11олган одам ҳайвон эгасига шундай қасам ичсин:

— Худо ҳақи, сенинг мулкингга қўлимни теккизмаганман.

Ҳайвон эгаси қасамга ишонсин, қўшниси товон тўламасин. 12Аммо олган одамникидан ўша ҳайвон ўғирланган бўлса, у ҳайвон эгасига товон тўлаши лозим. 13Агарда ҳайвонни бирор йиртқич тилка–пора қилган бўлса, далил қилиб бурдаларини кўрсатсин. Бурдаланган бўлаклари учун у товон тўламайди.

14Бирортаси бошқасининг ҳайвонини сўраб олган бўлса–ю, ҳайвон шикастланса ёки ўлса, лекин ўша пайтда эгаси ҳайвоннинг олдида бўлмаса, сўраб олган одам ҳайвон учун товон тўласин. 15Агар ўшанда эгаси ўз ҳайвони ёнида бўлса, товон тўламасин. Агар ҳайвон ёллаб олинган бўлса, ёлланган баҳоси тўлансин.

 

Ижтимоий жавобгарлик тўғрисида қонун–қоидалар

 

16Кимки вояга етган ва унаштирилмаган қизни зўрлаб, у билан ётса, ўша одам у қиз учун қалин берсин, ўша қизга уйлансин. 17Агар отаси қизни ўша одамга беришга рози бўлмаса, ўша одам вояга етган қизларга бериладиган миқдордаги пулни қизнинг оиласига тўласин.

18Жодугарларни тирик қолдирманглар.

19Ҳайвон билан жинсий алоқа қилган одамнинг жазоси ўлимдир.

20Фақат Мен, Эгангиздан, бошқа худоларга қурбонлик келтирган одамни ўлимга ҳукм қилинглар[103].

21Мусофирни эзиб, унга зулм ўтказманглар. Ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир бўлган эдингизлар.

22Беваларга ва етимларга жабр қилманглар. 23Агар шундай қилсангиз, улар Менга ёлворадилар. Мен уларнинг нолаларини эшитаман. 24Мен қаттиқ ғазабланиб, эркакларингизга қирғин келтираман. Оқибатда хотинларингиз бева, болаларингиз етим бўлиб қолади.

25Менинг халқимдан бирорта камбағалга қарз берсангиз, қарз берувчи сифатида уни сиқувга олманглар, ундан фоиз талаб қилманглар. 26Агар қўшнингизнинг тўнини гаровга олган бўлсангиз, кун ботмасдан олдин тўнини қайтариб беринг. 27Ўша тўн қўшнингизнинг биттаю битта ёпинчиғидир. Бўлмаса, қўшнингиз нимани ёпиниб ухлайди?! У Менга ёлворганда, эшитаман. Мен раҳмдилман.

28Мени, Худойингизни[104], хўрламанглар, оқсоқолларингиздан биронтасини ҳам қарғаманглар.

29Хирмонингизнинг ҳосилидан, зайтун мойи ва шаробдан Менга назр қилишни кечиктирманглар.

Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар[105]. 30Мол ва қўй–эчкиларингизнинг биринчи эркак боласини ҳам Менга бағишланглар. Улар етти кун онаси билан бўлсин, саккизинчи куни эса уларни Менга назр қилинглар.

31Сизлар Менинг муқаддас халқим бўлинглар. Далада йиртқич тилка–пора қилган ҳайвоннинг гўштини ўзларингиз еманглар, итларга беринглар.

 

23–БОБ - ЧИҚИШ

 

Адолатли ҳукм тўғрисида қонун–қоидалар

 

1Ёлғон хабарлар тарқатманглар. Ёлғон гувоҳлик бериш орқали фосиқ одамларга қўшилманглар. 2Кўпчилик нотўғри иш қилганда ёки улар адолатдан четга чиқиб гувоҳлик берганларида, уларга эргашманглар. 3Камбағални ҳукм қилаётганда ҳам камбағал, деб унинг тарафини олманг.

4Агар душманингизнинг йўқолиб қолган ҳўкизини ёки эшагини топиб олсангиз, эгасига олиб бориб беринг. 5Душманингизнинг эшаги юк оғирлигидан йиқилиб қолса, сиз уни кўрган бўлсангиз, душманингизни ташлаб кетманг. Унга ёрдам беринг.

6Ҳукмда камбағалга қарши адолатдан кўз юмманг. 7Туҳматчилардан узоқ туринглар, айбсиз, тўғри одамни ўлимга ҳукм қилманглар. Мен бундай иш қилган айбдорларни ҳукмда оқламайман. 8Пора олманглар. Пора туфайли кўзи очиқларнинг кўзини ёғ босади. Пора ҳар доим тўғри одамларнинг ишига зарар етказади.

9Мусофирга зулм қилманглар. Ўзларингиз Мисрда мусофир бўлган эдингизлар, шу боис мусофирнинг аҳволини биласизлар.

 

Еттинчи йил ва еттинчи кун тўғрисида қонун–қоидалар

 

10Олти йил далангизга уруғ сепиб, ҳосилини йиғиштириб олинг. 11Еттинчи йили[106] эса ерингизни бўш қолдиринг, дам беринг. Халқингиз орасидаги камбағаллар ерингиздан ўсиб чиқадиган ҳосилдан бирон егулик топиб есин. Улардан қолганини эса дашт ҳайвонлари есин. Узумзорингизни ва зайтунзорингизни ҳам шундай қилинглар.

12Олти кун иш қилинглар, еттинчи кун эса ишламанглар, токи ҳўкизларингиз, эшакларингиз ҳам ишдан тинсин, қулларингиз, мусофирлар ҳам ором олсин.

13Мен сизларга берган амрларимга риоя қилинглар. Бошқа худоларнинг номларини ҳеч қачон гапирманглар. Бошқа худоларнинг номларини ҳатто тилга олманглар.

 

Йилда қилинадиган байрамлар тўғрисида қонун–қоидалар

 

14Менга атаб йилда уч марта байрам қилинглар:

15Абиб ойининг[107] белгиланган вақтида хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Сизлар ўша ойда Мисрдан чиққансизлар. Мен сизларга амр этганимдай[108], етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.

16Буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар.

Кузда даладаги ҳамма ҳосилингизни йиғиштириб бўлганингизда, Чайла байрамини[109] нишонланглар.

17Ҳамма эркаклар ҳар йили шу учала байрамда Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.

18Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Қилинган қурбонликнинг ёғини эрталабга қолдирмай куйдиринглар.

19Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар.

Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар[110].

 

Ваъда ва огоҳлантиришлар тўғрисида қонун–қоидалар

 

20Сизларни йўлда муҳофаза этсин, сизларни Мен тайёрлаган ерга олиб борсин, деб олдингизда фариштани юборяпман. 21Мен унда зоҳир бўлганим учун, унга эътибор қилинглар, унинг сўзларига қулоқ солинглар. Унга ўжарлик қилманглар, акс ҳолда у ўжарлигингизни кечирмайди. 22Агар фариштамнинг айтганларига диққат билан қулоқ солсангиз, Менинг амрларимга итоат этсангиз, душманларингизга душман, рақибингизга рақиб бўламан. 23Фариштам олдингизда бориб, сизларни Амор, Хет, Париз, Канъон, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига бошлаб боради. Мен ўша халқларни йўқ қиламан. 24Уларнинг худоларига сажда қилманглар, хизмат қилманглар. Бу халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг худоларини йўқ қилинглар, бутсимон тошларини синдириб ташланглар. 25Фақат Мен, Эгангиз Худогагина, хизмат қилинглар. Шунда Мен ош–сувингизни баракали қиламан, орангиздан хасталикларни йўқ қиламан. 26Юртингизда ҳомиласи тушиб қолган ёки бефарзанд аёл бўлмайди. Мен умрингизни узоқ қиламан.

27Сизларга қарши бўлган халқларни Мендан қўрқадиган қиламан. Сизларга қарши жанг қиладиган халқларни саросимага соламан. Душманларингизнинг ҳаммасини олдингиздан қочираман. 28Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини ваҳимага солиб, арилар галаси сингари олдингиздан қуваман[111]. 29Мен бир йил ичидаёқ уларни олдингиздан ҳайдамайман. Бўлмаса, ўша юрт бўм–бўш бўлиб қолади. Дашт ҳайвонлари сизлардан кўпайиб кетади. 30Сизлар кўпайиб, ўша юртни бутунлай эгаллаб олгунингизча, у ердаги халқларни оз–оздан олдингиздан ҳайдайман. 31Чегараларингизни Қизил денгиздан[112] Ўрта ер денгизигача[113], саҳродан Фурот дарёсигача[114] кенгайтираман. Сизларни шу юртнинг халқларидан қудратли қиламан. Сизлар уларни олдингиздан қувасизлар. 32Уларнинг ўзлари билан ҳам, худолари билан ҳам аҳд қилманглар. 33У халқлар сизнинг юртингизда яшамасин. Бўлмаса улар сизни ўзларининг худоларига сажда қилдириб, Менга қарши гуноҳга бошлайди. Бу йўл билан сизларни тузоғига илинтириб олади.”

 

24–БОБ - ЧИҚИШ

 

Халқ Худога итоат этишга рози

 

1Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:

— Сен Ҳорунни ва унинг икки ўғли Надов билан Абиҳуни, Исроилнинг етмишта оқсоқолини Менинг ҳузуримга олиб келинглар[115]. Кейин узоқдан сажда қилинглар. 2Менга фақат сен яқин келгин, бошқа ҳеч ким яқин келмасин. Халқ эса сизлар билан бирга чиқмасин.

3Мусо келиб, Эгамизнинг ҳамма амрларини, ҳамма қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. Халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, дея жавоб берди. 4Мусо Эгамизнинг ҳамма амрларини ва қонун–қоидаларини ёзди. Сўнг эртаси куни тонгда туриб, тоғ этагига қурбонгоҳ қурди. Ўн икки Исроил қабиласининг миқдорига кўра, ўн иккита тош ўрнатди. 5Мусо Исроил халқи орасидан ёш йигитларни қурбонликлар келтиргани юборди. Улар Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар қилишди. Буқаларни тинчлик қурбонликлари қилишди. 6Мусо қоннинг ярмини тоғорага қуйди, қолган ярмини эса қурбонгоҳга сепди. 7Сўнгра у Аҳд китобини[116] олиб, халққа овоз чиқариб ўқиб берди. Шунда халқ: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз, Унга итоат қиламиз”, — деди. 8Мусо тоғорадаги қонни олди–да, халққа сепиб: “Ана шу сўзларга мувофиқ, шу қон Эгамиз сизлар билан қилган аҳдни тасдиқлайди”, — деди.

9Шундан кейин Мусо, Ҳорун, Надов, Абиҳу ва Исроилнинг етмишта оқсоқоли тоққа чиқишиб, 10у ерда Исроил халқининг Худосини кўрдилар: Унинг оёқлари остида зангори ёқутдан қилинган кошин полга ўхшаш бир нарса бор эди. У осмон каби ҳаворанг ялтироқ эди. 11Исроил халқининг бу йўлбошчилари Худони кўрган бўлсалар–да, Худо уларни ўлдирмади. Улар ўша ерда қурбонлик гўштини тановул қилдилар.

 

Мусо Синай тоғида иккита тош лавҳани олади

 

12Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Тоққа Менинг олдимга чиқиб[117], шу ерда тур. Мен сенга амр ва қонунлар ёзилган иккита тош лавҳани бераман. Бу амр ва қонунларни халқ ўргансин, деб ёздим.

13Мусо билан унинг шогирди Ёшуа отланишди. Мусо Худонинг муқаддас тоғига кетаётиб, 14оқсоқолларга айтди:

— Ёнларингизга қайтиб келгунимизча шу ерда — қароргоҳда кутиб туринглар. Ҳорун билан Хур сизларнинг ёнингизда қолади. Кимнинг иши бўлса, уларга мурожаат этсин.

15Мусо тоққа чиққанда, тоғни булут қоплади. 16Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилиб, Синай тоғига тушди. Олти кун давомида булут тоғни қоплаб турди. Еттинчи куни Эгамиз булут орасидан Мусони чақирди. 17Эгамизнинг улуғворлиги тоғ чўққисида ловуллаётган аланга каби Исроил халқи кўзи ўнгида зоҳир бўлиб турарди. 18Мусо булут орасида юриб, тоғ чўққисига чиқди. Мусо тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолди.

 

25–БОБ - ЧИҚИШ

 

Муқаддас чодир учун назрлар

 

1Эгамиз Синай тоғида Мусога деди: 2“Исроил халқига, Эгамизганазр қилинглар, деб айт. Менга чин кўнгилдан назр қилган одамнинг назрини қабул қил. 3Қуйидагилар сен улардан қабул қилиб оладиган назрлардир: олтин, кумуш, бронза, 4кўк, сафсар, қирмизи рангли ип, майин зиғир матоси, эчки жуни, 5қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери[118], акас ёғочи[119], 6мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой[120] учун зираворлар, хушбўй ҳидли тутатқи учун зираворлар, 7эфодга тақиладиган ақиқ ва кўкракпечга тақиладиган бошқа қимматбаҳо тошлар. 8Исроил халқи Мен учун муқаддас маскан барпо қилишсин, токи Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилайин. 9Бу Муқаддас чодирни ва унинг ҳамма жиҳозларини Мен сенга кўрсатадиган намунага мувофиқ ясат.

 

Аҳд сандиғи ва унинг қопқоғига оид кўрсатмалар

 

10Акас ёғочидан сандиқ[121] ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак[122] бўлсин. 11Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир. 12Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида бўлсин. 13Кейин акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат. 14Ходаларни сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан ўтказ, токи ходалар ёрдамида сандиқни кўтариб юришсин. 15Ходалар сандиқнинг ҳалқаларидан айириб олинмасин, доимо турсин. 16Мен сенга берадиган аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани[123] сандиққа солиб қўй.

17Тоза олтиндан сандиқнинг қопқоғини ясат. Бу қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак[124] бўлсин. 18Шу билан бирга, олтиндан иккита каруб ясат: иккала карубни ҳам қопқоқнинг икки четига зарб уриб ясат. 19Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилсин. 20Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турсин. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган бўлсин. 21Қопқоқни сандиқнинг устига қўй. Мен сенга берадиган иккита тош лавҳани[125] сандиққа сол. 22Аҳд сандиғи[126] устида Мен сен билан учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.

 

Муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтага оид кўрсатмалар

 

23Акас ёғочидан хонтахта[127] ясат. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак[128] бўлсин. 24Хонтахтани тоза олтин билан қоплатиб, четларига айлантириб олтин гулчамбар ясат. 25Яна хонтахтанинг атрофи бўйлаб тўрт энли қилиб олтин билан қопланган тахта қилдириб, уни хонтахта оёқларига маҳкамлат. Олтин гулчамбарни хонтахтанинг айланаси бўйлаб тахта устига қилдир. 26-28Яна тўртта олтин ҳалқа ясатиб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ёғочларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдалан. 29Хонтахтага қўйиладиган лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун кўза ва косалар ясат. Бу буюмларни тоза олтиндан ясат. 30Менинг ҳузуримдаги хонтахтада доим муқаддас нонлар[129] турсин.

 

Чироқпояга оид кўрсатмалар

 

31Тоза, зарб қилинган олтиндан чироқпоя[130] ясат. Бутун чироқпоя ва унинг безаклари бир бутун қилиб ясалсин. Чироқпоянинг таглиги, танаси, куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бўлсин. 32Яна чироқпоянинг танасидан олтита шохча чиқарилсин: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилсин. 33Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бўлсин. 34Чироқпоянинг танасида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бўлсин. 35Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турсин. 36Чироқпоя, шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб зарб қилинган тоза олтиннинг яхлит бўлагидан ясалиши лозим. 37Чироқпояга еттита мойчироқ ясатиб, унга ҳаммасини ўрнаштир, токи мойчироқлар чироқпоянинг олд томонини ёритиб турсин. 38Мойчироқларга қараб туриш учун тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясат. 39Чироқпояни ва бу буюмларни икки пуд[131] тоза олтиндан ясашсин. 40Эҳтиёт бўл, ўша ҳамма буюмларни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.

 

26–БОБ - ЧИҚИШ

 

Муқаддас чодирга оид кўрсатмалар

 

Чодирнинг ички қавати

 

1Энди Муқаддас чодирнинг[132] ўзига келсак, унинг ички қаватини қилдир. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлсин. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлатиб, бу чойшабларни безаттир. 2Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак[133] бўлсин. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил бўлсин. 3Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тиктир, қолган бештасини ҳам шундай қилдир. 4-5Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига кўк матодан қилинган элликтадан ҳалқа тиктир. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара бўлсин. 6Кейин олтиндан элликта илгак ясаттир, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига улат. Шунда чодирнинг ички қавати бир бутун бўлади[134].

 

Чодирнинг ташқи қопламалари

 

7Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тиктир. 8Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак[135] бўлсин. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда бўлсин. 9-11Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тиктир, қолган олтитасини ҳам шундай қилдир. Уланган икки бўлак чойшабнинг бўйига элликтадан ҳалқа тиктир. Кейин бронзадан элликта илгак ясат, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига улат. Шунда чодирнинг қопламаси бир бутун бўлади[136]. Чодир устига қопламани ташлаганларингизда, чодирга кираверишнинг юқорисида олтинчисини узунаси бўйлаб икки букла. 12Қопламанинг бўйидан қолган икки тирсаги[137] чодирнинг орқасида ерга ёйилади[138]. 13Қопламанинг эни охиридаги қўшимча бир тирсак чодирнинг икки ёнбошида ерга осилиб туради ва уни бутунлай қоплайди[139]. 14Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан[140] ташқи қоплама қилдир.

 

Чодирни тутиб турадиган ром

 

15Акас ёғочидан[141] Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар[142] ясат. 16Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак[143] бўлсин. 17Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллел бўлган иккита тиргак ясат. 18Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясат. 19Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдир, токи ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлсин. 20Чодирнинг шимол томонидаги девор учун йигирмата ром ясат. 21Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан — қирқта кумуш таглик ясат. 22Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром, 23чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясат. 24Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштир. Битта бурчак ҳосил қилиш учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштир. Бу ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинади. 25Шундай қилиб, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан — ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинади.

26Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба, 27шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясат. 28Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар чодирнинг бошидан охиригача чўзилади. 29Ромларни олтин билан қоплатиб, тамбаларни ушлаб турсин, деб олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштир[144], тамбаларни ҳам олтин билан қоплат.

30Чодирни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намуна бўйича ўрнаштир.

 

Чодирнинг ички пардаси

 

31Майин зиғир матосидан тикилган ички пардани қилдир. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлатиб, бу пардани безаттир. 32Акас ёғочидан тўртта устун ясат. Устунларга олтин қоплатиб, уларга олтин илгакларни маҳкамлат. Кумуш тагликка устунларни биттадан ўрнаштир ва ички пардани устундаги илгакларга осдир. 33Ички парда чодир шипидаги илгаклар[145] остида осилиб турсин. Аҳд сандиғи[146] ички парданинг орқасига олиб кирилсин. Ички парда Муқаддас хонаниЭнг муқаддас хонадан ажратиб туради. 34Сандиқнинг қопқоғи Энг муқаддас хонага олиб кирилсин, уни аҳд сандиғи устига қўйдир. 35Хонтахтани чодирнинг шимол томонига — ички парданинг ташқарисига қўйдир. Чироқпояни эса чодирнинг жануб томонига — ички парданинг ташқарисидаги хонтахтанинг рўпарасига ўрнат.

