Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ЮҲАННО

Кириш

 

Мазкур китобнинг муаллифи Забадийнинг ўғли балиқчи Юҳаннодир. У акаси Ёқуб ва Бутрус билан бирга Исо Масиҳнинг энг яқин шогирди ҳисобланади. Юҳанно бу китобда ўз исмини ишлатмай, ўзини Исо Масиҳнинг севикли шогирди деб тилга олган (масалан, 13:23 га қаранг). Муаллиф мазкур Хушхабар орқали китобхонларга Исонинг Нажоткор — Масиҳ эканлигини кўрсатади, Исога ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эришишини айтиб ўтади.

Ушбу китоб азалдан мавжуд бўлган “Калом”, яъни дунёга келган Исо Масиҳ ҳақидаги маълумот билан бошланади. Муаллиф китобда Исо Масиҳнинг кўрсатган мўъжизалари ва мўъжизлар орқали исботлаган ҳақиқати ҳақида сўз юритади. Исонинг ўлдирилиши ва тирилиши ҳақидаги ҳодисалар ҳам китобдан ўрин олган. Исо тирилгандан кейин бир неча марта шогирдларига зоҳир бўлгани ҳақидаги маълумот китобга якун ясайди.

Китобда Исо Масиҳ Ўзини “ҳаёт нони”, “ҳаётбахш сув манбаи”, “оламнинг нури”, “яхши Чўпон”, “йўл, ҳақиқат ва ҳаёт”, “ҳақиқий ток” ва “одамларни охиратда тирилтирувчи, уларга ҳаёт берувчи Зот” деб атайди. Одамлар муҳтож бўлган Нажоткор — Исо Масиҳ эканлигини матндан аниқ кўришимиз мумкин.

 

1–БОБ - ЮҲАННО

 

Муқаддима: Азалда — Калом

 

1Азалда Калом бор эди.

Калом Худо билан бирга эди,

Калом — Худо эди.

2Азалда У Худо билан бирга эди.

3Бутун борлиқ Калом орқали яратилган,

Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.

4Калом — ҳаёт манбаи эди,

Бу ҳаёт инсонларнинг Нури эди.

5Нур зулматда порлайди,

Зулмат эса Нурни енголмади.

6Худо Яҳё исмли бир одамни юборди. 7Яҳё Нур ҳақида шаҳодат қилгани келган эди, токи ҳамма унинг шаҳодати орқали имон келтирсин. 8Унинг ўзи Нур эмас эди, у фақат Нур ҳақида шаҳодат қилгани келганди. 9Ҳар бир одамни ёритадиган ҳақиқий Нур дунёга келаётган эди.

10Ҳа, Калом дунёда эди,

Дунё У орқали яратилганди,

Бироқ дунё Уни танимади.

11У Ўз юртига келди,

Лекин Ўз халқи Уни қабул қилмади.

12Уни қабул қилганларнинг ҳаммасига эса,

Унга имон келтирганларга,

У Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини берди.

13Улар на тана хоҳишидан,

На эр хоҳишидан,

Табиий йўл билан эмас,

Балки Худодан туғилган фарзандлардир.

14Калом инсон бўлди,

Орамизда яшади.

У иноят ва ҳақиқатга тўлганди.

Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик.

Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.

15Яҳё У ҳақда гувоҳлик бериб, баланд овозда деди:

— Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган, деб мана шу Киши ҳақида айтган эдим.

16Унинг чексиз инояти туфайли

Биз ҳаммамиз барака устига барака олдик.

17Худо қонунниМусо орқали берди,

Иноят ва ҳақиқатни эса

У Исо Масиҳ орқали кўрсатди.

18Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас,

Ота бағридаги, аслида Худо бўлган ягона Ўғил,

Уни бизга танитди.

 

Яҳё чўмдирувчининг гувоҳлиги

 

19-20Қуддусдагияҳудийлар Яҳёнинг олдига руҳонийларни ва левиларни юбордилар. Улар келиб, Яҳёдан:

— Сен кимсан? — деб сўрадилар. Яҳё жавоб беришдан бош тортмади. У шаҳодат бериб, очиқ–ойдин:

— Мен Масиҳ эмасман, — деб айтди. 21Яна ундан:

— Бўлмаса кимсан? Илёсмисан? — деб сўрадилар.

— Йўқ! — деди у.

— Биз кутаётган пайғамбармисан? — деб савол бердилар. У яна:

— Йўқ! — деб жавоб берди.

22— Унда кимсан? Бизни юборганларга жавоб беришимиз керак. Сен ўзинг ҳақингда нима дейсан? — деб сўрадилар.

23— Ишаё пайғамбар айтганидай: “Эгамизга тўғри йўл очинг”, деб саҳрода янграётган овоз менман, — деди Яҳё.

24Фарзийлар томонидан юборилган бу одамлар 25Яҳёга дедилар:

— Модомики сен Масиҳ ҳам, Илёс ҳам, биз кутган пайғамбар ҳам эмас экансан, нега халқни сувга чўмдириб юрибсан?

26Яҳё уларга жавобан шундай деди:

— Мен одамларни сувга чўмдиряпман, холос. Лекин орангизда сизлар танимайдиган бир Зот бор. 27У менинг орқамдан келяпти, шундай бўлса–да, мен Унинг чориғи ипларини ечишга ҳам арзимайман.

28Бу ҳодиса Иордан дарёсининг шарқий қирғоғидаги Байтания қишлоғида юз берган эди. Яҳё ўша ерда одамларни сувга чўмдириб юрарди.

 

Исо — Худонинг қурбонлик Қўзиси

 

29Эртаси куни Яҳё Исонинг яқинлашиб келаётганини кўриб, шундай деди: “Ана, Худонинг Қўзиси! У дунёни гуноҳдан поклайди! 30Мен ана шу Киши ҳақида: “Менинг кетимдан келаётган Зот, мендан улуғдир. Чунки У мендан олдин мавжуд бўлган”, деб айтган эдим. 31Мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин Уни Исроил халқига танитиш мақсадида, мен одамларни сувга чўмдиргани келдим.”

32Яҳё яна шундай шаҳодат бериб деди:

— Мен Руҳнинг осмондан каптардай учиб келганини ва Унинг устига қўнганини кўрдим. 33Ўша пайтгача мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин “Одамларни сувга чўмдирасан”, деб мени юборган Худо менга шундай деган эди: “Муқаддас Руҳ кимнинг устига тушиб қўнганини кўрсанг, билки, Муқаддас Руҳга Чўмдирувчи Ўшадир.” 34Мен буни кўрдим ва сизларга “Бу — Худонинг Ўғлидир”, деб айтяпман.

 

Исонинг дастлабки шогирдлари

 

35Эртаси куни Яҳё шогирдларининг иккитаси билан яна кечаги жойда эди. 36У ўтиб кетаётган Исога қараб:

— Ана, Худонинг Қўзиси! — деди.

37Иккала шогирд Яҳёнинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашиб боришди. 38Исо ўгирилиб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди–да, улардан:

— Сизларга бирон нарса керакми? — деб сўради.

— Раввий, Сиз қаерда турасиз? — дейишди улар. (“Раввий” устоз демакдир).

39— Юринглар, кўрасизлар, — деди Исо.

Улар бориб, Исонинг турар жойини кўрганларида, соат тўрт бўлиб қолган эди. Шунинг учун улар ўша куни Исо билан қолишди. 40Яҳёдан Исо ҳақида эшитиб, Унга эргашганлардан бири Идрис эди. Идрис — Шимўн Бутруснинг укаси эди. 41У дарров акаси Шимўнни топди–да, унга:

— Биз Масиҳни топдик, — деди. (Масиҳ “Худонинг Танлагани” демакдир.) 42Идрис акасини Исонинг олдига олиб келди. Исо унга қараб деди:

— Сен Юҳанно ўғли Шимўнсан. Сенинг исминг Кифа бўлади (Кифа юнончада — Бутрус, яъни “Тош” демакдир).

43Эртаси куни Исо Жалилага бормоқчи бўлди. У Филипни учратиб, унга:

— Ортимдан юр! — деди.

44Филип Байтсайда шаҳридан бўлиб, Идрис ва Бутруснинг ҳамшаҳари эди. 45Филип Натанилни топиб, унга деди:

— Мусо Таврот китобида, бошқа пайғамбарлар эса ўзларининг битикларида бир Зот тўғрисида ёзишган эди. Биз ўша Зотни топдик. У Носира шаҳридан, Юсуф ўғли Исо экан!

46— Носира шаҳридан? У ердан бирон яхшилик чиқармиди?! — деди Натанил унга.

— Юр, кўрасан! — деди унга Филип.

47Исо яқинлашиб келаётган Натанилни кўриб, у ҳақда шундай деди:

— Ана Исроилнинг ҳақиқий авлоди. У ҳийла деган нарсани билмайди.

48Натанил Исодан сўради:

— Сиз мени қаердан танийсиз?

— Филип сени чақирмасидан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, — деб жавоб берди Исо. 49Шунда Натанил деди:

— Устоз, Сиз Худонинг Ўғлисиз! Исроилнинг Шоҳисиз!

50Исо унга жавобан деди:

— Мен сенга: “Сени анжир дарахти тагида кўрдим”, деганим учунгина ишоняпсан. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан!

51Сўнг яна шундай деб қўшиб қўйди:

— Сизларга чинини айтайин: сизлар осмон очилганини ва Худонинг фаришталари Инсон Ўғли олдига тушиб–чиқаётганини кўрасизлар.

 

2–БОБ - ЮҲАННО

 

Исонинг дастлабки мўъжизаси

 

1Икки кундан кейин Жалиладаги Кана қишлоғида никоҳ тўйи бўлди. Исонинг онаси у ерда эди. 2Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф қилинган эдилар.

3Шароб тугай деб қолганда, онаси Исога:

— Уларда шароб қолмабди, — деди. 4Исо унга:

— Бунинг менга нима дахли бор?! Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ, — деди. 5Шунда онаси хизматчиларга:

— У сизларга нима деса, шуни қилинглар, — деди.

6Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш маросимларида ишлатиладиган олтита тош хум бор эди. Ҳар бир хум ичига ўн–ўн икки челак сув сиғарди.

7Исо хизматчиларга:

— Хумларни сувга тўлдиринглар, — деди. Улар хумларни лиммо–лим қилиб сувга тўлдиришди. 8Исо уларга:

— Энди хумдаги сувдан озгина олиб, тўйбошига олиб боринглар, — деди. Улар олиб боришди.

9Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Бу шаробнинг қаердан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматчилар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртириб, 10унга деди:

— Дастурхонга аввал яхши шароб тортилади. Меҳмонлар ичиб тўйганларидан кейин, ёмонроғи тортилади. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб келибсан!

11Бу Исонинг қилган биринчи мўъжизаси эди. Исо бу мўъжизали аломатни Жалиладаги Кана қишлоғида намойиш этиб, Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари Унга ишондилар.

12Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига бордилар ва у ерда бир неча кун турдилар.

 

Исо сотувчиларни Маъбаддан қувади

 

13Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди. 14Маъбад ҳовлисига кирганда, у ерда мол–қўй, каптар сотаётганларни ва хонтахталар ёнида ўтирган саррофларни кўрди. 15Исо арқондан қамчи ясади–да, Маъбаддан ҳаммани мол–қўйлари билан бирга қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди. 16Каптар сотувчиларга:

— Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини бозор қилманглар! — деди. 17Шунда Унинг шогирдлари Муқаддас Битиклардаги: “Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар”, деган сўзларни эсладилар.

18— Бундай қилишга нима ҳақинг бор?! Борди–ю, ҳақинг бўлса, биронта аломат кўрсатиб, буни исбот қил! — деб талаб қила бошлади яҳудийлар.

19Исо шундай жавоб берди:

— Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.

20Бунга жавобан яҳудийлар дедилар:

— Бу Маъбад қирқ олти йилда қурилган, Сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан–а?!

21Ҳолбуки, Исо Маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди. 22Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу гапини эсладилар. Шунда Муқаддас Битикларга ва Исонинг сўзларига ишондилар.

23Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб, Унга имон келтирдилар. 24Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун, Ўзини уларга ишонмас эди. 25Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.

 

3–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо ва Никодим

 

1Яҳудий бошлиқларидан Никодим исмли бир одам бор эди, у фарзийлар мазҳабида эди. 2Бу одам бир куни кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди:

— Устоз! Сиз Худодан келган бир муаллим эканлигингизни биз биламиз. Агар Худо сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизали аломатларни қила олмас эдингиз.

3Исо унга шундай жавоб берди:

— Сизга чинини айтай: қайтадан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигини кўролмайди.

4— Кекса одам туғила олармиди?! У онасининг қорнига қайта кириб, яна туғила олмайди–ку! — деди Никодим. 5Исо шундай жавоб берди:

— Сизга чинини айтай: сувдан ва Руҳдан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигига киролмайди. 6Oдам жисмонан ота–онадан туғилади, руҳан эса Муқаддас Руҳдан туғилади. 7“Сизлар қайтадан туғилишингиз керак”, деганимга таажжубланманг. 8Руҳ худди шамолга ўхшайди. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасиз–у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсиз. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади.

9— Бу қандай бўлиши мумкин? — деб сўради Никодим. 10Исо унга шундай жавоб берди:

— Сиз Исроилнинг устозисиз–ку! Наҳотки шуни билмасангиз?! 11Сизга чинини айтай: биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз. Лекин сизлар бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар. 12Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар? 13Осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас. 14Мусо саҳрода бронза илонни ходага маҳкамлаб, қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак. 15Шу тариқа имонга келган ҳар бир киши У орқали абадий ҳаётга эга бўлади.

16Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. 17Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди. 18Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғлига ишонмади.

19Ҳукм шундай далилга асосланган: дунёга нур келди, аммо одамлар нурдан кўра зулматни яхши кўрдилар, чунки уларнинг қилмишлари ёвуз эди. 20Қабиҳлик қилган одам нурдан нафратланади. Қилмишлари фош бўлмаслиги учун у нурдан қочади. 21Ҳақиқат йўлини тутган одам эса нурга келади. Бундай одамнинг ишлари Худо орқали қилинганлигини нур ҳаммага аён қилади.

 

Яҳё чўмдирувчи Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик беради

 

22Шундан кейин Исо шогирдлари билан Яҳудия ҳудудига борди. Исо улар билан бир қанча вақт у ерда қолиб, одамларни сувга чўмдирди. 23Яҳё ҳам Салим яқинидаги Эйнон ерида халқни сувга чўмдирарди. У ер ниҳоятда серсув эди. Одамлар доим Яҳёнинг олдига келиб, сувга чўмдириларди. 24Бу ҳодисалар Яҳё зиндонга ташланишдан олдин юз берган эди.

25Шу маҳал Яҳёнинг шогирдлари билан бир яҳудий киши орасида таҳорат ҳақида баҳс бўлди. 26Улар Яҳёнинг олдига бориб дедилар:

— Устоз! Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида ёнингиздаги бир Одам ҳақида гувоҳлик берган эдингиз–ку, ўша Одам халқни сувга чўмдириб юрибди, ҳамма Унинг олдига боряпти.

