Солномалар (биринчи китоб) 15 bob
1 Довуд ўзи учун Довуд қалъасида уйлар барпо қилди. Худонинг Сандиғи учун ҳам жой тайёрлаб, чодир қурди.
2 Кейин у шундай амр берди: “Худонинг Сандиғини фақат левилар кўтариб юрсин. Зеро, Эгамиз Ўз Сандиғини кўтариб юриш учун левиларни танлагандир. Уларни Ўзига абадий хизмат қилиш учун танлаб олгандир.”
3 Довуд ўзи тайёрлаган жойга Эгамизнинг Сандиғини олиб келиш учун жамики Исроил халқини Қуддусда тўплади.
4 Сўнгра қуйидаги Ҳорун наслини ва левиларни йиғди:
5 Қоҳот наслидан — уруғбоши Уриёл ва у билан бирга унинг 120 нафар қариндоши,
6 Марори наслидан — уруғбоши Осоёҳ ва у билан бирга 220 нафар қариндоши,
7 Гершон наслидан — уруғбоши Йўэл ва у билан бирга 130 нафар қариндоши,
8 Элизофон наслидан — уруғбоши Шамаё ва у билан бирга 200 нафар қариндоши,
9 Хеврон наслидан — уруғбоши Элиёл ва у билан бирга 80 нафар қариндоши,
10 Узиёл наслидан — уруғбоши Оминадав ва у билан бирга 112 нафар қариндоши.
11 Довуд иккала руҳонийни — Зодўх билан Абуатарни, левилардан Уриёл, Осоёҳ, Йўэл, Шамаё, Элиёл ва Оминадавни чақириб,
12 уларга деди: “Сизлар Леви қабиласининг уруғбошиларисиз. Шундай экан, Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Сандиғини мен тайёрлаган жойга олиб кела олишингиз учун ўзларингизни ва леви биродарларингизни покланглар.
13 Олдинги сафар Сандиқни левилар олиб келмагани учун Эгамиз Худо биздан қаттиқ ғазабланган эди. Ҳа, биз Ундан Сандиқни қандай олиб келишимиз кераклигини сўрамаган эдик.”
14 Руҳонийлар ва левилар Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Сандиғини олиб келиш учун ўзларини покладилар.
15 Улар Эгамизнинг Мусо орқали берган амрига мувофиқ, Худонинг Сандиғини ходалар билан елкаларига ортиб, кўтариб кетдилар.
16 Булардан ташқари, Довуд Леви қабиласининг уруғбошиларига, қариндошларингиз орасидан созандаларни тайинланг, деб буюрган эди. Улар арфа, лира ва зилларни чалиб, бу мусиқа асбобларининг жўрлигида шодиёна қўшиқлар айтишлари керак эди.
17 Левилар Марори уруғидан қуйидаги созандаларни тайинлаган эдилар: Йўэл ўғли Хаман, Бархиё ўғли Осиф ва Қушаё ўғли Этхан.
18 Уларнинг ёрдамчилари қилиб қуйидагилар тайинланган эди: Закариё, Язиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Унно, Элиёб, Бинаё, Масиё, Маттитиё, Элифалеҳ, Михниё ҳамда дарвозабонлар Обидадом ва Явиёл.
19 Созандалардан Хаман, Осиф ва Этхан бронза зиллар чалишлари керак эди.
20 Закариё, Азиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Унно, Элиёб, Масиё ва Бинаё арфаларни чалишлари керак эди.
21 Маттитиё, Элифалеҳ, Михниё, Обидадом, Явиёл ва Озазиё эса саккиз торли лираларни чалиб, куй ижросида етакчилик қилишлари керак эди.
22 Левиларнинг бошлиғи Хонаниё моҳир созанда бўлгани учун уни қўшиқчилар раҳбари қилиб тайинлаган эдилар.
23 Аҳд сандиғини қўриқлаш учун Бархиё, Элқана, Обидадом ва Ёхиё тайинланган эдилар.
24 Руҳонийлар Шабаниё, Ёшафат, Натанил, Эмосай, Закариё, Бинаё ва Элиазар Худонинг Сандиғи олдида карнайлар чалиб боришлари керак эди.
25 Довуд, Исроил оқсоқоллари ва мингбошилар Эгамизнинг Аҳд сандиғини Обидадомнинг уйидан олиб келиш учун катта тантана билан кетдилар.
26 Аҳд сандиғини кўтариб келаётган левиларга Худонинг Ўзи ёрдам берди. Шу сабабдан улар еттита буқа ва еттита қўйни қурбонлик қилдилар.
27 Сандиқни кўтариб келаётган барча левилар, қўшиқчилар ва қўшиқчилар раҳбари Хонаниё сингари, Довуд ҳам майин зиғирдан тўқилган ридо кийиб олган эди. Довуд ридодан ташқари руҳонийларнинг муқаддас либосини ҳам кийган эди.
28 Шундай қилиб, бутун Исроил халқи севинчли хитоблар билан, арфа ва лира куйлари ҳамда бурғу, карнай, зиллар садолари остида Эгамизнинг Аҳд сандиғини олиб келди.
29 Улар Эгамизнинг Сандиғини Довуд қалъасига олиб киришаётганда, Шоулнинг қизи Михал деразадан қараб турган эди. У сакраб ўйнаётган шоҳ Довудни кўрди–ю, ўз кўнглида уни паст кўрди.