Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



КОРИНФЛИКЛАРГА 1-МАКТУБ

1–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Дуойи салом

 

1Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнингҳаворийси бўлиш учун даъват қилинган мен — Павлусдан ва биродаримиз Состендан 2Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига салом! Худо сизларни Ўзининг азиз халқи бўлишга даъват қилиб, Исо Масиҳ орқали Ўзи учун ажратиб олган. Шундай қилиб, ҳар ерда Раббимиз Исо Масиҳга сажда қилаётганларнинг қаторига қўшилдингиз. Исо Масиҳ уларнинг ҳам, бизнинг ҳам Раббимиздир.

3Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато қилсин.

 

Худонинг кўрсатган илтифоти

 

4Худойим сизларга Исо Масиҳ орқали Ўз иноятини берди. Шу боис доимо Худойимга сизлар учун шукр айтаман. 5Исо Масиҳ орқали Худо сизларни ҳар қандай каломда моҳир, илму маърифатда бой қилди. 6Шу тариқа мен сизларга айтган Масиҳ ҳақидаги хабар ҳақиқат эканлиги исботланди. 7Шунинг учун Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини интизорлик билан кутар экансиз, Муқаддас Руҳ берадиган инъомлардан бенасиб эмассизлар. 8Раббимиз Исо Масиҳ келган кунда сизлар айбсиз бўлишингиз учун Худо сизларни охиригача қўллаб қувватлайди. 9Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқот қилишга чақирган Худо садоқатлидир.

 

Имонлилар жамоатидаги низолар

 

10Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга илтижо қиламан, ҳаммангиз ўзаро аҳил яшанглар. Орангизда низоларга йўл қўймай, фикр–хаёлда тамомила якдил бўлинглар. 11Зеро, эй биродарларим, сизларнинг орангизда жанжаллар борлиги ҳақида опамиз Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди. 12Мен қуйидагиларни назарда тутяпман, орангизда баъзилар: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, яна баъзилар эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, яна бошқалар: “Мен Бутруснинг шогирдиман”, яна бир хил одамлар: “Мен Масиҳнинг шогирдиман”, деб айтаётган эмиш. 13Нима, Масиҳ бўлинганми? Ёки сизлар учун Павлус хочга михланганми? Наҳотки Павлуснинг номи билан сувга чўмдирилган бўлсангиз? 14Худога шукурки, мен сизларнинг орангиздан Крисп ва Гайдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдирмадим. 15Ҳеч ким: “Мен Павлуснинг номи билан чўмдирилганман”, дея олмайди. 16Тўғри, мен Стефаннинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдирган эдим, аммо булардан бошқа ҳеч бир одамни сувга чўмдирганим эсимда йўқ. 17Зотан, Масиҳ мени одамларни сувга чўмдирсин, деб эмас, балки Хушхабарни ёйсин, деб юборди. Менга бу Хушхабарни инсонларга оид бўлган донолик билан ёйиш буюрилмади, бўлмаса Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақидаги хабарнинг кучи йўқолган бўларди.

 

Масиҳ — Худонинг ҳикмати ва қудрати

 

18Хоч ҳақидаги бу хабар ҳалок бўлаётганларга телбаликдай туюлади. Аммо биз, нажот топаётганлар учун эса у Худонинг қудратидир. 19Ахир Муқаддас Битикларда ёзилган–ку:

“Мен доноларни доноликдан маҳрум қиламан,

Идроклиларни идрокидан айираман.”

20Донолар қани? Тафсирчилар ва бу дунёнинг файласуфлари қаерда? Худо бу дунёнинг ҳикматини ақлсизликка айлантирди–ку, ахир! 21Модомики Худонинг ҳикмати бўйича бу дунё ўз ақл-заковати билан Худони таниб–билмаган экан, тентакликдай туюлган xабарга ишонганларни Худо қутқаришни лозим кўрди. 22Мана, яҳудийлар мўъжизалар талаб қиладилар, юнонлар эса донолик пайида. 23Биз фақат хочга михланган Масиҳ ҳақидаги хабарни ёймоқдамиз. Бу хабар яҳудийлар учун ҳақорат бўлса, ғайрияҳудийлар учун телбаликдир. 24Бироқ Худо даъват қилган яҳудий ва ғайрияҳудийлар учун Масиҳ хочи Худонинг қудрати ва ҳикматидир. 25Зеро, Худонинг “ақлсизлиги” инсон донолигидан устундир, Худонинг “заифлиги” инсон қудратидан кучлироқдир.

26Эй биродарларим, Худо сизларни даъват қилганда қандай одам эдингизлар, бир эсга олинг–чи! Инсоний нуқтаи назардан қараганда, кўпларингиз доно, қудратли ёки олижаноб эмас эдингиз. 27Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф ҳисобланганларни танлади. 28Дунёдаги эътиборли ҳисобланганлар арзимас бўлиб қолсин деб, Худо бу дунёдаги эътиборсиз ва камситилган, яъни аҳамиятсиз, деб ҳисобланганларни танлади. 29Шундай қилиб, ҳеч бир инсон Худонинг олдида мақтана олмайди. 30Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан қутқарилдик, Худонинг азиз халқи бўлдик. 31Шундай қилиб, Муқаддас Битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин.

 

2–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Павлус баён этган хабарнинг асоси

 

1Эй биродарлар, мен сизларга Худонинг сирли режасини эълон қилишга борганимда, сўзамоллик ва инсоний донолик билан гапирмадим. 2Орангизда бўлганимда, Исо Масиҳ ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмасликка қарор қилдим. 3Олдингизга заифлигу қўрқув ҳисси билан титраб бордим. 4Мен сизларга Хушхабар айтиб, ваъз қилганимда, донолик қилиб ишонтиришга уринмадим, балки Худонинг Руҳи ва қудратига асосландим. 5Токи сизларнинг имонингиз инсон донолигига эмас, балки Худонинг қудратига асослансин.

 

Худонинг донолиги

 

6Биз етказган хабарни руҳан етук инсонлар ҳикмату донолик, деб тан оладилар. Аммо бизнинг донолигимиз бу дунёга ёки бу дунёнинг ўтиб кетадиган ҳукмронларига муносиб бўлган донолик эмас. 7Биз Худонинг пинҳон тутилган сирли донолиги ҳақида гапирамиз. Бу донолиги билан Худо дунё бино бўлишидан аввалроқ биз учун нажот режасини тайёрлаб қўйилган эди, токи биз Худонинг улуғворлигидан баҳраманд бўлайлик. 8Бу дунёнинг ҳукмронлари Худонинг донолигини тушунмадилар. Тушунганларида эди, улуғвор Раббимиз Исони хочга михламаган бўлардилар. 9Биз Муқаддас Битикларда ёзилган сирли режа ҳақида гапиряпмиз: “Худони яхши кўрганлар учун Худонинг Ўзи қандай ажойиботларни тайёрлаб қўйганини ҳеч бир кўз кўрмаган, ҳеч бир қулоқ эшитмаган, улар ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.” 10Бизларга эса Худо буларни Ўзининг Руҳи орқали ошкор қилди. Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй–фикрларидан ҳам огоҳдир. 11Инсоннинг ўй–фикрларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа яна ким билади?! Худди шу сингари, Худонинг ўй–фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди. 12Биз Худонинг Руҳини қабул қилдик, энди дунёвий одамлар каби ўй–фикр қилмаймиз. Шунинг учун Худо бизга нима ато қилганини аниқ тушуна оламиз. 13Биз булар ҳақида гапирганимизда инсоний донолик билан гапирмаймиз, балки Муқаддас Руҳ ўргатаётган сўзлар билан руҳий ҳақиқатни талқин қиламиз.

14Қалбида Худонинг Руҳи бўлмаган инсонлар Худонинг Руҳи ўргатганларни рад қиладилар. Улар учун бу ҳақиқатлар тентакликдай кўринади, бу ҳақиқатларни улар тушуна олмайдилар. Зеро, бу ҳақиқатларни фақатгина Худонинг Руҳи ёрдами билан тушунса бўлади. 15Қалбида Худонинг Руҳи бўлган инсон ҳамма нарсага баҳо бера олади, аммо бошқалар у одамга баҳо беришга ожиз. 16“Ахир, ким Раббимизнинг фикр–зикрини англаб етибдики, Унга йўл–йўриқ кўрсатса?!” Биз эса Масиҳдай фикр–зикр қила оламиз.