27Бунга жавобан Яҳё деди:

— Агар осмондан берилмаса, инсон ҳеч нарса қила олмайди. 28“Мен Масиҳ эмасман, фақат Унинг олдидан юборилганман”, деб айтган сўзларимга ўзларингиз гувоҳсизлар. 29Келин куёвга тегишлидир. Куёв жўра эса куёв ёнида туриб, унинг овозини эшитганидан севиниб хурсанд бўлади. Худди шундай мен ҳам бугун бениҳоят шодман. 30Масиҳ юксалиши, мен эса пасайишим керак. 31Юқоридан келган Зот ҳаммадан устундир. Ердан бўлган одам ерга мансубдир ва ерга хос масалалар тўғрисида гапиради. Осмондан Келган эса ҳаммадан устундир. 32У кўргани ва эшитгани ҳақида гувоҳлик беради, аммо ҳеч ким Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди. 33Унинг гувоҳлигини қабул қилган киши эса Худонинг ҳақлигини тасдиқлайди. 34Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради. Зеро, Худо Ўз Руҳини Унга чексиз–ўлчовсиз беради. 35Ота Ўғлини яхши кўради, У ҳамма нарсани Ўғлининг қўлига топширган. 36Худонинг Ўғлига ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлади. Ўғилни рад этган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазаби остида қолади.

 

4–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо ва Самариялик аёл

 

1-3Исо Яҳёдан кўра кўпроқ шогирд орттириб, сувга чўмдиряпти, деган хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борди. Ваҳоланки, халқни Исонинг Ўзи эмас, шогирдлари сувга чўмдираётган эдилар. Бу хабар фарзийларнинг қулоғига етиб борганини Исо эшитгач, Яҳудияни тарк этиб, яна Жалилага йўл олди. 4У йўлда Самариядан ўтиши керак эди. 5Шундай қилиб, У Самариянинг Сиҳар деган шаҳрига келди. Бу шаҳар Ёқуб ўз ўғли Юсуфга берган ерга яқин эди. 6Ёқубнинг қудуғи ҳам ўша ерда эди.

Йўл юриб чарчаган Исо қудуқнинг ёнига ўтирди. Тахминан туш пайти эди. 7Шу вақт Самариялик бир аёл сув олгани келиб қолди. Исо унга:

— Менга ичгани сув бер, — деди. 8Исонинг шогирдлари эса овқат сотиб олиш учун шаҳарга кетган эдилар.

9Самариялик аёл Унга шундай деди:

— Сиз яҳудий бўлсангиз, мен эса Самариялик аёл бўлсам, қандай қилиб мендан сув сўрашга журъат этдингиз?! (Нега десангиз, яҳудийлар Самарияликлар билан алоқа қилмайдилар.)

10Исо аёлга деди:

— Худо сенга қандай инъом бермоқчи эканлигини ва сендан сув сўраган Одам ким эканлигини сен билмайсан. Билганингда эди, ўзинг Ундан сув сўраган бўлар эдинг ва У сенга ҳаётбахш сувни берган бўларди.

11— Тақсир! — деди аёл, — Сизда сув оладиган ҳеч нарсангиз йўқ–ку, қудуқ эса чуқур. Ҳаётбахш сувингизни қаердан оласиз? 12Бу қудуқни бизга бобоколонимиз Ёқуб берган. Унинг ўзи ҳам, болалари ҳам, чорвалари ҳам бу қудуқдан сув ичган. Наҳотки Сиз Ёқубдан ҳам устун бўлсангиз?!

13Исо аёлга шундай жавоб берди:

— Бу сувдан ким ичса, яна чанқаб қолади. 14Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сув ўша одамнинг вужудида булоққа айланиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқади.

15— Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Мен ҳам ҳеч қачон чанқамайин, сув олгани бу ерга келавермайин, — деди аёл.

16— Бориб, эрингни бу ерга чақириб кел, — деди Исо.

17— Менинг эрим йўқ, — деди аёл.

— Эрим йўқ, деб сен тўғрисини айтдинг, — деди Исо. 18— Сенинг беш нафар эринг бўлган, ҳозиргиси ҳам эринг эмас. Сен тўғрисини айтдинг!

19— Ҳазрат, Сиз пайғамбар эканингизни кўриб турибман, — деди аёл. 20— Ота–боболаримиз Худога бу тоғда сажда қилар эдилар. Аммо сизлар — яҳудийлар эса Худога сажда қилинадиган жой Қуддусда, дейсизлар.

21Исо унга деди:

— Эй аёл, Менга ишонгин, шундай вақт келадики, ўшанда Отага на бу тоғда, на Қуддусда сажда қиласизлар. 22Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар, бизлар эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардан келади. 23Аммо шундай вақтлар келадики, ҳақиқий сажда қилувчилар Отага Руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар. Бундай вақт келди ҳам! Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни излайди. 24Худо Руҳдир, Унга сажда қилувчилар ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида, ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилишлари лозим.

25Аёл Исога деди:

— Мен Масиҳ келишини биламан. У келганда, ҳамма нарсани бизга тушунтиради.

26Исо аёлга деди:

— Ўша Менман. Сен билан гаплашиб турибман.

27Шу пайтда Исонинг шогирдлари келиб қолишди. Унинг бир аёл билан гаплашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди. Лекин бирортаси ҳам: “Нима хоҳлайсиз?” ёки: “Нимага бу аёл билан гаплашяпсиз?” — деб сўрамади.

28Аёл кўзасини ўша ерда қолдирди–да, шаҳарга бориб, одамларга деди:

29— Юринглар, бир Одамни кўринглар. У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди! Ўша Масиҳ эмасмикин?

30Одамлар шаҳардан чиқиб, Исонинг олдига бордилар.

31Шу орада шогирдлари Исога:

— Устоз, овқат еб олинг, — деб таклиф қилдилар. 32Аммо Исо уларга деди:

— Менинг ейдиган овқатим бор, сизлар бу овқат тўғрисида билмайсизлар.

33Шогирдлари ўзаро гаплашиб:

— Бирон киши Унга овқат келтирганмикин? — деб айтишарди. 34Исо уларга деди:

— Менинг овқатим — Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг ишини тугатишдир. 35Сизлар: “Экинлар тўрт ойда етилади”, деган иборани ишлатасизлар. Мен эса сизларга айтаман: Кўзларингизни очинглар! Экинзорларга қаранглар! Ҳосил етилган, ўрим–теримга тайёр бўлган. 36Ўроқчи ҳозирдан яхши даромад олмоқда, абадий ҳаёт учун ҳосил йиғмоқда. Токи ҳосилни эккан ва ўрган бирга қувонишсин. 37“Бири экади, бошқаси ўради”, деган мақол шу вазиятга тўғри келади. 38Мен сизларни ўзингиз меҳнат қилиб экмаган ҳосилни ўргани юбордим. Бошқалар меҳнат қилган эдилар, сизлар эса уларнинг меҳнатидан фойдаланасизлар.

39Шундан кейин ўша шаҳарда яшовчи талай Самарияликлар Исога имон келтиришди. Улар ҳалиги аёлнинг “У менинг қилган ҳамма ишларимни айтиб берди”, деган гувоҳлигига ишонган эдилар. 40Шундай қилиб, Самарияликлар Исонинг олдига келиб: “Биз билан қолинг”, деб Исога ёлворишди. Исо икки кун ўша ерда қолди. 41Исонинг айтган сўзлари туфайли кўп одамлар имон келтирди. 42Шунда улар аёлга дедилар:

— Энди сенинг сўзларинг туфайлигина ишонаётганимиз йўқ. Уни ўзимиз ҳам эшитдик. У ҳақиқатан ҳам оламнинг Нажоткори эканлигига амин бўлдик.

 

Исо амалдорнинг ўғлини соғайтиради

 

43Икки кундан кейин Исо у ердан Жалилага жўнаб кетди. 44У: “Пайғамбар ўз юртида эътибор топмайди”, деб таъкидлаганди. 45Жалилага келганда эса, аҳоли Уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Чунки улар Фисиҳ байрами учун Қуддусга борганларида, у ерда Исонинг қилган ҳамма ишларини кўрган эдилар.

46Шундай қилиб, Исо яна Жалиладаги Кана қишлоғига келди. Бу ерда У сувни шаробга айлантирган эди. Ўша пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой амалдорининг ўғли касал бўлиб ётган эди. 47Бу одам Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганлигини эшитиб, Унинг олдига борди. Исога: “Юринг, ўлим тўшагида ётган ўғлимга шифо беринг”, деб ёлворди.

48— Сизлар аломату мўъжизалар кўрмагунча ишонмайсизлар! — деди унга Исо.

49— Юра қолинг Ҳазрат, ўғилгинам ўлиб қолмасин! — деди сарой амалдори Унга.

50— Сиз бораверинг. Ўғлингиз соғ–саломат, — деди Исо.

У одам Исонинг айтганига ишониб, жўнаб кетди.

51У ҳамон йўлда экан, хизматкорлари унга пешвоз чиқиб:

— Ўғлингиз соғ–саломат, — деган хабар келтирдилар.

52— Қайси соатда аҳволи енгиллашди? — дея сўради у.

— Кеча тушда, соат бирларда иситмаси тушди, — дейишди хизматкорлар.

53“Ўғлингиз соғ–саломат”, деган сўзларни Исо айнан шу вақтда айтганини боланинг отаси англади. Шунда ўзи ва бутун хонадони Исога имон келтирди.

54Бу эса Исонинг Яҳудиядан Жалилага келиб кўрсатган иккинчи мўъжизали аломати эди.

 

5–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо шолни соғайтиради

 

1Бу ҳодисалардан кейин Исо яҳудийларнинг байрамини нишонлаш учун Қуддусга борди. 2Қуддуснинг Қўй дарвозаси ёнида бир ҳовуз бор эди. Бу ҳовузнинг оромийча номи Байтзата бўлиб, бешта айвони бор эди. 3Бу айвонларда кўр, чўлоқ ва шол бўлган кўп ногиронлар ётар эди[1]. 5Бу ерда ўттиз саккиз йилдан бери ногирон бўлиб ётган бир киши бор эди. 6Исо унинг ётганини кўрди, у узоқ вақтдан бери хаста эканлигини Исо биларди. Шунинг учун ундан:

— Соғайишни истайсанми? — деб сўради. 7Ногирон одам Исога шундай жавоб берди:

— Тақсир, сув қимирлаганда мени ҳовузга туширадиган одам йўқ. Мен боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади.

8Исо унга шундай деди:

— Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, юр!

9Ўша одам шу заҳоти соғайиб кетди. Тўшагини олиб, юра бошлади.

Бу ҳодиса Шаббат куни содир бўлди. 10Шунинг учун яҳудийлар соғайиб кетган одамга дейишди:

— Бугун Шаббат куни! Бугун тўшакни кўтариб юриш қонунда ман этилган!

11У одам эса шундай жавоб берди:

— Мени соғайтирган Киши менга: “Тўшагингни олиб юр”, деб айтди.

12— “Тўшагингни олиб юр”, деб айтган Одам ким? — деб сўрадилар. 13Шифо топган одам эса Унинг кимлигини билмас эди, у ерда халқ кўплигидан Исо Ўзини четга олган эди.

14Кейинроқ Исо у одамни Маъбадда учратиб қолиб, унга деди:

— Мана, сен соғайдинг. Энди гуноҳ қилма, тағин бошингга бундан баттар кунлар келмасин.

15Бу одам бориб, уни соғайтирган Исо эканлигини яҳудийларга айтди. 16Улар эса, Исони Шаббат кунида бундай ишлар қилиб юргани учун қувғин қила бошладилар. 17Аммо Исо уларга шундай деди:

— Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман, — деди.

18Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга янада кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У нафақат Шаббат қоидаларини бузди, балки Худони Отам деб, Ўзини Худога тенглаштирган эди.

 

Ўғилнинг ҳокимияти

 

19Исо яҳудийларга шундай деди: “Сизларга чинини айтай: Ўғил Ўзидан Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Отасидан кўрган ишларни қилади. Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади. 20Ахир, Ота Ўғлини яхши кўради, Ўзи қилган ҳамма ишларни Ўғлига кўрсатади. У Ўғлига бундан ҳам буюкроқ ишларни кўрсатади, шунда ҳаммангиз ҳайрон қоласизлар. 21Ота ўликларни тирилтириб, уларга ҳаёт бахшида этгандай, Ўғил ҳам истаган одамига ҳаёт бахш этади. 22Шунингдек, Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини Ўғлига берган, 23токи ҳамма Отани ҳурмат қилгандай, Ўғлини ҳам ҳурмат қилсинлар. Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади.

24Сизларга чинини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм қилинмайди. Зотан, у ўлимдан ҳаётга ўтган. 25Сизларга чинини айтай: Ўликлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади, келиб қолди ҳам. Ўғилнинг овозига қулоқ солганлар тирилади. 26Зеро, Отанинг Ўзи ҳаёт манбаи бўлгани каби, Ўғлига ҳам ҳаёт манбаи бўлиш қудратини ато қилди. 27Бундан ташқари, Ота инсонларни ҳукм қилиш ҳокимиятини Ўғлига берди, чунки У Инсон Ўғлидир. 28Бунга ҳайрон қолманглар! Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Инсон Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. 29Шунда ўликлар қабрларидан чиқадилар: яхшилик қилганлар яшаш учун тирилади, ёмонлик қилганлар эса маҳкум бўлиш учун тирилади.”

 

Исо ҳақида Худонинг берган гувоҳлиги

 

30“Мен Ўзимдан Ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Отам Менга қандай айтса, шундай ҳукм қиламан, шунинг учун ҳукмим тўғридир. Зотан, Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман. 31Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди. 32Аммо Мен ҳақимда гувоҳлик берувчи бошқаси бор. Унинг берган гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламан.

33Сизлар Яҳёнинг олдига одам юбордингизлар, у ҳақиқат тўғрисида гувоҳлик берди. 34Гарчи Мен инсоннинг гувоҳлигига муҳтож бўлмасам–да, лекин буларни сизлар нажот топишингиз учун айтяпман. 35Яҳё гўё ёниб туриб, нур сочган бир чироқдай эди. Сизлар эса унинг нурида бирпас қувонмоқчи бўлдингизлар. 36Бироқ, Мен Яҳёдан кўра каттароқ гувоҳликка эгаман. Гувоҳлик деб, Мен тугатишим учун Отам берган ишларини назарда тутяпман. Буларнинг ҳаммаси Мени Отам юборганидан далолат беради.

37Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик бериб турибди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансиз. 38Унинг каломи ҳам кўнглингиздан жой олмади, чунки сизлар У юборган Зотга ишонмаяпсизлар. 39Сизлар Муқаддас Битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эга бўламиз, деб ўйлайсизлар. Аммо ўша Ёзувлар Мен тўғримда гувоҳлик беради–ку! 40Сизлар эса ҳаётга эга бўлиш учун олдимга келишни истамайсизлар.

41Мен инсонлардан таҳсин кутмайман. 42Лекин сизларни биламан, қалбингизда Худонинг севгиси йўқ. 43Мен Отамнинг номидан келдим, аммо сизлар Мени қабул қилмаяпсизлар. Агар кимдир ўз номидан келса, уни қабул қилаверасизлар. 44Сизлар бир–бирингиздан таҳсинлар олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам Менга ишона олардингиз?! 45Мен сизларни Ота олдида айблайман, деб ўйламанглар. Сизлар Мусога умид боғлагансиз. Мусонинг ўзи сизларни айблайди. 46Агар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонган бўлар эдингизлар. Ахир, у Мен ҳақимда ёзган эди. 47Мусонинг ёзувларига ишонмаган бўлсангиз, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?!”

