Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ИШАЁ

Кириш

 

Ишаё пайғамбар қирқ йил давомида фаолият кўрсатган. Мана шу даврда Яҳудо шоҳларидан тўрттаси бирин–кетин ҳукмронлик қилди. Ўша қирқ йил давомида Оссурия шоҳлиги кенгайиб бораверди. Кўп халқлар Оссурияга қарши жанг қилиш ниятида бирлашдилар, аммо Оссурия барибир Исроил ва унинг ён атрофидаги юртлар устидан ғалаба қозонди. Минглаб одамлар асирга олинди. Яҳудо шоҳлиги бутунлай босиб олинмаган бўлса–да, Оссурияга жуда кўп бож–солиқлар тўлар эди.

Ишаё пайғамбарнинг китоби уч қисмдан иборат. Китобнинг биринчи қисмида (1-39–боблар) Худонинг муқаддаслиги ҳамда У бутун оламнинг шоҳи бўлиб, катта қудратга эга эканлигига алоҳида урғу берилган. Эгамиз муқаддас Шоҳ бўлгани учун, Яҳудода бўлаётган фосиқликлар Унинг ғазабини келтирарди. Давлат аъёнлари бузуқ эди. Юртда бузғунчилигу адолатсизлик ҳукм сурарди. Яҳудо халқини ва бошқа элларни жазолаш ниятида Оссурия ва Бобил шоҳликларини Эгамиз уларнинг устига юборди. Аммо шунда ҳам Эгамиз Ўз халқига келажак учун умид берди. Агар улар Худога қайтиб, яна Унга умид боғласалар улар албатта Худодан ҳимоя топардилар.

Китобнинг иккинчи (40-55–боблар) қисмида Эгамиз жазоланган халқларга гапиради (40:1-2). Ўша халқлар жуда ҳам тушкун аҳволда эдилар, Эгамиз уларга умид берди. Ўша халқларнинг бутлари кучсиз эканлигини Худо тушунтирмоқчи бўлди. Унинг Ўзи танҳо Худо эканлигини айтди. Агар Исроил халқи Худога қайтса У ўз халқини ва бошқа халқларни Бобилликлар қўлидан қутқарарди. Исроил халқи ўз юртига қайтиб, Эгамиздан баракалар оларди, фаровон яшардилар. Эгамиз бутун оламни яратган, бу олам Унинг қўли остида бўлгани учун ўша ваъдаларни беришга қодирдир.

Китобнинг учинчи қисмида (56-66–боблар) Эгамиз Ўзига содиқ бўлганларга жуда ҳам ажойиб келажак ваъда қилади. Китобнинг мана шу қисмида фақат Исроил халқи ҳақида эмас, балки бошқа халқлар ҳақида ҳам сўз юритилади. Ўша ажойиб келажакка назар ташлаш учун Эгамизнинг ваъдалари бир дарча сифатида хизмат қилади. Бу келажакда Эгамиз шундай бир дунё яратадики, бу дунё қувончга тўла бўлиб, унда бирорта ҳам қийинчилигу дард бўлмайди:

“Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман.

Илгари бўлганлар энди эсланмайди,

Улар ҳеч қачон ёдга олинмайди.

Яратаётган ишларим туфайли

То абад шодланинг, хурсанд бўлинг.

Мен Қуддусни шодлик қилиб,

Халқини қувонч қилиб яратяпман.

Мен Қуддус туфайли севинаман,

Халқим Менга қувонч келтиради.

Энди Қуддусда ҳеч қачон

Йиғи, фарёд товуши эшитилмайди.” (65:17-19)

 

1–БОБ - ИШАЁ

 

1Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо[1] ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди[2].

 

Худо Ўз халқига танбеҳ беради

 

2Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин,

Шудир Эгамизнинг каломи:

“Бино қилдим болаларни[3], улғайтирдим уларни,

Аммо улар исён қилдилар Менга.

3Ҳўкиз билади ўз эгасини,

Ҳатто эшак билар ким уни боқишини,

Аммо халқим Исроил билмайди,

Улар тушунмайди Мени, ўз Эгасини.”

4Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ,

Эҳ, қабиҳ насллар!

Номуссизларча иш қилар бу болалар,

Эҳ, Эгамизни тарк этган улар,

Исроил халқининг муқаддас Худосига

Шаккоклик қилган,

Эгамизга орқа ўгирган улар!

5Эгам айтар: “Нега яна мунча калтак истайсиз?!

Не учун исённи давом эттирурсиз?!

Яраланган бутун бош,

Мадордан кетган бутун юрак.

6Бошдан оёқ соғ жойи йўқ,

Йиринг ила қопланган, кўкариб кетган,

Яраларидан қон оқиб ётар,

Тозаланмаган, боғланмаган, ёғ суртилмаган.

7Вайроналар ичра ётар юртингиз,

Оловда ёниб кетган шаҳарларингиз!

Олдингизда ерингизни

Еб битирар келгиндилар,

Бегоналар юртингизни вайрон қилар[4].

8Аммо азиз Қуддус[5]

Қамал қилингандай бўлар,

У ўхшаб қолар

Узумзордаги ёлғиз чайлага,

Полизда тиккайган капага.”

9Эҳ, агарда Сарвари Олам

Қолдирмаганда эди беш–олтитамизни,

Садўм шаҳрига ўхшаб қолган бўлардик,

Ғамўра шаҳрига[6] ўхшаган бўлардик.

10Эгамизнинг каломини эшитинг,

Садўм йўлбошчиларининг издошлари!

Худойимизнинг ўгитига қулоқ солинг,

Ғамўра халқининг шериклари!

11“Нима кераги бор Менга?!

Кўплаб қурбонлигингиз?!

Тўйиб кетдим энди

Куйдирилган қўчқорлар назри,

Бўрдоқи ёғларидан,

— деб айтмоқда Эгамиз. —

Менга хуш келмади буқаларнинг,

Қўзилар ва эчкиларнинг қони.

12Ҳузуримда ҳозир бўлганингизда,

Муқаддас Ҳовлимни булғасин, деб ким айтди?

Буларни сизлардан ким сўради?!

13Энди сохта назрлар қилманглар Менга,

Тутатқингиз ҳам Менга жирканчдир!

Тоқат қилмасман энди

Чорловларингизни, фосиқ йиғинингизни,

Янги ой байрамию Шаббат кунингизни.

14Нафратландим янги ой байрамингиздан

Ҳамда ‘муқаддас’ кунларингиздан.

Булар Менга оғир юк бўлди,

Толиққанман буларни кўтаришдан.

15Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам,

Эшитмасман Мен сизларни.

Менга очганингизда қўлларингизни,

Сизлардан яшираман Мен кўзларимни.

Қўлларингиз қонга ботгандир.

16Покланг, тозаланг ўзингизни,

Кўз олдимдан йўқотинг!

Қабиҳ қилмишларингизни,

Қабиҳликни энди бас қилинг!

17Ўрганинг эзгулик қилишни,

Адолатни изланг,

Йўлга солинг золимни[7],

Ҳимоя қилинг етимни,

Бева ҳақи учун курашинг.”

18Эгамизнинг каломи шудир:

“Қани, энди биргалашиб ўйлайлик:

Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам,

Сизлар қордай оппоқ бўласиз.

Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам,

Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз.

19Агар Менга итоат этсангиз чин кўнгилдан,

Ейсиз, албатта заминнинг сара ҳосилидан.

20Аммо рад этиб, Менга бўйсунмасангиз,

Қиличнинг дамига рўпара бўлгайсиз.”

Эгамизнинг Ўзи шундай деб айтди.

 

Қуддус халқи садоқатсизлик қилди

 

21Қандай қилиб содиқ шаҳар фоҳишага айланди?!

Солиҳлик жойлашиб, адолатга тўла бўлмаганмиди?!

Энди эса бу ерда қотиллар қолди!

22Кумушинг тошқол[8] бўлди,

Шаробинг сув билан аралашди.

23Ҳа, исёнкордир йўлбошчиларинг,

Ўғриларга шерикдир улар.

Ҳар бири порани севар,

Ҳадянинг ортидан қувар.

Етимни улар ҳимоя қилмас,

Беванинг арзи уларга етиб бормас.

24Энди Исроил халқининг қудратли Худоси,

Сарвари Олам — Раббий айтади:

“Ҳа, душманларимга ғазабимни сочарман,

Ғанимларимдан ўч олиб, тасалли топарман.

25Яна сизларга қарши қўл кўтараман.

Ишқор билан тозалагандай,

Жамики қоришмани йўқ қилиб,

Тошқолларни ажратаман.

26Азалда бўлганидай

Одил ҳакаму маслаҳатчиларни бераман.

Шундан сўнг сенга ном қўйилар:

‘Солиҳлик шаҳри, Садоқат шаҳри’, дея.”

27Шунда Қуддус адолат орқали қутқарилади,

Тавба қилганлар солиҳлик туфайли нажот топади.

28Исёнкору гуноҳкорлар бирга қирилади,

Эгамиздан воз кечганлар ҳалок бўлади.

29Сизлар шарманда бўларсиз

Ўзингиз хуш кўрган эманлар сабабли.

Мана, уялиб қоларсиз

Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар[9] туфайли.

30Ҳа, сизлар ўхшаб қоласиз

Япроғи қовжираган эманга,

Ҳамда сувсиз қақраган боққа.

31Кучлилар ҳам чўпга ўхшаб қолади.

Ишлари лов этган оловга ўхшайди.

Ўзларию ишлари бирга ёниб кетади,

Ҳеч ким бу оловни ўчиролмайди.

 

2–БОБ - ИШАЁ

 

Абадий тинчлик

 

1Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Яҳудо ва Қуддус ҳақида аён бўлган башорат.

2Шундай кунлар келадики,

Эгамизнинг уйи турган тоғ

Тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади.

Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади,

Ҳамма халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

3Кўплаб эллар келади,

Улар шундай деб айтади:

“Қани, юринглар!

Чиқайлик Эгамизнинг тоғига![10]

Қани, юринглар!

Борайлик Ёқуб наслининг Худоси уйига!

Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини,

Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.”

Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан,

Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

4Эгамиз ҳукм қилади халқларнинг орасида,

Ажрим қилади кўп миллатлар орасида.

Қиличларини айлантиришади омочга,

Найзаларини эса ток қайчиларига.

Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар,

Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

 

Ишаёнинг Исроил халқига мурожаати

 

5Эй Ёқуб хонадони! Келинглар, Эгамизнинг нурида юрайлик. 6Эй Ёқуб хонадони! Халқингизнинг йўлларини сиз тарк этдингиз![11] Бу юрт шарқдан келган башоратгўйларга[12], Филистлар юртига[13] ўхшаб фолбинларга тўла. Улар бегона халқлар билан ҳамтовоқ бўлдилар.

7Қаранг, Ёқуб хонадони тўла кумуш, олтинга,

Чек–чегараси йўқ хазиналарининг,

Уларнинг юрти тўладир отларга,

Чек–чегараси йўқ жанг араваларининг.

8Уларнинг юрти тўла беҳуда бутларга!

Улар таъзим этарлар

Қўлларининг ижодига,

Ўзлари ясаб, яратганларга.

9Эвоҳ, мана инсон паст бўлди,

Шу тариқа одамзод тиз чўктирилди,

Уларнинг қаддини кўтарма, эй Эгам!

10Эгамдан қўрқиб қочинглар,

Қоянинг ичига кириб олинглар,

Тупроқ остига яширининглар,

Эгамнинг улуғворлиги буюкдир!

11Ҳа, инсоннинг мағрурлиги ерга урилади,

Одамзоднинг юксаклиги паст бўлади,

Ёлғиз Худо ўша куни юксалади.

12Зотан, Сарвари Оламнинг бир куни бор,

Қарши чиқар У жамики кибор, кеккайганларга.

Ўша мағрурларга қарши бўлар,

Уларнинг ҳар бирини ерга урар.

13Қарши бўлар У барча юксак, мағрурларга!

Ҳа, ўша Лубнон садрларию

Башан[14] эманларининг ҳаммасига.

14Қарши бўлар У ҳамма баланд тоғларга,

Ҳамма юксак тепаликларга.

15Қарши бўлар У ҳар бир баланд минорага,

Ҳар бир мустаҳкам қалъага.

16Қарши бўлар ўша машҳур Таршиш[15] кемаларию

Инсон яратган барча ажойиботларга.

17Ҳа, ерга урилади ўша одамзод фахри,

Паст бўлади инсоннинг юксаклиги!

Ёлғиз Худо ўша куни юксалади!

18Беҳуда бутлар тамомила йўқ бўлиб кетади.

19Эгамиз қўзғалганда

Ерни ларзага солай, дея

Инсон кириб кетар қоялардаги ғорларга

Эгамиздан қўрққанидан,

Кириб кетар ердаги чуқурларга

Унинг буюк улуғворлигидан.

20Одам, ўзим сажда қилай, деб ясаган

Олтину кумуш бутларини

Берар ўша куни юмронқозиқ

Ҳамда кўршапалакларга.

21Ҳа, Эгамиз қўзғалганда

Ерни ларзага солай, дея

Инсон қоялардаги ғорларга кирар

Эгамиздан қўрққанидан,

Чўққиларнинг ёриқларига яширинар

Унинг буюк улуғворлигидан.

22Энди узоқда юринг

Тупроқдан яратилганлардан.

Борми уларнинг бирон қиймати?!

 

3–БОБ - ИШАЁ

 

Қуддусдаги бетартиблик

 

1Сарвари Олам — Раббий энди Қуддус ва Яҳудо халқига ҳар турли таъминот ҳамда мадад бермай қўяди. Уларни нон ва сувдан бебаҳра қиляпти. 2Жангчилар ва аскарлардан, ҳакамлар ва пайғамбарлардан, фолбинлар ва оқсоқоллардан маҳрум қиляпти. 3Элликбоши ва амалдорлардан, маслаҳатчилардан, моҳир усталар ва “доно” афсунгарлардан жудо қиляпти.

4Эгам айтар: “Болалар ҳукмрон бўлар бу халқ устидан,

Ақлсизлар ҳукмронлик қилар улар тепасидан.”

5Халқ бир–бирига зулм қилади,

Ҳар ким дўстига душман бўлади.

Ҳақорат қилар ёш йигит оқсоқолни,

Шарманда одам эса обрўли одамни.

6Одамлар ўз яқинини ушлаб олиб,

Ўша қариндошига шундай дейдилар:

“Устингда кийиминг бор экан,

Бизга бош бўла қол.

Мана бу вайроналар уюми

Сенинг қўл остингда бўлади.”

7У эса ўша куни қасам ичиб айтар:

“Ахир, мен шифо бера олмайман,

Мени қилманг халққа бошлиқ,

Уйимда бор на нон, на кийим.”

 

Ҳукмнинг натижаси

 

8Ҳа, Қуддус ҳам, Яҳудо ҳам қулади.

Халқининг тиллари, ишлари Худога қаршидир.

Эгамнинг шуҳратини улар ерга булғади.

9Юзлари гувоҳлик бериб турар,

Улар Садўм[16] каби гуноҳларини ошкор қилар.

Ҳа, гуноҳларини улар яширмас.

Эҳ, ўзлари бошларига келтирар кулфат!

Уларнинг ҳолига вой!

10Солиҳларга эса яхшилик кўрасан, деб айтинг,

Улар ўз ишларининг самарасидан лаззат топади.

11Аммо фосиқларнинг ҳолига вой! Бошларида кулфат,

Ахир, қилмишларига яраша қайтади ўзларига.

12Ёш болалари эзади халқимни,

Аёллар ҳукмронлик қилади улар устидан.

Эй халқим, йўлбошчиларинг сени чалкаштиради,

Сўқмоқларингдан сени адаштиради.

 

Эгамизнинг даъвоси

 

13Эгамиз Ўз даъвосини исбот қилмоққа киришаётир,

Ҳа, халқларни ҳукм қилмоққа У қўзғалаётир.

14Ўз тахтига ўтириб Эгамиз

Ўз халқининг оқсоқолларию

Шаҳзодалари билан ҳукмга киришар:

“Сизлар Менинг узумзоримни[17] хароб қилгансиз.

Камбағалдан олган ўлжа билан тўла уйингиз.

15Нимаси бу?! Халқимни эзаверасиз!

Камбағални исканжага олаверасиз!”

Сарвари Олам — Раббийнинг сўзидир бу.

 

Қуддус аёллари тимсоли орқали огоҳлантириш

 

16Эгам айтар: “Мағрурдир Қуддус[18] аёллари,

Бўйинларини ликиллатиб, кўзларини сузиб юрар,

Майда қадам ташлаб юриб,

Тўпиғидаги халқаларни жиринглатар.”

17Шу боис Раббий яра қилар

Қуддус аёлларининг бошларини,

Шарманда қилар очиб уятли жойларини.

18Ўша куни Раббий тортиб олар уларнинг

Гўзаллиги — тўпиғидаги безакларини,

Тиллақошларию зеб–зийнатларини,

19Сирғалари, билагузук ва ҳарир рўмолларини,

Тортиб олар бошидаги тожини,

Билагузук, маржон, хушбўй мой, туморларини,

20Муҳр узукларини, бурундаги сирғаларини,

21Тортиб олар шоҳона либосини,

Ҳарир парда, нимчалари, кармонларини,

22Кўзгулари, зиғир либосларини,

Тиллақошларию нафис либосларини.

23Хушбўй ҳид ўрнига улардан сассиқ ҳид келади,

Камарлар ўрнига арқон боғлаб юради,

Турмакланган соч ўрнига кал бош бўлади,

Башанг кийим ўрнига қанор кияди,

Ҳа, гўзаллик ўрнига асирлик тамғаси бўлади.

24Мана, йигитлари қиличдан йиқилиб қолади,

Ботир эркаклари жангда қирилиб кетади.

25Қуддус дарвозалари йиғлаб, аза тутади.

Сион бўм–бўш бўлиб, ерда ўтирибди.

 

4–БОБ - ИШАЁ

 

1Ўша куни етти аёл бир эркакни тутиб олиб, шундай дейди:

“Ўз нонимизни еймиз,

Ўз кийимимизни киямиз.

Шармандалигимиздан бизни қутқаринг,

Бизни сизники, деб билишса бўлди.”

2Ўша куни Исроилдаги омон қолганларга

Юртнинг ҳосили ифтихор, улуғворлик бўлади.

Ҳа, Эгамнинг новдаси кўркам, улуғвор бўлади.

3Қуддусда омон қолганлар,

Ўша Сион шаҳрида қолганлар

“Муқаддас”, деб аталади.

Улар Қуддусда ҳаёт китобига ёзилган.

4Адолат руҳи, оташ руҳи ила

Раббий ювиб ташлайди

Қуддус халқининг ҳаром–харишини,

Поклайди Сионнинг қон доғларини.

5Жамоа узра кундузи булутни,

Тунлари тутунни, ёруғ алангани[19]

Эгам барпо қилади бутун Сион тоғида[20].

Ҳа, ҳашамат узра Эгам Ўзи соябон бўлади.

6У соя, кўланка бўлади кундузи иссиқдан,

Паноҳ, бошпана бўлади бўрону ёмғирдан.

 

5–БОБ - ИШАЁ

 

Узумзор қўшиғи

 

1Қўшиқ айтай суюклигимга,

Айтай муҳаббат қўшиғимни

Унинг узумзори ҳақида.

Суйганимнинг узумзори бор эди

Тупроғи унумли тепаликда.

2Ерни ағдариб, тошлардан тозалади,

Ўтқазди энг сара узум токини,

Қоровул минорасини ўртага қурди.

Яна узум сиқишга ҳозирлик кўрди,

Узумларнинг пишишини у кутди,

Аммо ҳосил итузум бўлди.

3Энди, эй Қуддус аҳли, Яҳудо халқи,

Ҳакам бўлинг Мен билан узумзорим ўртасида.

4Яна нима қилишим керак эди узумзор учун?

Унга қилмаганим яна не қолди?!

Узумларнинг пишишини кутганимда,

Нега ҳосил итузум бўлди?!

5Энди Мен сизларга айтаман

Нима қилишимни узумзоримни.

Четан деворини олиб ташлайман,

Ҳамма бор нарсаси еб битирилсин.

Унинг деворини бузиб ташлайман,

Узумзорим пайҳон қилинсин.

6Мен уни харобазор қиламан,

Энди токларим буталмайди,

Ери ҳеч юмшатилмайди.

Тиканлар, чангалзор билан қоплансин,

Булутларга ҳам амр бераман,

Узумзоримга ёмғир ёғдирмасин.

7Сарвари Оламнинг узумзори — Исроил хонадони,

Эгамнинг хуш кўрган кўчати — Яҳудо одамлари.

Улардан тўғрилик кутганди, қотиллик кўрди,

Улардан адолат кутганди, фарёд эшитди.

 

Ишаё адолатсизликни қоралайди

 

8Эй кўплаб уй сотиб оладиганлар!

Ҳолингизга вой!

Эй даласига яна дала қўшиб оладиганлар!

Ҳолингизга вой,

Ҳа, бошқаларга жой қолдирмайсиз,

Энди бу юртда ёлғиз ўзингиз қолиб кетасиз.

9Сарвари Оламнинг сўзи аён бўлди менга:

“Кўплаб уйлар, шубҳасиз, хароб бўлади,

Катта, чиройли уйлар кимсасиз қолади.

10Йигирма таноб[21] узумзор икки кўза[22] шароб беради,

Ўн сават[23] уруғ аранг бир сават[24] ҳосил беради.”

11Ҳолингизга вой, эй эрта тонгда туриб,

Ўткир ичимлик ортидан қувадиганлар!

Ҳолингизга вой, эй тунда алламаҳалгача

Шароб ичиб қизийдиганлар!

12Зиёфатларингизда лира, арфа,

Чилдирма, най чалинар, шароб ичилар!

Бироқ Эгамнинг ишларини англамайсизлар,

Унинг қўллари ижодини кўрмайсизлар!

13Шу боис, халқим Мени билмагани туфайли сургунга кетди.

Амалдорлари очликдан ўлиб кетди,

Кўплари ташналикдан ўртаниб ёнди.

14Ҳа, беҳад очилиб кетди

Ўликлар диёрининг[25] иштаҳаси,

Чексиз очилиб кетди унинг оғзи,

Тушиб кетди у ерга Қуддуснинг обрўси,

Ўликлар диёрига кетди кўп одами,

Шовқин–сурони, юксалгани ҳам.

15Шундай қилиб, инсон паст кетди,

Одамзод тиз чўктирилди,

Киборлиларнинг кўзлари ерга қаради.

16Бироқ Сарвари Олам адолати ила юксалади.

Мана, муқаддас Худо солиҳлиги ила

Муқаддаслигини кўрсатди.

17Қўзилар ўтлайди энди ўзларининг

Яйловида ўтлагандай,

Сарсон бўлиб юрган бўрдоқилар еб тўяди вайроналарда[26].

18Ҳолингизга вой! Эй ёлғонни арқон қилиб

Айбларини тортиб келадиганлар!

Эй араванинг арқони билан

Гуноҳларини судраб келадиганлар!

19Сизлар айтасиз: “Қани, тез бўлсин,

Қиладиганини дарров қилсин,

Токи биз буни кўрайлик.

Исроил халқининг муқаддас Худосининг мақсади

Зудлик билан амалга ошсин,

Токи биз буни билиб олайлик.”

20Ҳолингизга вой, эй ёмонни яхши,

Яхшини ёмон деб айтадиганлар,

Зулматни нур билан,

Нурни эса зулмат билан алмаштирадиганлар!

Эй аччиқни ширин,

Ширинни аччиқ дейдиганлар!

21Ҳолингизга вой, эй ўзини доно деб билганлар,

Ўзларини идрокли деб ҳисоблаганлар!

22Ҳолингизга вой, эй шароб ичишда

Қаҳрамон бўлганлар,

Ичкиликни аралаш–қуралаш ичишда

Баҳодирлик кўрсатганлар.

23Пора эвазига айбдорни ҳақ деб топганлар,

Солиҳларнинг тўғрилигини инкор қилади улар!

24Шу боис аланганинг тили сомонни ютгандай,

Уларнинг илдизи чириб кетади,

Қуруқ хашак оловда куйиб битгандай,

Уларнинг ғунчаси чангдай учиб кетади.

Сарвари Оламнинг таълимотини улар рад қилди,

Исроил халқининг муқаддас Худосининг сўзидан нафратланди.

25Ҳа, Эгамнинг ғазаби Ўз халқига қарши алангаланди,

У халққа қарши қўл кўтариб, уларни урди.

Шунда тоғлар ларзага келди,

Кўчаларда жасадлари ахлат бўлди.

Шунда ҳам Эгам ғазабидан тушмади,

Унинг қўли ҳамон

Исроилга қарши кўтарилганча турарди.

 

Худо Исроилга ҳужум қилсин, деб бошқа халқларни олиб келади

 

26Узоқдаги халқларга[27] У белги беради,

Ернинг четидаги халқларга ишора юборади.

Ана, улар келаётир бу ерга тез, шиддат ила!

27Улар на чарчайди, на йиқилади,

На мудрайди, ё на ухлайди,

На камари бўшалади,

На чориғининг иплари узилади.

28Уларнинг ўқлари ўткирланган,

Ҳамма ёйлари тортиб боғланган,

Отларининг туёқлари чақмоқтошга ўхшар,

Араваларининг ғилдираклари қуюн кабидир.

29Улар шерга ўхшаб бўкиради,

Шервачча каби ўкиради,

Ўкириб, ўлжасини ушлайди, олиб кетади,

Ҳеч ким уни қутқариб ололмайди.

30Ўша куни гувиллаган денгизга ўхшаб

Юрт узра ўкириш эшитилади.

Ўша юртга назар солади.

Ана зулмат, мана кулфат,

Булутлар туфайли нур хира бўлди.

 

6–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Ишаёни пайғамбарликка чақиради

 

1Шоҳ Уззиё вафот этган йили[28] мен юқорига юксалган Раббийнинг тахтда ўтирганини кўрдим. Унинг либосининг этаклари Маъбадни тўлдирган эди. 2Унинг тепасида серафлар[29] шай турарди, ҳар бирининг олтита қаноти бор эди. Улар икки қаноти ила юзларини тўсганди, икки қаноти ила оёқларини тўсганди, қолган икки қаноти билан учаётган эди. 3Улар бир–бирига ҳайқиришарди:

“Муқаддасдир, муқаддасдир,

Муқаддасдир Сарвари Олам!

Унинг улуғворлиги

Бутун оламни тўлдирган!”

4Уларнинг ҳайқирган овозлари Маъбадни пойдеворигача титратиб юборди, Маъбад тутун билан тўлиб борарди. 5Мен шундай дедим: “Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Ўз кўзларим билан ўша Шоҳни, Сарвари Оламни кўрдим. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман, оғзи нопок халқ орасида яшайман!”

6Серафлардан бири мен томон учди, қўлида кўмир чўғи бор эди, оташкурак билан қурбонгоҳ устидан ўша чўғни олган эди. 7Кўмир чўғини оғзимга теккизиб, у шундай деди: “Қара, бу чўғ лабларингга тегди, энди айбларинг ювилди, гуноҳларингдан фориғ бўлдинг.”

8Шунда эшитдим Раббийнинг овозини: “Кимни юбораман? Биз учун ким боради?” Мен айтдим: “Мен шу ердаман, мана, юборгин мени.” 9У шундай деди: “Бор, мана шу халққа:

‘Тинглайверасиз, лекин англаб етмайсиз,

Қараб турибсизу, аммо билмайсиз’, — деб айтгин.

10Ўша халқнинг ақлини ўтмас қил,

Қулоқларини қилгин гаранг,

Кўзларини эса кўр қилгин.

Токи кўрмай қолсин кўзлари,

Эшитмай қолсин қулоқлари.

Англамай қолсин ақллари,

Токи яна Менга қайтиб,

Шифо топмасин улар.”

11Сўрадим: “Эй Раббий, қачонгача?” У айтди:

“Шаҳарлар вайрон бўлиб,

Кимсасиз қолгунларича,

Хонадонларда бирон жон қолмай,

Юрт тамом вайрон бўлгунча.

12Охири, Мен, Эгангиз, ҳаммани узоққа жўнатаман,

Юртда эса кўплаб ташландиқ жойлар бўлади.

13Халқнинг ўндан бири қолса ҳам

Ёндириб юборилади.

Аммо қайрағоч, эман дарахтлар кесилганда

Тўнкалари қолгани каби

Ундан ҳам тўнка қолади.

Унинг тўнкаси Муқаддас уруғдир.”

 

7–БОБ - ИШАЁ

 

Шоҳ Охозга хабар

 

1Уззиёнинг набираси, Йўтомнинг ўғли Охоз[30] ҳукмронлиги даврида Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли Исроил шоҳи Пеках Қуддусга келиб, саф тортдилар. Аммо уни босиб ололмадилар. 2Довуд хонадонига[31]: “Орам лашкари Эфрайим[32] халқи билан иттифоқ тузибди”, деган хабар етиб келди. Шоҳ Охоз ҳамда халқ шунчалик ваҳимага тушдиларки, ҳаммалари шамолда тебранган дарахтдай титрадилар.

3Шунда Эгамиз Ишаёга деди: “Сен ўғлинг Шерёсуб[33] билан катта йўлга чиққин. У йўл кир ювувчининг даласи томон кетган. Юқори ҳовуз ариғининг охири бўлган ўша жойда Охозни кутиб олиб, 4унга шундай деб айтинглар: ‘Ўзингни бос, тинчлан, қўрқма! Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли ғазабга минган, аммо уларни деб қўрқувдан титрамагин. Иккови ҳам ёниб битаётган ғўладай. 5Эфрайим ва Рамалиё ўғли билан бирга, Орам сенга қарши фитна қилиб, шундай деди: 6«Яҳудога бостириб борамиз. Халқини ваҳимага солиб, қўлга оламиз. Сўнг Тўвал ўғлини[34] Яҳудо шоҳи қилиб тайинлаймиз». 7Аммо Эгамиз Раббий айтмоқда:

«Бу фитна амалга ошмас,

Бу ҳеч қачон юз бермас.

8Орамнинг боши Дамашқдир,

Дамашқнинг боши Ратандир,

Олтмиш беш йилдан сўнг Эфрайим

Қирилиб битар, асло халқ бўлмас.

9Эфрайимнинг боши Самариядир,

Самариянинг боши Рамалиё ўғлидир.

Агарда сўзимга ишонмасангиз,

Мустаҳкам тура олмайсиз».’”

 

Иммануил тўғрисида башорат

 

10Эгамиз яна Охозга шундай деди:

11— Мен, Эганг Худодан ўзингга нишона сўра, ўша нишона ўликлар диёридан[35] чуқур ёки фалак тоқидан баланд бўлсин.

12Шунда Охоз:

— Сўрамайман, Эгамни синамайман, — деди.

13Шунда Ишаё деди:

— Эшитинг, эй Довуд хонадони! Одамларни бездирганингиз сизларга камлик қилгандай, Худойимни ҳам бездирасизларми?! 14Энди Раббийнинг Ўзи сизларга нишона беради: ана, қиз[36] ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил[37] қўяди. 15Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган ёшга етганда қатиқ ва асал ейди[38]. 16Ҳа, ўша вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг ерлари ташландиқ бўлади. 17Эгам сизнинг ва халқингизнинг, ота–боболарингизнинг хонадони бошига шундай кунларни соладики, Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери[39] бундай кунлар уларнинг бошига тушмаган: эвоҳ, Оссурия шоҳи келмоқда!

18Ўша куни Эгам Миср дарёларининг юқори оқимидаги пашшаларга, Оссурия юртидаги ариларга ишора қилади. 19Шундан кейин уларнинг ҳаммаси келиб, чуқур сойликларга, қояларнинг ёриқларига жойлашадилар. Ҳамма чакалакзорларга, ҳамма яйловларга ўрнашиб оладилар.

20Ўша куни Раббий Оссурия шоҳини ишлатади. У Раббийнинг қўлида Фурот дарёсининг ортида кирага олинган устара каби бўлади. Ҳа, соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди[40]. 21Ўша куни бир одам икки қўй ва бир ғунажинни тирик сақлаб қолади. 22У одамда шунча кўп сут бўладики, у сузма қатиқ ейди. Юртда қолганларнинг ҳаммаси сузма қатиқ ва асал ейди. 23Минг кумуш тангага[41] арзийдиган, токларга тўла бир узумзор бор. Ўша куни мана шу узумзор ҳам чакалакзору тиканзорларга айланади. 24Шундан кейин одамлар у ерга камону ўқлари билан борадиган бўлади. 25Бир замонлар ишлов берилган, экин экилган барча тепаликларга энди сизлар бормайсизлар. Ахир, чакалакзору тиканзорлардан қўрқасизлар–да. У ерларда моллар ўтлайди, у ерларни қўй–эчкилар топтайди.

 

8–БОБ - ИШАЁ

 

Ишаёнинг ўғли халқ учун нишона

 

1Шунда Эгамиз менга айтди:

— Катта лавҳа олиб, унга: “Мохиршалолхошбозга[42] тегишли”, деб тушунарли қилиб ёз. 2Мен руҳоний Уриё билан Ябаракиё ўғли Закариёни Ўзимга ишончли гувоҳлар қилиб тайинлайман.

3Шундан кейин мен хотиним билан ётдим. У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда Эгамиз менга деди:

— Унинг исмини Мохиршалолхошбоз, деб қўй. 4Бола ҳали “ота”, “она”, деб айтишни ўрганмасдан олдин, Оссурия шоҳи Дамашқнинг бойликларини ва Самариядан тортиб олган ўлжаларини олиб кетади.

5Эгамиз яна менга гапириб:

6Бу халқ тинч оқадиган Шилўвах сувларидан[43] воз кечди, Ратан ва Рамалиё ўғли Пекахдан кўнгиллари шод бўлди, — деди. 7— Шунинг учун, Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг бутун шавкатли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади. 8Сел каби Яҳудони босади, унинг бўғзига етиб келади. Эй Иммануил![44] Ёйилган қанотлари бутун ерингни тўлдиради!

9Эй халқлар, йиғилаверинг, ҳалокатга йўлиқасиз!

Эй жамики узоқ юртдагилар, эшитинг!

Белингизни боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз!

Белингизни боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз!

10Пухта режа қилаверинг, аммо пучга чиқади,

Сўз бераверинг, аммо амалга ошмайди,

Чунки Худо биз биландир![45]

11Эгам қудрати билан мени Ўзига тортиб, менга кўрсатма берди:

— Бу халқнинг йўлидан борманглар. 12Бу халқ, исён, деб айтадиган ҳамма нарсани сизлар, исён, деб билманглар. Уларни қўрқувга соладиган нарсалардан сизлар қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. 13Сизлар Мен, Сарвари Оламнимуқаддас деб иззат қилинглар. Фақат Мендан қўрқинг, фақатгина Мен сизни ваҳимага солай. 14Ўшанда Менинг Ўзим паноҳ бўламан. Аммо Исроилнинг иккала хонадони учун Мен қоқилтирадиган тош, тўсқинлик қиладиган қоя, Қуддус аҳолиси учун тузоқ ва тўр бўламан. 15Улардан кўплари қоқилади, йиқилиб, бурда–бурда бўлади. Улар тузоққа тушиб, асир бўлади.

16Далилимни ўраб боғла, шогирдларим орасида таълимотимни муҳрла. 17-18Сарвари Олам Сион тоғида маскан қилган. У Ёқуб халқидан юзини яширяпти, аммо мен Уни кутаман, умидим Ундадир. Мана, қаранг, Эгам берган фарзандларим билан бирга мен шу ердаман! Исроилда биз белги ва нишонамиз[46].

19Халқлар сизларга: “Оталар руҳига, фолбинларга, азайимхонларга ва афсунгарларга боринглар”, деб айтсалар, сизлар ўз Худойингизга бормайсизми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат излаб борадими?! 20Шундай деганларга ёруғлик бўлмайди. Худонинг йўл–йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг[47]. 21Улар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди. Юқорига қарайди, 22ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат. Улар йўқ бўлиб кетади.

 

9–БОБ - ИШАЁ

 

Ишаё бўлажак шоҳ ҳақида башорат қилади

 

1Бироқ кулфатли жойда энди азоб бўлмайди. Бошида Забулун ва Нафтали юрти[48] шарманда бўлган эди. Аммо келажакда ўша денгиз бўйи, Иорданнинг нариги томонидаги ғайрияҳудийлар Жалиласи улуғланади.

2Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,

Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.

3Бу халқни Сен кўпайтиргансан,

Уларга кўп шодлик ато қилгансан.

Ҳосил пайтидаги мамнунлик каби,

Ўлжаларин бўлишиб олган пайтдаги каби,

Улар ҳузурингда қувончга тўлган.

4Бу халқнинг оғир бўйинтуруғини,

Елкасидаги таёғини

Сен синдириб ташлагансан.

Золимларнинг калтагини

Мидиён халқи каби[49]

Мағлуб қилгансан.

5Жангда кийилган этиклар,

Қонга беланган ҳамма кийим

Оловга ташланиб, ёқилажак.

6Мана биз учун бола туғилди,

Ўғил бизга берилди.

Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир,

Номи Ажойиб маслаҳатчи[50], Қудратли Худо,

Абадий ота, Тинчлик шаҳзодасидир.

7Довуднинг тахтида

Унинг ҳукмронлиги ортиб бораверади.

Тинчлик то абад ҳукм суради.

Ҳозирдан бошлаб, то абад

Адолат ва солиҳлик ила

Шоҳлигини мустаҳкамлаб, барқарор қилади.

Сарвари Олам жон куйдириб,

Буни бажо айлайди.

 

Худонинг Исроилга бўлган ғазаби

 

8Ёқуб наслига қарши Раббий бир сўз юборди,

Унинг сўзи Исроил халқига етиб келди.

9Эфрайимда[51], Самарияда яшайдиганлар,

Жамики халқ бундан хабардор бўлди.

Улар димоғдорлик, киборлик ила айтмоқда:

10“Ғиштин иморатлар вайрон бўлса,

Йўнилган тошлар билан қурамиз.

Шикамора–анжир дарахтлари кесилган бўлса,

Уларнинг ўрнига садр дарахтлари[52] экамиз.”

11Ана, Орам шоҳи Ратанга қарши

Эгам унинг душманларини қўзғатди,

Ғанимларини даъват қилди.

12Шарқдан Орамлар, ғарбдан Филистлар

Оғизларин катта очиб, Исроилни ютиб юборди.

Аммо шундай бўлса ҳам,

Эгам тушмас ғазабидан,

Унинг қўли ҳамон

Исроилга қарши кўтарилган.

13Бу халқ Сарвари Оламга юз бурмади,

Жазо берганга қайтмади.

14Шунда Эгам бир кунда

Исроилдан бошини ва қуйруғини,

Хурмосини ва фойдасиз қамишини кесиб олди.

15Оқсоқоллар, амалдорлар бошдир,

Сохта пайғамбарлар қуйруқдир.

16Улар бу халқни йўлдан адаштирган,

Уларга эргашганлар боши берк кўчага кириб қолган.

17Ҳаммаси шаккок, қабиҳлик қилар,

Барча оғизлардан аҳмоқона сўз чиқар.

Раббий ёшлардан мамнун бўлмади,

Етим, беваларга шафқат кўрсатмади.

Аммо шундай бўлса ҳам,

Эгам тушмас ғазабидан,

Унинг қўли ҳамон

Исроилга қарши кўтарилган.

18Фосиқлик оловга ўхшаб ёнар,

Еб битирар бутазору тиканзорларни.

Ўрмондаги чангалзорларни ёндириб,

Баландларга тутунини ўрлатади.

19Сарвари Оламнинг қаҳридан

Юрт ёниб битар,

Халқ оловга ёнилғи бўлар,

Одам ўз яқинига шафқат қилмас.

20Ўнг тарафга ҳамла қилар,

Аммо оч қолаверарлар.

Ҳа, чап тарафда, ютаман, дер,

Аммо тўймаслар.

Ўз қўлининг гўштини ейди инсонлар.

21Манаше қабиласи ейди Эфрайим қабиласини,

Эфрайим эса Манашени,

Иккови бирлашиб Яҳудога[53] ҳужум қилади.

Аммо шундай бўлса ҳам,

Эгам тушмас ғазабидан,

Унинг қўли ҳамон

Исроилга қарши кўтарилган.

