Шоҳлар (учинчи китоб) 3 bob
1 Сулаймон Миср шоҳи — фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади.
2 Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди.
3 Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди.
4 Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди.
5 Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга: — Тила тилагингни! — деди.
6 Сулаймон айтди: — Эй Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг.
7 Эй Эгам Худо, энди бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман.
8 Энди мен, қулинг, Ўзинг танлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ.
9 Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергин, токи яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?!
10 Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди.
11 Сўнг Худо унга деди: — Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзингга ақл–идрок сўрадинг.
12 Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас.
13 Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва шон–шуҳратни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас.
14 Сен ҳам отанг Довуд сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, фармонларимга, амрларимга риоя қилсанг, умрингни янада узайтираман.
15 Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдида туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди.
16 Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди.
17 Хотинлардан бири гап бошлади: — Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди.
18 Шундан кейин, учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди.
19 Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди.
20 Ярим кечаси туриб, мен ухлаб ётганимда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди.
21 Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат тонг ёришгандагина менинг ўғлим эмаслигини билдим.
22 Иккинчи хотин эса: — Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди. Биринчиси эса: — Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди. Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди.
23 Ниҳоят, шоҳ деди: — Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз.
24 Шундан кейин шоҳ: — Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди.
25 — Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини бирига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб буюрди.
26 Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди: — Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди! Бу аёлнинг фарзанди учун жони ачирди. Наригиси эса: — Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди.
27 Шу онда шоҳ: — Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир.
28 Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.