 

3–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Ҳали ҳам гўдакдай бўлган имонлилар

 

1Эй биродарлар, сизларга руҳан етук инсонларга гапиргандай эмас, балки бу дунёга тегишли одамларга гапиргандай гапирдим. Яна сизларга эндигина Масиҳга ишонган, имонда гўдакдай бўлган инсонларга сўзлагандай сўзладим. 2Сизларга берган таълимотим милкка ботадиган егуликдай эмас, балки чақалоқларга керак бўлган сутдай эди, чунки сизлар кучлироқ таълимотга тайёр эмас эдингиз. Ҳозир ҳам тайёр эмассиз, 3чунки бу дунё ҳали ҳам сизларга ўз таъсирини кўрсатяпти. Орангизда жанжалкашлик ва келишмовчиликлар бор экан, бу сизларнинг ҳали ҳам башарий табиатингиз таъсирида, инсоний фикрлаб яшаётганингизни кўрсатмайдими?! 4Ахир, баъзиларингиз: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, бошқаларингиз эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, десангиз, сизлар инсоний фикрлаб яшаётган бўлмайсизми?

 

Худонинг хизматидаги ҳамкорлар

 

5Ахир, Павлус ким? Аполлос ким? Улар Худонинг хизматкорларидир, улар орқали сизлар имонга келгансизлар. Ҳар биримиз Эгамиз берган вазифани бажарамиз. 6Мен уруғ экдим, Аполлос суғорди, лекин Худо парваришлаб, ўстирди. 7Ким эккани ёки суғоргани муҳим эмас, энг муҳими ўстирадиган Худодир. 8Экувчининг ҳам, суғорувчининг ҳам мақсади бир ва уларнинг ҳар бири ўз меҳнатига яраша мукофот олади. 9Биз Худонинг хизматидаги ҳамкорлармиз, сизлар эса Худонинг даласисизлар.

Айни пайда сизлар Худонинг иморати ҳамсизлар. 10Худонинг марҳамати билан мен моҳир бир меъмордай иморатнинг пойдеворини қўйдим. Энди эса бошқалар унинг устига қурилиш қиляптилар. Ҳар ким қандай қилиб қураётганига диққат қилсин. 11Зеро, ҳеч ким мавжуд бўлган пойдевордан бошқа пойдевор қўя олмайди. Бу пойдевор Исо Масиҳдир. 12Бу пойдевор устига кимдир олтиндан, кимдир кумуш ёки қимматли тошлардан, яна кимдир эса ёғочу хашак ёки похолдан иморат қурмоқда. 13Қиёмат кунида ҳар кимнинг иши қандай эканлиги аён бўлади. Ўша куни ҳамманинг иши оловда синалади. 14Кимнинг қилган иши оловга бардош берса, ўша киши мукофот олади. 15Кимнинг иши ёниб кетса, у талафот кўради. Ўзи омон қолади–ю, аммо оловдан қутулиб чиққандай бўлади.

16Наҳотки билмасангиз?! Сизлар Худонинг маъбадисизлар, Худонинг Руҳи орангизда маскан қилган. 17Кимки Худонинг маъбадини бузса, Худо уни ҳалок қилади. Зеро, Худонинг маъбади муқаддасдир, бу маъбад эса сизларсиз.

18Ҳеч ким ўзини ўзи алдамасин. Орангизда кимдир ўзини бу дунёда доно, деб билса, ўзининг ақлсиз эканлигини тан олсин, шундагина у ҳақиқатдан ҳам доно бўлади. 19Чунки бу дунёнинг донолиги Худонинг назарида ақлсизликдир. Муқаддас Битикларда қуйидагича ёзилган–ку:

“У доноларни ўзларининг айёрликлари орқали тутиб олади.”

20Яна шундай ёзилган:

“Эгамиз доноларнинг ниятини англайди,

Ниятларининг беҳудалигини У билади.”

21Шунинг учун орангизда ҳеч ким бошқа бир инсоннинг таълимотига риоя қилаётгани билан мақтанмасин. Ахир, ҳаммаси сизларга тегишли–ку: 22Павлус, Аполлос ва Бутрус, дунё ҳам, ҳаёт ва ўлим ҳам, ҳозир ва келажак ҳам — буларнинг ҳаммаси сизники. 23Сизлар эса Масиҳники, Масиҳ эса Худоникидир.

 

4–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Ҳаворийларнинг мартабаси ва вазифаси

 

1Одамлар бизни Масиҳнинг хизматкорлари ҳамда Худонинг сир–асрорларини баён этишга масъул инсонлар, деб билишлари керак. 2Биздан талаб қилинган нарса ишончли бўлишдир. 3Мени сизлар ҳукм қиласизларми ёки маҳкамада ҳукм қилишадими, менга фарқи йўқ. Мен ўзимни ўзим ҳам ҳукм қилмайман. 4Зотан ўзимда ҳеч бир айб кўрмасам ҳам, бу билан ўзимни оқламайман. Чунки мени ҳукм қилувчи Раббимиз Исо бўлади. 5Шу боис сизлар ҳам вақтидан олдин, Раббимиз келмагунча, асло ҳукм қилманглар. У келиб зулматда яширилган нарсаларни равшан қилади, инсон юракларининг мақсадларини ошкор этади. Ўшанда ҳар ким ўз ишига яраша Худонинг таҳсинига сазовор бўлади.

6Эй биродарлар, мен ўзимни ва Аполлосни мисол қилиб келтирдим, токи сизлар Муқаддас Битикларда ёзилганларга биноан яшашни биздан ўрганинглар. Бир устозни бошқасидан устун қўйманг. 7Ким сизларга шундай ҳуқуқ бериб қўйган?! Худодан олмаган бирор нарсангиз борми?! Бор нарсангизни сизга Худо берган–ку, нима учун худди ўз кучингиз билан эришгандай мақтаниб юрибсиз? 8Хоҳлаган ҳамма нарсангизга эришиб олдингизми?! Бой бўлиб кетдингизми?! Бизсиз ҳукмронлик қиляпсизми?! Қани энди, ҳақиқатдан ҳам ҳукмронлик қилаётган бўлсангиз эди, биз ҳам сизлар билан бирга ҳукмронлик қилсак. 9Лекин мен ўйлайманки, Худо биз — ҳаворийларни шармандали аҳволга солиб, майдонда намойиш қилинадиган, ўлимга маҳкум этилган асирлардай қилиб қўйди. Биз фаришталару инсонлар олдида, бутун коинот олдида томоша бўлиб қолдик. 10Биз Масиҳ ҳақи ақлсиз бўлибмиз, сизлар эса Масиҳ соясида ақлли бўлиб қолибсизлар. Биз заиф, сизлар эса кучли экансиз! Сизлар обрў–эътиборли, биз эса шарманда эканмиз–да! 11Ҳозиргача оч–яланғочмиз, ташналик ва калтакларга бардош берамиз, сарсон–саргардон бўлиб юрибмиз. 12Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз, қувғин қилсалар, чидаймиз. 13Бизни ғийбат қилсалар, яхшилик билан жавоб берамиз. Ҳозиргача биз дунёнинг супуриндиси, ҳамманинг ахлатидай бўлиб юрибмиз.

 

Павлуснинг панд–насиҳатлари

 

14Мен буларни сизларни хижолатда қолдирмоқ учун эмас, балки севимли болаларимга насиҳат қилгандай, сизларга насиҳат қилмоқ учун ёзяпман. 15Масиҳнинг йўлида минглаб одамлар сизларга устозлик қилса ҳам, сизларнинг фақатгина бир руҳий отангиз бор. Мен сизларга Хушхабарни етказиб, Исо Масиҳ орқали сизларнинг руҳий отангиз бўлдим. 16Шунинг учун сизларга ёлвораман, мендан ўрнак олинглар. 17Ана шу мақсадда мен Раббимиз Исога содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизларнинг олдингизга юборяпман. Ҳар ерда ва ҳар бир имонлилар жамоатида таълим берар эканман, Исо Масиҳга тегишли бўлиб, қандай ҳаёт кечираётганлигимни у сизларга билдиради.

18Орангизда баъзилар: “Павлус келмас экан”, деб кеккайиб, билганини қилаётган экан. 19Аммо Раббимиз Исо хоҳласа, мен яқин орада олдингизга бораман. Шунда нафақат бу такаббур одамлар қандай гаплар гапираётганларини, балки уларда қандай куч борлигини синаб кўраман. 20Чунки Худонинг шоҳлиги қуруқ сўзлар билан эмас, балки куч–қудрат билан намойиш этилади. 21Хўп, нима хоҳлайсизлар? Олдингизга калтак билан борайми ёки меҳр–муҳаббат ва мулойимлик руҳи билан борайми?

 

5–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Жамоатдаги ахлоқсизликни йўқ қилиш ҳақида

 

1Орангизда жинсий ахлоқсизлик бор эканлиги ҳақида гаплар юрибди. Бундай ахлоқсизлик ҳатто бутпарастлар орасида ҳам содир бўлмаган экан. Орангиздаги бир киши ўз отасининг хотинини хотин қилиб яшаётган экан. 2Сизлар эса кеккайиб юрибсизлар. Аксинча, мотам тутиб, бундай иш қилган одамни орангиздан ҳайдаб чиқаришингиз керак–ку! 3-4Тўғри, ҳозир жисмонан сизлар билан эмасман, аммо руҳан сизлар биланман. Мен гўё сизларнинг ёнингизда бўлгандек, бу ишни қилган одам ҳақида аллақачон Раббимиз Исо Масиҳ номи билан ҳукм чиқардим. Сизлар бирга йиғилганингизда Исо Масиҳнинг қудрати ва менинг руҳим сизлар билан бирга бўлади. 5Шунда ўша одамни шайтонга топширинглар, токи унинг танаси ҳалокатга учрасин, руҳи эса Раббимиз Исо келган кунида халос бўлсин.

