Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ТИМЎТИЙГА 1-МАКТУБ

Кириш

 

Мазкур хатнинг муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус бу мактубини ўз ўғлидай бўлиб қолган яқин хизматдоши ва ёрдамчиси Тимўтийга ёзган.

Тимўтий Листра шаҳридан эди. Листра шаҳри ҳозирги Туркия ҳудудида жойлашган. Тимўтийнинг онаси Исо Масиҳга имон келтирган яҳудий, отаси эса юнон эди. Тимўтий Павлус билан бирга Эфес ва Коринф шаҳарларига, шунингдек, Македония ўлкасига бориб, Хушхабарни тарғиб қилиш хизматида Павлусга ёрдам берганди. Сафарга чиқишдан олдин Павлус у ердаги яҳудийларни васвасага солмаслик учун Тимўтийни ҳатто суннат ҳам қилдирганди (Ҳаворийлар 16:1-3 га қаранг). Тимўтий ҳаворий ҳисобланмаса–да, имонлилар жамоати учун кўп хизмат қилган садоқатли масиҳий бўлган.

Ўша даврда жамоатларда сохта таълимотлар кенг тарқалганди. Бу таълимотлар яҳудий ва ғайрияҳудий эътиқодларининг чатишувидан пайдо бўлиб, моддий дунёҳаром, нажотга эса фақат сирли билимга эга бўлиш орқали эришса бўлади деган ғояни илгари сурарди. Бундай бидъатлар баъзи овқатларни истеъмол қилишни ва уйланишни ман этарди. Павлус бу таълимотларни фош этиб, Тимўтийга ҳақиқий художўйлик билан ҳаёт кечиришни, жамоатда тўғри, соғлом таълимот ўргатиш ҳақида насиҳат қилади. Булардан ташқари, Павлус ушбу мактубида имонлилар жамоатининг етакчилари ва хизматкорлари зиммасига қўйилган талаб ҳамда масъулиятлар тўғрисида сўз юритади. У бевалар, хўжайинлар ва қуллар, бой биродарлар муносабатлари ҳақида кўрсатмалар бериб, дуо ва ибодат мавзусини ёритиб ўтади.

 

1–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Дуойи салом

 

1Нажоткоримиз Худонинг ва биз умид боғлаган Исо Масиҳнинг амрига кўра, Масиҳнинг ҳаворийси этиб тайинланган мен — Павлусдан 2имондаги содиқ ўғлим Тимўтийга салом! Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сенга иноят, марҳамат ва тинчлик ато қилсин.

 

Сохта таълимотлардан эҳтиёт бўл

 

3Мен Македонияга кетаётганимда, сенга тайинлаганимдай, Эфес шаҳрида қол. У ердаги баъзи кишилар сохта таълимотни ўргатаётган эканлар. Уларнинг бу қилмишларига барҳам бер. 4Уларга, афсоналар ва шажаралар хусусидаги бемаъни баҳслар билан банд бўлманглар, деб буюр. Ахир, бундай баҳслар фақат жанжалларга сабаб бўлади. Одамлар Худонинг нажот режасини англашларига булар ёрдам бермайди. Зеро, инсон Худонинг нажотини имон орқалигина англаб олади. 5Мен бу насиҳатим билан сизларда меҳр–муҳаббат уйғотмоқчиман. Меҳр–муҳаббат соф юракдан, тоза виждондан, холис имондан ҳосил бўлади. 6Орангиздаги баъзи одамлар эса булардан юз ўгириб, аҳмоқона баҳсларга берилиб кетганлар. 7Улар одамларга Худонинг қонунини ўргатишни орзу қиладилар, қонунга тиши ўтмаса–да, у ҳақда сўзлаб, ишонч билан гапирадилар.

