Солномалар (биринчи китоб) 27 bob
1 Қуйида Исроил халқининг уруғбошилари, мингбошилари ва юзбошиларининг, шунингдек, уларнинг сардорлари рўйхати берилган. Бу сардорлар шоҳнинг хизматида бўлиб, ҳар йили бир ой давомида вазифасини ўтаётган ҳарбий қисмлар учун масъул эдилар. Ҳар бир қисм 24.000 одамдан ташкил топган эди.
2 Биринчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Забдиёл ўғли Ёшувам эди.
3 Ёшувам Параз наслидан эди.
4 Иккинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Охўва уруғидан бўлган Дўдў эди. Дўдўнинг ўнг қўл ёрдамчиси Михлўт эди.
5 Учинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Бинаё эди. У руҳоний Ёҳайидонинг ўғли бўлиб,
6 “Ўттиз қаҳрамон” орасидаги баҳодир жангчилардан бири эди. “Ўттиз қаҳрамон”нинг сардори ҳам ана шу Бинаё эди. Бинаёнинг ўғли Омизабод қисмнинг бош қўмондони эди.
7 Тўртинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Йўабнинг укаси Осойил эди. Осойилдан кейин ўғли Забадиё отасининг ўрнини эгаллади.
8 Бешинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Шамҳут эди. У Йизро уруғидан эди.
9 Олтинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Тахувалик Ихеш ўғли Эро эди.
10 Еттинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Палонлик Халез эди. У Эфрайим қабиласидан эди.
11 Еттинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Палонлик Халез эди. У Эфрайим қабиласидан эди.
12 Тўққизинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Онотўтлик Абуазар эди. Абуазар Бенямин қабиласидан эди.
13 Ўнинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Натуфолик Махрай эди. Махрай Зерах уруғидан эди.
14 Ўн биринчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Пиратонлик Бинаё эди. Бинаё Эфрайим қабиласидан эди.
15 Ўн иккинчи ойда хизмат қиладиган қисмнинг сардори Натуфолик Халед* эди. Халед Ўтниёл уруғидан эди.
16 Исроил қабилаларининг йўлбошчилари қуйидагилар эди: Рубен қабиласининг йўлбошчиси — Зихри ўғли Элиазар, Шимўн қабиласининг йўлбошчиси — Махо ўғли Шафатиё,
17 Леви қабиласининг йўлбошчиси — Камувол ўғли Хашавиё, Ҳорун наслининг йўлбошчиси — Зодўх,
18 Яҳудо қабиласининг йўлбошчиси — Довуднинг акаси Элиху, Иссахор қабиласининг йўлбошчиси — Микойил ўғли Омри,
19 Забулун қабиласининг йўлбошчиси — Ободиё ўғли Йишмаё, Нафтали қабиласининг йўлбошчиси — Озриёл ўғли Яримўт,
20 Эфрайим қабиласининг йўлбошчиси — Озазиё ўғли Хўшея, Ғарбдаги Манаше қабиласининг ярмига йўлбошчи — Подиё ўғли Йўэл,
21 Гиладдаги Манаше қабиласининг ярмига йўлбошчи — Закариё ўғли Эддо, Бенямин қабиласининг йўлбошчиси — Абнур ўғли Ясиёл,
22 Дан қабиласининг йўлбошчиси — Ерохам ўғли Озариёл. Исроил қабилаларининг йўлбошчилари ана шулардан иборат эди.
23 Довуд Исроил халқини санаб чиққанда, йигирма ёшдан пастини рўйхатга киритмаган эди, чунки Эгамиз: “Исроил халқини осмондаги юлдузлар каби кўпайтираман”, деб ваъда берган эди.
24 Зеруя ўғли Йўаб халқни санашни бошлаганди–ю, лекин охирига етказмаганди. Халқ саналгани учун Эгамиз Исроилга ғазабини сочганди. Шу сабабдан бу саноқнинг натижаси шоҳ Довуднинг йилномасига киритилмади.
25 Одил ўғли Озмобит сарой хазинабони эди. Уззиё ўғли Йўнатан эса қолган ҳамма ердаги — шаҳарлардаги, қишлоқлардаги ва қалъалардаги хазиналар учун масъул эди.
26 Халуб ўғли Эзри ерга ишлов берадиган деҳқонлар учун масъул эди.
27 Рамалик Шимах узумзорлар учун масъул эди. Шафомлик Забди шароб омборлари учун масъул эди.
28 Гедерлик Баалханон Яҳудо қир этакларидаги зайтунзорлар ва шикамора–анжирзорлар учун масъул эди. Йўш зайтун мойи омборлари учун масъул эди.
29 Шаронлик Шитрай Шарон текислигида боқиладиган подалар учун масъул эди. Адлай ўғли Шофот водийларда боқиладиган подалар учун масъул эди.
30 Исмоил уруғидан Обил туя подалари учун масъул эди. Миронўтлик Ёхидаё эшак подалари учун масъул эди.
31 Ҳожар уруғидан Ёзиз қўй сурувлари учун масъул эди. Ана шуларнинг ҳаммаси шоҳ Довуд мулкини назорат қилар эдилар.
32 Довуднинг амакиси Йўнатан донишманд одам бўлиб, маслаҳатчи ва тафсирчи эди. Хахмўн ўғли Ёхиёл шоҳ ўғилларининг мураббийси эди.
33 Охитофел шоҳнинг маслаҳатчиси эди. Орух уруғидан Хушай шоҳнинг дўсти эди.
34 Охитофелдан кейин унинг ўрнига Бинаё ўғли Ёҳайидо ва Абуатар маслаҳатчи бўлди. Йўаб шоҳ қўшинининг лашкарбошиси эди.