 

10–БОБ - ИШАЁ

 

1Эй сиз, ёвуз фармонлар чиқарадиганлар,

Қонунлар ёзиб, жабр келтирадиганлар.

2Камбағални адолатдан маҳрум қиляпсиз,

Мазлум халқимни талаяпсиз,

Овингиз бўлаётир бевалар,

Ўлжангиз бўлаётир етимлар.

3Қиёмат куни келганда, сиз нима қиласиз?

Узоқдан бало келганда, нима қиласиз?

Ёрдам сўраб кимга қочиб борасиз?!

Бойлигингизни қаерга олиб кетасиз?!

4Йўқ, асир бўлиб йиқилиб қоласиз,

Ё жасадлар тагида қолиб кетасиз.

Аммо шундай бўлса ҳам,

Эгам тушмас ғазабидан,

Унинг қўли ҳамон

Исроилга қарши кўтарилган.

 

Худо такаббур Оссурияни ҳам ҳукм қилади

 

5Эгам айтар: “Мана Оссурия![54] Ғазабимнинг ҳассаси!

Унинг қўлидадир қаҳримнинг таёғи!

6Мен уни шаккок элга қарши юбораман,

Ғазабимни ўша халққа қарши сочаман,

Овлаб, ўлжа қил, деб унга амр қиламан.

Халқларни лойдай оёқ ости қилади у.

7Унинг фикри–ёди

Халқларни қириб ташлашдир,

Битта қўймай уларни йўқ қилишдир.

Аммо Оссурия фақат буни хаёл қилмаган,

Булар ҳақида ўйламас ҳам.

8Оссурия шоҳи шундай ўйлайди:

‘Лашкарбошиларим шоҳлар эмасми?!

9Хално шаҳрини Кархамиш шаҳридай вайрон қилмадикми?!

Хомат ҳам Арпаддай[55] қулади–ку!

Самария Дамашқ[56] каби эмасми?!

10Олганимдай беҳуда бутлар шоҳликларини,

Оламан Қуддусу Самариянинг санамларини.

11Не қилган бўлсам Самария ва унинг санамларини,

Шундай қиламан Қуддусу унинг бутларини.’”

12Аммо Сион тоғида ва Қуддусда Раббий ҳамма ишларини тугатиб бўлганда, шундай дейди: “Оссурия шоҳи билан унинг такаббурлиги, киборларча боқишлари натижасига қараб, ҳисоб–китоб қиламан. 13Оссурия шоҳи шундай деган эди:

‘Ўз кучим билан буларни амалга оширдим,

Донолигим билан қилдим, ахир, идроклиман.

Халқларнинг чегарасини йўқ қилдим,

Уларнинг хазиналарини ўлжа қилиб олдим.

Қудратли шоҳларини тахтдан улоқтирдим.

14Қуш инига қўл суқиб тухум йиққан каби,

Халқларнинг бойликларини тўпладим.

Ташлаб кетилган тухумларни қандай тўпласалар,

Жамики юртларни мен шундай йиғиб олдим.

Ё қанот қоққан, оғзин очган,

Ё овозин чиқарган биров бўлмади.’”

 

Ишаёнинг Оссурия шоҳига жавоби

 

15Болта мақтанарми уни ишлатганга?!

Арра ўзини мақтайдими уни қўлга олганга?!

Калтак ушлаганни калтакнинг ўзи кўтарадими?!

Ҳасса ўзини ушлаганни кўтарадими?!

16Шу боис Сарвари Олам — Раббий

Оғир хасталикни юборар паҳлавонларингиз орасига.

Улар авжда экан, баданидан ўт чиқади,

Улар гўё лов–лов этиб ёнади.

17Шунда Исроилнинг нури ёлқин бўлади,

Исроил халқининг муқаддас Худоси олов бўлади.

Олов ёндириб, тиканзору чангалзорларини

Бир кунда ямлаб ютади.

18Унинг ўрмонларининг фахри

Ва унумдор далалари

Оғир хасталикка йўлиққан инсондай,

Тамомила хароб бўлади.

19Шунчалик оз қоларки ўрмонидаги дарахтлар,

Ҳаттоки ёш бола ҳам уларни санай олади.

 

Худо Ўз халқини тинчлантиради

 

20Ўша куни Исроилнинг қолган–қутгани,

Ёқуб хонадонининг қутулганлари

Бошқа суянмайди ўз зулмкорларига[57],

Улар садоқат билан таянади

Исроил халқининг муқаддас Худоси — Эгамга.

21Ёқуб наслининг қутулганлари, омон қолганлари

Қайтади[58] Қудратли Худога.

22Эй Исроил, сенинг халқинг

Денгиз қумидай кўп бўлган бўлса ҳам,

Энди улардан бор–йўғи саноқли одамлар қайтади.

Зеро, “Қирғин бўлсин”, дея қарор қилинган,

Худо одил ҳукмни Ўз халқининг бошига солади.

23Шубҳасиз, бутун ер юзида қиёмат бўлади, зотан, Сарвари Олам — Раббий шундай қарор қилган.

24-25Шу боис Сарвари Олам — Раббий шундай айтмоқда: “Эй халқим, Қуддус[59] аҳли! Мисрликлар каби Оссурияликлар сизларга таёқ кўтарадилар, сизларни қамчи билан урадилар. Аммо ҳадемай ғазабимни босаман, улардан қўрқманглар. Энди Оссурияликларга қаҳримни сочиб, уларни қираман. 26Ҳа, Мидиёнларни Орив қоясида шундай қирган эдим[60]. Ҳассамни кўтариб, Миср лашкарини денгизда ғарқ қилдим[61]. Энди худди шундай қилиб, Мен, Сарвари Олам, уларга қарши қамчимни кўтараман. 27Ўша куни Оссуриянинг юкини елкангиздан улоқтираман. Унинг бўйинтуруғи бўйнингиздан олиб ташланади. Ҳа, бўйинтуруқ йўқ қилинади, чунки сизлар кучга тўлдингиз[62].”

28Оссурия лашкари Ояз шаҳрига[63] келди,

Мигрон бўйлаб ўтди,

Қурол–аслаҳасини Михмашда шай қилди.

29Улар Ғибо сўқмоғини кесиб ўтдилар–у,

Рама халқи ваҳимага тушиб қолди,

Улар Шоулнинг шаҳри Гивода омонат тўхтади–ю,

Шаҳар аҳли қочиб кетди.

30Фарёд қилинг, эй Галим аҳли!

Эшит, эй Лайшо!

Эй шўрлик Онотўт!

31Мадменах аҳли қочиб кетди,

Гебим аҳли, паноҳ топай, деб учиб кетди.

32Ўша куни у Нав шаҳрида туради.

Қуддус шаҳри жойлашган тепалик —

Азиз Сион тоғига қараб қўл кўтаради.

33Қара, Сарвари Олам — Раббий

Қудратли кучи ила шохларни кесиб ташлайди,

Баланд дарахтларни қирқиб ташлайди,

Юксалганларини ерга уради.

34У болта билан кесиб ташлайди ўрмондаги чангалзорни,

Қудратли Худо қулатиб юборади Лубнон дарахтларини.

 

11–БОБ - ИШАЁ

 

Тинч шоҳлик ҳақида башорат

 

1Эссайнинг[64] томиридан новда ўсиб чиқади,

Ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади.

2Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи.

Бу донолик ҳамда ақл–идрок,

Насиҳат ва куч–қудрат Руҳидир,

Эгамизни билиш ва Ундан қўрқув Руҳидир.

3Ўша Эссай фарзанди

Эгамиздан қўрқишдан завқ олар,

Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила,

Ажрим қилмас эшитганлари ила.

4У адолат ила бечорани ҳукм қилади,

Тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади.

Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди,

Нафаси ила фосиқни ўлдиради.

5Адолат унинг белидаги камар бўлади,

Ҳаққоният унинг белидаги белбоғ бўлади.

6Шунда бўри қўзи билан яшар,

Сиртлон билан улоқча бирга ётар,

Бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир,

Ёш бола уларни етаклаб юрар.

7Сигир билан айиқ бирга ўтлайди,

Болалари ҳам бирга ётади,

Шер ҳўкизга ўхшаб сомонни ейди.

8Гўдак қора илон уяси устида ўйнар,

Чақалоқ қўлини илон инига суқар.

9Муқаддас тоғимнинг[65] гир атрофида

Улар зарар келтирмас ё чақмас.

Ҳа, сувлар тўлдирганидай денгизни,

Ер юзи тўлиқ билади Эгамизни.

10Мана, Эссайнинг илдизидан чиққан[66] шоҳ ўша куни халқларга байроқ бўлиб туради. Элатлар уни излаб келадилар, Унинг маскани улуғворликка тўлади.

11Ўша куни Раббий қўлини иккинчи марта узатади. У Ўз халқидан қолганларини қутқаради. Уларни Оссуриядан, Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудларидан[67], Ҳабашистондан[68] йиғиб келади. Эламдан[69], Бобилдан[70], Хоматдан[71] ва денгиз соҳилларидан олиб келади.

12Элатларга У белгисини кўрсатиб,

Исроилнинг қувилганларини тўплайди.

Ер юзининг тўрт бурчагидан йиғади

Яҳудонинг тарқалиб кетганларини.

13Эфрайимнинг[72] ҳасадгўйлигини қирқади,

Яҳудонинг хусуматини тўхтатади,

Эфрайим Яҳудога ҳасад қилмас,

Яҳудо Эфрайимга хусумат қилмас.

14Ғарбда улар филистларга чангал солади,

Биргаликда Шарқ халқини талайди,

Эдом, Мўаб[73] уларга бўйин эгади,

Оммон халқи[74] тиз чўкади.

15Эгамиз тамомила қириб юборар

Қизил денгизнинг қўлтиғини[75].

Фурот дарёсига қарши қўл кўтаради.

Гармсел келтириб, жизғанак қилиб,

Дарёни етти саёз ирмоққа бўлиб ташлайди,

Ирмоқлардан бир–бир ҳатлаб ўтса бўлади.

16Ҳа, Исроил Мисрдан чиққанда,

Уларга йўл очилганидай

Эгамизнинг халқидан қолганларга

Оссуриядан катта йўл очилади.

 

12–БОБ - ИШАЁ

 

Шукрона қўшиғи

 

1Ўша куни сен айтасан:

“Сенга шукр айтаман, эй Эгам,

Мендан ғазабланган эдинг,

Ғазабинг босилди, эй Эгам,

Менга Сен тасалли берасан!”

2Сен яна айтасан: “Ҳа, Худо нажотимдир,

Қўрқмасман, У менинг умидимдир.

Эгам[76] менинг куч–қудратимдир[77],

У менинг қутқарувчимдир.”

3Шод бўлиб, Нажот чашмасидан сув оласиз.

4Ўша куни айтасиз:

“Шукроналар айтайлик Эгамизга.

Сажда қилайлик Унга!

Қилган буюк ишларини

Халқлар орасида овоза қилайлик,

Номи юксалганини ёдга солайлик!”

5Ҳамдлар айтинг Эгамизга!

Бутун ер юзида бўлган овоза

Унинг қилган ажойиб ишлари!

6Хитоб қилинг, ҳайқиринг шодликдан, эй Қуддус[78] аҳли,

Буюкдир орангиздаги Исроил халқининг Худоси.

 

13–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Бобилни жазолайди

 

1Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Бобил тўғрисида аён бўлган башорат.

2Яланг тепалик узра ишора юборинг,

Уларга қараб ҳайқиринг!

Қўлларингизни кўтариб, уларга ишора беринг.

Шунда улар аслзодалар дарвозасига келар.

3Эгам айтар: “Мен Ўзим танлаганларга амр бериб,

Қаҳримни кўрсатсин, деб жангчиларимни йиғдим,

Ғалабамдан севинадиганларни тўпладим.”

4Қирлардаги оломоннинг товуши

Ўхшайди буюк халқнинг овозига.

Ана, шоҳликларнинг шовқин–сурони!

Элатлар йиғилмоқда.

Сарвари Олам тайёрламоқда

Жанг қилмоққа лашкарини.

5Келаётир улар узоқ ерлардан,

Ҳа, осмон гумбазининг бир бурчидан.

Эгам ва Унинг ғазаб қуроллари

Қириб юборади бутун ер юзини.

6Фарёд қил, Эгамизнинг куни яқин!

Ҳа, Қодир Худо кулфат юборади!

7Ҳамма қўллардан дармон кетади,

Ҳар бир инсон ваҳимага тушади.

8Улар даҳшатга тушарлар,

Дарду изтироб уларни чулғар,

Тўлғоқ тутган аёлдай букчайиб қолар.

Бир–бирига қўрқув ичра қарар,

Уларнинг юзлари ловуллаб ёнар.

9Мана, келаётир Эгамизнинг куни!

Аланга олаётир ғазабу қаҳр, даҳшат.

Вайронага айлантирар ер юзини,

Ер юзидан қириб ташлар гуноҳкорларни.

10Ҳа, самодаги юлдузлар, буржлар

Таратмайди ўз ёруғлигини.

Қуёш чиқса ҳам, зулмат бўлади,

Ой нурини сочмайди.

11Эгам айтар: “Олам билан ҳисоб–китоб қиламан қабиҳлиги учун,

Фосиқлар билан уларнинг гуноҳи учун,

Манманларнинг киборлигига чек қўяман,

Такаббурларни димоғдорлиги учун ерга ураман.

12Инсонни камёб қилурман соф олтиндан ҳам,

Одамни Офир олтинидан ҳам.

13Ғазабим алангаланган кун

Самони титратиб юборурман.

Мен, Сарвари Оламнинг ғазабидан

Замин қўзғалади ўз ўрнидан.

14Шунда инсон овдаги жайрондай бўлар,

Чўпонсиз қолган сурувдай бўлар,

Ҳар бири ўз халқига қайтиб кетади,

Ҳар бири ўз юртига қочиб боради.

15Топилганларнинг ҳар бири найзага илинади,

Қўлга тушган ҳар ким қиличдан ўтказилади.

16Ўзларининг кўз ўнгида

Чақалоқлари тилка–пора бўлади.

Уйлари талон–тарож бўлади,

Хотинларига тажовуз қилинади.

17Мана, Мидияликларни[79] уларга қарши қўяман,

Мидияликларга кумушнинг ҳеч кераги йўқ,

Улар олтинни ҳам истамаслар.

18Уларнинг ўқлари ёшларни қиради,

Шафқат кўрсатмайди улар болаларга,

Раҳм қилмайди она қорнидагиларга.

19Бобилдир шоҳликларнинг гўзали,

Бобилликлар[80] улуғворлигининг дурдонаси.

Аммо Мен, Худо, ер билан яксон қиламан

Худди Садўм, Ғамўра[81] каби уни.

20Энди у ерда ҳеч ким яшамас,

То абад ҳеч ким уни маскан қилмас.

У ерда ҳатто чодир қурилмас,

Чўпонлар сурувларини ўтлатмас.

21Аммо ёввойи ҳайвонлар бу ерда ётар,

Уйлар йиртқичлар билан тўлар,

У ерда бойқушлар жойлашар,

Эчкилар у ерда шаталоқ отар.

22Увиллашар сиртлонлар қалъаларда,

Чиябўрилар гўзал саройларда.

Ўша вақт яқин орада келади,

Ўша кун келмасдан қолмайди.”

 

14–БОБ - ИШАЁ

 

Исроил халқи сургундан қайтади

 

1Аммо Ёқуб хонадонига Эгам шафқат қилади,

У яна Исроил хонадонини танлаб олади.

Ёқуб наслига ўз ерида ором беради,

Бирлашади мусофирлар улар билан,

Қўшилади Ёқуб хонадони билан.

2Халқлар ўз юртларига Исроилни бошлаб боради,

Улар Исроил хонадонининг мулки бўлади.

Исроил Эгамнинг ерида халқларни қул, чўри қилади.

Ўзини асир қилганларни Исроил халқи асир қилади,

Золимлар устидан у ҳукмронлик қилади.

 

Бобил шоҳини мазах қилиш

 

3Эгам сизни қайғу, қий–чувдан қутқарганда, сизга азоб берган оғир ишдан халос қилганда, 4Бобил шоҳига қарши бу сўзларни қўллайсиз:

“Мана, золимнинг куни битди–я!

Зўравон[82] тамом бўлди–я!

5Эгам синдирди фосиқларнинг таёғини,

Ҳукмдорларнинг ҳассасини!

6Бу ҳасса халқларни роса урарди,

Тўхтовсиз калтакларди,

Халқларга ғазаб ила ҳукмронлик қиларди,

Шафқат қилмай таъқиб қиларди.

7Жамики замин тинч, осуда,

Улар севинч ила қўшиқ айтмоқда.

8Ҳатто сарв дарахтлари ҳалокатингдан мамнун,

Лубнон садрлари ҳам айтар:

‘Энди сен чуқурда ётибсан,

Ҳеч ким бизни кесгани келмас.’

9Ўликлар диёри[83] жонланиб қолди:

Ана, келди, кутиб олайлик, дея.

Қара, уйғонди сени деб

Ер юзи йўлбошчиларининг руҳлари.

Тахтларидан оёққа қалқиди

Жамики халқларнинг шоҳлари.

10Эй Бобил шоҳи!

Ҳаммалари сенга қараб айтади:

‘Ҳатто сен ҳам биздай ночор бўлдинг–а,

Бизнинг кунимиз тушди сенинг бошингга.’

11Улуғворлигинг, кайфу сафолар товуши

Улоқтирилди ўликлар диёрига!

Остингдаги қуртлар кўрпачангдир,

Чувалчанглар сенинг тўшагингдир.

12Қандай қилиб тушиб кетдинг самодан,

Эй Зуҳра юлдуз, Тонг ўғли?!

Халқларни ерга улоқтирган эдинг!

Ерга қулаб тушдинг–ку ўзинг!

13Ҳа, ўзингча айтган эдинг:

‘Мен чиқиб бораман самоларга,

Тахтимни кўтараман

Худонинг юлдузлари тепасига.

Ўтираман худолар йиғиладиган тоғда,

Шимолнинг энг чеккасида.

14Булутлар тепасига чиқиб бораман,

Худойи Таолодай бўламан.’

15Аммо сен улоқтирилгансан ўликлар диёрига,

Чуқурликнинг туб–тубига.

16Кўрганлар сенга тикилиб қолади,

Кўнгилларида шундай ўй кечади:

‘Ўша одамми бу заминни титратган,

Шоҳликларни ларзага солган?!

17Шуми оламни саҳрога айлантирган?!

Шаҳарларни ер билан яксон қилган,

Асирларни қўйиб юбормаган?!’

18Ўзларининг қабрларида ҳар бири,

Халқларнинг шоҳи бўлганларнинг ҳаммаси

Ҳурмат билан ётибди.

19Аммо сен улоқтирилгансан

Жирканч чирик шохчадай қабрингдан.

Тош чуқурга тушадиган жасадлар,

Қиличдан қулаган жасадлар

Бўлар сенинг кафанинг.

20Ахир, ўз юртингни вайрон қилгансан,

Халқингни ўзинг ўлдиргансан.

Энди улар қатори дафн қилинмассан.

Эй фосиқ, сенинг наслинг

То абад тилга олинмас!

21Отасининг[84] гуноҳлари учун

Ўғилларини жаллодга топширинг.

Улар асло кўтарилмас.

Энди ерга эгалик қилмас,

Ер юзида шаҳарлар барпо қилмас.”

 

Худо Бобилни вайрон қилади

 

22Қуйидагилар Сарвари Оламнинг сўзидир. “Мен Бобилга қарши қўзғаламан. Мен Бобилдагиларнинг номини ҳам, қолган–қутганини ҳам, уруғ–аймоғини ҳам йўқ қиламан”, — деб айтмоқда Эгамиз. 23“Мен Бобилни типратиканларга мулк қилиб бераман. Уни ботқоққа айлантираман. Харобазор қилиб, супуриб ташлайман”, — деб айтмоқда Сарвари Олам.

 

Худо Оссурия халқини вайрон қилади

 

24Сарвари Олам онт ичиб айтди:

“Ҳа, Менинг белгилаганим бажо бўлади,

Менинг режалаштирганим юз беради.

25Оссурия халқини Ўз еримда синдираман,

Тоғларимда уни оёқ ости қиламан.

Унинг бўйинтуруғи юртимдан олинади,

Юки Исроилнинг елкаларидан улоқтирилади.

26Бутун олам учун шу режани туздим,

Бутун халқларга қарши қўлимни кўтардим.”

27Сарвари Олам режа қилган!

Қани, буни ким бекор қила олади?!

Унинг қўли кўтарилган!

Қани, уни ким ортига қайтара олади?!

 

Худо Филистларни вайрон қилади

 

28Шоҳ Охоз вафот этган йили[85] бу башорат аён қилинди:

29“Бизни урган таёқ[86] синди”, деб

Севинмангиз, эй Филистлар!

Ахир, илоннинг тухумидан қора илон чиқади!

Унинг боласи ваҳимали аждар бўлади!

30Мана, қашшоқларнинг тўнғичи тўйяпти,

Муҳтожлар эсон–омон ётибди.

Аммо сизнинг илдизингизни очликдан қуритаман,

Қолган–қутганларингиз эса қирилиб кетасиз.

31Эй Филистлар, ҳаммангиз

Азадан адойи тамом бўласиз.

Фарёд қил, эй дарвоза! Йиғла, эй шаҳар![87]

Шимолдан[88] уруш ҳиди чиқаётир,

Ўша лашкар сафдан чиқмай келаётир.

32Халқларнинг элчиларига қандай жавоб берилар?

“Эгамиз Қуддусни[89] барқарор қилди.

Ўз халқи орасида муҳтож бўлганлар

У ерда паноҳ топади”, — жавоб шудир.

 

15–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Мўабни вайрон қилади

 

1Мўаб[90] ҳақида башорат.

Вайрона бўлди тунда,

Мўабдаги Ор шаҳри нидосиз ётар.

Вайрона бўлди тунда,

Мўабдаги Хир шаҳри[91] нидосиз ётар.

2Мўаб халқи ўз худосининг уйига чиқди фарёд қилгани,

Ҳа, Дибонликлар саждагоҳига чиқди нола қилгани.

Ҳар бирининг боши қирилган,

Ҳар бирининг соқоли олинган,

Наво ва Мидаво шаҳарлари учун Мўаб нола чекар.

3Кўчаларда халқ қанорга ўранган[92].

Томларда, хиёбонларда фарёд қилиб,

Ҳаммаси кўз ёшларини тўкар.

4Хашбон, Элалей аҳли фарёд чекар,

Уларнинг овози Яхазгача эшитилар.

Мўабнинг қуролланганлари фарёд этар,

Улар қўрқувдан қалтирар.

5Юрагим Мўаб учун фарёд қилади,

Қочоқлар қочиб борар Зўварга,

Эглат–Шалишиё шаҳрига.

Лухит тепалигига ҳам улар йиғлаб боради.

Ҳатто Хўронайм йўлида

Улар ҳалокат туфайли фиғон чекади.

6Ҳа, ўтлар қуриб адо бўлди,

Майсалар тамом бўлди.

Яшилликдан асар қолмади,

Нимрим суви хароб бўлди.

7Энди улар ўзлари эришган бойликларни,

Ўзларининг ҳамма мол–мулкларини

Арабим сойлиги орқали олиб кетади.

8Фарёд етиб борган Эхлайим шаҳригача,

Йиғи етиб борган Бэр Элим шаҳригача,

Мўаб юрти оҳу нолага тўлди!

9Ана, Дибондаги сувлар[93] қон билан тўла!

Аммо энди Худо Дибонга[94] баттарини қилади.

Мўабнинг қочиб қутулганларига,

Юртдаги қолган–қутганларининг бошига

Шерларни олиб келаман.

 

16–БОБ - ИШАЁ

 

Мўаб умидсиз қолади

 

1Қўзилар юборгин юртнинг ҳукмдорига,

Саҳро йўли орқали,

Села шаҳридан[95] азиз Сион тоғига.

2Худди дарбадар қушлардай

Бўлиб қолар ахир, Мўаб аҳли.

Улоқтирилади қуш уяси

Арнон сойлиги[96] кечувига.

3Улар шундай дейди:

“Маслаҳат бер бизга, қарор чиқар!

Куннинг ўртасида соянгни тун каби тушир.

Яширгин қувилганларни,

Ошкор қилма қочоқларни!

4Қочоқларимиз орангизда яшасин,

Қирғин келтирувчи зўравонлардан

Мўабга бошпана бўлгин.”

Золимлар йўқ бўлганда,

Зўравонлик барҳам топади.

Талончилар юртдан ғойиб бўлади.

5Тахт ўрнатилар садоқат ила.

Тахтда ўтирар ҳақиқатгўй бир ҳукмдор.

Бу ҳукмдор Довуд хонадонидан келиб чиқар.

У адолатпарвар, одиллик билан ҳукм чиқарар.

6Ҳа, эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини,

Унинг киборлиги, чиройи, бойлигини!

Нақадар мағрурдир у!

Аммо буларнинг ҳаммаси ёлғон!

7Энди Мўаб фарёд чексин,

Ҳамма Мўаб учун нола қилсин.

Ҳа, ўша Хир–Харасот[97] майизларини

Қўмсаб, аза тутасиз.

8Мана, ҳолдан тойди Хашбон далалари,

Сивмо узумзорлари ҳам.

Халқларнинг ҳукмдорлари эзган

Сивмонинг узум бошларини.

Улар Язиргача етиб бордилар,

Улар саҳрода кезиб юрдилар.

Новдалари бир вақтлар ўсиб кетиб,

Денгиздан ҳам ошиб ўтди.

9Шу боис Язир йиғлаганда, мен ҳам йиғлайман,

Эй Сивмо узумзорлари!

Кўз ёшларим ила сизларни шалаббо қиламан,

Эй Хашбон, Элалей шаҳарлари!

Ахир, ёзги ҳосилингиз барҳам топди,

Дон ҳосили пайтидаги ўйин–кулгилар тўхтади.

10Шодлик, хурсандчиликка

Барҳам берилган боғларда,

Узумзорларда қўшиқ айтилмас,

Шодлик қийқириқлари кўтарилмас.

Узум сиқиш чуқурларида

Ишлайдиган ҳеч ким қолмас.

Шодлик қийқириқларини Худо бостирди.

11Шу боис юрагим Мўаб учун

Арфа каби нола қилар.

Хир–Харасот[98] учун вужудим фарёд чекар.

12Мўаб халқи келиб, ўзини толиқтирса ҳам,

Саждагоҳига келиб, илтижолар қилса[99] ҳам,

Ҳеч нарсага эришмас.

13Раббий бу сўзларни илгаридан айтган эди Мўаб ҳақида. 14Энди Раббий айтар: “Ҳозир жуда кўп бўлганига қарамай, уч йилдан кейин ёлланган ишчининг муддати каби, Мўабнинг обрўси тўкилар. Халқидан қолганлари эса жуда оз, заиф бўлар.”

 

17–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Дамашқ ва Исроилни жазолайди

 

1Дамашқ[100] ҳақида башорат.

“Ана, Дамашқ энди шаҳар бўлмайди!

У вайроналар уюмига айланади!

2Арор шаҳарлари тарк этилади,

Сурувлар масканига айланади,

Ҳеч ким уларни ҳуркитмайди.

3Эфрайим юртининг[101] қалъаси йўқ бўлади,

Дамашқнинг шоҳлиги кетади.

Орам халқининг қолганлари ғойиб бўлади,

Буларнинг ҳаммаси Исроил халқининг

Шуҳрати сингари барҳам топади,

— деб айтмоқда Сарвари Олам. —

4Ўша куни Ёқуб наслининг шуҳрати йўқолади,

Танаси озиб–тўзиб кетади.

5Мана, ўроқчилар бошоқларни ўриб олади,

Ўз қўллари билан дон ҳосилини йиғиштириб олади.

Ўша далаларда терилган буғдой бошоқларидай

Рафа сойлигида[102] Ёқуб наслидан ҳам оз қолади.

6Ҳа, зайтун дарахти қоқилганда

Дарахт учида икки–уч мева қолгандай,

Ҳосилдор шохчаларда тўрт–беш мева қолгандай

Ўша бошоқларда бир–икки дон қолади”,

— деб башорат қилар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.

7Ўша куни ҳар одам Яратганга қарайди, уларнинг кўзлари Исроил халқининг муқаддас Худосини кўради. 8Инсон қурбонгоҳларга, қўлларининг ижодига қарамайди, ўз қўли билан ясаган нарсалар — Ашерага[103] аталган устунларни, тутатқи қурбонгоҳларини кўрмайди.

9Ўша куни мустаҳкам шаҳарлари ўрмонлардаги ташландиқ жойларга ўхшаб қолади. Одамлар ташлаб кетган қир тепаликлар каби бўлади. Исроил халқи дастидан бу шаҳарлар харобазорга айланади.

10Ахир, сен нажоткоринг Худони унутдинг,

Паноҳ бўладиган Қоянгни эсламадинг.

Мана, сен ёқимли ўсимликлар экасан,

Бегона кўчатларни ўтқазасан.

11Уларни авайлаб–асраб ўстирасан,

Тонгда уруғдан куртак чиқартирасан,

Аммо ҳосилинг хасталигу оғир дард бўлар.

12Қаранг, халқларнинг кўплигини!

Улар денгиз каби гувиллайди!

Лашкарларнинг ҳайқириғи

Тўлқинлар товушидай баланддир.

13Аммо Эгам уларга танбеҳ беради,

Халқлар ҳам тўлқинлар каби йўқолиб кетади.

Улар узоқларга қочиб қолади.

Тоғлардаги шамолда учган хас–чўп каби қувилади,

Қуюн олдидаги гирдоб каби ҳайдалади.

14Оқшом пайти! Қаранглар, кулфат!

Тонг отмасдан улар йўқ бўлиб кетади.

Бизни талайдиганларнинг қисмати шундай бўлади,

Биздан тортиб олганларга мана шу насиб қилади.

 

18–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Ҳабашистонни жазолайди

 

1Ҳолингга вой! Эй Ҳабашистон[104] дарёлари ортидаги

Қанотлар гувиллашига тўлган юрт![105]

2Нил дарёси орқали хабарчиларини жўнатадиган,

Денгиз орқали папирус кемаларини юборадиган юрт!

Сенинг ҳолингга вой!

Боринглар, эй чаққон хабарчилар,

Баланд бўйли, тиниқ терили халққа,

Узоқдан ҳам, яқиндан ҳам қўрқинчли бўлган халққа,

Кучли, забт этувчи халққа,

Юртида дарёлари бор халққа.

3Эй олам аҳли, юрт халқи!

Тоғларда байроқ кўтарилганда, кўрасиз,

Бурғу чалинганда, эшитасиз.

4Мана, Эгам менга шундай демоқда:

“Қоқ тушда куйдирай, деган ёрқин қуёш нури каби,

Ҳосил мавсумида осмонни босай, деган қора булут каби

Энди жим бўлиб, Ўз масканимдан кузатиб тураман.”

5Ҳосил йиғилмасдан олдин, ғунча очилганда,

Узум пишиб етилай деганда

Эгам новдаларни ток қайчи ила кесади,

Куртакларни эса узиб ташлайди.

6Уларнинг ҳаммаси қолиб кетади

Тоғлардаги йиртқич қушларга,

Даштдаги ёввойи ҳайвонларга.

Улар ем бўлади ёзда йиртқич қушларга,

Қишда ёввойи ҳайвонларга.

7Ўша пайтда ҳадялар келтирар Сарвари Оламга

Баланд бўйли, тиниқ терили Ҳабаш халқи,

Узоқдагилар ҳам, яқиндагилар ҳам қўрқадиган халқ,

Кучли, забт этувчи халқ,

Юртида дарёлари бўлган халқ.

Ҳа, бу халқ ҳадялар келтирар Сион тоғига

Сарвари Оламга аталган жойга.

 

19–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Мисрни жазолайди

 

1Миср ҳақида башорат.

Ана, Эгам миниб олган учқур булутга,

У келади Мисрга.

Мисрнинг беҳуда бутлари

Унинг олдида титрар,

Мисрнинг юраги эса орқага тортар.

2“Миср халқини бир–бирига сапчитаман.

Ака–укалару дўстлар,

Шаҳарлару шоҳликлар

Бир–бирига қарши чиқар.

3Мисрдаги руҳлар битта қолмай қочиб кетади.

Мен Мисрнинг режаю ниятларини пучга чиқараман.

Улар қидириб қолар

Беҳуда бутларнию сеҳргарларни,

Фолбинлару оталари руҳларини.

4Мен Мисрни бераҳм хўжайинларга топшираман,

Ҳа, кучли шоҳ уларни бошқаради”,

— демоқда Сарвари Олам — Раббий.

5Нил суви қуриб қолади,

Дарё қуриб бораверади,

У жизғанак ер бўлади.

6Оқар сувлар бадбўй ҳид чиқаради,

Мисрдаги Нил пасайиб, қурийди.

Поялару қамишлар чирийди.

7Нил қирғоғидаги, дарё бўйидаги қамишлар,

Нил бўйига экилган ҳамма экинлар

Қуриб кетади, совурилади,

Улардан ҳеч нарса қолмайди.

8Балиқчилар аза тутар,

Нилга қармоқ ташлаганлар йиғлар,

Сувга тўр ёйганлар умидсиз бўлар.

9Зиғир толасига ишлов берадиганлар

Шарманда бўладилар,

Оқ мато тўқийдиганлар[106]

Уятга қолиб кетадилар.

10Уларнинг дастгоҳлари ишдан чиқади,

Барча ишчилари тушкунликка тушади.

11Эй Зўван[107] шаҳзодалари, ғирт аҳмоқсиз ахир,

Эй Фиръавн маслаҳатчилари, сизнинг донолигингиз ҳам шундай.

Маслаҳатларингиз даф бўлади.

Қандай қилиб сиз фиръавнга:

“Биз доноларнинг ўғлимиз,

Қадим шоҳлар наслиданмиз”, дея айта оласиз?!

12Эй Фиръавн, қани ўша доно одамларингиз?!

Сарвари Олам Мисрга нима режа қилганини

Улар сизга билдирсин, айтсин.

13Мана, Зўван шаҳзодалари аҳмоқ бўлдилар,

Нуф[108] шаҳзодалари алдандилар.

Мисрни ўз қабила бошлиқлари йўлдан урдилар,

14Уларнинг ақлини Эгам чалкаштирди,

Қусиғига думалайдиган маст қандай бўлса,

Мисрни улар шундай йўлдан оздирар.

15Мисрга ҳеч ким ёрдам бера олмас,

На боши, на қуйруғи, на хурмоси, на қамиши.

 

Миср Эгамизга сажда қилади

 

16Ўша куни Миср хотин кишига ўхшаб қолади. Сарвари Олам унга қарши қўлини кўтаради, шунда Миср титраб даҳшатга тушади. 17Яҳудо Мисрликларни даҳшатга солади. Сарвари Олам уларни ваҳимага солганини эслаган ҳар бир одам даҳшатга тушади.

18Ўша кунга келиб, Мисрдаги бешта шаҳар иброний тилида[109] гапирадиган бўлади. Улар Сарвари Олам олдида онт ичадилар. Бу шаҳарлардан бири “Қуёш шаҳри”[110], деб аталади.

19Ўша куни Мисрнинг ўртасида Эгамиз учун бир қурбонгоҳ, чегарада бир муқаддас тош ўрнатилади. 20Булар Сарвари Олам учун Мисрда бир белги ва гувоҳ бўлади. Халқ золимлар дастидан ёлворганда, Эгамиз уларни қутқарадиган бир ҳимоячи юборади. У халқни қутқаради. 21Эгамиз Ўзини Мисрликларга зоҳир қилади. Мисрликлар ҳам ўша куни Уни танийдилар. Эгамизга қурбонликлар келтириб, назрлар атаб, сажда қиладилар. Унга ваъда бериб, ваъдаларини адо этадилар. 22Эгамиз Мисрликларни хасталик келтириш билан жазолайди, кейин шифо беради. Улар Эгамизга ёлворадилар, Эгамиз уларга шифо беради. 23Ўша куни Миср билан Оссурия ўртасида бир йўл бўлади. Оссуриялик Мисрга, Мисрлик Оссурияга бориб келаверади. Оссурияликлар билан Мисрликлар биргаликда сажда қиладилар.

24Ўша куни Миср билан Оссурия қаторида Исроил учинчи халқ бўлади. Учалови ер юзига барака бўлади. 25Ҳа, Сарвари Олам шундай деган: “Барака топинглар! Эй халқим Миср, қўлларимнинг ижоди Оссурия, Ўзимнинг мулким Исроил!”

 

20–БОБ - ИШАЁ

 

Яланғоч Ишаё халқ учун нишонадир

 

1Оссурия шоҳи Саргон ўз лашкарбошисини Ашдод шаҳрига юборди. Лашкарбоши келиб Ашдодни қўлга олди[111]. 2Ўша пайтда Омиз ўғли Ишаёга Эгамиз шундай деди:

— Қани, эгнингдаги қанорни[112] еч, оёқларингдаги чориқларингни еч.

Ишаё айтилганларни қилди. У яланғоч, ялангоёқ юрадиган бўлди. 3Шунда Эгамиз деди:

— Қулим Ишаё уч йил яланғоч, ялангоёқ юргани Миср ва Ҳабашистон[113] тўғрисида белги ва нишона бўлди. 4Оссурия шоҳи Миср асирларини, Ҳабашистон тутқунларини, ёшу қарисини яланғоч, ялангоёқ, уятли жойлари очиқ ҳолда ҳайдаб кетади. Миср шарманда бўлади. 5Ҳабашистонга умид боғлаган, Мисрдан фахрланган халқ иснодга қолади. 6Ўша куни қирғоқдаги юртнинг аҳолиси[114] шундай деб айтади: “Биз ишонганларнинг аҳволини кўриб қўйинг. Улар бизга ёрдам бериб Оссурия шоҳининг қўлидан қутқаради, деб юрардик. Энди қандай қутуларканмиз?!”

 

21–БОБ - ИШАЁ

 

Бобилнинг қулаши ҳақида башорат

 

1Денгиз бўйидаги саҳро[115] ҳақида башорат.

Нагав узра кетма–кет эсаётган бўронлар каби,

Чўл — қўрқинчли юртдан келаётир у.

2Оғир бир ваҳий кўрдим:

Хоин хоинлик қилаётир,

Босқинчи талон–тарож қилаётир.

Эгамнинг сўзларини эшитдим:

“Эй Элам халқи, ҳужум қил,

Эй Мидия[116] халқи, қамал қил!

Жамики нолаларга барҳам бераман!”

3Эвоҳ, кўрганларимдан ичимда оғриқ турди,

Туғаётган аёл каби азоблар мени қамради.

Икки букилдим эшитганларимдан,

Даҳшатга тушдим кўрганларимдан.

4Юрагим увишиб кетди,

Қўрқувдан титраб кетдим.

Оқшомни кутгандим,

У эса қўрқувга тўла.

5Дастурхон ҳозирламоқдалар,

Гиламлар тўшаб, еб–ичмоқдалар.

Қўзғалинг, эй раҳнамолар, қалқонларни ёғланг!

6Раббий менга шундай деди:

“Қани, бир қоровул қўй,

Кўрганини етказсин.

7Жанг араваларининг, отлиқларнинг,

Эшакларга, туяларга минганларнинг

Жуфт–жуфт бўлиб келганини кўради.

Яхшилаб эътибор берсин.”

8Шу лаҳзада қоровул шердай ўкириб қолди[117]:

“Эй тўрам, мен кундузи ҳар доим

Қоровул минорасида тураман,

Ҳар тун ҳам жойимдаман.

9Ана, жанг аравалари, отлиқлар

Жуфт–жуфт бўлиб келаётир!”

Шу он у бақириб хабар берди:

“Қулади, Бобил қулади![118]

Бутлари синиб, ер билан битта бўлди!”

10Эҳ, халқим!

Хирмонда буғдой каби янчилган[119] халқим!

Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламдан

Эшитганларимни сизга билдирдим.

 

Эдом ҳақида башорат

 

11Думах[120] ҳақида башорат.

Сеирдан[121] мени чақиришар:

“Эй посбон, қачон тонг отар?

Қачон тонг отар?”

12Жавобим шудир: “Тонг отаётир,

Аммо яна кеч киради.

Кўпроқ билмоқчи бўлсангиз,

Яна қайтиб келинг.”