8Биз биламизки, Худонинг қонуни яхши, агар ундан Худо кўзлагандай фойдаланилса! 9Қонун солиҳлар учун эмас, балки қонунсизу итоатсизлар учун берилгани ҳаммамизга маълум. Дарҳақиқат, қонун бетавфиқу гуноҳкорлар, диёнатсизу худобезорилар, ота ёки онасини ўлдирганлар, қотиллар, 10фаҳшбозлар, баччабозлар, одам савдоси билан шуғулланувчилар, ёлғончилару сохта гувоҳлик берувчилар, хуллас, соғлом таълимотга зид иш қилаётганларнинг ҳаммаси учун берилган. 11Худо менга ишониб топширган бу ҳақиқат Хушхабарда баён қилинган. Муборак Худонинг улуғворлиги Хушхабарда аён этилган.

 

Павлуснинг Худога шукронаси

 

12Ишимни бажаришда менга куч–қувват берган Раббимиз Исо Масиҳга шукрлар айтаман. У мени ишончли деб билиб, Ўз хизматига олгани учун ғоятда миннатдорман. 13Мен илгарилари Масиҳга қарши чиқар эдим, Унинг издошларини таъқиб этиб, уларга жабр–зулм қилардим. Бироқ, шуларга қарамай, Худо менга раҳм қилди, ахир, мен Масиҳга ишонмаганим учун нима қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим. 14Раббимиз Исо Масиҳ менга чексиз иноят кўрсатди. Унинг Ўзи менга имон ато қилиб, меҳру оқибатни ўргатди. 15“Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди”, деган гап тўғри ва асослидир, ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. Мен ўзим ўша гуноҳкорларнинг энг ашаддийси эдим! 16Аммо Исо Масиҳ менга раҳм қилди. Мен каби ўтакетган гуноҳкорларга нисбатан У ниҳоятда сабрли эканини кўрсатди, токи бошқалар ҳам мендан ибрат олиб, Унга ишонсинлар, абадий ҳаётга эга бўлсинлар. 17Мангу Шоҳга ҳамду санолар бўлсин! Ўлмас, кўринмас, ягона Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

18Эй ўғлим Тимўтий, сен ҳақингда илгари айтилган башоратларга биноан сенга буюраман: ўша башоратларга таяниб, улуғ курашда жанг қилгин. 19Имонингни маҳкам тут, виждонли бўл. Баъзи одамлар виждонини сотдилар, уларнинг имони ҳалокатга учраган кемадай барбод бўлди. 20Именей ва Искандар шулар жумласидандир. Mен уларни шайтонга топширдим. Бу уларга сабоқ бўлиб, улар Худога ва Унинг азизларига қарши чиқишни бас қиладилар.

 

2–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Дуо ва ибодатларга оид кўрсатмалар

 

1Авваламбор, насиҳатим шуки, бутун инсоният учун илтижо қилинглар, тоат–ибодатда бўлиб, дуолар ўқинглар, шукроналар айтинглар. 2Тақводор, обрў–эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, ҳукмдорлару бошлиқлар учун ибодат қилинглар. 3Бу хайрли иш бўлиб, Нажоткоримиз Худога мақбулдир. 4У ҳамма инсонларнинг нажот топишларини ва ҳақиқатни билиб олишларини истайди. 5Зеро, ҳаммамизга маълумки:

Худо ягонадир,

Худо билан инсонлар орасидаги

Воситачи ҳам ягонадир.

Бу Воситачи Исо Масиҳдир.

У Ўзи инсон эди

6Ва бутун инсониятни қутқариш учун

Ўз жонини фидо қилди.

Шу орқали Худо Ўзи белгилаган пайтда нажот режасини аён этди. 7Мен нажот ҳақидаги бу хабарни эълон қилувчи ҳаворий этиб тайинландим. Тўғрисини айтяпман, ёлғон гапираётганим йўқ! Ҳақиқатдан ҳам, мен турли халқларга имон ва ҳақиқатни ўргатиш учун юборилганман.