6Мақтанишингиз ўринли эмас. Наҳотки, озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитишини билмасангизлар? 7Орангиздан эски хамиртурушни чиқариб ташланглар, шу тариқа янги хамирдай бўлинглар. Сизлар аслида хамиртурушсиз хамирдайсизлар–ку! Чунки Масиҳнинг Ўзи жонини фидо қилиб, бизнинг Фисиҳ қурбонлигимиз бўлди! 8Шунинг учун Фисиҳ байрамини нишонлагандай, янги ҳаётимизни нишонлаб яшайлик! Ёмонлик ва бузуқлик тимсоли бўлган хамиртурушга ҳаётимиздан ўрин бермай, софлик ва ҳақиқат билан кун кечирайлик.

9Мен олдинги мактубимда сизларга жинсий томондан ахлоқсиз бўлган одамлар билан муносабатда бўлмаслик ҳақида ёзган эдим. 10Шубҳасизки, бу дунёнинг зинокорларини, тамагирларини, товламачиларини, бутпарастларини назарда тутмаган эдим, акс ҳолда сизлар бу дунё билан бутунлай алоқани узишингизга тўғри келар эди. 11Мен ўзини биродар, деб атаб туриб, зинокорлик, тамагирлик, бутпарастлик, ғийбатчилик, ичкиликбозлик ёки товламачилик қилувчи одам билан алоқа қилманглар, у билан бирга ҳатто овқат ҳам еманглар, деб айтган эдим. 12-13Қолаверса, имонлилар жамоатидан ташқаридагиларни ҳукм этишга бизнинг нима ҳақимиз бор? Уларни Худо ҳукм қилади. Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилсангиз, бас. Фосиқ одамни ўз орангиздан ҳайдаб чиқаринглар.

 

6–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Имонлилар орасидаги даъволарни ҳал қилиш ҳақида

 

1Орангизда биттасининг бошқа бировга даъвоси бор экан. Бу даъвони ҳал қилиб берсин, деб у киши Худонинг азизлари олдига эмас, балки имонсизлар олдига боришга қандай журъат қиляпти? 2Худонинг азизлари ҳатто дунёни ҳукм қилишини наҳотки сизлар билмасангиз?! Модомики сизлар дунёни ҳукм қилар экансиз, наҳотки аҳамиятсиз икир–чикир ишларни ҳукм қила олмасангиз? 3Биз ҳатто фаришталарни ҳам ҳукм қиламиз–ку! Шуни билмайсизларми? Шундай экан, турмуш икир–чикирлари нима бўлибди?! 4Нега бундай даъволарингизни ҳал қилиш учун жамоатга дахли бўлмаган одамларга олиб борасизлар?! 5Наҳотки орангизда ўз биродарларининг даъвосини ажрим қила оладиган бирорта доно одам топилмаса?! Уялмайсизларми, ахир?! 6Имонли биродар яна бошқа бир имонли биродари билан даъволашмоқда, қолаверса буни имонсиз ҳакамларнинг олдида қиляпти–я!

7Ундан кўра ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳатто ҳийла–найранглардан зарар кўриш сизлар учун афзалроқ бўлмасмиди? Бир-бирингиз билан даъволашишнинг ўзи сизлар учун тамоман мағлубият–ку! 8Шуниси етмагандай, сизлар ҳийла–найранглар билан ўз биродарингизга ноҳақлик қиляпсизлар.

9Наҳотки билмасангизлар?! Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар–ку! Адашманглар, жинсий томондан ахлоқсиз бўлганлар, бутпарастлар, зинокорлар, баччабозлару баччалар, 10ўғрилар, тамагирлар, ичкиликбозлар, ғийбатчилар ва товламачилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар. 11Баъзиларингиз олдин шундай эдингиз. Энди эса сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг номи билан ва Худонинг Руҳи орқали покландингиз, Худога бағишландингиз, оқландингиз.

 

Аъзойи баданингиз билан Худони улуғланг

 

12Баъзиларингиз: “Хоҳлаганимни қилишга ҳаққим бор”, деб айтяпсизлар. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Хоҳлаганимизни қилишга ҳаққимиз бор, лекин ҳеч бир нарса бизнинг устимиздан ҳокимлик қилмаслиги керак. 13Баъзиларингиз яна: “Овқат қорин учун, қорин эса овқат учун, Худо иккаласини ҳам йўқ қилади–ку”, деб айтяпсизлар. Тўғри, аммо баданимиз зино учун хизмат қилмаслиги керак, аксинча, баданимиз билан Раббимиз Исога хизмат қилишимиз керак. Раббимиз баданимиз устидан ҳокимлик қилиши керак. 14Раббимизни тирилтирган Худо Ўз қудрати билан бизларни ҳам тирилтиради.

15Билмайсизларми, ахир?! Аъзойи баданингиз Масиҳ танасининг аъзоси–ку! Шундай экан, мен Масиҳ танасининг аъзоларини олиб, фоҳиша танасининг аъзолари қилиб қўярканманми? Йўқ, асло! 16Фоҳиша билан қовушган у билан бир тан бўлишини билмайсизларми?! Муқаддас Битикларда: “Иккаласи бир тан бўладилар”, деб ёзилган–ку! 17Раббимиз Исо билан бирга бўлган эса У билан бир руҳда бўлади.

18Жинсий аxлоқсизликдан ўзингизни олиб қочинглар! Жинсий ахлоқсизлик билан гуноҳ қилган ўз танасига қарши гуноҳ қилган бўлади, қолган ҳамма гуноҳлар эса танага бевосита боғланмаган ҳолда қилинади. 19Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. 20Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Шунинг учун ўз танангиз билан Худони улуғланглар.

 

7–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Никоҳ масаласи

 

1Энди сизлар менга ёзганларингизга келайлик. Орангизда баъзилар: “Эр хотини билан қовушмасин”, деб айтаётган экан. 2Лекин жинсий ахлоқсизликка йўл қўймаслик учун ҳар бир киши ўз хотини билан, ҳар бир аёл эса ўз эри билан қовушиши керак. 3Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр-хотинлик вазифасини бажо келтирсин. 4Хотиннинг бадани устидан хотин эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шу сингари, эрнинг бадани устидан эр эмас, балки хотини ҳокимлик қилади. 5Бир–бирингиздан бош тортманглар. Фақатгина ўзаро келишган ҳолда, ўзингизни ибодатга бағишлаш учунгина жинсий алоқадан ўзингизни тутиб туринг. Бундан сўнг яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаганингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин. 6Мен буни буйруқ тариқасида эмас, насиҳат тариқасида айтяпман. 7Қанийди, ҳамма менга ўхшаб сўққабош бўлса! Аммо ҳар бир одамда Худодан берилган инъом бор, бириники бу бўлса, бошқасиники удир.

8Бева аёллару хотини ўлган эркакларга шундай дейман: “Мен каби бўлсангиз, сизлар учун яхшидир.” 9Аммо улар ўзларини тия олмасалар, уйлансинлар, эрга тегсинлар. Чунки шаҳвоний ишқ билан ёнишдан кўра уйланиш, эрга тегиш яхшироқдир.

10Қуйидаги амр эса уйланган ва эрга текканларга берилган. У мендан эмас, Раббимиз Исодандир: хотин эри билан ажрашмасин. 11Ажрашган бўлса, бошқа эрга тегмасин ёки ўз эри билан ярашсин. Эр ҳам ўз хотини билан ажрашмасин.

12Эри ёки хотини имонли бўлмаганларга эса шундай деб айтаман. Булар Раббимизнинг эмас, менинг сўзларимдир: “Бирорта имонли эркакнинг хотини имонсиз бўлса–ю, аммо эри билан яшашга рози бўлса, эр хотини билан ажрашмасин. 13Шунингдек, имонли аёлнинг эри имонсиз бўлса ва у хотини билан яшашга рози бўлса, ўша аёл эридан ажрашмасин. 14Ахир, имонсиз эр имонли хотини туфайли покланади. Шунингдек, имонсиз аёл имонли эри туфайли покланади. Натижада уларнинг фарзандлари ҳаром эмас, пок бўлади. 15-16Қаердан биласан эй, хотин, балки сен орқали эринг нажот топар?! Эй, эр, қаердан биласан, балки сен орқали хотининг нажот топар?! Аммо имонсиз инсон ўзининг имонли турмуш ўртоғидан ажрашмоқчи бўлса, ажрашаверсин. Шундан кейин ўша ажрашган имонли одамнинг боши боғлиқ эмас. Худо бизни тинчликка чорлаган.