 

Арабистон ҳақида башорат

 

13Арабистон ҳақида башорат.

Ғарб ўрмонларида тунайсиз,

Эй Дедон[122] карвонлари!

14Эй Темо[123] аҳолиси!

Сув келтиринг, ташналарга пешвоз чиқинг!

Қутулиб омон қолганларга нон беринг!

15Ахир, улар қочаётирлар қиличдан,

Яланғочланган қиличдан,

Таранг тортилган ёйлардан,

Шафқатсиз урушлардан.

16Раббий менга шундай деди: “Яна бир йилдан кейин, ёлланган ишчининг муддати каби Кедарнинг[124] улуғворлиги барҳам топади. 17Кедарнинг камонкашу ёйандозларидан озгинаси қолади.” Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди.

 

22–БОБ - ИШАЁ

 

Қуддус ҳақида башорат

 

1-2Ваҳий водийси[125] ҳақида башорат.

Эй шовқин–сурондан шод бўлган шаҳар аҳли,

Нима бўлди сизга, томларга чиқиб олдингиз?[126]

Орангиздан ўлганлар қиличдан эмас,

Улар жанг қилиб ўлган эмас.

3Йўлбошчиларингиз ёйини ташлаб,

Ҳаммаси асирга тушди.

Улар узоққа қочганди,

Аммо ҳаммаси асирга тушди.

4Шунда мен дедим:

“Ёлғиз қолдиринг мени,

Аччиқ–аччиқ йиғлайин.

Тасалли беришга уринманг менга,

Ахир, учради халқим қирғинга!”

5Зотан, Сарвари Олам — Раббий бир кун белгилади,

У куни Ваҳий водийсида қий–чув, зулм ва саросима ҳукм суради.

Деворлар қулаётир,

Одамлар тоғларга қараб фарёд қилаётир.

6Элам[127] лашкари ўқдонларини тайёрлади,

Жанг аравалари, отлиқлари билан келди,

Хир лашкари қалқонларини очди.

7Мана, гўзал водийларингиз жанг аравалари билан тўлди,

Отлиқлар шаҳар дарвозалари олдига йиғилди.

8Эвоҳ, Яҳудо ҳимоясиз қолди!

Ўша куни сизлар “Лубнон Ўрмони” деган уйдаги[128] қуролларга ишондингиз. 9Довуд қалъаси деворларининг ёриқлари жуда кўп. Буни кўриб сизлар Қуйи ҳовуздан сув тўпладингиз. 10Қуддусдаги уйларни санаб чиқдингиз. Шаҳар деворларини мустаҳкамлаш учун уйларни буздингиз. 11Эски ҳовуз сувларини тўплаш учун икки девор ўртасида[129]сардоба қурдингиз. Аммо буни илгаридан режа қилган Худони ёдга олмадингиз. Амалга оширадиган Худони хаёлингизга ҳам келтирмадингиз.

12Ўша куни Сарвари Олам — Раббий:

“Йиғланг, аза тутинг”, деб айтди.

“Сочларингизни кесиб, қанорга ўранинг[130]”, деди У.

13Аммо буни қаранг!

Шодлигу кайфу сафо!

“Эрта–индин ўлиб кетамиз,

Келинглар, еб–ичиб қолайлик”, деб

Сизлар буқа, қўйлар сўйдингиз,

Гўшт еб, майхўрлик қилдингиз.

14Шунда Сарвари Оламнинг Ўзи менга шундай деди:

“Бу гуноҳларингиз кечирилмас ўлгунингизгача.”

Ҳа, буни Сарвари Олам — Раббий айтмоқда.

 

Шавнага берилган огоҳлантириш

 

15Сарвари Олам — Раббий шундай айтмоқда: “Қани, шоҳнинг ўнг қўл вазири, сарой аъёни Шавнанинг[131] олдига бориб, шундай деб айт: 16‘Бу ерда нима ишинг бор?! Бу ерда сенинг киминг борки, ўзингга қабр қазибсан?! Юксакда ўзингга қабр қазибсан, қояда ўзингга маскан қилибсан?! 17Мана, Мен, Эганг, сени улоқтираман. Эй кучли инсон! Мен сени чирпирак қилиб шиддат билан улоқтираман. 18Мен сени айлантириб–айлантириб, тўп каби кенг бир юртга учириб юбораман. Сен ўша ерда ўлиб кетасан. Улуғвор жанг араваларинг ўша ерда қолиб кетади. Хўжайининг хонадонига сен шармандалик келтирасан! 19Мен сени ўз жойингдан қўзғатаман. Сен ўз лавозимингдан олинасан.

20Ўша куни Хилқиёнинг ўғли қулим Элияқимни[132] чақираман. 21Сенинг либосларингни унга кийдираман. Камарингни унга боғлаб, сенинг бутун ҳукмронлигингни унга бераман. У Қуддус аҳолисига, Яҳудо халқига ота бўлади. 22Довуд хонадонининг калитини[133] унга бераман. У очганда, ҳеч ким беркитолмайди. У беркитганда, ҳеч ким очолмайди. 23Мен уни мустаҳкам жойга қоқилган қозиқ қиламан, у ўз уруғи учун шуҳрат тахти бўлади. 24Уруғидан чиққан ҳар ким, косадан пиёлаларгача бўлган ҳар бир кичик идиш ўша қозиққа юкланади.’

25Ўша куни мустаҳкам жойга қоқилган қозиқ жойидан чиқиб, синиб кетади, — демоқда Сарвари Олам. — Унга осилган юк ҳам йўқ бўлиб кетади.” Эгамиз шундай деб айтди.

 

23–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Тир шаҳрини жазолайди

 

1Тир[134] ҳақида башорат.

Эй Таршиш[135] кемалари, фарёд қилинг!

Энди йўқ бошпанангиз!

Кипр[136] соҳилида эшитган хабарлар.

Мана, уларнинг ҳаммаси равшан.

2Сукут сақланг, эй орол халқи!

Эй Сидон[137] савдогарлари!

Бир пайтлар кемаларга тўла эдингиз.

3Шихор[138] дони, Нилнинг ҳосили

Тирнинг даромади бўлган эди,

У элатлардан фойда қиларди.

4Уят сенга, эй Сидон!

Ахир, Тир, денгиз бўйидаги қалъа шундай демоқда:

“На тўлғоқ азобин чекдим, на туғдим,

На ўғиллар, на қизлар улғайтирдим.”

5Тир тўғрисида эшитганда,

Мисрнинг юраги қинидан чиқай дейди.

6Таршишга жўнанг, эй қирғоқ аҳолиси,

Фарёд қилинг!

7Қадимда барпо бўлган,

Такаббур шаҳрингизнинг ҳоли не бўлди?

Энди дарбадар бўласиз,

Узоқ, бегона юртни ватан қиласиз.

8Тирга қарши ким бундай қарор чиқарди?

Бу шаҳар шоҳларга тож кийдирганди,

Савдогарлари ҳукмдор эди,

Бутун дунё уларни иззат қиларди.

9Сарвари Олам қабул қилди бу қарорни:

“Такаббурлиги, улуғворлиги йўқ бўлсин,

Бутун олам иззат қилганлар ерга урилсин.”

10Эй Таршиш аҳли!

Нил бўйидаги деҳқонлар каби

Ерларингга ишлов бер[139].

Ахир, бандаргоҳинг йўқ энди[140].

11“Канъон қалъалари вайрон бўлсин”, деб

Эгамиз амр берди.

Ҳа, У денгизга қарши қўл кўтарди,

Шоҳликларни титратди.

12Эгамиз шундай деди:

“Зулм чеккан, эй Сидон аҳли,

Энди хурсандчилик билмай ўтасан.

Қани, Кипрга жўна,

У ерда роҳат нималигин билмай ўтасан.”

13Ана Бобил[141] юртига боқ, энди унинг халқи йўқ. Оссурияликлар қуршов миноралари қурдилар, Бобилликларнинг саройларини яксон қилдилар. Юртни вайронага айлантирдилар, ёввойи ҳайвонларга бердилар.

14Фарёд қилинг, эй Таршиш кемалари,

Энди йўқ бошпанангиз![142]

15Шундан кейин Тир шаҳри бир шоҳнинг умрича — етмиш йилга унутилади. Етмиш йил ўтгандан кейин, Тир ҳам қуйидаги қўшиқда айтилган фоҳишадай бўлади.

16Арфангни ол, шаҳар бўйлаб кез,

Эй ҳамма унутган фоҳиша!

Қани, гўзал қилиб чал–чи!

Қўшиқ кетидан қўшиқ куйла–чи!

Балки сени эслаб қоларлар.

17Етмиш йил ўтгач, Эгамиз Тир билан яна алоқада бўлади. Аммо Тир пул учун яна фоҳишалик қила бошлайди. Дунёнинг ҳамма шоҳликларига фоҳиша бўлади. 18Шаҳар тижоратдан ва фаҳшдан олган даромадларини Эгамизга атайди. Даромадлар йиғилмайди ҳам, сақланмайди ҳам. Тижоратдан олганларини тўйгунча есинлар, чиройли кийинсинлар, деб даромад Эгамизнинг ҳузурида яшаётганларга берилади.

 

24–БОБ - ИШАЁ

 

Эгамиз ер юзини жазолайди

 

1Ана, Эгамиз хароб этади ер юзини,

Вайронага айлантиради уни,

Остин–устин қилади ер юзини,

Тарқатиб юборади замин аҳлини.

2Бир тақдир кутмоқда

Халқу руҳонийни,

Қул ва унинг эгасини,

Чўрию унинг бекасини,

Харидору сотувчиларни,

Қарздору қарз берувчини,

Судхўру қарз олганни.

3Дунё тамом вайрон бўлади,

Ер юзи ўлжага айланади.

Ҳа, Эгамизнинг каломи шудир.

4Дунё қуриб, вайрон бўлади,

Ер юзи қайғуриб, тамом бўлади,

Дунёнинг мағрур халқи кучдан қолади.

5Замин булғанди,

Ахир, унинг аҳли қонунларни бузди,

Худонинг кўрсатмаларини оёқ ости қилди.

Ҳа, абадий аҳд бузилди.

6Шу боис лаънат оламни еб битиради,

Олам аҳли гуноҳи жазосин тортади,

Шу сабабдан улар йўқолиб бормоқда,

Жуда оз одамлар қутулиб қолди.

7Янги шаробинг тугади, токларинг қуриди,

Илгари шод бўлганлар оғир нафас олмоқда.

8Доиранинг жўшқин садоси кесилди,

Шодон овозлар энди эшитилмайди,

Арфанинг шўх садоси сукутга толди.

9Энди шароб ичиб, қўшиқ айтмаслар,

Ичганга шаробнинг таъми аччиқ туюлар.

10Вайрона шаҳар ташландиқ бўлди,

Ҳамма уй беркилган, кириб бўлмайди.

11Шароб йўқлигидан кўчаларда шовқин–сурон.

Эвоҳ, шодликдан асар ҳам қолмади,

Дунёни севинч тарк этди.

12Шаҳар харобазор,

Дарвозалари эса парча–парча.

13Ҳа, ҳосил мавсумидан кейин,

Зайтун дарахти ёки узумзор қандай бўлса,

Дунёдаги халқлар ҳам шундай яланғоч бўлиб қолади.

14Мана, ғарбдагилар

Эгамизнинг буюклигини овоза қиладилар.

Улар овозларини юксалтириб,

Севинчдан ҳайқирадилар.

15Шу боис, эй шарқ аҳли, Эгамизга ҳамду сано айтинг,

Эй денгиз оролларида яшовчилар,

Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду сано айтинг.

16Дунёнинг энг четидан қўшиқлар эшитурмиз:

“Одил Худога шарафлар бўлсин!”

Аммо мен: “Тамом бўлдим! Тамом бўлдим!

Энди ҳолимга вой! — дедим. —

Хоинлар сотмоқдалар,

Ҳа, улар хоинлик қилмоқдалар!”

17Эй олам аҳли, сизни ваҳима,

Тузоқ ва чоҳ кутмоқда.

18Ваҳимали овозни эшитиб қочган чуқурга тушар,

Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар,

Самоларнинг қопқаси очилади,

Оламнинг пойдевори титраб кетади.

19Ер парча–парча бўлиб,

Майдаланиб кетади.

Ер қаттиқ тебранади.

20Замин маст одамдай гандираклайди,

Даладаги чайладай тебранади.

Гуноҳларнинг оғирлигидан букчайиб қолади,

Йиқилади–ю, қайтиб тура олмайди.

21Ўша куни Эгамиз юқоридаги самовий кучларга,

Пастдаги замин шоҳларига жазо беради.

22Улар чоҳдаги асирлар каби

Бир жойга йиғиб олинади,

Зиндонга қамаб қўйилади,

Кейинроқ улар жазоланади.

23Ой хижолат бўлар, қуёш шарманда бўлар,

Сарвари Олам Қуддусдаги Сион тоғида ҳукмрон бўлар.

Халқ оқсоқолларига У Ўз улуғворлигини намоён қилар.

 

25–БОБ - ИШАЁ

 

Шукрона қўшиғи

 

1Эй Эгам, Сен менинг Худойимсан.

Сен ажойиб ишлар қилгансан,

Мен Сени шарафлайман.

Қадим даврлардан режалар тузгансан,

Улар садоқатли ва ишончлидир.

2Яксон қилдинг душманларимиз қалъаларини,

Вайронага айлантирдинг мустаҳкам шаҳарларини,

Йўқ қилдинг узоқ юртдаги ажойиб саройларини,

Улар ҳеч қачон қайта тикланмас.

3Энди кучли халқлар Сени иззат қилади,

Шафқатсиз халқлар Сенга сажда қилади.

4Камбағал, бечоралар кулфатда қолганда,

Сен уларга бошпана бўлдинг.

Пешиндаги жазирамадан соя,

Жаладан паноҳ бўлдинг.

Ваҳший ғанимларнинг ҳужуми бўрондай бўлди.

Сен эса бизнинг паноҳимиз бўлдинг.

5Душман шовқин–сурони

Саҳро иссиғи каби бўлганда,

Жазирама иссиқни Сен

Булутлар сояси ила босдинг.

Душманнинг севинч қўшиғи

Садоларини ўчирдинг.

 

Худо зиёфат тайёрлайди

 

6Бу тоғда[143]Сарвари Олам

Жамики халқлар учун

Ажойиб зиёфат тайёрлар.

Бой дастурхон, сара шароблар,

Ёғли гўштлар, тиниқ шароб тортилади.

7Ўша куни Эгам жамики халқлар устидан

Кафанларини ечиб ташлайди.

Мана шу тоғда Эгам

Халқларни ўраган, элатлар устидаги

Ёпинчиқни олиб ташлайди.

Ҳа, У ўлимни бутунлай ютиб юборади.

8Эгам Худо ҳамманинг кўз ёшларини артиб қўяди,

Бутун ер юзида Ўз халқининг уятини олиб ташлайди.

Ҳа, Эгам шундай деб айтган!

9Ўша куни улар шундай дейдилар:

“Мана, бизнинг Худойимиз,

Қутқарсин, деб уни кутгандик,

У бизга нажот берди.

Келинглар, қувонайлик, севинайлик!

Умид қилиб кутгандик,

Мана, бизнинг Эгамиз.”

 

Худо Мўабни жазолайди

 

10Эгамнинг Ўзи бу тоғни ҳимоя қилар.

Мўаб[144] халқи янчилган сомондай эзилар,

Чиритиш учун гўнг чуқурга улоқтирилар.

11Ҳа, улар бор кучи билан

Сузувчига ўхшаб чуқурдан чиқишга интилар.

Аммо Худо уларнинг ғурурини яксон қилар,

Қўлларининг моҳирлиги фойда бермас.

12Мўабнинг қалъа деворлари бузиб ташланар,

Вайронага айланар, ер билан яксон бўлар.

 

26–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Ўз халқига ғалаба беради

 

1Ўша куни Яҳудо юртида ушбу қўшиқ куйланар:

“Мана, шаҳримиз қудратлидир!

Эгамиз бизнинг қалъамиздир,

Унинг Ўзи бизга нажот беради.

2Очинг шаҳар дарвозаларини!

Садоқатли солиҳ халқ ичкари кирсин!

3Эй Эгамиз, Сенга ишониб,

Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга

Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.

4Эгамизга то абад ишон,

Унинг Ўзи[145] абадий Қоямиздир.

5Юксалганларни У йиқитди,

Такаббур шаҳарни вайрон қилиб,

Ер билан битта қилди.

6Ўша шаҳарни мазлумлар оёқ ости қилди,

У бечораларнинг қадамлари остида эзилди.”

7Солиҳнинг йўли текисдир,

Тўғри йўлни Сен унга тайёрлайсан.

8Эй Эгамиз, йўл–йўриқларинг ила

Сенга умид қиламиз.

Сенинг номингни шарафлаш

Кўнглимиз истагидир.

9Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди,

Ҳа, мен Сенга интиламан.

Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда,

Олам аҳли адолатни билади.

10Фосиқлар марҳамат кўрганда

Улар асло солиҳликни ўрганмас.

Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади,

Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.

11Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган,

Жазолашга тайёр,

Аммо улар буни кўрмайди.

Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб,

Улар шарманда бўлсин.

Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.

12Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан,

Қилган ишларимизнинг барчасига

Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.

13Эй Эгамиз Худо, сендан бошқалар

Устимиздан ҳукмронлик қилдилар,

Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.

14Ўликлар яшамаслар,

Улар асло қайтиб келмас.

Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг,

Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.

15Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг,

Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг,

Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.

16Эй Эгамиз, кулфатда қолганларида

Улар Сенга юз бурдилар,

Сенинг танқидларинг остида эгилдилар.

17Тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан қичқиргандай,

Тўлғониб, дод–фарёд қилгандай,

Биз ҳам Сенинг олдингда шундай бўлдик, эй Эгамиз!

18Ҳомиладор бўлиб, дард тортдик,

Аммо шамолдан бошқа ҳеч нарса кўрмадик.

На ер юзида биз ғолиб бўлдик,

На авлодлар дунёга келтирдик.

19Аммо Сенинг ўлик халқинг тирилади,

Таналари ўрнидан туради.

Эй тупроқ остида ётганлар, қўзғалинг,

Шодликдан ҳайқиринг!

Эй Эгамиз, шабнаминг тонгги шабнамга ўхшайди,

Замин мурдаларига ҳаёт бағишлайди.

 

Ҳукм ва қайта тикланиш

 

20Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг!

Эгамизнинг ғазаби босилгунча,

Киринг ичкарига,

Ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!

21Ана, Эгамиз келаётир масканидан

Замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани.

Ер тўкилган қонларни фош этади,

Қотиллик қурбонларини энди яширмайди.

 

27–БОБ - ИШАЁ

 

1Ўша куни Эгамиз қиличи билан жазолар,

Шафқатсиз, баҳайбат, қудратли қиличи билан.

Жазолар Левитанни[146], ўша қочаётган илонни,

Левитанни, ҳа, ғимирлаётган илонни,

Ўлдирар денгиздаги ўша аждарҳони.

2Эгам айтар: “Ўша куни ажойиб узумзор[147] тўғрисида куйланг!

3Мен, Эгангиз, узумзор қўриқчисиман,

Доимо уни суғораман.

Кечаю кундуз узумзорни қўриқлайман,

Ҳеч ким унга зарар келтиролмайди.

4Мен ғазабда эмасман!

Лекин тиканлару буталар Менга қарши чиқса,

Улар билан жанг қиламан.

Уларни ёндириб ташлайман.

5Улар Мендан паноҳ излаб келсин!

Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин,

Улар Мен билан тинчлик ўрнатсин.”

6Вақти келиб, Ёқуб насли илдиз отади,

Исроил куртак отиб, гуллайди,

Ер юзини мевалари билан тўлдиради.

7Исроилнинг душманларини Эгамиз эзди!

Эгамиз Исроилни шунчалик урдими?!

Исроилнинг ғанимларини ўлдирди!

Эгамиз Исроилни шунчалик жазоладими?!

8Йўқ, Эгамиз ўз халқини жазолаганда

Уларни юртидан ҳайдаб, сургун қилди.

Шарқдан эсган бўрон каби

Уларни узоққа олиб кетди.

9Шундай қилиб, Ёқуб наслининг гуноҳлари

Тамомила унутилади.

Эгамиз шу ишни қилади.

Қурбонгоҳнинг тошлари парчаланса

Исроил кечирилади.

Тикка турган Ашерага[148] аталган устуну

Тутатқи қурбонгоҳи қолмаса,

Исроилнинг гуноҳлари ювилади.

10Мана, Исроилнинг мустаҳкам шаҳарлари ташландиқ бўлди,

Тарк этилган саҳродай, ҳувиллаган юрт бўлди.

Вайроналар орасида чорва ўтлаб юради,

Дарахтларнинг баргини еб, шип–шийдам қилади.

11Шохлари қуриб, синиб ётибди,

Аёллар келиб, уларни ёқади.

Бу халқ ақл–ҳушидан айрилган,

Яратган ҳам уларга ачинмайди,

Худо уларга марҳамат кўрсатмайди.

12Ўша куни, эй Исроил халқи, Эгамиз сизларни Фурот дарёсидан Миср сойлигигача бўлган ерда янчади[149]. Ҳаммангизни битта–битта йиғиб келади. 13Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда[150] Эгамизга сажда қилади.

 

28–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Самарияни жазолайди

 

1Эй улуғворлик тожи бўлган шаҳар! Ҳолингга вой!

Эфрайим[151], маст–аластларининг улуғворлиги эдинг сен!

Эҳ, ажойиб, гўзал шаҳар эдинг! Шуҳратинг гулдай сўлмоқда!

Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эдинг.

Тубанлашдинг шаробдан!

2Мана, Раббийнинг кучли бир баҳодири бор[152].

У селга, вайрон келтирадиган қуюнга ўхшайди.

Ювиб кетадиган, тошқин жалаларга ўхшайди.

Ўз қўллари билан у Эфрайимни яксон қилади.

3Эҳ, Эфрайим маст–аластларининг улуғворлик тожи!

Ана энди оёқ остида топталади!

4Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эди!

Энди уларнинг шуҳрати гуллар каби сўнади.

Улар илк пишган анжирларга ўхшайди,

Пишган заҳоти юлиниб, ютиб юборилади.

5Ўша куни Сарвари Олам

Ўзининг халқидан қолганлари учун

Шуҳрат тожию ажойиб гулчамбар бўлади.

6Ҳукм курсисида ўтирганларга

У адолат руҳини беради.

Дарвозадан душманга зарба берадиганга

У жасорат манбаи бўлади.

 

Худо бузуқ йўлбошчиларни жазолайди

 

7Руҳоний, пайғамбарлар шароб туфайли,

Ўткир ичимликлардан гандираклаб юради.

Ҳа, шароб, бўзалардан уларнинг боши айланади,

Май дастидан улар йўлларидан адашади,

Ўткир ичимликдан гандираклаб юради.

Улар ваҳий кўрганларида хато қилади,

Қиладиган ҳукмларида адашади.

8Уларнинг дастурхони қусуққа тўла,

Бирорта ҳам тоза жой йўқ.

9Хўш, Худо кимларга ўргатяпти?

Кимга хабарини тушунтиряпти?

Мана шу халққа!

Энди кўкракдан ажратилган,

Сутдан айрилган гўдакларга!

10Ҳа, улар тушунарсиз гаплар,

Мазмунсиз сўзлар[153] эшитадилар.

Озгина у ерда, озгина бу ерда.

11Худо бу халққа бегона тилларда,

Тушунарсиз тилда[154] гапиради.

12Уларга шундай деган:

“Мана, ором! Чарчаганларга дам беринг.

Мана шу роҳат, ахир.”

Аммо улар эшитишдан бош тортди.

13Эгам сўзи улар учун тушунарсиз гаплар,

Мазмунсиз сўзлардай бўлади.

Озгина у ерда, озгина бу ерда.

Шундай қилиб, юрай деганингизда

Орқага йиқилиб, яраланасиз,

Тузоққа тушиб, олиб кетиласиз.

 

Қуддус ҳукмдорларига мурожаат

 

14Шу боис Эгамдан келган бу хабарни эшитинг,

Эй Қуддусдаги масхарабоз ҳукмдорлар!

15Сизлар шундай дедингиз: “Биз

Ўлим билан аҳд қилганмиз,

Ўликлар диёри[155] ила битим тузганмиз.

Даҳшатли офат келиб бошимизга тушмайди.

Ахир, ёлғонни паноҳ қилиб олганмиз,

Сохталикни чодир қилиб олганмиз.”

16Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда:

“Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда[156]

Синалган бир тошни, пойдевор тошини.

Бу қадрли тамал тоши[157], ишончли пойдевордир.

Ҳа, унга таянганлар ҳеч қачон умидсиз бўлмайди.

17Мен адолат билан ҳукм қиламан,

Тўғрилик ўлчовим бўлади.

Сохта паноҳингизни дўл ювиб кетади,

Чодирингизни селлар ювиб кетади.

18Ўлим билан тузган аҳдингиз бекор бўлади,

Ўликлар диёри ила қилган битимингиз барбод бўлади.

Даҳшатли офат юртдан ўтаётганда,

Сизлар ер билан яксон бўласиз.

19Ҳа, ҳар тонгда, туну кун

Ўша тўфон сизни ювиб кетади.”

Эшитганингизни англаб етганингизда,

Бу хабар ғоят катта хавфдан дарак беради:

20Ётгани тўшагингиз калталик қилади,

Ёпингани кўрпангиз энсизлик қилади[158].

21Перазим тоғидагидай[159]

Ўз ишимни қилай, деб Эгам қўзғалади.

Гивон водийсидагидай[160] У ғазабга минади.

Ҳа, У Ўзининг ажойиб ишини қилади.

Унинг ишлари ҳайратда қолдиради.

22Масхаралашни бас қилинг энди,

Бўлмаса занжирларингиз яна оғирлашади.

Сарвари Олам — Раббий менга:

“Бутун юртни вайрон қиламан”, деб айтди.

 

Барча донолик Эгамиздандир

 

23Тингланг, овозимга қулоқ солинг,

Диққат қилинг, гапларимни эшитинг!

24Деҳқонлар экиш учун ерга ишлов бераверадими?!

Тупроқ ковлайверади–ю, ҳеч қачон экмайдими?!

25Йўқ, улар ерни текислайди,

Кейин укроп, зира уруғини сепади.

Белгиланган жойларига

Ҳар турли буғдой, арпа уруғини экади.

26Ҳа, деҳқонлар нима қилишини билади,

Худо уларга ақл–идрок берган!

27Ахир, укропни болға билан янчмайди,

Зирани арава ғилдираги билан эзмайди.

Мана, укропни калтак билан янчиб олади,

Зирани таёқ билан эзиб олади.

28Буғдойдан ун қилинади,

Аммо у то абад янчилмайди[161].

Арава ғилдираги буғдой устидан

Чанг бўлгунча юрғизилмайди.

29Бу донолик келар Сарвари Оламдан,

Унинг маслаҳатлари ажойиб, донолиги буюкдир.

 

29–БОБ - ИШАЁ

 

Қуддус қамалга олинади

 

1Эгам айтар: “Ҳолингга вой, эй Довуд яшаган шаҳар!

Эй Ориёл[162], Ориёл!

Йиллар ортидан йиллар ўтаверади,

Байрамларни нишонлашаверади.

2Аммо бошингга кулфат келтираман,

Фарёд қилиб, нола чекасан,

Сени қурбонгоҳ[163] қиламан.

3Атрофингда сенга қарши лашкар тўплайман,

Қамал иншоотларини ўрнатаман.

Миноралар қуриб, сени ўраб оламан.

4Ернинг остидан сен гапирасан,

Тупроқ остидан сўзларинг келади,

Овозинг шарпа овозидай ер остидан чиқади,

Гапларинг тупроқ остидан шивирлаб келади.

5Аммо шунда шафқатсиз душманларинг

Бирданига чанг каби учиб кетади,

Тўсатдан бўрондаги хас–чўпдай

Улар тўзиб кетади.

6Келади Мен, Сарвари Олам, гумбур–гумбур,

Зилзила, шовқин–сурон, довул,

Бўрону ютиб юборувчи аланга билан.

7Эй Қуддус[164], сизга қарши чиққан халқлар йўқ бўлиб кетади.

Сизнинг қалъангизга ҳужум қилган ваҳший элатлар

Тундаги туш каби ўтиб кетади.

8Ҳа, оч одам тушида овқат еса ҳам,

Уйғонганда, очлигича қолаверади.

Чанқаган одам тушида сув ичадию

Чанқоғи қонмасдан уйғонади.

Эй Сион тоғи, сизга қарши чиққан

Жамики элатлар ҳам шу аҳволга тушади.”

9Ўзингизни кар қилинг, донг қотиб қолинг,

Ўзингизни кўр қилинг, кўрмас бўлинг,

Маст бўлинг, аммо шаробдан эмас,

Гандираклаб юринг, аммо бўзадан эмас.

10Эгам сизни қаттиқ ухлатиб қўйди,

Эй пайғамбарлар, Эгам кўзларингизни уйқуга бостирди.

Эй валийлар, Эгам бошу кўзларингизни ўраб қўйди.

11Мана, бу ваҳийнинг ҳаммаси сизлар учун муҳрланган ўрама қоғоздай[165] бўлиб қолди. Бу ўрама қоғоз ўқий оладиганларга берилиб: “Буни ўқинг!” деб буюрилса, улар: “Йўқ, муҳрланган экан”, дейдилар. 12У ўқий олмайдиганларга берилиб: “Буни ўқинг”, деб айтилган бўлса, улар: “Биз ўқишни билмаймиз”, деб жавоб берадилар.

13Ҳа, Раббий айтди: “Бу халқ фақат сўздагина Менга яқинлашади,

Тилдагина Мени иззат қилади,

Юраклари эса Мендан узоқдир.

Инсон яратган қоидалар орқали Менга сажда қилади.

14Мана, Мен яна шундай бир иш қиламанки,

Бу халқ ҳайратда қолади,

Лол бўлиб, донг қотади.

Донолари доноликдан маҳрум бўлади,

Идроклилари идрокидан айрилади.”

15Ҳолингизга вой!

Эгамиздан режаларингизни яширяпсиз,

Ишларингизни қоронғиликда қиляпсиз.

“Ким бизни кўрарди, ким бизни биларди?” дейсиз.

16Ҳаммасини ағдар–тўнтар қиляпсиз,

Ахир, кулолни лойга тенглаштириб бўладими?!

Наҳотки буюм ўзини яратганга:

“Мени яратганинг йўқ”, деб айтса?!

Наҳотки идиш кулолга:

“Сен тушунмайсан”, деб айтса?!

 

Келажакка умид

 

17Мана, қисқа вақт ичида

Лубнон ўрмони[166] далага айланади.

Дала эса қалин ўрмон бўлади.

18Ўша куни китобдаги сўзларни карлар эшитар,

Кўрларнинг кўзлари зулматда нур кўрар.

19Бечораларга Эгам янги қувонч ато этади,

Исроил халқининг муқаддас Худоси туфайли

Муҳтожлар шод бўлади.

20Золимлар то абад йўқ бўлади,

Мазахчилар ҳалок бўлади,

Ёмонлик истовчилар қириб ташланади.

21Улар одамларга туҳмат ёғдирар,

Ҳакамларга тузоқ қўяр,

Солиҳларни адолатдан маҳрум қилар.

22Шу боис Иброҳимни қутқарган Эгам

Ёқуб хонадонига шундай деб айтмоқда:

“Ёқуб насли энди ҳеч қачон шарманда бўлмайди,

Қўрқувдан унинг ранги оқармайди.

23Мен яратганларни, ҳа, фарзандларини

Исроил халқи ўзининг орасида кўрганда,

Менинг номимни муқаддас деб билади,

Мен, Ёқуб наслининг Худосини муқаддас деб билади.

Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Менинг олдимда ҳайратда туради.

24Йўлидан адашганлар ўшанда тушуниб етади,

Нолиганлар йўл–йўриқларимни ўрганади.”

 

30–БОБ - ИШАЁ

 

Мисрдан ёрдам кутиш бефойда

 

1Эгам айтар: “Эҳ, итоатсиз халқим!

Уларнинг ҳолига вой!

Менсиз маслаҳатлар қилишади.

Сулҳлар тузади, лекин Менинг Руҳим йўқ–ку уларда!

Ҳа, халқим гуноҳ устига гуноҳ орттираверади.

2Ахир, Мендан сўрамасдан Мисрга боряптилар,

Фиръавндан паноҳ сўряптилар,

Мисрдан бошпана истаяптилар.

3Аммо фиръавннинг ҳимояси уларга шармандалик бўлади,

Мисрнинг бошпанаси уларни уятга қолдиради.

4Мана, халқимнинг аъёнлари Зўванга етиб келдилар,

Элчилари Ханесга[167] кириб келдилар.

5Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади,

Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди.

Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ,

Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”

6Нагав чўлидаги ҳайвонлар ҳақида башорат:

Эшагу туяларга хазиналарини ортиб,

Мисрга олиб кетмоқда.

Ваҳимали саҳро бўйлаб секин

Миср томон бормоқда.

Улар бормоқдалар шерлару заҳарли илонлар

Яшайдиган саҳро бўйлаб.

Аммо Миср уларга ёрдам бермайди.

7Миср берган мадад бекор, фойдасиз,

Шу боис Мен Мисрни

“Жим ўтирган Раҳоб[168]”, деб атайман.

 

Исроил қулоқ солишдан бош тортади

 

8Эгам айтар: “Энди бор, сўзларимни бир лавҳага ёзиб,

Бу халқ учун китоб қилиб бер.

Бу келгуси вақтлар учун бўлсин,

Ёзилганлар то абад бўлсин.”

9Улар исёнкор халқ, ёлғончи болалар!

Эгасининг йўл–йўриқларига

Қулоқ солишни рад этган болалар улар.

10Улар валийларга айтар:

“Энди ваҳий кўрманглар.”

Улар пайғамбарларга айтар:

“Бизларга ҳақиқий башоратларни айтманглар.

Бизга ширин сўзлару сохта ваҳийлар айтинг.

11Бу йўлдан юрманг энди! Қайтинг бу йўлдан.

Исроил халқининг муқаддас Худоси ҳақида энди

Эшитмайлик ҳеч бир нарса!”

12Шу боис Исроил халқининг муқаддас Худоси айтар:

“Сизлар Менинг сўзларимни рад қилдингиз,

Зулмга, ёлғонга умид боғладингиз,

Уларга ишондингиз.

13Шу боис сизлар учун бу гуноҳингиз

Ёрилган, шишиб кетган девор каби бўлади.

Бирдан, бир лаҳзада қулаб тушади.

14Сопол идиш каби у парча–парча бўлиб кетади.

Шунчалик эзилиб кетадики

Ўчоқдан чўғ ёки ҳовуздан сув олгани

Бирон парчасини ҳам топиб бўлмайди.”

15Эгамиз Раббий, Исроил халқининг муқаддас Худоси шундай демоқда:

“Менга қайтсангиз нажот топасиз,

Ҳаловатли бўлсангиз қутқариласиз.

Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади.

Аммо сизлар буни хоҳламадингиз.

16Айтдингизки: ‘Йўқ, отларга миниб учиб кетамиз’,

Мана, энди отларга миниб учиб кетасиз!

Айтдингизки: ‘Учқур отларга миниб кетамиз’,

Энди эса сизни таъқиб қиладиганлар учқур бўлади!

17Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча

Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради.

Беш кишининг таҳдиди сизларни қочиради.

Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади.

Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”

18Шунинг учун Эгам кутмоқда,

Сизларга шафқат кўрсатай, деб.

Мана У қўзғалмоқда,

Ўз меҳрини кўрсатай, деб.

Ахир, Эгам адолатли Худодир.

Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.

19Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради. 20Раббий сизларга кулфатни нон қилиб, қайғуни сув қилиб берса ҳам, энди Ўша Устозингиз Ўзини яширмайди. Сизлар ўз кўзларингиз билан Уни кўрасизлар. 21Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар.” 22Кейин ҳамма кумуш бутлар, олтин тасвирларингизни йўқ қилиб ташлайсиз. Сиз ўша нарсаларни ифлос латта–путтадай улоқтириб ташлайсиз. “Эй, даф бўл кўзимдан!” дейсиз ўша нарсаларга.

23Эгам ерга эккан уруғингизга ёмғир беради. Ердан келадиган озиқ–овқат мўл, баракали бўлади. Ўша куни чорвангиз кенг яйловларда ўтлайди. 24Тупроққа ишлов берган ҳўкиз, эшаклар энг яхши емни ейдилар. 25Ўша куни, душманларингиз ўлдирилган, миноралар қулаган куни ҳар бир тоғдан, ҳар бир тепаликдан ирмоқ оқиб тушади. 26Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.

 

Эгамиз Оссурияни жазолайди

 

27Ана, Эгамизнинг Ўзи узоқдан келмоқда,

Қалин булут ичида[169], ғазабга миниб келмоқда.

Лаблари ғазабга тўла,

Тили — ямламай ютадиган оловдай.

28Унинг нафаси бўйингача келадиган

Тошқин дарёга ўхшар,

У халқларни ҳалокат элагида элайди.

У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да,

Уларни йўлдан адаштиради.

29Сизлар эса муқаддас байрам[170] оқшомидагидай қўшиқлар куйлайсиз. Эгамизнинг тоғига[171], Исроил халқининг Қоясига най садолари остида бораётганлардай юракларингиз шодликка тўлади. 30Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир. 31Эгамиз ҳассаси билан Оссурияни уради. Ўз овози билан уни даҳшатга туширади. 32Эгамиз қайта–қайта Оссурияни доира ва арфа садолари остида ҳассаси билан жазолайди. Эгамиз Ўз қўлининг зарби билан жанг қилиб, улар билан уришади. 33Тофат[172] аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.

 

31–БОБ - ИШАЁ

 

Мисрнинг кучига ишонма

 

1Ҳолингизга вой! Эй Мисрдан ёрдам сўраб бораётганлар!

Ҳолингизга вой! Эй отларга ишонаётганлар!

Улар жанг араваларининг кўплигию

Кучли отлиқларга умид боғлайдилар.

Исроил халқининг муқаддас Худосига эса

Назар ҳам ташламайдилар,

Унга юз бурмадилар.

2Ахир, Эгам ҳам доно.

У кулфат олиб келади.

Сўзларини У қайтиб олмайди,

Фосиқларнинг хонадонига қарши қўзғалади,

Бадкирдорларга ёрдам берганларга қарши туради.

3Мисрликлар Худо эмас, инсонлардир,

Уларнинг отлари руҳ эмас, танадир.

Эгам уларга қарши қўл кўтарганда,

Мададкор қоқилади,

Мададга зор йиқилади.

Иккови биргаликда ҳалок бўлади.

4Ҳа, Эгам менга айтмоқда:

“Кучли шер қўйни бўғизлаганда,

Чўпонлар шовқин–суронига эътибор бермас,

Уларга ҳатто назар ҳам ташламас.

Шу сингари, Мен, Сарвари Олам,

Сион тоғи, ўша тепаликда

Жанг қилишга келаман.

5Ўз ини устида учаётган қуш каби,

Мен, Сарвари Олам, Қуддусни қўриқлайман.

Мен Қуддусни қўриқлаб, озод қиламан,

Ҳимоя қилиб, нажот бераман.”

6Эй Исроил халқи! Гарчи сизлар шу қадар фосиқ исёнчи бўлсангиз ҳам, энди Эгамизга қайтинг! 7Ҳа, ўша куни ҳар бирингиз олтин бутлар ва кумуш тасвирларни рад этасиз. Уларни гуноҳкор қўлларингиз билан ясаган эдингиз.

8Оссурия вайрон бўлади, аммо инсоннинг қиличидан эмас.

Худонинг қиличи Оссурияликларни уради.

Оссурияликлар ваҳимага тушиб қочадилар.

Кучли, ёш йигитларини қул қилиб олиб кетадилар.

9Оссуриянинг суянган қояси[173] ваҳима ичида қочади,

Лашкарбошилари жанговар байроқдан қўрқиб, қочиб кетади.

Ҳа, Эгамизнинг алангаси Қуддусда,

Унинг ўчоғи Сиондадир.

Эгамизнинг каломи шудир.

 

32–БОБ - ИШАЁ

 

Солиҳлик ҳукмронлик қилади

 

1Ана, шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади,

Ҳукмдорлар адолат билан бошқаради.