8Сизлар йиғилганингизда, орангиздаги эркаклар қўлларини дуога очиб, чин қалбдан ибодат қилсинлар. Ҳеч кимдан ғазабланмасинлар, талашиб–тортишмасинлар. 9Хотинлар соддагина, дид билан кийинсинлар. Улар сочига ортиқча оро бермай, олтин ва марварид тақинчоқлар ёки қимматбаҳо кийимлар билан эмас, балки ор–номус билан безансинлар. 10Художўй хотинларга муносиб хайрли ишлар билан ўзларига зеб берсинлар. 11Таълим берилаётганда хотинлар сукут сақласин, муаллимнинг гапини икки қилмасин. 12Хотин эркакка таълим беришига ва унинг устидан ҳукмронлик қилишига рухсат бермайман. Хотин сукут сақласин. 13Ахир, олдин Момо Ҳаво эмас, балки Одам Ато яратилган–ку. 14Одам Ато эмас, хотин шайтонга алданиб, гуноҳ қилди. 15Ўшандан буён, хотинлар туққанда лаънат туфайли дарду азоб чекадиган бўлдилар. Бироқ шунга қарамай, агар улар камтару бамаъни бўлишса, Масиҳга бўлган имонда собит қолиб, меҳр–оқибатли бўлиб, тақводор ҳаёт кечиришса, нажот топадилар.

 

3–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Жамоат етакчисининг хислатлари

 

1“Имонлилар жамоатининг етакчиси бўлишга интилган инсон олижаноб ишни орзу қилган бўлади”, деган гап тўғри ва асослидир. 2Дарҳақиқат, бундай олижаноб вазифага тайинланадиган инсон яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор, мулоҳазали, вазмин, одобли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин. 3У майхўр, жаҳлдор, жанжалкаш эмас, балки мулойим, пулпарастликдан йироқ, 4хонадонини яхши бошқарадиган, фарзандлари унга бўйсуниб ҳурмат қиладиган бўлсин. 5Агар етакчи ўз хонадонини бошқара олмаса, Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади?! 6Эндигина имонга кирган одам етакчи бўлмасин, тағин керилиб, иблиснинг ҳалокатли чангалига тушиб қолмасин. 7У жамоатга қарашли бўлмаган одамлар орасида ҳам ҳурмат–эътиборга эга бўлсин. Шунда у маломатга қолмайди, шайтоннинг тузоғига тушмайди.

 

Жамоат хизматчисининг хислатлари

 

8Имонлилар жамоатининг хизматчилари ҳам ҳурматга сазовор, самимий инсонлар бўлишлари лозим. Улар майхўр ёки молпараст бўлмасинлар. 9Худо бизга аён этган ҳақиқат бўйича яшаб, барча ишни виждонан бажарсинлар. 10Уларни аввал синовдан ўтказиш керак. Агар камчиликсиз бўлсалар, хизматга тайинлансинлар. 11-12Улар хотинларига вафодор, фарзандларини ва хонадонини яхши бошқарадиган одамлар бўлишлари шарт. Хизматчи аёллар ҳам ҳурматга сазовор бўлишлари лозим. Улар ғийбат қилмайдиган, майхўрликка берилмайдиган, ҳар нарсада ишончли бўлсинлар. 13Жамоатдаги ўз хизматини яхши бажарганлар эл орасида таниладилар. Улар Исо Масиҳга бўлган имонда юксак жасоратга эга бўладилар.

 

Худо аён этган ҳақиқат

 

14-15Мен яқин орада олдингга бораман, деган умиддаман. Борди–ю, кечиксам, Худонинг хонадонида одамлар ўзларини қандай тутишлари кераклигини билишинг учун буларни сенга ёздим. Зеро, жамоат барҳаёт Худога тегишлидир, жамоат ҳақиқатнинг пойдевори ва устунидир. 16Дарҳақиқат, Худо бизга аён этган ҳақиқат буюкдир. Асл художўйликнинг манбаи бўлмиш бу ҳақиқат қуйидагичадир:

Масиҳ ер юзига Инсон бўлиб келди.