 

Худонинг даъватига қараб яшанглар

 

17Ҳар бир инсон Худо уни қандай даъват қилган бўлса, Раббимиз Исо уни қандай шароитга солган бўлса, шундай яшашда давом этаверсин. Барча жамоатларда мана шундай таълим бериб келяпман. 18Биров суннатли бўлганда даъват этилдими, жарроҳлик ёрдамида суннатини қайта суннат қилинмагандай қилиб ўзгартирмасин. Бошқа биров суннатсиз бўлганда даъват этилдими, суннат қилинмасин. 19Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Энг муҳими, Худонинг амрларига амал қилишдир. 20Ҳар ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, ҳолатини ўзгартиришга уринмасин. 21Агар қул бўлганингда даъват этилган бўлсанг, ташвишланма. Аммо озод бўлишга имкон бор бўлса, фурсатни ғанимат бил. 22Раббимиз Исога тегишли бўлишга даъват этилгансиз. Ким қул бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди Раббимизнинг назарида у озод инсондир. Шунингдек, ким озод бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди у Масиҳнинг қулидир. 23Сизлар қиммат баҳога сотиб олиндингиз, шунинг учун ўзингизни инсоний ғояларга қул қилманглар. 24Биродарлар, Худо кимни қандай вазиятда даъват қилан бўлса, ўша вазиятда қолиб яшайверсин.

25Ҳали оила қурмаган эркагу аёллар масаласига келсак, Раббимиз Исо бу ҳақда амр бермаган. Аммо мен Эгамизнинг меҳр–шафқати билан ишончли бўлган киши сифатида маслаҳат бера оламан. 26Ҳозирги танг вазият сабабли киши қай ҳолда бўлса, шундай қолгани яхшидир. 27Уйланганмисан? Хотининг билан ажрашма. Бўйдоқмисан? Хотин олмагин. 28Борди–ю, уйлансанг, бу гуноҳ эмас. Шунингдек, қиз эрга тегса ҳам, гуноҳ бўлмайди. Аммо уйланганларнинг ташвиш–изтироблари кўп бўлади, мен сизларни шулардан асрамоқчиман.

29Эй биродарлар, сизларга яна шуни айтмоқчиманки, вақт энди қисқа. Вақти келиб, уйланганлару уйланмаганларнинг фарқи бўлмайди. 30Йиғлаётганлару севинаётганлар, буюм харид қилганлар ўзларининг қайғу–аламлари, хурсандчилиги ва мол–дунёси билан овора бўлиб қолмасин. 31Бу дунёнинг ишлари билан овора бўлганлар энди буни бас қилсинлар. Ахир, бу дунё ўткинчи дунё–ку!

32Мен сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни истайман. Бўйдоқнинг асосий ташвиши Раббимиз Исони мамнун қилиш, Унинг ишлари билан машғул бўлишдир. 33Уйланган киши эса хотинини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради. 34Унинг фикри иккига бўлинган. Ҳозир эрсиз бўлган аёллар ва эрга тегмаган қизларнинг ҳам ташвиши Раббимизнинг ишлари билан машғул бўлишдир, уларнинг мақсади ҳам жисмонан, ҳам руҳан Раббимизга бағишланишдир. Эрга теккан аёл эса эрини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради.

35Мен сизларни чегаралаш ниятида эмас, балки сизларнинг манфаатингизни кўзлаб буларни айтяпман. Токи сизлар фикрингизни чалғитмасдан, сидқидилдан Раббимиз Исога берилиб, адабли ҳаёт кечиринглар. 36Агар унаштирилган киши ўз қайлиғига уйланмай, унга нисбатан нотўғри муомила қиляпман, деб ўйласа, ҳамда унга уйланишни қаттиқ хоҳласа, ўз берган сўзида туриб, уйлансин. Бу гуноҳ эмас. 37Аммо у уйланишни эҳтиёж деб билмай, ўз қайлиғига уйланмасликка қаттиқ қарор қилиб, бу борада иродасини кўрсата олса, бу ҳам яхши. 38Шундай қилиб, ўз қайлиғига уйланган киши яхши иш қилган бўлади, уйланмаган эса ундан ҳам яхшироқ иш қилган бўлади.

39Хотин кишининг эри тирик экан, унинг боши боғлиқдир. Агар эри ўлса, у истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у эркак Раббимиз Исога тегишли бўлиши керак. 40Аммо менимча ўша аёл туллигича қолса, у яна ҳам бахтли бўлади. Ишонаманки, менда ҳам Худонинг Руҳи бор.

 

8–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Бутга қурбон қилинган гўшт масаласи

 

1Бутга қурбонлик қилинган гўшт масаласига келсак. Ўзингиз айтгандек, ҳаммамиз бу ҳақдаги ҳақиқатни биламиз. Аммо билим одамни шишинтиради, меҳр–муҳаббатли инсон эса атрофидагиларнинг манфаатини кўзда тутади. 2Агар бир киши билимлиман деб ўйласа, у ҳали зарур бўлган билимга эришмаган. 3Кимки Худони яхши кўрса, Худо уни таниб–билади.

4Энди бутга қурбон қилинган гўштни ейиш масаласига келсак, биз шуни биламизки, бут дунёда ҳеч нарса эмас, биргина Худодан бошқа худо йўқ. 5Гарчи еру кўкда худо деб аталган нарсалар кўп бўлса–да (ҳақиқатан, бунақа “худолар” ва “раббийлар” жуда кўп), 6биз учун биргина Отамиз Худо бор. У бутун мавжудотнинг Яратувчисидир ва биз У учун яшаймиз. Шунингдек, биргина Раббимиз Исо Масиҳ бор. Бутун мавжудот Масиҳ орқали вужудга келган ва биз У орқали яшаймиз. 7Аммо ҳамма ҳам буларни билмайди. Орангизда баъзилар “бутлар бор” деган фикрга шунчалик ўрганиб қолганки, бутларга бағишланган гўштни еганда уларнинг виждони қийналади, чунки улар бундай гўшт ейишни ҳали ҳам бутларга сажда қилиш, деб билади. 8Озиқ–овқат бизни Худога яқинлаштира олмайди. Емасак, бирор нарса йўқотмаймиз, есак ҳам бирор нарса орттириб олмаймиз.

9Фақат эҳтиёт бўлинг, сизларнинг бу эркинлигингиз заифларнинг васвасага тушишига сабаб бўлмасин. 10Агар сен, билимли одам бўла туриб, бутхонада таом еб ўтирсанг, бу масала ҳақида иккиланиб турган биродаринг сени кўриб, бутга бағишланган гўштдан ейишга мойил бўлмайдими? 11Ўша заиф биродаринг учун Масиҳ ўлган, сен эса уни ўз билиминг туфайли ҳалокатга йўлиқтирасан. 12Шундай қилиб, иккиланиб турган биродарингни васвасага солиб, унга қарши гуноҳ қилсанг, Масиҳга қарши гуноҳ қилган бўласан. 13Агар бирор овқатни ейишим биродаримнинг гуноҳ қилишига сабаб бўлса, уни васвасага солмаслик учун энди мен умрбод ўша овқатни емайман.

 

9–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Ҳаворийнинг ҳақ-ҳуқуқлари

 

1Мен озод эмасманми?! Мен ҳаворий эмасманми?! Раббимиз Исони кўрмаганманми?! Раббимиз йўлида қилган меҳнатимнинг маҳсули сизлар эмасми?! 2Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам ҳам, ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимизга тегишли бўлганингиз учун ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.

3Мени танқид қилаётганлар олдида қуйидагилар билан ўзимни оқлайман. 4Наҳотки Раббимиз йўлида қилган хизматимиз учун текин еб–ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?! 5Нима, бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Бутрусга ўхшаб, имонли бир аёлга уйланиб, уни ёнимизда олиб юришга ҳаққимиз йўқми?! 6Ёки фақатгина мен билан Барнабо кун кечириш учун ўз қўлимиз билан меҳнат қилишимиз керакми?!

7Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади?! Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди?! Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?! 8Буларни фақатгина инсоний нуқтаи назардан айтаётганим йўқ! Таврот ҳам худди шундай буюради–ку! 9Мана, Тавротда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”, деб ёзилган–ку. Нима, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?! 10Йўқ, Худо буни бизнинг манфаатимиз учун айтган. Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи ҳам, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлайди–ку. 11Биз руҳий жиҳатдан сизларга хизмат кўрсатсак–да, моддий ёрдамингизни бизга кўп кўрасизми? 12Бошқалар сизларнинг ёрдамингиздан баҳраманд бўлаётган экан, бизнинг ҳақимиз уларникидан ҳам кўпроқ эмасми?! Лекин биз бу ҳуқуқимиздан фойдаланмадик. Аксинча, МасиҳнингХушхабарига тўсиқ қўймайлик деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.