2Ҳар бир одам шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади,

Бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади.

Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди,

Ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади.

3Кўрадиганларнинг кўзлари энди юмилмайди,

Эшитадиганлар энди қулоқ солади.

4Идроксизнинг ақли англайдиган бўлади,

Дудуқ одамнинг тили равон бўлади.

5Аҳмоқни энди аслзода деб чақирмайдилар,

Ярамасни, ҳурматга сазовор, деб айтмайдилар.

6Мана, аҳмоқ калтафаҳмлик билан гапиради,

Фикри–зикри эса ёвузлик билан банд.

Қилганлари — нопоклик,

Эгам ҳақида хато гапиради.

Оч одамни у очлигича қолдиради,

Чанқаганга сув бермайди.

7Баттолнинг усуллари ёвуздир,

У ёмонликлар режалаштиради,

Фақирларнинг илтижолари тўғри бўлса ҳам,

Ёлғон гап–сўзлар билан уларни вайрон қилади.

8Олижаноб одамлар эса яхши режалар тузади,

Яхши ният қилиб, ўз сўзида туради.

 

Аёллар тимсолидаги башорат

 

9Эй сиз, беғам аёллар,

Туринглар, Менга қулоқ солинглар!

Эй сиз, ўзига ишонган қизлар,

Менинг гапларимни эшитинглар!

10Эй сизлар, бепарво юрганлар,

Бир йил ўтар–ўтмас титрай бошлайсиз.

Узум ҳосили яхши бўлмайди,

Мева ҳосили бўлмайди.

11Қўрқинг, эй сиз, беғам аёллар,

Қалтиранг, эй ўзига ишонган қизлар!

Тавба қилиб, кийимингизни ечиб ташланг.

Қанорга ўраниб, белингизни боғланг!

12Кўкрагингизга уриб йиғланг

Ажойиб далаларингиз,

Серҳосил узумзорларингиз учун!

13Халқимнинг ери учун йиғланг!

У ерни тикан, янтоқ буталари босиб кетади.

Ҳа, шодликка тўла бўлган уйлар учун,

Қувноқ шаҳар учун аза тутинг!

14Мана, сарой ташландиқ бўлиб қолди,

Гавжум шаҳар саҳрога айланди.

Қалъаю минора то абад

Ёввойи эшаклар яйрайдиган жой,

Чорва учун яйлов бўлди.

15Токи юқоридан устимизга

Руҳ ёғилмагунча шундай бўлади.

Ундан кейин саҳролар серҳосил далага айланади,

Серҳосил дала ўрмон сифат бўлади.

16Шунда одиллик саҳрода макон қилади,

Солиҳлик серҳосил далада маскан қилади.

17Солиҳлик меваси тинчлик бўлади,

Солиҳлик самараси то абад хотиржамлик, ишонч бўлади.

18Халқим яшайди сокин жойларда,

Бехавотир уйларда, хотиржам масканларда.

19Ўша ўрмонни дўл яксон қилади,

У шаҳар эса тамомила йўқ бўлади.

20Шундай бўлса ҳам, нақадар бахтлисиз!

Ирмоқлар бўйида экин экасиз.

Чорваю подангиз яйловларни кезиб юради.

 

33–БОБ - ИШАЁ

 

Нажот ва умид ҳақида башорат

 

1Эй таланмаган талончи! Ҳолингга вой!

Эй хиёнатни татимаган хиёнаткор! Ҳолингга вой!

Роса талаб бўлганингдан сўнг,

Ўзингни талон–тарож қиладилар.

Хиёнатни бас қилганингда,

Сенга хиёнат қиладилар.

2Эй Эгамиз, бизга марҳамат қил,

Биз Сенга умид боғлаймиз.

Бизга ҳар кун куч ато қил,

Кулфат чоғи эса бизга нажот бер.

3Гумбурлаган овозингдан халқлар тарқаб кетар,

Сен қўзғалганингда элатлар қочиб кетар.

4Чигирткалар[174] йиғилгандай ўлжаларинг йиғилар,

Чигирткалар уюми каби ўлжаларингни талон–тарож қилишар.

5Эгамиз юксалгандир. Ҳа, Унинг маскани юксакда.

Тўлдиргандир У Қуддусни[175] адолату солиҳлик ила.

6Эй Қуддус, У кунларингиз тинчлигини маҳкам тутади,

Унинг Ўзи нажот, илм–маърифат, доноликнинг бой манбаидир.

Эгамиздан қўрқиш сизларнинг хазинангиздир.

7Ана қаранг! Яҳудонинг жасур йигитлари

Кўчаларда фарёд қилади,

Тинчлик элчилари[176] аччиқ–аччиқ йиғлайди.

8Катта йўллар ҳувиллаб қолган,

Бу йўллардан юрмайди ҳеч кимса,

Аҳдлар бузилди, шаҳарлар вайрон бўлди[177],

Инсон ўз қадрини йўқотди.

9Юрт аза тутди, азоб чекди.

Лубнон ўрмонлари иснодга қолиб, қуриб қолди.

Шарон текислиги[178] саҳрога ўхшаб қолди,

Башан[179], Кармил тоғидаги дарахтларнинг япроқлари қолмади.

10“Энди қўзғаламан,

— демоқда Эгамиз. —

Энди Мен юксаламан,

Ҳа, Ўзимни баланд кўтараман.

11Сизлар эса сомонга ҳомиладор бўлгандай,

Фойдасиз поялар туққандай бўласиз.

Руҳингиз сизларни олов каби еб битиради.

12Халқлар ёниб, кул бўлади,

Кесилиб, оловга ташланган тикандай бўлади.

13Эй узоқдагилар, Менинг қилганларимни эшитинг,

Эй яқиндагилар, қудратимни билиб олинг!”

14“Орамизда ким ямламай ютадиган олов билан тура олади?

Орамиздаги ким ёниб битмас аланга ёнида қола олади?” дея

Қуддусда гуноҳкорлар ваҳимага тушди,

Нопокларни қўрқув эгаллаб олди.

15Мана, қаранг солиҳ яшаётганларга!

Улар тўғри гапни гапиради,

Тамагирлик фойдасидан юз ўгиради,

Пора олишдан қўлларини тияди.

Қотилларнинг фитналарига қўшилмайди,

Кўзларини ёвузлик жалб қила олмайди.

16Ҳа, шундайларнинг маскани юксакларда бўлади,

Тоғлардаги қоялар бошпанаси бўлади.

Нону суви ҳеч қачон етмай қолмайди.

17Мана, кўзларингиз улуғвор шоҳни,

Кенг ёйилган юртни кўради.

18Шунда ўтмишдаги қўрқувни эслаб, дейсиз:

“Қани экан ўша бош лашкарбоши?

Қани ўша ўлжаларни ўлчаган одам?

Қани энди минораларни санаганлар?”

19Сизлар тилларини тушунмайдиган,

Гапларини англамайдиган,

Ўша такаббур халқни энди кўрмайсиз!

20Мана, қаранг Қуддусга!

Байрамларимиз шаҳрига боқинг.

Ўз кўзларингиз билан Сионни,

Ўша осуда масканни кўрасиз.

Бу чодир ҳеч қачон кўчмайди,

Унинг қозиқлари сурилмайди,

Биронта арқони узилмайди.

21Ҳа, у ерда қудратли Эгамиз бизнинг шоҳимиз бўлади,

У ерда кенг дарёлару ирмоқлар бўлади.

Эшкакли уруш кемалари кечиб ўта олмайди,

Елканли жанг кемалари ҳам у ерда суза олмайди.

22Ахир, Эгамиз ҳукмронлик қилади,

Унинг Ўзи қонун–қоидани ўрнатади.

Эгамиз бизнинг шоҳимиздир,

Унинг Ўзи бизга нажот беради.

23Кемангизнинг мачтаси мустаҳкам эмас,

Унинг арқонлари заифлашган,

Унинг елкани ёйилмайди[180].

Сўнг мўл–кўл ўлжа бўлинади,

Ҳатто чўлоқ ҳам ўлжага шерик бўлади.

24Орангизда ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди,

Қуддусдагиларнинг гуноҳлари кечирилади.

 

34–БОБ - ИШАЁ

 

Эгамиз элатларни жазолайди

 

1Эй элатлар, яқинроқ келинг, қулоқ солинг!

Эй халқлар, диққат қилинг!

Эшитинг, эй замин, заминдаги бор жонзот!

Оламу унинг маҳсули, эшитинг!

2Ҳа, Эгамиз бутун элатлардан ғазабда,

Уларнинг лашкарларига қаҳри келди.

Эгамиз уларни тамомила қириб ташлайди.

Уларни бўғизлашга ҳукм этган.

3Мурдалари кўмилмай қолиб кетади,

Жасадларидан қўланса ҳид анқийди,

Уларнинг қони қирларда дарё бўлиб оқади.

4Самодаги ҳамма юлдузлар чириб кетади,

Осмон ўрама қоғоздай[181] эшилиб кетади.

Токдан қуриб тушган барглар сингари,

Дарахтидан тўкилган анжир сингари

Самовий жисмлар тўкилиб кетади.

5Эгам айтар: “Ҳа, самоларда қиличим Менинг пайдо бўлди[182].

Мана, у Эдомга[183],

Мен ҳалокатга ҳукм қилган халқнинг бошига тушади.”

6Эгамизнинг қиличи қонга булғанган.

Қўзилар, эчкилар ёғига, қонига,

Қўчқор буйрагининг ёғига тўйган.

Ҳа, Бозрах шаҳрида[184] Эгамизга қурбонлик бор,

Эдом юртида катта қирғин бошланди.

7Ёввойи буқалар, новвослар, катта ҳўкизлар ҳам

Улар билан бирга қулайди.

Уларнинг ери қон билан суғорилади,

Тупроғи ёғни шимиб олади.

8Ҳа, бу кун Эгамизнинг қасос кунидир.

Қуддус[185] учун Эгамиз қасос оладиган йилдир бу.

9Эдом ирмоқлари қатронга айланади,

Тупроғи олтингугуртга айланади,

Бутун юрт эса аланга ичида қолади.

10Аланга кечаю кундуз ўчмайди,

Тутун абадий кўтарилаверади.

Бу юрт авлодлар оша

Вайрона бўлиб қолаверади.

Ҳеч ким уни то абад босиб ўтмайди.

11У ер бойқушлару кирпиларнинг мулки бўлади,

Уккию[186] қарғалар у ерда макон қилади.

Ҳа, Эгамиз бу юртни ўлчаб,

Вайронаю харобага лойиқ топди.

12Бу юртда аслзодалар йўқ энди,

У ердан бирорта шоҳ чиқмайди,

Барча шаҳзодалари йўқ бўлиб кетади.

13Қалъаларида тиканлар ўсади,

Саройларида янтоқлар, қушқўнмас буталар битади.

У ер чиябўриларга маскан бўлади,

Туяқушларнинг бошпанаси бўлади.

14Ёввойи мушуклару сиртлонлар

Бир–бирига дуч келади,

Ёввойи эчкилар бир–бирини чақириб маърайди,

У ерда тун шарпалари дам олади,

Ўша ер уларга оромгоҳ бўлади.

15Илонлар[187] у ерда ин қуриб, тухум қўяди,

Соя жойларда болаларини йиғади.

Қузғунлар у ерда жуфтланиб тўпланади.

16Мана, Эгамизнинг китобидан[188] топиб, ўқинг:

Улардан биронтаси йўқ бўлмайди,

Ҳаммаси жуфт–жуфт бўлади,

Эгамизнинг Ўзи шундай амр этган,

Унинг Руҳи ҳаммасини тўплади.

17Эгамиз қуръа ташлаб, ҳар бирининг улушини берди,

Арқон билан ўлчаб, юртни уларга бўлиб берди.

Бу юрт то абад уларнинг мулки бўлади,

Авлодлар оша улар бу ерда яшайди.

 

35–БОБ - ИШАЁ

 

Нажот топишга умид

 

1Чўлу биёбон шод бўлади,

Саҳро қувониб, атиргулдай гуллайди.

2Ҳамма ёқда гул–чечаклар очилади,

Чўл шодланиб, қувончдан ҳайқиради.

Лубноннинг чиройи, Кармил тоғининг,

Шарон текислигининг[189] улуғворлиги Унга берилади.

Улар Эгамизнинг шуҳратини,

Худойимизнинг улуғворлигини кўради.

3Қўллари чарчаганларга далда бергин,

Тиззалари букилганларга мадад бергин.

4Қўрқоқ юракларга шундай деб айтгин:

“Дадил бўлинг, қўрқманг!

Мана, Худойингиз!

Қасос келмоқда илоҳий интиқом ила,

Унинг Ўзи сизларга нажот беради.”

5Ўша пайтда кўрларнинг кўзлари очилади,

Карларнинг қулоқлари эса эшитади.

6Чўлоқ ҳам оҳудай сакрайди,

Соқов тил шодликдан ҳайқиради.

Мана, ахир, саҳрода сув шариллаб оқмоқда,

Чўл жойлар эса ирмоқларга тўла.

7Қизиб ётган қум ҳовузга айланади,

Қақраган ер қайнаётган булоқ бўлади.

Олдин чиябўрилар яшаган масканларда

Энди майса, қамиш, папируслар ўсади.

8Ўша ердан катта йўл ўтади,

Муқаддас Йўл деб аталган йўл бўлади.

Нопоклар у йўлга қадам босмайди,

Бу йўл мана шу йўлдан юрадиганларникидир.

Бу йўлдан юрадиганлар,

Ҳатто идроксизлар ҳам адашмайди[190].

9Ўша ерда шер бўлмайди.

Йиртқич ҳайвон юрмайди.

Улар бу ерда топилмайди.

Ҳа, фақат нажот топганлар ўша ерда юради.

10Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади,

Улар қўшиқ айтиб, Қуддусга[191] киради.

Бошларида абадий шодлик тожи бўлади,

Шод–хуррамлик уларни қамраб олади,

Қайғу, ғамлар йўқ бўлиб кетади.

 

36–БОБ - ИШАЁ

 

Оссурия қўшини Қуддусни ўраб олади

 

1Ҳизқиё шоҳлигининг ўн тўртинчи йилида[192]Оссурия шоҳи Санхарив[193]Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди. 2Лахиш шаҳридан[194] Оссурия шоҳи ўз мулозимини катта лашкар билан Қуддусдаги шоҳ Ҳизқиёга юборди. У Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўлда эди. 3Шунда Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, мулозимнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.

4Мулозим уларга шундай деди:

“Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: ‘Нимангга ишоняпсан ўзи? 5Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку! Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан? 6Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку! Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади. 7Балки сизлар: «Биз Эгамиз Худога ишонамиз», деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу[195]қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқи ва Қуддусликларга: «Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар», деб айтган–ку![196]

8Келинглар! Энди жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Мана, сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи! 9Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига[197] умид боғлаб ўтирибсиз. 10Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: ‘Ўша юртга бориб, у ерни вайрон қилинглар’, деб амр берган–ку!”

11Элияқим, Шавна ва Йўх мулозимга:

— Бу қулларингга орамийча[198] гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар. 12Мулозим эса шундай жавоб берди:

— Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин, деб мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.

13Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ шоҳ — Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг! 14Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: ‘Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни қутқара олмайди. 15«Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига берилмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.’

16Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана Оссурия шоҳи айтмоқда: ‘Мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга келинглар. Шунда ҳар ким ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан еяверади, ўз сардобасидан сув ичаверади. 17Келганимдан кейин эса мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга бой юртдир. 18Яна Ҳизқиё: «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамасин. Қани, қайси халқнинг худоси ўз юртини Мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?! 19Хомат билан Арпад шаҳрининг худолари қани?! Сефарвайимнинг[199] худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни[200] менинг қўлимдан қутқара олмадилар–ку! 20Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!’”

21Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди. 22Бош вазир бўлган Хилқиё ўғли Элияқим, котиб Шавна ва мушовир бўлган Осиф ўғли Йўх эса қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар. Улар мулозиминг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.

 

37–БОБ - ИШАЁ

 

Шоҳ Ҳизқиё Ишаёдан маслаҳат сўрайди

 

1Шоҳ Ҳизқиё буларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Қанорга ўраниб[201], Эгамизнинг уйига борди. 2Ҳизқиё бош вазир Элияқимга, котиб Шавна ва оқсоқол руҳонийларга, қанорга ўранинглар, деди–да, уларни Омиз ўғли Ишаё пайғамбар олдига юборди. 3Улар Ишаёга шундай дедилар:

— Ҳизқиё айтяптики: “Бугун жафо чекяпмиз, танбеҳ эшитяпмиз, шарманда бўляпмиз. Биз кўзи ёриётган, лекин туғиш учун мадори қолмаган аёлга ўхшаймиз. 4Балки Оссурия мулозимининг сўзларини Эганг Худо эшитар. Барҳаёт Худони таҳқирласин, деб Оссурия шоҳи ўзининг мулозимини юборибди. Балки Эганг Худо эшитиб, бу сўзлар учун уни жазолар. Энди юртда қолган халқ учун илтижо қил.”

5Шоҳ Ҳизқиёнинг аъёнлари Ишаёнинг олдига келганда, 6Ишаё уларга шундай деди:

— Шоҳингизга шу гапларни етказинглар: “Эгамиз шундай айтмоқда: ‘Оссурия шоҳининг қуллари Мени ҳақоратлаб айтган сўзларидан қўрқма. 7Мен Оссурия шоҳига бир руҳ юбораман. Шоҳ бир миш–мишни эшитиб, ўз юртига қайтиб кетади. Унга ўз юртида ажал келтираман.’”

 

Оссурияликларнинг мактуби

 

8Оссурия шоҳи Санхаривнинг Лахиш шаҳридан[202] кетганини шоҳнинг мулозими эшитди. Кейин у ҳам қайтиб кетди. Шоҳни Либна шаҳрига қарши уришаётган ерида топди. 9Санхарив: “Ҳабашистон[203] шоҳи Тирхоқо сен билан уруш қилгани отланди”, деган бир хабарни эшитди. У бу гапни эшитиб, Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга элчилар орқали шу гапни етказди:

10“Умид қилган Худойинг, ‘Қуддус Оссурия шоҳига таслим бўлмайди’, деб сени алдамасин. 11Мана, ўзинг эшитгансан–ку! Оссурия шоҳлари ҳамма юртларни ер билан яксон қилган. Энди сен қутуламан, деб ўйлаяпсанми?! 12Оталарим қанча халқларни хонавайрон қилди. Уларни худолари қутқармади–ку! Гозан, Хорон, Разаф аҳолиси, Талассарда яшаган Эден халқлари қутула олдими?! 13Қани, айт–чи, Хомат шаҳрининг шоҳи қани энди?! Арпад, Сефарвайим, Хана, Иввах шаҳарларининг шоҳлари қани?!”

14Ҳизқиё хабарчиларнинг қўлидан мактубни олиб ўқигач, Эгамизнинг уйига кирди. Мактубни Эгамизнинг олдида ёйди. 15Кейин у Эгамизга ёлвориб ибодат қилди: 16“Эй икки каруб орасида тахт қурган Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам! Бутун ер юзидаги шоҳликларнинг танҳо Худоси Сенсан. Осмонни ва ерни Сен яратгансан. 17Эй Эгамиз! Қулоқ солиб, эшит. Эй Эгамиз, кўзларингни очиб, қара. Санхаривнинг ҳамма айтганларини, у барҳаёт Худони қандай ҳақоратлаганини билиб қўй. 18Эй Эгамиз! Биз биламизки, Оссурия шоҳлари ҳамма халқларни ва уларнинг юртларини вайрон қилганлар. 19Ўша халқларнинг худоларини оловда ёқиб, йўқ қилганлар. Чунки ўша нарсалар худолар эмас, балки инсон қўли билан ёғочдан, тошдан ясалган нарсалар эди. 20Эй Эгамиз Худо! Энди Сен бизни Санхаривнинг қўлидан қутқаргин. Токи бутун ер юзидаги шоҳликлар билсин, Сен танҳо Эгамизсан![204]

 

Ишаё шоҳ Ҳизқиёга Худонинг сўзини етказади

 

21Омиз ўғли Ишаё Ҳизқиёга шундай хабар юборди:

“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: ‘Оссурия шоҳи Санхарив ҳақида қилган илтижоларингни эшитдим.’ 22Эгамиз унга қарши шу сўзларни менга аён қилди:

‘Бокира қиз[205] Қуддус[206] сендан нафратланади,

Устингдан кулади.

Гўзал Сион орқангдан масхара қилади,

Бошини чайқайди.

23Кимни ҳақорат қилдинг ўзи?

Кимни таҳқирладинг?

Кимга қўрс гапирдинг?

Киборларча боқдинг, ҳей?

Исроил халқининг муқаддас Худосига!

24Ўз қулларинг орқали Мен, Раббийни ҳақорат қилдинг.

Ўзинг ҳақингда айтдингки:

«Тоғ чўққиларини жанг аравалари билан забт этдим.

Лубнондаги инсон қадами етмаган жойларга етиб бордим.

Энг баланд садр дарахтларини,

Энг аъло сарв дарахтларини қўпордим.

Лубноннинг энг узоқ тепаликларига,

Ҳатто энг қалин ўрмонларига етиб бордим.

25Мен қудуқлар қазиб, сувларидан ичдим.

Мисрнинг ҳамма дарёларини

Оёғим кафти билан қуритдим».

26Эшитмаганмисан, эй Санхарив,

Анча олдин мўлжаллаб қўйган эдим,

Буни азалдан режа қилган эдим.

Энди амалга оширдим.

Қалъаларни вайронага айлантирсин, деб

Мен сенга куч бердим.

27Қўл, қаноти қирқилди шаҳар аҳлининг,

Ваҳимага тушиб, уятга қолдилар.

Улар далада ўсган ўт, янги майсалардайдир.

Томларда ўсган майсаларга[207] ўхшаб,

Етилмасдан олдин қуриб қолдилар[208].

28Сени ҳар томондан биламан, эй Санхарив!

Қачон урушга чиқиб,

Уйингга қачон қайтишингни ҳам биламан.

Биламан: Мендан ғазабдасан.

29Мендан қаттиқ ғазабдасан.

Манманлигинг қулоғимга етиб келди.

Энди мен бурнингдан ҳалқамни,

Оғзингдан сувлиғимни ўтказаман[209].

Келган йўлингдан сени қайтариб олиб кетаман.’

30Эй Ҳизқиё, мана булар сен учун нишона бўлади: бу йил ўз–ўзидан ердан ўсиб чиққанларни тановул қиласиз. Иккинчи йил биринчисининг ўрнидан ўсиб чиққанини ейсизлар. Учинчи йил эса уруғ экиб, ҳосил ўрасиз. Узумзорлар барпо қилиб, мевасин тановул қиласиз. 31Яҳудо халқининг қутулиб қолганлари яна илдиз отади, юқорида мева беради. 32Халқнинг қолгани Қуддусдан, қутулганлари Сион тоғидан келади. Сарвари Олам Ўз ғайрати билан буни амалга оширади.

33Оссурия шоҳи тўғрисида Эгамиз шундай айтмоқда: ‘Санхарив бу шаҳарга киролмайди, ўқлар отолмайди. Қалқони билан шаҳарга яқинлашмайди, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдирмайди[210]. 34Келган йўлидан қайтиб кетади, шаҳарга кирмайди, — деб айтмоқда Эгамиз. 35— Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати бу шаҳарни ҳимоя қилиб, сақлайман.’”

36Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185.000 кишини ўлдирди. Мана, тонг саҳарда уларнинг ҳаммаси ўлик жасад! 37Оссурия шоҳи Санхарив қароргоҳни ташлаб, орқага қайтди. Ўз уйи Найнавога қайтиб, ўша ерда яшади. 38Санхарив ўз худоси Нисрохнинг уйида сажда қилаётган эди. Ўғиллари Одраммалек билан Саризар унга бир қилич уриб ўлдирди. Иккови ҳам Арарат юртига[211] қочиб кетди. Санхаривнинг ўрнига ўғли Исархаддўн шоҳ бўлди[212].

 

38–БОБ - ИШАЁ

 

Ҳизқиё касал бўлиб қолади

 

1Ўша кунлари Ҳизқиё қаттиқ касал бўлиб қолди. Омиз ўғли Ишаё унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: ‘Тайёргарлигингни кўриб қўявер, тузалмайсан энди, ўласан.’”

2Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди: 3“Эй Эгам! Эсла! Доимо содиқлик ва бутун қалбим билан ҳузурингда юрдим! Кўз ўнгингда ўша яхши ишларни қилдим.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.

4Шундан кейин Ишаёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: 5“Бориб, Ҳизқиёга шундай деб айт: ‘Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. 6Ўзингни ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ҳа, бу шаҳарни ҳимоя қиламан. 7Эй Ҳизқиё! Мана сенга Мендан нишона. Мен, Эганг, берган ваъдамни бажараман. 8Мана қара! Ботаётган қуёш Охознинг зинапоясига[213] соя тушириб турибди. Ўша сояни ўн қадам орқага сурдираман».’”

Шундай қилиб, соя ўн қадам орқага кетди.

9Шоҳ Ҳизқиё соғайгандан кейин қуйидаги шеърни ёзди:

10Мен айтдим: “Ҳаётим чўққисида

Ўликлар диёрига[214] бораманми?

Умримнинг қолгани хазон бўлсинми?

11Мен Эгамни кўрмайман.

Ҳа, Уни кўрмасман бу ёруғ ер юзида.

Тирик зотларни энди кўрмайман.

Бу дунёдагилар билан бўлмайман.

12Чўпоннинг чодири йиғилганидай

Менинг умрим узилди,

Мендан тортиб олинди.

Умрим тўқувчининг матоси каби битди.

Унинг дастгоҳидаги ипдай

Менинг умрим ҳам қирқилди.

Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.

13Тонггача фарёд қилдим,

Шердай ҳамма суякларимни синдирасан.

Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.

14Қалдирғочу турнадай нола қилдим,

Мусичадай оҳ–воҳ қилдим.

Юқорига қарайвериб, кўзларим толди,

Эй Раббий, эзилдим, ёрдам бер менга!

15Энди мен нима десам экан?!

Эгам менга нима айтган бўлса,

Унинг Ўзи ўшани қилди.

Жоним тортган бу азоблар туфайли

Умрим бўйи итоат этиб юраман[215].

16Эй Раббий, Сенинг тарбиянг яхшидир,

Чунки у ҳаёту соғликка етаклайди.

Сен менга соғлигимни қайтардинг,

Менга қайта ҳаёт бахш этдинг.

17Мана, ҳамма қийинчилигим

Яхшиликка айланди.

Қабрдан мени сақладинг[216],

Ҳамма гуноҳларимни кечирдинг.

18Ахир, ўликлар диёри[217] Сенга шукр қилмайди,

Ўлим Сенга ҳамду сано айтмайди.

Қабрга борадиганлар

Сенинг садоқатингдан умид қилмайди.

19Мана, мен сенга шукр айтмоқдаман.

Ахир, тириклар, фақатгина тириклар

Сенга шукр айтадилар–ку!

Оталар ўзларининг фарзандларига

Сенинг садоқатингни билдирадилар.

20Эгам мени қутқаради.

Бутун умримиз бўйи торли асбоблар ила

Эгамнинг уйида биз куйлаймиз.”

21Ишаё: “Анжир ширасини олиб келиб, яранинг устига қўйинглар. Шунда Ҳизқиё соғаяди”, — деган эди.

22Ҳизқиё эса: “Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди?” — деб сўраганди[218].

 

39–БОБ - ИШАЁ

 

Бобилдан келган элчилар

 

1Ўша пайтларда Баладон ўғли, Бобил шоҳи Мардухбаладон[219] шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталаниб, кейин соғайганини эшитганди. 2Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, бутун қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.

3Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб:

— Бу одамлар қаердан келибди? Сенга нималар деди? — деб сўради.

— Узоқ бир юртдан, Бобилдан менинг ҳузуримга келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.

4— Улар саройингда нималарни кўрди? — деди Ишаё.

— Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар. Хазиналардан мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади, — дея жавоб берди Ҳизқиё.

5Шунда Ишаё айтди:

— Энди Сарвари Оламнинг сўзига қулоқ сол. 6Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди. 7Сенинг пушти–камарингдан бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади. Улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”

8Ҳизқиё Ишаёга:

— Эгамиз сен орқали айтган сўзлар яхши экан, — деди–да, ичида: “Умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман”, деб ўйлади.

 

40–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг халқини юпатиш

 

1“Юпатинг, халқимни юпатинг,

— демоқда Худойингиз. —

2Қуддуснинг руҳини кўтариб, унга айтинг:

‘Азоб косанг тўлиб бўлди,

Айбларинг учун жазо олиб бўлдинг.

Ҳамма гуноҳларинг эвазига

Мен, Эгангдан икки карра олдинг.’”

3Бир овоз шундай ҳайқирмоқда:

“Саҳрода[220]Эгамизга йўл ҳозирланг,

Чўлда Худойимизга тўғри йўл очинг.

4Ҳар бир жарлик юксалади,

Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.

Ўнқир–чўнқир жойлар текис бўлади,

Ўйдим–чуқур ер текислик бўлади.

5Ўшанда Эгамизнинг улуғворлиги зоҳир бўлади,

Бутун жонзот биргаликда буни кўради.

Ҳа, Эгамиз Ўз оғзи билан шуни айтди.”

6Бир овоз: “Эълон қил!” деб айтди,

Иккинчиси: “Нимани эълон қиламан?” деб сўради[221].

Биринчи овоз шундай деди:

“Инсон зотининг ҳаммаси майсадай,

Уларнинг барча содиқлиги дала гули кабидир.

7Уларнинг устидан Эгамизнинг нафаси эсганда

Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.

Мана, бу халқ майсанинг ўзи.

8Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади,

Худойимизнинг каломи эса абадий туради.”

9Эй хушхабар келтирган Қуддус,

Баланд тоққа чиқ!

Эй хушхабар келтирган Сион[222],

Баланд овозда эълон қил!

Қўрқмагин, жар солгин!

Яҳудо шаҳарларига:

“Мана сизнинг Худойингиз”, деб айтгин.

10Мана, Эгамиз Раббий қудрат ила келади,

Қудрати ила ҳукмронлик қилади.

Унинг Ўзи тақдирлайди,

Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.

11Чўпон каби У Ўз сурувини боқади,

Қўзиларни қўлларида кўтаради.

Уларни кўтариб, бағрига босади,

Қўзилари билан бирга она қўйни

Эҳтиётлаб ҳайдаб боради.

 

Исроилнинг тенги йўқ Худоси

 

12Ким ҳовучи ила сувларни ўлчаган?!

Ким қаричлаб осмонни ўлчаган?!

Замин тупроғини ўлчаган борми?!

Ким тоғларни тарозида тортиб кўрган?!

Тепаликларни тарози палласида тортган?!

13Ким Эгамизнинг Руҳига[223] йўл кўрсатади?!

Ким Унга маслаҳат беради?!

14У кимга маслаҳат солган?!

Ким Унга насиҳат берган?!

Ким Унга адолат йўлини ўргатган?!

Унга билим берган борми?!

Идрок йўлларини Унга кўрсатган борми?!

15Ахир, элатлар челакдаги бир томчи сувдайдир,

Улар тарози палласидаги чанг кабидир.

Мана, оролларни ҳам Эгамиз чангдай кўтаради.

16Лубнон юртидаги ҳайвонлар қурбонликка озлик қилади,

Ўрмонларининг дарахтлари эса етарли ўтин бўлмайди.

17Жамики элатлар Эгамиз олдида ҳеч нима эмас,

Эгамиз назарида улар арзимас, бўшлиқдир.

18Хўш, Худони кимга ўхшатасиз?!

Унга қандай қиёфани берасиз?!

19Ҳунарманд ясаган бутними?!

Ахир, уста уни олтин билан қоплаган.

Унга кумуш занжирлар ясаб берган.

20Ундай қилишга қурби етмаган эса

Чиримайдиган ёғоч топади.

Моҳир уста танлаб,

Йиқилиб тушмайдиган бут ясатади.

21Билмайсизми?! Эшитмаганмисиз?!

Бошидан сизга айтилмаганми?!

Дунё пойдеворига қараб ҳам тушуниб етмайсизми?!

22Худо осмон гумбази устида ўтиради,

Замин аҳли чигиртка кабидир.

Худо осмонни парда каби ёйган,

Одамзод макон қилсин, дея чодир каби қурган.

23Шаҳзодаларни У пастга уради,

Замин ҳукмдорларини йўққа чиқаради.

24Эвоҳ, улар экилиши биланоқ қуриб қолади.

Ерга ўтқазилиши биланоқ сўлиб қолади.

Илдиз отиши биланоқ қуриб қолади.

Ҳа, Эгамизнинг нафаси уларни қуритади.

Бўрон уларни сомондай учириб кетади.

25“Мени кимга қиёслайсиз?

Ким Менга тенг кела олар?”

— деб айтади муқаддас Худо.

26Кўзларингизни осмонга тикинг, қаранг:

Ахир, буларни ким яратган?

Худо осмонга юлдузларни териб қўйган–ку!

Унинг Ўзи ҳар бирига ном берган–ку!

Ўзининг буюк кучи, улуғ қудрати билан

Ҳар бирини ўз жойига чиқармай қўймайди.

27Эй Ёқуб насли, нима учун сен:

“Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан?

Эй Исроил халқи, нима учун сен:

“Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?

28Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан?

Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку!

Бутун оламни У яратган–ку!

У чарчамайди, ҳолдан тоймайди,

Унинг донолигини билиб бўлмайди.

29У толиққанга куч беради,

Заифнинг кучига куч қўшади.

30Ҳатто ёшлар чарчайди, ҳолдан тояди,

Йигитлар қоқилиб, йиқилади.

31Худодан умид қилганлар эса

Янгидан куч олади,

Бургут сингари қанот қоқади.

Улар югуриб, чарчамайди,

Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.

 

41–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг Исроил халқига берган ваъдаси

 

1Эгам айтар: “Менинг олдимда сукут сақланг,

Эй денгиз ортидаги юртлар!

Халқларнинг кучи қайта тиклансин.

Улар яқинроқ келиб, гапирсинлар.

Ҳукм қилишга бирга йиғилайлик.

2Ким шарқдан ғолиб шоҳни[224] чақирди?

Ким уни ўз хизматига чақирди?

Ким унга элатларни бўйсундиради?

Ким шоҳларни оёғи остида эзади?

Қиличи билан уларни чопиб ташлайди,

Ёйи билан уларни сомондай учиради.

3Уларни таъқиб қилади,

Оёқ босмаган йўлдан юради,

Ўша жойлардан эсон–омон ўтади.

4Буларни қиладиган ким, бажарадиган ким?!

Бошидан авлодларни дунёга келтирган ким?!

Мен эмасми?!

Азалдан Мен сизнинг Эгангизман,

Охиргача ҳам Эгангиз бўламан.

5Денгиз ортидаги юртлар

Буни кўриб, қўрқади.

Ер юзининг тўрт бурчидан титраб,

Улар яқинлашиб келади.

6‘Қўрқмагин’, дея ҳамма

Бир–бирига далда беради.

7Мана, ҳунарманд одам

Тилла устасига далда беради.

‘Ҳа, яхши чиқди’, деб мисгар

Темирчига далда беради.

Йиқилиб тушмасин, деб бутни михлаб қўяди.

8Аммо сен–чи, эй қулим Исроил,

Эй Ўзим танлаган Ёқуб насли,

Дўстим Иброҳимнинг авлоди!

9Сени ернинг тўрт бурчидан олиб келдим,

Ернинг олис бурчакларидан чақирдим.

Айтдимки: ‘Сен Менинг қулимсан,

Сени танладим, рад этмадим.’

10Қўрқма, Мен сен билан биргаман,

Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман.

Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман,

Ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман.

11Ҳа, сенга қарши бўлганларнинг ҳаммаси

Шармандаю шармисор бўлиб қолади,

Душманларинг йўқ бўлади, нобуд бўлади.

12Уруш қиладиганларни излаб ҳам топа олмайсан,

Сен билан жанг қилганлар тамомила тугаб битади.

13Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман,

Сенга: ‘Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман’, деган Менман.”

14Эгамиз шундай айтмоқда:

“Қўрқма, эй Исроил халқи, Ёқуб насли!

Сен кичкина бир чувалчангдайсан.

Аммо Ўзим сенга ёрдам бераман.

Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси,

Сенинг Қутқарувчингман.

15Сендан буғдой янчадиган хўптир[225] ясайман,

Янги, ўткир, тишли хўптир қиламан,

Сен тоғларни янчасан, эзасан,

Тепаликларни[226] сомон қиласан.

16Сен уларни совуриб ташлайсан,

Уларни шамол учириб кетади.

Бўрон уларни тўзғитади,

Сен эса Мен, Эганг, туфайли севинч топасан,

Исроил халқининг муқаддас Худоси ила мақтанасан.

17Қашшоқлару муҳтожлар сув излар,

Аммо сув йўқ.

Оғизлари чанқоқдан қуриб кетган.

Мен, Эгангиз, уларга жавоб бераман,

Мен, Исроил халқининг Худоси, уларни тарк этмайман.

18Яланғоч тепаликлар устидан дарёлар ўтказаман,

Водийлар ўртасида булоқлар очаман.

Саҳроларни сув тўла ҳовузларга айлантираман,

Қақраган ерда булоқлар очаман.

19Чўлда садр, акас, зайтун дарахтларини,

Ҳамда мирта буталарини ўстираман,

Саҳрода сарв, арча, қарағай дарахтларини ўстираман.

20Мана, ҳамма кўриб билсин,

Буларни Мен, Эгасининг қўли қилганини тушунсин.

Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси,

Буларни яратганимни улар англаб етсин.”

 

Бутлар фойдасиздир

 

21Ёқуб наслининг Шоҳи — Эгамиз, шундай дейди:

“Даъволарингизни айтинг,

Исботингизни келтиринг.

22Қани, бутларингизни олиб келинг,

Келажакда нима бўлишини

Бутларингиз айтиб берсин.

Ўтмишда бўлганларни тушунтирсин–чи!

Ўшалар ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Охири нима бўлишини билайлик.

Ҳа, бўладиганларни бизга айтсин.

23Эй бутлар! Келажакни бизга билдиринг,

Шунда худо эканлигингизни биламиз.

Бирон яхшилик ёки ёмонлик қилиб кўринг–чи,

Кўриб, биргаликда ваҳимага тушайлик.

24Ахир, сизлар ҳеч нима эмассиз,

Ишларингиз эса ундан ҳам баттар.

Сизни танлаганнинг ўзи жирканчдир.

25Мен шимолдан бир етакчи[227] чақирдим.

Ана, у келади.

Шарқдан келиб, Менинг номимга шуҳрат келтиради.

Ҳукмдорларни у тупроқдай оёқ ости қилади,

Кулолнинг лойидай қилиб тепкилайди.

26Ким буни олдиндан айтибдики, биз билибмиз?!

Ким буни илгари билдирибдики, ‘У ҳақ эди’, деб айтсак?!

Сизлар гапирганингизни ҳеч ким эшитмади,

Ҳеч ким айтмади, хабар бермади.

27Қуддусга башорат қилинганлар,

Қаранг, мана ўшалар!

Ҳа, Сионга яна хушхабар элчисини Мен юбордим.

28Қарадим, лекин биронтаси йўқ,

Орасида бирорта маслаҳатчи йўқ,

Сўраганда жавоб берадигани йўқ.

29Қаранг, бутларининг ҳаммаси сохта,

Қилган ишлари ҳеч нима эмас,

Ҳамма бутлари шамолдай беҳуда.”

 

42–БОБ - ИШАЁ

 

Эгамиз танлаган қул

 

1Эгам айтар: “Мана Менинг қулим,

Ўзим уни қўллаб–қувватлайман.

Мен Ўзим уни танлаганман.

Ундан жуда мамнунман.

Мен унга Ўз Руҳимни бердим,

У элатларга адолат келтиради.

2У бақир–чақир қилмайди, қаттиқ гапирмайди,

Кўчаларда овозини баланд кўтармайди.

3Эзилган қамишни синдирмайди,

Тутаётган пиликни ўчирмайди,

Содиқ бўлиб, адолат келтиради.

4Ер юзида адолат ўрнатмагунча

У ҳолдан тоймайди,

Унинг жасорати сўнмайди.