Янги, улуғвор ҳаёт учун ўликдан тирилиб,

Худонинг Ўғли деб тасдиқланди.

У зоҳир бўлди фаришталарга.

У ҳақдаги Хушхабар эълон этилди халқларга,

Дунё бўйлаб одамлар Унга имон келтирди.

Улуғворликка бурканиб У самога юксалди.

 

4–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Сохта устозларнинг ёлғон таълимоти фош этилади

 

1Худонинг Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар ёлғончи руҳларга ва жинлар таълимотига қулоқ соладилар. 2Бундай таълимотни тарқатган одамлар риёкор ва ёлғончидирлар. Уларнинг виждони ўлган, гўё қиздирилган темир билан куйдирилиб йўқ қилинган. 3Улар уйланишни ва эрга тегишни ман этадилар, маълум овқатларни тақиқлайдилар. Ҳолбуки, бу овқатларни Худо берган. Ҳақиқатни билиб олган имонлилар Унга шукрона айтиб, ейишлари учун яратган. 4Чунки Худо яратган ҳар бир нарса яхшидир. Биз ҳеч бир таомни тақиқламай, шукрона айтиб, ҳаммасини ейишимиз лозим. 5Биз овқатимиз учун Худога шукрлар айтганимизда, Худо барча озуқани ҳалол деб эълон қилганини эътироф этган бўламиз.

 

Исо Масиҳнинг содиқ хизматкори бўлгин

 

6Сен бу насиҳатларимни биродарларингга ўргатсанг, Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўласан. Ўзинг риоя қилаётган соғлом таълимотни ва имонимизнинг ақидаларини ўзлаштириб, руҳан озиқланиб борасан. 7Сафсатабоз кампирларга хос бемаъни афсоналардан юз ўгир. Художўй бўлишга астойдил ҳаракат қил. 8Ахир, шундай бир мақол бор–ку: “Жисмоний машқ тана учун фойда берар, художўйлик эса ҳар томонлама фойда келтирар, у дунёю бу дунёда ҳаёт бахш этар.” 9Бу гап тўғри ва асослидир, у ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. 10Одамлар абадий ҳаётга эга бўлишлари учун биз жон–жаҳдимиз билан хизмат қиляпмиз. Барҳаёт Худога умид боғлаганмиз. У барча инсонларнинг, айниқса имонлиларнинг Қутқарувчисидир.

11Сен биродарларга таълим бергин, бу ўгитларга риоя қилишларини уларга ўргатгин. 12Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча, ҳамманинг ҳурматини қозониш учун, сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин. 13Мен олдингга боргунимча жамоатдаМуқаддас Битикларни овоз чиқариб ўқишга, насиҳат ва таълим беришга вақтингни бағишла. 14Ўзингга берилган инъомга эътиборли бўл, уни ишга сол. Ахир, сен бу инъомингни айтилган башоратлар ва оқсоқоллар бошингга қўл қўйиб қилган дуолари натижасида олгансан.

15Айтганларимнинг ҳаммасини амалда қўлла. Ўзингни бу вазифага сидқидилдан бағишла, шунда сен Худонинг йўлида шахдам қадам билан, илдамлаб бораётганингни ҳамма кўради. 16Ҳаёт тарзингга, нималар ўргатаётганингга эътибор қил. Бу фаолиятингни астойдил давом эттир, шундай қилсанг, ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.

 

5–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Имонлилар жамоатидаги муносабатларга оид кўрсатмалар

 

Ёшу қариялар

 

1Ёши катта одамга қаттиқ гапирма, уни отанг ўрнида кўриб, ҳурмат билан насиҳат қил. Ёшларга укаларингдек, 2кампирларга оналарингдек муносабатда бўл. Ёш аёлларни сингилларинг ўрнида кўриб, уларга покдиллик билан насиҳат қил.