 

6–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо 5000 кишини тўйдиради

 

1Шундан кейин Исо қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғига сузиб ўтди (Жалила кўлини Тиверия кўли деб ҳам аташарди). 2Бир талай халойиқ Исонинг орқасидан эргашиб борарди. Чунки Исо мўъжизали аломатлар орқали хасталарни даволаганини улар кўрган эдилар. 3У шогирдлари билан тоққа чиқиб ўтирди. 4ЯҳудийларнингФисиҳ байрами яқинлашаётган эди.

5Исо қараса, бир талай халойиқ У томонга келаётган экан. Исо Филипдан:

— Бу одамларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? — деб сўради. 6Исо бу гапни Филипни синаб кўриш учун айтаётган эди, аслида Ўзи нима қилишни билар эди.

7Филип шундай жавоб берди:

— Буларнинг ҳар бирига бир бурда нон бериш учун, икки юз кумуш тангага нон сотиб олсак ҳам етмайди!

8Шунда шогирдларидан бири, Шимўн Бутруснинг укаси Идрис Исога деди:

9— Бу ердаги бир болада бешта арпа нон билан иккита балиқ бор экан. Лекин шунча одамга бу нима ҳам бўлар эди.

10— Одамларни ерга ўтқазинглар, — деди Исо.

У ер қалин майсазор эди. Одамларнинг ҳаммаси ерга ўтиришди. У ерда тахминан беш мингга яқин эркак бор эди. 11Исо нонларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Сўнг ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди. Балиқларни ҳам худди шундай қилди. Одамлар истаганларича едилар.

12Ҳаммалари еб тўйганларидан кейин, Исо шогирдларига шундай деди:

— Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олинглар, исроф бўлмасин.

13Шогирдлар ейилган бешта арпа нондан ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишди, ўн икки сават тўлди. 14Шунда одамлар Исонинг қилган мўъжизали аломатини кўриб:

— Ҳақиқатан ҳам дунёга келиши керак бўлган пайғамбар мана шу Киши экан, — дедилар. 15Исо одамлар Уни зўрлик билан шоҳ қилиб кўтармоқчи эканликларини билгани учун, яна ёлғиз Ўзи тоққа чиқиб кетди.

 

Исо сув устида юради

 

16Кечки пайт Исонинг шогирдлари кўл бўйига бордилар. 17Қоронғи тушган, Исо эса ҳали ҳам уларнинг олдига келмаган эди. Шогирдлар қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳумга қараб йўл олдилар. 18Кучли шамол эсиб, кўл тўлқинланиб кетаётган эди. 19Улар қирғоқдан беш чақиримча йўл сузганларидан кейин, кўл юзида юриб келаётган Исони кўришди. У қайиққа яқинлашаётган эди, шогирдлар қаттиқ ваҳимага тушишди.

20— Қўрқманглар, бу Менман! — деди уларга Исо.

21Улар Исони қайиққа олмоқчи бўлдилар. Ўша заҳоти қайиқ улар бораётган қирғоққа етиб тўхтади.

 

Исо — ҳаёт нони

 

22Эртаси куни халқ Исони қидира бошлади. Одамлар у ерда фақат бир қайиқ борлигини ва шогирдлар Исони қолдириб, ўзлари қайиқда сузиб кетганларини билишарди. 23Шу пайт Тивериядан бошқа қайиқлар келиб қолди. Қайиқлар тўхтаган жой Раббимиз Исо Ўз шукрона дуосини ўқиган ва халқ нон еган ерга яқин эди. 24Одамлар Исо билан шогирдларининг у ерда йўқлигини кўргач, қайиқларга тушиб, Исони қидириб Кафарнаҳумга сузиб келишди. 25Улар Исони кўлнинг нариги бўйидан топиб, Ундан сўрашди:

— Устоз, Сиз қачон бу ерга келдингиз?

26Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизларга чинини айтайин: Сизлар аломатларни кўрганингиз учун эмас, балки нон еб тўйганингиз учун Мени қидиряпсизлар. 27Сиз ўткинчи озуқа учун эмас, абадий ҳаётга бошловчи боқий озуқа учун ҳаракат қилинглар. Бундай озуқани сизларга Инсон Ўғли беради. Зотан, Отамиз Худонинг Ўзи бу вазифа учун Уни маъқул деб топди.

28Одамлар Исога шундай савол беришди:

— Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак?

29Исо деди:

— Худога маъқул иш қилмоқчи бўлсангизлар, Худо юборган Зотга ишонинглар.

30Улар Исога жавобан шундай дедилар:

— Сизга ишонишимиз учун бирорта аломат кўрсатинг. Қани, биз учун нима иш қиласиз? 31Ахир, ота–боболаримиз саҳрода манна еганлар. Муқаддас Битикларда: “Худо уларга тановул қилишлари учун осмондан нон берди”, деб ёзилган–ку.

32Исо уларга деди:

— Сизларга чинини айтайин, сизларга осмондан нон берган Мусо эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради. 33Худо берадиган нон осмондан тушиб, дунёга ҳаёт бахш этади.

34Одамлар Исога шундай дедилар:

— Ҳазрат, бундай нонни бизга доим бериб туринг!

35Исо жавобан деди:

— Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмайди, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамайди. 36Аммо Мен сизларга айтганимдай, сизлар Мени кўрган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар. 37Отам Менга берган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. Олдимга келган биронта одамни Мен асло ҳайдаб юбормайман. 38Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман. 39Отамнинг иродаси шундан иборатки, У Менга берган биронтасининг йўқолишига Мен йўл қўймаслигим керак, балки охиратда уларнинг ҳаммасини тирилтиришим керак. 40Ҳа, Ўғилга кўз тиккан ва Унга ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлиши Отамнинг иродасидир. Мен бундай одамларни охиратда тирилтираман.

41Исо: “Мен осмондан тушган нонман”, дегани учун яҳудийлар Ундан норози бўла бошлашди.

42Улар ўзаро шундай деб айтишарди:

— Бу Юсуфнинг ўғли Исо–ку! Ота–онасини танисак, қандай қилиб: “Мен осмондан тушдим”, деб айтишга ҳадди сиғди?!

43— Бундай гапларингизни бас қилинглар! — деди уларга Исо. 44— Агар Мени юборган Ота бировни жалб қилмаса, у Менга келолмайди. Олдимга келган одамни эса Мен охиратда тирилтираман. 45Пайғамбарлар битикларида: “Уларнинг ҳаммасига Худо таълим беради”, деб ёзилган. Отага қулоқ солган, Ундан ўрганган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. 46Аслида ҳеч ким ҳеч қачон Отани кўрган эмас, биргина Худодан бўлган Зот Отани кўрган.

47Сизларга чинини айтаман: Ким Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади. 48Мен ҳаёт нониман. 49Ота–боболарингиз саҳрода манна егандилар, шунга қарамай ўлиб кетдилар. 50Аммо осмондан тушадиган бу нон эса шундай хислатга эгаки, ундан еган одам ўлмайди. 51Мен осмондан тушган ҳаётбахш нондирман. Бу нонни еган киши абадий яшайди. Дунёга ҳаёт бахшида этиш учун берадиган ноним Менинг танамдир.

52Шунда яҳудийлар:

— У қандай қилиб бизга Ўзининг танасини едира олар экан? — деб ўзаро талашиб–тортиша бошладилар. 53Исо уларга деди:

— Сизларга чинини айтаман: агар Инсон Ўғлининг танасини емасангизлар ва Унинг қонини ичмасангизлар, сизда ҳаёт бўлмайди. 54Менинг танамни еган ва қонимни ичган одам эса абадий ҳаётга эгадир. Мен уни охиратда тирилтираман. 55Менинг танам — ҳақиқий озуқа, қоним ҳақиқий ичимликдир. 56Танамни еб, қонимни ичадиган одам Менда, Мен эса унда яшайман. 57Модомики Мени барҳаёт Ота юборган экан, Мен Ота туфайли яшайман. Менинг танамни еган ҳар бир одам эса Мен туфайли яшайди. 58Осмондан тушган нон мана шудир. Бу нон ота–боболарингиз еган маннага ўхшамайди, улар манна еб ўлиб кетганлар. Мен берган нонни еган одам эса абадий яшайди.

 

Абадий ҳаёт сўзлари

 

59Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги синагогада таълим бераётганда айтган эди. 60Унинг кўплаб шогирдлари бу гапларни эшитиб:

— Қандай қаттиқ сўзлар! Буни ким ҳазм қила олади?! — дейишар эди. 61Шогирдларининг норози бўлганликларини Исо биларди, шунинг учун У шундай деди:

— Гапларим жиғингизга тегяптими? 62Агар сизлар Инсон Ўғлининг асли келган жойи — осмонга кўтарилиб кетаётганини кўрсангизлар, нима дер экансизлар–а?! 63Худонинг Руҳи ҳаёт бахш этади, инсон кучи билан эса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сизларга айтган бу сўзларимни Менга Худонинг Руҳи берган, бу сўзларим сизларга ҳаёт ато қилади. 64Шунга қарамай, орангизда Менга ишонмаганлар бор.

Ҳолбуки, Исо кимлар ишонмаганини ва ким Унга хиёнат қилишини олдиндан билар эди.

65Исо гапида давом этиб деди:

— Шу сабабдан Мен сизларга: “Ота йўл қўймаса, ҳеч ким Менинг олдимга келолмайди”, — деган эдим.

66Ўша вақтдан бошлаб кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар. 67Шунда Исо ўн икки шогирдидан:

— Сизлар ҳам кетмоқчисизларми? — деб сўради.

68Шимўн Бутрус шундай жавоб берди:

— Ҳазрат, биз Сиздан бошқа кимга ҳам борар эдик?! Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар Сизда–ку! 69Биз ишониб биламизки, Сиз Худонинг Азизисиз.

70Исо уларга деди:

— Мен ўн иккитангизни танлаб олдим. Лекин бирингиз иблисдир!

71У Шимўн Ишқариётнинг ўғли Яҳудони назарда тутган эди. Яҳудо ўн икки шогирддан бири бўлса ҳам, кейинчалик Исога хиёнат қилди.

 

7–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо ва укалари

 

1Шундан кейин Исо Жалилани кеза бошлади. У Яҳудияни кезишни хоҳламаган эди, чунки у ердаги яҳудийлар Уни ўлдиришга қасд қилган эдилар. 2Яҳудийларнинг Чайла байрами яқинлашаётган эди. 3Укалари Исога шундай дейишди:

— Бу ердан чиқиб Яҳудияга боринг. Қилаётган ишларингизни шогирдларингиз ҳам кўришсин. 4Машҳур бўламан, деган биронта одам яширинча иш қилмайди–ку! Бундай ишларни қилар экансиз, Ўзингизни дунёга танитинг!

5Ҳатто укалари ҳам Унга ишонмас эдилар. 6Исо укаларига шундай деди:

— Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ. Лекин сизлар учун ҳар вақт қулайдир. 7Дунё сизлардан нафратлана олмайди, лекин Мендан нафратланади. Чунки Мен унинг қилмишлари ёмон эканлигини юзига соламан. 8Майли, сизлар байрамга боринглар. Мен бу байрамга бормайман, чунки Менинг вақтим ҳали келгани йўқ.

9Шу сўзларни айтиб, Исо Жалилада қолди.

 

Исо Қуддусда Чайла байрамида

 

10Исонинг укалари байрамга кетганларидан кейин, Исонинг Ўзи ҳам ҳеч кимга билдирмай, яширинча байрамга борди. 11Яҳудийлар эса Исони байрамда қидирар, “У қаёқда?” деб сўрар эдилар. 12Омма орасида Исо тўғрисида ҳар хил гап–сўзлар ёйилган эди. Баъзилар: “У яхши Одам”, — десалар, бошқалар: “Йўқ, У халқни йўлдан оздиряпти”, — дейишарди. 13Бироқ яҳудийлардан қўрққанлари учун У ҳақда ҳеч ким очиқ гапирмас эди.

14Байрамнинг ярми ўтганда, Исо Маъбадга кириб, таълим бера бошлади. 15Уни эшитган яҳудийлар ҳайрон қолиб дейишди:

— Бу Одам ўқимаган бўлса, қаердан шунча нарсани билади?!

16Исо уларга жавобан деди:

— Менинг таълимотим Ўзимники эмас, балки Мени Юборганникидир. 17Ким Худонинг иродасини бажаришни истаса, бу таълимотим Худоданми ёки Ўзимданми, билиб олади. 18Ким ўз номидан гапирса, ўзига шуҳрат излайди. Ким уни юборганга шуҳрат изласа, ҳақиқатни сўзлайди, унинг дилида ҳийла бўлмайди. 19Қонунни сизларга Мусо берди, шундай эмасми? Аммо бирортангиз қонунни бажармайсизлар. Нега Мени ўлдирмоқчисизлар?

20— Сени жин урибди! Ким Сени ўлдирмоқчи экан? — деди халойиқ. 21Исо жавоб бериб деди:

— Мен Шаббат куни битта мўъжиза қилганим учун ҳаммаларингиз ҳайрон қоляпсизлар. 22Ўзларингиз эса, Мусонинг қонунига амал қилайлик, деб Шаббат куни ўғил болани суннат қиласизлар–ку! Аслида, суннат одати Мусодан эмас, Иброҳим давридан қолган. 23Мусонинг Қонуни бузилмасин деб, сизлар ҳатто Шаббат куни ҳам ўғил болани суннат қилсангизлар, нега Мендан ғазабланасизлар?! Шаббат куни одамни бутунлай соғайтирганим учунми?! 24Юзаки ҳукм қилманглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин.

 

Исонинг кимлиги ҳақида гумонлар

 

25Баъзи қуддусликлар шундай дейишарди:

— Ўлдиришмоқчи бўлган Одам шу эмасми? 26Мана, У ҳамманинг олдида сўзлаяпти, Унга қарши ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки бошлиқлар Уни Масиҳ, деб тан олишган бўлса?! 27Аммо бу Одамнинг қаерданлигини ҳаммамиз биламиз, Масиҳ келганда эса, Унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди.

28Исо Маъбадда таълим берар экан, баланд овозда шундай деди:

— Ҳа, сизлар Менинг кимлигимни ҳам, қаерданлигимни ҳам биласизлар. Лекин Мен Ўзимча келганим йўқ. Мени Юборган бор, сизлар эса Уни танимайсизлар. У ҳақдир. 29Мен Уни биламан, чунки Мен Унинг олдидан келганман, У Мени юборган.

30Бу гапи учун Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳеч ким Унга қўл теккизмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди. 31Шу билан бирга, халқ орасидаги кўп одамлар Унга имон келтирди. Улар:

— Масиҳ келса ҳам, барибир бунчалик кўп мўъжизали аломатлар кўрсата олмайди! — дейишарди.

 

Исони тутиб олмоқчилар

 

32Одамлар Исо тўғрисида шундай деб пичирлашаётганини фарзийлар эшитиб қолишди. Шунда бош руҳонийлар билан фарзийлар Исони қўлга олиш учун миршабларни юборишди.

