СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Солномалар (иккинчи китоб)”да Исроил тарихининг давоми баён қилинади. Гарчи “Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”ларда “Шоҳлар” китобларидаги кўп воқеалар такрорланса ҳам, Исроил тарихи “Шоҳлар” китобларидагига қараганда, бир оз бошқачароқ нуқтаи назардан ёритилади. Мазкур китобда асосий эътибор шоҳ Сулаймонга, у қурган Маъбадга ва Маъбаддаги сажда маросимларига қаратилади. “Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмни битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Солномалар (биринчи китоб)” ва “Солномалар (иккинчи китоб)”га бўлинган. “Солномалар (иккинчи китоб)” шоҳ Сулаймоннинг ҳукмронлиги тарихи билан бошланади. Сўнгра милоддан олдинги 586 йилда Қуддус шаҳрининг қулашигача Яҳудо ва Исроил шоҳликларида юз берган воқеалар ҳикоя қилинади. Шоҳ Сулаймон Исроилнинг доно шоҳи сифатида донг таратади. “Солномалар (иккинчи китоб)”нинг дастлабки қисмида (1-9–боблар) Сулаймон ҳукмронлиги давридаги воқеалар, хусусан, Қуддусдаги Маъбаднинг қурилиши, Худога бағишланиши ва илк сажда маросимлари ҳақида баён қилинади. Китобнинг иккинчи қисми (10-36–боблар) Исроилдаги шимолий қабилаларнинг исёни билан бошланади. Бу қабилалар ўзлари мустақил давлат тузиб, Худога сажда қилиш учун Қуддусдаги Маъбадга бормай қўядилар. Натижада, мамлакат иккита алоҳида шоҳликка — жанубда Яҳудо шоҳлигига ва шимолда Исроил шоҳлигига бўлиниб кетади. Китобнинг бу қисмида Қуддуснинг қулаши ва вайрон бўлишигача юз берган воқеалар баён қилинади. Мазкур китоб, “Шоҳлар (учинчи китоб)” ва “Шоҳлар (тўртинчи китоб)”дан фарқли равишда, Исроил, яъни шимолий шоҳлик тўғрисида кам маълумот беради. “Солномалар (иккинчи китоб)”да ёзилишича, Исроил халқи Худодан юз ўгириб, кўп гуноҳ қилган. Шунинг учун уларнинг тарихи баён қилинишга арзимас эди. Мазкур китобда бутун эътибор Маъбаддаги сажда маросимларини тиклаган шоҳларга қаратилади. “Солномалар (иккинчи китоб)”да, худди “Солномалар (биринчи китоб)”даги сингари, Худога тўғри йўллар билан сажда қилиш муҳимлигига катта эътибор берилади. Яҳудо шоҳлари Ҳизқиё ва Йўшиё Худога бўлган садоқати, қонунга итоаткорлиги ва амалга оширган ислоҳотлари туфайли юксак обрўга сазовор бўлган шоҳлар ҳисобланади. Мазкур китобда Қуддуснинг вайрон бўлиши ва Яҳудо халқи Бобилга асир қилиб олиб кетилиши тўғрисида ҳам ҳикоя қилинади. Яҳудо халқига берилган умид ваъдаси китобга якун ясайди. Форс шоҳи Куруш* асирларга Яҳудога қайтишлари учун ижозат бериб, уларга Маъбадни қайта қуришни буюради. Маъбад Яҳудо халқи орасидаги Худонинг ҳузурини билдириб, ўтмиш ва келажакни боғлаб турадиган ришта бўлиб хизмат қилади.