 

Чодирнинг киришидаги парда

 

36Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан тикилган парда қилдир. Уни кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тиктириб безаттир. 37Акас ёғочидан бешта устун ясат, токи пардани ушлаб турсин. Устунларга олтин қоплатиб, уларга олтин илгакларни маҳкамлат. Эритилган бронзадан устунлар остига қўйиш учун бешта таглик ясат.

 

27–БОБ - ЧИҚИШ

 

Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга оид кўрсатмалар

 

1Акас ёғочидан[147] тўртбурчак қилиб қурбонгоҳ[148] ясат. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак[149] бўлсин. 2Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган шох[150] ясат. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қоплат. 3Қурбонгоҳдаги кулни тўккани қозонлар, кураклар, тоғорачалар, санчқилар, оловкураклар ясат. Ҳамма буюмларни бронзадан қилдир. 4Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясат. Панжаранинг тўртала бурчагига тўртта бронза ҳалқа ясат. 5Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — ўрнатилган бўртиқнинг остида ўрнат, ярмигача етиб борсин. 6Яна қурбонгоҳ учун акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни бронза билан қоплат. 7Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун қурбонгоҳнинг иккала ёнидаги ҳалқалардан ходаларни ўтказ. 8Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқтириб, ичини бўш қолдир. Қурбонгоҳни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатганимдай қилиб ясаттир.

 

Муқаддас чодир ҳовлиси атрофидаги тўсиққа оид кўрсатмалар

 

9Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин, деб пардадан тўсиқ қилдир: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдир. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак[151] бўлсин. 10Ўша тўсиқда бронзадан қилинган йигирмата тагликка ўрнатилган йигирмата устун бўлсин. Шу ердаги пардаларни ушлаб туриш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат. 11Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсак, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган таглиги ҳам бўлсин. Унинг пардаларини ушлаб туриш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат. 12Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак[152], унинг ўнта устуни ва таглиги бўлсин. 13Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда бўлсин. 14-15Ҳовлига кириш жойи шу ер бўлади. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ўн беш тирсакдан[153], ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бўлсин. 16Ҳовлига кириш жойига узунлиги йигирма тирсак[154] бўлган парда қилдир. Уни майин зиғир матосидан қилдириб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тиктириб безаттир. Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун тираб туради. 17Ҳовлининг атрофидаги ҳамма устунларнинг кумушдан қилинган илгаклари ва ҳалқалари, бронзадан қилинган тагликлари бўлсин. 18Ҳовлининг узунлиги юз тирсак, эни эллик тирсак[155] бўлсин. Тўсиб турадиган пардалар майин зиғир матосидан қилиниб, бўйи беш тирсак[156] бўлсин. Тагликлар бронзадан бўлсин. 19Муқаддас чодирнинг бошқа барча зарур ашёлари, чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган қозиқ ҳам бронзадан қилинсин.

 

Чироқпоя учун зайтун мойига оид кўрсатмалар

 

20Сен Исроил халқига буйруқ бер: чироқпоя учун энг сифатли зайтун мойини улар сенга олиб келиб туришсин, токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин. 21МойчироқларУчрашув чодиридааҳд сандиғи[157] олдида осилиб турадиган ички парданинг ташқарисида бўлсин. Ҳорун ва унинг ўғиллари, ҳар куни оқшомдан эрталабгача Эгамизнинг ҳузурида мойчироқлар ёниб турсин, деб мойчироқлардан хабар олиб туришсин. Бу қонун–қоидага Исроил халқи авлодлар оша доимо итоат қилиб борсин.

 

28–БОБ - ЧИҚИШ

 

Руҳонийлик либосларига оид кўрсатмалар

 

1Исроил халқи орасидан аканг Ҳорунни ва у билан бирга унинг ўғилларини ёнингга чақир. Ҳорун ҳам, унинг ўғиллари Надов, Абиҳу, Элазар, Итамар ҳам руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишсин. 2Аканг Ҳорунни ҳурматли ва кўркам қилиш учун унга муқаддас руҳонийлик либосларини[158] тайёрлат. 3-4Мен қобилият ато қилган ҳамма моҳир усталарга айт. Улар Ҳорунга қуйидаги руҳонийлик либосларини тикишсин: кўкракпеч, эфод, ридо, нақшли кўйлак, салла ва белбоғ. Ҳорун Менга хизмат қилганда, бу либослар уни муқаддас қилиб бошқалардан ажратиб туради. Ҳорун ўғиллари кийишлари учун уларга муқаддас либослар тиктир, токи улар руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилганларида, бу либосларни кийишсин. 5Улар бу либосларни майин зиғир матосидан тикиб, кўк, сафсар, қирмизи иплар ва олтин билан безатишсин.

 

Олий руҳоний учун эфод

 

6Эфодни[159] майин зиғир матосидан ясатиб, кўк, сафсар, қирмизи рангли иплардан ва олтиндан қилинган ипдан маҳорат билан нақш солдир. 7У бир–бирига иккита елка боғичи билан боғланган олд ва орқа қисмлардан иборат бўлсин. 8Камар ясатиб, уни эфодга боғлат. Камарни ҳам майин зиғир матосидан қилдир. Унга кўк, сафсар, қирмизи рангли иплардан ва олтиндан қилинган ипдан маҳорат билан нақш солдир. 9-11Кейин иккита ақиқ тош олиб, уста қимматбаҳо тошга муҳр ўядигандай, бу тошларга Исроил ўғилларининг исмини ўйиб ёздир. Битта тошга Исроил ўғилларидан олтитасининг исмини, иккинчи тошга қолган олтитасининг исмини ёши бўйича ёздир. Ёзилган тошларни олтиндан қилинган нақшли уялар ичига қўйдириб, 12эфоднинг елка боғичларига ўрнаштир. Ҳорун Мен, Эгангизнинг ҳузурига кирганда, Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туриш учун иккала елкасида бу тошларни олиб юради. 13Яна иккита нақшли, олтин уя ва 14тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжир ясат. Бу иккала занжирнинг бир учи уяга маҳкамланади[160].

 

Олий руҳоний учун кўкракпеч

 

15Олий руҳоний учун кўкракпеч[161] ясат. У ҳукм қилаётганда, Худонинг хоҳишини билиш учун фойдаланади[162]. Кўкракпечни, эфод сингари, майин зиғир матосидан ясатиб, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплардан ва олтиндан қилинган ипдан маҳорат билан нақш солдир. 16Кўкракпечни тўртбурчак халта шаклида, икки букланган, бўйи бир қарич, энига ҳам бир қарич қилиб ясат. 17Кўкракпечга тўрт қатор тошни[163] тўғри қилиб тердир: қизил ёқут, хризолит ва зумрад тошларни биринчи қаторга тердир. 18Иккинчи қаторга фируза, зангори ёқут ва олмосни тердир. 19Учинчи қаторга ложувард, агат ва аметист тошларни тердир. 20Тўртинчи қаторга топаз, ақиқ ва яшма тошларни тердир. Ҳамма тошлар олтиндан қилинган нақшли уяларга ўрнаштирилсин. 21Бу ўн икки тош Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туради. Муҳр ўйгандай қилиб, Исроилнинг ўн икки ўғлидан ҳар бирининг исмини бу тошларнинг ҳар бирига ўйиб ёздир.

22-23Иккита олтин ҳалқа ясатиб, кўкракпечнинг иккала устки бурчакларига маҳкамлат. Тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжирни ол[164]. 24Иккала занжирнинг бир учини кўкракпечдаги ҳалқаларга боғлат, 25иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамлат[165]. Уяларни эфоднинг олд томонидаги елка боғичларига ўрнаштир. 26-27Яна олтиндан тўртта ҳалқа ясат. Иккитасини кўкракпечнинг остки бурчакларига — эфодга яқин бўлган ички қирғоғига маҳкамлат. Иккитасини эфоднинг олд томонига, иккала елка боғичининг пастига — нақшли камар устидаги жойга маҳкамлат. 28Кўкракпеч эфоднинг нақшли камари устида бўлсин, эфоддан осилиб турмасин, деб кўкракпеч ҳалқалари ёрдамида эфоднинг ҳалқаларига кўк боғич билан маҳкамланади.

29Ҳорун ҳар сафар Муқаддас хонага кирганда кўкракпечдаги[166] ўн икки Исроил қабиласининг исмини юраги тепасида кўтариб юради. Шундай қилиб, Ҳорун Мен, Эгангизнинг ҳузурида бўлганда, кўкракпеч доимо эслатиб турадиган вазифани бажаради. 30Урим ва Туммимни кўкракпеч халтасининг ичига сол, токи Ҳорун Менинг ҳузуримга кирганда, халқим учун Менинг хоҳишимни билгани фойдаланиладиган ўша нарсаларни доимо юраги тепасида кўтариб юрсин.

 

Бошқа руҳонийлик либослари

 

31Эфоднинг ридосини[167] кўк ипдан тўқилган матодан тикдир. 32Ридонинг ўртасидан бош сиғадиган тешик қилдир. Ридо йиртилиб кетмаслиги учун тешикнинг қирғоғини тўқит. 33-34Ридо этагининг учига айланаси бўйлаб анор шаклини ва қўнғироқчаларни бирин–кетин қилиб биттама–битта остириб чиқ. Анор шаклини кўк, сафсар, қирмизи ипдан қилдир. Олтин қўнғироқчаларни анор шакли ораларига остир. 35Ҳорун ўлдирилмаслиги учун Мен, Эгангизнинг ҳузурида олий руҳоний бўлиб, хизмат қилганда, у шу ридони кийиши керак. У Муқаддас хонага кирганда ва у ерда бўлганда, ридонинг қўнғироқчалари чалинади, Ҳорун хавф–хатардан йироқ бўлади.

36Кейин тоза олтиндан лавҳа ясат. Лавҳанинг юзасига муҳр ўйгандай қилиб, “Эгамизга бағишланган”, деб ўйиб ёздир. 37Лавҳани кўк боғич билан салланинг олд томонига маҳкамлат. 38Исроил халқининг эҳсонлари Менга қабул бўлиши учун, Ҳорун доимо ўз руҳонийлик вазифасини бажарганда, лавҳани пешанасида олиб юрсин. Исроил халқи назр қилганда, Ҳоруннинг назрларга оид гуноҳни ювиш вазифасининг рамзи шу лавҳа бўлади.

39Ҳоруннинг кўйлагини ва салласини майин зиғир матосидан қилдир, кўйлагига нақш солдир. Белбоғини чиройли, нақшли матодан ясат. 40Ҳоруннинг ўғилларини ҳурматли ва кўркам қилиш учун уларга кўйлаклар, белбоғлар, пешанабоғлар тиктир. 41Аканг Ҳорун ва унинг ўғиллари руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишлари учун уларни бағишла: бу либосларни уларга кийгизиб, мой сурт, уларни руҳоний қилиб тайинла.

42Тананинг очиқ жойлари кўриниб қолмасин[168], деб яна уларга зиғир матосидан иштонлар тиктир. Кийимлар уларнинг белидан сонигача ёпиб турсин. 43Ҳорун ва унинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки Муқаддас хонада хизмат қилиш учун қурбонгоҳга яқинлашганларида, шу ички кийимларни кийиб олсин. Шунда Ҳорун ва унинг ўғиллари очиқ жойларини беркитмагани учун айбдор бўлиб ўлдирилмайди. Ҳорун ва унинг наслига доимий қонун–қоида ана шудир.

 

29–БОБ - ЧИҚИШ

 

Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳоний қилиб бағишлаш тўғрисида кўрсатмалар

 

1Ҳорун билан унинг ўғиллари руҳоний бўлиб, Менга хизмат қиладилар. Шунинг учун уларни Менга бағишлаб, қуйидагича маросим ўтказ. Нуқсонсиз битта буқани ва иккита қўчқор қўйни ол. 2Сифатли буғдой унидан қилинган хамиртурушсиз нонларни, зайтун мойи қўшилган хамиртурушсиз нонларни ва зайтунмойи суртилган хамиртурушсиз чалпакларни ҳам пиширтир. 3Шундан кейин нонларни саватга солиб, буқа ва иккала қўчқор билан бирга Менга назр қилиб олиб кел. 4Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодири кираверишига олиб кел. Ҳаммаларини сув билан юв. 5Сўнгра руҳонийлик либосларини ол. Ҳорунга кўйлакни ва ридони, эфодни, кўкракпечни кийгиз[169]. Эфоднинг маҳорат билан нақш солинган камарини Ҳорунга боғла. 6Кейин Ҳоруннинг бошига саллани кийгизиб, салланинг устига олтин лавҳани — уни бошқалардан ажратиб турадиган муқаддаслик рамзини ўрнаштир. 7Сўнгра муқаддас қиладиган мойни[170] олиб, унинг бошига сурт ва уни Менинг хизматимга бағишла. 8Ҳоруннинг ўғилларини олиб келиб, уларга кўйлакни кийгизиб, 9бошларига пешанабоғ боғла. Ҳорун билан ўғилларига яна белбоғ боғла. Доимий қонун–қоида бўйича руҳонийлик уларники бўлади.

Сўнг Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийлик хизматига тайинла. 10Буқани Учрашув чодири олдига олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари эса буқанинг бошига қўлларини қўйишгач, 11Учрашув чодирига кираверишда Мен, Эгангизнинг ҳузурида буқани сўй. 12Буқанинг қонидан олиб, бармоғинг билан қурбонгоҳнинг шохларига[171] қонни сурт. Ортган қоннинг ҳаммасини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўк. 13Ичак–човоқларини қоплаб турган ҳамма ёғларини, жигарнинг аъло қисмини[172], иккала буйрагини ва буйрак атрофидаги ёғларини олиб, қурбонгоҳда куйдир. 14Буқанинг гўштини, терисини, чиқиндиларини қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб куйдир. Бу гуноҳ қурбонлигидир.

15Сўнгра қўчқор қўйнинг биттасини олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари қўчқорнинг бошига қўлларини қўйишгач, 16қўчқорни сўйиб, қонидан олгин–да, қурбонгоҳнинг тўртта ён томонига сеп. 17Қўчқорнинг танасини бўлаклаб, ичак–човоқларини, оёқларини юв. Қўчқорнинг бу аъзоларини бўлакланган танаси ва калласи устига қўйиб, 18қўчқорни қурбонгоҳда куйдир. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Мен, Эгангизга, ёқимли ҳид келади.

19Кейин иккинчи қўчқор қўйни олиб кел. Ҳорун билан ўғиллари қўлларини қўчқорнинг бошига қўйгач, 20қўчқорни сўйиб, қонини ол. Сўнгра Ҳорун билан ўғилларининг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг бош бармоғига, ўнг оёғининг бош бармоғига қон сурт. Сўнгра қурбонгоҳнинг тўртта ён томонига қон сеп. 21Кейин қурбонгоҳдаги қондан, муқаддас қиладиган мойдан олиб, Ҳорун билан ўғилларига, ҳаммаларининг руҳонийлик либосларига сеп. Шундай қилиб, Ҳорун билан ўғиллари, ҳаммаларининг либослари муқаддас бўлади.

22Бу қўчқор Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийликка тайинлаш маросимида фойдаланилади. Шунинг учун қўчқор қўйнинг ўнг сонини, ичак–човоқларини қоплаб турган ҳамма ёғларини, жигарнинг аъло қисмини, иккала буйрагини ва буйрак атрофидаги ёғларни ол. 23Яна Мен, Эгангизнинг ҳузуридаги саватдан сифатли буғдой унидан қилинган хамиртурушсиз нондан биттасини, зайтун мойи қўшилган хамиртурушсиз нондан биттасини ва зайтун мойи суртилган хамиртурушсиз чалпакдан биттасини ол.

24Буларнинг ҳаммасини Ҳоруннинг ва унинг ўғилларининг қўлларига қўй. Буларни улар Мен, Эгангизга, бағишлаганларини кўрсатиш учун юқорига кўтаришсин. 25Сўнгра бу ҳамма назрларни уларнинг қўлларидан олиб, қурбонгоҳда биринчи куйдириладиган қўчқор билан куйдир. Оловда куйдирилган бу назрлардан ҳам Мен, Эгангизга, ёқимли ҳид келади.

26Сўнгра руҳонийликка тайинлаш маросимида фойдаланиладиган ўша иккинчи қўчқорнинг тўшини олиб, Мен, Эгангизга, бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтар. Буниси сенинг улушинг бўлади.

27Ҳорун ва унинг ўғиллари Менинг ҳузуримда руҳонийликка тайинланиш маросимида қўчқорнинг юқорига кўтариладиган қисмлари — тўши ва сони муқаддас, деб қаралади. 28Келгусида Исроил халқи Мен, Эгангизга, тинчлик қурбонликлари қилганларида, бу қисмлар Ҳорун ва унинг ўғилларига доимий улуш қилиб берилсин.

29Ҳоруннинг муқаддас руҳонийлик либослари ўзидан кейин унинг насллариники бўлсин. Ҳоруннинг наслларига шу либосларда мой суртилиб, шу либосларда улар олий руҳонийликка тайинланадилар. 30Ҳоруннинг ўрнига олий руҳоний бўлиб, Муқаддас хонада хизмат қилиш учун Учрашув чодирига кирадиган ўғли бу либосларни етти кун кийиб юрсин.

31Энди руҳонийликка тайинланиш маросимида қурбонлик қилинган қўчқор қўйнинг гўштини олиб, муқаддас жойда қайнат. 32Ҳорун билан ўғиллари Учрашув чодирига кираверишда қўчқор гўштидан ва саватдаги нонлардан[173] тановул қилишсин. 33Фақат улар бу гўштдан ва нондан тановул қила оладилар. Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийликка тайинлаш ва бағишлаш маросимида уларни гуноҳдан поклаш учун ўша нон ва гўштдан фойдаланилади. Бу гўшт ва нон муқаддас бўлгани учун, руҳоний бўлмаган одамлар булардан тановул қила олмайди. 34Агар руҳонийликка тайинланиш маросимида қурбонлик қилинган гўштдан ва нонлар назридан эрталабгача қолса, қолганларини оловда куйдир. Булар муқаддас бўлгани учун тановул қилиш мумкин эмас.

35Мен сенга амр этганимдай, етти кун давомида ҳар куни Ҳорун ва унинг ўғиллари учун руҳонийликка тайинланиш маросимини такрорла. 36Уларни гуноҳларидан поклаш учун ҳар куни буқа қурбонлик қил. Қурбонгоҳни поклаш учун маросим ўтказ. Қурбонгоҳга мойдан суртиб, муқаддас қил. 37Етти кун давомида ҳар куни шундай қил. Ана шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади. Биронтаси ёки бирон нарса қурбонгоҳга тегиб кетганда ҳам, у муқаддас бўлади.

 

Кундалик назрлар тўғрисида кўрсатмалар

 

38Ҳар куни иккита бир ёшли қўзини қурбонгоҳда қурбонлик қилиб куйдир. 39Битта қўзини эрталаб, иккинчисини кечқурун қурбонлик қил. 40-41Ҳар бир қўзига қўшиб, икки коса[174] тоза зайтун мойи аралаштирилган тўрт коса[175] сифатли унни дон назри қилиб келтир. Шу билан бирга, икки коса шароб назрини ҳам келтир. Оловда куйдириладиган бу қурбонликлардан Мен, Эгангизга, ёқимли ҳид келади. 42Қуйдириладиган бу икки қурбонлик Мен, Эгангизнинг ҳузурида, Учрашув чодирига кираверишда авлодлар оша қилинсин. Ўша ерда Мен сен билан учрашиб, гаплашаман.

