Солномалар (биринчи китоб) 5 bob
1 Рубен Ёқубнинг тўнғич ўғли эди. Аммо у отасининг тўшагини булғагани учун, тўнғичлик ҳуқуқи Юсуфнинг ўғилларига берилган эди. Шу сабабдан Рубен насабномада тўнғич сифатида рўйхатда йўқ.
2 Рубеннинг укаси Яҳудо ака–укалари орасида энг кучлиси бўлиб, йўлбошчи унинг қабиласидан чиқди.
3 Рубен тўрт ўғил кўрди. Уларнинг исмлари Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми эди.
4 Йўэлнинг насли қуйидагилардан иборат эди: Йўэлнинг ўғли — Шамаё, Шамаёнинг ўғли — Гўг, Гўгнинг ўғли — Шимах,
5 Шимахнинг ўғли — Михо, Михонинг ўғли — Раё, Раёнинг ўғли — Баал,
6 ва Баалнинг ўғли — Берах. Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар Берахни асир қилиб, олиб кетган эди. Берах Рубен қабиласининг йўлбошчиси эди.
7 Рубен қабиласининг қуйидаги уруғбошилари ҳам насабнома рўйхатида қайд этилган: Явиёл, Закариё,
8 ва Белах. Белах Азазнинг ўғли, Шеманинг невараси ва Йўэлнинг эвараси эди. Улар Арор шаҳрида ҳамда шимолдаги Наво ва Баал–Миёнга қадар чўзилган ерларда яшадилар.
9 Уларнинг Гилад ўлкасидаги подаси ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун, улар шарқдаги саҳрогача бўлган ҳамма ерларни эгаллаб олган эдилар. Бу саҳро Фурот дарёсигача чўзилган эди.
10 Рубен насли шоҳ Шоул даврида Ҳожар уруғига қарши уруш очди. Уларни мағлуб қилиб, Гиладнинг шарқидаги ҳамма ерларини эгаллаб олди.
11 Гад қабиласи Башан ўлкасида, Рубен қабиласининг шимолида яшаган эди. Уларнинг ҳудуди Салко шаҳрига қадар чўзилганди.
12 Йўэл Башанда йўлбошчи эди, унинг ўнг қўл ёрдамчиси Шофом эди, Янай ва Шофот уруғбошилар эдилар.
13 Гад қабиласининг қолган аъзолари қуйидаги етти уруққа тегишли эди: Микойил, Машуллом, Шеба, Йўрай, Яқан, Зия ва Ибир.
14 Булар Абуҳайилнинг ўғиллари бўлиб, уларнинг еттинчи авлодигача бўлган аждодлари қуйидагилар эдилар: Хури, Ёрўвах, Гилад, Микойил, Яшишай, Яхду ва Буз.
15 Гўнонинг невараси, Абдил ўғли Охи бу уруғларнинг йўлбошчиси эди.
16 Гад қабиласи Гиладда, Башанда ва ўша ердаги шаҳарларда ҳамда Шарондаги бутун яйловларда истиқомат қиларди.
17 Бу маълумотларнинг ҳаммаси Яҳудо шоҳи Йўтом ва Исроил шоҳи Ёрубом ҳукмронлиги даврида насабномага киритилганди.
18 Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласи ярмининг 44.760 нафар жангга тайёр, моҳир сипоҳлари бор эди. Бу сипоҳлар камонкашлар бўлиб, қилич ва қалқон билан ҳам қуролланган эдилар.
19 Улар Ҳожар уруғига, Ятур, Нофиш ва Надав қабилаларига ҳужум қилдилар.
20 Жанг пайтида бу сипоҳлар Худога илтижо қилдилар. Улар Худога ишонганлари учун Худо илтижоларига жавоб бериб, Ҳожар уруғини ва барча иттифоқчиларини уларнинг қўлига бериб, мағлуб қилди.
21 Улар душманнинг чорвасидан 50.000 та туя, 250.000 та қўй, 2000 та эшакни ўлжа олдилар ва 100.000 одамни асир қилдилар.
22 Ғанимнинг кўпчилиги жангда қирилиб кетганди, чунки Худонинг Ўзи уларга қарши жанг қилган эди. Рубен ва Гад қабилалари ҳамда Манаше қабиласининг ярми сургунгача ўша ерларда яшаб қолдилар.
23 Манаше қабиласининг ярми Санир, яъни Хермон тоғидаги Баал–Хермонга қадар чўзилган Башан ўлкасида жойлашиб, кўпайди.
24 Қабиланинг уруғбошилари қуйидагилар эди: Ифар, Йиши, Элиёл, Озриёл, Еремиё, Хўдавиё ва Яхдиёл. Улар баҳодир жангчилар бўлиб, ўз уруғларининг машҳур бошлиқлари эдилар.
25 Рубен ва Гад қабилалари ҳамда Манаше қабиласининг ярми ота–боболарининг Худосига қарши гуноҳ қилдилар. Улар Худога бевафолик қилиб, Худо қириб юборган ўша юртдаги халқларнинг худоларига сиғина бошладилар.
26 Шунинг учун Исроил халқининг Худоси Оссурия шоҳи Пўлни, яъни Тиғлатпиласарни юбориб, Рубен, Гад қабилаларини ва Манаше қабиласининг ярмини мағлуб қилди. Шоҳ Тиғлатпиласар уларни асир олиб, Халах, Хавор ва Хара ҳудудларига ҳамда Гозан дарёсининг бўйларига сургун қилди. Улар бугунгача ўша ерларда истиқомат қилиб келяптилар.