Солномалар (биринчи китоб) 18 bob
1 Бирмунча вақт ўтгач, Довуд яна Филистларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди. Гат шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни Филистлардан тортиб олди.
2 Сўнг Мўаб халқини ҳам мағлуб қилди. Мўаб халқи Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлишди.
3 Зўво шоҳи Ҳададзар Фурот дарёси бўйларига юриш қилиб, ўша ерларда ўз ҳокимиятини ўрнатмоқчи бўлган бир пайтда Довуд унга ҳужум қилди. Довуд Ҳададзарни Хомат шаҳри ёнида тор–мор этди.
4 Ҳададзарнинг 1000 та жанг аравасини, 7000 отлиқ ва 20.000 пиёда сипоҳини асирга олди. Ўзининг 100 та жанг араваси учун керакли отларни қолдириб, бошқа ҳамма отларни майиб қилди.
5 Дамашқдаги Орам халқи Зўво шоҳи Ҳададзарга ёрдамга келган эди, Довуд улардан 22.000 кишини ўлдирди.
6 Сўнг Дамашқдаги Орам халқининг шаҳарларига ўзининг қўнолғаларини жойлаштирди. Орам халқи ҳам Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлди. Шундай қилиб, Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.
7 Довуд Ҳададзарнинг аъёнлари кўтариб юрадиган олтин қалқонларни қўлга киритиб, Қуддусга келтирди.
8 Яна Ҳададзарнинг қўли остидаги шаҳарлари бўлган Тивхат ва Хундан кўп бронза олиб келди. Кейинчалик Сулаймон бу бронзадан ҳовуз, устунлар ва ҳар хил ашёлар ясаттирди.
9 Хомат шоҳи Тўах: “Довуд Ҳададзарнинг бутун лашкарини мағлуб қилибди” деган хабарни эшитиб қолди.
10 Тўах шоҳ Довуднинг ҳузурига ўғли Ёрамни юбориб, қутлади, жангда Ҳададзардан ғолиб келгани учун Довудни олқишлади. Тўах Ҳададзар билан узоқ вақтдан бери уришиб келарди. У Довудга олтин, кумуш, бронза идишларни тортиқ қилиб юборди.
11 Шоҳ Довуд бу инъомларни бошқа юртлардан — Эдом, Мўаб, Оммон, Филист ва Омолекдан тортиб олиб келган олтину кумушлар билан бирга Эгамизга назр қилди.
12 Зеруя ўғли Абушай Туз водийсида Эдом халқидан 18.000 кишини ҳалок қилди.
13 У Эдом юртига ўз қўнолғаларини жойлаштирди. Эдом халқи Довудга қарам бўлди. Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.
14 Довуд бутун Исроилда шоҳлик қилар экан, халқини одиллик билан бошқарарди.
15 Зеруя ўғли Йўаб — лашкарбоши, Охилуд ўғли Ёҳушафат мушовир эди.
16 Охитоб ўғли Зодўх билан Абуатар ўғли Охималек — руҳоний, Сараё мирза эди.
17 Ёҳайидо ўғли Бинаё Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг бошлиғи эди. Довуднинг ўғиллари саройда юксак лавозимдаги аъёнлар эдилар.