43Учрашув чодирида Мен зоҳир бўлиб, Исроил халқи билан учрашаман, улуғворлигимдан бу жой муқаддас бўлади. 44Мен Учрашув чодирини ва қурбонгоҳни муқаддас қиламан. Ҳорун билан ўғиллари руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишлари учун уларни ҳам муқаддас қиламан. 45Мен Исроил халқи орасида истиқомат қиламан, уларнинг Худоси бўламан. 46Шунда Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилай, деб уларни Миср юртидан олиб чиққан Эгаси Худо Мен эканлигимни улар билиб оладилар. Мен уларнинг Эгаси Худоман.

 

30–БОБ - ЧИҚИШ

 

Тутатқи қурбонгоҳига оид кўрсатмалар

 

1Тутатқи тутатиш учун акас ёғочидан[176]қурбонгоҳ[177] ясат. 2Қурбонгоҳ тўртбурчак, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак[178] бўлсин. Қурбонгоҳнинг шохлари[179] ўзидан йўниб чиқарилсин. 3Қурбонгоҳнинг устини, ён атрофини, шохларини тоза олтин билан қоплат, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясат. 4-5Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юришда фойдалан. 6Тутатқи қурбонгоҳиниаҳд сандиғининг[180] қопқоғи олдида осилиб турадиган ички парданинг ташқарисига қўйдир. Бу жой — сен билан Мен учрашадиган жойнинг ташқарисида.

7Ҳорун ҳар куни эрталаб ўша чироқлардан хабар олганда бу қурбонгоҳда хушбўй ҳидли тутатқи тутатсин. 8У кечқурун чироқлардан хабар олганда ҳам тутатқи тутатсин. Бу тутатқи назрлари сизларнинг авлодларингиз оша Мен, Эгангизнинг ҳузурида ҳар куни тутатилиши лозим. 9Бу қурбонгоҳда фақат муқаддас тутатқини[181] тутатинглар. Қурбонгоҳда куйдириладиган қурбонлик ёки дон назри қилманглар, шароб назри ҳам қилманглар. 10Ҳорун бир йилда бир марта[182] қурбонгоҳ учун поклаш маросимини ўтказсин. Бунинг учун гуноҳ қурбонлигининг қонидан қурбонгоҳнинг тўртала шоҳига[183] суртиб, қурбонгоҳни покласин. Бу маросим ҳар йили авлодлар оша қилиниши лозим. Бу қурбонгоҳ Мен, Эгангизга, бағишланган ғоят муқаддас қурбонгоҳдир.”

 

Муқаддас чодир учун тўловлар

 

11Сўнгра Эгамиз Мусога яна гапирди: 12“Исроилда катта бўлган одамларни санаганингда, ҳар бир одам саноқ пайтида Мен, Эгангизга, ҳимоя қиладиган тўлов[184] тўласин. Шунда сен уларни санаганингда, уларга кулфат келтирмайман. 13-14Йигирма ва ундан юқори ёшдаги саноққа кирадиган ҳар бир одам 1,25 мисқол кумушдан[185] Мен, Эгангизга, назр қилиши лозим. 15Улар ўзларини Менинг ҳукмимдан ҳимоя қиладиган назрни[186] қилганларида, бой одам ўшандан кўп бермасин, камбағал ҳам ўшандан оз бермасин. 16Бағишланган бу кумушни Учрашув чодирини ясаш учун сарф қил. Мен, Эгангизнинг ҳузурида бу кумуш Исроил халқига ҳукмимдан ҳимоя қиладиган назр берилганини эслатиб туради.”

 

Бронза қўлювгичга оид кўрсатмалар

 

17Эгамиз Мусога яна гапирди: 18“Ювиниш учун бронзадан қўлювгич ясат. Қўлювгичнинг таглиги ҳам бронзадан бўлсин. Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнатиб, унга сув қуй. 19Ҳорун билан унинг ўғиллари қўлювгичдаги сув билан қўлларини ва оёқларини ювишсин. 20Улар Учрашув чодирига кираётганларида, сувда ювинишсин. Шунда улар нобуд бўлмайди. Ёки улар руҳоний бўлиб, қурбонгоҳда куйдиргани назрлар олиб келиб Мен, Эгангизга, хизмат қилганларида, 21қўл–оёқларини сувда ювишсин. Шунда ҳам улар нобуд бўлмайди. Бу Ҳорун ва унинг насллари учун авлодлари оша сақлаб олиб ўтиш учун доимий қонундир.”

 

Муқаддас қиладиган мойга оид кўрсатмалар

 

22Эгамиз Мусога яна айтди: 23“Қуйидаги энг яхши хушбўй ҳидли зираворлардан ол: 1250 мисқол[187] суюқ мирра, 625 мисқол[188] долчин, 625 мисқол қамиш 24ва 1250 мисқол кассия[189]. Саккиз коса[190]зайтун мойи олиб, 25уста одам хушбўй ҳидли мой қилиш учун зираворларни мой билан аралаштирсин. Бу муқаддас қиладиган мойдир. 26Бу мойни Учрашув чодирига, аҳд сандиғига, 27хонтахтага ва хонтахтанинг ҳамма буюмларига, чироқпояга ва унинг ҳамма буюмларига, тутатқи қурбонгоҳига, 28қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига, қўлювгичга ва унинг таглигига сурт. 29Шу тариқа бу нарсаларни Менга бағишла. Шунда улар ғоят муқаддас бўлади. Биронтаси ёки бирон нарса уларга текканда, муқаддас бўлади. 30Сўнг Ҳорун билан ўғилларига бу мойдан суртиб, уларни бағишла, токи улар руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишсин. 31Исроил халқига эса Менинг шу гапимни етказ:

— Муқаддас қиладиган мой сизларнинг бутун авлодларингиз оша Менга бағишлансин. 32Бу мой руҳоний бўлмаган одамнинг танасига суртилмаслиги керак. Шу таркибдаги мой аралашмасини сизлар тайёрламанглар. Чунки бу мой муқаддасдир, сизлар буни муқаддас, деб қарашингиз лозим. 33Кимки бунга ўхшаш ҳидли мойни тайёрласа ёки бу мойдан руҳоний бўлмаган одам устига суртса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.”

 

Хушбўй ҳидли тутатқига оид кўрсатмалар

 

34-35Эгамиз яна Мусога гапирди: “Қуйидаги хушбўй ҳидли зираворларни олиб, уларни аралаштир: елимдан қилинган зиравор, молюска қобиғидан қилинган зиравор, хилвон. Сўнгра уста одам тоза хушбўй тутатқидан, хушбўй ҳидли аралашмадан бир ўлчовда олсин. Уларни туз билан аралаштириб, тоза, муқаддас бўладиган тутатқи қилсин. 36Бу тутатқидан бир қисмини олиб, майда қилиб туй ва Мен сен билан учрашадиган Учрашув чодиридаги аҳд сандиғи[191] олдига қўй. Бу тутатқини сизлар ғоят муқаддас деб билишингиз лозим. 37Ўша таркибдаги тутатқи аралашмасини ўзларингиз учун қилманглар. Буни Мен, Эгангизга, бағишланган муқаддас тутатқи, деб қара. 38Кимки тутатгани ўзича шунга ўхшаган тутатқи қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.”

 

31–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз Муқаддас чодирни ясаш учун моҳир усталарни танлайди

 

1Эгамиз Мусога яна гапирди: 2“Ана, Мен Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танладим. 3Мен уни Руҳим билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир, идрокли қилдим, қобилият ато қилдим. 4У ажойиб бадиий безаклар қилишга, безакларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга, 5қимматбаҳо тошларни ўйиб ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатлидир. 6Дан қабиласидан Охисамах ўғли Охолиёвни унга ёрдамчи қилиб танладим. Мен ҳамма ҳунармандларга лозим даражада қобилият ато қилганман. Мен сенга амр берган қуйидаги ашёларни улар ясайдилар ва тикадилар:

7Учрашув чодирини,

аҳд сандиғи[192] ва сандиқнинг қопқоғини,

чодирнинг бошқа ҳамма жиҳозлари 8— хонтахта, хонтахтанинг буюмлари, тоза олтиндан чироқпоя ва чироқпоянинг ҳамма буюмларини, тутатқи қурбонгоҳини, 9қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ ва қурбонгоҳнинг ҳамма буюмларини, қўлювгич ва қўлювгичнинг таглигини,

10руҳоний Ҳорун учун ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни, унинг ўғиллари руҳоний бўлиб, хизмат қилганларида киядиган либосларни,

11муқаддас қиладиган мой[193] ва Муқаддас хона учун хушбўй ҳидли тутатқини.

Мен сенга қандай амр этган бўлсам, улар худди шундай қилиб бажаришсин.”

 

Шаббат куни тўғрисида амр

 

12Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:

13— Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Менга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиб юринглар. Шаббат куни — Мен билан Исроил халқи ўртасидаги аҳднинг авлодларингиз оша давом этадиган аломати. Шу орқали Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сизларни Мен муқаддас қилиб бошқалардан ажратаман. 14Шаббат кунига риоя қилиб юринглар, бу кунни муқаддас деб билинглар. Кимки бу кунни иззат қилмаса, ўша одамнинг жазоси ўлим. Кимки ўша куни ишласа, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади. 15Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун — Шаббат куни эса ҳамма ишлардан тиниб, Мен, Эгангизга, атаб ажратилган кундир. Шаббат куни ишлаганнинг жазоси ўлимдир. 16Исроил халқи авлодлар оша Шаббат қонун–қоидаларига итоат этиш орқали бу кунга риоя қилиб юришлари лозим. 17Бу сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг доимий аломатидир, Мен, Эгангиз, олти кун давомида ер ва осмонни яратиб, еттинчи куни тиниб, ором олганимни доимо эслатиб туради.”

18Шундай қилиб, Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб[194], аҳднинг[195] амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани Мусога берди. Буларни Худонинг Ўзи ёзган эди.

 

32–БОБ - ЧИҚИШ

 

Олтин буқа

 

1Мусо тоғда узоқ қолиб кетди[196]. Халқ Мусонинг тоғдан қайтиб тушавермаганини кўргач, Ҳоруннинг ёнига йиғилишиб, унга айтишди:

— Қани, бизга йўл кўрсатиб борадиган худо ясаб бер. Бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз.

2Шунда Ҳорун одамларга:

— Хотинингизнинг, ўғлингизнинг, қизингизнинг қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб олиб, менга келтиринглар, — деди.

3Шундан кейин жамики халқ қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб, Ҳорунга олиб келди. 4Ҳорун олтин сирғаларни улардан олиб, эритди. У буқа ясади, асбобдан фойдаланиб, олтин билан қоплади[197]. Кейин одамлар айтдилар:

— Эй, Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!

5Ҳорун буни кўргач, олтин буқанинг олдига қурбонгоҳ қурди. Кейин: “Эртага Эгангизга бағишланган байрам бўлади”, деб эълон қилди. 6Эртаси куни халқ саҳарда туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди. Ўтириб еб–ичишгандан кейин кўнгилхушлик қилишди.

7Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Ҳозироқ туш! Ўзинг Мисрдан олиб чиққан халқинг йўлдан озди. 8Улар Мен амр этган йўлдан дарров оғди. Ўзларига буқанинг тасвирини ясаб, унга сажда қилиб, қурбонликлар келтириб: “Эй, Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!” — дедилар.

9Эгамиз Мусога яна гапирди:

— Ўша халқнинг нақадар ўжарлигини кўриб турибман. 10Энди Мени тўхтатаман, деб овора бўлма, бу халққа шунақанги ғазабимни сочаманки, уларни қириб ташлайман. Эй, Мусо, уларнинг ўрнига сендан буюк халқ яратаман.

11Шунда Мусо Эгаси Худога:

— Эй, Эгам! Ахир, бу халқни буюк куч–қудратинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан–ку! — деб ёлворди. — Ўз халқингга Ўзинг ғазабингни сочмагин! 12Мисрликлар: “Эгаси уларни ёмон ният билан — тоғларда ўлдириш учун, ер юзидан қириб ташлаш учун бу ердан олиб чиққан экан”, деб айтишмасин! Қўйгин, бу ниятингдан қайтгин, ғазабингни сочиб, Ўз халқингни қириб ташламагин. 13Ўз қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга[198] айтганларингни ёдингда тутгин. Сен уларга: “Сизларнинг наслингизни осмондаги юлдузлар сингари кўпайтираман, Мен ваъда қилган ҳамма ерни наслингизга бераман, улар ўша юртга то абад эгалик қилади”, деб Ўз номинг билан онт ичган эдинг–ку!

14Шундай қилиб, Эгамиз ниятини ўзгартириб, айтган кулфатларни Ўз халқининг бошига келтирмайдиган бўлди.

15Мусо қўлида аҳднинг[199] амр ва қонунлари — иккала томонига ҳам ёзув битилган иккита тош лавҳани олиб, тоғдан қайтиб тушди. 16Лавҳалар Худонинг ижоди бўлиб, лавҳалардаги ёзувни Худо ўйиб битган эди. 17Ёшуа халқнинг шовқин–суронини эшитиб, Мусога: “Қароргоҳда уруш шовқин–сурони эшитиляпти”, деб айтди. 18Шунда Мусо деди:

— Бу ғолибларнинг ҳайқириғи эмас, мағлубларнинг фарёди ҳам эмас, Эшитганим — ишратпарастлар қўшиғи.

19Мусо қароргоҳга яқинлашиб, буқани, одамларнинг кўнгилхушлигини кўрди. Шунда у ғазабланиб, тоғ этагида қўлидаги лавҳаларни улоқтирган эди, лавҳалар чилпарчин бўлди. 20Мусо Исроил халқи ясаган буқани олиб, оловда ёқди. Уни эзиб, кукун қилди–да, сувга сочди. Сувни Исроил халқига ичирди. 21Мусо Ҳорунга:

— Бу халқ сенга нима қилган эдики, уларни оғир гуноҳга ботирибсан? — деди.

22— Ғазабланманг, ҳазратим, — деди Ҳорун унга. — Бу халқнинг ёмонлик қилишга мойиллигини биласиз–ку! 23Улар менга: “Бизга йўл кўрсатиб борадиган худо ясаб бер, бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз”, деб айтишди. 24Мен эса уларга: “Кимнинг олтин сирғалари бўлса, уларни менга олиб келинглар”, деган эдим, улар олтин сирғаларини олиб, менга келтирдилар. Олтинларни оловга ташлаганимда, олов ичидан мана шу буқа келиб чиқди.

25Мусо кўрдики, Ҳорун халқни назорат қилмай, душманлари олдида ўзларини масхара қилишларига йўл қўйиб берган эди. 26Мусо қароргоҳ кираверишига келиб:

— Ким Эгамиз томонда бўлса, менинг ёнимга келсин! — деб буюрди. Леви қабиласи одамлари унинг ёнига тўпланди. 27Мусо уларга деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Ҳар бирингиз қиличингизни ёнингизга олинг. Қароргоҳнинг бу четидан нариги четигача бориб қайтиб, ҳар бирингиз биродарингизни, қўшнингизни, яқин қариндошингизни ўлдиринг[200].”

28Леви қабиласи одамлари Мусонинг буйруғини бажо қилди. Шу куни Исроил халқидан тахминан уч мингта одам ҳалок бўлди. 29Мусо Леви қабиласи одамларига:

— Бугун Эгам сизларга марҳамат қилиб, сизларни ўзининг хизматига тайинлади, — деди. — Ҳатто ўғилларингизни, ака–укаларингизни ўлдиришга тўғри келган бўлса ҳам, сизлар Унга итоат этдингиз.

30Эртаси куни Мусо халққа деди:

— Сизлар оғир гуноҳ қилдингизлар. Энди мен тоққа Эгамизнинг олдига чиқаман, балки сизларни гуноҳларингиздан покларман.

31Мусо Эгамизнинг олдига қайтиб бориб, шундай деди:

— Эвоҳ! Бу халқ оғир гуноҳ қилибди: ўзларига олтиндан худо ясабди. 32Аммо энди, уларнинг гуноҳини кечиргин, деб Сенга илтижо қиламан. Агар кечирмасанг, Ўзинг ёзган китобдан менинг номимни ўчириб ташлагин.

33Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Ким Менга қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшанинг номини Ўзимнинг китобимдан ўчириб ташлайман. 34Энди бор, бу халқни Мен сенга айтган жойга бошла. Менинг фариштам сендан олдинда боради. Шунга қарамай, Ўзим белгилаган кунда Мен уларни қилган гуноҳи учун жазолайман.

35Шундай қилиб, Эгамиз уларнинг бошига кулфат юборди, чунки Исроил халқи Ҳорунга, буқа ясаб бер, деб талаб қилган эдилар. Ҳорун уларнинг талабини бажарган.

 

33–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз Исроил халқига, Синайни тарк этинглар, деб амр беради

 

1Кейин Эгамиз Мусога айтди:

— Қани, сен ҳам, Мисрдан ўзинг олиб чиққан халқинг ҳам бу жойдан кетинглар. Ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Мен: “Сизларнинг наслингизга бераман”, деб қасам ичган юртга кетинглар. 2Сендан олдинда фариштани юбориб, Канъон, Амор, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини ҳайдайман. 3Сут ва асал оқиб ётган ўша юртга[201] боринглар. Аммо Мен сизлар билан бормайман, чунки сизлар ўжар халқсиз. Сизлар билан борсам, сизларни йўлда ҳалок қилиб ташлашим мумкин. 4-5Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Сизлар ўжар халқсиз. Агар Мен бир лаҳза сизлар билан борсам, сизларни қириб ташлашим мумкин. Энди зеб–зийнатларингизни ечиб қўйинглар. Мен сизларни нима қилишим тўғрисида бир қарорга келаман.”

Халқ бу ваҳимали гапни эшитгач, дод солиб йиғлади. Ҳеч ким зеб–зийнатларини тақмади. 6Шундай қилиб, Исроил халқи Синай тоғида[202] зеб–зийнатларини ечиб қўйди. Ўшандан кейин улар зеб–зийнатларини бошқа тақмадилар.

 

Қароргоҳнинг ташқарисидаги чодир

 

7Мусо бир чодирни қароргоҳнинг ташқарисига — қароргоҳдан узоқроққа олиб бориб ўрнатди. У бу чодирга, Учрашув чодири[203], деб ном берди. Эгамиздан маслаҳат сўрамоқчи бўлган ҳар бир одам ўша ерга келарди. 8Мусо чодирга чиқиб борганда, бутун халқ туриб, ўз чодирига кираверишда чиқиб турарди. Мусо чодирга кириб кетгунча, ҳамма тик турганича унинг орқасидан қараб турарди. 9Мусо чодирга кириб, Эгамиз Мусо билан гаплашганда, устун шаклидаги булут пастга тушиб, чодирга кираверишда турарди. 10Бутун халқ чодирга кираверишда турган булут устунини кўриб, ўз чодирига кираверишда мук тушиб таъзим қиларди. 11Бирортаси дўсти билан гаплашгандай, Эгамиз ҳам Мусо билан юзма–юз[204] гаплашарди. Кейин Мусо қароргоҳга қайтиб келар, унинг ёш ёрдамчиси Нун ўғли Ёшуа эса чодирни тарк этмасди.