13Билмайсизларми, маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар. 14Шунингдек, Хушхабарни ёйиш вазифасини бўйнига олганлар бу иши орқали кун кечиришлари кераклигини Раббимиз Исонинг Ўзи буюрган. 15Аммо мен бу ҳуқуқларимдан фойдаланмадим ва бундан фахрланаман. Бу хатни ўша ҳуқуқимдан фойдаланай, деб ҳам ёзаётганим йўқ. Менга фахрланиш ҳуқуқини бераётган сабабни йўқотишдан кўра ўлганим яхшироқдир. 16Мен Хушхабарни ёяр эканман, бу билан мақтанишга ҳаққим йўқ, чунки бу зиммамдаги вазифамдир. Аммо Хушхабарни ёймасам, менинг ҳолимга вой! 17Мен буни ўз ташаббусим билан қилаётган бўлсам, мукофотга лойиқ бўлардим. Лекин мукофотга лойиқ эмасман, чунки бор–йўғи зиммамдаги вазифани бажаряпман, бу ишни қилишдан бошқа иложим йўқ. 18У ҳолда менинг мукофотим нима? Мукофотим шундаки, мен Хушхабарни ёйганимда, ҳеч кимдан бирон нарса сўрамайман. Шунинг учун Хушхабарни ёйиш менга баъзи бир ҳуқуқларни берса–да, улардан фойдаланмайман.

 

Павлуснинг мақсади

 

19Мен қул эмас, эркин инсон бўлсам–да, ҳаммага қулдай хизмат қилдим. Янада кўпроқ одам Исонинг шогирди бўлсин, деб шундай қилдим. 20Ўша мақсадимни кўзда тутиб, Яҳудийлар билан бирга бўлганимда Яҳудийдай бўлдим, ўзим Мусонинг қонунига тобе бўлмасам–да, бу қонунга тобе бўлганлар орасида бўлганимда, худди улардай яшадим. 21Мусонинг қонунини билмаганлар билан бирга бўлганимда, улар ҳам Исонинг шогирдлари бўлсин, деб худди улардай яшадим. Тўғри, мен Худонинг қонунидан озод эмасман, Масиҳнинг амрларига тобеман. 22Заиф инсонлар ҳам Исони танисинлар деб, уларнинг орасида бўлганимда заиф инсондай бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қай йўл билан бўлса–да қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим. 23Мен буларнинг ҳаммасини Хушхабарни ёйиш ниятида қиламан, токи Хушхабар келтирадиган қут–баракалардан баҳраманд бўлай.

24Биласизлар–ку, мусобақада кўп югурувчилар қатнашади, аммо фақат бир киши ютиб, мукофот олади. Сизлар ҳам шундай югурингки, мукофотни қўлга киритинглар. 25Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган тож олиш учун шундай қиладилар, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз. 26Шунинг учун мен мақсадсиз югурмайман, курашганимда зарбаларим аниқ бўлади. 27Танамни чиниқтириб, уни ўз ихтиёримга бўйсундираман, токи бошқаларга Хушхабарни ваъз қилиб туриб, ўзим мукофотга нолойиқ бўлиб қолмайин.

 

10–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Исроил халқининг тарихидан ибратлар

 

1Биродарлар, ота–боболаримизнинг тарихини ёдингизга солмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар. 2Улар булут остида кезиб, Қизил денгиздан ўтганда, гўё сувга чўмдирилгандай бўлиб, Мусонинг издошлари бўлдилар. 3Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди. 4Мўъжиза орқали ҳаммасига ичиш учун сув берилди. Мўъжиза орқали улар қоядан сув олиб ичдилар. Ўша қоя Масиҳнинг тимсоли эди. Юрган йўлларида Масиҳ улар билан бирга эди. 5Гарчи шундай бўлса ҳам, уларнинг деярли ҳаммаси Худони норози қилди, шунинг учун Худо итоатсизларини саҳрода ҳалок қилди.

6Уларнинг бошига тушган кўргиликлар бизга ибрат бўлди, токи биз ҳам уларга ўхшаб ёвузлик пайида бўлмайлик. 7Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлманглар. Улар ҳақида шундай ёзилган–ку: “Халқ ўтириб еб–ичгандан кейин кўнгилхушлик қилди.” 8Уларнинг баъзиларига ўхшаб жинсий ахлоқсизликка берилмайлик. Улар ахлоқсизлик қилганлари учун бир кунда йигирма уч мингтаси нобуд бўлди. 9Масиҳни синамайлик, чунки улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар. 10Ҳеч нолиманглар. Улардан баъзилари минғирлаб, нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди.

11Улар бошидан кечирган бу ҳодисалар бизларга ибрат бўлди. Замон охирлашиб қолган пайтда яшаётганларга, яъни бизларга сабоқ бўлиши учун бу ҳодисалар Муқаддас Битикларда ёзиб қолдирилган. 12Шунинг учун маҳкам турибман, деб ўйлаган одам эҳтиёт бўлсин, тағин қоқилиб йиқилмасин. 13Сизлар тушган васваса бошқаларнинг ҳам бошига тушган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун, керакли пайтда васвасадан қутилиш йўлини ҳам беради.

 

Жинлар билан алоқада бўлмаслик ҳақида

 

14Эй азиз биродарларим, бутпарастликдан ўзингизни олиб қочинг! 15Мен сизларни ақли расо одамлар, деб билиб гапиряпман. Айтаётганларимга ўзингиз баҳо беринглар. 16Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда, Худога шукр айтиб қутлуғ косадан ичганимизда Масиҳнинг тўкилган қонига шерик бўламиз, нонни бўлишиб еганимизда эса Унинг қурбон қилинган танасига шерик бўламиз–ку! 17Битта нонни бўлишиб еганимиздай, биз ҳаммамиз, кўпчилик бўлсак–да, бир танани ҳосил қиламиз.

18Исроил халқига қаранглар! Қурбонгоҳдаги қурбонликлардан тановул қилиш улар учун Худога сажда қилиш дегани–ку! 19Мен бу билан нима демоқчиман ўзи? Бутга бағишланган қурбонликнинг ҳам бирор аҳамияти борми? Бутнинг ўзи ҳам бирор аҳамиятга эгами? 20Йўқ! Бутпарастлар қурбонлик келтирганларида, аслида қурбонликни худо деб аталган бутларга эмас, балки жинларга бағишлаган бўладилар. Жинларга шерик бўлишингизни мен хоҳламайман. 21Сизлар, ҳам Раббимиз Исонинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар. Ҳам Раббимиз дастурхонидан, ҳам жинларнинг дастурхонидан баҳраманд бўла олмайсизлар. 22Наҳотки Раббимиз Исонинг рашкини қўзғатмоқчи бўлсангиз? Наҳотки сизлар Ундан ҳам қудратлироқ бўлсангиз?!

 

Бошқаларнинг манфаатини кўзлаш

 

23Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Инсон хоҳлаганини қилишга ҳаққи бор, лекин ҳамма нарса ҳам манфаат келтирмайди. 24Ҳамма биринчи ўринда ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзда тутсин. 25Бозордаги гўшт қаердан келгани ҳақида сўраб, суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар. 26Ахир Муқаддас Битикларда шундай ёзилган–ку:

“Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”

27Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган ҳамма нарсани қаердан келганини сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар. 28-29Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти”, деб айтса, унда ўша айтган одам ҳаққи ва уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, ўша одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади. Аммо мен бу гўштни емасам ҳам эркинлигим чекланиб қолмайди. 30Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман.

31Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар. 32Яҳудийлару ғайрияҳудийларни, Худони биладигану билмайдиганларни ўйлаб иш тутинг. 33Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўл билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиламан.

 

11–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

1Мен Масиҳдан ўрнак олганимдай, сизлар ҳам мендан ўрнак олинглар.

 

Бош ёпинчиқлари ҳақида

 

2Доим мени эслаб турганларингиз ва мен сизларга ўргатган урф–одатларга амал қилаётганларингиз учун сизларни мақтасам арзийди. 3Лекин билингларки, аёл эркакдан яратилган, ҳар бир эркакнинг ҳаёт манбаи Масиҳдир, Масиҳнинг ҳаёт манбаи эса Худодир. 4Бошини ёпиб ибодат қилган ёки бошини ёпган ҳолда бошқаларга Худонинг сўзини етказган ҳар бир эркак Масиҳни шарманда қилган бўлади–ку! 5Аёл киши бошига ҳеч нарса ўрамай ибодат қилса ёки Худонинг сўзини гапирса, эркакларга иснод келтиради, ахир, бошини ёпмаслик сочини қириб ташлаш билан баробар–ку! 6Агар аёл киши бошига бирор нарса ўрашни хоҳламаса, майли, сочини кесиб ташлайверсин. Агар калта соч ва қирилган бош аёл кишининг шарманда эканлигини кўрсатса, аёллар бошларига рўмол ўрасинлар.