 

Бевалар

 

3Суянчиғи йўқ бева хотинларга ғамхўрлик қил. 4Агар беванинг болалари ёки набиралари бор бўлса, улар энг аввало ўз оиласи олдидаги, Худо буюрган фарзни адо этиб, фарзандлик бурчини бажарсинлар, чунки бу Худога мақбулдир. 5Ёлғиз қолган, суянчиғи йўқ бева хотин бутун умидини Худога боғлаб, кечаю кундуз тоат–ибодат қилади. 6Аммо кайф–сафога берилиб кетган бева хотин руҳан ўликдир. 7Беваларга ва уларнинг оила аъзоларига буларни ўргат, токи улар маломатга қолмасинлар. 8Зеро, ўз қариндошларига, хусусан оила аъзоларига ғамхўрлик қилмаган киши имонни инкор этган бўлади. У имонсиздан ҳам баттардир.

9Туллар рўйхатига фақатгина олтмиш ёшдан ошган, марҳум эрига вафодор бўлган бева аёлларни кирит. 10Бу аёллар қилган эзгу ишлари билан танилган, яъни болаларига яхши тарбия берган, мусофирларга меҳмондўст бўлган, Худо азизларининг оёқларини ювган, қийналганларга ёрдам берган, ўзларини турли хил хайрли ишларга бағишлаган бўлишлари лозим.

11-12Бева қолган ёшроқ хотинларни рўйхатга киритма. Чунки уларнинг эҳтироси жунбишга келганда, эрга тегишни истаб қоладилар. Шунда улар эрга тегмаслик ҳақидаги Масиҳга берган ваъдасини бузиб, одамлар орасида ёмон отли бўлиб қоладилар. 13Бундан ташқари, улар бошқа бир хатарга йўлиқадилар: ялқовликка берилиб, уйма–уй юришга ўрганиб қоладилар. Шуниси етмагандай, ғийбат қилишга, бошқаларнинг ишига бурун суқиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришга одатланадилар. 14Шу сабабларга кўра мен ёш беваларнинг эрга тегишини истардим. Улар бола туғиб, рўзғор ишлари билан машғул бўлсинлар, ғанимларимизнинг ёмон гапиришларига имкон яратиб бермасинлар. 15Чунки шундоқ ҳам баъзи беваларимиз тўғри йўлдан озиб, шайтон йўлига кириб кетдилар.

16Агар бирорта имонли аёлнинг бева қолган қариндошлари бўлса, уларга ўзи ёрдам берсин, бу вазифани имонлилар жамоатига юкламасин. Шунда суянчиғи йўқ бева хотинларга жамоат яхшироқ ёрдам бера олади.

 

Жамоат оқсоқоллари

 

17Имонлилар жамоатини яхши бошқараётган, хусусан астойдил ваъз айтиб, таълим бераётган оқсоқоллар ҳурматга сазовордирлар, улар қилган меҳнатларига яраша тақдирлансинлар. 18Зеро, Муқаддас Битикларда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг” ва “Меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир”, — дейилган. 19Икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма. 20Гуноҳ қилиб юрган оқсоқолларни эса ҳамманинг олдида фош қилиб, тавбага чақир, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин. 21Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар ҳузурида сенга қатъий буюраман: ҳеч бир ишда юз–хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу кўрсатмаларимга риоя қил.

22Бирор одамни жамоат оқсоқоли вазифасига тайинлашга шошилма, тағин бировнинг гуноҳларига шерик бўлиб қолма. Ўзингни пок сақла. 23(Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур. Бу ошқозонингга яхши таъсир қилиб, тез–тез юз бераётган касалликларингнинг олдини олади.) 24Баъзи одамларнинг гуноҳлари ҳозирдан очиқ–ошкор бўлиб, ҳатто қиёмат кунидан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса охиратда маълум бўлади. 25Шунингдек, қилинган хайрли ишлар ҳам ошкордир. Баъзилари ошкор бўлмаса–да, барибир пинҳон қолмайди.