 

Эгамиз Ўз халқи билан бўлишга ваъда беради

 

12Шундан кейин Мусо Эгамизга айтди:

— Сен: “Бу халқни бошлаб олиб кет”, деб менга амр бердинг–у, лекин биз билан кимни юборишингни айтмадинг. Яна: “Мен сени танладим, сен ҳақиқатан Мендан марҳамат топгансан”, деган эдинг. 13Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан: менга йўлларингни кўрсатгин. Сендан марҳамат топиб юришим учун, Сени билайин. Бу халқ Ўзингнинг халқинг эканини ёдингда тутгин.

14Эгамиз Мусога айтди:

— Мен сизлар билан бораман. Мен сизларга тинчлик ато қиламан.

15Мусо эса Эгамизга айтди:

— Агар Сен биз билан бормайдиган бўлсанг, бизни бу ердан олиб чиқмагин. 16Бўлмаса, мен ҳам, халқинг ҳам Сендан марҳамат топганимиз қандай билинади? Сен биз билан бирга борганингдан эмасми?! Шу орқали мен ҳам, Сенинг халқинг ҳам ер юзидаги ҳамма халқдан фарқ қиламиз.

17Шунда Эгамиз Мусога айтди:

— Сен нимани сўраган бўлсанг, Мен шуни қиламан. Чунки сен Мендан марҳамат топгансан. Мен сени танладим.

18— Илтижо қиламан: менга улуғворлигингни зоҳир қилгин, — деди Мусо.

19— Мен Ўзимни сенга маълум қиламан[205]. Мен сенинг олдингдан ўтиб, бутун эзгулигимни сенга зоҳир қиламан, — деди Эгамиз Мусога. — Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан. 20Лекин Менинг юзимни[206] кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди. 21Менга яқин жойда қоя бор. Ўша қоянинг устида тур! 22Мен ўтаётиб улуғворлигимни зоҳир қилганимда, сени қоянинг ёриқ жойига қўяман. Ўтиб кетгунимча сени қўлим билан тўсиб тураман. 23Кейин қўлимни оламан. Сен Мени орқамдан кўрасан. Юзимни эса кўрмайсан.

 

34–БОБ - ЧИҚИШ

 

Эгамиз аҳдни янгилайди

 

1Эгамиз Мусога амр берди:

— Олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳа кес. Сен синдирган олдинги лавҳалардаги сўзларни Мен ўша лавҳаларга ёзаман. 2Эрталабга тайёр бўл, Синай тоғига чиқиб, тоғ чўққисида Мени кутиб олишга ҳозир бўлиб тур. 3Лекин сен билан бирга ҳеч ким чиқмасин. Тоғнинг бирор жойида ҳеч ким бўлмасин. Ҳатто тоғнинг яқинида мол–қўйлар ҳам боқилмасин.

4Эгамиз амр этгандай, Мусо олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳани кесди. Эртасига саҳарда туриб, қўлига иккала тош лавҳани олиб, Синай тоғига чиқди. 5Эгамиз булут ичида тушиб келди. Мусо билан бирга туриб, Ўзини Мусога маълум қилди[207]. 6Мусонинг олдидан ўтиб, баланд овоз билан гапирди:

— Мен Эгангман! Мен Эгангман![208] Раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган Худоман, содиқ севгим мўлдир. 7Минг–минг авлодларга[209] содиқ севгимни кўрсатавераман. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечираман. Лекин айбдорларни асло жазосиз қолдирмайман. Мен уларни жазолаб, уларнинг гуноҳлари оқибатини болаларига, набираларига ва чевараларига олиб келаман.

8Ўша заҳоти Мусо икки букилиб таъзим қилиб, сажда қилди. 9Сўнгра:

— Ё, Раббий! — деди. — Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан, Сен биз билан боргин. Бу халқ ўжар бўлса ҳам, фосиқлигимизни ва гуноҳларимизни кечиргин, бизни Ўзингнинг халқинг қилиб қабул эт.

10Эгамиз айтди: “Мен энди Исроил халқи билан аҳд тузаман. Бутун халқинг кўзи олдида ажойиботлар кўрсатаман. Бунақа ажойиботлар ер юзида ёки биронта халқ орасида бўлмаган. Мен, Эгангизнинг сизларга кўрсатадиган даҳшатли ишини сен билан бирга бўлган бутун халқ кўради. 11Мен сизларга бугун берадиган амрларга итоат қилинглар. Мен сизларнинг олдингиздан Амор, Канъон, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини қуваман. 12Эҳтиёт бўлинглар, сизлар кирадиган юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Бўлмаса, сизларни тузоғига илинтириб олади. 13Сизлар эса уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини майдалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесиб ташланглар. 14Бошқа худоларга сажда қилманглар. Мен, Эгангизнинг номи Рашкчи: Мен сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. 15Ўша юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Улар ўз худолари ортидан ҳирс билан эргашадилар. Улар билан сулҳ тузсангиз, ўз худоларига қурбонликлар келтираётганларида сизларни ҳам ўзларига қўшилишга таклиф қиладилар. Сизлар улар билан бориб, қурбонликларидан тановул қиласиз. 16Кейин уларнинг қизларини ўғилларингизга олиб берасизлар. Улар ўз худоларига ҳирс билан сажда қилганда, ўғилларингизни ҳам ўша худоларга ҳирс қўйишга бошлайдилар.

17Ўзларингизга худолар тасвирларини[210] ясаманглар.

18Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонланглар. Мен сизларга амр этганимдай, Абиб ойининг[211] белгиланган вақтида[212] етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Сизлар Абиб ойида Мисрдан чиққансизлар.

19Тўнғич ўғилларингиз, ҳамма чорвангизнинг — мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган эркак боласи Меники. 20Биринчи туғилган эркак эшак[213] Эгамиздан бир қўзи ёки улоқча эвазига сотиб олинади. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим[214].

Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим[215].

21Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса иш қилманглар. Ҳатто экин–тикин пайтида ва ўрим пайтида ҳам дам олинглар.

22Ҳар йили буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини[216] нишонланглар. Кузда Чайла байрамини[217] нишонланглар.

23Ҳамма эркакларингиз ҳар йили учала байрамда[218] Исроил халқининг Худоси, Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин. 24Сизларнинг ерингиздан халқларни қуваман, чегараларингизни кенгайтираман. Ҳар йили уч марта[219] Мен, Эгангиз Худога, сажда қилишга келганингизда, сизларнинг мулкингиз бўлган ерни ҳеч ким босиб олмайди.

25Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Фисиҳ зиёфати қурбонлиги гўштини эрталабгача қолдирманглар.

26Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар.

Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар[220].”

27Кейин Эгамиз Мусога:

— Бу сўзларни ёзиб ол! — деб амр қилди. — Шу сўзларга биноан Мен сен билан ҳамда Исроил халқи билан аҳд тузаман.

28Мусо ўша ерда Эгамизнинг ҳузурида емай–ичмай, қирқ кечаю қирқ кундуз бўлди. Эгамиз иккита тош лавҳага аҳд сўзларини — ўнта амрни ёзди.

 

Мусонинг юзидан нур ёғилади

 

29Худо Мусо билан гаплашгани учун, у қўлида иккита лавҳани[221] олиб тоғдан тушаётганда, юзларидан нур сочилаётган эди. Мусонинг ўзи буни билмасди. 30Ҳорун ҳам, жамики Исроил халқи ҳам Мусони кўриб, унинг юзидан нур ёғилиб тургани учун бирортаси унга яқин келишга қўрқарди. 31Мусо Ҳорунни ва барча жамоа оқсоқолларини чақирди, улар Мусонинг олдига келишди. Мусо улар билан гаплашгандан кейин, 32жамики Исроил халқи унга яқинроқ келди. Мусо Синай тоғида Эгамиз берган амрларни бажаришни халққа буюрди. 33Мусо улар билан гаплашиб бўлгандан кейин, юзига ёпинчиқ ёпиб олди.

34Мусо Эгамизга гапириш учун Унинг ҳузурига борганда, юзини ёпиб оларди. У чиқиб, Эгамиз, айт, деб айтган ҳамма амрни Исроил халқига етказарди. Шунда Исроил халқи 35Мусонинг юзи ҳамон нур сочиб турганини кўрарди. Сўнгра Мусо кейинги сафар Эгамиз билан гаплашиш учун боргунгача ёпинчиқни олиб қўярди.

 

35–БОБ - ЧИҚИШ

 

Шаббат куни тўғрисида амр

 

1Сўнгра Мусо Исроил халқининг бутун жамоасини тўплаб, уларга гапирди:

— Сизларга Эгамизнинг амри шундай: 2“Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун — Шаббат куни эса ҳамма ишлардан тиниб, Эгамизга атаб ажратилган кундир. Кимки Шаббат куни ишласа, ўша одамнинг жазоси ўлим. 3Шаббат куни биронта масканингизда ҳам олов ёқманглар.”

 

Муқаддас чодир қилиш учун тайёргарлик

 

4Кейин Мусо Исроил халқининг бутун жамоасига айтди:

— Эгамиз сизларга қуйидагиларни амр этди: 5“Мен, Эгангизга, чин кўнгилдан назр қиладиган одам назрини олиб келсин. Халқ Менга қуйидагиларни назр қилсин: олтин, кумуш, бронза, 6кўк, сафсар, қирмизи рангли ип, майин зиғир матоси, эчки жуни, 7қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери[222], акас ёғочи[223], 8мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой[224] учун зираворлар, хушбўй ҳидли тутатқи учун зираворлар, 9эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар. 10Ораларингиздан моҳир усталар келиб, Мен, Эгангиз, амр қилган Муқаддас чодирни ясасин. Чодир қуйидаги ашёлардан иборат бўлсин:

11чодирнинг ички қавати, унинг ёпинчиқлари, илгаклари, ромлари, тамбалари, устунлари ва тагликлари,

12сандиқ, унинг ходалари, қопқоғи ва сандиқни тўсиб турадиган ички парда,

13хонтахта, унинг ходалари, ҳамма буюмлари ва унга қўйиладиган муқаддас нонлар[225],

14ёруғ бўлиши учун чироқпоя, унинг буюмлари, мойчироқлари ва мойчироқлар учун зайтун мойи,

15тутатқи қурбонгоҳи ва унинг ходалари,

муқаддас қиладиган мой ва хушбўй ҳидли тутатқи,

Муқаддас чодирга кираверишдаги парда,

16қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ, унинг бронза панжараси, ходалари ва ҳамма буюмлари,

қўлювгич ва унинг таглиги,

17ҳовлини тўсиб турадиган пардалар, устунлари, тагликлари ва ҳовлига кираверишдаги парда,

18Муқаддас чодир билан ҳовли учун қозиқлар ва арқонлар,

19Муқаддас хонада хизмат қилганда кийиш учун руҳонийларга ажойиб қилиб тикилган либослар — руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари учун муқаддас либослар.”

 

Халқ Муқаддас чодир учун назрлар олиб келади

 

20Шундай қилиб, Исроил халқининг бутун жамоаси Мусонинг ёнидан қайтиб кетди. 21Юраги завқ–шавққа тўлган ҳар бир одам бориб, Учрашув чодирини ва чодирда доимий хизматларда фойдаланиладиган ашёларни қилиш учун, муқаддас руҳонийлик либосларини тикиш учун Эгамизга назрлар олиб келишди. 22Шундай қилиб, ҳамма юраги завқ–шавққа тўла эркагу аёл ҳар турли олтин тақинчоқларни — жиға, сирға, узук, маржонларни олиб келишди. 23Кимда кўк, сафсар ва қирмизи рангли ип, майин зиғир матоси, эчки жуни, қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери[226] бўлса, олиб келди. 24Ким кумуш ёки бронзани Эгамизга назр қилишга қодир бўлса, уни олиб келиб, Эгамизга назр қилди. Кимда акас ёғочи бўлса, чодирни ва унинг ашёларини тайёрлашда фойдалангани олиб келди. 25Ип йигиришга моҳир аёллар ўз қўллари билан йигирган кўк, сафсар ва қирмизи рангли ипни ва майин зиғирдан йигирилган ипни назр қилиб олиб келишди. 26Эчки жунидан ип йигиришга моҳир аёллар юраги завқ–шавққа тўлиб, эчки жунидан ип йигириб олиб келдилар. 27Оқсоқоллар эфод ва кўкракпечга тақиш учун ақиқ ва бошқа қимматбаҳо тошлар, 28шунингдек, мойчироқлар, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй ҳидли тутатқи учун зираворлар ва зайтун мойи олиб келишди. 29Исроил халқининг юраги завқ–шавққа тўла эркагу аёли Мусо орқали Эгамиз амр этган ҳамма ишни бажаргани Эгамизга кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишди.

 

Муқаддас чодирни қилиш учун Эгамиз танлаган моҳир усталарни Мусо тайинлайди

 

30Кейин Мусо Исроил халқига айтди[227]: “Ана, Эгамиз Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танлади. 31Эгамиз уни Ўз Руҳи билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир, идрокли қилди, қобилият ато қилди. 32У ажойиб бадиий безаклар қилишга ва буларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга, 33қимматбаҳо тошларни ўйиб ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатли қилди. 34Эгамиз Базалилга ва Дан қабиласидан Охисамахнинг ўғли Охолиёвга ўз маҳоратини бошқаларга ўргатиш иқтидорини ато қилди. 35Бу одамлар ҳар қандай ишни бажара олсин, деб Эгамиз уларга маҳорат ато қилди. Улар ҳар қандай ашёдан ҳар турли буюмлар қилишга қодирдир. Улар ижод қилиб, буюмлар ясай оладилар, тўқишни биладилар, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биладилар. Улар ҳар турли ишларни бажаришга моҳир ҳунарманддир.

 

36–БОБ - ЧИҚИШ

 

1Базалил, Охолиёв ва бошқа ҳамма иқтидорли усталар Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарсинлар. Муқаддас чодир ясашда талаб қилинган ҳар қандай хизматни бажаришлари учун Эгамиз уларга маҳорат ва қобилият ато қилган.”

2Мусо Базалилни, Охолиёвни ва Эгамиз қобилият ато қилган ҳамма иқтидорли усталарни, юраги завқ–шавққа тўлган одамларни чақирди.

3Муқаддас чодирни ясаш учун Исроил халқи олиб келган ҳамма назрларни Мусо усталарга берди. Булардан ташқари, халқ ҳар куни эрталаб Мусога кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишарди. 4Ишларни бажараётган ҳамма усталар юмушларини қолдириб, 5Мусонинг олдига келиб айтишди:

— Эгамиз бизга амр этган ишлар учун халқ етарлисидан ортиқ олиб келяпти.

6Шунда Мусо: “Биронта эркак, аёл энди Муқаддас чодир учун назр олиб келмасин”, деб буйруқ берди. Унинг буйруғи қароргоҳ бўйлаб эълон қилинди. Шундан кейин халқ назр олиб келишни тўхтатди. 7Халқнинг олиб келган назрлари ишнинг ҳаммасини бажаришга етиб, ҳатто ортиб ҳам қолар эди.

 

Муқаддас чодир ясалади

 

8Ишлаётганлар орасидаги энг моҳир одамлар Муқаддас чодирни[228] ясадилар:

 

Чодирнинг ички қавати

 

Моҳир тикувчилар Базалилнинг кўрсатмаси билан чодирнинг ички қаватини қилдилар. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлди. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлаб бу чойшабларни безадилар. 9Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак[229] эди. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил эди. 10Улар чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган бештасини ҳам шундай қилдилар. 11-12Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига кўк матодан қилинган элликтадан ҳалқа тикдилар. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара эди. 13Кейин олтиндан элликта илгак ясадилар, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига уладилар. Шунда чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди[230].

 

Чодирнинг ташқи қопламалари

 

14Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тикдилар. 15Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак[231] эди. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда эди. 16Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган олтитасини ҳам шундай қилдилар. 17Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига элликтадан ҳалқа тикдилар. 18Кейин, чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин[232], деб иккала чойшабни бирлаштириш учун бронзадан элликта илгак ясадилар. 19Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан[233] ташқи қоплама қилдилар.

 

Чодирни тутиб турадиган ром

 

20Акас ёғочидан[234] Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар[235] ясадилар. 21Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак[236] эди. 22Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллел бўлган иккита тиргак ясадилар. 23Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар. 24Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдилар, ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлди. 25Чодирнинг шимол томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар. 26Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан — қирқта кумуш таглик ясадилар. 27Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром, 28чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясадилар. 29Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштирдилар. Битта бурчак ҳосил қилиши учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштирдилар. Ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинди. 30Шундай қилиб, ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинди, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан таглик қилинди.

31Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба, 32шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясадилар. 33Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар чодирнинг бошидан охиригача чўзилди. 34Ромларни олтин билан қоплаб, тамбаларни ушлаб турсин, деб олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар[237], тамбаларни ҳам олтин билан қопладилар.

 

Чодирнинг ички пардаси

 

35Майин зиғир матосидан тикилган ички пардани[238] қилдилар. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлатиб, бу пардани безатдилар. 36Ички парда ушлаб турилиши учун акас ёғочидан тўртта устун ясадилар. Устунларга олтин қоплаб, уларга олтин илгакларни маҳкамладилар. Устунлар учун эритилган кумушдан тўртта таглик ясадилар.

 

Чодирнинг киришидаги парда

 

37Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан тикилган парда қилдилар. Уни кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тикиб безатдилар. 38Бу парда ушлаб турилиши учун бешта устун ясадилар. Устунларнинг тепасини ва ҳалқаларини олтин билан қопладилар. Устунларнинг бешта таглигини эса бронзадан қилдилар.

 

37–БОБ - ЧИҚИШ

 

Аҳд сандиғи ва унинг қопқоғи ясалади

 

1Базалилнинг кўрсатмаси билан акас ёғочидан[239]сандиқ[240] ясадилар. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак[241] эди. 2Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплаб, айланаси бўйлаб олтин гулчамбар қилдилар. 3Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, тўртала оёғига маҳкамладилар: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида эди. 4Кейин акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни олтин билан қопладилар. 5Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан сандиқни кўтариб юриш учун ходаларни ўтказдилар. 6Тоза олтиндан сандиқнинг қопқоғини ясадилар. Бу қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак[242] эди. 7Шу билан бирга, олтиндан иккита каруб ясадилар: иккала карубни ҳам қопқоқнинг икки четига зарб уриб ясадилар. 8Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилди. 9Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган эди.

 

Муқаддас нонлар учун хонтахта ясалади

 

10Акас ёғочидан хонтахта[243] ясадилар. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак[244] эди. 11Хонтахтани тоза олтин билан қоплаб, четларига айлантириб олтин гулчамбар ясадилар. 12Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли қилиб олтин билан қопланган тахта қилиб, уни хонтахта оёқларига маҳкамладилар. Олтин гулчамбарни хонтахтанинг айланаси бўйлаб тахта устига қилдилар. 13-15Яна эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдаланилар эди. 16Хонтахтага қўйиладиган буюмларни — лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун коса ва кўзаларни тоза олтиндан ясадилар.