7Эркак киши бошини ёпмаслиги керак, чунки у Худонинг суратида яратилган ва Унинг улуғворлигини акс эттиради. Аёл киши эса эркак кишининг улуғворлигини акс эттиради. 8Ахир, эркак аёлдан эмас, балки аёл эркакдан яратилган. 9Эркак аёл киши учун эмас, балки аёл эркак учун яратилган.

10Сизларга шуни айтмоқчиман: аёл киши бошига бирор нарса ўрайдими ёки йўқми, бу ҳақда ўзи қарор қилишга ҳаққи бор. Фаришталар сабабли ҳам бу гап тўғри. 11Ҳолбуки, РаббимизИсога тегишли бўлганлар орасида аёл киши эркакдан мустақил эмас, эркак киши эса аёлдан мустақил эмас. 12Аёл киши эркакдан яратилгани тўғри, лекин ўша пайтдан бери ҳар бир эркак аёл кишидан туғилган. Аслида эса бутун борлиқнинг манбаи Худодир. 13Ўзингиз ўйлаб кўрингчи, аёл киши бошини ёпмай Худога ибодат қилиши тўғрими? 14Эркак кишининг сочлари узун бўлса, бу эркак учун шармандалик эканлигини табиатнинг ўзи ўргатади–ку! 15Худди шунга ўхшаб, аёл кишининг сочи узун бўлса, бу аёл киши учун шараф эмасми?! Ахир, узун соч бошига рўмол ўраш кераклигини кўрсатади. 16Агар бирортаси бу масаладаги йўл–йўриқларим ҳақида баҳслашмоқчи бўлса, билсинки, Худонинг жамоатларида биз айтиб ўтганлардан бошқа урф–одатлар йўқ.

 

Раббимиз Исони хотирлаш ҳақидаги йўл–йўриқлар

 

17Қуйидаги масалаларга келганда эса сизларни мақтай олмайман. Йиғилишларингиз фойдадан кўра кўпроқ зарар келтираётган экан. 18Аввало, сиз — имонлилар бирга йиғилганингизда ҳар хил гуруҳларга бўлинар экансиз, бунга қисман бўлса ҳам ишонаман. 19Тўғри, келишмовчиликларнинг олдини олиб бўлмайди. Ахир, келишмовчилик бўлгандагина орангизда ким тўғри фикр қилаётгани билинади.

20Сизлар бирга йиғилганингизда ҳеч ҳам Раббимиз Исони хотирлаётганга ўхшамайсиз. 21Чунки ҳамма ўзи олиб келган овқатини ўзи тановул қилаётган экан. Шундай қилиб, баъзилар оч қолаётган экан, баъзилар эса маст бўлиб қолаётган экан. 22Наҳотки ейиш ва ичиш учун уйларингиз бўлмаса?! Ёки Худонинг жамоатини писанд қилмай, йўқсилларни ҳижолатда қолдирмоқчимисизлар? Сизларга яна нима айтайин? Сизларни мақтайми? Йўқ, сизларни бу хусусда мақтамайман.

23Мен сизларга берган йўл–йўриқларни Раббимиз Исодан ўрганганман. Раббимиз Исо хоинона тарзда тутиб берилган кечада қўлига нон олганди–да, 24шукрона дуосини айтиб, синдирган ва шундай деган эди: “Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.” 25Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шукрона айтиб, шароб қуйилган косани олди–да, шундай деди: “Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради. Биргаликда косадан шароб ичганингизда Мени хотирланглар.” 26Ҳар сафар биргаликда шу тарзда нон еб, шароб ичар экансиз, Раббимиз келгунига қадар Унинг ўлимини эълон қилаётган бўласизлар.

27Шундай қилиб, кимда–ким адабсиз равишда бу нондан еса ёки Раббимизнинг косасидан ичса, Раббимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади. 28Шунинг учун ҳар бир киши ўз–ўзини текшириб кўрсин, шундан сўнггина нондан есин ва шаробдан ичсин. 29Раббимизнинг танасини писанд қилмасдан еб–ичган одам ўзини ўзи маҳкум қилган бўлади. 30Мана шу сабабдан кўпларингиз заиф ва хастасизлар, ҳатто баъзилар ўлиб кетган. 31Агар ўзимизни ўзимиз яхшилаб текширганимизда эди, маҳкум бўлмас эдик. 32Дунё билан бирга маҳкум бўлмаслигимиз учун Раббимиз Исо бизни ҳукм қилиб, адабимизни беряпти. 33Шунинг учун, биродарларим, Раббимизни хотирлаш ниятида биргаликда еб–ичиш учун йиғилганингизда, бир–бирингизни кутиб туринглар. 34Агар бирор киши оч бўлса, ўз уйида овқат еб келсин. Шунда йиғилишга келганингизда маҳкум бўлишингизга сабаб бўлмайди. Қолган масалалар ҳақида олдингизга борганимдан кейин йўл–йўриқ кўрсатаман.

 

12–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар ҳақида

 

1Эй биродарларим, энди Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар масаласига келсак, бу ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлишингизни хоҳлайман. 2Эсингиздами, сизлар Худосиз бўлган пайтларингизда йўлдан озиб, гунг бутларга сажда қилар эдингиз. 3Шунинг учун қуйидагиларни билишингизни хоҳлайман. Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исони лаънатламайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳнинг илҳомисиз Исони Раббим, деб айта олмайди.

4Руҳ берадиган инъомлар ҳар хилдир, аммо Руҳ бирдир. 5Хизмат қилиш йўллари ҳар хилдир, Раббимиз Исо эса бирдир. 6Тўғри, хизматлар ҳар хилдир, лекин одамларнинг ҳаётида уларни юзага келтираётган Худо бирдир.

7Умумий манфаат учун Муқаддас Руҳ ҳар кимда ўзига хос равишда намоён бўлади. 8Бир одамга Руҳ орқали донолик билан гапириш қобилияти берилади, бошқа бировга эса худди шу Руҳ орқали илм–маърифатга тўла сўзларни гапириш қобилияти берилади. 9Ўша Руҳ орқали кимгадир кучли бир имон берилади, бошқа бировга эса шифо бериш инъоми берилади. 10Баъзиларга мўъжизалар кўрсатиш қобилияти, бошқаларга Худонинг сўзини етказиш инъоми берилган. Яна бошқаларга эса руҳларнинг фарқига бориш инъоми берилган. Кимгадир номаълум тилларда гапириш инъоми берилган бўлса, бошқаларга бу тилларни таъбир қилиш инъоми берилган. 11Буларнинг ҳаммасини Муқаддас Руҳ бажо қилади. Ҳар бир инсонга Руҳнинг Ўзи лойиқ кўрган инъомни ато қилади.

 

Тана бир, тана аъзолари эса кўп

 

12Тана бир бўлса–да, унинг аъзолари эса кўп. Худди шунингдек, тана аъзолари кўп бўлса–да, уларнинг ҳаммаси бир танани ташкил қилади. Масиҳнинг танаси, яъни жамоат ҳам шундайдир. 13Ахир, биз ҳаммамиз — яҳудийларуюнонлар, қуллару озод бўлганлар, бир тана бўлишимиз учун бир Муқаддас Руҳга чўмдирилдик. Ҳаммамиз ўша бир Руҳга тўлиб–тошганмиз. 14Зотан бадан бир аъзодан эмас, балки кўп аъзолардан иборат. 15Оёқ: “Мен қўл эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман”, дегани билан танага тегишли бўлмай қоладими?! 16Қулоқ ҳам: “Мен кўз эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман”, дегани билан танага тегишли бўлмай қоладими?! 17Ахир, бутун тана кўз бўлса, қанақа қилиб эшитади? Агар бутун тана қулоқ бўлса, қанақа қилиб ҳидлай олади? 18Ахир, Худо тана аъзоларининг ҳар бирини Ўзи хоҳлаган жойига қўйган. 19Агар уларнинг ҳаммаси биргина аъзо бўлганда, тана бўлармиди?!

20Шундай қилиб, тана аъзолари кўп, лекин тана бирдир. 21Кўз қўлга: “Сен менга керак эмассан”, деб айта олмайди, бош ҳам оёқларга: “Сизлар менга керак эмассизлар”, дея олмайди–ку! 22Аксинча, ожиз туюлган тана аъзолари энг керакли аъзолардир. 23Биз танамизнинг уятли ҳисобланган аъзоларига эътибор бериб, уларни ёпиб юрамиз. Кўримсиз туюлган тана аъзоларимизга диққат–эътибор қиламиз. 24Уятли бўлмаган тана аъзоларимизга бундай эътибор беришимизнинг ҳожати йўқ. Худо танамизни шундай яратганки, ҳурмат–эътиборсиз аъзоларга кўпроқ иззат–эътибор берилади. 25Шундай қилиб, тана аъзоларида орасида келишмовчилик бўлмайди, балки барча аъзолар бир–бирига ғамхўрлик қилади. 26Агар бир аъзо азоб чекса, қолган барча тана аъзолари у билан бирга азоб чекади. Агар бир аъзо юксалса, қолган барча аъзолар у билан бирга севинади.