 

6–БОБ - ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ

 

Хўжайинлар ва қуллар

 

1Қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар ўз хўжайинларини камоли эҳтиромга лойиқ ҳисобласинлар. Токи, ҳеч ким Худонинг номини ва таълимотини ҳақоратламасин. 2Хўжайинлари имонли бўлган қуллар, “бир–биримизга биродармиз”, деб хўжайинларига ҳурматсизлик қилмасинлар. Аксинча, янада кўпроқ тиришиб, уларга хизмат этсинлар. Чунки азиз биродарлари бўлмиш хўжайинлари ўз қулларининг фаровонлигини кўзлаб, нонини бут қиляптилар.

Ана шу барча кўрсатмаларим ҳақида таълим бериб, насиҳат қил.

 

Сохта устозларнинг асл қиёфаси

 

3Агар ким бегона таълимотни ёйса ва Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий каломига қарши чиқиб, художўйликка чорловчи таълимотимизни рад этса, 4у босар–тусарини билмай қолган нодондир. Бундай одам бирор масала борасида талашиш ва икир–чикир гаплар ҳақида баҳслашиш касалига йўлиққан, унинг ғаламисона гаплари ҳасад, жанжал, туҳмат, тубан гумонлар 5ва тўполонларга сабаб бўлади. Фикри бузуқ бундай одамлар ҳақиқатдан маҳрумдирлар. Улар сохта художўйлигини фойда манбаи, деб биладилар. 6Тўғри, художўйликдан фойда катта, қачонки биз бори билан қаноатлансак. 7Ахир, биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз. 8Қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлса, шулар билан қаноат қилайлик. 9Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар. 10Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.

 

Тимўтийга сўнгги буйруқлар

 

11Эй Худонинг қули Тимўтий, сен эса ўзингни бу иллатлардан олиб қоч. Солиҳлик, художўйлик, имон, севги, сабр–тоқат ва мулойимликнинг пайида бўл. 12Абадий ҳаётга эришиш мақсадида, имон учун бўладиган улуғ курашда жанг қил. Ахир, Худо сени абадий ҳаётга даъват этган. Сен бу ҳаётга эга бўлиш учун кўп гувоҳлар олдида Исо Масиҳга бўлган имонингни мардларча тан олгансан. 13Пўнтий Пилат қошида ҳақиқатни мардларча тан олган Исо Масиҳ ҳузурида ва бутун борлиққа ҳаёт бағишлаган Худо ҳузурида сенга буюраман: 14зиммангдаги хизматингни ҳалоллик билан бажар. Раббимиз Исо Масиҳ келадиган кунгача ўзингни гап тегмайдиган қилиб тут. 15Ягона муборак Ҳоким бўлган Худо Ўзи белгилаган пайтда Исо Масиҳни юборади. Худо шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир. 16У ягона мангу Худодир. У яқинлашиб бўлмайдиган нурда яшайди, Уни ҳеч бир инсон кўрмаган ҳамда кўриши мумкин эмас. Абадий салтанат Соҳиби бўлган Худога шон–шарафлар бўлсин! Омин.

 

Бой биродарлар учун насиҳатлар

 

17Бу дунёда бойлик топган биродарларга айт, мағрурланмасинлар, бевафо бойликка умид қилмасинлар. Аксинча, умидини Худога боғласинлар. Худо бизга ҳамма нарсани хурсанд бўлишимиз учун саховат билан беради. 18Уларга буюр, яхшилик қилсинлар, хайрли ишларга бой, сахий, очиқ қўл бўлсинлар. 19Шунда улар асл хазина тўплаб, келгуси дунё учун ўзларига мустаҳкам замин яратган бўладилар, ҳақиқий ҳаётга эришадилар.

 

Тимўтийга сўнгги панд–насиҳатлар

 

20Эй Тимўтий, сенга ишониб топширилган Хушхабарни асрагин. Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплару ҳақиқатга зид бўлган таълимотлардан қочгин. Баъзи одамлар адашиб, буларни “билим”, деб атайдилар. 21Бундай “билимга” таянган баъзилар ҳақ йўлдан оздилар.

Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com