 

Чироқпоя ясалади

 

17Тоза, зарб қилинган олтиндан чироқпоя[245] ясадилар. Бутун чироқпояни ва унинг безакларини бир бутун қилиб ясадилар. Чироқпоянинг таглиги, танаси, куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бор эди. 18Яна чироқпоянинг танасидан олтита шохча чиқарилди: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилди. 19Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бор эди. 20Чироқпоянинг танасида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бор эди. 21Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турарди. 22Чироқпояни шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб зарб қилинган тоза олтиннинг яхлит бўлагидан ясадилар. 23Чироқпояга еттита мойчироқ ясадилар. Мойчироқларга қараб туришда фойдалангани тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясадилар. 24Чироқпоя билан унинг ҳамма буюмларини икки пуд[246] тоза олтиндан ясадилар.

 

Тутатқи қурбонгоҳи ясалади

 

25Акас ёғочидан тутатқи қурбонгоҳи[247] ясадилар. Қурбонгоҳ тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак[248] эди. Қурбонгоҳнинг шохлари[249] ўзидан йўниб чиқарилди. 26Қурбонгоҳнинг устини, ён атрофини, шохларини тоза олтин билан қопладилар, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясадилар. 27-28Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

 

Муқаддас қиладиган мой ва хушбўй ҳидли тутатқи тайёрланади

 

29Уста одам муқаддас қиладиган мой[250] ва тоза, хушбўй ҳидли тутатқи тайёрлади.

 

38–БОБ - ЧИҚИШ

 

Куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясалади

 

1Акас ёғочидан[251] тўртбурчак қилиб куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ[252] ясадилар. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак[253] эди. 2Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган шох[254] ясадилар. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қопладилар. 3Қурбонгоҳнинг ҳамма буюмлари — қозонларни, куракларни, тоғорачаларни, санчқиларни ва оловкуракларни бронзадан ясадилар. 4Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясадилар. Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — ўрнатилган бўртиқнинг остида ўрнатдилар, ярмигача етиб борди. 5Бронза панжаранинг тўртала бурчагига ходаларни ўтказиш учун эритилган бронзадан тўртта ҳалқа ясадилар. 6Акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни бронза билан қопладилар. 7Қурбонгоҳни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун қурбонгоҳ ёнларидаги ҳалқаларга ходаларни ўтказиб қўйдилар. Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқиб, ичини бўш қолдирдилар.

 

Бронза қўлювгич ясалади

 

8Учрашув чодирига кираверишда хизмат қилган аёллар[255] ҳадя қилган бронза ойналардан[256] улар бронза қўлювгични ва унинг таглигини ясадилар.

 

Муқаддас чодир ҳовлиси атрофидаги тўсиқ ясалади

 

9Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин, деб пардадан тўсиқ қилдилар: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдилар. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак[257] эди. 10Ўша тўсиқда йигирмата бронзадан қилинган тагликка йигирмата устун ўрнатилган эди. Шу ердаги пардаларни ушлаб туриш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 11Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсак, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган таглиги бор эди. Унинг пардаларини ушлаб туриш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 12Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак[258], унинг ўнта устуни ва таглиги бор эди. Унинг пардаларини ушлаб туриш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 13Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда эди. 14-15Ҳовлининг кириш жойи шу ер эди. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ўн беш тирсакдан[259], ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бор эди. 16Ҳовлининг ҳамма томонидаги тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдилар, 17устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. Ҳовлининг ҳамма устунларида кумуш ҳалқалар бор эди. 18Ҳовлига кириш жойи учун парда қилдилар. Уни майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тикиб безатдилар. Бу парданинг эни йигирма тирсак[260], бўйи ҳовлининг тўсиб турадиган пардалари каби, беш тирсак[261] эди. 19Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун тираб турди. Устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. 20Муқаддас чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқни ҳам бронзадан қилдилар.

 

Муқаддас чодирда фойдаланилган олтин, кумуш ва бронза

 

21-23Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалил ҳамма ишларни бажариб бўлди. Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёв унинг ёнида бўлди. У ҳунарманд бўлиб, ижод қилар, буюмлар ясай оларди, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биларди.

Мусонинг ихтиёридаги руҳоний Ҳоруннинг ўғли Итамар назорати остида Леви қабиласи ишда фойдаланилган олтин, кумуш ва бронзанинг ҳисобини олиб борган эди. Муқаддас аҳд чодирини[262] ясашда ишлатилган олтин, кумуш ва бронза ҳисоби қуйидагича эди:

 

Олтин

 

24Чодир ясалишига сарф қилинган олтиннинг жами 62,5 пуд[263] эди. Халқ Эгамизганазр қилган олтиннинг ҳисоби шунча эди.

 

Кумуш

 

25Санаб чиқилган халқдан йиғилган кумушнинг[264] жами ҳисоблаб чиқилганда, 211 пуд[265] бўлди. 26Бу миқдор ҳисоблаб чиқилган йигирма ва ундан юқори ёшдаги 603.550 одамнинг ҳар бирига 1,25 мисқолдан[266] тўғри келарди. 27210 пуд кумуш эритилиб, чодирнинг ромлари ва ички пардани ушлаб турадиган устунлар учун 100 та таглик қилишга ишлатилди, ҳар бир таглик учун 2,1 пуд[267] кумуш сарф қилинди. 28Қолган 1 пуд[268] кумуш ҳовли атрофидаги устунлар учун илгаклар ва ҳалқалар ясашга, устунларнинг тепасини қоплашга ишлатилди.

 

Бронза

 

29Халқ Эгамизга назр қилган бронзанинг миқдори 151 пуд[269] эди. 30-31Қуйидаги ашёларни ясашда ўша бронза ишлатилди:

Учрашув чодирига кираверишдаги устунлар учун тагликларни,

бронза қурбонгоҳ билан унинг бронза панжарасини, унинг ҳамма буюмларини,

ҳовлининг атрофидаги пардаларни ушлаб турадиган устунлар учун тагликларни,

ҳовлига кираверишдаги парда учун тагликларни,

Муқаддас чодир билан атрофдаги пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқни.

 

39–БОБ - ЧИҚИШ

 

Руҳонийлик либослари қилинади

 

1Улар кўк, сафсар ва қирмизи ипдан Муқаддас хонада хизмат қилганда кийиш учун руҳонийларга либосларни ажойиб қилиб тикдилар. Ҳорунга муқаддас руҳонийлик либослари тикишди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

 

Олий руҳоний учун эфод

 

2Улар эфодни[270] майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан ва олтиндан қилинган ипдан унга нақш солдилар. 3Олтинни юпқа қилиб ёйиб, ингичка–ингичка қилиб кесиб, олтин ип қилишди. Улар маҳоратларини ишга солиб кўк, сафсар, қирмизи ипдан нақш солинган майин зиғир матосини бу олтин ип билан безатдилар. 4Эфоднинг олд ва орқа қисмларини бир–бирига боғлаш учун иккита елка боғичини қилиб, уларни олд ва орқа қисмларининг устки четига тикдилар. 5Камар ясаб, уни эфодга боғладилар. Камарни ҳам майин зиғир матосидан қилдилар. Унга кўк, сафсар, қирмизи рангли иплардан ва олтиндан қилинган ипдан маҳорат билан нақш солдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

6Кейин муҳр ўйгандай қилиб, Исроил ўғилларининг исмини иккита ақиқ тошга ўйиб ёздилар. Ёзилган тошларни олтиндан қилинган нақшли уялар ичига қўйиб, 7Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туриш учун эфоднинг елка боғичларига ўрнаштирдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

 

Олий руҳоний учун кўкракпеч

 

8Улар кўкракпечни[271] ясадилар. Кўкракпечни, эфод сингари, майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан ва олтиндан қилинган ипдан унга маҳорат билан нақш солдилар. 9Кўкракпечни тўртбурчак халта шаклида, икки букланган, бўйи бир қарич, энига ҳам бир қарич қилиб ясадилар. 10Кўкракпечга тўрт қатор тошни[272] тўғри қилиб тердилар: қизил ёқут, хризолит ва зумрад тошларни биринчи қаторга тердилар. 11Иккинчи қаторга фируза, зангори ёқут ва олмосни тердилар. 12Учинчи қаторга ложувард, агат ва аметист тошларни тердилар. 13Тўртинчи қаторга топаз, ақиқ ва яшма тошларни тердилар. Ҳамма тошларни олтиндан қилинган нақшли уяларга ўрнаштирдилар. 14Бу ўн икки тош Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб турарди. Муҳр ўйгандай қилиб, Исроилнинг ўн икки ўғлидан ҳар бирининг исмини бу тошларнинг ҳар бирига ўйиб ёздилар.

15Улар кўкракпечни эфодга боғлаш учун тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжир ясадилар. 16Яна нақшли иккита олтин уя ва иккита олтин ҳалқа ясаб, иккала ҳалқани кўкракпечнинг устки бурчакларига маҳкамладилар. 17Иккала олтин занжирнинг бир учини кўкракпечдаги ҳалқаларга боғлаб, 18иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамладилар. Уяларни эфоднинг олд томонидаги елка боғичларига ўрнаштирдилар. 19-20Яна олтиндан тўртта ҳалқа ясадилар. Иккитасини кўкракпечнинг остки бурчакларига — эфодга яқин бўлган ички қирғоғига маҳкамладилар. Иккитасини эфоднинг олд томонига, иккала елка боғичининг пастига — нақшли камар устидаги жойга маҳкамладилар. 21Кўкракпеч эфоднинг нақшли камари устида бўлсин, эфоддан осилиб турмасин, деб кўкракпечни ҳалқалари ёрдамида эфоднинг ҳалқаларига кўк боғич билан маҳкамладилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

 

Бошқа руҳонийлик либослари

 

22Эфоднинг ридосини[273] кўк ипдан тўқилган матодан қилдилар. 23Ридонинг ўртасидан бош сиғадиган тешик қилдилар. Ридо йиртилиб кетмаслиги учун тешикнинг қирғоғини тўқидилар. 24-26Ридо этагининг учига айланаси бўйлаб анор шаклини ва қўнғироқчаларни бирин–кетин қилиб биттама–битта осиб чиқдилар. Анор шакли йигирилган кўк, сафсар, қирмизи ипдан қилинган эди. Қўнғироқчалар тоза олтиндан қилинган бўлиб, анор шакли ораларига осилган эди. Ҳорун олий руҳоний бўлиб хизмат қилганда, у шу ридони кийиши керак эди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

27Ҳорун билан унинг ўғилларига майин зиғир матосидан кўйлакларни, 28саллани, пешанабоғларни ва иштонларни қилдилар. 29Белбоғини майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тикиб безатдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

30Тоза олтиндан лавҳани — муқаддаслик рамзини ясадилар. Лавҳанинг юзасига муҳр ўйгандай, “Эгамизга бағишланган”, деб ўйиб ёздилар. 31Лавҳани саллага маҳкамлаш учун кўк боғични лавҳага боғлаб қўйдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.

 

Иш охирига етади

 

32Шундай қилиб, Учрашув чодири — Муқаддас чодир ясалишига оид ҳамма ишлар ниҳоясига етди. Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар. 33Кейин Мусонинг олдига қуйидагилардан иборат Муқаддас чодирни олиб келдилар:

чодирнинг ички қаватини ва унинг ҳамма қисмларини — илгакларини, ромларини тамбаларини, устунлари ва тагликларини,

34қизилга бўялган қўчқор терисидан ёпинчиқни, юмшоқ теридан[274] ёпинчиқ ва Энг муқаддас хонани тўсиб турадиган ички пардани,

35аҳд сандиғини[275], унинг ходалари ва қопқоғини,

36хонтахтани, унинг ҳамма буюмларини ва унга қўйиладиган муқаддас нонларни[276],

37тоза олтиндан қилинган чироқпоя, унга ўрнатилган мойчироқларни, унинг ҳамма буюмларини ва мойчироқлар учун зайтун мойини,

38олтин тутатқи қурбонгоҳини,

муқаддас қиладиган мой[277] ва хушбўй ҳидли тутатқини,

чодирга кираверишдаги пардани,

39бронза қурбонгоҳни, унинг бронза панжарасини, ходалари ва ҳамма буюмларини,

қўлювгични ва унинг таглигини,

40ҳовлини тўсиб турадиган пардаларни, устунларини, тагликларини ва ҳовлига кираверишдаги пардани,

чодир ва ҳовли учун қозиқларни, арқонларни,

Муқаддас чодир — Учрашув чодирида фойдаланадиган ҳамма ашёларни,

41Муқаддас хонада хизмат қилганда кийиш учун руҳонийларга ажойиб қилиб тикилган либослар — руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари учун муқаддас либосларни.

42Хуллас, Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар. 43Мусо қилинган ҳамма ишларни кўздан кечирди, Исроил халқи бу ишларни Эгамизнинг амри бўйича қилганларини кўриб, Мусо уларни дуо қилди.

 

40–БОБ - ЧИҚИШ

 

Муқаддас чодир ўрнатилиб, бағишланади

 

1Эгамиз Мусога айтди: 2“Биринчи ойнинг[278] биринчи куни Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни ўрнаттир. 3Сўнг аҳд сандиғи[279] чодирга олиб кирилсин, сандиқниички парда[280] билан тўсдир. 4Кейин хонтахта олиб кирилсин. Хонтахтага тегишли ашёларни унинг устига жойлаштир. Чироқпоя ҳам олиб кирилсин[281], чироқпояга мойчироқларни ўрнаштир. 5Олтин тутатқи қурбонгоҳини аҳд сандиғи олдига қўйдир[282]. Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдир. 6Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда ўрнаштир. 7Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнаштириб, ичига сув қуйдир. 8Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишдаги пардани осдир.

9Кейин муқаддас қиладиган мойни[283] олиб, чодирга ва унинг ҳамма ашёларига суртиб чиқиб, Менга бағишла. Шунда чодир муқаддас бўлади. 10Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига ҳам мой суртиб, Менга бағишла. Шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади. 11Қўлювгичга ва унинг таглигига ҳам мой суртиб, Менга бағишла.

12Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодири кираверишига олиб кел. Ҳаммаларини сув билан юв. 13Сўнг Ҳорун руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилиши учун бағишла: унга муқаддас руҳонийлик либосларини кийгизиб, мой сурт. 14Шундан кейин Ҳоруннинг ўғилларини ҳам олиб келиб, уларга кўйлак кийгиз. 15Отасига мой суртганингдай, уларга ҳам мой сурт, токи улар руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишсин. Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртиш билан уларнинг ўзлари ҳам, насллари ҳам авлодлар оша Менга руҳоний бўлиб, хизмат қилишлари учун сен уларга ижозат берган бўласан.”

16Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажариб бўлди. 17-18Иккинчи йилнинг биринчи ойида[284], ойнинг биринчи куни Мусо Муқаддас чодирни ўрнаттирди: у ҳамма тагликларни жойига қўйдирди, ромларни ўрнаштириб, тамбаларни жойлаштирди, устунларни ўрнаштирди. 19Сўнгра чодирни тутиб турадиган ромлар устига чойшаблар ва қопламаларни ташлатди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

20Кейин аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани[285] олиб, сандиққа солиб қўйди. Ходаларни сандиқ ҳалқасидан ўтказгач, сандиқнинг қопқоғини сандиқ устига ўрнаштирди. 21Сандиқни Муқаддас чодирга олиб кирди. Ички пардани осиб, аҳд сандиғини тўсдириб қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

22Учрашув чодирига — чодирнинг шимол томонига, ички парданинг ташқарисига хонтахтани қўйдирди. 23Хонтахта устига — Эгамизнинг ҳузурига муқаддас нонларни[286] қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

24Учрашув чодирига — хонтахтанинг рўпарасига, чодирнинг жануб томонига чироқпояни қўйдирди. 25Эгамизнинг ҳузурига — чироқпояга мойчироқларни ўрнаштирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

26Учрашув чодиридаги ички парданинг ташқарисига олтин тутатқи қурбонгоҳини қўйдирди. 27Қурбонгоҳда хушбўй ҳидли тутатқи тутаттирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

28Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдирди. 29Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ўрнаштирди. Сўнг қурбонлик билан дон назри[287] келтириб, қурбонгоҳда куйдирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

30Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўлювгични ўрнаштириб, ювиниш учун ичига сув қуйдирди. 31-32Мусо, Ҳорун ва Ҳоруннинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки қурбонгоҳда назрларни куйдирганларида, қўлювгичдаги сув билан оёқ–қўлларини ювишарди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

33Сўнгра Мусо чодир билан қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишда пардани осдирди. Шундай қилиб, Мусо ишини тугатди.

 

Булут ва Эгамизнинг улуғворлиги

 

34-35Кейин Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни булут қоплади, Эгамиз улуғворлиги билан зоҳир бўлиб чодирни тўлдирди. Шунинг учун Мусо чодирга кира олмади. 36Чодирдан булут кўтарилганда, Исроил халқи ҳар бир тўхтаган жойидан йўлга чиқиб саёҳатини давом эттирарди. 37Булут кўтарилмасдан, то булут кўтариладиган кун келмагунча, улар йўлга чиқишмасди. 38Шундай қилиб, Исроил халқи бутун саёҳатлари давомида кундузи Муқаддас чодир устида Эгамиз зоҳир бўладиган булутни, кечаси чодир тепасидаги булут ичида ёнаётган алангани кўрардилар.

 


[1] 1:4 - [1-4] Исроил — Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг).

[2] 1:5 - етмиш — Ибтидо 46:8-27 га ва Ибтидо 46:27 изоҳига қаранг.

[3] 1:8 - янги фиръавн — тахтга ўтирган янги шоҳ сулоласи назарда тутилган бўлиши мумкин.

[4] 1:11 - ...Питом ва Рамзес...шаҳарлар... — Питом шаҳри Муқаддас Китобда фақат бир марта тилга олинган. Бу шаҳарнинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас, бироқ у Миср шимолидаги Нил дельтасининг ерларида жойлашган бўлиши мумкин. Рамзес шаҳри кейинчалик ўша жойда яшаган фиръавн Рамзес II номи билан аталган машҳур шаҳарга ишора. Бу шаҳар ҳам Нил дельтасининг ерларида жойлашган эди, лекин унинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас.

[5] 2:4 - опа — яъни Марям (Саҳрода 26:59 га қаранг).

[6] 2:10 - Мусо — мисрча исм бўлиб, туғилган деган маънони англатади. Бу исм ибронийчадаги чиқариб олмоқ сўзларига оҳангдош. Мусо сувдан чиқариб олинган, кейинчалик Худо Мусони юбориб, Қизил денгиз сувлари орқали Исроил халқини Мисрдан чиқариб олган эди (13:17-14:31 га қаранг). Мусога қўйилган бу исм Худонинг Исроил халқини Мусо орқали озод қилиш ҳақидаги илоҳий режасини аён қилади. Ҳақиқатдан, Мусо Худо томонидан танланган халоскор эди.

[7] 2:15 - Мидиён юрти — Мисрдан шарқда жойлашган. Бу оятда тилга олинган Мидиён юртининг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас. Бу юрт Синай ярим оролида ё Ўлик денгизнинг жанубидаги ерларда ёки ҳозирги Ақаба қўлтиғининг шарқ томонида жойлашган бўлса керак.

[8] 2:18 - Ятро — ибронийча матнда Рувел, Ятронинг яна бир исми (3:1 га қаранг).