27Энди сизлар Масиҳнинг танасисизлар, ҳар бирингиз тананинг алоҳида бир аъзосисиз. 28Шу тариқа, Худо имонлилар жамоатига биринчидан ҳаворийларни, иккинчидан пайғамбарларни, учинчидан муаллимларни тайинлаб берди. Кейин баъзиларга мўъжиза кўрсатиш қобилиятини, бошқаларга эса шифо бериш инъомини, яна бошқаларга ёрдам бериш, бошқариш, номаълум тилларда гапириш қобилиятларини ато қилди. 29Ҳамма ҳаворийми?! Ҳамма ҳам Худонинг сўзларини етказа оладими?! Ҳамма ҳам муаллимми?! Ҳамма мўъжиза кўрсатадими?! 30Ҳаммада шифо бериш инъоми борми?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда гапириш қобилиятига эгами?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда айтилганларни талқин қила оладими?!

31Сизлар улуғроқ инъомларга эга бўлишга интилинглар. Энди сизларга энг олий йўлни кўрсатаман.

 

13–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Севги — энг олий хислат

 

1Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсам–у, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мис чолғу, янграйдиган занг бўлиб қоламан. 2Агар менда Худонинг сўзини етказиш инъоми бўлса, бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай билимга эга бўлсам, агар тоғларни кўчирадиган имонга эга бўлсам–у, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч нарсага арзимас инсон бўлиб қоламан. 3Бор мулкимни муҳтожларга тақсимлаб берсам, менга шараф келтирсин деб, ҳатто қийноқларга рози бўлсам–да, лекин севгим бўлмаса, буларнинг менга фойдаси йўқ.

4Севги сабр–тоқатли ва меҳрибондир. Севги ҳасад қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди. 5Севги одобсизлик қилмайди, худбинлик қилмайди, аччиқланмайди, кек сақламайди. 6Севги ноҳақликдан севинмайди, аксинча, ҳақиқат қарор топганда шодланади. 7Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳеч қачон ишончини йўқотмайди, ҳар шароитда умид сақлайди, ҳар нарсага тоқат қилади.

8Худонинг сўзини етказиш инъоми ҳам, номаълум тилларда гапириш инъоми ҳам йўқ бўлади, билим ҳам бартараф бўлади. Севги эса асло адо бўлмайди. 9Мана, ҳозир билимимиз тўлиқ эмас, Худонинг сўзини етказиш қобилиятимиз ҳам чекланган. 10Камолот зоҳир бўлганда эса тўлиқсиз нарсалар бартараф бўлади. 11Болалик пайтларимда мен бола каби гапирардим, бола каби фикр қилардим, бола каби мулоҳаза қилар эдим. Вояга етгач, болаликни ташладим. 12Шу сингари, биз ҳозир хира ойна орқали кўргандай бўляпмиз, аммо вақти келганда аниқ кўрамиз. Ҳозирги билганларим тўлиқ эмас. Ўша пайтда эса Худо мени тўлиқ билгани каби, мен ҳам ҳамма нарсани тўлиқ тушунаман.

13Мана бу уч нарса бор: ишонч, умид ва севги. Севги эса энг аълосидир.

 

14–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Муқаддас Руҳ ато қиладиган инъомлардан фойдаланиш

 

1Севгининг пайида бўлинглар, шунингдек, Муқаддас Руҳ берадиган инъомларни олишга, айниқса инсонларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар. 2Ким номаълум тилда гапирса, инсонларга эмас, Худога гапиради, чунки уни ҳеч ким тушунмайди. У Руҳдан илҳомланиб, сирларни гапиради. 3Худонинг сўзини етказадиганлар эса одамларни имонда маҳкам туришга ундайдилар, уларга далда берадилар, юпатадилар. 4Одам номаълум тилда гапирганда, фақатгина ўзининг имонини мустаҳкамлайди. Худонинг сўзини одамларга етказадиган инсон эса бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди. 5Ҳаммангизнинг ҳам номаълум тилларда гапиришингизни истайман, лекин бошқаларга Худонинг сўзини етказадиган инсон бўлишингизни ундан ҳам кўпроқ хоҳлайман. Чунки Худонинг сўзини айтиш одамларга кўпроқ фойда келтиради, лекин номаълум тилда гапирганнинг сўзлари талқин қилинса, бу ҳам жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди.

6Хўш, биродарларим, мен сизларнинг олдингизга келиб, номаълум тилда гапирсам–да, лекин айтганларим сизларга ҳеч қандай тушунча, билим бермаса, Худонинг сўзини етказмаса ва йўл–йўриқ кўрсатмаса, мен сизларга қандай фойда келтирган бўламан? 7Ҳатто жонсиз чолғу асбоблари ҳам, масалан, най ёки чанг, фарқли бир садо чиқармаса, най ёки чангда қандай мусиқа чалинаётганини одам қаердан билади? 8Агар бурғу ноаниқ бир садо берса, ким жангга тайёргарлик кўришни бошлайди? 9Шунга ўхшаб, агар сизларнинг гапингиз тушунарсиз бўлса, тингловчиларингиз нима гапирганингизни қандай билиб оладилар? Сизлар ҳавога гапиргандай бўласизлар.

10Дунёда тиллар кўп ва хилма–хилдир, улардан бирортаси ҳам маъносиз эмас. 11Агар мен бирор тилни тушунмасам, у тилда гапираётган одам учун мен ажнабийман, у ҳам мен учун ажнабийдир. 12Модомики сизлар Руҳ берадиган инъомларга эга бўлишга интилаётган экансизлар, бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайдиган инъомга бой бўлиш пайида бўлинглар. 13Шунинг учун номаълум тилда гапирган одам ўзининг айтганларини талқин қилиш қобилиятини олиш учун ҳам ибодат қилсин. 14Агар мен номаълум тилда ибодат қилсам, руҳим ибодат қилади, онгим эса бунда иштирок этмайди. 15Хўп, бундан қандай хулоса чиқараман? Руҳим билан ибодат қиламан, онгим билан ҳам ибодат қиламан. Руҳим билан ҳамду сано айтаман, онгим билан ҳам ҳамду сано айтаман. 16Акс ҳолда, агар сен руҳинг билан номаълум тилда ҳамду сано айтсанг, атрофингдагилар қандай қилиб сенинг шукрона ибодатингга қўшилиб “омин”, деб айта олади? Улар сенинг айтаётганларингни тушунмайди–ку! 17Шу тарзда шукрона айтганларинг яхши, лекин бу атрофингдагиларнинг имонини мустаҳкамламайди–ку! 18Худога шукурки, номаълум тилларда мен ҳаммангиздан ҳам кўпроқ гапираман. 19Имонлилар жамоатида эса номаълум тилда минглаб сўзларни гапиргандан кўра, бошқаларга насиҳат қилиш учун тушунарли бештагина сўз айтишни афзал биламан.

20Эй, биродарларим, ёш болалардай фикр қилманглар. Аксинча, ёмонликка келганда чақалоқдек бўлиб, ақл–идрокка келганда эса етук инсонлар бўлинглар. 21Муқаддас Битикларда қуйидагидай ёзилган:

“Эгамиз шундай демоқда:

‘Мен бу халққа ўзга тилларда,

Бегона халқларнинг оғзи орқали гапираман,

Аммо шунда ҳам улар Менга қулоқ солмайдилар.’”

22Демак, номаълум тиллар имонлилар учун эмас, балки имонсизлар учун аломатдир. Худонинг сўзини етказиш инъоми эса имонсизлар учун эмас, имонлилар учун аломатдир. 23Агар имонлилар жамоати бир жойда йиғилиб, ҳаммаси номаълум тилларда гапираётган бўлишса, у ерда бундан бехабар бўлганлар, яъни имонсизлар бўлса, улар: “Булар жинни бўлиб қолибди”, деб айтмайдими?! 24Аммо ҳамма Худонинг сўзини тушунарли равишда бошқаларга етказиб бераётган бўлса, у ердаги бундан бехабар бўлган, яъни имонсиз одам уларнинг айтаётганларини эшитади. Шундан кейин юрагини текшириб кўради–да, гуноҳкор эканлигига амин бўлади. 25Унинг юрагидаги сирлари фош бўлади. Шунда у мук тушиб: “Чиндан ҳам Худо сизлар билан экан”, дейди–да, Худога сажда қилади.