Денгиз ортидаги юртлар

Унинг йўл–йўриқларини кутади.”

5Осмонни яратиб, уни ёйган[228],

Ерни яратиб, уни тўлдирган,

Ер юзидаги инсонларга жон берган,

Ер юзида яшайдиганларга ҳаёт берган

Худо, бизнинг Эгамиз шундай айтмоқда:

6“Мен, Эганг, нажот олиб келиш учун сени чақирдим.

Мен сенинг қўлингни кучайтираман,

Ўзим сени ҳимоя қиламан.

Халқим билан тузган аҳдимни

Сен орқали амалга ошираман,

Жамики элатларга сен орқали нур сочаман.

7Сен кўрларнинг кўзларини очасан,

Маҳбусларни зиндондан озод қиласан,

Зулматда ўтирганларни қутқарасан.

8Мен Эгангизман!

Менинг номим шудир!

Мен шуҳратимни бировга бермайман,

Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони

Бутлар билан баҳам кўрмайман.

9Мен сизларга келажакдаги воқеаларни

Юз бермасдан олдин айтяпман.

Олдин аён қилганларимга қаранг.

Ана, ўшалар бажо бўлди–ку!”

 

Ҳамду сано мадҳияси

 

10Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг!

Ер юзининг ҳар бир четидан

Эгамизни тараннум этинг!

Эй кемаларда сузиб келадиганлар,

Денгиздаги барча жонзотлар,

Эгамизга қўшиқ айтинг!

Эй денгиз ортидаги юртлару

Бу юртларни тўлдирганлар,

Эгамизга қўшиқ айтинг!

11Саҳролар, у ердаги шаҳарлар хитоб қилсин,

Кедар[229] қишлоқларининг аҳли шод бўлсин!

Села[230] аҳли шодликдан куйласин,

Тоғ чўққиларидан ҳайқирсин!

12Улар Эгамизни улуғласин,

Денгиз ортидаги юртларда ҳам

Унга ҳамду санолар айтсин!

13Эгамиз баҳодир йигитдай олға босади,

У ғайратли жангчидай келади, хитоб қилади.

Ҳайқириб, душманларидан устунлигини кўрсатади.

 

Худонинг мададкор сўзи

 

14Эгам айтар: “Узоқ вақт сукут сақладим,

Жим турдим, Ўзимни тутдим.

Энди эса туғаётган аёлдай

Оғир нафас оламан, фарёд қиламан.

15Тоғу тепаликларни вайрон қиламан,

Жамики ўт–ўланни қуритаман,

Ирмоқларни қуруқ ерга[231] айлантираман,

Ҳатто ботқоқликларни қуритаман.

16Кўзи ожизларни билмаган йўлларидан юрдираман,

Уларни нотаниш сўқмоқлардан олиб бораман.

Кўзларидаги зулматни ёруғликка айлантираман,

Ўнқир–чўнқир йўлларни текислайман.

Мана шу айтганларимни қиламан,

Уларни тарк этмайман.

17Бутларга ишонганлар уятга қолади.

Ҳа, бутларни ‘худоларимиз’ дейдиганлар

Шармандаю шармисор бўлади.

 

Ношуд Исроил халқи

 

18Эшитинг, эй карлар,

Қаранг, кўриб қўйинг, эй кўрлар!

19Менинг қулимдай кўр бўлган борми?!

Мен юборган хабарчидай кар бўлган борми?!

Мен танлаганларимдай кўр бўлган борми?!

Мен, Эгангизнинг қулидай кўр бўлган борми?!

20Эй халқим! Кўп нарсаларни кўрасиз–у, эътибор бермайсиз,

Қулоқларингиз очиғу эшитмайсиз.”

21Ўз адолати ҳақи,

Эгамиз Ўз қонунларини

Улуғ ва шарафли қилмоқни истади[232].

22Аммо бу халқ талон–тарож қилинган[233],

Ҳаммаси зиндонда тутқун, қамоққа ташланган.

Улар қўлга тушди, қутқарадиган йўқ.

Улар ўлжа бўлди, “Қайтариб бер”, дейдиган йўқ.

23Қайси бирингиз буларни эшитасиз,

Эътибор бериб, ўтмишга қулоқ соласиз?!

24Ёқуб наслини ўлжа қилиб қўйган ким?

Исроил халқини талончиларга берган–чи?

Эгамиз эмасми?!

Ахир, биз Унга қарши гуноҳ қилдик–ку!

Унинг йўлидан юришни истамадик,

Унинг йўл–йўриқларига қулоқ солмадик.

25Шу боис Эгамиз қақшатқич ғазабини,

Шафқатсиз урушни бошингизга келтирди.

Аланга сизни ўраб олса ҳам тушунмадингиз,

Сизларни куйдирса ҳам, англаб етмадингиз.

 

43–БОБ - ИШАЁ

 

Исроил халқининг қутқарувчиси Эгамиздир

 

1Энди эй Ёқуб насли, сени яратган Эгамиз гапирмоқда!

Эй Исроил халқи, сени барпо қилган

Эгамиз шундай айтмоқда:

“Мен сени қутқардим,

Сенинг исмингни айтиб чақирдим,

Сен Меникисан, қўрқма!

2Сувлардан ўтганингда

Мен сен билан бирга бўламан.

Дарёлардан ўтганингда

Сувлар сени кўммайди.

Оловдан ўтганингда ёнмайсан,

Олов сени куйдирмайди.

3Ҳа, Мен сенинг Эганг Худоман,

Исроил халқининг муқаддас Худоси — Қутқарувчингман.

Сен учун тўлов қилиб Мисрни бердим,

Ҳабашистон[234], Саво[235] юртларини сенинг ўрнингга бердим.

4Кўз олдимда азизсан, қадрлисан,

Мен сени севаман.

Шу боис сенинг эвазингга одамни,

Жонинг эвазига халқларни бераман.

5Қўрқма, Мен сен билан биргаман,

Наслингни шарқдан олиб келаман,

Сизларни ғарбдан йиғиб келаман.

6Шимолга: ‘Уларни бер’, дейман.

Жанубга: ‘Уларни ушлаб қолма’, деб айтаман.

Ўғилларим узоқлардан,

Қизларим ернинг четларидан келсин.

7Менга тегишли бўлганларни

Ўз шуҳратим ҳақи яратдим,

Ўзим ижод қилиб, уларни бино қилдим.”

8Ўша халқни озод қилгин.

Кўзи бор, аммо кўр бўлган,

Қулоғи бор, аммо кар бўлган

Ўша халқни озод қилгин.

9Жамики элатлар бирга йиғилди.

Қани, халқлар келиб қўшилсин.

Уларнинг орасидан ким буни айтиб беради?!

Ўтиб кетган нарсаларни ким бизга билдиради?!

Гувоҳларини чақириб, ҳақлигини исботласин,

Бошқалар эшитиб: “Бу тўғри”, деб айтсин.

10Эгамиз шундай айтмоқда:

“Сизлар менинг шоҳидимсизлар,

Сизлар менинг қулимсизлар.

Мени билсин, Менга ишонсин, деб

Танҳо Худо Мен эканлигимни билсин, деб

Сизларни танладим.

Мендан олдин бирон худо бўлмаган,

Мендан кейин ҳам бўлмайди.

11Мен Эгангизман!

Ёлғиз Мен Эгангизман,

Мендан бошқа қутқарувчи йўқ.

12Мен Ўзим айтдим, қутқардим, билдирдим,

Орангизда бошқа бирон худо йўқ.”

Эгамизнинг каломи шудир:

“Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидимсиз.

13Ҳа, азалдан буён Мен Ўшаман,

Ҳеч ким Менинг қўлимдан қутқара олмайди.

Мен қилганимни ким бекор қила олади?!”

 

Бобилдан халос бўлиш

 

14Исроил халқининг муқаддас Худоси, Қутқарувчингиз —

Эгамиз шундай демоқда:

“Сизларни деб Бобил устига лашкар юбораман,

Ўзлари фахрланган кемаларда

Бобилликлар[236] қочишга мажбур бўладилар.

15Мен муқаддас Худойингиз — Эгангизман,

Исроил халқининг Яратувчиси — Шоҳингиз Менман.”

16Эгамиз шундай демоқда:

“Мен денгизни бўлиб, йўл қилдим,

Баҳайбат сувлар ичра сўқмоқ очдим[237].

17Жанг араваларию отларни,

Лашкару жангчиларни олиб чиқдим.

Ана улар ётибдилар, турмайдилар.

Пиликдай милтираб, ўчиб қолганлар.

18Ўтмишдагиларни ёдга олманг,

Қадимгиларни ўйлайверманг.

19Мана, Мен янги бир иш қиляпман.

Шу пайтнинг ўзидаёқ содир бўляпти! Кўрмаяпсизми?!

Мен саҳрода йўллар очаман,

Ҳа, чўлда дарёлар яратаман.

20Ҳатто ёввойи ҳайвонлар Мени улуғлайди,

Чиябўри, туяқушлар ҳам Мени шарафлайди.

Зотан, танлаган халқимга сув берай, дея

Саҳрога сувлар юбордим,

Чўлда дарёлар яратдим.

21Бу халқни Ўзим учун яратганман.

Улар Менга ҳамду сано айтсинлар.

 

Исроил халқининг гуноҳлари

 

22Сен эса, эй Ёқуб насли, Менга сажда қилмадинг!

Эй Исроил халқи! Сен Мендан безор бўлдинг.

23Куйдириладиган қурбонлик қилиб,

Қўйларингни Менга олиб келмадинг.

Қилган қурбонликларинг билан Мени улуғламадинг.

Дон назрларини оғир юк қилмадим–ку!

Тутатқилар сўраб, сени чарчатмадим–ку!

24Менга хушбўй ҳидли қамиш сотиб олмадинг.

Қурбонликлар ёғи билан Мени тўйдирмадинг.

Эвоҳ, гуноҳларинг билан Менга юк бўлдинг,

Айбларинг билан Мени чарчатдинг.

25Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим

Айбларингни кечирадиган Менман.

Гуноҳларингни ёдга олмайман.

26Қани, бирга даъволашайлик.

Гапир! Айбсизлигингни исботла–чи!

Ёдимга сол–чи!

27Ахир, энг катта бобонг[238] гуноҳ қилганди.

Пайғамбару руҳонийларинг Менга қарши чиққанди.

28Шу боис муқаддас масканнинг

Бошлиқларини ҳаром қиламан.

Ҳа, Ёқуб наслини ҳалокатга,

Исроил наслини ҳақоратга ҳукм этаман.”

 

44–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Исроил халқини марҳаматлайди

 

1Эгам айтар: “Энди эшит, эй қулим Исроил!

Эй Ёқуб насли! Мен сени танлаганман.

2Мен, Эганг, сени яратганман, она қорнида сенга шакл берганман.

Сенинг мададкоринг, Мен, шундай айтмоқдаман:

‘Қўрқма, эй азиз Исроил![239]

Эй Ёқуб насли, Мен сени танлаганман.

3Чанқоқ ерга Мен сув бераман,

Қақраган тупроқда ирмоқлар оқизаман.

Наслингга Руҳимни бераман,

Зурриётинг устига Ўз баракамни ёғдираман.

4Улар оқар сув бўйидаги тол дарахти каби,

Майсалар орасидан ўсиб чиқади.

5Бири: «Мен Эгамникиман», деб айтади,

Бошқаси Исроил халқига[240] қўшилай, деб келади.

Яна бири қўлига: «Эгамники», деб ёзади–да,

Исроил халқининг бириман, деб айтади.’”

 

Бутпарастлар аҳмоқдир

 

6Исроилнинг Шоҳи, унинг Қутқарувчиси,

Сарвари Олам — Эгамиз шундай айтмоқда:

“Биринчию охирги Мен Ўзимман,

Мендан бошқа ҳеч бир худо йўқ!

7Ким Менга ўхшайди? Қани, гапирсин–чи!

Қадимий халқни яратганимдан бери

Нима бўлганларини бошдан айтиб берсин!

Келажакда нима бўлишини билдирсин.

8Ваҳимага тушманг, қўрқманг!

Сизга қадимдан эълон қилиб, билдирмадимми?!

Сизлар Менинг гувоҳларимсиз!

Мендан бошқа худо борми?!

Йўқ, бошқа қоя йўқ.

Мен бошқа ҳеч бирини билмайман!

9Бут ясайдиганларнинг ҳаммаси ҳеч нарсадайдир. Хуш кўрган бутлари ҳеч фойда келтирмайди. Ўша бутларнинг гувоҳлари кўр, жоҳилдир. Шунинг учун улар шарманда бўлиб қолади! 10Ахир, ким фойдасиз худоларнинг тасвирларини ясайди! 11Ҳали ўша бутпараст дўстларнинг ҳаммаси шарманда бўлади. Бут тайёрловчиларга қаранг. Улар ҳам оддий одамлар–ку! Қани, ҳаммаси тўплансин! Улар қўрқувга тушиб, биргаликда шармандаю шармисор бўлади.

12Бут ясайдиган темирчи асбобини олади. Буюмни кўмир чўғи устида қиздиради. Болғаси билан уни ясайди. Қўлининг кучи билан ишлайди. Қорни очиб, ҳолдан тояди. Ташналикдан силласи қурийди. 13Дурадгор ип билан ёғочни ўлчайди. Хоҳлаган шаклини чизиб олиб, ранда билан ишлов беради. Уни инсон шаклида ясайди. Унга инсон чиройини беради–да, саждагоҳга ўрнатади. 14Ўрмонда сарв, эман дарахтларини танлайди. У ўзи учун садр дарахтларидан кесиб олади. Ёки қарағай дарахтини ўтқазади. Ёмғир эса ўша дарахтни ўстиради. 15Кейин булар одамга ўтин бўлади. Одам ёғочнинг баъзиларини олиб исинади. Баъзиларини эса ёқиб, нон ёпади. Яна ўзига худо ҳам ясаб, унга сажда қилади. Бут ясаб, унга мук тушиб, таъзим қилади! 16У ўтинларнинг ярмини ёқади. Оловда гўшт пишириб, қорнини тўйдиради. Исиниб бўлгач: ‘Оҳ, оҳ, исиниб олдим, оловнинг тафтидан жоним ором оляпти’, — дейди. 17Ёғочнинг қолганидан эса худосини, ўзининг бутини ясайди. ‘Мени ўзинг қутқар, ахир, сен менинг худойимсан!’ деб бутга ибодат қилади, мук тушиб сажда этади.

18Улар ҳеч нарсани билмайдилар, тушунмайдилар. Кўзларию юракларида тўсиқ бор, улар кўрмайди, тушунмайди. 19Бирортаси ҳам ўйлаб кўрмайди. ‘Ўтиннинг бир қисмини ёқдим. Оловида нон ёпдим, гўшт пишириб едим. Энди қолганидан жирканч нарса ясайманми?! Ёғоч ғўласига таъзим қиламанми?!’ — деб айтишга ақл–идрок йўқ. 20Эҳ, кул ейдиганлар! Алданган қалби уни адаштиради. У ўз жонини қутқара олмайди. ‘Қўлимдаги шу нарса сохта–ку!’ — деб ўзига айтмайди.

21Эй Ёқуб насли! Эй Исроил халқи!

Буларни ёдда тут!

Сизлар Менинг қулимсиз.

Мен сизларни яратдим,

Ҳа, сизлар Менинг қулимсиз!

Эй Исроил, Мен сизларни унутмайман!

22Гуноҳларингизни булутдай ҳайдадим,

Айбларингизни тумандай тарқатдим,

Сизларни қутқарганман,

Менга қайтинг.”

 

Қуддус қайта тикланади

 

23Эй самолар, шодликдан ҳайқиринг!

Мана, Эгамиз ажойиб бир иш қилди!

Ҳайқиринг, эй заминнинг тубсиз жойлари!

Шодликдан ҳайқиринг, эй тоғлар,

Эй ўрмон, ўрмондаги ҳар бир дарахт!

Ҳа, Эгамиз Ёқуб наслини қутқариб, Ўзига олди.

У Исроил халқи орасида улуғланмоқда.

24Қутқарувчингиз, онангиз қорнида сизга шакл берган

Эгамиз шундай айтмоқда:

“Ҳаммасини яратган Мен Эгангизман,

Ёлғиз Ўзим самоларни ёйганман![241]

Бир Ўзим заминни яратганман!

25Фолбинларнинг аломатларини беҳудага чиқараман,

Башоратгўйларни лақиллатаман,

Донишмандларга зарба бериб,

Билган нарсаларини нодонликка чиқараман.

26Ўз қулимнинг башоратини ижро этаман,

Элчиларимнинг айтганларини қиламан.

Мен Қуддус ҳақида:

‘Бу ерда яна инсон яшайди’, деб айтмоқдаман.

Яҳудо шаҳарлари ҳақида:

‘Улар қайтадан қурилади,

Вайроналарини тиклайман’, деб айтмоқдаман.

27Чуқур сувларга шундай дейман:

‘Қуриб бит! Дарёларингни қуритаман.’

28Шоҳ Куруш[242] ҳақида шундай дейман:

‘У Менинг чўпоним.

Менинг барча хоҳишимни у бажаради.’

Куруш шундай дейди:

‘Қуддус қайта қурилсин,

Маъбад яна тиклансин.’”

 

45–БОБ - ИШАЁ

 

Шоҳ Куруш — Эгамизнинг танлагани

 

1Эгам айтар: “Мен шоҳ Курушнинг[243] ўнг қўлини кучайтирдим.

Халқларни унга итоат эттирай, дея

Шоҳларни қуролсизлантираман.

Унинг олдида эшиклар очиқ туради,

Дарвозалар ёпилмайди.”

Эгамиз Ўзининг танлагани — Курушга шундай айтмоқда:

2“Мен Ўзим Сенинг олдингда бораман,

Тоғларни[244] текисликка айлантираман,

Бронза эшикларни парчалайман,

Темир тамбаларни синдираман.

3Мен Эганг эканлигимни билиб олгин,

Сенинг исмингни айтиб чақираётган Мен

Исроил халқининг Худоси эканлигимни англагин, деб

Яшириб қўйилган бойликларни,

Зулматдаги хазинани сенга бераман.

4Қулим Ёқуб ҳақи,

Ўзим танлаган Исроил ҳақи,

Сенинг исмингни айтиб чақирдим.

Сенга ном ато қилдим,

Аммо сен Мени билмайсан.

5Мен Эгангман, бошқаси йўқ,

Мендан бошқа худолар йўқ!

Сенга мадад бераман,

Аммо Мени билмайсан.

6Мендан бошқа бири йўқлигини

Шарқу ғарбда ҳамма билсин, дедим.

Мен Эгангман, бошқаси йўқ!

7Мен ёруғлик яратаман, зулмат бино қиламан,

Фаровонлик юбораман, кулфат ёғдираман.

Мен Эгангман!

Буларнинг ҳаммасини Мен қиламан!

8Эй самолар, юқоридан солиҳлик ёғдиринг,

Ҳа, солиҳлик булутлардан қуйилсин.

Ер очилиб, нажот келиб чиқсин,

Солиҳлик билан бирга яшнасин.

Мен Эгангизман! Мен уни яратганман.”

9Ҳолингизга вой!

Эй Яратувчи билан баҳслашадиганлар!

Тупроқдан ясалган кўзаю хумлар!

Ахир, лой кулолга: “Нима қиляпсан?” дейдими?!

“Ясаётган нарсангнинг қўллари йўқ–ку!” деб айтадими?!

10Эй отасига: “Нимага туғдиряпсиз?” деган болалар!

Онасига: “Нимага туғяпсиз?” деган фарзандлар!

Сизларнинг ҳолингизга вой!

11Исроил халқининг муқаддас Худоси,

Унинг Яратувчиси — Эгамиз шундай айтмоқда:

“Хўш, энди Ўз фарзандларимнинг

Тақдири ҳақида Мени сўроққа тутасизми?!

Ўз қўлларим ижоди тўғрисида

Менга кўрсатмалар берасизми?!

12Заминни барпо қилган,

Ер юзида инсонни яратган Менман.

Мен Ўз қўлим билан осмонни ёйдим,

Барча самовий жисмларга Мен буйруқ бердим.

13Мен Ўзим Курушни қўзғатиб,

Унга ғалаба бераман.

Унинг барча йўлларини текислайман.

У Менинг шаҳримни қуради.

Пораю мукофот олмасдан

Менинг асирларимни қўйиб юборади.”

Сарвари Олам шундай деди.

 

Фақатгина Эгамиз Худо ва нажоткордир

 

14Эгамиз айтмоқда: “Мисрнинг бойликлари,

Ҳабашистоннинг[245] тижорат фойдалари сеники бўлади!

Саво юртининг[246] баланд бўйли одамлари сенга келади.

Улар сенга эргашади.

Занжирбанд бўлиб, сенга таъзим қилади.

Ёлвориб: ‘Ҳа, Худо сизнинг орангизда!

Бошқа ҳеч бир худо йўқ!’ дейди.”

15Эй Исроил халқининг Худоси — Қутқарувчи!

Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан.

16Бут ясайдиганлар биргаликда уятга қолди.

Ҳаммаси шармандаю шармисор бўлди.

17Исроилни эса Эгамиз қутқарди,

То абад нажот берди!

Сизлар шарманда бўлмайсиз,

То абад уятга қолмайсиз!

18Эгамиз Самоларни яратган

У Худодир!

У ерни барпо қилган, мустаҳкамлаган.

Ерни бўш қилиб эмас,

Яшашга лойиқ қилиб яратган.

У шундай деб айтмоқда:

“Мен Эгангизман, бошқаси йўқ.

19Мен сизларга яширин жойда,

Зулматли юртда гапирмадим.

Мен Ёқуб наслига: ‘Бўш жойлардан

Мени қидиринг!’ деб айтмадим.

Мен Эгангизман.

Ҳақиқатни айтаман,

Тўғрисини эълон қиламан.

20Эй халқларнинг омон қолганлари,

Йиғилинглар, яқинлашиб, бирга келинглар!

Ёғоч бутларини олиб юрадиганлар,

Қутқармайдиган худога ибодат қиладиганлар

Ҳеч нарсани англаб етмайдилар.

21Гапиринг, исбот келтиринг.

Ўзаро маслаҳатлашинг.

Бу тўғрида ким қадимдан хабар берди?

Азалдан ким айтиб берган эди?

Мен Эгангиз эмасми?!

Мендан бошқа худолар йўқ!

Мен одил Худоман, Қутқарувчиман!

Мендан бошқаси йўқ.

22Менга юз буринг, нажот топасиз,

Эй заминнинг барча четлари!

Ҳа, Мен Худоман, бошқаси йўқ.

23Ўзим ҳақим онт ичдим[247],

Оғзимдан тўғри сўз чиқди, беҳуда кетмас.

Чунки Менинг олдимда ҳар бир тизза чўкка тушади,

Ҳар бир тил Менга садоқат қасамини ичади.

24Мен ҳақимда: ‘Фақатгина Эгамизда адолат, қудрат бор’, деб айтадилар.

Мендан ғазабланганларнинг ҳаммаси

Менга келадилар, улар уялиб қоладилар.

25Аммо бутун Исроил насли

Мен, Эгаси туфайли нажот топади.

Улар мақтовга сазовор бўлади.”

 

46–БОБ - ИШАЁ

 

1Эгам айтар: “Бэл тиз чўкди, Наво[248] букилди.

Уларнинг бутлари молу ҳайвонга юк бўлди.

Олдин кўтариб юрганларингиз

Энди толиққанга юк бўлди.

2Улар эгилди, бирга тиз чўкди,

Улар энди юкни қутқара олмайди,

Ўзлари эса асир бўлиб кетади.

3Эй Ёқуб хонадони! Менга қулоқ солинг!

Эй Исроил хонадонининг омон қолганлари!

Эй халқим! Туғилганингдан бери сени онадай кўтариб юрдим,

Ҳа, дунёга келмасингдан олдин Мен таянчинг бўлдим.

4Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман,

Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман.

Мен сени яратганман, Ўзим сени кўтараман.

Ўзим сени кўтариб, қутқараман.

5Мени кимга ўхшатасан?!

Кимга тенглаштирасан?!

Мени кимга таққослайсан?!

Нима, Мен ўшалар билан тенг бўлиб қолдимми?!

6Мана, одамлар ҳамёндан тилла чиқарадилар.

Кумушни тарозиларда тортадилар.

Уста ёллаб, худо ясатадилар.

Улар ўша худосига таъзим қиладилар.

Ҳа, унга сажда қиладилар.

7Ўша худосини опичлаб олиб борадилар,

Уни жойига ўрнатиб, турғизиб қўядилар.

У жойидан қимирламай тураверади.

Кимдир унга ёлворганда, жавоб бермайди,

Машаққатидан халос қила олмайди.

8Буни ёдда тутинг, маҳкам бўлинг!

Эй исёнкорлар, буни эсга олиб туринг!

9Азалдан бўлганларни ёдда тутинг!

Ахир, Мен Худоман, бошқаси йўқ!

Мен Худоман, Менга ўхшагани йўқ!

10Охирида нима бўлишини бошидаёқ айтаман.

Юз бермаганларни олдиндан билдираман.

‘Ниятларим бажо бўлади,

Барча истакларимни ижро этаман’, деб айтмоқдаман.

11Шарқдан йиртқич қушни чақиряпман.

Ҳа, хоҳишимни бажарадиганни

Узоқ юртдан чақиряпман[249].

Мен Ўз айтганимни бажо қиламан!

Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!

12Менга қулоқ солинг, эй ўжарлар!

Ғалаба узоқ, деб ўйлаганлар!

13Мана, ғалаба келтираман.

У узоқда эмас, нажотим кечикмайди.

Мен Қуддусга[250] нажот ато қиламан,

Исроилга Ўз улуғворлигимни бераман.”

 

47–БОБ - ИШАЁ

 

Гўзал аёлга ўхшаган Бобил ҳукм қилинади

 

1Эгам айтар: “Пастга туш, тупроққа ўтир,

Эй бокира қиз[251]Бобил!

Ерга ўтир, энди тахтинг йўқ,

Эй Бобилликлар![252]

Мана, энди сен тўғрингда:

‘Нақадар нозик, майиндир’, деб айтмаслар.

2Қани, тегирмон тошини ол, дон янчгин.

Ёпинчиғингни еч, этагингни йиғиштир,

Болдирингни оч, дарёлардан кечиб ўт[253].

3Яланғоч жойларинг очилади,

Шармандалигинг кўриниб қолади.

Мен қасос оламан,

Ҳеч кимга шафқат қилмайман.”

4Қутқарувчимиз Исроил халқининг муқаддас Худосидир.

Унинг номи Сарвари Оламдир.

5Эгам айтар: “Жим ўтир, қиз Бобил![254] Зулматга жўна!

Энди сени: ‘Юртларнинг маликаси’, деб айтмайдилар.

6Мен халқимдан ғазабландим,

Ўз мулкимни ҳаром қилдим.

Уларни сенинг қўлингга бердим.

Сен эса уларга шафқат қилмадинг,

Ҳатто кексаларнинг елкасига ҳам

Ғоят оғир бўйинтуруқ солдинг.

7Шунда: ‘Мен то абад оламнинг маликаси бўламан’, деб айтдинг.

Аммо буларнинг нима билан тугашини

Ўйлаб кўрмадинг, ақлингга келтирмадинг.

8Энди бунга қулоқ сол! Эй ҳашаматни севувчи!

Бехатар ўтириб, ўзингча айтасан:

‘Мендан бошқа малика йўқ,

Тул қолмасман, фарзанд доғини кўрмасман.’

9Мана шу иккаласи ҳам

Бир кунда бошингга тушади:

Ҳа, кўп сеҳр–жодулар қилардинг,

Афсунларингнинг кучи кўп эди.

Шунда ҳам тамомила болаларингдан айриласан,

Тул бўлиб қоласан.

10Ўз ёвузлигингга ишондинг,

‘Мени ҳеч ким кўрмайди’, дединг.

Донолигинг, билиминг сени йўлдан адаштирди,

Ўзингга: ‘Мана, мен!

Мендан бошқаси йўқ’, дединг.

11Мана, бошингга кулфат тушади,

Уни сеҳр–жоду билан даф қилолмайсан.

Бошингга бахтсизлик ёғилади,

Сен уни қайтара олмайсан.

Ҳалокат сенга бирданига келади,

Бу тушингга ҳам кирмаган.

12Қани, сеҳр–жодуингни ишга сол,

Кўпроқ афсунгарлик қил,

Ахир, ёшлигингдан бундай ишларга

Сен одатлангансан.

Балки бирон нарсага эришарсан,

Балки биронтасини қўрқитарсан.

13Олган маслаҳатларинг кўплигидан

Сен чарчаб қолдинг.

Қани, энди ўша мунажжимларинг, таъбирчиларинг?

Ҳар янги ой чиққанда тақдирингдан башорат қиладиганлар қани?

Улар келсин–чи!

Энди ўшалар сени қутқарсин.

14Ана, ҳаммалари сомонга ўхшаб қолди–ку!

Олов уларни ямламай ютади!

Жонларини оловдан қутқаролмайди.

Исиниш учун кўмирлари бўлмайди.

Олдида ўтирай, деса олови бўлмайди[255].

15Ёшлигингдан сен билан олди–берди қилган ҳар бир одам,

Сен билан бирга ишлаганларнинг ҳаммаси шундай бўлиб қолади.

Улар ўз йўлига қараб кетади!

Сени қутқарадиган бирор кимса бўлмайди.”

 

48–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг исёнкор халқи

 

1Эшитинг буни! Эй Ёқуб хонадони!

Эй Исроил номи билан аталадиганлар,

Яҳудо уруғидан чиққанлар!

Сизлар Эгамизнинг номи билан қасам ичасизлар,

Исроил халқининг Худосини тилга оласизлар,

Аммо ҳақиқат ва солиҳлик билан эмас.

2Ҳа, сизлар ўзингизни муқаддас шаҳар[256] номи ила атадингиз,

Исроил халқининг Худосига таяндингиз,

Ахир, Унинг номи Сарвари Оламдир.

3Эгамиз сизларга шундай деди:

“Бўлиб ўтганларни олдиндан Мен айтдим,

Оғзимдан чиқиши билан буларни билдирдим,

Бирданига ҳаракат қилдим ва улар содир бўлди.

4Ахир, қайсарлигингни Мен биламан–ку!

Бўйнинг темирдай, пешананг бронзадай қаттиқдир!

5‘Буларни менинг санамим қилди,

Қуйма, ўйма бутларим амр қилди’, деб

Айтмагин, дея Мен олдиндан айтдим,

Бажо бўлмасдан олдин, бўлиб ўтганларни билдирдим.

6Буларнинг ҳаммасини эшитдинг,

Наҳотки энди эътироф этмасанг?!

Ҳозирдан бошлаб янгиларини,

Ўзинг билмаган яширин нарсаларни

Сенга эшиттирдим.

7Булар ҳозир яратилди, қадимда эмас,

Бу тўғрида сен илгари эшитмагансан.

Йўқ! Сен: ‘Мен буларни биламан–ку!’

— деб айта олмайсан.

8Ҳа, эшитмагансан, билмайсан ҳам,

Ҳатто азалдан ҳам қулоқларинг очилмаганди.

Мен биламан–ку хиёнаткор эканлигингни,

Туғилганингданоқ сен исёнкор деб аталгансан.

9Ўзимнинг исмим ҳақи ғазабимни босяпман,

Шарафим ҳақи Ўзимни тутяпман,

Бўлмаса, сени йўқ қилган бўлардим.

10Мана, Мен сени покладим,

Аммо кумушдай қилиб эмас.

Сени кулфат ўчоғида синадим.

11Ўз ҳақим, ҳа, Ўз ҳақим учун шундай қиламан!

Ахир, нимага Мен бадном бўлишим керак?!

Шуҳратимни бировга бериб қўймайман.

 

Бобилдан қутулиш

 

12Менга қулоқ тут, эй Ёқуб хонадони!

Ўзим чақирган Исроил халқи, эшит!

Мен Ўшаман!

Боши ҳам, охири ҳам Мен Ўзимман.

13Ҳа, Менинг қўлим заминнинг пойдеворини[257] қўйган,

Самоларни ёйган Менинг қўлимдир.

Мен уларни чақирганимда

Улар биргаликда туради.

14Ҳаммангиз тўпланиб, эшитинг!

Бутларнинг қайсиси буларни билдирди?!

Курушни[258] Мен, Эгангиз, яхши кўраман.

У Бобилда Менинг ниятимни бажо келтиради.

Менинг қўлим Бобилликларга[259] қарши бўлади.

15Мен айтдим! Ҳа, Мен Ўзим айтдим!

Уни Мен чақирганман!

Уни Мен олиб келдим,

У ғалабага эришади.

16Менга яқинлашинг! Бунга қулоқ солинг!

Азалдан ҳеч нарсани яширмай айтдим,

Бошиданоқ Мен ўша ердаман.”

Мана энди Эгамиз Раббий мени

Ҳамда Ўз Руҳини юбормоқда[260].

17Қутқарувчингиз, Исроил халқининг муқаддас Худоси —

Эгамиз шундай айтмоқда:

“Мен Эгангиз Худоман!

Яхши бўлинг, деб сизларга йўл–йўриқ кўрсатаман,

Юрадиган йўлларингиздан етаклайман.

18Қани, энди амрларимга қулоқ солганингизда!

Фаровонлигингиз дарёдай бўларди,

Зафарингиз денгиз тўлқинларидай бўларди.

19Уруғингиз қум каби бўларди,

Наслингиз қум зарраларидай сон–саноқсиз бўларди.

Уларнинг номи ўчиб кетмаган бўларди,

Менинг олдимдан йўқотилмаган бўларди.”

20Энди Бобилдан чиқиб кетинг,

Бобилликлардан қочинг.

Шодлик ҳайқириқлари ила эълон қилинг!

Дунёнинг тўрт четига бу хабарни етказинг!

“Эгамиз Ўз қуллари, Ёқуб наслини қутқарди”, деб айтинг!

21Эгамиз уларни саҳродан олиб борганда,

Улар ташналикдан қийналмадилар.

Худо улар учун қоядан сув чиқарди[261].

У қояни ёрди, сувлар пишқириб чиқди.

22“Ёвузларга омонлик йўқ”, дейди Эгамиз.

 

49–БОБ - ИШАЁ

 

Исроил бошқа халқларга чироқ бўлади

 

1Қулоқ солинг, эй денгиз ортидаги юртлар!

Эътибор беринг, эй узоқдаги халқлар!

Туғилмасимдан олдин Эгам мени чақирди,

Она қорнидалигимдаёқ У исмимни айтиб чақирди.

2У тилимни ўткир қиличдай қилди,

Қўлининг соясида У мени яширди.

У мени учли ўқдай қилди,

Ўқдонига мени яширди.

3У менга шундай деди:

“Сен Менинг қулимсан,

Эй Исроил, Мен сен туфайли шуҳрат топаман.”

4Мен шундай дедим:

“Мен бекорга меҳнат қилдим,

Кучимни беҳуда, бефойда сарф этдим.”

Аммо Эгам мени ҳукм қилади–ку,

Мукофотлаш Худойимнинг қўлидадир.

5Энди Эгам гапирди.

Ёқуб наслини Унга қайтарсин, деб

Исроилни Унинг олдига тўпласин, деб

Онам қорнидаёқ мени Ўз қули қилиб яратди.

Эгамнинг кўз олдида мен шуҳрат топаман,

Худойим менинг куч–қудратим бўлди.

6У шундай деди:

“Ҳа, Ёқуб қабилаларини қайта тиклайсан,

Исроилдан қолганларини қайтарасан.

Мен сени фақат шунинг учунгина қулим қилмадим.

Сени бошқа халқларга ҳам нур қиламан,

Токи Менинг нажотим ернинг четигача етиб борсин.”

7Халқлар[262] қаттиқ нафратланиб, рад қилганга,

Ҳукмронларнинг қули бўлганга

Исроилнинг Қутқарувчиси, муқаддас Худоси —

Эгамиз шундай айтмоқда:

“Сени кўриб, шоҳлар ўрнидан туради,

Ҳукмдорлар тиз чўкиб таъзим қилади.

Исроил халқининг муқаддас Худоси —

Содиқ Эгангиз ҳақи–ҳурмати шундай қилади.

Ахир, У сени танлаган–ку!”

 

Исроил қайта тикланади

 

8Эгамиз шундай айтмоқда:

“Мурувват пайти келганда,

Мен сенга жавоб бердим,

Нажот куни келганда,

Мен сенга ёрдам бердим.

Ўзим сени ҳимоя қиламан,

Халқим билан тузган аҳдимни

Сен орқали амалга ошираман.

Токи юрт қайта тиклансин,

Ташландиқ мулклар тақсимлансин.

9Маҳбусларга: ‘Чиқинглар!’ демоқдаман.

Зулматдагиларга: ‘Кўрининглар!’ демоқдаман.

Йўл бўйида улар ўтлоқлар топади,

Тап–тақир қирлар уларнинг яйлови бўлади.

10Улар на очликни, на ташналикни билади,

На гармсел, на жазирама қуёшдан азоб чекади.

Меҳр–шафқат кўрсатиб, уларни етаклайман,

Уларни булоқларга бошлаб бораман.

11Ҳамма тепаликларимни йўлга айлантираман,

Катта, шоҳ йўлларим кўтарилади.

12Мана, улар узоқлардан келади.

Қаранг, улар шимолдан, ғарбдан,

Синим юртидан[263] ҳам келади.”

13Шодликдан куйланг, эй самолар,

Хурсанд бўл, эй замин!

Қўшиққа жўр бўлинг, эй тоғлар!

Эгамиз халқига тасалли берди,

Эзилган халқига раҳм қилди!

14Аммо Қуддус[264] шундай деди:

“Эгам мени тарк этди,

Раббим мени унутиб қўйди.”

15Эгам айтар: “Ахир, аёл киши эмизикли боласини унутадими?!

Ўзи туққан боласига раҳм қилмайдими?!

Агар хотинлар боласини унутсалар ҳам,

Мен сени асло унутмайман!

16Қара, сенинг номингни кафтимга ёзиб қўйдим,

Деворларинг доимо кўз олдимдадир.

17Ҳадемай, фарзандларинг қайтиб келади,

Сени вайрон қилиб, йўқотмоқчи бўлганлар

Сендан чиқиб кетади.

18Бошингни кўтариб, атрофга қара,

Ҳамма фарзандларинг тўпланиб, олдингга келишди.”

Эгамиз шундай демоқда:

“Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,

Ҳаммаси зебу зийнатдай сени безатиб туради,

Келинчакдай уларни тақинчоқ қилиб тақасан.

19Ҳа, еринг кимсасиз, ҳувиллаб қолганди,

Юртинг вайронага айланганди.

Энди эса одам кўплигидан тор бўлиб қолади,

Бузғунчилар сендан узоқда юради.

20Асирликда туғилган фарзандларинг

Ҳали сенга шундай дейди:

‘Бу жой бизга торлик қиляпти,

Жой беринг, биз ҳам яшайлик.’

21Шунда ўзингга ўзинг дейсан:

‘Уларни менга ким туғиб берди?

Фарзандсиз эдим, туғмас бўлиб қолгандим.

Сургунда эдим, хор бўлгандим.

Уларни ким менга катта қилиб берди?

Ёлғиз ўзим қолгандим–ку,

Энди улар қаердан келиб қолди?’”

22Эгамиз Раббий шундай айтмоқда:

“Мана, Мен халқларга қўл кўтариб, ишора бераман,

Элатларга байроғимни кўтараман.

Болаларингни улар қўлларида кўтариб келади,

Қизларингни улар опичлаб келади.

23Шоҳлар сенга хизмат қилиб, боқади,

Маликалар сенга энагалик қилади.

Бошлари ерга теккудай бўлиб,

Улар сенга таъзим қилади,

Оёқларинг чангини ялаб–юлқайди.

Ўшанда Мен Эганг эканлигимни биласан.

Менга умид боғлаган шарманда бўлмайди.”

24Бирор кимса кучли жангчидан

Ўлжани олиб қўя оладими?!

Наҳотки золимнинг[265] қўлига асир тушган қутула олса?!

25Эгамиз эса шундай айтмоқда:

“Мана, кучли жангчидан асирлар тортиб олинади,

Золимга ўлжа бўлганлар қутқарилади!

Сенга қарши чиққанларга Мен қарши чиқаман,

Сенинг болаларингни Мен Ўзим қутқараман!