33Исо деди:

— Мен сизлар билан қисқа бир муддат бўлиб, яна Мени Юборганнинг олдига қайтиб бораман. 34Сизлар Мени излайсиз–у, лекин тополмайсизлар. Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.

35Буни эшитган яҳудийлар ўзаро шундай деб айтишарди:

— У қаерга бормоқчи, биз Уни тополмас эканмиз? Балки У бошқа юртларда яшайдиган яҳудийлар орасига бормоқчидир?! Ғайрияҳудийларга ҳам таълим бермоқчидир?! 36“Сизлар Мени излайсиз–у, лекин тополмайсизлар, Мен борадиган жойга, сизлар боролмайсизлар”, деган гаплари билан нима айтмоқчи экан?!

 

Ҳаётбахш сув ва Руҳ ҳақида

 

37Байрамнинг охирги, улуғ кунида Исо туриб, баланд овозда хитоб қилди:

— Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга келиб ичсин. 38Шунда Муқаддас Битикларда айтилганидек, Менга ишонган одамнинг ичидан ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқиб чиқади.

39Исо шундай деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди. Унга ишонганлар Руҳни қабул қилиб олишлари керак эди. Лекин Руҳ ҳануз берилмаган эди, чунки Исо ҳали улуғланмаган эди.

 

Исо туфайли халқ бўлинади

 

40Оломон ичидан баъзилари бу сўзларни эшитиб шундай дедилар:

— Ҳақиқатан ҳам бу Одам биз кутган пайғамбар экан.

41Бошқалари:

— Бу Масиҳ, — дейишса, яна бошқалари шундай дейишарди:

— Масиҳ Жалиладан келмайди–ку! 42Муқаддас Битикларда, Масиҳ Довуднинг уруғидан келиб чиқади, У Довуд яшаган Байтлаҳм қишлоғида туғилади, деб айтилмаганми?!

43Шу тариқа Исо туфайли халқ иккига бўлинди. 44Баъзилар Уни қўлга олмоқчи бўлишди, аммо ҳеч ким Унга қўл теккизмади.

45Шу пайт миршаблар бош руҳонийларнинг ва фарзийларнинг олдига қайтиб келишди.

— Нега Уни олиб келмадинглар? — деб сўрашди улардан.

46— Ҳеч ким ҳеч қачон бу Одамдай гапирмаган, — деди миршаблар.

47— Мабодо У сизларни ҳам йўлдан урмадими? — дейишди фарзийлар. 48— Бошлиқлар билан фарзийлар орасида Унга ишонган биронта одам ҳам йўқ! 49Тавротни билмаган ўша қаланғи–қасанғилар эса шундоқ ҳам лаънат остида қолган!

50Шунда фарзийлардан бири, илгари Исонинг олдига борган Никодим шундай савол берди:

51— Қонунимизга кўра, биз одамни эшитмай туриб, айбини топмасдан уни ҳукм қила оламизми?!

52— Сен ҳам Жалиладан бўлсанг керак–а? Муқаддас Битикларни ўрганиб чиқ, Жалиладан пайғамбар чиқмаслиги аниқ, — дейишди унга.

53Шундан кейин ҳаммалари уй–уйларига тарқалиб кетдилар.

 

8–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо фоҳиша аёлни кечиради

 

1Исо Зайтун тоғи томон кетди. 2Саҳарда яна Маъбадга қайтди. Бутун халқ Унинг олдига йиғилиб келди, У эса ўтириб, одамларга таълим бера бошлади. 3Шу орада Таврот тафсирчилари билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб, 4шундай дейишди:

— Устоз! Бу аёл зино қилаётганда ушланди. 5Мусо Тавротда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган. Сиз нима дейсиз?

6Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Исо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади. 7Улар бу саволни қайта–қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди:

— Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.

8Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди.

9Улар бу гапни эшитиб, катталардан бошлаб ҳаммаси бирин–кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан Унинг олдида турган аёл қолди. 10Исо ўрнидан туриб аёлга деди:

— Эй аёл, бошқалар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?

11— Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл.

Исо деди:

— Мен ҳам сени маҳкум қилмайман. Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.

 

Исо Масиҳ — оламнинг нури

 

12Исо яна халққа гапириб деди:

— Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, ҳеч қачон зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.

13Фарзийлар Исонинг бу гапига эътироз билдириб дедилар:

— Сиз Ўзингизга Ўзингиз гувоҳлик беряпсиз. Бу гувоҳлигингиз ҳаққоний эмас.

14Исо шундай жавоб берди:

— Мен Ўзимга Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, гувоҳлигим ҳаққонийдир. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар. 15Сизлар инсоний ўлчов билан ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман. 16Борди–ю, Мен ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўзим эмас, балки Мени юборган Ота билан бирга ҳукм қиламан. 17Ўзларингизнинг Тавротингизда: “Икки гувоҳнинг шаҳодати ҳаққонийдир”, деб ёзилган–ку. 18Шундай экан, битта гувоҳ Менман, иккинчиси Мени юборган Отадир.

19Шунда улар Исодан:

— Отангиз қаерда? — деб сўрадилар. У бунга жавобан деди:

— Сизлар Мени ҳам, Отамни ҳам танимайсизлар. Агар Мени таниганингизда эди, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар.

20Бу сўзларни Исо Маъбадда таълим бераётиб, садақа қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни қўлга олмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.

 

Исони рад қилганларнинг оқибати

 

21Исо уларга яна деди:

— Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.

22— Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти–ку, — дейишди ўзаро яҳудийлар. 23Исо уларга шундай деди:

— Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман. 24Шунинг учун сизларга “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.

25— Сиз кимсиз? — деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди:

— Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман–ку! 26Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин Мени Юборган ҳақдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.

27Улар эса Исо Ўз Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар. 28Исо сўзида давом этди:

— Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша Мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда Мен Ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар. 29Мени Юборган доим Мен билан биргадир. У Мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.

30Исонинг айтган гапларини эшитган кўп одамлар Унга имон келтирдилар.

 

Озод қиладиган ҳақиқат

 

31Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди:

— Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. 32Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.

33Улар шундай деб жавоб беришди:

— Биз Иброҳим наслимиз. Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Қандай қилиб сиз “Озод бўласизлар”, деб айтяпсиз?

34Исо деди:

— Сизларга чинини айтайин: Гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир. 35Қул ҳеч қачон хонадон аъзоси бўла олмайди, ўғил эса абадулабад ўз хонадонининг аъзосидир. 36Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар. 37Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингиздан жой топмаган. 38Мен Отанинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сизларга айтяпман. Сизлар эса ўз отангиздан ўрганганингизни қиляпсизлар.

 

Иброҳим болалари, иблис болалари

 

39Улар Исога шундай жавоб бердилар:

— Бизнинг отамиз Иброҳимдир.

Исо шундай деди:

— Агар Иброҳимнинг фарзандлари бўлганингизда эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилган бўлар эдингизлар. 40Мен сизларга Худодан эшитган ҳақиқатни сўзлаб бердим, холос. Шундай бўлса–да сизлар Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай иш қилмаган. 41Сизлар Иброҳимнинг эмас, ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар.

— Ие, биз зинодан туғилмаганмиз. Бизнинг биттаю битта Отамиз — Худонинг Ўзи–ку! — деб жавоб беришди Исога. 42Исо уларга шундай деди:

— Агар Отангиз Худо бўлганда эди, Мени яхши кўрган бўлар эдингиз, чунки Мен Худодан келиб, энди шу ерда турибман. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди. 43Нега айтганларимни англамаяпсизлар?! Бунга сабаб — сўзларимни ҳазм қила олмаганингиз. 44Сизларнинг отангиз Худо эмас, иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо қилишни хоҳлайсизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳеч қачон ҳақиқат тарафдори бўлмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига хос сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир.

45Аммо Мен ҳақиқатни гапирганим учун, Менга ишонмаяпсизлар. 46Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳда айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар? 47Ким Худога тегишли бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун, қулоқ солмаяпсизлар.

 

Исо азалдан мавжуд

 

48Бунга жавобан яҳудийлар шундай дедилар:

— Сиз Самарияликсиз–ку, Сизни жин урибди, деб тўғри айтган эканмиз!

49Исо деди:

— Мени жин ургани йўқ. Мен Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар. 50Мен Ўзимга обрў орттирмоқчи эмасман. Лекин обрўйимни кўтарадиган бор, Унинг Ўзи ҳукм қилади. 51Сизларга чинини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлим кўрмайди.

52Шунда яҳудийлар дедилар:

— Сизни жин урганини энди аниқ билиб олдик! Иброҳим ўлди, пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган. Сиз эса: “Ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлмайди”, деяпсиз–а?! 53Наҳотки Сиз вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам устун бўлсангиз?! Пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган–ку! Сиз Ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз ўзи?!

54Исо шундай жавоб берди:

— Агар Мен Ўзимни Ўзим мақтасам, мақтовларим беҳудадир. Отамнинг Ўзи Мени мақтайди. Сизлар Уни Худойимиз деб атайсизлар, 55аслида эса Уни танимайсизлар. Мен эса Уни биламан. Агар, Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан. 56Отангиз Иброҳим келган кунимни кутиб, хурсанд бўлган эди. Ўша кунни кўриб, қаттиқ қувонди.

57— Сиз ҳали эллик ёшга тўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб Иброҳимни кўргансиз?! — дейишди яҳудийлар Унга. 58Исо уларга шундай жавоб берди:

— Сизларга чинини айтай: Иброҳим туғилмасидан олдин Мен бор бўлганман.

59Шунда Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. Исо эса яширинча Маъбаддан чиқиб кетди.

 

9–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо туғма кўрга шифо беради

 

1Исо йўлда кетаётиб, бир туғма кўр одамни кўриб қолди. 2Шогирдлари Исодан сўрадилар:

— Устоз, кимнинг гуноҳи унинг кўр бўлиб туғилишига сабабчи бўлди? Ўзиникими ёки ота–онасиникими?

3Исо шундай жавоб берди:

— Бу одамнинг гуноҳи ҳам, ота–онасининг гуноҳи ҳам бунга сабаб бўлмаган. Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган. 4Кун ёруғ экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишимиз лозим. Ана тун келяпти, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди. 5Мен оламда бор эканман, оламнинг нуридирман.

6Исо буларни айтди–ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди.

7Сўнг унга шундай деди:

— Бориб, Силоам ҳовузида ювингин (Силоам — “Юборилган” демакдир).

Кўр одам бориб ювинди ва кўра оладиган бўлиб қайтди. 8Шунда унинг қўшнилари ва илгари унинг садақа сўраганини кўрган одамлар:

— Бу ҳалиги тиланчилик қилиб ўтирган одам эмасми? — деб сўрашарди. 9Баъзилар:

— Бу худди ўша, — десалар, бошқалар:

— Йўқ, ўшанга ўхшайди, холос, — дейишарди. Одамнинг ўзи эса:

— Ўша менман, — деб таъкидларди.

10— Ундай бўлса, кўзларинг қандай очилди? — деб сўрадилар.

11— Исо деган Киши лой қилиб, кўзларимга суртди–ю, “Бориб, Силоам ҳовузида ювингин”, деди. Мен бориб ювиндим ва кўрадиган бўлиб қолдим, — деди шифо топган кўр.

12— Ўша Одам қани? — деб сўрадилар.

— Билмайман, — деб жавоб берди у.

 

Фарзийлар соғайган кўрни сўроқ қилишади

 

13Илгари кўр бўлган ўша одамни фарзийларнинг олдига келтиришди. 14-15Фарзийлар ҳам бу одамдан кўзлари қандай очилганини сўрадилар.

— У кўзларимга лой суртди. Мен ювиндим–у, кўзларим кўрадиган бўлди, — деди ҳалиги одам.

Исо лой қилиб, кўрнинг кўзларини очган кун Шаббат куни эди. Шунинг учун 16фарзийлардан баъзилари:

— Кўзларингни очган Одам Худодан эмас, чунки У Шаббат кунига риоя қилмаяпти, — дедилар. Бошқалари эса:

— Гуноҳкор одам бундай мўъжизали аломатларни қандай қила олади? — дейишди. Шундай қилиб, ораларида келишмовчилик пайдо бўлди.

17Шунда фарзийлар кўр одамдан яна сўрадилар:

— У Киши ҳақида сен нима дейсан? У сенинг кўзларингни очди–ку!

— У пайғамбар, — деб жавоб берди кўр.

18Бироқ яҳудийлар кўзлари очилган одамнинг ота–онасини чақиртирмагунча, унинг илгари кўр бўлганига ва кўзлари очилганига ишонмадилар. 19Улар кўрнинг ота–онасига шундай савол бердилар:

— Кўр туғилган, деб айтган ўғлингиз шуми? Хўш, энди қандай қилиб унинг кўзлари кўряпти?

20Ота–онаси жавоб беришди:

— Бу бизнинг ўғлимиз эканлигини биламиз. Унинг кўр туғилганини ҳам биламиз. 21Лекин қандай қилиб кўзлари кўраётганини ва кўзларини ким очганини биз билмаймиз. У балоғатга етган, ўзидан сўранглар. Ўзи учун ўзи жавоб берсин.

22Кўрнинг ота–онаси яҳудийлардан қўрққанлари учун шундай дедилар. Дин арбоблари бундан аввал, ким Исонинг Масиҳлигини тан олса, синагогадан четлаштирилсин, деб қарор қилган эдилар. 23Ана шу сабабдан кўрнинг ота–онаси: “У балоғатга етган, ўзидан сўранглар”, — деб айтишганди.

24Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақириб, дейишди:

— Ростини айтаман, деб Худонинг номи билан қасам ич! Биз у Одамнинг гуноҳкорлигини биламиз.

25Кўр шундай жавоб берди:

— У гуноҳкорми, йўқми, мен билмайман. Шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти.

26— У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди? — деб ундан сўрадилар.

27— Сизларга айтиб бердим–ку, аммо сизлар қулоқ солмадингизлар! Нега буни яна эшитмоқчисизлар?! Наҳотки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчисизлар?! — деди у одам. 28Яҳудийлар эса уни ҳақоратлаб, дейишди:

— Сен ўзинг Унинг шогирдисан! Биз эса Мусонинг шогирдларимиз! 29Мусога Худо гапирганини биламиз. Бу Киши–чи, Унинг қаерданлигини ҳам билмаймиз.

30Кўзи очилган одам шундай жавоб берди:

— Ана шуниси жуда ажабланарли–да! Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, У эса кўзларимни очган! 31Гуноҳкорларга Худо қулоқ солмаслигини биламиз. Унинг иродасига амал қилган тақводорларга эса Худо қулоқ солади. 32Туғма кўрнинг кўзларини бирор киши очганлиги ҳаётда эшитилмаган гап. 33Агар У Киши Худодан бўлмаганда эди, ҳеч нарса қилолмасди.

34Яҳудийлар бунга жавобан:

— Сен бутунлай гуноҳ ичида туғилгансан, энди бизга ақл ўргатяпсанми?! — дейишди–да, уни синагогадан ҳайдаб чиқаришди.

 

Қалби кўрлар

 

35Ўша одамнинг ҳайдаб чиқарилганлигини Исо эшитди–ю, уни қидириб топди.

— Сен Инсон Ўғлига ишонасанми? — деб сўради ундан.