[9] 2:22 - Гершом — бу исм ибронийчадаги у ерда мусофир сўзларига оҳангдош. Мусо илгари мусофир бўлиб яшаган, Исроил халқи эса ҳамон мусофир бўлиб яшаётган Миср юртига ишора.

[10] 2:24 - Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб билан аҳд қилиб берган ваъдаси... — Ибтидо 12:1-3, 26:2-5, 28:13-15 га қаранг.

[11] 3:1 - Синай — ибронийча матнда Хорев, Синай тоғининг яна бир номи.

[12] 3:8 - сут ва асал оқиб ётган юрт — ниҳоятда ҳосилдор ерни билдирувчи ибора. Мўл–кўл сут — мол учун кўм–кўк яйловларнинг кўплигини билдиради. Асал — хурмодан олинадиган қуюқ, ширин мураббога ишора бўлиши мумкин. Мураббонинг мўллиги яхши ҳосил берадиган ерни билдиради.

[13] 3:13 - “Ким У?” — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси Унинг исми нима? Ибронийчада бирортасининг исмини билиш ўша одамнинг характери ва хулқ–атворини яхши билиш деганидир. Бу оятдаги савол Худонинг исмини билиш учун эмас, балки Исроил халқи ва Мусо ўз ота–боболарининг Худосини янада яхшироқ билишлари учундир. Мусо ўзига берилган куч ва ҳокимиятга унча ишонмай: “Мен ким бўлибман...?!” деб сўраган (шу бобнинг 11–оятига қаранг). Мусо энди Исроил халқи ҳам ўзидан: “Ота–боболаримизнинг Худоси ким?” деб сўрашини кутяпти. Худо қандай куч ва ҳокимиятга эга? Қандай қилиб У мисрликларга ва уларнинг сон–саноқсиз худоларига қаршилик қилиб, фиръавнга, Исроил халқини қўйиб юбор, деб айта олади? Яна шу бобнинг 14–оятидаги изоҳга қаранг.

[14] 3:14 - Мен ҳар доим бор бўлган Худоман... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — Мен бор бўлган Менман. Мусонинг саволига жавоб сифатида Худо Ўзини барча ҳодисалар устидан чексиз куч ва ҳокимиятга эга бўлган — ҳар доим бор бўлган Худо сифатида аён қилди (яна шу бобнинг 15–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[15] 3:15 - Эгамиз — ибронийчада ЙҲВҲ (Йаҳвеҳ деб талаффуз қилинган бўлиши мумкин), Худонинг исми. ЙҲВҲ ибронийчадаги мен борман феълига оҳангдош, бу феъл шу бобнинг 14–оятида уч марта ишлатилган. Кўпчилик олимлар ЙҲВҲ ибронийча бор бўлмоқ феълининг илк шакли бўлиши мумкин, деб тушунадилар. Бу таржимада ЙҲВҲ сўзи Эгам, Эгамиз... деб таржима қилинган (тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Худонинг номларидан Эгам, Эгамиз... сўзига қаранг).

[16] 4:6 - ...яра тошиб... — бу ибора ибронийчада ҳар хил тери касалликларига нисбатан ишлатилган сўзнинг таржимасидир. Одатда бу иборани моҳов касаллигига ишора деб тушунишади. Тери касалликларидан бирортасига йўлиққан киши бошқаларга ўз касаллигини юқтирмасин, деб ажратиб қўйилиши шарт эди. Қонунларга кўра, бундай одам бошқа бирор одамга тегиб кетиб, уни ҳаром қилиб қўймаслиги учун ҳам алоҳида ажратилиши керак эди (Левилар 13:45-46 га қаранг).

[17] 4:20 - Худо, ол, деб тайинлаган таёқ — ёки Худонинг қудратига эга бўлган таёқ.

[18] 4:24 - ...Мусога... — ёки Мусонинг ўғлига. Ибронийча матнда унга, бу ўринда Мусога ёки унинг ўғли назарда тутилган бўлиши мумкин (яна шу бобнинг 25–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[19] 4:24 - ...сал бўлмаса уни ўлдирай деди — У бирданига Худо томонидан юборилган жиддий хасталикка йўлиққан бўлиши мумкин.

[20] 4:25 - Зиппура — Мусонинг хотини (2:16-21 га қаранг).

[21] 4:25 - тош пичоқ — бу пичоқ қоятошдан ясалган эди. Қоятошни йўниб, унинг учини ўткир қилиш мумкин.

[22] 4:25 - ...Мусонинг оёқларига... — ёки ўғлининг оёқларига. Ибронийча матнда унинг оёқларига. Бу ўринда Мусонинг оёқлари ёки ўғлининг оёқлари назарда тутилган бўлиши мумкин. Бу оятдаги оёқ сўзи кўчма маънода ишлатилган бўлиб, жинсий аъзони билдириши мумкин. Олимлар бу оятда ва шу бобнинг 24–оятида Мусо ёки унинг ўғли ҳақида гап кетаётгани тўғрисида бир фикрга кела олмайдилар. Агар Мусо ҳақида гап кетаётган бўлса, демак, Мусо ўғлини суннат қилмагани учун Худонинг қаҳрига учраганини Зиппура тушуниб, Мусони халос қилиш учун ўғлини суннат қилган. Бу ҳодиса Худонинг ўз халқи билан тузган аҳдининг белгиси бўлган суннатнинг қанчалик муҳимлигини кўрсатади (яна Ибтидо 17:9-14).

[23] 4:27 - Худонинг муқаддас тоғи — Синай тоғига ишора.

[24] 5:5 - қароллар — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — ерли халқ, иброний қаролларига ишора.

[25] 5:9 - ...беҳуда гапларга қулоқ солишмасин — Яъни Мусо ва Ҳорун Исроил халқига айтган гапларга (4:29-31 га қаранг).

[26] 6:3 - Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим — Ибтидо 17:1-8, 28:1-5, 35:11-13 га қаранг.

[27] 6:3 - Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси, деб танилмаган эдим — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — Аммо ЙҲВҲ исмим билан уларга танилмаган эдим (3:15 изоҳига қаранг). Ибронийчада бирортасининг исмини билиш ўша одамнинг характери ва хулқ–атворини яхши билиш деганидир. Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб Худонинг ЙҲВҲ исмини билган бўлсалар ҳам, Худонинг характери ва фазилатлари ҳақидаги уларнинг билими ўзларининг ҳаётий тажрибаси билан чекланган эди. Худо Ўзини Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга зоҳир қилгандай, энди Ўзини Исроил халқига ҳам танитмоқчи, лекин бу сафар У Ўз халқига характери ва фазилатларининг бошқа томонларини аён қилмоқчи (шу бобнинг 1–оятига қаранг). Уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдини амалга оширадиган Худо эканлигини, Ўзининг буюк садоқатини кўрсатмоқчи (шу бобнинг 4-5–оятларига қаранг). Исроил халқини Мисрдаги қулликдан озод қилиб, уларни Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга онт ичиб, сизларга бераман, деган юртга олиб боради (шу бобнинг 6-8–оятларига қаранг).

[28] 6:4 - ...улар билан аҳд қилдим — Ибтидо 12:1-3, 26:2-5, 28:13-15 га қаранг.

[29] 6:14 - Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг).

[30] 8:21 - сўналар — бу ўриндаги ибронийча сўз оддий пашша ёки пашшасимон чақадиган ҳашаротни билдириши мумкин.

[31] 8:22 - Гўшен ерлари — Нил дельтасининг шарқидаги ҳосилдор ерлар (Ибтидо 45:10, 47:6 га қаранг).

[32] 8:23 - Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман — Қадимий грекча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матннинг 9:4 да ҳам шу сингари ёзилган. Ибронийча матннинг бу оятидаги сўзма–сўз таржимаси — ўз халқим ва сенинг халқинг орасига нажот қўяман. Бу гап Мен Ўзимнинг халқимни халос этаман–у, сенинг халқингни эса йўқ, деб таржима қилиниши ҳам мумкин.

[33] 8:26 - Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак...бизни тошбўрон қилмайдиларми?! — Мисрликлар баъзи ҳайвонларни муқаддас деб билганлар ва ўша ҳайвонларнинг тасвирларига сиғинганлар. Борди–ю, мисрликлар Исроил халқининг ўша ҳайвонларни Худога қурбонлик қилганини кўрсалар, ниҳоятда ғазабланган бўлар эдилар. Мусо буни билар эди.

[34] 9:32 - ...буғдой кечки бўлгани учун... — Ибронийча матнда икки хил буғдой ҳақида сўз юритилган. Бу кечки буғдойнинг ўрими арпа ва зиғирпоянинг ўримидан тахминан 1 ой кейин — март ойининг охирида ёки апрель ойининг бошида бошланар эди (шу бобнинг 31–оятига қаранг).

[35] 10:4 - чигирткалар — чигирткалар баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказади.

[36] 10:19 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу ном мана шу оятда ҳозирги Суэц қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–ғарбидаги қўлтиққа) ишора қиляпти.

[37] 11:1 - Эгамиз Мусога айтганди... — 3:20-22, 4:21-23 га қаранг.

[38] 12:2 - Бу ой...йилнинг биринчи ойи бўлади — иброний календарининг Абиб ойига қарата айтилган (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра бу ой мартнинг ўртасидан бошланади.

[39] 12:7 - кесаки — эшик ўрнатилган чорчўп.

[40] 12:14 - Бу кунни... — Биринчи ойнинг ўн бешинчи кунига ишора. Шу куни Хамиртурушсиз нон байрами бошланар эди. Бу байрам ўша ойнинг ўн тўртинчи кунида ўтказиладиган Фисиҳ зиёфатидан алоҳида нишонланарди.

[41] 12:18 - Биринчи ой — 12:2 изоҳига қаранг.

[42] 12:21 - ...қўзи ёки улоқча танлаб олиб, Фисиҳ зиёфатига қурбонлик қилинглар — Юқорида батафсил берилган кўрсатмаларнинг умумий шакли (шу бобнинг 3-6, 8-11–оятларига қаранг).

[43] 12:22 - иссоп ўти — бу ўриндаги ибронийча сўз майда кўк гулли, барглари муаттар ҳидли ўсимлик назарда тутилган. Бу ўсимликнинг барглари майда тук билан қоплангани учун уни чўтка сифатида ишлатса ҳам бўлар эди.

[44] 12:37 - Сухўт — Рамзесдан қарийб 50 километрча жануби–шарқда жойлашган.

[45] 13:4 - Абиб ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра бу ой мартнинг ўртасидан бошланади.

[46] 13:5 - сут ва асал оқиб ётган ўша юрт — 3:8 изоҳига қаранг.

[47] 13:13 - эшак — асосий транспорт воситаси бўлиб хизмат қилгани учун муҳим бир ҳайвон эди. Эшак ҳаром ҳисоблангани учун уни Худога қурбонлик қилиб бўлмас эди, шунинг учун биринчи туғилган эркак эшак боласини қайтариб сотиб олиш керак эди. “Ҳалол” ҳайвонларнинг (қўй, эчки, мол) тўнғич эркак боласи эса қурбонлик қилинар эди (Саҳрода 18:15-17 га қаранг).

[48] 13:13 - ...ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим — Саҳрода 18:15-16 га қаранг.

[49] 13:17 - Филист халқининг юрти орқали ўтадиган йўл — Нил дельтасидан Канъон юртига борадиган энг қисқа йўл. Бу йўл Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйлаб борар эди.

[50] 13:18 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу ном мана шу оятда ҳозирги Суэц қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–ғарбидаги қўлтиққа) ёки Суэц қўлтиғи ва Ўрта ер денгизи оралиғида жойлашган кўллардан бири назарда тутилган бўлиши мумкин. Бу оятдаги денгизнинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас, бироқ 14:10-31 даги ҳодисаларнинг тафсилотига кўра, бу денгиз шунчалик катта бўлганки, Исроил халқига катта бир тўсиқ бўлган. Шунчалик чуқур бўлганки, Миср лашкарлари чўкиб кетган.

[51] 13:19 - Юсуф...деган эди — Ибтидо 50:24-25 га қаранг.

[52] 14:2 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи. 13:18 изоҳига қаранг.

[53] 14:25 - ...ғилдираклари ботиб қолди — Самария Тавроти қўлёзмаларидан, қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда ғилдиракларини чиқариб юборди.

[54] 15:2 - ...куч–қудратимдир — ёки қудратим, шукрона қўшиғимдир.

[55] 15:3 - ...У жангчидир, У Эгамиздир — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — ЙҲВҲ жангчидир, ЙҲВҲ Унинг исмидир. Энди Исроил халқи ўз кўзи билан Худонинг қилган ишларини кўриб, Унинг кимлигини тўлароқ тушунадиган бўлдилар. Худо ўз халқи Исроил учун курашадиган кучли жангчидир (14:14, 25 га қаранг). Яна 3:13, 14, 15, 6:3 изоҳларига қаранг.

[56] 15:4 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи (шу бобнинг 22–оятида ҳам бор). 13:18 изоҳига қаранг.

[57] 15:13 - Муқаддас маконинг — Канъон юртида жойлашган Қуддусдаги Сион тоғи назарда тутилган бўлиши мумкин (яна шу бобнинг 17–оятига қаранг). Ўша ерда кейинчалик Маъбад қурилган эди. Маъбад яна “Худонинг уйи”, деб аталар эди. Тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Сион сўзига қаранг.

[58] 15:17 - ...Ўз тоғингга...муқаддас масканингга... — Шу бобнинг 13–оятидаги изоҳга қаранг.

[59] 15:23 - Маро — ибронийчадаги маъноси тахир.

[60] 16:1 - ...бир ой ўтгач... — Ибронийча матнда иккинчи ойнинг ўн бешинчи куни, иброний календарининг Зив ойига қарата айтилган. Ҳозирги календарга кўра бу ой апрелнинг ўртасидан бошланади. Исроил халқи Мисрдан бир ой олдин, иброний календарининг биринчи ойи ўн тўртинчи куни чиққан эди (12:2-13 га ва 12:2 изоҳига қаранг).

[61] 16:1 - Син саҳроси — Синай ярим оролининг ғарб томонидаги бу саҳронинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас.

[62] 16:4 - Нон — ибронийчада нон сўзи умуман егуликка нисбатан ҳам ишлатилади. Худо Исроил халқига осмондан гўшт ва кейинчалик “манна”, деб номланган егулик етказиб беради (шу бобнинг 6-8, 13-15, 31–оятларига қаранг).

[63] 16:5 - олтинчи куни — Исроил халқи дам оладиган Шаббат кунидан олдинги Жума куни назарда тутилган (шу бобнинг 29-30–оятларига қаранг). Шаббат куни дам олиш кейинчалик Мусо орқали берилган қонунлар мажмуасига киритилган эди (20:8-11, 31:12-17 га қаранг).

[64] 16:16 - бир омир — нарсаларни ўлчаш учун ишлатилган кичкина бир идиш. Бу идишнинг ҳажми тахминан 2 литрча эди (шу бобнинг 36–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг). Шу бобнинг 18, 22, 32, 33–оятларида ҳам бор.

[65] 16:23 - ...Мусо уларга айтди... — Олтинчи куни одамлар ҳар кунгидан икки баробар кўпроқ манна йиғишлари кераклигидан оқсоқоллар хабардор эдилар (шу бобнинг 5–оятига қаранг). Энди Мусо уларга нима учун бундай қилишлари кераклигини тушунтириб беряпти.

[66] 16:31 - манна — бу ном ибронийчадаги Бу нима? сўзларига оҳангдош (шу бобнинг 15–оятига қаранг).

[67] 16:33 - ...Эгамизнинг ҳузурига қўй... — Муқаддас чодирнинг Энг муқаддас хонасидаги аҳд сандиғига ишора (шу бобнинг 34–оятига қаранг). Бу келажакда бажарилиши керак бўлган амрдир, чунки ўша пайтда Муқаддас чодир ҳали ясалмаган эди (25:10-22, 26:1-37 га қаранг).

[68] 16:34 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик, аҳд сандиғининг яна бир номи. Ибронийча матндаги гувоҳлик сўзи ўнта амр ёзилган иккита тош лавҳага ишора. Иккала тош лавҳа сандиқнинг ичида сақланиб, Худо ва Унинг халқи ўртасида тузилган аҳднинг жисмоний гувоҳи бўлиб хизмат қиларди.

[69] 16:35 - Исроил халқи кейинги қирқ йил давомида...манна тановул қилдилар — Ёшуа 5:10-12 га қаранг.

[70] 16:36 - ...омир деб айтилган — Бу ўлчов бирлиги ушбу китоб ёзилган пайтда китобхонлар учун номаълум бўлган бўлса керак.

[71] 16:36 - тўрт коса — ибронийча матнда эфанинг ўндан бир қисми, тахминан 2 литрга тўғри келади.

[72] 17:1 - ...бир жойдан бошқа жойга кўчиб... — Саҳрода 33:12-14 га қаранг.

[73] 17:1 - Син саҳроси — 16:1 изоҳига қаранг.

[74] 17:1 - Рафидим — Исроил халқи Синай тоғига етиб боришидан олдин охирги тўхтаган жойи. Рафидимнинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас.

[75] 17:6 - Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи.

[76] 17:7 - ...Массах...Марива... — Ибронийчада Массах исмининг маъноси — синов, Марива исмининг маъноси — жанжал.

[77] 17:9 - Худо, ол, деб тайинлаган таёқ — ёки Худонинг қудратига эга бўлган таёқ.

[78] 17:15 - “Эгам байроғимдир” — Бу ердаги “байроқ” сўзи уруш вақтида жангчиларни руҳлантирган лашкарлар рамзи назарда тутилган. Мусо қурбонгоҳга “Эгам байроғимдир” деган ном қўйиб, шу орқали Исроил халқига жанг қилиш учун кучни ва ғалабани ёлғиз Эгамиз бера олишини эслатмоқчи. Мусо “байроқ”, деб жанг давомида кўтариб турган ҳассасини назарда тутган бўлиши мумкин (шу бобнинг 9–оятига қаранг). Мусонинг ҳассаси Худо кучининг ва Исроил халқига берган ёрдамининг рамзи бўлиб хизмат қиларди.

[79] 17:16 - “Омолеқлар...Эгамиз доимо уларга қарши урушда бўлади” — ёки “Эгамизнинг байроғини баланд тутинглар! Эгамиз Омолек халқига қарши то абад урушни давом эттиради”. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[80] 18:2 - Мусо хотинини отаси ёнига жўнатиб юборганда... — Бу ҳодиса китобда ёзилмаган, бироқ 4:18-26–оятлардаги ҳодисалардан кейин юз берган бўлса керак. Демак, шу бобнинг 3-4–оятлари ўша ҳодисадан олдинги пайтга — Мусо икки ўғлига исм қўйган вақтга ишора қиляпти (2:22 га қаранг).

[81] 18:3 - Гершом — 2:22 изоҳига қаранг.

[82] 18:4 - ...мени фиръавннинг қиличидан қутқарди — 2:1-15 га қаранг.

[83] 18:4 - Элиазар — ибронийчадаги маъноси Худойим ёрдамдир.

[84] 18:5 - Худонинг муқаддас тоғи — Синай тоғига ишора.

[85] 19:2 - [1-2] Рафидим — 17:1 изоҳига қаранг.