26Сенга зулм қилганларга ўз танасини едираман,

Улар шароб ичгандай бўлиб, ўз қонидан маст бўлади.

Шунда жамики одамзод

Мен нажоткоринг — Эганг эканлигимни,

Ёқуб наслининг қудратли Худоси — Қутқарувчинг эканлигимни билиб олади.”

 

50–БОБ - ИШАЁ

 

Исроил халқининг гуноҳи

 

1Эгамиз шундай айтмоқда:

“Мен онангизни ҳайдаб юборган эдим,

Унинг талоқ хати қани?

Хўш, сизни қайси қарз берувчимга сотибман?

Мана, гуноҳларингиз туфайли сотилдингиз,

Итоатсизлигингиз дастидан онангиз ҳайдалди.

2Келганимда нега бирон кимса йўқ эди?

Чақирганимда нега ҳеч ким жавоб бермади?

Сизни қутқаришга менинг қўлим қисқами?

Ёки сизни озод қилишга кучим етмасми?

Бир таҳдид қилсам денгиз қурийди,

Дарёларни чўлга айлантираман.

Сувлар қуриб, балиқлари сасийди,

Сув йўқлигидан балиқлар ўлиб кетади.

3Самоларга қора кийдираман,

Қанорни уларнинг ёпинчиғи қиламан.”

 

Эгамиз қулининг итоаткорлиги

 

4Толиққанларга сўз билан мадад берсин, деб

Эгам Раббий менга доно тил берди.

Ҳар тонг У мени уйғотади,

Донолардай тингласин, деб қулоғимни очади.

5ЭгамРаббий қулоғимни очди,

Мен итоатсизлик қилмадим,

Мен Ундан юз ўгириб кетмадим.

6Мени урганларга кифтимни очдим,

Соқолимни юлганларга юзимни тутдим,

Ҳақорат, тупуришлардан юзимни яширмадим.

7Эгам Раббий менга мадад беради,

Шу боис мен ҳеч шарманда бўлмадим.

Азобларга бардош беришга қарор қилдим,

Биламан, шарманда бўлмайман.

8Мени оқлайдиган яқинимдадир,

Мен билан даъволашадиган ким, юзлашайлик–чи!

Қани рақибларим? Менга қарши чиқсин!

9Мана, Эгам Раббий менга мадад беради,

Қани ким мени айбдор, деб айта олади?!

Қаранг, уларнинг ҳаммаси кийим каби эскиради,

Уларни куя еб тамом қилади.

10Орангиздан ким Эгамиздан қўрқади?

Эгамизнинг қули овозига қулоқ солади?

Зулматда юрганлар, нурдан маҳрум бўлганлар

Эгамизнинг номига умид боғласин,

Ҳа, ўзининг Худосига таянсин!

11Ахир, ҳаммангиз аланга ёқяпсиз,

Машъалалар ёқяпсиз.

Алангангиз ёруғида юраверинг,

Ўзингиз ёққан машъала ёруғида юраверинг.

Қаранг, унинг қўллари сизни нима қилади:

Азоб–уқубат ичида ётасиз.

 

51–БОБ - ИШАЁ

 

Худо ўз халқига тасалли беради

 

1Эгам айтар: “Эй нажотга умид боғлаганлар,

Мен, Раббийга интилаётганлар,

Менга қулоқ солинг!

Ўзингиз кесиб олинган қояга қаранг,

Ўзингиз қазиб олинган конга қаранг.

2Отангиз Иброҳимга боқинг,

Сизни туққан Сорага қаранг.

Иброҳимни чақирганимда, у ёлғиз эди,

Мен унга барака бериб, кўпайтирдим.

3Мана, Мен, Эгангиз, Қуддусга[266] тасалли бераман,

Унинг барча вайроналарига тасалли бераман.

Унинг саҳросини Адан боғига айлантираман,

Унинг чўлини Менинг боғимдай қиламан.

У ерда шодлик, севинч бўлади,

Шукроналик, қўшиқ садоси янграйди.

4Эй халқим! Менга қулоқ солинг!

Қулоқ тутинг Менга, эй элатим!

Мана, таълимот Мендан чиқиб боради,

Бирпасда адолатим халқларга нур бўлади.

5Менинг нажотим ўз йўлига чиқди,

Мен ғалаба қозонадиган вақт яқинлашмоқда.

Халқлар орасида қўлим ила адолат ўрнатаман,

Денгиз ортидаги юртлар Менга умид боғлайди,

Улар қўлимнинг қудратидан умид қилади.

6Кўзларингизни самоларга қаратинг,

Пастга, ер юзига назар солинг.

Самолар тутун каби йўқолади,

Замин кийим каби тўзиб битади.

Замин аҳли чивиндай ўлиб кетади,

Менинг нажотим эса то абад бўлади,

Менинг ғалаба бекор қилинмайди.

7Эй таълимотимни қалбига жо қилганлар,

Сизлар нима тўғри эканлигини биласизлар.

Менга қулоқ солинг!

Инсон ҳақоратларидан қўрқманглар,

Уларнинг таҳқирларидан хафа бўлманглар.

8Куя кийимни, қурт жунни еб битиргандай

Улар ҳам йўқ бўлиб кетади.

Менинг ғалаба эса абадий бўлади,

Нажотим насллар бўйи давом этади.”

9Уйғон, уйғон, эй Эгамизнинг қўли!

Куч–қудратга тўлгин!

Уйғон қадимги пайтлардагидай,

Азалий насллар давридагидай.

Махлуқ Раҳобни[267] парчалаган Сен эмасмидинг?!

Аждарни санчиб ташлаган Сен эмасмидинг?!

10Сен эмасмидинг денгизни қуритган,

Ғоят тубсизликдаги сувларни қуритган?!

Ўзимга тегишли бўлганлар ўтсин, деб

Денгиз тубини йўл қилган Сен эмасмидинг?!

11Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади,

Қўшиқ айтиб Қуддусга келади.

Абадий шодлик уларнинг бошида тож бўлади.

Улар шодлик, севинчга етишади,

Қайғу, надомат улардан узоққа қочади.

12Эгам айтар: “Мен Ўзим сизларни юпатаман!

Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми?

Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?!

13Самоларни ёйган[268], замин пойдеворини[269] ўрнатган,

Сизларни Мен, Яратган Эгангизни унутиб қўйдингиз.

Сизни қирмоқчи бўлган золимнинг ғазабидан

Ҳар доим титраб–қақшаб турасиз.

Аммо қани энди золимнинг ғазаби?!

14Мазлумлар тез орада озод бўлади,

Улар ўлмайди, қабрга тушмайди,

Нонга зор бўлмайди.

15Мен Эгангиз Худоман.

Денгизни қўзғатадиган,

Тўлқинларни гувиллатадиган Менман.

Менинг номим Сарвари Оламдир!

16Оғзингизга сўзларимни солдим,

Сизларни қўлим соясида яширдим.

Самоларни ўрнатганман,

Замин пойдеворини қўйганман.

Қуддусга: ‘Сен Менинг халқимсан’, деганман.”

 

Қуддуснинг азоблари тугайди

 

17Уйғон, уйғон эй Қуддус, оёққа тур!

Сен Эгангнинг қўлидан ғазаб косасидан[270] ичдинг!

Тагидаги қуйқумигача ичиб,

Гандираклаб қолдинг.

18Ўзинг туққан шунча ўғиллар орасидан

Сени етаклайдиган биронтаси ҳам йўқ.

Ўзинг ўстирган шунча ўғиллар орасидан

Қўлингдан тутадиган биронтаси йўқ.

19Бошингга қўш фалокат келди,

Ким сенга тасалли беради?!

Атрофингда талончилигу ҳалокат, очлигу қилич,

Ким сени юпата олади?![271]

20Ҳар бир кўча бошида

Ўғилларинг сулайиб ётибди.

Улар тўрга тушган кийиклар кабидир.

Эгангиз бор қаҳр–ғазабию Ўз танбеҳи билан

Уларни шу аҳволга солди.

21Шу боис энди бунга қулоқ солинг,

Эй азоб чекканлар!

Сизлар мастсиз, аммо шаробдан эмас!

22Ўз халқини ҳимоя қиладиган Худойингиз,

Эгангиз Раббий шундай айтмоқда:

“Мана, сенинг қўлингдан

Гандираклатадиган косани олдим.

Энди ғазабим косасидан бошқа ичмайсан.

23Уни сенга азоб берганлар қўлига бераман.

Улар сенга: ‘Ерга ёт, устингдан

Босиб ўтайлик’, деган эди.

Елкаларинг уларга ер каби бўлди.

Сен ўзинг йўлдай бўлдинг,

Улар устингдан босиб ўтди.”

 

52–БОБ - ИШАЁ

 

Худо Қуддусни қутқаради

 

1Уйғон, уйғон, эй Қуддус,

Куч–қудратга тўлгин.

Ажойиб кийимларингни кийгин,

Эй Сион, муқаддас шаҳар!

Мана энди суннатсизлар, нопоклар

Дарвозаларингдан ичкари кирмайди!

2Тупроқни қоқиб ташла, тур!

Эй Қуддус, ўз жойингда ўтир!

Бўйнингдаги занжирни узиб ташла,

Эй асира қиз[272] Сион!

3Мана Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар бепул сотилган эдингиз, энди пулсиз қутқариласиз.” 4Ҳа, Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Олдин халқим Мисрга борди. У ерда мусофир бўлди. Кейин Оссурияликлар сабабсиз уларга зулм ўтказди. 5Бу нимаси? — демоқда Эгамиз. — Халқим беҳудага босиб олинди. Ҳукмдорлари фарёд қилмоқда, — демоқда Эгамиз. — Менинг номим доимо, кун бўйи ҳақорат қилинмоқда. 6Шу боис халқим номимни билиб олади. Ҳа, Мен гапираётганимни ўша куни улар билиб олади. Мана, Мен Ўшаман.”

7Тоғлар оша тинчликни эълон қилган

Хабарчининг қадамлари нақадар гўзал!

У хушхабар олиб келмоқда,

У нажотни эълон қилмоқда,

У Қуддусга[273]: “Худойинг ҳукмрондир”, демоқда.

8Қулоқ солинг! Соқчиларингиз овозини кўтармоқда,

Биргаликда улар шодликдан куйламоқда!

Ахир, Эгамиз Қуддусга қайтиб келганда

Улар ўз кўзлари билан кўради.

9Эй Қуддус вайроналари!

Биргаликда севинч ила ҳайқиринг.

Эгамиз Ўз халқига тасалли берди,

Қуддусни қутқариб, Ўзига олди!

10Ҳамма халқларнинг кўз ўнгида

Эгамиз муқаддас қўлини кўрсатди.

Худойимизнинг нажотини

Ернинг тўрт бурчи кўради.

11Кетинг, кетинг, у ердан чиқинг!

Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг!

Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар[274],

У ердан чиқинглар, покланинглар!

12Мана, сиз шошилмай йўлга чиқасиз,

Қочишингизга асло ҳожат қолмайди.

Ахир, Эгамиз олдингиздан бормоқда,

Исроил халқининг Худоси ортингиздан

Сизни қўриқламоқда.

 

Эгамизнинг азобланаётган қули

 

13Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди,

У кўтарилиб, юксалади,

Ғоят баландга кўтарилади.

14Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики,

Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди.

Шу боис кўплар унинг[275] олдида даҳшатга тушди,

15Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради,

Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади.

Ахир, уларга айтилмаганларни кўрадилар,

Эшитмаганларини улар англаб етадилар.”

 

53–БОБ - ИШАЁ

 

1Бизнинг[276] хабаримизга ким ишонди?

Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?

2Эгамизнинг қули Эгамиз олдида янги кўчатдай,

Қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди.

Бизни ўзига жалб қиладиган

Гўзаллиги, улуғворлиги йўқ эди.

Бизни ўзига ром этадиган

Ҳеч бир жозибаси йўқ эди.

3Ундан нафратланганлар, уни рад этганлар.

У қайғу нималигини, азоб–уқубатни биларди.

Ундан одамлар юз ўгириб, нафратланган,

Уни биз одам қаторида санамаганмиз.

4Ҳа, дардларимизни у ўзига олди,

Оғриқларимизни у ўз зиммасига олди.

Биз эса ўйладик: “Уни Худо урган,

Аламдийда, жабрланган у!”

5У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди,

Бизнинг айбларимиз туфайли эзилди.

Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди,

Унинг яралари бизга шифо берди.

6Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик,

Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик.

Ҳаммамизнинг айбларимизни

Эгамиз унинг зиммасига юклади.

7У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди,

Аммо миқ этмади, оғзини очмади.

Бўғизланишга олиб борилган қўзидай,

Жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай

У миқ этмади, оғзини очмади.

8Ҳукм билан, куч билан[277] олиб кетилди.

Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?[278]

Тириклар юртидан у улоқтирилди,

Халқимизнинг[279] гуноҳи туфайли унга зарба тушди.

9Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам,

Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам,

Унга ёвузлар қатори қабр берилганди,

Аммо ўлимда у бойлар ёнига қўйилди.

10Эгамиз уни эзишни, азоблашни маъқул кўрди.

Агар у ўзини гуноҳ учун қурбонлик қилса,

Ўз наслини кўриб, узоқ умр кўради.

У орқали Эгамизнинг хоҳиши бажо бўлади.

11Чеккан азобларининг натижасини кўриб[280],

У мамнун бўлади.

Менинг солиҳ қулим ўз билими туфайли

Кўпчиликни оқлаб, уларнинг айбини ўзига олади.

12Шу боис буюклар қаторида унга улуш бераман[281],

У кучлилар билан ўлжаларни бўлишади.

Ахир, у ўзини ўлимга тутиб берди,

Гуноҳкорлар қаторида саналди.

Кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди,

Гуноҳкорлар учун васийлик қилди.

 

54–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг Ўз халқига бўлган севгиси

 

1Эгам айтар: “Эй бола кўрмаган бепушт аёл!

Шодликдан ҳайқир!

Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!

Севинчдан ҳайқир!

Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари

Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади.

2Чодиринг жойини кенгайтиргин,

Чодиринг пардаларини кенг чўздиргин!

Ҳеч нарсани аяма!

Арқонларингни узун ташлагин,

Қозиқларингни маҳкам қоққин!

3Ахир, мулкинг ўнгу сўлга кенгайиб кетади.

Авлодинг халқларни мулк қилиб олади,

Улар ташландиқ шаҳарларни тўлдиради.

4Қўрқма, уятга қолмайсан,

Уялма, шарманда бўлмайсан!

Ахир, сен ёшлигингдаги шармандаликни унутасан,

Бевалигингдаги шармандаликни бошқа эсламайсан.

5Зотан, Мен, Яратувчинг, сенинг эринг бўламан.

Менинг номим Сарвари Оламдир!

Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси, Қутқарувчингман,

Мен бутун ер юзининг Худоси, деб аталаман.

6Эй Исроил! Сен ташлаб кетилган,

Руҳи азобланган аёлдайсан.

Рад этилган, ёш хотиндайсан.

Аммо Мен, Эганг, сени чақириб оламан,

— демоқда Худойинг. —

7Қисқа вақтга Мен сени тарк этгандим,

Буюк шафқат ила сени қайтариб оламан.

8Қаттиқ ғазабда сендан бир лаҳзага юз ўгиргандим,

Энди туганмас меҳр билан сенга раҳм қиламан,

— демоқда Қутқарувчинг — Эгамиз. —

9Ҳа, Мен учун бу Нуҳ даври кабидир.

Энди ер юзини Нуҳ тўфони каби,

Ҳеч қачон сув босмайди, деб онт ичганман.

Худди шундай қилиб, яна онт ичаман:

‘Ҳеч қачон сендан ғазабланмайман,

Сенга жаҳл қилмайман!’

10Тоғлар ўрнидан қўзғалса ҳам,

Тепаликлар тебранса ҳам,

Менинг содиқ севгим сендан кетмайди,

Менинг тинчлик аҳдим ўзгармайди,

— демоқда сени севгувчи — Эгамиз. —

 

Бўлажак Қуддус

 

11Эй мазлум шаҳар!

Бўронларда қолдинг, аммо ҳеч ким сени юпатмади!

Мана, Мен фируза тошлар ишлатиб, сени қайта қураман.

Зангори ёқут тошлардан сенга пойдевор қўяман.

12Минораларингни ёқутлардан қураман,

Дарвозаларингни гавҳарлардан қиламан,

Барча деворларингни қимматбаҳо тошлардан қураман.

13Ҳамма болаларингга Мен, Эганг, таълим бераман,

Фарзандларингнинг тинчлиги буюк бўлади.

14Мен сени душманларингдан халос қилганимда

Сен бехатар бўласан.

Зулм сендан узоқда бўлади,

Ҳалокатдан қўрқмайсан,

Чунки у сенга яқинлашмайди.

15Агар кимдир сенга ҳужум қилса,

Билгинки, уни Мен қилмаган бўламан.

Сенга ҳужум қилган ҳар ким мағлуб бўлади.

16Темирчига қара!

У тошкўмир чўғини пуфлайди,

Иши учун асбобларини ясайди.

Уни Мен яратганман.

Вайрон қилсин, деб

Босқинчини ҳам Мен яратдим.

17Сенга қарши ясалган

Ҳеч қандай қурол ғалаба қилмайди.

Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг

Даъволарини сен йўққа чиқарасан.

Ана шулар Менинг қулларимнинг улушидир,

Уларни Мен оқлайман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

55–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг меҳр–шафқати

 

1Эгам айтар:

“Эй ташна бўлганлар! Ҳаммангиз сувга келинглар!

Эй сиз, пулсизлар, келинг, сотиб олиб, енглар!

Келинг, шаробу сут сотиб олинг пулсиз, текинга!

2Нима учун нон бўлмаган нарсага пул сарф қиласиз?

Нима учун ишлаб топганингизни

Қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз?

Эшитинг, Менга қулоқ солинг!

Шунда аъло таомларни ейсиз,

Ёғли таомлар еб, маза қиласиз.

3Қулоқ солинг, менга келинг,

Тингланг, шунда яшайсиз.

Довудга ваъда берган содиқ севгим ҳақи

Сиз билан абадий аҳд тузаман.

4Мана Мен Довудни халқларга гувоҳ қилдим,

Уни халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси қилдим.

5Ўзингиз танимаган халқларни чақирасиз,

Сизни танимаган халқлар олдингизга келади.

Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси —

Эгангиз Худони деб

Бу халқлар келади,

Зотан, Мен сизни улуғворликка буркаганман.”

6Эгангиз ёнингизда экан, Унга интилинг,

У яқинингизда экан, Уни чақиринг!

7Бадкирдор йўлидан қайтсин,

Гуноҳкор ниятидан қайтсин,

Улар Эгамизга қайтсин,

Эгамиз шафқат кўрсатади,

Улар Худойимизга қайтсин,

Унинг юраги кечиримга бой.

8Эгамиз шундай демоқда:

“Сизларнинг фикрингиз Меники эмас,

Менинг йўлларим сизларники эмас.

9Осмон ердан қанчалик баланд бўлса,

Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам,

Сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан

Шунчалик баланддир.

10Осмондан қор, ёмғир ёғади.

Улар осмонга қайтмай, ерни суғоради,

Токи ер ўсимлик ўстирсин,

Эккани дон, егани нон берсин.

11Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади,

Менга бўм–бўш қайтиб келмайди.

Менинг хоҳиш–иродамни ўша сўз бажаради,

Қайси ниятда юборсам,

Ўшани бажо қилади.

12Ҳа, сиз хурсанд бўлиб борасиз,

Соғ–омон қайтиб келасиз.

Олдингизда тоғлар, тепаликлар

Севинч ила ҳайқиради,

Даладаги ҳамма дарахтлар қарсак чалади.

13Тиканзорлар ўрнига сарв дарахтлари ўсади,

Газанда ўт ўрнига мирта буталар ўсади.

Шундай қилиб, булар Мен, Эгангга шараф бўлади.

Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади.”

 

56–БОБ - ИШАЁ

 

Ҳамма халқлар Худонинг халқига қўшилади

 

1Эгамиз шундай айтмоқда:

“Адолатни ҳимоя қилинг,

Тўғри ишларни қилинг.

Зотан, нажотим яқинда келади,

Адолатим тез орада зоҳир бўлади.

2Шаббат кунини таҳқирламай,

Унга риоя қиладиган инсон бахтлидир!

Ҳар қандай ёвузликдан қўлини тийиб,

Барқарор бўлган инсон бахтлидир!”

3Бегона халқдан бўла туриб,

Ўзини Эгамизга бағишлаган одам:

“Эгамиз мени албатта Ўз халқидан ажратади”, деб айтмасин.

Бичилган эркак ҳам:

“Мен қуриган дарахтман”, деб айтмасин.

4Зотан, Эгамиз ўша эркакларга шундай айтмоқда:

“Шаббат кунига риоя қилинг.

Мени мамнун қиладиганларни танланг.

Менинг аҳдимга содиқ бўлинг.

5Шунда сизларга уйимда

Ўғилу қизларимникидан ҳам кўра,

Яхшироқ ном, хотира бераман.

Бу ном йўқолмайдиган, абадий бир ном бўлади.”

6Эгамизни севиб, хизмат қиладиган,

Шаббат кунига риоя этадиган,

Эгамизнинг аҳдига содиқ бўлган,

Бегона халқдан бўлиб туриб,

Ўзини Эгамизга бағишлаганларга

Эгамиз шундай демоқда:

7“Мен сизларни муқаддас тоғимга[282] олиб келаман.

Маъбадимда сизларни мамнун қиламан.

Куйдириладиган қурбонликларуназрларингиз

Қурбонгоҳимда қабул бўлади.

Менинг уйим, барча халқларнинг Ибодат уйи, деб аталади.”

8Тарқалиб кетган Исроил халқини йиғадиган

Эгамиз Раббий айтмоқда:

“Уйимда йиғилганлар ёнига

Мен яна бошқаларни йиғиб келаман.”

 

Исроил халқининг йўлбошчилари ҳукм қилинади

 

9Эй даштдаги ҳамма ҳайвонлар,

Эй ўрмондаги барча ҳайвонлар!

Келинглар, халқимни еб битиринглар!

10Исроилнинг соқчилари кўрдир!

Уларнинг ҳаммаси идроксиз,

Вовилламайдиган тилсиз итлар кабидир.

Ётиб олиб, туш кўрадилар,

Улар уйқуни яхши кўрадилар.

11Улар тўйганини билмаган

Очкўз итларга ўхшар,

Бу чўпонлар идроксиз!

Ўз фойдасини кўзлаб,

Ҳар бири ўз йўлидан кетди.

12Улар шундай дейди:

“Қани, келинглар, шароб ичайлик,

Ичкиликка роса тўяйлик.

Эрта ҳам бугун каби бўлади,

Ҳатто ундан ҳам яхшироқ бўлади.”

 

57–БОБ - ИШАЁ

 

Исроил халқининг бутпарастлиги ҳукм қилинади

 

1Эгам айтар: “Солиҳ одамлар ўлиб кетяпти,

Ҳеч ким бу ҳақда фикр юритмайди.

Тақводорлар йўқ бўляпти.

Ёвузликдан қутқарилсин, деб

Солиҳлар оламдан ўтади.

Ҳеч ким бу ҳақда ўйлаб кўрмайди.

2Солиҳ инсонлар тинчликка эришади,

Тўғри юрганлар ўлимда ҳам ором топади.

3Сизлар эса, эй фолбиннинг ўғиллари,

Яқинроқ келинг!

Бу ёққа келинг, эй зинокор, фоҳишалар уруғи!

4Хўш, сизлар кимнинг устидан куляпсиз?

Кимга қарши оғиз очяпсиз?

Кимга қараб тилингизни чиқаряпсиз?

Ахир, итоатсизларнинг болаларисиз–ку!

Ёлғончининг уруғидан келиб чиққансизлар–ку!

Шундай эмасми?!

5Ҳар бир ям–яшил дарахт остида[283]

Шаҳват билан гуноҳга берилдингиз![284]

Дарё бўйларида, қоялар ковагида

Ўз фарзандларингизни қурбонлик қилдингиз!

6Сизлар севган бутлар дарёнинг силлиқ тошлари орасидадир!

Ҳа, ўша бутларга сизлар кўнгил қўйгансиз!

Ана ўшаларга ичимлик назрлари бердингиз,

Уларга дон назрларини атадингиз.

Хўш, булар Мени қондирсинми?!

7Баланд, буюк тоғда ётоқ қурасиз,

Қурбонлик келтирай, деб ўша ерга чиқасиз.

8Эшикларингиз орқасига,

Эшикларингизнинг кесакиси[285] ортига

Жирканч тамғаларингизни қўйдингиз.

Ҳа, Мендан юз ўгирдингиз,

Яланғоч бўлиб ётоғингизга кирдингиз,

Ўйнашларингиз билан аҳд туздингиз,

Улар билан ётишни жуда ёқтириб қолдингиз.

Уларнинг яланғоч баданидан кўз узмадингиз.

9Зайтун мойи билан кўпгина хушбўй атирлар олиб,

Ўз шоҳингизга[286] ҳадялар қилдингиз.

Узоқларга, ҳатто ўликлар диёрига[287]

Элчиларингизни юбордингиз.

10У ёқдан–бу ёққа юравериб, толиқдингиз,

Аммо шунда ҳам умидингизни узмадингиз.

Қайтадан куч тикладингиз,

Шу боис ҳеч заифлашмадингиз.

11Ким сизларни ваҳимага солди?

Ким сизларни шунчалик қўрқитди?

Ёлғон гапирдингиз. Мени эсламадингиз!

Мен ҳақимда ўйлаб ҳам кўрмадингиз!

Узоқ сукут сақлаганим сабабли

Мендан қўрқмай қўйдингиз!

12Мана энди, ўзингизча тўғри, деб билган

Ўша ишларингизни очиб ташлайман.

Улар сизга битта ҳам фойда келтирмайди.

13Ёрдам сўраб, фарёд қилганингизда

Атрофингиздаги бутлар сизларни қутқарсин!

Уларнинг ҳаммасини шамол супуриб кетади,

Шабада уларни учириб кетади.

Мендан паноҳ топганлар эса юртни мулк қилиб олади,

Улар Менинг муқаддас тоғимга[288] эгалик қилади.”

14Эгам шундай айтмоқда:

“Тупроқ йиғиб, йўлни тайёрланг,

Халқим йўлидаги тўсиқларни олиб ташланг.”

 

Худо, мадад ва шифо бераман, деб ваъда қилади

 

15Юксак, юқори бўлган, абадий яшайдиган Эгамиз,

Номи муқаддас Эгамиз шундай айтмоқда:

“Мен юксакда, муқаддас масканда яшайман.

Камтарлар руҳини қайта тиклай, деб

Итоаткорлар қалбини жонлантирай, деб

Руҳи камтар, итоаткор одамлар билан биргаман.

16Ахир, Мен то абад даъволашмайман,

Абадий қаҳр–ғазабда бўлмайман.

Акс ҳолда Мен яратган тирик жонзот,

Инсон зоти олдимда тура олмасди.

17Уларнинг гуноҳу ҳасадгўйлиги туфайли

Ғазабланиб, уларни жазоладим.

Қаҳр билан улардан юз ўгирдим,

Аммо барибир истаган йўлларидан кетдилар.

18Уларнинг юрган йўлларини кўрдим,

Майли, энди шифо бериб, йўл кўрсатаман,

Уларга ҳам, аза тутаётганларга ҳам

Ўзим тасалли бераман.

19Уларнинг тилларини мадҳияга тўлдираман.

Узоғу яқиндагиларга тинчлик бўлсин!

— демоқда Эгамиз. —

Мен уларга шифо бераман.

20Фосиқлар эса тўлқинланган денгиздайдир.

Ҳа, улар тинч тура олмайдиган денгизга ўхшайди.

Ўша денгизнинг сувлари лой, балчиқ келтиради.”

21Худойим шундай дейди:

“Ёмонларга тинчлик йўқ.”

 

58–БОБ - ИШАЁ

 

Ҳақиқий рўза

 

1Эгам айтар:

“Ўзингни тутмай, қаттиқ ҳайқиргин,

Карнайга ўхшаб, овозингни баланд кўтар.

Халқимга итоатсизлигини айтгин,

Ёқуб хонадонига гуноҳкорлигини кўрсат.

2Худди тўғри йўлдан юрган халққа ўхшаб,

Улар ҳар кун Менга интилгандай бўлади.

Худосининг амрларини унутмаган халқдай,

Йўлларимни билмоқ истайди.

Мендан одил ҳукм сўрайди,

Мен, Худога яқинлашишни истаганга ўхшайди.

3Эй халқим, сизлар Менга:

‘Рўза тутяпмиз–ку, Сен кўрмаяпсан,

Сенга итоат қиляпмиз–ку, нега билмайсан?!’ деб айтасизлар.

Ахир, рўза тутган кунингизда хоҳлаганингизни қиляпсиз,

Ишчиларингиздан оғир меҳнат талаб этяпсиз.

4Мана, рўза тутсангиз ҳам

Жанжал, ғавғо қилаверасиз.

Зўравонлик билан қўл кўтараверасиз.

Бундай рўзаларингиз билан

Овозингизни самоларга етказа олмайсиз!

5Рўза тутганингизда ўзингизни қийнайсиз,

Эгилган қамишдай бошингизни эгиб юрасиз,

Қанор ёйиб, кул сочиб устига ётасиз[289].

Шуни рўза деб атайсизми?!

Мана шулар Мен, Эгангизни мамнун қилади, деб ўйлайсизми?!

6Мен истаган рўза қуйидагидайдир:

Адолатсизлик кишанларини парчаланг,

Бўйинтуруқ арқонларини узиб ташланг,

Мазлумларни озодликка чиқаринг,

Ҳар қандай бўйинтуруқни синдиринг!

7Овқатингизни очлар билан баҳам кўринг,

Уйсизларга уйингиздан жой беринг.

Яланғочни кўрганингизда кийим беринг,

Яқинларингиздан ёрдамингизни аяманг.”

8Шунда нурингиз тонг каби порлайди,

Ўзингиз тезда шифо топасиз.

Эгамиз доим олдингизда юриб, сизларни асрайди,

Ортингиздан Унинг улуғворлиги сизни қўриқлайди.

9Шунда ёрдам сўраганингизда, Эгамиз жавоб беради,

Фарёд қилганингизда, “Шу ердаман”, деб айтади.

Орангиздан бўйинтуруқни йўқ қилганингизда,

Ёвуз гаплару қўл кўтаришларни бас қилганингизда,

10Очлар учун жон куйдирганингизда,

Мазлумларнинг жонига оро кирганингизда,

Нурингиз зулматда ҳам порлайди,

Энг қоронғи даврингиз ёп–ёруғ кундуздай бўлади.

11Эгамиз доимо сизга йўл кўрсатади,

Қақраган ерларда ҳам жонингизга озиқ беради,

Шунда сиз суғорилган боғдай,

Сувлари қуримас булоқдай бўласиз.

12Қадимги вайроналарингиз қайта тикланади,

Кўҳна пойдеворларни қайта кўтарасиз.

Шунда сизларни: “Бузуқ деворни Тикловчи,

Кўчаларни қайта Қурувчи”, деб чақиришади.

 

Шаббат кунига риоя қилганнинг мукофоти

 

13Шаббат кунини оёқ ости қилманг,

Шу муқаддас кунда хоҳишингизни қилишдан ўзингизни тийинг.

Шаббат кунини завқли, деб билинг.

Эгамизнинг муқаддас кунини шарафли, деб билинг.

Бу кунда ўзингиз истаган йўлдан юрманг,

Хоҳлаганларингизни қилаверманг,

Истаган гапларингизни гапираверманг.

14Шаббат кунига риоя қилсангиз,

Эгамиз туфайли шодлик топасиз,

У сизларни юртнинг баланд чўққиларига олиб чиқади,

Отангиз Ёқубнинг мулкига тўйдиради.

Эгамизнинг каломи шудир!

 

59–БОБ - ИШАЁ

 

Ишаё халқнинг гуноҳларини ҳукм қилади

 

1Нима, Эгамизнинг қўли қисқами? Қутқаролмаса!

Қулоғи оғирми? Эшитмай қолса!

2Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди,

Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди,

Ибодатларингизга қулоқ солмайди.

3Ана, қўлларингиз қонга булғанган,

Бармоқларингиз гуноҳга ботган,

Оғзингиздан ёлғон чиқаверади,

Тилингиз ҳақсизликни гапиради.

4Ҳеч кимса адолат бўлсин, деб айтмайди,

Ҳеч кимса ҳақиқат учун курашмайди.

Беҳуда гаплардан умид қилиб, ёлғонлар айтади,

Бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғади.

5Сизлар илоннинг тухумини босасиз,

Ўргимчак уясини тўқийсиз,

Сизларнинг тухумингизни еганлар ўлади.

Агар битта тухумини босиб олсалар,

Ундан заҳарли илон ўрмалаб чиқади.

6Тўқиган уянгиздан кийим чиқмайди,

Сиз тўқиганлар билан ҳеч ким устини ёпа олмайди.

Сизларнинг ишингиз ярамас ишлардир,

Сизларнинг қўлларингиз зўравонликка тўла.

7Фосиқларнинг оёғи ёмонликка шошилади,

Улар беҳуда қон тўкишга жуда уста.

Уларнинг фикри–зикри гуноҳ билан банд,

Қадамидан ҳалокату вайрона келади.

8Улар тинчлик йўлларини билмайди,

Юрган йўлида адолат йўқ.

Ўзларига эгри йўллар қилдилар,

Бу йўлдан юрганлар тинчлик билмайди.

 

Халқ гуноҳларини тан олади

 

9Шу боис адолат биздан узоқ,

Худо бизни қутқармайди.

Нур излаймиз, аммо фақатгина зулмат бор,

Ёруғлик излаймиз, аммо зулматда юрамиз.

10Кўрлардай деворни ушлаб юрамиз,

Кўзи кўрмайдиганлардай пайпасланамиз.

Куппа–кундузи тундагидай қоқиламиз,

Тириклар орасида ўликлардаймиз.

11Ҳаммамиз айиқ каби бўкиряпмиз,

Ҳаммамиз мусича каби нола қиляпмиз.

Адолат кутяпмиз, аммо у йўқдир,

Нажот кутяпмиз, аммо у биздан узоқда.

12Ҳа, Худо олдида кўп итоатсизлик қилдик,

Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик бериб турибди.

Итоатсизлигимиз кўз ўнгимизда,

Айбларимизни ўзимиз биламиз.

13Итоатсизлик қилдик, Эгамизни алдадик,

Худойимиздан юз ўгирдик,

Зулм қўзғадик, хиёнат қилдик,

Юракда ёлғон гаплар тўқиб гапирдик.

14Адолат чекинди, солиҳлик узоққа кетди.

Ахир, ҳақиқат қувиб чиқарилди,

Ҳаққонийлик орамизга кира олмайди.

15Ҳеч қаерда ҳақиқат йўқ,

Ёмонликдан чекинган ҳалокатга йўлиқди.

Эгамиз буларни кўриб,

Адолат йўқлигидан озор чекди.

16Мазлумларга ёрдам берадиган

Ҳеч кимса йўқлигини кўрди,

Ҳеч ким йўқлигидан У ҳайратда қолди.

Шунда Эгамиз Ўз қўли билан қутқаришга киришди,

Худонинг Ўзи уларга нажот берди.

17У адолатни совутдай кийиб олди,

Нажот дубулғасини бошига кийди,

Эгамиз қасосни либосдай кийиб олди,

Рашкни чопон қилиб ўраб олди.

18Ҳар кимга қилганига яраша жавоб беради,

Ўз душманларига ғазаб сочади,

Ғанимларидан қасос олади,

Денгиз ортидаги юртларга

Қилганларига яраша тўлиқ қайтаради.

19Ғарбда Эгамизнинг номидан қўрқадилар,

Шарқда Унинг шуҳратидан қўрқувга тушадилар.

Мана, Эгамиз дарёдай келади.

Ўзининг Руҳи даъват этаётган

Кучли дарёдай келади.

20Эгамиз шундай айтмоқда:

“Қутқарувчи Қуддусга[290] келади,

Ёқуб наслининг гуноҳдан қайтганларига келади.”

21Эгамиз шундай дейди: “Сиз билан қиладиган аҳдим шудир: Сизга берган Руҳим, оғзингизга солган сўзларим сизларни тарк этмайди. Ҳозирдан бошлаб то абад сизларни, болаларингизни, набираларингизни ҳеч тарк этмайди.”

 

60–БОБ - ИШАЁ

 

Қуддуснинг келажакдаги улуғворлиги

 

1Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди,

Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди.

2Мана, ер юзини зулмат қоплади,

Халқларни қуюқ зулмат босди.

Аммо Эгамиз сенга келади,

Сен узра Унинг улуғворлиги порлайди.

3Халқлар сенинг нурингга келади,

Тонгги ёруғлигингга шоҳлар келади.

4Бошингни кўтариб, атрофингга боқ!

Ҳаммаси тўпланиб, сенга келмоқда.

Ўғилларингни узоқлардан олиб келадилар,

Қизларингни чақалоқлардай қўлларда кўтариб келадилар.

5Ўшанда шуларни кўриб, нур сочасан,

Юрагинг ҳаприқиб, қинидан чиққудай бўлади.

Зотан, денгиз орқали келадиган бойликлар сенга насиб этади,

Халқларнинг бойлиги сенга келади.

6Юртинг туя сурувларига тўлиб кетади,

Мидиён, Эфахнинг[291] бўталоқлари билан тўлади.

Уларнинг ҳаммаси Шава юртидан[292] келади,

Олтину тутатқилар олиб келади.

Улар Эгамизга мадҳлар айтади.

7Кедарнинг ҳамма қўй сурувлари сенга келади,

Наваётнинг[293] қўчқорлари сенга хизмат қилади.

Эгамизнинг қурбонгоҳида

Улар қурбонлик, деб қабул қилинади.

Эгамиз Ўз уйини янада улуғвор қилади.

8Булутлар каби учаётган нима у?

Инларига учаётган каптарларга ўхшаш нима у?

9Шубҳасиз, денгиз ортидаги юртлар

Эгамизга мунтазир бўлади.

Исроил халқининг муқаддас Худоси —

Эгангиз Худонинг шарафига

Таршиш[294] кемалари бошчилигида

Болаларингни узоқдан олиб келишади,

Олтину кумушлари билан бирга олиб келишади.

Зотан, Эгамиз сени улуғворлик билан қоплаган.

10Эгамиз Қуддусга шундай дейди:

“Бегоналар деворларингни тузатади,

Шоҳлари сенга хизмат қилади.

Ғазабланганимда сенга жазо берган бўлсам ҳам,

Энди марҳамат қилиб, сенга шафқат қиламан.

11Дарвозаларинг доимо очиқ бўлади,

Улар кечаю кундуз ёпилмайди.

Шунда халқлар сенга бойликларини олиб келади,

Уларни ўз шоҳлари бошлаб келади.

12Сенга хизмат қилмаган элату шоҳлик йўқ бўлади,

Ҳа, у халқлар бутунлай вайронага айланади.

13Лубноннинг фахрланган дарахтлари сенга келади.

Сарв, чинор, садр ёғочлари

Муқаддас масканимни безатиш учун келтирилади.

Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман.

14Сенга зулм қилганларнинг ўғиллари келиб,

Сенга таъзим қиладилар.

Сендан нафратланганларнинг ҳаммаси

Оёқларингга йиқилади.

Улар сени: ‘Эгамизнинг шаҳри,

Исроил халқининг муқаддас Худосининг шаҳри — Сион’, деб аташади.

15Илгари сен ташлаб кетилган,

Ҳамма нафрат этган,

Бирор кимса ўтмайдиган жой эдинг.

Энди Мен сени абадий улуғвор қиламан,

Жамики наслларнинг шодлиги қиламан.

16Элатлар, шоҳлар сени она каби эмизадилар,

Ўшанда Мен, Эганг, сенинг нажоткоринг эканлигимни билиб оласан,

Ёқуб наслининг қудратли Худоси —

Қутқарувчинг Мен эканлигимни англайсан.

17Сенга бронза ўрнига олтин,

Темир ўрнига кумуш,

Ёғоч ўрнига бронза,

Тош ўрнига темир келтираман.

Тинчлик сенинг ҳакаминг,

Солиҳлик ҳукмдоринг бўлади.