36У одам эса Исога деди:

— Ҳазрат, У кимдирки, мен Унга ишонсам?

37— Уни кўриб турибсан, У билан гаплашиб турибсан, — деди Исо. 38Шунда у одам:

— Ишонаман, ё Раббий, — деди–да, Исога сажда қилди.

39Исо:

— Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин, деб Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, — деди.

40Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач:

— Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? — деб сўрашди. 41Исо уларга деди:

— Агар кўр бўлганингизда, гуноҳда айбланмас эдингиз. Лекин сизлар “Кўзларимиз кўряпти”, деганингиз учун, гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади.

 

10–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо — яхши Чўпон

 

1“Сизларга чинини айтайин: ким қўй қўрасига эшикдан кирмай, бошқа йўлдан ошиб тушса, у ўғри ва босқинчидир. 2Эшикдан кирган одам эса қўйларнинг чўпонидир. 3Қоровул унга эшикни очиб беради. Қўйлар унинг овозига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб ташқарига олиб чиқади. 4У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини биладилар. 5Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг овозини танимай, ундан қочадилар.”

6Исо бу матални айтиб берганда, тингловчилар У нима демоқчи эканлигини тушунмадилар. 7Шу сабабдан Исо яна деди:

“Сизларга чинини айтай: Мен қўйлар учун эшикман. 8Мендан олдин келганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. 9Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. 10Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.

11Мен яхши Чўпонман. Яхши Чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади. 12Ёлланган одам эса қўйларнинг на чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб қочади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади. 13Ёлланган одам шунчаки ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида қайғурмагани учун қочади.

14-15Мен яхши Чўпонман. Отам Мени ва Мен Отамни билганимдай, Мен қўйларимни биламан, улар ҳам Мени биладилар. Мен қўйларим учун жонимни фидо қиламан. 16Бу қўрада бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг овозимга қулоқ солади, шунда бир сурув, бир чўпон бўлади. 17Мен жонимни қайтиб олиш учун, уни фидо қиламан, шу боис Отам Мени яхши кўради. 18Ҳеч ким жонимни Мендан олмаяпти. Мен Ўз ихтиёрим билан уни фидо қиламан. Жонимни беришга ва уни қайтариб олишга ҳокимиятим бор. Буни Менга Отам буюрган.”

19Исонинг бу сўзлари туфайли, яҳудийлар орасида яна келишмовчилик бўлди. 20Ораларидан кўпчилик:

— Уни жин урибди, У ақлдан озган! Нега Унга қулоқ соляпсизлар? — дер эдилар. 21Бошқалари эса:

— Бу жин урганнинг сўзлари эмас. Жин кўр одамнинг кўзларини оча олармиди?! — деб айтишарди.

 

Исони рад қилишади

 

22Ўша вақтда ҚуддусдаМаъбадни Бағишлаш байрами нишонланаётган эди. Қиш. 23Исо Маъбадда Сулаймон айвони деган жойда айланиб юрар эди. 24Яҳудийлар Унинг атрофини ўраб олдилар.

— Қачонгача бизни иккилантирасиз? Агар Масиҳ бўлсангиз, бизга очиғини айтинг, — дейишди.

25Исо уларга жавоб берди:

— Мен сизларга айтдим, аммо сизлар ишонмаяпсизлар. Отам номидан қилаётган ишларим кимлигимни кўрсатиб турибди. 26Сизлар эса ишонмаяпсизлар, чунки сизлар Менинг қўйларимдан эмассизлар. 27Менинг қўйларим овозимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади. 28Мен уларга абадий ҳаёт бераман, улар ҳеч қачон ҳалок бўлмайдилар. Ҳеч ким уларни Менинг қўлимдан тортиб ололмайди. 29Уларни Менга берган Отам ҳаммадан буюкдир. Отамнинг қўлидан уларни тортиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди. 30Мен ва Отам — бирмиз.

31Яҳудийлар яна Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар.

32— Мен сизларга Ота буюрган кўп хайрли ишларни кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар? — деб сўради Исо. 33Яҳудийлар Унга шундай дейишди:

— Хайрли ишингиз учун эмас, куфрлигингиз учун Сизни тошбўрон қилмоқчимиз. Сиз одам бўла туриб Ўзингизни Худо деяпсиз!

34Исо шундай жавоб қайтарди:

— Сизлар ўзларингиз доим ўқийдиган Тавротда: “Айтдимки: Ҳаммангиз худодирсиз”, деб ёзилган эмасми?! 35Ўзларингиз биласизлар: Муқаддас Битикларни ўзгартириб бўлмайди. Худонинг каломини олган одамлар “худолар” деб аталган–ку! 36Мени эса Отам Ўзи учун ажратиб олиб дунёга юборган. Мен “Худонинг Ўғлиман” деганим учун куфрлик қилган бўламанми?! 37Агар Мен Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, Менга ишонмай қўя қолинглар. 38Борди–ю, Унинг ишларини қилаётган бўлсам, Менга ишонмасангиз ҳам, қилаётган ишларимга ишонинглар. Шунда Ота Менда ва Мен Отада эканимни билиб, англаб оласизлар.

39Улар яна Исони ушлаб олишга ҳаракат қилдилар, аммо Исо уларнинг чангалидан қутулиб қолди.

40Сўнг Исо Иордан дарёсининг нариги томонига, илгари Яҳё одамларни чўмдириб юрган жойга қайтиб бориб, у ерда қолди. 41Унинг олдига кўп одамлар келишарди. Улар шундай деб айтишарди:

— Яҳё ҳеч қандай аломат кўрсатмаган эди, лекин Яҳёнинг бу Одам ҳақида айтган ҳамма гапи тўғри чиқди.

42Шундай қилиб, ўша ердаги кўп одамлар Исога ишондилар.

 

11–БОБ - ЮҲАННО

 

Лазарнинг ўлими

 

1Байтания қишлоғида Лазар исмли бир одам касал ётган эди. Марям ва унинг опаси Марта ҳам шу қишлоқда яшар эдилар. 2РаббимизИсога атир мой суртган ва Унинг оёқларини сочи билан артиб қуритган ўша Марям эди. Касал ётган Лазар эса Марямнинг акаси эди.

3Опа–сингил Исога:

— Ҳазрат, Сизнинг азиз дўстингиз касал, — деган хабарни юборишди. 4Исо буни эшитиб шундай деди:

— Бу касаллик ўлим билан якунланмайди, балки Худонинг улуғланишига ва шу орқали Худо Ўғлининг улуғланишига сабаб бўлади.

5Исо Мартани, унинг синглисини ва Лазарни яхши кўрар эди. 6Аммо Лазарнинг хаста эканини билса ҳам, турган жойида яна икки кун қолди. 7Шундан сўнг У шогирдларига:

— Яҳудияга қайтиб борайлик, — деди.

8Шогирдлари эса шундай дедилар:

— Устоз, яқиндагина яҳудийлар Сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар–ку! Энди яна у ерга бормоқчимисиз?

9Исо жавоб берди:

— Кундуз ўн икки соатдан иборат эмасми?! Ким кундузи юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг нурини кўради. 10Кечаси юрган эса қоқилади, чунки унинг ўзида нур йўқ.

11Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди:

— Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман.

12— Ҳазрат, агар ухлаётган бўлса, тузалиб кетади, — деди шогирдлари.

13Исо Лазарнинг ўлимини назарда тутган эди. Шогирдлар эса Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапирди, деб ўйладилар. 14Кейин Исо уларга очиғини айтди:

— Лазар вафот этди. 15Мен унинг ёнида бўлмаганимдан хурсандман, чунки бу вазият сизларнинг ишонишингизга имкон беради. Қани, энди унинг олдига борайлик.

16Шунда Тўма (яъни “Эгизак”) бошқа шогирдларга:

— Қани юринглар, биз ҳам Исо билан ўламиз! — деди.

 

Исо — тириклик манбаи

 

17Исо у ерга етиб бориб билдики, Лазарнинг қабрга қўйилганига тўрт кун бўлган экан. 18Байтания қишлоғи Қуддусдан бор–йўғи уч чақиримча масофада жойлашган эди. 19Қуддусдаги кўп яҳудийлар Марта билан Марямнинг олдига акасининг вафоти муносабати ила тасалли бериш учун борган эдилар. 20Марта Исонинг келаётганини эшитиб, Уни кутиб олгани чиқди. Марям эса уйда қолди.

21— Ҳазрат! — деди Марта Исога. — Агар Сиз бу ерда бўлганингизда эди, менинг акам ўлмаган бўларди. 22Аммо ҳозир ҳам биламан, Сиз Худодан нима сўрасангиз, Худо Сизга беради.

23— Сенинг аканг тирилади, — деди Исо.

24— Биламан, охиратда ўликлар тирилганда тирилади, — деди Марта. 25Исо унга деди:

— Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди. 26Кимда–ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?

27— Ҳа, Ҳазрат, — деди Марта, — Сиз оламга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғли эканингизга ишонаман.

28Марта шундай деди–ю, бориб синглиси Марямни чақирди. Унга секингина деди:

— Устоз шу ерда, У сени чақиряпти.

29Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди–да, Исонинг олдига кетди. 30Исо ҳали қишлоққа кирмаган, ҳануз Марта Уни кутиб олган жойда эди. 31Марям билан уйда бўлган ва унга тасалли бераётган одамлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанини кўришди. Марям йиғи–сиғи қилгани қабрга кетяпти, деб ўйлаб, унинг орқасидан кетишди.

32Марям Исо турган ерга етиб келиб, Уни кўрди–ю, оёғига йиқилиб деди:

— Ҳазрат! Агар Сиз шу ерда бўлганингизда эди, менинг акам ўлмаган бўларди!

33Марям ҳам, у билан келганлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.

34— Уни қаерга қўйдингизлар? — деб сўради.

— Юринг, Ҳазрат, кўрасиз! — дедилар.

35Исонинг кўзларидан дув–дув ёш оқди. 36Ўша ердаги одамлар:

— Қаранглар, уни қанчалик яхши кўрар экан! — дейишди. 37Улардан баъзилари эса шундай дейишди:

— У кўрнинг кўзларини очган. Лазарни ҳам ўлимдан олиб қолса бўлмасмиди?!

 

Исо Лазарни тирилтиради

 

38Исо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, оғзи тош билан ёпилган эди. 39Исо:

— Тошни олиб ташланглар! — деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга деди:

— Ҳазрат, жасад ҳидланиб қолган–ку! Ахир, қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди!

40— Агар ишонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтмаганмидим?! — деди Исо.

41Тошни олиб ташладилар. Исо эса осмонга кўз тикиб, деди:

— Эй Ота! Мени эшитганинг учун Сенга шукрлар айтаман. 42Сен Мени доимо эшитишингни биламан. Лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун, Мени Сен юборганингга улар ишонсин деб айтяпман.

43Шундай деди–ю, баланд овоз билан хитоб қилди:

— Лазар, ташқарига чиқ!

44Шу пайт қўлу оёқлари кафанланган, юзи рўмол билан ўралган марҳум чиқиб келди.

— Кафанини ечинглар, уни қўйиб юборинглар, — деди Исо одамларга.

 

Исони ўлдириш режаси

 

45Марямни йўқлагани келган одамларнинг кўпи Исонинг қилган ишини кўриб, Унга ишонишди. 46Аммо баъзилари фарзийларнинг олдига бориб, Исонинг қилганларини айтиб беришди.

47Шундан кейин бош руҳонийлар ва фарзийлар Олий кенгаш чақириб, дейишди:

— Нима қиламиз? Бу Одам жуда кўп мўъжизали аломатлар кўрсатиб юрибди–ку! 48Буни давом этишига йўл қўйсак, ҳамма Унга ишониб кетади. Римликлар келиб, Маъбадимизни ҳам, халқимизни ҳам хонавайрон қиладилар.

49Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Каяфа сўз олди:

— Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар! 50Бутун халқ ҳалок бўлгандан кўра, битта одамнинг халқ учун ўлиши ўзингиз учун яхшироқ–ку! Наҳотки буни тушунмасангизлар?!

51У бу сўзларни ўзидан ўзи айтмаган эди. Балки ўша йили олий руҳоний сифатида Исонинг халқ учун ўлишини башорат қилган эди. 52Исо нафақат яҳудий халқи учун, балки Худонинг тарқоқ бўлган ҳамма одамларини бирлаштириш учун ўлиши керак эди.

53Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Исони ўлдиришга тил бириктирдилар. 54Исо эса энди яҳудийлар орасида очиқ юрмайдиган бўлди. У чўл яқинидаги Эфрайим шаҳрига бориб, Ўз шогирдлари билан ўша ерда қолди.

55Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди. Мамлакатнинг ҳамма ёғидан одамлар байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга боришди. 56Шу вақтда Исони изладилар. Маъбадда йиғилиб турганлар ўзаро: “Нима деб ўйлайсизлар? У байрамга келадими?” — деб сўрашди. 57Бош руҳонийлар ва фарзийлар эса Исони қўлга олмоқчи бўлиб, шундай буйруқ берган эдилар: “Ким Исонинг қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин.”

 

12–БОБ - ЮҲАННО

 

Марям Исога атир мой суртади

 

1Фисиҳ байрамидан олти кун олдин Исо Лазарнинг қишлоғи Байтанияга борди. Исо ўша Лазарни ўликдан тирилтирган эди. 2Ўша ерда Исога зиёфат ҳозирладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса Исо ва меҳмонлар билан бирга дастурхон олдида ёнбошлаган эди. 3Шу пайт Марям бир шиша тоза сунбулдан ишланган қимматбаҳо атир мойини олиб келиб, Исонинг оёқларига суртди, сўнг сочлари билан артди. Уй атир мойининг хушбўй ҳидига тўлиб кетди.

4Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди:

5— Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!

6У бу гапни камбағалларга қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, қутига солинадиган пулдан у ўғирлаб турарди.

7Исо шундай деди:

— Аёлни тинч қўйинглар! Зотан, у Мени дафн кунимга тайёрлади. 8Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўлади. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.

9Бир талай яҳудийлар Исонинг Байтанияда эканлигини билиб келишди. Улар нафақат Исони, балки Исо ўликдан тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар. 10Бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришни режалаштирган эдилар. 11Чунки кўп яҳудийлар Лазар туфайли Исо томонига ўтиб, Унга имон келтираётган эдилар.

 

Исо Қуддусга тантанали равишда киради

 

12Эртаси куни байрамга борган кўп халойиқ Исонинг Қуддусга келаётганини эшитиб қолишди. 13Улар пальма дарахти шохларидан олишди, Уни қарши олгани чиқиб, шундай деб ҳайқиришарди:

“Тасанно!

Эгамиз номи билан келаётган Инсон барака топсин.

Исроилнинг шоҳи муборак бўлсин!”

14Исо бир хўтикни топиб, унга минди, худди Муқаддас Битикларда айтилгандай:

15“Эй Қуддус халқи, қўрқма!

Мана шоҳингиз хўтикни миниб келяпти.”

16Исонинг шогирдлари аввал буни тушунмадилар. Исо улуғлангандан кейингина улар бу сўзларнинг У ҳақда ёзилганини ва халқ худди ёзилганидек қилганини эсладилар. 17Исо Лазарни қабрдан чақириб тирилтирганига гувоҳ бўлган оломон Исога эргашиб, бу ҳақда ҳаммага айтди. 18Исонинг қилган бу мўъжизали аломати ҳақида эшитган кўп одамлар Уни кутиб олгани чиққан эдилар.