[86] 19:2 - [1-2] учинчи ойнинг биринчи куни — иброний календарининг Шавон ойига қарата айтилган. Ҳозирги календарга кўра бу ой майнинг ўртасидан бошланади. Исроил халқи Мисрдан чиққанига олти ҳафта бўлган, еттинчи ҳафта бошланган эди (Саҳрода 33:3 га қаранг).

[87] 19:10 - ...халқ поклансин... — Руҳий хизматни лозим даражада бажаришга тўсқинлик қиладиган нопокликдан тозаланиш маросими назарда тутилган.

[88] 19:22 - руҳонийлар — бу ўринда оқсоқоллар (3:18, 12:21, 18:12 га қаранг) ёки махсус танланган йигитлар — тўнғич фарзандлар (24:5 ва Саҳрода 3:11-13 га қаранг) назарда тутилган бўлиши мумкин. Ҳоруннинг насли руҳонийликка кейинроқ тайинланган эди (28-29–бобларга қаранг).

[89] 20:5 - Ўша худолар ёки бутларга... — Ибронийча матнда уларга, шу бобнинг 3, 4–оятларида айтиб ўтилган худолар ва бутларга ишора.

[90] 20:6 - ...минг–минг авлодларига... — ёки мингинчи авлодига ёхуд мингларига.

[91] 20:7 - ...исмини суиистеъмол қилманг — Бунга Худонинг номи билан бирор ишни қиламан, ҳақиқатни айтаман, деб қасам ичгандан кейин ўша ваъдани бузиш, онтдан қайтиш, Худонинг номи билан лаънатлаш ёки уни лаънат сифатида ишлатиш, Худо айтганимни қилсин, деб қилинган ҳар хил ишлар киради (мисол учун, Худонинг номи билан фол очиш ёки сеҳр–жоду қилиш).

[92] 20:26 - ...зинапоядан чиқаётганингизда, очиқ жойларингиз кўриниб қолади — Қадимги Исроилда эркаклар кийимининг белидан пасти кенг эди. Исроил халқи билан муносабатда бўлган бошқа халқларнинг руҳонийлари сажда маросимида номаъқул кийимлар кийишар эди. Исроил халқининг руҳонийлари эса кийган кийимига алоҳида эътибор бериб, қурбонгоҳда ўзларининг яланғоч жойларини кўрсатмасликлари керак эди (яна 28:42-43 га қаранг).

[93] 21:6 - ...ҳакамлар ҳузурига... — ёки Менинг ҳузуримга, яъни Худо ҳузурига. Бу ўриндаги ибронийча сўз Худога, илоҳий зотларга ёки инсоний ҳукмдору ҳакамларга ишора қилган бўлиши мумкин. Бу ўринда Худонинг ҳокимияти билан иш юритган ҳакамлар назарда тутилган.

[94] 21:14 - ...Менга аталган қурбонгоҳга қочиб борса... — Қурбонгоҳ муқаддас ҳисоблангани учун, қурбонгоҳга қочиб борган одам айби тасдиқлангунча ўлим жазосидан ҳоли ҳисобланар эди. Бу оятдаги вазиятда қотил одамни қасддан ўлдиргани маълум бўлгани учун, ҳатто қурбонгоҳ ҳам уни ҳаққоний жазодан қутқара олмайди.

[95] 21:22 - ...аёл чала туғиб қўйса–ю... — ёки аёлнинг ҳомиласи тушиб қолса–ю.

[96] 21:25 - ...жон эвазига жон...лат ейиш эвазига лат ейиш билан жавоб берсин — Бу гап қонуний асосни ташкил қилиб, келтирилган ҳар қандай зарар учун одил жазо берилиши кераклигини билдиради. Демак, бу қонунни сўзма–сўз тушуниш керак эмас. Мисол учун матннинг бошқа жойларида одамнинг ўлганига айбдор бўлган киши ўлдирилиши ёки ўз жони эвазига пул тўлаши кераклиги ҳақида ёзилган (шу бобнинг 29-32–оятларига қаранг). Шунингдек, қулининг кўзига уриб, уни кўр қилиб қўйган ёки унинг тишини синдирган одамга жазо сифатида жисмоний жароҳат етказилмас эди. Аксинча, ўша одам қулига етказган жароҳати учун қулини озодликка чиқариши керак эди (шу бобнинг 26-27–оятларига қаранг).

[97] 21:32 - ўттиз бўлак кумуш — ибронийча матнда ўттиз шақал кумуш, тахминан 330 граммга тўғри келади. Қадимги пайтларда маълум ўлчамдаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган.

[98] 21:33 - чуқур — сардоба назарда тутилган бўлиши мумкин. Сардоба — ёмғир сувини сақлаш учун фойдаланилган чуқурлик.

[99] 21:33 - мол ёки эшак — ниҳоятда муҳим уй ҳайвонлари бўлиб, бу ўринда қонуннинг ишлаш жараёнини намойиш қилиш учун мисол сифатида келтирилган.

[100] 22:8 - ...ҳакамлар ҳузурига... — ёки Менинг ҳузуримга. 21:6 изоҳига қаранг.

[101] 22:9 - ...ҳакамлар ҳузурига...Ҳакамлар... — ёки Менинг ҳузуримга...Мен. 21:6 изоҳига қаранг.

[102] 22:10 - ...ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса... — Бу оятда мол яйловда ўтлаб юрган пайтда босқинчилар томонидан ўғирлаб кетилгани назарда тутилган. Бундай ҳолда аксини кўрсатадиган гувоҳ бўлмаса, молга қараган одам ўзининг айбсизлиги ҳақида онт ичса, у бу жиноятда айбдор ҳисобланмайди.

[103] 22:20 - ...ўлимга ҳукм қилинглар — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган.

[104] 22:28 - Мени, Худойингизни... — ёки Ҳакамларингизни. Бу ўриндаги ибронийча сўз Худога, илоҳий зотларга ёки инсоний ҳукмдору ҳакамларга ишора қилган бўлиши мумкин.

[105] 22:29 - Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар — 13:2, 11-16 ва Саҳрода 18:15-16 га қаранг.

[106] 23:11 - Еттинчи йили — Левилар 25:1-7 га қаранг.

[107] 23:15 - Абиб ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра бу ой мартнинг ўртасидан бошланади.

[108] 23:15 - Абиб ойининг белгиланган вақтида...Мен сизларга амр этганимдай... — 12:14-20 га қаранг.

[109] 23:16 - Чайла байрами — ибронийча матнда Йиғиш байрам, Чайла байрамининг яна бир номи.

[110] 23:19 - Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар — Канъондаги халқлар байрам маросимида бундай таомни тайёрлаб, ўз худоларидан яхши ҳосил беришини сўрар эдилар. Шу сабабдан Исроил халқига бундай таомни тайёрлаш ман этилган бўлиши мумкин. Исроил халқи Канъондаги халқларнинг одатларига эргашиши мумкинмас эди (шу бобнинг 32-33–оятлари ва 34:11-16 га қаранг).

[111] 23:28 - Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини...олдингиздан қуваман — ёки Мен Хив, Канъон ва Хет халқлари қувиш учун олдингиздан қовоқ ариларни юбораман.

[112] 23:31 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу ном мана шу оятда ҳозирги Ақаба қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–шарқидаги қўлтиққа) ишора қиляпти. Ақаба қўлтиғи Исроил юртининг жануби–шарқий чегарасини ташкил қилар эди.

[113] 23:31 - Ўрта ер денгизи — ибронийча матнда Филист халқининг денгизи. Ўрта ер денгизи Исроил юртининг ғарбий чегарасини ташкил қилар эди.

[114] 23:31 - ...саҳродан Фурот дарёсигача... — Синай ярим оролининг шимоли–шарқидаги бу саҳро Исроил юртининг жанубий чегарасини, Фурот дарёси эса шимоли–шарқий чегарасини ташкил қилар эди.

[115] 24:1 - Сен Ҳорунни...Менинг ҳузуримга олиб келинглар — Бу оятдаги Худонинг айтган амри шу бобнинг 9–оятида амалга ошади.

[116] 24:7 - Аҳд китоби — Мусо ёзган амрлар ва қонун–қоидалар назарда тутилган (шу бобнинг 4–оятига қаранг). Ўша китоб таркибига 20-23–бобларда Худо Мусога берган амрлар ва қонун–қоидалар

[117] 24:12 - Тоққа...чиқиб... — Шу бобнинг 9-11–оятларидаги ҳодисалардан кейин Мусо ва ёнидаги одамлар тоғдан тушган эдилар.

[118] 25:5 - юмшоқ тери — ибронийча матнда бу сўзнинг маъноси баҳсли. Юқори сифатли тери назарда тутилган бўлиши мумкин.

[119] 25:5 - акас ёғочи — қуруқ жойларда ўсадиган акас дарахтининг ёғочи қаттиқ, чидамли ва енгил бўлади.

[120] 25:6 - муқаддас қиладиган мой — зайтун мойи ва зираворлар махсус аралашмасидан ҳосил бўлган бу мойнинг тури фақат руҳонийлар томонидан диний маросимларни адо этиш учун ишлатилган (30:22-33 га қаранг).

[121] 25:10 - сандиқ — луғатдаги аҳд сандиғи сўзининг расмига қаранг.

[122] 25:10 - ...узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак... — Узунлиги тахминан 110 сантиметрга, эни ва бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[123] 25:16 - ...аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани... — Ибронийча матнда гувоҳликни, иккита тош лавҳага ишора. Ўша тош лавҳалар Худо ва Унинг халқи ўртасида тузилган аҳднинг жисмоний гувоҳи бўлиб хизмат қиларди.

[124] 25:17 - ...узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак... — Шу бобнинг 10–оятидаги изоҳга қаранг.

[125] 25:21 - иккита тош лавҳа — ибронийча матнда гувоҳлик. Шу бобнинг 16–оятидаги изоҳга қаранг.

[126] 25:22 - Аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг.

[127] 25:23 - хонтахта — луғатдаги олтин хонтахта сўзининг расмига қаранг.

[128] 25:23 - ...узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак... — Узунлиги тахминан 90 сантиметрга, эни тахминан 45 сантиметрга, бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[129] 25:30 - муқаддас нонлар — бу нонлар Эгамизнинг Муқаддас чодирда зоҳир бўлишини акс эттирувчи тимсол бўлиб, Худо Исроил халқининг қудрати ва егулик манбаи эканлигидан дарак бериб турган. Бу нонлар чодирдаги махсус хонтахтага қўйилиб, ҳар шанба куни янги пиширилган нонлар билан алмаштирилган.

[130] 25:31 - чироқпоя — луғатдаги чироқпоя сўзининг расмига қаранг.

[131] 25:39 - икки пуд — ибронийча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади.

[132] 26:1 - Муқаддас чодир — луғатдаги Муқаддас чодир сўзининг расмига қаранг.

[133] 26:2 - ...бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак... — Бўйи тахминан 12,6 метрга, эни тахминан 1,8 метрга тўғри келади.

[134] 26:6 - ...чодирнинг ички қавати бир бутун бўлади — Чодирни тутиб турадиган ромлар устига ички қават ташланади (40:17-19 га қаранг). Чодирни тутиб турадиган ромларнинг бутун узунлиги 30 тирсак (тахминан 13,5 метрга тўғри келади), эни 10 тирсак (тахминан 4,5 метрга тўғри келади), бўйи 10 тирсак бўлади (шу бобнинг 15-29–оятларига қаранг). Ички қаватнинг икки бўлаги ҳалқа ва илгаклар ёрдамида бирлаштирилгандан кейин, ички қаватнинг эни 28 тирсакни (тахминан 12,6 метрга тўғри келади), узунлиги 40 тирсакни (тахминан 18 метрга тўғри келади) ташкил қилади. Ички қаватни ташкил қилган чойшаблар чодирни тутиб турадиган ромлар устига ташланганда, чодирнинг икки ёнбошини ёпиб, ички қаватнинг четлари ердан бир тирсак (тахминан 45 сантиметрга тўғри келади) тепада осилиб туради. Ички қават чодирнинг орқа томонини бутунлигича қоплаб, чети ерга тегиб туради. Ички қават чодирга кираверишни ёпиб турмайди.

[135] 26:8 - ...бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак... — Бўйи тахминан 13,5 метрга, эни тахминан 1,8 метрга тўғри келади.

[136] 26:11 - [9-11] ...чодирнинг қопламаси бир бутун бўлади — Чодирни тутиб турадиган ромлар устига ички қаватнинг сиртидан қоплама ташланади (40:17-19 га қаранг). Чодирни тутиб турадиган ромларнинг бутун узунлиги 30 тирсак (тахминан 13,5 метрга тўғри келади), эни 10 тирсак (тахминан 4,5 метрга тўғри келади), бўйи 10 тирсак бўлади (шу бобнинг 15-29–оятларига қаранг). Қопламанинг икки бўлаги ҳалқа ва илгаклар ёрдамида бирлаштирилгандан кейин, қопламанинг эни 30 тирсакни (тахминан 13,5 метрга тўғри келади), узунлиги 44 тирсакни (тахминан 19,8 метрга тўғри келади) ташкил қилади. Қопламани ташкил қилган чойшаблар чодирни тутиб турадиган ромлар устига ташланганда, чодирнинг икки ёнбошини бутунлигича ёпиб, қопламанинг четлари ерга тегиб туради (шу бобнинг 13–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг). Қоплама чодирнинг орқа томонини ҳам бутунлигича қоплаб, чодирнинг орқа томонидан ерга икки тирсак (тахминан 90 сантиметрга тўғри келади) ёйилиб туради (шу бобнинг 12–оятига қаранг). Қоплама чодирга кираверишни ёпиб турмайди, қопламанинг икки тирсаги юқорисидан узунаси бўйлаб икки букланадиган бўлади (шу бобнинг 9-11–оятларининг охирги гапига қаранг).

[137] 26:12 - икки тирсак — тахминан 90 сантиметрга тўғри келади.

[138] 26:12 - ...икки тирсак...ерга ёйилади — Шу бобнинг 9-11–оятларидаги изоҳга қаранг.

[139] 26:13 - Қопламанинг эни охиридаги қўшимча бир тирсак...уни бутунлай қоплайди — Бир тирсак — тахминан 45 сантиметрга тўғри келади. Қоплама ички қаватдан икки тирсак энлироқ бўлгани учун чодирнинг икки ёнбошидан ергача осилиб турар эди (шу бобнинг 6, 9-11–оятларидаги изоҳларга қаранг). Қоплама чодирнинг томини, икки ёнбошини ва орқа томонини тўлиқ қоплаб тургани учун, чодирнинг ички қавати ташқи томондан умуман кўринмас эди.

[140] 26:14 - юмшоқ тери — 25:5 изоҳига қаранг.

[141] 26:15 - Акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[142] 26:15 - ромлар — луғатдаги ромлар сўзининг расмига қаранг.

[143] 26:16 - ...бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак... — Бўйи тахминан 4,5 метрга, эни тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[144] 26:29 - ...тамбаларни ушлаб турсин, деб олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштир... — Ромлар бир–бирига тамбалар ёрдамида бирлаштирилар эди. Тамбалар ромлардаги ҳалқалардан ўтказилар эди. Тамбалар қай тарзда ўрнаштирилгани матнда аниқ ёзилмаган. Ҳар девордаги тўртта тамба деворнинг ярим узунлигида бўлиб, ромлардаги юқори ва пастки ҳалқалардан ўтказилган бўлиши мумкин. Ромларнинг ўртасидан ўтказилган тамба эса чодирнинг узунлигида бўлиб, барча ромларни бирлаштирар эди (шу бобнинг 28–оятига қаранг).

[145] 26:33 - чодир шипидаги илгаклар — Бу илгаклар ёрдамида чодир ички қаватининг икки бўлаги бир–бирига бирлаштирилади (шу бобнинг 4-6–оятларига қаранг). Чодирни тутиб турадиган ромлар устига ички қават ташланади (40:17-19 га қаранг). Илгаклар бир қатор бўлиб, чодирнинг бутун эни бўйлаб чўзилади. Илгаклар қатори чодирга кираверишдан 20 тирсак (тахминан 9 метрга тўғри келади) масофада жойлашади (шу бобнинг 6–оятидаги изоҳга қаранг). Шунинг учун чодирнинг Энг муқаддас хонаси куб шаклида бўлиб, ҳар бир деворнинг эни, бўйи ва узунлиги 10 тирсакни (тахминан 4,5 метрга тўғри келади) ташкил қилади.

[146] 26:33 - Аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи (шу бобнинг 34–оятида ҳам бор). 16:34 изоҳига қаранг.

[147] 27:1 - Акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[148] 27:1 - қурбонгоҳ — луғатдаги қурбонгоҳдан бронза қурбонгоҳ сўзининг расмига қаранг.

[149] 27:1 - ...узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак... — Узунлиги ва эни тахминан 2,3 метрга, бўйи тахминан 1,4 метрга тўғри келади.

[150] 27:2 - шох — қурбонгоҳнинг тепадаги тўрт бурчагидан тўртта шох бўртиб чиққан эди.

[151] 27:9 - юз тирсак — тахминан 45 метрга тўғри келади (шу бобнинг 11–оятида ҳам бор).

[152] 27:12 - эллик тирсак — тахминан 22,5 метрга тўғри келади (шу бобнинг 13–оятида ҳам бор).

[153] 27:15 - [14-15] ўн беш тирсак — тахминан 6,8 метрга тўғри келади.

[154] 27:16 - йигирма тирсак — тахминан 9 метрга тўғри келади.

[155] 27:18 - ...узунлиги юз тирсак, эни эллик тирсак... — Узунлиги тахминан 45 метрга, эни тахминан 22,5 метрга тўғри келади.

[156] 27:18 - беш тирсак — тахминан 2,3 метрга тўғри келади.

[157] 27:21 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик, аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг.

[158] 28:2 - руҳонийлик либослари — луғатдаги руҳонийдан руҳонийлик либослари сўзининг расмларига қаранг.

[159] 28:6 - Эфод — луғатдаги руҳонийдан руҳонийлик либослари сўзининг расмларига қаранг.

[160] 28:14 - Бу иккала занжирнинг бир учи уяга маҳкамланади — Ушбу олтин занжирлар ва уялар ёрдамида кўкракпеч эфоднинг елка боғичларига боғланади (шу бобнинг 22-25–оятларига қаранг). Бу оятдаги уялар шу бобнинг 9-11–оятларидаги уялардан бошқа.

[161] 28:15 - кўкракпеч — луғатдаги кўкракпеч сўзининг расмига қаранг.

[162] 28:15 - ...кўкракпеч ясат. У ҳукм қилаётганда, Худонинг хоҳишини билиш учун фойдаланади — Ибронийча матнда ҳукм кўкракпечи ясат. Айрим ҳолларда руҳонийлар Худонинг хоҳишини билиш учун Урим ва Туммим деган муқаддас нарсалардан фойдаланишган (Саҳрода 27:21, 1 Шоҳлар 14:41, 28:6 га қаранг). Бу муқаддас нарсалар кўкракпечнинг халтасида сақлангани учун, кўкракпечни баъзан “ҳукм кўкракпечи”, деб номлашади (шу бобнинг 30–оятига қаранг).

[163] 28:17 - тўрт қатор тош — ибронийча матнда айтиб ўтилган баъзи қимматбаҳо тошларнинг тури баҳсли.

[164] 28:23 - [22-23] ...иккита занжирни ол — Шу бобнинг 14–оятида айтиб ўтилган иккита занжирга ишора.