18Юртингда энди зўравонлик товуши эшитилмайди,

Чегаранг ичида вайронагарчилик, ҳалокат бўлмайди.

Деворларингга, Нажот, дея ном қўясан,

Дарвозаларингга, Шараф, дея ном берасан.

 

Худонинг Ўзи Қуддуснинг улуғворлигидир

 

19Энди кундузи нурингни қуёш бермайди,

Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди.

Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан,

Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.

20Қуёшинг ҳеч қачон ботмайди,

Ойинг энди бошқа яширинмайди.

Ҳа, Мен сенинг то абад нуринг бўламан,

Қайғули кунларинг тамом бўлади.

21Халқингнинг ҳаммаси солиҳ бўлади,

Улар юртни то абад мулк қилиб олади.

Ўзим ўтқазган ниҳолдир улар,

Менга шуҳрат келтирсин, деб яратган

Қўлларимнинг ижоди улар.

22Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади,

Энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади.

Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо қилдираман.”

 

61–БОБ - ИШАЁ

 

Нажот ҳақида хушхабар

 

1Эгамиз Раббийнинг Руҳи мени қамраб олган,

Чунки У мени танлаган.

“Йўқсилларга хушхабар етказсин,

Хаста қалбларга шифо берсин,

Зиндондагиларга, ‘қутуласиз’, десин,

Асирларга озодлик эълон қилсин”, деб

Эгам мени юборди.

2“Эгамнинг марҳамат йилини,

Худонинг қасос оладиган кунини эълон қилсин,

Азадорларнинг ҳаммасини овутсин”, деб

Эгам мени юборди.

3“Қуддусда[295] нола қилаётганларга тасалли берсин,

Уларга кул ўрнига зеб–зийнат,

Аза ўрнига шодлик мойи,

Маъюс руҳ ўрнига мадҳия берсин”, деб

Эгам мени юборди.

Энди уларни, “Эгамиз Ўз шуҳрати учун эккан кўчатлар,

Солиҳлик эманлари”, деб аташади.

4Энди улар қадимги вайроналарни қайта тиклайди,

Азалий вайрона ерларни яна ўнглайди,

Насллар оша вайрон ётган шаҳарларни қайта қуради.

5Эй халқим, бегоналар келиб, мол–қўйларингизни боқади,

Ёт халқ ўғиллари деҳқонингиз, боғбонингиз бўлади.

6Сизларни эса Эгамизнинг руҳонийлари, деб аташади,

Худойимизнинг хизматкорлари, деган ном оласизлар.

Элатларнинг бойликлари сизларники бўлади,

Ўзга халқлардан келган мол–мулк билан фахрланасиз.

7Уят ўрнига сизлар икки ҳисса улуш оласиз.

Шарманда бўлмайсиз, олган мулкингиздан шодланасиз.

Ҳа, ўз юртингизда икки ҳисса улуш оласиз,

Абадий шодликка эга бўласиз.

8Эгам айтар: “Мен, Эгангиз, адолатни севаман,

Талончилик, ҳақсизликдан нафратланаман.

Садоқат билан халқимга мукофотини бераман.

Улар билан абадий аҳд тузаман.

9Уларнинг насли халқлар орасида машҳур бўлади,

Уларнинг зурриёти эллар орасида машҳур бўлади,

Кўрганларнинг ҳаммаси уларни,

‘Эгамиз барака берган халқ’, деб тан олади.”

10Эгам туфайли мен буюк шодлик топаман,

Худойим деб қалбим жўш уради.

Зотан, У мени нажот либоси билан ўради,

Зафар кийимини менга кийдирди.

Мен тож кийган куёвга ўхшайман,

Зеб–зийнат билан безанган келиндайман.

11Ер ўсимликни етиштиргани каби,

Боғ экилганларни ўстиргани сингари,

Эгамиз Раббий барча халқлар кўз ўнгида

Солиҳлик ва мадҳияларни етиштиради.

 

62–БОБ - ИШАЁ

 

Қуддуснинг янги номи

 

1Қуддус ҳақи, мен сукут сақламайман,

Сион ҳақи, мен жим турмайман.

Унинг зафари тонг каби нур сочмагунча,

Унинг нажоти машъала каби ёнмагунча,

Мен асло жим турмайман.

2Эй Қуддус халқи, халқлар сизнинг ғалабангизни,

Ҳар бир шоҳ шуҳратингизни кўради.

Эгамиз Ўз оғзи билан берган

Янги ном билан чақириласиз.

3Сизлар Эгамизнинг қўлида гўзаллик тиллақоши,

Худойингизнинг қўлида шоҳлик тожи бўласиз.

4Энди сизни: “Тарк этилган”, деб айтмаслар,

Сизнинг юртингизни: “Ташландиқ”, деб атамаслар.

Энди сизга: “Ундан мамнунман”, деган ном берилади,

Юртингизни эса: “Оилали”, деб айтишади.

Зотан, Эгангиз сиздан мамнун бўлади,

Юртингиз ҳам оилали бўлади.

5Йигит қиз билан турмуш қургандай,

Ўғилларингиз юртингизга боғланиб,

Унга эгалик қилади.

Куёв келин билан қандай шод бўлса,

Худойингиз сиз билан шундай севинади.

6Эй Қуддус, деворларингга соқчилар қўйдим,

Улар кечаю кундуз ибодатни бас қилмайди.

Эй Эгамизга ибодат қиладиганлар!

Сизлар ҳам ҳеч жим турманг.

7Қуддусни барқарор қилгунга қадар,

Уни ер юзининг фахри қилмагунга қадар,

Эгамизга ҳеч тинчлик берманглар.

8Эгамиз ўнг қўлини кўтариб,

Ўз қудрати билан онт ичди:

“Ҳеч қачон душманларингизга

Донингизни емиш қилиб бермайман.

Меҳнатингиз сингган шаробни

Бегоналар ичмайди.

9Ҳа, дон йиққанларнинг ўзи дон ейди–да,

Мен, Эгасига ҳамду сано айтади.

Узумни йиғиб–терганлар

Шаробни муқаддас ҳовлимда ичади.”

10Эй Қуддус аҳолиси, дарвозалардан чиқинг!

Қайтаётган халққа йўлни тайёрланг!

Тупроқ йиғиб йўл қилинг,

Тошларни териб ташланг,

Халқлар учун байроқ тикинг!

11Мана, Эгамиз ернинг тўрт четига эълон қилмоқда:

“Гўзал Қуддусга[296] шундай деб айтинг:

‘Қара, нажоткоринг келмоқда,

Ана, Унинг Ўзи тақдирлайди,

Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.’”

12Эй Қуддус, сенинг халқингни: “Муқаддас”, деб айтадилар,

“Эгамиз қутқарган халқ”, деб айтадилар.

Сени: “Эгамиз излаб топган, тарк этилмаган шаҳар”, деб атайдилар.

 

63–БОБ - ИШАЁ

 

Худонинг қасоси ва нажоти

 

1Эдомдан келаётган ким?

Қизил либос кийиб,

Бозрах шаҳридан[297] келаётган ким?

Кўзни қамаштирувчи кийимлар кийиб,

Катта куч билан қадам босган ким?

“Бу Мен, Эгангизман! Қутқариш кучига эгаман.

Ғалабани эълон қилишга келмоқдаман.”

2Нечун кийимларинг қип–қизил?

Нима учун чуқурда узум эзган одамга[298] ўхшайсан?

3“Чуқурда бир ўзим эздим,

Ёнимда халқлардан биронтаси йўқ эди.

Ғазаб билан уларни эздим,

Қаҳр билан уларни оёқ ости қилдим.

Уларнинг қони кийимларимга сачради,

Бутун усти бошимни ифлос қилди.

4Ҳа, Мен қасос кунини тайинлаб қўйган эдим,

Халқимни қутқарадиган кун етиб келди.

5Қарадим, ёрдам берадиган бирор одам йўқ эди,

Қўллаб–қувватлайдиган ҳеч кимса йўқлигидан ҳайратда қолдим.

Шунда Ўзимнинг қўлим ёрдамга келди,

Ўз ғазабим Менга мадад бўлди.

6Ғазаб билан халқларни тепкиладим,

Жаҳл билан уларни эзиб ташладим.

Уларнинг қонини ерга тўкдим.”

 

Худонинг Исроил халқига қилган яхшилиги

 

7Эгамизнинг содиқ севгиси ҳақида айтаман,

Қилган ишлари учун Эгамизга ҳамдлар айтаман.

Ўзининг меҳр–шафқати, буюк севгиси билан

Исроил хонадонига қилган буюк эзгуликлари ҳақида айтаман.

8Эгамиз шундай деди:

“Ҳа, улар Менинг халқимдир,

Бевафолик қилмайдиган фарзандлардир.”

Шундай қилиб, Худо уларнинг нажоткори бўлди.

9Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди,

Эгамизнинг фариштаси уларни қутқарди.

Севгиси, шафқати туфайли Унинг Ўзи уларни қутқарди.

Эгамиз уларни кўтариб, азалдан опичлаб юрарди.

10Аммо улар исён қилдилар,

Эгамизнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар.

Шунинг учун Эгамиз уларнинг душмани бўлди.

Эгамизнинг Ўзи уларга қарши курашди.

11Шунда халқ ўтган кунларни,

Мусонинг даврини эслаб, шундай деди:

“Чўпонлари билан бирга ота–боболаримизни денгиздан ўтказган қани?

Ўз Муқаддас Руҳини уларнинг орасига юборган қани?

12Ажойиб қудратли қўли билан

Мусонинг ўнг қўлидан тутган қани?

Ўзининг номини шарафлай, деб

Уларнинг олдидаги сувни иккига бўлган қани?”

13Эгамиз уларни денгиз тубидан олиб ўтди.

Текис жойда юрган отдай

Улар ҳеч қоқилмасдан ўтди.

14Водийга ёйилган подага ўхшатиб,

Эгамизнинг Руҳи уларга ором берди.

Ўзининг буюк номи улуғлансин, дея

Эгамиз Ўз халқига йўл кўрсатди.

 

Меҳр–шафқат ва мадад учун ибодат

 

15Эй Эгамиз, осмондан қара,

Муқаддас, улуғворликка тўла

Масканингдан боқ!

Қани энди ғайратинг, қудратинг?

Сен меҳрибонлигингни, шафқатингни

Биздан дариғ тутдинг.

16Ахир, Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!

Иброҳим бизни билмайди,

Ёқуб[299] бизни танимайди.

Сен бизнинг отамизсан!

Азалдан номинг “Қутқарувчимиз”дир.

17Эй Эгамиз, нега бизни йўлингдан адаштирасан?

Нега бизга Сендан қўрқмайдиган тош юрак бергансан?

Биз Сенинг қулларингмиз.

Бизнинг ҳақи–ҳурматимиз,

Ўзингнинг азиз халқинг ҳақи–ҳурмати

Бизга юз бургин!

18Сенинг муқаддас масканингга

Биз, азиз халқинг, фақат оз вақт эгалик қилдик.

Энди эса душманларимиз

У ерни оёқ ости қилиб ташлади[300].

19Биз аллақачон Сенга тегишли бўлмаган,

Сен устидан ҳукмрон бўлмаган халқларга ўхшаб қолдик.

 

64–БОБ - ИШАЁ

 

1Эй Эгам, қанийди самоларни ёриб, пастга тушсанг,

Тоғлар олдингда титрасайди!

2Аланга ўтинни ёндириб, сувни қайнатгандай,

Сен ҳам пастга тушиб, халқларни титрат.

Токи ғанимларинг номингни билсин.

3Биз кутмаган ажойиб ишлар қилдинг!

Пастга тушдинг, олдингда тоғлар титради!

4Ахир, Сенга умид боғлаганларни, деб

Ажойиб иш қиладиган Худо Сенсан.

Сенга ўхшаган худо ҳақида

Азалдан ҳеч ким эшитмаган,

Ҳеч бир қулоққа ҳам кирмаган.

Сенга ўхшаган худони ҳеч бир кўз кўрмаган.

5Қувонч билан тўғри йўлдан юрганларга,

Сенинг амрларингни бажарганларга

Сен пешвоз чиқасан.

Мана, Сен ғазабдасан,

Биз эса гуноҳ қилдик.

Биз азалдан гуноҳга ботганмиз,

Энди нажот топа оламизми?

6Ҳаммамиз ҳаром бўлиб қолдик,

Яхши ишларимизнинг ҳаммаси ҳайз латталари кабидир.

Япроқлар каби сўлиб боряпмиз,

Айбларимиз шамол каби бизни учириб кетяпти.

7Ҳеч ким Сенга сажда қилмайди,

Ҳеч ким, Эгамга ўзимни боғлай, демайди.

Ахир, Сен биздан юз ўгирдинг,

Бизни ўз гуноҳларимиз измига топширдинг!

8Аммо энди Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!

Биз лоймиз, Сен эса кулолсан,

Ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!

9Эй Эгамиз, бизга бунчалик ғазабингни сочаверма,

Гуноҳларимизни то абад ёдда тутма.

Қара, ахир, ҳаммамиз Сенинг халқингмиз!

10Муқаддас шаҳарларинг[301] саҳрога айланди,

Қуддус ҳам вайронага айланди,

Сион ҳам биёбон бўлиб қолди.

11Бизнинг муқаддас Маъбадимиз, фахримиз,

Ота–боболаримиз Сенга мадҳлар куйлаган жой

Энди ёниб битди.

Бизга қадрли бўлганларнинг ҳаммаси

Вайронага айланди.

12Эй Эгам! Наҳот шунда ҳам Ўзингни тутиб тураверсанг?!

Сукут сақлаб, бизни қаттиқ жазолайверсанг?!

 

65–БОБ - ИШАЁ

 

Худо ҳукмининг одиллиги

 

1Эгам айтар: “Мени сўрамаганларга кўриндим,

Мени изламаганлар топди.

Менга илтижо қилмаган бир халққа:

‘Мана Мен! Шу ердаман!’ деб айтдим.

2Итоатсиз халқни

Кун бўйи қучоқ очиб кутдим.

Ана, улар ўзлари хоҳлаган,

Тўғри бўлмаган йўллардан юради.

3Улар юзимга қараб туриб,

Жаҳлимни чиқаради.

Саждагоҳ боғларда[302] ҳеч тўхтовсиз қурбонликлар келтиради,

Ғишт қурбонгоҳларда[303] тутатқилар тутатади.

4Улар қабрлар орасида ўтириб,

Яширин жойларда арвоҳларга маслаҳат солади[304].

Улар чўчқа гўштини ейди,

Қозонларида ҳаром гўшт қайнатади.

5Улар бошқаларга шундай дейди:

‘Нарироқ тур, менга тегма,

Яна муқаддаслигим юқиб қолмасин.’

Буларнинг ҳаммаси кун бўйи ёниб турган олов кабидир.

Уларнинг тутуни бурнимни ачитади.

6Мана, ҳаммаси кўз ўнгимда ёзиб қўйилган.

Мен жим турмайман, уларни жазолайман.

Қилмишларига яраша уларга тўлиқ қайтараман.

7Уларни ўзларининг гуноҳлари учун,

Ҳамда оталарининг гуноҳлари учун жазолайман,

— демоқда Эгамиз. —

Ахир, улар тоғларда тутатқилар тутатдилар,

Тепаликларда Мени ҳақорат қилдилар.

Шу боис қилмишларига яраша

Уларга жазосини бераман.”

8Эгамиз шундай айтмоқда:

“Агар бир бош узумда ҳали шарбати бор бўлса,

Одамлар: ‘Уни ташлаб юборманг,

Ҳали фойдаси тегади’, деб айтади.

Мен ҳам Ўз қулларим ҳақи шундай қиламан,

Ўз халқимнинг ҳаммасини йўқ қилмайман.

9Тоғларимни мулк қилиб олсин, деб

Исроил[305] ва Яҳудо халқига авлод бераман.

Танлаган халқим тоғларимга эгалик қилади,

Менинг қулларим у ерда яшайди.

10Шарон текислиги қўйлар сурувлари учун яйлов бўлади,

Охор сойлиги[306] мол–қўйлар учун ўтлоқ бўлади.

Ҳа, бу ерлар Менга интилганларники бўлади.

11Аммо баъзиларингиз Мени тарк этдингиз,

Муқаддас тоғимни[307] унутдингиз!

‘Омад’ бути учун дастурхон ёздингиз,

‘Қисмат’ бути учун қадаҳларга шароб қуйдингиз!

12Шундайларни Мен қиличнинг дамига рўпара қиламан.

Ҳаммангиз тиз чўкасиз, бўғизланасиз.

Ахир, Мен чақирганимда жавоб бермадингиз,

Гапирганимда қулоқ солмадингиз.

Менинг олдимда қабиҳликлар қилдингиз,

Мен хоҳламаган нарсаларни танладингиз.”

13Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда:

“Менинг қулларим ейди, сизлар эса оч қоласиз,

Қулларим ичади, сизлар ташналикдан азоб чекасиз,

Қулларим шод–хуррам бўлади,

Сизлар эса шармандаю шармисор бўласиз.

14Мана, қалблари шодликка тўлиб,

Менинг қулларим қўшиқлар куйлайди.

Сизлар эса юрагингиздаги қайғудан дод–вой қиласиз,

Эзилган руҳингиз туфайли увиллаб йиғлайсиз.

15Танлаган халқим орасида номингиз лаънат сўзи бўлади,

Мен, Эгангиз Раббий, сизларни ўлдираман,

Ўзимнинг қулларимга эса бошқа ном бераман.

16Ким ўзига бу юртда барака тиласа,

Менинг, яъни содиқ Худонинг номи билан дуо қилади.

Юртда ким онт ичадиган бўлса,

Менинг номим билан онт ичади.

Олдинги қайғулар унутилади,

Қайғу кўз олдимдан йўқотилади.

 

Улуғвор янги ижод

 

17Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман.

Илгари бўлганлар энди эсланмайди,

Улар ҳеч қачон ёдга олинмайди.

18Яратаётган ишларим туфайли

То абад шодланинг, хурсанд бўлинг.

Мен Қуддусни шодлик қилиб,

Халқини қувонч қилиб яратяпман.

19Мен Қуддус туфайли севинаман,

Халқим Менга қувонч келтиради.

Энди Қуддусда ҳеч қачон

Йиғи, фарёд товуши эшитилмайди.

20У ерда энди гўдаклар ўлмайди,

Бирор қария ёшини яшамай ўтмайди.

Биронтаси юз ёшга кириб оламдан ўтса,

У ҳақда: ‘Эвоҳ, ёш кетди’, деб айтадилар.

Юзга етмай ўлганни лаънати экан, деб биладилар[308].

21Халқим уйлар қуриб, ўзлари ўша ерда яшайди,

Токзорлар ўтқазиб, ҳосилини ўзлари ейди.

22Энди улар қурган уйларда бошқалар яшамайди,

Эккан дарахтларининг ҳосили бошқаларга насиб бўлмайди.

Халқимнинг умри чинор умридай узоқ бўлади,

Танлаган халқим ўз қўлларининг маҳсулидан узоқ вақт баҳраманд бўлади.

23Уларнинг меҳнати беҳуда кетмайди,

Насллари бахтсизликка мубтало бўлмайди.

Улар Мен, Эгасидан барака топган халқдир,

Уларнинг авлодига ҳам Мен барака бераман.

24Менга ёлвормасларидан ҳам олдин

Халқимга жавоб бераман.

Гапираётган пайтининг ўзидаёқ

Уларга қулоқ тутаман.

25Бўри билан қўзичоқ бирга ўтлаб юради,

Шер ҳам ҳўкиз каби сомон ейди,

Илон эса тупроқ ялайди.

Муқаддас тоғимнинг бирон ерида

Ҳеч бир ёвузлигу ёмонлик қилинмайди.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

66–БОБ - ИШАЁ

 

Худо халқларни ҳукм қилади

 

1Эгамиз шундай айтмоқда:

“Осмон Менинг тахтимдир,

Ер оёғим тагидаги курсидир.

Менга қандай уй қуриб бера оласиз?!

Қайси жой Менга маскан бўла олади?!

2Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман,

Ҳа, буларнинг ҳаммаси шундай пайдо бўлган,

— демоқда Эгамиз. —

Камтар, мўмин бўлган одамга,

Каломим олдида титрайдиганга

Мен эътибор билан қарайман.

3Аммо, буқани қурбонлик қиладиган одам,

Одам ўлдирган қотил кабидир.

Қўзини қурбонлик қиладиган одам

Итнинг бўйнини синдирган одам кабидир.

Дон назри қиладиган одам

Чўчқа қонини назр қиладиган одам кабидир.

Тутатқи тутатган одам

Бутга топинадиган одам кабидир[309].

Ўшалар ўз йўлларини танладилар,

Қилган жирканч ишларидан жонлари лаззат олар.

4Мен ҳам уларни қаттиқ жазолашни танлайман.

Улар нимадан қўрқса, ўшани бошларига соламан.

Ахир, чақирганимда, ҳеч ким жавоб бермади,

Гапирганимда, ҳеч ким қулоқ солмади.

Улар Менинг олдимда қабиҳлик қилдилар,

Мени мамнун қилмайдиганларни танладилар.”

5Эй Эгамизнинг каломини эшитиб, титрайдиганлар,

Унинг сўзларига қулоқ тутинглар:

“Қардошларингиз сиздан нафратланади,

Менинг номимни деб улар сизни ҳайдаган.

Сизларни мазах қилиб, шундай деган эди:

‘Қани, Эгангиз улуғворлигини кўрсатиб,

Сизларни қутқарсин.

Хурсанд бўлганингизни кўрайлик–чи!’

Энди ўшалар шарманда бўлади.”

6Шаҳардан кучли шовқин–сурон келмоқда!

Маъбаддан бир овоз эшитилмоқда!

Бу Эгамизнинг овозидир!

У Ўзининг душманларига

Қилмишларига яраша қайтаради.

7Мана, Қуддус тўлғоқ тутмасдан олдин туғди,

Тўлғоқ тутмай туриб, бир ўғил туғди.

8Ким бундай воқеани эшитган?!

Ким бундай ҳодисани кўрган?!

Хўш, юрт бир кунда пайдо бўладими?!

Бир онда бутун бир халқ дунёга келадими?!

Қаранг, тўлғоғи тутар–тутмас

Қиз Қуддус[310] ўғиллар туғди.

9“Туғадиган пайтгача олиб келаману

Туғишга куч бермайманми?!

— демоқда Эгамиз. —

Туғишга куч бераману

Бачадонни ёпиб қўяманми?!”

— деб айтмоқда Худойингиз.

10Эй Қуддусни севадиганлар,

Қуддус билан бирга севининг,

Ҳаммангиз у билан бирга шодланинг.

Эй Қуддус учун аза тутганлар,

У билан бирга хурсанд бўлинг!

11Сиз унинг кўкрагидан эмгандай бўлиб,

Тўйиб, тасалли топасиз.

Қониб–қониб ичиб,

Унинг мўл–кўл баракасидан завқ оласиз.

12Ҳа, Эгамиз шундай айтмоқда:

“Қараб туринг, Қуддусга тинчликни дарё каби,

Элатларнинг бойлигини тошқин ирмоқ каби оқизаман.

У сизларни эмизикли боладай қўлларида кўтариб юради,

Сизларни тиззаларига ўтирғизиб, парвариш қилади.

13Боласини овутган бир она каби

Мен ҳам сизларни овутаман.

Сизлар Қуддусда тасалли топасиз.”

14Буларни кўриб, қалбингиз шодликка тўлади,

Танангиз янги майса каби ҳаёт билан тўлиқ бўлади.

Эгамиз Ўз қулларига қудратини,

Душманларига эса ғазабини кўрсатади.

15Мана, қаранг! Эгамиз олов билан келмоқда,

Унинг жанг аравалари қуюндай келмоқда.

У аёвсиз қасос олади,

Ғазаби олов каби ёнади.

16Ҳа, Эгамиз олову қилич билан

Жамики жонзотларга қарши курашади.

Унинг қўлидан кўплари ҳалок бўлади.

17Эгамиз шундай айтмоқда: “Ўзларини поклаб, бутларга бағишлаганлар, саждагоҳ боғларга[311] бориб, йўлбошчиларига эргашганлар йўқ бўлади. Чўчқа ва бошқа ҳаром, макруҳ ҳайвонларнинг гўштини ейдиганлар, уларнинг ҳаммаси биргаликда ҳалок бўлади. 18Уларнинг ишларидан, ўйларидан нафратланаман[312]. Ҳамма халқларни, элатларни йиғиш вақти келди[313]. Улар келиб, Менинг улуғворлигимни кўрадилар. 19Мен уларнинг орасида нишона кўрсатаман. Омон қолганларини қуйидаги халқлар орасига юбораман: Таршиш[314], Ливия[315] халқларига, камончилари билан машҳур бўлган Лидия[316] халқига, Тувал[317] ва Грек[318] халқларига, денгиз ортидаги Мен ҳақимда эшитмаган, Менинг улуғворлигимни кўрмаган халқларга. Улар Менинг буюклигимни ўзга халқларга билдирадилар.”

20Эгамиз шундай дейди: “Ўшанда улар барча халқлар орасидан қолган ҳамма биродарларингизни олиб келишади. Исроил халқи тоза идишда Мен, Эгангизга назр олиб келади. Биродарларингизни ҳам худди шундай қилиб, олиб келишади. Уларни отларда, жанг араваларида, от араваларда, хачирларда, туяларда муқаддас тоғим[319] — Қуддусга назр сифатида олиб келишади.” 21Эгамиз шундай дейди: “Уларнинг орасидан баъзиларини руҳоний, баъзиларини эса леви қилиб тайинлайман.”

22Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен яратадиган янги ер ва янги осмон кўз олдимда қанча турадиган бўлса, авлодларингиз ҳам, номингиз ҳам шунча туради. 23Ҳар янги ой байрамида, ҳар Шаббат кунида жамики инсонлар ҳузуримга келиб, Менга сажда қиладилар, — демоқда Эгамиз. 24— Улар ташқарига чиққанларида Менга қарши чиққанларнинг жасадларини кўрадилар. Ўша жасадларни ейдиган қуртлар ўлмайди, уларни ёндирадиган олов ҳеч қачон ўчмайди. Ҳаммаси барча инсон зотига жирканч бўлади.”

 


[1] 1:1 - Яҳудо — Яҳудо қабиласи Исроилнинг жанубий қисмидаги энг катта қабила эди. Шоҳ Сулаймон вафотидан кейин шимолдаги ўнта қабила жанубдаги Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан ажралиб чиқди (3 Шоҳлар 11:26-12:24 га қаранг). Яҳудо ва Бенямин қабилалари жанубий шоҳлик деб аталадиган давлатни ташкил қилишди. Жанубий шоҳликнинг пойтахти Куддус бўлиб қолаверди, уларнинг ўз ҳукмдорлари бор эди. Эски Аҳднинг баъзи парчаларида Яҳудо сўзи жанубдаги иккала қабилага нисбатан ишлатилган. Тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Яҳудо сўзига қаранг.

[2] 1:1 - Яҳудода...ҳукмронлик қиларди — Уззиё милоддан олдинги 783-742 йилларда, Йўтом милоддан олдинги 742-735 йилларда, Охоз милоддан олдинги 735-715 йилларда ва Ҳизқиё милоддан олдинги 716-687 йилларда ҳукмронлик қилган.

[3] 1:2 - болалар — Исроил халқига ишора.

[4] 1:7 - ...вайрон қилар — Бу ерда қўлланган ибронийча сўз Эски Аҳднинг бошқа жойларида Садўм ва Ғамўранинг ҳалокатига нисбатан ишлатилган (шу бобнинг 9–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[5] 1:8 - Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 27–оятида ҳам бор). Пайғамбарларнинг битикларида ва шеърий асарларда Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. Тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Сион сўзига қаранг.

[6] 1:9 - Садўм шаҳри...Ғамўра шаҳри — Ибтидо 19:1-29 га қаранг.

[7] 1:17 - Йўлга солинг золимни — ёки эзилганларни қутқаринг.

[8] 1:22 - тошқол — эритилган металлнинг тепасида пайдо бўладиган чиқинди. У кераксиз деб ҳисобланади ва ташлаб юборилади.

[9] 1:29 - ...Ўзингиз хуш кўрган эманлар...Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар... — Катта дарахтлар ва махсус барпо қилган боғлардан кўпинча маҳаллий худоларга қурбонлик келтирадиган жойлар сифатида фойдаланарди.

[10] 2:3 - Эгамизнинг тоғи — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[11] 2:6 - Эй Ёқуб хонадони! Халқингизнинг йўлларини сиз тарк этдингиз! — ёки Эй Эгамиз! Ёқуб насли — Халқингни Сен тарк этдинг!

[12] 2:6 - башоратгўйлар — ибронийча матн шарқдан ким ёки нима келганлигини аниқ билдирмайди. Башоратгўйлар сўзи контекстнинг мазмуни бўйича таржимага киритилган.

[13] 2:6 - Филистлар юрти — Исроил юртининг ғарб томонида, Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган.

[14] 2:13 - Башан — Жалила кўлининг шимоли–шарқида жойлашган ерлар.

[15] 2:16 - Таршиш — Испаниядаги бу бандаргоҳ шаҳар ўзининг катта ва ажойиб кемалари билан машҳур эди.

[16] 3:9 - Садўм — Ибтидо 19:1-11 га қаранг.

[17] 3:14 - Менинг узумзорим — Исроил халқига ишора (5:1-7 га қаранг).

[18] 3:16 - Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 17–оятида ҳам бор). 1:8 изоҳига қаранг.

[19] 4:5 - ...кундузи булутни, Тунлари тутунни, ёруғ алангани... — Худо Исроил халқининг аждодларини қирқ йил давомида чўлда бошлаб борган. Бу оятда ишлатилган тасвир Исроил халқига ўша воқеаларни эслатади (Чиқиш 13:20-22, 40:36-38 га қаранг).

[20] 4:5 - Сион тоғи — Маъбад қурилган Қуддусдаги тепалик Сион деб аталган. Пайғамбарларнинг битикларида ва шеърий асарларда Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. Тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Сион сўзига қаранг.

[21] 5:10 - Йигирма таноб — ибронийча матнда ўнта бўйинтуруқ, яъни ўн жуфт ҳўкиз бир кунда шудгор қиладиган далага тўғри келадиган ер бўлаги (тахминан 4 гектарга тўғри келади).

[22] 5:10 - икки кўза — ибронийча матнда бир бат, тахминан 20 литрга тўғри келади.

[23] 5:10 - Ўн сават — ибронийча матнда бир ҳўмр, тахминан 180 литрга тўғри келади.

[24] 5:10 - бир тоғора — ибронийча матнда бир эфа, тахминан 22 литрга тўғри келади.

[25] 5:14 - Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[26] 5:17 - Сарсон бўлиб юрган бўрдоқилар еб тўяди вайроналарда — ёки бегоналар бойларнинг вайроналари орасида ейдилар.

[27] 5:26 - Узоқдаги халқлар — Оссурия ва Бобил халқлари назарда тутилган бўлиши мумкин. Оссурия халқи милоддан олдинги 722 йилда Исроилга, яъни шимолий шоҳликка, милоддан олдинги 701 йилда эса Яҳудога, яъни жанубий шоҳликка ҳужум қилдилар. Бобил халқи Яҳудони милоддан олдинги 605 йилда босиб ола бошладилар.

[28] 6:1 - Шоҳ Уззиё вафот этган йили — Уззиё Яҳудо, яъни жанубий шоҳликда ҳукмронлик қилиб, тахминан милоддан олдинги 740 йил вафот этган.

[29] 6:2 - серафлар — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — оловли зотлар, кўриниши оловли бўлиши мумкин бўлган илоҳий зотлар.

[30] 7:1 - Охоз — милоддан олдинги 736-716 йилларда Яҳудо, яъни жанубий шоҳликда ҳукмронлик қилган.

[31] 7:2 - Довуд хонадони — шоҳ Охоз ва унинг сарой аъёнлари. Шоҳ Довуд Яҳудо шоҳларининг илк бобоси эди.

[32] 7:2 - Эфрайим — Эфрайим қабиласи Исроилнинг шимолий қисмидаги асосий қабила бўлиб қолди. Шу боис Эски Аҳднинг баъзи ўринларида Эфрайим деган ном Исроилга, яъни шимолий шоҳликка нисбатан ишлатилган. Бу шоҳликнинг пойтахти Самария эди. Тўлароқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги Эфрайим сўзига қаранг.

[33] 7:3 - Шерёсуб — ибронийчадаги маъноси омон қолганлар қайтади.

[34] 7:6 - Тўвал ўғли — Тўвал ўғлининг исми айтиб ўтилмаган. Тўвал ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Исмнинг шаклига қараганда у Суриялик бўлиши мумкин.

[35] 7:11 - ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 5:14 изоҳига қаранг.

[36] 7:14 - қиз — бу ўриндаги ибронийча сўз ёш аёл деган маънони беради. Бу сўз баъзан бокира қизга нисбатан ишлатилган (масалан, Ибтидо 24:43 га қаранг), лекин асосан ёш аёлга нисбатан ишлатилади. Бу оятда Ишаё ишора қилаётган аломат ёш аёл ўғил кўради деган ва ундан кейин юз берадиган 15-17–оятларда тасвирланган башоратлардир.

[37] 7:14 - Иммануил — ибронийчадаги маъноси Худо биз биландир.

[38] 7:15 - ...қатиқ ва асал ейди — Булар оддий таомлардир. Бу гап келажакда бўладиган ҳукм туфайли халқ қийналиб, қашшоқликда яшашига ишора қиляпти (шу бобнинг 20-25–оятларига қаранг).

[39] 7:17 - ...Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери... — Шоҳ Сулаймон милоддан олдинги 931 йилда вафот этгандан кейин, Исроил шоҳлиги иккига бўлинди. Шимолдаги шоҳликни одатда Исроил ёки Эфрайим, деб, жанубдагисини эса Яҳудо, деб аташадиган бўлди (3 Шоҳлар 11:41-12:19 га қаранг).

[40] 7:20 - ...соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди — Уларнинг бутунлай мағлуб бўлиб, шармандаликка дучор бўлганлигига ишора қилаётган кўчма маънодаги гап.

[41] 7:23 - Минг кумуш танга — ибронийча матнда минг шақал кумуш, тахминан 11 килога тўғри келади.

[42] 8:1 - Мохиршалолхошбоз — ибронийчадаги маъноси бирданига ҳужум қилинган, тез тортиб олинган (шу бобнинг 3–оятида ҳам бор).

[43] 8:6 - тинч оқадиган Шилўвах сувлари — Гихўн булоғидан Қуддусга оқиб келадиган ариққа ишора. Бу ўринда бу сув Худонинг тинчлиги ва баракаси рамзидир. Оссурия тошқин сувлари эса, бунга қарама–қарши ҳолда, Худонинг ҳукм белгисидир (шу бобнинг 7-8–оятларига қаранг).

[44] 8:8 - Иммануил — ибронийчадаги маъноси Худо биз биландир (яна 7:14 га қаранг). Бу ўринда исм истеҳзони ифодалайди, чунки бу исм Худонинг ўз халқи билан ҳакам сифатида бўлишига ишора қиляпти. Шу бобнинг 9-10–оятларида Худо ўз халқига нажоткори сифатида намоён бўлади.

[45] 8:10 - Худо биз биландир — ибронийча матнда Иммануил (шу бобнинг 8–оятидаги изоҳга қаранг).

[46] 8:18 - [17-18] Исроилда биз белги ва нишонамиз — Ишаё билан унинг икки ўғли, Шерёсуб ва Мохиршалолхошбознинг исмлари маъносига ишора (7:3 ва шу бобнинг 1, 3–оятига қаранг). Ибронийчада Ишаё исмининг маъноси — Худо қутқаради, Шерёсуб исмининг маъноси — омон қолганлар қайтади ва Мохиршалолхошбоз исмининг маъноси — бирданига ҳужум қилинган, тез тортиб олинган.

[47] 8:20 - Шундай деганларга ёруғлик бўлмайди. Худонинг йўл–йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг — Қонунлар 18:9-14 га қаранг.

[48] 9:1 - Забулун ва Нафтали юрти — Исроилнинг шимолида, Жалила кўлининг ғарбида жойлашган.

[49] 9:4 - Мидиён халқи каби — Худо Гидўнга Мидиён халқи устидан буюк ғалаба берган пайтга ишора (Ҳакамлар 7:1-25 га қаранг).

[50] 9:6 - Ажойиб маслаҳатчи — ёки Ажойиб, Маслаҳатчи. Яна 11:2 га қаранг.

[51] 9:9 - Эфрайим — 7:2 изоҳига қаранг.

[52] 9:10 - Ғиштин...Йўнилган тошлар...Шикамора–анжир дарахтлари...садр дарахтлари... — Ғишт ва анжир дарахтлари оддий қурилиш материаллари, йўнилган тошлар ва садр дарахтлари эса қимматли қурилиш материаллари эди.

[53] 9:21 - Манаше қабиласи...Эфрайим қабиласи...Яҳудо... — Манаше ва Эфрайим қабилалари Исроил шимолий шоҳлигининг икки қабиласи, Яҳудо эса Исроил жанубий шоҳлигининг асосий қабиласи эди (1:1, 7:2 изоҳларига қаранг).

[54] 10:5 - Оссурия — милоддан олдинги 701 йилда Исроилни босиб олган Оссурия шоҳи Санхарив назарда тутилган бўлиши мумкин.

[55] 10:9 - Хално...Кархамиш...Хомат...Арпад... — Суриянинг шимолида жойлашган шаҳарлар.

[56] 10:9 - ...Самария Дамашқ... — Самария Исроил, яъни шимолий шоҳликнинг пойтахти, Дамашқ Суриянинг пойтахти эди.

[57] 10:20 - ўз зулмкорлари — яъни Оссурия халқи.

[58] 10:21 - ...омон қолганлари Қайтади... — Ибронийча матнда Шерёсуб (шу бобнинг 22–оятида ҳам бор). 7:3, 8:18 га ва ўша оятларга берилган изоҳларга қаранг.

[59] 10:25 - [24-25] Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[60] 10:26 - ...Мидиёнларни Орив қоясида шундай қирган эдим — Ҳакамлар 7:22-25 га қаранг.

[61] 10:26 - ...Миср лашкарини денгизда ғарқ қилдим — Чиқиш 14:26-28 га қаранг.

[62] 10:27 - ...бўйинтуруқ йўқ қилинади, чунки сизлар кучга тўлдингиз — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — семизлик туфайли бўйинтуруқ йўқ қилинади. Бу ўринда семизлик Худо Ўз халқига барака бериб, уларни яна кучли қилганига ишора бўлиши мумкин. Ҳўкиз шунчалик катта бўлиб кетадики, бўйинтуруқ унинг бўйнидан синиб тушади. Халққа бўйинтуруқ йўқ қилинади, деган гапда шу ҳодиса назарда тутилган бўлиши мумкин.

[63] 10:28 - Ояз шаҳри — Ай шаҳрининг яна бир номи бўлиши мумкин. Шу бобнинг 28-32–оятларида айтиб ўтилган ҳамма жойлар Қуддус яқинида бўлиб, босқинчилар шимолдан шу ерлардан ўтиб ҳужум қилардилар.

[64] 11:1 - Эссай — шоҳ Довуднинг отаси.

[65] 11:9 - Муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[66] 11:10 - ...Эссайнинг илдизидан чиққан... — Яъни шоҳ Довуднинг наслидан бўлган (шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг).

[67] 11:11 - Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудларидан... — Ибронийча матнда Мисрдан, Патрўсдан. Патрўс Мисрнинг жанубий ҳудудининг қадимги номи.

[68] 11:11 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш. Бу жой Мисрнинг жанубида бўлиб, ҳозирги Судан ва Эфиопия мамлакатларининг бир қисмини ўз ичига олган эди.

[69] 11:11 - Элам — Бобилнинг жануби–шарқида, ҳозирги Эронда жойлашган юрт.

[70] 11:11 - Бобил — ибронийча матнда Шинар, Месопотамиядаги бир ернинг қадимги номи. Бобил шоҳлиги шу ерларда жойлашган эди.

[71] 11:11 - Хомат — Сурияда жойлашган шаҳар.

[72] 11:13 - Эфрайим — 7:2 изоҳига қаранг.