19Фарзийлар эса бир–бирига:

— Қаранглар, қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Бутун дунё Унинг ортидан бормоқда! — дейишарди.

 

Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради

 

20Худога сажда қилиш учун байрамга келганлар орасида баъзи ғайрияҳудийлар бор эди. 21Улар Филипнинг олдига бориб (Филип Жалиланинг Байтсайда шаҳридан эди) шундай деб айтишди:

— Тақсир, биз Исони кўрмоқчимиз.

22Филип бориб, бу ҳақда Идрисга айтди. Сўнг иккалови Исонинг олдига бориб, Унга айтишди. 23Исо уларга шундай жавоб берди:

— Инсон Ўғли улуғланадиган вақт–соат келди. 24Сизларга чинини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради. 25Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонидан воз кечса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади. 26Ким Менга хизмат қилмоқчи бўлса, орқамдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам у ерда бўлсин. Менга хизмат қилган одамни Отам ҳурмат қилади.

27Энди эса юрагим сиқилиб кетяпти. Нима ҳам дер эдим?! “Эй Ота, бу вақт–соатдан Мени сақла”, деб айта олармидим?! Мен шу вақт–соат учун келганман–ку! 28Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин!

Исо шундай дейиши биланоқ осмондан:

— Мен номимни улуғладим, бундан кейин ҳам улуғлайман, — деган садо келди. 29У ерда турган оломон бу садони эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади. Бошқалар эса:

— Унга фаришта гапирди! — дейишди.

30Бунга жавобан Исо деди:

— Бу садо Мен учун эмас, сизлар учун бўлди. 31Энди бу дунё ҳукм қилинади, энди бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори ҳайдаб чиқарилади. 32Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан.

33Исо бу сўзларни қай йўл билан ўлишини билдириш учун айтди.

34Халқ бунга жавобан деди:

— Биз Тавротда, Масиҳ абадий яшайди, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен: Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Инсон Ўғли ким ўзи?

35Исо уларга деди:

— Нур яна қисқа бир муддат сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди. 36Нур ҳануз сизлар билан экан, нурга ишонинглар, шунда нур фарзандлари бўласизлар.

Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб, халқдан яширинди.

 

Халқнинг ўжарлиги ва имонсизлиги

 

37Исо халқнинг кўз ўнгида шунча кўп мўъжизали аломатлар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар. 38Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг сўзи бажо бўлди:

“Эй Эгамиз, бизнинг хабаримизга ким ишонди?

Сенинг қудратли кучинг кимга аён бўлди?”

39Ҳақиқатдан ҳам, улар ишона олмадилар. Негаки, Ишаё улар ҳақида яна шундай деб айтганди:

40“Худо уларнинг кўзларини кўр қилди,

Ақлларини ўтмас қилди.

Токи кўзлари билан кўрмасинлар,

Ақллари билан англамасинлар,

Тағин Менга қайтиб, шифо топмасинлар.”

41Ишаё Масиҳнинг улуғворлигини кўргани учун бу сўзларни айтган эди.

42Шунга қарамай, кўп яҳудий бошлиқлари ҳам Исога имон келтирдилар. Лекин улар фарзийлар туфайли буни очиқчасига тан олмас эдилар, чунки синагогадан ҳайдалишдан қўрқардилар. 43Ахир, улар Худонинг мақтовидан кўра инсоннинг мақтовини яхши кўрардилар.

44Исо хитоб қилиб деди: “Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади. 45Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади. 46Менга ишонган биронта одам зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келдим. 47Агар ким Менинг сўзларимни эшитиб, риоя қилмаса, Мен уни ҳукм қилмайман. Мен дунёни ҳукм қилиш учун эмас, нажот бериш учун келганман. 48Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамни ҳукм қилувчи бор. Айтган сўзим ундай одамни охиратда ҳукм қилади. 49Зотан Мен Ўзимча гапирганим йўқ. Мени юборган Ота нима айтишимни, қандай гапиришимни Менга амр этган. 50Унинг амри эса абадий ҳаёт беришини биламан. Хуллас, нима айтаётган бўлсам, Отам Менга айтгандай сизларга айтяпман.”

 

13–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо Ўз шогирдларининг оёқларини ювади

 

1Фисиҳ байрамига оз қолган эди. Исо бу дунёни тарк этиб, Отаси олдига борадиган вақт–соати келганини билар эди. У дунёдаги Ўзиникиларни яхши кўрар эди, уларни охиригача яхши кўрди.

2Кечки овқат пайти эди. Шимўннинг ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига иблис аллақачон Исога хиёнат қилиш ниятини солган эди. 3Исо эса Отаси ҳамма нарсани Унинг қўлига берганини билар эди, У Худодан келиб, яна Худонинг олдига қайтаётганини ҳам билар эди.

4Шундай қилиб, Исо дастурхондан туриб, устки кийимини ечиб ташлади. Сочиқни олиб белига боғлади. 5Кейин тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.

6Исо Шимўн Бутруснинг олдига келди.

— Ҳазрат, наҳот оёқларимни Сиз ювсангиз?! — деди Бутрус.

7— Ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан, кейин тушуниб оласан, — деди Исо унга жавобан.

8— Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсиз! — деди Бутрус.

— Агар оёқларингни ювмасам, Менга қарашли бўлмайсан, — деди Исо. 9Шунда Шимўн Бутрус деди:

— Ҳазрат, нафақат оёқларимни, қўлларим билан бошимни ҳам ювиб қўйинг!

10Исо унга деди:

— Чўмилган одам фақат оёғини ювса бас, у тамоман покдир. Сизлар ҳам поксизлар, аммо ҳаммангиз эмас.

11Исо Ўзига хоинлик қиладиган одамни билар эди, шунинг учун “Ҳаммангиз ҳам пок эмассизлар”, деди.

12Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо устки кийимини кийиб, яна дастурхон олдига ёнбошлади. Сўнг шогирдларидан сўради:

— Ҳозир нима қилганимни тушундиларингми? 13Сизлар Мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб чақирасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман. 14Агар Мен Ҳазратингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз шарт. 15Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим. 16Сизларга чинини айтайин: қул ўзининг хўжайинидан устун эмас, элчи ҳам уни юборгандан устун эмас. 17Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар, шунда бахтли бўласизлар!

 

Яҳудонинг Исога хиёнати ҳақида каромат

 

18Исо гапида давом этиб деди:

— Менинг гапларим ҳаммангизга тегишли эмас. Мен кимларни танлаганимни биламан. Муқаддас Битикларда: “Нонимни еган киши Менга қарши бош кўтарди”, — деб айтилган. Бу сўзлар бажо бўлиши керак. 19Мен буни сизларга ҳозирдан, юз бермасидан олдин айтиб қўйяпман. Токи юз берганда, Масиҳ Мен эканлигимга ишонинглар. 20Сизларга чинини айтай: Ким Мен юборган одамни қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.

21Исо қаттиқ изтироб чекиб, деди:

— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттангиз Менга хиёнат қилади.

22Шогирдлари эса У кимни назарда тутаётганини билмай, гангиб бир–бирига қараб турар эдилар. 23Шогирдларидан бири Исонинг ёнида ёнбошлаган эди. У Исонинг севикли шогирди эди. 24Шимўн Бутрус ўша шогирдга: “Исо ким ҳақида гапиряпти, сўра–чи”, деб имо–ишора қилди. 25Шунда у энгашиб, Исодан:

— Ҳазрат, у ким? — деб сўради. 26Исо жавоб берди:

— Мен бир бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир, — деди. Сўнг бурда нонни ботириб, Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётга берди. 27Яҳудо бурдани олар–олмас, шайтон унинг ичига кириб олди.

— Қиладиганингни тезроқ қил, — деди унга Исо.

28Дастурхон атрофидагилардан ҳеч ким нима учун Исо бу сўзларни Яҳудога айтганини тушунмади. 29Пул қутиси Яҳудода бўлгани сабабли, баъзилари Исо унга: “Байрам учун бизга керак бўладиган нарсаларни сотиб ол”, ёки “Камбағалларга бир нима бер”, деяпти деб ўйлардилар. 30Яҳудо эса ўша бурда нонни олган заҳоти ташқарига чиқиб кетди. Тун эди.

 

Бир–бирингизни севинглар

 

31Яҳудо чиқиб кетгач, Исо деди:

— Инсон Ўғлининг улуғланадиган вақти келди. У орқали Худо улуғланади. 32Инсон ўғли орқали Худо улуғланар экан, Уни ҳам Ўз улуғворлигига шерик қилади. 33Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудийларга айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.

34Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар. 35Агар бир–бирингизни севсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.

 

Бутруснинг Исодан тониши ҳақида каромат

 

36Шимўн Бутрус Исога деди:

— Ҳазрат, Сиз қаерга кетяпсиз?

— Ҳозир Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борасан, — деди унга Исо.

37Бутрус сўради:

— Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен Сиз учун жонимни беришга тайёрман!

38Исо жавоб берди:

— Сен ростдан ҳам Мен учун жонингни беришга тайёрмисан?! Сенга чинини айтаман, хўроз қичқирмасданоқ, сен уч марта Мендан тонасан!

 

14–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо — йўл, ҳақиқат ва ҳаёт

 

1Исо шогирдларига деди:

— Юрагингиз сиқилмасин. Худога ишонинг, Менга ҳам ишонинг! 2Отамнинг уйида маскан кўп. Шундай бўлмаганда эди, сизларга буларни айтиб ўтирмаган бўлардим. Мен сизларга жой тайёрлагани кетяпман. 3Мен бориб сизларга жой тайёрлайман–у, сизларни Ўзим билан олиб кетгани келаман. Токи Мен бўлган жойда сизлар ҳам бўлинглар. 4Мен борадиган жойга олиб борадиган йўлни сизлар биласизлар.

5— Ҳазрат! — деди Унга Тўма, — Қаерга боришингизни билмасак, йўлни қаердан биламиз?

6Исо унга деди:

— Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Отанинг олдига олиб борадиган Мендан бошқа йўл йўқ. 7Мени таниганингиз учун, Отамни ҳам таниб оласизлар. Энди Уни танидингизлар, Уни кўрдингизлар.

8Филип Исога деди:

— Ҳазрат, бизга Отани кўрсатинг, шунинг ўзи бизга кифоя!

9— Филип, — деди унга Исо, — Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман. Наҳотки Мени танимасанг?! Мени кўрган одам Отани кўрган бўлади. Шундай экан, қандай қилиб сен: “Отани бизга кўрсатинг”, деяпсан? 10Мен Отада, Ота эса Менда эканлигига наҳотки ишонмасанг?! Мен сизларга айтган сўзларни Ўзимдан тўқиб гапирмаяпман. Аксинча, Менда яшаган Отам Мен орқали Ўз ишларини бажармоқда. 11Мен Отамда ва Отам Менда эканлигига ишонинглар. Агар ишонмасангизлар, ҳеч бўлмаса, қилган ишларим туфайли ишонинглар. 12Сизларга чинини айтайин: Менга ишонган одам Мен қилган ишларни қилади. Булардан ҳам буюкроқ ишларни қилади, чунки Мен Отанинг олдига кетяпман. 13Сизлар Менинг номимдан сўраган ҳамма нарсани Мен бажо келтираман, токи Ота Ўз Ўғли орқали улуғлансин. 14Ҳа, сизлар Менинг номим билан Мендан сўраган ҳар қандай нарсани бажо келтираман.

 

Муқаддас Руҳни юбориш ваъдаси

 

15— “Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қиласизлар. 16Мен Отага мурожаат қиламан ва У сизлар билан то абад қоладиган бошқа Ҳомийни юборади. 17Бу Ҳомий — Ҳақиқат Руҳидир. Бу дунёга тегишли бўлганлар Уни қабул қила олмайдилар, чунки Уни на кўришади, на билишади. Сизлар эса Уни биласизлар, чунки У сизлар билан яшамоқда, У ичингизда бўлади. 18Мен сизларни етим қолдирмайман, яна олдингизга қайтиб келаман. 19Бироздан кейин дунё Мени бошқа кўрмайди. Аммо сизлар Мени кўрасизлар. Мен барҳаёт бўлганим учун, сизлар ҳам яшайсизлар. 20Мен Отамда эканимни, сизлар Менда ва Мен сизларда эканимни ўша куни англаб оласизлар. 21Менинг амрларимни билиб, уларга амал қилган киши Мени севади. Ким Мени севса, Отам ҳам уни севади. Мен ҳам уни севаман ва Ўзимни унга аён қиламан.”

22Ишқариёт бўлмаган бошқа Яҳудо Исога деди: “Ҳазрат, нега Ўзингизни дунёга аён қилмай, бизга аён қилмоқчисиз?”

23Исо унга шундай жавоб берди: “Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг олдига келиб, у билан бирга яшаймиз. 24Мени яхши кўрмаган киши сўзларимга амал қилмайди. Сизлар эшитган сўз Меники эмас, балки Мени юборган Отаникидир.

25Мен сизлар билан эканман, буларни айтдим. 26Отам Менинг номимдан юборадиган Ҳомий, яъни Муқаддас Руҳ сизларга ҳаммасини ўргатади. Мен сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади.

 

Исо Масиҳ — тинчлик манбаи

 

27Мен сизларга тинчликни қолдиряпман. Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен бераётган тинчлик дунё берадиган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, қўрқманглар. 28Сизларга айтганимни эшитдингизлар: Мен кетиб, яна олдингизга қайтиб келаман. Агар Мени яхши кўрганингизда эди, Отанинг олдига кетаётганимдан қувонган бўлар эдингизлар. Зеро, Ота Мендан улуғдир. 29Бу ҳодисалар содир бўлмасдан олдин сизларга айтдим. Токи содир бўлганда ишонинглар. 30Сизлар билан сўзлашишга деярли вақтим қолмади. Чунки бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори келяпти. У Менга ҳукмини ўтказа олмайди. 31Лекин дунё билсинки, Мен Отани севаман, Ота Менга неки буюрган бўлса, худди шуни бажараман. Қани туринглар, бу ердан кета қолайлик.”

 

15–БОБ - ЮҲАННО

 

Ток ва унинг новдалари ҳақида масал

 

1“Мен ҳақиқий токман, Отам эса боғбондир. 2Ҳосил бермайдиган ҳар бир новдамни У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди. 3Мен сизга айтган сўзим орқали сизлар аллақачон тозаланиб бўлгансизлар. 4Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токка уланмаган новда ўз–ўзидан ҳосил беролмайди. Шу сингари сизлар ҳам Мен билан алоқада бўлмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.

5Мен — ток, сизлар — новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар. 6Ким Мен билан алоқани узса, новда каби ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса йиғиб, ўтга ташлаб ёндиришади. 7Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади. 8Сизлар кўп ҳосил бериб, Менинг шогирдларим эканлигингизни исботлайсиз. Бу орқали Отам улуғланади.”

 

Севги ҳақида

 

9“Ота Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Севгимга содиқ қолинглар. 10Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг севгисига содиқ қолганман. Худди шу сингари сизлар ҳам, Менинг амрларимга амал қилсангизлар, севгимга содиқ қоласизлар.

