Солномалар (биринчи китоб) 20 bob
1 Баҳор бошланиб, шоҳлар урушга кетадиган пайт ҳам бўлди. Йўаб лашкарни жангга бошлади. Улар Оммон юртини яксон қилиб, Рабба шаҳрини* қамал қилишди. Довуднинг ўзи Қуддусда қолган эди. Йўаб Раббага ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди.
2 Довуд Раббага етиб боргач, Оммон шоҳининг бошидаги тожини* олди. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган, оғирлиги икки пуд* келадиган бу олтин тож Довуднинг бошига кийдирилди. Довуд шаҳардан катта миқдорда ўлжа ҳам йиғди.
3 У шаҳар аҳолисини арра, чўкич ва болта билан бажариладиган ишларга мажбур қилди. Довуд Оммон шаҳарларининг ҳаммасида шу усулни қўллади. Шундан кейин у жамики лашкарини бошлаб, Қуддусга қайтиб кетди.
4 Шундан сўнг Гезер шаҳрида Филистлар билан яна уруш чиқди. Хушалик Сибахай бу урушда Соф деган одамни ўлдирди. Соф Рафа халқидан эди. Филистлар Исроил халқига бўйин эгдилар.
5 Кўп ўтмай Исроил лашкари билан Филистлар ўртасида яна уруш бўлди. Ёвир ўғли Элханон Гатлик* Гўлиётнинг укаси Лахмини ўлдирди. Гўлиёт найзасининг сопи тўқувчининг дастгоҳи ходасидай келарди.
6 Сўнгра яна Гат шаҳрида уруш бўлди. У ерда ҳам Рафа халқидан девдай бир одам бор эди. Унинг қўл–оёқлари олти бармоқли эди, ҳаммаси бўлиб йигирма тўртта бармоғи бор эди.
7 Ўша одам Исроил лашкарини ҳақорат қилган эди, Йўнатан уни ўлдирди. Йўнатан Довуднинг акаси Шимонинг ўғли эди.
8 Довуд ва унинг одамлари томонидан ўлдирилган ўша Филистлар Гатлик бўлиб, Рафа халқидан эдилар.