[73] 11:14 - ...Эдом, Мўаб... — Эдом Ўлик денгизнинг жанубида, Мўаб Ўлик денгизнинг шарқида жойлашган юртлар эди.

[74] 11:14 - Оммон халқи — Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида яшаган.

[75] 11:15 - Қизил денгизнинг қўлтиғи — ибронийча матнда Миср денгизининг тили, яъни ҳозирги Суэц қўлтиғи.

[76] 12:2 - Эгам — ибронийча матнда Йаҳ Йаҳвеҳ. Ибронийчада Йаҳвеҳ — Худонинг исми, ЙаҳЙаҳвеҳнинг қисқа шакли.

[77] 12:2 - ...куч–қудратимдир — ёки қудратим, шукрона қўшиғимдир.

[78] 12:6 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[79] 13:17 - Мидияликлар — Мидия ҳозирги Эроннинг шимоли–ғарбида жойлашган қудратли шоҳлик эди. Кейинроқ Форс шоҳлигининг энг муҳим вилоятларидан бири бўлиб қолди.

[80] 13:19 - Бобилликлар — ибронийча матнда Халдейликлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.

[81] 13:19 - ...Садўм, Ғамўра... — Ибтидо 19:1-29 га қаранг.

[82] 14:4 - Зўравон — Қумрон қўлёзмаларидан, қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Бу ўриндаги ибронийча сўзнинг маъноси баҳсли.

[83] 14:9 - Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл (шу бобнинг 11, 15–оятларида ҳам бор). 5:14 изоҳига қаранг.

[84] 14:21 - Отаси — Қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда ота–боболари.

[85] 14:28 - Шоҳ Охоз вафот этган йили — Охоз Яҳудо, яъни жанубий шоҳликда ҳукмронлик қилиб, тахминан милоддан олдинги 715 йил вафот этган.

[86] 14:29 - Бизни урган таёқ — Оссурия шоҳларидан бири ёки шоҳ Охоз назарда тутилган бўлиши мумкин.

[87] 14:31 - Эй Филистлар...эй шаҳар! — Филист халқи қуйидаги бешта шаҳар–давлатларни — Ғазо, Ашқалон, Ашдод, Гат ва Эхронни барпо қилган эдилар.

[88] 14:31 - Шимолдан — Оссурия ва Бобил халқлари шимол томондан ҳужум қилардилар.

[89] 14:32 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[90] 15:1 - Мўаб — 11:14 изоҳига қаранг.

[91] 15:1 - Хир шаҳри — Хир–Харасот номи билан ҳам танилган бўлиб, Мўаб юртининг пойтахти эди.

[92] 15:3 - ...боши қирилган...соқоли олинган...қанорга ўранган — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун боши қирилар, соқоли олинар, қанорга ўраниб олишар эди.

[93] 15:9 - Дибондаги сувлар — Арнон дарёси назарда тутилган бўлиши мумкин.

[94] 15:9 - ...Дибон...Дибон... — Қумрон қўлёзмаларидан, баъзи қадимий грекча таржима қўлёзмаларидан ва қадимий лотинча таржимадан. Ибронийча матнда Димон.

[95] 16:1 - Села шаҳри — Эдом юртида жойлашган, Ўлик денгиздан қарийб 40 километрча жанубда.

[96] 16:2 - Арнон сойлиги — Мўаб юртининг шимолий чегараси. Бу сойлик ғарб томонга, Ўлик денгиз томонга оқади.

[97] 16:7 - Хир–Харасот — 15:1 да айтиб ўтилган Хир шаҳрининг яна бир номи (шу бобнинг 11–оятида ҳам бор).

[98] 16:11 - Хир–Харасот — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Хир–Харес.

[99] 16:12 - ...Саждагоҳига келиб илтижолар қилса... — Мўаб халқи ўз худоси Хамўшга илтижо қиларди (Саҳрода 12:29 га қаранг).

[100] 17:1 - Дамашқ — Суриянинг пойтахти.

[101] 17:3 - Эфрайим юрти — 7:2 изоҳига қаранг.

[102] 17:5 - Рафа сойлиги — Қуддусдан унчалик узоқ бўлмаган масофада, шаҳарнинг жануби–ғарб томонида жойлашган.

[103] 17:8 - Ашера — Канъондаги халқлар сажда қилган ҳосилдорлик худоси бўлиб, аёл қиёфасида тасаввур қилинган. Унинг эркак жуфти эса Баал бўлган. Ашеранинг тасвирлари баланд устун бўлиб, ёғочдан ясалган эди.

[104] 18:1 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (11:11 изоҳига қаранг).

[105] 18:1 - Қанотлар гувиллашига тўлган юрт — ўша жойда кўп учраган қанотли ҳашаротлар ёки кейинги оятда айтиб ўтилган кемаларнинг елканлари назарда тутилган бўлиши мумкин.

[106] 19:9 - Зиғир толасига ишлов берадиганлар...Оқ мато тўқийдиганлар... — Зиғир ва пахта Нил дарёси бўйларида экилар эди. Мана шу маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган мато Миср иқтисодининг муҳим бир қисмини ташкил қилар эди.

[107] 19:11 - Зўван — Нил дельтасида жойлашган Мисрнинг бир муҳим шаҳри.

[108] 19:13 - Нуф — Мемфис номи билан ҳам танилган бўлиб, Миср шимолий ҳудудининг пойтахти эди.

[109] 19:18 - иброний тили — ибронийча матнда Канъон тили, яъни қадимги ибронийча.

[110] 19:18 - “Қуёш шаҳри” — Қумрон қўлёзмаларидан ва баъзи иброний қўлёзмаларидан, қадимий орамийча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда Вайрона шаҳар. “Қуёш шаҳри” номи остида Гелиополь назарда тутилган бўлиши мумкин. Бу шаҳар ҳозирги Қоҳирадан қарийб 11 километрча шимоли–шарқда, Нил дарёсининг бўйида жойлашган.

[111] 20:1 - Оссурия шоҳи Саргон...Ашдодни қўлга олди — Саргон II Филист халқининг шу шаҳрини милоддан олдинги 711 йилда босиб олган.

[112] 20:2 - қанор — дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун қанорга ўраниб олишар эди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган. Пайғамбарларнинг ҳар кунги кийими мана шу матодан тикилган бўлиши ҳам мумкин (4 Шоҳлар 1:8, Закариё 13:4 га қаранг).

[113] 20:3 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (11:11 изоҳига қаранг). Шу бобнинг 4, 5–оятларида ҳам бор.

[114] 20:6 - қирғоқдаги юртнинг аҳолиси — Филист халқи назарда тутилган бўлиши мумкин.

[115] 21:1 - Денгиз бўйидаги саҳро — Бобил юрти назарда тутилган бўлиши мумкин (шу бобнинг 9–оятига қаранг). Бобил юртининг Форс қўлтиғидаги жанубий қисми, баъзан “денгиз бўйидаги ер” деб аталган. Худо Бобил юртига даҳшатли жазо келтирадиган бўлгани учун, пайғамбар у юртга саҳро, деб ишора қилган бўлиши мумкин.

[116] 21:2 - ...Элам...Мидия... — 11:11, 13:17 изоҳларига қаранг. Мана шу икки шоҳлик Форс лашкарларига қўшилиб, Бобилга қарши ҳужум қилдилар, Бобилни мағлуб қилишда иштирок этдилар (шу бобнинг 9–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[117] 21:8 - ...қоровул шердай ўкириб қолди — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — шер ўкириб қолди. Қумрон қўлёзмаларида, қадимий сурёнийча таржимада қоровул ўкириб қолди.

[118] 21:9 - ...Бобил қулади... — шоҳ Куруш бошчилигида Мидия ва Форс лашкарлари Бобил шаҳрини милоддан олдинги 539 йилда босиб олди. Шоҳ Куруш яна Кир исми билан танилган.

[119] 21:10 - янчилган — донни бошоқдан ажратиш жараёни янчиш дейилади. Қадимги Исроилда бу иш дон бошоқларини таёқ билан уриш, устидан тепкилаш ёки хўптир юргизиш орқали бажарилган. (Хўптир — остига учли тош ё темир ўрнатилган оғир тахта). Бу ҳаракат кўпинча Эски Аҳдда ҳукм ёки уруш туфайли бўладиган ҳалокатга нисбатан кўчма маънода ишлатилган.

[120] 21:11 - Думах — Арабистон саҳросининг шимолида жойлашган ҳавза ёки Эдом юрти назарда тутилган бўлса керак.

[121] 21:11 - Сеир — Эдом юртига қарашли бўлган тоғли ерлар (яна 11:14 изоҳига қаранг).

[122] 21:13 - Дедон — Арабистоннинг шимоли–ғарбида жойлашган шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудуди.

[123] 21:14 - Темо — Арабистоннинг шимолида жойлашган ерлар.

[124] 21:16 - Кедар — Арабистон саҳросида жойлашган ерлар.

[125] 22:2 - [1-2] Ваҳий водийси — Қуддуснинг жанубида жойлашган Хиннум сойлиги назарда тутилган бўлса керак.

[126] 22:2 - [1-2] ...томларга чиқиб олдингиз — У замонларда уйларнинг томи текис бўлган, одамлар томга чиқиб дам олишарди.

[127] 22:6 - Элам — 11:11 изоҳига қаранг.

[128] 22:8 - “Лубнон Ўрмони” деган уй — бу уй шоҳ Сулаймон томонидан қурилган ва қалқонлар сақланадиган омбор сифатида ишлатилган (3 Шоҳлар 7:2, 10:16-17 га қаранг).

[129] 22:11 - ...икки девор ўртасида... — Баъзи шаҳарларнинг ташқи ва ички деворлари бўлган. Бу деворларнинг орасида бўш жой бўлган. Душман ташқи деворни бузган тақдирда ҳам, ички девор шаҳарни ҳимоя қилган.

[130] 22:12 - Сочларингизни кесиб, қанорга ўранинг... — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун боши қирилар, қанорга ўраниб олишар эди.

[131] 22:15 - Шавна — Яҳудо, яъни жанубий шоҳликнинг шоҳи Ҳизқиё ҳукмронлиги даврида хизмат қилган (36:1-37:7 га қаранг).

[132] 22:20 - Элияқим — Яҳудо, яъни жанубий шоҳликнинг шоҳи Ҳизқиё ҳукмронлиги даврида хизмат қилган (36:1-37:7 га қаранг).

[133] 22:22 - Довуд хонадонининг калити — яъни Довуднинг авлодидан бўлган шоҳ Ҳизқиё томонидан Элияқимга берилган лавозим. Бу ўринда бошқалар шоҳнинг олдига киришлари учун рухсат берадиган бир мавқега ишора бўлиши мумкин.

[134] 23:1 - Тир — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилнинг шимол томонидаги Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий ҳудудини ташкил қилади. Шаҳарнинг бир қисми кичкина оролда қурилган, қирғоқдан узоқ бўлмаган бир қўрғон эди.

[135] 23:1 - Таршиш — 2:16 изоҳига қаранг.

[136] 23:1 - Кипр — ибронийча матнда Кипрнинг қадимги номи Киттим ишлатилган (шу бобнинг 12–оятида ҳам бор).

[137] 23:2 - Сидон — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Тир шаҳрининг шимол томонидаги Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу шаҳар Ливан мамлакатининг жанубий ҳудудини ташкил қилади.

[138] 23:3 - Шихор — Нил дарёсининг шарқий ирмоғи назарда тутилган бўлиши мумкин.

[139] 23:10 - Нил бўйидаги деҳқонлар каби Ерларингга ишлов бер — Қумрон қўлёзмаларидан ва баъзи қадимий грекча таржима қўлёзмаларидан. Ибронийча матнда сизларнинг юртингизни Нилга ўхшаб кесиб ўт.

[140] 23:10 - ...Ерларингга ишлов бер...бандаргоҳинг йўқ энди — Таршишлик савдогарлар бандаргоҳ шаҳар Тирда самарали савдо қилишарди. Пайғамбар мана шу савдогарларга, энди деҳқон бўлинглар, деб маслаҳат беради, чунки уларнинг асосий иш жойи — Тир ҳалокатга учрайди.

[141] 23:13 - Бобил — ибронийча матнда Халдей, ўша вақтда Бобил юрти шу ном билан ҳам аталарди.

[142] 23:14 - бошпанангиз — Тирга ишора (шу бобнинг 10–оятидаги изоҳга қаранг).

[143] 25:6 - Бу тоғ — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[144] 25:10 - Мўаб — 11:14 изоҳига қаранг.

[145] 26:4 - Унинг Ўзи — ибронийча матнда Йаҳ Йаҳвеҳ. Ибронийчада Йаҳвеҳ — Худонинг исми, ЙаҳЙаҳвеҳнинг қисқа шакли.

[146] 27:1 - Левитан — Канъон халқларининг қадимий мифларида учрайдиган махлуқ. Левитан ҳалокат келтирувчи денгиз кучларининг ва ўрнатилган барча тартибни бузишга таҳдид солаётган тартибсизлик кучларининг рамзидир. Муқаддас Китобда Худонинг Левитан устидан қозонган ғалабаси Унинг барча яратилганлар устидан, Ўз халқининг душманлари устидан ғолиб бўлган кучининг рамзидир.

[147] 27:2 - узумзор — 5:1-7 га қаранг.

[148] 27:9 - Ашера — 17:8 изоҳига қаранг.

[149] 27:12 - янчади — 21:10 изоҳига қаранг. Исроил халқи бошқа халқлар орасига тарқалиб кетгандан кейин, Худо мана шу халқларни ҳукм қилади. Деҳқон донни бошоқдан ажратиб йиғиб олгандай, Худо ҳам Ўз халқини ўша халқлар орасидан ажратиб йиғиб олади.

[150] 27:13 - Қуддусдаги муқаддас тоғ — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[151] 28:1 - Эфрайим — 7:2 изоҳига қаранг.

[152] 28:2 - ...Раббийнинг кучли бир баҳодири бор — Оссурия шоҳига ишора.

[153] 28:10 - ...тушунарсиз гаплар, Мазмунсиз сўзлар... — Ибронийча матнда сав ласав, сав ласав, қав лақав, қав лақав (шу бобнинг 13–оятида ҳам бор). Бу маъносиз товушлар чақалоқлар оғзидан чиқадиган товушлар бўлиши мумкин. Булар Оссурия халқи юртни босиб олгандан кейин, халқнинг қулоғига келадиган товушларга ўхшайди (шу бобнинг 11–оятидаги изоҳга қаранг).

[154] 28:11 - ...бегона тиллар...Тушунарсиз тил... — Халқни босиб олган Оссурияликларнинг тили, улар тушунмайдиган тилга ишора.

[155] 28:15 - Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл (шу бобнинг 18–оятида ҳам бор). 5:14 изоҳига қаранг.

[156] 28:16 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[157] 28:16 - тамал тоши — қадимги пайтларда қурилишда пойдевор учун қўйиладиган биринчи ва энг муҳим тош ҳисобланарди. Бу тош пойдеворнинг бир бурчагини ҳосил қилиб, бинонинг қолган қисми ўша тошнинг жойлашишига кўра қуриларди.

[158] 28:20 - Ётгани тўшагингиз...энсизлик қилади — Одамларнинг ўзлари ишонган нарсалари энди улар осойишта яшашларига сабаб бўла олмаслигини тасдиқлайдиган мақол (шу бобнинг 15, 18–оятларига қаранг).

[159] 28:21 - Перазим тоғидагидай — 2 Шоҳлар 5:17-21 га қаранг.

[160] 28:21 - Гивон водийсидагидай — Ёшуа 10:7-14 га қаранг.

[161] 28:28 - ...янчилмайди — 21:10 изоҳига қаранг.

[162] 29:1 - Ориёл — Сион тоғи, яъни Қуддуснинг шеърий номи (шу бобнинг 8–ояти ва 4:5 изоҳига қаранг). Ориёл номи ибронийчадаги қурбонгоҳ сўзига оҳангдош, қон тўкиладиган жой (шу бобнинг 2–ояти ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[163] 29:2 - қурбонгоҳ — ибронийча матнда Ориёл. Шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг.

[164] 29:7 - Қуддус — ибронийча матнда Ориёл. Шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг.

[165] 29:11 - ўрама қоғоз — папирус ёки махсус ишланган теридан тайёрланган узун ўралган қоғоз. Қадимги пайтларда бу ўрама шакл китобларнинг одатдаги шакли бўлган.

[166] 29:17 - Лубнон ўрмони — Лубнон тоғларида ўсадиган садр дарахтлари дунёнинг ўша ҳудудидаги энг катта дарахт навларидан бири эди.

[167] 30:4 - ...Зўван...Ханес... — Зўван Мисрнинг шимоли–шарқида, Ханес Мисрнинг жанубида жойлашган.

[168] 30:7 - Раҳоб — Левитаннинг яна бир исми, Канъон халқларининг қадимий мифларида учрайдиган махлуқ (27:1 изоҳига қаранг). Бу ўринда Раҳоб Мисрнинг шеърий номи сифатида ишлатилган.

[169] 30:27 - ...Қалин булут ичида... — ёки қаттиқ ҳукм билан. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[170] 30:29 - муқаддас байрам — Фисиҳ зиёфати назарда тутилган бўлиши мумкин.

[171] 30:29 - Эгамизнинг тоғи — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[172] 30:33 - Тофат — Қуддусга яқин бўлган, жасадлар кўмиладиган жой (Еремиё 7:32, 19:6, 11 га қаранг). Бир вақтлар бу ер болаларни Оммон халқининг худоси Мўлахга оловда куйдириб қурбонлик қилинган жой бўлган (4 Шоҳлар 23:10, Еремиё 7:30-31 га қаранг).

[173] 31:9 - Оссуриянинг суянган қояси — Оссурия шоҳи назарда тутилган бўлиши мумкин.

[174] 33:4 - чигирткалар — чигирткалар баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказади.

[175] 33:5 - Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 14–оятида ҳам бор). 1:8 изоҳига қаранг.

[176] 33:7 - Тинчлик элчилари — 36:1-3, 22 га қаранг.

[177] 33:8 - ...шаҳарлар вайрон бўлди... — Ибронийча матндан. Қумрон қўлёзмаларида аҳдларнинг гувоҳлари хор қилинди.

[178] 33:9 - Шарон текислиги — Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйидаги, Кармил тоғи (шимол томонда) ва Яффа шаҳри (жануб томонда) орасидаги унумдор текислик.

[179] 33:9 - Башан — Жалила кўлининг шимоли–шарқида жойлашган ерлар.

[180] 33:23 - Кемангизнинг мачтаси мустаҳкам эмас...елкани ёйилмайди — Яҳудо ва Қуддус халқларининг ожизлигини кўрсатиб, улар Худонинг ёрдамига муҳтож эканликларига ишора қилаётган кўчма маънодаги гап (шу бобнинг 22–оятига қаранг).

[181] 34:4 - ўрама қоғоз — 29:11 изоҳига қаранг.

[182] 34:5 - ...самоларда қиличим Менинг пайдо бўлди — Қумрон қўлёзмаларидан. Ибронийча матнда самоларда қиличим Менинг тўйиб қон ичди ёки самоларда қиличим Менинг қонга тўлди.

[183] 34:5 - Эдом — 11:14 изоҳига қаранг.

[184] 34:6 - Бозрах шаҳри — Эдом юртининг пойтахти.

[185] 34:8 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[186] 34:11 - ...бойқушлару кирпилар...Укки... — Ибронийча матнда айтиб ўтилган бу ҳайвонларнинг қандай ҳайвон эканлиги баҳсли.

[187] 34:15 - илонлар — ибронийча матнда айтиб ўтилган бу ҳайвон қандай ҳайвон эканлиги баҳсли.

[188] 34:16 - Эгамнинг китоби — Худо Ишаёга берган башоратлар назарда тутилган бўлиши мумкин.

[189] 35:2 - Шарон текислиги — 33:9 изоҳига қаранг.

[190] 35:8 - Бу йўлдан...адашмайди — ёки идроксизлар ҳеч қачон бу йўлдан юра олмайди. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[191] 35:10 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[192] 36:1 - Ҳизқиё шоҳлигининг ўн тўртинчи йили — милоддан олдинги 701 йил.

[193] 36:1 - Оссурия шоҳи Санхарив — Санхарив Оссурия шоҳлигида милоддан олдинги 705-681 йилларда ҳукмронлик қилган.

[194] 36:2 - Лахиш шаҳри — Қуддусдан қарийб 35 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[195] 36:7 - саждагоҳ — ибронийча матнда тепаликлар. Маҳаллий қурбонгоҳлар мавжуд бўлган бундай жойларда одамлар Худога ёки бегона худоларга топинганлар.

[196] 36:7 - Ахир, Ҳизқиё...айтган–ку! — Ҳизқиёнинг қилган ишларидан Худо мамнун бўлган эди (Қонунлар 12:2-7, 3 Шоҳлар 3:2, 4 Шоҳлар 18:3-5 га қаранг). Аммо Оссурия шоҳининг сўзлари Яҳудо ва Қуддус халқларини Ҳизқиёга қарши қўйиш, уларни Худога итоаткорликдан ва Худога ишонишдан қайтариш ниятида айтилган (шу бобнинг 15, 18-20–оятларига қаранг).

[197] 36:9 - отлиқлар — ёки аравакашлар.

[198] 36:11 - орамийча — орамий тили дунёнинг ўша қисмида яшаган ҳамма халқлар учун ҳукмрон тил бўлиб қолган эди.

[199] 36:19 - Хомат...Арпад...Сефарвайим... — Хомат ва Арпад Суриянинг шимолида жойлашган. Сефарвайим шаҳрининг қаерда жойлашгани баҳсли.

[200] 36:19 - Самария — Исроил, яъни шимолий шоҳликнинг пойтахти, Оссурия томонидан босиб олинган.

[201] 37:1 - ...қайғудан либосларини йиртди. Қанорга ўраниб... — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун кийимларини йиртиб, қанорга ўраниб олишар эди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган.

[202] 37:8 - Лахиш шаҳри — 36:2 изоҳига қаранг.

[203] 37:9 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (11:11 изоҳига қаранг).

[204] 37:20 - ...билсин, Сен танҳо Эгамизсан — Ибронийча матндан. Қумрон қўлёзмаларида, ибронийча матннинг 4 Шоҳлар 19:19 да Сенинг танҳо Худо эканингни билишсин, эй, Эгамиз.

[205] 37:22 - Бокира қиз — шаҳар ёки юрт аҳлига ишора қилиш учун қўлланган шеърий усул.

[206] 37:22 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[207] 37:27 - Томларда ўсган майсалар — одатда уйларнинг томлари тупроқдан бўлиб, шиббаланган. Баъзан томларда майсалар ўсиб чиқар, лекин қуёш ва гармсел таъсирида тез қуриб қолар эди.

[208] 37:27 - Томларда ўсган майсаларга ўхшаб, Етилмасдан олдин қуриб қолдилар — Қумрон қўлёзмаларидан. Ибронийча матннинг 4 Шоҳлар 19:26 да ҳам шу сингари ёзилган. Ибронийча матннинг бу оятида эса Улар томларда ўсган майсалардай, ҳали етилмаган дон даласи кабидир ёзилган.

[209] 37:29 - ...мен бурнингдан ҳалқамни, Оғзингдан сувлиғимни ўтқазаман — Оссурияликлар асирларга шундай муносабатда бўлишар эди.

[210] 37:33 - ...шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдирмайди — Қадимги даврларда сипоҳлар девор билан ўралган шаҳарга ҳужум қилаётганларида, кўпинча девор тепасига қиялатиб тупроқ уйганлар. Шу йўл билан шаҳарни ҳимоя қилаётган халққа ҳужум қилиш учун деворни бузиб ёки ошиб ўтишга қулай имконият яратилган.

[211] 37:38 - Арарат юрти — кейинчалик Арманистон таркибига кирган (ҳозирда Туркиянинг бир қисмини ташкил қилади).

[212] 37:38 - ...Исархаддўн шоҳ бўлди — Оссурия шоҳлигида милоддан олдинги 681-669 йилларда ҳукмронлик қилган.

[213] 38:8 - Охознинг зинапояси — археологик топилмаларга кўра, бу оятдаги зинапоялар вақтни кўрсатадиган махсус қурилма сифатида хизмат қилар эди.

[214] 38:10 - Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 5:14 изоҳига қаранг.

[215] 38:15 - ...итоат этиб юраман — ёки мен секин юраман.

[216] 38:17 - ...мени сақладинг... — Қадимий грекча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда мени севдинг.

[217] 38:18 - ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл (5:14 изоҳига қаранг). Шеўлда Худо билан мулоқотда бўлишнинг иложи йўқ, деб ишонишарди.

[218] 38:22 - Ишаё...деган эди. Ҳизқиё эса...деб сўраганди — Воқеаларнинг кетма–кет содир бўлишига асосан шу бобнинг 21-22–оятлари 6 ва 7–оятлар ўртасига тўғри келади. 4 Шоҳлар 20:6-9 га қаранг.

[219] 39:1 - Мардухбаладон — Бобил шоҳлигида милоддан олдинги 722-710 ва 704-703 йилларда ҳукмронлик қилган.

[220] 40:3 - Бир овоз шундай ҳайқирмоқда: “Саҳрода... — ёки Саҳрода бир овоз шундай ҳайқирмоқда: “....

[221] 40:6 - Иккинчиси...сўради — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — у...сўради. Қумрон қўлёзмаларида мен...сўрадим.

[222] 40:9 - Эй хушхабар келтирган Қуддус...Эй хушхабар келтирган Сион... — ёки Эй хушхабарни Қуддусга келтирган...Эй хушхабарни Сионга келтирган....

[223] 40:13 - Эгамизнинг Руҳи — Ибтидо 1:2 га қаранг.

[224] 41:2 - шарқдан ғолиб шоҳ — Куруш назарда тутилган бўлиши мумкин (44:28, 45:1, 48:14 га қаранг). Кир исми билан ҳам танилган бўлиб, Куруш милоддан олдинги 559-530 йилларда Форс шоҳлигида ҳукмронлик қилган. Милоддан олдинги 539 йилда у Бобилни босиб олган. Кейинги йил эса у яҳудийларга Бобилдан ўз юртларига қайтиб боришларига рухсат берган (Эзра 1:1-4 га қаранг).

[225] 41:15 - буғдой янчадиган хўптир — остига учли тош ёки темир ўрнатилган оғир тахта. Донни бошоқдан ажратиб олиш учун ўрилиб хирмонга уйилган буғдой устидан кўндалангига хўптир юргизилади. Яна 21:10 изоҳига қаранг.

[226] 41:15 - ...тоғлар...Тепаликлар... — Исроил халқининг кучли ва мағрур душманларига ишора.

[227] 41:25 - бир етакчи — Куруш назарда тутилган бўлиши мумкин (41:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[228] 42:5 - ...уни ёйган... — 40:22 ва Забур 103:2 га қаранг.

[229] 42:11 - Кедар — Арабистон саҳросида жойлашган ерлар.

[230] 42:11 - Села — Эдом юртида жойлашган шаҳар, Ўлик денгиздан қарийб 40 километрча жанубда, баланд қояли ясси тепаликда жойлашган.

[231] 42:15 - ...қуруқ ерга... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — оролларга. Ирмоқлар қуриган сари уларнинг ўртасидаги қуруқ ер оролларга ўхшаб кўринарди.

[232] 42:21 - Ўз солиҳлиги ҳақи, Эгамиз...истади — Чиқиш 34:29-32, Қонунлар 4:5-8 га қаранг.

[233] 42:22 - ...бу халқ талон–тарож қилинган... — Оссурия ва Бобил халқлари томонидан (10:5-11, 39:5-7 га қаранг) талон–тарож қилинган.

[234] 43:3 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (11:11 изоҳига қаранг).

[235] 43:3 - Саво — Арабистоннинг жануб томонида ёки Африкада, Қизил денгизнинг ғарбий қирғоғи бўйида жойлашган.

[236] 43:14 - Бобилликлар — ибронийча матнда Халдейликлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.

[237] 43:16 - Мен денгизни бўлиб...сўқмоқ очдим — Чиқиш 14:1-31 га қаранг.

[238] 43:27 - энг катта бобонг — Иброҳим (51:2 га қаранг) ёки Ёқуб назарда тутилган.

[239] 44:2 - азиз Исроил — ибронийча матнда Ёшурун, Исроилни эркалаб айтилган ном.

[240] 44:5 - Исроил халқи — ибронийча матнда Ёқуб, Исроил халқини шу ном билан ҳам аташарди.

[241] 44:24 - ...самоларни ёйганман — 40:22 ва Забур 103:2 га қаранг.

[242] 44:28 - Куруш — 41:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[243] 45:1 - Куруш — 41:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[244] 45:2 - Тоғлар — Қумрон қўлёзмаларидан ва қадимий грекча таржимадан. Бу ўриндаги ибронийча сўзнинг маъноси баҳсли.

[245] 45:14 - Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (11:11 изоҳига қаранг).

[246] 45:14 - Саво юрти — 43:3 изоҳига қаранг.

[247] 45:23 - Ўзим ҳақим онт ичдим... — Қадимги Исроилда одамлар ичган қасамини тасдиқлаш учун, ўзларидан буюкроқ нарсани ўртага қўйиб қасам ичишар эди. Худодан буюкроқ нарса мавжуд бўлмаганлиги учун, Худо айтган сўзининг қатъий эканлигини кўрсатиш учун Ўз номини ўртага қўйиб қасам ичди.

[248] 46:1 - Бэл...Наво... — Бэл Бобилнинг асосий худоси эди (Мардук исми билан ҳам танилган). Наво (Мардукнинг ўғли) ҳам Бобил халқи учун муҳим бир худо эди.

[249] 46:11 - Шарқдан...чақиряпман — Куруш назарда тутилган бўлиши мумкин (41:2 изоҳига қаранг).

[250] 46:13 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[251] 47:1 - бокира қиз — 37:22 изоҳига қаранг.

[252] 47:1 - Бобилликлар — ибронийча матнда қиз Халдей, яъни Халдейликлар. Ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.

[253] 47:2 - ...дарёлардан кечиб ўт — Уларнинг сургунликка кетишига ишора бўлиши мумкин.

[254] 47:5 - қиз Бобил — ибронийча матнда қиз Халдей, яъни Халдейликлар (шу бобнинг 1–оятидаги изоҳларга қаранг).

[255] 47:14 - Исиниш учун...олови бўлмайди — 44:15-17 га қаранг.

[256] 48:2 - муқаддас шаҳар — яъни Қуддус.

[257] 48:13 - заминнинг пойдевори — қадимги Исроил халқининг тасаввурига кўра, ер теп–текис бўлиб, ер остида улкан денгиз бор эди, денгиз тубига кетган улкан устунлар ерни ушлаб турарди. Бу устунлар денгиз тубидаги пойдеворга таянарди.

[258] 48:14 - Куруш — 41:2 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[259] 48:14 - Бобилликлар — ибронийча матнда Халдейликлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди (шу бобнинг 20–оятида ҳам бор).

[260] 48:16 - Мана энди Эгамиз Раббий мени Ҳамда Ўз Руҳини юбормоқда — бу сўзларни айтган одам Ишаё ёки Эгамиз танлаган қул (42:1-9 га қаранг) ёхуд шоҳ Куруш (шу бобнинг 14-15–оятларига қаранг) бўлиши мумкин.

[261] 48:21 - Худо улар учун қоядан сув чиқарди — Чиқиш 17:1-7 га қаранг.

[262] 49:7 - Халқлар — ёки халқ.

[263] 49:12 - Синим юрти — бу юртнинг қаерда жойлашгани маълум эмас, аммо бундан олдинги сатрда шимол ва ғарб айтиб ўтилгани учун бу жой узоқроқда, шарқда ёки жанубда жойлашган бўлиши мумкин. Қумрон қўлёзмаларида Саванай, яъни ҳозирги Мисрнинг Асвон шаҳри.

[264] 49:14 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[265] 49:24 - золим — Қумрон қўлёзмаларидан, қадимий сурёнийча ва лотинча таржималардан (яна шу бобнинг 25–оятига қаранг). Ибронийча матнда солиҳ.

[266] 51:3 - Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 11, 16–оятларида ҳам бор). 1:8 изоҳига қаранг.

[267] 51:9 - Раҳоб — Левитаннинг яна бир исми, Канъон халқларининг қадимий мифларида учрайдиган махлуқ (30:7 га, 27:1 изоҳига қаранг). Бу ўринда Раҳоб Мисрнинг шеърий номи сифатида ишлатилган (шу бобнинг 10–оятига қаранг).

[268] 51:13 - Самоларни ёйган... — 40:22 ва Забур 103:2 га қаранг.

[269] 51:13 - замин пойдевори — 48:13 изоҳига қаранг.

[270] 51:17 - ғазаб косаси — Худо ғазабининг рамзи бўлган шароб косаси. Мана шу шаробдан маст бўлиш Худонинг ҳукмини татиб кўришни билдиради.

[271] 51:19 - Ким сени юпата олади?! — Қумрон қўлёзмаларидан, қадимий грекча, сурёнийча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда Қандай қилиб мен сени юпата оламан?!

[272] 52:2 - қиз — 37:22 изоҳига қаранг.

[273] 52:7 - Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 8–оятида ҳам бор). 1:8 изоҳига қаранг.

[274] 52:11 - ...Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар... — Руҳонийлар ва левиларга ишора. Бобил халқи Қуддусни босиб олганда, Маъбаднинг муқаддас ашёларини ўз юртларига олиб кетишган (4 Шоҳлар 25:13-15, Эзра 1:7-11 га қаранг).

[275] 52:14 - унинг — баъзи иброний қўлёзмаларидан, қадимий сурёнийча ва орамийча таржималардан. Ибронийча матнда сизнинг.

[276] 53:1 - Бизнинг — яъни Биз, Исроил халқининг. Шу бобда Ишаё пайғамбар ўз халқининг вакили сифатида ёзмоқда.

[277] 53:8 - Ҳукм билан, куч билан... — ёки адолатсиз ҳукм билан.

[278] 53:8 - Унинг насли ҳақида ким ўйлайди? — ёки Унинг насли орасидаги одамлардан ким унинг тақдири ҳақида қайғурди? ёхуд Унинг насли орасидаги одамлардан ким тушундики.... Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[279] 53:8 - Халқимизнинг — ибронийча матнда халқимнинг, шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг.

[280] 53:11 - Чеккан азобларининг натижасини кўриб... — Ибронийча матндан. Қумрон қўлёзмаларида Азоблар чеккандан кейин у ёруғлик кўриб (яъни у яшайди).

[281] 53:12 - ...буюклар қаторида унга улуш бераман... — 49:7, 52:15 га қаранг.

[282] 56:7 - муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[283] 57:5 - Ҳар бир ям–яшил дарахт остида... — Улар маҳаллий худоларга қурбонлик келтирадиган жойлар (1:29 изоҳига қаранг).

[284] 57:5 - ...Шаҳват билан гуноҳга берилдингиз — Шаҳвоний ишларга ишора. Бу одат маҳаллий унумдорлик худоларига қилинган сажданинг бир қисми бўлган эди (яна шу бобнинг 7-8–оятларига қаранг).

[285] 57:8 - кесаки — эшик ўрнатилган чорчўп.

[286] 57:9 - Ўз шоҳингиз — ёки Мўлах, Оммон халқининг худоси.

[287] 57:9 - ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 5:14 изоҳига қаранг.

[288] 57:13 - Менинг муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[289] 58:5 - ...Қанор ёйиб, кул сочиб устига ётасиз — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун қанор ёйиб, кул сочиб устига ётар эди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган. Бу оятда гуноҳларидан уялмасдан, Худодан ёрдам сўрамасдан оддий бир маросим сифатида қилинган ҳаракат.

[290] 59:20 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[291] 60:6 - Мидиён, Эфах — Мидиён ҳозирги Ақаба қўлтиғининг шарқ томонидаги Арабистон саҳросида яшайдиган бир кўчманчи қабиланинг аждоди бўлган. Эфах Мидиён қабиласининг бир уруғи бўлган.

[292] 60:6 - Шава юрти — Арабистоннинг жануби–ғарб томонида бўлиши мумкин. Шава маликаси шоҳ Сулаймонга ҳадялар олиб келди (3 Шоҳлар 10:1-13 га қаранг).

[293] 60:7 - Кедар...Наваёт... — Арабистоннинг шимолида жойлашган ерлар.

[294] 60:9 - Таршиш — 2:16 изоҳига қаранг.

[295] 61:3 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[296] 62:11 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[297] 63:1 - Бозрах шаҳри — Эдом юртининг пойтахти.

[298] 63:2 - чуқурда узум эзган одам — қадимги пайтларда одамлар узумни чуқурга солиб, шарбатини сиқиб олиш учун оёқлари билан эзардилар. Шарбат ўша чуқурдан яна бошқа бир чуқурга оқиб тушарди. Узумни эзиш кўпинча Эски Аҳдда Худонинг одамлар устидан чиқарадиган ҳукмига нисбатан кўчма маънода ишлатилган.

[299] 63:16 - Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг).

[300] 63:18 - Сенинг муқаддас масканингга...фақат оз вақт эгалик қилдик. Энди эса душманларимиз У ерни оёқ ости қилиб ташлади. — ёки Юртга...фақат оз вақт эгалик қилдик. Энди эса душманларимиз Сенинг муқаддас масканингни оёқ ости қилиб ташлади.

[301] 64:10 - Муқаддас шаҳарлар — юртнинг ўзи Худога тегишли бўлгани учун, ундаги барча шаҳарлар муқаддас ҳисобланган (14:25, Забур 77:54 га қаранг).

[302] 65:3 - Саждагоҳ боғлар — 1:29 изоҳига қаранг.

[303] 65:3 - Ғишт қурбонгоҳлар — Тавротга кўра, Худонинг халқи фақатгина лойдан ёки йўнилмаган тошдан қурбонликлар ясаши керак эди (Чиқиш 20:24-5, Қонунлар 27:5-6, Ёшуа 8:3 га қаранг).

[304] 65:4 - ...арвоҳларга маслаҳат солади — Қонунлар 18:9-14 га қаранг.

[305] 65:9 - Исроил — ибронийча матнда Ёқуб, бу оятда Исроилга, яъни шимолий шоҳликка ишора. Яҳудо номи жанубий шоҳликка ишора қилади.

[306] 65:10 - Шарон текислиги...Охор сойлиги... — Шарон текислиги ғарб томонда, Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйида жойлашган (33:9 изоҳига қаранг). Охор сойлиги эса шарқ томонда, Ерихо шаҳри яқинида жойлашган. Мана шу иккала жой бутун юртга ишора қиляпти.

[307] 65:11 - Муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.

[308] 65:20 - Юзга етмай ўлганни лаънати экан, деб биладилар — ёки Юзга кирган гуноҳкор эса лаънатланади.

[309] 66:3 - ...буқани қурбонлик қиладиган одам...Бутга топинадиган одам кабидир — Мана шу тўртта гап иккинчи оятда тасвирланган одамга қарама–қарши равишда Худога фақат маросим, одат туфайли сажда қиладиган одамга ишора қиляпти. Бу оятда тасвирлаган одам ҳақиқатда Худодан қўрқмайди, Унинг амрларига бўйсунмайди (яна шу бобнинг 5–ояти ва 1:1-14 га қаранг).

[310] 66:8 - Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.

[311] 66:17 - саждагоҳ боғлар — 1:29 изоҳига қаранг.

[312] 66:18 - Уларнинг ишларидан, ўйларидан нафратланаман — ёки Уларнинг ишларини, ўйларини биламан ёхуд Уларнинг ишларини, ўйларини жазолайман. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[313] 66:18 - Ҳамма халқларни, элатларни йиғиш вақти келди — ёки Ҳамма халқларни, элатларни йиғишга Мен келяпман. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[314] 66:19 - Таршиш — 2:16 изоҳига қаранг.

[315] 66:19 - Ливия — баъзи қадимий грекча таржима қўлёзмаларидан. Ибронийча матнда Фул.

[316] 66:19 - Лидия — ибронийча матнда Луд, яъни Лидия, ҳозирги Туркиянинг шарқ томонида жойлашган юрт.

[317] 66:19 - Тувал — ҳозирги Туркиянинг шарқ томонида жойлашган юрт.

[318] 66:19 - Грек — ибронийча матнда Ёвон, ўша вақтда грек халқи шу ном билан ҳам аталарди.

[319] 66:20 - муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 изоҳига қаранг.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com