11Менинг шодлигим қалбингизни тўлдирсин, деб сизларга бу сўзларни айтдим. 12Менинг амрим шу: Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар. 13Ким ўз жонини дўстлари учун фидо қилса, бундан ортиқ севги йўқ. 14Агар сизлар амрларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар. 15Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга айтдим.

16Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Мен сизларни: “Бориб ҳосил берсин, ҳосили боқий бўлсин”, деб танладим. Шунда Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.

17Хуллас, сизларга амрим шу: бир–бирингизни севинглар!”

 

Дунёнинг нафрати

 

18“Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингки, сизлардан илгари Мендан нафратланган. 19Сизлар бу дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Сизлар эса бу дунёга тегишли эмассизлар. Мен сизларни бу дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади. 20Қул ўз хўжайинидан устун эмас, деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар.

21Одамлар буларни сизларга Менинг номим туфайли қиладилар. Ахир, улар Мени Юборганни танимайдилар. 22Агар Мен келиб, уларга гапирмаганимда эди, улар Менга ишонмаганлари учун гуноҳда айбланмас эди. Энди бўлса гуноҳларини оқлаш учун баҳона топа олмайдилар. 23Мендан нафратланган одам Отамдан ҳам нафратланади. 24Агар Мен улар орасида бошқа ҳеч ким қилмаган мўъжизаларни қилмаганимда эди, улар гуноҳда айбланмас эди. Энди бўлса мўъжизаларимни кўрдилар–у, Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар. 25Бу эса Тавротдаги: “Мендан сабабсиз нафрат этганлар”, деган сўзлар бажо бўлиши учун содир бўлди.

26Мен сизларга Отамдан юборадиган Ҳомий, яъни Отамдан чиққан Ҳақиқат Руҳи келганда Мен тўғримда гувоҳлик беради. 27Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ Мен билан бирга бўлгансизлар.”

 

16–БОБ - ЮҲАННО

 

Муқаддас Руҳнинг фаолияти

 

1“Мен бу гапларни сизлар тўғри йўлдан озманглар, деб айтдим. 2Сизларни синагогалардан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди. 3Бу ишларни Отам билан Мени танимаганлари учун қиладилар. 4Буларни сизларга ҳозирдан айтиб қўйяпман, токи ўша вақт–соат келганда, сўзларимни эсга олинглар.

Сизларга буларни бошданоқ айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки Ўзим сизлар билан бирга эдим. 5Энди эса Мени Юборганнинг олдига кетяпман. Биронтангиз Мендан: “Қаерга кетяпсан?” деб сўрамаяпсиз. 6Буларни айтганим учун, дилингиз ғам–қайғуга ботган. 7Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Мен кетмасам, Ҳомий келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман. 8У келганда дунёга гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисидаги ҳақиқатни аён қилади. 9Гуноҳ тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки: одамлар Менга ишонмайдилар. 10Адолат тўғрисидаги ҳақиқат шуки, Ота Мени оқлайди. Мен Отанинг олдига кетяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар. 11Ҳукм тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, ҳукм чиқариб бўлинган, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори маҳкум қилинган.

12Сизларга яна айтадиган гапларим кўп, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар. 13Ҳақиқат Руҳи келиб, сизларни тўлиқ ҳақиқат сари бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У юз берадиган воқеалар ҳақида сизларга хабар қилади. 14У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу орқали Мени улуғлайди. 15Отанинг бор нарсаси Меникидир. Ана шу сабабдан, Руҳ Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, деб айтдим. 16Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар.”

 

Қайғунгиз шодликка айланади

 

17Шу пайтда Исонинг шогирдлари бир–бирига деди:

— Қизиқ, У бизга ўзи нима айтмоқчи?! “Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар”, деди. “Отанинг олдига кетяпман”, деб айтди. 18“Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман” дейиши билан нима демоқчи экан, тушунмадик.

19Исо шогирдларининг савол бермоқчи бўлганларини билиб, деди:

— “Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар”, деб айтган гапимнинг маъносини муҳокама қиляпсизларми? 20Сизларга чинини айтайин: сизлар йиғлаб дод–фарёд қиласизлар, дунё эса қувонади. Сизлар қайғурасиз, лекин қайғунгиз шодликка айланади. 21Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Аммо бола туғилгандан кейин, дунёга одамзод келди, деб аёл қувонади. Қувонганидан у чеккан дардини унутиб юборади. 22Шунга ўхшаб сизлар ҳам ҳозир ғам–қайғу чекяпсизлар. Лекин Мен сизларни яна кўраман. Шунда юрагингиз қувончга тўлади. Қувончингизни сизлардан ҳеч ким тортиб олмайди.

23Ўша куни Мендан ҳеч нарса сўрамайсизлар. Сизларга чинини айтайин: Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, У сизларга беради. 24Шу пайтгача Менинг номим билан Отадан ҳеч нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, оласизлар ва қалбингиз шодликка тўлади.

 

Исо — дунёдан устун

 

25— Шу вақтгача сизларга маталлар орқали гапириб келдим. Лекин шундай вақт келадики, Мен сизларга Отам ҳақида маталлар орқали эмас, очиқдан–очиқ гапираман. 26Ўша куни ўзларингиз Отадан истаганингизни Менинг номимдан сўрайсизлар. Менинг сизлар учун Отадан илтимос қилишимнинг ҳожати бўлмайди. 27Зотан Отанинг Ўзи сизларни севади, чунки сизлар Мени яхши кўриб, Худодан келганимга ишондингизлар. 28Мен Отамдан чиқиб, дунёга келдим. Энди дунёни тарк этиб, Отамнинг олдига кетяпман.

29Шогирдлар Исога шундай дейишди:

— Мана, ҳозир Сиз матал ишлатмай, очиқ сўзлаяпсиз. 30Ҳамма нарсани билишингизни энди тушундик. Саволга ҳам ўрин йўқ. Сиз Худодан келганингизга энди ишондик.

31Исо деди:

— Энди ростдан ҳам ишоняпсизларми? 32Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин–инингизга кириб кетасизлар. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир. 33Мен туфайли хотиржам бўлишингиз учун буларни сизларга айтдим. Дунёда қайғу–алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим.

 

17–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо Ўз шогирдлари учун ибодат қилади

 

1Шу гаплардан кейин Исо кўзларини осмонга тикиб, деди:

“Эй Ота! Вақт–соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Ўғлингни улуғлагин. 2Сен Унга бутун инсоният устидан ҳокимият бердинг. Токи Унга берилган ҳар бир инсонга У абадий ҳаёт ато қилсин. 3Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.

4Сен Менга топширган ишни тугатиб, ер юзида Сени улуғладим. 5Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, ўша улуғворликни Ўз ҳузурингда Менга тағин ато қилгин.

6Сен дунёдан Менга берган одамларга Сени танитдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар Сенинг сўзингга амал қилдилар. 7Сен Менга берган ҳамма нарса Сендан эканлигини улар энди билиб олдилар. 8Чунки Сен Менга айтган сўзларингни Мен уларга айтдим. Улар сўзларингни қабул қилиб, Мен Сендан келганимни аниқ тушундилар. Мени Сен юборганингга ишондилар.

9Мен улар учун илтижо қиламан. Дунё учун эмас, балки Сен Менга берган одамлар учун илтижо қиламан. Ахир, улар Сеникидир. 10Зотан Меники бўлган ҳамма — Сеники, Сеники эса Меникидир. Менинг улуғворлигим улар орқали аён бўлмоқда.

11Мен бу дунёда ортиқ қолмайман, Сенинг олдингга қайтиб кетяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга берган Ўз номинг қудрати ила уларни омон сақла. Токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар. 12Мен улар билан бирга бўлганимда, Менга берган номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Уларни асрадим, биронтаси йўқолмади. Фақат Муқаддас Битикларда айтилганлар бажо бўлиши учун ҳалокатга маҳкум бўлган одам нобуд бўлди.

13Энди эса Сенинг олдингга кетяпман. Менинг шодлигим уларнинг қалбини тўлдирсин, деб буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман. 14Мен уларга Сенинг сўзларингни айтдим. Бу дунёга тегишли бўлганлар улардан нафратланади. Чунки Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 15Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. 16Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 17Сенинг каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқат орқали уларни Ўзинг учун ажратиб олгин. 18Сен Мени дунёга юборганингдай, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. 19Уларни деб Ўзимни Сенга бағишладим, токи улар ҳам ҳақиқат орқали ўзларини Сенга бағишласинлар.

20Мен нафақат улар учун илтижо қиляпман, балки уларнинг сўзи орқали Менга имон келтирадиганлар учун ҳам илтижо қиляпман: 21Ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда бўлганимдай, улар ҳам Бизда бўлишсин. Шу тариқа Мени Сен юборганингга дунё ишонсин. 22Сен Менга ато қилган улуғворликни уларга бердим, токи Биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин. 23Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар. Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин.

24Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворлигимни улар ҳам кўрсин, чунки оламни яратмасингдан олдин Сен Мени яхши кўрар эдинг. 25Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Бу одамлар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар. 26Уларга Сенинг кимлигингни аён қилдим ва аён қилишни давом эттиравераман. Токи, Менга бўлган севгинг уларнинг юракларида жо бўлсин, Мен ҳам уларда бўлайин.”

 

18–БОБ - ЮҲАННО

 

Исони қўлга олиш

 

1Бу сўзларни айтгандан сўнг, Исо Ўз шогирдлари билан у ердан чиқиб, Қидрон сойлигининг нариги томонига ўтди. Ўша ерда бир боғ бор эди. Исо шогирдлари билан боққа кирди. 2Исонинг хоини Яҳудо ҳам ўша жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез–тез учрашиб турар эди. 3Шундай қилиб, Яҳудо бир бўлинма Рим аскарларини ҳамда бош руҳонийлар ва фарзийлар томонидан юборилган миршабларни бошлаб, у ерга келди. Қўлларида машъалу фонуслар, қурол–яроғлар бор эди.

4Исо бошидан кечадиган ҳамма нарсани билар эди. У одамларга пешвоз чиқиб, сўради:

— Кимни қидиряпсизлар?

5— Носиралик Исони, — деб жавоб беришди улар.

— Ўша Менман, — деди Исо.

Исонинг хоини Яҳудо уларнинг орасида турган эди. 6Исо “Ўша Менман” дейиши биланоқ улар орқага тисарилиб, ерга йиқилишди. 7Исо улардан яна сўради:

— Кимни қидиряпсизлар?

— Носиралик Исони, — дедилар.

8— Сизларга айтдим–ку, Ўша Менман, — деди уларга Исо. — Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, буларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин.

9Шу йўсин Исонинг илгари: “Ота, Сен Менга берган одамлардан ҳеч бирининг йўқолишига йўл қўймадим”, деган сўзлари бажо бўлди.

10Шу онда Шимўн Бутрус ёнидаги қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади. Хизматкорнинг исми Малхус эди.

11Исо Бутрусга:

— Қиличингни қинига солиб қўй! Наҳотки Мен Отам берган азоб косасидан ичмасам?! — деди.

12Шунда Рим аскарлари билан бўлинма қўмондони ва яҳудий миршаблари Исони қўлга олиб, боғлаб қўйишди. 13Уни олдин Ҳанан олдига олиб боришди. Ҳанан ўша йилги олий руҳоний бўлган Каяфанинг қайнатаси эди. 14Яҳудийларга: “Халқ учун битта одамнинг ўлиши яхшироқ”, деб маслаҳат берган ўша Каяфа эди.

 

Бутрус Исодан тонади

 

15Исонинг орқасидан Шимўн Бутрус ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олий руҳоний Ҳананнинг таниши бўлиб, Исо билан бемалол олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. 16Бутрус эса ташқарида, дарвоза олдида қолди. Олий руҳонийга таниш бўлган шогирд кейинроқ яна ташқарига чиқди–да, дарвозабон чўрига нимадир деб, Бутрусни ичкарига олиб кириб кетди. 17Шунда дарвозабон чўри Бутрусдан:

— Сиз ҳам У Одамнинг шогирдларидан эмасмисиз? — деб сўради.

— Йўқ! — деди Бутрус.

18Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда турган хизматкорлар билан миршаблар кўмир ёқиб, исинаётган эдилар. Бутрус ҳам уларнинг олдига бориб, исиниб турди.

 

Исо олий руҳоний Ҳанан олдида

 

19Шу пайтда олий руҳоний Ҳанан Исога шогирдлари ва таълимотига тааллуқли саволлар берар эди. 20Исо унга жавоб бериб деди:

— Мен элу оламга очиқ сўзладим. Ҳар доим яҳудийлар йиғиладиган синагогаларда ва Маъбадда таълим бериб юрдим, ҳеч яширинча гап айтмадим. 21Нега Мени сўроқ қиляпсиз? Гапларимни эшитган одамлардан сўранг. Нималар ҳақида гапирганимни улар билишади.

22Исо буларни айтиб бўлгач, ёнида турган миршаблардан бири Исонинг юзига бир шапалоқ уриб, деди:

— Олий руҳонийга ҳам шундай жавоб берасанми?

23Исо бунга жавобан деди:

— Агар Мен нотўғри гапирган бўлсам, нотўғри жойини кўрсат. Агар тўғри гапирган бўлсам, нега Мени урасан?

24Шундан кейин Ҳанан Исони боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфа ҳузурига юборди.

 

Бутрус Исодан яна тонади

 

25Шимўн Бутрус олов олдида исиниб тураркан, кимдир ундан:

— Сиз ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисиз? — деб сўради.

— Йўқ! — деб тонди у.

26Олий руҳонийнинг хизматкорларидан бири Бутрус қулоғини узиб юборган одамнинг қариндоши эди. Бу хизматкор Бутрусга деди:

— Сизни боғда У билан кўрдим, шекилли?

27Бутрус эса янa тонди. Нақ шу пайт хўроз қичқирди.

 

Исо Римлик ҳоким Пилат ҳузурида

 

28Тонг отди. Яҳудийлар Исони Каяфа ҳузуридан олиб чиқиб, Римлик ҳоким Пилатнинг саройига олиб бордилар. Ўзлари эса булғанишни истамай ҳукумат саройига кирмадилар, чунки булғанган одам Фисиҳ таомини ея олмасди. 29Шу сабабли Пилат ташқарига, уларнинг олдига чиқди.

— Бу Одамни нимада айблаяпсизлар? — деб сўради.

30— Агар У жиноятчи бўлмаганда, Уни сизнинг қўлингизга топширмас эдик, — деб жавоб беришди улар.

31— Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар, — деди Пилат.

— Бизга ҳеч кимни қатл қилишга ижозат берилмаган, — дейишди унга яҳудийлар.

32Исо Ўзининг қандай ўлиши ҳақида айтган сўзлари амалга ошиши учун бу воқеа содир бўлди.

33Шунда Пилат яна саройга кирди ва Исони чақиртириб:

— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.

34— Ўзингиз қизиқиб сўраяпсизми, ёки бошқалар сизга Мен тўғримда айтишдими? — деб сўради Исо.

35Пилат деди:

— Нима, мен яҳудиймидим?! Ўз халқинг, бош руҳонийларинг Сени менга топширишди. Сен нима иш қилиб қўйдинг?

36Исо жавоб берди:

— Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун Менинг хизматкорларим курашар эдилар. Бироқ Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас.