[165] 28:25 - ...иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамлат — Бу гап шу бобнинг 14–оятида берилган кўрсатманинг такроридир.

[166] 28:29 - кўкракпеч — ибронийча матнда ҳукм кўкракпечи (шу бобнинг 30–оятида ҳам бор). Шу бобнинг 15–оятидаги изоҳга қаранг.

[167] 28:31 - Эфоднинг ридоси — узун, енгсиз кийимнинг бир тури бўлган бўлиши мумкин. Ридо эфоднинг тагидан, нақшли кўйлакнинг устидан кийилар эди (29:5 га қаранг).

[168] 28:42 - Тананинг очиқ жойлари кўриниб қолмасин... — 20:26 изоҳига қаранг.

[169] 29:5 - Ҳорунга...кийгиз — Олий руҳоний Ҳорун кўйлаги устидан белбоғ таққан, лекин бу белбоғ ридо ва эфоднинг тагида бўлган. Бу ҳақда кейинроқ, шу бобнинг 9–оятида айтиб ўтилади (яна 28:2-4 га қаранг).

[170] 29:7 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[171] 29:12 - қурбонгоҳнинг шохлари — 27:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[172] 29:13 - жигарнинг аъло қисми — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — жигарнинг туртиб чиққан жойи (шу бобнинг 22–оятида ҳам бор). Бу ўринда нима учун жигарнинг айнан шу қисми айтиб ўтилгани аниқ эмас. Баъзи олимларнинг айтишича жигарнинг бу қисми энг аъло қисми ҳисобланиб, Эгамизга атаб куйдиришга муносиб эди. Бошқаларнинг айтишича эса қўшни халқлар жигарнинг бу қисмини фол очишларда ишлатганлари учун уни куйдириб йўқ қилиш керак эди. Бошқа олимлар эса бу ўриндаги ибронийча сўзни “жигарни қоплаб турган парда” деб талқин қилишади.

[173] 29:32 - саватдаги нонлар — шу бобнинг 2-3, 23–оятларига қаранг.

[174] 29:41 - [40-41] икки коса — ибронийча матнда чорак хин, тахминан 1 литрга тўғри келади (шу оятда икки марта ишлатилган).

[175] 29:41 - [40-41] тўрт коса — ибронийча матнда эфанинг ўндан бир қисми, тахминан 2 литрга тўғри келади.

[176] 30:1 - акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[177] 30:1 - қурбонгоҳ — луғатдаги қурбонгоҳдан тутатқи қурбонгоҳи сўзининг расмига қаранг.

[178] 30:2 - ...узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак... — Узунлиги ва эни тахминан 45 сантиметрга, бўйи тахминан 90 сантиметрга тўғри келади.

[179] 30:2 - шохлар — қурбонгоҳнинг тепадаги тўрт бурчагидан тўртта шох бўртиб чиққан эди.

[180] 30:6 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи (шу бобнинг 26–оятида ҳам бор). 16:34 изоҳига қаранг.

[181] 30:9 - муқаддас тутатқи — зираворлар махсус аралашмасидан ҳосил бўлган бу тутатқининг тури фақат тутатқи қурбонгоҳи устида куйдирилиши мумкин эди (шу бобнинг 34-38–оятларига қаранг).

[182] 30:10 - бир йилда бир марта — Покланиш кунига ишора. Покланиш куни иброний календарининг еттинчи ойи — Тишри ойининг ўнинчи кунида нишонланган (Тишри ойи Итаним ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра бу ой сентябрнинг ўртасидан бошланади.

[183] 30:10 - қурбонгоҳнинг тўртала шохи — 27:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[184] 30:12 - ҳимоя қиладиган тўлов — шу бобнинг 15–оятидаги изоҳга қаранг.

[185] 30:14 - [13-14] ...1,25 мисқол кумушдан... — Ибронийча матнда ярим шақалдан ол. Ҳар бир шақалнинг оғирлиги Муқаддас чодирда ишлатиладиган шақалнинг оғирлигига тенг келиб, 20 гера бўлсин. 20 гера тахминан 11 граммга тўғри келади, демак, ҳар бир одам берган кумуш тахминан 6 граммга тўғри келар эди.

[186] 30:15 - ...ўзларини Менинг ҳукмимдан ҳимоя қиладиган назрни... — Қадимги Исроилда номаълум сабабларга кўра, одамларни санаш хавфли ҳисобланар эди (1 Шоҳлар 24–бобга қаранг). Бутун одамзод Худога тегишли, деб ҳисобланган ҳамда санаш эгалик маъносини билдирган. Мана шу фикр санаш хавфли деган тушунчанинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Бундан ташқари, одамларни санаш Худога ишонмасликни ҳам билдириши мумкин. Одамларни санаш лашкарнинг сонига инониш ва сохта хавфсизлик ҳиссини вужудга келтириши мумкин эди. Одамларни санаш ҳукмга олиб келиши мумкин бўлгани учун, мана шу парчада Худо, саналган одамлар Менга назр келтирсинлар, деб амр берган. Шу йўл билан саналган одамлар ўзларининг Худога бўлган қўрқувларини намоён этиб, ўзларини ҳимоя қилар эдилар.

[187] 30:23 - 1250 мисқол — ибронийча матнда 500 шақал, тахминан 6 килога тўғри келади.

[188] 30:23 - 625 мисқол — ибронийча матнда 250 шақал, тахминан 3 килога тўғри келади (шу оятда икки марта ишлатилган).

[189] 30:24 - ...1250 мисқол кассия... — Ибронийча матнда 500 шақал кассия, ҳар бири Муқаддас чодирда ишлатиладиган шақалга кўра ўлчанган. Муқаддас чодирда ишлатиладиган стандарт шакал тахминан 11 граммга тўғри келади, демак, 500 шақал кассия тахминан 5,5 килога тўғри келади.

[190] 30:24 - Саккиз коса — ибронийча матнда бир хин, тахминан 4 литрга тўғри келади.

[191] 30:36 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик, аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг.

[192] 31:7 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг.

[193] 31:11 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[194] 31:18 - ...Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб... — 25:1-31:17 да Эгамиз тоғда Мусога берган барча кўрсатмалар қайд этилган (24:18 га қаранг).

[195] 31:18 - аҳд — ибронийча матнда гувоҳлик. 25:16 изоҳига қаранг.

[196] 32:1 - Мусо тоғда узоқ қолиб кетди — 24:18 га қаранг.

[197] 32:4 - ...буқа ясади...олтин билан қоплади... — Қадимги пайтларда кўпинча бутларни ёғочдан ясаб, устини олтин билан қоплашар эди. Шу сингари, бу парчада айтиб ўтилган буқа ҳам бутунлай олтиндан ясалмаган бўлиши мумкин (яна шу бобнинг 20–оятига қаранг, ўша оятда Мусо буқани оловда ёққани, сўнг уни эзиб, кукун қилгани ёзилган).

[198] 32:13 - Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг).

[199] 32:15 - аҳд — ибронийча матнда гувоҳлик. 25:16 изоҳига қаранг.

[200] 32:27 - ...биродарингизни, қўшнингизни, яқин қариндошингизни ўлдиринг — Бу амр, исённинг йўлбошчиларини ўлдиринг, деган маънони билдириши мумкин. Ўша йўлбошчилар ака–ука, қўшни ёки яқин қариндошдан бўлса ҳам, ўлдирилиши керак эди. Бутун халқни қирғиндан асраб қолиш учун айбдор одамлар ўлдирилиши шарт эди.

[201] 33:3 - Сут ва асал оқиб ётган ўша юрт — 3:8 изоҳига қаранг.

[202] 33:6 - Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи.

[203] 33:7 - Учрашув чодири — шу бобнинг 7-11–оятларида айтиб ўтилган чодир Муқаддас чодир эмас (Муқаддас чодир яна Учрашув чодири деб айтилади). Ўша пайтда Муқаддас чодир ҳали ясалмаган эди (25:10-22, 26:1-37 га қаранг).

[204] 33:11 - юзма–юз — бошқа бир одам ёки мавжудот орқали эмас, балки тўғридан–тўғри, шахсан деган маънода.

[205] 33:19 - Мен Ўзимни сенга маълум қиламан — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — Мен ЙҲВҲ исмимни сизларга эълон қиламан (3:15 изоҳига қаранг). Ибронийчада бирортасининг исмини билиш ўша одамнинг характери ва хулқ–атворини яхши билиш деганидир. Мусонинг илтижосига жавобан Худо Ўзини Мусога зоҳир этиб, Ўзининг характери ва фазилатларини маълум қилади (34:5-7 га қаранг).

[206] 33:20 - ...юзимни... — Бу оятда Худонинг улуғворлиги тўлиқ намоён бўлиши назарда тутилган. Бу оятдаги “юзим” сўзининг маъноси шу бобнинг 11–оятидаги “юзма–юз” сўзининг маъносидан бошқа (11–оятдаги изоҳга қаранг).

[207] 34:5 - ...Ўзини Мусога маълум қилди — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — ЙҲВҲ исмини эълон қилди. 3:15, 33:19 изоҳларига қаранг.

[208] 34:6 - Мен Эгангман! Мен Эгангман! — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — ЙҲВҲ! ЙҲВҲ!3:15 изоҳига қаранг.

[209] 34:7 - Минг–минг авлодларга... — ёки мингинчи авлодга ёхуд мингларга.

[210] 34:17 - ...худолар тасвирини... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — қуйма худолар. Қадимги пайтларда кенг тарқалган тасвирнинг турига ишора. Исроил халқи Синай тоғида темирдан тасвир ясаган эди (32:4 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг). “Темирдан ясалган тасвир” термини ҳар хил тасвирларга қарата ишлатилган (яна 20:3-4 га қаранг).

[211] 34:18 - Абиб ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра бу ой мартнинг ўртасидан бошланади.

[212] 34:18 - Мен сизларга амр этганимдай, Абиб ойининг белгиланган вақтида... — 12:14-20 га қаранг.

[213] 34:20 - эшак — 13:13 изоҳига қаранг.

[214] 34:20 - ...ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим — Саҳрода 18:15-16 га қаранг.

[215] 34:20 - Ҳар ким...назрлар олиб келиши лозим — Бу кўрсатма шу бобнинг 18–оятида айтиб ўтилган Хамиртурушсиз нон байрами билан боғлиқ бўлиши мумкин (23:15 га қаранг).

[216] 34:22 - Ҳосил байрами — ибронийча матнда Ҳафталар байрами, Ҳосил байрамиинг яна бир номи.

[217] 34:22 - Чайла байрами — ибронийча матнда Йиғиш байрам, Чайла байрамининг яна бир номи.

[218] 34:23 - ...учала байрамда... — Шу бобнинг 18, 22–оятларида айтиб ўтилган учта байрамда (яна 23:14-17 га қаранг).

[219] 34:24 - уч марта — шу бобнинг 23–оятидаги изоҳга қаранг.

[220] 34:26 - Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар — 23:19 изоҳга қаранг.

[221] 34:29 - иккита лавҳа — ибронийча матнда гувоҳликнинг иккита лавҳаси. 25:16 изоҳига қаранг.

[222] 35:7 - юмшоқ тери — 25:5 изоҳига қаранг.

[223] 35:7 - акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[224] 35:8 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[225] 35:13 - муқаддас нонлар — 25:30 изоҳига қаранг.

[226] 35:23 - юмшоқ тери — 25:5 изоҳига қаранг.

[227] 35:30 - ...Мусо Исроил халқига айтди... — 35:30-36:1 да Мусо Исроил халқига Худонинг 31:1-6 айтган гапларини етказиб бермоқда.

[228] 36:8 - Муқаддас чодир — луғатдаги Муқаддас чодир сўзининг расмига қаранг.

[229] 36:9 - ...бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак... — Бўйи тахминан 12,6 метрга, эни тахминан 1,8 метрга тўғри келади.

[230] 36:13 - ...чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди — 26:6 изоҳига қаранг.

[231] 36:15 - ...бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак... — Бўйи тахминан 13,5 метрга, эни тахминан 1,8 метрга тўғри келади.

[232] 36:18 - ...чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин... — 26:11 изоҳига қаранг.

[233] 36:19 - юмшоқ тери — 25:5 изоҳига қаранг.

[234] 36:20 - Акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[235] 36:20 - ромлар — луғатдаги ромлар сўзининг расмига қаранг.

[236] 36:21 - ...бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак... — Бўйи тахминан 4,5 метрга, эни тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[237] 36:34 - ...тамбаларни ушлаб турсин, деб олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар... — 26:29 изоҳига қаранг.

[238] 36:35 - ички парда — Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратиб турар эди (26:31-33 га қаранг).

[239] 37:1 - акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[240] 37:1 - сандиқ — луғатдаги аҳд сандиғи сўзининг расмига қаранг.

[241] 37:1 - ...узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак... — Узунлиги тахминан 110 сантиметрга, эни ва бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[242] 37:6 - ...узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак... — Шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг.

[243] 37:10 - хонтахта — луғатдаги олтин хонтахта сўзининг расмига қаранг.

[244] 37:10 - ...узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак... — Узунлиги тахминан 90 сантиметрга, эни тахминан 45 сантиметрга, бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади.

[245] 37:17 - чироқпоя — луғатдаги чироқпоя сўзининг расмига қаранг.

[246] 37:24 - икки пуд — ибронийча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади.

[247] 37:25 - тутатқи қурбонгоҳи — луғатдаги қурбонгоҳдан тутатқи қурбонгоҳи сўзининг расмига қаранг.

[248] 37:25 - ...узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак... — Узунлиги ва эни тахминан 45 сантиметрга, бўйи тахминан 90 сантиметрга тўғри келади.

[249] 37:25 - шохлар — 30:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[250] 37:29 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[251] 38:1 - Акас ёғочи — 25:5 изоҳига қаранг.

[252] 38:1 - қурбонгоҳ — луғатдаги қурбонгоҳдан бронза қурбонгоҳ сўзининг расмига қаранг.

[253] 38:1 - ...узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак... — Узунлиги ва эни тахминан 2,3 метрга, бўйи тахминан 1,4 метрга тўғри келади.

[254] 38:2 - шох — 27:2 изоҳига қаранг.

[255] 38:8 - Учрашув чодирига кираверишда хизмат қилган аёллар... — Бу аёллар гуруҳи ҳақида ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган. Бу аёллар Муқаддас китобнинг яна бир жойида — 1 Шоҳлар 2:22 да тилга олинган.

[256] 38:8 - бронза ойналар — Қадимги пайтларда ойналар қўлда ушласа бўладиган яхши силлиқланган думалоқ шаклдаги металлардан тайёрланар эди.

[257] 38:9 - юз тирсак — тахминан 45 метрга тўғри келади (шу бобнинг 11–оятида ҳам бор).

[258] 38:12 - эллик тирсак — тахминан 22,5 метрга тўғри келади (шу бобнинг 13–оятида ҳам бор).

[259] 38:15 - [14-15] ўн беш тирсак — тахминан 6,8 метрга тўғри келади.

[260] 38:18 - йигирма тирсак — тахминан 9 метрга тўғри келади.

[261] 38:18 - беш тирсак — тахминан 2,3 метрга тўғри келади.

[262] 38:23 - [21-23] Муқаддас аҳд чодири — ибронийча матнда чодир — гувоҳлик чодири. Муқаддас чодирнинг яна бир номи. Ибронийча матндаги иборанинг гувоҳлик сўзи ўнта амр ёзилган иккита тош лавҳага ишора. Иккала тош лавҳа сандиқнинг ичида сақланиб, Худо ва Унинг халқи ўртасида тузилган аҳднинг жисмоний гувоҳи бўлиб хизмат қиларди.

[263] 38:24 - 62,5 пуд — ибронийча матнда 29 талант, 730 шақал, Муқаддас чодирда ишлатиладиган шақалга кўра ўлчанган. Олтиннинг оғирлиги тахминан 1 тоннага тўғри келади.

[264] 38:25 - Санаб чиқилган халқдан йиғилган кумуш — 30:11-16 га қаранг.

[265] 38:25 - 211 пуд — ибронийча матнда 100 талант, 1775 шақал, Муқаддас чодирда ишлатиладиган шақалга кўра ўлчанган. Кумушнинг оғирлиги тахминан 3,42 тоннага тўғри келади.

[266] 38:26 - 1,25 мисқол — ибронийча матнда биқо, яъни ярим шақал, Муқаддас чодирда ишлатиладиган шақалга кўра ўлчанган. Муқаддас чодирда ишлатиладиган стандарт шакал тахминан 11 граммга тўғри келади, демак, биқо тахминан 6 граммга тўғри келади.

[267] 38:27 - 210 пуд...2,1 пуд... — Ибронийча матнда 100 талант...1 талант. 100 талант — тахминан 3,4 тоннага тўғри келади, 1 талант — тахминан 34 килога тўғри келади.

[268] 38:28 - 1 пуд — ибронийча матнда 1775 шақал, тахминан 20 килога тўғри келади.

[269] 38:29 - 151 пуд — ибронийча матнда 70 талант, 2400 шақал, тахминан 2,4 тоннага тўғри келади.

[270] 39:2 - эфод — луғатдаги руҳонийдан руҳонийлик либослари сўзининг расмларига қаранг.

[271] 39:8 - кўкракпеч — луғатдаги кўкракпеч сўзининг расмига қаранг.

[272] 39:10 - тўрт қатор тош — ибронийча матнда айтиб ўтилган баъзи қимматбаҳо тошларнинг тури баҳсли.

[273] 39:22 - Эфоднинг ридоси — 28:31 изоҳига қаранг.

[274] 39:34 - юмшоқ тери — 25:5 изоҳига қаранг.

[275] 39:35 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг.

[276] 39:36 - муқаддас нонлар — 25:30 изоҳига қаранг.

[277] 39:38 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[278] 40:2 - Биринчи ой — 12:2 изоҳига қаранг.

[279] 40:3 - аҳд сандиғи — ибронийча матнда гувоҳлик сандиғи, аҳд сандиғининг яна бир номи (шу бобнинг 5, 21–оятларида ҳам бор). 16:34 изоҳига қаранг.

[280] 40:3 - ички парда — Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратиб турар эди (26:31-33 га қаранг).

[281] 40:4 - ...хонтахта олиб кирилсин...Чироқпоя ҳам олиб кирилсин... — Бу жиҳозлар Муқаддас хонага, ички парданинг ташқи томонига қўйилган эди (26:35 ва шу бобнинг 22-23–оятларига қаранг).

[282] 40:5 - ...аҳд сандиғи олдига қўйдир — Олтин тутатқи қурбонгоҳи Муқаддас хонага, ички парданинг ташқи томонига қўйилган эди (30:6 ва шу бобнинг 26–оятига қаранг).

[283] 40:9 - муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг.

[284] 40:18 - [17-18] Иккинчи йилнинг биринчи ойи — Исроил халқи Мисрдан чиққанига бир йил бўлиб, иккинчи йил бошланган (12:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг) ва Синай тоғига етиб борганига тахминан тўққиз ой бўлган эди (19:1-2 га қаранг).

[285] 40:20 - ...аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани... — Ибронийча матнда гувоҳликни. 25:16 изоҳига қаранг.

[286] 40:23 - муқаддас нонлар — 25:30 изоҳига қаранг.

[287] 40:29 - қурбонлик билан дон назри — кундалик назрларга ишора (29:38-41 га қаранг).




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com