 

Жамоат йиғилишларидаги тартиб-қоида

 

26Энди, биродарлар, бундан қандай хулоса чиқарамиз? Бирга йиғилганингизда, баъзилар сано айтади, баъзилар таълим беради, баъзилар Худонинг сўзини бошқаларга етказади, баъзилар номаълум тилларда гапиради, яна баъзилар эса уларнинг айтганларини талқин қилади. Буларнинг ҳаммаси имонлилар жамоатининг имонини мустаҳкамлаш ниятида қилинсин. 27Агар баъзилар номаълум тилларда гапирмоқчи бўлса, икки киши, энг кўпи билан уч киши навбат билан гапирсин, уларнинг айтганлари талқин қилинсин. 28Агар таъбир қилувчи бўлмаса, номаълум тилда гапираётган одам жамоатда жим турсин, ўзига ва Худога гапирсин.

29Шунингдек, икки ёки учта одам бошқаларга Худонинг сўзини етказсин, қолганлар эса айтилганларга баҳо берсинлар. 30Ўтирганлардан бирига Худонинг сўзи келса, ўша пайтда гапираётган одам жим бўлсин. 31Шунда ҳамма бирин–кетин Худонинг сўзини бошқаларга етказа олади, токи ҳамма таълим ва далда олсин. 32Худонинг хабарини етказаётганда инсон ўз руҳини бошқара олади. 33Ахир, Худо тартибсизлик Худоси эмас, балки тинчлик Худосидир. Барча жамоатларда, Худонинг азиз халқи орасида бу намоён бўлиб турибди.

34Жамоатда аёллар сукут сақласин. Ахир, уларга гапириш учун ижозат берилмаган, Муқаддас Битикларда ёзилганидай, улар итоаткор бўлишлари керак. 35Агар улар бирор нарсани билмоқчи бўлсалар, уйда ўз эрларидан сўрасинлар. Имонлилар жамоатида аёл кишининг гапириши адабсизликдир.

36Эй, Коринфлик биродарлар, Худонинг сўзи сиздан келиб чиққанми?! Наҳотки у фақатгина сизларга етиб борган бўлса?! 37Агар бирор киши: “Менда Худонинг сўзини етказиш инъоми бор” ёки “Руҳдан махсус бир инъом олганман”, деб ўйласа, менинг ёзганларим Раббимиз Исонинг амри эканлигини эътироф этсин. 38Агар улар буни тан олмасалар, Худо ҳам уларни танимайди.

39Шундай экан, биродарларим, бошқаларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар, бошқаларнинг номаълум тилларда гапиришларига тўсқинлик қилманглар. 40Фақат ҳаммаси адаб ва тартиб билан қилинсин.

 

15–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Исо Масиҳнинг ўликдан тирилганлиги ҳақида

 

1Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилгансиз, у имонингизнинг асосидир. 2Ўша Хушхабар орқали қутқариласиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда бекорга ишонган бўласизлар.

3Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас Битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган. 4Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Битикларга мувофиқ содир бўлди. 5Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. 6Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар. 7Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди. 8Ва ниҳоят, менга ҳам кўринди, мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай эдим.

9Ахир, ҳаворийларнинг энг арзимайдиганиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки Худонинг жамоатини қувғин қилардим. 10Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир. 11Нима бўлса ҳам, Хушхабарни сизлар мендан эшитгансизларми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса унга ишонасиз.

 

Ўликлардан тирилиш ҳақида

 

12Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш, деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?! 13Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да! 14Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор. 15Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз. 16Ахир, ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади. 17Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар. 18Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да! 19Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, биз энг бахтсиз инсонлар эканмиз.

20Ваҳоланки, Масиҳ ростдан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди. 21Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир инсон орқали содир бўлади. 22Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади. 23Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади. 24Шундан сўнг, Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни Самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади.

25Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак. 26Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади. 27Ахир, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилдириб, Унинг оёқлари остига ташлаган. Гарчи Муқаддас Битикларда: “Бутун борлиқ Унга тобе бўлди”, деб ёзилган бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир. 28Ҳамма нарса Масиҳга тобе қилдирилгандан кейин, Ўғил ҳам Ўзига ҳамма нарсани тобе қилдирган Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқнинг устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин.

29Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор? 30Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз? 31Ҳар куни ўлимга рўбаро бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ. 32Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку” дейиш ўринли бўлмайдими?! 33Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку! 34Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай, деб буларни айтяпман.

 

Тирилган тананинг хусусиятлари

 

35Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар. 36Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку! 37Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку! 38Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.

39Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача. 40Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа. 41Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади.

42Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади. 43Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади. 44Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да! 45Муқаддас Битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди”. Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди.

46Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади. 47Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир. 48Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар. 49Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз.

50Эй, биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман. Қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди. 51Мана, мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз. 52Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз. 53Чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак. 54Ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, бу фоний танамиз мангу танага айланганда, Муқаддас Битикларда ёзилган қуйидаги оятлар амалга ошади:

“Ўлим енгилиб, йўқ бўлди.

55Эй, ўлим, сенинг нишинг қаерда?!

Эй, ўлим, сенинг зафаринг қаерда?!”

56Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди. 57Худога шукрлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.

58Шунинг учун, эй, азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!

 

16–БОБ - КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Қуддусдаги жамоат учун маблағ йиғиш ҳақида

 

1Энди Худоимизнинг Қуддусдагиазизларига моддий маблағ тўплаш масаласига келсак, сизлар ҳам Галатия ҳудудидаги жамоатларга берган йўл–йўриқларимга амал қилинглар. 2Ҳар ҳафтанинг бошида ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин. 3Борганимдан кейин, эҳсонларингизни имонлиларга топширсин, деб ўзингиз муносиб кўрган кишиларни Қуддусга жўнатаман. Уларнинг ҳар бирини таништириб, мактуб ёзиб бераман. 4Агар боришга имкон бўлса, ўзим ҳам улар билан бирга бораман.

 

Павлуснинг режалари ва йўл–йўриқлари

 

5Македониядан ўтиш ниятим бор. Шундан кейин сизларнинг олдингизга бораман. 6Сизлар билан бирмунча вақт бўламан, деб ўйлайман, балки ҳатто қишни ҳам сизлар билан ўтказарман. Ундан кейин қаерга бормоқчи бўлсам ҳам, сизларнинг ёрдамингиз билан сафаримни яна давом эттираман. 7Ахир, сизларни фақатгина йўл–йўлакай кўришни истамайман, Раббимиз Исо хоҳласа, сизлар билан кўпроқ вақт ўтказаман, деб умид қиламан. 8Лекин Ҳосил байрамига қадар Эфес шаҳрида қоламан. 9Чунки бу ерда менга қарши чиққанлар кўп бўлишига қарамай, таъсирчан фаолият кўрсатишим учун йўл очилди.

10Тимўтий олдингизга борганда унга ғамхўрлик қилинглар, у орангизда хотиржам юрсин, чунки у ҳам менга ўхшаб Раббимиз Исо хизмати билан машғул. 11Ҳеч ким унга паст назар билан қарамасин. У менинг олдимга қайтиб келаётганда, уни эсон–омон кузатиб юборинглар. Унинг биродарлар билан бирга келишини кутиб турибман.

12Биродаримиз Аполлосга келсак, уни биродарларга қўшилиб сизларнинг олдингизга боришга кўп ундадим, лекин унинг ҳозир ҳеч боргиси йўқ. Имкони бўлса кейинроқ борар экан.

13Ҳушёр бўлинглар, имонда маҳкам туриб, жасоратли ва кучли бўлинглар. 14Ҳамма нарсани меҳр–муҳаббат билан қилинглар. 15Биродарлар, Стефаннинг хонадонини биласизлар. Улар Ахая ҳудудида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирганлар ва ўзларини Худонинг азиз халқига хизмат қилишга бағишлаганлар. Сизлардан бир илтимосим бор: 16Бундай инсонларни ва улар билан бирга берилиб хизмат қилаётганларни ҳурмат қилиб, уларнинг айтганларини қилинглар. 17Стефан, Фортунат ва Ахаикнинг келганидан хурсанд бўлдим, улар сизларнинг йўқлигингизни билдирмади. 18Улар сизларнинг руҳингизни кўтаргандек, менинг ҳам руҳимни кўтардилар. Бундай инсонларни қадрланглар.

 

Сўнгги саломлар

 

19Асия ҳудудидаги жамоатлар сизларга салом йўллаяптилар. Акил билан Прискилла ва уларнинг уйида йиғиладиган жамоат ҳам сизларга — Раббимиз Исонинг йўлидаги ҳамкорларига оташин салом айтяпти. 20Ҳамма биродарларимиз салом айтяптилар. Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. 21Мен, Павлус мана шу саломни ўз қўлим билан ёзяпман.

22Кимки Раббимиз Исони яхши кўрмаса, у лаънати бўлсин! Эй, Раббимиз, келгин! 23Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин. 24Сизларни яхши кўраман, чунки ҳаммамиз Исо Масиҳга тегишлимиз.

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com