37— Демак, Сен Шоҳ экансан–да?! — деди Пилат.

— Шоҳ эканимни ўзингиз айтдингиз, — деди Исо. — Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади.

38— Ҳақиқат ўзи нима? — деб сўради Пилат. Шундай деди–ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди.

— Мен Ундан ҳеч қандай айб топмадим, — деди уларга. 39— Сизларнинг бир одатингиз бор–ку, сизлар учун ҳар Фисиҳ байрамида бир маҳбусни озод қилар эдим. Шунга кўра, сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми?

40— Уни эмас, Бараббани озод қилинг! — деб бақирди улар.

Барабба эса исёнда иштирок этганди.

 

19–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо ўлимга маҳкум қилинади

 

1Шундан кейин Пилат Исони олиб кетишни ва қамчилатишни буюрди. 2Аскарлар тиканлардан тож ўриб, Исонинг бошига қўйдилар, устига сафсар тўн кийдирдилар. 3Исонинг олдига қайта–қайта келиб:

— Яшавор–э, яҳудийларнинг Шоҳи! — деб, Уни тарсакилар эдилар.

4Пилат яна ташқарига чиқиб яҳудийларга хитоб қилди:

— Мана, Уни олдингизга чиқаряпман, билиб қўйинглар, мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим!

5Шу пайт бошида тиканли тож, эгнида сафсар тўн билан Исо ташқарига чиқди.

— Мана, у Одам! — деди Пилат уларга. 6Бош руҳонийлар ва миршаблар Исони кўриб, бақиришди:

— Хочга михлансин! Хочга михлансин!

— Уни сизлар олиб хочга михланглар! Мен Ундан ҳеч қандай айб тополмадим, — деди Пилат уларга. 7Яҳудийлар унга жавобан:

— Бизда қонун бор, қонунимизга кўра У ўлиши керак, чунки У Ўзини Худонинг Ўғли, деб айтяпти, — дедилар.

8Пилат буни эшитгач, юраги орқага тортиб кетди. 9Қайтадан ҳукумат саройига кириб, Исодан:

— Сен қаердансан? — деб сўради. Исо унга жавоб бермади.

10— Менга жавоб бермайсанми?! — деди Пилат. — Сени озод қилишга ёки хочга михлашга менда ҳокимият борлигини билмайсанми?!

11Исо жавоб берди:

— Агар Худо йўл қўймаганда эди, сиз Менга ҳеч қандай ҳокимият ўтказа олмас эдингиз. Шу сабабдан Мени сизнинг қўлингизга тутиб берган одамнинг гуноҳи сизнинг гуноҳингиздан каттароқ.

12Шундан кейин Пилат Исони қўйиб юборишга чора излай бошлади. Аммо яҳудийлар шундай деб қичқиришди:

— Агар Уни қўйиб юборсангиз, сиз Қайсарнинг дўсти эмассиз. Ўзини шоҳ дейдиган ҳар бир киши Қайсарга қарши чиққан бўлади!

13Пилат бу сўзни эшитгач, Исони ташқарига олиб чиқди ва Тош супа деб ном олган жойдаги ҳукм курсисига ўтирди (бу жойнинг оромийча номи Габбата эди). 14Ўша куни Фисиҳ байрами арафаси, туш маҳали эди. Пилат яҳудийларга хитоб қилди:

— Мана, Шоҳингиз!

15— Йўқ қилинг Уни, йўқ қилинг! Хочга михланг! — деб бақирди улар.

— Сизларнинг Шоҳингизни хочга михлаб қўяйми? — деб сўради Пилат.

— Қайсардан бошқа шоҳимиз йўқ, — дейишди бош руҳонийлар.

16Охири Пилат Исони хочга михлаш учун аскарларга топширди. Улар эса Исони олиб кетдилар.

 

Исони хочга михлашади

 

17Исо Ўз хочини кўтариб, шаҳар ташқарисидаги Бош суяги деган жойга келди. (Бу жойнинг оромийча номи Гўлгота эди.) 18У ерда Исони хочга михлаб қўйдилар. У билан бирга яна иккита одамни ҳам хочга михладилар. Уларнинг бири Исонинг бу томонида, бошқаси у томонида, Исо эса ўртада эди. 19Пилат бир лавҳага: “Яҳудийларнинг Шоҳи Носиралик Исо”, деган сўзларни ёзиб, лавҳани хочга остириб қўйди.

20Исо хочга михланган жой шаҳарга яқин бўлгани учун, бу лавҳани кўп яҳудийлар ўқидилар. Лавҳа оромий, лотин ва юнон тилларида ёзилган эди. 21Яҳудий бош руҳонийлари эса Пилатга бориб шундай дедилар:

— “Яҳудийларнинг Шоҳи” деб ёзманг, балки “Бу Одам яҳудийларнинг Шоҳи бўлишга даъвогарлик қилган”, деб ёзинг.

22— Мен қандай ёзган бўлсам, шундайлигича қолсин, — деди Пилат.

23Аскарлар Исони хочга михлаб бўлиб, Унинг кийимларини олдилар. Кийимларини тўрт бўлакка бўлиб, ҳар бир аскарга бердилар. Ички кўйлагини ҳам олдилар. Ички кўйлак бошдан–оёқ чоксиз бир тўқима эди. 24Аскарлар бир–бирига:

— Буни йиртмайлик, бу учун қуръа ташлаймиз, кимга тушса, ўшаники бўлсин, — дейишди.

Шу тариқа Муқаддас Битиклардаги қуйидаги сўзлар бажо бўлди:

“Кийимларимни ўзаро улар бўлишган,

Либосим учун қуръа ташлашган.”

Аскарлар худди шундай қилдилар.

25Исонинг хочи ёнида Унинг онаси ва холаси, Клопанинг хотини Марям ҳамда Магдалалик Марям турар эдилар. 26Исо онасини ва онаси ёнида турган севикли шогирдини кўрди. Исо онасига:

— Она, мана бу сизнинг ўғлингиз! — деди. 27Кейин шогирдига қараб:

— Мана бу сенинг онанг! — деди.

Ўша вақтдан бошлаб у шогирд Марямни ўз уйига олди.

 

Исо жон беради

 

28Исо ҳамма ишларини тугатганини биларди. Муқаддас Битиклар бажо бўлсин деб, У:

— Чанқадим! — деди.

29Бу ерда арзон шаробга тўла бир идиш турган эди. Аскарлар шаробга шимгични ботирдилар–да, таёқнинг учига илиб, Исонинг оғзига олиб бордилар. 30Исо шаробни татиб кўргач:

— Амалга ошди! — деди–ю, бошини эгиб жон берди.

31Ўша куни Шаббат арафаси эди. Эртанги Шаббат куни ниҳоятда табаррук кун ҳисоблангани учун, яҳудийлар жасадларни хочда қолдиришни истамадилар. Улар Пилатнинг олдига бориб, хочга михланган одамларнинг болдирларини синдириб ташлаб, хочдан туширишни сўрадилар. 32Шунда аскарлар бориб, Исо билан бирга хочга михланган биринчи, сўнгра иккинчи одамнинг болдирларини синдириб ташладилар. 33Исонинг олдига келиб, Унинг ўлиб бўлганини кўрдилар. Шунинг учун болдирларини синдирмадилар. 34Лекин аскарлардан бири Исонинг биқинини найза билан тешди, шу заҳоти Унинг биқинидан қон билан сув оқиб чиқди. 35Бу ҳодисани кўрган киши, сизлар ҳам ишонинглар деб, гувоҳлик бериб келмоқда. Унинг гувоҳлиги ҳақиқатдир, у ҳақиқат айтаётганини билади. 36Бу ҳодиса Муқаддас Битиклардаги: “Биронта ҳам суяги синдирилмайди”, деган сўзлар амалга ошиши учун рўй берди. 37Муқаддас Битикларнинг бошқа бир жойда шундай дейилган: “Улар найзани ўзлари санчиган Одамга қарайдилар.”

 

Исо дафн қилинади

 

38Ариматеялик Юсуф Исонинг шогирди эди, лекин яҳудийлардан қўрққани учун буни яшириб юрар эди. Исо ўлганидан кейин Юсуф Пилатдан Исонинг жасадини хочдан тушириб олишни илтимос қилди. Пилат ижозат берди. Шунда Юсуф бориб, Исонинг жасадини хочдан тушириб олди. 39Илгари кечаси Исонинг олдига борган Никодим ҳам Юсуф билан бирга эди. Никодим икки пуд мирра билан сабур қоришмасини олиб келганди. 40Улар иккови Исонинг жасадини олиб, яҳудийларнинг дафн одатларига кўра, бу муаттар моддаларни суртиб, Уни кафанладилар. 41Исо хочга михланган жойнинг яқинида бир боғ бор эди. У боғда ҳали ҳеч ким дафн қилинмаган янги бир қабр бор эди. 42Ўша кун яҳудийларнинг Шаббат арафаси бўлгани учун улар, бу жой яқинроқ, деб Исонинг жасадини ўша қабрга қўйдилар.

 

20–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо тирилади

 

1Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди. 2У югуриб, Шимўн Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб деди:

— Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.

3Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди. 4Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди. 5У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади. 6Унинг орқасидан Шимўн Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни 7ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди. 8Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўрганидан кейингина ишонч ҳосил қилди. 9Чунки улар Муқаддас Битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак, деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.

 

Исо Марямга зоҳир бўлади

 

10Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар. 11Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради. 12Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди. 13Улар Марямга:

— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди.

— Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у. 14Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.

15— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди:

— Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.

16Исо унга:

— Марям! — деди.

Марям Исога қайрилиб:

— Раббуний! — деди. (Раббуний оромийчада “Устозим” демакдир).

17— Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”

18Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб:

— Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.

 

Исо шогирдларига зоҳир бўлади

 

19Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига:

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 20Сўнг уларга қўлларини ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.

21Исо яна уларга деди:

— Сизларга тинчлик бўлсин! Ота Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.

22Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да:

— Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди. 23— Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.

 

Исо билан Тўма

 

24Ўн икки шогирддан бири, “Эгизак” лақабли Тўма, Исо келганда у ерда шогирдлар орасида йўқ эди. 25Бошқа шогирдлар унга:

— Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди:

— Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.

26Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб:

— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 27Кейин Тўмага қараб:

— Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди. 28Тўма Исога:

— Ё Раббим, Худойим! — деди. 29Исо унга шундай деди:

— Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидирлар!

 

Китобнинг моҳияти

 

30Шогирдлар бу китоб таркибига киритилмаган Исонинг яна кўп мўжизали аломатларига гувоҳ бўлганлар. 31Китобга киритилган мўжизлар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.

 

21–БОБ - ЮҲАННО

 

Исо кўл бўйида зоҳир бўлади

 

1Бу ҳодисалардан кейин Исо Жалила кўли бўйида яна шогирдларига зоҳир бўлди. Бу шундай рўй берди: 2Шимўн Бутрус, “Эгизак” лақабли Тўма, Жалиладаги Кана қишлоғидан бўлган Натанил, Забадийнинг ўғиллари ва бошқа икки шогирд бирга йиғилган эдилар. 3Шимўн Бутрус ёнидагиларга:

— Мен кетдим, балиқ тутаман, — деди.

— Биз ҳам сен билан борамиз, — дейишди улар. Сўнг қайиққа тушиб, жўнаб кетишди. Лекин ўша кеча ҳеч нарса тутишолмади.

4Кун ёришганда Исо қирғоқда турган эди. Шогирдлари эса Унинг Исо эканлигини билмадилар.

5— Йигитлар, балиғингиз борми? — деб сўради Исо улардан.

— Йўқ, — деб жавоб берди улар.

6— Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар, шунда тутасизлар, — деди Исо.

Улар тўрни ташладилар. Балиқ кўплигидан уни тортиб ололмадилар. 7Шу пайт Исонинг севикли шогирди Бутрусга:

— Бу Раббимиз Исо–ку! — деди.

Шимўн Бутрус буни эшитиши биланоқ, узун кўйлагининг этакларини белига қистирди–ю, кўлга сакради. 8Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраганча, қайиқда келдилар. Улар қуруқликка яқин, тахминан икки юз тирсак масофада эдилар. 9Қирғоққа чиққанларида, нонни ва ёнган кўмир устида пишаётган балиқни кўрдилар.

10Исо уларга:

— Ҳозир тутган балиғингиздан олиб келинглар, — деди.

11Шимўн Бутрус бориб, тўрни қирғоққа тортиб чиқарди. Тўр катта балиқларга тўла эди. Ҳаммаси бўлиб 153 та балиқ бор эди. Балиқлар кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмади.

12Исо шогирдларига:

— Қани келинглар, нонушта қилиб олинглар, — деди. Улардан ҳеч бири: “Сиз кимсиз?” — деб сўрашга ботинолмади, чунки Унинг Раббимиз Исо эканлигини билар эдилар. 13Исо уларнинг олдига бориб, нондан берди, балиқдан ҳам берди.

14Бу Исонинг тирилганидан кейин учинчи бор шогирдларига зоҳир бўлиши эди.

 

Исонинг Бутрусга саволи

 

15Нонуштадан кейин Исо Шимўн Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўпроқ яхши кўрасанми?

— Ҳа, Раббим! Мен Сизни яхши кўришимни Ўзингиз биласиз–ку, — деди Унга Бутрус.

— Қўзиларимни ўтлат, — деди унга Исо.

16Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?

— Ҳа, Раббим! Сизни яхши кўришимни Ўзингиз биласиз–ку, — деди Бутрус Унга.

— Қўйларимни боқ, — деди унга Исо.

17Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради:

— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?

Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди.

— Раббим! Сиз ҳамма нарсани биласиз, мен Сизни яхши кўришимни ҳам биласиз, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди:

— Қўйларимни ўтлат! 18Сенга чинини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар эдинг, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Қариганингда эса қўлларингни узатасан, бошқа биров сени боғлайди, сени хоҳламаган жойингга олиб боради.

19Исо бу сўзлар орқали Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашини билдирди. Сўнгра унга:

— Ортимдан юр! — деди.

 

Исо ва Унинг севикли шогирди

 

20Бутрус бурилиб, Исонинг севикли шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу шогирди кечки зиёфатда энгашиб, Исодан: “Ҳазрат, Сизни ким тутиб беради?” — деб сўраган эди. 21Бутрус уни кўриб, Исодан:

— Раббим, унинг тақдири нима бўлади? — деб сўради. 22Исо унга:

— Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди.

23Шундай қилиб, имонлилар орасида бу шогирд ўлмайди, деган гап–сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди, демаганди. У фақат: “Агар Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?!” — деб айтган эди.

 

Хотима

 

24Ана шу шогирд бу ҳодисаларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз. 25Исо яна кўп бошқа ишлар қилган. Булар бирма–бир ёзиб чиқилганда эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман.

 


[1] 5:3 - Баъзи грекча қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 3–оятнинг охири ва 4–оят бўлиб, қўшимча қилинган: Улар сувнинг қимирлашини интизор бўлиб кутар эди. 4Чунки Эгамизнинг бир фариштаси гоҳ–гоҳ ҳовузга тушиб, сувни ҳаракатга келтирар эди. Сув қимирлаши билан ҳовузга биринчи бўлиб ким тушса, ҳар қандай хасталикдан халос бўлар эди.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com